Нозим Фракулий (1680-1760)

Албан адабиёти тарихидаги йирик сиймолардан бири. У Иброҳим Нозимий, Нозим Бератий тахаллуслари билан ҳам ижод қилган. 1680 йили Албания жанубидаги Берата музофотининг Фракул қишлоғида бадавлат ҳарбий оиласида туғилган. Бератада мадраса таълимини олгач, Истанбулда ўқиган. Турк, араб ва форс тилларида шеърлар ёзган. 1731–1735 йилларда албан тилида илк девон тузиб, унга албанча-туркча шеърий луғат илова қилган. Гарчи девоннинг асл нусхаси етиб келмаган бўлса-да, ундан кўчирилган 110 та шеърнинг нусхаси мавжуд. Бу шеърларнинг кўпчилигига куй басталаниб, халқ оғзаки ижодида куйлаб келинади.

МАРДИКОРЛАР

Ўзга юртга отланамиз биз,
Сафаримиз, балки, ўн ойлик?!
Ҳақ қўлласа, абгор бўлмасмиз,
Қайтажакмиз орттириб бойлик.

Яхшиямки, ҳали бу дунё
Дастёрга зор,
Ким қашшоқ, ким бой.
Ул шаҳарда сочади зиё
Миноралар узра ярим ой.

Камол топиб боргайдир очун,
Қуш чарх урса, бутоқ шохласа.
Насибаси бўлгайдир бутун,
Бой бўлгай эл, худо хоҳласа.

Дуо қилинг бизни, жўралар,
Худо шоҳид, Истанбулда ҳам:
Ҳаққингни нақд тўлар тўралар,
Панд бермаса бирор муттаҳам.

Бу тоғларни, бу ўрмонларни
Кетмоқдамиз қолдириб сизга.
Унутинг-да кек, гумонларни,
Оқ йўл тиланг ҳозирча бизга.

Олис йўлга отланди эрлар,
Ойдай бориб, қайтайлик омон.
Дўст дуоси ижобат, дерлар,
Дуо қилиб туринг ҳар замон.

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси