Константин Паустовский. Совға (ҳикоя)

Ҳар сафар куз яқинлашганда табиатдаги жуда кўп ҳодисалар бизлар истаганчалик яратилмаганлиги тўғрисидаги гап-сўзлар бошланарди. Қиш бизда узоқ давом этади. Ёз қишдан анча қисқа, куз эса лип этиб, худди деразанг ёнидан тилло қуш учиб ўтгандай ўтиб кетади.
Бизнинг бу суҳбатларимизни ўрмончининг невараси Ваня Малявин тинглаб ўтиришни ёқтирарди. У ўн беш ёшларда эди. Бобосининг Урженск кўли ёқасидаги қоровулхонасидан тез-тез келиб турар ва ҳар доим сафар халтасида қўзиқоринлар ё саватчада маймунжон билан ёки ўзи шундоқ бизнинг гапларимизни эшитиб, меҳмон бўларди ё “Вокруг света” журналини ўқирди. Бу журналнинг қалин-қалин муқоваланган сонлари қазноқда; эшкаклар, чироқлар ва эски асалари уяси билан бирга тўзиб ётарди. Асалари уяси елим қўшилган оқ бўёқ билан бўялганди. У қуриган дарахтдан қирқиб олинган тахтадан ясалган бўлиб, тахта бўёқ тагидан эски гилам ҳиди келиб турарди.
Бир куни Ваня томири билан ковлаб олинган кичкинагина оқ қайин кўчатини олиб келди. У кўчат томирини мох билан чиптага ўраб келганди.
– Бу сизларга, – деди у қизаринқираб. – Совға, буни тахта тувакка ўтқазиб, иссиқхонага қўясизлар. У бутун қиш бўйи ям-яшил бўлиб туради.
– Нима учун сен уни ковлаб олдинг, афанди. – Сўради Рувим ва қайиннинг юпқа баргларини ушлаб кўрди.
Биз омбордан тахта қути олиб келдик. Уни оғзи баробар тупроқ билан тўлдириб, қайин ниҳолини унга ўтқаздик. Қутини илиққина хонанинг энг ёруғ жойига – дераза рапига олиб бориб қўйдик. Бир кун ўтиб кўчатнинг шалпайиб қолган барглари тирилиб, шўхчан ҳилпирай бошлади.
Боққа куз келган бўлса-да, ниҳолимиз барглари ям-яшил, жонланиб турарди. Тўқ қизғиш рангда заранг ёнар, шийпончада ёввойи ток бужмайиб турарди. Ҳатто боғдаги айрим қайинларда худди ҳали қаримаган одамнинг бошидаги оқ соч толасидай сариқ кокиллар пайдо бўлди. Аммо хонамиздаги ниҳол гўё ёшараётгандай туйиларди. Биз унда ҳеч қандай сўлиш аломатларини кўрмасдик.
Кунларнинг бирида кечаси, қайин турган хонанинг деразасидан совуқ уфурди, деразанинг кўзлари буғланди. Том тепасига қиров қўнди, оёқ ости тасирлай бошлади. Фақат ёлғиз юлдузларгина биринчи совуқдан қувонгандай, улар ёздагидан ҳам кўра ёришиб, ярқирай бошлади. Мен узоқ ва ёқимли жаранглаган товушдан уйғониб кетдим – қаердандир чўпон сурнайининг овози келарди. Деразадан тонг оқариб кўринарди.
Кийиниб боққа чиқдим. Совуқ ҳаво юзимни ювгандай бўлдим, уйқум бирдан учди. Тонг отиб келарди. Шарқ томондаги тўқ кўк ранг қизғиш ранг билан алмашаётгандай, худди гулхан тутунидай кўринарди. Ғира-шира қоронғилик ёруғлик билан алмашар, узоқдан қизғиш, тилла ранг булутлар мамлакати кўрина бошлаганди. Шамол эсмаса-да, аммо боғдаги дарахтдан барглар тинимсиз учиб тушарди. Бир кечада қайинларнинг то учигача сарғайган барглари гўёки ғамгин ёмғирдай ёғиларди.
Мен хонага қайтдим: бу ер илиққина эди. Тонгнинг оқиш ёруғида қайиннинг кичкина ниҳоли турарди – у бир кечада бутунлай сарғайиб қолибди, бир нечта лимон рангидаги барглари печ устида ётарди. Хонанинг иссиғи ниҳолни сақлай олмаганди. Бир кундан кейин у бутунлай, худди совуқ ўрмонлардаги, дарахтзорлардаги, кузги нам кенгликлардаги ўрмонлардан ортда қолишни истамагандай яланғоч қолди. Ваня Малявин, Рувим ва бизлар – ҳаммамиз жудаям ачиндик. Аслида бизлар қишнинг қорли кунларида қуёш оппоқ ёритиб турган, қувноқ печнинг қизғиш рангида товланиб исиган хонамиздаги қайин ям-яшил бўлиб гуркираб туради, деган хаёлга кўникиб бўлган эдик.
Ёз ҳақидаги охирги хотира йўқолди. Таниш ўрмончига қайиннинг барча яшиллигини сақлаб қолишга уринишимизни гапириб берганимизда у мийиғида кулиб қўйди.
– Бу қонун, – деди у. – Табиат қонуни. Агар дарахтлар баргини қишда тўкмаганда эди, у кўплаб сабабларга кўра нобуд бўлган бўларди; баргларда тўпланиб қолган қорнинг оғирлигини кўтаролмаган йўғон шохларининг синишидан, бундан ташқари, баргларда ҳар хил тузларни тўпланишидан ва ниҳоят қиш ўртасида ҳам барглар намликни буғлантириб туриши сабаб музлаган тупроқ уни дарахт томирларига етказиб асролмасди ва охир-оқибат улар қишки қурғоқчиликдан музлаб ҳалок бўлишарди.
“Ўн фоиз” лақабли Дмитрий бобо эса қайин тўғрисидаги бу кичкина ҳодисани эшитиб уни ўзига тушунтирмоқчи бўлди.
– Сендан айланай, – деди у Рувимга қараб. – Мени ёшимга етгандан кейин баҳслаш. Ақлингни ишлатишга ҳали вақтинг етмайди-ю мен билан бунча баҳслашасан.
Биз – қариялар кўпроқ фикрлаймиз. Бизнинг ташвишимиз ҳам шу сабабли ер юзида нима, қандай, маъниси қаерда, кўпроқ ўйлаймиз. Дейлик, мана шу қайинни олайлик. Сен менга ўрмончи нима деганини гапириб ўтирма, у нима деганини олдиндан биламан. Ўрмончи айёр одам, айтишадики, у Москвада яшаганида овқатни электр токида тайёрлаганмиш. Шундай бўлиши мумкинми, ё бўлиши мумкин эмас.
– Мумкин, – жавоб берди Рувим.
– Мумкин, мумкин! – Масхара қилди уни қария.
Сен ўша электр токини кўрганмисан? Қандай қилиб сен уни кўрасан, кўринмаса. Худди ҳавога ўхшаб. Сен қайин тўғрисида эшит. Одамлар ўртасида дўстлик борми, йўқми? Ҳа-а, худди шундай, бор. Аммо улар адашишади. Ўйлашимча, кўнгил фақат уларда бор, ҳар кимларнинг олдида керилиб ҳам қўядилар. Дўстлик билсанг оғайни, ҳамма ерда бор, қаёққа қарама, ҳамма жойда. Сигир сигир билан дўстлашади, сайроқи қуш сайроқи қуш билан. Турнани ўлдиргин – мода турна касал бўлиб қолади, йиғлайди, ўзини қўйгани жой тополмайди. Ҳар қандай ўсимлик ва дарахтда ҳам қачонки дўстлик бўлиб туради. Қандай қилиб сенинг қайин ниҳолинг яланғоч бўлмасин, қачонки ўрмондаги барча дўстлари баргини тўкиб бўлган бўлса? Баҳорда у қайси кўзи билан уларга қарайди, улар қишдан қийналиб чиқишса-ю, бу печкани ёнида, иссиққинада, тоза жойда исиниб ўтирса? Виждон бўлиши керакми?
– Э, қария, сен роса олиб қочдинг, – деди Рувим. – Сен билан суришиб бўладими.
Қария ҳиқиллаб кулди.
– Ён бердингми? – сўради у заҳархандалик билан. – Таслим бўласанми? Сен мен билан суришма, бефойда иш.
Қария мамнуният билан бу баҳсда бизни ҳаммамиздан, шу билан бирга ўрмончи устидан ҳам ғалаба қозонганига ишониб ҳассасини дўқиллатиб жўнаб кетди.
Қайин ниҳолини биз боққа – девор ёнига ўтқаздик. Сарғайган баргларини йиғиб олиб “Вокруг света” журналининг варақлари орасига солиб қуритдик. Шу билан бизнинг ёз хотирасини сақлашга бўлган уринишимиз тугади.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 11-12-сон