Абу Сулаймон Ҳаттобий

Абу Сулаймон Ҳаттобий – Ўрта осиёлик арабнавис шоир

1

Кўнгил дер: «Кошки саҳродан учиб келган шу бир хуррам
Ва сайраб тўймаган оддий, қиёссиз қуш бўлиб қолсам…»

Шамол қийнайди, таҳқирлайди боғнинг шохларин тинмай,
У қуш чайқалган ул шох узра соз айтар туриб маҳкам.

Агар оч қолса, у тупроқ титар оҳиста дон излаб,
Мабодо бўлса чанқоқ, сув учун ҳам чекмагай кўп ғам.

У ўйлаб эртанинг ризқин кечирмас тунларин бедор
Ва бермас эрта, яъни охирот келгач ҳисобот ҳам.

Фақат лаззатни тотдинг, кўрганинг ҳам яхшилик бўлсин,
Ўзин бахтли сезар, эй қушча, сенга ўхшаган одам.

2

Этса йиртқич сенга таҳдид, топилур қочмоққа жой,
Лек ёмон одам ишидан ҳеч паноҳ йўқ вой-вой.

Қанча эллар борки, йиртқичдан малолат кўрмаган,
Лек одамзоддан азият чекмаган йўқ, ҳойнаҳой.

3

Ҳаёт тинч бўлса, билгин сен ғанимат,
Кирар жунбушга у сал ўтса фурсат.

Мудом тинчликка интил, у — гаровда,
Абад сен бирла турмас ҳеч омонат.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси