Жасур Кенгбоев. Бемаъни “одат”лар қаердан пайдо бўляпти?

Тўй-томошаларимиз ҳақида кўп мулоҳазалар қиламиз. Айрим одатларимизни санаб, хурсанд бўламиз: ўзбекона удум ва тадбирларимиз ростакамига тўйларимизда ҳам ўз ифодасини топиб, одамларни меҳр-оқибатга, аҳил-иноқликка, умуман, яхшиликка ўргатади. Бироқ шундай «одат»ларимиз борки ва шундай янги «урф»лар ҳам пайдо бўляптики, улар тушунган одамларнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда.

Танқид мавзусига айланиб келаётган ана шундай жиҳатлар – тўйларимиздаги дабдабабозлик, ортиқча қилиқлар, янги «урф»лар кишини чуқур мулоҳаза қилишга ундайди. Сабаби, одамларимизни на моддий, на маънавий фойдаси тегадиган бундай «одат»лардан қайтариш келгусида кўплаб хунук оқибатларнинг, маънавий жароҳатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Намунча ваҳима, дерсиз. Хотиржам бўлинг: асоссиз эмас бу. Тўйларимизда ҳозир кундан-кун урчиб бораётган айрим даҳмаза одату қилиқларни эшитган, кўрган киши ҳеч ҳам бефарқ қараб туролмайди.

Ким айбдор?

Бир ҳамқишлоғим айтиб берган воқеа ҳалигача қалбимни ларзага солади. Куёв бола – ҳали йигирмага ҳам кирмаган йигитча хорижда мардикорлик қилиб келиб, янги машина олибди. Бироздан сўнг уйланадиган бўлибди. Тўй куни келинникига бораётганда куёв роса инжиқлик қилибди: «Куёвнавкар машинаси ўн бешта бўлмаса, тўй-пўй бўлмайди, машинага чиқмайман», дебди. Катталар ҳам уни кўндиролмабди. Охири куёвболанинг шаштини қайтармай, улов саноғини у айтганидай бадастир қилишибди.

Йўлга чиққан машиналар карвони бошида куёвболанинг ўзи, тағин рулда эмиш. Катта йўлга чиқишганда куёвбола ҳаммага буйруқ берибди: «Машиналар икки ёнимдан юрсин!»

Беўйлик, қизиққонлик, олифталик ёшларга хос хислат-да, деймиз. Куёв машинасининг икки ёнидан яна ҳашамат уловлар қўшилгач, трасса тўлиқ банд бўлади. Орқадан келаётган бошқа уловларга ҳам йўл берилмайди. Бир-бирига сигнал чалиб, қийқириб кетаётган йигитлар бир маҳал қирликка чиқаётиб, рўпарадан жуда катта тезликда бир машина келаётганини кўриб қолади-ю, саросимага тушишади. Жуда қисқа фурсатда содир бўлган бу саросима нохуш якунланади: қарама-қаршидан келган улов ўша тезликда куёвнинг машинасига тўқнашади ва… тўй азага айланади… Даҳшатли бу воқеа бир зумда овоза бўлиб кетди.

Бунда ким айбдор? Жувонмарг кетган куёвболами? Эҳтимол, ёши катталар, кайвониларда ҳам озгина айб бордир? Тўйларимиз яхши, одатларимиз дуруст, бироқ қилиқларимиз ёмон. Аслида ўша куёв бўлмиш йигитча ҳам тинчгина, ҳамма қатори, йўлда бошқа уловларга халақит қилмасдан юриши мумкинмиди? Мумкин эди, албатта.

Хўп, тўйи бўлаётган одамнинг одатдаги эркаликлари-да бу, дермиз, лекин катталар, кайвонилар уларни тартибга чақириши, кераксиз ва зарарли «одат»ларнинг бўй кўрсатишига йўл қўймаслиги ҳам мумкин эди-ку? Қишлоғу шаҳарларимизда тўй куни унча-мунча машиналар карвони йўлда сидирға юрмаслигини кўрган ёши улуғлар нега тўй бўлаётган маҳали сўзга чиқиб, бунинг оғир оқибатлари ҳақида ёшларга икки оғиз дакки беролмайди?

…Бир неча йил аввал Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахтдаги тўй-маросимларда ортиқча дабдабабозликка барҳам беришга қаратилган ҳужжат қабул қилгани яхши иш бўлган эди. Бироқ бугун гувоҳи бўляпмизки, барибир айрим тўйларда келин-куёвлар турнақатор машиналар карвонида юрибди. Тўйларда хизмат қилаётган артистлар сони ҳам кўп-да назорат қилинмаяпти.

Назаримизда, бундай қарорлар, назоратлар, қачонки, одамларнинг ўй-хаёли, дунёқараши ўзгармас экан, тўла натижа бериши қийин. Дабдабабозлик, ортиқча «урф-одат»лар, «қилиқбозлик», бойлигини кўз-кўз қилишу кимўзарга ўйнашларга барҳам берилиши душвор.

Эрсирашми бу?

Асосан шаҳарларимизда яна бир хунук «одат» пайдо бўлган. Тўйхонага келин кириб келгач, меҳмонларга ўзбекона удум бўйича таъзим қилади. Ҳозир эса бу миллий фазилатлар ўрнини халқимизга хос бўлмаган, жуда хунук иллат эгалламоқда: келин ортга бурилади, унинг ортида бир тўда дугонаси, асосан ҳали турмушга чиқмаган қизлар туради. Келин қўлидаги гулни ортига отади, қизлардан қайси бири уни ушлаб олса…

Бу аҳмоқона удумнинг мақсади ва моҳиятини айтишгаям уялади одам. Нима эмиш, гулни қайси қиз тутиб олса, ўша биринчи бўлиб ва тезда эрга тегиб кетармиш…

Ўзингиз ўйланг, бу ўзбек қизлари учун уят, иснод эмасми? Ғарбдан кириб келаётган бу каби андишасизликларни нега кўр-кўрона қабул қилаверамиз? Ўша қизларнинг тўйда иштирок этаётган ота-онаси, ака-укаси ер ёрилса-ю, кириб кетса арзийдиган шармандалик эмасми бу? Моҳиятида эрсираш деган гап ётган бу «одат» қачон удумларимизга кириб келди экан? Қайсидир аҳмоқ ўзини томдан ташласа, биз ҳам ташлайверамизми? Уйда, оила даврасида, керак бўлса, тўйларимизнинг ўзида бундай аҳмоқгарчиликлар ҳақида гапирилса, оилавий суҳбатлар қилиниб, ёшларнинг онгига миллий қадриятларимиз, одоб-ахлоқимиз кўпроқ сингдириб борилса эди, шу каби ёт ғоя ва тушунчалар биздан узоқроқ бўлармиди.

 Бўсабозлик

Бир видео ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалди:  мамлакатимизнинг олис вилоятларидан биридаги ўта андишасиз тўй саҳнаси акс этган бу видеони кўрганимдан бери ўзимга келолмайман.

… Ресторан-тўйхона тўла одам. Хотин-халаж, эркаклар, чоллар ўтирибди. Икки-уч куёвжўра сўзга чиқади. Сал кайфи бор, шекилли, биринчиси зўрға икки жумлани эпақага келтириб, келин-куёвни бахт остонасига қадам қўйгани билан табриклайди. Бу пайтда янги оила қураётган жуфтлик табрикловчига ҳурмат юзасидан тик турибди, келин эса ўзбекона андиша билан тинмай таъзим қиляпти.

Ҳалиги йигит табриклаб бўлгач, куёвга қараб, хитоб қилади:

– Алишер! Горько!

Дафъатан бу хитобни эшитган одамнинг юзига андак табассум югуради. «Йигит тушмагур жа замонавий эканми? «Горько»га бало борми ўзбекнинг тўйида?! Мастликда ҳар нарса деяверади-да одам, келин-куёв қулоқ солармиди бунга…» дея ўйлайсиз. Бироқ… адашасиз! Бу ҳазил эмас! Жўрасининг хитобини эшитган куёв шартта келинга ўгирилиб, лабидан бўса олади!

Тўйхонада қарсаклар чалинади.

Сўнг иккинчи йигит табриклайди. Тик турган келин яна таъзим қилади. Бу табрикловчи ҳам сўзининг якунида:

– Алишер! Горько! – дейди.

Яна бўсабозлик….

Даҳшатга тушасиз. Бизга нима бўляпти? Ўзбекнинг тўйида-я? Тўйхонани тўлдириб ўтирган кайвони кекса отахону онахонлар, ёши катта эркагу аёлларнинг олдида-я? Уларнинг кўзи қаерда?

Ўйлаб ўйингизга етолмайсиз: ёшларимиз шунчалик уятсиз, андишасиз бўлиб кетишдими? Куппа-кундуз куни, тағин шунча одамнинг орасида бўсабозлик қилиш учун одам қанчалик ор-номуссиз, андишасиз бўлиши керак? Бўлғуси қайнона, қайноталарнинг кўз ўнгида бундай хатти-ҳаракат қилиш одобданми? Ўзбекона шарм-ҳаё, иффат деганлари қаерга йўқолди? Тарбия ва ахлоқимизга  етти ёт «горько» дегани ҳаётимизга, тўйларимизга қаердан, қандай қилиб кириб келяпти? Шарқона менталитетимизга шунчалик дарз кетяптими?

Саволлар кўп…

«Келиннавкар» нимаси?

Яқинда бир танишнинг тўйида қатнашдим. Тўйхонага келин-куёв кириб келди. Ҳамманинг эътиборини тортган нарса шуки, келиннинг дугоналари бир хилда кийинган экан. Кимдир кулимсиради: «Инкубатордан чиққандай бўпти». Кейин эшитсам, бу ҳозир пайдо бўлаётган янгича «урф»лардан яна бири экан.

–  Бир дугонамдан тўйига таклифнома олдим, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Шоҳсанам Нишонова. – Унинг айтишича, тўйда келиннинг ҳамма дугоналари «келиннавкар» сифатида бир хил либосда бўлиши шарт эмиш. Аввалига бу ҳолат менга кулгили туюлди. Ахир, дугонамнинг мен танимаган танишлари ҳам бўлиши мумкин-ку, қандай қилиб, улар билан бир хил кийинаман, ҳамманинг диди турлича бўлса? Эътирозимни билдиришга энди оғиз жуфтлаган эдим, дугонам йигирма қизга етадиган либос учун газламани ўз бўйнига олганини айтди. Ота-она қизига сарпо қилгани етмаганидек, энди келиннинг дугоналари (келиннавкар)га ҳам кийим олиши керакми?..

Ҳамманинг имконияти бир хил эмас, албатта. Оқила қиз ҳеч қачон ота-онасини қийнаб қўймайди, қолаверса, «келиннавкар» дегани қадрият эмас, иллат деб ўйлайман.

Бир хил матодан кийим кийган келин дугоналарнинг суратлари ижтимоий тармоқларда қўйилишига ҳам кўзимиз ўрганиб қолди. Энг қизиғи, бундай суратларнинг остидаги «келиннавкар» деган ёзувга кимдир эътибор берди, кимдир эса йўқ. Аслида, куёв бўлмиш дўстлари билан келиннинг уйига келишини куёвнавкарларни кутиш маросими сифатида биламиз. «Навкар» сўзи ҳам эркакларга тегишли эмасми? Аммо энди келиннинг бир хил либосдаги дугоналарини «келиннавкар» дейилиши нимани англатади?..

Майли, ҳар ким орзу-ҳавасига етсин, бахтли бўлсин. Аммо биз учун етти ёт бегона одатлар тўйларимизга кириб келаётгани кишини ташвишга солади. Тўйларни ихчамлаштириш ҳақида ҳамиша, ҳамма жойда гапириб келинади, тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунга қарамай, ғалати одатларга тақлидлар пайдо бўляптики, улардан «оммавий маданият» ҳиди келаётганга ўхшайди.

Ёш ҳамкасбимизнинг қайғурганича бор. Бу кўплаб оилаларнинг қизлари учун тўй куни бир талай кўнгилсизликларни келтириб чиқарадиган анча ўткир ижтимоий масалага айланиши мумкин. Ҳа, бундай ортиқча ва бачкана номаъқулчиликлар кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти.

Хўш, тўй-маросимларимиздачи янги «одат»лар қандай, қаердан пайдо бўляпти?

Сохта тарғибот ортидан

«Осмонда ой чиқса, билингки, кимдир бундан манфаатдор», дерди бир иқтисодчи танишимиз. Дарҳақиқат, яқинда бир шоу-бизнес вакили билан суҳбатлашаётиб, билиб қолдим: бундай «одати»лар ҳам бекорга пайдо бўлмас экан.

«Анъана», «одат» номи остида кундалик ҳаётимизга кириб келаётган «янгилик»лар асосан айрим учарларнинг ҳамёнини қаппайтиришга хизмат қилар экан. Ҳозир нима кўп, тўй-маросимларни чиройли қилиб ўтказишга ёрдам берадиган дастёр фирмалар кўп. Пулини тўласангиз бўлди: тўйхонани ранг-баранг пуфаклар билан безайди, остонага пойандозлар тўшайди, келин-куёвни машинада эмас, фойтун-араваларда олиб келиб беради. Суратга ҳам туширади, видеога ҳам олади. Бошловчидан тортиб артистларни, машшоқларни, раққосу раққосаларни ҳам гаплашиб, тўйхонада бадастир қилиб беришади. Хуллас, қўлингизни совуқ сувга урмайсиз, ҳаммасини ўзлари қилишади.

Ана шундай фирмалар «фаолият» турини қанча кенгайтирса, даромади шунча ортади. Шу боис улар минг бир «янгилик» ўйлаб топади. Тўй эгасига: «Ака, фалончанинг тўйида келин-куёв тўйхонага ўзлари эмас, тахтиравонда кириб келишибди. Ҳозир шу мода бўпти ёшлар орасида. Замонавий одамлар шундай қилаётганмиш», дейди. Бу аслида бекор гап бўлса-да, шундай реклама қилинади.

Шу тахлит ўша таги йўқ янги «мода» урчиб кетади. Бу ёқда эса олғир фирма бойигандан бойийди. Сизнинг маънавиятни асрашу миллий қадрият деган дийдиёларингизнинг сариқ чақалик қизиғи йўқ уларга. Муҳими, пул келяпти-ку…

Ортиқчаси исроф бўлмаса…

Ҳашамдор тўйлар қилиш, бойлигини кўз-кўз этиш орзу-ҳаваси бошқа халқларда ҳам бор. Улар ҳам ҳисоб-китобини билиб бўлмайдиган исрофгарчиликлар қилиб туради. Бироқ ўша ортиқча дабдаба ўрнига савоб қиладиган, элнинг дуосини оладиган одамлар ҳам йўқ эмас.

Ўтган йили бир хабар бутун дунёни айланиб чиқди: ҳиндистонлик Ажай Манот исмли миллиардер бизнесмен ёлғиз қизининг никоҳ тўйида 90 та камбағал, бошпанасиз оилага барча қулайликларга эга уйлар қуриб берди. Никоҳ куни эса келин-куёв янги уйлар калитини ўз эгаларига топширди.

Бугун дунёнинг у ер-бу ерида ана шундай саховатпешалар томонидан ибратли ишлар ҳам қилиняпти. Бўляпти-ку, бундай амаллар ҳам.

Йўқ, одамзод шон-шарафга ўч. Бор-будини бир кунлик тўйга сочса-ю, ҳамманинг тилига тушса… Тўйни-ку узоқ йиллар эслаб юришар, лекин шу дабдабага сарфланган маблағ ёки бошқа моддий нарсалар кимгадир ҳадя қилинса-ю, бечораҳол одамларга ёрдами тегса, бу яхшилик, савоб иш ҳеч кимниг ёдидан чиқмайди.

Бизнинг юртимизда ҳам дабдабали тўй қилгандан кўра пулини етим-есирнинг бошини силашга, меҳрибонлик ва қариялар уйларига эҳсон қилишга сарфлайдиган саховатпеша одамлар оз эмас. Исрофгарчиликка жуда қаттиқ қарайдиган халқимиз тўйларида ҳам, урф-одат ва маиший турмушида ҳам ана шундай фикрлайдиганлар қанча кўпайса, шунча яхши.

Инсон дабдаба ва исрофгарчилиги, шуҳратпарастлиги билан эмас, одамийлиги, саховати, яхшилиги билан чинакамига ном қозониши ва бу номни узоқ вақт сақлаб қолиши мумкин.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон