Хулио Кортасар. Аксолотл (ҳикоя)

Бир вақтлар мен аксолотллар ҳақида кўп ўйлардим. Мен Ботаника боғидаги аквариумга қатнар, соатлаб улардан кўз узмас, қимир этмай туришлари, билинар-билинмас силжишларини кузатардим. Энди ўзим аксолотлман.
Узоқ чўзилган қиш тугаб, Париж секин-аста жилваланаётган баҳор кунларининг бирида, тасодифан уларга йўлиқдим. Мен Пор-Рояль бульвари бўйлаб юрдим, Марсель ва Л. Опиталь хиёбонлари ёнидан ўтиб кетаётсам, бирдан файзсиз турар-жой бинолари орасидаги кўкаламзорни кўриб қолдиму беихтиёр арслонлар билан қоплонлар ёдимга тушди. Мен арслонлар ва қоплонларни яхши кўрардим, лекин шу пайтгача бирор марта бўлсин аквариумнинг ғира-шира, зах биносига кирмаган эдим. Ўша куни велосипедимни тўсиқ олдида қолдириб, ичкарига йўл олдим. Арслонлар жуда кўримсиз бўлиб одамнинг раҳми келар, қоплонлар эса уйқуга кетган эди. Шунда мен аквариумга киришга аҳд қилдим. Худди мана шу пайтда, оддий балиқларни томоша қилаётиб, кутилмаганда аксолотллар устидан чиқиб қолдим. Салкам бир соат уларнинг ёнида туриб, у ердан бир ҳолатда чиқиб кетдим. Ўша куни кечгача кўнглимга ҳеч нарса сиғмади.
Авлиё Женевьева кутубхонасида луғат титкилаб, аксолотллар амблистомлар наслидан бўлган йўлбарс амблистомининг ойқулоқли ғумбакчаси эканини билиб олдим. Уларнинг мексикалик экани эса кўринишларидан — шапалоқдек ацтековий пушти юзи ҳамда аквариум тепасига илиб қўйилган лавҳа орқали маълум бўлди. Мен Африкада қурғоқчилик маҳали қуруқликда, ёғингарчилик даврида эса сувда яшашга мослашган нусхалари топилгани, уларнинг ахолоте экани, гўштининг хушхўрлиги ва ёғи худди балиқ мойи сингари (чамаси ҳозир истеъмолдан чиқиб кетган бўлса керак) истеъмол қилингани ҳақидаги эслатмаларни топдим.
Мен уларнинг ҳаётига оид махсус илмий ишларни ўрганиб ўтирмадим ва эртасигаёқ Ботаника боғига қайтиб бордим. Шу-шу ҳар куни эрталаб, баъзан кунига икки маҳал — эрталаб ва кечқурун аквариумга қатнай бошладим. Аквариум қоровули билетимни йиртиб қўлимга тутқазаркан, энсаси қотганча илжаярди. Мен шиша деворни иҳоталаб турган темир тутқичга суяниб, уларни кўздан кечира бошладим. Бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ, чунки бизларнинг бир-биримизга боғлиқлигимиз, бениҳоя йироқ ва унутилаёзган бир нима бизларни ҳамон боғлаб турганини биринчи кўрганимдаёқ англаган эдим. Ўшанда, сув юзига пуфакчалар қайнаб чиқаётган аквариумнинг ойнаванд девори олдида тўхташнинг ўзи менга кифоя қилган эди. Аксолотллар ҳовузнинг ифлос ва тор тубидаги (қанчалар тор ва ифлос эканини фақатгина мен биламан) шилимшиқ парда қоплаган тошлар орасида тўдалашиб туришарди. Улар тўққиз нусха бўлиб деярли ҳаммаси шиша деворга қапишиб олганча олтиндек сап-сариқ кўзлари билан томошабинларга термилишарди. Мен хижолат чеккандек, қарийб изза бўлгандек турардим: чинни ҳовуз остида тўдалашган бу индамас ва сусткаш жонзотлар қаршисида сўррайиб туриш беадабликка ўхшарди. Ўнг томонда, бошқа шерикларидан чеккароқда турган аксолотлни хаёлан ажратиб олиб уни синчиклаб кўздан кечира бошладим. Мен балиқларникидек ажойиб, нозик думли бир қарич калтакесакка ўхшаш нимпушти ва шаффоф (шунда сутранг шишадан ясалган хитойи ҳайкалчалар ёдимга тушди) жисмни кўрдим. Тўғри думига туташиб кетадиган шаффоф сузгичи унинг бутун елкасини эгаллаган эди, лекин, айниқса, одамга хос жажжи тирноқлар ўсиб чиққан зиғирдай бармоқлари билан нафис ва майин оёқчалари мени лол қолдирди. Шунда мен унинг кўзлари билан юзини сезиб қолдим. Юзи ифодасиз эди, мунчоқдек тилла ранг кўзлари кўринишдан жонсиз бўлгани билан термулиб қарарди; мен қаърини кўролмас эдим. Кўзларини ўраб турган нафис қора гардиш унинг жисмига ҳам, четлари учиб нурай бошлаган учбурчак ҳайкалчани эслатувчи тош бошига ҳам пушти ранг бахш этарди. Оғзи учбурчак юзининг ияги ўрнида жойлашган бўлиб, фақат ён тарафдан беҳад катталиги сезиларди; олд тарафдан қараганда тошдаги ингичка ёриқни эслатарди. Икки чаккасида — қулоқлар ўрнида худди ўсимта каби уч донагина маржондек қип-қизил шохчалар бор эди. Булар ойқулоқлари бўлса керак. Назаримда унинг бирдан-бир жонли аъзоси ҳам шу эди: ҳар ўн-ўн беш секундда бу шохчалар диккаяр ва яна шалпайиб тушарди. Гоҳо оёқчалардан бири хиёл қимирлар ва зиғирдайгина бармоқчалари лойқага оҳиста ботиб кетарди. Бизлар умуман ҳадеб қимирлашни ёмон кўрамиз, бунинг устига аквариум шунчалик торки, сал жойингдан қўзғалсанг ўша заҳоти биронтасининг думи ёки бошига тегиб кетасан; бу эса норозилик, жанжал қўзғайди, натижада — ҳолсизланасан. Қилт этмай турганимизда вақт ўтиши сезилмайди.
Шиша ҳовузга биринчи марта энгашиб қараганимда худди мана шу сукунат эс-ҳушимни олиб қўйганди. Мен унинг макон ва замонни мана шу бефарқ жимлик қаърига яширинча ғарқ қилиб юбориш ниятини ғира-шира пайқагандек эдим. Ҳаммасини кейин тушундим: ойқулоқларнинг қисқариши, нозик оёқчаларнинг тошга беозоргина тегиб кетиши, тўсатдан силжишлар (айримлари танасини тўлқинсимон ҳаракатлантириб суза оларди) уларнинг бу карахтликдан уйғона олишларидан дарак берарди. Ҳаммасидан ҳам уларнинг кўзлари мени ларзага соларди. Қўшни аквариумда яшаётган турли-туман балиқларнинг бизникига ҳаддан зиёд ўхшаш ажойиб кўзларида зиғирча маъно бўлмаган ҳолда, аксолотлнинг кўзи аллақандай ўзга ҳаёт, ўзгача кўриш йўли мавжудлигига ишора қиларди. Бу пушти ранг мавжудотларнинг абадий суст ва мутлақо нотаниш дунёсига олиб борувчи йўл — тилларанг митти нуқталарни имкон борича кўздан кечириш учун шиша деворга сингиб кетгундек яқин келиб қараётганимда қоровул хавотирланиб йўталиб қўярди. Аксолотлларнинг диққатини жалб этиш учун шиша деворни чертишдан фойда йўқ эди: улар заррача ҳам таъсирланмасди. Тилларанг кўзлар тинмай майин ва мудҳиш аланга ичида ёнар ва тубсиз чуқурлик қаъридан менга қарайверганидан азбаройи бошим айланиб кетарди.
Шунга қарамасдан улар бизга жуда ўхшарди. Мен буни анча илгари, ҳали аксолотлга айланмасимдан бурун сезгандим. Буни мен ҳали уларнинг олдига биринчи марта келган кунимоқ сезгандим. Маймунлар одамга ўхшайди, деган тушунча ҳар қанча оммалашиб кетганига қарамай, айтиш мумкин: худди мана шу ўхшашликнинг ўзи улар билан бизни ажратиб турган тафовутни белгилайди. Одамзод билан аксолотль ўртасида тариқча бўлсин ўхшашлик йўқлиги менинг фаразларим тўғрилигини ва мен тасодифий қиёсларга суянмаганимни тасдиқларди. Фақат оёқчалар билан қўлчалар-чи… Аммо калтакесакларнинг оёқчаси шундай бўлгани билан улар одамзодга асло ўхшамайди-ку! Менимча, ҳамма гап аксолотлнинг тилларанг кўзларида эди. Бу кўзлар кўрар ва тушунарди. У таъсир қиларди. Улар махлуқ эмасди, сира.
Шу ўринда турган гапки, бемалол афсоналардан фойдаланса бўларди. Мен аксолотлларни инсонга ўхшаб сирли англаш лаёқатини яксон қилиб юбора олмаган ривожланиш туфайли бошқа кўринишга ўтишлар натижаси деб ҳисоблай бошладим. Ўз баданларига қарам бу онгли мавжудотлар абадул-абад сув остида хаёл суриш ва армон чекишга маҳкум этилганини тасаввур қилардим. Уларнинг хира, нурсиз нигоҳи, ифодасиз, бироқ фавқулодда бамаъни тилларанг кўзлари «бизни халос эт, халос эт» деган унсиз илтижо сингари юрагимни ўртарди. Мен туйқус тасалли бериб шивирлаётганимни, уларни ёлғон-яшиқлар билан умидвор қилмоқчи бўлаётганимни сезиб қолдим. Улар қилт этмай менга қараб тураверишарди: бирдан ойқулоқларнинг оч қизил новдалари диккайди. Дафъатан юрагимда оғриқ турди: балки улар мени кўриб ўзларининг ақл бовар қилмайдиган ҳаётларини англамоққа зўр бераётганимни фаҳмлаб қолишгандир. Улар мутлақо одамга ўхшамасдилар-у, лекин мен, умримда биронта махлуқ билан ўртамизда бунчалик ўхшаш аломатлар кўрмагандим. Аксолотллар кўп нарсани биладиган, бинобарин кўп нарсаларнинг тақдирини ҳал қилганга ўхшарди. Уларнинг мусаффо кўзларида шунчалик бокиралик кўриниб турардики, мен ўзимни беихтиёр айбдордек сезардим. Улар ғумбакчалар эди, аммо бу ғумбакчалар айни чоқда ҳам ниқоб, ҳам шарпа вазифасини ўтарди. Бу маънисиз ва шунинг баробарида қаҳрли ацтекона кўриниш келажакда қандай қиёфага айланаркин?
Мен улардан қўрқардим. Башарти, ёнимда бошқа одамлар ва аквариум қоровули бўлмаса улар билан юзма-юз қолишга журъат қилолмасдим, шекилли. Мени кўнгли бузилган, деб ўйлаганми, қоровул кулгиси қистаб: «Худди еб қўйгудек қарайсиз-а, уларга?» деб пичинг қиларди. У аслида аксолотллар ёвузликларига бориб мени секин-аста ўз домига тортаётганини англамасди. Шиша ҳовуз ёнидан кетиб ҳам аксолотллардан қутулолмас — улар ҳақида ўйлаганим ўйлаган эди. Аксолотллар гўё масофа орқали ҳам менга таъсир қилаётганга ўхшарди. Мен ҳар куни у ерга қатнар, кечалари эса уларнинг зулмат қўйнида қимир этмай осилиб туришлари, қўлларини эринчоқлик билан узатаётиб қўққисдан ўзига узатилган бошқа қўлга тегиб кетишини кўз ўнгимга келтириб ётардим. Уларнинг кўзи кечаси ҳам кўришга қодирдир, балки. Агар шундай бўлса кун билан туннинг улар учун фарқи йўқ. Аксолотлларнинг киприги йўқ эди.
Мен фавқулодда ҳеч нима содир бўлмаганини, бари рўй бериши муқаррар эканини энди биламан. Ҳар куни эрталаб энгашиб шиша ҳовузга қараган пайтларимда уларни тобора яхшироқ тушуна борардим. Аксолотллар азоб чекарди — мен вужуд-вужудим билан уларнинг сув қатламлари аро унсиз чекаётган уқубати, битмас-туганмас жафоларини ҳис қилардим. Улар аллазамонлар — олам аксолотлларга тобе бўлган пайтларда йўқотилган салтанат билан озодлик даврини диққат билан тикилиб топмоқчи бўлишарди, гўё. Уларнинг тош қиёфаларидаги, ноиложликдан пайдо бўлган сокинликни бартараф этган бундай қўрқинчли ифода аламнок муждани билдирмаслиги, улар яшаётган суюқ жаҳаннамдаги абадий изтироблардан огоҳ қилмаслиги амримаҳолдек эди. Мен ҳиссиётга ниҳоятда берилганим натижасида аксолотлларда йўқ бўлган тафаккурни ўйлаб чиқаряпман, дея ўзимни ишонтиришга беҳуда уринардим. Бизлар — улар билан мен ҳаммасини билардик. Шунга кўра юз берган бу воқеада ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ эди. Мен аквариумнинг шиша деворига юзимни босиб қапишиб олганча ёйпардасиз ва қорачиқсиз тилларанг кўзларнинг сиридан воқиф бўлгани зўр бериб тикилардим. Ойнанинг у ёғидаги аксолотлнинг сокин юзини жуда яқиндан кўрдим. У ерга ўтмай, аксолотль ўрнига ойнанинг ортида ўз қиёфамни кўрганимда ажабланмадим. Уни чинни ҳовуздан ташқарида — ойнанинг нариги тарафида кўрдим. Сўнгра менинг юзим узоқлашди-ю, гап нимадалигини фаҳмладим. Фақат бир нарса — бурунгидай ўйлашим ва билишим ажабланарли эди. Англаш — уйқудан тургач, тириклайин дафн этилганини сезган одамнинг даҳшатини ҳис қилиш дегани эди. Менинг юзим ойнага яна яқинлашиб келди, мен азбаройи аксолотлларни тушуниш учун зўр бериш натижасида қимтилган лабларимга қарадим. Мен аксолотль эдим ва энди бир зумда ҳеч нарсани тушунишнинг иложи қолмаганини англаб етдим. У аквариумдан ташқарида эди. Бинобарин, унинг фикрлари аквариумдан ташқаридаги оламга мансуб эди. Унинг танасида яшаганимни билганим ҳолда энди аксолотль эдим ва ўз оламимда яшардим. Мен ўзимни, аксолотль жисмига инсоний тафаккурим билан кўчиб ўтдим, энди онгсиз махлуқлар орасида оқилона яшашга маҳкум этилган аксолотль вужудига тириклайин кўмилдим ва бундан буён унинг абадий тутқуниман, деб ҳисоблаганим сабабли -— буни ўша заҳоти фаҳмладим — юрагимга ваҳима тушди. Бироқ кимнингдир панжаси юзимга оҳиста урилди, хиёл чеккароққа сурилиб менга қараётган аксолотлни кўргач, бу ҳолат ўтиб кетди ва мен унинг ҳам барчасидан огоҳ эканини тушунтириб беролмаса-да, менга ўхшаб ҳаммасини рўй-рост билажагини сездим. Ё мен унинг ҳам вужудида яшардим, ё биз ҳаммамиз қачонки, ҳамма нарса ойнага қапишиб турган одамнинг юзига тикилиб қараётган кўзларимизнинг тилларанг ёғдусидан иборат бўлган чоқда кўнглидан кечаётганини ифодалашга ожиз одамлар каби ўйлардик.
У кўп келарди, энди онда-сонда келяпти. Гоҳо ҳафталаб қорасини кўрсатмайди. Кеча уни кўрдим, у менга узоқ тикилиб турди-да, сўнг шартта бурилиб кетиб қолди. Назаримда у аллақачон бизларга қизиқмай қўйган, бу ерга шунчаки, ўрганиб қолгани учун келаётгандек эди. Ҳамонки ўйлаш менга тақдир экан ва шундан бўлак иш қўлимдан келмас экан, у ҳақида кўп ўйлаяпман. Дастлаб бизлар ҳали туташган пайтимизда у ўзини; ҳар қачонгидан кўра дахлсиз сирга боғлиқдек ҳис қиларди, деган фикр калламга келарди. Аммо уларни боғлаб турган ришта узилди, чунки унинг руҳини эгаллаб келган шайтон инсон ҳаёти бегона бўлган аксолотлга айланган эди. Ўйлайманки, дастлаб мен ҳам маълум даражада — унга айланишим ва унинг юрагидаги бизни яқиндан билиш истагини қўллаб-қувватлашим мумкин эди. Энди мен батамом аксолотль бўлиб қолдим, мабодо одамга ўхшаб фикр юритар эканман, бу барча аксолотллар ўзларининг пушти ранг ғумбакларида одамлар каби фикр юритишларидан. Менимча, мана шуларнинг баъзиларидан ҳали менга айланиб юрган дастлабки пайтларда уни огоҳ қилганман, шекилли. Бу пировард танҳоликда — чунки у энди қайтиб келмайди — менга биргина фикр — ўзим тўқиб чиқардим деган ишонч билан бизлар — аксолотллар ҳақида ҳикоя ёзар балки, деган фикр менга тасалли берарди.

Рус тилидан Олим Отахонов таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 1987 йил, 4-сон.

Аксолотллар тўғрисида обдон ўйлаган вақтларим кўп бўлган. Ботаника боғидаги аквариумга борар ва уларнинг сезилар-сезилмас ҳаракатларидан, қотиб туришидан кўз узмай, соатлаб тикилиб турардим. Энди ўзим ҳам аксолотлман.
Уларни учратиб қолишим бир тасодиф билан боғлиқ бўлиб, узоқ чўзилган қишдан кейин Парижнинг бамисоли товусдек товлана бошлаган пайтига тўғри келди. Мен Пор-Рояль булваридан ўтиб, Сен-Марсель ва Л’Опти-маль булварларини ортда қолдирарканман, кулранг текисликлар ўртасидаги яшилликка кўзим тушди ва хаёлимга арслонлар келди. Менга арслонлар ва сиртлонлар ёқар, аммо шу пайтгача ҳали бирор марта ҳам аквариумнинг зах ва намчил биносига қадам босмагандим. Велосипедимни четан тўсиққа суяб қўйиб лолаларни томоша қила бошладим. Арслонлар тасқара ва ғамгин, менинг сиртлоним эса уйқуда. Аквариумга киришга қарор қилдим. Росмана балиқларга шунчаки кўз қиримни ташлар эканман, кутилмаганда аксолотлларга тўқнаш келдим. Бир соат давомида уларни кузатиб далага чиққанимда аллақачон аксолотл­лардан бошқа ҳеч нарсани ўйлашга қодир эмасдим.
Илоҳий Женевьев кутубхонасида луғат варақлаб ўтириб англадимки, аксолотллар – амблистомлар турига мансуб бўлган жабрали йўлбарс амблистомлари экан. Уларнинг Мексикага мансублигини эса кичкинагина қизғиш башараларидан ҳамда аквариум тепасидаги ёзувдан билиб олдим. Африкадан уларнинг қурғоқчилик бўлганда қуруқликда ва ёмғирлар мавсумида сувда яшай оладиган тури ҳам топилганлигини луғатдан ўқидим. Уларнинг испанча номини ҳам топдим, «охолоте» экан, луғатда эслатилишича бу жониворлар истеъмолга яроқли ва уларнинг ёғидан балиқ мойи ўрнида (менимча ҳозир ишлатилмаса керак) фойдаланиларкан.
Бошқа мақолаларни ўқигим келмади, шундай бўлса-да, эртаси кун яна Ботаника боғига йўл олдим. У ерга ҳар куни эрталаб, баъзида ҳам эрталаб, ҳам кечқурун борадиган бўлдим. Аквариум фарроши энсаси қотган куйи илжайиб йиртарди менинг паттамни. Мен эса шиша деворларни муҳофаза этиб турган темир тўсиққа суянганча уларга қарардим. Бунинг ҳеч қандай ажабланадиган жойи бўлмаса-да, уларга илк дафъа кўзим тушгандаёқ англадимки, биз бир-биримизга боғлиқмиз, қандайдир чексиз узоқларда қолган ва унутилган бир нарса ҳамон бизни туташтириб туришда давом этарди. Буни англаш учун ўша куни эрталаб шиша девор олдида бир дам тўхташ ва сув бўйлаб юқорига кўтарилаётган пуфакларга бир қарашнинг ўзи етарли бўлганди. Аквариумнинг жирканч ва диққинафас (фақат мен билардим у қанчалар хунук ва диққинафаслигини) таглигида қотиб ётган шиламшиқ тошлар орасида тўпланиб туришарди аксолотллар. Улар жами тўққиз дона бўлиб, ҳаммаси тумшуқларини шиша деворга тираганча, олтинранг кўзлари билан томошабинларни кузатардилар. Сукут сақлаётган ва аквариум тубида тартибсиз тарзда қотиб қолган бу жонзотлар олдида кеккайиб турганимдан хижолат чекар ва ўсал ҳолатга тушиб қолгандим. Хаёлан улардан бирини, бироз ўнгда, бошқаларидан ажралиброқ турганини танлаб олдим-да, диққат билан ўрганишга киришдим. Унинг қизғиш ва шаффоф танасида (худди сутранг шишадан ясалган Хитой ҳайкалчаларига ўхшаш) биз – аксолотлларнинг энг сезгир қисмимиз бўлган, балиқларникига монанд, аммо айни пайтда ўн беш сантиметрли калтакесакникидай мурт думи бор эди. Қирорқаси бўйлаб ўтган шаффоф сузгичи думига туташиб кетган бўлиб, нозик, бежирим кичкинагина панжалари, инсонларникидай тирноқчаларидан тамом ҳайратда эдим. Шунда унинг кўзи ва юзи эътиборимни тортди. Олтин каби ялтироқ, аммо ҳар қандай маънодан мосуво, шундай бўлса-да, кўришга қобил игна тўғнагич бошидай келадиган бир жуфт тиллоранг нуқтадан сизиб ўтган нигоҳим сирли ва ҳарир бўшлиқ ичра жо бўлди. Кўзлар теграсини ўраб турган жуда нафис қора нур гардиш унинг гулоби гавдаси ва шу рангдаги учбурчак, суйрисимон ва вақтлар ўтиши билан емирила бошлаган бошига жуда монанд эди. Учбурчак оғзи юз қисмининг тугаган жойида, яъни нақ иягида жойлашган, ён томондан қараганда бир нав кўринса-да, олдидан жонсиз тош устига тортилган ингичка чизиқдай туюларди. Бошининг ҳар иккала томонида қулоқлари ўрнида – жабраси бўлса керак – сувости маржонларига ўхшаш уч донадан қизил бутоқча ўсиб чиққан эди.
Ҳар ўн-ўн беш сонияда бутоқчалар кескин бир силкиниб кўтарилар ва яна ётар, фақат ана шуларга қарабгина унинг тирик мавжудот эканлигини англаш мумкин эди.
Вақти-вақти билан оёқчаларидан бири билинар-билинмас ҳаракатга келарди, мен унинг мўъжазгина панжалари сувости ўтлари устига оҳистагина босилганини кўрдим. Биз умуман тепса тебранмас махлуқлармиз, кўп ҳаракат қилишни ёқтирмаймиз, бунинг устига аквариум ҳам жуда тор, ўрнингдан қўзғалишинг билан кимнингдир думига ёки бошига тегиб кетасан, бу эса норозиликлар ва жанжалларга сабаб бўлади, пировардида – толиқасан. Ҳаракатсиз турсанг вақт ўтганини сезмайсан.
Мен илк марта аквариумга қараганимда айнан ана шу ҳаракатсизликдан сеҳрланиб қолгандим. Назаримда, унинг чексизликни ва вақтни ана шундай бефарқ ҳаракатсизлик билан сувга ғарқ қилишдек сирли истаги борлигини ғира-шира пайқаб қолгандим. Кейин мен тушундим: жабралар ҳаракати, нозик оёқчаларнинг тошга оҳиста босилиши, тўсатдан бўладиган силкинишлар (улардан айримлари гавдасини тўлқинсимон ҳаракатлантирганча суза олардилар) шуни англатардики, улар гоҳида соатлаб жонсиздек қотиб туриш ҳолатидан уйғона олишлари ҳам мумкин эди. Ҳаммасидан кўра уларнинг кўзлари мени кўпроқ ҳаяжонга солди. Улар билан бақамти турган бошқа аквариумлардаги балиқларнинг бизникига монанд кўзларида маъносизликдан бошқа ҳеч нарса зуҳур этмасди. Аксолотлларнинг кўзлари эса менга бу ҳаётдан бошқа ҳаёт ҳам борлигини, дунёга бошқачароқ назар солиш ҳам мумкинлигини англатиб турарди.
Юзимни шишага маҳкам босиб (гоҳида фаррош хавфсираб йўталиб қўярди) чексиз сокинликка ва поёни йўқ дунёга олиб кирувчи кичкина олтинранг соққачаларга тикилардим. Улар юзини тақаб турган шишани бармоқ билан чертиш фойда бермас, бари бир ҳеч қандай ҳаракат сезилмасди. Олтинранг кўзлар ўзидан гўёки нафис ва қўрқинчли нурлар таратиб менга тикилиб туришар ва бу ҳудудсиз чуқурликдан бошим айланарди.
Барибир улар бизга нақадар ўхшаш! Шундайлигини мен анча аввал, ҳали аксолотлга айланиб улгурмасимдан пайқаган эдим. Мен буни ўша куни, уларнинг олдига яқинлашган онимда билгандим. Маймунларнинг одамларга ўхшаб кетиши тўғрисидаги фикрлар қай даражада кенг тарқалган бўлмасин, уларни биздан жуда узоқ масофалар ажратиб туради. Инсон билан аксолотл ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик йўқлиги менинг фикрим тўғрилигини, мен оддий таҳлилга асосланиш билан чекланмаганимни кўрсатди. Фақат кафтлари, қўллари… лекин калтакесакнинг панжалари ҳам шундай, аммо улар бизникига ҳеч ҳам ўхшамайди. Ўйлайманки, ҳамма гап аксолотлларнинг олтин кўз­ли учбурчак шаклидаги ниқобдор бошларида. Бу англатиб, кўрсатиб турарди. Бу даъват этиб туради. Улар ҳайвон эмаслар.
Бу ҳолатда афсоналарга мурожаат этиш маъқул ва ўнғай. Мен аксолотлларнинг кескин ўзгаришга дучор этилгани, аммо улардаги сирли инсоний моҳиятни маҳв этиш имкони бўлмаганини англадим.
Менинг назаримда, ўз вужудларининг қўллари бўлган – бу жонзотлар сувости сукунатига ва ададсиз мулоҳазага ҳамда иложсиз тушкунликка мангу ҳукм қилингандирлар. Уларнинг шабкўр нигоҳи ҳеч қандай маъно англатмайдиган, айни пайтда юракка ҳарорат солишга қодир ақлли олтин соққасимон кўзлари менинг қалбимга чуқур ботиб борар ва мана бундай даъват этарди: «Қутқар бизни, бизни қутқар».
Ногоҳ уларга қараб умидбахш сўзларни шивирлаётганимни ва болаларча орзуларга ишонтирмоқчи бўлаётганимни пайқаб қолдим. Улар қилт этмай менга қараб туришаркан, жабраларининг пуштиранг новдалари ҳаракатга келди. Шу лаҳзада мавҳум бир оғриқ вужудимни сирқиратиб ўтди, улар мени кўришди, ўзларининг англаб бўлмас ҳаётларига кириб олишга уринаётганимни балки тушунишди. Шубҳасиз улар инсон зотига мансуб эмасдилар, лекин мен бошқа бирорта жонзотда ўзимга бу қадар яқинликни кўрган эмасман. Аксолотллар гўё нимадандир хабардордай, гоҳида ваҳимали ҳакамдай туришарди. Ўзимни гуноҳкор ҳис этдим, уларнинг тиниқ кўзларида этни жунжиктириб юборадиган беғуборлик намоён. Улар ғумбак эдилар, лекин ғумбак, бу ниқобни англатади, шу билан бирга шарпани билдиради. Бу ниқоб серифода ва айни пайтда қатъиятли. Унинг ортида қандай башара ўзини намоён этаркин?
Мен улардан қўрқардим. Ўйлайманки, агар атрофимда томошабинлар ва фаррош бўлмаса, улар билан ёлғиз қололмасдим. «Сиз уларга еб қўйгудек тикиляпсиз» деди фаррош кулиб, афтидан мени бироз телбатабиат ҳисоблаб. Аксинча, улар ўзларининг олтинранг одамхўр кўзлари билан мени еётганларини тушунмасди у.
Аквариум олдидан қанча узоққа кетмай, бари бир улар тўғрисида ўйлардим, гўё улар узоқ масофадан туриб ҳам менга таъсир ўтказмоқда эдилар. Мен у ерга ҳар кун борадиган бўлдим, кечалари уларнинг қоронғуликда қилт этмай муаллақ туришларини тасаввур қилар, бир-бирларига шошилмасдан қўл узатаётганларини ва дабдурустдан ўзга қўлни тутиб олаётганларини гўёки кўриб турардим. Балки уларнинг кўзлари қоронғуликда ҳам илғар, шундай бўлгач аксолотлларнинг қовоқдан маҳрум кўзлари учун ҳамиша кундуз.
Энди менга маълум, бу ерда ҳеч қандай ғай­ритабиийлик йўқ, ўзи шундай бўлиши керак эди. Ҳар кун эрталаб аквариум устига энгашарканман, уларни кўпроқ англай бошладим. Улар изтиробда – ва мен вужудимнинг ҳар бир ҳужайраси билан уларнинг тилсиз изтиробларини, сув қаватларида қотиб қолган азобларини ҳис этдим. Улар гўёки қандайдир бой берилган озодликка, дунё аксолотлларга мансуб бўлган замонларга тикилиб қолган эдилар. Бундай ваҳимангиз нигоҳларнинг тош қотган юзлардаги мажбурий ҳаракатсизликни мадҳ этиши ишончсиздай кўринар, бу қайғули хабарни англатишга, улар яшаётган суюқ дўзахнинг гувоҳи бўла олишига ишониб бўлмасди. Ҳиссиётларим шу қадар ўткирлашиб кетгандики, мен аксолотлларнинг ақли бор деб ўзимни ишонтирмоқчи бўлардим. Буни улар ҳам, мен ҳам билардик. Ҳеч қандай ғайритабиий воқеа юз бермаганлиги ҳам шуни англатарди. Менинг юзларим аквариум шишасига тақалиб турар, нигоҳим рангдор пардалардан мосуво олтинсимон қорачўғсиз кўзларга тикилиб уларнинг сирини англашга интиларди.
Мен шиша девор орқали аксолотлнинг ҳаракатсиз юзини жуда яқиндан кўриб турардим. Ундан нигоҳимни олмасдан, ажабланмасдан шиша ортида ўз юзимни кўрдим, аксолотлнинг юзи ўрнида меники турарди. Аквариумнинг ичида эмас, аквариум шишасининг бошқа томонида турарди. Кейин менинг юзим ўрнидан қўзғалди ва мен гап нимадалигини тушундим.
Фақат бир нарса ажаблантирарди: ўйлашни аввалгидай давом эттириш керак. Буни англаш ногаҳонда ўзига келиб ўзининг тириклай кўмилганлигини англашдек вужудни музлатиб юборарди. Мен яна юзимни шишанинг ташқи томонига босдим, лаблардан иборат ўз оғзимга қарадим. Аксолотлларни англаб олиш мақсадида маҳкам жуфтлашиб турган лаблардангина иборат ўз оғзимга қарадим. Мен аксолотллигимни анг­ладим ва шу лаҳзанинг ўзида тушундимки, бошқа ҳеч нарсага идроким етмайди.
Аксолотл аквариумдан ташқарида ва унинг уйлари ҳам аквариум ичида эмасди. Буни била туриб ва айнан аксолотл эканимни англай туриб, мен энди ўз оламимда зоҳирлигимни ҳис этдим. Қўрқиб кетдим, ўзимни аксолотлнинг вужудига қамаб қўйилганлигимни, тирик­лай аксолотл ичига ўз инсоний шуурим билан кўчиб ўтганлигимни, унинг ичига тириклай кўмилганимни, онгсиз жониворлар орасида ўз онгим билан яшашга маҳкумлигимни бирдан англаб қолдим ва баттар қўрқиб кетдим. Лекин бу ҳолат чекинди, ўзимни бирозгина ён томонга оларканман, кимнингдир панжаси юзимга тегди, менга тикилиб турган аксолотлни кўрдим, у ҳам ҳаммасини тушунар, ҳаммасини аниқ-равшан билиб турар, аммо буни сўз билан ифодалай олмасди.
Ёки мен унинг ичида эдим ёки биз ҳаммамиз олтинранг кўзларимиз ёғдусини, аквариум шишасига босиб турган кишига тикиб турганимиз сабабли ўз фикрини сўз билан ифодалашга ожиз одамларга ўхшардик.
У кўп марта олдимизга келди, аниқроғи камнамо. Гоҳида ҳафталаб ўзини кўрсатмайди. Бир гал уни кўрдим. Мендан узоқ кўз узмади, кейин ортга кес­кин бурилди-да, кетворди. Назаримда, энди унинг бизга қизиқиши сўнган, шунчаки одатланиб қолгани учунгина келади. Модомики шундай экан, қўлимдан келадигани фақат ўйлаш, мен уни ҳар кун ўйлайман. Бошимга шундай бир фикр келди, назаримда, биз авваллари бир тану бир жон эдик ва у ўзининг муқаррар бир сир билан боғлиқлигини ҳис этарди. Энди унинг аксолотлга айланиши ва инсонларга бегона бўлиб қолиши натижасида юз берган тошқин туфайли уларни боғлаб турган кўприк бузилди. Дастлаб мен маълум даражада аксолотлларга айланиб қолишим мумкинлигини, аҳ, маълум даражада, ва бизни яхшироқ англаш учун унга мададкор бўлиб туришни ўйлардим. Энди бўлса, тамоман аксолотлга айланганман. Ва агар инсонлардек фикрлаётган бўлсам бунинг сабаби шундаки, барча аксолотллар ўзларининг пуштиранг тош ғумбаклари ичида ётиб худди инсонлардек фикрлай оладилар. Назаримда бор қилган ишим ўша дастлабки кунлар, ҳали инсонлик пайтимда, унга айрим нарсалар тўғрисида хабар етказганим бўлди. Ва энди бу танҳоликда – модомики у қайтиб келмас экан – балки у биз тўғримизда бирор нарса ёзар, аксолотллар ҳақида ҳикоя ўйлаб топар деган фикргина менга тасалли берарди.

Рус тилидан Неъмат Арслон таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.