Константинос Кавафис (1863-1933)

Константинос Кавафис (Κωνσταντίνος Π. Καβάφης, 29.04.1863, Искандария, Миср — 29.04.1933, Искандария) — янги давр (янгиланган юнон тилидаги) юнон шеъриятининг энг юксак вакили. Келиб чиқиши истанбуллик бўлган савдогар оиласида, ўша пайтда Усмонли турклар салтанати таркибида бўлган Мисрнинг Искандария шаҳрида туғилган. Асосий ижоди қирқ ёшидан бошланган шоир бутун ҳаёти давомида бор-йўғи 154 шеър ёзган. Юнон шеъриятида Кавафиснинг ижодидан таъсирланмаган шоир топилмайди.

ИТАКА

Итакага боришни ўйласанг агар,
Саргузашт, тажриба, афсунга тўла
Сафаринг узоқ бўлишини сўраб, йўлга чиқ.

Қаҳрли Посейдон, тепакўзу одамхўр девлар
Сени ваҳимага солмасин, токи
Олижаноб ҳислару буюк мақсадлар
Жисмингда, руҳингда барқарор экан,
Улар йўлларингни тўса олмагай.

Қаҳрли Посейдон, тепакўзу одамхўр девлар
Йўлларингда дуч келмас,токи
Ўзинг юрагингда олиб юрмасанг,
Ҳадеб ўйламасанг агар уларни.

Сафаринг узоқ бўлишини сўра –
Токи насиб этсин қайта ва қайта
Саратон тонгида бегона бандаргоҳларга
Кириб борар чоғинг ҳайрат, ҳаяжон;

Меҳрибон финикияликлар меҳмони бўлгин,
Улардан харид қил қора оғочу
Маржону марварид, қаҳраболарни,
Яна сархуш қилгувчи ранг-баранг мушки анбарларни,
кўпроқ, жуда кўпроқ сархуший мушки анбарларни;
Кейин эса Миср шаҳарларин кез,
Донишмандлик сабоқларин ёд этиб ҳушёр.

Мудом ўй-хаёлингда, онг-шуурингда
Узоқ йўлнинг интиҳоси – Итака бўлсин
Аммо, асло қисқа йўлни танлама шошиб,
Йўлинг узоқ бўлсин, манзилинг – йироқ,
Фақат қартайганда манзилга етгин –
Токи сафар чоғи топган бойлигинг
Итакадан бирор нима сўрашингга ҳожат қолдирмасин.

Ахир, Итака сенга инъом этди бемонанд сафар!
У бўлмаса, бир гўшада умринг ўтарди.
Бундан ортиқ туҳфа бермас сенга Итака.

Гар мободо манзилингни ғариб кўриб, кўнглинг тўлмаса,
Алдандим, деб ўйламоққа асло шошилма.
Чунки энди донишмандсан, дунёни кўрдинг,
Энди Итаканинг нималигин аниқ биласан.

ШАҲАР

Сен айтдинг: Уммонлар ортида жаннат,
Чароғлари порлоқ шаҳру кентлар бор…
Туғилган шаҳримдан кетмасам бўлмас,
Бу ерда ҳаво йўқ, бу ер менга тор.

Бунда ақлим мурда, юрагим зада:
На бир мақсад бору на бахту шуур –
Ўтган йилларимнинг вайронасида
Бўм–бўш деразалар энди сочмас нур.”

Кошки билсанг эди, денгиз ортида
Сенга насиб бўлмас бир янги ватан!
Она шаҳринг, қора қисматинг каби,
Изингдан боради қаерга борсанг.

Туғилган юртингнинг кўчаларида
Бир умр юргайсан, тарк этолмайсан.
Ўша вайронада, ўша хонангда
Сочинг оқаргунча яшаб ўтгайсан.

Оқшомлари эски майхоналарда
Чанг босган хумлардан ҳўплагайсан май, –
Унда сенинг умринг қолмишдир мангу –
Бошқа қисмат сенга насиб бўлмагай.

ПОДШОҲ ДЕМЕТРИЙ

Македонлар уни эмас, Пиррни қувватлаб,
Тахтни бўшатишни талаб қилганда,
Бағоят улуғвор қалбнинг эгаси
Ҳукмдор Деметрий, нақлга кўра,
Подшоҳона иш тутмади — бир сўз демасдан,
Тожни ечиб, тахтдан тушиб йўлга отланди
Ва кетиш олдидан ечиб ташлади
Зардўзи хилъатини, қирмизи этигини,
Сўнг эгнига оддий либосни кийиб,
Ҳеч нима бўлмагандай саройдан чиқди —
Гўё ҳар куни томоша тугагандан сўнг
Қилиб юрган одатий иши —
Либосини алмаштирган актёр мисоли.

Хуршид Даврон таржималари