Диего Алонсо уйдан чиқиб, зовурдан ҳатлади-да, кўчани кесиб ўтди ва харобазор бўйлаб кетди, унинг боши виқор билан кўтарилган, қатъият ифодаси муҳрланган қиёфаси сокин, кўзлари равшан, йиғноқ лабларида қандайдир оддийгина оҳангни ҳуштакда чалиб борарди. У ҳали ўттизга ҳам кирмаганди, норғул, оёқлари узун-узун, гавдали, кўк шим билан қизғиш кўйлак кийиб олганди. Бўйнига боғлаб олган рўмолча билан фаха унинг баррио ўғлони эканини билдирарди. Оддий одамлар яшайдиган кўчаларда ўнқир-чўнқир ерлар, ёввойи ўт-ўлан ва отларни кўриш мумкин эди. Диегонинг қуюқ, қора сочлари бир текис таралган, юзини беш-олти кунлик соқол қоплаганди. У узоқ давом этган ёзда қуриб-қақшаган ерни альпаргати билан депсаб, дўқиллатиб, лекин енгил, ишончли қадам ташларди.
Зовурнинг ўртасига етганда Алонсо тўхтаб, сигарет тутатди. Сўнг йўлида давом этди, тўғри, энди сигарет чекаётгани учунми, боягидек ҳовлиқмас, тутунни чуқур тортар, ора-сира машҳур бир куйни ҳуштак қилиб чалиб борарди. У ям-яшил туна буталари ва бетартиб ахлатхона ёнидан ўтди ва яқингинада дала бўлганлиги сезилаётган тош кўчага чиқди. Ботаётган қуёшнинг нурлари рўпарадаги баланд деворга оч қизғиш ранг бахш этганди. У деворга, пастак уйга, нари-бери қурилган ранчога назар солди; сигаретини ташламай ҳуштак чалганча дарё соҳили ёқасидаги йўлни ёқалаб болалар ва итлар билан тўлиб-тошган, дов-дарахтсиз, шовқин-суронли кўчага секин-аста ёпирилиб келаётган туннинг сир-асрорларини тушунишга ҳозирлик кўрди.
Пастдан кўтарилиб борган соя эшикни бутунлай қоплаб қийшайганча пешлавҳадаги ёзувни ўчира бошлади; унга қинғир-қийшиқ қилиб “Либераль” сартарошхонаси” дея ёзиб қўйилганди. Сартарош чироқни ёққани бир дақиқага ишидан тўхтади, сўнг бош бармоғининг тирноғига устаранинг тиғини уриб кўрди ва ягона оромкурсида ўтирган этикли кимсанинг соқолини яна қиришга тушди.
– Қоронғилик фақат бир ишда асқотади, – аския қилди навбатини кутиб ўтирган семиз темирчи. – Гапим тўғрими? – деди у шилқим бир табассум билан. Ёши қирқларга чиққан, сочи оқара бошлаган ва ҳамма иш қўлидан келадиган сартарош ўтмиши номаълум, жиноят ва аёлларга ўралашиб қолган, қиморхоналарда ўзига яраша ҳурмати ва обрўси бор кимсага киноя билан кулиб қўйди-да, ўзича маъқуллаб, буйруқ оҳангида деди:
– Қимирламанг, дон Санчес!
“Либераль”нинг хўжайини бу шанба чап ёнбоши билан турганди, у нимадандир сиқилар, хатти-ҳаракатида безовталик сезилар, афт-ангорида эса унга мутлақо ярашмаган, айниқса, иш пайтида ноодатий, пинҳоний, ёқимсиз бир туйғу акс этарди. Шунинг учун унинг қўллари ўз касбининг талабига кўра ҳаракат қила бошлаганида доимий мижозларини жунбушга келтирар, ҳиндуларга хос башарасида тажанг, жаҳлдор одамларга хос аломатлар акс этарди.
Темирчининг табассуми секин-аста бамисли бир дард каби унинг чеҳрасига ёйилди. Сартарош устарасини чўткага алмаштирди, сўнг яна устарасини олди, деҳқон бўлса бу вақтдан фойдаланиб қўлини уқалади ва сездирмайгина ойнага қаради-да, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди. На аста қирилаётган соқолнинг, на одамнинг ғашига тегадиган елимшакнинг ва на ёз охирларида чунонам кўпаядиган мудроқ пашшаларнинг ғўнғиллашига ўхшаган товуш бу ердаги жимликни бузмасди. Қайтанга аксинча, шовқин бу ердаги жимликка қўшилиб ўзининг ҳаракати билан уни чегаралаб, унинг мавжудлигини, борлигини сезиларли қилиб қўярди.
– Салом бердик, – деди ичкарига кира туриб Диего Алонсо. У саломлашиб оромкурси томонга қўлини кўтариб қўйди ва ойнада сартарошнинг шокосасидан чиқай деган кўзлари бирдан хунук йилтираганини сезмади. Диего михга илинган соатга қараб қўйди, кейин темирчининг қўлини сиқиб кўришди ва илгич олдидаги пастаккина курсига ўтирди. Унинг ҳаракатларига кўтаринки тус бераётган ва “Ҳорманглар, яхшилар”, деганида овозида жаранглаган ички қувват ўрнини ўша заҳоти қандайдир руҳий тушкунлик эгаллади. У тиззасига таянди, боши кўксига тушди, шу тариқа темирчини унга сўз қотиш имкониятидан ҳали оғзини очмасиданоқ маҳрум қилди ва ўзининг оқ альпаргатисига тикилиб қотиб қолди.
Алонсо остонада пайдо бўлиши биланоқ ишини тўхтатган “Либераль”нинг хўжайини ўгирилди-да, совун кўпиги қоплаган устарани ушлаган кўйи совуқ нигоҳини унга қадади: у устарани отиб юбормоқчимиди ё қўлида эканини унутдими, билолмади. Феъли айниган сартарошнинг қаҳрли, даф қилиб бўлмас нигоҳига йўлиққан Алонсо кўзларини каттароқ очди. Уларнинг нигоҳи тўқнашди. Алонсонинг кўзлари ҳайратдан ола-кула бўлиб кетди, сартарошнинг қаҳрдан юзи тиришди. У ғалати чийиллаган, қулоқни тешиб юборадиган овозда қичқирди:
– Ҳали сен юрак ютиб келдингми?!.
Алонсо довдираб қолди, у нима бўлаётганини тушунгиси келар, аммо бунга фаҳми етмас, лабларининг чети пирпирарди. Кейин ўзини босиб сўради:
– Нима бўлди?
– Келишга ҳаддинг сиғдими?! – деб бақирди сартарош.
У устарани столга улоқтирди-да, хонанинг ўртасига ўтиб бесўнақай бир ҳолатга кирди – муштлашишга тайёрланди. Деҳқон – унинг юзи билан бўйнини кўпик қоплаган эди – креслода донг қотиб ўтирарди. Диего Алонсо ҳамон ўша пастаккина курсида ранги девордек оқариб, ўзини йўқотган кўйи безовталаниб типирчиларди. Темирчи ўтирган ерида ўзининг болаларча нигоҳи билан дам унга, дам бунга саволомуз қарарди. Сартарош дўрдайган лабларини худди гапираётгандек қимирлатар, лекин аслида бир оғиз ҳам гапирмас эди. Алонсонинг овози ишончсиз чиқди:
– Сенга нима бўлди?
– Билмайсанми ҳали?
– Йўқ.
– Бугун кечаси ким билан ётмоқчисан, а, айт, ким билан?
Алонсо секин ўрнидан турди. У энди фаҳмлади, нима гаплигини энди тушунди, у ўзини тутиб олди. Энди унинг овози кишининг жиғига тегадиган даражада қатъият билан жаранглаб чиқди:
– Сенинг нима ишинг бор?! Буни сенга алоқаси йўқ! У хотинингмиди сенинг?
– Йўқ, хотиним эмас. Лекин алоқаси бор менга! – деди сартарош бўғилиб.
Ўнг қўлини олдинга чўзиб, бармоғи билан Алонсога таҳдид қилганча сартарош яна бақирди:
– Шунча гапдан кейин яна шу ердамисан, аблаҳ?!
– Нима бўпти? Келсам сенга нима? – деб гап қайтарди Алонсо ва эшикка қараб юрди.
Аммо сартарош йўлини тўсди – унинг оғзи ҳалиям очиқ, қўли уришга шайлангандек кўтарилган эди. Алонсо муштини тугиб, олдинга бир қадам ташлади. Сартарош хиёл энгашди ва ўша заҳоти қаддини ростлади: унинг қўлида калта, ингичка ханжар ярақлади.
– Мен сенга кўрсатиб қўяман! – деди у ғижиниб ва қўлидаги ханжари биринчи ҳамласидаёқ ялт этди.
Алонсо ўзини ён тарафга отди – ханжар ундан бор-йўғи бир неча сантиметр наридан ўтиб кетди – ва ортига чекинди. Ҳолбуки, у ўзининг пичоғи қаердалигини яхши биларди, қинига солиб қўйган ханжари тунги столнинг тортмасида экани унинг эсида эди. Унинг бармоқлари дам-бадам чотини ушлаб-ушлаб қўярди.
– Аблаҳ! – деди у ғижиниб. – Қуролсиз одамга ҳужум қиляпсанми?
Деҳқон креслода ўтирганча кўпикни артиб ташлаш учунми, кўзлари билан аланг-жаланг қилиб сочиқ ёки бирон мато ёхуд латта излади. Кейин талваса ичида, ноумид бўлиб юзида кўпик билан бўлаётган воқеага аралашмаслик учун хавф-хатарсиз жой қидирарди. Темирчи бир мўъжиза юз бериб кўчага чиқиб олди.
– Қуролсиз одамга ҳужум қиласанми? – деб такрорлади Алонсо шу жумладан қутулолмай.
Сартарош эса титраб-қақшар, қўлидаги ханжар чироқ нурида ялтиллар, гўё бутун хонани эгаллаб олгандек эди.
– Мен сенга кўрсатиб қўяман ҳали, – деб такрорларди ғазаб билан сартарош.
Бехосдан келиб қолган Алонсо меровсираб ханжардан кўз узмасди. Ханжарни маҳкам ушлаган қўл анча катта, қорамтир, қуруқшаган ва ғадир-будур, ташқи томонида бир дона толасиз эди. Совуқ ва шафқатсиз, пастга хиёл эгилган ўткир тиғ унга яқинлашиб келарди. Кейин тезлик билан, чақмоқдек шиддат-ла юқорига, унинг кўксига яқинлашди. Алонсо нима қиларини билмай ўзини бир чеккага отди, у фақат савқи-табиий ҳаракатга бўйсунарди. Сўнг ўзи ҳозиргина ўтирган курсини боши узра азот кўтариб, ханжарнинг кейинги ҳамласини мўлжаллаганча қулочкашлаб зарба берди. Сартарош унинг бу зарбини чап қўли билан тўсиб қолди, бироқ Алонсонинг зарбидан барибир чайқалиб, ханжарини қўлидан туширгудек аҳволда орқага чекинди. Алонсо кўча эшикка қараб югурди.
Соҳил ёқалаб чўзилган кўчада болалар ва итлар ғужғон ўйнашар, гўзал уфқ ёғдусига беланган мусаффо тун нафаси ўзи билан дала ва поданинг ҳидини олиб келарди. Мана шу кўча бўйлаб узун оёқларига ишонган Диего Алонсо уйи томон қочиб борарди. Унинг ортидан лаънатлаб, болохонадор сўкиниб сартарош қувиб келарди, бир неча даҳадан сўнг у ортда қолди, кунботарда буталар тўсган ғов ортида яширинган қочқин томонга қараб турди-да, ўгирилиб, шошилмай, ҳар икки қадамида ортига қараб, қўлидаги ханжарини қинига солмай “Либераль” сари йўл олди.
Деразанинг кир-чир ойналари ортида кечиккан қуёш секин-аста сўнарди; унинг ғубор қўнган нурлари қаровсиз, лекин шинам хонани ёритарди.
Диего Алонсо эшикни ёпиб икки қайта қулфлади ва оёғида тик туриб қолди; ўзининг эски мебелига, ўрганиб қолган буюмларига қараб турди, уларни тартибга келтириб, айни чоғда тўзитиб юборди. “Эй, жин урсин!” деди у баланд овозда. Алонсо зўрға нафас оларди, шу аҳволда бирпас турди-да, сўнг худди ўзининг юраги ва хонадаги сукунат тебранаётганига қулоқ солаётгандек бироз хаёлга толди. Шундан кейин деразани бемалол ёпди ва ёнида тунги стол жойлашган каравот томон юрди; нима қилаётганини илғаб-илғамас, оловни шамга яқин олиб борган қўли титрарди – ўзи бунга ҳайрон бўлди; у пилик ёнишини кутди, гугуртни ўчирди ва ўзини каравотга ташлади.
Алонсо ўзига келгач, юрагида хўрланиш туйғуси уйғониб, кучайди у ҳозир ниҳоятда аламзада эди, чунки ўзини хўрланган ва ҳақоратланган деб ҳис қиларди. Бўлиб ўтган воқеа шунчалар тез ва кутилмаганда рўй бердики, ўзига-ўзи айтганидек: “Бунақаси ҳеч қачон юз бермаслиги керак” эди. Унинг калласига бўлар-бўлмас хаёллар келар, хотирасини тарк этаёзган ёки йироқлардан кўринаётган манзаралар – ханжар, сартарошнинг юзи, паншахадек чайир, қорамтир қўли, зарб бериш учун кўтарилган курси, хонанинг тор деворлари, ханжарнинг биланглаши; у алам билан ўзини кўрди – у ўзини қўярга жой тополмай, қўлларини кўтариб-туширар, курсига ёпишар, қочиб кетарди… “Э, жин урсин-ей ҳаммасини!” яна такрорлади у ва бу сафар овози қаҳрли чиқди. Уни қўққисдан тутиб олишгани, ҳаммаси ҳеч кутилмаганда рўй бергани, у ҳатто ўзи қодир бўлган мардлигини намойиш этолмагани Алонсога алам қилди. “Нима бўлди ўзи? – деб сўради у ўзидан. – Нега? Буни олдиндан билганидами?” У шундай хаёллар билан банд эди. Гарчи бу воқеаларда заррача айби бўлмаса ҳам, ўзини ҳақоратланган ва ожиз сезди, у сира айбдор эмасди… Ўзи шундай бўлиб қолди… Бунақа ҳиссиётни ёшлигидан то ҳозирги пайтгача бошидан ўтказмаган эди. Нима жин уриб шундай балога йўлиқди, қўлидан бирон иш келмайдиган аҳволга қаердан тушиб қолди, қандай қилиб ғафлатда қолди? “Тушиб қолдим, тамом!”. Шунга қарамай, у ўзининг борлигига – унинг вужудидаги энг асосий омил – иззат-нафсига бирон нима тегмаган, маънан теран жасорат ва мардлик туғилажак томирлари дахлсиз қолганлигини яхши тушунарди. У шамчироққа қаради – унинг нури шинам хонани бағрига олар ва ўзига тортар эди. У калит икки марта буралиб қулфланган хонадаги каравотга чўзилди ва анча енгил тортиб бўлиб ўтган воқеаларни бир бошдан эслай бошлади. Ҳар турли сабаблар излашга ўтди, ўша заҳоти илгари ўзи тушунмаган ишлар, аҳамият бермаган қилиқлар эсига тушди. “Хўп, бу аёл уни огоҳлантириб қўйиши керак эмасмиди? У билан сартарош ўртасида нима бор эди? Бунда унинг ҳам айби борми? Йўқ, айбдор эмасман”, деди у ўзига-ўзи қатъий оҳангда ва айни чоғда аёлни кўз олдига келтирди: унинг кўзи гўё ана-мана туш кўраётгандек, сонлари текис; бир неча кун мобайнида унинг хоҳиш-истагини қондиргани етмай, ҳирсини эмас, ҳиссини уйғотган. Каравотда ётган одам билан дилгир фикрларга берилган, яқин орада учрашувга чиққан одам ўртасида – унга тун бўйи қолиш ваъда қилинганди – шулар ўртасида ёт-бегоналик пайдо бўлганди. Ўшанда у вужуди сирқираб, бўлиб ўтган воқеадан ўткир оғриқ сезган, бари маъносиз, бемазмун дақиқаларни ўз ичига олган, сартарош учун, ўша аёл учун, ўзининг деярли ўлган хоҳиш-истаги, завқи учун қўрққан, ёш боладек дарё ёқалаб ўзининг қочганлиги учун юрагида оғриқ сезганди… У гўё ўзидан ниманидир ҳайдагандек қўли билан енгилгина ҳаракат, ишора қилиб қўйди ва каравотдан турди-да, хонада у ёқдан, бу ёққа юра бошлади. Тўрт қадам эшикка, тўрт қадам ортдаги деворга, тўрт қадам эшикка, тўрт қадам деворга. Оқ альпаргатилар муттасил олдинга, орқага юради, шарти кетиб, парти қолган полни шитирлатади. Аммо ҳар бир қадами, ҳар бир шаҳдам, қаттиқ зарбдан сўнг альпаргати бамисли Диего Алонсонинг обрўсини, ўзини тиклаб олишига кўмаклашар, шу чоққача сақланган ғурурини асраб қоларди… У ёпиқ эшик олдида турар ва ўзига-ўзи бегонадек, шундай ажойиб куннинг охирида чекиб, ҳуштак чалиб, дарё ёқалаб юқори кўчага кетаётган, ўзга, бутунлай бошқа одам ҳақида, ўзига қадрли, лекин аллақачон йўқолган ва алланечук номаълум, олисдаги, жудаям йироқдаги, бутунлай ўзгарган одам ҳақида қайғурарди. Гўё шу ердан туриб кўчани кузатаётгандек бироз эшик олдида турди, кафтини мушт қилиб тугди, оғзи қийшайди, фахасини тўғрилаб олди-да, яна хона бўйлаб юра бошлади. Ҳа, у илгаригидек бўлиши керак, шу бугун, шу бугунги тонготар, шу йилга қадар, ўша унутилган дамларгача ким бўлганлигини узил-кесил билиши ва яна ўшандай бўлиши шарт. У қандай бўлмасин, ўзини-ўзи қайта яратиши керак, шарт… Эшиккача тўрт қадам, ортдаги деворгача яна тўрт қадам, тўрт қадам эшикка, тўрт қадам деворга. Энди бақувват ва енгил оёқлари лиқиллаб турган полга шаҳдам қадам қўярди. Ниҳоят у аллақачон дилига тугган, хонага кирган заҳоти эсига тушган ишни қилди – тунги тортмасидан пичоқни олди-да, ёнига солиб қўйди.
* * *
Бу сафар “Либераль”га киргач, пичоғи ишонч билан фаха орасига беркитилган Диего Алонсо сартарошнинг кўзгудаги ғазаб тўла нигоҳини кўздан қочирмади. Ягона оромкурсини энди деҳқонсифат кийинган мижоз эгаллаган – унинг юзини совун кўпиги қоплагани учун кимлигини ҳам билиш қийин эди. Иккинчи мижоз, кўринишидан касалманд, қора камзулли киши навбатини кутиб ўтирарди.
Алонсо боя келганида ўтирган курсига жойлашди, бироқ энди курсининг битта оёғи лиқиллаб қолганини, суянчиғи синганини сезди. Сартарошхонадаги сукунат – пашшалар тинчиган, уларнинг ғув-ғув этиши тинганди – бир текисда, сокин, бузилмас даражада ҳукм сурарди. Деворда осиғлиқ турган соат вақтни кемирар, унинг адоқсиз тиқиллаши нозик ва қалтис сукунат қаърига сингган ва гўё уни чуқурлаштирар эди. Узоқдан болаларнинг бақир-чақири эшитилар, ярим тунда бу товушлар ҳақиқий эмасдек туюларди. Чироқни енгилгина қурум босганди.
Сартарош чўткани қўйиб олмосни қўлга олди-да, уни шошмайгина, астойдил, эпчиллик билан қайишга ура бошлади. Тун капалаги лампанинг шишасига ўзини урди.
– Мен сартарошхона берк бўлса керак, деб ўйловдим, – деҳқоннинг овози хириллаб чиқди, бунинг устига у манқа эди. – Бечора қария Атанаско! Худо раҳмат қилсин, ўлиб берганини қаранг…
– Шанба кунлари мен кечроқ ёпаман, – қатъиян унинг гапини бўлди сартарош. – Жим ўтиринг, – деб буйруқ берди у устарани кўтариб ва сездирмай Диего Алонсога кўз қирини ташлаб қўйди.
Қора камзулли киши сигаретини олиб чекди, унинг хатти-ҳаракати бироз қўпол эди; сигаретни тутатгач, у оғзини маҳкам ёпди ва бурун катакларидан тиккасига тутун чиқарди – бу худди қиш кунлари отнинг тумшуғидан тутун чиқарганига ўхшарди. Алонсо полга қаради, кейин альпаргатига, ҳамма нарсага бепарво қора камзулли кишига, чироқ тепасидаги нозик қурумга тикилди. Сўнг деҳқоннинг елкаси ва бўйнига қаради, гарчи унга жавобан тикилиб қараган бўлса ҳам сартарошга боқди. У соат милларининг зарбини, кимнингдир узоқда қичқирганини, кучукнинг ангиллаши, устаранинг қулоққа аранг чалинувчи товушини эшитди, ўзининг юрак уришини ҳис қилди.
– Бўлди, – деди сартарош. – Марҳамат.
Деҳқон кўзгуга қаради ва сартарошга қоғоз пул узатди.
– Эртагаёқ ўсади, яна келаман, – дея тўнғиллади у ҳеч кимга эътибор бермай. – Қачонки кечаси марҳумни тепасида ўтирсанг, соқолинг тез ўсади.
Унга ҳеч ким қулоқ солмади чоғи.
– Марҳамат қилинг, – сартарош унга қайтимини берди.
Деҳқон пулни олди, уялган бўлиб хайрлашди-да, чиқиб кетди. Қора камзулли киши бўшаган оромкурсига ўтирди.
– Соч-соқолимни… олиш керак… – деди у. – Бир марта.
– Яхши, – деди сартарош ва унинг юзини совунлай бошлади.
Соат миллари олға босарди; соатнинг узлуксиз чиқиллаши сонияларни ўлдирар, дақиқаларни яксон қилиб ютиб юборарди; бу кичкина механизм мўъжазгина тўймас юҳо эди: у вақтни кемирар, унинг орасидан худди ер бағридан ўтган чувалчанглар янглиғ ўтар, чанг солиб уни ютиб юборарди. Алонсо полга, оёқлари остига қаради, сўнг ўзининг оқ альпаргатиларига, қора камзулли киши ташлаб юборган сигарет қолдиғига тикилди. У сартарошнинг қандай ишлаётганига, унинг пешонаси ва кафтида қон ураётганига қаради. Бегона одамнинг касалманд юзидаги соқолини қиртишлаб олаётган устаранинг товуши мутлақо эшитилмас эди, балки унинг соқоли нозик экани учун эшитилмас.
Сигарет қолдиғи ўчди. Тунги капалаклар кўпайгандан-кўпайди. Улар чироқнинг атрофида айланар, шишага келиб уриларди. Алонсонинг чеккиси келди, лекин у чекмади.
– Бўлди, – деди сартарош.
Бегона одам пулини тўлаб жўнаб кетди.
Алонсо билан сартарош иккови ёлғиз қолишди. Оромкурси ёнида турган сартарош сочиқни тахлаш билан банд эди, буни у эринмай сидқидилдан бажарарди. Унинг кўзлари – бир-бирига жуда яқин жойлашган иккита қора мунчоқ – Алонсонинг юзига эмас, кўпроқ кенгликка боқар, қимир этмай ўтирган кимсанинг бошига қаратилган эди. Алонсо эса, сартарошнинг юзига, кўзига тик боқарди. Орадан ярим дақиқа вақт ўтди. Ниҳоят сартарош сочиқни столга қўйди – ҳаёти давомида у бирон марта сочиқни бу қадар астойдил тахламаган эди. Алонсо ўрнидан турди, унинг ранги-қути ўчган, афт-башарасида ўзини ҳимоя қила олиши учун журъат ва тайёргарлик акс этарди, у илгарига қадам ташлади ва креслога ўтирди.
– Соқолимни олиб қўй, – деди у совуққонлик билан дона-дона қилиб.
Сартарош худди ниманидир излагандек устаранинг тиғига қаради, кейин истамайгина чўткани олди. Ҳиндуларнинг юзига ўхшаш қиёфаси гўё қотиб қолган, бир-бирига яқин жойлашган кўзлари йилтирарди. У аниқ ҳаракатлар билан яқингинада пичоқ тортиб юборишни мўлжаллаган одамнинг соқолига совун сурта бошлади… Узоқ йиллик тажрибаси, минг-минглаб соқолларга совун сурганини ҳисобга олганда ҳозир у ишини эпчиллик билан уддалар, ўз вазифасини қўрқмасдан тўғри бажарарди. Ярим дақиқа вақт ўтди, шекилли… Сартарош мўйчўткасини қўйиб истар-истамас устарани олди… Чироқнинг нурида ялтираётган, яхшилаб чархланган пўлат тиғ каттакон қорамтир қўлда бирам қўрқинчли туюларди… Диего Алонсо кўзларини юмиб олди.
Устара ўзининг йўлига тушиб олди, у мижоз қулоғининг чеккасидан пастга, ёноқ бўйлаб тушаркан, даҳанига етиб тўхтаб қолди… Сартарош устарани артди, кейин камар-қайишга бир-икки уриб тозалади… Устара яна ярқираб Алонсонинг даҳанини қиртишлаб олди… Енгилгина овоз эшитилди. Сартарош яна устарасини тозалаш учун тўхтади ва устаранинг йўналишини ўзгартириб, пастроққа, кекирдак дўнгчасига тушди, ундан ўтиб бўйнининг бир томонини ола бошлади. Сартарошнинг мўлжали аниқ-тиниқ, одатдагидек тоза ишларди. У мўйқаламни ишлатган рассомдан кўра ҳам тартиблироқ ишларди. У устарани тозалаб нариги қулоқнинг солинчагидан, ёноғидан пастга туша бошлади, сўнг бутун тартиботни такрорлади. Диего Алонсо ухлаётган одам тушида нафас олганидек бурни билан пишиллаб биртекис нафас оларди. Тепага бурилган устара энгагидан юқори лабгача борар, оғиз атрофидаги соқолни қирар, янаям юқорига чиқиб, мўйлабларни қиртишлар, мана, ниҳоят, очиқ юзга келиб тақалди; юмуқ кўзлар бу юзга ҳиссиз тус берарди.
– Бўлди, – деди сартарош.
Алонсо кўзларини очиб, унга тикилди ва деди:
– Яна бир марта олинг.
– Тескарисигами?
– Ҳа.
Алонсо кўзларини яна юмди, яна чўтка унинг юзини совун кўпиги билан қоплади; ялтираётган устара қисқа танаффуслар билан унинг юзини сийпалай бошлади, иягидан ўтади, даҳанини ён томонидан қирди, ундан юқори лабига ўтди, бўйнидаги дағал тукларни қириб тозалади, бўйнини, энгагини, томоғини ялтиратиб қўйди.
– Тайёр, – деди яна сартарош.
Алонсо кўзларини очди ва креслода қаддини ростлади. Ўзини кўзгуга солди; кўнгли тўлди, юзларини силаб кўрди, яхшилаб олинган, текис, оппоқ.
Бироз нари кетган сартарош чўтка билан устарани шошилмай тозаларди.
Алонсо унга тезгина қараб бўйнига ташлаган рўмолчасини тортиб қўйди. Столга уч-тўрт танга қўйди ва сартарошхонадан чиқди.
Сартарош унинг ортидан чиқмоқчи бўлди, аммо эшикдан нарига ўтмади.
Кўча тамоман қоронғилик қўйнида нафас олар, тун ўзини навқирон, омонат, юксак, юлдузли ёз осмонига бағишлар эди.
Шаҳар кўчалари бўйлаб қатор кетган хира фонусларнинг беибо нури чекка-чеккага сочилиб кетган, уларнинг боши-кети кўринмасди.
Диего Алонсо шаҳдам қадамлар билан енгилгина одимлаб кўча бошига қараб борар эди. У одатдаги йўли билан кетиб борар, шошилмас, қуп-қуруқ ерга альпаргатисини баланд акс-садо берадиган қилиб урарди. Биринчи фонус нуридаёқ унинг қандай бораётгани кўринарди. Муюлишга яқин, иккинчи фонусга етар-етмас у яна ўзининг бир хил оҳангдаги куйини ҳуштакда чала бошлади. У ўнг тарафга бурилиши керак эди, бироқ ҳеч қаерга бурилмай тўғрига юрди. Кейинги фонус уни анчайин кучсизроқ ёритарди.
“Либераль”нинг эшиги олдига чиқиб турган сартарош Диего Алонсонинг ортидан қараб турарди. Алонсо узоқлашиб, унга элас-элас кўринар, гавдаси узоқдан зўрға кўзга чалинарди.
Сартарош яхшироқ кўринсин учун янаям олдинга энгашиб тикилди – унинг кўмирдек тимқора кўзлари тешиб юборгудек эди. Навбатдаги фонус Алонсони янада узоқлашиб кетганини кўрсатарди. Сартарош зўр бериб тун бағрига тикиларди. Эски фонус атрофни аранг ёритар, Алонсони кўрсатишга барибир кучи етмасди. Сартарош ҳамон кўзини бир нуқтадан узолмасди. Ҳеч нарса кўринмай қолганда, Алонсо одам овози эшитилмас даражада узоқлашиб кетгач, у шартта ўгирилди-да, сартарошхонага кириб кетди ва ортидан эшикнинг қарсиллаб ёпилгани эшитилди.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 8-сон