«Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон янги» деганлари рост экан. Қирқ йил бурун қозон-товоқ Хадча кампирнинг измида эди, энди бўлса, манави икки хомкалла келинга ўтган. Шулар нима қайнатса, шуни ичасан. Бошқа тансиқроқ таом тусасанг ё масаллиқ, ё таъм етишмайди. Жаврай-жаврай фойдаси бўлмагач «Ўзларингга маъқулини қилаверинглар, келинжонлар. Мен нима ҳам ердим, бир ютумлик қорним бўлса, жуда бўлмаса нон-пон кавшарман» деб қўяқолди чорасиз кампир.
Туя қариса, бўтасига эргашар, дегани шуда. Кампир келинлар сўзини қулоққа илмаса ҳам уларни ётсирамагани учун баъзан оғзидан гуллаб қўяди. Унинг:
«Эртароқ туринглар. Эрларингизнинг ош-овқатини бериб, кўнгилларини кўтариб, ишга жўнатинглар. Рўзғорни бутлаб ўтирган шуларку».
«Овқатни меҳр билан пиширинглар, шундагина ширин бўлади».
«Меҳмоннинг иззатини қилинглар, уйингизни озода тутинглар».
«Кун бўйи телевизорга анқайгунча, шаппаттай ерингга бир нима қадасанг, эртага болаларингнинг оғзи тегади. Ўнта товуқ боқсанг, тухуми қорнингни оғритадими?» деганга ўхшаш гаплари ишёқмас, устига-устак бир-бири билан «мен қилдим, сен қилмадинг» дея тез-тез тортишиб, турадиган келинларининг қулоғига ёқмасди.
Хадча момо ҳам қариб, анча ўзини олдириб қўйди. Кўнглини ёзадиган одами бўлмагандан кейин шуда, бели букилиб, суяклари сирқираб, зўрма-зўраки юраверди. Шунда ҳам кампир қурмағур келинларига ярим аср югуриб-йўртиб топганларини қўш қўллаб топширгиси келмайди.
Катта келини Улзода билан, кичиги Кунбекага – менинг йўриғимга юрмасанглар, ана эшик. Боламга бошқасини олиб бераман, – деб кўрди.
Бефойда. Ўғиллар ҳам лапашанг – иссиққина жойини совутгиси келмайди. Бекорга мағрур бошини эгиб, отасиникига қувлаган катта келинини қайтариб олиб келгани қолди. Ундан кейин ҳам бир-икки гап айтганда, келинлари эрмак қилавергач, Хадчанинг дами ичига тушиб, оғзига талқон солди. Ўғиллари ажрашмайман деб, хотинининг этагига ёпишиб тургандан кейин, жағини оғритиб, итдай ириллаш бир тийин. Кампир «Онам сенга зарарини айтадими? Гапига кирмас экансан, кўтар тўрвангни! Сендай хотиним йўқ!» дейдиган ўғли бўлмаганидан хуноб. «Отангга ўхшамай ҳар бало бўл» деб куюнади. Ўз замонида эркакшода, гапи тош кесадиган, Хадча момо мункайиб қолган бўлишига қарамай, ўғилларию келинларига жаврашдан чарчамайди.
– Менинг айтганим бўлмас экан, эринг билан қўшиб ҳайдайман! Мени билмас экансанлар! Бу катта хонадонни қуриб битказгунча, она сутим оғзимга келган. Умр бўйи йиққан-терганимни шу уйга сарфладим. Энди фалон пуллик ҳовли-жойимни сенларга ўхшаган на қайнонасини, на эрини қадрламайдиган танбалларга ташлаб кетадиган ахмоқ йўқ. Қадримга етганларга бераман, – дейди жаҳли чиқиб. Бу гапни биринчи бор эшитганда икки келини ҳам жуда қўрқиб кетди. Ахир икки-уч боласи билан ижарада туриш осон эканми? Одамлар гап-сўз қилиб юбормайдими?
Қайнонанинг «Қадримга етадиган» деётгани кенжа талаба қизи билан магистр куёви эканини биладилар. Бу қиз билан куёв тушмагур тез-тез кампирнинг ҳолидан хабар олиб, қанд-қурс билан сийлаб, байрамларда бошига рўмол ёпади. Улар келса Улзода билан Кунбеканинг жини қўзийди, қовоқлари осилади. Ўзларини касалга солиб, кўрпа-тўшак қилиб олишади.
Она бечора қизини ўйлаб:
– Ижарама-ижара юрганингизни кўриб, юрагим эзилади, – дейди.
– Бизни ўйламанг, она, – дейди қизи Оқсанам.
– Биздан хавотир олманг, қайтанга сал қийинчилик кўрсак, ўзимизга сабоқ бўлади, – дейди куёви Мурод. – Худо хоҳласа бир йилда ўқишимиз тугайди. Иккаламиз ҳам ишласак тезда уйли-жойли бўлиб оламиз.
– Боядан бери дингкиллаб юрган келинлар сизлар келишингизга боши оғриб ётиб олди. Ҳали кўради мендан кўрадиганини. Баъзида шу уйни сизларнинг номингизга мерос қилиб кетсамми деб ўйлайман, – дейди кампир оғриниб.
– Қўйинг, она, эшитиб қолишади, – дейди қизи.
– Эшитса эшитар! Улардан қўрқадиган жойим йўқ! «Ҳар ким сийлаганнинг қули» дейдилар, – кампир янада авжига минади.
Вазият шундай бўлиб турганда «шум шумни намозшомда топади» дегандай, Улзода билан Кунбека бир-бири билан «сулҳ тузиш»га ўтади.
– Овсинжон, энди нима қиламиз? – деди Кунбека, бекачи бир гал келиб кетганидан кейин. – Аҳволимиз чатоқ. Боя эшик ортидан чала эшитиб қолдим, қоқбош кампир уйни Оқбалоқ (ортидан мазахлаб қўйган оти) бекачга бермоқчи эканми? Ўзингиз ҳам дераза тагида қулоқ ташлаб ўтиргандингизку, эшитмадингизми?
– Мен ҳам аниқ-тиниқ эшитмадимкуя, лекин гаплашганларидан шундай песликни англагандай бўлдим… Буёққа юрчи, – деб Улзода овсинини ўз хонасига етаклади. Иккаласи маслаҳатни пишитди: «ялмоғиз кампир»дан қутулиш керак. Мабодо кейинчалик иккови уришиб-нетиб қолса ҳам, бу сирни бир умр ҳеч кимга айтмасликка қасам ичди.
Хадча кампирнинг одати – эрта ётади. Тун ярмида туриб, болалару невараларининг ётишига сер солади. Дарвозанинг қулфланган-қулфланмаганини текширади. Кейин яна кўз илиб олади. Саҳарда яна уйғониб, намозини ўқийди. Ташқарилаб, атрофга кўз югуртиради. Дарвоза илгичини туширади. Ҳовлини йиғиштирган бўлади. Катта невараларига (онаси менсимаганига, болалари ҳам унга бўйин эгмай туради. Бу эса кампирнинг баттар жинини қўзитади. «Ҳа, оналарингга ўхшамай ўл!» деб тўнғиллаб қўйганини билмай қолади) бақириб-чақириб эктирган кўк пиёз, помидорнинг туни билан мушук, ит янчиб ташлаганларини тиклаб қўяди. Зўрға юрса ҳам, кўчани, супургиси келади. Лекин ўғиллари:
– Она, тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими? Бизларни номусга қўясизку. Кўрганлар қари онасига супурги ушлатибди, деб кулади. Сизга шу керакми? Нима қиласиз, ўзлари супуриб олар, супурмаса чанг босиб ётар… Бу сафар янгамнинг гали эканку, – деб қўшиб қўяди кичик ўғли.
Бир-икки марта ўғилларидан дакки егач Хатча супургини унутди. Ҳовлининг исқирти чиқиб ётса ҳам, устидан босиб ўтаверди.
Бугун ҳам ҳовли-атрофга кўз югуртириб, соат еттилардан ошганда келиб ётоғига чўзилди. Одатдагидай пинакка кетди, энди икки соатлардан кейин уйғонади. У тургунча келинларию мактабга кетадиган неваралари чой ичиб бўлади. Икки келин ҳам «иш йўқ» деб баҳона қилиб, жонини ҳузурини ўйлаб, қимирламай ўтиради. Фақат уйқудан кеч турадиган болаларини овқатлантиргани учун қайнонага ҳам чой дамлаб, дастурхон ёзади.
Кампир туриб, юз-қўлини ювиб, дастурхонга келса, ҳар куни ўзидан кейин уйғонадиган неваралари – катта ўғлининг кичик қизи беш ёшли Фарида билан кичик ўғлининг тўнғичи беш яшар Карим чойларини ичиб бўлиб тураётган экан. Бувисини кўриб:
– Буви-и! – деб иккаласи ҳам югуриб келиб қучоқлади. Шулар бир бошқача, катта невараларидай эмас. Ҳали кичкина бўлганигами, ҳайтовур жуда меҳрибон. Унга қўл-қанот. Хадча опанинг «уни олиб кел, буни обориб қўй»ига яраётган шу кампирлар.
– Нима бувингни бугун кўряпсанми? Қани бояги жойга тез борингларчи, – деди Улзода.
– Ҳой келин, буларни эрталабдан қаерга ҳайдаяпсан?
– Қанақа эрталаб? Соат тўққиздан ошдику. Қўшни Чақмоқ чечанинг уйи олдидаги ялангликка Наврўзга атаб арғимчоқ қуришибди. Шунга катта болалар ўқишдан келгунича бориб, учиб, бир маза қилсин деб, эртароқ уйғотгандим, – деди Улзода. Кейин ёнида бақрайиб турган Кунбекага қараб:
– Келин, энамнинг чойи совуб қолгандир. Иситиб, устига яна сут қуйиб, яхшилаб дамлаб беринг, – деди.
Неваралар кетди. Сут қуйилган қуюқ қора чой дастурхонга қўйилди.
– Ҳа, ўзинглар қаёққа отландинглар? Ясан-тусан қилиб олибсанлар, – деди келинларига.
– Бозорга бориб келмоқчимиз, эна. Рўзғорнинг ҳам таги кўриниб қолибди.
Улар ҳам кетди.
Шовқин-суронга ўрганган одамга жим-житлик таъсир қилар экан. Совиб турсин деб, икки пиёлага чой қуйгани қачон эди, ҳеч иштаҳаси тортмади. Шу пайт:
– Чеча, ҳой чеча! – деб қўшни кампир Турдигул бўй кўрсатди. – Эсон-омонмисиз? Яхши ётиб турдингизми?
– Шукур, чой ичай деб ўтирибман.
– Қани унда туринг! Хонимнинг ўғли аскардан келибди. Кампирлар йиғилиб, кўчада сизни кутиб турибди. Юринг, чойни ўша ёқда ичасиз.
– Ҳеч бўлмаса шу икки пиёла чойимни ичиб олайда. Келинлар ҳам бозорга кетишганди. Улар эшитмабдими?
– Эшитгандир. Кеча кечқурун ҳамма уйга айтиб чиқишдику.
– Кундузи кирмоқчи бўлишгандир. Ҳозирги ёшлар қўшнининг қадрини билармиди? Бўлмаса хизматда бўлишардида.
– Нимасини айтасиз? – деб хўрсинди Турдигул.
Хадча опанинг бели етти букилди.
– Қўйинг шу чойингизни, ўзиям совуб, қаймоғи чиқиб кетибди, – деб шошилтирди Турдигул кампир. Қўярда-қўймай, судрагандай қилиб эргаштириб чиқди. – Ундан кўра, Хонимнинг қўли ширин Сариша келинининг чойини ичиб, овқатини еб келамиз.
Дарвозадан чиқаётиб Хадча опа:
– Уйда ҳам одам қолмади, тўхтачи, – ёнидан ўтаётган болани чақирди. – Ҳой бола, Палбийнинг ўғлимисан? Бери кел. Ҳов анави Чақмоқ момонгнинг уйи олдида невараларим ўйнаяпти. Шуларни чақириб кел. Бувинг айтди, уйга келиб ўтираркансизлар, де. Борақол, чоп, болам.
– Хўп бўлади, – деб Палбийнинг боласи югуриб кетди.
Кўчанинг нариги бошидаги Хонимнинг уйида тўй бошланиб кетибди. Кўпчилик йиғилган. Ёши катта кампирлар сарсон бўлиб юрмасин, деб, қўноқ жой бермай, ўзининг катта ҳужрасида кутди. Тўла дастурхон атрофида кампирлар маза қилиб чой ичиб, гаплашиб, хумордан чиқишди. Ҳазиллашиб, кўнгилларини ёзишди.
Бир пайт ҳовлиқиб, юзида қон йўқ, ранги оқарган Сариша келин кириб, қайнонаси Хонимнинг қулоғига бир нималарни шивирлади. Уй эгасининг қути ўзгарди. Қўлидаги пиёласи тушиб кетиб, чойнакнинг жўмрагини синдирди.
– Шўримиз қурибдику! – деганини сезмай қолди, кўзи билан Хадча опани топди: – Чеча, уйингизга боринг! – дедию ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
Хадча кампир бир бало бўлганини сезиб, уйига шошилди. Қадамини қанча тезлатмасин, ҳеч йўли кўпаймади. Тўйхонадаги тумонат одам унинг уйига ёприлди. Ҳовлисига етмасданоқ совуқ хабарнинг нима экани маълум бўлди: боягина чопқиллаб юрган икки неварасидан бирданига айрилибди.
– Вой дод! Вой дод! Э Худо! Кўрсатмаганинг кўп эканку! Уларни олгунча, менинг жонимни олсанг бўлмасмиди?! – деб фарёди осмону фалакни тутиб, қўшни келинларга суяниб, зўрға остона ҳатлади.
Дастурхоннинг икки томонида неваралари худди ухлаётгандек, қимирламай, ётарди… Иккаласининг олдида икки бўш пиёла турарди.
Қорақалпоқ тилидан Гулмира Палўанова таржимаси