Василий Шукшин. Яшагинг келади (ҳикоя)

Қирдай яланглик. Ялангликда эса ёғоч уйча. Уйча ҳам эмас, ўн уч-ўн тўрт қатор ёғочни арчиб қурилган, омборга ўхшаган бир деразали, даҳлизи йўқ, томи ҳам йўқ бир кулбача. Тайгада кимлардир ўтган замонларда қурган бўлишса керак.
Уч-тўртта болтакаш уста баҳорда ҳаво ноқулай бўлган кунлари бир ҳафтанинг ичида тикроқ ўсган дарахтларни йиқитиб қуришган шекилли. Яқин ўртада лой ҳам, тошлар ҳам етарлича тиқилиб ётганидан «тош печка»ни ҳам ясаб, мўрисини тепага чиқариб қўйишган, тахтадан супача ҳам ясашиб, маза қилиб яшайверишган!
Қишда мана шундай уйчага кирсанг, яшаш завқи сезилмайди! Деворлардан шифтга қадар, бурчакларда, кафт қалинлигидаги тахта гардон, намиққан дуд ҳиди анқирди. Мана «тош печка»да чарсиллаб ўтин ёна бошлади. Эриётган лойдан қуюқ ачимсиқ ҳид анқиди; деворларда томчилар пайдо бўлди. Атрофни димоғни ачитувчи ҳид тутиб кетди. Яхшиси «тош печ»га ўтинни тўлдириб ёқиб, яна ўтин йиғиб келгунингга қадар кўчага чиқиб кетиш лозим… Ярим соатлардан кейин уйча ичи иссиққина бўлиб, ҳавоси енгиллашади. Калта пўстинни ечиб ташлаб, яна печга тўлдириб ўтин қалашинг мумкин. Деворлардан сал ҳовур кўтарилади, «тош печ»дан иссиқ таралади. Одамни хурсандчилик ва ёқимли ҳаловат чулғайди. «Оҳ, оҳ, бу роҳат» дегинг келади. Мана шунақа. Энди
деярли ҳамма нарса қуриган, аммо ётоқ тахталар ҳозирча совуқ эди. Ҳечқиси йўқ, ҳозирча у ерга калта пўстинни ташлаб, бошинг остига юк халтани қўйиб, оёқни печга узатиб ётсанг бўлади. Ва мудрай бошлайсан, мадоринг қуригандай. Ўрнингдан туриб яна ўтин солишга эринасан. Аммо, керак. «Тош печ» ичи қўрга лиқ тўла. Ғўлачалар худди қуруқ қайиндай бирданига ўт олади. Шундоқ печнинг ёнида тўнкача. Унга ўтирганча тамаки тутатиб, хаёл суришинг мумкин. Ёлғиз бўлганингда яхши ўй сурасан. Қоронғи. «Тош печ» ёриқларидан ёруғлик кўринади; ёруғлик полда, деворларда ва шифтда ўйноқлаб акс этади. Хаёлга эса нималар келмайди дейсан! Бирдан хаёлингга отанг сени қандай қилиб биринчи марта отга миндиргани, «Маҳкам ушла, шайтонвачча», деб отга қамчи ургани, ўзи эса кулгани ёдга тушади. Онаси ҳам кулади. Бу пичан ўримида юз берганди. Ёки бўлмасам қандай қилиб биринчи марта қизни кузатганинг. Ёнида кетаяпсан-у, худди аҳмоқдай миқ этмайсан… Ўтирибсан-у, ўзингдан-ўзинг мийиғингда кулаётганингни ўзинг сезмайсан. Жин урсин, ажойиб-а. Анча исиб қолди, энди чой ҳам дамлаш мумкин, кўкидан, қайноққина. Гиёҳлар ҳиди ёзни эслатади. …Қария Никитич мана шундай «тош печ» ёнида ўтириб трубкасини чекарди. Уйча жуда иссиқ эди. Ташқарида эса чирсиллаган совуқ. Никитичнинг вужуди роҳатланарди. У ёшлигидан тайгани кезар – тирикчилик қиларди. Олмахон овлар, баъзида эса дайди айиқни йиқитиб оларди. Шу мақсадда калта пўстинининг чап чўнтагида доимо беш-олтита махсус ўқ олиб юрарди. Тайгани севарди, айниқса, қишда. Шунчалик сокин эдики, озроқ ваҳимали ҳам. Ёлғизлик билинмасди, эркинлик жўш урарди. Никитич ғимирлаб атрофга боқди, билардики, бу оқлик салтанатида унинг бир ўзи хўжайин. Никитич чекиб ўтирарди. Ташқарида чанғининг ғижирлаган товуши эшитилди-ю, кейин жимлик чўкди. Бўсағадан кимдир мўралагандай бўлди, эшикни икки марта ҳасса билан тақиллатди.
– Бирор кимса борми?
Овоз ёш, узоқ вақт гапирмаганидан совуқдан хирқираб чиқди, одам ўзи билан ўзи гаплаша олмасди. «Овчи эмас», англади Никитич. Овчи сўраб ўтирмайди, шундоқ кириб келаверади.
– Бор!
У киши эшик орқасида чанғиларни ечиб, уларни деворга суяб қўйди, бўсағадаги зина ғичирлади. Эшик қия очилиб, совуқнинг оппоқ ҳовурида баланд бўйли, белини боғлаб олган, пахтали шим кийган, эски аскар телпагидаги йигит кўринди.
– Ким бор бу ерда?
– Одам, – Никитич пайраҳани ёндириб, боши узра кўтарди.
Анча вақт бир-бирларига жим қараб туришди.
– Нима, бир ўзингми?
– Бир ўзим.
Йигит «тош печ»га яқин келди, қўлқо­пини ечиб қўлтиғига тиқди, қўлларини печ­га тутди.
– Совуқни қара-я, жин урсин…
– Совуқ. – Никитич йигитнинг қуролсиз эканини энди сезди. – Йўқ, овчи эмас. Ўх­шамайди. Юзидан ҳам, кийимидан ҳам. – Март, у ўз ишини қилади.
– Қанақа март? Апрел-ку, ахир.
– Бу – янгичасига. Эскичасига эса – март. Бизда мақол бор: «Мартда эгнинг икки қават бўлсин», деган. Енгил кийинибсан, – қуроли йўқлиги ҳақида сўрамади Никитич.
– Ҳечқиси йўқ,– деди йигит. –Бир ўзингми?
– Бир ўзим. Сен буни боя сўровдинг.
Йигит ҳеч нарса демади.
– Ўтир, ҳозир чой қўяман.
– Озроқ исиниб олай… Йигитнинг шеваси маҳаллий «русалик» эди. Қариянинг қизиқиши ортди-ю, лекин асрлар давомида шаклланган одат бўйича қизиқишини босиб, саволлар беришдан ўзини тийиб турди.
Йигит қўлларини иситиб олгач, папирос чека бошлади.
– Яхши, иссиқ.
У чекаётганида Никитич уни яхшилаб кузатди: оқ юзли, келишган, киприклари қалин. Ютоқиб папирос сўраётганида олдидаги иккита тилла тиши ярқираб кетди. Иягидаги жингалак соқоли ўсган, озғин. Йигит қариянинг нигоҳини сезиб, ёнаётган гугурт чўпини кўтариб унга диққат билан тикилди. Никитич унинг қарашларини эслаб қолди. «Жозибали» дея баҳо қўйди. Никитич: «Қизлар бунақаларни суяди», деб ўйлади.
– Ўтир, нимага тик турибсан?
Йигит жилмайди.
– Унақа дейишмайди, отахон. Жойлашиб олинг, дейишади.
– Хўп, жойлашиб олинг унда, –деди қария.
– Унда жойлашиб оламиз. Бошқа ҳеч ким келмайдими?
– Ким ҳам келарди? Кеч бўлди. Агар келса ҳам жой етарли бўлса, –Никитич ғўладан сал сурилди, йигит ёнига ўтирди, қўлларини яна иссиққа тутди. Ишчининг қўллари эмас. Соғлом бўлса керак. Никитичга унинг кулгиси ҳам маъқул бўлди, «ясама эмас, оддий, жиддий». Яна унинг тишлари ҳам… Киришимли йигит. Соқолини қиртишлаб, кастюм кийгизиб қўйилса, ўқитувчининг ўзи. Никитич ўқитувчиларни яхши кўрарди.
– Қандайдир иологмисан?
– Ким? – тушунмади йигит.
– Ҳалиги…бор-ку, тайгада нималарнидир қидириб юрадиган…
– Ҳа-а… Йўқ.
– Қандай қилиб қуролсиз юрибсан? Хавфли-ку, ахир?..
– Ўзимизникилардан қолиб кетдим, – ис­тамайроқ жавоб қайтарди йигит. – Сизнинг қишлоғингиз узоқдами?
– Юз эллик чақиримча келиб қолар.
Йигит бошини қимиллатиб қўйиб, кўз­ларини юмди, иссиқдан роҳатланиб бирмунча вақт шу зайилда ўтирди, кейин бир силкиниб олди-да, чуқур нафас чиқарди.
– Чарчадим.
– Бир ўзинг узоқ юрдингми?
– Анча. Ичадиган бирон нарсанг йўқми?
– Топилади.
Йигитга жон кирди.
– Яхши! Вужудинг қалтираб кетяпти. Жин урсин, совуқдан музлаб қолиш ҳеч гап эмас. Яна апрель дейди.
Никитич кўчага чиқиб келиб, сало солинган халтача келтирди. Шифтдаги фонарни ёқиб қўйди.
– Сизларни тайгада ёлғиз юришга оз-моз ўргатишганми, ўзи… Бундоқ қарасам жўнатишади-ю… Сизлар қаердан ҳам биласизлар, бу ишни. Мана мен ўтган йили биттасини топиб олгандим, баҳорда – эрув пайти. У ҳам ёшгина эди. Унинг ҳам соқолчаси бор эди. Ки­йимга ўралиб, тарашадай қотиб қолганди. – Никитич салони тахтанинг четига қўйиб кесди. – Агар менинг ёлғиз ўзимни тайгага қўйиб юборишса, бутун қишни ўтказа оламан, касал ҳам бўлмайман. Фақат ўқ дори, гугурт етарли бўлса бўлди.
– Ёғоч уйга, барибир, кирасан-ку?
– Уй бўлгандан кейин нимага кирмас эканман, нима, қорда ётишим керакми? Ўзимга- ўзим душман эмасман-ку!
Йигит белини бўшатиб, пахталик нимчасини ечди … Уй бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юрди. Қомати тик, елкалари кенг эди. Тирик жон топганидан, исиниб олганидан ўлгудай хурсанд эди. Яна битта папирос чекди. Папирос ҳиди ёқимли эди. Никитич шаҳарликлар билан суҳбат қуришни яхши кўрарди. Уларнинг тайгадаги чорасиз аҳволидан ғижинарди, баъзида, ҳатто бирор-бир қидирув гуруҳига йўл бошловчилик қилиб оз-моз ишлаб ҳам олар, ичида эса уларнинг устидан кулар, аммо суҳбатларига қўшиларди. Шаҳарликларнинг ўзи билан мулойим, беписандроқ кулиб гап­лашишлари унинг ғашини келтирарди, ўзлари бўлса, агар уларни ёлғиз қолдириб кетадиган бўлсанг, кўзи юмуқ кучукваччадай адойи тамом бўлишларини билишмасди. Мабодо гуруҳда икки ё уч қиз бўлса, янада қизиқарлироқ эди.
Шунда нолимайдилар, чидаса бўлди. Ўзларини ҳамма қатори эканликларини таъкидлаб, бировнинг ёрдам беришини хоҳламайдилар. Ҳамма билан тўда бўлиб бирга ухлайдилар. Йўқ, ҳеч ким бемаъни қилиқ қилмайди. Агар буларни ўрнида қишлоқликлар бўлса борми, гуноҳдан ўз­ларини тия олишмасди. Булар эса жимгина! Бўлмаса, улар силлиққина, тор иштон, кўкракни сиқиб турадиган калта кўйлак кийиб, юз-кўзларини чивиндан сақлаш учун рўмолни танғиб ўраб олишган, юм-юмалоқ, худди қўғирчоққа ўхшайдилар. Йигитлар эса ўзларини худди шундай бўлиши керакдек тутишар, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишарди.
– Излаётганларинг нима?
– Қаерда?
– Бу… нима қилиб юрибсизлар?
Йигит ўзича кулди.
– Ризқ.
– Ризқ… бу оғайни қуймадай силлиқ; уни ушлагандай бўласан, мана у, мана қўлингда, бирдан кўрасанки, йўқ. – Никитич одатда шаҳарликлар билан қандай гаплашган бўлса, шундай суҳбатга кириб гапга тушмоқчи бўлди, муғамбирона салмоқ билан, агар диққат билан тинглаётган бўлишса, эшитиб туриб бир-бирлари билан кўз уриштириб қўйишса ёки бўлмаса бирортаси дафтарига нималарнидир ёзиб қўйса, Никитич бунақа суҳбатларни эшитадиган қулоқ топилганидан хурсанд бўлиб, тун бўйи давом эттириши мумкин эди. Қишлоқдошлари гапирганида, вайсақи деб сўкиб туриб кетишган бўларди, булар эса эшитаверишарди. Маза. Гоҳо ўзи ҳам гапим силлиққина чиқаяпти деб хурсанд бўлиб қўярди. Шунақанги уйдирмаларни гапирардики, баъзан унга ўзи ҳам ишониб қолар, баъзан эса қалби гўё ўрмонга ўхшарди, унга тегинма, бекордан-бекор болта билан чопма, бўлмаса қуриб қолиши мумкин, қуриса, сенинг ўзинг қурийсан! Юрагинг уюшади-ю, қурийсан ва нега қалбинг уюшганини ўзинг ҳам тушунмай қурийсан. Ёки, масалан, шаҳардан қуролларини кўтариб келишади-да, пақ-пуқ қилиб тўғри келган нарсага ўқ узишаверади! Ўқ нимага тегади, жониворнинг эркагигами, урғочисигами –
фарқи йўқ, ишқилиб ўлдиришса, ов қилишса бўлди. Бунақанги иш учун қўлларини суғуриб ташлаш керак. Масалан, кийик ёки она айиқни ўлдирдинг, унинг эса иккита кичкина боласи бор. Улар ҳаром қотишади-ку. Сен битта айиқ терисини қўлга киритарсан, агар озгина кутганингда… учтасига эгалик қилишинг мумкин эди-ку. Ақлсизлик бу. Жониворлар жонига ўйламасдан жабр қилиш учига чиққан ақлсизлик.
– Мана сенга ризқ. Яна ризқ дейсан-а? – давом этарди Никитич.
Йигит уни эшитгиси келмасди. Деразага яқин келди-да, қоронғиликка узоқ тикилиб қолди. Худди уйқудан уйғонгандай:
– Барибир, ҳадемай баҳор келади, – деди бирдан.
– Келади, қаёққаям борарди. Ўтир, газак қиламиз. Тангри етказгани учун. Идишда қор эритишди, спирт аралаштиришди. Ичишди. Муздай сало билан газак қилишди. Кўнгиллар анча бўшашди. Ёқимли… Никитич печга яна ўтин солиб қўйди. Йигит эса яна дераза ёнига борди. Оғзининг ҳовури билан ойнада айлана чизиб қоронғиликка тикилиб турарди.
– Ҳозир у ерда кимни ҳам кўрардинг? – ҳайрон бўларди Никитич гаплашгиси келиб.
– Эркни, – деди йигит. Хўрсинди. Аммо, хўрсиниши маҳзун эмасди. Эрк ҳақида ҳам алам билан қатъий айтди. Дераза ёнидан силтаниб узоқлашди. – Отахон ичгим келаяпти. Қора сатин кўйлаги ёқасидаги тугмаларни ечди, кейин кафтлари билан кўкрагига гурсиллатиб урди, силади. – Кўнгил истаяпти.
– Бирор нарса еб олсанг бўларди. Бўлмаса, очликдан кўнглинг озади.
– Озмайди. Менинг кўнглим озмайди. – У қариянинг бўйнидан мулойимлик билан маҳкам қучиб, куйлаб юборди:

Ўлим камераси эса
Намчил ва совуқ.
Пайдо бўлди оқсоч қария…

Ва ширин жилмайди. Йигитнинг кўзлари хушнуд чарақлаб йилтиллади.
– Кел, ичамиз, яхши одам.
– Ёлғиз зерикдинг-а, – Никитич ҳам жилмайди. Йигит унга жуда-жуда ёқаётганди. Ёш, кучли, келишган. Лекин, адойи тамом бўлиши мумкин. Шундоқ йигит тамом бўлиши мумкин. Тайгада қуролсиз юрсанг, расвои радди бўласан.
– Тамом бўлмаймиз, отахон. Ҳали давру даврон сурамиз! У буни яна бир бора қатъий айтди ва кўзлари бир лаҳза қаергадир узоқ-узоқларга тикилиб «қотиб» қолди… У нима ҳақида ўйлаяпти ёки кимни ўйлаётгани тушунарсиз эди. Аммо, унда «ниманидир» эслаш хоҳиши йўқ эди.
Стакандагини бир зарб билан охиригача ичиб юборди. Томоқ қириб, бошини силкитиб қўйди. Салони тамшаниб чайнади. Чека бошлади. Ўрнидан турди, ўтиргиси келмасди. Катта қадамлар билан хонада у ёқ-бу ёққа юрди ва хона ўртасида тўхтади-да, яна узоқларга синчков тикилиб қолди.
– Яшагинг келади, отахон.
– Ҳамманинг яшагиси келади. Нима, мени яшагим келмайдими? Менинг эса аслида сафарим қариб қолди.
– Яшагинг келади! – такрорлади салобатли келишган йигит қайсарлик билан қариянинг гапини эшитгиси келмай. – Сен уни билмайсан, ҳаёт, – ўйланди тишларини маҳкам қисиб у, – бебаҳо, ёқимли. Менинг жону жаҳоним.
Кайф қилаётган Никитич кулиб қўйди.
– Сен ҳаёт ҳақида худди аёл ҳақида гапиргандай гапираяпсан.
– Аёллар – арзимас, нархи паст матоҳ. – Йигитни қандайдир журъатли, хурсанд қиладиган қайсар туйғулар чулғаб олганди.
У қарияни эшитмас, ўзича минғирлар, аммо чол унинг сўзларини тинглагиси келарди. Йигитнинг ҳокимона қуввати энди уни тамоман ўзига бўйсундириб олган эди.
– Аёллар – улар… албатта, уларсиз эса янаям…
– Шундоқ оламиз-у, биз уни – жаво­ҳирни… – йигит қўлларини олдинга чўзиб, бар­моқларини мушт қилиб тугди, – ғарни оламиз-у, томоғидан ғиппа… Коля профессорни эслайсанми? Унутмадингми? – Йигит ким биландир гаплашар ва «уни унутишаётганига» жуда ҳам хайрон бўларди. – Коляни-я, сен эса ҳамон Колянинг ёдидан чиққанинг йўқ. Коля сени унутмади. – У ё хурсанд бўлаётганди ёки кимдандир алам билан ўч олмоқчи бўлаётгандай эди. – Мен эса, мана борман. Жонгинам, мумкинми, сенга айтар икки оғиз ширин сўзим бор. Сени хафа қилмайман. Аммо, сен менга барча нарсангни берасан. Ҳаммасини оламан мен!..
– Ростдан ҳам у аёл сени шу даражада қонингни қайнатадими? – сўради ҳайрон бўлиб Никитич.
Йигит бошини чайқади.
– У аёлнинг номи Эрк! Уни сен ҳам танимайсан, билмайсан, отахон. Сен – жонзотсан, сенга бу ер яхши. Катта шаҳарда чироқлар қандай чарақлаб ёнишини сен билмайсан. Улар сеҳрли чорлайди. У ерда ёқимтой одамлар бор, уларнинг уйлари иссиқ, ёқимли мусиқа янграйди. Улар жудаям сертакаллуф ва ўлимдан жуда қўрқишади. Мен эса шаҳар кезаман. Бу шаҳар бутунлигича меники. Нима учун улар у ерда-ю, мен бу ерда бўлишим керак? Тушуняпсанми?
– Сен бу ерда бир умрга эмассан-ку?
– Тушунмаяпсан. – Йигит жиддий ва қатъий сўз­ларди. – Мен у ерда бўлишим керак, негаки, мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Мен ўлимдан қўрқмайман. Демак, ҳаёт – меники.
Қария бошини чайқади.
– Нега бунақа деяётганингни тушунмаяпман, бўз йигит.
Йигит тахта супага яқин келди, стаканларга қуйди. У худди бирдан чарчаб қолгандай эди.
– Қамоқдан қочиб келаяпман, отахон, – деди ҳеч қандай оҳангларсиз. – Олдикми?
Никитич ихтиёрсиз ҳолатда ўз стаканини йигитнинг стакани билан чўқиштирди. Йигит ичди. Қарияга тикилди… У эса ҳамон стаканни қўлида ушлаб, зимдан йигитга тикилиб турарди.
– Нима?
– Бу қанақаси бўлди?
– Ич, – деди йигит. Яна чекмоқчи бўлди, аммо қўли бўшаб қолганди. – Ўзингникидан бериб тур.
– Мендаги ўт-ўландан, барглардан.
– Ҳечқиси йўқ, жин урсин.
Чекишди. Йигит тўнкага, оловга яқинроқ ўтирди. Анча вақт жим бўлиб қолишди.
– Тутиб олишади-ку, – деди Никитич.
У йигитга ачиниб эмас, бошқача қаради, гавдали, келишган йигитни қандай қилиб қурол ўқталиб олдиларига солиб ҳайдаб кетишаётганларини кўз олдига келтирди. Унинг ёшлигига, чиройи ва кучига ачиниб кетди. Шаппа ушлаб олишади-ю – тамом, ҳаммаси итнинг думи тагига кириб кетади; ҳеч кимга унинг чиройидан на хамир, на патир бўлмайди.
– Нега ундай қилдинг? Бекор қипсан, – деди у ҳушёр тортиб.
– Нима?
– Нега қочдинг? Ҳозир олдинги даврлар эмас, тутиб олишади.
Йигит гапирмади. У оловга тикилиб, ўйла­ниб ўтирарди. Энгашиб печга ўтин ташлади.
– Муддат тугагунча ўтириш керак. Бекор…
– Бас қил! – Кескин гапини бўлди йигит.
У ҳам қандайдир ғалати ҳолга тушган, бундан сергак тортганди.
– Елкамда каллам бор.
– Ҳа, буни биламан, тушунарли, – қўшилди Никитич. – Йўлинг узоқми?
– Жим, гапирма ҳозирча.
«Ота-онаси ҳам бўлса керак, эҳтимол, – ўйларди Никитич йигитнинг гарданига қараркан, – боради, уларни хурсанд қилади».
Беш дақиқа индамай ўтиришди. Қария трубкасидаги кулни тўкиб ташлаб унга яна тамаки тўлдирди. Йигит ҳамон оловга тикилиб ўтирарди.
– Сенинг қишлоғинг туман марказига яқинми, – сўради у тескари ўтирган ҳолда.
– Қанақа туман маркази? Биздан тумангача тўқсон чақирим чиқади.
– Ишинг пачава сени, қишда тайгада…
– Сеникида уч кунча яшасам, куч тўплаб олсам, – илтимос қилмади, тўғридан-тўғри айтди.
– Яшайвер, менга нима. Муддатинг узоқ­миди, чидай олмадингми?
– Кўп эди.
– Нима учун қамалгандинг?
– Бунақанги саволларни, отахон, ҳеч қа­чон, ҳеч кимдан сўрама.
Никитич ўчиб қолаёзган трубкасини қайтадан ёндириб, чуқур тортди ва йўталди. Йўтала туриб сўради:
– Менга нима?.. Фақат ачинаяпман. Ушлаб олишади.
– Худо сотиб қўймаса, чўчқа еб қўймайди. Мени арзонгаровга алдолмайсан. Кел, ухлайлик.
– Ётавер! Мен ўтин ёниб тугагунча ўтираман, мўрини ёпаман. Бўлмаса, тонгга яқин совқотамиз.
Йигит пахталигини тахта супага тўшади, бошининг тагига нима қўйишни билолмай,
атрофга боқди. Кўзи деворда осиғлиқ мил­тиққа тушди. Яқинига бориб олди, индамай кўздан кечирди, қайта жойига илиб қўйди.
– Эскигина экан.
– Ҳечқиси йўқ, ҳозирча яроқли. Ҳув бурчакда кигиз ётибди, уни тагингга тўша, пахталигингни бошинг тагига қўй. Эрталабгача, барибир, совиб қолади.
Йигит кигизни тўшаб, дарров чўзилди ва чуқур хўрсинди.
– Кичкина шаҳар, – деди у нимагадир. – Мендан қўрқаяпсанми, отахон?
– Сенданми? – ҳайрон бўлди қария. – Хўш, нима учун сендан қўрқарканман?
– Ҳм-м, мен… ҳалигидақа қамалган маҳ­кумман-ку. Балки, одам ўлдирганим учун ўтиргандирман.
– Одам ўлдирган бўлсанг, сени Худо жазолайди, одамлар эмас. Одамлардан қочиб юришинг мумкин, аммо ундан қочиб қу­тулолмайсан.
– Сен диндормисан, нима бало? Эски диндорлардан бўлсанг керак ҳойнаҳой?
– Диндор бўлсам, сен билан ўтирармидим ароқ ич-и-иб.
– Буям тўғри. Худойинг ҳақида эса сен миямни… Мен ундан қайт қилгим келади. –
Йигит сал бўғиқ овозда эринибгина сўзларди.
– Нима учун?
– Нима учунми?.. Шунинг учунки, у
эртак тўқийди, алдайди. Олижаноб, меҳ­рибон одам бўлмаган, бўлмайдиям. У эса меҳрибон, бардошли бўлишга ўргатади. Лаънати!
Йигитнинг овозида яна аввалгидек қатъийлик ва етуклик сезила бошлади. Фа­қат овозида илгариги шўхчанлик сўнган эди. – Ким олижаноб? Менми? Сенми?
– Мен, масалан, ҳаётим давомида ҳеч кимга ёмонлик қилган эмасман…
– Ҳайвонларни ўлдирасан-ку! У ўргат­маган эдими?
– Тенглаштирдинг, бармоқни сармоқ билан. Одам – бу одам, ҳайвон – ҳайвон-да.
– Тирик жонзот – ўзларинг айтгансанлар-ку, аблаҳлар деб.
Йигитнинг юзини Никитич кўрмасди, аммо кўз олдига келтирди – оқиш юзли, соқолчаси бор. Иссиққина сокин хонада тақдир эзғилаб ташлаган шундай хушсурат, ёқимтой инсон овози жаранглади. Яхши, келишган юзли одамнинг овози.
– Сен нега менга жаҳл қилиб қолдинг?
– Ёлғон гапирмаларинг! Алдаманг одам­-
ларни, фаришталар. Сизларни сабрга ўр­гатишганми? Сабр қилинглар! Ибодат қилишга улгуриб-улгурмай, иштонларингни ечасизлар-у, аёлнинг кетидан чопасизлар, илонлар! Мен тумшуққа туширишни ўргатадиган янги Исони ўйлаб топган бўлардим. Ёлғон гапирдингми? Ма, ол, мараз!
– Сўкинма! – деди қатъият билан Никитич. – Сени одам деб уйга киритишди, сен эса итдай ҳура бошладинг. Хафа бўлдингми, қамашдими? Демак, айбингга яраша. Ким бу ерда айбдор?!
– Мм-м. – Йигит тишларини ғижирлатди, сўнг жим бўлиб қолди.
– Мен сенга поп эмасман ва бу ер сенга черков ҳам эмас, ҳадеб зарда қилгани. Бу ер тайга – ҳамма бирдай. Буни ёдингда тут. Бўлмаса, ўзингнинг «Эрк»ингга етиб боролмайсан, қудуққа қулаб, бўйнинг синади. Биласанми, етим қўзи асрасанг оғиз-бурнинг мой этар, деган мақол бор. Сенинг шохингни қайирадиган одам ҳам топилиб қолади. Агар бировни ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ хафа қилсанг, у «Эрк»ни қаердан излашни кўрсатиб қўяди, сенга.
– Аччиғинг чиқмасин, отахон, – деди йигит келишувчанлик билан. – Қандай яшашни ўргатадиганларни кўргани кўзим йўқ. Ичим қизиб кетаяпти! Ҳар хил бўлмағур шилта балчиқни бурнинг тагига тиқиштиришади, ундоқ яшаш керак, мана бундоқ яшаш керак, деб. Барини кўргани кўзим йўқ! – деярли бақириб юборди йигит. – Мен хоҳламайман унақа яшашни. Алдашаяпти. Мурда ҳиди анқийди. Ҳаммамиз топ-тоза қилиб ювилган ўликларга ачинамиз, раҳмимиз келади, севамиз, сен тирикларни сев. Ер юзида фаришталар бўлмайди! Мен уларни кўрмаганман! Нима учун биз уларни ўйлаб чиқарамиз?! – Йигит тирсагига таяниб ёнбошлади: ғира-ширада унинг юзи оқариб кўринар, кўзлари чақчайиб ялтирарди.
– Сал ҳовурингдан тушсанг тушунасан, агар яхши одамлар бўлмаганида, ер юзида ҳаёт тўхтаб қолган бўларди. Бир-бирларини еб ташлашар ёки сўйишарди. Буни менга ҳеч қанақа Исо ўргатгани йўқ, мен ўзим шундай деб ҳисоблайман. Фаришталар эса ростданам йўқ. Ўзим ҳам фаришта эмасман. Ҳеч ким мени ёмон ёки қаҳри қаттиқ демаган. Бир пайтлар ёш бўлганман… Бу ердан унча узоқда бўлмаган, қирдан нарида, динга сиғинадиган чолу кампир ва уларнинг йигирма беш ёшлардаги қизидан иборат бир оила яшарди. Улар унчалик қари эмас эди-ю, аммо менга ўша пайтда кекса бўлиб кўринишган. Улар кейин қаёққадир кетиб қолишди. Хўш, шундай қилиб уларнинг қизи бор эди. Ҳаммалари шу даражада художўй эдиларки, гуноҳдан узоқроқ юриш учун одамлардан қочишарди. Мен эса ўша қизни алдаб қайинзорга олиб кирдим… ва у билан муччи-пуччи, у ёқ, бу ёғини… дегандай… Оқила эди у. Қоматли. Ҳомиладор бўлиб
қолди. Мен эса уйланган эдим…
– Яна ҳеч ёмонлик қилмаганман дейсан.
– Ҳа, менам фаришта эмасман. Рост, мен унга зўрлик қилмадим, ширин сўз билан эркаладим, кўндирдим, аммо, барибир… бола ҳаётда саргардон бўлди. Эсласам, ачинаман. Улғайиб қолган бўлса керак, эҳтимол, энди сўкинадиган бўлиб қолгандир.
– Инсонга ҳаёт бергансан, ўлдирмагансан. Балки, ўша қизни ҳам қутқариб қолгандир­сан. Шундан кейин балки қиз улардан қочиб кетгандир. Бўлмаса, ота-онаси уни ибодат қилдиравериб жонидан тўйдириб юборган ва у ўзини бирор шохга осиб қўйган бўларди-ю, тамом. Бир умр эркак нималигини билмай ўтарди. Яхши иш қилгансан, қайғурма.
– Яхшими, ёмонми шундай бўлган, у ёғини билмадим. Балки ёмондир…
– У ерда яна қолганми?
– Спиртми? Озроқ бор. Ичавер, мен бошқа ичмайман.
Йигит ичди. Яна иҳраб томоқ қирди. Газак қила бошлади.
– Кўп ичаяпсан-ов?
– Й-ўқ, бу… шундоқ, совқотганман. Отахон бундай ичиш керак эмас… Ҳузур қилиб ичиш керак. Мусиқа, ажойиб сигарета, шампан виноси, аёллар… Осойишта маданият билан.
Йигит яна орзуларга берилди, қўлини бошининг остига қўйиб ётди.
– Хароба хоналардан жирканаман. Булар одам эмас – мол. Ҳм-м, нима қилсанг, гўзал яшаш мумкин! Агар мен бир кечада бир бурни пучуқ билан етти марта ўйнашсам-а? Агар у мени нозик қўллари билан қучса ва манг­лайимдан ўпишни хоҳласа, мен нима қола олардим?! Кейин… дам оламан. Роҳатланаман… Майли қалбинг тош қотсин, майли у кучук думидай қалтирасин, мен тўғрига қараб юраман, чалишиб йиқил­майман.
– Сен ўзи аввал ким бўлиб ишлагансан? – қизиқсиниб сўради Никитич.
– Менми? Таъминот бўйича ходим бўл­ганман. Чет эллар билан маданий алоқалар ўрнатганмиз. Умуман олганда, мен олимман. «Колорада қўнғизи нима ва у билан қандай курашиш лозим» мавзуси бўйича доцент эдим.
Йигит жим бўлиб қолди, бирпасдан кейин уйқули товуш билан:
– Бўлди… отахон, мен кетдим, – деди.
– Ухла.
Никитич ёғоч косов билан «тош печ»ни ковлаштирди, трубкасига тамаки жойлаб қўйди ва йигит ҳақида ўй сура бошлади: «Мана сенга ҳаёт – ҳамма нарса берилган; келишган, бақувват, мияси ҳам жойидага ўхшайди. Хўш… нима? Кейин-чи, ўрмонда қочиб юраверадими? Буларни шаҳар оқбилак қилиб қўйган. У ердагиларнинг бари эсдан оғиб қолган». Никитичнинг уч набираси катта шаҳарда яшашади. Иккинчиси ўқийди, бирови ишлайди, уйланган. Улар мановига ўхшаб мақтанишмайди-ю, аммо шаҳарга қараб интилишаверади. Ёзда улар келишади, тезда зерикиб қолишади. Никитич қуролини олади-ю, уларни тайгага етаклайди ва улар ўзларига келиб, ўқишдан чарчаган мияларини сал «шамоллатиб» олишларини кутади. Набиралари ўзларини маза қилиб дам олаётгандек кўрсатишга уринганларида, Никитич ноқулай аҳволга тушарди; ахир унинг бундан бошқа хурсанд қиладиган илинжи йўқ-да. Гўёки уларни алдагандай ноқулай вазиятда қоларди. Уларнинг миясида нуқул шаҳар гавдаланади. «Манави тахтада ётган ҳам шаҳар деб, ақлини еб қўйганга ўхшайди. Унинг ўрнидаги бошқа одам агар қамоқда ўтиришга чидай олмаса, олисроққа кетиши, бирор ердан ертўла ковлаб тўрт-беш йил кўринмай туриши керак эди. Бу эса яна ўша ёққа, ҳар қадамда ёқасидан бўғиб оладиганлар бор жойга бормоқчи. Қўлга тушишини ўзи ҳам билади, барибир, ўша ёққа югуради. Бу шаҳар деганингда, қандай сеҳр бор ўзи! Хўп майли, мен қариман, у ерда бор-йўғи уч йил бўлганман дейлик. Тушунмайман. Тўғри, у ерда хурсандчилик кўп, чироқлар чароғон. Хўш, мен тушунмас эканман, демак мен истамайман. Сенга у ер маъқул экан, саломат бўл. Менга эса бу ер яхши. Аммо бу нимаси, улар у ёқдан келишади-да, бурнини жийиришади, зерикарли, зиқ бўлиб кетдим, дейишади. Ҳой сенлар! Аввал у ёқ-бу ёққа дурустроқ қаранглар! Ҳали бирор нарсани тузукроқ кўрганларинг йўғ-у, яна шаҳар ҳақида вайсайсанлар. Мана, масалан, чумоли ёки бўлмаса кўрсичқон қандай яшаяпти, томоша қил. Хоҳлаган жонзотга қара. Қизиқиб қараб, бир томоша қил. Кейин ўйлаб кўр-чи, ҳаёт ҳақида кўп нарса билармикансан ё йўқ. Шаҳар ҳақида менга эртак айтасан?! Агар билганларимни айта бошласам, биласанми, эҳ-ҳе, қанча! Мени эшитишмайди, кўзларини бақрайтириб сизларнинг оғизларингга тикилишади, шаҳарликсизлар-да. Мен эса сенга тупурдим, шаҳарлик бўлсанг бўлибсан-да. Шаҳар кўчаларида олифтагарчилик қилиб санғиган бўлсанг, санғигандирсан. Санғий-санғий мана ўн-ўн беш йил ишлаб олибсан-ку, чиройли ҳаётинг учун. Бирор-бир дўконни тўнаган бўлсанг керак-да ёки бошқами. Бир ғайрат қибсан-у, учиб кетибсанда гувиллаб. Яна ўз ихтиёринг билан кўкрагингни панжаранинг тиғига урмоқчисан. Демак, шаҳарсиз туролмайсан. Яна қандайдир дўконни мўл­жалга олгансан, ўша шампан виносини, каллаварам! Шаҳар сенларни ейди; суяк-пуягинг билан итдай ғажийди. Раҳмим келади, сен аҳмоқларга. Аммо, ҳеч нарса қилиб бўлмайди».
«Тош печ»даги ўтин ёниб тугаётганди. Никитич охирги чўғларни кул ичида сўнишини кўргач, мўрини ёпди, фонусни ўчириб, йигит ёнига чўзилди. У қўлларини биқинига ноқулай тиқиб, чуқур нафас олганча бир маромда ухларди. Никитич унинг қўлларини тўғрилаб қўйганда ҳам қимир этмади. «Чарчаган, – ўйлади Никитич. – Нодон. Ким мажбур қилди? Эҳ, сизлар?!»
…Ярим тунда кўчада – уйча ёнида шовқин эшитилди. Икки ёки уч эркак кишининг овози келарди. Йигит илкис ўрнидан турди – худди ухламагандай эди. Никитич ҳам бошини кўтарди.
– Ким улар? – шошиб сўради йигит.
– Қаердан билай?
Йигит тахтадан ирғиб турди-да, эшик ёнига борди, қулоқ солди, қўллари билан пайпаслаб, девордаги милтиқни излади. Никитич сергакланди:
– Қани, ақлингни йиғ-чи! – деди паст овозда қатъий. – Бир фалокатни бошлама.
– Ким улар? – сўради йигит яна.
– Билмайман.
– Киритма, эшикни ёпиб ол.
– Аҳмоқ. Ким ҳам ёғоч уйчани қулфлайди. Қулфлайдиган ҳеч нарса йўқ. Ёт, қимир этма.
– Ҳаҳ сени, бобой!..
Йигит гапини тугатмади. Кимдир остонага кўтарилиб, қўли билан эшик дастагини қидира бошлади. Йигит илондай сирғалиб тахта супачага чўзилди ва шивирлаб деди:
– Отахон, Худо ҳаққи, шайтон ҳаққи, иблис ҳаққи қасам ичаман, сотсанг… Ёлвораман, қария. Бир умр…
– Ёт, – буюрди Никитич.
Эшик очилди.
– А-ҳа-а!, – деди кимдир йўғон қувноқ овоз билан. – Айтдим-ку, кимдир бор деб. Иссиққина, киринглар.
– Эшикни ёпсанг-чи! – деди Никитич зарда билан тахта супадан тушар экан. Хурсандлигини қаранг, иссиққина эмиш! Эшикни каттароқ очсанг, бундан ҳам иссиқроқ бўлади.
– Ҳаммаси жойида, –деди йўғон овозли. – Уй иссиққина. Эгасиям хушмуомала.
Никитич фонуснинг пилигини кўтарди. Яна икки киши кириб келди. Бирисини Никитич таниди, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи. Овчиларнинг ҳаммаси уни танишарди; овчилик чиптасини олгунча уларни ойлик бадални тўлашига мажбур этиб қийнаб юборарди.
– Емельянов? – сўради бошлиқ; у баланд бўйли, йўғон, эллик ёшлардаги киши эди. – Шунақами?
– Шундай, ўртоқ Протакин.
– Ҳа, мана! Меҳмонларни кутиб ол.
Учаласи ҳам ечина бошлашди.
– Отишмагами? – мазах аралаш сўради Никитич.
У бунақа келиб-кетувчи «варангла­тар»ларни ёқтирмас эди: улар шовқин қи­лишарди-ю, кетишарди.
– Чигилимизни озроқ ёзмоқчимиз. Бу ким? – Бошлиқ тахтада ётган йигитни кўриб қолди.
– Иолог, – хоҳламайгина тушунча берди Никитич. – Шерикларидан қолиб кетибди.
– Адашиб қолибдими?
– Шундайдир.
– Нимага унда биз билмаймиз. Қаёққа кетаётганини айтдими?
– Нимани ҳам айтарди. Оғзини аранг очолди. Музлаб қолаёзган экан. Спирт ичирдим унга, ҳозир ўликдек қотиб ухлаяпти.
Бошлиқ гугурт чўпини ёқиб, йигитнинг юзига яқин олиб борди. Унинг бирорта ҳам мускули қимирламай, бир маромда нафас олиб ётарди.
– Суробини тўғрилаб қўйибсан сен уни, – бошлиқнинг қўлидаги гугурт чўпи ўчиб қолди.
– Нима учундир у бизларга маълум қилинмаган экан?..
– Балки, хабар беришга ҳали улгуришмагандир? – деди келганлардан бири.
– Йўқ, қара анча вақтдан бери дайдиб юрганга ўхшайди. У сенга қачондан бери ёлғиз юрганлигини айтмадими?
– Йўқ, – жавоб қайтарди Никитич. – Қолиб кетдим деди, бўлди.
– Майли, ухлаб олсин, эртага аниқлаймиз. Хўш, ўртоқлар, энди ухладикми?
– Ухладик, – дейишди икки шерик. – Сиғамизми?
– Сиғамиз, – деди бошлиқ ишонч билан. – Ўтган сафар беш киши бўлган эдик. Тонгга яқин музлаб қолишимизга сал қолувди. Оловни кам ёққан эканмиз. Совуқ эса эллик даражага яқин эди.
Кийимларини йиғишиб тахта супага чўзилишди. Никитич йигитнинг ёнига ётди. Келганлар яна озгина вақт ўзларининг тумандаги ишлари ҳақида гаплашиб ётишди-да, кейин жим бўлиб қолишди. Ҳаммалари ухлашди.
…Никитич дераза сал ёриша бошлаган пайт уйғонди. Ёнидаги йигит кўринмади.
Никитич оҳистагина катдан тушди, чўн­такларини ковлаштириб гугурт қидирди. Ҳали кўнглига бирон-бир ёмон фикр келиб улгурмаганди. Гугурт чўпини ёқди… Йигит йўқ эди. Унинг пахталиги ҳам, қуроли ҳам жойида кўринмасди. Кўкрагининг ости ёмон сиқилди.
«Кетибди, қуролни ҳам олиб кетибди». Шовқин солмай кийинди, бурчакка суяб қўйилган уч милтиқдан бирини олди, чўнтакларидаги зўлдир солинган патронларни пайпаслаб текширди.
Эшикни секингина очиб, ташқарига чиқди. Тонг энди отаётган эди. Тун бирмунча илиқлашган. Туман ҳовури хира тонг шуъласига, рангига сингиб кетганди. Беш қадам наридаги нарсани кўриб бўлмас, баҳор ҳиди анқий бошлаганди.
Никитич оёғига ўз чанғиларини боғлаб, излари аниқ кўриниб турган хира қор устидан юриб кетди.
– Итвачча, қарғиш теккур ўғривачча! – Паст овозда сўкинарди у. – Кетибсан, қуролни нега оласан, ит! Қуролсиз мен бу ерда нима қила оламан, ўйлаб кўрмадингми, хомкалла? Мени нима, хазинам борми, сендақаларнинг ҳаммасини қурол билан таъминлашга? Қарғиш теккур, сен уни, барибир, қаердадир ташлаб юборасан-ку. Сен фақат тайгадан чиқиб олсанг бўлди? Мен бу ерда қуролсиз қўлимни қовуштириб ўтираманми. На уят, на виждон қолди одамларда.
Тонг аста-секин ёришиб келарди. Кун булутли – илиқ бўладиганга ўхшарди. Чанғи излари қишлоқ томонга қараб кетмаган эди.
– Одамлардан қўрқасанда-а? Эҳ сенларни… «Чиройли ҳаёт». Қариянинг охирги қуролини эса, ўмариш мумкин-а. Аммо ҳар қанча эпчил бўлсанг ҳам мендан қочиб кетолмайсан. Навқирон бўлсанг ҳам мен сенга ўхшаганнинг еттитасини ҳолдан тойдираман.
Қариянинг кўнглидаги ғазаб унчалик кучли эмас эди. Кўнгли оғриганди; сен уни одам деб ғамхўрлик қилсанг-у, у бўлса сенинг қуролингни олиб кетса! Шундан кейин ҳам, сен мунофиқ эмасмисан? Никитич уч километрдан зиёд йўлни босиб қўйган эди. Тонг отиб қолди. Чанғичи анча узоқлаб кетганди.
– Эрта турган экан. Сасини чиқармай йўл олганини қара!
Бир жойда йигит тўхтабди, чекибди, чанғи изларининг икки ёнида суянчиқ таёқлар­нинг чуқур изи қолган. Қорда ёнган гугурт донаси, хазон ва тамаки қолдиқлари ётарди.
– Тамаки халтамни ҳам олибди! – Никитич жаҳл билан туфлади. – Вой мараз-эй, ифлос! – Қадамини тезлаштирди қария.
…Никитич йигитни пастда, сой бўйлаб кетаётганида анча узоқдан кўрди. Йигит шошилмай, аммо илдам, дадил қадамлар билан юриб кетарди. Елкасида милтиқ осилган эди.
– Юришни биларкан, – баҳо берди ўзича Никитич.
Чанғи йўлидан қайрилди-да, йигитни айланиб қувиб ўтиш учун жадаллаб кетди, ўзини сездирмаслик учун узун қирнинг панасига ўтиб, тепаликлар бўйлаб кетиб борарди. У йигитни тахминан қаерда учратишини биларди; олдидаги йўлда унча кенг бўлмаган чорраҳа кесишган жой бор, йигит ўша ердан ўтиши керак ва яна яланглик бор… Никитич уни ўша ерда кутиб олади.
– Ҳозир мен сенга томоша кўр­сатаман, – деди Никитич заҳархандалик билан ва бор кучи билан таёқларга таяниб ҳаракатини тезлаштирди. Қизиқ, негадир Никитичда меҳмоннинг чеҳрасини яна бир бор кўриш истаги бор эди. Кишини тортадиган нимадир бор эди унинг юзида. «Ростдан ҳам, балки ўзига хос чиройли ҳаётга етишиш учун интилганда шундай бўлиши керакмикан. Агар бундоқ ўйлаб кўрилса, бу ерда у нима ҳам қилади? Тамом бўлади. Падари қусур бир куни тушуниб олар».
Чорраҳада Никитич секингина ялангликни кузатди, йигит кўринмасди, қувиб ўтганди. Тезда чорраҳани кесиб ўтди-да, йигит тахминан қаердан келиши мумкин бўлган жойдаги бута панасига ўтди, ўқдонни текшириб кўриб, кута бошлади. Тажрибали овчиларга хос одатга кўра беихтиёр қуролни кўздан кечирди; яп-янги Тула милтиғи, милтиқ мойи анқиб, ялтиллаб турибди. «Овга чиқишган эмиш, милтиқдан ҳид тарқалмаслиги керак­лигига ақллари етмабди. Овда чекишни ҳам ёддан чиқариш керак, сендан бир тошлиқда ҳид таралмаслиги учун, оғизни ҳам чой билан чайқаб олиш керак, кийимни ҳам бошқачароғини, яхшиси уйнинг ҳиди келмаслиги учун ташқарида, очиқ ҳавода осиғлиқ турганини кийиш керак. Овчилар эмиш – бир уюм куйдиргилар». Йигит чорраҳа чеккасига чиқиб келди-да, тўхтади. Атрофга аланглаб қаради. Бироз тўхтаб турди-да, тез-тез юриб чорраҳани кесиб ўта бошлади. Худди шу пайтда Никитич унинг қаршисидан чиқиб келди.
– Тўхта! Қўлингни кўтар! – баланд овоз билан буйруқ берди у йигитни қаттиқ саросимага солиш мақсадида. У бошини илкис кўтарди, кўзларида даҳшат кўрингандай бўлди. Қўл­ларини кўтармоқчидай силкитди-ю, Никитични таниб қолди. Шунгача эса кўрган бўлса ҳам танимаганди.
– Нима дегандинг, ҳеч нарсадан қўрқ­майман демаганмидинг? – сўради Никитич. – Иштонингни эса бирпасда булғадинг.
Йигит тезда ўзига келди, ўзига хос ёқим­тойлик билан яна бироз зўраки жилмайди.
– Вой сени-эй, отахон… бопладинг. Худди кинолардагидай… Вой энағар-эй. Бунақада юрак ёрилиб ўлиш ҳеч гапмас.
– Энди, гап бундай, – ишнинг кўзини биладиган оҳангда гап бошлади Никитич. – Қуролни елкангдан ечмай, қўлингни орқангга узатиб милтиқни оч, ўқдондан ўқни суғуриб ол-да, четга улоқтир. Чўнтагингдаги ҳамма нарсани ағдар. Улардан менда ўн олти дона қолган эди. Ҳаммасини қорга ташла, ўзинг эса четга чиқиб тур. Агар ҳазил-пазил қилишни ўйласанг, отаман. Чиниминан
айтаяпман.
– Тушундим, отахон. Негадир ҳозир ҳазил қилиш кўнглимга сиғмаяпти.
– Уятсиз, ўғри.
– Ўзинг айтгандинг-ку, тайгада қуролсиз юриш бемаънилик деб.
– Бу ерда қуролсиз мен нима қиламан?
– Сен – уйингдасан.
– Ҳа, гапир, гапир. Уйингдасан. Нима, менинг уйимда завод бор эканми?
Йигит чўнтагидан патронларни чиқариб ташлади. Никитич санади – ўн тўртта. Кейин қўлларини орқасига чўзди-да, пастки лабини тишлаб, диққат билан қарияга тикилганича изланди. У ҳам йигитдан кўзини узмаган ҳолатда милтиқ тепкисига бармоғини қўйиб унинг кўкрак қисмига тўғрилаб турарди.
– Нимага каловланасан?
– Чиқара олмаяпман…
– Тирноқларинг билан илдириб ол ёки муштинг билан қўндоққа ур. Аввал битта, кейин эса иккинчи патрон ерга тушди.
– Хўш, энди ҳув анави ерга бориб тур.
Йигит буйсунди. Никитич патронларни йиғиб олди-да, калта пўстинининг чўнтакларига жойлади.
– Милтиқни менга улоқтир, ўзинг эса жойингдан қимирлама. Йигит қуролни ечдида, қарияга улоқтирди.
– Энди турган жойингга ўтир, чекамиз. Тамаки халтани ҳам менга от… халтани ўғирлаганини-чи…
– Чекиш хумори тутарди-да, мени.
– Сен фақат ҳамма нарса менга, менга дейсан. Хўш, мен ҳақимда ҳам ўйладингми, шайтонвачча! Мен нимани чекаман?
– Майлими, мен ўзимга озроқ олсам?
– Олақол. Гугуртинг бордир?
– Бор.
Йигит ўзига озроқ олиб қолди-да, тамаки халтани қария томонга отиб юборди. У ҳам чека бошлади. Бир-биридан беш қадамча узоқликда ўтиришарди.
– Улар кетишдими, кечаси келганлар?
– Ухлашаяпти. Улар ухлашга моҳир. Улар ов қилишмайди, ўйин қилишади, ўз туманларида одамларнинг кўз ўнгида ёзилиб ўйнаб- кулолмайдилар. Мана шунинг учун улар кўздан пана жойга келишади.
– Ким эди улар?
– Бошлиқлар. Кучларини қуруққа сарфлайдилар.
– Ҳа-а!..
– Сен нима, мени қувиб етолмайди деб ўйладинми?
– Ҳеч нарса деб ўйлаганим йўқ. Уларни бирови сенга таниш экан. Ким у? Уни фамилиясини айтган эдинг…
– Ижтимоий таъминотда ишлайди. Кампиримга нафақа тўғирлаётганимда ўша ерда уни кўрган эдим.
Йигит диққат билан қарияга тикилди.
– Бу ҳалиги курортларга путёвка берадиган жойми?
– Ҳа.
– Яшираяпсан, қария… Наҳотки шу қу­ролни деб мени қаматмоқчисан?
– Сени қаматиш, менга зарил кептими, – деди Никитич сидқидилдан.
– Менга милтиғингни сот. Пулим бор.
– Йўқ, – қатъий гапирди қария. – Агар кеча кечқурун яхшиликча сўраганингда, сотган бўлармидим. Сен эса чўчқани қилиғини қилиб ўтирибсан, сотмайман.
– Ахир улар қачон уйғонар эканлар, деб кутолмасдим-ку.
– Кечаси мени кўчага чақириб сўрашинг мумкин эди-ку, шундоқ-шундоқ, отахон, менга мана бу одамлар билан гаплашиб ўтириш унча ёқмаяпти. Милтиғингни менга сотсанг, мен кетаман, деб. Сен эса… ўғирладинг. Ўғирлик учун бизда қўлни кесишади.
Йигит тирсакларини тиззасига тираб, бошини эгиб қўлларига қўйди ва бўғиқ товуш билан деди:
– Раҳмат, кеча сотиб қўймадинг.
– Сен, барибир, ўз «Эрк»ингга етиб бо­ролмайсан. Йигит бошини кўтарди.
– Нима учун?
– Бутун Сибирни кесиб ўтиш, ҳазил иш эмас.
– Мен фақт темир йўлгача етиб олсам бўлди, у ёғига поезд билан! Ҳужжатларим бор. Аммо бу ерда қуролсиз… расво бўламан. Қуролингни сотақол?
– Йўқ, ҳатто ялинма ҳам.
– Мен энди янги ҳаёт бошламоқчиман… мени қутқарган бўлардинг, отахон…
– Хўш, ҳужжатларни қаердан олдинг? Бирор-бир жойдан ўмаргандирсан-да?
– Ҳужжатларни ҳам одамлар ясашади.
– Сохта. Сохта ҳужжат билан ушлаб олишмайди деб ўйлайсанми?
– Сен мен ҳақимда… туққан онамга ўхшаб қайғураяпсан. Тўтиқушдай бир гапни қайтараверасанми: ушлаб олишади, ушлаб олишади деб. Айтдим-ку, сенга, ушлашол­майди.
– Шампан виносини қайси шимилдириққа олиб ичмоқчисан?.. Агар ҳалол ишламоқчи бўлсанг-а?
– Кеча кайфда валдираб қўйдим-да, эътибор берма. Маст эдим.
– Эҳ, сизларни қаранглар-у… – қария қорга сарғиш қуюқ тупук туфлади.
– Сизлар ҳам кўп йил яшашингиз керак, ёшсизлар… сизлар эса ҳалиги, худди ичларингда олов бордай ўз жойингизни тополмай, дунёнинг у ёғидан-бу ёғига чопасизлар. Нима, сизларни даҳшатли очарчилик ўғирликка мажбур қилдими? Тўқликдан қутурасизлар, қарғиш теккурлар. Қовурилган хўроз ортини чўқимайди.
– Балки шундайдир, отахон…
– Хўш, сенингча ким айбдор?
– Бу ҳақда бас қилайлик, – деди йигит. – Менга қара… – у хавфсираб қарияга тикилди. – Улар ҳозир уйғонишади-ю, қуроллари эса йўқ. Сен билан биз йўқмиз… Излай бошлашади.
– Улар офтоб кўтарилгунча уйғониш­майди.
– Сен қаердан биласан?
– Биламан. Улар кеча ичишган. Уйча иссиққина, иссиқда эриб тушгача ухлашади. Шошиладиган жойлари йўқ.
– Ҳм… ҳа… –деди йигит маъюс тортиб. – Ғавғони қаранг-а.
Қўққисдан лайлак қор ёға бошлади, намчил, вазмин ва илиққина.
– Омадинг келди, – деди Никитич осмонга қараб.
– Нима? – йигит ҳам тепага қаради.
– Қорни айтаман… Ҳамма изларни кўмиб юборади.
Йигит кафтини ёғаётган қорга тутди, анча тутиб турди. Қор капалаклари кафтида эриб кетарди.
– Ҳадемай баҳор ҳам бошланади… – хўрсинди йигит.
Никитич худди бу ерларда кам учрайдиган одамни узоқ вақт ёдида сақлаб қолмоқчидай унга қаттиқ тикилди. Унинг ёлғиз ўзи кечаси… қандай кетиб бораётганини тасаввур қилди.
– Кечаларни қандай ўтказасан?
– Олов ёқаман… Ухлаб бўладими ахир.
– Ҳеч бўлмаганда ёзда қочмайсанми. Ҳар ҳолда, осонроқ бўларди.
– У ерда, қай пайт қочиш ҳақида ариза қабул қилишмайди. Емиш масаласи чатоқ. У қишлоқдан-бу қишлоққа етиб боргунингча ичагинг орқангга қапишиб қолади. Ҳа, майли. Нон-туз учун раҳмат. – Йигит турди. – Бор, бўлмаса ановиларинг уйғониб қолишади.
Қария шошилмасди.
– Биласанми… вазиятдан чиқишнинг бир йўли бор, – деди у секингина, – сенга қурол бераман. Сен эртага кечаси соат икки-учларда мен яшайдиган қишлоққа етиб борасан…
– Хўш?
– Хўш-хўшламай тур. Етиб борасан. Энг
чеккадаги уйлардан бирининг эшигини та­қиллатасан: қурол топиб олдим дейсан… ёки… йўқ, нима ўйлаб топсак экан-а? Сен қуролни қолдириб кетишинг учун. У ердан, бизнинг қишлоқдан темир йўл бекатига тўппа-тўғри йўл – йигирма чақиримча келади. Ундан у ёғи унча қўрқинчли эмас. Машиналар қатнайди. Тонг отганда бекатда бўласан. Фақат у ерда яна битта бурилиш келади, бурилишдан яна бир йўл чапга кетади, сен ундан юрма, у туманга олиб боради. Тўғрига кет.
– Отахон…
– Шошма! Қуролни нима қилсак экан? Топиб олдим десанг, қўрқиб кетишади, мени излай бошлашади. Сенга бутунлай бериб юборишга ачинаман. Эскигина бўлса ҳам, унинг олдида мана бунақаларнинг учтаси ҳам керак эмас.
Никитич қўлидаги яп-янги қуролга ишора қилди. Йигит қарияга миннатдор боқди ва бу миннатдорликни кўзларида янаям кўпроқ ифода қилишга ҳаракат қилди.
– Раҳмат, отахон.
– Нимасига раҳмат? Қуролни қандай қай­тариб оламан.
Йигит ўрнидан турди, қарияга яқин келиб ёнига ўтирди.
– Ҳозир ўйлаб топамиз… мен уни қаергадир яшириб кетаман, сен кейин уни ўша ердан оласан.
– Қаерга яширасан?
– Қишлоқдан унча узоқ бўлмаган бирор-бир ғарамга тиқиб кетаман.
Никитич ўйланиб қолди.
– Қоронғу тунда ниманиям кўрардинг. Менга қара, энг чеккадаги уйни тақиллатасан, у ердагилардан Мазаев Ефим қаерда яшайди, деб сўрайсан. Сенга кўрсатишади. Ошнам Ефимни топасан-да, айтасан: «Никитични тайгада учратдим, у иологларни Илондарага олиб кетди. Патронлари тугаб қолган экан, мановини бекорга кўтариб юрмаслик учун мендан уни сенга етказишни илтимос қилди», дейсан. Мени эртадан кейин ўзи етиб келади, деб айтиб қўй. Мени иологларга йўлбошлов­чи бўлганлигимни ҳаммага оғзидан гуллаб юрмасин, деб тайинлади дегин. Озроқ пул ишлаб келиб бирга ичишни, бўлмаса, кампирим ҳамма пулни бирдан шилиб олиб қўйишини билдиргин. Эслаб қолдингми? Ҳозир эса сен менга бир литрга пул бер, бўлмаса, кейин Ефримдан қутула олмайман. Худо ёр бўлсин! Патронларни сенга бераман… олти дона. Ҳар эҳтимолга қарши иккитаси зўлдир солинганидан. Агар сарф қилмасанг, қишлоқ ёнида қорга отиб юбор, узоқроққа. Ефримга берма, у айёр, бирдан нимадир бўлганлигини сезади. Эслаб қолдингми ҳаммасини?
– Эслаб қолдим. Бир умр сени эсдан чиқармайман, отахон.
– Хўп майли… Қишлоққа эса бундоқ етиб борасан: қуёш чиққач, сен уни, барибир, кўрасан – шундай қилгинки, аввалбошда у сенинг чап томонингда бўлсин. Қуёш баландга кўтарилгач, сен уни доимо чап томонда тут. Ботаётган пайти эса шундай бурилгинки, у сени орқа томонингда бўлиб қолсин, сал ўнг қулоғинг томонроқ. Ундан у ёғи эса тўғрига. Хўп, йўл олди кел, чекиб оламиз.
Чекишдилар.
Бирданига ҳамма гап тугаб қолгандай эди. Сал фурсат ўтиб ўринларидан туришди.
– Кўришгунча, отахон, раҳмат.
– Бўпти.
Иккаласи икки томонга кета бошлаган пайт Никитич бирдан тўхтади-да, йигитга қараб қичқирди:
– Менга қара! Сал қолганди қўлга тушишингга. Протокин бор-у, кечаги – у милиция бошлиғи эди. Яхшиям сени тунда уйғотмади. Бўлмаса, қутулишинг осон кечмасди. У шайтон, жудаям синчков.
Йигит ҳеч нарса демай қарияга тикилди.
– Сени сўроққа тутса борми, ҳеч қанақа ҳужжат қутқаролмасди.
Йигит жим бўлиб қолди.
– Қани, жўна энди. – Никитич елкасига бегона милтиқни илди-да, чорраҳани кесиб ўтиб орқа тарафга йўл олди. У чорраҳани
деярли кесиб ўтиб бўлганди…
Қулоғи остида шохнинг қарсиллаб синганига ўхшаш қаттиқ товушни эшитди. Бир пайтнинг ўзида орқасидан елкаси, энсасига бирдан зарб билан бир неча мушт урилиб, олдинга қаттиқ итариб юборилди. У юзи билан ерга қулади. Бошқа ҳеч нарсани эшитмади ҳам, ҳис ҳам қилмади. Қандай қилиб устига қор ташлангани-ю, «Шуниси тузук, отахон. Ишончлироқ», дейишганиниям эшитмади.
… Қуёш кўтарилганда йигит кетиб борар, чорраҳадан анча олислаганди. У қуёшни кўрмас, ҳеч нарсага қарамай кетиб борар, қуёш унинг елкасига қўниб турарди. У олдинга интиларди.
Ҳавода намчил қор секин шовулларди. Тайга уйғонаётганди. Ўрмоннинг баҳорги қуюқ бўйи маст қилар ва бошни айлантирарди.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси