Наим Фрашерий (1846-1900)

Наим Фрашерий (Naim Frashëri) – атоқли албан шоири. 1846 йил 25 майда Албания жанубидаги Фрашер қишлоғида туғилган. 1865 йилда Янин шаҳрига оиласи билан кўчиб келиб, грек гимназиясига ўқишга киради. Шу ерда форс тилида шеърлар ёзади. Бу шеърлар илк бора 1885 йилда Истанбулда “Бўронлар” тўпламида чоп этилган. Унинг “Сканденберг тарихи” ва “Карбало”, “Албанлар орзуси” поэмалари жаҳон шеърияти вакилларининг эътиборини қозонган. Бугунги кунда Наим Фрашерий Албаниянинг миллий шоири ҳисобланади. Унинг номида орден таъсис этилган. Наим Фрашерий 1900 йил 20 октябрда вафот этган.

АББОС АЛИ

Хам айлаб азиз бошин,
Дуч этдинг на балога?
Оқизиб кўздан ёшин,
Йўлладинг Карбалога.

Ол этган бу саҳрони
Қайси шўрликнинг хуни?
Аббос Алининг қони
Алвон айламиш уни.

Тўзғитиб чўл лоласин,
Учиб елган қай кас у?
Кўздайин қўш боласин
Қучиб келган Аббос бу.

Оламни босди ситам,
Бул таваккул худога:
Ул икки фарзандин ҳам
Ғарқ айламиш дарёга.

Сўнгги чора шулмиди,
Йўқмиди бўлак имкон?
Хун ила машғулмиди
Хунталаш жону жаҳон?

Даҳри дун хонасаллот,
Жон учун ғаровми ё?
Инсон аталган жонзот
Бир бирига ёвми ё?

Толеи тундай қаро,
Ажал тонгги яқиндай.
Ўқлар ёмғири аро
Учмоқда у чақиндай.

Ортда азиз қўрғони,
Наъра тортиб фалакка;
Юртнинг асл ўғлони
Жангга киради якка.

У дам урса, тоғу тош
Қабул айлар саломин.
Руҳонийлар, тўкиб ёш,
Ёд айланг ҳақ каломин.

Оти асрар сардорин,
Туёғи ерга тегмас.
Ким таниса қаҳҳорин,
Бошқага бўйин эгмас.

Олчаранг сой нишаби,
Янчилмишдир гулзорим.
Елгину шамол каби,
Ерни асра, тулпорим.

Оҳ урган асирларнинг
Муқаддас оқ ўрдаси.
Қирмиз тортган қирларнинг
Қасирлар қовурғаси.

Фош этишар сирларин,
Ортар олатасирлар.
Ёвнимас, бир бирларин
Қирар қалби басирлар.

Ҳусайн, Фотиманинг
Кўкка етар ноласи.
Булар бир муслиманинг
Жондан азиз боласи.

Шаҳидлар қабристонин
Сайр айлайди валилар.
Юртин, ота маконин
Асрар Аббос Алилар!

ШАРАФ

Шимолдан елган шамол,
Ёримга салом айтгил.
Раҳм айлар, эҳтимол,
Жавобин олиб қайтгил.

Мен суйиб куюк бўлдим,
Назарга илмади у.
Тоғлардан буюк бўлдим,
Билмади.
Билмади у.

Насиб этмади васли,
Асл ишқ бетарафдир.
Чин севги учун, асли,
Шаҳид бўлмоқ шарафдир.

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси