Михаил Булгаков. Иван Васильевич (3 пардали комедия)

Иштирок этадилар:

ЗИНАИДА МИХАЙЛОВНА – киноактриса.
УЛЬЯНА АНДРЕЕВНА – уйбошқарувчи Буншанинг хотини.
МАЛИКА – Иван Грознийнинг рафиқаси.
ТИМОФЕЕВ – ихтирочи.
МИЛОСЛАВСКИЙ – Жорж.
БУНША – Бунша-Корецкий, уйбошқарувчи Иван Васильевич.
ШПАК АНТОН СЕМЁНОВИЧ.
ИВАН – Иван Грозний.
ЯКИН – кинорежиссёр.
КОТИБ – шоҳ саройида хизмат қилувчи котиб (дьяк).
ЭЛЧИ – Швеция элчиси.
БОШ РУҲОНИЙ – проваслав дини патриархи.
ОПРИЧНИКЛАР – Грозний тузган “опричина” гуруҳига аъзо боярлар.
ДАСТУРХОНЧИЛАР – Грозний давридаги сарой аъёнлари.
ГУСЛИЧИЛАР – гусли чалиб қўшиқ айтувчи ҳофизлар.
МИЛИЦИОНЕРЛАР

БИРИНЧИ ҲАРАКАТ

Москва шаҳрида жойлашган квартира. Тимофеевнинг хонадони, ёнида Шпакнинг эшигига қулф осилган уйи. Бундан ташқари, радиокарнай ўрнатилган даҳлиз. Тимофеевнинг уйи бетартиб. Парда. Парда олдида аллақандай ғайритабиий ускуна. Бу Тимофеев ихтиро қилаётган радиоприёмник. Ускунада кўплаб лампалар ёниб-ўчиб турибди. Тимофеевнинг сочлари паришон, кўзлари уйқусизликдан қизариб кетган. У бесаранжом. Тимофеев ускунадаги тугмачани босади. Ёқимли оҳангдаги товушлар янграйди.
ТИМОФЕЕВ. Товуш яна ўша юқори тебранишда…
Ёруғлик ўзгаради. Бешинчи лампадаги нур ғойиб бўлади.
Нимага ёруғлик йўқ? Ҳеч нарсани тушунмаяпман. Ҳозир текшириб кўрамиз. (Ҳисоблаб чиқади.) “А” бир… “А” уч… мусбат ўқлар орасидаги йўналишлар бурчаги… Ҳеч нарсани тушунолмаяпман. Косинус, косинус…
Тўппа-тўғри!
Кутилмаганда даҳлиздаги радиокарнайдан шодиёна нидо янграйди:
“Марҳамат, “Псковлик аёллар”нинг давомини тингланг!”
Ортидан радиокарнайда қўнғироқлар бонг уриб, хириллаган мусиқа эшитилади.
ТИМОФЕЕВ. Бу, Иван қўнғироқлари билан жонга тегди-да! Бунақа радиоприёмник ўрнатган одамнинг бўйнини узиш керак. “Олиб қўйинг шуни, ўзим тузатиб бераман”, дегандим-а! Лекин мениям вақтим йўқ. (Даҳлизга югуриб чиқиб, радиони ўчиради. Карнай ғийқиллаб тинчиб қолади. У яна ўз хонасига қайтади.) Қаерга келиб тўхтагандим?.. Косинус… Э, йўқ, шу уйбошқарувчини!.. (Деразани очиб, ташқарига қичқиради) Ульяна Андреевна! Анави бебаҳо завжингиз қани?! Эшитмаяпман! Ульяна Андреевна, эрингиз шу карнайини йўқотсин, дегандим-ку! Эшитмаяпман!.. Карнайини йўқотсин, дегандим! Озгина чидаб турсин, айтиб қўйинг, мен унга янги приёмник ўрнатиб бераман! У ҳатто Австралияни қабул қила олади! Айтинг унга, ўзининг Иван Грознийси билан мени эзворди! Кейин, бу карнай хириллаяпти! Ҳа, карнай хириллаяпти, карнай! Менинг вақтим йўқ! Калламда қўнғироқлар жиранглаяпти! Эшитмаяпман! Ҳа, майли. (Деразани ёпади.) Нимага келиб тўхтаган эдим?.. Косинус… Миямда оғриқ турди-ку… Зина қайларда қолди? Ҳозир озгина чой ичиб олганимдами… (Дераза олдига келиб ташқарига қарайди.) Бу қанақа одам бўлди? Қора қўлқоп кийиб олганми? Бунга нима керак экан? (Келиб ўрнига ўтиради.) Яна бир уриниб кўраман. (Ускунада тугмачасини босади. Яна узоқлардан оҳангдор товуш эшитилиб, лампалардаги ёруғлик ўзгаради.) Косинус ва қўнғироқлар… (Вараққа ёзиб қўяди.) Косинус ва қўнғироқлар… яъни косинус… (Ҳомуза тортади.) Жиринглайди, хириллайди… ана сенга мусиқабоз уйбошқарувчи.
У ўтирган жойида, бошини ускунага қўйганча ухлаб қолади. Ускуна лампаларидаги ёруғлик ўзгаради. Кейин чироқ ўчиб, Тимофеевнинг хонасига зулмат чўкади. Олислардан келаётган оҳангдор товушлар эшитилиб туради. Олдиндаги даҳлиз ёришади. Даҳлизда Зинаида Михайловна пайдо бўлади.
ЗИНАИДА (оҳангдор товушни тинглаб). Уйда экан. Шу ускуна касрига ақлдан озмасайди, деб қўрқаман. Вой, бечора!.. Устига-устак, бу томонда уни яна бир зарба кутяпти… Мен уч марта эрдан ажралдим. Ҳа, нима, уч марта-да. Зузинни ҳисобга олмаганда… Олдинги ажралишларимда бунчалик ҳаяжон босмаганди. Сезиб турибман, ҳозир бир бало бўлади! Катта можаро бўлмасайди! Бунақа жанжаллар одамни эзворади-да… (Юзига упа суртиб олгач) Қани, олға! Шартта узил-кесил ҳал қилақолай! (Эшикни тақиллатиб) Кока, эшикни оч!
ТИМОФЕЕВ (қоронғилик ичидан). Э, жин урсин!.. Ким у яна?!
ЗИНАИДА. Бу менман, Кока.
Тимофеевнинг хонаси ёришади. Тимофеев эшикни очади. Зинаида киради. Бояги катта радиоприёмник ўрнида энди ғаройиб ва улкан ускуна – вақт машинаси туради.
ЗИНАИДА. Кока, ухлаб олмадингми? Кока, бу ускунанг бошингга етди. Бу ишинг ярамайди. Кечир, Кока, танишларим таъкидлашдики, ўтмиш билан келажакни кўриш мумкин эмас эмиш. Қисқаси, бу бемаъни ғоя, Кокажон. Утопия!..
ТИМОФЕЕВ. Танишларингнинг, Зиночка, бундай масалаларга фаҳми етмайди. Бунинг учун мутахассис бўлиш керак.
ЗИНАИДА. Кечирасан-у, Кока, улар орасида валломат мутахассислар ҳам бор.
ТИМОФЕЕВ. Мени тушун, шу, қаеридадир кичкина хато бор, кичкинагина! Мен уни сезяпман, ҳис қилиб турибман, у мана шу ерда, қаердадир… изғиб юрибди! Мен уни албатта тутаман.
ЗИНАИДА (кинояли, ўзича). Э, йўқ, бу авлиё.
Тимофеев унга парво қилмай, яна ускунаси ёнида ҳисоб-китобга киришади.
ЗИНАИДА. Халал берганим учун узр, сенга бир даҳшатли хабарни айтишим керак… (Қийналиб) Аммо айтишга ботина олмаяпман… Бугун қаҳвахонада қўлқопимни ўмариб кетишди. Ажойиб ҳангома! Мен қўлқопимни столга қўйгандим, кейин… мен бошқа бировни севиб қолдим, Кока… Йўқ, айтолмайман… Гумоним, қўшни столдагилардан… Сен мени тушуняпсанми?
ТИМОФЕЕВ. Йўқ… қанақа стол?
ЗИНАИДА. Оҳ, худойим, бу ускунага ўралашиб, бутунлай бефаҳм бўлиб қолдингми?!
ТИМОФЕЕВ. Хўп, қўлқоплар… нима бўлди қўлқопга?
ЗИНАИДА. Э, гап қўлқопдамас, мен бошқасини севиб қолдим! Уф, ана айтиб юбордим!..
Тимофеев қайғуга ботиб, Зинаидага хира кўзларини тикади.
ЗИНАИДА. Фақат рад қилма… томоша ҳам кўрсатма. Нимага энди одамлар албатта жанжал-сурон билан ажралишлари керак? Фикримга қўшил, Кока, шу нарса шарт эмас. Буниси ҳақиқий муҳаббат туйғуси, аввалги туйғуларим хато экан… У ким деб сўрамоқчимисан? Ва албатта, сен уни Молчановский деб ўйлаяпсан-а? Йўқ, тайёр тур, бўлмаса, йиқиласан. У кинорежиссёр, жуда истеъдодли зот… Кел, топишмоқ айтишни қўяйлик. У – Якин!
ТИМОФЕЕВ. Хўш…
Сукунат.
ЗИНАИДА. Бу ёғи ғалати бўлди-ю! Бунақаси ҳаётимда биринчи бор рўй бериши! Унга “хотининг сенга хиёнат қилди”, деб айтишяпти, балки шунинг учун сенга хиёнат қилгандирман, бу бўлса “хўш”, деб турибди. Бу қандай беҳурматлик!
ТИМОФЕЕВ. У… ҳалиги… ким эди… малласоч, новчамиди?
ЗИНАИДА (асабий). Йўқ, бу умуман юзсизлик! Хотинигаям шунчалик бепарво бўладими одам! Малласоч, бу – Молчановский, шуни эслаб қол! Якин эса, у жуда истеъдодли шахс! (Сукунат) Қаерда яшайсизлар дейсанми? Тасвирга олишга жой танлаш учун, соат бешда у билан Гаграга жўнаб кетаман. Қайтиб келганимиздан кейин бизга янги уйдан квартира беришлари керак, агар у алдамаётган бўлса…
ТИМОФЕЕВ (сўник). Алдаётган бўлса керак.
ЗИНАИДА. Рашк туфайли бировни хақоратлаш нодонлик. У ҳар бир дақиқада алдамаса керак. (Сукунат.) Мен уйқусиз тунларимда ўйлаб-ўйлаб, бир қарорга келдим. Иккаламиз бир-биримизга тўғри келмас эканмиз. Мен борлиғим билан кинода, санъат ичидаман. Сен бўлсанг мана бу ускунага боғланиб қолгансан. Дарвоқе, бу хотиржамлигинг мени ҳайрон қолдиряпти. Ҳаттоки, жанжал кўтариб томоша кўрсатгим келяпти! Ҳим, нимаям дердим… (Парда ортига ўтиб, жомадонини олиб чиқади.) Дилингга озор бермаслик учун нарсаларимни тайёрлаб қўйгандим. Илтимос, менга йўлкира бериб тур, сенга Кавказдан жўнатиб юбораман.
ТИМОФЕЕВ (пул олиб санаб). Мана, бир юз қирқ… бир юз эллик уч рубль… менда бошқа пул йўқ.
ЗИНАИДА. Пиджагинг чўнтагини қараб кўр-чи.
Тимофеев пиджагини олиб, чўнтагини кавлаб кўради.
ТИМОФЕЕВ. Пиджагимда пул йўқ экан.
ЗИНАИДА. Майли, кел, мени ўпиб қўй. Алвидо, Кока. Ҳар ҳолда қандайдир алам қиляпти… Ахир икковимиз бус-бутун ўн бир ой бирга яшадик! Ҳайрон қоляпман, мутлақо ҳайрон қоляпман!
Тимофеев Зинаидани ўпиб қўяди.
Сен ҳозирча мени уй рўйхатидан ўчиртирмай тур, ким билади яна нима бўлади. Қолаверса, сен бундай аблаҳлик қилмайсан.
Зинаида даҳлизга чиқиб, эшикни сиртдан ёпади. Тимофеев унинг ортидан сўник нигоҳини тикиб қолади.
ТИМОФЕЕВ. Танҳо қолдим… Мен қанақа турмуш қурдим, ўзи? Кимга уйландим? Нимага уйландим? Бу қандай хотин бўлди энди? (Ускуна ёнига келиб) Танҳо қолдим… Аммо мен уни айбламайман. Чиндан ҳам мендек одам билан яшаб бўладими? Э, ёлғиз қолган бўлсам нима бўпти! Мана, энди менга ҳеч ким халал беролмайди… (Ҳисоблаб) Ўн беш… Ўн олти…
Яна ўша оҳангдор товуш. Даҳлиздаги эшик қўнғироғи жиринглайди. Қўнғироқ узлуксиз жиринглашга ўтади.
Бу шароитда қандай ишлаш мумкин!..
Тимофеев даҳлизга чиқиб ташқи эшикни очади. Ульяна Андреевна киради.
УЛЬЯНА. Саломатмисиз, ўртоқ Тимофеев? Иван Васильевич сизникига кирмадими?
ТИМОФЕЕВ. Йўқ.
УЛЬЯНА. Зинаида Михайловнага етказиб қўйсангиз, Марья Степановна айтдики, Анна Ивановнага маникюрчи хотин хориж матосини таклиф қилибди. Агар Зинаида…
ТИМОФЕЕВ. Зинаида Михайловнага етказиб қўёлмайман, чунки у жўнаб кетди.
УЛЬЯНА. Қаерга жўнаб кетди?
ТИМОФЕЕВ. Ўйнаши билан Кавказга кетди. Кейин улар янги уйда яшайдиган бўлишди, агар ўйнаши алдамаган бўлса, албатта.
УЛЬЯНА (ҳайрон). Қанақа ўйнаши билан?! Ана, холос! Шу гапларни бемалол гапиряпсиз-а, ғалати одам экансиз!
ТИМОФЕЕВ. Ульяна Андреевна, менга халал беряпсиз.
УЛЬЯНА. Вой, кечирасиз! Ғалати феълингиз бор-а, ўртоқ Тимофеев! Зинаида Михайловнанинг ўрнида бўлганимда мен ҳам кетиб юборган бўлардим.
ТИМОФЕЕВ. Сиз унинг ўрнида бўлганингизда мен ўзимни осардим!
У эшикни ёпмоқчи бўлади.
УЛЬЯНА (аччиқланиб). Хонимнинг юзига эшикни ёпманг! Қўпол, тўнка!
Ульяна чиқади. Тимофеев эшикни ёпиб, ўз ўрнига келиб ўтиради.
ТИМОФЕЕВ. Э, алвасти!
Тимофеев ускунадаги тугмачани босади. Унинг хонасига зулмат чўкиб, ғойиб бўлади. Ташқи эшик аста-секин очилиб, остонада Милославский пайдо бўлади. У артистлардек соқолини қиртишлаб, кўримсиз кийинган ва қўлига қора қўлқоп кийиб олган. Даҳлизга кириб, Тимофеевнинг эшигига қулоқ тутади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Аҳли олам хизматга кетган, бу эса уйида. Патефон тузатяпти. (Шпакнинг эшигига келиб, ундаги ёзувни ўқийди.) “Шпак Антон Семёнович”. Нимаям дердик, Шпакнинг уйига кира қоламиз… Қандай кулгили қулф. Анчадан бери бунақасига дуч келмагандим. Э, йўқ, “Қассоблар” кўчасидаги беванинг қулфи шунақа эди. Буни олтинчи рақам билан очса бўлади. (Чўнтагидан очқич олади). У ҳозир идорасида ўтириб: “Эҳ, эшигимга зўр қулф осганман-да”, деб ўйлаётган бўлса керак! Аслида бу қулфлар, уйда хўжайин йўқлигини билдиришга хизмат қилади, холос! (Эшикни очиб, хонага киради, сўнг эшикни шундай ёпадики, қулф ўз ўрнида осилганча қолади.) О, бу қандай гўзал ҳолат! (Хонани томоша қилиб) Мени омад етаклаб кирибди-ю. Ҳатто алоҳида телефониям бор экан. Беқиёс қулайлик! Тартиблилигини кўринг, ишхонасидаги телефон рақаминиям ёзиб қўйибди. Овора бўлиб ёзганига яраша қўнғироқ қилиб қўяй, яна тушунмовчилик бўлиб юрмасин. (Телефонда рақам териб, гўшакка аёл киши овозида сўзлайди.) Шаҳарлараро тармоқ. Мерси. Қўшимча беш юз бир. Мерси. Ўртоқ Шпакни. Мерси. Ўртоқ Шпак? Бонжур. Ўртоқ Шпак, бугун кечгача ишхонада бўласизми?.. Сиз билан бир артистка гаплашяпти. Йўқ, сиз билан таниш эмасман, лекин жудаям сиз билан танишгим келяпти. Ҳа, сиз соат тўртгача ишда бўласизми? Кейинроқ сизга яна қўнғироқ қиларман, мен жуда ғайратлиман… Йўқ, малласочман. Контральто. Хўп, ҳозирча хайр. (Гўшакни қўяди.) Ўлардек ҳайрон бўлди-да. Хўш, бошладик бўлмаса… (Шкаф эшигини бузиб, костюмни олади.) Жунли мато!.. О!.. (Эгнидаги уринган кийимларни ечиб, газетага ўрайди. ­Кейин Шпакнинг костюмини кийиб олади.) Худди ўзимга тикилгандек… (Ёзув столи эшикларини бузиб, соат, занжир ва портсигарни олиб, чўнтагига солади.) Уч йил Москвада бўлмадим, булар эса роса мол-бисот тўплашибди! Кўнглим яйраб ишлаяпман. Ажойиб патефон… Шляпа ҳам ёмонмас… ўзимнинг ўлчамим. Қандай ёқимли кун-а!.. Уф, чарчаб кетдим! (Буфет эшигини бузиб, ичидан ароқ билан газак олиб ичади.) Ароғини нима солиб тайёрлади экан? Ажойиб нафис ароқ!.. Йўқ, бунга тархун солинмаган… (Хонага назар ташлаб) Унинг хонаси анчагина шинам экан… О, мутолаа қилишни севарканлар-да… (Китобни олиб, ўқийди.)

Онажон Москванинг остонасида
Ёвқур дўстлари ила қилар тантана,
Иван Васильевич Грозний бетин,
Столларда ярақлар қадаҳлар олтин.
Ортида ўтиради тортган ҳолда саф,
Маст-аласт жангари аъёнлар қувнаб.

Шону шавкатли шеър! Гўзал шеър!..

Амалдору аъёнларим омон бўлсинлар!
Черт торингни қаттиқроқ, маддоҳ булбуллар!

Бу шеър менга ёқди. (Телефонга) Шаҳарлараро тармоқ бўлими. Мерси. Қўшимча беш юз бир… Мерси. Ўртоқ Шпакни. Мерси. Ўртоқ Шпак? Бу яна мен… Айтинг-чи, сиз ароғингизни нима қўшиб тайёрлайсиз?.. Менинг фамилиям сирлигича қолсин… Катта театрда ишлайман. Сизни бирам ажойиб сюрприз кутяптики!..

Ёвқур дўстлари ила қилар тантана,
Иван Васильевич Грозний бетин…

(Гўшакни қўйиб) Жудаям ҳайрон бўляпти-да. (Ароқ ичиб) Столларда ярақлар қадаҳлар олтин!
Шпакнинг хонасига зулмат чўкади. Тимофеевнинг хонаси эса ёришади. Энди ғаройиб ускуна тез-тез оҳангдор товуш таратишга ўтган. Ора-чора ускуна чироқларидаги ёруғлик алмашиниб туради.
ТИМОФЕЕВ. Нурланяпти. Нурланяпти! Мана бу бошқа гап…
Даҳлизнинг ташқи эшиги очилиб, Бунша киради. Энг аввал даҳлиздаги радиокарнайга эътибор беради.
БУНША. Бу уйга маданият олиб кираман деб, беқиёс куч сарфлаб, уйни радиолаштирдим. Булар эса қайсарлик қилиб, радиодан фойланишмайди. (Радиони электрга улайди, лекин ускуна жим.) Антракт. (Тимофеевнинг эшигини тақиллатади.)
ТИМОФЕЕВ. Э, ким у? Кираверинг… ер ютсин сизларни!
Бунша киради.
ТИМОФЕЕВ. Оббо… шу етмай турганди!..
БУНША. Бу менман, Николай Иванович.
ТИМОФЕЕВ. Кўриб турибман, Иван Васильевич. Ҳайронман сизга, Иван Васильевич! Қариган чоғингизда уйингизда невара боқиб ўтирсангиз бўларди. Сиз эса, мана бу яғири чиққан дафтарингизни кўтариб, хонама-хона изғийсиз… Узр, Иван Васильевич, мен бандман.
БУНША. Бу китоб уй китоби, набираларим эса йўқ. Агар мен хонама-хона юрмасам, даҳшат юз беради.
ТИМОФЕЕВ. Давлат ағдарилиб кетадими?
БУНША. Ҳа, агар квартира ҳақини тўлашмаса, ағдарилади. Бу уйдагилар “ҳақ тўламасак ҳам бўлаверади”, деб ўйлашади. Лекин бундай қилиш ярамайди. Умуман олганда, бизнинг уй жуда ғалати. Ҳовлида юрганимда юрагим шувиллайди. Ҳаммалари деразаларини очиб, дераза рахига ётиб олиб, қаёқдаги гапларни гаплашадилар, такрорлашга тилим бормайди.
ТИМОФЕЕВ. Худо ҳақи, ҳеч балони тушунмаяпман. Сиз даволанишингиз керак, князь.
БУНША (чўчиб). Николай Иванович, сиз мени князь деб атаманг. Мен ҳужжатли равишда князь эмаслигимни исботлаганман. Князь отам туғилишимдан бир йил олдин чет элга жўнаб кетган экан. Шундан келиб чиқадики, мен аравакаш Пантилейнинг ўғлиман. Мен Пантилейга ўхшаб туғилганман.
ТИМОФЕЕВ. Ха аравакашнинг ўғли бўлсангиз, мени яхши тушунасиз. Менда пул йўқ, Иван Пантелеевич.
БУНША. Йўқ, сиз мени ҳужжат бўйича – Иван Васильевич деб чақираверинг.
ТИМОФЕЕВ. Яхши, яхши.
БУНША. Ўтинаман сиздан, квартира ҳақини тўлаб қўйинг.
ТИМОФЕЕВ. Айтдим-ку сизга, ҳозир пулим йўқ… Мени хотиним ташлаб кетди. Устига-устак, сиз ҳам эзяпсиз.
БУНША (шошиб). Кечирасиз! Нимага мени бундан огоҳ қилмадингиз?
ТИМОФЕЕВ. Ия, сизнинг ишингиз нима?
БУНША. Ишим шундаки, хотинингизни дарҳол рўйхатдан чиқаришим керак.
ТИМОФЕЕВ. У рўйхатдан чиқармаслигимни сўради.
БУНША. Барибир бу воқеани китобимга қайд этиб қўйишим керак. (Китобига ёзиб қўяди.) Ўтириб олақолай.
Бунша стулга ўтиради.
ТИМОФЕЕВ. Ўтиришингизга ҳожат йўқ. Мени иш вақтимда безовта қилмаслик керак! Қандай тушунтирай сизга?
БУНША. Йўқ, сиз менга тушунтириб беринг. Мен илғор одамман. Кеча уйбошқарувчилар ваъзхонлигида қатнашдим. Бундан жуда катта наф олдим. Деярли, ҳаммасини тушундим. Стратосфера ҳақида. Ҳаётимиз умуман қизиқарли ҳамда фойдали экан. Лекин буни бизнинг уйдагилар тушунишмайди.
ТИМОФЕЕВ. Сиз гапирсангиз, Иван Васильевич, менга алаҳлаётгандек туюласиз.
БУНША. Бизнинг уй умуман жуда ғалати. Шпак доим қизил ёғоч мебель сотиб олади. Лекин квартира ҳақини тўлашга қайишади. Сиз эса ғайритабиий машина ясадингиз.
ТИМОФЕЕВ (асабий). Мана сенга азоб, Худо ҳақи!
БУНША. Ўтинаман сиздан, Николай Иванович, машинангиз ҳақида юқорига хабар қилинг. Уни рўйхатдан ўтказиш керак. Ёндаги уйда хонимлар миш-миш қилишяпти. Сиз уйни қулатиб юбориши мумкин бўлган ускуна қураётган эмишсиз. Бунинг оқибатини тушунасизми? Ўзингиз ҳам ҳалок бўласиз, сизга қўшилиб биз ҳам…
ТИМОФЕЕВ. Бу бемаъни гапни қайси ифлос айтди?
БУНША. Кечириб қўйсинлар, менинг хотиним Ульяна Андреевна айтдилар.
ТИМОФЕЕВ. Айбдорман, узр. Нима учун бу хонимлар бемаза гапларни чайнашади? Биламан, ҳаммасига сиз айбдорсиз. Сиз – кексарган хира, доим турланиб юрасиз, зимдан кузатасиз, ғийбатчилик қиласиз, энг муҳими – ёлғон гапирасиз!
Бунша ўрнидан туриб, асабий равишда ташқарига юзланади.
БУНША. Бундоқ ашаддий ҳақоратлардан сўнг уйингиздан чиқаман-да, тўғри милицияга бораман! Мен уйбошқарувчи вазифасини эгаллаб турган масъулиятли шахсман, назорат қилишга мажбурман!
ТИМОФЕЕВ. Тўхтанг!.. Мени кечиринг, қизишиб кетдим. (Уни ортига қайтариб келиб) Хўп яхши, бу ёққа келинг. Мен фақат вақт фазоси оралиғидан ўтиш устида тажриба ўтказяпман. (Ўйланиб) Бироқ вақт нималигини сизга қандай тушунтирсам экан?.. Балки, биларсиз, тўрт ўлчамли фазо, ҳаракат… Хуллас, умуман… бир сўз билан айтганда, шуни тушуниб олинг. Бу нарса портлаб кетмайди. Мамлакатга эса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фойда келтиради.
БУНША. Фазодан ўтиш, дедингизми? Бундай тажрибалар милиция рухсати билан қилинади. Мен уйбошқарувчи сифатида, ўзимга ишониб топширилган уйда бундай тажриба ўтказилишидан ташвишдаман. Мана, сирли машина ҳозир калитланган ҳолда турибди…
ТИМОФЕЕВ (шоша-пиша). Нима?! Калит?! (Машинага қараб, қувониб) Иван Васильевич, раҳмат! Раҳмат! Сиз даҳосиз! Калит!.. Эҳ, мен париншонхотир каллаварам! Қулфлоғлиқ механизмда ишлайверибман-ку! Тўхтанг! Қараб туринг! Кўринг, ҳозир нималар бўлади! Яқинроқ масофада синаб кўрамиз… кичик бурчак… (Калитни бураб, тугмачани босади.) Қаранг, биз ҳозир вақт фазосидан ўтмишга ўтамиз…
Яна тугмани босади. Жаранглаган садо. Зулмат. Кейин атроф ёришади. Хоналар орасидаги девор ғойиб бўлган. Шпакнинг хонасида китоб ўқиб ўтирган Милославский, бепарво ароқ ичади.
ТИМОФЕЕВ (ҳаяжонда). Кўрдингизми?
МИЛОСЛАВСКИЙ (қараб). Уҳ, жин ургур!.. Бу қанақаси?!
БУНША. Николай Иванович, девор қаёққа ғойиб бўлди?!
ТИМОФЕЕВ. Ғалаба! Ғалаба! Мен ҳозир ўзимда эмасман! Мана ўша кашфиёт! Мана!
Бунша ҳайрон бўлиб, Милославскийга бақраяди.
БУНША. Бу нотаниш фуқаро Шпакнинг хонасида нима қиляпти?!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Узр сўрайман, нима гап ўзи? Нима бўлди? (Патефон ва газетага ўралган эски кийимларини кўтариб, Тимофеевнинг хонасига ўтиб келади). Ҳозир бу ерда девор бор эди!
БУНША. Николай Иванович, девор учун қонунан жавоб берасиз! Кўрдик қандай машина ясаганингизни! Квартиранинг ярми йўқолиб қолди-ку!
ТИМОФЕЕВ. Э, жин урсин сизниям, деворингизниям! Унга ҳеч нарса бўлгани йўқ!..
Тимофеев тугмачани босади. Зулмат. Ёруғлик. Девор ўз ўрнида пайдо бўлиб, Шпакнинг хонаси яна тўсилиб қолади. Омма ҳайратда.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Дунё мўъжизаларини кўрганман, лекин бунақасини – ҳеч қачон!..
ТИМОФЕЕВ (сархуш). Эй, худо, бошим айланиб кетяпти!.. Топдим, топдим! О, инсоният, нималар кутмоқда сени!..
БУНША (Милославскийга). Афв этсинлар-у, ўзлари ким бўладилар?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Менинг кимлигимни сўраяпсизми? Мен дўстим Шпакнинг келишини кутиб ўтирибман.
БУНША. Эшик ортидан қулфлоғлиқ, қандай қилиб кутасиз?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Нима дедингиз? Қулф? Э, ҳа… У “Хабарлар” газетаси сотиб олгани дўконга кетди. Мени эса… ҳалиги… устимдан қулфлаб қўйди…
ТИМОФЕЕВ. Э, қўйинг, шайтон олсин сизни!.. Бу қанақа бачкана саволлар! (Милославскийга) Тушуняпсизми, мен замонни ёриб ўтдим! Ниҳоят, ўз ниятимга етдим!..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Айтинг-чи, ҳалиги… эҳтимол… ҳар қандай деворни йўқ қилса бўлар? (Қўлини сиқиб) Сизнинг кашфиётингизга баҳо йўқ, фуқаро! Табриклайман сизни! (Буншага) Нимага менга бунақа қараяпсиз, отагинам? Устимда нақшлар йўқ, гуллар ҳам ўсмайди!
БУНША. Мени бир шубҳа қийнаяпти. Устингиздаги костюм Шпакники билан бир хил экан-а?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Нималар деяпсиз? Костюм? Бутун Москва бўйича йўллик костюм битта Шпакда бор эканми? Биз у билан ўртоқмиз, шунинг учун доим битта магазиндан мато сотиб оламиз. Жавобим сизни қониқтирдими?
БУНША. Шляпа ҳамми?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, шляпа ҳам!
БУНША. Исми-шарифлари нима?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Мен катта ва кичик давлат театрлари артистиман. Исми-шарифимни билиб нима қиласиз? Сизга уни айтардим-у, лекин у жуда машҳур-да.
БУНША. Олтин занжир ҳам Шпакникига ўхшаркан?..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, қанақа хирасиз!.. Шляпа, занжир… жонга тегдингиз!.. (Оҳангга солиб) Ёвқур дўстлари ила қилар тантана, Иван Васильевич Грозний бетин…
ТИМОФЕЕВ (Буншага). Бўлди қилинг. Чиндан ҳам, тинч қўйинг бу фуқарони. (Милославскийга) Эҳтимол, Шпакнинг хонасига қайтишни хоҳларсиз? Мен сизга деворни очиб бераман.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳечам кераги йўқ! Мен ундан хафаман. Хафа бўламан-да. “Газета обкеламан”, деб зим бўлиб кетди-я. Балки у яна икки соат юрар. Яхшиси, мана бу тажрибани томоша қиламан, у менга жудаям ёқди.
ТИМОФЕЕВ (унинг қўлини сиқиб). Хурсандман, жуда хурсандман! Сиз биринчи бўлиб кўрдингиз… Сиз, айтиш мумкинки, биринчи гувоҳсиз.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Менга гувоҳ бўлиш ҳеч қачон насиб қилмаган эди! Жуда, жуда ҳам мамнунман!.. (Буншага қараб) Бунинг қарашини кўринг! Кўзингиз билан тешиб юборяпсиз-ку, отам!
ТИМОФЕЕВ. Бу бизнинг уйбошқарувчимиз.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, мана энди тушунарли… Шляпа, занжирча… эҳ, қанчалар жирканч мансаб! Бундай зотлардан не жафолар чекканимни билсангиз эди, фуқаро олим.
ТИМОФЕЕВ. Унга эътибор қилманг.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бу гапингиз ҳам тўғри.
ТИМОФЕЕВ. Тушуняпсизми, фуқаро артист…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Нимага тушунмай? Жуда тушуняпман-да! Айтинг-чи, дўконнинг девориниям кўтарворса бўладими? Эҳ, қандай қизиқарли тажриба!
БУНША. Сиз Шпакникига патефон билан келганмидингиз?
МИЛОСЛАВСКИЙ. У мени адо қилади, шекилли! Бу қанақаси, а?
ТИМОФЕЕВ (Буншага). Сиз тирғалишни бас қиласизми ё йўқми? (Милославскийга) Тушунсангиз, гап деворда эмас. Бу фақатгина биринчи ҳаракат, холос. Гап шундаки, мен мана шу ҳамма деворлардан ўтиб, вақт ичига кириб бораман. Тушуняпсизми, икки юз, уч юз йил олдинга ёки орқага бора оламан! Уч юз йил нима бўпти! Йўқ, бундай кашфиётдан бутун дунё бехабар! Мен қаттиқ ҳаяжондаман!.. Лекин… (Ўкиниб) Бугун мени хотиним ташлаб кетди, тушуняпсизми… Эҳ!..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ғам чекманг, фуқаро профессор, сизга ҳар қанақа хотин жон деб тегади! Тупуринг унга, ташлаб кетган бўлса!
БУНША. Мен уни уй рўйхатидан ўчириб қўйдим.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Сизга ҳам тфу!… Ёвқур дўстлари ила қилар тантана, Иван Васильевич Грозний бетин… Эҳ, қандай кашфиёт!.. (Бориб деворни тақиллатиб кўради.) Кўтардинг – кирдинг, чиқдинг – яна ёпдинг! Вой, худойим-а!
ТИМОФЕЕВ. Қўлим қалтираяпти, етар ортиқ чидолмайман. Агар истасанглар, ўтмишга кириб борамиз, қадимий Москвани томоша қиламиз. Наҳотки, сизларда қўрқув ё ҳаяжон сезилмаётган бўлса?!
БУНША. Николай Иванович! Ўйлаброқ бундай тажриба ўтказинг!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Агар сен яна бир марта фуқаро академик тажрибасига халал берсанг, мен сени!.. Бу қандай жазо бўлди-я! (Тимофеевга) Бошлайверинг!
Тимофеев ускуна тугмачасини босади. Бонг. Зулмат. Қўққисдан Иван Грознийнинг саройи намоён бўлади. Шоҳона кийинган Иван қўлида асо билан тахтда қўр тўкиб ўтирибди. Котиб эса хонтахтага эгилган ҳолда ёзмоқда. Иван елкасига кенг почапўстин илиб олган. Қадимий черков ашуласи ва майин қўнғироқ садолари янграяпти.
ИВАН (айтиб туради). …Ва унинг раҳбарига…
КОТИБ (ёзади). …Ва унинг раҳбарига…
ИВАН. Жаннатмакон, қутб ул-замон, авлиё ота Козьмага..
КОТИБ. …Козьмага…
ИВАН. Жумла Руснинг шоҳи, буюк князь Иван Васильевич…
КОТИБ. …Иван Васильевич…
ИВАН. Бош уриб сажда қилади!
ТИМОФЕЕВ. Вой худо! Қаранглар! Ахир, бу Иван!..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ана томоша!..
Иван ва Котиб уларнинг овозини эшитиб, бурилиб қарайдилар. Котиб овозининг борича додлаб, югурганча саройдан чиқиб кетади. Иван эса сакраб ўрнидан туриб,чўқина бошлайди.
ИВАН. Даф бўл! Йўқол! Мен осийнинг ҳолига вой!.. Мен разил золимнинг, мен муртаднинг шўри қуриди-ё!.. Даф бў-ў-ўл!
У васвасага тушиб, чиқиш йўлини тополмай қолади ва Тимофеевнинг хонасига ўзини уради. Тўрт томонга чўқиниб, ҳовлиққанча югуриб даҳлизга ўтади. Ундан сўнг ташқи эшикдан чиқиб ғойиб бўлади.
ТИМОФЕЕВ. Бу Иван Грозний! (Иваннинг ортидан қичқириб) Қаёққа кетяпсиз?! Тўхтанг!.. Э, Худо! Уни кўриб қолишлари мумкин!.. Ушланглар уни!
У Иваннинг ортидан югуриб чиқади. Бунша эса телефонга ташланади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Қаёққа телефон қилмоқчисан?
БУНША. Милицияга!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Гўшакни қўй, бўлмаса, қўлингни синдираман! Милициясиз бир сония яшолмайди!
Саройга Опричник чопиб киради.
ОПРИЧНИК. Қани ўша иблислар?! Тут уларни! Ур уларни! (Буншага) Ҳой, шоҳ қани?!
БУНША. Билмадим!.. (Қўрқиб) Қорову-у-ул!..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Машинани қулфла! Машинани!
ОПРИЧНИК (чўқиниб). Вой, иблислар!
У ойболтали найзасини ерга ташлаб, югуриб чиқади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Қулфла уни! Калитни бура, калитни! Ана машина-ю мана машина!
Бунша ускунадаги тугмачани босиб, калитни суғуриб олади. Шу заҳоти бонг чалинади. Дераза пардалари кўтарилиб, столдаги қоғозларни шамол учиради. Номаълум куч Буншани қадимий саройга тортиб кетади. Бунша кўзойнагини тушириб юборади.
БУНША (бақириб). Қутқарингла-ар! Мени қаёққа тортиб кетяпти-и-и?!
МИЛОСЛАВСКИЙ (бақириб). Калитни қайси томонга бурагандинг, шайтон?!
Номаълум куч уни ҳам тортиб кетади. Зулмат чўкади. Ёруғлик. Девор яна ўз ўрнида. Хонада Милославский ҳам, Бунша ҳам йўқ. Патефон, газетага ўралган эски кийимлар ва кўзойнак қолган. Тимофеев югуриб киради.
ТИМОФЕЕВ. У чордоққа қамалиб олди. Олиб тушишга ёрдам беринглар!.. Э, худойим, улар қайга ғойиб бўлишди? (Шоша-пиша ускунага яқинлашади). Йўналиш милини тескари томонга айлантиришибди! Машина уларни ўтмишга тортиб кетибди! Энди нима бўлади?.. (Чақириб) Бунша! Бунша! Иван Васильевич!
Узоқдан Иваннинг жавобан қичқирган овози эшитилади.
Буниси чордоқдан қичқириб ётибди! Лекин калит-чи? Калит қаерда?.. Э, худо! Улар калитни суғуриб олишибди! Энди нима қилсам экан!.. Нима қилдим, а?.. (Теварак-атрофни текшириб) Калит ҳеч қаерда йўқ… (Қичқириб) Калитни нимага оласиз, Иван Васильевич! Нимага уни суғуриб олдинглар?! Э, қичқиришдан фойда йўқ. Улар калитни ўзлари билан олиб кетишибди. Бунисини эса хонага қайтариб келиш керак. (Шошиб чиқади.)

Танаффус

Ташқи эшик очилиб, даҳлизга Шпак киради.
ШПАК. Катта театрда ишлайдиган малласоч телефон қилгандан бери юрагим нотинч бўлиб, иш тугагунча ишхонамда ўтиролмадим. (Эшигидаги қулфга қўл теккизиб, сапчиб тушади.) Вой! Авлиё оталарим!
Шпакнинг хонаси ёришади. У ичкарига кирибоқ, ёзув столига югуриб боради. Аҳволни кўриб шошиб қолади.
ШПАК (йиғлагудек). О, авлиё оталар! (Валангор шкаф томон югуриб) Вой, авлиё оталар! (Телефонга) Милиция!!! Милиция?! Ҳаммом жинкўчаси, ўнинчи уйда улкан ўғирлик, ўртоқ!.. Кимни ўмаришди дейсизми? Мени-да, албатта! Шпак! Шпак менинг исм-шарифим! Малласоч аёл ўғирлаб кетди!
Радиодан куй тарала бошлайди.
Ўртоқ бошлиқ… бу мусиқа радиода! Пальто билан костюмлар!.. Нимага жаҳлингиз чиқяпти? Эшитяпсизми? Ҳозир ўзим олдингизга бораман! Вой, авлиё оталарим! Вой, авлиё оталарим-а!
Шпак ув тортиб йиғлаганча югуриб чиқиб ғойиб бўлади. Радиодаги куй баралла янграй бошлайди.

ПАРДА

ИККИНЧИ ҲАРАКАТ

Тимофеевнинг хонаси. Хонада васвасага тушган Иван ва Тимофеев ўтирадилар.
ИВАН (нола қилиб). О, парвардигорим! О, ҳар ишга қодир эгам!
ТИМОФЕЕВ (бармоғини лабига босиб). Тиш-ш! Жим, жим! Ўтинаман, фақат қичқирманг! Бирор бало-қазога дучор бўламиз, ё бўлмаса, жанжалга қоламиз. Мен ҳам ақлдан озай дедим, лекин ўзимни босиб ўтирибман!
ИВАН. Оҳ, қийналиб кетдим! Яна бир марта иблисмасман де!
ТИМОФЕЕВ. Э, раҳм қилинг! Чордоқда тушунтирдим-ку, сизга иблисмасман деб!
ИВАН. Вой, алдама! Шоҳни алдайсанми-я! Шоҳ одамнинг эмас, худонинг хоҳиши билан дунёга келади!
ТИМОФЕЕВ. Жуда яхши. Тушуняпман, сиз шоҳсиз, лекин, илтимос қиламан, озгинага шуни эсламай туринг. Мен сизни шоҳ эмас, оддийгина Иван Васильевич деб атаб турай. Бу сизга фойдадан холи эмас.
ИВАН (фиғон чекиб). Ҳолингга вой, Иван Васильевич, вой!
ТИМОФЕЕВ. Нима ҳам қилардик, надоматингизни тушунаман. Дарвоқе, бемаъни аҳволда қолдик. Бундай фалокат юз бериши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Анавилар калитни ўзлари билан олиб кетишибди. Ҳозир сизни орқага жўнатиб юборолмайман. Тушуниб турибсиз, улар ҳозир сизлар томонда. Уларнинг ҳоли не кечди экан, ҳайронман…
ИВАН. Ит есин ўшаларингни! Калласини олишади, вассалом!
ТИМОФЕЕВ. Қанақасига калласини олишади?! Э, худойим, мен икки одамнинг бошига етдимми! Бу қандай бемаънилик! Қандай разолат! (Гапдан тўхтаб) Ароқ ичасизми?
ИВАН. О, шўргинам қурсин!.. (Ўзини босиб) Арпабодиёнлими?
ТИМОФЕЕВ. Арпабодиёнлиси менда йўқ. “Тоғ эманчаси”дан ича қолинг. Маҳкамроқ бўлиб, ўзингизга келиб оласиз. Сизга қўшилиб мен ҳам… (Ароқ ва газак ҳозирлайди.) Манг, ичинг.
Иван Тимофеев узатган ароқ тўла стаканга қарайди.
ИВАН. Олдин ичиб бер.
ТИМОФЕЕВ. Нима учун? (Тушуниб) Ҳа-а!.. Мени заҳарламоқчи деб ўйлаяпсизми? Азизим Иван Васильевич, ҳозир бизда бунақа ишлар йўқ. Бизнинг асримизда ароққа қараганда балиқ увилдириғидан заҳарланиб ўлиш осонроқ. Қўрқмай ичаверинг.
ИВАН (стаканни олиб). Майли, эсон бўл! (Ичади.)
ТИМОФЕЕВ. Бағоят миннатдорман! (Ичади.)
ИВАН. Исминг нима, афсунгар?
ТИМОФЕЕВ. Тимофеев.
ИВАН. Князмисан?
ТИМОФЕЕВ. Қанақа князь! Бутун бошли Москвада биттагина князь бор, у ҳам аравакашнинг ўғлиман, деб даъво қиляпти.
ИВАН. Вой, зоти паст!
ТИМОФЕЕВ. Уларни эсласам, ақлдан озай деяпман! Олинг. Чўчқа ҳасипидан газак қилинг.
ИВАН. Бугун рўза куни…
ТИМОФЕЕВ. Унда балиқ увилдириғидан олинг.
ИВАН. Ароқни омборчи аёлинг тайёрладими?
ТИМОФЕЕВ. Майли, омборчи аёл бўлақолсин, барибир сизга тушунтириш қийин.
Иккиси ароқ ичиб, газак қилиб ўтирадилар. Иван вақт машинасига назар ташлайди.
ИВАН. Демак, сен шунақа машина ясабсан-да?.. Оҳ-ҳо! Мендаям шунақа, сенга ўхшаган биттаси бор эди… қанот ясаганди…
ТИМОФЕЕВ. Хўш-хўш?..
ИВАН. Уни порохли бочкага ўтқаздим… Учсанг учиб ўл!..
ТИМОФЕЕВ. Намунча қаттиққўл бўлмасангиз…
Иван хонага разм солади.
ИВАН. Демак, шу ерда яшаркансан-да? Саройинг тор экан.
ТИМОФЕЕВ. Ҳа, саройим шунчаки…
ИВАН. Хониминг қаерда? Ибодатхонага кетдими?
ТИМОФЕЕВ. Тескариси. Хонимим бугун ўйнаши Якин билан Кавказга қочиб кетди.
ИВАН. Алдамаяпсанми?!
ТИМОФЕЕВ. Худо ҳақи!
ИВАН. Таъқиб қилишяптими? Ушлаб олибоқ Якинни қозиққа ўтқазишсин! Ҳақ йўли – шу.
ТИМОФЕЕВ. Нима кераги бор? Улар бир-бирларини севишаркан. Майли, бахтли бўлишсин.
ИВАН. Бу ҳам тўғри. Яхши одам экансан… (Бирдан сапчиб туриб) Эҳ, худойим! Мен бу ердаман… у ёқда эса шведлар Кемни ишғол қилишяпти! Калитни изла, тўра! Мени ортга жўнатиб юбор!
ТИМОФЕЕВ. Биласизми, жон деб мисгарга чопган бўлардим, лекин уйимда бир тийин пул йўқ. Ҳаммасини хотинимга бериб юборгандим.
ИВАН. Нима? Пулми?
У чўнтагидан тилла танга олиб, Тимофеевга беради.
ТИМОФЕЕВ (мамнун). Олтин? Биз қутулдик! Ҳозироқ заргарлик дўконига бориб, кейин мисгарга чопаман. У калитни ясаб беради, ускунани очамиз.
ИВАН. Мен ҳам сен билан чиқаман.
ТИМОФЕЕВ. Кўчага чиқасизми? Э, йўқ, Иван Васильевич, бу мумкин эмас. Сиз ўзингизни ҳеч кимга танитмай, шу ерда ўтиринг. Яхшиси, устингиздан қулфлаб кетаман. Биров эшикни тақиллатса, очманг. Ким ҳам келарди бу ерга? Якинга минг раҳмат, хотинимни олиб кетган. Хуллас, мени кутиб, жимгина ўтиринг.
ИВАН. О, яратган эгам!
ТИМОФЕЕВ. Бир соатдан сўнг шу ерда бўламан. Жим ўтиринг!
Тимофеев хона эшигини устидан бекитиб, ташқи эшикдан чиқиб кетади. Иван ёлғиз қолгач, хонадаги нарсаларни текшириб кўра бошлайди. Кўчадан автомобиль шовқини эшитилади. Иван секин дераза ёнига бориб, кўчага қарайди. Чўчиб ортига қайтиб, яна ароқ ичади ва хиргойи қилишга тушади:
Мен не-не гуноҳи азимлар қилдим,
Қўллагил мени, парвардигорим,
Қўлланг мени, москвалик дуогўйларим…
Эшик тақиллайди. Иван сапчиб тушиб чўқинади. Эшик тақиллаши тиниб қолади.
УЛЬЯНА (эшик ортидан). Ўртоқ Тимофеев, оилавий можаро чоғида яна безовта қилишга ботинганим учун узр… Ҳалиги… Иван Васильевич сизникига кирмадими? Уни бутун уй бўйлаб излаб юришибди. Ўртоқ Тимофеев, жавоб бермасликка ҳақингиз йўқ! (Танаффус.) Сиз, ўртоқ Тимофеев, маданиятсиз одамсиз!
Иван эшикка қараб чўқинади. Ульяна кетади.
ИВАН. Мана хосиятли хочнинг мўъжизаси!
У ароқ ичиб ўтиради. Бироз танаффусдан сўнг эшикнинг қулф-калити шириқлаб буралади. Иван яна чўқинади. Аммо бу сафар “мўъжиза” ёрдам бермайди. Иван шошилиб, парда ортига яширинади. Эшик очилиб, асаби бузилган Зинаида киради ва жомадонини ерга ташлайди.
ЗИНАИДА. Қанчалар разил одам-а! Ҳаммаси барбод бўлди! Нимага бу покдомон эримга сирларимни очиб қўйдим! Энди, бошқа нима қилай, аламимдан ичдим, ҳа, ичдим. Патефон ҳам… (Столга қараб) Ия, бу патефон қаердан келди? Яхши патефон экан… (Чақириб) Кока, уйдамисан? Ҳеч нарсани тушунмаяпман. Бу ерда маишат қилишганми? У ароққа кетган бўлса керак. Ким билан ичди экан? (Газетага ўроғлиқ нарсани очади.) Иштон?! Ҳеч нарсани тушунмаяпман!
У патефонни ишга солиб, “уф” тортади. Парда ортида турган Иван яхшироқ яшириниш учун бурчакка қапишади.
ЗИНАИДА. Безбетлар томонидан шарманларча алданиб, яна уйга қайтиб келдим…
Бироздон сўнг даҳлиздаги ташқи эшик қўнғироғи чалинади. Зинаида даҳлизга чиқиб, эшикни очади. Эгнига берет ва калта иштон (шорти) кийган, иягига қомат қўйган Якин киради.
ЯКИН. Зина, бу мен…
ЗИНАИДА. Ҳа? Бу сизмисиз?! Йўқолинг!
У Тимофеевнинг хонасига кириб, эшикни ёпади. Якин эшик олдига келади.
ЯКИН. Зинаида Михайловна, ёлғизмисиз? Илтимос, очинг!
ЗИНАИДА. Одатимга кўра, мен ярамасларга эшик очмайман!
ЯКИН. Зина! Ялинаман, Зина! Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман. Зина, гапимга қулоқ солинг.
Зинаида эшикни очади. Якин Тимофеевнинг хонасига киради.
ЯКИН. Нима юз берди ўзи, Зиночка? Нимага қочиб кетдингиз? Ҳеч нарсани тушунолмаяпман…
ЗИНАИДА. Карп Савельевич, сиз нобакорсиз!
ЯКИН. Э, худо, шуям гапми! Бу қандайдир англашилмовчилик, Зиночка, кинофабрика номи билан қасам ичаман!
ЗИНАИДА. Англашилмовчилик эмиш!.. Аврашини қаранг! Мен эримни ташладим, мана энди бечора авлиё эрим итдай ичиб ётибди! Мен шундай уй-жойимни ташладим! Хокипойимга сиғиниб, менга гард юқтирмаган кашфиётчи, даҳо эримни ташлаб, шу аблаҳга эргашиб кетибман-а!
ЯКИН. Зина, бу қандай ҳақорат!..
ЗИНАИДА. Ҳақиқий ҳақоратни ҳали эшитмабсиз! Йўлга чиқи­шимизга икки соат қолганда хонасида бир хоним билан тутиб олдим…
ЯКИН. Зина!..
ЗИНАИДА. Хонимчани эркалаб, қўлини силаб ўтирибдилар!
ЯКИН. Зиночка, унга роль ўргатаётган эдим! Касбу корим талаби бу!
ЗИНАИДА. Тирсагидан ушлаш-а? Йўқ, тирсагидан ушлаганингиз учун жавоб берасиз!
Зинаида Якиннинг юзига шапалоқ тортади.
ЯКИН. Зинаида Михайловна! Бу қанақаси, ахир, ўртоқлар?!
ЗИНАИДА. Йўқолинг!
ЯКИН. Зинаида, тушунинг, ахир, бу эпизод! У битта пучуқ қиз!
ЗИНАИДА. Қанақасига? У ҳам суратга тушадими?
ЯКИН. Э, кичкина ролда… миттигина, заррадек эпизодда… Мен пучуқларсиз кино ололмайман, ахир! Кейин, менга қаранг, сиз мени урдингиз-а?! Режиссёрни-я?!
ЗИНАИДА. Пучуқларни оласизми, бурунвойларни оласизми, менга фарқи йўқ! Мен тўйдим! Мен “Борис Годунов”да ўйнаш учун Косойга ўтиб кетаман!
ЯКИН. Косой халтурачи! У бундай асарни саҳналаштира олмайди!
ЗИНАИДА. Кечирасизу, асар “юқори”дан тасдиқланди! Мен малика ролини ўйнайдиган бўлдим! Энди сизнинг Гаградаги “Олтин олмалар”ингиз мени қизиқтирмайди!
ЯКИН. Тушунсангиз-чи, ахир, унинг Иван Грознийни ўйнай оладиган актёри йўқ! Киносини консерва қилиб димлаб қўйишади, вассалом! Ўшанда мени эслаб қоларсиз, Зинаида!
ЗИНАИДА. Иван йўқ дейсизми? Афв этсинлар, мен ўша актёр билан репетиция қилганман!
ЯКИН. А-а-а? Қаерда репетиция қила қолдингиз?
ЗИНАИДА. Шу ерда, ўз уйида… Борис шоҳ деб эълон қилинган жо­йига етиб келганимизда, Косойдек метин одам ёш боладек йиғлаб юборди!
ЯКИН. Менга сездирмай репетиция қилибсиз-да? Бу хоинлик, Зинаи­да! Шоҳ Борисни ким ўйнаяпти? Ким?
Иван бу гапни эшитиб, ғазабига чидолмай парда ортидан чиқади.
ИВАН. Қанақа шоҳ Борис?! Ўша ўзимизнинг Борисчами?!
Зинаида билан Якин уни кўриб, ҳайкалдек қотиб қоладилар.
ИВАН (имлаб). Қани, бери кел-чи, азизим!
ЗИНАИДА. Вой, худойим, бу нимаси энди?!
ЯКИН. Ростдан ҳам репетиция қиляпсизларми? Э, худо, қандай сиймо!
ЗИНАИДА. Бу одам ким?
ИВАН (ғазабланиб). Борис – шоҳ?! Шоҳнинг марҳаматли иноятига жавобан у маккор хиёнату қабоҳат билан жавоб қайтарди! Ўзи подшоҳлик қилиб, ҳамма нарсага эга чиқмоқчи бўлди! У ўлимга маҳкум!
ЯКИН (қойил қолиб). Браво!
ЗИНАИДА (қўрқиб). Вой, худойим… Якин, нималар бўляпти? Менга тушунтиринг… Якин, мени яширинг!..
ИВАН. Ҳа, майли! Энди Борис тўйгунича жаллод билан гап талашади! (Якинга) Сен нимага асилзода хонимни хафа қилдинг, сассиқ қоратовон?
ЯКИН (завқланиб). Жуда зўр! Беназир! Бетакрор!.. Сизни пардозда таний олмаяпман. Сиз кимсиз ўзи? Ўзимни таништиришга ижозат этинг: Карп Якин. Иш ҳақи йигирма минг, эртага эрталаб соат тўққизда кинофабрика сиз билан шартнома имзолайди. Асарни мен қўяман. (Сўрашишга қўл чўзиб) Исми шарифингиз ким?
ИВАН (ғазабланиб). Эҳ, сен дарбадар саёқ! Куйдирги яра!
ЯКИН. Браво! Зинаида, нимага шундай иқтидорни мендан яширдингиз?
Иван Якинни шоҳона асо билан уради. Якин кутилмаган зарбадан эсанкираб қолади.
Ҳой, менга қаранг! Эсингиз жойидами?.. Бўлди-е!..
ИВАН. Тиз чўк, чувалчанг! (Якинни соқолидан тутамлайди).
ЯКИН. Ҳаддингиздан ошиб кетдингиз! Бу безорилик!
ЗИНАИДА. Афтидан, мен ақлдан озганга ўхшайман… Сиз кимсиз? Кимсиз ўзи?
ИВАН (қичқириб). Князь Тимофеев, олдимга келинг! Дилозор итвачча Якинни тутдик!
ЯКИН (қичқириб). Ёрдам берингла-а-ар! Одамла-а-ар! Ким бо-о-ор?!
ЗИНАИДА (қичқириб). Ёрдам беринглар! Бу одам ким?! Босқинчи! Квартирада босқинчи!
Даҳлизда Шпак пайдо бўлади ва бақир-чақирларга қулоқ тутади.
ЗИНАИДА (эслаб). Э, бўлди! Вой, худо, тушундим! Бу ҳақиқий шоҳ! Коканинг тажрибаси амалга ошибди! (Иванга) Ўтинаман сиздан, уни қўйиб юборинг!
Иван чакмони ичидан ханжарини чиқариб, Якинга қичқиради.
ИВАН. Ибодат қил, итвачча! Асилзода хонимдан ҳаёт-мамотингни сўра!
Эшикдан Шпак бош тиқиб, уларни томоша қилади.
ЯКИН (хириллаб). Ҳаёт…
ИВАН. Тур ўрнингдан, ярамас!
ЯКИН. Сиздан сўрамоқчиман, бу нима қилиқ? (Шпакка) Бизни босқинчидан қутқаринг, фуқаро!
ШПАК. Ҳа, Зинаида Михайловна, репетиция қиляпсизларми?
ЗИНАИДА. Репе… репетиция қиляпмиз…
ЯКИН. Бунинг нимаси репе… Фуқаро!
ИВАН. Хўш?.. Қўлимни ўп! Сен пасткашга таълим беришмаганми?
ЯКИН. Қўл? Мен истамай… (Қўрқиб) Ҳозир… ҳозир… (Иваннинг қўлини ўпади.)
ЗИНАИДА (Иванга). Ўтинаман, ўтириб олинг!
Иван стулга ўтиради.
ШПАК. Жуда ҳаётий ўйнаяпсизлар! Шоҳ ҳам чинакам чиқибди, ўзимизнинг Буншага ўхшаркан. Бироқ унинг юзи бунга нисбатан аҳмоқроқ. (Ғамга ботиб) Уйимни уриб кетишибди, Зинаида Михайловна!
Шпакнинг кўзларидан ёш қуйилади. Якин эса қочиб қолишга уринади. Иван уни тўхтатади.
ИВАН. Қаёққа?!
ЯКИН. Э, шу ердаман… шу ерда…
ЗИНАИДА (Шпакка). Шошманг, ҳеч нарсани тушунмаяпман. Қандай ўғирлашибди?
ШПАК. Бутунлай супуриб кетишибди, Зинаида Михайловна! Узр, мабодо зинапояда Катта театрдан келган малласоч аёлни ҳеч ким учратмадими? Қўлида тугуни билан? Ўша аёл ясаб кетибди… Бизнинг уйимиз шунақа уйча-да, Зинаида Михайловна!
ИВАН. Ғам чекяпсанми, эй, яхши одам?
ШПАК. Ғам чекмай бўладими, ҳурматли артист?
ИВАН. Нимангни олишибди, ўзи?
ШПАК. Патефон, портсигар, чақмоқтош, соат, коверкот пальто, кост­юм, шляпа… Ит азобида меҳнат қилиб топган-тутганларим ҳаммаси йўқ бўлди… (Йиғлайди.)
ИВАН. Сен кимникисан ўзи?
ШПАК (ҳайрон). Кечирасиз, кимникисан деганингиз нимаси? Тушунмадим?
ИВАН. Кимнинг қаролисан, деб сўраяпман?
ЗИНАИДА (ташвишли). О, худойим, яна бир бало бўлмасайди!
ШПАК (аччиқланиб). Ғалати экансиз-ку!..
ИВАН (тилла танга узатиб). Ма, қарол, ол! Кейин шоҳ ва буюк князь Иван Васильевичга ҳамду сано ўқи!
ЗИНАИДА. Кераги йўқ, нима қиляпсиз?!
ШПАК (ғазабланиб). Кечирасизу, нимага ҳадеб қарол-қарол дейсиз?! Қанақасига мен қарол бўларканман! Оғзингизга қараб гапиринг!
ЗИНАИДА. У ҳазиллашди!
ШПАК. Бундай ҳазиллар учун халқ судига дучор бўлиш мумкин! Менга бу сохта тангангиз керакмас!
ИВАН (қаҳрланиб). Нима?! Сен маккор қоратовон! Шоҳона совғамни инкор қиляпсанми?!
ЗИНАИДА. У ролдаги гапни гапиряпти, ролдаги…
ШПАК. Бу роли ҳақоратли роль экан, илтимос, уни менга қўлламасин! Хайр, Зинаида Михайловна, уйингизга кирганимдан хурсанд эмасман! (Ўзича) Иван Васильевич қаерда юрибди? У квартирамда бўлган ўғриликка гувоҳлик бериши керак…
Чиқади.
ЗИНАИДА (Якинга). Қулоқ солинг менга, Карп. Ўтинаман сиздан, фақат тинчланинг. Бу – чинакам Иван Грозний… кўзингизни қисаверманг.
ЯКИН. Сизнинг уйингиз жиннихона, Зинаида!..
ЗИНАИДА. Йўқ, бу Коканинг иши. Сизга унинг машинаси ҳақида айтиб бергандим. У ўтмишними, келажакними чақирмоқчи, дегандиму… У ўтмишдан шоҳни олиб келибди.
ЯКИН. Алаҳламанг!
ЗИНАИДА. Ўзим ҳам жинни бўлиб қоляпман…
ЯКИН (Иванга назар солиб). Бу нимаси, ўртоқлар?.. (Зинаидага) Нима-нима? Ростданми?
ЗИНАИДА. Онт ичаман!
ЯКИН. Қўйсангиз-чи, бизнинг кунларда, Москвада!.. Йўқ… Ахир, Грозний ўлган-ку!
ИВАН. Ким ўлган?
ЯКИН. Мен… мен сиз ҳақингизда эмас… бу бошқа… ҳалиги ўлган… ҳалиги… (Аҳволи ёмонлашиб) Дўхтир чақиринглар менга… Мен ақлдан озяпман, шекилли… Ахир, у мени сўйиб қўйиши мумкин эди-ку!
ИВАН (имлаб). Кел! Бу ёққа кел, жавоб бер! Қачонгача шундай қилмоқчисан?
ЯКИН (қалтираб, алаҳлаб). А… бу… ялинаман, пичоғингизни тутамламанг!.. Мен ухлаяпман, шекилли… Зинаида, бирор жойга телефон қилиб, мени қутқаринглар!.. Нимага у менга ёпишиб олди? Эрингиз қаерда ўзи? Олмайдими бу қурғурни!
ИВАН. Асилзода хонимни сен йўлдан урдингми?
ЯКИН. Менинг ҳаёти дунём…
ИВАН. Не ҳаёти дунёнг бор сенинг, сассиқ кўппак?! Афт-ангорингга бир назар айла! О, қурум босган осий! Иблис сени ўпқондек чуқур ғафлат уйқусиға мойил этмиш! Бўза бошоғриғига дучор этмиш! Кечириб бўлмас, беқиёс зулму жаҳолатга ўргатмиш!
ЯКИН. Хароб бўлдим! Зинаида, бирорта славянча сўз айтиб юборинг. Бундай тажрибалар қилишга эрингизнинг ҳақи йўқ, билдингизми! (Иванга) Паки, паки… иже херувими!.. Ҳазрати олийлари, раҳмингиз келсин!
ИВАН. Истиғфор келтир, шаҳватпараст қўтир!
ЗИНАИДА. Илтимос, уни ўлдирманг!
ЯКИН. Тавба қилдим!
ИВАН. Энди бул бадкор бошингни эгиб, йўлдан оздирилғон асилзода хонимнинг покиза оёқлариға сажда айла!
ЯКИН. Жоним билан! Сиз мени тушунмадингиз! Тушунмадингиз!
ИВАН. Бир маъноли калом айтмасанг сени қандай тушунай?
ЯКИН. Мен тил билмайман, аълоҳазрат!.. Тавба, бу тушимми ё ўнгимми…
ИВАН. Ўшанда хонангда қандай пучуқ ўтирганди?
ЯКИН. Бу оддий эпизод, кинофабрика номи билан қасам ичаман! Зинаида Михайловна нотўғри тушундилар!
ИВАН. Хонимчани севасанми?
ЯКИН. Телбаларча севаман!..
ИВАН. Уни севмай бўларканми? Хоним соҳибжамол, юзи оқ, лаблари ол, қоши ҳилол, қомати тирсиллаган… Сенга яна нима керак, ит?
ЯКИН. Ҳеч нарса! Ҳеч нарса керак эмас!
ИВАН. Ундай бўлса, уйлан, ландавур! Князь уни озод қилади.
ИВАН. Илтимос, менга турмушга чиқинг, Зина!
ЗИНАИДА. Бу сафар мени алдамайсизми? Мен жуда кўп алданганман-да…
ЯКИН. Кинофабрика ҳақи онт ичаман!
ИВАН. Авлиё Сергий Радонежский ҳақи онт ич!
ЯКИН. Авлиё Сергий Радонежский ҳақи онт ичаман!
ИВАН. Хўп, қулоқ сол, сергуноҳ соқол! Мабодо сен томондан бирон ёмонлик сезсам, унда мен сени…
ЯКИН. Авлиё Сергий ҳақи… онт…
ИВАН. Шоҳнинг сўзини бўлма! Сенинг папаловчи отамерос мулкинг йўқ. Сенга Костромадан суюрғол ато айлайман!
ЯКИН (Зинаидага). Яна бир дақиқа бу ерда қолсам, мени жиннихонага олиб кетишади! Тезроқ бу ердан кетайлик… қаерга бўлса-да… мени олиб кетинглар…
ЗИНАИДА. Азизим шоҳ, биз поездга кеч қоляпмиз.
ИВАН. Оқ йўл!
ЗИНАИДА. Узр, сизни безовта қиламан. Нимага Кока бу ҳақда ўйламади, ҳайронман. Бу аҳволда юришингиз тўғримас, сизни кўриб қолишлари мумкин.
ИВАН (фиғон чекиб). Вой, парвардигор! Қаерда юрганимни унутибман-ку! Унутиб қўйибман!
Зинаида газета ўрамини очиб, Милославскийнинг жулдур кийимларини Иванга беради.
ЗИНАИДА. Аччиғингиз чиқмасин, маслаҳатим, кийимингизни алмаштириб олинг. (Ўзича) Тушунмадим, бу увада кийим қайдан келиб қолди? Карп, унга кўмаклашиб юборинг.
ЯКИН. Рухсат этинг, сизга ёрдамлашай. Марҳамат, парда орқасига.
ИВАН. Э, бу шайтоннинг кийими-ку! Бу не васваса бўлди!..
Иван ва Якин парда ортига ўтиб кетадилар.
ЗИНАИДА. Унгача мен Николай Ивановичга хат ёзиб қўяй.
У ўтириб хат ёзишни бошлайди.
ЯКИН (парда ортидан). Иштонбоғингиз йўқми?
ИВАН (парда ортидан). Э, қўлингни ол!
ЯКИН. Хўп бўлади…
ЗИНАИДА (ёзган хатини ўқийди). “Кока! Мен қайтиб келган эдим, яна қайтиб кетяпман. Шоҳ Якинни сўйиб қўйишига озгина қолди. Якин эса менга уйланадиган бўлди. Мени барибир рўйхатдан ўчирмай тур… Зина”.
Иван Милославскийнинг эски кийимларини кийиб, парда ортидан чиқади. У тажанг ва норози кайфиятда.
ЗИНАИДА. Бу бошқа гап! Вой, тавба, бизнинг Буншага ўхшаркансиз! Битта кўзойнак кам, холос.
ЯКИН. Мана, кўзойнак ерда ётибди!
Якин кўзойнакни олиб, Зинаидага беради.
ЗИНАИДА. Қатъий маслаҳатим, кўзойнак тақиб юринг. (Иванга кўзойнакни тақиб қўяди.) Қуйиб қўйгандек Буншага ўхшадингиз!
ИВАН (ойнага қараб). Тфу, сенга!..
ЗИНАИДА. Хўп, бўлмаса, миннатдорман сиздан… Сиз… анчагина қайноқ одам экансиз!
ИВАН. Яна ёлғиз қоларканман-да? Ҳа, худойим-а!.. (Патефонга қараб) Мана бу сеҳрли сетор қандай ишлайди?
ЯКИН. Бу, сиз назар солган нарса патефон…
ИВАН. Сендан сўрашмаяпти!
ЯКИН. Хўп бўлади, гапирмадим…
ЗИНАИДА. Бу жуда оддий, игнаси бу ерга қўйилади, кейин айлантирилади.
Патефонни ишга солади. Куй янграй бошлайди.
Мана кўрдингизми… Сиз буни ўйнаб ўтиринг. Кока келса, сизга ёрдам беради.
ЯКИН. Нималар бўляпти?.. Фикрим чалкашиб кетяпти… Патефон… Кока… Иван Грозний…
ЗИНАИДА. Э, бўлди асабийлашманг! Ҳа, Иван! Ҳа, Грозний!.. Нима бўпти шунга?.. (Иванга) Хайр, кўришгунча.
ЯКИН (эгилиб). Таъзимимни қабул айланг!
ИВАН. Узоққа кетяпсизларми?
ЗИНАИДА. Албатта!
ИВАН (Якинга). Сенга шоҳона жуббамни совға қиламан!
ЯКИН. Шартми шу?
ЗИНАИДА. Э, унга гап қайтарманг!
ЯКИН. Ҳа, ҳа…
Якин жуббани олиб, елкасига ташлайди.
Зинаида жомадонини кўтариб, Якин билан даҳлизга чиқади.
ЗИНАИДА. Ҳар ҳолда мен бахтиёрман! Мени ўпиб қўй!
ЯКИН (ўзига келолмай). Бу – алаҳлаш! Бу – туш! Туш! Сергий Радонежский ҳақи қасам ичаман!
У елкасидаги жуббани ерга ташлаб, Зинаида билан ташқи эшикдан чиқиб кетади. Иван Тимофеевнинг хонасида ёлғиз қолади. Патефонни ишга солиб, ароқ ичиб ўтиради. Бироздан сўнг телефон жиринглайди. Иван телефонга яқинлашиб, уни узоқ томоша қилади. Кейин гўшакни кўтаради. Юзида даҳшат аломати.
ИВАН (гўшакка). Сен қаерда ўтирибсан?
У стол остини текшириб, чўқиниб олади. Даҳлизда Ульяна пайдо бўлади. Тимофеевнинг эшигини тақиллатади.
УЛЬЯНА. Ким бор бу ерда? Иван Васильевични кўрмадингларми? (Эшик очилиб кетиб, Иванни кўради.) Салом… алайкум… яхши ўтирибдиларми! (Кириб, жаврашга тушади.) Буни уй бўйича ҳамма излаб юрибди! Кранчилар келиб-кетишди! Хотини қарғиш ургандек дўконда балиққа навбатда, у бўлса, бировнинг уйида кайфу сафо қиляпти! Сенга нима бўлди, жинни бўлиб қолдингми? Шпакнинг уйини ўмариб кетишибди. Шпак ҳовлида изғиб сени қидиряпти. У бўлса, бу ерда… Нимага миқ этмайсан? (Тикилиб ҳайрон бўлади) Вой, азиз-авлиёлар! Сен нима балони кийиб олдинг?
Иван унга орқасини ўгириб, патефонни айлантиради.
Сенга нима бўляпти, ўзи? Ҳой, бундай бемаъниликни кўрган борми? У ичавериб ақлидан озиб қопти! (Иваннинг орқасига қараб) Вой, азиз-авлиёлар, иштонининг орқаси тешикми!.. Нима бало, биров билан муштлашганмисан? Нимага менга орқангни ўгирасан? (Яқинлашиб) Қани, кўкарган жойингни кўрсат-чи!
Иван яна орқа ўгиради.
Вой, азизларим!.. Сен кимга ўхшаб қолдинг! Ахир, ичкиликдан ғилайланиб, таниб бўлмайдиган бўлиб кетибсан-ку!
ИВАН. Кетақол бу ердан, а?
УЛЬЯНА. Кетақол деганинг нимаси? Сен бир ойнага қараб ол, ойнага!
ИВАН. Мени тинч қўй, кампир, мен қайғудаман…
УЛЬЯНА (ғазабланиб). Кампир?! Қандай тилинг боряпти, сурбет! Мен сендан беш ёш кичкинаман-а!
ИВАН. Э, шу ерда алдадинг… Ундан кўра менга шведлар ҳақида фол очиб қўй.
УЛЬЯНА. Бу қанақаси бўлди?
Даҳлизда Шпак пайдо бўлади.
ШПАК. Қаерда экан у? (Ичкарига кириб, зорланади.) Иван Василь­евич, сиз қандай уйбошқарувчисиз? Уйимни боплаб кетишганини кўринг!
УЛЬЯНА (шанғиллаб). Йўқ, сиз бу эркатойнинг аҳволини кўринг! У, ахир, қип-қизил маст-ку, оёғида туролмаяпти!
ШПАК. Яшавор, уйбошқарувчи! Бир одамни патагигача қолдирмай ўмариб кетишди! Бу бўлса “Тоғ эманчаси”ни симиряпти!.. Уйимни артист хотин уриб кетди!
ИВАН (қаҳрланиб). Сен яна шу ердамисан? Жонга тегдинг!
ШПАК (зарда билан). Жонга тегдинг деганингиз нимаси? Бизга бунақа уйбошқарувчи керак эмас!
УЛЬЯНА (Иванга). Эсингни йиғ, безори! Энди сени амалдан туширишади!
ИВАН (ғазабда). Эй, сен жодугар!..
Иван Ульянанинг қўлидаги сельд балиғини олиб, даҳлизга улоқтиради.
УЛЬЯНА. Вой, безори!
ИВАН (асосини ўқталиб). Оҳ, ҳозир ақлингни киргизиб қўяман!
УЛЬЯНА (чинқириб). Ёрдам берингла-а-ар! Зиёли аёлни эри уряпти-и!
Ульяна даҳлизга чиқиб қочади. Шпак буни кўриб, Иванга қараб ҳайратланади.
ШПАК. Ўзингизни босинг, Иван Васильевич… асаби бузилган эркак ичади-да, сизни яхши тушунаман. Лекин, бунақа эканлигингизни билмагандим. Сизни оғир-босиқ одам деб юрардим… тан оламан, хотинининг пайтаваси деб ўйлардим… сиз эса бургут экансиз!..
ИВАН (ғудраниб). Жодугар!..
ШПАК. Гапнинг очиғи, ҳа, сиз ҳақсиз! Жуда тўғри иш қилдингиз… унга маҳкамроқ туринг… (Аризасини олиб) Сизга бир иш билан келдим, Иван Васильевич…
ИВАН. Сенга нима керак?
ШПАК (варақни кўрсатиб). Бу уйимдан ўғирланган нарсаларнинг рўйхати, муҳтарам ўртоқ Бунша. Гувоҳлик беришингизни сўрайман… Иккита костюм, иккита пальто, иккита соат, иккита портсигаримни ўғирлашган. (Варақни беради.) Бу ерда ҳаммаси ёзилган…
ИВАН (қаҳрланиб). Шоҳга арзномангни шундай топширасанми?!
(Шартта варақни йиртиб улоқтиради.)
ШПАК (аччиқланиб). Иван Васильевич… биламан, ичгансиз… лекин безорилик қилманг!..
ИВАН. Жонга тегиб кетдинг! Нимангни ўғирлашди, гапир!
ШПАК. Иккита пате… (Иванга тик қаролмай) Йўғ-э, битта патефон…
ИВАН (патефонга ишора қилиб). Ана, ол шу патефонни, тиқилиб ўлгур. Жонга тегдинг!
Шпак столдаги патефонга қараб қолади.
ШПАК. Шошманг, қандай… ахир, бу бировники… меникига жуда ўхшаркан. Бироқ… илтимос, ҳалиги… қолганлари-чи? Имзо чекишингиз керак-да…
ИВАН. Сенга олтин гривен бердим, ўзинг олмадинг, а? Қовоқ калла!..
ШПАК (ўзича). Кайфлари баланд-ку! (Иванга) Менга ҳеч қанақа гривен бермадингиз! Ақлингизни йиғиб олинг, Иван Васильевич… Биз оммавий равишда устингиздан ариза ёзамиз!
ИВАН. Э, мени тинч қўймайдиган кўринасан!.. Нима бало, ҳаммангнинг ичингга шайтон кириб олганми?!
Иван ханжарини қинидан чиқаради. Шпак даҳшатга тушиб, ортга тисарилади.
ШПАК (додлаб). Ёрдам беринглар! Уйбошқарувчи истиқоматчини сўйяпти!..
Тимофеев ташқи эшикдан даҳлизга, кейин хонасига югуриб киради. Иванни қидиради.
ТИМОФЕЕВ. Нима бўляпти?! Қани у?.. (Иванни таниб) Ия, ким сизни бунақа кийинтириб қўйди? Нимага бу одамни уйга киргиздингиз? Эшикни очманг дегандим-ку сизга?
ШПАК. Уйбошқарувчининг аҳволини кўринг, Николай Иванович! (Иваннинг авзойини кўриб қочади.) Қорову-у-ул! Мен кетдим милицияга!..
Иван Шпакни қувмоқчи бўлади. Тимофеев унинг йўлини тўсади.
ТИМОФЕЕВ (Иванга). Тўхтанг! Бўлмаса иккимиз ҳам ҳалок бўламиз!
Иван ханжарини қинига солади. Шпак даҳлизга югуриб чиқади.
ШПАК. Ҳозироқ милицияга бораман!
ИВАН. Князь!.. Уни гаврон билан уриб, зинадан улоқтир!..
Тимофеев унга қулоқ солмай, Шпакнинг ортидан даҳлизга отилиб чиқади.
ТИМОФЕЕВ. Ялинаман, шошманг!.. Бу Бунша эмас!
ШПАК (ҳайрон). Қанақасига Бунша эмас?
ТИМОФЕЕВ. Бу Иван Грозний… ҳақиқий шоҳ… (Кетмоқчи бўлган Шпакни ушлаб) Шошманг, шошманг… мен соғман… ялинаман, милицияга борманг!.. Ҳаммасига менинг тажрибам, вақт машинаси сабабчи!.. Шоҳни мен олиб келдим. Бу сирни сизга очсам бўлади, сиз тушунган одамсиз. Тажрибамни тўхтатманг. Бу жанжал ҳамма ишни барбод қилади. Мен ҳозироқ уни йўқ қиламан. Фақат мана шу калитни ускунамга тушириб олсам бўлди. Айтмасликка сўз берасизми? Чин сўзингизни беринг!
ШПАК. Менга қаранг, бу ростдан шоҳми?
ТИМОФЕЕВ. Шоҳ…
ШПАК. Нималар бўляпти!..
ТИМОФЕЕВ. Жим тураверинг, кейин ҳаммаси маълум бўлади… Ҳеч кимга айтмасликка сўз берасизми?
ШПАК. Чин инсонлик сўзим.
ТИМОФЕЕВ. Э, раҳмат, раҳмат. (Югуриб ўз хонасига кириб, Иванга) Нимага эшикни очдингиз? Очманг дегандим-ку сизга!
Шпак қулф тешигидан мўралайди.
ИВАН. Нимага унинг тумшуғига туширмадинг!
ТИМОФЕЕВ. Қўйинг, Иван Васильевич, ҳеч кимнинг тумшуғига уриш шарт эмас! Жим, жим!.. Мана калит. Ҳозир текшириб кўрамиз. (Калитни ускунага солишга уринади.) Қўлларим қалтираяпти… Эҳ, жин ургур, бироз каттароқ экан. Ҳа, майли, ортиғини эговлаб ташлаймиз.
Тимофеевнинг хонасидаги чироқ ўчади. Шпакнинг хонаси ёришади. Шпак хонасига кириб, эшикни ичидан ёпади.
ШПАК (ўйланиб). Тангаси ҳақиқий бўлишиям мумкин эди!.. Эҳ-ҳ!.. (Телефонда шивирлаб сўзлашади.) Милицияни уланг. (Шошилиб) Милиция? Бугун уйини уриб кетган Шпак гапиряпти! (Тўхталиб) Йўқ, жаҳлингиз чиқмасин, гапим ўғрилик ҳақида эмас. Биз томонда бошқа бир ғалати иш чиқиб қолди… Муҳандис Тимофеев ўз квартирасига Иван Грознийни олиб келди – шоҳни… (Бош чайқаб) Йўқ, мен маст эмасман… Қўлида шоҳона ҳассаси билан… (Тўхталиб) Нималар бўляпти! Чин сўзим! Ҳа, майли, ҳозир ўзим олдингизга етиб бораман, етиб бораман!
Зулмат чўкади.

ПАРДА

УЧИНЧИ ҲАРАКАТ

Бонг чалинади. Зулмат. Иваннинг саройи ёришади. Саройга Бунша билан Милославский югуриб киради.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Тажрибанг билан гумдон бўл ҳамманг! Иш расво бўлди-ку!
БУНША (деворга ўзини уриб). Ўртоқ Тимофеев! Ўртоқ Тимофеев! Уйбошқарувчи сифатида талаб қиламан! Дарҳол бу тажрибани тўхтатинг! Ёрдам беринглар! Биз қаерга келиб қолдик, ўзи?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бўкираверма! Биз Иван Грозний замонидамиз!
БУНША. Бундай бўлиши мумкин эмас! Мен норозилик билдираман!
Ваҳимали шовқин-сурон янграб, қўнғироқлар бонг уради. Милославс­кий сарой эшигини қулфлайди. Кейин деразадан ташқарига қарайди. Шовқин-сурон кучаяди. Милославский орқага сапчийди.
МИЛОСЛАВСКИЙ (пушаймон бўлиб). Ёмон қўлга тушдик-ку!
БУНША (қўл силтаб). Кўзимизга кўриняпти, холос. Аслида буларнинг ҳаммаси сароб. (Қичқириб) Николай Иванович! Бу антисовет тажрибангиз учун жавоб берасиз ҳали!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Сиз ғирт аҳмоқсиз! (Ўзича) Вой, буларнинг қичқиришини!
БУНША. Улар қичқира олмайдилар, бу кўриш ва эшитиш аъзоларининг алданиши, афсунгарлик каби. Улар аллақачонлар ўлиб кетишган. Хотиржам бўлинг, улар марҳумлар.
Дарчадан камон ўқи учиб киради.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Марҳумларнинг отишини кўрдингизми?
БУНША. Бундан чиқди… шошманг, улар бизга куч ишлата олади, деб ўйлайсизми?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бундай демайман. Ўйлайманки, улар бизни ўлдиришади, жин урсин. Нима қилиш керак, а, оғайнилар? Оғайнилар!
БУНША. Наҳотки шундай бўлса? (Бақириб) Николай Иванович, милицияни чақиринг! Телефони рақамсиз! (Ўзига ўзи) Айни гуллаб-яшнаган ёшимда ўлиб кетсам-а!.. Ульяна Андреевна даҳшатга тушиб ўтиргандир!.. Қайдалигимни айтмай келавердим-да… Томирларимда қон музлай бошлади.
Эшик таҳдидли тақиллайди.
ОВОЗ. Эшикни оч, ит!
БУНША. У кимга айтяпти?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Сизга-да!
Бунша эшик олдига бориб, калит тирқишидан қичқиради.
БУНША. Ҳақорат қилмаслигингизни сўрайман! Мен ит эмасман! Тушунинглар, сизлар бу дунёда йўқсиз! Бу муҳандис Тимофеевнинг тажрибаси, холос!
Эшик қаттиқ тарақлайди.
Уй истиқоматчилари номидан сўрайман: мени қутқаринг!
Милославский қўшни хона эшигини очиб, ҳовлиқади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Либослар! Шоҳнинг либослари! Ғалаба!
ОВОЗ (қичқириб). Оч эшикни! Бўлмаса, саройга ўт қўямиз!
Милославский шоша-пиша эгнига кафтан кияди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Шоҳнинг уст-бошини кийиб ол, бўлмаса, хароб бўламиз!
БУНША. Бу тажриба чегарадан чиқиб кетди-ю?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Кийиб ол, ўлдираман!
Бунша шоҳ либосларини кийиб, Грознийга ўхшаб қолади. Милославс­кий унга разм солиб қувонади.
Ура! Ўхшадинг! Худо ҳақи, ўхшадинг! Вой, оз-моз шу… Башаранг бузиб турибди-да! Қалпоқни кий… шоҳ бўласан!
БУНША (кескин). Ҳеч қачон!
МИЛОСЛАВСКИЙ (жаҳли чиқиб). Ҳа, мениям сенга қўшиб ўл­диришсинми? Шуни хоҳлайсанми? Стол ёнига ўтир. Ма, қўлингга салтанат ҳассасини ушлаб ол… (Буншага шоҳона асо – скипетрни ушлатиб қўяди.) Кел, жағингни боғлаб қўяман, бўлмаса, унчалик ўхшамаяпсан. Э, қаллоблик бу! Бу ҳунаримиз ўтмайди! Унинг юзи ақллироқ эди…
БУНША. Илтимос, юзимга тил теккизманг!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Жим бўл! Ўтир, давлат ишлари билан банд бўл! (Буншани курсига зўрлаб ўтқазиб, ўзи Котибнинг ўрнига ўтиради.) Улар қаерига келишганди? Барча Руснинг шоҳи… (Буншага секин) қайтар… (Ўзича) ва буюк князи…
БУНША. Барча Руснинг шоҳи ва буюк князи…
Эшик қарсиллаб синиб кетади. Опричниклар ва Котиб югуриб киради. Уларни бу аҳволда кўриб ҳайкалдек қотадилар. Милославский парво қилмай вараққа ёза бошлайди.
МИЛОСЛАВСКИЙ (Буншага). Шоҳ ва буюк князь дейсизми?.. Ёздим. Вергул… (Атрофга аланглаб) Бу, котибимиз қаерга гумдон бўлди? (Опричникларга қараб) Нима гап, ўртоқлар? (Жимлик) Сизлардан сўраяпман, қадрдонларим, нима гап? Шоҳ биноси эшигини қайси текинтомоқ синдиришга ботинди? У кимдир синдириши учун ўрнатилганмиди? (Буншага) Давом этинг, аълоҳазрат… бош уриб сажда қилади… нуқта, вергули билан… (Опричникларга) Мен саволимга жавоб кутяпман!
ОПРИЧНИКЛАР (гангиб). Шоҳ шу ерда… шоҳ шу ерда…
КОТИБ. Шоҳ шу ерда!..
МИЛОСЛАВСКИЙ (туриб). Шоҳ бошқа қаерда бўлсин! Гап бундай, азизларим, ҳамманг қуролингни ташла!.. Бу нарсани мен ёқтирмайман.
Опричниклар ойболтали найзаларини ташлайдилар.
КОТИБ (Буншага). Қатлга буюрма, олампаноҳ… Сени иблислар тутиб олишди. Биз ёрдамга югурдик. Келиб қарасак, иблислар йўқ.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Иблислар бор эди, буни инкор қилмайман, лекин улар қувилди. Бу аҳмоқона ваҳимани тўхтатинглар. (Котибга) Сен кимсан?
КОТИБ. Федька… шоҳ ёнида номаю фармон ёзувчи котибман…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Сен бу ёққа кел. (Опричникларга) Бошқалардан эса шоҳнинг яшаш майдонини бўшатиб қўйишларини сўрайман. Қисқа қилиб айтганда, ҳаммангиз йўқолинг! Кўряпсизларми, шоҳни қўрқитиб юбординглар! Йўқолинглар! (Буншага шивирлаб) Бақир уларга, бўлмаса кетишмайди.
БУНША (бақириб). Йўқо-о-ол!!
Опричниклар Буншанинг оёғи остига ўзларини ташлайдилар. Кейин югуриб чиқиб кетадилар. Котиб эса бир неча бор Буншанинг пойига сажда қилади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бўлди, етар шунча юмалаганинг! Бир марта йиқилдинг, икки марта йиқилдинг, бўлди-да энди.
КОТИБ (эгилиб, Буншага). Бўри қўзига боққандек боқма менга… Ғазабингга лойиқмиз, олампаноҳ ҳукмдор…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ўйлайманки, биз сени кечирамиз.
КОТИБ (Буншага). Сенга не бўлди, олампаноҳ, тишингни боғлаб олибсан? Мазанг қочдими?
МИЛОСЛАВСКИЙ (Буншага секин). Тўнкадек мум тишлаб ўтираверма! Битта ўзим ишлолмайман, ахир!
БУНША. Тишим оғрияпти… Пилла…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Суяк чириши бу! Шоҳга тирғалма!
КОТИБ (сажда қилади). Хўп бўлади!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бўлди, Федя, таъзимингни тўхтат. Бунақада кеч киргунча юмалайсан… Кел, танишиб оламиз. Ҳа, менга бақрайиб қолдинг?
КОТИБ. Ғазабланмагину, тўрам, сени таниёлмадим… Сен ҳам князмисан?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, шундай, князман, ҳа. Нимага ҳайрон бўляпсан?
КОТИБ. Саройга қандай келиб қолдинг? Олдин йўқ эдинг-ку? (Буншага) Олампаноҳ, бу одам ким, зориқтирмай айтақол?
БУНША. Бу Антон Семёнович Шпакнинг дўсти.
МИЛОСЛАВСКИЙ (секин). Вой, тентак! Бундай довдирлар уйбошқарувчилар орасидаям кам топилади… (Котибга) Ҳа, бошқача қилиб айтганда, мен князь Милославскийман. Бу сизни қониқтирадими?
КОТИБ (даҳшатда). Даф бўл! Йўқол кўзимдан!.. Йўқол!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ия, яна нима бўлди? Яна нимам ёқмади? Ҳа?
КОТИБ. Сени ўтган ҳафта қатл қилишган!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ана сенга янгилик! Ҳой, чулдирама! Қанақасига қатл қилишади?
БУНША (секин). Вой, бошланяпти!..
КОТИБ. Шоҳ фармонига кўра сени ўз дарвозангга осишган.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, раҳма-а-ат! (Буншага) Исми-шарифим панд берди. Мени осишган экан… ёрдам бервор, бўлмаса хароб бўламиз. (Секин) Нимага жимсан, ярамас? (Котибга) Э, ҳа-а, эсладим! Мени осишгани йўқ. Ўша осилганнинг оти нима эди?
КОТИБ. Ванька қароқчи.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, ана! Меники тескариси, мен Жоржман. Ўша қароқчи билан амакиваччамиз. Лекин ундан мен воз кечдим, шунинг учун шоҳнинг яқини, севимли кишиси бўлиб олдим. Бунга нима дейсан?
КОТИБ. Э, шунақами? Ўша, бир қарасам ўхшайсан, бир қарасам – йўқ… Бу ерда қандай пайдо бўлиб қолдинг?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Эй, котиб Федя, намунча синчков бўлмасанг! Жиноят қидирув бўлимида ишласанг бўларкан! Сюрприз қилиш учун дабдурустдан келгандим, “пақ” этиб иблислар ваҳимаси кўтарилди. Мен, шоҳ саройига югуриб кириб, унинг қимматли ҳаётини ҳимоя қилдим.
КОТИБ. Сени тақдирлаш керак, князь!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳаммаси жойида, қўявер!
Ташқаридан шовқин эшитилади.
Улар нега яна бақир-чақир қилишяпти? Чопиб бориб билиб кел, Федя.
Котиб югурганча чиқади.
БУНША. Э, худойим, мен қаердаман? Кимман? Нимаман? Николай Иванови-и-ич!!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Шаллақилик қилмай ўтир!
Котиб қайтиб киради.
КОТИБ. Опричниклар озод этилган шоҳни кўрмоқ истайдилар. Хурсандчилик қилишяпти!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, йўқ. Бу талаб қондирилмайди. Вақт йўқ, вақт. Кейинроқ хурсандчилик қиламиз. (Буншага, секин) Уларни бирор жойга жўнатиб юбориш керак. Мум ютгандек жим-а, лаънати! (Баланд овозда) Айтгандай, Фединька, ҳозир бирор жойда уруш-пуруш йўқми?
КОТИБ. Нимага йўқ бўларкан, тўрам? Қрим хони билан шведлар жонга тегиб кетишди-ку. Қрим хони Узум йўлида безорилик қиляпти!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Нима дединг? Нима учун бунга йўл қўйиб бердинглар?!
Котиб ўзини ерга ташлайди.
Тур, Фёдр, мен сени айблаётганим йўқ. (Ўйланиб) Хўш, бундай қиламиз… Ўтир, шоҳ фармонини ёзасан… (Котибни ўрнига ўтқазади.) Ёз. Узум йўлидан Қрим хонини суриб ташлаш учун опричниклар жўнатилсин. Нуқта қўй.
КОТИБ. Нуқта. (Буншага таъзим ила узатиб) Имзо чек, улуғ ҳукмдор.
БУНША (шивирлаб). Мен уйбошқарувчиман, бу қоғозга қандай имзо чекаман…
Милославский унга фармонни ушлатиб, қўл қўйишга мажбурлайди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бўл, ёз!.. Нима деб ёздинг, каллаварам? Уйбошқарувчи?.. Нимага ЖЭК муҳрини босяпсан? Вой, эшшак! Иван Грозний деб ёзиб қўй, вассалом. (Ёздириб бўлиб, Котибга беради.) Ма, ол.
КОТИБ (ўқиб). Мана бу сўзни тушуна олмаяпман…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Қайси сўзни? Нимага тушунмайсан, ге… ре… Грозний.
КОТИБ. Грозний?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Сен, Федька, нимага ҳар бир сўзга осилиб оляпсан? Ҳа, шоҳимиз қудратли эмасми? (Буншага) Буюк ҳукмдор, сен ҳам бир бақириб, ер тепиниб қўй! Нимага бу сенга қулоқ солмаяпти?
БУНША (қичқириб). Қандай журъат қилдингиз?! Ҳозир сиз!.. Мен сизни!.. (Пишқириб) Ҳа-а-а!
КОТИБ (Буншанинг оёғига бош уриб). Танидим энди! Сени танидим, шоҳим!..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, шундоқ бўлсин! Ҳа, уларга айтиб қўй, орқага қайтишга шошилмасинлар. (Ўйланиб) Уларга яна қандай топшириқ берса бўларкан?.. (Шеърни эслаб):
Куйлар: эрмак – уруш майдони,
Келиб буюк ишлар замони,
Ишғол этдик шаҳри Қозонни…
Сен уларга айтиб қўй: қайтишда Қозонни ҳам олишсин. Икки марта қатнаб, овора бўлишмасин.
КОТИБ (ҳайрон). Ия, отагинам, бу нима деганинг? Мени ғазабингга олма-ю, Қозон ўзимизники!.. Уни аллақачон ишғол қилганмиз!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, шошилиб кетибсизлар-у… Олган бўлсанглар, майли, ўрнида тураверсин. Уни қайтариб бериб бўлмаса… Хўп, борақол! Беш дақиқадан кейин бу ерда уларнинг ҳидлариям қолмасин!
Котиб югуриб чиқади.
Мана, ишлар оз-моз юришиб кетди. Кейин нима бўлиши эса номаълум. (Ўйланиб) Нимага у ҳалигача машинасини орқага айлантирмаяпти?
БУНША. Сизга бир даҳшатли сирни очишим керак. Ваҳимада калитни ўзим билан олиб келаверибман. (Калитни кўрсатиб) Мана у.
МИЛОСЛАВСКИЙ (ғазабланиб). Илоё, ҳаром ўлгин, лаънати! Ҳаммаси сен аҳмоқни деб бўлди! Энди нима қиламиз? (Шоша-пиша ўзини ростлаб) Ҳа, майли, жим, котиб келяпти.
КОТИБ (киради). Жўнаб кетишди, улуғ ҳукмдор.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳайрон бўлишмадими? Ҳа, яхши иш бўпти. Навбатда турган иш қандай?
КОТИБ. Швед элчиси шу ерда.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Опкел уни бу ёққа.
Котиб швед элчисини қабулга киритади. Элчи Буншага қараб, бир сесканиб олади. Кейин таъзим арконларини бажара бошлайди.
ЭЛЧИ. Аълои ҳазрати… зоти бобарокоти… ҳукмдори… (Таъзим қилиб) Дер гроссер кениг дес шведишен кенигсрейх зандте мих, зейнен трейен динер, цу имен, царь и фелики князе Иван Василович Усарусса, дамит ди фраге фон Кемска волост, ди ди румфоллвюрдиге шведише арме эробери хат, фрейвиллиг ин орднунг бринген…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Хўш, хўш… интурист гапга чечан экан… лекин қани эди бирор сўзини тушунсам! Таржимон топсак бўларди, Фединька!
КОТИБ. Бир тилмочимиз бор эди, уни қайноқ сувда пишириб ўлдирганмиз.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бу қандай бемаънилик, Федя! Таржимонлар билан бундай муомала қилмаслик керак. (Буншага) Бир нима деб жавоб қилиб юбор. Кўрмаяпсанми, бу одам сенга жон чекиб жавраяпти.
БУНША. Чет тилидан фақат инқилобий сўзларни биламан, холос, қолгани эсимда йўқ.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Хўп, инқилобий бўлсаям айтавер, жим ўтирсанг ғалати бўляпти-да… (Бунша жим) Уф… тахтда ўтирган балиққа ўхшайди-я! (Элчига) Бу фикрингизга мутлақо қўшиламан, давом этинг.
ЭЛЧИ. Ди фраге фон Кемска волост… Шведише арме хат зи эроберн… Дергроссер кениг дес шведишен кенигс рейхе зандте мих… унд… Дас ист зерэрнсте фраге… Кемска волост…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Тўғри. Тўппа-тўғри! (Котибга) Қизиқ, бунинг мақсадини оз-моз тушунганимдами… бир сўз билан айтганда – ғоясини… фикрини… Аксига олиб швед тилидан бўшроқман, шоҳнинг эса мазаси йўқ…
КОТИБ. У немисча гапиряпти-да, отахон. Уни тушуниш қийинмас. У биздан Кемь вилоятини сўраяпти. Уни жанг қилиб олдик, улар эса бизга беринглар дейишяпти!..
МИЛОСЛАВСКИЙ. Нимага жим туравердинг? (Элчига) Кемь вилоятими?
ЭЛЧИ (бош силкиб). О, я… о, я…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, шу холосмиди? Майли, олса олаверсин!… Э, худойим, нима экан дебман-а!..
КОТИБ (ҳайрон). Бу қанақаси, пуштипаноҳим?!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, унинг кимга кераги бор? (Элчига) Олаверинг­лар, олаверинглар, шоҳ рози. Гут.
КОТИБ (ваҳимада). О, Исои руҳилло!
ЭЛЧИ (мамнун эгилиб). Канн их мих фрейцелен унд ин мейн фатерланд цурюккерен?
КОТИБ. У “уйимга кетсам бўладими”, деб сўраяпти.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа. Албатта! Менга деса, бугуноқ кетсин. (Элчига) Оревуар.
ЭЛЧИ (эгилиб). Вас бефельт цар и фелики кнезе Иван Василович денгроссен кениг дес Шведенс хинтербринген?
КОТИБ. “Ўз қиролимга нима деб қўяй”, деб сўраяпти.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Мендан унга алангали салом етказинг!
БУНША (норози). Мен эса қиролга алангали салом юбора олмайман! Бу ишим учун жамоатчилик мени ғажиб ташлайди!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Жим ўтир, жанжалкаш. (Бориб элчини қучоқлайди, элчининг кўксидаги медальон ғойиб бўлади.) Ауфвидерзеен. Қиролга таъзим қилиб айтинг, энди бошқа ҳеч кимни юбормасин. Кераги йўқ. Нихтс.
Элчи таъзим қилиб, Котиб ҳамроҳлигида чиқади.
Ёқимтой киши экан. Валюта пули, фаҳмимча, ички чўнтагида эди.
БУНША. Мен ҳукуматга қарши жиноят қиляпмиз, деган ташвишдаман. Эҳ, худойим! Шўрлик хотиним Ульяна Андреевна нима қиляпти экан-а? Милиция бўлимида ўтирган бўлса керак. У у ёқда оҳ уриб йиғлаяпти, мен эса бу ёқда мажбуран шоҳлик қиляпман… Энди қайси юзим билан ҳамкасблар мажлисига бораман?
Котиб қайтиб кириб, полда эмаклаганча ниманидир қидиради.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, отам, нимага эмаклаб юрибсан?
КОТИБ (Буншага). Ғазабингга олма, ҳукмдорим… Қирол элчиси кўкрагидаги нишонини йўқотиб қўйибди… у олмос кўзли экан…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бундай бепарво бўлмаслик керак-да.
КОТИБ. Кирганида бор эди, чиққанида эса – йўқ…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бу доимий ҳол. Театрларда, буфетлардаям аҳвол шу. Бирор хонага киришдан аввал буюмларни кўздан кечириб олиш керак. Нимага менга бақраясан? Ё мени олган деб ўйлаяпсанми?
КОТИБ (хижолат чекиб). Қўйсанг-чи! Йўғ-э!
МИЛОСЛАВСКИЙ (Буншага). Сен олмадингми?
БУНША (тахт атрофига аланглаб). Балки тахт орқасига тушиб кетгандир?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Йўқ экан! Стол тагини қараб кўр-чи. (Топилмагач) Йўқ бўлгандан кейин йўқ-да.
КОТИБ. Ақлимга сиғдиролмаяпман… Бу қандай кўргилик!
Котиб чиқади.
БУНША (қайғуга ботиб). Воқеалар борган сари даҳшатли тус оляпти. Топилганим ҳақида хабар бериш ўзимга насиб этса, нималар қилмасдим. Қандай шодиёна кўтарилган бўларди-я!
Котиб киради.
КОТИБ. Бош руҳоний сени кўрмоқчи, улуғ ҳукмдор. У сенинг топилганингдан хурсанд!
БУНША. Борган сари аҳвол чатоқлашяпти!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Унга айт, қоидага амал қилиб, тез кириб-чиқсин.
БУНША. Нималар қиляпсиз? Мен дин хизматчилари билан бир хонада туролмайман! Бу, ахир, мен учун ҳалокат!
Қўнғироқ жиринглайди. Бош руҳоний киради.
РУҲОНИЙ (хитоб қилиб). Саломат бўл, эй, ҳукмдор, бу йиллар ва барча келгуси йиллар! Биродарлар, чалайлик олтин карнайла-а-ар! Намоён эт бизга ол юзингу қаро кўзларинг! О-о-о, буюк шоҳ ва улуғ князь! Қайтдинг иблислар қўлидан соғу саломат! Эй, шоҳи замон! Энди парвардигор сенга Самсон қувватини, Искандар матонатини, Сулаймон донолигини, Довуд мулойимлигини ато этсин! Сени улуғлайди жумла юртлар, жумла одамлар ҳар нафасда – ҳозир, кейин ва абадулабад!
МИЛОСЛАВСКИЙ (чапак чалиб). Браво! Омин! Бу ёрқин маърузангизга “омин!” сўзидан бошқа сўз қўшишга ожизман!
Хор гуруҳи қўшиқчилари кириб, “Кўп йиллар омон бўлсин” қўшиғини ижро этадилар. Милославский эса милиционердек честь бериб, уларга қўшилганча замонавий қўшиқ айтиб қилпанглайди.
МИЛОСЛАВСКИЙ (Буншага). Кўрдингми, сени улуғлаб салом беришяпти! Сен бўлса ғингшиганинг ғингшиган!.. (Руҳонийга) Чиндан ҳам Исо тирик, авлиё ота! (Руҳонийни қучоқлайди, Руҳонийнинг кўкрагидаги олтин зуннор ғойиб бўлади.) Яна бир бор ўзим ва шоҳ номидан миннатдорчилик билдираман, авлиё ота! Энди хонақоҳингизга – роҳибчаларингиз олдига қайтинг. Сиз бутунлай озодсиз. Хор гуруҳиниям ола кетинг, бизга кераги йўқ. Мабодо, фавқулодда муҳтожлик туғилиб қолса, чақиртирармиз.
Бош руҳонийни эшик олдигача етаклаб бориб, честь бериб кузатиб қўяди. Руҳоний Котиб билан чиқади. Каловланган Котиб тезда ортига қайтиб, ичкарига югуриб киради.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, нима бўлди, тинчликми?
КОТИБ. Оҳ, ҳақорат! Авлиё отанинг кўксидаги зуннор йўқ…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Наҳотки ўмаришган бўлса?
КОТИБ. Ўмаришибди!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, ақл бовар қилмайди! Нима бўляпти ўзи сизларда, а?
КОТИБ. Зуннор иккита зумрад кўзли, тўртбурчак олтин эди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бу қандай расвогарчилик?
КОТИБ. Қандоқ қилайлик, тўрам! Ўғриларни қовурғасидан осяпмиз, лекин улардан қутула олмаяпмиз.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ия, нимага қовурғасидан осасизлар? Шу ерида дангал айтаман, бу ишга мен қаршиман. Бу бориб турган золимлик. Ўғрилар билан, Федя, агар билсанг, юмшоқ муомалада бўлиш керак. Сен бор, авлиё отани овутиб, силаб-сийпаб тинчлантириб қўй… ё жудаям хафа бўляптими?
КОТИБ. Устундек қотиб турибди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, бу тушунарли ҳол. Мусибат зарбаси шунақа оғир бўлади. Кимда қанақа, билмадиму, театрларда бунақасини кўп кўрганман.
Котиб югурганча чиқади.
БУНША. Мени ғалати бир шубҳа қийнаяпти. Шпакнинг костюми, элчининг медальони, авлиё отанинг зуннори…
МИЛОСЛАВСКИЙ. Сен нимага шама қиляпсан? Кимда қанақа, билмадим, шахсан мен ҳеч нарса ўғирлай олмайман. Қўлларим шунақа яратилган. Бешта шаҳарда бармоқ изларимни олишган. Олимлар… кейин ҳамма бошлиқлар, “бундай бармоқли одам ўғрилик қилолмайди”, деб бир овоздан тасдиқлашган. Шунинг учун, ҳатто ёздаям қўлқопда юраман. Шуниси жонга тегиб кетди.
Котиб киради.
КОТИБ. Татар князи Эдиқут шоҳ ҳузурига кирмоқчи.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, йўқ! Тинкам қуриб кетди. Тушлик учун танаффус эълон қиламан.
КОТИБ (ҳайқириб). Шоҳ тановул қилмоқчи!
Дарҳол дастурхончилар озиқ-овқат олиб киради. Уларнинг ортидан гуслачилар кириб, саф тортади. Бунша ва Милославский дастурхонли стол ёнига ўтиради.
БУНША. Ширин тушга ўхшайди-я!
МИЛОСЛАВСКИЙ (Котибга). Бу нима?
КОТИБ (кетма-кет изоҳ бериб). Қалампирли қуён буйраги, саримсоқли чўртанбалиқ боши… яна икра, пуштипаноҳим. Булар – арпабодиёнли ароқ, занжабилли ароқ, мирзалар ароғи… хуллас, истаганингдан топилади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Қандай гўзал!.. (Буншага) Ҳой, шоҳ, иссиқ овқатдан газак қилиб, юзта-юзтадан отайлик! (Ароқ ичиб, ҳайқиради.) Ҳой, менинг опричникларим, ёнимга келинг!
Бунша тамадди қилиб, ароқ ичади. Котиб эса Милославскийга ҳайрон бўлиб қарайди.
КОТИБ. Отахон, опричникларни урушга жўнатвордик-ку!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Тўғри қилдик жўнатиб! Илоё, ботқоққа ботиб ўлишсин! Уларни эсласам асабим бузиляпти. Билган ишлари уриш, чопиш, майдалаш! Ойболта ўшаларинг, қароқчи ўшаларинг, Федя. (Буншага) Очиқ айтганим учун кечирасиз, аълоҳазрат, сизнинг бу опричникларингиз қип-қизил қароқчи! Вотр сантэ!
БУНША (жонланиб, мамнун). Ароқ ичгандан кейин асабларим тинчланиб қолди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳа, ана, бор экансан-ку! (Котибга) Сен-чи, Федя? Нимага ўша буйрак атрофида ўралашяпсан? Сен уялмай, Федюня, ароқдан ич. Биз ўзаро жайдари муомала қиламиз. Менга жудаям ёқиб қолдинг. Тан олиб айтаман, сен бўлмаганингда қўлсиз одамдек бўлиб қолардим. Кел, иккаламиз брудершафт қилиб ичамиз. (Котиб билан чўқиштириб қадаҳ бўшатади.) Иккаламиз дўстлашиб олгач, сенга театрга боришни ўргатаман. (Буншага) Айтгандай, аълоҳазрат, энди бу ерда театр қуришимизга тўғри келади.
БУНША. Қандай чора-тадбир қўллаш кераклигини режалаштириб, бир қарорга келдим. Энг аввал ЖЭК ташкилотига асос солиш керак.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бир қошиқ қонимдан кечинг, аълоҳазрат, лекин, менимча, театр муҳимроқ. Ҳозир Узум йўлида қандай ур-сур бўляпти экан-а! (Котибга, шипшиб) Нима деб ўйлайсан, Федя? Сиздаги магазинларда қимматбаҳо буюмлар олишармикан?
Шу пайт ташқаридан Котибга ишора бўлади. У расмий равишда эълон қилади.
КОТИБ. Шоҳим, малика сени кўрмоқ истайди!
БУНША (шоша-пиша ўзини ростлаб). Ана керак бўлса! Бу томонини ўйлаб кўрмабман-ку. Ульяна Андреевна билан ўртамизда тушунмовчилик юз бермаса эди! (Милославскийга) Гап ўртамизда қолсин, у бундай нарсаларни ёқтирмайди. (Қўл силтаб) Э, жин урсин уни! Ҳа, нима, ундан қўрқиб ўтирайми?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Мана шу гапинг тўғри.
Бунша юзидаги боғични ечиб ташлайди.
Боғични бекор ечдинг, башаранг шоҳларникига ўхшамайди.
БУНША. Нима?! Сиздан сўрайманки!.. (Қаҳрли тусга кириб) Эй, ким билан гаплашяпсан, биласанми ўзинг?!
МИЛОСЛАВСКИЙ (қойил бўлиб). Баракалла! Олдинроқ шунақа гапирсанг бўларди-ку!
Малика киради. Бунша чўнтагидан пенсне олиб кўзига тақади.
МАЛИКА (ҳайратда). Ҳазрати ҳукмдорим, князим, бош эгам! Раҳму шафқатинг тафтидан баҳраманд чўрингга изн бер…
Бунша унга пешвоз чиқади.
БУНША. Мамнунман! (Маликанинг қўлини ўпиб) Танишганимдан бағоят хурсандман. Таништиришга рухсат этинг: бу – котиб… бу эса ўртоқ Милославсий. Бизнинг столчамизга ташриф буюрсинлар.
Малика ва қолганлар стол ёнидан жой оладилар.
МИЛОСЛАВСКИЙ (Буншанинг қулоғига). Нималар деб вайсаяпсан? Кўзойнакни ечиб қўй, аҳмоқ.
БУНША. Бўлди, бўлди! Сен аралашма! (Дастурхончига) Ҳой, одам! Маликага тез битта буйрак келтир! (Маликага) Кечирасиз, сизнинг исми-шарифингиз Юлия Владимировна эди, а?
МАЛИКА. Мен Марфа Васильевнаман…
БУНША. Ажойиб, ажойиб!
МИЛОСЛАВСКИЙ (ўзича). Э, бу ўтлаб кетди-ю! Вой-бўй! (Буншага) Хотинларга суягинг йўқ экан-да! Вой, писмиқ!
БУНША (Маликага). Марфа Васильевна, бир қадаҳ занжабилли ароқ ичинг.
МАЛИКА (ҳиринглаб). Вой, қўйинг-э…
БУНША. Ҳозиргина биз қизиқарли мавзу устида гаплашиб тургандик. ЖЭК ташкилоти масаласида.
МАЛИКА. Доим меҳнат ичидасан, улуғ ҳукмдор, асалари каби тинмай ишлайсан!
БУНША (қадаҳ узатиб). Чўртан бошидан газак қилиб, бир қадаҳ ичинг.
МАЛИКА. Вой, сизга нима бўлди…
БУНША (Котибга шубҳали қараб). Нимага менга гўлаясиз? (Қаҳрли) Хаёлингдан нима ўтаётганини биламан! Мени бирорта аравакашнинг ўғли, деб ўйлаяпсанми? Бўйнингга ол!
Қўрқиб кетган Котиб ўзини ташлаб, бошини ерга уради.
Йўқ, сен иқрор бўл, муғамбир… Мен қанақасига аравакашнинг ўғли бўлай? Мен атайлаб айёрлик ишлатиб юргандим. (Маликага) Мен, муҳтарама Марфа Васильевна, уларни боплаб лақиллатдим. Улар-чи? Улар жим! (Кайфи ошиб, Котибга) Марҳамат қилиб айтсангиз, сизларда алоҳида хона йўқми?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Азизларим! Унинг кайфи ошиб кетди! (Ўзига-ўзи) Намунча тез? Бирпасда-я! Вазиятни қўлга олиш керак. (Гуслачиларга) Ўртоқлар, сизлар нимага жимсизлар? Бирорта куйни гумбурлатинглар энди!
Гуслачилар куй чалиб, қўшиқ бошлайдилар.
ГУСЛАЧИЛАР (куйлаб).
Қоплаб олмадими кўк юзин булут…
Чақмадими кучли чақмоқлар…
Қайларга йўл олдинг, Қрим шоҳи – ит…
БУНША (туриб, бақириб). Қанақа ит? Шоҳ ҳақида бундай қўшиқ айтишингизга йўл қўймайман! У Қрим шоҳи бўлса бордир, лекин ит эмас! (Котибга) Сен қандай мусиқачиларни бошлаб келдинг? Бу ерда менсиз интизомингиз бузилиб кетибди!
Котиб ўзини ерга ташлаб, таъзим қилади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Ҳой, Федюша, нарзан сувидан йўқми?
БУНША. Уларга айт, румбани чалишсин!
ГУСЛАЧИ (қўрқиб). Сен, отахон, озгина… оҳангини айтиб юбор… у ёғига ўзимиз тортиб кетамиз…
Бунша уларга яқин бориб, замонавий шўх мусиқани хиргойи қилиб ўргатади. Гуслачилар куйни давом эттирадилар.
БУНША (Маликанинг исмини адаштириб). Илтимос, Юлия Васильевна, бир қур рақсга тушсак.
МАЛИКА. Вой, шармандалик-ку бу? Қўйсанг-чи, отахон…
БУНША. Э, бўлаверади, ҳечқиси йўқ!
Бунша Маликани даврага тортиб, у билан эшилиб рақсга тушади. Котиб эса даҳшатга ботиб, ўз бошига муштлаб, сочларини юлади.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Қўявер, Федя, ғам қилма! Шоҳ кўпроқ ичиб қўйди. Ҳа, нима бўпти, кимда бўлмайди дейсан! Кел, биз ҳам ўйнаймиз!
У Котиб билан рақсга тушади. Бироздан сўнг кучли шовқин-сурон ва қўнғироқлар жаранги эшитилади. Гуслачилар қўрқиб, жимиб қоладилар.
Бу нарса менга ёқмаяпти, нима бўлдийкан?
Котиб югуриб ташқарига чиқади ва шошиб ортига қайтади.
КОТИБ (ваҳимада). Фалокат, фалокат! Опричниклар исён кўтаришди, бу ёққа қараб келишяпти! “Шоҳ ҳақиқий эмас! Шоҳ сохта!” деб қичқиришяпти!
МАЛИКА (йиғлаб). Вой, мен пишмаган хомкалла! Сохта шоҳ билан ўйинга тушиб қўйибман! Энди мени роҳибаликка жўнатишади!.. Вой, хароб бўлдим!
У югурганча чиқади.
МИЛОСЛАВСКИЙ (чўчиб). Опричниклар? Улар Узум йўлига кетишганди-ку?
КОТИБ. У ерга боришмабди, отахон. Уларни йўлдан оздиришибди. Чегарадан қайтиб келишибди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Қайси ифлос шу қабиҳ гапни тарқатибди?
КОТИБ. Бош руҳоний, отагинам, бош руҳоний!
МИЛОСЛАВСКИЙ (ғамгин). Қимматли ҳокими мутлақ, биз адо бўлдик!
БУНША (маст). Талаб қиламан, рақс давом этсин!.. (Ўзига келиб, ваҳимада) Адо бўлдик, дейсизми? Энди нима қиламиз, ўртоқлар?
Гуслачилар ва Котиб шоша-пиша чиқадилар. Бунша эса дод солади.
Николай Иванович, қутқаринг!
Исёнчилар шовқини яқинлаша бошлайди. Шу пайт вақт машинасининг жаранглаган товуши янграйди. Зулмат чўкади. Яна атроф ёришади. Орадаги девор йўқолиб, Иван саройи ёнида Тимофеевнинг хонаси пайдо бўлади. Иван шошилиб ўзининг шоҳона либосларини киймоқда.
ТИМОФЕЕВ. Шошилинг, Иван Васильевич!
ИВАН. Ўзингга шукур, парвардигор!
Тимофеев Бунша билан Милославскийни кўриб қувонади.
ТИМОФЕЕВ. Ана, улар ҳам тирик экан!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Тирикмиз, тирикмиз! (Буншага) Бўл, юр, юр!
Милославский билан Бунша югуриб Тимофеевнинг хонасига ўтади. Иван ўзига ўхшаш кўринишдаги Бунша билан тўқнашади. Унга назар солиб кайфи учади.
ИВАН (бақириб). Вой! Йўқол! Ғойиб бўл! Даф бўл!
МИЛОСЛАВСКИЙ. Бу вақтинчалик шоҳ, отагинам! Ташвишланманг!
Иван югуриб саройга ўтади.
Иван Васильевич! Айтиб қўяй, биз Кемь вилоятини шведларга бериб юбордик! Қолган ҳаммаси жойида!
ИВАН (ғазаби қайнаб). Кемни шеведларга?! Қандай ҳаддингиз сиғди, итваччалар?!
Саройга Опричник билан Котиб югуриб киради. Иван уларга ташланади.
Кемни шведларга бердингларми?! Сен, муттаҳам Котиб, қаерга қарадинг?!
Котиб вақт машинаси томон қочади. Иван уни қувиб келиб, ускуна устига йиқитиб, қўлидаги асо билан калтаклайди. Ускунага ҳам бир неча бор зарб тушади. Котиб қочиб, саройга югуриб ўтади. Иван унинг ортидан қувади. Шу пайт ускуна бузилиб, зулмат чўкади. Кейин атроф ёришади. Шоҳ саройи ғойиб бўлиб, деворлар ўз ҳолига қайтган. Тимофеев ускуна тепасида ғамга ботганча турибди.
ТИМОФЕЕВ (ғингшиб). Машинам! Менинг машинам! Уни пачақлашди! (Милославскийга) Нима қилиб қўйдинглар? Нимага унинг жаҳлини чиқардилар! Кашфиётим адои тамом бўлди!
Ташқаридан даҳлизга Шпак икки милиция ходими ҳамроҳлигида киради.
ШПАК. Қаранглар, ўртоқ бошлиқлар! Мана улар!
ТИМОФЕЕВ. Эҳ, сен, пасткаш!
Милиционерлар Бунша ва Милославскийга разм солади.
МИЛИЦИОНЕР. Ўҳ-ў!.. (Буншага) Нима бало, сиз шоҳмисиз?
БУНША. Айбдорман, шоҳ бўлганим рост. Лекин бунга муҳандис Тимофеевнинг разил тажрибаси сабаб бўлди.
МИЛОСЛАВСКИЙ. Унга қулоқ солманглар, ўртоқлар! Биз маданият ва истироҳат боғидаги маскарадда ишлаймиз.
Бунша билан Милославский шоҳона либосларини ечадилар. Милославскийнинг бўйнида рицарлик нишони ва зуннор осилиб туради.
БУНША. Менинг шубҳаларим исботланди! У бош руҳоний билан швед элчисининг нарсаларини ўғирлаб олди!
Шпак Милославский эгнидаги костюмини таниб қолади.
ШПАК (сапчиб). Ушланглар уни! Эгнидаги костюм меники!
МИЛИЦИОНЕР. Нимага милицияни чалғитяпсиз, ўртоқ? Булар ўғриларми?
ШПАК. Ҳа, ўғрилар, ўғрилар! Қилар ишлари ўғрилик, яна ўзларини шоҳ қилиб кўрсатишади!
Ульяна Андреевна киради.
УЛЬЯНА (Буншага). Мана қаерда экансан! Ҳа, ушлашдими сени? Ниятингга етдингми, ичкиликбоз!
БУНША. Ульяна Андреевна! Чин дилдан тан оламан, мен шоҳ бўлдим. Аммо сизга хиёнат қилмадим, Ульяна Андреевна! Маликалар бошимни айлантиришди. Бунга котиб гувоҳ!
УЛЬЯНА. Қанақа котиб? Нималар деб вайсаяпсан, ароқхўр? (Милиционерларга) Ўртоқ бошлиқлар, у ҳеч қандай шоҳ эмас! У – уйбошқарувчи!
ТИМОФЕЕВ (ғазабда, баланд овоз билан). Жим бўлинг ҳаммангиз! Жим бўлинг! Менинг ускунам… машинам адо бўлди! Сизлар эса бўлмағур гапларни вайсаб ётибсиз… Ҳа, бу тажрибани мен ўтказдим. Нимага бахтсизлик қадам-бақадам изимдан юради… (Буншани кўрсатиб) Мана шу қоқбош уйбошқарувчи ускунам калитини олиб кетиб қолди. Чириган князь, қари фирибгар… (Милославскийни кўрсатиб) Бу эса Иван Грознийнинг ғазабини қўзғатди! Мана, мен ускунамдан жудо бўлдим! Сизлар эса қаёқдаги гапларни вайсаб ётибсиз…
МИЛИЦИОНЕР. Гапингиз тугадими, ўртоқ?
ТИМОФЕЕВ. Тугади.
МИЛИЦИОНЕР (Милославскийга). Сизнинг ҳужжатингиз?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Э, ҳужжат нимага керак? Нима ўша ҳужжат? Мен Милославскийман! Жоржман мен!
МИЛИЦИОНЕР (қувониб). Ўҳ-ҳў! Сиз энди Москвадамисиз?
МИЛОСЛАВСКИЙ. Яширмайман. Муддатидан олдинроқ қайтиб келдим.
МИЛИЦИОНЕР. Қани, бўлмаса! Ҳамма милиция бўлимига марҳамат қилсин.
БУНША. Мен мамнуният ила ўзимни жонажон милициям қўлига топшираман. Унга суянаман ҳамда ишонаман.
Тимофеев аламига чидолмай йиғлайди.
МИЛОСЛАВСКИЙ (уни юпатиб). Эҳ, Коля, академик! Қўй, йиғлама! Тақдирга ёзилгани шу экан! (Милиционерларга) Лекин зуннорни, гапимга ишонинглар, ўртоқлар, менга бош руҳоний ўзи совға қилди.
Милиция ходимлари ҳаммани уйдан олиб чиқади. Тимофеев хонасидаги чироқ ўчиб, зулмат чўкади. Даҳлиздаги радиокарнайдан қувноқ овоз янграйди.
ОВОЗ. Марҳамат, “Псков аёллари”нинг давомини тинглангиз!
Ортидан радиокарнайда қўнғироқлар бонг уриб, хириллаган мусиқа янграйди. Тимофеевнинг хонаси ёришади. Тимофеев биринчи актда ускунага бош қўйиб қандай уйқуга кетган бўлса, ўша ҳолатда ухламоқда.
ТИМОФЕЕВ (босинқираб). Тезроқ, тезроқ, Иван Васильевич… (Уйғониб) Уф, қаттиқ ухлабман-ку! Бу қандай туш бўлди! (Вақт машинасига қараб) Ускунам бутун экан! Бутун! (Бирдан ташвишланиб) Вой, худо! Мени хотиним ташлаб кетди-ку… (Қўл силтаб) Йўқ, бу тушимда бўлди… худога шукур, ҳаммаси туш экан. (Ўйланиб) Агар бирдан… Косинус… (Қўнғироқ товуши) Жин ургур, шу қўнғироқлар ёмон жонга тегди-да…
Даҳлиз ёришади. Зинаида киради.
ЗИНАИДА. Коля, бу мен.
ТИМОФЕЕВ. Зиночка, келдингми!
ЗИНАИДА (назар солиб). Сен ҳалигача ухламадингми? Колька, айтиб қўяй, шу кетишда ақлдан озасан. Ҳозир сенга чой ичириб қўяман, кейин ётиб ухла… Бунақа кўп ишлаш ярамайди.
ТИМОФЕЕВ. Зина, сендан сўрамоқчи эдим… биласанми, мен ўз айбимга иқрорман… ҳақиқатан, мен иш билан қизиқиб кетдим… кейинги пайтларда сенга кам эътибор қаратяпман… Косинус… мени тушуняпсанми?
ЗИНАИДА. Ҳеч балони тушунмаяпман.
ТИМОФЕЕВ. Қаерда эдинг?
ЗИНАИДА. Репетицияда.
ТИМОФЕЕВ. Фақат ростини айт… Сен Якинни севасанми?
ЗИНАИДА (ҳайрон). Қанақа Якин?
ТИМОФЕЕВ. Ўзингни гўлликка солма. У жуда истеъдодли киши… ростдан унга янги уй беришмоқчими? У сизларнинг режиссёрингиз, а?
ЗИНАИДА. Бизда Якин деган режиссёр йўқ.
ТИМОФЕЕВ. Ростданми?
ЗИНАИДА. Рост.
ТИМОФЕЕВ. Ҳалиги, Молчановский деганлари-чи?
ЗИНАИДА (елка қисиб). Молчановский дегани ҳам йўқ.
ТИМОФЕЕВ (мамнун). Ура! Гапимга парво қилма, ҳазиллашдим!
ЗИНАИДА. Айтдим-ку, сенга ақлдан озяпсан деб!
Эшик тақиллайди.
Ким у, кираверинг!
Шпак югуриб киради.
ТИМОФЕЕВ. Антон Семёнович, тушимда уйингизни ўмариб кетишган эмиш.
ШПАК (йиғлаб). Тушимда дейсизми? Уйимни ростдан уриб кетишди!
ТИМОФЕЕВ. Қандай?
ШПАК. Бутунлай! Ишхонада ўтирганимда! Патефон, портсигар, костюм! Вой, авлиё оталар! Телефон ускунасиниям кесиб олишибди! Зинаида Михайловна, телефон қилиб олай, рухсат беринг. Вой, азиз авлиё оталар! (Телефонга ташланиб, гўшакка) Милицияни улаб беринг! (Атрофга аланглаб) Уйбошқарувчи қаёққа кетди, ўзи?
ЗИНАИДА (деразани очиб ташқарига). Ульяна Андреевна! Иван Васильевич қаерда? Шпакнинг уйини уриб кетишибди!
Радиокарнайдаги мусиқа тобора авж олиб боради.

ПАРДА

Рус тилидан Нурилло Аббосхон таржимаси

Қирқ йилда қайтган шоҳ асар

Муҳтарам китобхон, Сиз маълум ва машҳур рус режиссёри Леонид Гайдайнинг “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” комедиясини кўп томоша қилгансиз. Аслида бу асар таниқли рус адиби Михаил Афанасьевич Булгаков қаламига мансуб.
Серқирра истеъдод эгаси Михаил Булгаков – ёзувчи, драматург, режиссёр, актёр ҳамда шифокор эди. 1921 йилдан пойтахт
Москвада яшай бошлаган адиб фельетончи сифатида рўзнома ва журналларда кўзга кўринади.
1926 йили МХАТда адибнинг “Турбинларнинг кечмиш кунлари”, Вахтангов номидаги театрда “Зоянинг квартираси” асари муваффақиятли намойиш этила бошлади. 1928 йили Булгаковнинг “Арғувон орол” асари тақдимоти бўлиб ўтди. Адиб “Уста ва Маргарита” ва Мольер ҳаётига бағишланган “Риёкорлар асорати”ни ёзишга киришади. Бироқ 30-йилларнинг бошига келиб, унга бўлган муносабат буткул ўзгаради, нашриёт ва газеталар асарларини чоп этишни тўхтатишади, пьесалари театр саҳналаридан олиб ташланади. Бунга давлат бошлиғи Сталиннинг “Булгаков бизнинг ижодкор эмас”, деган таъкиди сабаб бўлганди. Моддий жиҳатдан ночор аҳволда қолган адиб охири Сталинга “мени иш билан таъминланг ёки хорижга чиқиб кетишимга рухсат беринг” мазмунида хат ёзишга мажбур бўлади. Шундан сўнг Булгаковнинг ишлари бироз юришади, МХАТда режиссёр вазифасида иш бошлайди. Жумладан, 1932 йили Гоголнинг “Ўлик жонлар”ини саҳналаштиради, актёр сифатида Диккенснинг асарида судья ролини ўйнайди.
Худди шу даврда режиссёрлар ундан “Фароғат” номли қувноқ пьеса ёзиб беришини сўрашади. Режа шундай тузилади: асар фантастик руҳдаги комедия бўлади; Герберт Уэллс қаҳрамони ясаган вақт машинаси иштирок этади; бош қаҳрамонлар вақт машинаси воситасида ўтмиш ва келажакка саёҳат қилишади; Шўро давлатининг калажакдаги роҳат-фароғатли ҳаётига гувоҳ бўлишади…
Булгаков бажонидил рози бўлади ва тез орада – 1933 йилдаёқ “Фароғат ёки муҳандис Рейннинг туши” номли тўрт пардали пьесани ёзиб битиради. Пьеса сюжети қуйидагича: ХХ аср бошида яшаган ихтирочи-муҳандис Евгений Николаевич Рейн уйида вақт машинасини ясайди. Ёнқўшни Михельсоннинг уйига “Яккахон” лақабли жиноятчи Юрий Милославский ўғриликка киради. Уйбошқармаси котиби князь Бунша-Корецкий ихтирочининг уйига ижара ҳақини қистаб келади. Ўртада гап-сўз кўпайиб, Рейн вақт машинасини ишга туширади. Девор кўтарилиб, XVI асрдаги Иван Грозний саройи намоён бўлади. Саройда шоҳ ва котиб авлиё отага нома ёзиб ўтирган эдилар. Ваҳимага тушган аъён орқага, Грозний эса олдинга – ХХ аср майдонига қочиб ўтади. Шоҳ васвасада югуриб, уйнинг чордоғига чиқиб олади. Михельсон уйида ўтирган ўғри Милославский ихтирочи квартирасига ўтиб, вақт машинаси билан қизиқади. Унинг калити олтин эканлигини билиб қолиб, калитни шартта суғуриб чўнтагига солади. Натижада машина ишга тушиб кетади. Бунша, Рейн ва Милославский келажакка – 2222 йилга тушаб қолади. Бу даврдаги шўролар давлати “Фароғат” деб аталарди. Фароғат мамлакатида милиционерлар, ўғрилар, тўрачилар (бюрократ) умуман йўқ. Фан-техника ўта такомиллашган. Эшик-деразалари люкка ўхшаш уйлар, ойнаванд устунларга ўхшайди. Одамлар фрак ва бошқа ажабтовур кийимлар кийиб, елкаларига реактив моторли қанот тақиб, хоҳлаган жойларига учиб кетаверарди. Жўмраклардан тоза спирт оқади… (Дарвоқе, муаллифга қойил қолса бўлади. Ҳозир айнан шундай реактив қанотларда уча бошланди. Спирт эса ёқилғи, техник жиҳозларни тозалаш воситаси
сифатида ишлатиляпти). Фароғатда – Ихтиролар бўйича халқ комиссари Радаманов, қизи Аврора, котибаси Анна, Гармония институти директори Саввич, тиббиёт профессори Граббе ва меҳмонлар ўртасида кулгили ҳангомалар юзага келади. Милославский бемалол ўғрилик қилади. Жўмракдаги спиртдан ичиб, котиба Аннага ҳам ичиради ва унинг номусини топтайди. Ахлоқи бузуқ Бунша Аннани йўлдан урмоқчи бўлади. Милославский “олғирлик” қилганини билгач, аламига чидолмай, чақимчилик қилади ва котиба Анна ҳақида ёзма маълумот тўплайди. Лекин бу “анонимка”ни на қабул қиладиган идора бор, на жазолайдиган милиция! Рейн эса Радамоновнинг қизи Аврорани севиб қолади. Фароғат мамлакати олимлари тентак Бунша ва ўғри Милославскийни даволашга жўнатмоқчи бўлишади. Шундан сўнг Милославский вақт машинасининг калитини Рейнга беради. Улар ХХ асрга қайтадилар. Авроранинг отаси Рейнни огоҳлантирганига қарамай, у Аврорани олиб қочади. (Инқилоб даврида “Аврора” ҳарбий кемаси подшоҳ саройини тўпга тутиб, хонавайрон қилгани ёдингизда бўлса керак!) Милославский эса елкага тақиб училадиган битта реактив қанотни ўғирлаб қочади. Бахтга қарши, ХХ асрда уларни милиция кутиб турганди. Милославский реактив қанотни тақиб, осмонга учиб кетади. Рейн чордоққа чиқиб қараса, ҳаммани зириллатган Грозний атрофда бўлаётган воқеаларни кўриб, ақлдан озган. Рейн вақт машинасини ишга тушириб, Иван Грознийни ўз замонасига жўнатиб юборади. Милиция ходимлари тентак Бунша, ихтирочи Рейн ва бу замонга дахли йўқ беайб Аврорани ушлаб, милиция бўлимига олиб кетадилар. Парда ёпилади.
Пьесани ўқиган театр арбоблари бош қашлаб қолишади. Ҳали у, ҳали бу ерини ўзгартириб кўришади, лекин бир тўхтамга келиб бўлмайди. Ниҳоят, театр арбоблари шўроларнинг ХХIII асрдаги “фароғатли” ҳаётига ўт қўйиб, ундаги қаҳрамонларни адам водийсига равона қилишади. Тўрт пардали “Фароғат”да биринчи парда ва ундаги чиркин қаҳрамонлар қолади, холос. Муаллифдан вақт машинаси “курс”ини ўзгартириб, ўтмишга саёҳат қилишни, шоҳ Иван Васильевичга кўпроқ урғу беришни сўрашади. Шундан сўнг Булгаков янги пьесани “Иван Васильевич” дея номлайди.
Бунда ҳам замонанинг ўткир муаммолари, кўпчилик биладиган, лекин тилга олинмайдиган қалтис ҳақиқатлар киноя йўсинида акс этганди. Жумладан, уйбошқарувчи Бунша князнинг ўғли, яъни дворян эканлигини яширишга уринади, “Мен аравакаш Пантелейдан туғилганман”, деб даъво қилади. Зеро, асар ёзилаётган кезларда кўплаб шўро арбоблари ўз насабидан тонган эди. Муҳандис Тимофеев – хотинини биров олиб кетишига бепарво даъюс. Хотини Зинаида – тўртта эрга тегиб, бу эрини ҳам алдаб, бешинчиси – Якин билан қочиб кетаётган енгилтак. Шпак – пасткаш жабрдийда. Ўғирланган нарсаларини икки баробарга кўпайтириб, ҳозир ичган онтига шу дамда хиёнат қилади. Якин – ўз ҳамкасбларини кўролмайдиган, маъшуқалари қўлида ўйинчоқ бўлиб юрган режиссёр. Милославский – бугунги кунда ҳам, ўтмишда ҳам қаллоб…
Буюртма асар битиб, театр жамоасига топширилади. Уни ўқиган театр арбобларининг тепа сочи тикка бўлади. Зеро, шўроча сиёсат икки оғиз сўз билан мақталиб, қолган барча диалогларда пачағи чиқарилганди. Ҳар бир саҳна, ҳар бир диалог
шўроларнинг нозик сиёсатига болта урмоқда. “Вой баттол! Бу Булгаков қандоқ одам, ўзи?!”
Асарни беш киши қайта ўқиб чиқиб, яна ўзгартиришни талаб қилишади. “Иван Грозний шўро мамлакатининг келажагига борсин, ўшандаги ободликларни кўриб, “Ана гўзаллик! Ана ободлик! Менинг даврим ёмон экан, шўро даври яхши эка-а-ан!” деб оғзини очиб қолсин”, дея таклиф қилади бир арбоб. “Яна битта пионер қизни қўшайлик, – маслаҳат беради режиссёр Горчаков. – Ўша қиз ҳаммани танқид қилиб, сизлар бунақа яшанг, унақа яшанг, деб ақл ўргатсин!” Лекин муаллиф бу таклифларни қабул қилмайди.
Ниҳоят, 1936 йили Горчаков Сатира театрида “Иван Васильевич”ни саҳналаштиради. Оқибатидан қўрқиб, кўплаб диалогларни юмшатади, Милославскийни чўчқага ўхшаш шалпангқулоқли грим қилдиради. Тақдимот куни фирқа раҳбарлари ва бошқа арбоблар театр залига кириб хўмрайиб ўтиришади. Асар тамом бўлгач, индамай туриб чиқиб кетишади. Қўмитадан келган раҳбар намойишни тўхтатишни талаб қилади. Уч йиллик меҳнат бир сўз билан йўққа чиқади.
Шундан кейин Булгаковнинг бошқа театрлардаги асарларига ҳам ҳужум бошланади, натижада, адибнинг соғлиғи издан чиқади. Унинг сўнгги қўлёзмаларига томган морфий излари ҳалигача сақланиб турибди. Кўзлари хиралашиб, буйрак касали тобора кучайган адиб “Уста ва Маргарита” романини якунига етказишга улгуради, холос. У 1940 йили 49 ёшида Москвада оламдан ўтади. Булгаковдан роман, қисса, ҳикоя, пьеса, сценарий ва либреттолардан иборат адабий мерос қолди.
Орадан йиллар ўтиб, “Уста”нинг барча асарлари вақт машинасида келажакка парвоз қила бошлади. 1973 йили кинорежиссёр Леонид Гайдай “Иван Васильевич” пьесаси асосида “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” комедиясини суратга олди. Асарнинг ёзилганига роппа-роса қирқ йил тўлганда, кино халққа тақдим этилди. Гайдай баъзи бир эпизодларни ўзгартирган бўлса-да, пьесани тўлиқ сақлаб қола олди. Шу йилнинг ўзида фильмни олтмиш миллиондан ошиқ томошабин кўрди, кинокартина жуда катта маблағ йиғди.

Таржимон

«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 5-сон