Абдулфатҳ Бустий

Абдулфатҳ Бустий – Ўрта осиёлик арабнавис шоир

1

Ўзгароқдир ўзга кунлардан бу кун,
Бир-бирин қучмиш булутлар бирла шом.

Урса чақмоқ худди ошиқ қалб бўлиб,
Зил булут кўз ёши ҳеч бўлмас тамом.

Ер юзи мажнун ёноғин эслатар
Унда кўз ёш сели айларкан давом.

Тўртта истак айласин кўнглингни банд,
Яхши кун мазмуни шундандир мудом:

Дўст юзи, айвонда гўзал манзара,
Шод муғанний, ҳам шароб тўлган бу жом.

2

Эй саидим, ул китобингдан ёзилмиш ғам бу он,
Тўлди хурсандлик ва шодлик нурига олам бу он.

Сеҳри бор эркан китобнинг, сеҳри хурсандлик эрур,
Шул сабаб ғамдан қутулгай у билан ҳамдам бу он.

Кўп латиф мазмун ва маънолар билан бўлгай никоҳ,
Қанча лафзу қанча сўзлар бўлса унда жам бу он.

Шишаи асбоб ичинда худди жўшгандай шароб,
Бир мижозли танда руҳдай шод кезар ул ҳам бу он.

3

Мабодо ростакамдан бўлса жаннат,
Бу дунё жаннати — бешак Самарқанд.
Уни Балх бирла таққос этма асло,
Этилмас ҳеч қиёс хантал билан қанд.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси