Акинванде Воле Бабатунде Шойинка (Воле Сойинка, Akinwande Oluwole “Wole” Soyinka, 13 июль 1934, Абеокута) — нигериялик драматург, ёзувчи, поэт. Шеърларини йоруба тилида, наср ва драмани инглиз тилида ёзади. Нобель мукофоти лауреати (1986).
ТЕЛЕФОНДАГИ МУЛОҚОТ
Бу уй – нархи арзон, қатновга қулай,
Роса менбоп, жонга ҳузур бергудай.
Уй бекаси учиб-қўнар, шод эди,
“Сиз қачон келсангиз, уй тайёр!” – деди.
Омад келиб мен ҳам шод-хуррам бўлдим,
Оғзимдан чиққанин билмаям қолдим:
“Миннатдорман, раҳмат, ёлғонга йўқман,
Айтиб қўяй, хоним, африкаликман…”
Сув босди дастакнинг нарёғин шу тоб,
Уни ўчди-қолди беканинг шитоб.
Кўз олдимга келди сурати унинг,
“Нима деб қўйдим мен”, – ўйладим алҳол;
Тилла тиш, қип-қизил лаблар орасин
Базўр ёриб ўтди шундай бир савол:
(Оҳанги ўзгариб) – “Сизнинг рангингиз
Қорапарангроқми ёки… жудами?”
Мен изоҳ бергунча, сездим, беканинг
Сира етмаяпти тоқат-чидами.
Хонимнинг бу нима дегани экан?
Лол қолдим, этларим кетди гувуллаб.
Ташқарига боқсам, улкан автобус
Ўтиб бораяпти йўлда зувиллаб.
Мен-ку ўрганганман бу хил саволга,
Барибир ғалати… уялдим, бўртдим.
Жим-жит турганимча хоним-беканинг
Шу саволга изоҳ беришин кутдим.
Хоним яна сўроқ қила бошлади,
Гап оҳанги тамом ўзгача бир сас:
“Рангингизни менга аниқроқ айтинг,
Қоп-қорамисиз ё унчалик эмас?..”
“Нимани назарда тутяпсиз, хоним,
Африкаликман-у, қандай бўлай оқ?
Қай рангда бўлишим кутяпсиз, хоним,
Сутрангли деяй ё шокаладрангроқ?”
“Қанийди…” – шу бир сўз жарроҳ тиғидай
Орамизни кесиб ташлади, ҳай-ҳай.
Эшитгач қадримни ер қилган сўзни,
Кибор оҳангларга созладим ўзни.
Тилим жиддий тутиб дедим мен аранг:
“Тусим – африкалик рангидайин ранг”.
Бўёқлар оламин хоним хаёлан
Кезиб чиқди, кейин эса у бирдан
Қўчиб қўяқолди ростига: “Аниқ
Айтинг рангингизни, қорасизми-йўқ?”
“Оқ-сариқдан келсам…” Хоним дер: “Эссиз,
Қурум каби куйган қоп-қорамисиз?”
“Жа унчалик эмас, хоним, масалан,
Юзларим жигарранг бўлгани билан,
Сиз айтгандай, куйиб кетмадим тамом,
Оққа монанд жойлар бордир менда ҳам…
Кафт, товон, яъниким оёқнинг ости
Оқ одам рангига ўхшайди, рости.
Ҳафсалангизни пир қилиб нетайин,
Бир хижолат жойим айтиб кетайин.
Ишлатилавериб қанчадан-қанча,
кунтегмас жойларим қорайган анча…”
Сезяпман, дастакнинг нарёғи ҳозир-
Ҳозир портлаб кетар гумбурлаб зир-зир!
Яранинг устига туз сепган каби
Мен дедим: “Хоним-а, ўзингиз балки
Текшириб кўрарсиз…”
Карим Баҳриев таржимаси