Ламин Диакате (1928-1987)

Ламин Диакате (Lamine Diakhaté) – таниқли шоир, жамоат арбоби, журналист ва адабий танқидчи. Дакар ва Париж университетларида таҳсил олган. Париждаги “Sorafom” радиосида ва шу радионинг Сенегалдаги бўлими директори вазифаларида хизмат қилган. Сенегалнинг илк президенти Сенгор даврида давлат маслаҳатчиси ва ахборот, алоқа ва туризм вазири, шунингдек, Сенегалнинг Нигериядаги мухтор элчиси каби нуфузли лавозимларда хизмат қилган. Шеърият ва бадиий адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси учун Эдгар По (1971) ва бошқа халқаро адабий мукофотлар билан тақдирланган.

“МЕНИНГ ИСТАГИМ!..”

Менинг истагим! Булутларга боғлиқ,
нимқоронғилик пастга чўкса гар,
юлдузлар баландда қолар осиғлиқ,
халақит беролмас қат-қат булутлар.

Менинг истагим! Қўнғироқлар ҳар он
ажиб жарангласа байрамона – соз!
Ер бўлса умидлар учун тинч майдон,
кўзларда балқиса ишва ила ноз.

Менинг истагим! Менинг Африкамнинг
қадимий қонида ёзилган достон,
шабада илкида суврати ғамнинг,
кишига завқ берган қондан тож қачон?!

Менинг истагим! Бутун ер куррасин
қамраб оладиган дўстона таҳсин
шамол ҳақидаги орзудир.

КЕТДИК, ДУГОНАМ…

Кетдик, дугонам, мен билан бирга,
бу ҳадсиз дунёни тарк этажакмиз,
агарда таянсак қадим хотирга,
кўҳна асотирлар қўзғалар шаксиз.

Наҳот эшитмаган бўлиб чиқасан,
ҳар учинчи туш хотимасида
чўпон сибизғасин нозик сасидан
юлдузлар галаси тушар рақсга?

У ёқда – бундайин қадимий нафас,
сержилва саробнинг у чеккасида.
Нурли қанотларни қоқсак басма-бас,
тинчлик замонига битгум қасида.

КУНУ ТУН ЙЎЛ БОСГУМ…

Куну тун йўл босгум,
қадимий қабилам даҳосига хос,
оқилона тан олгум – сарварман ҳар зум.
Сира дам олмай ва тўхтамай нохос
боравераман,
сенинг исминг баайни соя,
худди табиий муаттар гулдай
менинг лабларимга тегса кифоя
ва мен бу чалкаш йўлда йўлимни билмай
адашаман
жилғалару ёлғизоёқ йўллардан.

КАМТАРИН СОВҒАМНИ…

Камтарин совғамни кутдинг интизор,
сарпойчан пойингга қўяман аста.
Унда Ғарбнинг дабдабаси бор,
маромга тизилган руҳи шикаста.
Журъатсиз нутқлар,
чигал қайирмалар,
қинғир иборалар –
мана, бари жам,
юзаки асримиздан сабоқ бир қадар.
Лекин сен қайғурма, сингил фариштам,
иштиёқлар унутилар…

О, БУ ХАЁЛИЙ ТАБАССУМ…

О, бу хаёлий табассум нени кўзларди.
Тўрт девор ичинда ёлғизлик оҳи.
Мен тўқиб ўргандим некбахт сўзларни,
қизлар нурли шаҳар сўрашар гоҳи,
юлдузли кечалар бўсағасида
момолар эртаги мадҳ этган шаҳарни,
сарғиш сочлар янглиғ нур ёғилса ҳар кўчасида,
фавворалар сочса тилла сочалаларни,
ўтирғичлар ҳаловатдан этса ҳикоят,
одамлар кўзида балқиса ишонч,
болалар беғалва кутса ниҳоят,
эртага қай тарзда келишин қувонч.
Нурли шаҳар, ҳаётга шудир қасида –
болалар болаликдан роҳат олсинлар.
Юлдузли кечалар бўсағасида
момолар эртаги мадҳ этган шаҳар.

МЕНИНГ КЎЗИМ ҚАДАЛГАН…

Менинг кўзим қадалган ўрмон чангалзорига,
мана, мен Аждодим тўйхонасида,
яшил Гвинеянинг юрагининг тўрида.
Майли, менга ўн икки каури
совға қилсин қадимгилар сири,
майли, менга боқсин марҳумларнинг соҳир шарпаси,
ҳаёт ҳасратин шивирлаб,
айтсин ақида
Қабр ортидаги абадий ором ҳақида.

СЕН БУГУН АЖОЙИБСАН…

Сен бугун ажойибсан, ҳаммаси тузук:
кумуш маржон,
тилла билагузук,
суданча кийимлар,
Гвинея атири,
лўппи юзинг юракни қийнар –
бўлдим ҳуснинг асири…
Бу ватандош жононалар яна топдилар
исмсиз узоқ вақт оломон ичинда
йўқолган мунис сингилларини.
Лекин у сени қачон билар?
Мен биламан, алҳол, барини,
бу қуёшсиз кун эди –
иборат мунгдан,
ёришган биргина табассумингдан.

БУ ҚУРУҚ ҚЎЛЛАР…

Бу қуруқ қўллар,
бу бармоқларим менинг йўлаклараро
сочинг оралаб чиқди.
Сен менга баҳорсан, билсанг, дилрабо,
бу йил баҳор кечикди,
Монмартрдаги тунги чироқлар гарчи сон-мингта
ва кўҳна Париж жилмаяркан то,
ғарқ бўлади дилбар кўзингга.
Кўрдингми,
саёқ рассом ҳам ҳатто
тушдаги орзуларинг тўрига илинди.
Унинг орзулари эса ўзини ўйга ўради,
тизилиб оқар улар,
тўлқинли соябоннинг барларида билинди.
Сенинг ёлқининг кўксида тортинчоқ атиргуллар.
Гулчи аёл келажакни гулбаргларда кўради.

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси