Гегель. Эстетика (парча)

(Санъат фалсафаси ёхуд бадиий ижод фалсафаси)

КИРИШ

Бу лекциялар баҳс юритиш мавзуи жиҳатидан гўзалликнинг кенг кўламли олами, тўғрироғи, санъат, аниқроғи, бадиий ижод со­ҳасини ўрганадиган эстетикага бағишланган.

Тўғри, “эстетика” термини бизнинг предметимизга унча мос тушмаслиги мумкин, нега деганда, “эстетика” кўпроқ ҳис-туйғу, ҳис қилиш маъносини англатади. Шундай тушуниладиган эстетика янги фан ёки бўлғуси фалсафанинг дастлабки кўринишларидан бири сифатида Вольф[1] мактабида юзага келди. Ўша даврда Германияда, айниқса, бадиий асарлар таъсирида туюладиган ёқимли завқ, ҳайратланиш, қўрқинч, азоб-уқубат кабиларни ҳиссиётга боғлаб изоҳлаш одатга айланганди.

Модомики, “Эстетика” деб аташ номувофиқ экан, унинг ўрнига бошқа термин яратишга уринишлар ҳам бўлди. Масалан, каллистика сўзини ишлатиш тавсия килинди.[2] Афсуски, бу ҳам маъқул эмас эди, негаки, устида сўз бораётган фан умуман гўзалликни эмас, балки фақат санъатдаги гўзалликни ўрганиши керак. Нима бўлганда ҳам бизни қизиқтирадиган асосий нарса сўзнинг ўзи эмас. Шу билан бирга, кундалик одатий нутқимизда “эстетика” атамаси кенг қўлланиладики, шу боис уни сақлаб колиш ва ишлатиш эътироз туғдирмаслиги ҳам мумкин. Бизнинг фанимиз мазмунига энг мувофиқ келадиган ифода эса “санъат фалсафаси” ёки янада аниқроғи, “бадиий ижод фалсафаси”дир.

ЭСТЕТИКА ЧЕГАРАЛАРИНИ ТАЙИНЛАШ ВА ҲИМОЯЛАШ

1. Табиатда гўзаллик ва санъатда гўзаллик. Юқоридаги таърифни эътироф этиш мавзуимиз доирасидан табиатдаги гўзаллик­ни чиқариб ташлашни тақозо қилади. Бундай чегараланиш биз учун ноқулай туюлса-да, ҳар бир фаннинг ўз тадқиқот соҳасини ўзи белгилаш ҳуқуқи буни истисно қилмайди. Лекин эстетикани бадиий гўзаллик билан чегаралашни бундай маънода тушунмаслик лозим. Кишилар кундалик ҳаётда гўзал ранг, гўзал осмон, гўзал дарё, гўзал гул, гўзал ҳайвон, янада кўпроқ гўзал инсонлар тўғрисида гапиришга одатланишган. Ҳозирча бундай ташбеҳларни нарсаларга қай даражада қўллаш юзасидан мусоҳабага берилмаган ва табиатдаги гўзалликни санъат гўзаллиги билан ёнма-ён қўйган ҳолда айтиш мумкинки, бадиий гўзаллик табиатникидан аълодир. Чунки санъатдаги гўзаллик руҳ заминида юзага келиб, қайта яратилган гўзалликдир, модомики, руҳ ижодиёти табиат, унинг нарса-ҳодисаларидан юксак экан, санъатдаги гўзаллик ҳам шу даражада табиий гўзалликдан устун туради.

Шунингдек, инсон миясида расман шаклланган арзимас уйдирма ҳам табиатнинг ҳар қандай неъматидан юксакдир, негаки, ҳар қандай фантазия маънавий ҳодиса, эркинликдир. Масалан, Қуёш ўз моҳиятига кўра, мутлақ зарурий ҳолат, лекин бўлмағур хаёл тезда тасодиф ва ўткинчи нарса тарзида йўқолиб кетиши мумкин. Бироқ табиий мавжудликнинг Қуёшга ўхшаш намуналари “ўзи-учун-борлиқ” нуқтаи назаридан ўзида ботинан ноэркин ва ўз-ўзини англамаган аҳамиятсиз нарсадир. Биз Қуёшни унинг ўзига монанд зару­рий бошқа мавжудотлар билан алоқада олиб кўрганимизда, унга “ўзи-учун-борлиқ” нуқтаи назаридан ёндашмаймиз ва, боз устига, унга қандайдир гўзаллик сифатида баҳо ҳам бермаймиз.

Руҳ ва у билан узвий боғланган бадиий гўзаллик олийдир, деган умумҳақиқатни айтиш билан ҳозирча биз, табиийки, бирор тугал фикр билдирган бўлмаймиз, чунки “олий” мутлақ номуайян ифодадир. У табиатда гўзаллик билан санъатда гўзаллик тўғрисида шаклланган тасаввурларнинг фақат маконда ёнма-ён туришини англатади, негаки, улар ўртасида фақат миқдорий, демак, ташқи тафовутлар мавжуддир. Бироқ руҳнинг табиатдан устунлиги маъносидаги “олий” (унинг маҳсули бўлган бадиий асар гўзаллиги ҳам) соф нисбий тушунча эмас. Руҳ ҳақиқатни фақат кенг қамровли асос сифатида акс эттиради ва олийга дахлдор бўлганлиги ва у томондан яратилганлиги боис жамики гўзалликлар ҳақиқатан гўзал саналади. Фақат шу маънода табиатдаги гўзаллик руҳ гўзаллигининг рефлекси, инъикосидир. Бизнинг қаршимизда бу ерда гўзалликнинг номукаммал, нотугал нусхаси гавдаланади, нега деганда, у субстанция жиҳатидан фақатгина руҳда мавжуд бўлади.

Эстетика мавзуини санъатдаги гўзаллик билан чеклаш ўринли эканлигига қўшимча яна айтиш мумкинки, ҳозиргача табиат гўзал­лиги (қадимгилар бу ҳақда бизга нисбатан кам шуғулланганлар) ҳақидаги фикр-мулоҳазаларнинг барчасида табиий предметларни гўзаллик жиҳатидан ўрганувчи, бу гўзалликни изоҳловчи фанни яратиш фикри ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Масалан, фойдалилиги тарафидан касалликларга қарши курашда инсонга нафи тегувчи табиат предметлари, касалликларни даволашда унга ёрдам берувчи минераллар, кимёвий маҳсулотлар, ўсимлик ва ҳайвонларни тавсифловчи material medica тўғрисида фан яратилди. Бироқ бирор кимса табиат ранг-баранглигини гўзаллик тарафидан умумлаштириш ва ўрганиш тўғрисида ўйлаб кўрмади ва ҳаракат қилмади. Табиат гўзаллиги ҳақидаги ҳозирги тасаввурларимиз ўта дудмал эканлиги, табиат предметларини баҳолаш учун муайян мезонлар ишлаб чиқилмаганлигига мутлақ аҳамият берилмаганлигини яхши биламиз.

Табиатда гўзаллик билан санъатда гўзаллик, уларнинг ўзаро алоқадорлиги, биринчисини мавзуимиздан истисно қилиш ҳақида билдирилган дастлабки мулоҳазалар, аслида, бундай ёндашувлар эстетика чегараларини ўринсиз, ўзимизча танлаб олиш мумкин, деган тасаввурлар билан ҳеч бир алоқаси йўқлигини таъкидлаш лозим. Ҳозирча бу ерда гўзалликнинг икки тури ўртасидаги ўзаро муносабатни асослаш имкони мавжуд эмас, негаки, бу масала фаннинг ички мазмунига дахлдор бўлиб, уни ҳар томонлама таҳлил этиш ва асослаш фақат келажакда ҳал қилиниши мумкин.

2. Эстетикага қарши билдирилган баъзи далилларга раддия. Бу дастлабки босқичда фақат санъат гўзаллиги ҳақида сўз юритиш билан чекланиб қолинса, биз яна бир қатор қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин.

Бу ерда, биринчидан, бадиий ижод илмий таҳлилга арзийдими, деган масала шубҳа туғдиради. Тўғри, санъат билан гўзаллик бизнинг барча иш-ташаббусларимизда марҳаматли даҳо сингари гавдаланиб туради, зоҳирий ва ботиний оламимизни гўзаллаштириб, муҳитимизга рўшнолик ва роҳат-фароғат бағишлайди. Бунинг боиси шуки, санъат ҳамиша вазиятлар таранглиги ва мураккаб ҳаётий воқеликни мулойимлаштиради, эзгуликдан заррача асар бўлмаган беҳуда дақиқаларимиздан ғам-ғуссани ҳайдайди, ҳеч бўлмаса, кўнгилсиз воқеалар ўрнини босади, нима бўлгандаям, биз учун ҳар қандай салбий ҳодисадан маъқулдир. Агар санъатни унинг бутун мафтункорлиги билан яхлит идрок этиш зарурати туғилса, уни ҳамма жойда – варварлар зеб-зийнати, либосларидан тортиб, то бағоят гўзал ибодатхона анжомларигача – жами нарсалар оламида учратиш мумкин. Санъаткор яратган образлар кўпинча бизни нохушликлардан фориғ этади, жиддий мақсадлар рўёбга чиқишига тўсқин бўлмайди, аксинча, уларнинг амалга ошишига кўмаклашади, тан олиш керакки, санъат руҳнинг ботинан мулойимлашуви ва заифлашувининг оний дақиқаларига тегишли ҳодисадир, субстанционал манфаатлар эса, аксинча, кўпроқ маънавий тангликларни юзага келтирувчидир. Шу маънода, жиддий нарсага ўта илмий ёндашишга уриниш ғалати расмиятчилик бўлиб туюлиши мумкин.

Руҳнинг ҳатто гўзалликдан манфаатдорлик асосида мулойимлашуви юз бериши эътироф этилган тақдирда ҳам, санъат ҳеч қачон ножўя нозикойимликка айланмайди, ортиқчалик қилмайди. Шунинг учун бадиий ижод, кундалик амалиётни, хусусан, ахлоқ ва тақвога муқояса қилиб, уни ортиқча дабдаба деювчилар хуружидан кўп бор ҳимоя қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Модомики, шу нуқтаи назардан санъатнинг беғаразлигини исботлаш ўта мураккаб экан, бу зеб-зийнатдан руҳ келтирувчи наф эса лоақал мазкур соҳада унга етказиладиган зарардан авлодир, деган тўхтамга келиш мумкин.

Шунга асосланиб, санъат олдига кўпинча жиддий мақсадлар қўйилди, у ақл билан ҳиссиёт, мойиллик билан бурч, яъни ўзаро бу кескин зиддиятли ва айни пайтда, ўзаро таъсирчан унсурларни келиштирувчи омил тариқасида тасаввур қилинди. Бироқ санъат ҳатто бир қадар жиддий мақсадларга эгадир, деган қоида эътироф қилинса ҳам, моҳиятан ақл билан бурч бу воситачи нуқтани ахтариб топишдан ҳеч нарсага эриша олмайди, у билан алоқа ўрнатолмайди, бунга унинг табиий софликни сақлаши ҳам йўл қўймайди. Ва буларнинг барчаси бадиий ижодни илмий ўрганишга сазовор ҳодисага айлантира олмайди. Бу ерда сўз икки тарафлама хизмат ҳақида борадики, санъат анчайин юксак мақсадларга эга бўлиш билан бирга, бекорчилик ва бехаёликка ҳам таъсир кўрсатиши, уларга мақсад эмас, балки восита бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин. Ниҳоят, ўзига хос бу воситанинг шаклига оид жиҳатлар ҳақида гап кетганда, унинг ҳамма вақт қандайдир қусури борлиги тасаввур этилади. Негаки, санъат ҳақиқатан ҳам ўзини жиддий мақсадларга сафарбар этиб, муҳим натижаларга эришадиган бўлса, буни фақат ҳақиқатга зид ҳолда амалга ошириши мумкин: бинобарин, санъат зоҳирий кўриниши билан мавжуддир. Бироқ кўпчилик ёлғон пировард ҳақиқат билан мақсадга эришиб бўлмасликни яхши билади. Муайян мақсадга эришишда ҳақиқатга зид ҳолат фақат жуда чекли доирада таъсир кўрсатишига қарамай, ишончли восита бўлаол­майди. Ҳолбуки, восита мақсаднинг табиатига мос бўлиши лозим; бинобарин, ҳақиқатни ташқи-зоҳирий кўриниш ва унга зидлик эмас, балки фақат ҳақиқат юзага чиқаради. Шу маънода, фан ҳам руҳнинг туб манфаатларини жонли воқелик ҳодисалари ва улар тўғрисидаги тасаввурларнинг ҳаққонийлиги асосида қараб чиқмоғи керак.

Шу муносабат билан санъат илмий ўрганишга арзимайди, деган сохта тасаввур туғилиши мумкин, бинобарин, санъат ҳатто жиддий мақсадни кўзда тутмаган тақдирда ҳам табиатан уларга зид ёқимли машғулот бўлиб қолаверади. Хуллас, унинг ўйиндаги вазифаси ҳам жиддий воситачилик, соф хизмат адо этишдир, санъатнинг ҳаётий элементи ва кишиларга таъсирини эса инсон фойдаланадиган воситалар, яъни зоҳирий кўриниш ва ҳақиқатта зидлик таъмин этади.

Иккинчидан, санъатни тушуниш фалсафий фикрлаш учун мураккаблик туғдирмаса-да, ҳақиқий маънода илмий тадқиқот учун мавзу бўла олмайди. Негаки, санъатдаги гўзаллик ҳиссиёт, сезги, мушоҳада ва тасаввурга қаратилади; унинг соҳаси тафаккурникидан бошқача, бадиий фаолият ва унинг маҳсулотларини илмий жиҳатдан ўрганиш эса билишнинг ўзгача воситалари бўлишини тақозо этади.

Давом этиб айтиш мумкинки, санъат гўзаллиги таъсирида туғиладиган завқ-шавқ ижодий эркинлик ва образлилик таъсирида юзага келади. Биз санъат асарлари яратиб ёки уларни мушоҳада қилиб, ўзимизни қандайдир маҳдудликдан фориғ этгандай бўламиз. Жиддий масъулият, нохуш фикрлар силсиласидан безиб, ҳориб-толган, бетоқат бўлган онларимизда ўзимизга бадиий образлардан ҳузур-ҳаловат, ҳаётий хушнудлик ахтарамиз; ғоялар бошқарадиган соялар оламига зид ўлароқ мароқли, тўлақонли воқеликка мурожаат этгандек ҳис этамиз.

Ниҳоят, таъкидлаш керакки, бадиий асарлар асосида фантазиянинг эркин фаолияти туради, шунинг учун ўз тасаввуридаги образларни яратишда санъат ўзини табиатга нисбатан эркин ҳис қилади. Санъат табиий шакллар ранг-баранглигини жилолантирадиган ҳашаматдорликни ўзлаштириш билан чекланиб қолмайди, уларни янада теранлаштиради, ижодий фантазия воситаси билан чексизлик кашф этади. Шунинг учун тафаккур фантазия ранг-баранглиги ва унинг эркин асарлари қаршисида қандайдир ўз жасоратини йўқотиб қўйгандай бўлади ва бу образларни конкретлаштириш, уларни энг умумий қоидалар исканжасига олиб кириб баҳолаш даъвосидан воз кечади.

Фараз қилинганидек, фан икир-чикир тафсилотлардан холи мавҳум фикрлаш шаклидир. Шунинг учун у, бир томондан, бади­ий фаолият ва бадиий завқ манбаи ҳисобланмиш тасодифий ва мантиқсиз тасаввурларни истисно қилади. Бошқа томондан, санъат тушунча билан воқеликни айри тутмайди, таъбир жоиз бўлса, қотиб қолган тушунчаларни руҳлантиради, сийқа мавҳумликни чинакам ҳаётий руҳ билан жонлантиради; шу маънода, санъатни биргина тафаккур тарафидан таҳлил қилиш ўзаро ривожланувчи усулларни инкор этиш ва тушунчани яна содда ва хаёлий мавҳумлик билан чулғаб олишга олиб келиши мумкин.

Яна айтиш мумкинки, фан моҳиятан қандайдир ўзига хос заруриятни ўрганади. Эстетика эса табиат гўзаллигини эътибордан соқит қиладики, оқибатда, биз муайян самарага эришиш у ёқда турсин, балки янада кўпроқ заруриятдан узоқлашиб кетамиз. Негаки, “табиат” сўзи бизда зарурият ва қонуният, яъни илмий таҳлил би­лан боғлиқ муносабатлар ҳақида тасаввур туғдиради. Табиат билан умуман руҳ, хусусан, фантазия муқояса қилинганда, бу ерда ҳеч қандай қонун йўқлигининг мантиқсизлиги, бошқача айтганда, ҳар қандай илмий асосдан оғиш юз беришини айтиб ўтиш лозим.

Бинобарин, санъат бу – муносабатларнинг барчасида фандан фойдаланишнинг қулай йўли бўла олмайди, балки ўз манбаи, шу билан бирга, таъсирчанлиги ва йўналиши билан ундан фарқ қилади. Шунга кўра, бадиий ижод тафаккур томонидан ўзининг бошқарилишига монелик қилади ва, айтиш мумкинки, ҳақиқий маъ­нода бу предмет илмий таҳлил талабига жавоб беролмайди.

Бадиий ижодни илмий изоҳлашдаги бундай (шунга ўхшаш яна бошқа) ҳардамхаёллик асосан кадимгилар, айниқса, французларнинг асарларида акс этган гўзаллик ва санъат ҳақидаги анчайин ривож топган одатий тасаввур, қараш ва ақидаларга бориб тақалади. Бу асарларда келтирилган фактлар қисман ҳақиқат бўлиб, билдирилган мулоҳазалар бир қараганда чинга ўхшаб кетади. Дейлик, ҳамма жойда гўзаллик ҳодисалари кенг тарқалганидек, гўзал­лик ранг-баранг шаклларда намоён бўлиши ҳам ҳақиқатдир. Истал­са, бу ҳодисадан инсон табиатида муштарак гўзаллик инстинкти мавжуд эканлиги ҳақида, исталса, ҳамма учун умумий гўзаллик ва дид қонунлари мавжуд эмас, деган хулоса чиқариш мумкин, демак, гўзаллик тўғрисидаги ранг-баранг тасаввурлар хусусий характерга эгадир.

Биз умумий мулоҳазалардан мавзуга ўтишдан олдин бу соҳадаги танқидий фикр ва шубҳалар ҳақидаги дастлабки тасаввур­ларни қисқача баён этишимиз лозим.

Авваламбор, бадиий ижод илмий таҳлилга арзийдими, деган масалага эътибор қаратайлик. Маълумки, санъат асарларидан кўнгил очиш воситаси сифатида ҳам, эрмак ва овунчоқ манбаи сифатида ҳам фойдаланиш мумкин, у инсон муҳитини безаши, ҳаётнинг зоҳирий кўринишларини жозибалаштириши ва предметларга кўрк бериб, уларни бошқалардан айри тасвирлаши ҳам мумкин. Ҳақиқатан ҳам санъат бу йўналишда ноэркин ва номустақил, ёрдамчи ижодий неъмат саналади. Ҳолбуки, биз санъатни мақсад тарафдан ҳам, уни юзага чиқарувчи воситалар жиҳатидан ҳам эркин бўлиши тарафдоримиз! Ўзга мақсадлар рўёбга чиқишига дастёрлик қилиш нафақат санъат, балки тафаккурга ҳам хос хусусиятдир. Фан ҳам тасодифий омил тариқасида ақл дастёрлигидан тор ва чекли мақсадларга эргашишда фойдаланиши мумкин ва унга буни ўзи эмас, балки бошқа предметлар, бошқа вазиятлар тайин этади. Бироқ ҳур ва мустақил фикр бундай тобеликдан қутила бориб, ўз эркинлиги соҳасида ҳақиқатга эришиши, уни ўз шахсий мақсад-муддаолари салоҳияти билан бойитиши мумкин.

Бадиий ижод бундай эркинлик туфайли илк бора ҳақиқий санъатга айланади, дин ва фалсафа билан бирга олий вазифани адо этади ва шу йўл билан илоҳийлик, теран инсоний манфаатдорлик ва руҳнинг кенг қамровли ҳақиқатини англаш усулларидан бирига айланади. Халқлар бадиий асарларида ўзларининг сермазмун ботиний мушоҳада ва тасаввурларини мерос қилиб қолдирганлар, шунинг учун кўпинча санъат улар донишмандлиги ва тақводорлигини тушунишда калит, баъзи халқларда чинакамига ягона калит бўлиб хизмат қилади. Санъатнинг бу вазифаси уни дин ва фалсафа билан яқинлаштиради, бироқ унинг ўзига хослиги шундаки, у, ҳатто, энг улуғвор предметларни ҳам табиат ва унинг намоён бўлиши, сезги ва кечинмаларга хос ҳиссий шаклда гавдалантиради. Ғайриҳиссий олам қаърига теран кириб борувчи тафаккур эса, авваламбор, уни қандайдир нариги дунё тариқасида содда онг ва сезгиларга қарама-қарши қўяди; бундай ҳиссий воқелик ва чекли дунёга тобеликдан фикрлашга даъваткор билишнинг эркинлиги халос бўлади. Лекин руҳ тадрижий ривожланиш давомида бу дунёдан узилишни, бу жароҳатни ўзида сақлаб қолади ва ўзи даволайди; тафаккурнинг табиат ва чекли воқеликни соф тушунувчи чексиз эркинлиги орқали ташқи, бошланғич ўрта бўғин тариқасида ҳиссий воқеаларни муросага келтирувчи санъат асарини вужудга келтиради.

Энди санъат стихияси қандайдир арзимас, ўзида зоҳирий кўриниш ва ҳақиқатга зид ҳолатни гавдалантиради, деган эътирофга келганда, айтиш мумкинки, зоҳирий кўриниш мавжуд бўлишга ҳақсиз бўлганида, бу даъво ўзини оқлаши мумкин эди. Бироқ зоҳирий кўриниш моҳият учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳақиқат зоҳирий тус олмаса, кимгадир, ўзи учун, умуман, руҳ учун заруриятга айланмаса, табиийки, мавжуд бўлмайди. Бу ерда таъна-кудурат предметини умуман зоҳирийлик эмас, балки санъатга ботиний мазмунни очишга восита бўлгувчи воқеий кўринишнинг ўзига хослиги ташкил этади.

Биз санъат намуналарини яратишда унга воситачи кўринишни ҳақиқатга тескари ҳолат деб ҳисобласак, санъат асарларини фақат ташқи олам ва унинг моддийлиги, шунингдек, оламни бевосита сезиш, яъни уни ботиний ҳис этиш билан қиёсласак, қандайдир маънода бу даъво тўғри бўлиши мумкин. Реаллик билан ҳақиқат эмпирик ҳаётимизда етишмагандек, санъатга зид бу икки оламни воқелик, реаллик ва ҳақиқат деб аташга одатланиб қолганмиз. Эм­пирик борлиқнинг бу ботиний ва зоҳирий соҳаси ҳақиқий воқелик олами эмас, балки санъатга нисбатан юзаки кўриниш касб этиши ва жиддий маънода ҳақиқатга зид бўлиши мумкин. Биз сезги ва ташқи предметларнинг фақат нариги оламга алоқадорлиги туфайли бевосита ҳақиқий воқеликни ўзлаштириб оламиз. Негаки, ўзида ва ўзи учун моҳият, табиат ва руҳнинг субстанционал ибтидоси ҳақиқий воқеликдир. Биз, барибир, кўзга ташланиб турган мавжудликни борлиқнинг шакли сифатида эътироф эттанда ҳам, у борлиқда ўзи ва ўзи учун моҳият, демак, чин ҳақиқат саналади.

Бу умумкучлар салтанати эса санъатда акс этади ва юзага чиқади. Тўғри, моҳият кундалик ботиний ва зоҳирий оламда ҳам намоён бўлади. Афсуски, бу ерда у ҳиссий стихия ва ҳолат, воқеа, ха­рактер ва бошқаларнинг мантиқсизлиги оқибатида бузилган бетартиб тасодифий кўринишга айланади. Санъат воқеаларнинг ҳа­қиқий мазмунини тизгинсиз ўзгарувчан оламнинг зоҳирийлиги ва ҳақиқатга зидлигидан халос қилади, уларни олий руҳ воқелигидан огоҳ этади. Шундай қилиб, санъатнинг нафақат соф зоҳирий, шу билан бирга, оддий воқеликдан устувор реаллик ва ҳақиқатни ифода этишини эътироф этишга тўғри келади.

Санъатда тасвирланган нарсалар историография учун ҳақиқатдек туюлган тафсилотлар билан қиёс қилинганда ҳам қандайдир ҳақиқатга зид зуҳурланиш деб атамаслиги лозим. Историография ҳам бевосита ўз элементлари тасвирий жиҳати билан эмас, балки уларнинг маънавий кўринишига асосланиб иш кўради. Бундан ташқари, унинг мазмуни воқеликдаги турли-туман тасодифлар, индивидуалликнинг ранг-баранг хусусиятлари таъсиридан холи бўлмайди, бадиий асарлар эса тарихда абадий ҳукмрон кучларнинг ҳиссий мавжудлиги, соф зоҳирий кўринишини қўшимча омилларсиз ҳам бевосита акс эттиради.

Агар бадиий образлар деб аталган усул фалсафий фикр, диний ва ахлоқий принципларга нисбатан ҳақиқатга зид бўлса, бу нарса шу маънода тўғрики, шакл ҳақиқий реалликни мазмуннинг фикрий ифодаси тарзида намоён этади. Бироқ историографиядаги зоҳирий жиҳат билан санъатдаги бевосита зоҳирий кўринишнинг ҳиссийлиги ўзаро қиёс қилинганда, санъат шундай афзалликка эгаки, у бизни зоҳирийликдан четга олиб чиқади, уни тасаввурларимиз предмети бўлган маънавийликка боғлаб гавдалантиради. Аксинча, табиий воқеалар ўзини сохта эмас, балки ҳақиқат ва чинга йўяди, аслида, ҳақиқатни бевосита ҳиссийлик ниқоби остида кўздан яширади. Табиатнинг дағал кўриниши ва кундалик ҳаёт санъат асарига нисбатан руҳнинг идеяга сингишини мураккаблаштиради.

Бироқ биз санъатга юксак баҳо берганда шуни унутмаслигимиз керакки, у руҳан ҳақиқий мақсадларни билишда на шаклан, на мазмунан олий ва ягона усул эмасдир. Санъат эса муайян мазмун билан шаклан чегаралангандир. Ҳақиқатнинг фақат муайян доираси ва муайян даражасигина бадиий асар шаклида гавдаланади. Ҳақиқат санъат мазмунига айланиши учун ўзида ҳиссий шаклга ўтишнинг адекват имкониятларига эга бўлиши лозим. Масалан, юнон худолари шундай ҳақиқатни ифодалаб келган. Бунга зид ўлароқ, ҳақиқатни теранроқ тушуниш мавжуд бўлиб, у ҳиссий материалга муносабат ва уни ифодалашда ҳиссийликка мувофиқ ва хайрихоҳ бўлолмайди. Масалан, ҳақиқатни христианча тушуниш шундай хусусиятга эга; абсолют руҳни англашнинг олий шакли бўлган санъат замонамиз руҳи, аниқроғи, динимиз руҳи ва ақлий маданиятимиз даражасидан анча юксакроқ даражага эришди. Энди бадиий ижоднинг ўзига хослиги ва унинг маҳсулотлари бизнинг олий эҳтиёжимизни тўла қондириш учун кўп нарса беролмай қолди. Биз санъат асарларини илоҳийлаштириш, илоҳга сиғингандек уларга топиниш замонларини ортда қолдирдик. Эндиликда асарлар бахш этувчи таъсир андишалироқ бўлиб қолди: улар уйғотувчи ҳиссиёт ва фикрлар бошқа манбалар асосида теран текшириш ва исботланишни талаб қила бошлади. Тафаккур билан рефлекция бадиий ижоддан анча илгарилаб кетди. Кимки, бундай ачиниш ва койинишдан қониқса, буни замона бузилишидан нишона деб аташи ва уни санъатдаги жиддий талаблар, унинг завқ-шавқидан ҳайиқувчи эҳтирос ва шахсиятпарастликнинг авж олишига йўйиши ҳам мумкин. У бунинг учун давримизнинг арзимас руҳий манфаатларга бўйсунувчи, улардан қутилиш ва санъатнинг юксак мақсадга эришувига тўсқинлик қилувчи оғир шарт-шароитларини, фуқаровий ва сиёсий ҳаётнинг чалкаш ҳолатларини айблаши мумкин. Унинг фикрича, инсон ақли бундай вазиятда оғир шарт-шароит, ҳаётнинг кундалик арзимас талабларига дастёрлик қилади; интеллект амалий мақсад ва манфаатларга бўйсуниб қолмай, васвасага тушади, ўз хоҳиши билан бутунлай ҳузур-ҳаловатсиз саҳрога равона бўлади.

Қандайлигидан қатъи назар, санъат энди қадимдан ундан ахтариб келинган ва фақат ундан топиш мумкин бўлган маънавий қониқишдан узоқлашади. Ваҳоланки, бундай қониқиш диннинг санъ­ат билан узвий алоқадорлиги орқали юзага чиққан эди. Юнон санъатининг ажойиб кунлари ва сўнгги ўрта асрнинг олтин даври ўтиб кетди. Бизнинг рефлекцияга асосланган бугунги маданиятимиз нафақат эркинлик, шу билан бирга, ҳукмлар соҳасида ҳам шу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлайди, айрим фикр ва хатти-ҳаракатларимизни қатъий назорат остига олади. Умумий тартиб, қонун, мажбурият, қоида ва максималар бизнинг хулқ-атворимиз мазмунини белгилаш ва кундалик ҳаётимизда раҳнамолик килишга чоғланди. Бадиий ижод ва санъатга қизиқиш эса қонун ва максималардан умумийликни эмас, балки фантазиядан руҳий кайфият ва эмоцияларга монандликни, конкрет ҳиссий ҳодисалар яхлитлиги умумийлиги билан ақл-идрокдан ҳаётийликни талаб эта бошлади.

Шу боис давримизнинг умумий ҳолати санъат учун қулай эмас. Рефлекциянинг атрофни қуршаган шовқин-суронлари, санъат тўғрисида мантиқий ҳукм чиқаришнинг умумий одатларига шунчаки санъаткорнинг ўзи эмас, балки давримизнинг бутун санъати ҳам гирифтор бўлди, ҳолбуки, санъаткор шундай фикрларга мойил оламда, ирода кучи ва қарорлар орқали барча нарса-ҳодисалар моҳиятини мантиқан белгилаб олишга йўл қўймовчи муносабатлар бағрида яшайди, наинки, бунда йўқотилганлар ўрнини махсус тарбия бериш билан тўлдириш, сунъий яккаланиш билан эса ҳаёт шароитларидан узоқлашишга эришиб бўлмайди.

Бу муносабатларнинг барчасида санъат ўзининг юксак имкониятлари билан биз учун қандайдир ўтмишга маҳкум этилгандай бўлди. У биз учун ҳақиқат маъносидаги чин ва ҳаётий белгиларидан маҳрум бўлиб, олдинги мавқеини ҳимоя қилолмай қолди, юксаклигини йўқотди, энг муҳими, энди бутунлай соф тасаввурларимиз оламига ўтиб кетди. Биз бадиий асар мазмуни, унинг тасвирий воситалари, бу икки жиҳатнинг ўзаро мувофиқ-номувофиқлигини тафаккур ҳукмидан ўтказганимизда, энди нафақат мамнунлик, шу билан бирга, бевосита баҳолаш талаблари ҳам юзага келганлигини ҳис этдик. Шунинг учун бизнинг давримизда санъат тўғрисида фанни яратиш санъат катта маънавий қониқиш берган ўтмиш замонларга қараганда ҳам долзарб бўлиб қолди. Ҳолбуки, у бизни мантиқан бадиий ижодни жонлантириш эмас, балки санъатнинг моҳиятини илмий ўрганишга даъват этиши лозим эди.

Биз бундай таклифни қўллаб-қувватлашимиз биланоқ қаршимизда юқоридаги шубҳалар пайдо бўлади. Санъатнинг умуман фалсафий рефлекция предметига мувофиқ келиши эътироф этилган тақдирда ҳам уни илмий жиҳатдан системали ўрганишнинг маъно-мазмуни борми, деган фикр туғилади. Бундай эътироз биринчи галда фалсафий таҳлил ноилмий бўлиши ҳам мумкин, де­ган юзаки тасаввурни ҳосил қилади. Шу боис фалсафа ва мавҳум фикрлаш ҳақида бошқаларнинг тасаввурлари қанақалигидан катьи назар, мен мавҳум фикрлаш илмийликдан мутлақ ажралмасдир, де­ган фикрни эътироф қиламан. Бинобарин, фалсафа предметни нафақат субъектив эҳтиёж, ташқи тартиб, тасниф, балки зарурият томонидан ҳам қараб чиқиши, ички табиий моҳиятига мувофиқ ёритиши ва асослаши зарур. Ҳолбуки, бу – ҳар қандай тадқиқотнинг илмий хусусиятидир. Бироқ модомики, предметнинг мантиқий-метафизик табиатида унинг объектив зарурияти гавдаланар экан, санъатни бошқаларга нисбатан холисона ўрганишда илмий талабчанликдан бироз чекиниш мумкин, ҳатто бу муайян маънода зарур ҳамдир. Негаки, санъатда баъзи жиҳатлар фақат мазмунга, бошқалари унинг материали ва воқелигига тегишли бўлади, оқибатда санъат тасодифлар билан ўзаро боғланиб кетади. Шунинг учун биз санъатнинг ички ривожи ва ифодавий воситаларига заруриятни қўллаш масаласини кўтаришимиз лозим.

Энди бадиий асарлар илмий ёритиш талабига дош бермайди, деган эътирозларга келганда, айтиш мумкинки, бу мулоҳазалар ўта ранг-баранг фантазия ва кайфиятга асосланган манбалардан келиб чиққан, ҳозирчага уларнинг ҳиссиёт ва хаёлга таъсири барҳам топ­ган эмас. Бунинг боиси шуки, гўзаллик санъатда тафаккурга бутунлай зид шаклда намоён бўлади, модомики, фикр ўз йўналишига эга экан, санъат бу шаклни бузишга қаратилади. Тушунчалар орқали билиш тасаввурлар ташқи реалликни, ҳаётни, табиат ва руҳни бузиб кўрсатади ва йўққа чиқаради, деган фикрга бориб тақалади, тафаккур ёрдамида бизни тушунчаларга мос реалликка яқинлаштириш ўрнига ундан узоқлаштиради. Инсон бундай мақсадларга эришишда ҳаётий камолот ифодаси бўлмиш тафаккурдан бироз чекиниши ҳам мумкин. Ҳозирча бу ҳақда фикр билдириш мавриди эмас, шунинг учун бу танглик ёки бошқача айтганда, мумкин қадар бу имкониятсизлик, номувофиқликни бартараф этиш билан боғлиқ нуқтаи назарларни кўрсатиб ўтиш лозим.

Авваламбор, руҳнинг ўз-ўзини гавдалантириши, соҳиблиги, ўзи тўғрисида ва ундан келиб чиқиб, ҳамма нарса тўғрисида фикр юритувчи онг борасида биз билан ҳамфикр бўлиш мумкин. Негаки, моҳиятан тафаккур руҳнинг энг асл ифодасидир. Руҳ ҳақиқатда ўзи фикрловчи онг ва ўз ижодкорлиги орқали рўёбга чиқса, моҳиятан эркинлик ва ихтиёрийликка эга бўлади. Санъат ва унинг асари руҳ­нинг ижоди ва маҳсули экан, бадиий тасвир ҳиссий маълумотларни илоҳийлаштириб, ҳиссий зуҳурланишни ўз ичига олган тақдирда ҳам, барибир, маънавий фазилатини тарк этмайди. Шу маънода илоҳийлаштирилган ташқи табиатга нисбатан бадиий асарлардаги руҳ ва унинг тафаккурига санъат яқин туради.

Санъат намуналари тафаккур ва тушунчалар тарзида гавдаланмаса-да, тушунчанинг ўз-ўзича ривож топиши, унга ёт ҳиссий соҳага ўтиши, фикрловчи руҳнинг куч-қудрати унинг фақат ўз шакли, тафаккур орқали фаҳмлаш тарзида юз бермайди. Шу билан бирга, фикрловчи руҳ ўзини тафаккурда ҳам, ҳиссиёт ва ҳиссийликда ҳам ташқи ва бегоналашган ҳолда фаҳмлайди, ўз ҳолига қайтади, ўзини бошқа шаклда намоён қилади. Фикрловчи руҳ бошқача кўринишда гавдаланганда, ўзини ўзгартирмайди, унутмайди, ўзидан воз кечмайди; ҳолбуки, у ўзини бошқалардан фарқлай олмаган заиф эмас, балки ўзлиги, ўз зиддини таний оладиган кучдир. Негаки, тушунча алоҳидаликни бошқа шаклда ифодаловчи умумийликдир. У бегоналашувни яна қайта бартараф этувчи, тадрижий ҳаракатини таъминловчи қобил куч ва фаолиятдир.

