Сабоҳаддин Али. Айрон (ҳикоя)

Қишлоқдан вокзалгача бўлган йўл эриган қор туфайли тиззагача лой эди. Икки қулоч узунлигида юксалган қуёш далаларни қоплаган қорлар устида порлаб кўзни қамаштирарди. Аммо йўлдаги лойқа кўлмакларга тушганда нохуш сариқ рангда аксланарди.
Тагига мих қоқилган, ўзига анча катта туфлисини пайпоқсиз кийиб олган кичик Ҳасан ўнг қўлига қумғонни олиб судраб борар, ора-сира тўхтаб дам олар ва яна йўлида давом этарди. Баъзан чап қўлидаги тунука чаноқни ерга қўйиб, оғир юкни митти баданига камроқ азоб берадиган шаклда тўғрилаб оларди. Ичига лиммо-лим қилиб айрон тўлдирилган қумғоннинг тагидаги гардиши ҳар одим отганида тиззаларига уриларди ва тирсагига ўтказиб олган тутқичи қўлидан чиқиб оёқлари остига юмалашни истаётгандек олдинга интиларди. Туфлисининг орқаси эзилиб абжағи чиққанидан товони лойга тегиб турарди.
Ёз-қиш демай ҳар куни юришга мажбур бўлган бу икки соатлик йўл бу гал анча узайгандек туюлди. Йўлнинг қоқ ярмини кўрсатувчи кичик ва қуриган тол дарахти ҳали анча нарида туман ичида эди.
Кичик Ҳасан йиллардан бери кўриб келаётган нарсаларига эътибор бермай қараб келарди. Қуриган қамишлар орасида қурғоқ тупроқни ўйиб ўтган ва ёнига бормагунча сезиш қийин бўлган тўрт қадам кенглигидаги кичик даранинг ёнма-ён ётқизилган уч дона ёғочдан иборат кўприги қулаб тушадигандек лоппилай бошлади.
Сал тепароқда кичик бир қояга суянган ҳолда водийга қараб турадиган тегирмоннинг ғувиллаши эшитилмасди. Бу тегирмон қиш кунлари уч кун ишласа беш кун ишламасди. Эшиги олдидаги япроқлари тўкилган уч туп тол билан бирга тамоман тарк этилган вайронага ўхшарди.
Кичик Ҳасан ҳеч нимани ўйламай кетиб борарди. Ҳозир уйда уни қайтишини кутиб ўтирадиган икки укаси ҳақида ҳам, тўрт соат наридаги туман марказида хизматчилик қиладиган онаси ҳақида ҳам ўйлаётгани йўқ. Айронини сотиб-сотолмаслиги ҳақида ҳам ўйламасди. Хаёлини фақат бир нарса банд қилганди: шунча масофани яна қайта босиб ўтиш, ортга қайтиш мажбурияти…
Узоқ давом этган йиғининг охирига келгандек уф тортди. Тунука чаноқ тутган чап қўлининг совуқдан ёрилиб кетган усти билан бурнини артди. Кўзларини олдинга тикиб вокзалга яқинлашганини кўрди.
Икки томони яйдоқ тоғлар билан ўралган кенг водийнинг ўртасида шумшайиб турган ва атрофидаги акациялар ёнида янада ғариб кўринган бу совуқ бино у ерга тасодифан отилган тошдек тасаввур уйғотарди. Кунда икки марта ўтадиган почта поезди ҳам “бу бемаъни жойда нега тўхтаяпман ўзи” деб ажабланаётгандек эди ва бир неча дақиқа тургандан кейин юра бошлаганда чалган сигнали севинганда чалинадиган хуштак ҳавосида эди.
Кичик Ҳасан вокзалнинг тахта тўсиқлар билан ихоталанган ҳудудига етиб келганида озгина дам олди, кейин яна тахта тўсиқли эшикни очиб ичкари кирди.
Вокзал биноси билан темир йўл орасида қолган тўрт-беш одим кенглигидаги ерда юкларининг устида ўтирган икки қишлоқлик киши билан, шинелининг ичига чўкиб кетгандек деворга суянган бир жандарма аскаридан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бу ер поезд келганда кабобчилар, шарбатчи-ю қандолатчилар тўлиб тошадиган катта вокзаллардан эмас. Фақатгина ёз пайтлари атрофдаги қишлоқлардан қора узум, қовун, тарвуз келтирган беш-ўн қишлоқлик бу ерни жонлантирарди. Қишда эса кичик Ҳасан билан уч-тўрт кунда бир кичик саватда қишки нок олиб келган оқсоқ ва кекса бир қишлоқлик кишидан бошқа ҳеч ким кўринмасди бу ерда. Поезд келганда безовта қилинганидан норизо суратда пайдо бўлган вокзал мулозими иши битиши билан хонасига кириб кетар, бутун кунини ўн йиллик аккмуляторли радиосини созлаш умидида чуқуллаш билан ўтказади.
Бугун нокфуруш қария ҳам кўринмади. Кичик Ҳасан қумғонини ернинг намли тупроғи устига қўйиб рельсларни томоша қила бошлади. Ҳар куни юзлаб одамни қайлардандир олиб қайларгадир элтувчи бу узун ва сўнгсиз темирлар устида келиб-кетувчи локомативлар қолдирган қора мой доғлари кўринарди.
Сигнал овозидан чўчиб тушди. Вокзалга кириб келган поезд ташрифидан хабар бераётганди. Локоматив қора мой доғлари устига келиб тўхтади.
Кичик Ҳасан дастурланган робот мисоли қумғони билан чаноғини олиб вагонлар томон чопиб кетди. Вагон деразаларига боқиб:
– Айрон, айрон, тоза айрон! – деб бақира бошлади.
Ёз ойлари “муздек!” – дея бақирарди. Энди эса бу совуқ ҳавода, гўё ҳар айрон сўзининг бошида ҳалиям ўша “муздек” сифати эшитилгандай бўларди. Ҳеч ким бошини кўтариб қараб ҳам қўймасди. Поезддаги вагон деразаларининг деярли ҳаммаси ёпиқ эди. Очиқ қолган бир-иккитасида сочлари бўялган, жун жемпер кийган аёллар турарди.
Кичик Ҳасаннинг кўзлари ўйгудек бўлиб ёпиқ эшикларга боқар, ёпиқ деразаларни кузатарди. У ёпиқ эшик ва ойналар ортидан тунука чаноқда айрон ичаоладиган инсонларни, ўзига тузук қишлоқ кишиларини, бўйинбоғсиз савдогарларни, хизматдан қайтаётган аскарларни, хуллас, чанқаган кишиларни қидирарди.
Бошдан-оёқ уч марта чопиб бориб келди. Қумғонининг қиррадор гардиши нозик оёқларига урилиб оғритар, аммо у юзини сал буриштириб:
– Айрон, тоза айрон!.. – дея бақиришда давом этарди.
Тўрт чаноқ, ҳеч йўқ тўрт чаноқ сота олса эди. Тушган ўн тийинга уйига қора нон олиб бориши мумкин бўларди. Унинг келишини, оч-наҳор кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтирган икки укаси чақмоқдек кўз ўнгидан ўтар, у эса бор кучи билан бақирарди:
– Тоза айрон… Тоза…
Онаси хизматчилик қиладиган жойидан ҳафтада бир марта бир неча соатгагина келарди. Озгина юпқа нон, бир нечта пиёз, баъзан кўзачада шинни олиб келарди. Аммо булар уч нафар очофатга икки кунгаям етмасди… Шунинг учун икки укасини боқиш вазифаси кичик Ҳасаннинг зиммасига ташарди. Икки ва беш ёшли бир-биридан нимжон укаларининг бутун иши пастак кулбанинг ичида қўлига нима илинса ейишдангина иборат эди. Кичик Ҳасан ҳар куни қатиқ ивитиш учун лозим бўладиган оқликни укаларининг бўйи етмайдиган баландроқ жойга – шифт ёғочларининг деворга ёпишган бурчагига беркитишга тўғри келарди. Вокзалга кетганида бу икки очофатнинг бисотларидаги ягона қари эчкини ҳам еб қўйишларидан қўрқарди.
Кўпинча, оқшом қўлтиғига қистириб олиб келган нонини дастурхонга қўйиб ўзи айрон қуйиш учун идиш олгани ошхонага ўтиб қайтгунича балчиқдек қора нондан асар ҳам қолмаганини кўриб даҳшатга тушарди. Бундай пайтда ўзи бир коса айрон ичиб қўя қоларди. Очликка кўниккан ошқозонининг минғирлашларига қулоқ осмай, эски пўстак устида ётган укаларининг ёнига, илма-тешик ва кир кўрпа остига кириб ухларди.
Уни даҳшатга соладиган нарса укаларининг ўпқондек ямлоғич, ебтўймас ошқозонлари эмасди. Бўш қўл билан қайтганида бу икки чиллашир норасиданинг беадоқ нафрат билан боқувчи кўзларига қарашдан қўрқарди. Шуни эслаганда титраб кетарди. Ҳозир ҳам шу ўй даҳшатидан бор овози билан бақира бошлади:
– Айрон… Айрон!..
Поезднинг учинчи бўлакдаги вагонларидан бирининг дарчаси очилди. Узун бўйинли, шапка кийган, мўйловдор бир киши бошини чиқариб:
– Қани, узатчи бир чаноқ! – деди.
Кичик Ҳасан чаноқни титраган қўллари билан узатди. Харидор қисиқ кўзларини чаноқ ичига тикиб оз-оздан ютумлаб ича бошлади, мўйловининг учида бириккан айрон томчилари эгнига томарди.
Чаноқни узатиб:
– Яна битта тўлдир-чи! – деди.
Уни ҳам сипқоргандан кейин чўнтагидан битта ўнталикни олиб пастга ташлади:
– Бешини қайтар!
– Майдам йўқ! – деди ва атрофга қаради. Атрофда вокзал мулозимидан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. У ҳам қор майдалаб ёға бошлагани учун бошини ёқасининг ичига тортиб жунжуккан кўйи поезднинг тезроқ кета қолишини кутмоқда. Бола қумғонини ўша жойда қолдириб ўша ёққа югурди. Пулни узатиб:
– Шуни майдалаб беринг!.. – деди.
Мулозим жавоб бермай орқасига бурилди ва поезднинг ҳаракатланиши учун сигнални чалди.
Поезд дарчасидан узун бўйнини чиқарган йўловчи қўлини қоқиб:
– Бу ёққа кел, ярамас! – деб бақирди. Кичик Ҳасан у томон югурди. Дарчадаги:
– Қани, бер ўнталикни! – деди.
Бола дарҳол пулни узатди. Поезд секин қимирлай бошлади. Киши пулни камзулининг чўнтагига қўйиб, чорасиз ҳолда:
– Майдам йўқ, нима қиламиз! – деди.
Вагон кичик Ҳасандан беш-олти одим узоқлашди. Узун бўйинли одам дарчадан бошини чиқариб:
– Ҳой бола, рози бўлгин! – дея бақирди. Кичик Ҳасан ҳеч нимани тушунмагандек қараб қолди. Поезд узоқлаша бошлади. Ғилдиракларнинг шовқини орасида яна ҳалиги овоз эшитилди:
– Розиман дегин-чи, қани, рози бўл!.. Бўла қол!
Кичик Ҳасан нималардир деб минғирлади. Кейин қумғонини олиб вокзалнинг қор тушмаган чекка бир жойига бориб ўтирди.
Қор тезлаша бошлади. Кичик Ҳасан уйига бўш қўли билан қайтгандан кўра кечки поездни ҳам кутишга қарор қилди.
Совуқдан музлаган қўлларини ишқалар, онаси эчки жунини қирқадиган қайчи билан текислаб қўйган сочларини силарди. Шамолда кўзлари ёшланар ва мовий кўзларини қуршаган киприклари бир-бирига ёпишиб қоларди.
Оқшомгача шу бурчакда кутди. Ора-сира ўрнидан туриб оёқларини уқалаб қўяр, кейин яна ўтириб миясининг ичидаги туманли бўшлиққа термуларди. Ўйлаганда кўнгли ёришадиган ёки хаёл этишга арзийдиган бирор нима бўлмагани учун бу бўшлиққа боқиб дам оларди. Бир неча марта онасини эслади. Унинг йиғламоқдан бери бўлган юзини кўргандек бўлди. Уч нафар болани вайрона бир кулбага ташлаб бошқа қишлоқларда, бегона инсонлар ёнида ишлаб бир бурда нон топиш учун жонини жабборга бераётган бу аёлга раҳми келарди. Укаларига бўлган меҳри ҳам шундан бўлса керак. Уйдаги икки оч норасида ҳафтада бир марта келадиган бечора аёлни ҳам доим ўша нафратли кўзлари билан кутиб олади. Онаизор олиб келган буғдой ёрмасидан атала пишираётиб ўқчиб-ўқчиб йиғлаб оларди. Уйни тартибга келтиришга уринарди. Оқшомгача қолиб, баъзан индамай чиқиб кетарди. Кичик Ҳасан унинг оғзидан на дадаси на қариндош-уруғи ҳақида бир оғиз гап эшитмаган эди. Шундоқ ҳам ақлини таниганидан бери улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Ҳаётни вокзалда айрон сотишу укаларини боқишдан иборат деб биларди. Шунинг учун ҳам баъзан: “Онам бирон кун келиб яна ётиб қолмасин-да, азоб чекиб яна бир бола туғиб олса, беш-ўн кун ўтиб уни ҳам менга ташлаб кетса мен нима қиламан?” деб ўйлаб қоларди. Янги меҳмонни боқиш ҳам ўзига тушишидан қўрқарди. Қишлоқ аҳли ҳам негадир уларнинг уйига яқин йўламасди. Эшигини тақиллатиб келган одамни умрида кўрмаганди. Турмуш аввалгисидан баттар бўлиб бораверар ва Ҳасан кун сайин сути камайиб бораётган қари эчкининг ёрдами билан бу даҳшатли курашда ғолиб бўлиш учун ғайрат қиларди. Бўш вақтида эчкини ўтлатар, қаҳратонда дара бўйидан қуриган ўтларни топиб тутиб эчкисини боқарди.
Ёзда ишлар унчалик қийин бўлмасди. Эрта тонгда йўлга тушилса вокзалга чарчамай етиб олади. Деярли қумғонидаги айроннинг ҳаммасини сота олади. Чўнтагини тўлдирган майда пулларга қанча суюнса, уйга енгилгина қайтиш фикри уни шунча қувонтирарди.
Эрталабки поезд келганида ҳаммасини сота олмаган тақдирда оқшомгисини кутарди. Кўпинча вокзалга маҳсулотини келтирган деҳқонлар тушликда нон еркан қумғондаги бор айронни тугатишарди.
Оқшомги поезд соат тўрт яримда келгани боис қоронғи тушмасдан уйига қайта оларди. Аммо бугун ҳали поезд келишига ярим соат бор бўлишига қарамай, атроф қопқоронғи бўлган эди.
Аёз ва қоронғида кетишга мажбур бўлишини ўйлаб титради ва дарҳол уйига қайтишни хоҳлади. Ўша пайт хонасидан чиққан вокзал мулозими поезд яқинлашганини айтди.
Поезднинг вокзалга кириши билан кетиши бир бўлди. Кичик Ҳасан ёпиқ ва буғ қоплаган дарчалар ортида билинар-билинмас кўринаётган инсон шаклларига қараб поезднинг бошидан охиригача югурди. Ва “Айрон, тоза айрон!” – деб бақирди. Катта туфлиси нам тупроқда ғижирлар, бақираётганида оғзини қор учқунлари тўлдирарди.
Вагонларнинг дарчаларидан тўкилиб ердаги кўлмакларда ёйилган хира шаклдор нурлар сакраб-сакраб узоқлашар экан кичик Ҳасан қумғонини кўтариб тахта тўсиқли эшикдан чиқди ва қишлоғи томон йўл олди.
Ҳали қоронғига кўникмаган кўзларига қор парчалари уриларди. Қумғон ичидаги айрон ҳар қадамда чайқалар ва ғалати товушлар чиқарарди. Секин-аста сиртидан ичига ўтган совуқ уни титрата бошлаган эди.
Ҳеч нимани ўйламай, ҳеч нимани ҳис қилмасдан ва ҳайвон мисоли йўлини рефлекс орқали топиб илгарилаб борарди. Ичкарилаб борган сари оёқ кийими ва қумғонидан чиққан товушларга яна бошқа саслар ҳам қўшилганди. Узоқлардан турли ҳайвонларнинг овози эшитиларди.
Даҳшатли қўрқувдан дир-дир титрарди. Каттароқ қадам ташлашга уринарди. Аммо оёқлари чалишиб кетарди. Совуқдан уюшган оёқларидаги қумғон гардишининг изи зирқираб оғрирди.
Қоронғидан, юзини қамчилаётган қор ва шамолдан, тиззасигача сачраётган лойдан ва қулоғига чалинаётган турли товушлардан қўрқаётганди. Очқаганини, нимжон укаларининг даҳшатли кўзларини, чарчоғини унутган эди. Тезроқ қишлоғига етиб олиш, ўчоқда кулга айланган ўтин чўғи билан ҳам ёришиб кетадиган кулбасига кириб бориш ва бир бурчакка яширинмоқ истарди. На ётмоқ на дам олмоқни ўйларди, шу тўрт девор ичига кириб олсагина етарди шу топда… Бу зулматдан, бу товушлардан қочиб қутилмоқ учун…
Оёқ кийими лойга ботиб қолганди. Оёқ яланг чопа бошлади. Чайқалаётган қумғондан усти-бошига ва аторфга айрон тўкилиб борарди. Қўрқувдан сиқилган тишлари орасидан маъносиз товушлар чиқиб келарди.
Узоқлардаги ҳайвон товушлари борган сари яқинлашаётган эди. Ҳолбуки йўл ярмини кўрсатувчи қуруқ тол ёнидан эндигина ўтган эди. Ёшланган кўзларини зулматни ёриб юборишни истаётгандек катта-катта очиб илгарилаб борарди. Ҳеч нимани кўролмасди. Ҳаво очиқ бўлганида ҳам то ёнига келмагунча чироқларини пайқаб бўлмайдиган қишлоқ унга гўё етиб бориш имконсиз бир гўшадек туюлди. Бир ерга қистирилган ва қочиш имкони бўлмаган ваҳший ҳайвон мисоли ниҳоятда даҳшатга тушган эди. Қўлидаги чаноқ ва айрон қумғонини отиб югура бошлади. Бўғзидан тушуниксиз овозлар ёйиларди. Баъзан “Она… Она!” деяётгандек, баъзан “А… А… Аааҳ”га ўхшаш овозлар қоронғида тўкилиб борарди.
Ҳайвон товушлари яна-да яқинлашган, олдинда қор устида қандайдир қора-қура нарсалар пайдо бўлиб яна ғойиб бўла бошлаган эди. Кичик Ҳасан тиззаларида куч қолмаганини ҳис қилди. Қўрқув бутун вужудини эгаллаб олганди. Яланг оёқлари сирпанчиқ лойга ҳар босганида чиққан товуш сиртига қамчи бўлиб уриларди. Ва қўрқувини янада кучайтриб юборарди. Бўғзига нимадир тиқилган эди. Ёрилган бармоқлари билан кўзини артиб олдинга қарамоқчи бўлганида оёғи тойиб йиқилди. Турди лекин яна беш-олти одимдан сўнг яна йиқилди. Бўғзидан чиққан товуш янада қўрқинч тусга кирганди.
– Она… Она!.. – дея бақирар экан, овози борган сари яқинлашаётган ва қор устида сирпанаётгандек доиралар чизиб келаётган ҳайвонларнинг овозидан фарқ қилмас эди.
Йўлнинг лойли чуқурларига йиқилган ва мажолсиз ётган вужудини қор қоплай бошласа-да сиқилган тишлари орасидан ҳалиям:
– Она… Онажоним… Она! – деган овоз эшитиларди. Бу пайтда, бир неча юз метр наридаги кулба эшиклари ортида шамоллар шовурини тинглаб кичик Ҳасанни кутаётган ака-укалар ҳам ўхшаш қўрқув ичида титрар эдилар. Қишлоқ оралаган бўри товушини эшитган сари бир-бирларининг пинжига суқилишарди.
1938.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси