* * *
Қайга кетдинг, биродар?
Мана, ҳозир, бугун-эрта баҳор келадиган…
Сен ўлиб кетавердинг,
бойчечаклар очилишини кутмадинг…
* * *
Қирғоқ кимсасиз…
Ёмғир одамларнинг изларини ювмоқда.
Намчил қумлоқ
негадир дилга маҳзунлик солади.
Яланг оёқлар ҳали ҳам баҳор шамолининг титроғини унутолмаган.
* * *
Кимсасиз,
чирт узилиб тушган барглар
кўмган сўқмоқдан бораман.
Хазонлар қизғиш рангга бўяган ер
чақалоқнинг қонталаш лабларига ўхшайди.
Бу ўхшашликдан бехосдан қўрқиб,
эҳтиёткорлик билан
қадам қўяман.
* * *
Қуёш ичимга кирди.
У булутларни ва анҳорни ҳам ичкарига олиб кирди.
Мен муздай анҳорга кирдим
Ва қуёшни ҳам сувга тушишга кўндирдим.
Биз ҳамиша бир-биримиздамиз.
Қуёш менинг ичимга киришидан олдин ҳам
У менинг ичимда эди,
Худди шундай, булутлар ҳам, дарё ҳам.
Мен дарёга киришдан олдин ҳам
Аллақачон дарё ичида эдим:
Дунё – бир, олам – яхлит, яратган бирдир,
Бир нафасдан, бир ғубордан, чангдан бунёддир.
Биз ҳамиша бир-биримиздамиз.
Шунинг учун, севгилим, то тирик экансан,
Сенда мени йўқ дема асло.
* * *
Сенинг иссиқ кўз ёшларинг
Менинг ҳам кўз ёшларимдир.
Биз ҳозир шу заминда бирга юриб боряпмиз,
Аммо бу ер
Тарихдан ҳам олдин бор эди.
Қишнинг зимнида яшарди баҳор.
Навниҳол кўм-кўк барглар қобиғида айни замонда хазонлар ҳам яшарди.
… Кел, севгилим,
Шу ҳамдамликни англаб яшайлик,
Токим кўра олайлик – қор чуп-чуп уриб ёғаётган қиш осмонида
Бодроқдек очилмоқда олча гуллари…
МЕНИНГ ИСМИМНИ ТЎҒРИ ЁЗИНГЛАР
Эртага барибир ўласан, деманглар,
Мен бугун ҳали йўлдаман, ахир.
Қаранг, ҳар дақиқа ўз танамни тарк этаяпман,
Ҳар лаҳза оз-оз кетяпман.
Вужудимдан чиқарканман, баҳорги новдада куртакка айланаман,
Қушчага – қанотлари ҳали заиф,
янги уясига қувониб чуғурлаётган полапонга айланаман,
Айланаман атиргул новдасига осилган яшил шиллиққуртга,
Сутранг нефрит тошида юз кўрсатаётган тарам-тарам йўлга айланаман.
Мен яна қайтаман йиғламоқ ва қувонмоқ учун,
Орзу қилмоқ ва ҳаяжонланмоқ учун қайтаман.
Менинг пайдо бўлишим ва йўқолишим – бу бир нафасдир,
Туғилишим ва ўлишим – миллион юракларнинг битта уриши.
Мен пўстини сув юзасига ташлаб кетадиган илвирсинман
Ва, айни пайтда, шу пўстлоқни илиб олиш учун баҳорда дарё устида учиб юрган сўфитўрғайман.
Кузги ҳовузда беғам сузаётган қурбақаман мен
Ва, айни пайтда, ўз қорнини
қурбақа танаси билан тўйдирадиган сувилонман…
ҲАР ОҒУШДА ШЕЪРЛАР ВА ҲАР
БУҒДОЙ ДОНИДА ҚУЁШ…
Қуёш кенгликка тўкиб юборилган,
шеърларга тўладилар қуёшнинг нури.
Шеърлардан қуёш туғилади, қуёш шеърларни дунёга келтиради.
Қуёш чамбарагида барча ҳалокатлар яшириндир,
Қишда, ташқарида шамол увиллаганда,
косадаги шўрванинг устидан
шеър кўтарилади ва буғга айланади.
Шеърлар шамол билан бирга учиб кетади
олис даврларга,
ҳувиллаб эгасини кутаётган
похол томли қашшоқ хонадон томон йўл олади.
Баҳор ёмғирининг ҳар томчиси шеърдир.
Шеърдир гулхандан отилаётган ҳар олов учқуни.
Қуёш ёғоч ҳидини таратаётган дарахтга беркинади,
Оғочнинг иссиқ ифори
шеърларни тарих варақларига қайтаради.
Кенгликларда қуёш йўқ бўлган пайтда,
у олов гуриллаётган ўчоққа кирган бўлади
ва тутунга ўралиб, кўтарилади,
шеърлар эса туман рангига кириб,
туман ичида кезади.
Баҳор ёмғирини шимиб,
уна бошлаган ҳар бир буғдой донида қуёш мужассам,
унинг томчилари дон униб чиқиши учун
гўё ерга сажда қилади ва заминни ўпади.
Шеърлар ёмғир изидан
дарахтлардаги ҳар бир куртакка қайтади.
Шундай қилиб, қуёш яшил рангга киради
ва шеърлар – қуёшдай қизаради.
Асаларилар ўз қанотларида қуёшни олиб кетадилар
ва унинг ҳароратини гулларга берадилар.
Шеърлар қуёш ортидан
олис ўрмонларга қайтадилар, асал шимадилар.
Ғимирлаган, жонланган капалаклар ва арилар
тўлдирадилар заминни.
Қуёш асаларилар ва капалакларнинг рақсидир,
шеърлар – арилар ва капалакларнинг қўшиғидир.
Қуруқ тупроқни пешона терлари суғорганда,
шеърлар шудгорнинг устида кезиб юради.
Заминни омоч билан ҳайдаганингда
шеърлар ҳар олган ва чиқарган нафасингга ҳамоҳанг
кириб-чиқиб туради.
Қуёш дарё бўйига узала тушганда
ва оҳиста, ғира-шира тун тушганда,
Шеърлар қуёшни булутлар ўраган
уфққа кетадилар.
Қуёш янги узилган,
барра сабзавотлар тўла саватда яшилланади.
Қуёш гуруч солинган косада ифор таратади.
Шеърдир кўзларингнинг нури, севгилим,
буғдойранг чеҳрангнинг рангида шеърлар.
Дўстим, ҳар бир синчков назаринг шеърдир,
дунёнинг бир четида ерни омочлаётган
бармоқларингнинг учларида шеър.
Қуёш кунгабоқар бошоқларида хандон кулади.
Қуёш августда шафтоли мевалари осилган
дарахтларни ерга эгади.
Ҳар бир онгли қадам шеърдир,
шеърдир ҳар бир сатр,
шеърият ҳар бир Дардли ва Дарддош юракда яшайди.
Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси