Иштирок этувчилар:
БЛАНШ Дюбуа
СТЕЛЛА – унинг синглиси
СТЭНЛИ Ковальский – СТЕЛЛАнинг эри
Ҳерольд МИТЧелл (МИТЧ)
ЮНИС
Стив
Пабло Гонсалез
ЗАНЖИ ХОТИН
Шифокор
Назоратчи хотин
Йигит – обуна бўйича агент
Мексикалик хотин
ОВҚАТФУРУШ
ЎТКИНЧИ
МАТРОС ва бошқалар.
БИРИНЧИ МАНЗАРА
Янги Орлеаннинг Елисей далалари – дарё ва темир йўл излари оралиғидаги кўчанинг муюлишидаги икки қаватли уй.
Хилват чет жой, бу ер ташландиқ бўлса-да, бошқа буюк америка шаҳарларининг шундай ҳовличаларига ҳавас қилиб бўлмаса-да, бу ернинг ўзига хос мафтункор жозибаси йўқ эмас. Бу ердаги уйларнинг кўпи оқ, қора ёмғирлардан кўпчиб кетган, орқа ва олд томонлари жимжимадор, шалоғи чиққан нарвончалар ва пешайвонлар билан жиҳозланган.
Уйда иккита хонадон бор – тепа хонадон ва пастки хонадон, ҳар иккаласига ҳам лиқиллаган зиналардан чиқиб борилади.
Май ойининг боши, оқшом, энди-энди қош қорая бошлаган палла. Зулмат қўйнидан оқаришиб кўринган уйлар орасидан осмон шу қадар тўқ кўк бўлиб кўзга ташланадики, гўё саҳнада гўзал бадиий асар акс этгандек – кўнгилни айнитувчи, ночор манзарани атайлаб хаспўшлаб турганга ўхшайди. Бу ердаги муҳитнинг бор-йўқ бисоти шу ўзи, соҳилдаги қаҳва ва бананларнинг чучмал ҳиди димоққа урган юкхона, омборлар ортидаги асов дарёнинг шовуллаши бирдай қулоққа чалиниб туради. Муюлиш нарёғидаги барда қоратанли машшоқларнинг чолғуларидан шу манзараларга монанд куй таралиб турибди. Янги Орлеаннинг бу қисмида мудом шундоқ ёнгинангда, биринчи муюлишда, қўшни уйдами, ҳарқалай яқин жойда қандайдир пачоқ пианино чаққон жигарранг бармоқларнинг шиддатли югуришидан фарёд уриб юборади.
Ушбу маъюс куй қаърида бу ердаги ҳаётнинг руҳи кезади. Айвончада икки аёл салқин ва тоза ҳавода ҳордиқ чиқариб ўтирибди – бири оқ танли, иккинчиси қора танли. Биринчиси Юнис иккинчи қаватдаги хонадонда истиқомат қилади, Занжи Хотин унинг қўшниси.
Орлеан – космополит шаҳар, эски маҳаллаларда турли ирқ одамлари аралаш-қуралаш яшайди. Аммо бир-бирлари билан аҳил-иноқ. Пианино куйлари кўчадаги ғала-ғовур билан қоришиб кетади.
ЗАНЖИ ХОТИН (Юнисга)… Ана шунақа, авлиё Варнава итга уни ялашни буюрди дейди, унинг эса миясидан товонигача муздай бўлиб кетибди. Ўша туннинг ўзидаёқ…
ЎТКИНЧИ (Матросга). Ўнгдан кетаверасиз, тўғри олиб боради. Эшитяпсизми, дераза эшикларини чертаяпти.
МАТРОС (занжи хотин ва Юнисга). “Тўртта иккилик” бари қаерда?
ОВҚАТФУРУШ. Иссиғига кеп қолинг, қайноғидан бор, кеп қолинг…
ЗАНЖИ ХОТИН. Бу ерда бор пулингни шилиб олишади, юлғичлар.
МАТРОС. Бир қиз билан учрашувимиз бор эди.
ОВҚАТФУРУШ. Кеп қолинг!
ЗАНЖИ ХОТИН. Уларнинг “Кўк ой” коктейлини оғзингга ола кўрсанг, тил торттирмай ўлдиради.
Муюлишдан икки киши кўринади – Стэнли Ковальский ва Митч. Иккаласи ҳам йигирма саккиз-ўттиз ёшларда, иккаласи ҳам дағал коржомада. Стэнлининг қўлида спорт курткаси ва гўшт дўконининг қон шимган қоғоз халтаси.
СТЭНЛИ (Митчга). Хўш, у-чи?
МИТЧ. Ҳаммасига тенг тўлайман дейди.
СТЭНЛИ. Йўқ. Сен билан иккимизга кўпроқ тўлаши керак.
(Зина олдида тўхташади.Овозини баралла қўйиб) Ҳой, Стелла! Миттивой!
Биринчи қават зина майдончасига Стелла чиқиб келади, йигирма бешларга кирган дилбар аёл, бугун афт-андомию ўзини тутишидан эрибоп эмас.
СТЕЛЛА (юмшоқ оҳангда). Бунча кекирдагингни йиртмасанг. Салом, Митч.
СТЭНЛИ. Ма, ушла!
СТЕЛЛА. Нима бу?
СТЭНЛИ. Гўшт. (Унга қоғоз халтани ирғитади).
Стелла қўрққанидан паст овозда “вой!” деб юборади, аммо халтани чаққон тутиб олиб, кулади. Эри ошналари билан яна муюлишга бурилади.
СТЕЛЛА. Стэнли! Қаёққа?
СТЭНЛИ. Соққа думалатамиз.
СТЕЛЛА. Томоша қилгани борсам майлими?
СТЭНЛИ. Кела қол (Кетади).
СТЕЛЛА. Орқангдан етиб бораман. (Юнисга) Салом, Юнис! Ишлар қалай?
ЮНИС. Ҳаммаси жойида. Стивга айтиб қўйинг, эплаганича ўзи овқатланиб олсин, уйда у ейдиган ҳеч нарса йўқ.
Учаласи баравар кулади, занжи хотин анчагача кулгидан ўзини тўхтатолмайди. Стелла кетади.
ЗАНЖИ ХОТИН. У ирғитган халтадаги нимайди? (Ўрнидан туради, овозининг борича шарақлаб кулади).
ЮНИС. Секинроқ-да!
ЗАНЖИ ХОТИН. Ушла – хўш, нимани? (У яна қотиб-қотиб кулади).
Муюлишдан қўлида жомадон билан Бланш чиқиб келади. Қоғоз парчасига, унга, яна қоғозга ва яна унга қарайди. Норози қиёфада анграяди ва кўзларига ишонмагандек бўлади. Бу ерларда унинг пайдо бўлишининг ўзиёқ ўта ажабланарли ҳол эди. Белидан келадиган пахмоқ жакетли пўрим костюм, оқ шляпа ва қўлқоп, дур сирға ва маржон, бамисоли зодагонлар туманида истиқомат қилувчи бой танишлари олдига коктейл ичгани ёки бир пиёла чойга келгандек. У Стелладан беш ёш катта. Ёшлик барқ урган чеҳрасини қуёшдан эҳтиёт қилади. Ҳуркак феъл-атворли Бланш оппоқ кийимда ҳам капалакка қараганда фусункорроқ кўринарди.
ЮНИС (бирпас туриб). Нимайди, азизам? Адашиб қолдингизми?
БЛАНШ (унинг ҳазиломуз айтган гапларидан асабийлашгани сезилиб туради). Аввал бир “трамвайга ўтирасиз – унинг оти “Орзу”, кейин бошқасига ўтирасиз – “Қабристон” деган, шунда олти маҳалла ўтиб, Елисей далаларида тушасиз, дейишганди.
ЮНИС. Тўппа-тўғри келибсиз.
БЛАНШ. Елисей далаларигами?
ЮНИС. Худди ўзи-да.
БЛАНШ. Унда… уйнинг рақамини алмаштирибман-да…
ЮНИС. Уйнинг рақами қанақа эди?
БЛАНШ (ҳалиги қоғоз парчасини ҳорғин текислайди). Олти юз ўттиз икки.
ЮНИС. Тўғри топиб келгансиз.
БЛАНШ (бутунлай ҳангу-манг бўлиб). Мен синглимни қидириб келганман, Стелла Дюбуани. Яъни, мистер Стэнли Ковальскийнинг хотинини.
ЮНИС. Шу ерда, шу ерда. Бир-бирингизни кўрмай ўтиб кетибсизлар.
БЛАНШ. Унда бу… Ҳе, йўқ, нима деяпсиз! – унинг уйи шуми?
ЮНИС. У пастки қаватда туради, мен – юқори қаватда.
БЛАНШ. Шунақами! У уйда эмасми?
ЮНИС. Ҳов бурчакдаги кегельбанни кўрмадингизми?
БЛАНШ. Кўрмадим, шекилли.
ЮНИС. Уни худди ўша ердан топасиз, эрининг қандай соққа ўйнашини томоша қилаяпти. (Сукунатдан сўнг) Хоҳласангиз, жомадонингизни бу ерга қўйиб, бориб келинг.
БЛАНШ. Йўқ.
ЗАНЖИ ХОТИН. Мен бориб айтиб кела қолай.
БЛАНШ. Ташаккур.
ЗАНЖИ ХОТИН. Савобнинг гадосимиз (кетади).
ЮНИС. Келишингизни билишмасмиди?
БЛАНШ. Йўқ. Бугун – йўқ.
ЮНИС. Бўпти, ичкарига киринг, бамайлихотир ўтираверинг, улар ҳозир келишади.
БЛАНШ. Қалай бўларкин…
ЮНИС. Бу ерда бегонамиз йўқ – уйимизнинг тўри сизники. (Ўрнидан туради ва эшикни очади.)
Чироқни ёқади, парда кўк тусга киради. Бланш аста Юнис ортидан кириб келади. Саҳна аста-секин қоронғуликка чулғанади, унинг ичидан Ковальскийлар хонадонига қадам қўйишади. Парда билан икки хонага бўлинган каттакон хона. Биринчиси ошхона вазифасини ўтайди, аммо шу ернинг ўзида йиғма крават бор – унда Бланш ётади. Ундан нариси – хобгоҳ. Ундан энсизгина эшикдан ғуслхонага ўтилади.
(Бланшнинг чеҳрасидаги ўзгаришни пайқаб, Юнис унинг кўнглини олишга ҳаракат қилади.) Ҳозир бу ер тўзиб ётибди, сал у ёқ-бу ёғи йиғиштирилса, жаннатнинг ўзи бўлади-қўяди.
БЛАНШ. Шунақами?
ЮНИС. Ҳа, шунақа. Демак, сиз – Стелланинг опасимисиз?
БЛАНШ. Ҳа (Ундан қандай қутулишни билолмайди). Уйга кирганингизга раҳмат.
ЮНИС. Par nada, – мексикаликлар шунақа дейишади, Стелла сиз тўғрингизда гапириб берганди.
БЛАНШ. Шундай денг?
ЮНИС. Янглишмасам, мактабда дарс берасиз, шунақами?
БЛАНШ. Ҳа.
ЮНИС. Сиз тўғри Миссисипидан келяпсизми?
БЛАНШ. Ҳа.
ЮНИС. У сизларнинг анави плантациядаги уйларингизнинг сувратини кўрсатганди.
БЛАНШ. “Орзулар” ми?
ЮНИС. Оқ устунлари бор данғиллама уй.
БЛАНШ. Ҳа…
ЮНИС. Бунақа уйларни эплашнинг ўзи бўлмайди.
БЛАНШ. Кечирасиз, азизам, ҳозир ағдарилиб тушаман.
ЮНИС. Бўлмаса-чи, опажон. Ие, нега тик турибсиз, ўтиринг.
БЛАНШ. Буни айтмаяпман – бир ўзим холи қолгим келаяпти.
ЮНИС. (кўнгли оғриб). Э-ҳа! Унда оёғингиз тагида ўралашиб юрмасам бўларкан.
БЛАНШ. Мен сизни хафа қилмоқчи эмасдим, аммо…
ЮНИС. Кегельбанга бориб, олдимга солиб ҳайдаб келай уни. (Кетади).
Бланш ҳафсаласи пир бўлиб, карахт ҳолда курсида ўтирганича қолади. Қўллари тиззалари устидаги сумкачага жонҳолатда тирмашган, худди безгак тутгандек бутун гавдаси билан ғужанак бўлиб олган. Бироқ, унинг кўр кўзи яна кўраётгандек бўлади. Шошмасдан атрофга разм сола бошлайди. Юракка ваҳима солиб мов мушук миёв-миёв қилади.
Бланш даҳшатдан ҳушини йўқотаёзади, сақфи табиий равишда, худди ҳимоялангандай, бир қўлини қаттиқ силкитади. Бирдан қия очиқ шкаф эшигидан ниманидир кўриб қолади. Сапчиб туриб, шкафга яқин боради ва бир шиша вискини олади. Ярим стакан қуяди-да, бир кўтаришда сипқоради. Шишани авайлаб жойига қўйиб, чаноқда стаканни чаяди. Яна олдинги жойига, стол ёнига келиб чўкади.
БЛАНШ (шивирлаб). Ўзимни қўлга олишим керак.
СТЕЛЛА (шошиб бурчакдан чиқиб келади, эшикка қараб шодон югуради.) Бланш!
Бир-бирига қараб қолишади. Бланш сапчиб туради, қаттиқ қичқириб, синглисига отилади.
БЛАНШ. Стелла! О, Стелла, Стелла! Стелла – танҳо юлдузим! (Қаттиқ қучоқлашадилар.Синглисининг ўзига келиб, нима гаплигини англаб қолишидан қўрққандек у саросималанади). Қани, менга қара-чи, ҳа, қара. Лекин унақа қарамагин-да, Стелла, кераги йўқ, аввал ваннада ювиниб олай, сал ўзимга келиб олай, шунда… Тепадаги чироқни ўчириб қўй! Ўчир! Бераҳм ёруғда менинг нимамни ҳам кўрардинг, кераги йўқ! (Стелла кулади, аммо парво қилмайди.) Қани, кел, келсанг-чи, ахир. Оҳ, менинг сингилжоним! Стелла! Стелла – юлдузим, моҳитобоним! (Уни қучоқлайди.) Мен бўлсам, сен энди бу пучмоққа қайтиб келмайсан, деб ўйлагандим. Нима дедим! Оғзимдан чиқиб кетди… Мен эса, чин виждон сўзим: уймисан уй бўлибди, бирам шинамки! Атрофнинг кўркамлиги-чи! Ҳа-ҳа! Кабутаргинам. Чурқ этиб оғиз очмайди…
СТЕЛЛА. Оғиз очгани қўйсангиз очаманми? (Кулади, бироқ опасига тикилган нигоҳида – ташвиш).
БЛАНШ. Начора, сўз – сенга. Оғзингни оч-да, сайрайвер, мен эса пайтдан фойдаланиб, тимирскиланаман-да, ичгани у-бу топиб оларман. Биламан, биламан, яшириб қўйганларинг бўлади ҳар қанақасига. Қаерда экан у? Роса у ёқ-бу ёқни қарадим! (Шкаф томон отилади, бир шишани олади. Уни асабий силкитади, кулишга ҳаракат қилади – бўғилиб қолади. Шиша сал бўлмаса, қўлидан сирғалиб тушиб кетай дейди).
СТЕЛЛА (унинг аҳволини сезиб). Ўтир, Бланш. Менга бер, ўзим қуяман. Нима қўшиб ичилишини билмасам. Балки кока-коладир? Назаримда, музлатгичда бордай эди… Ўша ерни бориб қара-чи, опажон, мен эса…
БЛАНШ. Э, музлатгичинг ҳам бор бўлсин, сингилжон, асаблар бунақа қақшаб турганда кока-кола кетармиди. Аммо анови … анови қаерда, нимайди?
СТЕЛЛА. Стэнлими? Кегель ўйнаяпти. Шу ўйин деса жонини беради… Бугун уларда… Ҳа, мана содали сув! Чинакам олишув кетади.
БЛАНШ. Оддий сув ҳам бўлаверади, қоқвошим. Бир қултум ютсам бўлди. Қўрқма, опажонинг шусиз туролмайдиган бўлиб қолмаган, фақат сал ҳолдан тойганман, иссиқ жонимни олди… Шунинг учун мундоқ ўтир-да, айт, мен қайси гўрга келиб қолдим? Бу пучмоққа қайси шамол учириб келди сени?
СТЕЛЛА. Ахир, опа…
БЛАНШ. Оббо, мендан нега яширасан – гапирсанг, тўғрисини гапиравер. Ҳеч қачон, ҳеч қачон, энг ёмон тушларимда ҳам кўрмасдим… Фақат По! Эдгар Аллен По, фақат у булар барчасининг қадр-қимматини ўлчар ва билар эди. Шундоқ уйнинг орқасида, албатта, ўша ҳаром-хариш Умр ўрмонида… (Кулади).
СТЕЛЛА. Сизни қаранг-у, опажонгинам, темир йўл излари, бор-йўғи темир йўл излари, холос.
БЛАНШ. Йўқ, бу жиддий нарса, ҳазилга йўйма. Нимага дарак бермадинг, нимага хат ёзмадинг, сас-садо бермадинг?
СТЕЛЛА (ҳушёрланиб, ўзига виски қуйиб). Нимани айтаяпсиз, опа?
БЛАНШ. Нимани бўларди? Мана бунақа шароитда дийдираб ўтириш сенга зарур кептими?
СТЕЛЛА. Пашшадан фил ясаманг. Бу ерда унақа ёмон нарса йўқ. Янги Орлеандай жой бормикан?
БЛАНШ. Янги Орлеаннинг бунга нима дахли бор экан! Буни айтмасанг ҳам… Кечир, сингилжон! (Бу мавзудан кескин бош тортиб) Масала ҳал.
СТЕЛЛА (вазмин оҳангда). Миннатдорман.
Бланш индамай синглисига қарайди, у жавобан опасига қараб жилмаяди.
БЛАНШ (қўлида титраб турган стаканга қарайди). Менинг энди ёруғ дунёда биттагина одамим қолди – сен. Сен бўлсанг, мени ёқтирмайсан.
СТЕЛЛА (самимий оҳангда). Нималар деяпсиз, опажон, ўзингиз билиб турибсиз, бунинг ёлғонлигини!
БЛАНШ. Ёлғонми? Э-ҳа, эсим қурсин, уйимизда битта сен эдинг-ку сирканг сув кўтармайдиган.
СТЕЛЛА. Сиз билан гаплашиб одам барака топмайди, опажон. Олдингизда оғзимизга талқон солиб ўтиришга ўргатган ўзингиз.
БЛАНШ (паришон). Ёмон ўрганмабсан… (Кескин равишда). Сен мендан баҳорги семестр охиригача мактабдан қандай сиқилиб чиққанимни сўраганинг йўқ.
СТЕЛЛА. Ҳушингизни йиғсангиз, ўзингиз гапирарсиз дегандим.
БЛАНШ. Ҳайдалган деб ўйлаяпсанми?
СТЕЛЛА. Йўқ, ўйлагандимки… ахир ўз хоҳишингиз билан ҳам кета олар эдингиз.
БЛАНШ. Пичоқ бориб нақ суякка қадалди… Асабларим чидаш бермади. (Сигаретини асабий эзғилайди.) Охирги нуқтагача чидаб бердим, ундан у ёғи – фақат телба бўлиш қолганди. Мана, мистер Грейвс – мактаб директори – ўз ҳисобингдан таътил ол, деб туриб олди. Телеграммада ҳамма гапни айтиб бўлмайди-ку. (Вискини бир кўтаришда ичиб юборади.) Оҳ-оҳ-оҳ, барча томирларимни қиздириб ўтаяпти-я, қандай яхши!
СТЕЛЛА. Яна битта қуяйми?
БЛАНШ. Биттадан ортиғи – ортиқ, бас.
СТЕЛЛА. Ростданми?
БЛАНШ. Мени нима деб ўйлаётганингни айтганинг йўқ ҳали…
СТЕЛЛА. Сиз ажойибсиз.
БЛАНШ. Шу ёлғонинг учун Худо сени ўзи ярлақасин. Оллоҳнинг бу кенг даргоҳида бунақа харобазор ҳали дунёда бўлмаган. Сен эса бироз тўлишибсан, дўмбоққина бўлиб қолибсан – жўжача, ҳа, жўжача. Тўлишиш ярашибди сенга.
СТЕЛЛА. Оббо опажон-ей…
БЛАНШ. Ҳа, ҳа, ҳа, рост мен гапирдимми, ишонавер, қани, белингдагини кўрайлик энди. Тур-чи.
СТЕЛЛА. Кейин…
БЛАНШ. Эшитаяпсанми? Тур дедимми – тур! (Стелла истамайгина бўйсунади.) Оббо шумтака-ей! Бу каштали ёқаларни қаранглар – кўзни оламан дейди. Сочини-чи, юзига мос қилиб, ўғил болача қилиб олибдилар. Стелла, ахир сенда чўриқиз бўлса керак?
СТЕЛЛА. Йўқ. Иккитагина хона бўлгач…
БЛАНШ. Нима? Иккитагина дедингми?!
СТЕЛЛА. Мана бу ва… (Хомуш тортади.)
БЛАНШ. Ва анавими? (Аччиқ кулади.Оғир жимлик чўкади.) Яна беғам-бепарво, хотиржам ўтиришингни қара, қўл қовуштириб… Одам боласи эмас, фариштасан гўё.
СТЕЛЛА (хижолатда). Сиздай ғайратли бўлганимда-ку, ўзим билардим…
БЛАНШ. Мен ҳам сендай бардошли бўлганимдайди… Афтидан, супрақоқдисига яна битта оламан, шекилли. Кейин қорамни ўчираман, гуноҳлардан нари бўлай. (Ўрнидан туради.) Менинг қоматим ҳақида нима дердинг, шуни билмоқчийдим. (Синглисининг олдида айланади.) Шуни билгинки, ўн йил ичида бир грамм ҳам семирганим йўқ. Сен “Орзуларим”дан кетган ўша ёздан кейинги вақт билан теппа-тенг. Дадамиз ўлиб, сен бизни ташлаб кетгандинг.
СТЕЛЛА (базўр). Гап йўқ, опажон, гапларингиз худди юракка бориб тегади.
БЛАНШ. Кўриб турибсан, мен ўша-ўша ҳусндорман, ҳатто сўлиб бораётган ҳозирги палламда ҳам. (Асабий кулади ва эътироз билдиришини пойлаб, синглисига қарайди).
СТЕЛЛА (мажбуран). Ҳечам сўлиб бораётганингиз йўқ.
БЛАНШ. Шунча кўргуликларни кўрганимдан кейин ҳам-а? Мени ҳар нарсага ишонаверади, демоқчимисан? Шундаям соддасан-да, жонгинам… (Қалтираган қўли билан манглайини силаб қўяди.) Демак, хоналарингиз иккитагина экан…
СТЕЛЛА. Ваннахона ҳам бор.
БЛАНШ. Э-ҳа, ваннахона ҳам бор! Тепада, ётоқ бўлмаси билан ёнма-ён, уйдаги биринчи эшикми?(Иккови хижолатли кулади.) Йўқ, Стелла, мени ётқизадиган жойингни кўрмаяпман.
СТЕЛЛА. Мана бу ерда-да.
БЛАНШ. Ҳа-а, буклама тобутми – бир ётдинг – турмайсан. (Ўтириб кўради.)
СТЕЛЛА. Қалай экан?
БЛАНШ (кўнгли тўлмай). Зўр экан, сингилжон. Менга шундоқ ҳам бемалол етиб ортади. Лекин хоналар ўртасида эшиклар йўқ экан, Стэнли эса… у хижолат тортмасмикан?
СТЕЛЛА. Биласизми, ахир Стэнли – поляк.
БЛАНШ. Э-ҳа, улар асли ирландлардан бўлса керак?
СТЕЛЛА. Эҳтимол…
БЛАНШ. Тағин анавинақа киборлардан эмасми? (Иккаласи ҳам кулади-ю, аммо очилиб-сочилиб эмас. Хижолатли.) Мен кийимлар келтириб қўйганман – олийжаноб дўстларингиз олдига кийиб бораман-да.
СТЕЛЛА. Улар сиз ўйлагандек олийжаноб бўлмасалар керак деб қўрқаман.
БЛАНШ. Улар ўзлари кимлар аслида?
СТЕЛЛА. Стэнлининг дўстлари.
БЛАНШ. Полякларми?
СТЕЛЛА. Ҳар хилидан бор, опажон.
БЛАНШ. Аралаш-қуралаш оломонми?
СТЕЛЛА. Ҳа-да, айнан оломон.
БЛАНШ. Начора, майли. Модомики, кийимларни олиб қўйдимми, энди кияман-да. Менинг тушунишимча, меҳмонхонага бориб жойлаша қолай деган сўзимни эшитишга муштоқсан. Лекин отелга бориб жойлашиш ниятида эмасман ва буни кутма ҳам. Мен сен билан бўлишни истайман, кимдир ёнимда бўлиши мен учун зарур, ўзим қолишни истамайман. Чунки, соғлиғим жойида эмас, сен буни пайқамаслигинг мумкин эмас. (Унинг овози бўлинади, кўзларида қўрқув).
СТЕЛЛА. Ростданам сал асабий бўлиб қолибсиз ёки толиққансиз, ё бўлмаса… нималигини ҳам билмайман.
БЛАНШ. Стэнлига ёмон кўринмасмикинман, ёки шунчаки қайин эгачиси меҳмонга келганми, хўш, Стэлла? Шундай бўлса, ўлганим яхши бу кунимдан.
СТЕЛЛА. Сиз асло малоллик келтирмайсиз, опажон, фақат унинг даврасидаги одамларга тенглашмасангиз бўлгани.
БЛАНШ. У шунчалик ётми?
СТЕЛЛА. Ҳа, насли бошқа.
БЛАНШ. Қанақа экан?
СТЕЛЛА. Севган одаминг ҳақида нима ҳам дейсан? Мана унинг суврати (Опасига эрининг фотосуратини тутади.)
БЛАНШ. Зобитми?
СТЕЛЛА. Муҳандислик қўшинида катта сержант. Мана булар олган орденлари!
БЛАНШ. Сизлар танишганингизда у бутунлай жанговар ҳолатда бўлганмиди?
СТЕЛЛА. Ишонтириб айтаманки, мен бунақа арзимаган нарсаларига маҳлиё бўлмаган эдим.
БЛАНШ. Унақа демоқчи эмас эдим.
СТЕЛЛА. Ҳа, кейинчалик баъзи нарсалар билан муроса қилишга тўғри келди.
БЛАНШ. Унинг муҳити билан, масалан.(Стелла хижолатомуз кулади.) Менинг келишим ҳақидаги хабарни қандай қабул қилди?
СТЕЛЛА. Стэнли ҳали билмайди.
БЛАНШ (қўрқиб). Сен унга айтмаганмидинг?
СТЕЛЛА. Унинг борадиган жойлари кўп.
БЛАНШ. Хизмат юзасиданми?
СТЕЛЛА. Ҳа.
БЛАНШ. Шубҳасиз. Мана гап қаёқда…
СТЕЛЛА (ўзига гапиргандек). Тун бўйи уйга келмаганидан хавотирда ўзимни қўйгани жой тополмайман.
БЛАНШ. Нималар деяпсан?
СТЕЛЛА. Бир ҳафтага кетган пайтларда бўларим бўлади.
БЛАНШ. Астағфирулло!
СТЕЛЛА. Қайтиб келганида эса худди ёш боладай тиззасига ўтириб олиб, ўкириб йиғлайман. (Нимагадир жилмайиб қўяди).
БЛАНШ. Шунақа де, бундан чиқди… қаттиқ севаркансан-да… (Стелла табассумли кўзлари билан опасига қарайди.) Стелла…
СТЕЛЛА. Ҳа?
БЛАНШ (ўзини тикка гапиришга мажбур қилиб). Ҳар турли нарсаларни сўрайвериб, жонингга текканим йўқми? Умид қиламанки, сен ҳам менинг янгилигимга оқилона муносабатда бўласан.
СТЕЛЛА. Қанақа янгилик, опажон? (Унинг юзи ташвишли тус олади).
БЛАНШ. Гап бундай, Стелла, сенинг менда аразинг бор… Мен ҳам биламан, ўпкали қариндошдан умид… аммо аввал бир нарсани ҳисобга ол – сен кетгансан! Мен чекинишга йўл қидирмадим ва охиригача курашдим. Толеимни топай деб ўзингнинг Янги Орлеанингга кетдинг. Мен “Орзу”да қолдим ва курашдим. Миннат қилмайман-у, аммо ҳамма оғирлик менинг елкамга тушди.
СТЕЛЛА. Мен нима қилишим керак эди? Ўзим оёққа туриб олишим керак эди, Бланш.
БЛАНШ (бадани увушади). Ҳа, ҳа, биламан. Аммо “Орзу”дан воз кечган сен эдинг, мен эмас! Мен охиригача чидадим, ўлим билан яккама-якка олишдим. Қилча жонни Эгамга топширишига бир баҳя қолди.
СТЕЛЛА. Жазавага тушмасдан, одамлардай гапиринг. Нима бўлди? Нега қилча жонингизни Эгамга топширмоқчи бўлдингиз? Бирон сабаби бордир, ахир?
БЛАНШ. Мен билардим, Стелла, билардим, ҳамма ишни сен шунақа мулоҳаза қиласан.
СТЕЛЛА. Қайси ишни? Ё тавба!
БЛАНШ (паст овозда). Йўқотишни …
СТЕЛЛА. “Орзулар”ними? У йўқолдими? Йўғ-е!
БЛАНШ. Ҳа, Стелла.
Улар бир-бирига қарайди, улар оралиғида сариқ катак-катак клёнка тўшалган стол. Бланш оҳиста бош ирғаб қўяди, Стелла нигоҳини стол устидаги қўлларига туширади. Ёшларнинг мусиқаси яна авж пардаларда янграйди. Бланш рўмолча билан манглайини артади..
СТЕЛЛА. Нима бўлди ўзи? Қандай бўлди?
БЛАНШ (сапчиб туриб). Сенга сўраш осон-да, танаси бошқа дард билмас.
СТЕЛЛА. Опажон!
БЛАНШ. Сенга нима… ўтирибсан бу ерда мазза қилиб… Тағин мендан ижикилаб сўрашингга ўлайми?
СТЕЛЛА. Опажон…
БЛАНШ. Мен! Мен! Ҳамма зарбаларни мен ўзимга олдим – калтаклар менинг бошимда синди, чала ўликка айландим… Мана ўлимлар! Дафн устига дафн, дафн устига дафн… Отам. Онам. Маргаретнинг даҳшатли ўлими. У шундай шишиб кетдики, жасади тобутга сиғмади: бошқа чора тополмадик – ёқиб юбордик. Ахлатхонадаги ўлаксадай. Сен барча дафнларга кела олдинг, Стелла, биттасини ҳам канда қилмадинг. Аммо дафнлар – ўз йўлига… аммо мана бу ўлимлар! Дафн ими-жимида, текисгина ўтади, аммо ўлим – минг хил бўлади. Ўлаётганлар хириллайдилар. Бўғиладилар. Ва йиғлайдилар… “Жонимни олмай тур, яна бироз яшаб қолай!”. Ҳатто кексалар ҳам ўлгиси келмайди – Худодан менга умр тиланглар, умр тиланглар! Худди олиб қолиш сенинг қўлингда. Дафн эса… саранжом-саришта, чиройли гуллар. Ва… бу қутилар шунақанги дабдабалики! Жасадларни шу қутиларга жойлашади! Улар: “Раҳм қил!” деб қичқиришганида кроватлари олдида навбатчилик қилмайсан. Жон-жаҳдлари билан, сўнгги кучларини сарфлаб, ҳаётга шундай тирмашишадики, тасаввур ҳам қилолмайсан, мен эса буни кўрдим. Кўрдим! Энди на… Менга қараяпсан-да, кўзларинг мени айблаяпти – мен бой бердим уйимизни. Хўш, жин урсин, сенингча, бу маблағлар қаердан келган? Сенингча, бу барча касалликлар ва ўлимлар нима билан тўланган? Тўй оғзингни, ўлим кетингни очади дейдилар, мисс Стелла! Маргарет билан изма-из Жессининг кекса аммаваччаси тап-тайёр бўлиб турибди. Ҳа, бешафқат ўроқчи бўсағамиз тупроғини кўп ялаган эди, Стелла, “Орзу” унинг қадрдон гўшаси, Ватани бўлиб қолганди! Шу масканни ўз қўлларимдан бой бердим. Улардан биронтаси ўлаётиб, мол-мулк васият қилиб кетмади-ку. Ҳеч бўлмаганда бир цент суғурта пули илинмади. Фақат биргина шу бечора Жесси юз доллар тобут пули берди. Бор-йўқ гап шу, Стелла. Бундан ташқари арзимаган ўқитувчилик маоши. Қарға, мени! Мана шундай кўзингни мендан узмай қарагин-да, ўйла, уйимизни мен сақлаб қолмадим. Мен сақлаб қололмадимми? Сен қаерда эдинг? Поляк эринг билан тўшакда…
СТЕЛЛА (сапчиб туриб). Бланш. Жим бўлинг. Бас. (Хобгоҳ томон юради.)
БЛАНШ. Йўл бўлсин?
СТЕЛЛА. Ваннахонага, юзимни чайгани.
БЛАНШ. Эҳ, Стелла, Стелла… йиғлаяпсанми?
СТЕЛЛА. Ажабланаяпсизми?
БЛАНШ. Кечир… бундай демоқчи эмасдим. (Стелла ваннахонага кетади. Кўчада эркаклар овози эшитилади. Стэнли, Стив ва Митч уйга яқинлашиб келишади.)
Стив. …Уни ҳеч нарсага ярамайсан деб шунақанги таъзирини бердики, шўрлик ер ёрилмади, ерга кирмади. Йигитча бир қизариб, бир бўзариб, хўрсиниб, нима дейди денг: “Тажриба дегани қаерда сотилади?” эмиш! У эса баттар тутоқиб: “Ҳу, падарингга лаънат! Йўқол бу ердан, бошқа қорангни кўрмай!” – деб бақириб берди.
(Қаттиқ қаҳ-қаҳа. Эркаклар овозини эшитиб, Бланш хобгоҳга кириб кетади. Пардоз столидан Стэнлининг фотосуратини олади-да, бирпас қарайди, кейин яна жойига қўяди.) Демак, эртага кечқурундан покарми?
СТЭНЛИ. Ҳа, Митчникида.
МИТЧ. Меникида мумкин эмас. Ойим ҳали тузалиб кетгани йўқ (Кетишга чоғланади).
СТЭНЛИ (унинг ортидан). Майли, унда меникида ўйнай қоламиз… Cен эса пиво қуясан.
Митч ўзини эшитмаганга солади, хайрлашади ва ўзича аста хиргойи қилиб кетади.
ЮНИС (тепадан қичқиради). Ҳой, менга қаранглар! Тарқалинглар. Мен спагетти пиширгандим, ҳаммасини ўзим еб қўйдим…
СТИВ (зинадан кўтариларкан). Сенинг ўзингга ҳам, телефондан ҳам айтилган эди – ўйнаймиз, деб! (Эркакларга) Аммо пиво албатта бўлади!
ЮНИС. Қачон телефон қилибсан.
СТИВ. Нонушта вақтида айтгандим, танаффусда қўнғироқ ҳам қилгандим…
ЮНИС. Бўпти, бўпти, бунинг кимга қизиғи бор. Йилда бир уйга келсанг ҳам катта гап, шунда ҳам ялинтириб.
СТИВ. Нима, сенга газетадан хабар беришсинми?
Кулги, тарқалаётган эркакларнинг хайрлашув овозлари. Эшикни силтаб очиб, ўчоқбошига Стэнли кириб келади. Бўйи ўртача – беш фут ва саккиз-тўққиз дюм, кучли, келишган киши. Унинг қадди-қомати ва юриш-туриши бутун борлиғини тўлдириб турадиган ҳайвоний лаззатдан дарак бериб турарди. Ўспиринлик вақтидан буён у ҳаётни аёлларсиз, уларнинг васлидан лаззатланишсиз тасаввур этолмасди, бундай пайтда улар аёлларни ширин-ширин сўзлар билан аврар, ўзлари ҳам кўнгилларини чоғлар эди, шу билан бирга ўзгалар олдида ишва-нозлар қилишига йўл қўйишмасди. Товуқлар орасидаги бабақ хўроздек гердайиб, ҳеч кимга бўй бермай юришар эди. Чинакам мардларга хос саховатдан, бу хилватдаги эркаклар билан самимий бўлиш, ичакузди ҳазилларга мойиллик, яхши еб-ичиш, қиморга, ўзининг мойиллигига, хушторига, шахсан унинг ўзига дахлдор ҳамма нарсага, ажойиб насл қолдирувчисига нисбатан муҳаббатидан масту мустағриқ – бундай бўлиш унга Худо томонидан абадий ато этилган фазилат. У аёлларга бир қарашдаёқ керакли баҳони бериб қўя қолади, аёлларга инъом этувчи бир дафъалик табассуми унинг юрагини алғов-далғов қилиб юборувчи барча хатти-ҳаракатларнинг нечоғли уятли эканини билдириб қўяр эди.
БЛАНШ (Стэнлининг тикилиб қарашидан беихтиёр ортга чекинади). Сиз, ҳойнаҳой, Стэнли бўлсангиз керак? Мен – Бланшман.
СТЭНЛИ. Стелланинг опасими?
БЛАНШ. Ҳа.
СТЭНЛИ. Салом! Бизнинг бекамиз қаердалар?
БЛАНШ. Ваннахонада.
СТЭНЛИ. Э-ҳа-а. Бизнинг юртларга келмоқчи эканингиздан бехабар эдим.
БЛАНШ. Мен…
СТЭНЛИ. Қаердан келдингиз, Бланш?
БЛАНШ. Мен… мен Лорелда тураман.
СТЭНЛИ (шкафга яқин боради, бир шиша виски олиб). Лорелда? Ҳа-я. Албатта, Лорелда-да. Менинг ҳудудимга кирмайди. Иссиқ ҳавода бунақа заҳарни сақлаб бўлмайди. (Шишани ёруққа тутиб, диққат билан қарайди, унда насиба қолган-қолмаганини аниқлагани бўлади.) Ичасизми?
БЛАНШ. Йўқ-йўқ, қариийб оғзимга олмайман, аҳён-аҳёнда.
СТЭНЛИ. Шунақалар ҳам бўладики, ўзлари шишага камдан-кам дахл қиладилар, лекин шиша уларга – аксар.
БЛАНШ (лоқайдларча). Ваҳ-ҳаҳ-ҳа.
СТЭНЛИ. Ҳаммаси ўзимга қолибди-да. Ҳечқиси йўқ, агар беадабликка йўймасангиз. (Кўйлагини ечишга ҳаракат қилади.)
БЛАНШ. Бемалол ўзингиз баҳам кўраверинг.
СТЭНЛИ. Ҳар ишда эркин бўлиш – менинг шиорим.
БЛАНШ. Менинг ҳам. Тетикликни сақлаш осон иш эмас. Ҳали бундоқ ювиниб-чайиниб, ўзимни тартибга солишга улгурганим ҳам йўқ, сиз эса аллақачон келиб қолдингиз.
СТЭНЛИ. Мен сизга айтсам, шамоллашдан осони йўқ – ҳўл кийимда, айниқса, бундан олдин кўнглинг хоҳлаганча соққа думалатсанг. Сиз ўқитувчисиз, шундайми?
БЛАНШ. Ҳа.
СТЭНЛИ. Нимадан дарс берасиз?
БЛАНШ. Инглиз тилидан.
СТЭНЛИ. Ўқувчилик вақтимда инглиз тилидан нўноқ эдим. Кўпга келдингизми, Бланш?
БЛАНШ. Мен… ҳозирча билмайман.
СТЭНЛИ. Бизникида қолишни ўйламаяпсизми?
БЛАНШ. Дуруст бўларди… агар уйингиз торлик қилмаса.
СТЭНЛИ. Майлингиз.
БЛАНШ. Йўл қоқиб ташлади.
СТЭНЛИ. Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади.
Дераза остида мов мушук ваҳимали миёвлайди.
БЛАНШ (сакраб туриб). Бу нима?
СТЭНЛИ. Мушуклар-да… Ҳой, Стелла!
СТЕЛЛА (ваннахонадан). Ҳа, Стэнли.
СТЭНЛИ. Нима бало, чўкиб кетмадингми тағин?..
(Бланш мийиғида кулиб қўяди. Стелланинг унга жавобан кулиб қўйганини ҳеч ким билгани йўқ. Жимлик). Мени қўпол одамга чиқармасангиз бўлгани. Стелла фақат сиз тўғрингизда гапиради. Сиз турмушга чиққан экансиз, тўғрими? (Олисдан полька куйи элас-элас қулоққа чалинади.)
БЛАНШ. Ҳа. Ёшгина эдим.
СТЭНЛИ. Нима, бир нарса бўлганмиди?
БЛАНШ. У… у ўлган (Боши солинади.) Ишқилиб… касал бўлиб, ётиб қолмасайдим. (Бошини қўлларига ташлайди.)
ИККИНЧИ МАНЗАРА
Эртаси куни. Чошгоҳ вақти, соат олти. Бланш ваннада чўмиляпти. Стелла пардозини тугаллаяпти. Бланшнинг гулдор кўйлаги Стелланинг каровати устига ёйиб қўйилган. Стэнли кўчадан ўчоқбошига кириб келади, эшикни очиқ қолдиради ва унинг ортидан сўнгсиз блюз таронаси эшитилади…
СТЭНЛИ. Бу қандай томоша бўлди яна?
СТЕЛЛА. Оҳ, Стэн!… (Ирғиб туради ва эрини ўпади, эри буни кибрли лоқайдлик билан қабул қилади.) Мен опамни кечки овқат қилгани “Гилатура”га олиб бораман, кейин эса тағин бирон жойга – ахир бугун покер ўйинларинг бор-ку!
СТЭНЛИ. Менинг кечки овқатим-чи? “Гилатура”га ҳаммамиз ёпирилиб бормаймиз-ку.
СТЕЛЛА. Музлатгичда яхна мол гўшти бор.
СТЭНЛИ. Зап ҳотамтой хотиним бор-да!
СТЕЛЛА. Мен Бланшни узоқроқ тутиб туришга ҳаракат қиламан, унгача мириқиб ўйнаб оласизлар. Унинг сизларга қандай муносабатда бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди-ку. Битта-яримта кино кўргани кирармиз. Шу ерда, маҳалланинг ўзида. Қани, муллажирингдан чўзиб қўй-чи.
СТЭНЛИ. Унинг ўзи қани?
СТЕЛЛА. Иссиқ ваннада чўмиляпти. Бу уни тинчлантиради. Асаблари бутунлай тамом бўлган.
СТЭНЛИ. Нимадан?
СТЕЛЛА. Асаби тамом бўладиган иш бўлган-да.
СТЭНЛИ. Яъни?
СТЕЛЛА. Стэн, “Орзу…” энди бизники эмас.
СТЭНЛИ. Қўрғонми?
СТЕЛЛА. Ҳа.
СТЭНЛИ. Нега унақа бўлди?
СТЕЛЛА (номаълум қилиб). Уни қурбон қилишга тўғри келган-да… Хуллас, шунга ўхшаган бир нарса. (Пауза.Стэнли ўйлаб қолади. Бошқа кўйлагини кияди). У чиққанда эсингда бўлсин, унга яхши гапиргин. Ҳа, яна… ҳозирча кичкина ҳақида оғиз очмай тур – аввал сал ўзига келиб олсин.
СТЭНЛИ (ҳеч қандай яхшиликдан дарак бермайдиган оҳангда). Шунақами ҳали!
СТЕЛЛА. У тушуниб олиши керак, ҳаракат қилгин-да, иложи борича юмшоқ гапир, Стэн.
БЛАНШ (ваннада қўшиқ айтади). “Мовий денгиз орти юртидан келтирдилар ёш асирани…”
СТЕЛЛА. Биз тор қафасга тушиб қолганимиз унинг учун кутилмаган ҳол бўлди. Ёзган хатларимда ҳеч нарсани очиқ айтмагандим, албатта..
СТЭНЛИ. Ростданми?
СТЕЛЛА. Унинг кўйлагини мақтаётувдингми? Айт, у сизни жуда очиб юборибди, де. Бу Бланшга жуда муҳим. Шунақа. У шуни ёқтиради…
СТЭНЛИ. Э-ҳа, англадим. Қўрғонни йўқ қилишибди деб айтгандинг-а?
СТЕЛЛА. Нима? Ҳа-ҳа, ўшандай.
СТЭНЛИ. Нима бўлган эди ўзи? Бундоқ тушунтириброқ айта оласанми?
СТЕЛЛА. Ҳозирча уни саволларга кўммай турамиз, сал ўзига келиб олсин.
СТЭНЛИ. Э-ҳа, гап бу ёқда де! Ҳеҳ! Қўйинглар – опажоним Бланшнинг бунақа ишлар ҳақида гапиришга тоқати йўқ!
СТЕЛЛА. Қанақа келганини ўзинг кўрдинг-ку.
СТЭНЛИ. Ҳа, кўрдим. Васиқасини бир кўрсак бўлармиди.
СТЕЛЛА. Мен васиқани кўрганим йўқ.
СТЭНЛИ. У сенга ҳеч қанақа ҳисоботни, ҳеч қанақа ҳужжат-пужжатни, ҳеч нимани кўрсатмадими?
СТЕЛЛА. Уйнинг савдоси пишмабди…
СТЭНЛИ. Нима қилишган ўзи уни, жин урсин. Шундоқ бериб юбораверадими? Камбағаллар фойдасига?
СТЕЛЛА. Жим! Эшитиб қолади.
СТЭНЛИ. Тупурдим, эшитса ундан нарига. Ҳужжатларни менга бер!
СТЕЛЛА. Ҳеч қанақа ҳужжат-пужжат йўқ эди, у ҳеч нарса кўрсатмади, менинг унақа ҳужжатлар билан иш-пишим йўқ.
СТЭНЛИ. Наполеон кодекси ҳақида эшитганмисан?
СТЕЛЛА. Йўқ, Стэнли, эшитганим ҳам йўқ, тушунмайман ҳам, бунга менинг қанақа…
СТЭНЛИ. Кел, бўлмаса, хотин, сенга бу нарсаларни ўргатиб қўяй.
СТЕЛЛА. Ростданми?
СТЭНЛИ. Бизнинг Луизиана штатида Наполеон кодекси амал қилади, унга кўра хотиннинг барча мол-мулки эрга қарайди ва шунинг акси. Масалан, менинг мулким бор ёки сенинг қандайдир мулкинг бор…
СТЕЛЛА. Бошим айланиб кетди.
СТЭНЛИ. Бўпти, гапирмаймиз. Кутиб тураман, у иссиқ ваннадан кўпчиб чиққанда сўрайман. Наполеон кодекси билан танишмисиз дейман. Менга очиб солади, сенинг эса қулоғингга лағмон илиб кетишади, хотинжон. Аммо борди-ю, сенинг қулоғингга лағмон илишса, унда Наполеон кодекси бўйича, менинг ҳам қулоғимга лағмон илишларини ёқтирмайман.
СТЕЛЛА. Саволларингни беришга шошилмасанг ҳам бўлади, кейин ҳам бераверасан, бўлмаса унинг яна жағи очилади. У ёқда “Орзу”га нима бўлганини тасаввур қилолмаяпман, аммо ишонсанг-ишонмасанг, бу қандай бемаънилик ахир, опам ёки мен, муттаҳамликка қодир бўлсак.
СТЭНЛИ. Унда пуллар қаёққа кетди, ахир уй сотилган-ку?
СТЕЛЛА. Сотилмаган – йўқотилган, йўқотилган! (Эр хобгоҳга отилади, хотин ортидан чопади.) Стэнли!
СТЭНЛИ (хобгоҳ ўртасида турган катта сандиқни шиддат билан очади, бир қучоқ кийимни чиқариб ташлайди.) Кўзингни каттароқ оч мана буларнинг бари биргина ўқитувчилик маошига келганми?
СТЕЛЛА. Секинроқ гапирсанг-чи!
СТЭНЛИ. Мана бу мўйналарга боқ, бу балки у кишининг кўзига чўп суқаман деб юрибди? Ана сенга мисол. Бунақа кўйлак, билишимча, бир дунё пул туради! Мана бу-чи? Бу нима ўзи? Шол рўмол, тулки мўйнаси! (Мўйнага пуфлайди.) Сара мовий мўйналар, ҳар бири ярим миллион туради! Қани сенинг мўйналаринг, Стелла! Момиққина, оппоққина мўйналаринг! Мовий тусли мўйналаринг борми?
СТЕЛЛА. Арзонгина мўйнам бор эди – опамда у, қачон берганим эсимдаям йўқ.
СТЭНЛИ. Менинг бир мўйначи танишим бор. Ўшани чақираман, нархларини билиб беради. Гаров ўйнайман, мана шу матоҳларнинг барисига неча минглаб доллар кетган.
СТЕЛЛА. Ўзингга ярашган ишни қилсанг-чи, Стэнли!
СТЭНЛИ (мўйнали кийимларни диванга улоқтиради. Сандиқнинг лўкидонини юлиб олади-да, ундан ҳовучини тўлдириб жавоҳиротни олади). Мана булар нима? Денгиз қароқчиларининг ўлжаларими?
СТЕЛЛА. Оҳ, Стэнли!
СТЭНЛИ. Дур! Шода-шода дур! Кўрдингми, опажонинг ким экан – дур қидириб, денгиз тагига тушадиган ғаввосми? Қўлга тушмас эшикбузар, пўлат сандиқлар кушандасими? Тоза тилла билакузуклар! Қани сенинг дуру гавҳарларинг, тилла билакузукларинг!
СТЕЛЛА. Бўлди қилсанг-чи энди, Стэнли!
СТЭНЛИ. Олмослар-чи! Қироличанинг бошидаги тош дейсан!
СТЕЛЛА. Рейн тошлари қадаб тикилган қалпоқ. Уни опам либослар зиёфатида кийган эди.
СТЭНЛИ. Рейн тошлари деганинг нима тағин?
СТЕЛЛА. Оддий шиша бўлаклари, тамом.
СТЭНЛИ. Ҳазилга йўйма! Менинг заргарлик дўконида танишим бор. Ўшани чақираман, қани, у нима деркин. Мана сенга ўша плантациянг ёки ўшандан нима қолган бўлса, ўша.
СТЕЛЛА. Ҳозир қанақа нодонлик, қанақа ваҳшийлик қилаётганингни биласанми ўзи? Энди эса у чиқмасидан олдин сандиқни ёп.
СТЭНЛИ (оёғи билан бир тепиб, сандиқни наридан-бери ёпади ва ўчоқбоши столига келиб ўтиради). Ковалькийлар билан Дюбуалар ҳаётга турлича қарайдилар.
СТЕЛЛА (жаҳл билан). Ҳа, Худога шукрки, шундай! Мен кўчага чиқаман. (Ўзининг оқ шляпаси ва қўлқопини олади ва эшик томон юради). Мен билан юр, опам кийиниб олсин.
СТЭНЛИ. Буйруқ бераяпсанми? Қачондан буён?
СТЕЛЛА. Нима, бу ерда қолиб, унинг устидан кулмоқчимисан?
СТЭНЛИ. Нима деб ўйловдинг! Албатта, қоламан.
Стелла равонга чиқади.
БЛАНШ (қизил атлас халатда ваннахонадан чиқиб келади. Қувноқ). Э-ҳа, Стэнли! Мана, чўмилиб чиқдим, худди онадан қайта туғилгандай енгил тортдим.
СТЭНЛИ (сигарета тутатади). Жуда яхши-да.
БЛАНШ (деразадан пардани тортиб қўяди). Кечирасиз, мен мана бу янги кўйлагимни киймоқчиман.
СТЭНЛИ. Кийсангиз кияверинг, шу ҳам иш бўлибдими.
БЛАНШ (хоналар оралиғидаги портьерни тортиб қўяди). Англашимча, бугун бу ерда қартабозлик бўлади, хотинлар таклиф қилинмаган – ғоят илтифотли!
СТЭНЛИ. Нима бўлибди?
БЛАНШ (халатини эгнидан олади, гулдор чит кўйлагини кияди). Стелла қани?
СТЭНЛИ. Чиқиб кетди.
БЛАНШ. Орқамдаги тугмаларни қадаш керак. Кирсангиз бўлаверади. (Стэнли портьерни суради, аёлга яқин боради, унга қарамасликка ҳаракат қилади.) Мени қандай топасиз?
СТЭНЛИ. Керак бўлгач…
БЛАНШ. Сиз жудаям илтифотли экансиз. Мана – тугмалар.
СТЭНЛИ. Эплолмаяпман.
БЛАНШ. Эҳ, сиз эркаклар, бармоқларингиз қанақа ўзи – бақувват-бақувват, қўполдан-қўпол… Сигаретангиздан тутатиб берсангиз, майлими?
СТЭНЛИ. Ўзингиз тутатиб ола қолинг.
БЛАНШ. Ҳа, бўлмаса-чи. Раҳмат. Сандиқни кимдир титкилабди, шекилли.
СТЭНЛИ. Ҳа, Стелла иккаламиз. Молларингизни ёйишда ёрдамлашдик.
БЛАНШ. Хўш, хўш… Ғайрат билан ишлабсизлар, ҳалол ишлабсизлар.
СТЭНЛИ. Сиз эса, афтидан, Париждаги бир эмас, қанчалаб дўконни шип-шийдон қилибсиз.
БЛАНШ. Ваҳ-ҳаҳ-ҳа! Ҳа, кийим деса ўзимни томдан ташлайман.
СТЭНЛИ. Мана бунақа мўйна қанча туриши мумкин?
БЛАНШ. Буниси-чи… бир мухлисим ҳадя қилган.
СТЭНЛИ. Ихлоси ҳаддан ташқари зўр эканлиги шундоқ кўриниб турибди!
БЛАНШ. Ҳа, ёшлигимда кўплар менинг ишқимда телба бўлишган. Энди-чи? Бир қаранг-а (ширин табассум билан). Сизнингча, мен қандай қилиб ҳаммани ўзимга тортганман?
СТЭНЛИ. Ҳусни таважжуҳингиз билан-да.
БЛАНШ. Мени кўрганларнинг оғзидан бол томар эди, Стэнли.
СТЭНЛИ. Бўлмаган нарса. Унақа қиладиган одатим йўқ.
БЛАНШ. Нега бўлмаган нарса экан?
СТЭНЛИ. Ташқи чиройига қараб хушомад қилиш-да. Ўзингнинг чиройли ё чиройли эмаслигингни билмаган ва бошқалар ишорасига муҳтож бўлмаган аёлни ҳали учратмаганман. Тағин шундайлар ҳам борки, уларга минг гапирма, фақат ўз билганларидан қайтмайди. Бир вақтлар ўшандай гўзал билан юрган эдим. Ҳар икки гапнинг бирида у нуқул: “Оҳ, қанчалик латофатлиман, оҳ, қанчалик фусункорман”, дер эди. Мен эса унга: “Хўш, у ёғи-чи?” дердим.
БЛАНШ. У нима дерди?
СТЭНЛИ. Ҳеч нарса. Овози ўчди боёқишнинг.
БЛАНШ. Шу билан севги ҳам тамомми?
СТЭНЛИ. Бемаъни гаплар тўхтади, вассалом. Баъзи эркаклар бунақа голливудча суюқоёқларнинг оёғини ўпишга тайёр, бошқалари эса – йўқ.
БЛАНШ. Сиз, ҳойнаҳой, иккинчи тоифадагиларга кирарсиз?
СТЭНЛИ. Тўппа-тўғри.
БЛАНШ. Сизни ўзига мафтун этадиган соҳибжамолнинг ширинзабонлигини кўз олдимга келтиролмаяпман.
СТЭНЛИ. Тўппа-тўғри.
БЛАНШ. Осмондаги ойни олиб бермасангиз-да, сиз оддий, тўғри, ҳалол одам экансиз. Сизни ўзига мафтун этувчи аёл шундай бўлиши керакки… (Ноаниқ қўл силтайди.)
СТЭНЛИ (дона-дона қилиб). Қарталар столга қўйиб қўйилсин.
БЛАНШ (жилмайиб). Ҳа, ҳа. Қарталар столга қўйилсин… Ҳаётда алдоқчилар, фирибгарлар тўлиб-тошиб ётибди. Мен рассомнинг кучли, ёрқин бўёқларда расм чизишини, унинг палитрасида фақат асосий, энг оддий ранглар қолишини севаман. Ҳаммаёқни қип-қизил қилиб ташлаганларга асло тоқатим йўқ, “на у ёқлик, на бу ёқлик” одамларни сира жиним суймайди. Кеча кечқурун бизникига кириб, дангал: “Синглим ҳақиқий эркакка турмушга чиқди”, деб айтганим шундан. Тўғри-да, биринчи кўришда бундан ортиғини айтмайсан ҳам…
СТЭНЛИ (ўтиради). Бўлди-да-ей, бекинмачоқ ўйинларинг!
БЛАНШ (қулоқларини қисиб). Вуй-й-й-й!
СТЕЛЛА (равоқдан). Стэнли! Чиқ бу ёққа, опамнинг кийинишига халақит берма.
БЛАНШ. Мен тап-тайёрман, жоним.
СТЕЛЛА. Ундай бўлса чиқинг-да.
СТЭНЛИ. Дилдан гаплашаётувдик.
БЛАНШ (қувноқ). Жоним, хизматга буюрсам, хафа бўлмайсанми? Югуриб дўконга борсанг, битта кока-лимонад олиб келсанг, майдаланган музлари кўпроқ бўлсин. Мен учун хўп дей қол, майлими?
СТЕЛЛА (малоллик билан). Бўпти. (Бурчак ортига ўтади.)
БЛАНШ. Бояқиш ювошгина-да. Менинг назаримда, у сизни мендай яхши билмайди… Хў-ўш, шундай қилиб, мистер Ковальский, нимада тўхталгандик? Ҳа… Келинг, очиқчасига гаплашайлик. Мен ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёрман. Менинг яширадиган ҳеч нарсам йўқ. Хўш, сизларни нима қизиқтиради?
СТЭНЛИ. Бизнинг Луизиана штатимизда машҳур Наполеон кодекси бор, унга кўра хотинимга тегишли бўлган ҳамма нарса меники ҳамдир ва шунинг акси.
БЛАНШ. Эй, Худойим-ей, қовоқларини уйиб олишини қаранглар! Ҳакамнинг ўзи!
Ўзига атир сепади, ҳазиллашиб пульверизаторни Стэнлига тўғрилайди. Стэнли пульверизаторни юлиб олади ва пардоз столи устига итқитади. Бланш бошини орқага ташлаб кулади.
СТЭНЛИ. Хотинимнинг опаси бўлмаганингизда сизни нима қилишни ўзим билардим.
БЛАНШ. Нима қилардингиз?
СТЭНЛИ. Ўзингизни гўлликка солманг. Ўзингиз биласиз. Қоғозлар қани?
БЛАНШ. Қоғозлар?
СТЭНЛИ. Ҳужжатлар. Плантация бўйича ҳисобот.
БЛАНШ. Қанақадир қоғозлар бор эди.
СТЭНЛИ. Яъни? Бирдан йўқ бўлиб қолди, шундайми?
БЛАНШ. Балки, йўқ бўлиб қолмай, бир жойда ётгандир-а?..
СТЭНЛИ. Аммо, бўлса ҳам сизнинг сандиғингизда бўлади.
БЛАНШ. Бор топган-тутганим сандиқда.
СТЭНЛИ. Нега қараб турибмиз бўлмаса, қараймизми? (Сандиққа яқин келади, зарб билан қопқоқни очади.)
БЛАНШ. Ё товба, сизга нима бўлди? Худди болага ўхшайсиз-а. Ақлингиз жойидами? Қанақадир пулларни ўмарганман-да, сизнинг бурнингиздан ип ўтказиб олганман, шуни синглимга топширишим осон бўлади, шундайми? Бундоқ туринг, ўзим қарайман. Шунда тезроқ ва осонроқ бўлади… (Яқин келади, қутичани олади.) Қарийб барча қоғозларим мана шу қутичада. (Очади.)
СТЭНЛИ. У ердаги-чи, тагидаги нима? (Ўроғлиқ қоғозларни кўрсатади.)
БЛАНШ. Эскирганидан сарғайиб кетган ишқий мактублар, ҳаммаси битта боладан. (Стэнли тортиб олади. Бланшнинг овозида таҳдид). Беринг!
СТЭНЛИ. Аввал бир кўрайлик-чи.
БЛАНШ. Сизнинг тегишга ҳаққингиз йўқ!
СТЭНЛИ. Э, нима бўпти. (Тасмачани йиртиб олади ва қоғозга кўз югуртиради.)
БЛАНШ (мактубларни юлқийди ва улар ер билан битта бўлиб сочилади.) Модомики, нозик қўлчаларингиз тегдими, энди уни ёқишдан бошқа чорам йўқ.
СТЭНЛИ (бутунлай ўзидан кетиб). Э, нима экан ўзи улар, жин урсин?
БЛАНШ (варақларни ердан териб оларкан). Бир боланинг шеърлари, ўзи эса дунёдан ўтиб кетган. Қачонлардир у мени қаттиқ севиб қолган экан, худди ҳозир сиз мени бир нима қилиб қўймоқчи бўлганингиздай, аммо бунга сизга йўл бўлсин! Мен энди ёт эмасман, бунақа нарсалардан совиб бўлганман. Лекин эрим ёш эди, дуркунгина эди. Мен ҳам… э-э, энди барибир. Тўплаб берсангиз-чи мактубларни!
СТЭНЛИ. Бу нима қилганингиз – нега энди уларни ёқаяпсиз?
БЛАНШ. Узр. Шунчаки эсимни йўқотдим. Ҳар бир одамнинг бирон-бир эзгу, дилда эъзозлаган бир нарсаси бўлади. (Унинг чеҳраси жуда ҳорғин. Қўлларида қутича билан ўтиради, кўзойнагини тақади, диққат билан катта тўп қоғозларни кўриб чиқа бошлайди.) “Эмблер ва Эмблер”. Ҳм… Крэбтри… Яна “Эмблер ва Эмблер”.
СТЭНЛИ. “Эмблер ва Эмблер” нима дегани?
БЛАНШ. Идора. Кўчмас мулкка ссуда берадиган жой.
СТЕЛЛА. Демак, демак, уй гаров пулларини тўлашга кетган.
БЛАНШ. Худди шундай, менимча.
СТЭНЛИ. Менинг эса ҳеч канақанги “менимча” билан ишим йўқ. Қолган қоғозлардаги нима экан?
Бланш қутини унга тутқазади. Стэнли столга яқин жойда бемалолроқ туриб олади-да, ҳужжатларни кўздан ўтказа бошлайди.
БЛАНШ (ердан катта хатжилдни олади, у ҳам қоғозларга лиқ тўла). Юз йил ичидаги минглаб қоғоз, “Орзу”мизнинг бутун тарихи… пул санашни билмайдиган боболаримиз ва оталаримиз, амакиларимиз ва оға-иниларимиз, жўнгина қилиб айтганда, ўзларининг тийиқсиз фаҳш йўлларига қаричма-қарич, танобма-таноб қиморда ютқазиб қўйганлар. (Кўзойнагини олади ва ҳорғин кулади.) Тўртта ҳарфдан иборат мана шу “фаҳш” сўзи бутун плантацияни ямлаб юборган. Стелланинг айтишича, ундан фақат битта уй ва йигирма акр ер қолган, холос, шунда ҳам қабристонни қўшиб ҳисоблаганда, у ерга барча қариндош-уруғларимиз кўчиб борган… Стелла ва мендан бошқалари (Хатжилдни столга уради). Бу ерда, ҳамма, ҳамма қоғозлар бор! Олинг-да, жойга эга бўлинг. Ўқинг, такрор ўқинг, ёдлаб олинг. Бундан яхши тугаллаш хаёлингга келмайди: бутун “Орзу” сизнинг бақувват, соҳибжамол панжаларингиздаги эски қоғоз омборидан битта той!.. Қизиқ, лимонадга кетиб, Стелланинг ўзи лимонадга айланиб қолдими? (Курси суянчиғига ўзини ташлаб, кўзларини юмади.)
СТЭНЛИ. Менинг бир ҳуқуқшунос танишим бор, у бу ҳужжатларни ўрганиб чиқади.
БЛАНШ. Ҳужжатларни унга ҳадя деб, бош оғриқ дори ҳам қўшиб олиб боринг.
СТЭНЛИ (бироз хижолат тортиб). Кўрмайсизми, Наполеон кодекси бўйича эр-хотинининг ишлари қандай кетаётганидан хабардор бўлиб туриши керак. Айниқса, улар, худди бизлардек, масалан, ҳозир бола кутишаётган бўлса.
Бланш кўзларини катта-катта очади. Блюз куйи баландроқ янграйди.
БЛАНШ. Стелла? Стелла чақалоқ туғадими? (Орзуга берилганча) Мен эса ҳеч балони билмайман! (Туради, эшик томон юради).
Бурчакда Стелла пайдо бўлади. Стэнли хатжилд ва қутичани олиб, хобгоҳга олиб кетади. Хоналар қоронғилик ичида қолади, ундан кўча, уйнинг ташқи девори кўринади.
БЛАНШ (Стеллани йўлакда равоқ ёнида учратади). Стелла, Стелла, чироғим! Қандай бахтиёрман, фарзандли бўласан-а! (Синглисини қучоқлайди Стелла ҳам уни қучоқлайди, титраб-қақшаб, пиқ-пиқ йиғлайди. Паст овозда) Ҳаммаси жойида – аниқлаб олдик. Ҳозир сал-пал иситмам чиқиб турибди, аммо мен, афтидан, барини уддаладим. Кулдим, ҳаммасини ҳазилга йўйдим. Уни ўғил дедим, кулдим, озгина ишва ҳам қилдим. Ҳа, эринг билан жиндай тегишдим ҳам, Стелла!
Стив ва Пабло пиволи қутини кўтариб келади. Меҳмонлар қартабозликка ҳозирлик кўришаяпти… Эркаклар опа-сингилларнинг ўртасидан юриб ўтишади, Бланшга тез ва қизиқиш билан кўз солишади-да, уйга кириб кетишади.
СТЕЛЛА. Уни кечиринг.
БЛАНШ. Ҳа, бу киши ўз номига ёсуман гули очдирадиганлардан эмас. Аммо начора, энди бисотимизда “Орзу” бўлмагандан кейин қонимизга аралаштириш учун худди шу нарса керак. Осмон қандай ажойиб! Ракетада учиб кетсанг-да, қайтиб келмасанг.
ОВҚАТФУРУШ (қичқирганча муюлишдан чиқиб келади). Кеп қолинг, қайноққина!
БЛАНШ (қўрққанидан босиқ қичқиради, кескин тисарилади. Аммо ўша заҳоти, қўрқуви босилмасиданоқ хандон ташлаб кулади). Қаёққа борамиз энди, Стелла… манави ёққами?
ОВҚАТФУРУШ. … Қайноғига кеп қолинг!
СТЕЛЛА (унинг қўлтиғидан олиб). Йўқ, бу ёққа.
БЛАНШ (кулиб). Кўр… кўрни етаклаяпти!
Бурчак ортига ўтиб кетишади. Бланшнинг умидсиз кулгиси ҳали ҳам тингани йўқ. Бунга жавобан эса уй ичидан эркакларнинг қаҳқаҳаси янграйди. Блюз таронаси кучайиб бораверади, унга сурдинка жўрлигида труба овози қўшилади.
УЧИНЧИ МАНЗАРА
Қартабозлик туни. Ван Гогнинг бир асари бор – “Бильярд туни” деган…
Ўчоқбоши столидаги сариқ клёнка узра оч яшил шиша қалпоқли осма чироқ ёниб турибди. Ўйинчилар Стэнли, Митч, Стив ва Пабло ранг-баранг кўйлаклар кийиб олишган, эркакларнинг ўзлари ҳам ўз ҳолича, уларнинг учига чиққан мардликлари ҳам асосий ранглар каби қўпол ва бесўнақай.
Столда тарвуз каржлари, виски шишалари, стаканлар. Хобгоҳ анча хира ёритилган, икки жойдан ёруғлик тушиб турибди, бири – ўчоқбоши чироғидан, иккинчиси портьер орқали – кўчадан. Қарта сузилгунча ўйинчилар сукут сақлайди.
СТИВ. Хўш, нима очилди?
ПАБЛО. Бир жуфт валет.
СТИВ. Иккитасини сотиб оламан.
ПАБЛО. Сенга-чи, Митч?
МИТЧ. Чиқди.
ПАБЛО. Биттаси – ўзимга.
МИТЧ. Виски… яна талабгорлар борми?
СТЭНЛИ. Мен.
ПАБЛО. Ҳаммага хитой рагусидан олсак-чи?
СТЭНЛИ. Мен ютқизаяпман, сенинг бўлса иштаҳанг карнай бўлиб кетаяпти. Ҳеч ким бошқа қўшмайдими? Очамизми? Очдик. Кетингни столдан олсанг-чи, Митч, бунча ялпайиб олмасанг! Модомики, ўйинми, столда фақат қарталар, тангалар ва виски бўлиши керак. (У чайқалиб кетади. Қулочкашлаб столдаги тарвуз пўчоқларини пастга супуриб юборади.)
МИТЧ. Нима, ҳалитдан етиб келдингми?
СТЭНЛИ. Кимга қанча?
СТИВ. Менга учта.
СТЭНЛИ. Менга битта.
МИТЧ. Яна чиқди. Уйга кетаверсам ҳам бўлади.
СТЭНЛИ. Оғзингни юмсанг-чи.
МИТЧ. Ойим касал. То мен бормагунча тун бўйи ухламай чиқади.
СТЭНЛИ. Ёнидан ҳеч ёққа жилмай ўтира қол бўлмаса.
МИТЧ. Шу онам-да яна… одамларга қўшилиб юр дейди. Мана, юрибман. Нима каромат кўраяпман? Хаёлимда у – қандай ўтирибди экан, деб.
СТЭНЛИ. Кетсанг кета қол, Худо ҳаққи.
ПАБЛО. Сенда нима экан?
СТИВ. Флеш, Пиклар.
МИТЧ. Ҳаммангизнинг хотинингиз бор. Мен-чи… у ўлиб кетса, сўққабош бўлиб қолавераман… Ваннага кириб чиқай.
СТЭНЛИ. Тезроқ қайт.
МИТЧ. Бор йўқол.. (ваннага кетади.)
СТИВ (топширади). Етти айрилишга. (Топшираётиб, навбатдаги латифани бошлаб юборади). Бир негр чол ҳовлисида ўтирган экан, ўтириб жўжаларга ҳовучлаб маккажўхори дони соча бошлабди. Бирдан она товуқнинг жонҳолатда қақағлагани эшитилибди, қараса, уйнинг орқасидан ўқдай учиб ёш она товуқ келаётганмиш, орқасидан эса хўроз қувиб келаётганмиш, етиб олиб, устига чиқибди…
СТЭНЛИ (сабрсизланиб). Сузсанг суза қол энди!
СТИВ. …бироқ донга кўзи тушибди-ю, товуқни қўйиб юбориб, донни чўқилай кетибди. Негр қараб туриб, нима дермиш: “Ишқилиб, мана бундай оч қолишдан Худонинг ўзи асрасин-да!”
Стив ва Пабло қаҳ-қаҳ уриб кулади. Кўча муюлишида опа-сингиллар кўринади.
СТЕЛЛА. Ўйин ҳали-бери тугайдиган эмас.
БЛАНШ. Қанақаман ҳозир?
СТЕЛЛА. Жуда очилиб кетгансиз, опажон.
БЛАНШ. Иссиқ, силлам қуриб кетди. Шошма, очмай тур… Аввал упа-элик қилиб олай оз-моз. Кўринишим жуда ҳорғиндир?
СТЕЛЛА. Ҳе, йўқ. Янги очилган гулдайсиз.
БЛАНШ. Бир неча кун аввал узилган гулдай де.
Стелла эшикни очади ва улар ичкарига киришади.
СТЕЛЛА. Хўш-хўш-хўш… сизлар эса, дўстлар, кўриб турганингиздек, бас қилишни ўйламаяпсизлар ҳам.
СТЭНЛИ. Қаердан келаяпсизлар?
СТЕЛЛА. Опам билан ревига бордик. Опа, булар мистер Гонзалес ва мистер Ҳаббел.
БЛАНШ. Илтимос, турманглар.
СТЭНЛИ. Ҳеч ким тураман деётгани йўқ, бу ёғидан хотиржам бўлаверинглар.
СТЕЛЛА. Ҳали узоқ ўйнайсизларми?
СТЭНЛИ. Ҳозирча билиб бўлмайди.
БЛАНШ. Ҳа, покер шунақа қизиқ ўйин. Кимга жуфт бўлай?
СТЭНЛИ. Мумкин эмас. Балки Юниснинг олдига чиқарсизлар?
СТЕЛЛА. Нима деяпсан – икки ярим бўлди-я! (Бланш хобгоҳга кетади ва портьерни салгина тортиб қўяди.) Сизларга қийин эмас-ку, кейинги қўлдан кейин ҳисоб-китоб қиларсизлар-а? (Курси ғичирлайди. Стэнли шап этиб, Стелланинг думбасига шапатлайди. Жиддий оҳангда). Кулгили жойи йўқ, Стэнли. (Эркаклар кулишади. Хобгоҳга кетади). Бировлар олдида унинг шунақа қилиқ қилишидан жоним чиқиб кетай дейди.
БЛАНШ. Чўмилиб олай.
СТЕЛЛА. Янами?
БЛАНШ. Асаблар. Нима, бандми?
СТЕЛЛА. Билмадим.
Бланш ванна эшигини тақиллатади. Эшик очилади, қўлларини сочиқда артганча Митч чиқиб келади.
БЛАНШ. Э-ҳа… Салом.
МИТЧ. Салом. (Аёлга суқ билан қарайди.)
СТЕЛЛА. Опа, бу Херольд Митчелл. Менинг опам, Бланш Дюбуа.
МИТЧ (қўполларча такаллуф билан). Эҳтиромимни қабул қилинг, мисс Дюбуа.
СТЕЛЛА. Онангизнинг соғлиғи қандай, Митч?
МИТЧ. Ҳа раҳмат, умуман ўша-ўша. Ханталингиз учун ташаккур айтди. Илтимос, кечиринг. (Ўчоқбошига оҳиста ўтиб кетади, дам-бадам Бланшга қарайди ва хижолатомуз йўталади. Сочиқни олиб кетгани эсига тушади ва саросималанганча кулиб, Стеллага узатади).
БЛАНШ (унга ошкора қизиқиш билан разм солади). Буни одобдан деса бўлади.
СТЕЛЛА. Ҳар ҳолда.
БЛАНШ. Юзи қандайдир ташвишли.
СТЕЛЛА. Унинг онаси касал.
БЛАНШ. Оилаликми?
СТЕЛЛА. Йўқ.
БЛАНШ. Хотинбозми?
СТЕЛЛА. Нима деяпсиз, опа! (Бланш кулади.) Шу ҳолига-я.
БЛАНШ. Нима иш қилади, у? (Блузкаси тугмаларини еча бошлайди).
СТЕЛЛА. Слесарь ишчи, Стэнли ишлайдиган заводда.
БЛАНШ. Лавозими каттароқми?
СТЕЛЛА. Қаёқда… Буларнинг бутун даврасидан битта шу Стэнли қўл учида кун кўради.
БЛАНШ. Нега унга турмушга чиқдинг бўлмаса?
СТЕЛЛА. Унга ўзингиз бир қаранг.
БЛАНШ. Қарадим.
СТЕЛЛА. Унда сўрамасангиз ҳам бўлади.
БЛАНШ. Хафа бўлмагин-у, Стэнлининг манглайи шўрлиги шундоқ кўриниб турибди. (Блузкасини ечади ва портьердан тушиб турган ёруғга келиб туради, шойи сийнабанди қип-қизил, юбкаси оппоқ. Қартабозлар ўйинни давом эттиришади, уларнинг овозлари узоқдан келаётганга ўхшайди.)
СТЕЛЛА. Манглайга бало бормикан бу ерда, доно?
БЛАНШ. Нега бўлмасин? Қизиқ.
СТЕЛЛА. Ҳамма куч – шунда! Сиз айни ёруғда турибсиз, опажон.
БЛАНШ. Эҳ-ҳа… (Ёруғнинг сариқ қисмидан чиқиб келади).
СТЕЛЛА (кўйлагини ечади, енгил кўк атлас кимоносини кияди. Қизлардай шарақлаб кулади). Уларнинг хотинларини бир кўрсангиз эди қанақалигини!
БЛАНШ (кулиб). Биламан, биламан. Мана бундай семиз-семиз, қишлоқи хотинлар-да…
СТЕЛЛА. Ановини, тепадагини биласизми? (Тобора баландроқ кулади). Бир куни у… (Кулги) Бизникида сувоқ… (яна шарақлаган кулги) шифтдан палахса-палах кўчиб тушганди..
СТЭНЛИ. Ҳой товуқмижозлар, бас энди!
СТЕЛЛА. Сизларга эшитилаётгани йўқ-ку.
СТЭНЛИ. Аммо сизларга эшиттириб айтаман – сал секинроқ гапиринглар!
СТЕЛЛА. Мен уйимда ўтирибман, хоҳлаганча гаплашаман.
БЛАНШ. Стелла, арининг уясига тегма.
СТЕЛЛА. У ичиб олган… Мен ҳозир (Ваннахонага кетади.)
Бланш туради, аста, худди эрингандек ихчамгина оқ радиоприёмникка яқинлашади, уни қўяди.
СТЭНЛИ. Митч? Гапир сен…
МИТЧ. Нима? Э-ҳа. Ҳе йўқ, бас.
Бланш яна ёруғ жойга келади. Қўлларини кўтариб, боши орқасига олади, керишади, эриниб алпон-талпон ўзининг курсиси олдига келади. Приёмникдан румба янграйди. Митч ўрнидан туради.
СТЭНЛИ. Ким қўйди радиони?
БЛАНШ. Мен. Нимайди?
СТЭНЛИ. Ўчиринг.
СТИВ. Қўй, қизлар эшитишаверсин, бўлмаса зерикиб қолишади.
ПАБЛО. Сенга нима? Худо ҳаққи, яхши куй экан…
СТИВ. Зевьер Кончет бўлса керак. (Стэнли даст ўрнидан туради, приёмник олдига учиб боради, ўчиради. Курсида Бланш ўтирганини кўриб, таққа тўхтайди. Аёл унинг кўзига тик қарайди, киприк қоқмайди ва Стэнли яна қартага ўтиради. Ўйновчилар бу орада баҳслашиб қолишади.) Шунча тайинлаганингни ҳеч эслолмаяпман.
ПАБЛО. Мен нима дегандим, Митч?
МИТЧ. Эшитмадим.
ПАБЛО. Қаерда эдинг?
СТЭНЛИ. Портьерда эди кўзи (сапчиб туради-да, пардани жаҳл билан тортиб қўяди). Бошқатдан сузишга тўғри келади. Ўзи, умуман ўйнасак, ўйнайлик, ёки уй-уйимизга тарқалайлик. Бировнинг ютганини кўрсам чидолмайман. (Ўтиради. Митч туради. Қичқиради). Ўтир!
МИТЧ. Ҳожатхонага бораяпман. Тўнка билан ўйнанглар.
ПАБЛО. Еттита бешликни чўнтагига жойлади. Стив эртага тонгдан уни йигирма беш центликка майдалатади.
СТЭНЛИ. Уйда тангалар билан чўчқа болачаларини боқади, ҳаммаси думалоқ-думалоқ, ойижониси рождествога совға қилган, тўғри қилган. (Қартани сузади). Хоҳ ўйна, хоҳ ўйнама…
Митч маъюс жилмаяди ва портьер ортига ўтади. Тўхтайди.
БЛАНШ (паст овозда). Болалар бурчаги эса – банд.
МИТЧ. Биласизми, пиво…
БЛАНШ. Кўргани кўзим йўқ.
МИТЧ. Иссиқда – ягона халоскор.
БЛАНШ. Менга тўғри келмайди. Пиво ичсам, жиғилдоним қайнайди. Сигаретангиз борми? (Қора-кўкчил атлас халатини елкасига солади).
МИТЧ. Топамиз.
БЛАНШ. Нима экан сиздаги?
МИТЧ. “Лакки”.
БЛАНШ. Бўлади. Тамакидонингизга гап йўқ. Кумушми?
МИТЧ. Ҳа. ўқинг-чи, нима ёзилган экан.
БЛАНШ. Ў-ҳў, ёзуви ҳам бор! Тушунолмадим… (Гугурт чақиб, яқинроқ сурилади.)У-у. (Атайлаб тутилиб ўқийди).
Худо бераман деса
Мен кучлироқ севаман…
Ўлгандан кейин!
О, миссис Браунинг!.. Менинг севимли сонетимдан.
МИТЧ. Сиз буни биласизми?
БЛАНШ. Бўлмаса-чи!
МИТЧ. Ёзувда бутун бир тарих бор.
БЛАНШ. Худди романдагидек.
МИТЧ. Унча қувноқ эмас.
БЛАНШ. Шунақа денг…
МИТЧ. Ҳа, энди бу қиз ўлиб кетган.
БЛАНШ (хайрихоҳлик билан). Ў-ўҳ!
МИТЧ. Ҳадя қилаётганда у тирик қолмаслигини аллақачон билган. Жуда ғалати қиз эди, ғоят мулойим, жуда ҳам мулойим!
БЛАНШ. Сизни севган бўлса керак-да. Беморлар шунақа кўнгилчан ва самимий бўладилар.
МИТЧ. Ҳа, шунақа. Жуда ҳам.
БЛАНШ. Назаримда, азоб чекканда одамлар самимий бўлади.
МИТЧ. Шунақа, одамларнинг самимийлиги ғам-қайғудан.
БЛАНШ. Ҳа, самимийлик энди фақат жабрдийдаларда қолган.
МИТЧ. Ҳа, нимасини айтасиз.
БЛАНШ. Худди шундай. Умрида ғам чекмаган одам бўлса, кўрсатинг менга, у… Қулоқ солинг! Негадир тилим тутилиб қолаяпти. Ҳаммаси сиз туфайли, эркаклар. Томоша ўн бирда тугаган, уйга кетиш ҳеч кимнинг эсида йўқ – ўйин!.. Бугун ичиш хонаси келгани шундан. Менинг бир қадаҳгина ичадиган одатим бор, жуда бўлмаганда икки қадаҳ, учтаси эса!… (Кулади). Бугун уч қадаҳ.
СТЭНЛИ. Митч!
МИТЧ. Менсиз ўйнайверинглар. Мен мисс…
БЛАНШ. Дюбуа.
МИТЧ. Дюбуа?
БЛАНШ. Французча исми шариф. Яъни, “Ўрмондан келган қиз”, Бланш эса “оппоқ”, оппоқ дарахтлар. Гулга кирган баҳорги боғ. Шундан менинг исми шарифимни эслаб қоласиз.
МИТЧ. Сиз французмисиз?
БЛАНШ. Келиб чиқишимиз Франция. Америкага кўчиб келган дастлабки Дюбуалар французлар, гугенотлар бўлган.
МИТЧ. Сизлар Стелла билан опа-сингиллармисиз?
БЛАНШ. Ҳа, Стелла менинг эркатойим, жажжи сингилжоним. Мен кичкина деяпман, аслида мен ундан озгина каттароқман. Бир йил ҳам эмас… Битта илтимосим бор эди, бажарасизми?
МИТЧ. Албатта. Қанақа илтимос экан?
БЛАНШ. Мен Бурбон кўчасидаги хитой дўконидан қоғоз фонус сотиб олган эдим. Жуда ранг-баранг. Шунга лампочка ўрнатиб берсангиз. Малол келмайдими?
МИТЧ. Жону дилим билан.
БЛАНШ. Яланғоч лампочкаларга тоқатим йўқ. Қадимги жинчироқдан фарқи йўқ.
МИТЧ (фонусни қўндираркан). Биз сизга номуносиб улфатлар эканимиздан хавотирдаман – қўпол одамлармиз.
БЛАНШ. Мен киришимли аёлман.
МИТЧ. Ажойиб фазилат. Меҳмонга келдингизми?
БЛАНШ. Стелланинг мазаси йўқ, шунга бирмунча муддатга келган эдим, ёрдам бергани. У озиб, чўп бўлиб қолган.
МИТЧ. Сиз анови…
БЛАНШ. Эрим борми? Йўқ, йўқ, йўқ. Қариқизман – муаллима.
МИТЧ. Ие, мактабда, албатта, дарс бера оласиз, аммо қанақасига қариқиз бўласиз?
БЛАНШ. Ташаккур, сизга, сэр. Мана буни одоб деса бўлади!
МИТЧ. Муаллимаман денг?
БЛАНШ. Ҳа. Афсуски, ҳа…
МИТЧ. Бошланғичми ёки ўрта таълимми, ёхуд…
СТЭНЛИ (оғзини тўлдириб). Митч!
МИТЧ. Кетяпман!
БЛАНШ. Эй, Худо, қанақаси бўларди!.. Ўрта мактабда. Лорелда.
МИТЧ. Нимани ўқитасиз! Нимадан дарс берасиз?
БЛАНШ. Сиз нимадан дердингиз?
МИТЧ. Гаров ўйнайман, расм ёки мусиқа. (Бланш кулади.) Ҳа-а, тополмадим, шекилли. Унда, эҳтимол, арифметикадан…
БЛАНШ. Зинҳор-базинҳор, сэр. Арифметикадан! (Кулиб) Анави кўпайтирув жадвали бор-ку, ўшани ҳам ёлчитиб ёдлаган эмасман. Йўқ, мен шўрлик келиб-келиб инглиз тилидан дарс бераман. Болдирли қизалоқлар ва алкоголсиз, лимонадсиз Ромеоларга Готорн, Уйтмен ва По олдида ҳузурланиш йўлларини ўргатаман.
МИТЧ. Уларнинг эса мияси бутунлай бошқа нарса билан банд.
БЛАНШ. Бўлмаса-чи! Уларнинг кўпчилиги зўр яшаб ўтишлари ва мумтоз меросли бўлишлари мумкин эди. Лекин барибир ҳам – жононлар. Баҳорда эса уларнинг илк ишқий кечинмаларига ҳаяжонсиз қарамай бўлмасди. Гўё ҳаммаси улардан бошланади, гўё илгари ҳеч ким ҳеч нарса билмагандек… (Ваннахона эшиги очилади, Стелла чиқади.) Дарров бўла қолдингми? Шошма, мен радиони қўйиб қўяй.
(Қўйгични бурайди. Радиоприёмникдан қўшиқ таралади: “О Вена, Вена, фақат сен…” Бланш вальс рақсига тушади, у бу рақсни ишқий руҳда ўйнайди. Митчни бутунлай ҳаяжон чулғаган ва Бланшга тақлид қилиб, худди айиқполвондек қўпол ҳаракатлар қилади. Стэнли шиддат билан портьер орқали хобгоҳга отилади. Приёмникка ташланади, уни столдан юлқиб олади, бўкириб сўкинганча деразадан улоқтиради.)
СТЕЛЛА. Маст бўлиб қолибсан! Хурмачангга сиғса ич, ҳайвон! (Ўчоқбошига югуриб киради.) Қани, ҳамманг уй-уйингга жўна. Агар зиғирча виждонингиз бўлганда эди, сизлар…
БЛАНШ (даҳшат ичида). Стелла, эҳтиёт бўл, у…
Стэнли Стеллага ташланади.
ЭРКАКЛАР (нима қилишни билмай). Ҳай, ҳай, Стэнли. Оғирроқ бўл-да, оғайни. Кел, бизлар…
СТЕЛЛА. Ҳали менга қўл кўтардингми, менга-я… (Тисарила-тисарила кўздан ғойиб бўлади.)
Унинг ортидан кетган Стэнли ҳам ғойиб бўлади. Зарба овози. Стелланинг қичқириғи. Бланш босиқ чинқиради, ўчоқбошига отилади. Эркаклар ёрдамга ошиқадилар, олишув овозлари, сўкинишлар. Нимадир полга гумбурлаб қулаб тушади.
БЛАНШ (кучаниб). Ахир у ҳомиладор-ку!
МИТЧ. Шармандалик.
БЛАНШ. Иблис, ёмон қутурди!
МИТЧ. Олиб келинглар уни, йигитлар…
Икки эркак Стэнлининг қўлларини қайиради ва хобгоҳга судрайди. У силтаб ташлайди ва уларни улоқтириб юборай дейди. Бироқ, тўсатдан жим бўлиб, шерикларининг қўлида шалпайиб қолади. Улар яхши гапириб юпатишади ва у дўстларидан бирининг елкасига юзини босади.
СТЕЛЛА (саҳна ортида, овозда). Бу ерда қолишни истамайман! Кетаман!
МИТЧ. Хотин бор уйда қарта ўйналмайди.
БЛАНШ (хобгоҳга югуриб киради). Стелланинг кўйлаги! Биз юқорига, ановиникига борамиз.
МИТЧ. Кўйлак қани?
БЛАНШ (шкафни очади). Мана. (Синглисининг олдига югуради.) Стелла, жонгинам. Сингилжон, азизим, қўрқма. (Стеллани қучоқлаб, уни эшик ортига, ундан зина бўйлаб юқорига бошлаб кетади.)
СТЭНЛИ (ҳеч нарсани тушунмай). Нима гап? Нима бўлди бу ерда?
МИТЧ. Ҳаммани дунёга келганига пушаймон қилдирдинг, Стэн?
ПАБЛО. Ҳа, энди йигитчилик-да.
СТИВ. Бизнинг йигитчани йигитчилиги тугамади-тугамади-да.
МИТЧ. Унинг каровати бошига ҳўл сочиқ тўшаб қўйинглар.
ПАБЛО. Қаҳва бериш керак – бирпасда кўрмагандай бўлиб кетади.
СТЭНЛИ (хириллаб). Сув…
МИТЧ. Уни жўмрак тагига ётқизинглар.
Паст овозда юпата-юпата эркаклар Стэнлини ваннахонага олиб киришади.
СТЭНЛИ. Қўйвор! Йўқол ҳамманг, итдан тарқалганлар!
Ваннахонадан зарба овозлари, сувнинг жўмракдан кучли босимда отилиб чиққани эшитилади.
СТИВ. Қани, тезроқ гумдон бўлайлик!
Ҳамма қарта столига интилади, йўл-йўлакай ҳар ким ўзининг ютиб олганини чўнтагига уради.
МИТЧ (ғамгин, аммо қатъий). Йўқ, хотин киши бор уйда қарта ўйнаб бўлмайди.
Эшик ёпилади, уй ҳувиллаб қолади ва сукунат чўкади. Муюлишдаги барда куй чалаётган қора танли машшоқлар “Қоғоз қўғирчоқ”ни чала бошлайдилар, куй чўзиқ, ўкирикнамо чиқади.
СТЭНЛИ (ваннахонадан чиқиб келади – эгнида жиққа ҳўл, танасига ёпишган, донадор оқ плавкадан бошқа ҳеч нарса йўқ). Стелла (Пауза). Жўнаворибди-ку жонончамиз, ташлаб кетди! (Хўнграб йиғлайди, вужуди силкинади, телефон олдига келади ва рақамларни тера бошлайди.) Юнис!… Дилбарим билан гаплашмагунимча қўймайман! (Гўшакдан ҳеч нарсани англаб бўлмайдиган чийиллаган овоз келади. У аппаратни шарақлатиб ерга уради. Пианино ва мис чолғу асбоблари садоси остида хона қоронғуликка кўмилади, тунги кўча ёруғида уйларнинг кўланкалари кўзга ташланади. Бироз жимликдан кейин блюз янграйди. Деярли яланғоч ҳолда, туртина-суртина Стэнли равоққа чиқади, ёғоч зинадан битта-битта босиб, уй олдидаги тош йўлга чиқади. Кўппакка ўхшаб бошини орқага ташлайди-да, увуллай бошлайди.) Стелла! Стелла! Соҳибжамолим менинг Стеллам! Стелла-а-а-а!
ЮНИС (тепада ўзининг хонадони эшиги олдида пайдо бўлади). Увуллашни бас қилингда, жойингизга бориб ётинг!
СТЭНЛИ. Айтинг, жажжигинам пастга тушсин. Стелла! Стелла!
ЮНИС. Келмайди, хомтама бўлмай қўя қолинг. Бўлмаса, полиция чақиришга мажбур бўламиз!
СТЭНЛИ. Стелла!
ЮНИС. Аввал уриб, энди “қайт”ми? Бояқиш фарзанд кўраман деб умидда! Оббо пасткаш-ей! Ҳайвондан тарқалган эмасмисан?! Худди ўтган сафаргидай ёқангдан бўғиб, отилиб турган муздай сув остига ётқизиш керак эди сени.
СТЭНЛИ (итоаткорона). Юнис, хотинчамни қайтариб беринглар, кетиб қолмасин!
ЮНИС. Туф-ей! (Эшикни тарақлатиб ёпади.)
СТЭНЛИ (аламига чидолмай қичқиради). Стелл-а-а-а-а-а!
Кларнет паст овозда инграниб бир куйни такрорлайди.Тепадаги эшик яна очилади. Стелла шалоқ зинадан тушиб келади. Кўзлари ҳали ҳам жиққа ёш, сочлари елкасида тўзғиб ётибди. Эр-хотин бир-бирига қараб қолади. Жониворларга хос тарзда “оҳ” тортиб, иккаласи бир жисмга айланади. Эр ўзини унинг пойига ташлайди, хотинининг дўмпая бошлаган қорнига ёпишади. Стелла эрининг бошидан тутиб, ўрнидан турғазар экан, кўзларига ёш қалқиб чиқади. Стэнли эшикни ланг очади, Стеллани қўлида кўтариб, қоронғи хонага олиб кириб кетади.
БЛАНШ (халатда, юқориги қават майдончасида пайдо бўлади, қўрқа-писа зинадан тушиб кела бошлайди). Қани менинг сингилжоним? Стелла… Стелла!
(Синглиси хонасига кираверишдаги қоронғи бўсағада тўхтаб қолади. Кейин саросимадан ҳушини йўқотгудек бўлиб пастга ўқдай учиб тушади. Уй олдидаги йўлкага чопиб келади, ўзига паноҳ қидиргандек у ёқ-бу ёққа кўз солади Мусиқа тинади.)
МИТЧ (муюлишдан чиқиб келади). Дюбуамисиз?
БЛАНШ. Ҳа…
МИТЧ. Хўш, “Боғдодда ҳаммаёқ тинч”ми?
БЛАНШ. У эрининг олдига қочиб кетди…. Улар у ерда… бирга!
МИТЧ. Албатта, қочиб кетади-да, нима бўпти!
БЛАНШ. Мен қўрқиб кетаяпман.
МИТЧ. Воҳ-воҳ! Нимадан қўрқасиз? Уларни кундуз чироқ ёқиб тополмайсиз.
БЛАНШ. Мен бунақа нарсаларни кўтаролмайман…
МИТЧ. Ҳа, ғирт шармандалик, сизнинг борингизда бунақа қилиқлар қилмасликлари керак эди! Лекин кўнглингизга олманг.
БЛАНШ. Қандай ваҳшийлик! Бу…
МИТЧ. Келинг, зинада ўтиринг, биттадан сигарета чекамиз.
БЛАНШ. Лекин кийимларим бир ҳол бўлиб ётибди, уяламан…
МИТЧ. Бизнинг бу ерларда бунга қарашмайди.
БЛАНШ. Жуда ажойиб тамакидон экан…
МИТЧ. Мен сизга ёзувини кўрсатдимми?
БЛАНШ. Ҳа. (Осмонга қарайди, бироз сукутдан сўнг) Бу ҳаётда нега ҳаммаси бунча телба-тескари бўлмаса… (У заиф йўталади.) Сизга раҳмат, яхши одам экансиз. Мен ҳозир… яхшиликка шунчалик муҳтожманки…
ТЎРТИНЧИ МАНЗАРА
Эрта тонг. Кўчадаги шовқин-суронда қандайдир черков қўшиғининг нафаси бор. Стелла хобгоҳда, ҳали турмаган, ўзини офтобга солиб ҳузур қилаяпти. Унинг чеҳраси очиқ, тиниқ. Бир қўлини думалоқ қорни устига ташлаган, иккинчи қўлида кулгили расмлари бор китобча очиқ ҳолда турибди. Кўз ва лаблари ҳаракатсиз, сўлғин бўлса-да, ниҳоятда гўзал, худди шарқ санамлари чеҳрасига ўхшаш. Стол усти – бамисоли оғил: нонушта қолдиқлари, ўтган тундан қолган аломатлар. Ванна бўсағасида Стэнлининг ола-була пижамаси ётибди. Қия очиқ эшикдан ёз осмони ёришиб кўринади. Бўсағада – Бланш. Уйқусиз тун бекорга ўтмаган, унинг кўриниши Стеллага сира ўхшамайди. Қоқ суяк бармоқларини асабий лабларига босади, ичкарига киришдан олдин у ёқ-бу ёққа аланглайди, мўралайди.
БЛАНШ. Стелла.
СТЕЛЛА (эринчоқлик билан бурилиб). Ҳа-а-а?
БЛАНШ (босиқ қичқиради. Хобгоҳга отилиб киради ва жазавага тушган ҳолда синглисининг каровати олдида тиз чўкади). Жажжигина синглим, жонгинам!
СТЕЛЛА (четланиб). Сизга нима бўлди, опа?
БЛАНШ (аста кўтарилади ва кароват ёнида туриб қолади, қоқ суяк бармоқларини лабларига босади ва синглисидан кўзини узмайди.) Кетдими?
СТЕЛЛА. Стэнлими?.. Ҳа.
БЛАНШ. Қайтармикан?
СТЕЛЛА. Устахонадан машина олса бўлгани унга. Ўзи нима гап?
БЛАНШ. Ўзи нима гап! Сенга бир нима бўлади деб қўрқдим, бошим ғовлаб кетди, шунча гап-сўзлардан кейин яна унинг олдига қайтиш қандай миянгга келди? Орқангдан югуриб чиқмоқчи эдим.
СТЕЛЛА. Яхшиям югуриб чиқмаганингиз.
БЛАНШ. Нима деб ўйлагандинг! (Стелла елка учириб қўяди.) Хўш, нима деб ўйлагандинг, а, айт-чи. Нима деб ўйлагандинг?
СТЕЛЛА. Бўлди-ей, опа. Ўтиринг-да, дийдиёнгизни бас қилинг.
БЛАНШ. Яхши, Стелла. Дийдиёсиз сўрайман. Сени не кўйларга солмади, сен яна унинг олдига қайтибсан?.. Худо билади, бирга ётгандирсан ҳам, албатта!
СТЕЛЛА (тўшакдан туради, хотиржам, эринчоқлик билан). Сизнинг ўзингизни тутолмаслигингиз эсимдан чиқибди, салга лов этиб кетасиз… лекин бунақа айюҳаннос солишга сабаб бормиди ўзи?
БЛАНШ. Сабаб йўқмиди?
СТЕЛЛА. Ҳа, сабаб йўқ эди, опа. Сизнинг аҳволингизни, ғазабланишингизни тушунаман, қаттиқ хафасиз бундай бўлганидан, лекин булар ҳаммаси сиз ўйлаганчалик даҳшатли эмас-ку. Биринчидан, эркаклар ичсалар ва қарта ўйнасалар, охири ҳар доим ҳам яхшилик билан тугамайди. Бу ҳар доим бир балони бошлаб келади. У ўзи нима қилганини билмасди-ку… Мен қайтиб келгач эса қўйдай ювош бўлиб қолди. Ҳозир ҳам уялганидан ерга киргудек бўлиб ўтирибди.
БЛАНШ. Бундан чиқди, ҳаммаси зўр экан-да!
СТЕЛЛА. Қаёқда зўр. Бунақа тўполонлардан кейин ҳеч нарса зўр бўлмайди, аммо буни ҳаёт дейдилар – нималар бўлмайди унда… Стэнли ҳар доим дунёни ағдар-тўнтар қилади. Ҳалиги… бизнинг биринчи никоҳ тунимизда… бу ерга келдик ҳамки, туфлисини олди-да, лампочкаларни синдира кетсами…
БЛАНШ. Нимм-а-а-а-а?
СТЕЛЛА. Туфлисининг пошнаси билан уйдаги барча лампочкаларни синдириб ташлади! (Кулади.)
БЛАНШ. Сен индамай қараб туравердингми? Ўша заҳоти қочиб кетмадингми, қичқирмадингми?
СТЕЛЛА. Менми… ҳалиги, нима дейди. Қайтанга қувнаб кетдик. (Бирпас сукутдан сўнг) Сизлар Юнис билан нонушта қилдиларингми?
БЛАНШ. Нонушта томоқдан ўтармиди?
СТЕЛЛА. Қаҳва плитада.
БЛАНШ Сен буларнинг барини гўё ҳеч нима бўлмаганга ўхшатаяпсанми?
СТЕЛЛА. Нега ўхшатмас эканман? Приёмник таъмирга берилди. У тош йўлга тушмабди, битта лампочкаси синибди, холос, бор-йўғи шу.
БЛАНШ. Тағин куласан-а!
СТЕЛЛА. Хўш, нима қил дейсиз менга?
БЛАНШ. Ҳақиқатнинг кўзига тик қарашга ўрган, дейман.
СТЕЛЛА. Нимада экан ўша ҳақиқатингиз?
БЛАНШ. Менинг ҳақиқатимми? Сен жиннига турмушга чиққансан!
СТЕЛЛА. Йўқ.
БЛАНШ. Ҳа! Сен гирдобга мендан чуқурроқ тушиб қолгансан. Фақат сен бундан кўз юмаяпсан. Мен эса қўл қовуштириб қараб туролмайман. Мен ҳали кучимни йиғаман-да, ҳаётимни янгитдан бошлайман.
СТЕЛЛА. Шундайми?
БЛАНШ. Сен эса тақдирга тан бериб қўйгансан. Минг қилса ҳам ёшсан-да. Ҳали ҳам тирмашиб чиқа оласан.
СТЕЛЛА (секин ва дона-дона қилиб). Кераги йўқ.
БЛАНШ (қулоқларига ишонмайди). Яъни, қандай қилиб, Стелла?
СТЕЛЛА. Айтаяпман: тирмашишимга ҳожат йўқ, менга шундоқ ҳам яхши. Мана бу отхонага бир қаранг. Бўш шишаларга қаранг. Улар кеча икки қути пивони паққос уришган! Бугун эрталаб у уйда ортиқ қарта ўйнамасликка ваъда берди, бироқ, бу қасами бир чақага қимматлигини ким билмайди. Начора, мен учун кино билан бриж қанчалик кўнгилли бўлса, бу ҳам унинг учун кўнгилочар бир нима экан-да. Шу боис, биз ҳаммамиз хайрихоҳликка муҳтож эканмиз.
БЛАНШ. Мен сени тушунмадим.(Стелла опасига ўгирилади.) Сенинг ғазабингни тушунмайман. Нега хитой фалсафасига сиғинасан?
СТЕЛЛА. Нима?
БЛАНШ. Сенинг мана бу гапларинг, мана бу алжирашларинг… “бор-йўғи битта лампа… пиво шишалари… отхона…” – гўёки ҳаммаси шундай бўлиши керакдай. (Стелла ночор кулади ва супургини олиб қўлида айлантиради.) Нима, атайлаб уни юзимга силкитаяпсанми?
СТЕЛЛА. Йўқ.
БЛАНШ. Бас қил. Супургини жойига қўй. Эрингнинг шалтоқларини тозалашингни истамайман!
СТЕЛЛА. Бўлмаса ким йиғиштиради? Сизми?
БЛАНШ. Мен? Мен-а?
СТЕЛЛА. Йўқ, албатта. Буни оғзимга ҳам олмайман.
БЛАНШ. Шошма, сал ақлимизни пешлаб олайлик… Агар Худо мени ақлдан қисмаган бўла… Биз икковимиз пул топиш йўлини ўйлашимиз керак, мана сенга тўғри йўл.
СТЕЛЛА. Нима ҳам дердим, пул, албатта, ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.
БЛАНШ. Менга қара. Менда бир фикр бор. (Қалтироқ қўли билан сигаретани мундштукка жойлайди.) Шеп Хантли эсингдами?
Стелла йўқ деган ишорани қилади.
БЛАНШ. Ие, нега эсингда бўлмасин! Шеп Хантли-чи! Мен у билан коллежда ўқиганман, биз ҳамма жойга бирга борардик… Уни менга хушомад қилади, деб ўйлашарди. Ҳа, энди шу-да…
СТЕЛЛА. Шунақами?
БЛАНШ. Қишда биз учрашиб қолдик, Рождество таътилларида мени Манталига боришимни биласан-а?
СТЕЛЛА. Йўқ, билмасдим.
БЛАНШ. Борардим. Сафарга кетадиган пулларни айлантиришга қарор қилдим, бу ишим кўп ўтмай ўзини қоплашига ишонардим – ахир бир кунмас-бир кун миллион долларли одам учраб қолар-ку дердим.
СТЕЛЛА. Учратдингми?
БЛАНШ. Ҳа. Шеп Хантли. Мен уни Бискай хиёбонида арафа куни, кечқурун кўриб қолдим… У усти очиладиган, узунлиги бир маҳалла келадиган “капалаг”ига ўтираётган эди…
СТЕЛЛА. Шаҳарда бунақа машинани буриб бўлмайди-ку.
БЛАНШ. Ҳеч нефть қудуқлари ҳақида эшитганмисан?
СТЕЛЛА. Ҳа… шунақа машина бор дейишарди.
БЛАНШ. Бутун Техасда унинг нефть қудуқлари бор экан. Техас бамисоли унинг чўнтагига олтин тўкар экан.
СТЕЛЛА. Буни қаранглар-а…
БЛАНШ. Пулга ҳушим йўқлигини биласан-ку. Унга шунчаки қизиқмайман, вассалом – менга бир доллари ҳам, минг доллари ҳам бир… Лекин унинг қўлидан келарди… Унга бундай нарсалар чўт эмас!..
СТЕЛЛА. Нима экан ўзи, опа?
БЛАНШ. Шу-да, биз икковимизга иш очиб берса… Кичикроқ дўкончами-ей.
СТЕЛЛА. Яна қанақа дўконча?
БЛАНШ. Қанақа? Барибир эмасми? Бу унга хотинининг от сайрига кетган чиқимининг ярмича ҳам келмайди.
СТЕЛЛА. Унинг хотини борми?
БЛАНШ. Жонгинам, агар бу йигит бўйдоқ бўлганида мен бу ерларга келиб қолармидим? (Стелла кулади. Шартта туриб, телефонга югуради. Гўшакка, жиддий.) Телефончи хоним! Телеграфни беринг.
СТЕЛЛА. Бу ерда автоматик линия, жоним.
БЛАНШ. Қанақа теришни билмайман, мен..
СТЕЛЛА. … “Н”ни теринг.
БЛАНШ. “Н”?
СТЕЛЛА. Ҳа, навбатчи.
БЛАНШ (бирпас ўйланиб, гўшакни қўяди). Қалам бер. Қани қоғоз? Яхшиси аввал ёзиш керак… хат юборамиз. (Пардоз столига боради, салфеткалар орасидан бир варақни йиртиб олади, қошқаламни ҳам – шу билан қуроллари бут бўлади). Хўш, шошма, фикримни бир… “Азиз Шеп. Синглим икковимиз ёмон аҳволга тушиб қолдик. Тафсилотларини кейин айтиб берамиз. Сиз нима дейсиз, агар..” (Қаламни столга итқитади, ўрнидан туради). Йўқ, шунчаки жўн илтимос қилган билан ҳеч нарса чиқмайди.
СТЕЛЛА (кулиб). Жудаям кулгилисан-да.
БЛАНШ. Йўқ, яна бир гап топаман, нима қилиб бўлса ҳам бир нарса ўйлаб топиш керак. Фақат кулмагин сен, Стелла. Илтимос, ўтинаман сендан… Ўзинг бир қара-я, ҳамёнимда нимам бор! Шунчагина! (Ҳамёнини катта очади.) Олтмиш беш цент муллажиринг!
СТЕЛЛА (Стол олдига боради). Стэнли рўзғор пулини менга бермайди, ўзи ҳисоб-китоб қилишни яхши кўради, лекин бугун ўн доллар берди, ечилиб кетдилар. Бошини олинг, қолгани меники.
БЛАНШ. Йўқ, йўқ, Стелла. Керак эмас.
СТЕЛЛА (мажбурлаб). Пулни белнинг қуввати дейдилар, опажон, чўнтагингда пул бўлса, бемалол юрасан-да.
БЛАНШ. Йўқ, йўқ, раҳмат, аммо мен – сирасини айтсам, фоҳишалик қиламан.
СТЕЛЛА. Нимлар деяпсиз! Не бало уриб бундай тубанликка тушиб қолдингиз?
БЛАНШ. Ҳеч қўлимда пул турмайди… Ҳали унга пул, ҳали бунга пул. (Пешонасини артиб). Бугуноқ бромда ювинишни бошлашим керак бўлади…
СТЕЛЛА. Ҳозир тайёрлаб бераман.
БЛАНШ. Кейинроқ. Ҳозир мен ўйлаб олишим керак.
СТЕЛЛА. Гапимга қулоқ солинг ва ҳар ишни ўз мавридига қараб қилишга одатланинг… Озгина муддатга бўлса ҳам.
БЛАНШ. Ахир, Стелла, мен анови билан битта уйда туролмайман-ку. Сен тура оласан – чунки эринг, мен-чи… Мана бу ўтган тундаги каби, хўш, бизни мана бу парда ҳимоя қиладими!
СТЕЛЛА. Опажон, у кечаги ишни билиб-билмай бир қилди-қилди-да.
БЛАНШ. Аксинча. Жуда чуқур ўйлаб қилди!!! Бундайларнинг одамларга қўпол кучини кўрсатишдан бошқа матоҳи йўқ ва у буни аъло даражада намойиш қилиб, ҳаммани лол қолдирди! Бироқ бундай одам билан муроса қилиб кетиш учун у билан ётиш керак – вассалом! Бу эса – сенинг муаммонг, менинг эмас.
СТЕЛЛА. Ҳечқиси йўқ, дамингизни олинг, ўзингиз кўрасиз, ҳаммаси изига тушиб кетади. Токи шу ерда экансиз, ҳеч нимадан ғам еманг, ўзингиз хон, кўланкангиз майдон, шундоқ.
БЛАНШ. Йўқ, иккимиз бир амаллаб қутулиб чиқиш йўлини топмасак бўлмайди.
СТЕЛЛА. Мени ишлари чатоқ, бу балодан қутулиб чиқмаса бўлмайди, деб ўйлайсизми?
БЛАНШ. Бу уй, бу қартабозлар жонингга тегмаслиги учун сен “Орзу”ни у қадар унутмаганингга иймоним комил…
СТЕЛЛА. Иймонингиз кўп нарсаларга ҳаддан ташқари комил бўлиб кетмаганмикан?
БЛАНШ. Шу гапни жиддий айтаяпсанми? Йўқ, жиддийлигига ишонмайман.
СТЕЛЛА. Шунақами ҳали?
БЛАНШ. Нима бўлганини қисман тушунаман. У ҳарбий либосда бўлган, зобит бўлган ва сизлар учрашган жой бу ер эмас, балки…
СТЕЛЛА. Уни қаерда кўрганимнинг нима фарқи бор – бу нимани ўзгартирарди?
БЛАНШ. Фақат қўққисдан одамлар орасидан югуриб ўтувчи англаб бўлмас сеҳрли қувватлар ҳақидаги қўшиғингни куйлама… Йўқса, шундоқ юз-кўзингга қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбораман.
СТЕЛЛА. Мен эса бу тўғрида бошқа чурқ этишни истамайман.
БЛАНШ. Демак, келишдик, бошқа чурқ этиш йўқ.
СТЕЛЛА. Аммо эркак билан аёлнинг ўз сирлари, иккаласининг қоронғидаги сирлари бўлади, шундан бошқа ҳаммаси улар учун аҳамиятсиз ҳисобланади.
Жимлик.
БЛАНШ. Буни қўпол шаҳват дейдилар… Ҳа, ҳа, шунақа: “Хоҳиш”! – маҳаллаларингдаги битта тангу тор кўчангизда у ёқдан-бу ёққа шарақа-шуруқ, тарақа-туруқ қилиб ўтиб турувчи трамвайнинг номи…
СТЕЛЛА. Худди бу трамвайда сиз умрингизда бир марта ҳам юриб кўрмагандай гапирасиз-а!
БЛАНШ. Ўша мени бу ерга олиб келди… Мен бир чақирилмаган меҳмон, келган жойим – шармандалик.
СТЕЛЛА. Унда ўзингизни катта олиб гапиришларингизни тўғри иш қилаяпман деб ўйлаяпсизми?
БЛАНШ. Йўқ, Стелла, мен бировларни ёмонламайман, ўзимни бошқалардан ортиқ ҳам кўрмайман. Гапимга ишонавер. Лекин бир нарсага жуда ҳайронман: ҳа, бунақалар билан бир кун, икки кун, уч кун… муроса қилиб яшаш мумкиндир. Аммо у билан умргузаронлик қилиш! Ундан бола кўриш!..
СТЕЛЛА. Мен сизга айтдим-ку, севаман уни деб.
БЛАНШ. Унда менинг куйиб-пишганларим беҳуда экан. Мен сенга ачиниб кетаяпман.
СТЕЛЛА. Начора, ачинаверинг, ачиниб ўзингизни еганингиз қолади.
Жимлик.
БЛАНШ. Сен билан… юракдан гаплашиб бўладими ўзи?
СТЕЛЛА. Гаплашаверинг, марҳамат, ким сизга халақит бераяпти? Уялманг.
Яқинлашиб келаётган поезд гумбур-гумбури. Шовқин тинишини кутиб, опа-сингил жим бўлиб қолади. Улар хобгоҳдан чиқишганича йўқ. Поезд шовқини остида кўчадан Стэнлининг келгани ҳам эшитилмайди. Унинг қўлида бир нечта қоғоз халта. Аёлларга билдирмасдан уларнинг суҳбатига қулоқ тутади. Эгнида ички кўйлак ва машина мойидан ифлосланган шим.
БЛАНШ. Шунақа, хафа бўлмагин-у, унинг оғзи шалоқ!
СТЕЛЛА. Нима бўпти – бўлса бўлар.
БЛАНШ. Бўлса бўлар! Сенга нималар ўргатишгани, қандай тарбиялашгани наҳотки эсингдан чиққан бўлса? Ёки унда тариқча ҳам одамгарчилик йўқлигини кўрмаяпсанми? Бир тўпори одам бўлиб қўя қолса гўргайди! Содда-баёв бўлса ҳам инсофликкина дердинг – қаёқда! Унда шунақа бир ярамас нарса бор – худди ҳайвонларга ўхшаган… Бу гапларимдан мени ёмон кўриб кетаётгандирсан?
СТЕЛЛА (совуқ оҳангда). Бемалол, хижолат бўлманг – охиригача айтаверинг.
БЛАНШ. Ўзи молга ўхшаган, феъли – ваҳшиёна. Ейиши, юриш-туриши, гап-сўзлари – бари молга ўхшаган! Унда ҳатто ноинсоний шундай яна бир нарса борки, ҳозирги замон одамига қилча яқин келмайди. Ҳа, одам – маймун, антропология дарсларида сувратини кўрардик, ўшанақа. Минг-минглаб йиллар ўтиб, битта мана шу Стэнли Ковальский етиб келган – тош асридан жонли намуна! Жунглида ғажиган ўлаксасидан ортган ҳаром гўштни уйга олиб келади. Сен бўлсанг, ўтирибсан, унинг калтаги бошингга келиб тушишини пойлаб… Бирдан келади-да, чўлп-чўлп ўпа бошлайди. Башартики, ўша пайтда ўпичлар урф бўлган бўлса. Тун чўкади, маймунлар тўпланади. Мана бу ғор олдида … барчалари ановига ўхшаб хурқ-хурқ қилади, ютоқиб сув ичади, суяк ғажийди, азбаройи қўполлигидан эҳтиёт бўлмасанг, устингдан босиб ўтади. “Кечқурунги қартабозлик…” Маймунлар ўйинини шунақа дейсан. Бири чинқиради, иккинчиси қўлига тушганини ғириллатади – қарабсизки, қиёмат-қойим. Ё тавба! Худо бандаларини ўзига ўхшатиб гўзал яратган деган гаплар қаерда қолди? Стелла, сингилжоним!.. Ўшандан буён барибир яхшилик томон сал ўзгариш бўлгандир! Санъат, шеърият, мусиқа сингари мўъжизалар билан ёруғ оламга бирон-бир янги нур келгандир, ахир кимдадир олийроқ туйғу пайдо бўлгандир! Бизнинг бурчимиз – уларни парваришлаш. Уларни бой бермаслигимиз, нима билан тугамасин, қаёққа олиб бормасин, биз ўзимизнинг зулматни ёриб борган йўлимизда байроқдай кўтариб олмоғимиз керак… Бу йиртқичга кўнгил қўйма, йиртқичга қўшилиб йиртқичга айланма!
Яна битта поезд ўтади. Стэнли нима қилишини билмай, лабларини ялайди. Кейин бурилади-да, шовқинсиз чиқиб кетади. Аёллар уни сезишмайди. Поезд шовқини тингач, узоқдан, эшик ортидан қичқиради: “Ҳой Стелла! Стелла”.
СТЕЛЛА (икки қулоғи Бланшда). Стэнли!
БЛАНШ. Стелла, мен…
Бироқ Стелла эшикка бориб қолганди.
СТЭНЛИ (ҳеч нима бўлмагандек, харидларини кўтариб кириб келади.) Салом, Стелла, Бланш қайтиб келдими?
СТЕЛЛА. Уйда, уйда.
СТЭНЛИ. Салом, Бланш. (Унга мийиғида кулиб қўяди.)
СТЕЛЛА. Бу қанақаси, машина остига кириб чиқдингми?
СТЭНЛИ. Ҳа, анави ишбилармонлар, Фризнинг усталари бор-ку, балони ҳам билишмайди, олди нима, орти нима – уларга барибир… Ҳой!
Стелла иккала қўли билан уни маҳкам қучоқлайди, уялмасдан Бланшнинг юз-кўзича эрига ёпишади. Эр кулади, Стеллани ўзига тортади. Хобгоҳда, портьер олдида турган Бланш унинг боши оша хиринглайди. Саҳна қоронғилашади, фақат бир-бирини маҳкам қучоқлаган икки одам қиёфаси чарақлаб кўринади.
Пианино, труба, зарбли чолғулар садоси янграйди.
БЕШИНЧИ МАНЗАРА
Хобгоҳда хурмо япроғи билан елпиниб ва ҳозиргина ёзган хатини қайта ўқиб, Бланш ўтирибди. Стелла кийиниб бўлади. Бланш хандон отиб кулади.
СТЕЛЛА. Нимага кулаяпсиз, опажон?
БЛАНШ. Ўзимдан, ўзимнинг устимдан кулаяпман – ёлғонни ҳам қотираман-да! Шепга хат. (Хатни олади.) “Азизим Шеп. Мен ёзни парвоз қилиб ўтказаяпман, фақат аҳён-аҳёнда гоҳ уникида, гоҳ буникида қўнаман, холос – бир нафаслик меҳмон! Ким билсин, бирдан миямга Далласга шўнғиш хаёли келиб қолар, бунга сиз нима дейсиз?” Ваҳ-ҳа-ҳа! (Қўнғироқдай жарангдор ва фусункор кулишини босиш учун қўлини томоғига олиб боради ва Шеп билан гаплашаётгандай) “Айтишади-ку, қўрқитгин-да, қўлига қурол бер деб”… Қалай, яхши чиқибдими?
СТЕЛЛА. Чиққанда қандоқ…
БЛАНШ (давом этади, асабийлашади). Синглимнинг деярли барча дўстлар ёзда шимолга кетишади, бир хилларининг Қўлтиқ қирғоғида вакиллари бор, ҳозир бу ерда тутун буруқсийди – чойлар, коктейллар, ленчлар…”
(Тепада дупур-дупур, қий-чув бошланади.)
СТЕЛЛА (эшикка яқин келиб). Афтидан Юнис Стив билан орани очиқ қиляпти.
Юниснинг ғазабли чийиллаши эшитилади.
ЮНИСНИНГ ОВОЗИ. Анови малласоч билан ораларингдаги гапларни эшитдим!
СТИВНИНГ ОВОЗИ. Ғирт ёлғон!
ЮНИСНИНГ ОВОЗИ. Кимни алдамоқчисан? Тупурдим сенга, йўқол ўша “Тўртта иккилик”ингга, ўша ерда билган номаъқулчилингни қил, аммо сен қачон қарамай, манжалақиларга илакишасан.
СТИВНИНГ ОВОЗИ. Ким кўрибди?
ЮНИСНИНГ ОВОЗИ. Мен! Ўзим кўрдим.. Унинг орқасидан айвонда югуриб кетаётганингни кўрдим… Мен полиция чақираман.
СТИВНИНГ ОВОЗИ. Ундан каттасини чақир!..
ЮНИСНИНГ ОВОЗИ. Чақирмасам, отимни бошқа қўяман. Мана, кўрасан!
Қандайдир алюмин идишнинг деворга урилгани, жавобига эркакнинг бўкиргани, мебелнинг ағдарилгани, ниманингдир синган овози келади ва сукунат чўкади.
БЛАНШ (қувноқ). Хотинини ўлдирдими?
Зинада сочлари тўзғиган, эгни-боши бир ҳол Юнис пайдо бўлади.
СТЕЛЛА. Қаёқда, ана у.
ЮНИС. Полиция! Кетдик полицияга! (Шамолдай елиб, уй муюлишида ғойиб бўлади.)
СТЕЛЛА (эшик олдидан қайтиб келиб). Синглингизнинг дугоналаридан баъзилари ёзни шаҳарда ўтказаяпти.
Иккаласи шодон кулади. Муюлишда яшил-қизил кегли ўйинининг шойи либосида Стэнли кўринади. Зинадан югуриб чиқади ва кириб келади. У пайдо бўлиши билан Бланш асабий титрайди.
СТЭНЛИ. Юнисга нима бўлди?
СТЕЛЛА. Стив билан чиқишолмай қолди. Полиция чақираяптими?
СТЭНЛИ. Йўқ, барда ичиб ўтирибди.
СТЕЛЛА. Тўғри қилади.
СТИВ (зинадан тушади, манглайидаги ғуррани силаб қўяди, эшикдан мўралайди). Анови сизларникидами?
СТЭНЛИ. Йўқ, йўқ. “Тўртта иккилик”да.
СТИВ. Оббо манжалақи-ей! (Ҳадик билан муюлишга қараб қўяди ва билганингни қил, сендан қўрқадиган аҳмоқ йўқ дегандай хотини орқасидан чопади.)
БЛАНШ. Йўқ, буни ёзиш керак! Ваҳ-ҳа-ҳа! Мен дафтар тутаяпман, сизларникида айтиладиган энг ширали сўзларни махсус тўплаяпман.
СТЭНЛИ. Бундан биронта янги нарса топишингизга кўзим етмайди.
БЛАНШ. Кафолат бера оласизми?
СТЭНЛИ. Беш юз фоизга.
БЛАНШ. О, бу жиддий гап. (Стэнли кийим жавони ғаладонини шарақлатиб тортади ва қайта шарақлатиб суриб қўяди, ботинкаларини бурчакка итқитади. Ҳар бир товушдан сесканиб-сесканиб тушади. Охири чидолмайди). Мучалингиз қанақа?
СТЭНЛИ. (кийинаётиб). Буржлардами?
БЛАНШ. Ҳа-да. Ўлай агар, қўй йилида туғилгансиз. Қўй мучаллилар кучли ва шиддаткор бўлишади. Уларга ем берманг, тўполон қилгани қўйиб беринг. Йўлида учраган нарсанинг абжағини чиқаришни яхши кўришади. Армияда, тўғри, хоҳлаганча тўқликка-шўхлик қилгансизлар, захирага ўтгач, энди жонсиз буюмлардан аламингизни оласиз!
СТЕЛЛА (мана шу барча томошалар асносида кийим шкафига шўнғиб, бошини кўтаради). Стэнли рожденстводан роса беш дақиқа кейин туғилган.
БЛАНШ. Carpi corn – Така шоҳи!
СТЭНЛИ. Ўзингиз-чи?
БЛАНШ. Менинг туғилган куним бир ой кейин экан, ўн бешинчи сентябрь – демак, Virgo бўлиши керак.
СТЭНЛИ. Virgo деганингиз нима?
БЛАНШ. Бокира қиз.
СТЭНЛИ (нафратомуз). Ҳ-ҳа! (Галстугини тақар экан, унга тирғалади.) Айтинг-чи, Шоу исми шарифли биронта одамни танимайсизми?
БЛАНШ (унинг юзи уча бошлайди. Атирга қўл чўзади, шошмасдан рўмолчасини ҳўллайди. Сергакланади.) Ҳа энди… Шоу исми шарифли эркаклардан кўпи бор эканми?
СТЭНЛИ. Ҳа, аммо мана шу Шоу исми шарифли кимдир Лорелда сизни билишидан мақтаниб юрарди… Дарвоқе, у ниманидир чалкаштирган ва сизни бошқа аёл деб ўйлаган, чунки ўша хонимча билан у “Фламинго”да танишган экан.
БЛАНШ (кулади, аммо унга ҳаво етишмайди. Чаккаларига рўмолча босади.) У мени “ўша хонимча” билан ростдан чалкаштирмасайди деб қўрқаман – “Фламинго” отели мен кўринадиган жойлардан эмас-да!
СТЭНЛИ. Аммо у жойни сиз жуда яхши биласиз…
БЛАНШ. Ҳа, ташқи томондан, ҳидидан.
СТЭНЛИ. Яқин жой бўлса керак-да, ўтган-кетганингизда ҳиди димоғингизга уради.
БЛАНШ. Арзон атирни узоқдан сезгандим.
СТЭНЛИ. Сиздаги-чи. Қимматми?
БЛАНШ. Унцияси йигирма беш доллар. Қўлма-қўл бўлиб кетган. Бировга туғилган кунига деб совға қилмоқчи бўлсангиз, айни муддао. (Қувноқ гапиради, аммо овозида ҳадик сезилади.)
СТЭНЛИ. Ҳа, Шоу чалкаштирган бўлса керак. Лекин у Лорелда ҳар доим бўлади, шунинг учун текшириш ва хатони тўғрилаш оппа-осон (Бурилади-да, портьер олдига боради).
Худди ҳушдан кетаёзгандек Бланшнинг мадори қуриб, кўзларини юмади. Рўмолчани яна манглайига босади, қўллари қалтирайди. Уй муюлишида Стив ва Юнис пайдо бўлади. Стив уни елкасидан қучади, хотини пиқ-пиқ қилади, Стив қандайдир ишқий қўшиқни ғўнғиллаб хиргойи қилади. Маҳкам қучоқлашиб, зинадан кўтарилишади. Олисдан момақалдироқнинг биринчи гумбури эшитилади.Стеллага) “Тўртта иккилик”да кутаман.
СТЕЛЛА. Ия! Ўпишга арзимай қолдимми?
СТЭНЛИ. Опангнинг олдида уят бўлади! (Кетади.)
БЛАНШ (курсидан туради, оёқда базўр туради. Атрофга олазарак қарайди). Стелла, мен ҳақимда нималарни эшитдинг?
СТЕЛЛА. А?
БЛАНШ. Менинг устимдан қанақа ғийбатлар қилишди?
СТЕЛЛА. Ғийбат қилишди?
БЛАНШ. Мен ҳақимда ҳеч нарса эшитмадинг… ҳеч қанақа ғийбат-пийбат бўлгани йўқ, шундайми?
СТЕЛЛА. Ҳе йўқ, опажон, нега ундай дейсиз?
БЛАНШ. Азизам, Лорелда ҳар хил гап-сўзлар юрганмиш.
СТЕЛЛА. Сиз тўғрингиздами, опа?
БЛАНШ. Менга шу икки йил давомида мени дориломон яшади, деб бўлмасди… “Орзу” қўлдан чиққан пайтдан буён.
СТЕЛЛА. Э, кимнинг бошига нималар тушмайди.
БЛАНШ. Менга ҳеч қаттиқ туришмаган, айтарли ўз ҳолимга ҳам қўйишмаган. Кучсизлар эса кучлиларнинг кўмагига муҳтож бўлади. Стелла. Уларнинг иши – ўзига тортиш, жалб қилиш ва уларга капалакнинг қанотидаги чангдай нафис ранглар керак, у маҳлиё этиши керак, агар маҳлиё этадиган бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса… бир тунлик бошпанага. Менинг ўзим ҳам кейинги вақтларда жуда ноинсоф бўлиб кетгандим-да. Мен бошпана қидирардим, Стелла. Гоҳ сир сақлаш қўлидан келмайдиган бир том остида гоҳ – бошқаси остида… Бўрон қутурарди, қачон қарама, бузуқ об-ҳаво, бу қуюн ичида чир айланар эдим. Ҳеч ким буни ҳисобга олмасдиям… Эркакларми?.. Мени севиб қолгунларича уларнинг ҳеч балодан хабарлари бўлмаса, ким сенга қарайман деб турибди. Заифларнинг қисмати шу – милт-милт қилиш ва йилтиллаш… Кейин қоғоз фонуси, электр лампочкасига қалпоқ қиласан. Мен қўрқиб кетаяпман, қаттиқ қўрқаяпман! Нима қилишимни ҳам билмай қолдим. Бу саргардонликлар билан мен қанчага ҳам борардим… Энди биргина ночорлик билан тирикчилик қилиб бўлмайди: ночорлик ҳам ўз йўлига, гўзаллик ҳам ўз йўлига. Мен энди у эмасман. (Қош қорая бошлайди. Стелла хобгоҳга чиқади, қоғоз қалпоқ тагидаги лампани ёқади. Унинг қўлида бир шиша салқин ичимлик.) Сен тингламадингми?
СТЕЛЛА. Эшитаман бу ғиди-бидиларни.
(Бланшнинг олдига боради).
БЛАНШ (бирдан қувнаб кетади). Лимонад менгами?
СТЕЛЛА. Кимга бўларди яна!
БЛАНШ. Қандай ажойибсан! Оддий лимонадми?
СТЕЛЛА (ҳозиржавоблик билан). Сизга қолса виски қўшилса зўр бўларди, а?
БЛАНШ. Ҳа, азизам, виски зарар қилмасди. Бу ёққа ол, ўзим. Энди менга чўрилик қилишинг қолувди.
СТЕЛЛА. Менга эса ёқади. Худди уйдагидай. (Ўчоқбошига боради, стакан олади ва виски қуяди.)
БЛАНШ. Ўлай агар, менга хизмат қилишса, жоним киради… (Бирдан ирғиб туради-да, хобгоҳга, синглисининг олдига чопади. Қўлида стакан билан Стелла юриб келади. Бланш Стелланинг бўш қўлидан ушлайди, энтикиб лабларини босади. Стелла ҳайрон. Ҳаяжонланиб) Сен…. сен мени еру кўкка ишонмайсан! Мен бўлсам…
СТЕЛЛА. Опажон!
БЛАНШ. Бўпти, бўпти, бас қиламан. Бу кўнгилчанлигим сенга ёқмаслигини биламан, биламан. Аммо ишонгинки, мен сендан жуда миннатдорман, ўзим ўйлагандан ҳам ортиқ даражада миннатдорман. Мен сизларникида узоқ қолмайман. Ҳа, узоқ қолмайман, чин сўзим.
СТЕЛЛА. Опажон!
БЛАНШ (жазавага тушиб). Қолмайман, ваъда бераман, кетаман мен! Тезда кетаман! Ўзинг кўрасан, кетаман. Бўйниларингга осилиб олмайман. Эринг ҳайдаб солишини кутиб ўтирмайман!
СТЕЛЛА. Қўйсангиз-чи, бу бемаъни гапларни!
БЛАНШ. Яхши, жоним… Қара қуйишингни. Чеккасидан кўпиги тошиб кетаяпти! (Узуқ-юлуқ кулади ва стаканни қўлига олади, аммо қўли шундай қалтирайдики, стаканни тушириб юборай дейди.Стелла тўлдириб қуяди, идиш четидан тошиб, лимонаднинг пичаси ерга тўкилади. Бланш вой деб юборади.)
СТЕЛЛА (опасининг қичқириғидан қўрқиб кетади). Э Худойим-е!
БЛАНШ. Тўғри байрамлик кийимингга тўкдим-а!
СТЕЛЛА. Рўмолча билан артинг! Меникига. Яхшилаб артинг.
БЛАНШ (аста ўзига келади). Ҳа-ҳа… Яхшилаб… яхшилаб.
СТЕЛЛА. Доғ бўлиб қолдими?
БЛАНШ. Ҳеч нарса қолмади. Ваҳ-ҳаҳ-ҳа! Шунинг ҳам уддасидан чиқолмадим-а, шундайми? (Ўтиради, ичади, иккала қўли билан стаканни ушлаганча босиқ кулади.)
СТЕЛЛА. Нега қичқириб юбордингиз?
БЛАНШ. Ўзим билмайман. (Асабий). Митч… Ҳа, у еттида келади. Билмадим, бизлардан бир иш чиқармикан. (Тез, чалкаш-чулкаш қилиб) У ҳозирча ҳеч нарсага эришгани йўқ: хайрли тун тилаб бир ўпди, холос, бор-йўғи шу, Стелла. У мени ҳурмат қилишини хоҳламайман. Эркаклар эса текин қўлга кирадиган нарсага тоқат қилолмайди. Аммо эркакларнинг иштиёқи ҳам узоққа бормайди. Айниқса, аёлнинг ёши ўттиздан ошган бўлса. Улар ўттиздан ошган аёлни, қўпол қилиб айтганда, ўтинга чиқаришади. Лекин мен ўтинга айланганимча йўқ ҳали. Албатта, у ҳали – ўзим айтиб ўтирмайман! – нечага кирганимни билмайди-ку.
СТЕЛЛА. Сизнинг ёшингиз билан унинг нима иши бор?
БЛАНШ. Чунки, менинг аёлларча такаббурлигимни аямай савалаганлар. У мени бокиралик ва баёвлик рамзи деб ўйласин, тушундингми? (Кулади). У то менга етишмагунча уни алдамоқчиман…
СТЕЛЛА. У-чи, у сизга керакми, опа?
БЛАНШ. Менга – оч қорним, тинч қулоғим. Эркин нафас олай – мана шу керак менга! Ҳа, Митч менга керак… Мана бундай керак. Тасаввур қиласанми? Агар ниятига етолса! Мен сизларникидан кета оламан, бошқа ҳеч кимга юк бўлмайман…
СТЭНЛИ (бурчакдан чиқиб келади, камарига шиша тиқиб олган. қичқиради). Ҳой, Стив! Юнис! Ҳой, Стелла!
Тепадан қувноқ ғовур келади. Муюлишда труба ва зарбли чолғу чалинади.
СТЕЛЛА (опасини ўпиб, астойдил). Ниятига етади!
БЛАНШ (ишонқирамай). Етармикан?
СТЕЛЛА. Етади. (ўчоқбошига боради, опасига разм солиб қарайди). Ниятига етади, жоним, етади. Фақат бошқа ичманг. (унинг овози тинади, у равоқда, эри билан).
Қўлида стакан билан Бланш курсига ҳорғин чўкади. Юнис нимадир деб қичқирган ва кулганча зинадан пастга учиб тушади. Стив такадай маъраганча изидан лўкиллаб келади-да, унга бурчакда етиб олади. Бир-бирининг қўлидан ушлаганча Стэнли ва Стелла уларнинг ортидан келишади. Шом қуюқлашади. “Тўртта иккилик”дан паст овозда ингроқ куй қулоққа чалинади.
БЛАНШ. Эй, Худойим, Худойим… Худойим, ўзинг бандам де… (Кўзлари юмуқ, бир қўлидаги хурмо япроғини тушириб юборади. Қўли билан ўриндиқ суянчиғига уради-да, ўрнидан туради. Қўл кўзгуни олади).
Уй узра чақмоқ чақади.
Чайқала-чайқала ва ҳирс билан ҳиринглаганча бурчак ортидан сархуш негр қиз чиқиб келади: “Тўртта иккилик”дан ҳозиргина чиқиб келгандек, қарши томондан эса унга бир йигит дуч келади. Негр қиз унинг нақ бурни олдида бармоқларини қирсиллатиб қўяди.
НЕГР ҚИЗ. Ҳой, жонон йигит! (Тутилганча қандайдир сўзни алжийди.
Йигитча қатъий равишда бошини чайқаб қўяди-да, зинадан чопиб чиқади. Қўнғироқ. Бланш кўзгуни бир четга қўяди. Негр қиз йўлида давом этади.)
БЛАНШ. Ҳа-ҳа!(Йигит портьернинг ортидан кўринади.) Ҳа-ҳа, марҳамат. Нима хизмат?
ЙИГИТ. Мен обуна тўплаяпман. “Оқшом юлдузи”га.
БЛАНШ. Юлдузларга обуна бўлишни билмаган эканман.
ЙИГИТ. Бу рўзнома.
БЛАНШ. Ҳа, тушундим. Ҳазиллашгандим. Дарвоқе, унча яхши чиқмади. Ичасизми?
ЙИГИТ. Йўқ, хоним. Йўқ, ташаккур. Мен ишдаман.
БЛАНШ. Хў-ўш… Нима қилсак экан? Ёнимда сариқ чақам ҳам йўқ. Бунинг устига мен бегона одамман. Бечора қариндошим – бунақалар тўғрисида эшитгандирсиз, албатта.
ЙИГИТ. Яхши. Бошқа вақт келарман. (кетмоқчи бўлади.)
БЛАНШ (яқин боради). Шошманг-чи! (Йигит саросимада тўхтайди. Бланш узун мундштукка сигарета жойлайди.) Тутаттириб олсам майлими? (Йигит томон йўналади. Икки хона ўртасидаги эшикда тўқнаш келишади.)
ЙИГИТ. Бўлмаса-чи. (Чақмоқтош олади.) Баъзан ёнмай қолади.
БЛАНШ. Инжиқми? (Олов ёнади). Ҳа! Раҳмат.
ЙИГИТ. Йўқ, сизга раҳмат. (Яна кетмоқчи бўлади.)
БЛАНШ. Тўхтанг! (Йигит яна тўхтайди, энди бутунлай ўзини йўқотган). Соат неча бўлди?
ЙИГИТ. Олтию чорак.
БЛАНШ. Аллақачон-а?.. Янги Орлеандаги бу сўнгсиз ёмғирли кечалар сизга ёқадими? Соат бир бўлса, қарабсизки, бир эмас, абадиятнинг бир бўлаги эса қўлингизга келиб тушади ва уни нима қилишингни билмайсан, киши.
ЙИГИТ. Ҳа, хоним.
Бошланган сукунат ичида блюз янграй бошлайди. Шу саҳна охиригача тинмайди. Йигит йўталиб қўяди ва нима қилишини билмай эшикка қарайди.
БЛАНШ. Жалада қолмадингизми?
ЙИГИТ. Йўқ, хоним. Мен бир хонага кириб олдим.
БЛАНШ. Дорихонагами? Содали ичимликдан ичиб олдингизми?
ЙИГИТ. Ҳа….
БЛАНШ. Шоколад биланми?
ЙИГИТ. Йўқ, хоним Шерри билан.
БЛАНШ (кулиб). Оббо сиз-ей, шерри денг.
ЙИГИТ. Содали шерри.
БЛАНШ. Оғзимнинг сувини келтириб юбордингиз.
ЙИГИТ. Бўпти, мен борай бўлмаса…
БЛАНШ (уни тўхтатиб). Шошманг, йигитча! Жуда ҳам ёш экансиз! Сизга “Минг бир кеча”даги йигитга ўхшайсиз деб айтишмаганми сира?
ЙИГИТ. Йўқ, хоним. (Хижолатли кулади ва ҳадиксираб туриб қолади).
БЛАНШ (эркалаб). Ҳа, ўхшайсиз, қўзичоғим. Бу ёққа келинг! Чақиргандан кейин келади-да. Мен сизни ўпмоқчиман – бор-йўғи бир марта қаттиқ ўпмоқчиман. (Розилик олмасдан йигитнинг олдига тезгина боради ва лабларини унинг лабларига босади). Энди қорангни ўчир. Қани тезроқ! Қўлимга олиб эркаласам ҳам бўларди-ку, аммо инсоф – сари барака, майли, болаларни тинч қўяйлик.
(Йигитча кўзларини катта-катта очиб, аёлга қараб қолади. Аёл унга эшикни очади, йигитча бутунлай гангиб зинадан тушиб кетар экан, Бланш унга ҳавойи бўса йўллайди. Йигитча кўздан ғойиб бўлгунча эшик ёнида ўйчан туриб қолади. Муюлишдан гул кўтарган Митч кўринади.Қувноқ) Уни қаранглар, қадам ранжида қилибдилар… Гуллар кўтарган соҳибқироним-ей! Аввал таъзим бажо этсинлар менга…. Ана энди гулни тақдим айласинлар. (Митч аёл нима деса, барчасини бекаму кўст адо этади. Чуқур эҳтиром ила чўк тушади). Оҳ! Мерси-ииии!
(Ишва билан гулни лабларига олиб боради ва кўзини кўтариб йигитга қарайди. Митчнинг чеҳраси ял-ял ёнади, аёлга лолу ҳайрон бўлиб қараб қолади.)
ОЛТИНЧИ МАНЗАРА
Тун ярмидан оққан, соат иккилар… Кўча, уйнинг ёруғ тушган девори кўриниб турибди. Бланш ва Митч пайдо бўлади. Бланшнинг овози ва ҳаракатлари фақат асаби қаттиқ толиққанларгина тушуна оладиган ўта беҳоллик ҳолатини намоён этиб туради. Митч қўлида Мэй Уэстнинг ганч ҳайкалчасини оёғини осмондан қилиб ушлаб олганидан шундай хулоса чиқариш мумкин эдики, бу тир ва лотореялардаги оддий соврин – улар ҳозир шунчаки Понш Артрен Лейкдаги кўлбўйи Лунапаркидан қайтишмоқда.
БЛАНШ (мадорсиз, равоқ олдида тўхтайди). Мана, келдик… (Митч ўнғайсиз кулади.) Мана, келдик…
МИТЧ. Ҳа, вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди – чарчадик.
БЛАНШ. Ҳатто иссиқ тамалфуруш ҳам кўринмайди, кечасию кундузи ҳайдасанг ҳам кетмасди. (Митч яна ўнғайсиз кулади.) Уйга қандай етиб оласиз?
МИТЧ. Бўронгача яёв, у ёғига такси-да.
БЛАНШ (ҳиссиз жилмайиб). Анови “Орзу” трамвайи-чи, олиб бориб қўймайдими?
МИТЧ (ғамгин). Сизни қаттиқ зериктириб қўймадимми деб қўрқаяпман, Бланш.
БЛАНШ. Оқшомингизни ҳам ҳаром қилдим…
МИТЧ. Йўқ, нега ундай дейсиз? Лекин мен сезиб турдим, ҳеч нарсанинг уддасидан чиқолмадим, қувнаб-яйратолмадим. Кўнглингизни ололмадим.
БЛАНШ. Айб менда – кайфиятим мақтарли даражада эмасди. Ҳамма гап шунда. Хушчақчақ ўтиришга ҳарчанд ҳаракат қилдим – аммо ҳеч қачон ҳаракатларим бунчалик пучга чиқмаганди. Бўлмаса-ку астойдил урингандим-а.
МИТЧ. Ўзингизни зўрлаб хурсанд қилишингизга ҳожат йўқ эди-ку, Бланш?
БЛАНШ. Шунақаси керак – табиат қонуни.
МИТЧ. Қанақа қонун?
БЛАНШ. Аёл ё эркакнинг кўнглини олсин, ёки ўйиндан чиқиб кетсин, деган қонун. Сумкамни қаранг-чи, калит бормикан. Бунақа чарчоқдан кейин бармоқларинг ҳам ўзингга бўйсунмайди.
МИТЧ. Мана буми?
БЛАНШ. Йўқ, азизим, бу сандиғимнинг калити, уни ҳали йиғиштириш ҳам керак.
МИТЧ. Бу билан кетаман демоқчимисиз?
БЛАНШ. Сафарим қариди. Етар.
МИТЧ. Мана буми?
Мусиқа тинади.
БЛАНШ. Ҳа, топдингиз?… Жоним, эшикни ўзингиз оча қолинг, мен эса осмонга тўйиб қараб олай. (Панжарага суянади.Митч эшикни очади ва нима қилишини билмай туриб қолади.) Мен Ҳулкарни қидираяпман, аммо бу парилар бугун кўринмаяпти. Э, йўқ, ҳув ана! Худо ўзи ярлақасин! Барча дугоналар бир бўлиб, зиёфатдан қайтишаяпти.. Эшик очилдими? Қандай ақллисиз. Назаримда, уйга кетмоқчи бўлиб тургандингиз-а?
МИТЧ (бир жойда туриб, ноқулай аҳволда депсинади ва йўталиб қўяди). Сизни ўпсам майлими… кетар жафосига?
БЛАНШ. Нега ҳар гал сўрайверасиз?
МИТЧ. Хоҳлайсизми, йўқми деб истиҳола қиламан-да.
БЛАНШ. Бунча сустсиз, ҳеч тушунолмайман.
МИТЧ. Кўл бўйида сайр қилиб юрганимизда ўпдим-ку…
БЛАНШ. Жоним, гап ўпишда эмас. Ўпишдикми – олам гулистон. Бу ерда бошқа гап бор: сертакаллуфлик – мана шу нарсанинг кераги йўқ. Ўпиш эса заррача малоллик келтирмайди. Мени ўпишга журъат қилганингиздан ҳатто бироз кўнглим кўтарилди. Аммо, жоним, сиз мендан кўра яхшироқ биласиз-ку: ёруғ дунёда ҳеч кими йўқ ёлғиз аёлга нисбатан ҳирс кўзи билан қараманг – увол кетади.
МИТЧ. Увол кетади?
БЛАНШ. Ҳа. Сиз эса, эҳтимол, увол кетиш заррача парвойига келмайдиган одамлар билан муомала қилишга ўрганиб қолгансиз, шундайми? Бундайлар биринчи учрашувдаёқ ҳаммасига тап-тайёр, шундоқми?
МИТЧ. Сиз аслида қандай бўлсангиз, шундоқ бошқача бўлиб қолишингизни зинҳор истамасдим. Сизга ўхшаган аёлни ҳеч қачон ва ҳеч қаерда учратмаганман.(Бланш унга жиддий қарайди, бироқ кейин ўзини тутиб туролмайди-да, хандон отиб кулади ва оғзини қўли билан ёпади.) Мендан кулаяпсизми?
БЛАНШ. Йўқ, жоним, йўқ… Уй эгалари ҳали қайтишмайди. Кетар жафосига ичайлик. Чироқни ёқмаймиз, майлими?
МИТЧ. Сиз нима десангиз, шу.
Бланш уйга киради. Митч унга эргашади. Ташқи девор умуман йўқ, ғира-ширада Ковальскийлар хонадонининг ичкариси кўзга ташлана бошлайди.
БЛАНШ (ўчоқбошида қолиб кетиб). Хобгоҳ шинамроқ, ўша ёққа ўтинг. Нимадир тушдими… Ўлгудай қўполман-да. Мусалласим бор эди, қоронғида сира тополмаяпман.
МИТЧ. Шунчалик ичгингиз келаяптими?
БЛАНШ. Сизни ичсин демоқчийдим! Бутун оқшом давомида сира чиройингиз очилмади, ғамгин эдингиз, мен ҳам сиздан қолишмасдим – иккаламизнинг ҳам чиройимиз очилмайди. Маъюс эдик, келинг, мана шу бирга турган ҳисобли дамларимиз бор бўлсин…. joic de vivre! Мен шамни ёқай.
МИТЧ. Яхши.
БЛАНШ. Худонинг чинакам қули бўлайлик. Тасаввур қилинг, мўъжазгина шинам қовоқхонада ўтирибмиз, Парижда, Сўл қирғоқдами-ей. (Шам плигини ёндириб, ўзини шиша оғзига суқиб қўяди). Je suis la Dame aux Camelias! Vous etes… Armand! Французчани тушунасизми?
МИТЧ (маъюс). Йўқ, мен..
БЛАНШ. Vouler – bous crucher avec mo ice soir? Vous ne comprenez pas? Ah, guil dowwage! Менимча, жуда зўр бўлар эди-да. А, топдим! Роса икковимизга лойиқ қолибди.
МИТЧ (ортиқча қизиқишсиз). Яхши.
БЛАНШ (стакан ва шам билан хобгоҳга киради). Ўтиринг. Пиджакингизни ечсангиз-чи, ёқангиз тугмасини ҳам ечинг.
МИТЧ. Менга шуниси яхши.
БЛАНШ. Йўқ, йўқ. Бемалол ёзилиб ўтиринг дейман.
МИТЧ. Ноқулай-да, қаттиқ терлаб кетганман. Кўйлагим чиппа ёпишиб қолган.
БЛАНШ. Терлаш фойдали. Агар терламасанг, беш дақиқа ҳам яшолмайсан. (Унинг пиджагини ечади). Яхши пиджак. Қанақа матодан тикилган экан?
МИТЧ. Альпака деган.
БЛАНШ. Э-ҳа, шунақами. Альпака!
МИТЧ. Оддийроқ навидан.
БЛАНШ. Уни қаранг-а, оддийроқ навидан…
МИТЧ. Каноп пиджакларини ёқтирмайман – тер ўтиб кетади.
БЛАНШ. Э-ҳа…
МИТЧ. Кейин улар менга мос эмас. Қад-қомати келишган эркак ўзига яраша кийиниши керак, бўлмаса рўдаподан фарқинг қолмайди.
БЛАНШ. Сиз шунақа полвонмисиз?
МИТЧ. Унақа кўринмайманми?
БЛАНШ. Ҳа энди, сизни жудаям ихчам деб бўлмайди-ю, бироқ… басавлат қоматингиз, салобатингиз…
МИТЧ. Ташаккур. Рождествода мени Енжорлеан атлетика клубига қабул қилишди.
БЛАНШ. Қойил!
МИТЧ. Менга бундан ортиқ совға бўларканми. Тошлар кўтараман, сузаман ва доим шай тураман. Энди бошлаган вақтимда қорним осилиб ётарди, энди қаранг – тошдай! Қорнимдан ўнта одам чиқиб босса ҳам парво қилмайман. Мана, уриб кўринг. Қўрқмай ураверинг! (Аёл бармоғи билан унинг қорнига аста туртиб қўяди.) Хўш?
БЛАНШ. Ё товба! (Қўли билан унинг кўкрагига туртади.)
МИТЧ. Мен неча кило келаман, топинг-чи, Бланш?
БЛАНШ. Бундоқ қараганда – хўш… бир юз саксон кило.
МИТЧ. Яна бир уриб кўринг… қани?
БЛАНШ. Секинроқми?
МИТЧ. Йўғ-е, қаттиқроқ!
БЛАНШ. Сизнинг бу гавдангизга филдай одам ҳам бас келмайди.
МИТЧ. Вазним икки юз етти фунт, бўйим олти фут, бир ярим дюйм. Оёқ яланг, пойафзалсиз. Вазним – кийимсиз, онадан туққандай қип-яланғоч ҳолимда.
БЛАНШ. Ё қудратингдан! Эшитиб қулоқларимга ишонмайман…
МИТЧ (хижолат тортади). Ҳа, вазним, албатта, гапиришга ҳам арзимайдиган нарса. (Журъатини тўплаб). Сизнинг оғирлигингиз қанақа?
БЛАНШ. Меникими?
МИТЧ. Ҳа.
БЛАНШ. Топинг-чи.
МИТЧ. Кўтариб кўрсам майлими?
БЛАНШ. Қалай бўларкин? Ҳа, майли, кўтарсангиз кўтара қолинг. (Йигит аёлнинг орқасидан келиб, белидан ушлайди ва ҳавога енгил кўтаради.) Хўш?
МИТЧ. Пардай енгилсиз.
БЛАНШ. Ваҳ-ҳа-ҳа! (Йигит аёлни ерга қўяди ва белидан қўйвормай ушлаб туради. Бланш ясама тортинчоқлик билан). Ортиқ ушлаб туриш шарт эмас.
МИТЧ. Нима?
БЛАНШ (қувноқ). Қўлин-гиз-ни о-линг де-дим, сэр. (Митч уни келишмайгина қучоқлайди.Аёлнинг овози енгилгина янграйди.) Йўқ, Митч. Биз ёлғизмиз, сиз одоб доирасидан чиқиб кетмаслигингиз керак.
МИТЧ. Ҳаддимдан ошсам, тарсаки туширинг.
БЛАНШ. Зарурат туғилмаса керак. Сиз чинакам йигитсиз, бунақалар мингтадан битта бўлса ҳам катта гап. Тағин буни қариқиз муаллиманинг нозига йўйиб юрманг. Мен шунчаки…
МИТЧ. Нима?
БЛАНШ. Шунчаки, фараз қилингки, мен эскича расм-русумларга маҳкам ёпишиб олганман, фақат шунинг учун. (Эркакка кўринмаса ҳам у кўзларини маккорона ўйнатади.Митч хомуш эшикка йўл олади. Жимлик чўзилади. Бланш хўрсинади. Митч тортиниб йўталиб қўяди. Паузадан сўнг). Стэнли билан Стелла қаёқда қолдийкин?
БЛАНШ. Мистер ва миссис Хаббел билан айлангани кетишди.
МИТЧ. Қаёққа?
БЛАНШ. Кинога бўлса керак, охирги сеансга.
МИТЧ. Ҳаммамиз биргаликда бир бало қилиб кўчиб кетсак бўларди.
БЛАНШ. Йўқ. Охири хайрли бўлмасди
МИТЧ. Нимага хайрли бўлмас экан?
БЛАНШ. Стэнли билан кўпдан бери дўстмисизлар?
МИТЧ. Полкдошмиз, икки юз қирқ биринчидан.
БЛАНШ. У сиз билан очиқчасига гаплашса керак?
МИТЧ. Бўлмаса-чи.
БЛАНШ. Мен тўғримда сизга ҳеч нима демаганми?
МИТЧ. Деярли ҳеч нима.
БЛАНШ. Вазминлигингиздан билса бўладики, барибир нимадир деган.
МИТЧ. Айтган бўлса ҳам жўялироқ ҳеч нима айтмаган.
БЛАНШ. Хўш, нима деди? Қанақа оҳангда айтган эди?
МИТЧ. Нима қилди, нега бундай сўраяпсиз?
БЛАНШ. Шу…
МИТЧ. Нима, у билан тескари бўлиб қолдиларингми?
БЛАНШ. Нима демоқчисиз?
МИТЧ. Назаримда ораларинг яхши эмасга ўхшайди, шу фақат.
БЛАНШ. Секин гапирасизми! Агар Стелла иккиқат бўлмаганида, мен уларникида бир кун ҳам турмас эдим.
МИТЧ. Нима, эри ёмон муомала қилаяптими?
БЛАНШ. У ҳаддан ташқари қўпол. Мени қанчалар ерга уриб ташлашларини айтмай қўяқолай.
МИТЧ. Яъни, нимага?
БЛАНШ. Шунга-да.
МИТЧ. Ҳеч ишонгинг келмайди.
БЛАНШ. Ишонгингиз келмайдими?
МИТЧ. Сизга қўполлик қилиш ақлга сиғмайдиган гап-ку! Йўқ, ҳеч тасаввур қилолмайман.
БЛАНШ. Аҳвол ростданам чатоқ. Йўқ, сиз тушунмайсиз… Бу ерда мен ғирт ортиқчаман. Тунда у хона билан бу хона ўртасида битта портьер бор, холос. У эса хонадан фақат ич кийимда ўтиб кетаверади. Ҳар гал ваннахонага кирганида эшикни қия очиқ қолдирганига ўлайми. Одам деганда оз-моз уят деган нарса бўлиши керак-ку… Балки мени бу ерда тағин нима ушлаб турганини тушунмасангиз ҳам керак. Бўпти, очиғини айтиб қўя қолай. Ахир ўқитувчининг маоши қўл учида кун кўришга базўр етади. Йил давомида бир сариқ чақа ҳам ғамлаб қўёлмадим, ёзда бу ерга келишга мажбур бўлдим. Куёвимнинг миннатини кўтаришга. У бўлса аяб ўтирмайди, ҳолбуки унинг кўзига қадалган чўп эканимни кошки билмасам. У, ҳойнаҳой, мени итдай ёмон кўришини сизга айтмай қолмагандир.
МИТЧ. Хўш, ёмон кўради ҳам дейлик…
БЛАНШ. Ёмон кўради! Кўрса кўриб ўлмайдими, нега мени бунчалар ерга уради? Биринчи марта кўрганимдаёқ сезгандим ўзим ҳам – жонимнинг заволи шу одам бўлади деб. Бу одам, агар ўзига қўйиб берса, мени қийма-қийма қилиб ташласа… Ҳа, ҳа, шунақа… мени шунчалик ёмон кўрадики, нима десам экан, агар у… ўзига қолса, мени бир пулга чиқариб… ҳайвондек… Йўқ, йўқ! Бу ёғини ўйласам… (Бу фикрини қўли билан силтаб ўзидан ҳайдайди. Вискини охиригача сипқоради Жимлик.)
МИТЧ. Бланш…
БЛАНШ. Ҳа, жоним.
МИТЧ. Сизга бир савол берсам майлими?
БЛАНШ. Ҳа. Қанақа савол экан?
МИТЧ. Ёшингиз нечада?
БЛАНШ (ташвишланиб). Нега керак эди?
МИТЧ. Сиз тўғрингизда онамга гапирган эдим, у мендан “Бланшнинг ёши нечада?” деб сўради. Мен нима дейишимни билмадим.
Яна пауза.
БЛАНШ. Мен тўғримда?.. Онангизга?
МИТЧ. Ҳа.
БЛАНШ. Нима сабабдан?
МИТЧ. Мен сизни мақтаб, жудаям меҳрибон, менга ёқади, деб айтгандим.
БЛАНШ. Сидқидилдан айтганмидингиз?
МИТЧ. Албатта. Ўзингиз биласиз-ку.
БЛАНШ. Онангиз-а… менинг ёшим нима керак экан?
МИТЧ. У касал.
БЛАНШ. Бечора… оғир касалми?
МИТЧ. Саноқли кунлари қолган. Бир неча ойлик умри қолгандир.
БЛАНШ. Оҳ!
МИТЧ. Менинг бўйдоқ юришимдан қийналиб кетаяпти.
БЛАНШ. Э-ҳа…
МИТЧ. Бир нима бўлиб қолмасидан олдин мени рўзғорли қилиб қўйсам дейди… (Овози бўғилади, кетма-кет йўталади, ҳаяжондан қўлини чўнтагига суқиб, яна чиқаради ва шу заҳоти нимадир қидиргандек, чўнтагини кавлайди).
БЛАНШ. Сиз уни жуда севасизми?
МИТЧ. Жуда.
БЛАНШ. Ҳа, сиз онангизни, ҳарҳолда, чин юракдан севар экансиз. У бўлмаса ўзингизни жуда ёлғиз ҳис қиласиз, шундайми? (Митч йўталади, бош ирғайди.) Бу қанақа бўлишини мен тушунаман…
МИТЧ. Ёлғиз қолишними?
БЛАНШ. Мен ҳам бир одамни севардим, севардим-у… йўқотиб қўйдим.
МИТЧ. У ўлдими?
(Бланш дераза олдига боради, дераза раҳига ўтириб, кўчага қарайди.Ўзига виски қуяди.) У эркак кишимиди?
БЛАНШ. Бола, муштдеккина бола эди… Мен ўзим ўшанда муштдеккина қизалоқ эдим. Ўн олтида эдим ва бирдан кўзим очилди – муҳаббат! Тўсатдан, бекаму-кўст, охири кўринмас. Бамисоли ўткир нур доим қоронғуликда яшириниб ётган ниманидир бир дафъадаёқ тутиб олди, атроф-олам мен учун шундай ёришиб кетганди… Аммо менга бахт насиб этмади! Бир ялт этдию йўқ бўлди-қўйди. Бу болага асли бир бало бўлган эканми, у асабий бўлиб қолди, феъли ёмон айниди, ҳаракатлари бутунлай хотинчалиш, тегманозик… афт-ангорига қарасанг, дуппа-дуруст йигитча… Аммо унда ҳийла бор эди. У мендан ёрдам кутарди. Мен эса… у вақтларда нимани ҳам тушунардим! Тўй саёҳатимизда ҳам, қайтиб келганимиздан кейин ҳам ҳеч нима сезмаган эдим, мен фақат бир нарсани билардим: унга ёрдам беришимга халақит берадиган қандайдир жумбоқ бор, бу унга жуда-жуда зарур эди-ю, сўрашга журъати етмасди – ожизлик қиларди! У сирпанчиқ қумда менинг этагимдан маҳкам ушлаб олганди, мен эса уни тортиб олиш ўрнига ўзимни ҳалок қилар эдим. Бунга ҳам ақлим етмасди! Ҳеч балони билмасдим. Фақат бир нарсани билардим – уни ўлгудай севардим, ёрдам бериш эса асло қўлимдан келмасди – на унга ва на ўзимга. Кейинчалик кўзим очилди. Шундай бўлдики, бундан баттари хаёлингга ҳам келмайди: эшикни тақиллатмасдан хонага кириб бордим, ҳеч ким йўқ деб ўйладим-да… ҳолбуки хона одамсиз эмас экан: мана бу бола, менинг эрим ва ундан сал каттароқ эски дўсти бор экан. (Дераза ортида жадаллашиб бораётган поезд ғилдираклари овози. Қулоқларини кафтлари орасига олиб ёпади, бошини тиззалари орасига суқади. Поезд чироғи деразага урилади, шунда бутун хона ёришиб кетади, поезд шарақа-шуруқ қилганча ўтиб кетади. Узоқда ғилдираклар овози тинганда аста қаддини ростлайди). Биз ўзимизни шундай тутдикки, гўё мен ҳеч нарсадан бехабарман. Ҳа, ҳа, ўша куни оқшом учаламиз “Ойдин кўл” казиносига бордик, кайфимиз тарақ, йўл бўйи кулишиб келдик. (Узоқлардан минор пардасида полька элас-элас қулоққа чалинади.)Биз варшавалик қиз полькасига рақс тушдик. Рақс-куй авжига чиққан маҳал денг, эрим ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, мени ташлаб, казинодан югуриб чиқиб кетади. Шу билан кетма-кет ўқ овози эшитилади. (Полька кескин тўхтайди. Бир жойда тахтадай тек туриб қолади. Полька эса давом этади – узилган ўша ярим жумладан, аммо энди мажор пардасида янграйди.) Мен югуриб ташқарига чиқдим… ҳамма югуриб келди! Кўл бўйида, сувнинг шундоқ ёнида ётган даҳшатли нарсанинг атрофида одамлар ғуж бўлиб тўпланганди. Мен эса одамлар орасини ёриб ўтишга беҳуда уринардим. Кимдир қўлимдан тутди. “Яқинлашманглар! Кетинглар! Ҳеч қандай томоша йўқ бу ерда!”… Томоша? Нимани томоша қилади одамлар? Шу заҳоти овозлар, овозлар… Оғиздан-оғизга кўчади: “Аллан! Аллан! Аллан!…” Шўрликкина – болакайим! Револьерни шундоқ оғзига тиқибдию отибди… Калласини тенг ярмини учириб кетибди. (Юзини қўллари билан ёпиб, аста чайқалади, олдинга-орқага). Ҳаммасига сабаб битта: мен ўша танобийда, рақсда тутиб туролмадим ва: “Мен эса кўрдим. Мен эса биламан. Қанақа мараз боласан…” деб гапириб юбордим. Шундайин бутун оламни ёритиб турган чироқ бирданига ўчди-қолди, ўшандан буён мана шу… мум ёғидан кўра ёрқинроқ ёғдуни ҳаётда бошқа кўрмадим.
Митч рўдаполарча ўрнидан туради, Бланшнинг олдига боради. Полька кучлироқ янграйди.
МИТЧ (Бланшнинг орқа томонидан яқин келиб, уни аста ўзига тортади). Сизга дўст керак. Менга ҳам. Демак, балки биз иккаламиз… ҳа, Бланш?
Бланш унга маъносиз қарайди. Кейин оҳиста оҳ тортиб, унинг қучоғига йиқилади. Кўз ёши орасида бир нима демоқчи бўлади ва сўз тополмайди. У аёлнинг манглайи, кўзлари, лабларидан ўпади. Полька узилади.
БЛАНШ (узоқ, ҳузур билан хўрсинади). Худойим уни орамиздан эрта олиб кетди… йиғлаб қолавердим!
ЕТТИНЧИ МАНЗАРА
Ўн бешинчи сентябрь, кечга яқин. Ўчоқбоши ва хобгоҳ ўртасидаги портьерлар икки томонга суриб қўйилган, дастурхон зиёфатбоп қилиб тузалган – торт, гуллар. Стелла дастурхон тузашни якунлаш арафасида. Стэнли киради.
СТЭНЛИ. Ниманинг шарафига экан бу дабдабалар?
СТЕЛЛА. Бугун Бланшнинг туғилган куни.
СТЭНЛИ. Ўзи-чи, уйдами?
СТЕЛЛА. Ваннахонада.
СТЭНЛИ (калака қилиб). “Фоний жисмни ювиш” экан-да?
СТЕЛЛА. Шунга ўхшаш бир нима.
СТЭНЛИ. Анчадан берими?
СТЕЛЛА. Бутун кун бўйи деявер.
СТЭНЛИ (масхара қилиб). “Иссиққина ваннада намланамиз”ми?
СТЕЛЛА. Ҳа-да.
СТЭНЛИ. Ҳаво юз даража, бу кишим эса иссиқ ваннадан чиқай демайди.
СТЕЛЛА. Шунда оқшом менга салқиндай туюлади, дейди.
СТЭНЛИ. Сен эса, билишимча, аллақачон кока-колага тушиб келгандирсан-да? Ҳазрати олийларини ваннага киргизиб қўйгансан. (Стелла елка қисади.) Қани, ўтир-чи.
СТЕЛЛА. Вақт йўқ, Стэнли, қанча иш қараб турибди.
СТЭНЛИ. Ўтир. Энди опажонингнинг қулоғини бураб қўядиган вақти келди.
СТЕЛЛА. Сен ўзингни ундан тортиброқ юр, Стэнли, бас қил.
СТЭНЛИ. Бу фариштанг мени тағин галварс дейди!
СТЕЛЛА. Ўзинг ҳар доим уни ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дейсан, кўнглинг хоҳлаганча ерга урасан, Бланшнинг эса кўнгли ярим, ўзинг ўйлаб кўргин, биз Бланш билан сенга қараганда мутлақо бошқа шароитда ўсганмиз.
СТЭНЛИ. Эшитганмиз! Бир хил гапни чайнайверишинг ҳам жонга тегиб кетди. У бизга бир қоп ёлғон-яшиқни тўқиб ташлагани эсингда борми?
СТЕЛЛА. Йўқ ва эшитишни ҳам…
СТЭНЛИ. У эса – ёлғон. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Энди унинг найранглари битта-битта юзага чиқаяпти.
СТЕЛЛА. Қанақа найранглари?
СТЭНЛИ. Ўша, мен бошида гумонсираганим. Аммо энди менда далолат бор – энг тўғри, энг янги далолатлар! Мен ўзим текшириб чиқдим!
(Бланш ваннада хиргойи қилади: оддийгина ширадор қўшиқ, унинг сўзлари Стэнлининг ҳикояларига монанд.)
СТЕЛЛА (Стэнлига). Қичқирма.
СТЭНЛИ. Оббо, булбулча-ей!
СТЕЛЛА. Бўпти, қани, марҳамат, у тўғрисида нимани билган бўлсанг, ҳаммасини менга оқизмай-томизмай айтиб бер.
СТЭНЛИ. Биринчи рақамли ёлғончи: у мақтанадиган ҳамма иши ғирт сатанглик экан. Унинг Митч олдида қийшанглаганларини, унинг бошини айлантирганларини бир кўрсанг эди. Содда Митч унинг умрида бир ғўр боланинг ўпичидан бошқа ҳеч нарсани билмайман, деганига лаққа тушиб ўтирибди. Опажонинг Бланш ҳур экан, пари экан-у, биз билмаган эканмиз. Ваҳ-ҳа-ҳа!
СТЕЛЛА. Хўш, нималарни эшитдинг, кимлардан эшитдинг?
Стэнли. Корхонамиздаги таъминотчимиз кўп йиллардан бери Лорелга қатнайди ва уни миридан-сиригача билар экан. Умуман, Лорелда унинг қилғиликларини билмайдиган одам йўқ экан. У ўша ерда отнинг қашқасидай маълум экан. Мана шу таъминотчи “Фламинго” отелига қўнар экан.
БЛАНШ (қувноқ хиргойи қилади).
Циркдаги денгиз қоғоздан,
Циркдаги олов оташсиз.
Бари рост бўларди гар
Сиз менга ишонсангиз.
СТЕЛЛА. Нима бўпти?
СТЭНЛИ. Шу бўптики, у ўша ерда яшаган экан.
СТЕЛЛА. Менинг опам “Орзу”да яшаган.
СТЭНЛИ. Ҳа, бу кейин бўлган, уй оқбилак опачангизнинг қўлчаларидан чиқиб кетгандан кейин. “Фламинго”га кўчиб ўтган! Ташландиқ меҳмонхонача – бир тузук томони шундаки, у ерда турувчиларнинг ишига ҳеч ким бурнини суқмайди. Бизнинг Оппоқ Ойимизнинг кўрган-кечирганлари эса ҳатто маъмуриятларнинг ҳам тоқатини тоқ қилиб юборибди. “Фламинго”да ҳамма нарсани кўриб, кўрмаганга олар эканлар. Шу даражага бориб етибдики, ундан яхшиликча хона калитини топширишини ва ортиқ қорасини кўрсатмаслигини сўрашган. Уни у ёқдан ҳайдаб солишган, икки ҳафтадан кейин у бизникига келган.
БЛАНШ. (куйлайди).
Циркда мингта чироқ,
Кўринар бўлиб юлдуз.
Бу ҳам рост бўларди гар
Сиз менга ишонсангиз.
СТЕЛЛА. Қанчалик жирканч бўҳтон!
СТЭНЛИ. Албатта, сен бундай нарсалардан ҳазар қиласан, қилма-чи! Ахир у битта Митчнинг эмас, сенинг ҳам қулоғингга лағмон осди-ку.
СТЕЛЛА. Булар бари уйдирма! Битта ҳам рости йўқ. Ахир эркак бўлганимда шу гапларни айтган одамни бир уриб, нақ пачағини чиқарардим.
БЛАНШ (куйлайди).
Мени севмасанг,
Мени севмасанг
Циркдаги чироқлар ҳам ўчгай
шу заҳот.
Мени севмасанг,
Мени севмасанг
Ерда ҳам, осмонда ҳам тўхтагай
Ҳаёт…
СТЭНЛИ. Азизим, булар бари текширилган, ҳеч ким камчилик тополмайди. Аммо шошмай тур, охиригача айтиб берай. Оппоқ Ойимнинг ҳамма балоси шундаки, Лорелда энди мириқиб айланолмайди – у ерда уни аллақачоноқ билиб қолишган. У билан икки-уч марта айш қиладилар-да, бирдан ўзларига келиб қолишади – етар… Шундан қўлма-қўл бўлиб кетади ва ҳар гал бошидан бошлайди: қачон қарама, ўша масхарабозлик, ўша ноз-карашмалар, ўша бемаънилик. Бунақа катта қўшиқлар айтиш учун шаҳарча кичиклик қилади. Мана, шунинг учун ҳам эл оғзида достон бўлиб ўтирибди. Аввалига у ўзини эси паст қиздай, шаҳарлик жиннивойдай кўрсатиб юрди. (Стелла орқага чайқалиб кетади.) Кейинги икки йил ичида эса суюқоёқ қизга айланган. Шунинг учун ҳам опажонинг, жондай опажонинг шу ёзда биз тарафларга сафарга чиққан, чунки ўша шаҳар мэри бошқа қорангни кўрсатма деб ҳукм қилган. Ҳа, яна бир гап. У ерда, биласанми, Лорел яқинида ҳарбий қароргоҳ бор. Бу ёғини сўрасанг, сизларнинг уйингиз опажонингнинг шарофати билан аскарлар кириши ман этилган уйлар рўйхатига киритилган.
БЛАНШ (куйлайди).
Циркдаги денгиз қоғоздан,
Циркдаги олов оташсиз.
Бари рост бўларди агар
Сиз менга ишонсангиз…
СТЭНЛИ. Мана сенга назокатли аёл, ана, кўрдингми ўша айтганларимнинг бари ва мислсиз фаришта… Аммо бу ҳаммаси эмас, ундан баттарроғи бор – иккинчи ёлғони.
СТЕЛЛА. Ортиқ эшитишга тоқатим йўқ! Бас қил… миямни қоқиб, қўлимга бердинг!
СТЭНЛИ. У энди мактабига қайтиб боролмайди. Гаров ўйнаб айтаманки, келаётиб, у Лорелга қайтишни ўйлагани ҳам йўқ! Ахир у мактабдан ўз хоҳиши билан кетмаган, вақтинчага ҳам эмас, асаб касаллигидан ҳам эмас. Йўқ, бекорларнинг бештасини айтибсан! Уни қарсиллатиб улоқтиришган, ўқув йили тугашини ҳам кутиб ўтиришмаган. Нега? Айтишга ирганасан одам. Ўн етти яшар бола билан илакишиб қолган!
БЛАНШ (куйлайди).
Циркда мингта чироқ
Кўринар бўлиб юлдуз…
Ваннахонадан сувнинг кучлироқ босиқ шалдираши, қичқириқлар, кулги, бамисоли шўх болакай сувни шалоплатаётгандай товуш эшитилади.
СТЕЛЛА. Бу машмашаларингдан ўлсам ўлиб бўлдим.
СТЭНЛИ. Қарабсизки, дадажонимизнинг қулоғига бориб етган – шартта мактаб директори олдига чопган. Оппоқ хонимга панд-насиҳатлар ўқилаётган ўша хонада унинг ҳолини бир кўрсанг эди. Унинг қанақа типирчилашини-чи! Аммо чучварани хом санабди. Гирибонидан бир тутишдики – ғишт қолипдан кўчганини дарров англаган. Унга яхшиликча ҳеч ким билмайдиган жойларга гумдон бўлишини тавсия қилишган. Бундоқ қилиб айтганда, маъмурий тартибда сургун қилинган.
БЛАНШ (ваннахонадан мўралайди, бошига сочиқни ўраб олган). Стелла!
СТЕЛЛА (ҳолдан тойиб). Ҳа, опа?
БЛАНШ. Яна битта сочиқ бер, сочимга. Ҳозир ювиб бўлгандим.
СТЕЛЛА. Ҳозир. (Сочиқни олиб, опаси томон кетади).
БЛАНШ. Нима гап, жонгинам?
СТЕЛЛА. Нима бўлди? Нега бундай сўраяпсиз?
БЛАНШ. Афт-андоминг қанақадир бошқача?
СТЕЛЛА. Ҳа-а… (Кулишга ҳаракат қилади). Бироз чарчаган бўлсам керак, шундан.
БЛАНШ. Мен бўлганимдан кейин ваннага кириб чўмилиб ол.
СТЭНЛИ (ўчоқ бошидан туриб). Ўзингиз чўмилиб бўласизми ё йўқми?
БЛАНШ. Тезда бўламан, қўрқманг… Азиз жонингизни қийнаб қўймайман.
СТЭНЛИ. Мен жонимни ўйлаётганим йўқ – қовуғим қийналаяпти! (Бланш эшикни ёпади. Стэнли қаҳ-қаҳ уриб кулади. Стелла шошмай ўчоқбошига қайтади.) Хўш, нима дейсан?
СТЕЛЛА. Ишонмайман ўтрик-ўшакларга. Анови таъминотчиларинг аблаҳ экан, бўлмаса шунақа гапларни алжирармиди? Ҳа, унинг тўқима гапларида оз-моз ҳақиқат бўлиши мумкиндир. Ҳа, опамни мусичаи безавол деб бўлмасдир, оиламиз унинг дардига шерик бўлгани рост, мен уни битта ҳам гуноҳи йўқ деб даъво ҳам қилмоқчи эмасман. У ҳар доим шунақа енгилтак эди…
СТЭНЛИ. О-ҳо! Енгилтак!
СТЕЛЛА. Аммо ёшлигида, ҳали муштдай қизалоқлик вақтида шундай бир синовга дуч келдики, унинг барча орзулари кунфаякун бўлди.
СТЭНЛИ. Синов эмиш!
СТЕЛЛА. Ҳа… Мен унинг эрга теккани ҳақида гапираяпман, ахир у эрга текканда ёш бола эди-да. Бир болага тегди, шеър ёзиб юраркан. Бола ниҳоятда чиройли, суқсурдай эди ўзиям. Назаримда, Бланш уни севиб қолганди, қайлиғини ер-кўкка ишонмасди! Унинг учун жонини беришга тайёр эди, Худога сиғингандай сиғинарди унга. Кейин эса… кейин билиб қолди…
СТЭНЛИ. Нимани?
СТЕЛЛА. Чиройли, Худо берган ўспириннинг иллати бор экан. Таъминотчинг буни айтмаганмиди сенга?
СТЭНЛИ. Ҳай, бизлар, энди яқиндаги гаплардан гап сотишгандик, холос. Нима? Бунинг тарихи узоқми?
СТЕЛЛА. Ҳа… тарихи узоқ…
Стэнли аста унинг олдига боради. Оҳиста қўлини унинг елкасига қўяди. Стелла унинг қўлини елкасидан секин олади ва ўйчан ҳолда, гўё ўзи ҳам нима қилаётганини сезмагандай туғилган кун тортига ингичка пушти шамларни суқиб чиқа бошлайди.
СТЭНЛИ. Нечта шам бўлиши керак бу тортда?
СТЕЛЛА. Йигирма бешда тўхтаймиз.
СТЭНЛИ. Меҳмонлар бўладими?
СТЕЛЛА. Биз Митчни таклиф қилганмиз.
СТЭНЛИ (сал қовоғин уяди. Ҳозиргина чекиб бўлган сигаретасидан янгисини тутатиб олади). Бугун Митчни, яхшиси, чақирмай қўя қолинглар.
СТЕЛЛА (навбатдаги шамни ушлаганча тек қотади, аста Стэнлига қараб бурилади). Нега? Бу нима деганинг?
СТЭНЛИ. Ўзи Митч менга укадай гап. Икки юз қирқ биринчи саперликда бирга маташиб юрдик. Битта заводда ишлаяпмиз. Агар унга қандай кўз билан қараганимни билсанг эди…
СТЕЛЛА. Стэнли Ковалький, сен унга айтганмидинг…
СТЭНЛИ. Бўлмаса-чи, айтмай нима жин урибди мени? Ўртоғимни чув тушириб туришганида мен қараб турармидим? Қиёматгача виждон азобида қолган бўлардим-ку.
СТЕЛЛА. Митч у билан алоқани уздими?
СТЭНЛИ. Унинг ўрнида сен бўлганингда..
СТЕЛЛА. Мен Митч ҳақида сўраяпман – у билан алоқани уздими?
БЛАНШ (қаттиқроқ куйлайди. Унинг овози қўнғироқдай жаранглаб чиқади).
Бари рост бўларди агар
Сиз менга ишонсангиз.
СТЭНЛИ. Йўқ, албатта узган деб ўйламайман. Аммо у гап нимадалигини энди билади. Тамом-вассалом.
СТЕЛЛА. Стэнли, опам Митчга… турмушга чиқаман, деб юрибди. Мен ҳам рози эдим бунга.
СТЭНЛИ. Йўқ, Митч унга уйланмайди. Балки олдин уйланмоқчи бўлгандир, аммо энди… бу илонга ўзини урмайди. (ўрнидан туради). Бланш! Ҳой Бланш! Ўзимнинг ваннамга киргани қўясизми ёки йўқми? (Пауза.)
БЛАНШ. Хўп бўлади, сэр. Мана, бир сония сабр қилинг, артиниб олай, майлими?
СТЭНЛИ. Бир соат пойлаган бир сонияга ҳам чидар… агар бир сониянгиз чўзилиб кетмаса.
СТЕЛЛА. Энди уни ҳеч қаерда ўқитувчиликка қабул қилишмайдими? Хўш, у нима қилади энди, унга нима бўлади?
СТЭНЛИ. Сешанбагача шу ерда туради. Шунга келишгандик-ку, ё эсингдан чиқдими? Англашилмовчилик бўлмасин деб ўзим унга автобусга чипта олиб қўйдим. Йўлда тўхтамайди!
СТЕЛЛА. Биринчидан, опам ҳеч қачон автобусда кетмайди..
СТЭНЛИ. Юмшоққина автобусда кетса нимаси ёмон? Раҳмат десин.
СТЕЛЛА. Йўқ, кетмайди, кетмайди дедимми, кетмайди!
СТЭНЛИ. Кетади! Менинг деганим деган, айтганим айтган. Сешанбада кетади, бошқа гап-сўз бўлиши мумкин эмас!
СТЕЛЛА. Унга нима бўлади? Қаёққа боради?
СТЭНЛИ. Бундан кейинги йўли рап-равоқ – қаёқдан келган бўлса, ўша ёққа боради.
СТЕЛЛА. Бу билан нима демоқчисан?
(Бланшнинг ўша қўшиғи эшитилади.).
СТЭНЛИ. Ҳай, булбулигўё! Қўшиқ айтиб тўймадингизми? Қани ваннахонани бўшатиб қўйинг-чи! Неча марта айтиш керак?
Ваннахона эшиги ланг очилади, жилмайганча Бланш чиқиб келади, бироқ Стэнли ёнидан ўтаётганда, аёлнинг юзида озгина қўрқув пайдо бўлади. Стэнли унга қиё боқмайди ҳам, ваннахонага киради-да, эшикни қарсиллатиб ёпади.
БЛАНШ (соч чўткасини олиб). Барибир иссиқ ванна жоннинг ҳузури-да! Оҳ-оҳ-оҳ! Салқин тортиб, қушдай бўлдим…
СТЕЛЛА (ўчоқбошидан туриб, ғамгин ва тушкун ҳолда). Ростданми, опа?
БЛАНШ (чўткани сочида базўр юргизади). Худди баданим кучга тўлиб тошгандай. (Унинг қўлида музли виски қуйилган стакан ёқимли жаранглайди). Иссиқ ваннадан кейин муздек виски – дунё кўзингга баайни жаннатдек кўриниб кетади. (Портьер орасидан Стеллага қарайди ва соч тарашдан тўхтайди). Бир нима бўлган, шекилли! Нима бўлди?
СТЕЛЛА (тезда бир четга ўтади). Нима деяпсиз, опа, ҳеч нима бўлгани йўқ.
БЛАНШ. Бекор айтибсан. Бўлган…
Қўрқувдан кўзлари катта-катта очилиб, Стеллага қарайди. Стелла ўзини дастурхон тузаш билан банддек қилиб кўрсатади. Узоқлардан келаётган пианино овози бўғилади-да, жим бўлади, бамисоли куй катта тезликда учиб келиб, нимагадир урилади-да, майда-майда бўлиб кетади…
САККИЗИНЧИ МАНЗАРА
Орадан қирқ беш дақиқа ўтган. Катта-катта деразалардан шаҳар кўринади, кечки шафақда уни фарқлаш амри маҳол. Шафақ шуъласи сув минорасида ёки катта нефть цистернасида ҳам акс этади. Унинг ортида шаҳарнинг ишбилармонлар қисми кўринади. Олисда деразаларнинг ёруғи узуқ-узуқ чизиқлар шаклида кўринганидан уларнинг ёқилган чироқми ё кечки шафақми эканини билиб бўлмайди. Стол атрофида уч киши ўтирибди, унча қувноқ бўлмаган байрам зиёфати ниҳояланмоқда. Бир нохуш ҳолатни ўйлаётганидек, Стэнли маъюс кўринади. Стелла хижолатда ва ғамгин.
Бланшнинг чеҳрасида зўраки табассум қотган. Столдаги тўртинчи овқатга ҳали ҳеч ким қўл урмаган.
БЛАНШ (умумий жимликни бузиб). Бирон кулдирадиган нарса гапирсангиз-чи, куёв. Битта-яримта чўпчак-мўпчакми, а? Ҳаммаларингиз мотам тутган одамдай қовоқларингизни уйиб олгансизлар – нега? Мухлиси юз ўгирган санъаткорманми, ё? (Стелла кулишга ҳаракат қилади.) Бунақаси ҳали бошимга тушмаган, тажрибалардан кўзим роса пишган, умрим бино бўлиб қанақа эркакларни кўрмадим, бироқ чинакам истеъфога чиққанда… Ваҳ-ҳа-ҳа! Келинглар, латифагўйлик қилайлик, кулгилироғидан бўлсин аммо. Бундоқ ўйнаб-кулиб ўтирайлик-да.
СТЭНЛИ. Янглишмасам, шу пайтгача менинг битта ҳам латифам сизга маъқул келмаган, Бланш.
БЛАНШ. Йўғ-е, агар жўяли ва ҳаёли латифалар бўлса, нега ёқмас экан?
СТЭНЛИ. Сиз қаёқда-ю, мен қаёқда – сизнинг дидингиз жуда баланд, сиздай айта олармидим.
БЛАНШ. Унда, келинг, мен ўзим айта қолай.
СТЕЛЛА. Тўғри, опажон, айтинг! Тўкинг борини.
(Узоқдан мусиқа янграйди.)
БЛАНШ. Бўпти бўлмаса… фақат сизларга шундайидан… Ҳозир, ҳозир, аввал бисотимизни бир қараб кўрайлик-чи. Э-ҳа! Яхши кўрганларимдан – тўтиқушлар ҳақида латифалардан. Сизлар-чи?… Хўп, бўпти. Бир қариқиз ва тўтиқуш ҳақида. Мана бундай, бир қариқизнинг тўтиқуши бор экан, ўлгудай тили шалоқ экан, шунақанги сўкишларни билар эканки, мистер Ковальский унинг олдида ип ечолмай қоларкан.
СТЭНЛИ. Ҳ-аҳ!
БЛАНШ. Бу тўтиқушнинг нафасини ўчириш йўли биттагина экан – қафас устига кўрпа ташлаш, шунда у тун чўкибди деб, уйқуга кетаркан. Бир гал шундай бўлибдики – бу тонг маҳалдаги гап экан, қариқиз кундузи қафасдан кўрпани олиб ташлабди, тўсатдан эшик олдида кимни кўрибди денг – руҳонийни! Қариқиз тўтиқуш томон отилибди ва дарров қафас устига кўрпани ташлабди, шундан кейингина у руҳонийни ичкарига қўйган экан. Тўтиқуш жойида жимгина ўтираверибди, бироқ қариқиз меҳмондан қаҳвасига қанча шакар солишини сўраган ҳам эканки, тўтиқуш бор овозда сўкиб ташлабди: (хуштак чалади… онангни… ва орқасидан қўшиб қўйибди: “Оббо падарига лаънат-ей, ҳозир кунлар ҳам қисқа бўлиб қолибди-да!” (Бошини орқага ташлаб, кулади. Стелла ҳам ўзини қувноқ қилиб кўрсатишга беҳуда уринади. Стэнли бу латифани бир қулоғи билан эшитиб, иккинчи қулоғидан чиқариб юбормоқда эди. Гўё у ҳеч нарсани эшитмаётгандай, бутун стол оша сузилади, санчқига охирги торт бўлагини илдиради ва очофатлик билан паққос туширади.) Менинг тушунишимча, латифам мистер Ковальскийга ҳечам ёқмади.
СТЕЛЛА. Мистер Ковальский ўзини тўнғиздай тутгандан кейин нимага ҳам қизиқсин, бошқалар унинг олдида ҳеч ким эмас.
СТЭНЛИ. Тўғри айтдинг, хотин.
СТЕЛЛА. Нега яғиринг чиқиб юрасан доим – юзинг, қўлларинг… қараб бўлмайди! Бор ювин, кейин дастурхонни йиғиштиришиб юбор.
СТЭНЛИ (ўзининг ликопчасини ерга уради). Мана сенга дастурхон йиғиштириш. (Хотинининг қўлидан маҳкам ушлайди). Менга бунақа гапирма, ифлос, бундан кейин бундай гапирганингни эшитмай… Тўнғиз… поляк… жирканч… иркит… оғзи шалоқ… Опанг иккаловинг шунақа қилиб одамни ерга уришни жа ўрганиб олдиларинг! Хўш, ўзларинг ким бўлибсанлар? Бурунларинг осмонда – қироличалар! Асил қирол ким бу ерда? Бу ерда асил қирол – менман, шу нарса эсларингдан чиқмасин! (Столдан чашка ва ликобчани олиб отади). Мана, мен ўтирган жойимни йиғиштириб бўлдим. Сизлар учун ҳам йиғиштирайми?
Стелла паст овозда йиғлайди. Стэнли тантанавор эшик томон йўналади ва бўсағада туриб, сигарета чекади. Муюлишда, барда қора танлилар куй чаладилар.
БЛАНШ. Мен ваннада эканлигимда бу ерда нима бўлганди? У сенга нима деди, Стелла?
СТЕЛЛА. Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса!
БЛАНШ. Биламан, мен билан Митч ҳақида гап бўлган. Ҳа, ҳа, Митч нега келмаганини сен биласан ва айтишни истамайсан!(Стелла ночор бошини чайқайди.) Мен унга қўнғироқ қиламан.
СТЕЛЛА. Яхшиси кераги йўқ.
БЛАНШ. Қўнғироқ қиламан дедимми, қиламан.
СТЕЛЛА (синиқ оҳангда). Фойдаси йўқ, опа.
БЛАНШ. Ахир бунақаси кетмайди, нима гаплигини кимдир менга айтиши керак-ку. (Хобгоҳга, телефонга боради).
Стелла айвонга чиқади ва эрига ўпкали қарайди. У эса ўзича нималарнидир ғўнғиллаб, тескари ўгирилади.
СТЕЛЛА. Суюн энди, жуда бопладинг… ҳеч қачон бугунгидай пичоқ бориб суякка қадалмаганди, опажонимнинг юзини ва мана бу эгасиз курсини кўрганимда юрагим аллақандай бўлиб кетади. (Йиғлаб юборади).
БЛАНШ (телефонда). Алло! Илтимос, мистер Митчеллни чақириб берсангиз. Ҳа- а!.. Агар, малол келмаса, мен ўз рақамларимни қолдирсам. Монголия тўқсон – қирқ етти. Жуда зарур иш билан экан деб қўйсангиз…. Ҳа, ҳа, жудаям муҳим иш… Раҳмат сизга. (Хаёли қочган, қўрқиб кетган ҳолда телефон олдида пича туриб қолади).
СТЭНЛИ (аста хотини томон ўгирилади, уни қўполларча тортиб, қучоғига олади). Манави кичкинанинг холажониси кетса, ҳаммаси жойига тушади. Яна аҳил-иноқ бўлиб яшай бошлаймиз ва ҳамма нарса илгаригидай бўлиб кетади. Қанақа эдинг, эсингдами? Иккаламиз тунларни қанақа ўтказардик! Эй Худо! Ахир, жонгинам, тунлари қанақанги ўйнаб-кулардик, қанақа ҳазиллар қилмасдик, а? Эсиз, ўша кунлар ва ўша тунлар! Парда ортида қулоқ тутадиган ҳеч қанақа опа-мопа бўлмаса, ҳеч нарсадан хавотир олмасанг, буни яшаш деса бўлади, яна аввалгидек айшу ишратга кўмиламиз! (Юқоридан қаҳқаҳа, қийқириқлар, чийиллашлар эшитилади. Стэнли паст овозда кулиб қўяди). Ана! Стив билан Юнис…
СТЕЛЛА. Жойимизга қайтдик. (Ўчоқбошига боради ва оқ тортга суқилган шамларни ёқишга киришиб кетади.) Бланш!
БЛАНШ. Ҳа? (Столга қайтади). Оҳ, бу шамлар – митти, митти шамлар… Ёқма уларни, Стелла, кераги йўқ.
СТЕЛЛА. Яна бошланди!
Ўчоқбошига Стэнли ҳам қайтади.
БЛАНШ. Уларни кичкинанинг туғилган кунига асраб қўй. Унинг бутун ҳаётини байрам шамлари ёритиб турсин ва унинг кўзчалари оқ тортда ёқилган икки зангори оловни кўрсин…
СТЭНЛИ (ўтириб). Шоир бўлиб кетинг-е!
БЛАНШ (сукутдан сўнг, ўйчан). Унга бекор қўнғироқ қилибман, фойдаси йўқ эди.
СТЕЛЛА. Бир ҳисобдан яхши ҳам бўлди.
БЛАНШ. Бунақаси кечирилмайди, Стелла. Бировнинг кўнглини оғритиш яхши эмас. Мени хоҳлаган кўйга солса бўлаверади, деб ўйламаслиги керак.
СТЭНЛИ. Уф-фу, ваннада одам шунчалик кўп чўмиладими – ҳали ҳам буғ бўралаб чиқиб турибди.
БЛАНШ. Мен сизлардан уч марта кечирим сўрадим-ку. (Пианино ишга тушади.) Иссиқ ванна асабимга зарур. Бу гидротерапия – сув муолажаси дейилади. Сиз полячоксиз, соғлом одамсиз, асабсиз мавжудотсиз, асаблардан ўзингни қаерга қўйишни билмай қолиш нималигини сиз туш кўриб ўтирибсизми.
СТЭНЛИ. Мен ҳеч қанақа полячок-молячок эмасман. Польшадан чиққанларни – поляклар дейишади, полячоклар эмас. Мен эса юз фоиз америкаликман, ер юзидаги энг буюк мамлакатда туғилганман, ўсганман ва бу билан ўлгудай фахрланаман, шунинг учун мени полячок дейишингиз ҳечам тўғри эмас!
Телефон жиринглайди.
БЛАНШ (худди шуни кутиб тургандай, ўрнидан туради). О, бу менга, албатта, менга.
СТЭНЛИ. Ҳали номаълум. Нега “дик” этиб туриб кетаверасиз? (Шошмай телефон томон юради). Эшитаман! А-а, ҳа-ҳа, зўр, Мак! (Деворга суянади,оғир, тик нигоҳлари билан Бланшга масхаромуз тикилиб қарайди.)
Бланш қўрқиб орқаси билан курси суянчиғига ёпишади. Стелла олдинга интилади, қўлини опасининг елкасига қўяди.
БЛАНШ. Кераги йўқ, Стелла. Нима бўлди? Нега менга бунақа аянчли қарайсан?
СТЭНЛИ (бўкиради). Жим бўлинглар!!! Э, бир хотин киши бор, дунёни бошига кўтаради… Хўш, кейин-чи, Мак? Райлиникидами, йўқ, Райлиникида ўйнашни истамайман! Ўтган ҳафта у билан сўкишиб қолганман. Мен ҳозирча жамоа сардориман, янглишмасам, а? Шунақа. Шундай бўлгач, Райлиникида ўйнамаймиз… Ҳа, Уэст Сайд ёки “Гала”да. Келишдик, Мак. Ҳозирча. (Гўшакни илади ва столга қайтади.Бланш ўзини қўлга олиш учун қаҳрамонларча ҳаракат қилади, ўз қадаҳидан бир қултум сув ичади. Ҳеч нарсани пайқамаётгандек, чўнтагига қўлини суқади. Шошмасдан, дона-дона қилиб, ясама дўстона оҳангда). Опажонимиз Бланш, туғилган кунларига деб мен бир совға тайёрлаб қўйгандим.
БЛАНШ. Нималар деяпсиз, Стэнли… ростданми? Ҳеч ўйламагандим буни. Умуман, билмадим, менинг туғилган кунимни нишонлаш Стелланинг хаёлига қандай кела қолди экан. Мен эса эслашга ҳам арзимайди, деб ўйлаб юрардим, нима бўлганда ҳам… йигирма етти ёш! Ўзи ёш-пошга қарашнинг ҳам кераги йўқ – яхшиси, эътибор қилмаслик керак!
СТЭНЛИ. Йигирма етти?
БЛАНШ (шошиб). Хўш, билайлик, қанақа совға экан, куёвжон? (Стэнли унга бир ихчамгина, хатжилдни узатади.) Бу ростданам менгами?
СТЭНЛИ. Ҳа. Ёқади деб умид қиламан.
БЛАНШ. Ахир бу… бу…
СТЭНЛИ. Чипта! Лорелгача! Автобус, тўғри олиб боради! Сешанбага. (Паст оҳангда, худди сирли куйдай варшавалик қиз полькаси янграйди. Стелла сапчиб туради ва ўгирилиб олади. Бланш жилмайишга ҳаракат қилади, аммо эплолмайди. Кулмоқчи бўлади – бу ҳам бўлмайди. Сакраб туриб, хобгоҳга югуради. Қўли билан томоғидан ушлайди ва ўша заҳоти ваннахонага отилади. Худди биров бўғаётгандай йўталади, хириллайди.) Ана шунақа!
СТЕЛЛА. Сенга шу керакмиди? Шундай қилмасанг, тура олмайсанми?
СТЭНЛИ. Жонимни кекирдагимга келтириб юборди-ку, унутдингми?
СТЕЛЛА. Ўлганнинг устига тепган билан баравар қилдинг, бераҳм! Бусиз ҳам ўзи яккаланиб қолган.
СТЭНЛИ. Пок ва виждонли аёл..
СТЕЛЛА. Ҳа, пок ва виждонли аёл! Шунақа эди. Сен уни илгари кўрмагансан. Қанақа эди у! Ундан оқкўнгил, ундан фидойи одам йўқ эди. Оғайниларинг, сенга ўхшаганлар эса уни ер билан битта қилишди, номусини топташди, унинг бунақа бўлишига сиз эркаклар айбдорсиз.(Стэнли хобгоҳга ўтади, кўйлагини ечади, ялтироқ спорт либосини кияди. Эрининг ортидан боради). Шундан кейин ҳам ўйин, қарта кўнглингга сиғадими?
СТЭНЛИ. Сиққанда қандоқ.
СТЕЛЛА. Йўқ, ўйнамайсан. (У эрининг кўйлагига маҳкам ёпишади). Нега уни бунчалар хўрлайсан?
СТЭНЛИ. Мен уни хўрлаганим йўқ. Қўйиб юбор. Йиртасан!
Стела. Йўқ, нимагалигини билмоқчиман, жавоб бер, эшитаяпсанми?
СТЭНЛИ. Сен билан танишганимда, менга худди плебейга қарагандек қараган эдинг. Начора, тўғри қилгансан, хотин. Ҳа, плебей эдим, ҳа, сурбет эдим! Ўшанда менга мана шу сувратни кўрсатган эдинг: устунли катта уй. Сени устунлар ичидан олиб чиққан эдим, уйимга олиб келган эдим, пастга, ўшанда чиндан бахтимиз очилганди, кўзимга сендан бошқаси кўринмасди, кўринишининг кераги ҳам йўқ эди! Мана шу бизникига келишидан олдин бахтиёр эмасмидик, ёмон эдикми? (Стелла бутун вужуди билан олдинга ташланади. Худди биров уни отини айтиб чақиргандек нигоҳи маъносиз тикилиб қолади. Жуда эҳтиёткорлик билан, оёқларини судраб, курси суянчиғидан тутиб, нарига, стол чеккасига йўл олади, бамисоли овоз келган томонга юрган кўрдек. Стэнли кўйлагининг тугмаларини қадаб, шимини ичига солиб, Стелланинг жавобига қулоқ солмасдан такрорлайди). Бизлар бахтли эмасмидик? Иккаламиз аҳил-иноқ яшамаётган эдикми? Манави… бизникига келгунча! Ҳали у, ҳали бу, мен унга маймун бўлиб қолибман… (Стеллага бир нима бўлиб қолганини пайқайди). Ие, Стелла, нима бўлди сенга? (Унинг олдига югуриб келади).
СТЕЛЛА (эшитилар-эшитилмас). Мени касалхонага олиб бор.
У хотинини қўлтиқлайди ва аста-аста юпатиб, эшикка олиб келади. Стэнлининг шивирлаб гапириши пасайиб кетаверади. Кетадилар.
Бланш паст ва маҳзун овозда куйлайди.
ТЎҚҚИЗИНЧИ МАНЗАРА
Орадан бирмунча вақт ўтади. Бланш букчайиб, ноқулай аҳволда, кескин қиёфада, кўндаланг яшил ва оқ йўл-йўл мато қопланган ўриндиқда, оч қизил атлас халатда ўтирибди. Унинг олдидаги столда бир шиша ва стакан. Варшавалик полькаси авж пардаларда янграйди. Мусиқа Бланшнинг қулоғига кириб-кирмайди, мана бу васвасаю уни ҳар томондан қисиб келаётган фалокат сезгисидан қутулиш учун қўшиқ куйлайди. Лаблари унсиз бир нималарни ирод қилади, афтидан полька куйига монанд сўзлар бўлса керак. Ёнида электр елпиғич. Кўчада Митч пайдо бўлади. Кўк коржомада – дағал қоғоз матодан тикилган шим ва курткада, соқоли ўсган. Бурчакдан чиқиб келади-да, равоққа кўтарилади. Қўнғироқ жиринглайди.
БЛАНШ (чўчиб тушади). Ким у?
МИТЧ (хириллаб). Бу мен, Митчман.
Куй тўхтайди.
БЛАНШ. Митч?! Шундай маҳалда-я. (Шошиб шишани шкафга яширади, ойна олдида ўралашади, наридан-бери юзига атир ва упа сепади. У азбаройи ҳаяжонланганидан сабрсизлик ила оғир-оғир, узуқ-юлуқ нафас оларди. Ниҳоят тайёр бўлиб, эшикка югуради, йигитни ичкарига киритади). Митч! Сизни асли уйга қўймаслиги керак эди, одамни изза қилдингиз! Эркак деган ҳам шунақа бўладими? Аммо, бўпти, ўтган ишга салавот… Хуш келибсиз, азизим! (Унга лабларини тутади.Бироқ йигит уни гўё кўрмагандек, бетўхтов ўтиб кетади ва гўё аёл йўқдай тўғри хонадонга кириб боради. Бланш унинг гердайиб хобгоҳ томонга ўтиб кетганини ваҳм билан кузатади). Ё алҳазар, бу қанақаси бўлди! Уст-бошингизга қараб бўлмайди… Устига устак соқолингиз олинмаган! Аёлга ҳурмат шунақа бўладими?.. Аммо мен сизни кечираман. Кечирганман, сиз келдингиз – дарров кўнглим енгил тортди. Сиз келишингиз билан миямни пармадай емираётган анови куй ҳам тўхтади – жинни бўлиб қолаёзгандим. Сизда ҳам шунақа бўладими, мияга бир ўтириб қолгандан кейин сира ундан қутулиб бўлмайди? Йўқ, албатта, сиздай уятчан йигитга, шундай паҳлавонга аллақандай бемаъни хаёллар чўт бўлибдими?
То аёл унга яқин бормагунча Митч ундан қаттиқ тикилган нигоҳини олмайди. Йўл-йўлакай унинг яхшигина отиб олгани шундоқ кўриниб туради.
МИТЧ. Манависиз иш битмайдими? (Электр елпиғичга имо қилади).
БЛАНШ. Битади.
МИТЧ. Турқи совуқ нарса.
БЛАНШ. Унда ўчирамиз, жоним. Менга ҳам ёқмай турувди. (Ўчиргич тугмачасини босади ва электр елпиғич гердайиб таъзим қилганча тўхтайди. Митчнинг хобгоҳда ўзини ўринга ташлаб, сигарета тутатганига қараб туриб, хижолатдан йўталиб қўяди. Аммо эътироз билдиришга журъат қилмайди). Бизларда ичгани ул-бул бор-йўқлигини ҳам билмайман… Ҳали у ёқ-бу ёққа қараб улгурмадим.
МИТЧ. Бу Стэнли… унинг ювиндисига зор эмасман.
БЛАНШ. Буниси эса уники эмас. Аммо барибир бу ердаги ҳамма нарса унга қарайди, албатта. Бу уйда баъзи нарсалар менга ҳам қарайди. Онангиз қандай, Митч? Аҳволи дурустми?
МИТЧ. Бу гапни қаёқдан олдингиз?
БЛАНШ. Ахир сизларникида бир нима рўй берган-ку?..Йўқ, йўқ, қўрқманг, ҳеч қанақанги қарши савол-жавоб бўлмайди. Аксинча, мен… (Фикрини тўплаб олмоқчидай саросима ичида манглайини артади). Худди рақсга жўр бўлгандек полякча куй янграйди… Сизникида ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандай тутишга ҳаракат қиламан. Ана, холос… яна шу куй!
МИТЧ. Тағин қанақа куй?
БЛАНШ. Ҳамон ўша куй-да! Полякча, Аллан ҳалигиндай… Шошмай туринг! Ҳозир, ҳозир… (Олисдан револьер овози келади. Елкасидан тоғ тушгандек.) Ана, унинг ўзи – ўқ овози! Шундан кейин ўша куй, одатда тинади. (Полька аста-секин тинади.) Ҳа, мана, у тинди.
МИТЧ. Нима, жинни-пинни бўлиб қолмаганмисиз?
БЛАНШ. Ҳозир қараймиз, бизда у-бу топилармикан… (Шкафга яқинлашади, ўзини у ерда шиша бор-йўқлигини билмаганга солади). Ҳа, айтганча, мени маъзур тутасиз – кийинмаганман. Сирасини айтганда, мен сиздан қўлимни ювиб, қўлтиғимга суртиб қўйган эдим. Сиз кечки зиёфатга таклиф қилингангизни эсдан чиқардингизми?
МИТЧ. Менинг сизларни кўргани кўзим йўқ эди.
БЛАНШ. Бирпас сабр қилинг. Бу ердан яхши эшитмаяпман, сиз шунақанги сўзларга хасиссизки, битта ҳам сўзингизни увол қилгим йўқ. Ие, ўзи нимани қидираётувдим? Э-ҳа, ичгани бирон нарса. Бу ерда бутун оқшом битимиз тўкилиб хушчақчақлик қилдик, шунинг учун жиннига айланганим бир ҳисобдан тўғри. (Бирдан шиша топиб олгандай ҳаракатлар қилади. Митч бир оёғини тўшак устига ташлаб, Бланшга ижирғаниб қарайди.) Хў-ўш, бир нима топдим. Сизлар эса, биламан, жанубчасига иш қилдинглар, ҳамма нарса бадастур… бизда нега бунақайкин, ҳайронман…
МИТЧ. Модомики, билмас экансиз, демак, у сизга қарамайди.
БЛАНШ. Оёғингизни тўшакдан олсангиз-чи. Оппоқ тўшакка ташлаб олибсиз. Ҳа, ҳа,сиз, эркаклар, бундай майда-чуйдалар билан иш тутмайсиз. Мен эса бу уйни тартибга солгунимча нақ она сутим оғзимга келган.
МИТЧ. Ол-а, қуруқ гаплар билан десангиз-чи…
БЛАНШ. Ахир мен келгунча бу ер қанақа бўлиб ётишини билардингиз-ку. Энди эса… бир қаранг! Уй эмас – кошона! Энди доим шунақа бўлади, бу ёғига ўзим қаттиқ тураман… Билмадим, бунга нима аралаштиришган… ё ўзи тозаланганмикан? М-м-м… ширин. Жуда ширин… Даҳшат ширин… Ваҳ, ахир бу ликёр-ку… Бўлмаса-чи! Ҳа, ҳа, худди ўзи – ликёр. (Митч бир нарса деб ғўлдираб қўяди.) Сизга ёқмасмикан дея қўрқаман. Татиб кўринг-чи, балки бирдан ёқиб қолар?
МИТЧ. Сизга айтдим-ку, унинг бисотидан менга ҳеч нарса керак эмас, деб, қанча айтиш керак сизга? Бу сизники эмас, уники бўлгандан кейин яна унга ёпишиб олишингиз ярамайди. Бор вискимни битта ҳам қолдирмай ичиб тугатди деб, оламга жар солиб юрибди-ку.
БЛАНШ. Бу қандай бемаънилик! Тағин жағ уриб мақтайсиз… Бунақасини кутмагандим! Аммо мен майда-чуйда гапларга парво қилмайман, бунга бир нарса деб жавоб қайтаришни-да эп билмайман ўзимга.
МИТЧ. Ҳ-ҳа!
БЛАНШ. Бу нима деганингиз? Кўнглингизда бир гап борга ўхшаяпти. Кўзингиздан кўриниб турибди…
МИТЧ (тўшакдан туриб). Нега нуқул қоронғуда гаплашамиз ўзи?
БЛАНШ. Менга шуниси кўпроқ ёқади. Қоронғуда қулайроқдай.
МИТЧ. Ҳа, назаримда, мен сизни бирон марта ҳам ёруғда кўрмаганман.
(Бланш овозсиз кулади.) Ҳа-да, бир марта ҳам.
БЛАНШ. Ростданми?
МИТЧ. Кундузи бирон марта ҳам.
БЛАНШ. Кимнинг айби билан?
МИТЧ. Кундузи сиз кўринишни истамайсиз – ҳар доим шунақа.
БЛАНШ. Мен кўринмайман эмас, Митч, ўзингиз куни билан заводда бўласиз.
МИТЧ. Аммо якшанбалар бор-ку. Неча марта якшанбада сайрга таклиф қилдим ва ҳар доим сизда битта баҳона тайёр туради. Олтигача сизни ўрнингиздан қўзғатиб бўлмайди. Бас, қачон қарама, ёруғ камроқ жой насиб қилади, холос.
БЛАНШ. Ўзингиз ниманидир яширасиз, Митч, миянгизда нима ўйлар айланиб юради, сира ақлим етмайди.
МИТЧ. Нима ўйлар бўларди, Бланш. Фақат бир гапни айтиб қўймоқчиман, то шунгача сизни дурустроқ кўриб олишни мавриди бўлмади-бўлмади. Келинг, чироқни ёқиб олайлик, майлими?
БЛАНШ (қўрқиб). Чироқ? Яна қанақа чироқ? Нега?
МИТЧ. Лоақал қоғоз қалпоқли мана бу лампочкани ёқайлик… (Лампадан қалпоқни юлқиб олади).
БЛАНШ (оҳ деб юборади ва даҳшатдан бир лаҳза лол қолади). Нега ундай қиласиз?
МИТЧ. Сизни яхшилаб кўриб олиш учун, тентаксиз.
БЛАНШ. Ҳатто ишонгим келмаяпти, сиз ростданам мени хўрламоқчимисиз?
МИТЧ. Бу хўрлаш эмас, шунчаки реализм.
БЛАНШ. Менинг реализмга тоқатим йўқ. Мен афсунгарлик тарафдориман. (Митч кулади.) Ҳа, ҳа, афсунгарлик тарафдориман! Мен уни одамларга етказмоқчиман. Уларни бор нарсани қандай бўлса, шундоқлигича кўришга мажбур қиламан. Ҳа, мен ҳақиқатни айтмаётибман, қандай бўлса шундайлигича эмас, ҳаётда қандай бўлиши керак бўлса, ўшандай кўриш ҳақида гапираяпман. Агар гуноҳга йўл қўйган бўлсам, айнан шу гуноҳим учун Худонинг қарғишига учрай – бунга заррача эътирозим бўлмайди… Қўйинг, чироқни ёқманг!
Митч штепсел олдига келади. Чироқни ёқади ва аёлга синчиклаб қарайди. Бланш қичқиради, қўллари билан юзини беркитади. Митч чироқни ўчиради.
МИТЧ (аста, алам билан). Сиз мен ўйлагандан кўра каттароқ экансиз, ҳай майли, бу бир тарафдан маъқулдир ҳам. Аммо қолган барчаси… Эй, Худо! Орзуларингизнинг эскиликпарастлиги ҳақидаги жаранги, сиз бутун ёз бўйи заҳарлаб келган мана бу ўмоч. Ҳа, сиз ёш қизалоқ эмассиз, ўн олти яшар бўйи етган дуркун ҳам эмассиз, мен албатта, буни фаҳмлар эдим. Аммо мен ғирт аҳмоқ эдим, сиз мен билан алдовсиз ўйин ўйнаётганингизга ишонар эдим.
БЛАНШ. Мен таниқли қарта билан ўйин ўйнаётганимни ким айтди сизга? Менинг меҳрибон куёвимми? Мана сиз ишонган одам.
МИТЧ. Ҳа. Мен уни бошда савағич деб мазах қилардим. Кейин эса нима гаплигини аниқладим. Аввал ўзимизнинг таъминотчимизга мурожаат қилдим, у доим Лорелда бўлиб туради. Кейин шаҳарлараро телефонда у билан боғландим ва у олибсотар билан гаплашдим.
БЛАНШ. Ким билан, ким билан?
МИТЧ. Кифербей билан.
БЛАНШ. Кифербей… Лореллик савдогар. Ҳа, биламан, нуқул кўчадан ўтганда хуштак чалар эди. Мен боплаб унинг таъзирини берганман. Мана, тўловини тўлади, энди ҳар хил бўҳтонларни тарқатиб юрибди.
МИТЧ. Кифербей, Стэнли, Шоу – учаласи! Мана шу бўҳтонларни ростга чиқариш билан овора.
БЛАНШ. Ҳа-а! Банг-бака-бум, банг-бака-бум, Мағзавага тушди уч каллахум…
МИТЧ. Айтинг-чи, сиз “Фламинго” отелида турганмисиз?
БЛАНШ. “Фламинго”да? Ие, нималар деяпсиз… “Тарантул”да турганман! Турган жойимни айтсам – “Тарантулнинг панжасида” лавҳаси осиғлиқ меҳмонхона.
МИТЧ (ақли етмай). Тарантул?
БЛАНШ. Ҳа-да! Баҳайбат ўргимчак тўри… Ўз қурбонларимни шу ерга авраб олиб келардим (Ўз стаканига ароқ қуяди). Мен тўғри келган билан илакишиб кетаверардим, уларнинг сони бор, саноғи йўқ. Алланнинг ўлимидан кейин менга етти ёт бегоналар, нотаниш кишилар, ён-веримдан ўтиб кетаверадиган тасодифий йўловчилар ва ҳамманинг фақат таскин-тасаллиларигина ҳувиллаб қолган юрагим ташналигини қондирадигандек бўлиб туюларди… Азбаройи қўрққанимдан… ҳа, ҳа, айнан даҳшат эди, у мени таъқиб қиларди ва мен ваҳима ичида биттасидан қочиб, бошқасига ташланардим, ўзимга таянч қидирардим – қанақа бўлса ҳам, қаерда бўлмасин, ким билан бўлмасин, ўша таянч учун Худога шукурлар айтар эдим! Иш бир ўн етти яшар ўспирингача бориб етди… Кимдир мактаб директори номига қуйидагиларни ёзиб бериб: “Бу қиз ўқитувчи номига иснод келтирди!” (Бошини орқага ташлаб кулади: жазавасидан бунинг – кулги ёки йиғи эканини ҳам билиб бўлмасди. Кейин сўзма-сўз такрорлайди. “Бу қиз…” Томоғига бир нарса келиб тақалади, ичади). Шу адолатданми? Ҳа, дарвоқе… иснод келтирган бўлсам… келтиргандирман… ким қандай қарайди… Хуллас, етиб келдик, мана, сиз ва мен! Бошқа борадиган ерим қолмаганди: тамом, бу ёғи энди жаҳаннам. Биласизми, бу жаҳаннам деб нимани айтаяпман? Қарабсизки, кўз очиб юмгунча ёшликдан асар ҳам қолмабди, қаёққа кетганини Худодан бошқа ҳеч ким билмайди… Мен сиз билан учрашганимда айтгандим… ва сиз ҳам. Менга сизни юборганидан Худога шукрлар қилгандим… Сиз ишончли одамдек бўлиб кўрингандингиз, тоғдай бардошли, барча бало-қазолардан ҳимоя қилувчи балогардон эдингиз гўё! Энди бари аён бўлди: ҳаётдан кўп нарса сўрашга ҳаққим йўқ экан, бировга умид кўзи билан қарамаслигим керак экан. Кифейбер ҳам, Стэнли ҳам, Шоу ҳам қуюшқондан чиқиб кетган фирибгар аёлни етти иқлимга овоза қилди.
Жимлик.
МИТЧ (унга қараб қолади, яна нимани ўйлаш кераклигини билмайди). Сиз мени алдадингиз, Бланш.
БЛАНШ. Қўйсангиз-чи… алдаганим йўқ!
МИТЧ. Ҳаммаси ёлғон эди, сўзларингиз ҳам, ўйларингиз ҳам бошдан-оёқ ёлғон – ғирт ёлғон!
БЛАНШ. Бекор айтибсиз! Тепамда Худо турибди, сизга битта ҳам ёлғон гапирганим йўқ..
Бурчакда чакана савдогар – қора шойи ёпинган кўр мексикалик хотин кўринади. Унинг қўлида бир тутам тунукадан қилинган гул бор – мексика камбағаллари дафн маросимига ҳам, бошқа тантанали маросимларга ҳам шуни гердайиб кўтариб бораверадилар. У эшитилар-эшитилмас қилиб тиланади, билиш қийин – кўчада ким ва нималигини ҳам билиб бўлмайдиган бир қиёфа кўринади.
МЕКСИКАЛИК ХОТИН. Floris. Floris. Floris para lus muertos. Floris…
БЛАНШ. Нима, нима?.. Э-ҳа, эшик ортида кимдир бор…
Эшик олдига боради, очади, қарайди. Нақ рўпарасида мексикалик хотин.
МЕКСИКАЛИК ХОТИН (эшикда, Бланшга бир неча тунука гулни узатади). Flovers. Flovers para los muertus…
БЛАНШ (қўрқиб). Йўқ, йўқ, керак эмас! Ҳозирча керак эмас! Ҳозирча керак эмас!.. (Мексикалик хотиндан шартта ўзини орқага, уйга олади, шошиб эшикни унинг юзига ёпади).
МЕКСИКАЛИК ХОТИН. Flovers. Flovers para los muertus…
Помса усули янграйди.
БЛАНШ (ўзига-ўзи гапиргандек). Ҳамма нарса барбод бўлмоқда, емирилмоқда, уваланиб кетмоқда… Одамлар эса афсус-надоматда, бир-бирини ерга уради… “Сен уни ундай, буни бундай қилганингда, менинг уни ундай, буни бундай қилишимга ҳожат қолмасди.
МЕКСИКАЛИК ХОТИН. Coronac para los muertus….
БЛАНШ. Марҳумларнинг мероси… Ҳ-ҳа! Яна қўшимчасига турли яхшиликлар… Қон юқи ёстиқпўшлар, масалан! “У чойшабларни алмаштириши керак”… “Яхши ойи! Аммо чўриқиз бор-ку, балки занжи қиз алмаштирар?”. Йўқ, албатта, у замонлар ўтиб кетган. Ҳаммаси ўтиб кетган, ҳеч нарса қолмаган. Фақат…
МЕКСИКАЛИК ХОТИН. Flovers.
БЛАНШ. Ажал… Мен кароватнинг бир томонида, у – иккинчи томонида ётарди, ажал эса ўша ерда, биқин остида бўларди… Биз эса сира сир бой бермасдик, ўзимизни бундай нарсаларни кўрмаганга ҳам, эшитмаганга ҳам солиб туравердик.
МЕКСИКАЛИК ХОТИН. Flovers. Flovers para los muertus…
БЛАНШ. Ўлимга қандай даво бор? Хоҳиш, севги. Бўлмаса нимага ҳайрон бўласиз? Ҳайрон бўлса, бўлгулик-да!.. “Орзу”дан сал нарида – унда у бизники эди – ҳарбий қароргоҳ бўлгувчи эди, у ерда янги олинганларни машқ қилдирилар эди. Ҳар шанба кечқурунлари йигитлар шаҳарга йўл олар ва тўйиб ичар эди.
МЕКСИКАЛИК ХОТИН. (жуда паст овозда). Coronas…
БЛАНШ… Қайтишда эса оёқда базўр турар эдик! – биз томонга ўгирилишарди-да, дераза тагидан туриб қичқиришарди: “Бланш!”, “Бланш”. Бувижонимиз жуда кексайиб қолган бўлиб, ҳеч нарсани эшитмас ва ҳеч нарсага фаҳми етавермасди. Мен эса… мен пайт пойлаб туриб, жуфтакни ростлаб қолардим ва уларнинг чақиришига товуш қайтарардим… Кейин эса патруль майсазоримизда уларнинг жасадларини топиб олиб… юк машинасига ортиб ва… хайр, оқ йўл…
Мексикалик хотин шошмай бурилади-да, изига қайтади, унинг мунгли илтижолари тинади. Бланш пардоз столига боради-да, унга суянади. Жимлик. Митч ўрнидан туради ва кескин равишда Бланш томон келади. Полька тинади. Митч Бланшни қучоқлайди, уни ўзи томон буришга уринади.
БЛАНШ. Тағин нима керак сизга?
МИТЧ (уни журъатсиз қучиб). Бутун ёз бўйи мен эришолмаган нарса.
БЛАНШ. Унда менга уйланинг-қўйинг, Митч.
МИТЧ. Ҳа, нима десам экан, ҳаммасидан ҳафсалам пир бўлган.
БЛАНШ. Демак, уйланмайсиз?
МИТЧ (уни қўйиб юбориб). Сиз у қадар пок эмассиз, Бланш… Шу, сизни уйга қандай олиб кираман, у ерда онам бор.
БЛАНШ. Ундай бўлса, кетинг! (Митч унга узоқ қараб қолади.) Бу ерда бошқа қорангизни кўрмай… Акс ҳолда мен бутун кўчани оёққа турғизаман! (Бланш жазавага туша бошлайди.) Қорангизни кўрмай бошқа, бўлмаса бутун кўчани тит-пит қиламан… (Митч ҳамон ундан синовчан нигоҳини олмайди. Бланш ёз оқшоми осмонининг ёрқин тўртбурчаги кўрилган дераза томонга отилади… ва телбалардек қичқира бошлайди). Ёнғин!..Ёнғин!.. Ёнаяпмиз!..
Митч қўрққанидан оғзини очади ва вақт ғаниматда эшикка отилади. Зинадан қўполларча тап-тап тушиб, бурчак ортига ғойиб бўлади. Бланш чайқалиб, деразадан нари кетади, тиз чўкади. Аллақаерларда, олис-олисларда пианино секин, ғамгин нола қилади.
ЎНИНЧИ МАНЗАРА
Яна бир неча соат ўтади. Тун. Бланш Митчни кузатиб қўйиб, бор кучини аямай кашта тикишга зўр беради. Сандиғини хобгоҳ ўртасига олиб бориб қўйган. Сандиқ қопқоғи очиқ бўлиб, оч рангли кўйлаклар босиб ташланган. Ичкиликдан ва ўзига оро бериб бўлгандан кейин аста-секин унинг чиройи очила бошлайди ва ниҳоят дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, дунё кўзига чақнаб кўринадиган даражага етган, у эгнига доғ-дуғ теккан ва ғижимланган кечки оқ атлас кўйлагини, оёғига олмосдай ялтироқ пошнали туфлисини кийган. Энди рейн тошлари қадалган кулоҳини тошойна олдига авайлаб қўяди ва ҳаяжондан эс-ҳушини йўқотиб, гўё атрофида мухлислари тўпланган ҳолатдагидек шивирлайди.
БЛАНШ. Тавба-тазарру қилгани тош тўғонга бориб, ойдинда бир чўмилиб келмаймизми, а? Фақат рулда ўтиришга яроқли одам топиш керак, борми шундай одам? Ахир ҳаммамиз мастмиз. Ҳаҳ-ҳа. Бош ғувиллаганда бўлмагани яхши, бир сузсанг, кўрмагандай бўлиб кетасан. Фақат сув босган хандақдан эҳтиёт бўл, ўзи чуқур бўлмаса ҳам кўзга қараб шўнғиш керак, акс ҳолда бир тўнкага бошингни уриб олсанг борми – фақат бир кундан кейин “сузиб” чиқасан… (Қалтираган қўли билан кўзгуни юзига олиб боради, ўзини яқиндан кўрмоқчи бўлади. Уҳ тортиб, кўзгуни столга чунонам урадики, кўзгу чил-чил бўлади. Паст овозда оҳ тортади, оёққа туриш учун беҳуда ҳаракат қилади.
Кўчада, муюлиш ортидан Стэнли кўринади. У ҳамон ўша оч рангли спорт кийимида. У пайдо бўлиши билан узоқдан оддий балаган оркестри янграйди. У ўчоқбошига етиб келади, ортидан эшик “гуп” этиб ёпилади. Бланшга қараб, калта ҳуштак чалиб қўяди. Енгил кайфи бор, йўл-йўлакай уйга ўзи билан бир неча шиша пиво олиб келган.) Хўш, сингилжонимнинг аҳволи қалай экан?
СТЭНЛИ. Михдай.
БЛАНШ. Бола-чи?
СТЭНЛИ (дўстона тиржайиб). Эрталаб дунёга келади. Энди, шунинг учун уйга бориб, бироз мизғиб олинг, деб мени жўнатиб юборишди.
БЛАНШ. Бундан чиқди, биз иккимиз яккама-якка шу ерда қолар эканмиз, шундоқми?
СТЭНЛИ. Аҳа. Сиз ва мен, биз иккаламиз, Бланш… Башарти, битта-яримтани каравот тагига яшириб қўймаган бўлсангиз. Ниманинг шарафига жа ясан-тусанни шай қилиб олибсиз?
БЛАНШ. Э-ҳа, шуни айтинг. Сизсиз ҳам телеграмма келган эди… Ҳа, бир эски мухлисимдан телеграмма олган эдим.
СТЭНЛИ. Хушхабарми?
БЛАНШ (бошини орқага ташлаб). Кариб денгизи бўйлаб яхтада сайр қилишга!
СТЭНЛИ. Хўш, хўш. Энди нима бўлади?
БЛАНШ. Умрим бўйи бундан катта тасодифни эслолмайман.
СТЭНЛИ. Бу телеграмма очиқ кундаги момақалдироқдек бўлди мен учун.
СТЭНЛИ. Кимдан дедингиз уни ўзи?
БЛАНШ. Бир эски мухлисимдан.
СТЭНЛИ. Бу сизга пул инъом қилган ҳалиги одаммасми?
БЛАНШ. Мистер Шеп Хантли. Коллеждаги сўнгги босқичда менинг доимий ҳамроҳим. Шундан уни ўтган рождествогача кўрмаган эдим. Биск хиёбонида тўқнаш келиб қолгандик. Мана, энди қарабсизки – телеграмма!.. Кариб денгизи бўйлаб сайрга таклиф этаяпти! Фақат нимани кийишга бошим қотиб турибди. Тропик иқлимга мос бирон нарса қидириб, бор бисотимни кавлаштириб кўрдим.
СТЭНЛИ. Ва топганингиз олмос қадамали мана шу кулоҳ бўлди, а?
БЛАНШ. Ўтмишдан қолган ёмонни айтаяпсизми? Ҳа-ҳа! Бу бор-йўғи рейн тошлари-ку!
СТЭНЛИ. Атиги шуми ҳали? Мен аҳмоқ бўлса уни Тиффини олмослари деб ўтирибман.
Кўйлаги тугмаларини еча бошлайди.
БЛАНШ. Начора. Аммо, у ерда дабдабаю асъасалар ичида бўламан.
СТЭНЛИ. Э-воҳ… Бундан шу нарса яққол намоён бўладики, қаерда топиб, қаерда йўқотишингни ҳеч қачон билмас экансан.
БЛАНШ. Бўлмаса-ку, бахт менга хиёнат қилди, деб узил-кесил иймон келтириб қўйган эдим.
СТЭНЛИ. Худди саҳнадагидай, қаерга борсанг майамилик манави миллионер ҳозиру нозир.
БЛАНШ. У ҳечам майамилик эмас. У Далласдан.
СТЭНЛИ. Ростданми?
БЛАНШ. Ҳа, Далласдан.. Олтин фаввора бўлиб отилиб турадиган жойдан…
СТЭНЛИ. Нима ҳам дердик, Худо бераман деса, томни тешиб ташлайди.
БЛАНШ. Бунақа узоқ ечинар экансиз, пардани суриб қўйсангиз бўлармиди.
СТЭНЛИ (оқкўнгиллик билан). Фақат кўйлагим эди. (Пиво шишасидан ёрлиқни сидириб ташлаб) Шиша очқични кўрмадингизми? (Бланш пардоз столи олдига боради, бармоқларини қаттиқ чалиштириб туриб қолади.) Менинг бир холаваччам бўларди, ўша пиво шишаларини тишида очарди. (Тиқинни стол четига уриб очишга ҳаракат қилади.) Бу унинг ягона ҳунари эди, шундан бошқа ҳеч нимага уқувчи йўқ эди: одам – тиқиночқич. Шу бир гал десангиз, кимнингдир тўйида эди – барча тишлари тўкилиб тушса хумпарнинг! Шундан кейин у ўзидан ори келиб, қаердаки меҳмонлар тўплана бошласа, аканг қарағай астагина жуфтакни ростлаб қоладиган бўлди. (Шиша қопқоғи сакраб тушади, пиво кўпиги фаввора бўлиб кучли отилиб чиқади. Ўзида йўқ хурсанд кулиб, шишани боши узра кўтаради). Ҳа-ҳа! Ёғ, ёмғирим, жон ёмғирим, кучлироқ ёғ… (Шишани Бланшга узатади.) Хўш, уруш болтасини кўмамиз, дўстона қадаҳни кўтарамиз ва бир-биримизни севамиз! Қалай?
БЛАНШ. Йўқ, раҳмат.
СТЭНЛИ. Бу қанақаси энди? Ҳар икковимиз учун мана бундай шонли тун: сизга – ўзингизнинг миллионерингиз, менга – чақалоқ! (Хобгоҳга, шифоньерга боради, эгилади, пастки тортма қутисидан ниманидир олади).
БЛАНШ. (чекиниб). Бу ерда сизга нима керак?
СТЭНЛИ. Ҳа мана… Мен ҳар доим уни ҳозиргидай тантанали кунларда оламан. Шойи пижама – уни мен ўзимнинг биринчи никоҳ тунимда кийган эдим.
БЛАНШ. Ҳа-а…
СТЭНЛИ. Телефон жиринглаб қолиб, менга: “Ўғиллик бўлдингиз!” – деб айтишлари билан буни шартта йиртаман-да, байроқ қилиб осиб қўяман! (Капалакнинг етти рангида товланувчи пижамасини ҳавода силкитади). Бугун, менимча, ҳар икковимизнинг ҳам қувончимизга баҳона бор. (Пижамани билагига илиб, ўчоқбошига ўтади).
БЛАНШ. Ўйлашимча, ўзинг билан ёлғиз қолиш имкониятига эга бўлиш лаззати шу бўлади – бахтдан йиғлаб юборгинг келади.
СТЭНЛИ. Сизнинг далласлик миллионерингиз-чи, у қаерда бўлади – сизни ўз ҳолингизга ташлаб қўядими?
БЛАНШ. У билан биз сиз ўйлаётганчалик муомалада бўлмаймиз. Бу одам мард одам, мени ҳурмат қилади. (Қизиқиб кетади.) У менга, менинг суҳбатимга муштоқ. Бойлиги дунёга сиғмайди-ю, кўпинча ўзини ёлғиз ҳис қилади. Маълумотли, зиёли, тарбияли аёл эса шундай катта мулк билан эркакнинг ҳаётини тўлдириб бериши мумкин. Бунинг учун менда ҳамма нарса бор, бор бўлганда ҳам мўл-кўлидан бор, сахийлик билан улашсам ҳам дунём камайиб қолмайди. Гўзаллик – вақтинчалик ҳодиса. Ўткинчи бисот! Маънавий гўзаллик. Чарақлаган ақл, руҳий нафосат ва мен буларнинг ҳеч биридан мосуво эмасман – ўчмайди, камайиб қолмайди, балки ўсади. Йиллар ўтиши билан улар фақат кўпаяди. Бир нарсага кулгим қистайди… Мени ҳам, мени дастмояси йўқ одам деб аташади! Шундай бойлик юрагимни тўлдириб турган бир вақтда-я… (Хўрсиниб). Менимча, мен жуда бойман. Аммо мен ўзимни аҳмоқона тутдим… Эшакнинг қулоғига танбур чертдим.
СТЭНЛИ. Эшакнинг-а? Ҳ-ҳа!
БЛАНШ. Ҳа, эшакнинг! Эшакнинг! Мен фақат сизни эмас, балки ўртоқжонингиз Митчни ҳам назарда тутаяпман. У олдимга бирров кирган эди. Тўғри коржомасида бостириб кириб келса денг. У сизлардан олган энг разил адоватчиликни, жирканч нарсаларни менга сайраб ётибди-да. Ҳеч ким йўқ, мен унинг нақ онасини учқўрғондан кўрсатиб қўйдим.
СТЭНЛИ. Оббо сиз-ей!.. Ҳ-ҳа!
БЛАНШ. Лекин у ўша заҳоти қайтиб келди. Кечирим сўрагани бир сават гул кўтариб келибди. Гуноҳимдан ўтинг, деди. Аммо ҳаммаси ҳам кечирилавермайди. Билиб туриб, олдиндан ўйлаб қилинган ёмонлик кечирилмайди. Билиб туриб қилинган ёвузлик, менимча, ҳеч бир йўл билан оқлаб бўлмайдиган шундай ягона гуноҳки, бунда мен бир марта ҳам айбдор бўлганим йўқ. Мен унга мана шу нарсани кўрсатиб қўйдим. Мен унга шундай дедим: “Сизга ташаккур, биз умуман бирон-бир жиҳатдан бир-биримизга яқинмиз деб ўйлайдиган бўлсам, буюк аҳмоқликка йўл қўйган бўламан. Икковимизнинг ҳаётимиз ҳаддан ташқари хилма-хил юзага келган. Сиз менга ҳаддан ташқари ётсиз, келиб чиқишимиз билан ҳам, фикр юритиш тарзимиз билан ҳам мен сизга ётман. Реалист бўлиш – бу нарсаларга тик қарамоқ демак. Шунинг учун узр, дўстим ва кечиринг! Бир-биримизга ёмонлик соғинмайлик ва … ”
СТЭНЛИ. Бу сизнинг техаслик нефть миллионерининг телеграммаси келгунигача бўлганмиди ё ундан кейинми?
БЛАНШ. Қанақа телеграмма? Йўқ, йўқ… Кейин! Сирасини айтганда, телеграмма худди ўша пайтда келганди…
СТЭНЛИ. Сирасини айтганда. Ҳеч қанақа телеграмма-пелеграмма келмаган эди.
БЛАНШ. О-о!
СТЭНЛИ. Анови миллонерингиз эса ўзи йўқ одам! Митч ҳам олдингизга гул кўтариб келган эмас. Чунки ҳозир унинг қаердалигини биламан…
БЛАНШ. О!
СТЭНЛИ. Булар ҳаммаси сиз ичингиздан тўқиб чиқарган ўтрик-ўшаклар, жин урсин уларни!
БЛАНШ. О!
СТЭНЛИ. Ҳаммаси ёлғон, аҳмоқона ўйлар, мижғов гаплар.
БЛАНШ. О!
СТЭНЛИ. Ўзингизга бир қарасангиз бўлармиди! Сепингиздаги мана бу латта-путталарни кўринг – бамисоли қурчоқбознинг қўғирчоғи! Аллақандай эскичидан тилаб олганмисиз нима бало! Мана бу аломат қалпоғингиз-чи, шу билан ўзингизни малика чоғласангиз керак-да.
БЛАНШ. Вой, Худо!
СТЭНЛИ. Аввал-бошданоқ ўзим сиздан бошқача кўз-қулоқ бўлиб келардим. Она сути оғзидан кетмаган бир мишиқининг неча марталаб бошини айлантирмадингиз! Келдингизу атир-упаларингиз билан ҳамма ёқни наҳс бостириб юбордингиз, лампочкага қалпоқ кийдирдингиз… Мана сенга Миср, ўзи эса – Нил маликаси: тахтда ялпайиб ўтириб оладилар-да, аканг қарағайнинг мусалласини паққос уради! Минг қилса ҳам пишанг солувчиси – мен борман-да, билганингни қилавер деб қўйганман! Ваҳ-ҳаҳ-а! (Хобгоҳга қараб юради).
БЛАНШ. Яқинлашманг! (Аёлнинг атрофида даҳшатли соялар ўйнайди. Бу қўрқинчли кўланкалар тобора аниқроқ ва даҳшатлироқ акс эта бошлайди. Нафасини ичига ютганча Бланш телефонга етиб боради ва жон-жаҳди билан гўшакни қўлига олади. Стэнли ваннахонага ўтиб кетади-да, эшикни ёпиб олади.) Навбатчи. Навбатчи! Илтимос, менга шаҳарлараро телефонини улаб беринг… Мен далласлик мистер Шеп Хантли билан гаплашишим керак… У шунчалик таниқли одамки, манзилига ҳам ҳожат йўқ… Кимдан сўрасангиз сўрайверинг… фақат сўранг… Шошмай турсангиз-чи! Йўқ, мен ҳозироқ, айни дақиқаларда топиб беришим қийин. Лекин мени тушунинг, илтимос қиламан. Мен… йўқ, йўқ, шошмай туринг… Бир дақиқа! Ахир кимдир… Ҳечқиси йўқ! Телефонни қўймай туринг, илтимос! (Гўшакни қўяди, овоз чиқармай ўчоқбошига ўтади. Тун ноинсоний, ваҳшиёна овозлар чиқариб қичқиради, гоҳ ўкиради, гоҳ чийиллайди. Соялар ва қўрқинчли шуълалар ўзини ҳар ёнга уради, қалқийди, сапчийди, хонадон бўйлаб девордан-деворга сакрайди. Хонадоннинг тиниқлашган орқа девори орқали кўча, тротуар кўзга чалина бошлайди. Фоҳиша ерда ётган мастга қоқилиб кетади. У фоҳишани кўча ёқалаб қувиб кетади, етиб олади, иккаласи олишади. Бу олишувга полиция ҳуштаги чек қўяди. Иккала кўланка ғойиб бўлади. Ўша аснода муюлишдан фоҳиша тош йўлда тушириб қолдирган сумкачани олиб негр хотин пайдо бўлади. У топилдиқдан ўзини йўқотиб сумкачани кавлай кетади. Бланш қоқ суяк бармоқларини лабларига қўяди, аста яна телефонга қайтади. Жон-жаҳди билан шивирлайди). Навбатчи! Навбатчи! Туманлараро телефоннинг нима кераги бор! Телеграфни беринг. Вақт зиқ, ҳар дақиқа ғанимат… Телеграф! (Сабрсизликдан ёниб кутади.) Телеграфми? Ҳа, ҳа. Худди ўзи – телеграмма жўнатмоқчиман… Ёзиб олинг. “Жуда, жуда ҳам қийин аҳволга тушиб қолдим. Ёрдам беринг! Тузоққа тушиб қолдим! Тузоққа… О-о-о!”
Ваннахона эшиги ланг очилади, ўзининг ялтироқ пижамасида Стэнли пайдо бўлади. Мийиғида кулганча ҳар икки учида жиғаси бор камарини тақа бошлайди. Бланш овозсиз уҳ тортиб, телефондан нари кетади. Стэнли унга тикилиб қарайди. Пауза. Чамаси ўнгача саноқ ўтади. Телефон гўшагидан қандайдир ғичирлаган овоз келади.
СТЭНЛИ. Гўшакни илмабсиз.
Телефон олдига келади, гўшакни илиб, яна аёлга тикилиб қарайди, лабларида истеҳзоли табассум жилва қилади, ўзи эса Бланш қочиб кетмасин деб, эшик олдига бориб туради. Шу пайтгача базўр эшитилиб турган пианино овози бирдан авжга чиқиб, гумбур-гумбур шовқин солади ва ўша маҳалда шошиб ўтаётган поезд шовқинига қўшилиб кетади. Бланш икки букилади, қўллари билан қулоқларини маҳкам қисади ва то поезд шовқини узоқлашиб, тингунга қадар шу алпозда қолади. Ниҳоят, қаддини тиклайди.
БЛАНШ. Қочинг… ўтиб кетай!
СТЭНЛИ. Ўтиб кетай? Шак-шубҳа йўқ! Қани!.. Нега қараб турибсиз?
Бир қадам чекиниб, эшик тагига бориб туриб олади.
БЛАНШ. Нари туринг… ҳов анови ерга (Қаердалигини кўрсатади).
СТЭНЛИ (кинояли жилмайиб). Жой торлик қиляптими сизга?.. Ўтолмайсизми?
БЛАНШ. Сиз йўлни тўсиб олгансиз!.. Аммо нима қилиб бўлса ҳам мен бу ердан чиқиб кетаман.
СТЭНЛИ. Нима, мени номусингизга тажовуз қилади, деб ўйлаяпсизми? Ваҳ-ҳаҳ-ҳа!
Пианино жозибали садо беради. Бланш йигитдан тескари ўгирилади, иложсиз қўл силтайди. Яна турли-туман ваҳший ҳайвонлар ўкириги борлиқни тутади. Стэнли Бланш томон бир қадам ташлаб, жойида туриб қолади, тилининг учини тишлайди.
СТЭНЛИ (Паст товушда). Ҳозир ўйлаб кўрамиз… Сиз билан бир чақчақлашсак нима бўпти, хўш, жуда хонаси келди ўзиям…
БЛАНШ (хобгоҳга чекинади). Қайтинг! Яқинлашманг. Бир қадам ҳам… бўлмаса..
СТЭНЛИ. Бўлмаса-чи?
БЛАНШ. Жуда ёмон бўлади сизга – ўзингизга ўзингиз қиласиз. Мана мени айтди дерсиз!
СТЭНЛИ. Хўш, қўлингиздан нима келади энди?
Энди иккаласи ҳам хобгоҳда.
БЛАНШ. Яхшиликча айтаяпман сизга, бас қилинг, бусиз ҳам кекирдагимга келтириб юбордингиз.
Эркак яна бир қадам ташлайди. Бланш столдан шишани олади, қулочкашлаб уриб синдиради ва шартта у билан юзма-юз туриб олади, қўлида шишанинг синиқ бўғзини маҳкам ушлаб олган.
СТЭНЛИ. Бу қанақаси энди?
БЛАНШ. Шунақаси!.. Мана шу ўткир томони билан башарангизни дабдала қиламан.
СТЭНЛИ. Қўлингиздан келади.
БЛАНШ. Ўзингиз кўрасиз. Қани, уриниб кўринг-чи..
СТЭНЛИ. Э-ҳа… Ҳали шунақа ҳам қилмоқчимисиз – яланғоч сувдан тоймасми? Начора, ёмонмас! Сиз айтганча бўла қолсин. (Аёлга ташланади, стол ағдарилади. Аёл чинқирганча шиша бўғзи билан зарба беради, бироқ эркак унинг қўлини кафт бўғимидан тутади). Вой шервачча-ей… Вой шервачча-ей! Қўлингиздагини ташланг дейман! Қани! Биз бу учрашувни биринчи кўришганимиздаёқ келишган эдик.
Бланш оҳ-воҳ қилади. Шиша бўғзи ерга тушади. Аёл чўккалаб қолади. Стэнли беихтиёр шалвираб қолган танани қўлтиғидан олиб кўтаради-да, тўшакка олиб келади.“Тўртта иккилик”дан сурдинка остида труба ғўнғиллайди, ноғора гумбурлагани эшитилади.
ЎН БИРИНЧИ МАНЗАРА
Бир неча ҳафта ўтган. Стелла опасининг нарсаларини йиғиштириш билан банд. Ваннахонада жўмракдан сув шариллаб оқиб турибди. Ўчоқбоши ва хобгоҳ ўртасидаги портьерлар қарийб ярмигача суриб қўйилган. Ўчоқбоши столи атрофида ўтирган қартавозлар – Стэнли, Митч, Стив, Пабло кўриниб туради. Ўчоқбошида қартавозлик тунининг нохуш хотираси сифатида ҳамма нарса ўшандай – эркакларнинг дағал, беҳаёларча ошкор муҳити. Уйнинг ўзи, бутун бино бамисоли кўм-кўк булутсиз осмон ромига жойлаштириб қўйилгандек. Стелла Бланшнинг гулдор кўйлакларини бирин-кетин авайлаб сандиққа жойлайди ва йиғлайди. Зинадан Юнис пастга тушиб келади, ўчоқбошига кириб келади. Қартавозларининг овози баландроқ чиқа бошлайди.
СТЭНЛИ. Сигарета мўлжалловдим, худди ўзи чиқди, Худо шоҳид!
ПАБЛО. Maldita seatu suerte!
СТЭНЛИ. Одамга ўхшаб гапирсанг-чи, гризер.
ПАБЛО. Бугун чап ёнинг билан тургансан-да, тағин омад дейишингга бало борми, айғирвачча!
СТЭНЛИ (ўзидан мамнун ва хотиржам тусда). Омад деганда нимани тушунасанлар, каллаварамлар! Омад омадни билганга кулади, сўзида турганга кулади. Мана, масалан, Салернада… Омад менга кулиб боқишини билардим. Чунки барча ҳисоб-китобларни миямда пишириб қўйгандим – оддий арифметика! Қарабсанки, худди ўзим ўйлаганимдай – тўппа-тўғри чиқиб турибди. Менинг қонуним шунақа. Ким ўзининг омадига кўпроқ ишонса, фақат ўша ўйинчининг ошиғи олчи.
МИТЧ. Ҳамманг “мен, мен” дейсан нуқул… Мен-мен-мен!.. Мен – фалон, мен – писмадон!.. Э ўргилдим оҳангжамаларингдан.
Стелла хобгоҳга ўтади, нарсаларини тахлайди.
СТЭНЛИ. Унга нима бўлган?
ЮНИС. (ўйинчилар ёнидан ўтиб кетаётиб). Ҳар доим айтаман, эркаклар – бераҳм ҳайвонлар, махлуқлар деб, аммо бунақасини кўз кўриб, қулоқ эшитмаган. Чўчқадан ҳам ўтиб тушган!… (Портьер ортига, хобгоҳга ўтади).
СТЭНЛИ. Унга нима бўлган? Стелла, бола қандай?
ЮНИС. Донг қотиб ухлаб ётибди. Мана, сизларга узум олиб келдим. (Бир неча бош узумни скамейкага қўяди). Бланш қани?
СТЕЛЛА. Ваннада чўмилаяпти.
ЮНИС. Аҳволи қалай?
СТЕЛЛА. Ҳеч нарса емаяпти, фақат ичимлик сўрайди.
ЮНИС. Унга нима деб айтдингиз?
СТЕЛЛА. Айтдим, келишдик дедим… Табиат қўйнида дам олишни гаплашдик, дедим. Унинг эса ўша гап миясига уриб қолган – Шеп Хантлини гапиргани-гапирган.
БЛАНШ (ваннахона эшигини қия очиб). Стелла!
СТЕЛЛА. Ҳа, опажон?
БЛАНШ. Агар, мен ваннахонадилигимда, менга телефон қилишса, телефон рақамини ёзиб қўй ва дарров телефон қилишимни айт.
СТЕЛЛА. Яхши.
БЛАНШ. Қара-чи, сариқ шойи костюмчам ғижим эмасмикан – ўша салқинроқ. Агар унчалик ғижим бўлмаса, ўшани кия қоламан. Қайтармасига ўзимнинг денгиз отим – феруза кўзли ўша тўғноғични қадаб оламан. Юракчали қутимни титкилаб кўргин, бор майда-чуйда ўшанда ётибди. Ҳа, яна бир гап, Стелла… ўша жойда… фақат яхшилаб қарагин – сунъий бинафшалар гулдастаси бўлиши керак. Уни денгиз оти билан бирга жакет қайрилмасига қадаб оламан. (Эшикни ёпади).
СТЕЛЛА (Юнисга ўгирилади). Билмадим, тўғри қилдимми ё…
ЮНИС. Бошқа нима ҳам қила олар эдинглар?
СТЕЛЛА. Унинг гапларига ишонадиган бўлсам, мен Стэнли билан қандай яшайману, нима қила оламан?
ЮНИС. Битта ҳам гапига ишонманглар, ҳаётни тўхтатиб бўлмайди. Нима бўлмасин, ҳар ким аравасини ўзи тортиши керак.
БЛАНШ (яна ваннахона эшигини қия очиб). Сизлардан бошқа ҳеч ким йўқми?
СТЕЛЛА. Ҳеч ким йўқ, опа, ҳеч ким йўқ. (Юнисга) Унга айтинг, бугун жуда очилиб кетибсиз, денг.
БЛАНШ. Портьерни тортиб қўйинглар… мен ўтиб олай.
СТЕЛЛА. Тортилган, тортилган.
СТЭНЛИ. Қанча оласан?
ПАБЛО. Бир жуфт.
СТИВ. Учта.
Эшикдан тушиб турган ёқутранг ёруғда Бланш пайдо бўлади. Эгнида қизил атлас халат, баданининг ҳамма жойи, ҳар бир аъзоси ҳаддан ташқари гўзал, жозибадор кўринади. Унга монанд равишда полька куйи янграйди, гўё куй Бланшнинг сарвдек қаддидан келиб чиқаётгандек.
БЛАНШ (Жазава сезилиб турувчи жонланиш билан). Ҳозиргина сочимни ювиб олдим.
СТЕЛЛА. Ҳа-а…
БЛАНШ. Яхши ювмадимми деб қўрқаман-да.
ЮНИС. Сочингиз ҳам сочмисан-сочда!
БЛАНШ. (хўракни чўқилаб). Сочмас, бошимга битган бало. Менга қўнғироқ қилишмадими, мени сўрашмадими?
СТЕЛЛА. Ким сўрамадими?
БЛАНШ. Шеп Хантли…
СТЕЛЛА. Қайдам, ҳали сўрагани йўқ, жоним.
БЛАНШ. Қизиқ. Мен эсам…
Унинг овозини эшитиб, Митчнинг қартали қўли ҳолсизланиб, столга тушади, кўзлари маъносиз боқиб, ҳеч нарсани кўрмайди.
СТЭНЛИ (уни елкасидан қоқади). Ҳой, ўйчан!
Бланш худди ҳимоялангандай, қўрқиб қўлини кўтаради, унсиз, фақат лаблари билан овозидан таниган одамнинг номини шивирлаб тилга олади. Стелла тезда бу томонга ўгирилади. Бланш қўлида кумуш гардишли кўзгу билан шундай қайғули ҳолатда қотиб қоладики, гўё унинг чеҳрасида ҳозир инсоний билим ва тажрибанинг бутун олами акс этгандек… Натижада у барибир ўзини қўлга олади, аммо овози титроқ – сал қолса чинқириб юборадигандек.
БЛАНШ. Бу ерда нима бўлаяпти?
(Стелладан Юнисга ва яна Стеллага бурилиб қарайди. Унинг овозида янграган зўриқиш қартавозлар эътиборини ўйиндан чалғитади. Митч бошини худди турмоқчидай яна-да пастроқ эгади, Стэнли курсиси билан столдан ортга чекилади. Юпатмоқчи бўлгандек, Стив қўлини унинг елкасига қўяди.) Бу ерда бир гап бўлдими? Қани, менга аниқроқ қилиб айтинглар-чи, нима бўлди ўзи?
СТЕЛЛА (мадорсизликдан ўзини ташлаб юборгудек бўлиб). Жим-м!
ЮНИС. Тинчланинг, жоним, тинчлик.
СТЕЛЛА. Ўтинаман сиздан, опажон…
БЛАНШ. Нега менга бунақа қараяпсизлар? Оғзим ё бурним қийшайиб қолибдими?
ЮНИС. Бугун шунақанги очилиб кетибсизки, Бланш. Қаранглар, опажонимиз ростдан соҳибжамол, шундай эмасми?
СТЕЛЛА. Ҳа, ҳа.
ЮНИС. Сиз, янглишмасам, бир ёққа жўнамоқчимисиз?
СТЕЛЛА. Ҳа, ҳа. Опам шуни хоҳлаяпти. У дам олгани кетаяпти.
ЮНИС. Шундай ҳавасим келаяптики.
БЛАНШ. Кийимларимни кийишга қарашиб юборсаларинг-чи!
СТЕЛЛА (кўйлакни узатиб). Шуни айтганмидингиз?
БЛАНШ. Майли, бўлаверади! Тезроқ шу ердан чиқиб кетсам деяпман… Уй эмас бу, бориб турган зиндон!
ЮНИС. Кўк жакетингизга гап йўқ аммо!
СТЕЛЛА. Сиёҳранг.
БЛАНШ. Икковингиз ҳам тополмадингиз. Бу флоренция ложуварди. Эски рассомлар сувратларидаги хонимлар кўйлаги рангидан. Узум ювилганми? Юнис олиб келган узумдан биттасини юлиб олади.
ЮНИС. А?
БЛАНШ. Узумни ювганмисизлар?
ЮНИС. У француз бозоридан олинган.
БЛАНШ. Бу ювилган дегани эмас-ку. (Жоме қўнғироқлари чалинади.) Ана, жоме қўнғироқлари… Маҳаллангиздаги ягона пок жой. Мана, ниҳоят, мен тайёрман – энди борай.
ЮНИС (шивирлаб). Одам келишидан олдин кетиб қолмасин тағин.
СТЕЛЛА. Шошманг, опажон.
БЛАНШ. Анавиларнинг кўзига кўринишни истамайман.
ЮНИС. Улар тугатгунча кутиб тура қолинг.
СТЕЛЛА. Келинг, ўтиринг ва…
Бланш бутунлай саросимага тушган, истамайгина бурилади. Стелла ва Юнис уни ўриндиққа тортишади, Бланш рози бўлади ва ўтиради.
БЛАНШ. Назаримда, аллақачон денгиз ҳидини туяётгандайман. Қолган умримни бутунлай денгизда ўтказаман. Ажалим ҳам ўша денгизда ётади. Биласизларми, нимадан ўламан? (Узум донасидан юлиб олади). Бир ажойиб кунда, очиқ баҳри муҳитнинг бир жойида ювилмаган узум ейман. Ана шунда ўламан… Қўлимдан хушрўй кема шифокори ушлаб олади, унинг ялтироқ мўйловлари ва катта кумуш соати бўлади. Шунда ҳамма “Бечора, бечора-я… хинин ёрдам бермади. Мана шу ювилмаган узум унинг жон қушини тўғри арши аълога жўнатиб юборди”, деб гапира бошлашади. (Жоме қўнғироқлари чалинади.) Мени денгизнинг ўзида дафн қилишади; қоқ туш вақти, жазирама ёзда мени оппоқ кафанга ўрашади-да, бортдан ташқарига… тўғри баҳри муҳитга ташлаб юборишади… ложувард денгизга… (Қўнғироқлар) Худди менинг биринчи севгилимнинг кўзларидай!
Кўчада муюлиш ортидан шифокор ва назоратчи хотин кўринади; равоқ зиналарида юқорига кўтариладилар. Ўз вазифаларининг фавқулоддалигини англаш ҳар икковини ҳам шишириб юборган, буни, шубҳасиз, асосан, давлат хизматида бўлган одамларда ривожланадиган беҳаёлик ҳисоботига киритиш лозим бўлади – ундайлар ўзларини худди осмонда ҳис қиладилар. Шифокор эшик қўнғироғини чалади. Қарта ўйнаётганларнинг овози бирдан тўхтайди.
ЮНИС (Стеллага шивирлаб). Ҳойнаҳой, бу ўшалар.
Стелла иккала муштуми билан оғзини беркитади.
БЛАНШ (аста кўтариларкан). Нима гап?
ЮНИС (ёлғондакам эҳтиётсизлик билан). Рухсатингиз билан бир дақиқа. Қарай-чи, ким экан.
СТЕЛЛА. Ҳа, ҳа.
Юнис ўчоқбошига боради.
БЛАНШ (асабий). Қизиқ, менга эмасмикан.
Эшик тагида шивирлаган овозда суҳбат боради.
ЮНИС (қайтиб келади, қувноқ). У ерда бир киши Бланшга келибди.
БЛАНШ. Менга! (Қўрқиб гоҳ у, гоҳ бу аёлга қарайди, хавотир билан портьерга назар ташлайди. Элас-элас полька куйи чалинади.) Бу мен кутаётган ўша далласлик йигитми?
ЮНИС. Менимча ўша, Бланш.
БЛАНШ. Мен ҳали бутунлай тайёр эмасдим-ку.
СТЕЛЛА. Айтинг, равоқда бирпас қараб турсин.
БЛАНШ. Мен…
Портьер ортига яширинади. Ноғоралар паст овозда чалинади.
СТЕЛЛА. Ҳамма нарса шайми?
БЛАНШ. Кумуш пардоз асбоблари-чи… Эсингиздан чиқибди.
СТЕЛЛА. Э-ҳа!
ЮНИС (қайтиб келади). Улар уй олдида кутиб туришибди.
БЛАНШ. Улар? Ким бўлди “улар”?
ЮНИС. Ҳа, бир хоним ҳам бирга экан.
БЛАНШ. Ақлимга сиғмаяпти, улар тағин бир “хоним” билан келишса? Эгни-боши қанақа ўзи?
ЮНИС. Ҳа, қанақа бўларди… жуда оддий… рисоладагидек.
БЛАНШ. Кўпроқ бу…(Ҳаяжондан овози базўр чиқади).
СТЕЛЛА. Қани, опажон, кетдикми?
БЛАНШ. Анави хонадан ўтиб боришимизга тўғри келадими?
СТЕЛЛА. Мен ёнингизда бўламан.
БЛАНШ. Энди қанақаман?
СТЕЛЛА. Зебосиз.
ЮНИС (акс садодек). Зебосиз.
Бланш чўчиб-чўчиб портьер олдига боради. Юнис унинг олдида портьерни кенг очиб юборади.
БЛАНШ (ўчоқбошига кириб келади). Турманглар, илтимос. Мен ўтиб кетаман, холос.
Тез-тез юриб, ўчоқбошидан эшикка боради. Стелла ва Юнис ундан бир қадам ҳам ортда қолишмайди. Қартабозларнинг Митчдан бошқа ҳаммаси апил-тапил столдан туришади…. Митч кўзини ердан олмай ўтирганча қолади. Бланш энди кўчада. Нафаси ичига тушиб, таққа тўхтайди.
ШИФОКОР. Салом.
БЛАНШ. Сиз мен кутган одам эмассиз. (Бирдан оҳ тортиб юборади, ортга, равоққа отилади. Эшик олдида турган Стелла унинг йўлини тўсади. Қўрқиб Стеллага шивирлайди). Бу Шеп Хантли эмас.
Олис-олисларда полька янграйди. Стелла Бланшга тикилиб қарайди. Юнис унинг билагидан тутади. Жимлик, фақат Стэнлининг жиддий, ишонч билан қарта чийлаётгани эшитилади. Нафасини ичига ютганча Бланш хонадонга сирғалиб ўтиб кетади. Ғалати, сирли жилмайиб киради, кўзлари катта-катта очилган, чақноқ. Опасини ёнидан ўтказиб юбориб, Стелла кўзларини юмади, қўлларини маҳкам чалиштиради. Юпатганча Юнис уни авайлаб қучади, кейин ўзининг уйига, юқори қаватга кўтарилади. Ичкарига киргач, Бланш эшик тагида туриб қолади. Митч кўзларини ердан олмай, ўша-ўша қўлларини столга қўйиб ўтиради. Қолган эркаклар Бланшга қизиқсиниб қарайди. Охири у хобгоҳга йўл олади, столни узоқроқдан айланиб ўтишга ҳаракат қилади. Стэнли курсини суради ва унга астойдил йўл бергани ўрнидан туради. Назоратчи хотин Бланш билан юзма-юз юриб келади.
СТЭНЛИ. Бирор нарсани эсдан чиқардингизми?
БЛАНШ (тажовузкорона, қарийб қичқириб). Ҳа! Тўғри… Эсимдан чиқардим!.. Ниманидир унутдим! (Унинг ёнидан хобгоҳга отилади).
Деворларда яна мудҳиш соялар ва ғалати шаклдаги шуълалар ўйнай кетади. Яна полька куйи янграйди – унинг оҳангида ясамалик сезилади ва унинг бундай атай қилинган ясамалигида қандайдир даҳшатли хўрлаш мавжуд, полька турли усулларда, оҳангларда садо беради, улардан қўрқинчли, ғайриисоний қичқириқлар акс садоси келади – яна ваҳшийлик овозлари қулоққа чалинади. Бланш ўзини ҳимоя қилганча курсилар панасига ўтиб олади.
СТЭНЛИ (узуқ-юлуқ). Кирмайсизми, энди, доктор, имилламасдан?
ШИФОКОР (назоратчи хотинга им қоқиб). Сингилжон, қани, уни олиб чиқинг.
Назоратчи хотин бир томондан киради, Стэнли – иккинчи томондан. Назоратчи хотиннинг чеҳраси ва қиёфасида аёллик фазилатидан ном-нишон йўқлиги ҳатто унинг кўйлагидаги топ-тоза мусаффоликни ҳам ифлос қилиб кўрсатади.
НАЗОРАТЧИ ХОТИН. (унинг овози шунақанги ҳақоратомуз, шунақанги ваҳимали, шунақанги маъюс бир хилликка эгаки, мисоли ёнғин қўнғироғи жарангининг ўзи). Салом. Бланш.
Бу саломлашув деворлар ортидаги сирли овоз акс садосидек такрорланади: бамисоли олис акс садодек бир кўтарилиб, бир пасайиб, чуқур дарадан тўлқинланиб, таралиб кетгандек туюлади.
СТЭНЛИ. Бир нимани унутибман дейди…
Энди акс садо таҳдидли шивирлашдек эшитилади.
НАЗОРАТЧИ ХОТИН. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ.
СТЭНЛИ. Нимани эсингиздан чиқарибсиз, Бланш?
БЛАНШ. Мен… мен…
НАЗОРАТЧИ ХОТИН. Шунчаки арзимаган нарсалар. Кейин келиб олармиз.
СТЭНЛИ. Тушунарли! Юк билан жўнатамиз.
БЛАНШ (ортга чекиниб, бутунлай жазавага тушиб). Мен сизни билмайман-ку… Билмайман мен сизни! Кераги йўқ… Қўйворинг мени! Қўйинглар… илтимос, илтимос…
НАЗОРАТЧИ ХОТИН. Қани, Бланш…
АКС САДО (гоҳ яқиндан, гоҳ олисдан, турли усулларда). Қани, Бланш!.. Қани, Бланш!
СТЭНЛИ. Сепилган упалару атирдан қолган эски пуфакчалардан бошқа ҳеч балонгизни унутганингиз йўқ… Ўша ерга қўшиб, мана бу чироқ қалпоқчасини ҳам ола кетинг. Керакми? Чироқ қалпоғи?.. (Пардоз столи олдига боради, қалпоқни тутамлайди, лампочкадан юлиб олиб, унга тутади). Бланш чироқ қалпоғини эмас, унинг ўзини бўлак-бўлак қилиб нимталагандай қичқириб юборади. Назоратчи хотин шиддат билан унга томон интилади. Даҳшатли қичқирганча Бланш назоратчи хотиннинг ёнидан ўтиб, қочиб кетмоқчи бўлади. Эркаклар жойларидан ирғиб туришади. Стелла равоққа югуриб чиқади. Ортидан Юнис етиб бориб юпатади. Саросима ичида бир-бирига бақириб-чақириб, ўчоқбошида даҳанаки жангга киришади.
СТЕЛЛА (ўзини яқинлашиб келаётган Юниснинг бағрига отади). Эй, Худо, Юнис, ёрдам беринг! Опажонимни нима қилишаяпти улар! Уни қийнаманглар! Эй, Худо, бу қандай бедодлик, қийнаманглар уни, қийнаманглар! У шўрликнинг нима гуноҳи бор эди! Бу қандай ёвузлик (Юнисдан юлқиниб чиқиб кетишга ҳаракат қилади).
ЮНИС. Йўқ, йўқ, жоним.. кераги йўқ, кераги йўқ. У ер сизнинг жойингиз эмас, борманг. Ёнимдан кетманг, уларга қараманг.
СТЕЛЛА. Нима қилиб қўйдим опажонимни! Эй, Худо, нима қилиб қўйдим!
ЮНИС. Ҳаммаси тўғри, сизларда бошқа чора ҳам йўқ эди. Ахир уни бу ерда қолдириб бўлармиди… Бошқа қаерга ҳам борарди? Биргина йўл…
Эркакларнинг овози баландлаша бориб, равоқдаги Стелла ва Юнис суҳбатини босиб кетади.
СТЭНЛИ (ўчоқбошидан югуриб чиқиб). Ҳой, доктор! Бу ёққа бир кирсангиз-чи!
ШИФОКОР. Минг афсус. Мен одатда шусиз иш кўришга одатланганман.
ПАБЛО. Жирканч воқеа.
СТИВ. Шунақа ҳам қилишадими. Унга айтиш керак эди.
ПАБЛО. Mudre de Dius! Casa mala, muy, muy mala!
Митч хобгоҳга учиб киради. Стэнли унинг йўлини тўсиб, бир четга итариб юборади.
МИТЧ (дарғазаб). Булар бари сенинг ишинг, аблаҳ!
СТЭНЛИ. Қўйсанг-чи бу алжирашингни! (нари итаради).
МИТЧ. Ўлдираман! (Унга муштлари билан ташланади).
СТЭНЛИ. Қани, йўқотинглар бу ялоқхўрни!
СТИВ. (Митчни тутиб). Қўйсанг-чи, Митч!
ПАБЛО. Тўғри-да. Бошқа нима ҳам қила олардинг…
Аъзойи бадани шалвираб, Митч столга қулайди, йиғлайди. Бу орада назоратчи хотин Бланшни тутади, ҳеч қаёққа қочиб кетолмайдиган қилиб, қўлларини қайиради. Бланш жон-жаҳди билан типирчилайди, назоратчи хотинга тирноқлари билан чанг солади. Бироқ семиз, кучли аёл унинг билагидан шунақанги қаттиқ қисадики, Бланш қичқириб, тиз чўкиб қолади.
НАЗОРАТЧИ ХОТИН. Тирноғинг ўсиб кетибди, яхшилаб олиб қўямиз. (Хобгоҳга кириб келган шифокорга қараб қўяди). Қопни кийдирайликми, доктор?
ШИФОКОР. Фавқулодда ҳолатдагина.
Шляпасини олади, шундан кейин унинг олдинги қиёфасидаги ғайриинсоний ваҳшийлиги ғойиб бўлади – энди шунчаки эл қатори бир одамга айланган эди. У Бланшга яқинлашиб, унга томон эгилганча юмшоқ, юпатувчан оҳангда унга ҳеч нарса бўлмаслигини тушунтиради. Шифокор Бланшни исми билан атаганида унинг қўрқуви бироз босилади. Деворлардаги мудҳиш кўланкалар йўқолади, ғайриинсоний овозлар ва йиртқичларнинг ўкириклари тинади, шу билан биргаликда Бланшнинг мунгли йиғилари ҳам тўхтайди.
МИТЧ. Дюбуа!
Бланш шифокорга қайрилиб қарайди, чеҳрасида аянчли илтижо.
ШИФОКОР. (Жилмаяди. Назоратчи хотинга). Йўқ, қоп кийдиришга ҳожат йўқ.
БЛАНШ. (қўрқа-писа). Айтинг, мени қўйиб юборишсин.
ШИФОКОР (назоратчи хотинга). Қўйиб юборинг.
Назоратчи хотин Бланшни қўйиб юборади. Чўк тушганча Бланш қўлларини шифокорга чўзади. Шифокор уни авайлаб, қўлтиғидан олиб, ердан кўтаради ва эҳтиёткорлик билан ушлаганча уни хобгоҳдан олиб чиқади.
БЛАНШ (шифокорга қапишиб). Кимлигингизнинг менга аҳамияти йўқ… Мен умр бўйи биринчи учраган одамнинг меҳрига таяниб келганман.
Бланш билан шифокор ўчоқбошидан ўтиб кетаётганда қартавозлар ўзларини орқага олади. Бланш итоаткорона ва ишонч ила унинг орқасидан эргашади, Бланш мисоли – кўр, шифокор – йўлбошловчидек. Улар равоқдан тушганда Стелла зинада ўтириб олиб елпинганча тинимсиз “Бланш! Опажон! Опажонгинам!”, деб қичқириб чақиради. Бланш орқасига қарамай, кетиб боради, у билан бирга шифокор ва назоратчи хотин ҳам. Ниҳоят, улар бурилиб, муюлишда кўздан ғойиб бўлишади. Юнис юқориги қаватдан Стелланинг ёнига тушади, унинг қўлида оч зангори адёлга ўралган чақалоқ. Стелла пиқ-пиқ йиғлаганча чақалоқни унинг қўлидан олади. Юнис ўчоқбошига, Стэнлидан бошқа барча эркаклар ўтириб олган жойга чиқиб келади.
СТЭНЛИ (равоққа чиқади, зинада турганча хотинига қарайди. Лоқайдроқ). Стелла…
Стелла тўлиқиб, тўхтовсиз ўксиниб йиғлайди. Энди унинг учун йўққа чиққан опасини эслаб ҳумордан чиққунча йиғлаб олишининг ҳам ўзига яраша нашъу намоси бор эканлигини у аниқ ҳис этди.
СТЕЛЛА (Эшитилар-эшитилмас қилиб, чин юракдан). Опажонгинам. Меҳрибонгинам… кўзимнинг нури! Майли… майли…
Эри Стелланинг ёнида чўнқаяди, бармоқлари хотинининг елкаси томон ўрмалайди.
СТЭНЛИ. Меҳрибонгинам! Майли… Майли…
Энди ширин кўз ёши билан алмашган унинг ноласи ва муҳаббатли шивирлаши пианино оҳанглари остида тобора кўмилиб бораверади, унга мунгли труба ноласи жўр бўлади.
СТИВ. Нима бўлса, шу бўлади – гард кам!
ПАРДА
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 7-сон