Генрик Сенкевич. Янко мусиқачи (ҳикоя)

У ёруғ оламга заиф ва нимжон бўлиб келганди. Кўзи ёриган аёл ётган скамейка ёнида ҳамдардлик ила тўпланган дугоналар мана шу она ва мана шу бола узра бош чайқар эдилар. Улар ичида энг ақлли бўлмиш темирчининг хотини Шиманиха тасалли сўзлари билан бемор хотинга мурожат қилади.
– Келинг, – дейди у, – бошингизга шам ёқиб қўяй. Сизнинг энди, –дейди, – тўрингиздан гўрингиз яқин, охират сафарига тайёргарлик кўрсангиз, Тангри таолодан гуноҳларингизни мағфират этишини сўрасангиз яхши бўларди.
– Ҳа! – дейди бошқаси – Чақалоқни ҳозир чўқинтирган маъқул: ксендзни кутиб ўтираверсак, бояқиш кокилсиз қолиб кетиши ҳеч гап эмас.
Шу гаплардан кейин аёл шамни ёқди, кейин болани қўлига олиб, унга сув сачратди, болакай афтини буриштиради, аёл эса муножот қила бошлади:
– Ота ва ўғил ҳаққига, авлиё ҳаққига сени чўқинтираман ва сенга Ян исмини бераман, энди эса, насроний болажоним, қаёқдан келган бўлсанг, ўша ёққа боравер. Омин!
Аммо насроний болажон “қаёқдан келган бўлса, ўша ёққа боришни” зинҳор-базинҳор истамасди ва умуман муштдеккина жисмни ташлаб кетишни ўйламаётган ҳам эди, балки шу жисмдаги қилтириқ оёқчалари билан тепиниб паст овозда, ачинарли оҳангда инграниб йиғлай бошлади, хотинлар бир-бирига қараб айтди: “Одам бўлиб одаммас, мушук бўлиб мушукмас, бу қанақа маҳлуқ бўлди экан-а?”
Ксендзга одам юборилди, Ксендз келди, ўзининг ишини қилди, кейин кетди; бемор хотин сал ўзига келди. Бир ҳафтадан кейин ишга ҳам чиқиб кетди. Бола базўр жон сақлаб юрибди, лекин ўлмай қолди, тўртинчи йил деганда танаси ердан узилиб, оёққа турди, сирқовланиб юра-юра, қоқила-суқила ўн ёшга ҳам етиб олди.
У аввалгидек қилтириқ эди-ю, лекин зуваласи пишиққина эди, юзлари ичига тортиб кетган-у, қорни ҳўппоз. Сочлари оппоқ, канопнинг ўзгинаси, пешонасидан осилиб тушиб, чақчайган кўзларини яшириб турарди, катта-катта очилган бу кўзлар қачон қарасанг олис-олисларга, номаълум ёқларга тикилган бўларди. Қишда болакай печка ортида ўтирарди, совуқдан тинмай шилқ-шилқ бурнини тортади, баъзида онаси ҳеч нима қолмаганидан қозонни сувга ташлаб қўйганида, бу ҳам танама тақдир қўйиб оч-наҳор ўтираверарди. Ёзда битта кўйлакда юрарди, бошига титиғи чиқиб кетган похол шляпани қўндириб оларди, шляпанинг тагидан у бошини юқорига кўтариб қараб турган қушчанинг ўзи бўларди-қўярди. Мунглуқ она бўлса ёт уяга тушиб қолган қалдирғочдай Худонинг бермиш куни елка қисиб юрарди, ҳа, у ўғлини ёмон кўрарди дейиш инсофдан эмас, минг қилса ҳам ичидан чиққан чаён-да. Аммо уни тез-тез уриб турарди ва кўпинча уни “адашиб келиб қолган” деб айтарди. Саккизга кирганида кичкина Ян подачилик қилиб, мол боққани чиқар ёки уйда егулик ҳеч нарса қолмаганида ўрмонга бориб, замбуруғ териб келарди. У ерда нечук бўриларга ем бўлиб кетмади – бу ёғи бир Худога маълум!
Меровликда унинг олдига тушадигани йўқ эди, одатдаги қишлоқ болаларига ўхшаб, бировлар билан гаплашаётганида у кўрсатгич бармоғини оғзига тиқиб оларди. Унинг “одам” бўлишига ҳеч кимнинг кўзи етмасди, қийин-қийин – онага қийин, ахир ёруғ дунёда суянадиган шундан бошқа кими бор? Чунки “бола – бошидан” деганларидай, бунинг бирон-бир касб-ҳунарга ҳавас-рағбати сезилмас эди! Аммо бир нарсага суяги йўқ эди – ўйин деса ўзини томдан ташларди. Ҳар ёқдан унга қанақадир товушлар эшитиларди, эсини танибдики, аҳвол шу: хаёли ёт товушларда – шундан бошқа хеч нарсани ўйламасди ҳам. Ўрмонга сигир ўтлатгани ёки тенгқурлари билан замбуруғ тергани борганда ҳам икки қўлини бурнига тиқиб қайтарди, бу ҳам етмагандай тили чучукланиб нима дерди денг:
– Ойи, ойи, биёв ўймонда нуқул куй чолоди. Бий эшитмайсизми бойиб?
Онаси унга бобиллаб беради:
– Куйингни чалдириб қўяман сенинг, шошмай тур!
Гоҳо онаси бошига чўмич билан солиб қоларди. Болакай чийиллаб, “Бошқа ундай қилмайман, бошқа ундай қилмайман!”, деб ваъда берарди-ю, хаёлида фақат бир нарса бўларди: “Ўймонда биёв нуқул куй чолоди!”. Оқшомлари қоронғи тушса ҳам тиниб-тинчимаган қишлоқ одамларининг гапларини жон қулоғи билан тингларди, унга одамлар гўё гаплашяпти эмас, концерт қўйиб бераётгандай туюларди. Ҳатто ишда ҳам, далага гўнг сочар экан, у шамолнинг ёғоч паншаха тишларига урилиб чиқарган овозини берилиб тингларди.
Бир куни ишбоши унинг шамолда сочлари тўзиб, тик турганча жон қулоғи билан паншаха тишларидан чиқаётган овозни тинглаётганини кўриб қолди. Кўрди-ю, дарҳол белидаги камарини ечиб, болани обдон савалади – яхши куйдан олган завқига “мукофот”. Аммо қаёқда дейсиз! Шу-шу, одамлар уни “мусиқачи Янко!” деб чақирадиган бўлишди. Баҳор келиши билан у тол пўстлоғидан най ясагани анҳор бўйига чопарди, кечқурун эса кўлдаги бақалар барчаси жўрликда тантанали қўшиқларини бошлаб юборганида, ўтлар орасида тартар қуш сайраганда, йирик қўнғизлар ғўнғиллаётганида, девор устига жойлашиб олган хўрозлар қишлоқнинг ҳар жойидан бонг ура бошлаганда мусиқачи Янконинг кўзларидан уйқу қочарди, бу шовқин-суронда у қанақа мусиқа тинглаётганини бир унинг ўзию Худо биларди… Онаси уни костёлга олиб бормай қўйганди, борган вақтларида эса арғанун нола қилиши ёки кишилар жўрликда ширин овоз билан илоҳий қўшиқни куйлай бошлаши билан боланинг кўз олдини туман қопларди. Худди оламни энди кўриб тургандай, атрофга олазарак жавдирарди. Тунги қўриқчиликда қишлоқ айланиб юрган ва уйқусини ҳайдаш учун юлдуз санаган ёки итлар билан суҳбатлашган қоровул оқ кўйлакли мусиқачининг хеч кимга билдирмай қовоқхона томонга ўтганини бир эмас, бир неча бор пайқади. Бироқ бола қовоқхонага кирмасди, албатта, – у фақат девор олдига эмаклаб борарди-да, ёнбошлаб ва нафасини ичига ютиб, тингларди. Ичкарида қувноқ куй янграрди, ора-сира ўсмир йигит “Бўш келма!” – деб қичқириб қўярди, кетидан пошналар ишга тушиб кетар, қизлар бараварига жавоб қайтарар эдилар. Скрипкалар паст овозда майингина қилиб, “Бу дунёда еб-ичиб қолинг, қувнанг, яйранг, кўнгилни олинг”, – деб шўх-шан қўшиқ айтса, контрабас ўзининг йўғон овозида сиполик билан: “Худо хоҳласа! Худо хоҳласа!” – деб қўшимча қиларди. Деразадан ёзги тун қўйнига чарақлаган чироқ нурлари тошиб чиқар ва қовоқхона полининг барча тахталари титрар, эгилар ва ғичирлаб қўшиқ айтарди… Мусиқачи Янко эса тинглагани сайин тинглагиси келарди!..
“Бу дунёда еб-ичиб қолинг, қувнанг, яйранг, кўнгил олинг!” – дея майин овозда куйлаётган мана шу скрипка учун, мана шу жаранглаб куйловчи тахтачалар учун Янко нима сўрасалар беришга тайёр эди. Ҳа, чинакам мўъжиза – бу тахтачаларни қаердан олишаркин ва бу скрипкаларни қаерда ясашаркин?! Эҳ, унга бир марта, фақат бир мартагина шунга ўхшаш чолғуни ушлаб кўришга беришсайди. Қайдам!.. У фақат тинглай оларди, холос ва тун қоронғуси ичидаги қўриқчининг овози янграмагунча тинглайверарди:
– Уйингга бормайсанми, ҳой саҳархез!
Бола ирғиб турди-да, яланг оёқлари билан қоронғилик қўйнида пилдираб юриб кетди, орқадан эса скрипканинг: “Бу дунёда еб-ичиб қолинг, қувнанг, яйранг, кўнгилни олинг,” – деб, контрабаснинг сиполик билан қўшиб айтган: “Худо хоҳласа! Худо хоҳласа!” қўшиғи қулоғига келиб уриларди.
Тўйдами ёки ҳосил байрамидан кейинми, яхши кўрган скрипкаларининг овозини тинглаганида Янконинг чекига катта байрам тушарди. Шундай байрамлардан кейин у печка ортига беркиниб оларди-да, мушукникидай чақноқ кўзлари билан қоронғилик ичидан қараганча кун бўйи чурқ этмай ўтираверарди. Бир амаллаб у ўзига тахтача ва от қилидан скрипкача ясаб олди, аммо у қовоқхонада чийиллаётганларга ўхшатиб бинойидек чалишни уддасидан чиқмади; унинг скрипкасининг овози паст эди, шунчалик пастки, худди пашша ёки чивин ғинғиллаётгандек. Бироқ у шу скрипкани эрта тонгдан қора кечгача чаларди, ҳолбуки бунинг учун у озмунча тепкилар емади ва охири уриб-уриб пўла қилиб ташланган ғўра олмага ўхшаб қолди. Кўриб, ўзингиз тан бераверасиз: болакай тобора озиб бормоқда эди, фақат қорни хўппайгани-хўппайган, оқ сочлари бадтар қуюқлашиб кетганди, кўзлари аввалгидан ҳам кучлироқ чақчайган, уларда мудом болаларча ёш ўйнаб турарди. Юзи ва кўкраклари тобора ичига ботиб борарди…
У бошқа болаларга сира ўхшамасди, кўпроқ паст, қулоққа базўр чалинувчи овоз чиқарадиган чирик тахтачадан ясаган ўзининг скрипкасига ўхшарди. Қолаверса, ҳар йили баҳорга яқин у очликдан бутунлай ўзини олдириб қўярди, чунки бу вақтда ўзини хом сабзи билан қаноатлантиришига тўғри келар, ҳамда ҳақиқий қўлбола скрипкали бўлиш орзусига бериларди.
Шўрлик болакайга бу орзулар яхшилик келтирмади!
Бойнинг ҳовлисидаги баковулнинг бир скрипкаси бор эди ва у скрипкани қош қорайганда оқсоч панининг кўнглини оғдириш истагида ғийтиллатар эди. Чолғуни яқиндан мириқиб кўриб олиш учун Янко гоҳ-гоҳ қалин отқулоқлар орасига эмаклаб борарди. Скрипка эса деворда, эшигининг шундоқ рўпарасида осиғлиқ турарди. Бечора бола бутун жону дилини мана шу ҳар кимга насиб қилавермайдиган, унинг қўлининг учи ҳам тегиши мумкин бўлмаган ёмбига қадалган кўзларида жамул-жам этган эди; шу буюм унинг юрагини куйдириб, меҳрини жўшдириб келарди. Скрипка уни ўзига оҳанрабодай тортарди. Бир марта, фақат бир мартагина уни қўлига олса ёки унга яқиндан туриб тўйиб қараса майлийди… Шугина фикрдан болакайнинг жимитдак юраги ўйнаб, бахтдан қафасдаги қушчадай типирчилаб кетарди.
Бир куни тунда баковулнинг хонасида қимирлаган жон кўринмаётганди. Жаноблар аллақачон чет элда ялло қилиб юрар эдилар, уй ҳувиллаб ётар, баковул эса оқшомни оқсочникида ўтказмоқда эди. Отқулоқлар орасига беркиниб олган Янко анчадан бери оташин хоҳишларининг мояси бўлмиш скрипкани ланг очиқ эшикдан баралла кўриб турарди. Осмонда тўлин ой пирпирарди ва унинг нури эшик тирқишига қиялаб тушиб, қаршидаги деворга оппоқ, қоронғилик ичидан яққол кўриниб турувчи тўртбурчак шаклини солганди. Мана шу оппоқ тўртбурчак шакл девор ёқалаб силжий-силжий скрипка осиғлиқ турган жойга тобора яқинлашиб келарди ва охири скрипка ҳар томондан нурга чулғаниб, зулмат қаъридан сузиб чиқди. Шунда у қоп-қоронғи хонанинг тўрида худди кумуш ёғочдек ярақлаб кетди; барча бўртиқлару нафис жойлари шунақанги қаттиқ чарақладики, Янконинг кўзлари бу чарақлашга дош беролмади. Ушбу сеҳрли ёғдуда ҳамма-ҳаммаси: нафис бўйин, торлар, дастанинг эгик жойи яққол кўзга ташланиб турар эди, тилчалар оқариб кўринар ва ялтироқ чувалчанглардай йилт-йилт қиларди, шу заҳоти ингичка камонча ҳам кумуш ипдай товланиб кетди…
Оҳ, ҳаммаси шундай ажойиб, эртакдагидек жозибадор эди! Янконинг нигоҳи эҳтирос авжидан чарақлаб кетди.Отқулоқ япроқлари орасида тирсакларини озғин тиззасига тираб, оғзини очганча чўккалаб ўтирар экан, у скрипкани томоша қилиб тўймаётгандай. Қўрқув уни жойида ушлаб турарди, ноаниқ енгилмас хоҳиш олға ундарди. Бу нима, жоду деганлари шуми ё?! Ялт-ялт қилган, беғубор скрипка, зулмат ичидан олдинга сузиб чиқиб, бола томон яқинлашиб келадиганга ўхшарди… шунда шакллар яна қорайиб, қайта ва қайта яқин келиш учун узоқлашаётгандек эди. Мўъжиза, кўз олдида рўй бераётган жоду! Шу пайт шамол эсди, дарахтлар оҳиста шовуллади, отқулоқнинг кенгбар япроқлари бир-бирига шап-шап урилди, Янконинг қулоғи остида кимдир эшитиладиган қилиб овоз берди: “Бор, Янко! У ерда ҳеч ким йўқ… Борсанг-чи, Янко!..”
Тун сокин, ойдин эди. Бойнинг боғидаги кўл устида булбул чаҳ-чаҳлай ва ундай бошлади: “Бор, ол!” Дили пок лелек қуши шовқинсиз унинг боши узра айланарди: “Йўқ, йўқ! Янко!” Бироқ лелек учиб кетди, булбул эса қолди, отқулоқ у ён-бу ён чайқалганча ўзича минғирлар эди: “Ҳеч ким йўқ, ҳеч ким йўқ!” Скрипка яна олдинга чиқиб келди, ялтиради…
Чоққина букри қиёфа оҳиста олға ҳаракат қилди, бу орада булбул эшитилар-эшитилмас чаҳ-чаҳларди: “Бор, ол уни!”
Қоп-қора япроқлар яширмаган оқ кўйлак ланг очиқ эшикдан сал берида қораяди, касалванд боланинг нафас олиши тезлашаётгани остонаданоқ қулоққа чалинади. Яна бир лаҳза – ва остона ортида фақат битта яланг бола оёқчаси кўринади. Ҳой лелек, кўнгли пок қуш, яна бир карра: “Йўқ, Янко, йўқ!” деб учиб ўтишинг беҳуда кетди-я! Янко хонага кириб бўлганди.
Бой боғининг қоп-қора дарахт шохлари тагидаги қўшни ҳовузда бақалар бараварига сайрай кетди. Булбул жим бўлди, отқулоқ шатирламаяпти, шамол тинган… Бу орада Янко тобора олдинга эмаклаб кетмоқда эди, бироқ тўсатдан уни даҳшат чулғади. Худди чангалзорлар ичида туғилиб ўсган йиртқичдай. Отқулоқлар орасида у ўзини уйдагидек ҳис қилаётганди, энди эса тузоққа тушиб қолган ҳайвонга ўхшарди. У тўхтаб-тўхтаб ҳаракат қилар, қисқа-қисқа, ҳуштакли нафас оларди, бунинг устига у қоронғилик ичида пайдо бўлиб қолганди. Шарқдан кунботишгача осмон бўйлаб сермалган унсиз ёз чақмоғи хонани яна бир карра ёритиб юборди ва унда Янко бошини кўтарганча скрипка рўпарасида тўрт оёқлаб турарди. Бироқ чақмоқ ўчди, булут ойни беркитди ва энди ҳеч нарса кўринмай ҳам, эшитилмай ҳам қолди…
Фақат бир дақиқадан кейин қоронғилик ичидан паст ва мунгли товуш отилиб чиқди, худди биров таранг торларга тегиб кетган-у, бирдан…
Афтидан хонанинг қоронғи бурчагидан дағал, уйқули овоз ўшқириб деди:
– Ким у?
Янко нафасини ичига ютди, бироқ дағал овоз такрор янгради:
– Ким у?
Кимдир деворга ишқалаб гугурт чақди, хона ёришди, кейин эса… Эҳ Худойим-а! Сўкиш, зарбалар, бола йиғиси, қичқириқлар эшитилди: “Худо ҳаққи!” Ит акиллади. Деразаларда чироқчалар югура бошлади, қўрғонда тўс-тўполон, қий-чув кўтарилди…
Эртасига Янко войт ҳузурида судда турарди.
Наҳотки муштдай болани ўғриликда айблаб суд қилишса?.. Бўлиши мумкин. Войт ва ҳакамлар унга қарашди, бола бармоғини оғзига солиб улар олдида тик турарди, катта-катта очилган кўзларида қўрқув тўла, ушоққина, озғин, калтакдан эзилган, ҳатто қаердалигини ҳам, бу одамларга ундан нима кераклигини ҳам билмайди. Бор-йўғи ўнга кирган, мадорсиз оёқларида базўр турган шундай бир жонни қандай суд қилиш мумкин? Қамоққа жўнатиш керакми?.. Қайдам! Бундай пайтларда болаларга озгина раҳмдиллик кўрсатилса, олам гулистон. Уни қоровулнинг ўзига топшириш керак, вассалом, кичикроқ дарра билан бир-икки зарба тушириб жазоласа, бас, бошқа бунақа номаъқулчиликка қўл урмайдиган бўлиб кетади.
– Шуниси маъқул!
Қоровул Стахни чақиришди.
– Олиб бор буни, эсидан чиқмайдиган қилиб савала.
Стах йиртқич ҳайвонга ўхшаш тўнканамо бошини ирғаб қўйди, худди мушук боласидай Янкони қўлтиғига қисиб олди ва шийпонга олиб кетди. Болапақир ё унга нима бўлганини билмаганидан, ё қаттиқ қўрқиб кетганидан бўлса керак, чурқ этиб оғиз очмаётганди, фақат қўлга тушган қушчадай қараб турарди, холос. Уни нима қилишларини билиб ҳам нима қиларди. Фақат Стах шийпонда панжалари билан уни қучоқлаб, ерга чўзилтириб ётқизган, кўйлагини кўтарган ва елкаси бўйлаб дарра туширгандагина Янко чинқириб юборди:
– Ойижон! – Қоровул дарра туширади, у “ойижон” дейди, қоровул дарра туширади, у “ойижон” дейди, шу тахлитда дарра тушаверади, охири дарралар аввалгидек тушаверди-ю, бироқ боланинг қичқириғи эшитилмай қолди. Янко ҳушдан кетган эди.
Сен ҳам ўзингга етганча нодонсан-да, ифлос Стах! Болани ҳам шунақа урадими? Ахир у она сути оғзидан кетмаган, ёш бир бола-ку, ўзи оёқда зўрға юрган бир касалванд жон!
Онаси келди, болани олди, аммо уни уйчага қўлда кўтариб кетмаса бўлмасди… Эртаси куни Янко ўрнидан турмади, учинчи куни кечқурун у қалин каноп мато остида тинчгина жони узилишини кутиб ётарди.
Ҳовлидаги гилос шохларида қалдирғочлар вижир-вижир сайрайди, қуёш нури деразадан тушиб, боланинг тўзғин жингалак сочларини ва қондан асар бўлмаган оппоқ юзини ёритади. Бу нур бамисоли эгасини тарк этаётган боланинг жонига очилган йўл эди. Шукурки, жилла қурмаса эндигина бола қалбига ёрқин нурлардан кенг йўл очилди, бу жоннинг ҳаёт йўли ҳақиқатан ҳам ҳаддан ташқари ўйдим-чуқурли йўл бўлди. Бу орада суяклари саналиб ётган кўкрак ҳали ҳам заиф нафасдан кўтарилиб тушмоқда эди, боланинг юзидаги ифодадан шу нарса кўриниб турардики, у очиқ дарчадан отилиб кираётган қишлоқдаги овозларни ютоқиб тинглаётир.
Оқшом чоғи эди, пичан ўримидан қайтаётган қизлар қўшиқ айтишарди: “Ям-яшил ўтлоқзорда!”, анҳор томондан эса най наволари оқиб келарди. Қишлоқнинг не тахлит қўшиқ куйлашини мусиқачи Янко сўнгги марта тингламоқда эди… Каноп мато устида у билан ёнма-ён ўзининг тахта скрипкаси ётарди…
Бирдан боланинг чеҳраси ёришди ва қонсиз лаблари пичирлаб деди:
– Ойижон…
– Нима, болажоним? – сўради онаси томоғига тиқилган йиғини базўр тўхтатиб…
– Ойижон! Нариги дунёда ўзимнинг скрипкам бўладими?
– Бўлади, болажоним, бўлади! – жавоб берди онаси, бироқ энди ортиқ ҳеч нима дея олмас эди, чунки унинг кўксидан аччиқ, куйдирувчи ўт отилиб чиққанди: “Э Худойим! Худойим!” Шундай дея она кўкси билан сандиқ устига қулади ва телбаларча ё бўлмаса муҳаббатини ўлим чангалидан тортиб ололмаган одам каби ўкраб йиғлаб юборди.
Ҳа, жигарбандини олиб қололмади, ўрнидан туриб, ўғлининг юзига қаради, кичкинагина мусиқачининг кўзлари очиқ, аммо ҳаракатсиз эди, юзида эса қандайдир жиддий ва бамисоли маъюс улуғворлик муҳри қотганди. Қуёш нури ҳам нари кетганди.
Жойинг жаннатда бўлсин, Янко!

* * *

Эртаси куни жаноблар Италиядан ўз қўрғонларига қайтиб келишди. Ёш бекач ҳам куёви билан қайтиб келди. Куёв келинга деди:
– Италия жуда гўзал мамлакат эканми!
– Халқини айтинг – ҳаммаси санъаткор. Улар ичидан истеъдодларини териб ёрдам берилса, савоб иш бўларди, – қўшимча қилди бекач.
Янко мусиқачининг қабри узра қайинлар шовулларди.

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон