– Мен чордоқдаман, азизим! – дея бақирди пастга қараб: – Эски китоблар ҳозир анча қимматлашиб қолган. Шунга бир қараётгандим… “Охирги сўзларимни эшитдимикин?”
– У ер қоронғи, шошма, сенга фонар бераман.
– Яхши.
Сокин бир кун. “Кимдир бутун умримни иззат-эътибор қидириш билан ўтказаётганимни юзимга солганди. Кулимсираганимни кўрсатувчи ойна бўлганида эди ўшанда. Ва бироз ёруғлик.”
– Бир жойинг лат емасин қоронғида.
Туйнукдан юқорига бир фонар узатилди. Фонар тутган қўлнинг учидаги нур тасодифий, муҳим бўлмаган бир бурчакни ёритди. Бу қўлни силаб қўйди. Қўл ғойиб бўлди. “Нима деб ўйлади экан?” Кулимсиради. “Яна ўша хаёлга бордимикин?”
“Чанг босган ва ўргимчаклар маконига айланган бу қоронғизорга чиқмаганимга кўп йиллар бўлганди.” Ёруғликни кўрган баъзи хашаротлар қоча бошладилар. Сесканди аммо натижани ўйлаб жасоратланди. “Балки ими-жимида ҳал қилишим керак бу ишни. Мендан бирон манфаат кутмайди. Унга ёрдам бериш ҳисобланадими бу? Билмайман, баъзан аралаштириб юбораман ҳаммасини. Айниқса, бошим ғовлай бошлаганда. Унингдек ўйлашни ўргангим келарди. Билдирмайгина мени кузатарди. Тортинади. Шошилишим керак.” Фонарни яқинлаштирди: ота-онасининг расмлари. Ёнида эски оёқ кийимлари солинган халта, бир неча синиқ лампа. “Нега бир-бирларини севишмади? Ўлиб қолишади, деб шунақанги қўрққандимки…” Халтани титкилай бошлади. “Ясан-тусан қилиб илк марта қатнашганим баллда кийгандим буларни. Рақс тушиш баҳонасида ҳар оқшом ким биландир ташқарига чиқардим, тавба! Қандай амаллаган эканман-а буни?” Қўлининг чангини кийимига артди. Сафсар туфлисига тикилди. “Эскириб буришиб кетибди.” Чап оёғига кийиб кўрди: “Оёқ ўлчамларим сира ўзгармабди.” Уялди. Оёғидан чиқара олмади. Шундай бўлсаям бир-икки одим юриб кўрди. Кейин расмларга яқинлашди. Чўккалаб ўтириб уларни ёнма-ён қўйди. Тирсаги билан чангларини артди. “Мени ҳам ўзларини ҳам англай олмадилар. Роса йиғлагандим. Пастда уларга жой топа олармиканман? Даҳлизда, жовонда… нималар деяпман, тавба. Уларни унутмадим, уларни унутмадим.” Отаси расмга такаббурона қовоқ-тумшуқ қилиб тушган экан. “Ёнма-ён қўёлмайман уларни.” Уйидаги имконларни тезда кўз ўнгидан ўтказиб кўрди. “Ёнма-ён туришни хоҳлашмаган: ҳатто қабрда ҳам.” Расмларнинг бирини олди. Фонарни ерга қўйганди. Қайси расмни олганини билолмади. Уни тепароқ бир жойга қўйди. Бироз шошқалоқлик қилганди тиззасини тахтага уриб олди. Туртиниб мувозанатини йўқотди. Енгилгина йиқилди. Туришга жасорати етмади. Эмаклаган ҳолда фонар томон судралди. Яна бир халта. Ағдарди: эски расмлар! Мақсадидан узоқлашаётганди. “Менга босим ўтказганларини ўйламаслигим керак. Юзига тик боқиб айтган тақдиримда ҳам ичимдан буни ўйламаслигим керак.” Тезгина расмларни ерга ёйди. Фонарни устидан кездирди, чанг остида қолиб кетган хотиралар устидан… “Бошқа жойга кўчиб кетишим мумкин эди. Буларнинг барини етти ёт бегонага қолдириб кетишим мумкин эди.” Расмларни титкилади. “Шунчалик кўп расмга тушган эканман, эй, худойим! Аксари яхши чиқмаган экан.” Кулимсиради. “У пайтлар узун этаклар урф эмиш. Бемаъни даражада узун. Туришлар ҳам кулгили. Қайси фильмга тақлид қилинган бўлса? Ортимга қараб юраётгандек қилиб бирдан бошимни бурибман. Кимга қараган эканман, ажабо? Ўша кийим билан яна бир расм. Ёнимда биров бор.” Расм чангга ботган эди. Чанг остида бўлсаям инсон ўзини танийди. Бармоғини тилига суриб намлади: чанглар аввалига лой бўлди, кейин… Биринчи эрининг кулимсираганини кўрди бармоқларининг учида. “Эй, худойим! Бир вақтлар турмушга чиққан эдим мен ҳам… Кейин яна чиқдим. Инсон тақдирига ёзилганидан қочиб қутулолмас экан. Начора? Қаергаям қочардик? Изоҳлаб ёки тасвирлаб бўлмайдиган туйғулар юзидан қанчалар хафа қилгандик бир-биримизни.” Эгилиб ердан бир нечта расм олди. “Мана бу расмга тушишдан олдин йўқ жойдан қанчалар муаммо чиқаргандим, кейин индамай кетиб қолгандим. Кейин нима бўлганди? Кейин… Шу ердасан-ку… Шу уйда. Демак кейин ҳеч нима бўлмади у билан боғлиқ. На яхши на ёмон. Демакки ҳеч нима. Аммо буни сезмадим, ҳаммаси шу даражада ими-жимида бўлдики… Йўқ, фикрларинг чалкашиб кетди, жўнроқ айтганда, сўзларинг… Буни нима алоқаси бор? Аммо мен… Ундан қочаётиб, нима бўлди-ю бошимни бирдан ўгириб расмга тушибман. Расмларга доим шундай тушганмидим?” Баландроқ бир жойга ўтирди. Бошини қўллари орасига олиб ўйга толди. “Ким билсин, унинг юзи қандай эди? Нима бўлгандаям мен айбдорман: расмга тушаётиб эмас… Балки ўша маҳал ҳақли эдим. тамоман ҳақли эдим. Ундан анча аввал… Анча аввал…”
Тезроқ китобларга етиб боришни хоҳлади. Мозийга томон бу сўнгсиз саёҳатнинг тезроқ тугашини истади. Эски туфлисини оёғидан чиқаришга уринди. Кейин орқаси ёпиқ юмшоқ шиппагини қидириб тополмай қолди. Фонар ёнигача ҳакалаб борди. “Шу бурчакда бўлиши керак китоб қутиси.” Аммо у ерда китоб қутисига ўхшамаган нималарнингдир қоронғидаги шарпаси кўринди. Фонарни бу ғалати уюмга яқинлаштирди. Қўрқувдан ортга чекинди: у ерда кимдир тургандек эди. Фонарни олиб бор кучи билан туйнукка томон қочмоқ истади, қимирлаёлмади. Қўрқса-да фонарни олиб унга яқин борди. Бутун ҳаёти давомида нима қилган бўлса ана шу қўрқув туфайли қилганди. Акс ҳолда аллақачон йўқ бўлиб кетган бўларди. Фонарни унинг юзига тутди: “ё, тавба!” Эски севгилиси ётарди ерда. Чанг босган, ўргимчак ўз домига олган, чордоқдаги бошқа нарсалар каби. Китоб қутиси ва расм чорчўпларига ўргимчак тўрлари билан боғлаб ташланган эски ҳайкалдек турарди. Ўнг қўлини столга таяган, бармоқлари қалам тутмоқчидек пастга букилганча ҳавода қолган. Тиззаси қалтиради, тишлари тиқирлади, оёғи остидаги тўшама сирпаниб кетди. Сирпанаётиб оёғига урилган расм столи ағдарилди. Қўл яна ҳавода қолди. Ўргимчак тўрлари билан шифтга боғланган эди. “Бу қўли билан нима қилмоқчи эди? Нимадир ёзмоқчи бўлганмикан? Афсуски, ҳеч қачон буни билолмайман. Чап қўл ерда эди, тўппонча тутиб турарди. Эҳ! Ўзини ўлдирганмиди ёхуд? Бўлиши мумкин эмас! Бундай қилганида мен билган бўлардим, ҳамма нарсани менга айтарди. Шунга келишгандик. Мени ёлғиз ташлаб кетмас эди.”
Кейин хотирлади. Бир куни чордоққа чиққан эди эски севгилиси. Қаттиқ жанжалдан кейин. Икковларининг ҳам “етар, чидай олмайман” дейишдан бошқа чораси қолмаган куни. Батафсил эслашга уринди. “Жуда у даражада катта жанжал бўлмаганди. Бироз гап талашгандик.” Кулимсиради: “бироз” деган сўзни эшитса асабийлашарди. Ўшанда уни чордоқда қолдириб кўчага югуриб чиқиб кетганди. Ўлишини ҳис қилганди. “Яхши, аммо нега?” Билмасди: фақатгина ҳисларининг шиддати қолганди хотирасида. Кейин уни кўчада кўрганди: бахтсизлигига, ўзини ночор сезишига, ўлимга ташна бўлишига қарамай унинг кўзидаги эътиборни, инсоннинг ақлу ҳушини ўғирловчи хусусиятини биларди. Ўша куни уйга ёлғиз қайтганди. “Қанчалар кўп ёлғиз қайтдим ундан сўнг ҳам. Ҳозир яна гапира олса эди… “Қанчалар кўп” деганинг нимаси? деса эди…” Қалтираган тиззаларининг устига чўкди. Қўлидаги фонарни унинг юзига тутди: кўзлари очиқ эди, жонли эди. Қарай олмади, бошини қоронғига бурди. Кейин яна боқди. Уни ҳаёт-мамот масалаларида ёлғиз қолдирмаган кучидан фойдаланди яна. “Сира бузилмабди. Кеч қолмаганимда эди бундай бўлмасди балки.” Хафа бўлди. “Фақат сира ўзгармабди. Охирги марта кўрганимдек, кўзлари ҳам очиқ. Аммо бу очиқ кўзларда бошқа бир нима бор: ҳаммасини билиб тургани ҳолда ҳаяжонлана олмаслик азоби. Кўринишимга боқма, ичим аллақачон ўлган дея қўрқитарди мени. Ишонмасдим. Ўлган бўлса ҳам шундай нарсаларни топиб гапирардики… Эҳтимол мени кузатаётгандир яна.” Жойини ўзгартирди. “Менга эътибор бермай қўйдинг – деб уни жиғибийрон қилардим. Йўқ менга қарамаяпти. Балки ўйга толгандир. Бирдан гапга тушиб кетарди. “Шунча нарсани қачон ўйлашга улгурасан?” дея сўрардим ундан. Қачон ўйлашга улгурганига сира ақлим бовар қилмасди. Йўқ, ҳақиқатан ҳам ўлмаган. Чунки мен яшай олмасдим ўлганида. Буни биларди. Бунчалик яқинимда эканлигингни билмасдим аммо сен қаерда бўлсанг ҳам бор бўл, шунда мен ҳам яшай оламан дегандим унга. Нима бўлсанг бўлавер, борлигингни ўзи етади менга дегандим. Буни жанжалдан анча аввал айтгандим лекин. Жанжалимизнинг муносабатларимизни ўзгартирмаслигини биларди. Кейин уни бир муддат кўришни истамаганим ҳолда, унинг ўша ердалигини билганим ҳолда, чордоққа сира чиқмаганим ҳолда у ҳақда ўйлашимни, усиз яшай олмаслигимни биларди. Кейин нега уни қидирмадим? Фурсат топилмади: ҳар он у ҳақда ўйлаганим ҳолда нуқул бир баҳона чиқиб келаверди. Пастда янги овозлар, янг нағмалар эшитгани учун тушишни иҳтиёр қилмади, чамамда. Йўқса биларди: орамизда ҳеч қандай янгининг заррача аҳамияти йўқлигини. Бу ҳақда кўп гаплашгандик. Мен ҳам унинг тушишини кутган бўлсам керак. Мени хафа қилмаслик учун тушмаяпти деб ўйладим аввалига. Сўнгра… Хуллас негадир бўлмади… Чиқолмадим: келганлар, кетганлар, турмуш ташвишлари, қозон-товоқ, супир-сидир… Унга қараб туриш (боладек эди, ўзини эплашни билмасди), ота-онамнинг вафоти, нимадир қилиш истаги, тугатишим керак бўлган ишлар ташвиши. Ниҳоят, унинг чордоқда эканлигини ҳам унутдим. (Уни унутмадим, албатта) Нима десам экан, мендан кўра ҳам бахтсиз инсонлар бор эди, улар билан овундим. Чордоқда шунча вақт қолиши мумкинлигини ўйламабман негадир. Бир йўлини топиб кетган бўлса керак, деб ўйлагандирман. Балки уйда йўқлигимда… Ҳа, ростдан ҳам шундай ўйлагандирман. Бошқача ўйлашим мумкинми? Яшашим учун у ҳар он ҳаётда бўлиши керак эди. Бошқа нарсани ҳис қилганимда аллақачон ўлиб кетган бўлардим. Бундан ташқари неча маротаба чордоққа чиқишни кўнглимдан ўтказдим. Агар ўзини ўлдирганини эшитганимда албатта чиққан бўлардим. Орамизга совуқлик тушганига қараб ўтирмасдим. Эшитганмидим ёки? Бир марта юқорида қаттиқ овоз эшитгандим, адашмасам. Шамол эшикни тарсиллатиб ёпди шекилли, деб ўйлагандим. Аммо буни қандай тушуниш керак? У чордоққа чиққанидан бир неча кун сўнг эшитгандим бу овозни. Ва мен бир неча кун ўзимга келолмай бир бурчакда ўтириб қолгандим. Ҳеч қаерга чиқолмагандим. Тўппонча овози экан, демак. Йўқса юрагига…” Титраганча эгилди. “Юрагига қарашим керак.” Кўйлагининг чап томони чириб кетибди. Қўли тегиши билан тўкилиб тушди. Ичидан бир қанча суварак чиқиб атрофга тарқаб кетди. “Унга яхши қарамасдим, кўйлаклари тозами йўқми қараб ҳам қўймасдим; балки тикилмаган сўкик жойидан кириб ейишни бошлагандир сувараклар. Йиртиқнинг катталашгани шундан.” Қўли билан кўйлакнинг этакларини йўқлади. “Нима бўлгандаям ички кийимларини тешиб ўтолмагандир. Териси шундоқлигича турибди. Танини иссиқ деб бўлмайди аммо юраги жойида тургандир ҳарҳолда. Кўксининг чап томонига тегдими деб қўрқдим: мана шу ерда, биламан. Бошқача яшай олмасдим чунки. (“чунки”ни гап бошида ишлатишим керак эди, энди бунга нима дейди деб ўйлай бошладим.) Фақат шунчаси чирибди. Майли. Энди уни қандай ишонтира оламан шунча вақт бирга яшаганлигимизга? Гўё уни унутгандек яшасам-да, ақлу хаёлим ундалигини? Тушунмайди барибир, кўрганига ишонади, тушунмайди. Бошқа бировни учратганим туфайли уни унутганимни ўйлайди. Ҳолбуки ҳаммаси хотирамда: чордоққа чиққан куни манави кўйлагини кийгани ҳам.” Фонарини жасаднинг юзига яқинлаштирди. Ўргимчак тўри ортидан юзи хира кўринарди. Фақат ислар орасидан пайпаслаб унинг юрагини йўқлаган жойи қоронғида яхши кўринмайди. “Тушга ўхшайди бу расм. Биргаликда сира расмга тушмагандик. Негадир бошқа ишлар қатори унга ҳам фурсатимиз етмабди. Нима сабабдандир бўлмади. Югур-югуримиз кўп эди, доим нималар биландир банд бўлардик… Нега югургандик, нимадан қуруқ қолаётгандик? Чордоққа чиққан кунига қадар доим бир нима ортидан шошиб, бошқа нарсаларни қилдик. Ҳеч тўхтамадик, такрорламадик ҳам. Кейин бир неча кун бурчакда қолиб кетдим: на едим, на ўйладим. Сигарет чекдим тўхтовсиз. Уйни яшаб бўлмайдиган аҳволга келтирдим ва ниҳоят. Урушдан чиққандек ҳар ер ағдар-тўнтар эди. Тартибли яшашни ёқтирганим ҳолда ишониб бўлмайдиган даражада кир-чир ва тўзғиб ётган уйда яшадим. Эҳтимол, шу тарзда ўзимни жазолагандирман. Кўчага отилиб чиқиб, умидсиз умид билан унга томон бормоқ учун шундай қилишни хоҳлагандирман. Ким билсин? Балки мен учун шундай ёмон нарсаларни ўйлашимни истарсан деб айтяпман буларни. Аммо сенинг ўлишингни, ўзингни ўлдиришингни асло ўйламагандим. Узоқроқ ерда ҳеч бўлмаса ташқаридан сокин бир ҳаёт кечирарсан деб хаёл қилгандим.”
Нурдан қочишга уринган суваракка кўзи тушди, ўзига келди. Қўлидаги фонари билан суваракни қидирди: жирканч маҳлуқ тепага чиқмоқчи бўлаётганди исларга илашиб. Суваракнинг оёқлари кўйлакни парчалаб ташлайди, деб қўрқди. “Орадан йиллар ўтган, салгина тегса ҳам тўкилиб тушади, ким билсин? Ана бўйнидан тепага ўрмалаяпти. Ёноғида бироз тимирскиланди: соқоли ўсиб кетибди-да шунга. Зеро ҳар куни соқол қиртишлашни ёқтирмасди.” Ёноғидан юқорига чиқиб олган қумурсқа чаккага ўтиб кўздан ғойиб бўлди. “Фонарни ўша ёққа тутсамми? Йўқ.” Қўрқди. Аммо нимқоронғуда ўқ тешиб ўтган жойни кўрди. Титраб ортга чекинган пайтда ўша тешикдан чиқиб келди суварак: Оёқлари орасида ниманидир ташиб кетаётганди. Даҳшат ичида фонарни тешик ичига тутди. Нур калла суягининг ички деворида аксланди. “Эй худойим! Қумурсқалар мияни еб ташлабди, энг юмшоқ жойини. Эҳтимол суварак сўнгги парчани ташиб кетаётгандир.” Ўзини тутиб туролмади: “Сени ёлғиз ташлаб кетдиларми, азизим?” деди. Пастдан, бошқа тешикнинг ичидан севгилисининг овозини эшитди:
“Нимадир дедингми, азизам?”
Қўлини шошиб китоб қутиси ичига суқди. “Йўў” деб жавоб берган бўлди тезгина. “Ўзимга ўзим гапирибётибман.”
Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси