Абу Наср Саҳл ибн Марзубон – Ўрта осиёлик арабнавис шоир.
1
«Абулайно хабарлари»н ёздим илм йўлига,
Кўзига нур бўлар, дедим, кимдир олса қўлига.
2
У юклар менга мушкул иш, демам «уҳ»,
Ўтиб дамлар, танам бўлмоқда мажруҳ.
Агар айтсам, туғилгай кўп маломат,
Бу келтиргай ўзимга жабру андуҳ.
Бирор йўл бормикин бундан ҳам ўзга,
У ботин йўлни излаб талпинар руҳ.
3
Тақмагин суҳбатда айб дўстимга сен,
Дўстда иллат бўлса гар, айбдори мен.
Шул сабаб, завқ чоғи бу касбингни қўй,
Ёки қўйгин менга ҳам ул айбни тенг.
4
Изладим майдан даво, чаққач чаён,
Кетди оғриқ, сал ҳаловат топди жон.
Менга кўп лутфу карам кўргузди, деб,
Ул шифокор майни мақтайман ҳамон.
Ёмондан қоч ва доим яхши бирлан бўл,
Уларнинг ҳар ишидан сенга чиққай йўл.
Одамнинг хулқи ҳам бир дардга ўхшайдир,
Юқар албатта ул дард кимга берсанг қўл.
Ҳусниддин Шарипов таржимаси