Маҳмуд Таймур. Салом пошонинг холаси (ҳикоя)

Камолбек “Ал Жунд” қаҳвахонасида дўстлари билан ҳар доимгидек қаҳвахўрлик қилиб, чилим тортиб ўтирарди. Қўлида ҳозиргина сотиб олинган газета. Кечки пойтахт газетасининг одатда таъзияномалар бериладиган жойида, йўғон ҳошия ичига олинган каттагина таъзиянома босилганди. Унда шундай дейилган:
“Оғир мусибат, мудҳиш жудолик! Аслзодалар ичида ўз муруввати ва шарафли фаолияти билан донг таратган, собиқ ҳукумат амалдори муҳтарам жаноби олийлари Муҳаммад Салом пошонинг меҳрибон холалари бандаликни бажо келтирдилар. Улар ўзларининг Шаржадаги қасрида, ҳатто ҳозиқ табибларни ҳам ожиз қолдириб, узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг ҳаётдан кўз юмдилар. Марҳума жасади эртага эрталаб соат тўққизу ўттизда махсус поездга солиб, соат роппа-роса ўнда вокзалдан жўнаб кетади. Майит ва жиянининг мавқеи важидан дафн маросимида кўплаб таниқли шахслар иштирок этиши кутилмоқда”.
Камолбек кўзга яққол ташланган бу хабарни диққат билан ўқиб чиққач, хандон отиб кулиб юборди ва атрофидагиларга қараб:
– Фавқулодда муҳим хабар, дўстлар! – деди.
Ҳамма унга ҳайратланиб қаради. Камол кулиб давом этди:
– Салом пошонинг холаси оламдан ўтибди.
Суҳбатдошлардан бири ҳайрон бўлиб сўради:
– Бунинг нимаси кулгили?
– Мен унинг холаси борлигидан бехабар эдим.
У яна кулди. Дўстларидан бири Камолга қараб:
– Мен эса бу ҳақида эшитганман, – деди.
– Ажабо!
– Ажабланишга ҳаққинг бор, чунки унинг борлигини ҳаммадан яширишарди. Салом пошо ўз холаси ҳақида одамлар ҳеч нима билмасликларига ҳаракат қилар эди.
– Нимага ундай қилган экан?
– У шов-шувдан қўрқарди. Шаржа яқинидаги кулбасида қўл учида кун кўраётган фақир холаси борлигидан одамлар хабар топса, нима бўлишини биласанми?
Ҳамма Рифъатбек томон ўгирилиб олди, Камолбек яна сўради:
– Бундан чиқди, газетада таъкидланган марҳума оламдан ўтган қаср аслида йўқ нарса экан-да?
– Албатта йўқ. Салом пошо холасининг танг аҳволдалигини, фақирона яшашини билса ҳам, ёрдам бермасди. Мен аниқ биламанки, у холасига охирги йилларда бошқарувчи воситасида эллик қурш берган, холос. Салом пошо у билан қариндошлигини инкор қилган, аммо бечора аёл, аксинча, турли йўллар билан ундан ёрдам олиш учун ҳаракат қилиб келган. Бироқ пошо бу қариндошидан қочар ва ҳазар қиларди. Чунки холаси пошонинг оғир ва қора ўтмиши билан боғловчи ягона ришта эди. Ўша машъум кунларда пошо ўзининг оддий кўк кўйлаги ва қўпол жунқалпоғини кийиб, мол боқар, товоқ бошига қўйиб, далада ишлайдиган отасига тушлик олиб борар эди.
– Қизиқ. Сен булар барини қаердан биласан, Рифъатбек?
– Мен буларни Салом пошо тарбия топган оиланинг бир аъзосидан эшитганман. Салом пошо ҳақида қайғурган оила бошлиғи меҳрибон ва очиққўл одам эди. У Саломни қаноти остига олиб, ўз ўғиллари қаторида Қоҳирадаги бошланғич мактабга беради ва то шаҳодатнома олгунича ўқиш пулини ҳам тўлайди. Саломнинг ўрта мактабда ўқишни давом эттиришга лаёқатсизлиги маълум бўлгач, валинеъмати, ўзи таниган одамларга ялиниб-ёлвориб, уни ҳукумат идораларидан бирига оддий югурдак бўлиб ёлланишига ёрдам беради. Салом ўз мавқеийда яхши ўрнашиб, мансаб пиллапояларидан анча юқорилаб олгач, оддий ва итоаткор ўспирин бориб-бориб ўжар ва такаббур одамга айланди. Унинг омади чопгандан-чопди, тез орада катта лавозимларга ўтди ва димоғи баттар шишиб кетди. Саломнинг феъл-атворидаги ғаразгўйлик тўлиқ ошса ошдики, камаймади. У ўтмиш билан боғлиқ ҳамма нарсани, ҳатто уни тарбиялаб ўқитган, унинг омадли келажагини таъминлаган кишини ҳам унутди. Ҳа, дўстлар, Салом нонкўр чиқиб қолди ва энди ношукурлиги бундан-да ошса, ажаб эмас. Биз бу одамнинг феълини яхши биламиз ва ана шу сабабдан мен у ҳақда айтилган юқоридаги гапларга ажабланмадим.
– Наҳотки, ана шу бечора холасидан бошқа унинг қариндошлари қолмаган бўлса?
– У ягона тирик қолган қариндоши эди. Холасидан нафратланиши ва уни тан олишдан орланишининг асосий сабаби ҳам ана шунда.
– Лекин у барибир холасини тан олибди-ку.
– Ҳа, ўлимидан кейингина тан олди.
– Энди тан олишнинг нима кераги бор?
– У бу ишни шуҳратпарастлиги сабабли қилмоқда. Салом холаси ҳаётлигида арзимас нарса берган бўлса, энди у вафот этганида катта пуллар сарфлайди. Бундан мақсад – умри давомида ортидан қувган ва ягона қувончи деб билган сохта асъасаю дабдабага қараб интилишдан бошқа нарса эмас. Зотан бу тантанали мотам ва дабдабали дафн маросими ўзини кўрсатишдан бошқа яна нима ҳам бўлиши мумкин? Мамлакатнинг кўзга кўринган арбоблари, оқсуяк зодагонлар ва ҳукуматнинг олий мавқели амалдорлари ушбу тантанали маросимда қатнашиб, ҳамдардлик билдиришлари, тасалли беришлари пошога хуш ёқмайдими?
Камолбек кулди:
– У ақлдан озган! Мен ана шу маросимда иштирок этиб, у ерда рўй берадиган қизиқ воқеаларни кўришни жуда истардим.
– Нимага? Сен бу одамни танимайсан-ку?
– Сен қанчалик билсанг, мен ҳам шундай.
– У ҳолда, жанозага бориш учун нима сенга монелик қилади?
– Мен эртага далага боришим керак.
Ўтирганлардан бири маслаҳат берди:
– Сен унга телеграмма жўнат.
– Сен ҳақсан, худди шундай қиламан.
Рифъатбек:
– Мен эса жанозага бориб, у ерда кўрганларимни сенга айтиб бераман – деди.
Камолбек қошиқни тақиллатиб, хизматчини чорлади-да, қоғоз ва қалам олиб келишни буюрди. Ўзи эса, телеграмма матнини тузишга киришди. Ўйлаб туриб:
– Лекин бу аҳмоққа нима деб ёзишни ҳам билмайман, – деди.
– Қисқароқ ёзавер, дўстим. Масалан: “Биз ҳаммамиз Аллоҳники ва Унга қайтажакмиз”.
– Бу етарли эмас, Рифъатбек. У мени бахил деб ўйлаб, назарга илмай, устимдан кулсинми? Шундай телеграмма ёзиш керакки, қиймати ўттиз қуршдан кам бўлмасин…
Кейин у Ҳуснибекка юзланди:
– Сен менга мана шу одамга ўз ҳамдардлигимни билдириш учун бир неча қайғули ва таъсирчан сўзларни айтиб туролмайсанми?
Ҳуснибек бу давранинг шоири саналар эди. У Камолбекка узоқ тикилиб туриб, сўнг сўради:
– Насрда бўлсинми ё назмдами?
– Насрда бўлгани яхшироқ, осон ва тушунарли бўлади, ҳолбуки бу одам ўзингизга маълум, нодон ва аҳмоқ.
– Бўлмасам, ёз!
Ҳуснибек айта бошлади.
– Бу нима, дўстим? Сен назмда айтаяпсан, мен сендан насрда сўрадим-ку.
– Бу ҳали бошланиши. Киши ўз қайғусини изҳор этмоғи лозим. Ёз, ёз…
“Мен бугун бошингизга тушган оғир мусибат – меҳрибон ва муниса аёл, хонадонингиз устуни меҳрибон холангиз вафоти ҳақидаги хабарни ниҳоят даражада ғам-ғуссага ботиб ўқидим. Холангизни Худо ярлақасин, менинг самимий ва чин дилдан ҳамдардлигимни қабул этгайсиз. Аллоҳ сабрингизни мукофотлаб, умрингизни узоқ қилсин. Марҳумани ўз раҳматига олган бўлсин.
Маҳзун ва қайғуга ботган Камол”.
– Баракалла, Ҳуснибек. Бироқ, бу телеграмма қирқ ё эллик қурш чиқса кераг-ов.
– Ҳечқиси йўқ!
Ўтирганлар орасида илгари Салом пошони кўрмаган ва у ҳақда ҳеч нима эшитмаган Носирбек ҳам бор эди. Унинг бу борада бугун эшитганларидан кўра, кўпроқ нарсаларни билгиси келди.
– Бу жоҳилнинг кўриниши қандай? – Камолбекдан сўради. – Ёши нечада? Билганича менга гапириб бер-чи.
Камолбек чўнтагидан портсигарасини чиқариб, дўстларига тутар экан, деди:
– Салом пошо – барваста, баланд бўйли киши. Унинг юзи буғдойранг, деярли қоп-қора, кўп ичкилик ичганидан доим қизариб юради. Қизарган кўзлари атрофидаги кўкиш ҳалқалар унинг қартайганидан далолат. У бадбашара, юзидаги чечакдан қолган излар “ҳуснига кўрк” қўшади. Эллик бешга борган бўлса ҳам ҳамон суюқоёқ. Ақлли одамлар сахий бўлган ўринларда бахил, улар аҳмоқона деб билган нарсаларга эса, пулни сувдек сарфлайди. Нодон ва уқмаган, у фақат ташқи ялтир-юлтур ва ёлғон шарафга қўлидан келган барча имкониятларни – иккиюзламачилик, лаганбардорлик, сотқинлик, алдов ва пулни ишга солиб интилади. У ўрта мактабда омадсизликка юз тутган ҳамоно валинеъматининг тавсияси орқали амалдор бўлди. Салом лаганбардорлик билан мансаби ошиб, юқори мартабаларга кўтарилди ва ҳаром йўл билан мол-дунё орттирди. Ерлар сотиб олди, қасрлар қурди ва энг бадавлат одамлардан бирига айланди. Ахийри унинг қалбаки ишлари очилди ва уни ҳукумат ишидан шармандаларча ҳайдашди. У яна лаганбардорлик ва пасткашлик йўлига ўтиб бўлса ҳам, ҳар тарафдан пул оқиб келадиган ўрнини сақлаб қолишга интилди. Аммо пошога ҳеч ким ёрдам бера олмади ва билишимча, анчагина сармоя ва машҳурлик билан ўз аризасига мувофиқ ишдан кетди. Кишилар бу можарони тез унутдилар ва бироз вақт ўтмасдан унинг исми яна Қоҳирада ҳурмат ва эътибор билан тилга олина бошлади. Бугун эса, у атрофдагиларга ўз таъсирини ўтказа олар даражада машҳур, муҳташам қасрида тўкин-сочинликда ҳаёт кечирмоқда.

* * *

Мартабали шахслар, ўнлаб машҳур қорилар, узун жун қалпоқ кийган сўқир ва дарвешлар, исириқ тутатувчилар, оқ салла ўраб, яшил ридо кийган турли тариқат шайхлари, барча тоифадаги ходимлар иштироки билан жаноза дабдабали ва тантанавор ўтди. Олдинда тўрт сандиқ мева ва ширинликлар ортилган икки туя турибди. Бу каффора деб номланади…
Салом пошо жаноза учун махсус сотиб олинган қора ридо ва янги қора ялтироқ пойабзал кийиб, маҳзун ва ғамгинроқ кўринишга ҳаракат қилган. Лекин унинг овозидан бу ясамалик аниқ сезиларди. У ҳамсуҳбатларига меҳрибон марҳуманинг қадр-қиммати ҳақида сўзлар, ғам-андуҳини васф этар, уни эъзозлаб ҳурматлагани, холаси ҳам ўз ўрнида унга оналарча ғамхўр бўлганидан гапирарди.
Бу вақтда эса унинг иш бошқарувчиси дўстларидан бирининг қулоғига:
– Агар пошо холаси тириклигида унга мана шу дафн маросимига кетказган маблағининг ўндан бирини берганида, бу уни умрбод қашшоқликдан қутқарган бўлар эди… Пошо менга тўртта сандиқни энг лаззатли мевалар ва ширинликлар билан тўлдиришни буюрдики, холаси уларни хаёлига ҳам келтирмаган. Марҳума устига раҳматлар ёғилиши ва номини абадийлаштириш мақсадида уларни бечораларга тарқатишим лозим.

* * *

Оқшом чўкди. Салом пошо яшайдиган кўчадаги йўлларда чироқлар порлай бошлади. Чироқлар шу қадар кўп эдики, йўловчилар ўзларини гўёки танти бир бойваччанинг кечки шодиёнасига кириб қолгандек ҳис қилардилар. Чиройли матолар билан ўралган, қимматбаҳо гиламлар тўшалган, кўз қамашар даражада ёритилган муҳташам чодир одамлар билан тўлган, номи чиққан қориларнинг Қуръон тиловати қулоққа чалинди. Салом пошо сел бўлиб ўтирарди. Атрофдан таомлар тайёрланаётгани ва дас­турхонлар тузалаётганининг шовқини келарди. Салом пошо яқин дўстлари ва юксак мартабали кишиларга энг сара ва тансиқ ноз-неъматларни тортишни буюрди.
Пошо ҳамдардлик билдириб келган меҳмонларни мулозамат билан кутиб олиб дастурхон олдига борди ва хизматкорларига бир ишни буюриб бошқасини тўхтатиб, ниманидир талаб қилиб ё рад этиб, баланд овозда фармойишлар бера бошлади.
Кейин ўз ўрнига қайтиб, яна меҳмонларни оралаб ўтар экан, қайғусини намойиш этишга тиришди ва оғир хўрсиниб, марҳуманинг фазилатлари, унинг вафоти ҳамда бу машъум хабарни эшитгач, қандай ғам-ғуссага ботганлигини гапирди.
Қори Қуръондан бир сурани тамомлаб, юзига фотиҳа тортгач, меҳмонлар Салом пошога ҳамдардлик билдириб, тарқала бошлашди. Чодирда пошо ва унинг яқин гумашталаригина қолди.
Пошо оёқларини бир-бирига чалиштириб ўтираркан, дастрўмоли билан терини артиб, елпина бошлади. Сўнг чуқур нафас олиб:
– Уҳ, роса чарчадим! Маросимлар бу қадар қийин бўлишини билмаган эканман, – деди.
Пошонинг ёнида калта мўйлов ва сийрак соқоллик, итоаткор ҳамтовоқларидан бўлган кўримсиз бир чол қўлларини арта туриб деди:
– Нимасини айтасиз, албатта, чарчадингиз, агар сиз чарчамаганингизда маросим бу қадар дабдабали ва тантанавор ўтмасди. Ёшу қари ҳамма бу ерда кўрганларини гапириб юради энди.
Пошо унга жавобан янада қаттиқроқ уҳ тортиб, хўрсинди:
– Қасам ичаманки, Абдунаби, кеча оқшомдан бери мижжа қоқмадим, бир дақиқа бўлса ҳам ўтириб дам олишга фурсатим етмади. Сен ўзинг кўрдинг, кечқурун қанча меҳмон келганини. Уларни ёлғиз қолдира олармидим?
– Албатта, йўқ. Бу сиздек одамнинг қўлидан келмас.
– Мен бир неча бор уларни айланиб ўтиб, таъзиялари учун ўз миннатдорчилигимни билдирдим. Дастурхоннинг қандай тузалгани ва таомларнинг қандай тортилганини ўзим назорат қилдим. Бу борада хизматкорлардан биронтасига ишонишим мумкинмиди?
– Йўқ, пошом, йўқ. Сиз доим ҳамма нарса ҳақида фақат ўзингиз қайғурасиз.
Абдунаби бир эснаб олиб, давом этди:
– Аллоҳ таоло, унинг пайғамбари ва барча муқаддас нарсаларга қасамки, мен умрим давомида бугунгидек тотли таомларни емаганман ва ҳеч қачон бундай тантанали, дабдабали маросимни кўрмаганман. Марҳума холангизнинг руҳи поклари ҳозир бошингиз узра чарх уриб, унинг олдидаги ўз муқаддас бурчингизни адо этганингиздан миннатдор бўлмоқда.
Абдунаби яна эснади, сўнг, кетиш учун изн сўради. Пошо унинг бу лаганбардорлиги ва мақтовларига миннатдорчилик юзасидан қўлини узатар экан, киссасига пул солиб қўйди.
Шундан сўнг пошо бир керишиб, баланд овозда чақирди: – Азиз афанди! Дид билан кийинган ўттиз саккизлардаги бир киши пошонинг хос котиби вазифасида эди. У олдига яқинлашганда пошо бир ўқрайиб:
– Жаноза маросими менга умуман ёқмади. Мен сенинг бу қадар кам маблағ сарфлаганингдан ҳайронман… Одам дегани ҳам бу қадар қурумсоқ бўладими? Ахир пуллар менинг чўнтагимдан чиқаяпти-ку…
– Мен бахиллик қилибманми?! Лекин жаноза ҳаддан ташқари дабдаба ва асъаса билан ўтди-ку!
– Ёлғон!
– Маросим уч юз метрга чўзилди ва пойтахтнинг энг катта кўчасини тўлдирди. Биз ҳатто барча муҳим йўналишлардаги трамвайларни тўхтатиб қўйдик ва бутун ҳаракат анча вақтгача тўхтаб қолди. Бирон-бир фойтун ёки автомобилга маросимни қувиб ўтиш ёки кесиб ўтишга имкон бермадик. Сиз жаноби олийлари дарвешларни кўрмадингизми!? Биз уларни бутун Қоҳира бўйлаб тўпладик. Олдинда борган қориларни айтмайсизми!? Исириқ ва хушбўй тутатқилар тутатган бир гуруҳ одамларга кўзингиз тушгандир?! Улар бизга оз-мунча пулга тушмади. Мен уларнинг ҳар бирига янги белбоғ сотиб олдим, ҳайдовчи – уста Абдуга уларнинг кийимларини бензин билан ювиб бериш ва Халилга эса уларнинг турбушларини дазмоллашни буюрдим.
Хизматкор ва яқинларингиз борасида эса, жаноби олийлари ўзингизга маълумки, уларнинг ҳар бирига янги либос ва оёқ кийим харид қилдик. Улар барчанинг эътиборини тортдилар. Қасамки, эй хўжам, кўчаларнинг икки тарафида одамлар ҳурмат ва сукут билан жаноза маросимининг дабдабасини кузатиб турдилар. Улар бу кимнинг жанозаси деб сўрадилар ва мен баланд овозда уларга Салом пошонинг холалариники – дедим, улар сидқидилдан таъзия изҳор қилишди. Жаноби олийлари, наҳотки сиз қашшоқлар мева ва ширинликлардан олганларида сизни дуо қилганларини эшитмадингиз?! Уларнинг овозлари ҳатто қорилар тиловатини ҳам босиб тушди.
Пошо котибининг сўзларини завққа тўлиб, кибрланиб тинглади. Бироқ, сўнгида у хўмрайиб олди ва Азиз афанди сўзини кесиб, яна ўшқирди:
– Полиция-чи? Аҳмоқ, у қаерда эди? Холамнинг жанозасида атиги икки отлиқ ва тўрт пиёда полициячи иштирок этиши уят эмасми?
– Қасам ичаман, жаноби пошо, менга бундан ортиғига рухсат беришмади.
– Сенга рухсат беришмади?! Абдукарим пошо онасининг жанозасида ўнта чавандоз ва йигирмата пиёда полициячига рухсат беришганди-ку.
– Жаноби олийлари, биласизми, ҳар ҳолда Абдукарим пошонинг бугунги мавқеи…
Салом пошо унинг гапини бўлди:
– Бас, гапимга қулоқ сол! Авваламбор, мен шуни аниқ биламанки, сен эътиборсизсан. Қандай уят?! Холамнинг жанозасида менинг бугунги ҳолатим ва ўтмишда ҳукуматда қилган хизматларимга мутаносиб равишдаги етарли миқдорда полиция ходимлари бўлмаса?! Мени бўлса, мамлакатга донғи кетган одамлар танийди! Энди улар мен ҳақимда нима деб ўйлашади? Мен одамларнинг бу ҳолдан ажабланишларини олдиндан сезиб турибман. Бунинг ҳаммаси сен туфайли!
– Сиз фақат мақтовларнигина эшитасиз.
– Сен эртагаёқ ўз хатоингни тўғрилашинг лозим.
– Буюринг, амрингизга мунтазирман.
– Газеталар дафн маросими ҳақида хабар ёзишсин, тантанани батафсил ёритсинлар, иштирок этган машҳур кишиларнинг исмлари берилсин ва тобутни кузатиб борган полициячилар сони кўрсатилиши керак.
– Жаноби олийлари дафн маросимида нечта полициячи иштирок этишини истар эдингиз?
– Қирқта пиёда ва ўттизта отлиқ.
– Худди шундай бўлади.
– Сен газетада дафн маросимининг дабдабаси, анвойи дастурхон, қориларнинг машҳурлиги каби барча нарсаларнинг хабарини беришинг керак. Газетачиларга сахийлик қил, ҳаргиз қурумсоқлик қила кўрма.
– Ҳаммаси сиз истагандек бўлади.
Пошо қаттиқ эснади, бир оз сукут сақлаб, сўнг овозини пасайтириб гапирди:
– Сен қўшиқчиларга бўнак бериб қўйдингми?
– Ҳа, жаноби олийлари, наҳотки базм ўтказмоқчи бўлмасангиз?
– Албатта, ўтказаман, ким ўтказма дебди? Мен бошқача бўлиб қолишни истамайман. Мен доим ўтказиб келадиган шўх базмлар давом этаверади. Мотам маросимига келсак, сен ҳаммасини ўзинг биласан. Ёки берган буйруқларимни яна бошқатдан қайтарайми?
– Йўқ, шарт эмас, ҳаммаси тушунарли.
– Сенга бир нарсани тушунтиришнинг ўзи бўлмайди. Дафн маросимидан уч кун ўтиб, ҳар оқшом қориларни бу ерда – уйда ва мозорда тўплайсан… Ҳар кеча то қирқинчи кунгача… Бунинг ҳаммаси марҳуманинг ҳурмати ва одамлар олдидаги вазифамиз юзасидандир… Уқдингми?
– Уқдим, хўжайин.

* * *

Оқшом пайти Абдунаби пошога Азиз афанди томонидан газетага берилган мотам маросимига оид хабарни ўқиб берар эди. Пошо диққат билан тинглар, боши билан тасдиқ ишорасини қилар эди.
Мақолада дафн маросими батафсил ёритилган, унда иштирок этган машҳур шахсларнинг исмлари номма-ном қайд қилинган, тиланчиларга улашилган садақаю эҳсонлар, одамларнинг марҳумани хотирлаб йиғлаганларию, уни дуо қилиб Аллоҳдан марҳамат сўраганлари, ўз бурчини маромига етказиб бажарган пошонинг кўрсатган ғайрати ва ҳиммати мақталган эди…
Хабар “Маҳобатли манзара” номи билан босилган бўлиб, у қуйидагича бошланган: “Газета босиш учун тайёр бўлган чоғда, биз махсус мухбиримиздан муҳим бир хабар олдик ва жаноби олийлари Муҳаммад Салом пошо ҳамда у кишини билганлар ҳаққи-ҳурматини эътиборга олган ҳолда, мазкур хабарни газетага жойлаштиришни лозим деб топдик”.
Шундан сўнг “зоти шарифлари” ва “жаноби олийлари” деб бошланувчи узундан узоқ исмлар рўйхати берилган, полициячилар ва уларнинг сони алоҳида қайд этилган эди.
– “Тобутни ўттизта чавандоз ва қирқта пиёда полициячилар ўраб олган ҳолда кузатиб бордилар”.
Пошо мамнун бош силкиди:
– Бу тўғри. Улар бу хизматни сўраганимизда рад этмадилар, агар мен бундан-да кўпроқ сўраганимда ҳам, ҳеч ким менга йўқ дея олмасди.
Абдунаби қўлларини арта туриб:
– Сиз ғоят машҳур одамсиз. Наҳотки, сиздек ҳукуматга садоқат билан хизмат қилган кишига рад жавобини беришлари мумкин?
– Абдукаримнинг онасига бўлган жанозада полициячилардан бор-йўғи саккиз нафар иштирок этган эди, чамамда…
Абдунаби ўқишда давом этди. Хабарнинг охирида бундай дейилган эди:
“Пошо ҳазратлари, Аллоҳ ул зотнинг умрини узоқ қилсин, жуда ғамгин ва қайғуга ботган ҳолатлари барчада самимий ҳамдардлик ҳиссини уйғотди”.
– Бу тўғри… Бу жуда тўғри. Сиз жуда маҳзун эдингиз, хўжам.
– Нима ҳам қила олардик. Аллоҳнинг иродаси.

* * *

Пошо ва унинг ҳамтовоғи газета ўқиб, суҳбатлашиб ўтирган чоғларида, оёқда аранг қилпиллаб турган бир қари чол қаср остонасида ўтирарди. У ёнгинасидаги қаср соқчиси берган тамакини тутатарди.
Бу қартайган чол узоқ йиллар пошонинг ерларида ишлаган чоракорлардан бири. Унинг кўзлари кексаликдан хира тортган, соқоллари оқарган. У қишлоқча кийинган, бошида эса титилиб кетган салла.
Узоқ жим ўтиргач, соқчига мурожаат қилди:
– Аллоҳга қасамки, марҳума Шаржа томонларда болаларга шакарқамиш сотар эди, аммо нима учун унинг шаънига бундай ишлар қилинмоқда, тушунмадим. Наҳотки, мен ўзим тушунмайдиган нарсани гапирадиган ва бошқалар кўрмаётган нарсани кўрадиган даражада ақлимни еб қўйган бўлсам?
Қаср дарбони унга яқинроқ келиб шивирлади:
– Асло ундай эмас. Сиз ҳақсиз, отахон. Аммо пошо шуни истайди, пошонинг истаги эса ҳар нарсадан юқори…

Араб тилидан Сарвар Абдуллаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 9-сон


САЛОМ ПОШОНИНГ ХОЛАСИ

Пойтахт кечки газеталарининг одатда қайғули хабарлар босиладиган устунида шундай ёзилганди:
“Оғир мусибат, улкан жудолик! Ҳукуматнинг собиқ амалдори, фойдали ва эзгу ишлари билан таниқли кишилар орасида маълум инсон, олийжаноб Салом пошо жаноби олийларининг тақводор муслима холалари Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилдилар. Марҳума Жаржадаги мулкида малакали докторлар назорати остида бедаво дарддан вафот этди. Мотам маросими марҳуманинг тобути эртага эрталаб соат тўққиз яримда махсус поездда пойтахтга келтирилгач, ўну нол-нолда вокзалда бўлиб ўтади. Дафн маросимида кўплаб машҳур кишиларнинг иштирок этиши кутилмоқда”.
Камолбек ўртоқлари билан одатдагидек “Ал-Жунди” қаҳвахонасидаги столча атрофида тўпланиб, қаҳва ичиб, чилим чекиб ўтирарди. Газетадаги хабар билан танишгач, баланд овозда кулганча атрофидагиларга мурожаат қилди:
– Фавқулодда муҳим эълон, дўстлар!
Барча унга ажабланиб қаради. Камол масхараомуз қўшимча қилди:
– Салом пошонинг холаси вафот этибди.
Ҳамроҳлардан бири ҳайрон бўлиб сўради:
– Бунинг нимаси кулгили?
– Умрим бино бўлиб унинг холаси ҳақида бирор нарса эшитмаганман. Кўриниб турибдики, дунёга келишга ҳам улгурмай, бечорани ажал ўз қучоғига олибди.
У яна кулиб юборди. Оғайнилардан кимдир Камолга қараб деди:
– Мен эса бу аёл ҳақида эшитганман.
– Қизиқ!
– Ҳайрон бўлишга ҳаққинг бор.
– Нима учун?
– Салом пошо холаси борлигини кўпчиликдан яширган.
– Нега энди?
– Чунки пошо жанжалдан қўрққан. Деярли тиланчилик билан кун кўрадиган бечора холаси борлигини ва у Жаржи яқинидаги хароба кулбада яшаши ҳақида одамлар билишини истамаган.
Барча Рифатбекнинг сўзларини ажабланиб тинглади.
Камолбек эса:
– Демак, газеталарда айтилган ҳамду сано, мулк ҳақидаги гаплар тўқима экан-да?
– Албатта-да, Салом пошо холасининг ночор аҳволда, муҳтожликда яшашини билган, аммо бу ҳолат уни безовта қилмаган. Охирги марта пошо холасига иш бошқарувчиси орқали бор-йўғи эллик қуруш берганини мен ишончли кишилардан эшитганман.
Салом пошо холаси билан қариндошлигини яширади, бечора эса аксинча, жиянининг ёрдамига илҳақ бўларди. Пошо эса бу аёлни нафрат ва жирканиш билан эсларди. Хола пошонинг оддий кўк кўйлак, кигиз қалпоқда подачилик қилган кунларини, деҳқон отасига овқат ташиган қайғули ўтмишини унутмаган эди.
– Қизиқ. Сен буларни қаердан биласан, Рифатбек?
– Салом пошони тарбиялаган оила аъзоларининг биридан эшитганман. Унга ғамхўрлик кўрсатган оила бошлиғи жуда олийжаноб, сахий инсон эди дейишади. У Саломнинг тарбиясини зиммасига олган, фарзандлари қатори уни ҳам Қоҳирадаги бошланғич мактабда ўқитиб, шаҳодатномали бўлгунча ўқиш пулини оғринмай тўлаган. Саломнинг иккинчи босқич мактабида ўқишга лаёқати йўқлиги аён бўлгач, ҳукумат идораларидан бирига ишга жойлашишига ёрдам қилган. Иш жойига мустаҳкам ўрнашиб олган Салом, мансаб таълимини татиб кўргач, тез орада камтар ва итоаткор йигитчадан димоғдор, кибр-ҳаволи, қайсар амалдорга айланди-қолди. Шундай бўлса-да, омади келди. Қисқа муддатда катта лавозимларга эришди, такаббурлик ботқоғига чуқурроқ кирди. Ўтмиши билан боғлиқ барча нарсаларни унутди. Ҳатто уни тарбиялаган, ўқитган ва шундай мавқега эришишига сабабчи бўлган улуғ инсонни ҳам унутиб қўйди. Ҳа, дўстлар, Салом пошо яхшиликни қадрига етмайдиган нонкўр бўлиб чиқди. У ҳозир ҳам шундай.
– Наҳотки, унинг шу бечора холасидан бошқа қариндоши бўлмаса?
Аёл унинг ҳаёт бўлган ягона жигари эди. Аёлга нафрати ва уни тан олмаслигининг сири ҳам шунда.
– Аммо, барибир, у тан олибди-ку?
– Ҳа, тан олди. Фақат бояқишнинг вафотидан сўнг.
– Бундай тан олишдан мақсад нима? Бу жуда ғалати-ку.
– У бу ишни шуҳратпарастлиги учун қилмоқда. Холаси тириклигида бечорага ёрдам бермади. Вафотидан сўнг эса унинг маракасига катта пул сарф қилмоқда. Бундан мақсад – сохта обрў, дабдабага эришиш. Тантанали дафн маросими ўзини кўрсатиш, мақтаниш учун зўр имконият-да!
Мамлакатнинг энг таниқли арбоблари, киборлару ҳукумат амалдорларининг бу маросимда иштирок этиши, пошога таъзия билдириб, ғам-ғуссасига шерик бўлиши фахр эмасми, ахир?
Камолбек кулди:
– У ақлдан озибди! Мен бу маросимда қатнашишни жуда хоҳлардим. Кўрайлик-чи, у ерда яна қандай қизиқарли воқеалар бўларкин.
– Нима бўлди? Сен бу одамни танийсанми?
– Сен қандай билсанг, мен ҳам шундай биламан.
– Унда, маросимга боришга сенга нима халақит беряпти?
– Мен эртага бир муҳим иш билан мулкимга кетяпман.
Бу ерда ҳозир бўлганлардан бири унга маслаҳат берди:
– Яхшиси сен унга телеграмма жўнат.
– Ҳақсан дўстим, шундай қилиш керак.
Рифатбек эса:
– Менга келсак, маросимга албатта бораман ва у ерда кўрганларимни сизларга кейин айтиб бераман.
Камолбек кафтларини бир-бирига уриштирди ва хизматчидан қоғоз, ручка, сиёҳ келтиришини сўради ва телеграмма ёзишга киришди. Ўйланиб туриб:
– Бу аҳмоққа нима деб ёзишни ҳам билмайман.
– Дўстим қисқароқ, масалан: “Биз Аллоҳникимиз ва унга албатта қайтажакмиз”, деб ёз.
– Рифатбек, бу жуда ҳам қисқа. Сен пошо мени жуда хасис экан деб масхаралаб, устимдан кулишини хоҳлаяпсанми? Шундай телеграмма ёзиш керакки, у ўттиз қурушдан кам бўлмасин…
Сўнг у Ҳуснибекка мурожаат қилди:
– Бу одамга таъзия билдиришим учун менга бир нечта ғамгин, кўнгилни эзадиган таъсирли гаплардан айтиб туролмайсанми?
Ҳуснибек бу даврада “шоир” ҳисобланарди. У узоқ ўйланиб туриб, Камолбекка қаради ва:
– Насрда истайсанми ёки шеърий бўлсинми? – деди.
– Насрда бўлгани маъқул, тушуниш осонроқ.
Назмда бу тентак, нотавон одамга етиб бормаслиги мумкин.
– Ундай бўлса ёз!
Ҳуснибек сўз бошлади.
– Яна нима бўлди, дўстим? Ахир, бу шеър-ку. Айтдим-ку, насрда бўлиши керак, деб.
– Бу муқаддимаси, холос. Дастлабки таассурот учун. Сен ёз, ёзавер…
“Жаноби олийлари! Бугун мен олийжаноб, тақводор муслима, оилангизнинг таянчи бўлган азиз холангизнинг вафоти боис бошингизга тушган оғир мусибат ҳақидаги қайғули хабарни афсуслар билан ўқиб чиқдим. Чин юракдан билдирган самимий таъзиямни қабул қилгайсиз. Аллоҳ сизга сабру жамил бериб, умрингизни узоқ қилсин. Яратган Эгам марҳумадан ўз марҳаматини аямасин.
Қайғунгизга шерик ва ҳамдард мухлисингиз Камол”.
– Яшанг, Ҳуснибек. Аммо, ўйлашимча, бу телеграмма қирқ ёки эллик қурушдан кам бўлмаса керак.
– Ҳечқиси йўқ!
Бу ердагиларнинг орасида илгари Салом пошони кўрмаган ва у ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган Носирбек ҳам бор эди. Бугун эшитганларидан сўнг баттар қизиқиб қолди:
– Ўша нотавоннинг кўриниши қандай? – деб сўради у Камолбекдан. Ёши нечада? У ҳақида гапириб берсанг-чи.
Камолбек ёнидан портсигар чиқариб атрофдагиларга таклиф қилди ва гап бошлади:
– Салом пошо қорачадан келган, баланд бўйли, барваста эркак. Винони меъёридан ортиқ ичганидан юзи доим қизил тусда, қизғиш-қорамағиз деса ҳам бўлаверади. Қизарган кўзлари остидаги кўкимтир ҳалқалар уни ичкиликка ружу қўйганидан дарак бериб туради. Бадбашара юзидаги чечакдан қолган излар хунуклигини янада оширади. Пошо ёши элликда бўлса ҳам ҳалигача енгилтак ҳаёт кечириш билан овора. Ақлли одамлар сахий бўлган пайтда у хасис, одамлар ўринсиз деб ўйлаганда эса у маблағни беҳуда совуради. Нодон ва ўқимаган одам, сохта улуғворлик ва ташқи ҳашам учун табиатидаги барча тубанликларини ва пулларини ишга солади. Иккинчи босқич мактабида омадсизликка учраган бўлса ҳам мурувватпеша ҳомийсининг тинимсиз тавсиялари билан давлат идораларида амалдор бўлиб олди. Амал пиллапояларида юқори лавозимларга хушомадгўйлик орқали эришди. Қинғир йўллар билан катта бойлик орттирди. Ер сотиб олди. Қасрлар қурди ва жамиятдаги бадавлат одамлардан бирига айланди. Ниҳоят, унинг кирдикорлари фош бўлди ва идорадан шармандаларча ҳайдалди. Салом пошо ўз ғурурини топтаб бўлса ҳам, ҳар томондан пул сувдек оқиб келадиган лавозимини сақлаб қолишга қаттиқ тиришди. Аммо унга ҳеч нарса ёрдам беролмади ва ўзи хоҳламаган ҳолда етарли мавқе ва машҳурликка эга бўлса ҳам давлат хизматини тарк этди. Бу жанжалли воқеани одамлар тез эсдан чиқардилар. Маълум вақт ўтгач, унинг номи Қоҳирада яна ҳурмат билан тилга олинадиган бўлди. Мана энди у бой, машҳур ва нуфузли инсон сифатида ўз саройида яшамоқда.

* * *

Маросим таниқли кишилар, ўндан ортиқ қорилар, муаззинлар, кигиз қалпоқли дарвешлар, хушбўй тутатқили лўкидон кўтарган одамлар, яшил ридо кийган, оқ саллали, турли тариқатларнинг шайхлари, ҳар хил даражадаги хизматчиларнинг иштироки туфайли дабдаба билан ўтди. Олдинда тўрт сандиқда мева ва егуликлар ортилган икки туя борарди. Бу эса марҳуманинг гуноҳлари учун кафорат эмиш гўё…
Салом пошо маросим муносабати билан атайлаб сотиб олинган қора редингтон ва қора ялтироқ оёқ кийимда қайғули ва мотамсаро қиёфага кириб олган. Аммо унинг овозидаги зўрма-зўракилик аниқ сезилиб туради. У таъзия билдирганларга қадрдон холасининг фазилатларини санар, бошига тушган мусибат билан ўртоқлашар, марҳумага бўлган муҳаббати, жигарининг ўзига бўлган оналарча меҳри ҳақида тинмай гапирди.
Бу пайтда эса унинг иш бошқарувчиси яқинларидан бири билан ўзаро хуфиёна суҳбатланмоқда эди:
– Агар пошо бугун маросимга ишлатганларининг ўндан бир қисмини марҳумага берганидами, бояқишни бир умрга муҳтожлик даҳшатларидан қутқарган бўларди… Пошо менга холасининг етти ухлаб тушига кирмаган қимматбаҳо мева ва тансиқ егуликлар билан тўрт сандиқни тўлдиришни ва уларни ночор ва камбағалларга марҳума ҳаққига дуо қилиб, мағрифат сўрашлари учун тарқатишни буюрди.

 

* * *

Кеч тушди. Чироқлар Салом пошо уйи жойлашган кўчани чароғон қилиб юборди. Улар шу даражада кўп эдики, ўтган-кетган йўловчиларда худди бирор исрофгар бойваччаникида кечки кўнгилочар тадбир таассурот қолдирарди. Ажойиб матолар билан қопланган, қимматбаҳо гиламлар тўшалган ёруғ чодир одамлар билан тўла, у ердан машҳур қориларнинг тиловат овозлари эшитилиб турарди. Пошонинг кайфияти зўр, тантанадан беҳад завқланарди. Чодирнинг дастурхон безатилган, емак тарқатилаётган томони янада гавжум эди. Салом энг яқин қадрдонлар нозик амалдорлар учун тансиқ таомлар келтиришни буюрарди. У таъзия билдириш учун келган меҳмонларни тавозе ва ҳурмат билан кутарди. Столлар оралаб юриб хизматкорларга баланд овозда иш буюриб, бошқасини эса бекор қиларди.
Сўнг ўрнига қайтиб келар, мотамсаро қиёфада меҳмонлар билан учрашар, оғир хўрсиниб уларга марҳуманинг фазилатлари ҳақида сўзлар, холасининг ўлимидан чексиз изтиробга тушганини кўрсатарди.
Тиловатдан сўнг меҳмонлар пошога таъзия билдириб бирин-кетин тарқалдилар. Чодирда фақатгина бир ўзи яқинлари ва хизматкорлари билан қолди. Мулозаматлардан толиқиб, терлаган пошо оёғини чоғиштириб ўтирди ва дастрўмоли билан елпина бошлади. Чуқур нафас олиб, “Оҳ, жуда чарчадим-а! Мен бундай оғир бўлишини билмаган эканман”, деди.
Пошонинг ёнида сийрак соқол ва калта мўйловли иркит қария, хушомадгўй малайи турарди. У қўлларини артиб гапирди:
– Ҳа,  албатта чарчадингиз. Аммо ишонинг, анчадан бери бундай дабдабали ва улуғвор маросим бўлмаган.
Пошо янада кучлироқ хўрсиниб, оҳ-воҳларкан, жавоб берди:
– Ишон, эй Абдул Наби, ўтган кеча мижжа қоқмадим. Бугун эса бир дақиқа дам олишга ҳам вақт тополмадим. Кечқурун қанча меҳмон келганини ўзинг кўрдинг. Ахир, мен азиз меҳмонларни ташлаб кетолармидим?
– Албатта, йўқ. Сиз ундай қилмас эдингиз.
– Ҳамдардликлари учун миннатдорлик билдиргани бир неча марта уларнинг олдига бордим. Дастурхон ва таомлар қандай қўйилганини шахсан ўзим назорат қилмасам бўлмасди. Ахир, мен бундай нозик ишни хизматкорлардан бирортасига ишонишим мумкинмиди?
– Йўқ, пошо, албатта йўқ. Сиз ҳамма нарса ҳақида ўзингиз ғамхўрлик қилишга ўргангансиз.
Абдул Наби эснаб гапини тугатди:
– Қасам ичиб айтаманки, умрим бино бўлиб бугунгидек лаззатли таомлар емаганман. Мен ҳеч қачон бундай дабдаба билан ўтган дафн маросимини кўрмаганман. Марҳум холангизнинг руҳи бошингиз узра айланиб юрибди, муқаддас бурчингизни бажарганингиз учун сизга миннатдорлик билдирмоқда, хўжайин.
Абдул Наби яна бир бор эснаб, ўрнидан турди ва кетишга рухсат сўради. Пошо ноодатий марҳамат билан малайига қўл узатди ва хушомадларнинг мукофоти сифатида сездирмасдан унинг чўнтагига пул солиб қўйди. Сўнг керишди ва баланд овозда Азиз афандини чақирди. Ораста кийинган бу ўттиз саккиз ёшли одам пошонинг шахсий котиби ҳисобланарди. У яқинлашганида пошо хўмрайиб сўз бошлади:
– Менга маросим умуман ёқмади. Айниқса, сенинг тадбирга совуққон муносабатингдан норози бўлдим…
– Менинг совуққон муносабатимдан? Ахир, тадбир мисли кўрилмаган даражада улуғворлик билан ўтди-ку!
– Ёлғон!..
– Маросим қатнашчилари пойтахтнинг энг катта кўчасини банд этишди. Асосий йўналишлардаги трамвайларни тўхтатдик, ҳаракатлар анча вақтгача жойида туриб қолди. Автомобилларга халақит беришларига имкон бермадик. Жаноби олийлари, дарвешларни-чи, наҳотки кўрмадингиз? Биз уларни бутун Қоҳира бўйлаб йиғиб келдик. Маросим олдида юрган қориларни-чи? Хушбўй тутатиқли лўкидон кўтарган одамлар гуруҳини наҳотки кўрмаган бўлсангиз? Улар бизга арзонга тушгани йўқ. Мен уларнинг ҳар бири учун янги боғич сотиб олдим ва ҳайдовчи – уста Абдуга уларнинг либосини бензинда тозалашни, Халилга эса торбушларини дазмоллаб беришни буюрдим.
Хизматкор ва яқинларга келсак, ўзингизга маълумки, жаноби олийлари, биз уларга янги оёқ кийим ва либослар сотиб олдик. Улар ҳам одамларнинг эътиборини тортдилар. О, хўжайин, қасам ичаманки, мотам маросимининг дабдабаси ва шукуҳидан ҳайратланган одамлар кўчанинг икки томонида ҳурмат билан сукут сақлаб, унинг ўтишини кузатиб турдилар. Дафн маросими кимники эканлиги билан қизиқдилар. Ва мен уларга баланд овозда, Салом пошо холасининг жанозаси дедим. Одамлар чин кўнгилдан ачиндилар. Жаноби олийлари! Мева ва егуликлар олган бечораларнинг ҳаққингизга қилган дуоларини наҳотки эшитмаган бўлсангиз? Уларнинг дуоларини қорилар тиловатининг овозлари босиб кетди.
Пошо котибини ниҳоятда мамнуният ва ифтихор билан тинглади. Аммо, барибир у яна хўмрайиб гапини бўлганча унга бақирди:
– Миршаблар-чи? Улар қаерда эди, тентак? Ахир, уят эмасми, шундай маросимни бор-йўғи икки нафар отлиқ ва тўрт пиёда миршаб қўриқлаб борса-я?
– Қасам ичаманки, жаноб пошо, менга ундан ортиғи учун рухсат бермадилар.
– Сенга рухсат беришмади? Аммо улар Абдул Карим пошо онасининг дафн маросими учун ўн нафар отлиқ ва йигирмата пиёда миршаб бергандилар-ку.
– Жаноби олийлари, ўзингиз биласиз-ку, Абдул Карим собиқ… эди.
Салом пошо унинг гапини бўлди:
–  Авваламбор сенинг беэътиборлигингни биламан. Қандай шармандалик. Маросимда менинг бугунги мавқеим ва ҳукуматга қилган хизматларимга яраша етарли миқдорда миршаблар бўлмаса? Ахир, мени мамлакатнинг машҳур кишилари танийди-я. Мен ҳақимда улар нималар дейи­шади энди? Одамларнинг ажабланаётганларини ҳозирданоқ сезяпман. Ҳаммаси сен туфайли.
– Сен хатонгни эртагаёқ тузатишинг керак.
– Истаганингизни буюринг.
– Газеталар маросим тўғрисида батафсил хабар беришлари: унда қатнашган барча таниқли ва машҳур шахсларниниг исмлари, миршабларнинг сони ва тобут ортидаги кузатувчиларнинг миқдорини кўрсатишлари зарур.
– Жаноби олийлари маросимда қанча миршаб иштирок этишини хоҳлардингиз?
– Қирқ нафар пиёда ва ўттизта отлиқ.
– Айтганингиз бўлади.
– Сен маросимнинг дабдаба билан ўтганлиги, тортилган таомларнинг ғаройиблиги, машҳур қориларнинг иштироки ва тадбирларга алоқадор барча маълумотларни газетага айтишинг шарт. Уларга кўпроқ пул тўла, хасислик қилма.
– Ҳаммаси сиз айтганингиздек бўлади, хўжайин.
Тонгги газетанинг “Маҳобатли маросим” сарлавҳаси остида берилган хабарида шундай деб ёзилганди:
“Газета чоп этишга тайёр бўлганида, биз махсус мухбиримиздан ушбу хабарни олдик ва барчамиз учун маълум ва таниқли Муҳаммад Салом пошо жаноби олийларининг муносиб хизматларини ҳисобга олган ҳолда уни саҳифага жойлаштиришни лозим деб топдик”. Хабарда маросим иштирокчиларининг батафсил рўйхати келтирилган, миршаблар ва уларнинг миқдори эсланганди. Абдул Наби пошога шуларни ўқиб берди:
“Тобутни ўттиз нафар отлиқ ва қирқта пиёда миршаб кузатиб борди”. Пошо хурсанд бўлиб ҳайқирди:
– Тўғри. Истагимни ҳеч ким қайтармади. Бундан кўпроқ сўраганимда ҳам, ҳеч ким менга йўқ демаган бўларди.
Абдул Наби жавоб берди:
– Сиз жуда таниқли инсонсиз. Наҳотки, сиздек жанобнинг илтимосини рад қилишлари мумкин бўлса, қани эди афкор омма сизни таниса, ҳукуматга садоқат билан қилган хизматларингизни билса?
– Абдул Карим пошо онасининг маросимида миршабларнинг сони бор-йўғи саккизта эди, шекилли, менинг билишимча… – деди.
Абдул Наби ўқишда давом этди: “Пошони Аллоҳ асрасин. У бошига тушган мусибатдан жуда қайғули, ғамгин кўринарди ва бу кўпчиликнинг самимий ҳамдардлигига сабаб бўлди”.
– Бу айни ҳақиқат… Бу тўғри гап. Ростан ҳам сиз жуда ҳам қайғули ва ғамгин эдингиз жаноб, – деди Абдул Наби.
Эртаси куни кечқурин Абдул Наби пошога дафн маросими ҳақидаги Азиз афандининг хабарини такрор ўқиб бериб ўтирар, пошо эса тасдиқ маъносида бошини қимирлатиб, диққат билан тингларди. Бу паллада оёқларида зўрға юрадиган, мункиллаган чол сарой остонасида чўккалаб ўтирар ва ёнида ўтирган сарой иш бошқарувчиси берган сигаретани мириқиб чекарди. Соқоли оппоқ, кўзлари нурсиз, мункиллаган бу озғин чол пошонинг мулкида узоқ йиллар хизмат қилганлардан бири бўлиб, қишлоқ кишиси либосида эди. Узоқ сукунатдан у кучсиз ва паст овозда иш бошқарувчига мурожаат қилди:
– Қасам ичаманки, жаноб, мен бу марҳума аёлни кўрганман. У Жаржи атрофларида болаларга шакарқамиш таёқчаларини сотиб кун ўтказарди. Бу қадар дабдабанинг маъносини тушунмаяпман. Ёки мен ақлдан озганман ёки нима деётганимни ўзим тушунмаётирман…
Ишбошқарувчи чолнинг ёнига сурилиб, унинг қулоғига шипшиди:
– Ҳаммаси жойида. Сиз ҳақсиз, амакижон. Аммо пошо шуни истаяпти-да.

Рус тилидан Ёрқин Иноғомов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 8-сон