Ҳасан Зуко Камбери (1740-?)

Ҳасан Зуко Камбери 1740 йилда Албания жанубидаги Старья қишлоғида туғилган. Унинг отаси турк армиясида хизмат қилувчи майда сипоҳлардан эди. Усмонли турк империяси таназзулга юз тутгач, унинг хизматчилари ҳам қашшоқлашиб қолди. Шоир ҳам кўп умрини саргардонликда ўтказди. Қариганида дарвеш бўлиб, сафарларда юрди. Шоирнинг ўз қўли билан тузган девони бизгача етиб келмаган. Ҳасан Камберининг фақат саккизта достони мерос бўлиб қолган. “Бевалар”, “Никоҳ оқшоми”, “Пул”, “Обиёвғон” асарлари албан шеъриятининг дурдоналари сифатида қадрланади.

ПУЛ

Бу дунёда, ҳатто, пулнинг
Асл баҳосини билгил.
Бек, мулла ё соме қулнинг
Асл баҳосини билгил.

Билганим шу, бойу кибор,
Зарга ёрдир, чақага зор.
Қоида-ю қонун бекор,
Асл баҳосини билгил.

Эрми, аёл; бевами, тул,
Манфаату шаҳватга қул.
Маишатлар бари бир пул,
Асл баҳосини билгил.

Ҳар кас, пул! деб олар нафас,
Чорлайверар олтин қафас.
Орзу, армон, ҳою ҳавас…
Асл баҳосини билгил.

Ёмғиру дўл, тоғу чўлда,
Шайтон қолиб кетгай йўлда,
Пул ўйнаса ,агар, қўлда,
Асл баҳосини билгил.

На авлиё, на бир олим,
Баён эта олар ҳолим.
Сал ҳаддидан ошса золим,
Асл баҳосини билгил.

Камбағаллик ор бўлса-да,
Диёнати ёр бўлса-да,
Ночор одам хор бўлса-да,
Асл баҳосини билгил.

Отанг бозор, онанг бозор,
Пулсиз одам топар озор.
Ҳалол молга бўл харидор,
Асл баҳосини билгил.

Пулдорларнинг орасида
Ўқилса-да бул қасида,
Хоҳ ўсмир, хоҳ норасида,
Асл баҳосини билгил.

Кўпдир, камдир, учма учдир,
Пул қудратли, сирли кучдир.
Билгил, балки, бари пучдир,
Асл баҳосини билгил.

Банда бежиз бой, фақирмас,
Бесабаб бир тикан кирмас.
Пул ўлдирар, тирилтирмас,
Асл баҳосини билгил.

Гоҳ тамкин, гоҳ ғамгин этар,
Пул қўл кири; келар, кетар.
Қадрига ким унинг етар,
Асл баҳосини билгил.

Эзгуликсиз кечса аср,
Бадавлатдин бадбин каср.
Намозларинг, гарчи, қаср,
Асл баҳосини билгил.

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси