Филип Честерфилд. Ҳикматлар

* * *

Ўртамиёна дамдуз бўлиш, яъни сир сақлай билиш — иродали киши фазилатидир. Руҳан бақувват киши, ортиқча сир-саноатга берилмайди. Фақатгина қўрқоқлару риёкорлар ўзларининг асл башараларини яшириш мақсадида ҳамма нарсани сирга айлантиришади.

* * *

Ўзи ҳақида ҳеч нима гапирмайдиган ёхуд ҳамма нарсани аён-шаён қилиб юрадиган одамга ҳеч ким ҳеч нарсани ишониб айтмайди.

* * *

Тентак сирдан воқиф бўлса, у буни бошқаларга дарров етказади қўяди, чунки у тентакдир. Унинг ўрнида бирор разил бўлса, сирдан ўзининг қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланади. Аёллар ва ашёлар бўлса уларга кимдир ишониб сир айтганини кўз-кўз қилиш учунгина келса-келмас валақлайверишади эшитганларини. Уларга ортиқ ишонмаслик керак.

* * *

Кимда-ким ўз кайфиятини, эътиборини, юз ифодаларини бошқара олмас экан, сиёсатда арзигулик муваффақиятга эришиш тўғрисида хаёл қилмаса ҳам бўлаверади. Кайфиятига тобе, уни яшира билмаган одам қанчалик дониш бўлмасин, унинг устидан энг ақли паст ҳам ғалаба қилиши мумкин.

* * *

Дўстликда ҳам, душманликда ҳам доимо меъёрни ҳис этиб туриш керак. Аксинча, биринчиси хавфли бўлиб қолиши, иккинчиси эса битишмас даражага бориб қолиши мумкин. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди.

* * *

Инсон онгига унинг қалби орқали йўл топган маъқулроқ.

* * *

“Эркакчасига” деган ибора ҳозир кўп ишлатилади. “Эркакчасига гапир”, “эркакчасига иш тут” — дегани ҳозир шунчаки қўпол хатти-ҳаракатни, қўпол сўзликни англатади. Ваҳоланки, кучли шахс эрлигини мулойим, оддий сўзлар ва мардларга хос иш билан ифодалайди. У қизиққон эмас, аммо журъатсиз ҳам эмас.

* * *

Бамаъни одам “энди нима қилдим?” дейдиган ноқулай ҳолатга тушиб қолса, бирдан-бир оқил жавоб топади ўзи учун: “Ҳеч нима”. Кўрдики, бўлар иш бўлди, ҳолатдан чиқиш учун бирор-бир йўл йўқ; ҳамма нарса ойдинлашгунча ақлли одам бундай пайтда тўхтайди, сабр қилади. Бачкана ва ҳовлиқмани бўлса бунга ақли етмайди. Нимадир қилиш керак, қандайдир йўл топиш керак, деб кўр отдек ўзини у ён-бу ёнга ураверади; у хавфдан қўрқмайди, чунки кўрмайди-да, уни.

* * *

Амалдор бардошли бўлмоғи лозим, бетоқатлик ярашмайди унга. Баъзи одамлар уларнинг бошқа бир илтимосларидан ҳам кўра, арзимас, зерикарли тарихини охиригача эшитишларини хоҳлайди. Айниқса, ғазабнок одамнинг телба-тескари арзини, ҳасратини, бетоқатлигини сездирмай сабр билан тинглашинг зарур. Юқори лавозимда турган киши учун энг паст тўлов бу.

* * *

Ким энг беақл ҳисобланади: бор гапни тўппа-тўғри ҳаммага очиб ташлайверадиганми ёки ҳеч қачон ҳеч кимга тўғри гапирмайдиганми? Сиёсатда, худди савдодагидек, бенуқсон ном керак кишига. На биринчи йўл билан ва на иккинчи йўл билан бунга эришиб бўлмайди.

* * *

Хушомад — мисоли сариқ чақа, аммо ҳукмдор саройида бусиз иш битмайди; ҳамманинг қон-қонига сингиб кетган бу; чўнтагингдан олиб, барчага тарқатиб бермоғинг лозим ўша сариқ чақадан.

* * *

Агар бирор амалдор сенинг ўринли илтимосингни рад этса, яъни шу билан сени менсимаганлигини намойиш қилгудек бўлса, айни пайтда сен унга муносиб жавоб қайтаришга ожиз бўлсанг, яхшиси, ақл ишлатиб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек юраверганинг маъқул. Сендаги хотиржамлик, юмшоқкўнгиллик ўша мансабдорга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши ва натижада ниятингга етишинг мумкин. Агарда ўша шахснинг сенга нисбатан ноҳақлигига қарши бирор гап билан тилини қисиб қўйиш имконияти бўлса, сен чиройли қилиб бунга ишора қилгинки, у ўзини тийиб олсин.

* * *

Яхши тарбия маҳсули — бу киши ўз қадр-қимматига яраша ўзини тута билишидир. Шундай фазилатли кишини ҳар қанақа такаббур одам ҳам иззат қилишга мажбур бўлади.

* * *

Қирол Вильгельм даврида қирралари қирилиб кетган тангаларни муомаладан олиб ташлашди. Ўрнига янги зарб қилинган танга қирғоғига бундан буён одамлар уни бузмасин деб: “Ҳам безак, ҳам ҳимоя” сўзларини ёзиб қўйишди. Яхши тарбия ҳам худди шунга хизмат қилади.

* * *

Билим инсонга салмоқ, обрў бериши мумкин. Шукуҳ, маънавий гўзаллик эса фақат тарбиядан.

* * *

Барча санъатлар кишидан узоқ машқни, ўз устида мунтазам ишлашни талаб қилса, ёқимтой бўлиш санъати фақат бир нарсани — хоҳишни талаб қилади.

* * *

Кимда-ким бошқаларга ёқишни истамабди, демак, унда умуман ҳеч қандай истак-хоҳиш йўқ, ҳеч нарсага интилмайди, ҳаётдан ҳеч нарсани кутмайди.

* * *

Муҳим топшириқ бажараётган элчида, албатта, бир-иккита бирга ишловчи айғоқчи бўлиши лозим, аммо элчи айғоқчилар келтирган маълумотларга тўла ишонавермаслиги керак, чунки ҳаммавақт ҳам улар етказган хабарлар аниқ бўлавермайди; ҳатто уйдирма бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Энг ишончли айғоқчилар пулга ишлайдиганлари эмас, балки элчи уддабуронлик, ширин тиллилик билан ўз томонига оғдириб олган кишилардир. Қизиғи шундаки, бунақалар ўзларини ҳеч қачон айғоқчи ҳисобламайдилар.

* * *

Тежамкорликнинг чегараси қаерда эканлигини аниқ айтиш қийин. Унинг икки томонида икки бало ётади: хасислик ва исрофгарчилик. Икки ёмонликдан камроғини танлаш зарур бўлса, биринчисини танлаган маъқул. Чунки хасисликни тузатиш мумкин бўлар, исрофгарчиликни эса асло.

Қодиржон Носиров таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 3-сон.