Шундай қилиб, фикрловчи тафаккур бадиий асарда ўз тушунчалари билан ўз-ўзидан бегоналашади ва руҳ асарни илмий ўрганиш предметига айлантирган тақдирда ҳам ўз эҳтиёжини қондира олади. Модомики, тафаккур руҳнинг моҳият ва тушунчаси экан, фикран бутунлай уни ўз фаолияти маҳсулига айлантирганда тўла қониқиш ҳосил қилади, ўзлаштиради. Санъат эса, кейинроқ буни кўрамиз, руҳнинг олий шакли бўлмаса-да, фақат фан соҳасида ҳақиқий исботини топиши мумкин.

Санъатда ҳам фалсафий таҳлилдан четда турувчи шундай тартибсиз жиҳатлар йўқ эмас. Юқорида биз санъатнинг ҳақиқий вазифаси руҳнинг олий манфаатларини англашдан иборат эканлигини кўрсатиб ўтдик. Шундай экан, бадиий ижод мазмуни ҳақида сўз борганда, ўта тийиқсиз фантазияга берилмаслик лозим, санъатда шакл ва образ қанча ранг-баранг ва битмас-туганмас бўлиб кўринмасин, бу маънавий мақсадлар унинг мазмуни асосини ташкил қилади. Бу нарса шаклларга ҳам тегишли бўлиб, улар ҳам мутлақ эркин эмасдир. Ҳар қандай шакл яратиш тури мақсадни ифодалаш ва гавдалантириш, идрок этишга қодир эмас, бироқ мазмун муайян шаклни ўзи белгилаб олмоғи лозим.

Биз шу нуқтаи назардан туриб, фикран сон-саноқсиз бадиий асарлар ва бадиий шаклларга ёндашишимиз мумкин.

Шундай қилиб, бу ерда фанимиз мазмунини мақсадга мувофиқ тавсифлашда чегараланишга жазм этдик ва санъат фалсафий таҳлил предмети бўлишга арзиганидек, фалсафий тадқиқот ҳам санъатнинг моҳиятини тушунишга ҳақли эканлигига ишонч ҳосил қилдик.

САНЪАТ ТЎҒРИСИДА ОДАТИЙ ТАСАВВУРЛАР

Санъат асарлари тўғрисида кенг тарқалган тасаввурларни қуйидаги уч қисмга бўлиш мумкин:

1.Бадиий асар табиат эмас, балки инсон фаолияти маҳсулидир.

2.Бадиий асар инсон эҳтиёжларини қондириш мақсадида яратилади, ҳиссий муҳитдан муайян даражада ўзлаштирилиб, инсон ташқи ҳис-туйғуларига йўналтирилади.

3.Санъат асари муайян мақсадни ўзида акс эттиради.

1. Бадиий асар – инсон фаолияти маҳсули. Бадиий асарни ин­сон фаолияти маҳсули деб эътироф этувчи биринчи ҳолат ҳақида тўхталганда, ундан

а) шундай хулоса келиб чиқадики, бу қайта яратилган онгли фаолият бошқаларнинг қандайдир ташқи предметлардан ибрат олиши, уларга тақлиди ва гавдалантиришини анг­латади. Бадиий фаолият қоидаларини эгаллаш ҳар бир инсон қиладиган ишни бошқалар ҳам бажара олиши, истаса, бадиий асарлар яратиши мум­кин, деган фикр туғдиради. Юқоридаги назариянинг қоида ва амалий кўрсатмалари шу тахлитда юзага келган.

Бироқ буларга кўр-кўрона амал қилинса, расман тўғри бўлиб кўринган механик ҳолатлар юзага келиши мумкин. Нега деганда, фақат ғайриихтиёрий (механик) ҳаракат бу ташқи хусусиятни гавдалантириши мумкин. Уни тасаввурларимиз орқали ўзлаштириш ва амалда қўллаш учун маънисиз фаолият ва эпчилликнинг ўзи етарли бўлади, бу ерда умумий қоидага мувофиқ биздан бирор-бир конкретлик талаб қилинмайди. Бу қоидалар баъмани бадиий фао­лият мазмунига татбиқ этилганда, уларнинг шунчаки ташқи ва ғай­риихтиёрий эмаслиги яққол маълум бўлади. Улар бадиий асар мавзуси қизиқарли бўлиши, ҳар бир образ табақаси, ёши, жинси, ижтимоий ўрнига мос сўзлаши юзасидан умумий кўрсатма беради, холос. Ваҳоланки, бу йўл-йўриқлар эркин маънавий фаолиятни амалга оширишга ортиқча эҳтиёж сезмаган ҳолда ҳам ўз вазифасини адо этиши мумкин. Афсуски, улар мазмуни ва санъаткор онгини бойитиш тарафидан ҳам номақбул, негаки, бадиий ижод кўрсатмаларга асосланадиган расмий фаолият эмас.

Санъат маънавий фаолият сифатида ҳам кўрсатмалардагидан кўпроқ даражада турфа мазмун ва индивидуал ижод намуналарини ўз заҳирасидан танлаб олиши ва намоён этиши зарур. Модомики, бу кўрсатмаларда мазмун ва амалиётга боғлиқ жиҳатлар ўрин олган экан, уларни ҳеч бўлмаганда, бадиий ижоднинг ташқи жиҳатларига татбиқ этиш маъқулроқдир.

б) Мутлақ ўзгармас бўлиб туюлган зиддиятли бу қараш бир ёқламаликдан холи эмас. Гап шундаки, бадиий асарни умумий фаолият маҳсули сифатида қараб чиқиш фикри барча кишиларда энди қарор топа бошлади. У истеъдодли ақлнинг алоҳида қобилиятга мувофиқ фаолияти, умумий қоида, шунингдек, инстинктли-образли ижодий жараёнга зид жиҳатлар билан алоқаси бўлмаган ўзига хос ижоди сифатида эътироф эта бошланди. Шунингдек, у ижодга путур етказмаслик, қўпол хатоларга йўл қўймаслик мақсадида юқоридаги зиддиятлардан ўзини холи қилиши ҳам лозим, деб ҳисобладилар.

Шундай мулоҳазаларга асосланиб, бадиий асар истеъдод ва даҳо ижодининг маҳсули, деб баҳоланди, истеъдод ва даҳонинг туғма жиҳатлари эътироф этилди. Бу қисман жуда тўғри эди. Чунки инсон биргина онгли фаолият билан эришолмайдиган истеъдод – бу ўзига хос малакавий истеъдод бўлса, даҳолик – умумий қобилият; энди бу ҳақда батафсилроқ тўхталиб ўтамиз.

Бу ерда биз шахсий фаолиятни ҳар қандай тушуниш бадиий ижод учун нафақат кераксиз, балки зарарли, деган сохта қарашга эътибор беришимиз керак. Бундай фикр кўпинча истеъдод ва даҳода кечадиган илҳомий жўшқинликни назарда тутади. Бундай ҳолат, даҳода қандайдир предмет таъсири, масалан, таъми ширин шампан шишасини кўрганда, шунингдек, қисман унинг ўзи шу ҳолга ихтиёрий кириш мумкинлигида ҳам намоён бўлади.

Бундай фикрлар Германияда даҳолар даври деб аталган йилларда шаклланди ва кенг тарқалди. Бунга Гётенинг илк поэтик ижоди сабаб бўлди, дейиш мумкин; Гётенинг таъсири Шил­лер асарлари орқали янада оммалашиб кетди. Бу шоирлар илк асарларидан бошлаб ўша даврдаги қатъий тартиб-қоидаларга қарши турдилар, ўзларигача гўё ҳеч қандай поэзия бўлмагандек ижод қилдилар, салафларидан илгарилаб кетдилар.

Мен ўша даврда даҳо ва илҳом тушунчалари хусусида кенг тарқалган чалкаш қарашларни ҳам, фақат биргина илҳом билан ҳамма нарсага эришиш мумкинлиги ҳақидаги устивор тасаввурларни ҳам батафсил таҳлил қилмоқчи эмасман. Санъаткор истеъдоди ва даҳоси табиий қобилият куртакларини ўзида гавдалантирса ҳам, биз учун энг муҳими, тафаккур маданияти, усулларга оид мулоҳазалар, шунингдек, малакаларни чиниқтириш ва эгаллашга бўлган эҳтиёжни доимо ўз такомилида белгилаб олиш ҳисобланади. Чунки бадиий ижоднинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлган техникавий маҳорат соф ҳунармандчилик даражасидаги маҳоратни ҳам гавдалантиради; бундай хусусият меъморчилик ва ҳайкалтарошликда кўп, тасвирий санъат ва мусиқада оз, поэзияда энг кам даражададир. Фақат фикрлаш, тиришқоқлик ва машқ билан ҳеч қандай илҳом етиша олмаган маҳоратга ҳам эришиш мумкин. Санъ­аткор ҳам ташқи материални қайта ишлаш ва уни мақсадга мувофиқ шакллантириш жараёнида бундай маҳоратга эҳтиёж сезади.

Санъаткор юксак истеъдод соҳиби бўлганлиги боис ўз асарларида пинҳоний жон-дил ва руҳ теранлигини ҳар томонлама тасвир этиши лозим, бунга зоҳирий ва ботиний оламга ақл нигоҳини йўналтириш орқали эришиш мумкин. Санъаткор бу мазмунни ўз ниятига етиш ва тегишли материаллар топиш, уларни ўрганиш йўли билан гавдалантиради.

Тўғри, санъатнинг баъзи турлари бу мазмунни англаш ва ўзлаштиришда бошқаларга қараганда кўпроқ эҳтиёж сезади. Маса­лан, мусиқа оҳангларда фикрга айланмаган номуайян ботиний эмоцияларнинг маънавий кучларига асосланади, маънавий мате­риал мавжудлигига унча зарурият сезмайди. Шунинг учун мусиқий истеъдод кўпроқ инсоннинг илк болалик пайтида, фикр-зикри бошқа нарсалар билан банд бўлмаган, уларга руҳан берилмаган кезларда кўпроқ юзага чиқади, мусиқий истеъдод соҳиби баъзида муайян маънавий ва ҳаётий тажрибага эга рассомга қараганда анча барвақтроқ маҳорат чўққисига кўтарилиши ҳам мумкин. Шу боис мусиқий композиция ва ижрочиликда жўшқин маҳорат эгалари билан бир қаторда маънан қашшоқ ва ўта қобилиятсизлар ҳам учраб туради.

Поэзияда аҳвол сал бошқача. Унда инсон, унинг соф интилиш ва жонли кечинмаларини фикран мазмундор қилиб тасвирлаш муҳим ўрин тутади. Шунинг учун даҳо бу соҳада мазмундор ва мукаммал асар яратгунга қадар етук ақл ва ҳис-туйғу, юксак маъна­вий кечинма, тажриба ва фикр-мулоҳазалар билан қуролланган бўлиши лозим. Айтиш мумкинки, Гёте ва Шиллер[3]нинг илк асар­лари ўта хом, қўпол, ҳатто дағал эди. Бу илк поэтик тажрибаларнинг аксарияти юзаки, қисман совуқ ва сийқаси чиққан эди. Бу нарса илҳом инсоннинг ёшлик шижоати ва ёшлик даври билан узвий боғлиқ бўлади, деган асоссиз фикр­ларни истисно этади. Ҳолбуки, бу икки даҳо фақат етуклик ёшида гўзал поэтик асарлар яратди, бизга ҳақиқий илҳомбахш, чуқур мазмундор ва шаклан баркамол асарлар ҳадя этди. Мўйсафид Гомер ҳам абадий ўлмас поэмаларини шу тарзда яратган эди.

в) Бу ерда инсон фаолияти маҳсули бўлган бадиий асар ҳақидаги тасаввурлар билан боғлиқ учинчи эътироз инсоннинг ташқи табиат ҳодисаларига муносабатига тааллуқлидир. Айтиш керакки, бунда инсон томонидан табиат маҳсулотларидан яратилган санъат асари қуйи ўринда туради, деган оддий фикр келиб чиқади. Нега­ки, бадиий асар жонли моҳият эмас, балки ҳис-туйғудан холи ва ташқи объект сифатидаги ўлик нарсадир. Биз тирик ҳаётни одатда жонсиз нарсадан устун қўйиб келамиз.

Бадиий асар ўз-ўзича мавжуд эмас ва ўз-ўзича ҳаётий фаолият касб этмайди, деган фикр билан келишмаслик мумкин эмас. Табиатнинг жонли маҳсулотлари нафақат ботинан, зоҳиран ҳам мақсадга мувофиқ тузилмалардир, улар, айни пайтда, санъат асарлари сифатида фақат ташқи ҳаётий кўринишда намоён бўлади, ботинан эса шунчаки тош, дарахт, мато ёки поэзияда нутқ ва ҳарфларда гавдаланган тасаввурлардир.

Модомики, шундай экан, борлиқнинг бу ташқи жиҳатлари асарни санъат намунасига айлантира олмайди. Унинг ҳақиқатда санъатга айланиши инсоний руҳ билан суғорилгани, инсонийлиги ва инсон томонидан эътироф қилиниши, азбаройи руҳ билан ҳамоҳанг тасвирланганлигига боғликдир. Бадиий асарда инсоний манфаат, маънавий қадрият, шахсий фазилат, хатти-ҳаракат ўз тўлақонлиги ва пировард натижалари билан оддий ўткинчи ҳодисалардан фарқ қилиб туради, соф ва теран тасвирланади. Шунинг учун бадиий асар руҳ томонидан табиатнинг қайта ишланмаган ҳар қандай ҳодисасидан аълодир. Масалан, ҳис-туйғу ва тушунчалар уйғунлигини ифодаловчи руҳ асари бўлмиш тасвирий санъат ландшафт атмосферасидан, яъни ташқи табиий ландшафтдан устун туради. Бинобарин, табиатнинг бирор-бир ижоди илоҳий идеалларни санъатчалик гавдалантира олмайди, шундай экан, маънавийлик табиат маҳсулидан устувордир.

Руҳ санъат асарига ўз теран қаъридан излаб топиб киритган жамики нарсага, сиртдан бўлса-да, узоқ давомий муайянлик бағишлайди. Жонли табиатнинг айрим маҳсулотлари беқарор, ташқи кўринишлари ўзгарувчан бўлса, санъат асарлари борлиқнинг давоми эмас, балки табиий воқеликдан маънавий ҳаётни гавдалантиришда устунлиги билан барқарорлик касб этади.

Санъат асари бу юксак мавқеи уни бошқача тасаввур этишда одатий онг билан зиддиятга кириши мумкин. Табиат ва унинг нарсаларини илоҳий қудрат, Худо амри, санъат асарларини эса фақат инсоний ижод, ақл ва қўл яратган, деб айтадилар. Илоҳий ижоднинг табиат оламидан яратган маҳсулотларини инсон фаолиятининг пировард натижаларига зид қўйишдаги бундай англашилмовчилик, яъни Худо гўё инсон тимсоли ва инсон орқали мавжуд эмас, балки ўз фаолиятини фақат табиат доираси билан чегаралайди, деган фикрга асосланади.

Бундай нотўғри фикрлардан биз санъат тушунчасини ҳақиқий эътироф этишда холи бўлишимиз зарур. Шунингдек, руҳнинг Худо томонидан яратилишига табиат маҳсулотлари ва натижаларини мадҳ этувчи қарашларни қарши қўйишимиз лозим. Чунки илоҳий ибтидоий асос инсонда шунчаки эмас, балки табиатдан бошқача, яъни Худонинг моҳиятига мутаносиб тарзда гавдаланади. Худо-руҳ, руҳни инсондаги онгли, фаол яратувчи илоҳий муҳит. Ўз аҳамияти жиҳатидан бу муҳит табиатда онг билан тенглашмаган онгсизлик, ҳиссийлик ва зоҳирийлик тарзида намоён бўлади. Худо бадиий ижодда ҳам моҳиятан табиатдаги каби фаолдир, бироқ руҳнинг бадиий асарлардаги ҳосиласи бўлган илоҳийлик табиатдаги ғайри-ҳиссийликдан бутунлай бошқача бўлиб кўзга ташланади.

г) Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан асослироқ хулоса чиқармоқ учун қуйидагича саволлар қўйиш мумкин: модомики, санъат асари руҳ маҳсули экан, кишиларни қандай эҳтиёжлар ижод қилишга ундайди? Бошқа томондан, бадиий ижод тасодифнинг оддий ўйини, қандайдир инжиқлик тарзида қараб чиқилса, у аҳамиятсиз нарсага айланиб қолади, чунки инсонда санъатдан бошқа яна муҳим ва олий интилишлар ҳам мавжудки, санъат буларни рўёбга чиқаришда бундан-да ўзга, янада қулайроқ воситаларга ҳам эгадир. Бошқа томондан, ўз асосига кўра, санъат анчайин улуғвор майл ва эҳтиёжларга асосланиб, дунёқарашнинг умумий, бутун-бутун давр ва вақти-вақти билан халқларнинг диний манфаатлари билан боғлиқ олий ва мутлақ эҳтиёжларини қондириш муаммоларига ҳам хизмат қилади. Ҳозирча биз санъатдаги бу мутлақ эҳтиёжнинг тасодифийлиги эмас, балки унинг моҳият-мазмуни тўғрисидаги саволга тўла жавоб бериш имконига ҳам эга эмасмиз, негаки, бу савол унга бериладиган жавобга қараганда анча конкретдир. Шунинг учун баъзи мулоҳазалар билан чегараланамиз.

Санъатнинг расмий томонлари билан бирга юзага келган уму­мий ва мутлақ эҳтиёжлар инсоний фикрловчи онгда, яъни унинг ўз-ўзи, ўз борлиғи ва умуман, мавжудлигини ўзи яратишида намоён бўлади. Табиатнинг нарса-ҳодисалари табиий ва фақат бир марта воқе бўлади, инсон-чи, инсон ўзини руҳ сифатида иккилантиради: у нафақат табиат, балки ўз-ўзи учун ҳам мавжудлиги, ўзини мушоҳада ва тасаввур қилади, ўзи ҳақида фикрлайди, айни шу фаоллик, ўзи-учун-борлиқ сабабли руҳдир.

Инсон ўз-ўзини бундай тушунишда икки хил йўл тутади, биринчидан, ўзини руҳан англайди, қалбини ҳаракатлантирувчи ва тўлқинлантирувчи барча нарсаларни тушуниб етади, яъни назарий фаолият юритади. У, умуман, ўз-ўзини кузатиши, тасаввур қилиши, тафаккур моҳиятини ифодалаши, ўзи яратганларни ҳам, ташқи идрок этилганларни ҳам билиши лозим. Иккинчидан, инсон ўзини амалий фаолият орқали англайди. Негаки, инсон ўз-ўзини яратиш қобилияти орқали нафақат табиий фазилатлар, ташқи ёт нарсалар­ни, шу билан бирга, уларни ҳам англайди. Бу мақсадни ташқи предметларни ўзгартириш билан амалга оширади, руҳий ҳаётини гавдалантиради, бугина эмас, ўз фазилатларини қайта кашф этади. Инсон эркин субъект сифатида бу фаолиятни ташқи оламни унинг ўжар ётсирашлигидан халос этиш учун, предметлари кўринишидан завқланиш учун амалга оширади.

Маълумки, гўдак илк бора оламга қизиқишдан бошлаб ташқи предметларни ўзгартира бошлайди. Болакай дарёга тош отар экан, сув юзасида пайдо бўлган дойра ёйилишидан ҳайратланади, нега­ки, уни ўзининг шахсий ижоди деб идрок этади. Бундай эҳтиёжлар ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, турли ҳодисалардан тортиб то санъат асарларида ташқи предметлар идрок этилиб, қайта яратилишигача ўзига қамраб олади. Инсон нафақат ташқи нарсаларга, шу билан бирга, ўз-ўзи, табиий кўриниши, уларни мақсадга мувофиқ ўзгартириш усулларига ҳам шундай муносабатда бўлади. Масалан, хитой аёлининг бежирим оёқча ёки қулоқ ва лабларига чўғ босиш қанча дидсизлик, сохта ва ваҳшийлик, хунук ёки зарарли бўлмасин, одатга айланиб қолган, зеро, безак ва модалар дунёсининг юзага келишининг боиси шунда. Ҳолбуки, маърифатли кишилар учун қадди-қоматни ўзгартириш, ўзни тутиш қонун-қоидалари ва бошқа ташқи жиҳатлар юксак маънавий маданият пойдевори бўлиб хизмат қилиб келган.

Инсоннинг ботиний ва зоҳирий оламни тушунишда ўз «мен»ини ифодаловчи санъатда ақлга мувофиқликка интилиши умумий эҳтиёжга айланган. Инсон маънавий эркинлик таркибидаги бу эҳтиёжни, бир томондан, ўзи-учун-борлиқни руҳан англаш; бошқа томондан, ботиний ўзи-учун-борлиқни зоҳиран гавдалантириш, унинг ўзи ва бошқалар учун ботиний моҳиятини тушунарли ва равшан тасаввур этувчи иккилантириш тамойили орқали қондиради. Ақлга ихтиёрий мувофиқлик, санъатда бўлганидек, инсоннинг ҳар бир хатти-ҳаракати, билимида шундай намоён бўлади. Биз сиёсий ва ахлоқий хатти-ҳаракат, диний тасаввур ва илмий билиш заруриятидан энди санъатга бўлган эҳтиёжнинг ўзига хос жиҳатларини кўриб чиқишга ўтамиз.

2. Бадиий асар инсон ҳиссий идрокига мўлжалланади ва ҳиссий муҳитдан ўзлаштирилади. Юқорида биз инсоннинг санъат асарларини яратишга оид муҳим фазилатларини аниқлаб олдик, энди унинг бошқа белгиларини таҳлил қилиб кўрайлик. Бу – санъатнинг инсон ҳиссий идрокига мўлжаллаб яратилиши ва ҳиссий оламдан ўзлаштириб олиши ҳақидаги масаладир.

а) Санъатнинг бу хусусияти ҳақида гап кетганда, санъат оддий эмас, балки энг муҳим, яъни энг ёқимли ҳис-туйғуларни ҳосил қилади, деган хулоса чиқариш мумкин. Шунинг учун санъатни тадқиқ этиш масаласини унинг таъсирида туғиладиган ҳис-туйғуларни ўрганувчи соҳага татбиқ этадилар. Санъат ҳақиқатда, масалан, қўрқинч ва ғам-алам каби туйғуларнинг юзага келишига сабабчи бўлса, бу туйғулар қандай қилиб ёқимли бўлади? Бахтсизликни кузатиш, мушоҳада қилиш қандай қилиб мамнунлик бахш этиши мумкин, деган саволлар туғилиши, табиий. Эстетик тафаккур соҳасида юзага келган бу йўналиш Моисей Мендельсон[4] даврига бориб тақалади ва унинг асарларида шунга ўхшаш кўплаб фикр-мулоҳазаларни учратиш мумкин.

Бироқ бу тадқиқотлар руҳнинг ноаниқ, нотайин соҳаларини ҳиссиётга боғлаб ўрганиш оқибатида узоққа чўзилмади. Ҳолбуки, уларда ҳис этилган нарса ўта мавҳум субъективлик шаклида намоён бўлади, нарса билан ҳиссиёт ўртасидаги фарқлар оқибатида предметларнинг ўзаро тафовутлари ғоят мавҳумлашиб кетади, эътибордан четда қолади. Масалан, қўрқинч, ваҳима, хавфсираш, танглик айни бир ҳис-туйғунинг турли жиҳатлари, қисман унинг миқдори, қисман мазмунига алоқаси бўлмаган ва эътиборсиз шакллардир. Масалан, қўрқинчда субъектнинг нафақат мақсад-манфаати, шу билан бирга, бу мақсад-манфаатни йўқотишга қаратилган салбий кучлар ҳам акс этади, бу икки кечинма унинг табиий эмоционал фаолиятида зиддиятли кечади. Бироқ бундай қўрқинч моҳиятан аниқ бир мақсадни англатмаслиги ҳам, шунингдек, ўта ранг-баранг ва зиддиятли бўлиши ҳам мумкин.

Бу туйғу баъзида маънисиз субъектив нотабиийлик (аффекция), масалан, умид, андуҳ, шодлик, мамнунлик маъноларини ҳам англатади. Бунга ҳуқуқий туйғу, ахлоқий туйғу, кўтаринки диний туй­ғу ва шу кабилар мисол бўлади. Бироқ шаклан ранг-баранг ҳис-туйғуларда гавдаланишига қарамай, бу мазмун моҳиятни аниқ ифодалай олмайди, мавҳум тавсифланганда конкрет маъносини йўқотади, бу менинг туйғумга ўхшаш соф субъектив аффекция туйғусидан иборат бўлади.

Санъатнинг ҳақиқий мазмуни ва конкрет моҳияти таъсирида туғиладиган туйғуларни тадқиқ этишда лоқайдлик, четга оғишликка йўл қўйилса, ноаниқ хулосаларга олиб келади. Чунки туйғулар тўғрисидаги мулоҳазаларда тадқиқот мазмуни, бадиий асарлар моҳияти тўғри акс этмайди, субъектив эмоционал ҳолатлар юзаки субъективликдан холи бўлиш ўрнига оддий мушоҳада билан қаноатланади. Бу субъективлик туйғуларда тўла акс этиб қолмайди, аксинча, етакчи ўрин тутади; кишиларнинг кўпинча ҳиссий кечинмалар қурбони бўлиб қолишлари боиси ана шунда. Санъат бун­дай номуайянлик ва маънисизлик таъсирида тадқиқ этилса, асосий эътибор арзимас субъектив жиҳатлар билан машғул бўладики, оқибатда санъат нафақат зерикарли, балки ёқимсиз нарсага айланиб кетади.

б) Бироқ бадиий асар ҳис-туйғуларга урғу бериш билан чекланиб қолмайди, акс ҳолда, унинг нотиқлик, историография, диний ўгит ва бошқалардан айри мақсадлари бўлмасди, зероки, у айни гўзалликнинг ёрқин намунаси бўлганлиги учун бадиий асардир. Шундан келиб чиқиб, кўпинча гўзалликнинг ўзига хос кўркамлик туйғуси ва унга мос идрок қобилияти бўлиш кераклиги ҳақида бош қотиришга ҳаракат қилинди. Натижада, идрокнинг ўз-ўзича гўзалликни фарқловчи бу қобилияти сўқир инстинктнинг турғун, ўзгармас лаёқати бўлолмаслигини кўрсатиб қўйди; бу қобилиятнинг дастлабки омили сифатида маданият, унинг таъсирида нозиклашган гўзаллик туйғуси – дид, деб эътироф қилинди.

Юқорида айтилганидек, дидни такомиллаштиришга кўп бор уринишлар бўлса-да, мавҳум назариялар юзаки ва чегараланган эди. Бу назарияларнинг умумий принцип­лари моҳиятан талабга жавоб бермас эди. Бундан ташқари, бу даврда алоҳида бадиий асарларни хусусий танқид қилиш ҳам ўта заиф бўлиб, муайян ҳукмларни асослашга қанча уринмасин, дид ривожига шунча акс таъсир кўрсатди. Натижада, дид маданияти номуайян мулоҳазаларни шунчаки эълон қилиш, гўзаллик намоён бўлиши билан боғлиқ дид туйғуси ҳақида мулоҳазалар юритиш билан чекланиб қолди.

Дид учун предметнинг ҳақиқий маъноси китобларда назарий жиҳатдан абадий расмийлаштириб қўйилди, чунки бундай маънили ҳолат нафақат гўзалликни идрок этиш, у ҳақда мавҳум фикрлаш, шу билан бирга, ақл тўлақонлиги ва руҳнинг куч-қудратига нисбатан ҳам эҳтиёж сезди. Ҳолбуки, дид моҳиятан ранг-баранг туйғулар ва чекли зоҳирий юзакичилик билан ўралашиб қолганди. Шунинг учун санъат асарлари бахш этган теран таассуротлар қаршисида нозик дид ҳайратга тушди, бадиий асарнинг ҳақиқий мазмуни тўла тилга кириб, зоҳирий ҳамда номуҳим белгилар барҳам топа бошлаган жойда эса сукут сақлашга маҳкум бўлди. Негаки, юксак бамаъни руҳ ўз эҳтироси ва куч-қудратини намоён этган жойда диднинг нозик айирмачиликлари, тафсилотга тўла даҳмазалари устида сукут сақланди. Нафосат туйғуси бу соҳани даҳо бартараф этолмаслиги, бу унинг улкан шижоатига номуносиб эканлиги, бирор нарса айтишга дов беролмаслигини тушуниб етди.

в) Натижада, бадиий асарлар муҳокамасида нафақат дидни тарбиялаш, шу билан бирга, яхши дидни аниқлаш борасида ҳам ғамхўрлик қилина бошланди. Дид соҳиби бўлган танқидчи ўрнида энди закий-билимдон фаолият кўрсата бошлади.

Юқорида биз муайян бадиий асарнинг индивидуал хусусиятларига оид билимлар ва уларнинг ижобий роль ўйнаши ҳақида сўз юритган эдик. Бинобарин, бадиий асарда, авваламбор, унинг моддий ва индивидуал табиатига хос ранг-баранг хусусиятлар, энг муҳими, асар яратилган замон ва маконга оид ҳолатлар устуворлик қилса, ундан ке­й­и­н­ги ўринда санъаткорнинг индивидуаллиги би­лан санъатнинг техник мукаммаллик даражаси туради. Муайян ба­диий асарни тушуниш ва ўзлаштириш, ундан завқ-шавқ олишда диққат-эътибор лоақал билимдон эгаллаган муҳим жиҳатларга қаратилиши, унинг барча ўгит-маслаҳатлари мамнуният билан қабул қилиниши зарур.

Бундай билимдонлик маълум маънода зарур бўлса-да, бироқ бу нарса руҳнинг бадиий асар, умуман, санъатга муносабатининг ягона ва муҳим усули тариқасида қараб чиқилмаслиги лозим. Нега­ки, билимдон мубталолар ташқи жиҳат, маҳорат, тарихий шарт-шароит ва бошқаларни ўрганиш билан чекланиши (унинг камчилиги ҳам шунда) ҳамда бадиий асарнинг ҳақиқий табиатини яхши тушунмаслиги ёки умуман ундан бехабар бўлиши ҳам мумкин. У жиддий тадқиқотларга баҳо берганда ижодий, техникавий ва тарихий билишга қараганда, эътиборсизлик билан ҳукм чиқариши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Тўғри, билимдон қарашларида ҳақиқатда уларнинг аҳамияти чуқур аксини топса, асло йўқолиб кетмайди. Шундай экан, билимдон оқилона ҳукмларга асосланиб уларни яратиш учун муайян билимларни ўзлаштириши зарур; шу маънода, бадиий асарни таҳлил қилишда юзаки баҳо берилса ҳам, унинг айрим жиҳатларини чегаралаб олишга тўғри келади.

г) Бадиий асарни ҳиссий объект сифатида идрок этувчи инсон томонидан ўрганиш усуллари тўғрисида билдирилган бу мулоҳазалардан сўнг биз санъатни объект тарзида қисман бадиий асар билан, қисман санъаткор субъекти, унинг даҳоси, истеъдоди ва бошқалар билан ўзаро алоқада қараб чиқамиз. Бунда санъатнинг умумий тушунчасини билишга алоқадор жиҳатларга эътибор бериб қолмаймиз, акс ҳолда, биз ўзимизни ҳақиқий илмий заминда эмас, балки ташқи соҳада тургандек ҳис этишимиз мумкин.

а. Бадиий асар ҳиссий идрокка йўналтирилади, ташқи табиат ёки сезиш, ҳис қилишга мойил ботиний руҳиятимиз сингари, зоҳирий ёки ботиний ҳиссий мушоҳада ва тасаввурлар асосида яратилади. Масалан, нутқ ҳиссий тасаввур ёки сезгиларга ҳам йўналтирилиши мумкин. Бироқ ҳиссий ўзлаштиришнинг предмети сифатидаги бадиий асар нафақат идрок, шу билан бирга, руҳга ҳам қаратилади. Шунинг учун руҳ ундан таъсирланиши, ўзига таскин топиши зарур.

Бадиий асарнинг бу вазифасидан маълум бўладики, у табиат маҳсули эмас ва биз қанчалик табиат маҳсули олийми ёки уни «бор-йўғи» бадиий асардан одатий эътиборсизлик билан қуйи қўямизми-йўқми, бундан қатъи назар, у табиий борлиғи билан ҳақиқий ҳаётийлик касб этолмайди.

Бадиий асарнинг ҳиссий элементи ўз-ўзида эмас, балки инсон руҳиятини қандай ифодалашига қараб яшашга ҳақдордир. Биз ҳис­сий ибтидоий асос инсонга хизмат қилишини қараб чиқар эканмиз, унинг руҳга бўлган турлича муносабатини ҳам илғаб оламиз.

аа. Бу нарса бадиий асарни соф ҳиссий идрок этиш билан унинг ўртасидаги ёқимсиз, энг номувофиқ муносабатларни англатади. Бунинг маъноси шуки, биз бадиий асарни фақат кўрамиз, эшитамиз, баъзиларига қўл тегизамиз ва ҳоказо. Масалан, баъзи-бировларга маънавий толиқишлардан сўнг жиддий ўй-хаёллар, бетаъсир гаплар, ёқимсиз ҳолатлардан холироқ қолиб сайр қилиш жуда ёқиши мумкин. Руҳ ташқи предметларни кўриш ва эшитиш орқали идрок этиш билан чекланмайди, шу билан бирга, ўзини нарсаларда яна қайта ҳиссий шакллантиради ва хоҳиш-истакнинг ботиний фазилатига айлантиради.

Инсон ҳиссий элемент сифатида алоҳида нарсаларга, ташқи оламга шундай хоҳиш-истаклар маъносида қарама-қарши туради. Инсон алоҳида фикрловчи зот сифатида объектларга конкрет мақсад ва манфаатлардан келиб чиқиб ёндашади, оқибатда унинг умумий қоидалардан четга чиқиши кузатилади. У бу объектларни ўзлаштириш, ўз эҳтиёжларини қондиришга сафарбар этиш билан ўзлигини барқарорлаштиради. Хоҳиш-истак бундай ноқулай муносабат таъсирида ташқи предметларнинг нафақат сиртдан зуҳурланиши, шу билан бирга, конкрет-ҳиссий мавжуд бўлишини ҳам тақозо қилади.

Хоҳиш-истак учун ҳайвон истеъмол қилувчи дарахтни тасвирлашнинг мутлақ аҳамияти йўқ. Бинобарин, хоҳиш-истакнинг мақсади ташқи предметлар эҳтиёжларни қондиришга маҳкумлигини таъминлаш, шу йўлда барқарорлиги ва эркинлигига барҳам бериш, йўқотишдан иборат экан, табиийки, у предмет эркинлигини чеклашга интилади. Модомики, шундай экан, хоҳиш-истакнинг тор, чекли ва арзимас манфаатларига тобе бўлган субъект ўз-ўзича ҳам (чунки у ироданинг умумий ва ақлга мувофиқлигидан келиб чиқиб ўзини белгиламайди), ташқи олам (чунки предметлар хоҳиш-истакка мувофиқ белгиланади)га муносабатда ҳам эркин бўлолмайди.

Инсон хоҳиш-истак масаласида бадиий асарга бу хилда ёндашмайди, балки предмет сифатида муносабатда бўлади, ўзи-учун-борлиқ тарзида бирор-бир хоҳиш-истакни кўзда тутмаган ҳолда унинг эркинлигига йўл очади, уни руҳнинг назарий объекти тариқасида эътироф этади. Ҳиссий амал қилишдан қатъи назар, бадиий асар ҳамиша конкрет-ҳиссий борлиқ ва табиий ҳаётга эҳтиёж сезади, боз устига, фақат маънавий эҳтиёжларни қондиргудек ва ҳар қандай хоҳиш-истакни ўзидан истисно қилгудек бўлса, шу таянч нуқтада бутунлай қолиб кетмайди. Шунинг учун амалий хоҳиш-истак табиатнинг унга тобе жонли-жонсиз нарса-ҳодисаларини ўз мақсадига қарама-қарши қўяди ва ўзини руҳнинг бошқа шаклларига ҳам тушунарли бўлган санъат асарларидан устун санайди.

Интеллектнинг назарий муносабатига эътибор қаратувчи иккинчи усул руҳ учун ташқи борлиқ бўлишини тақозо қилади ва шу боис ҳиссий мушоҳада ва амалий хоҳиш-истак билан зиддиятга киради.

Назарий билиш нарсаларни ўз алоҳидалиги билан ўзлаштириш, ҳиссий идрок ва асраб-авайлаш эмас, балки уларни умумийлик асосида тушуниш, ички моҳият ва қонуниятларини кашф этиш, тушунчага мувофиқ англаш демакдир. Назарий жиҳатдан нарса­ларни ўрганиш бу – интеллектнинг мақсад-муддаоларидан холи, ҳиссий алоҳидаликда қандай идрок этилса, уларни ўзгаришсиз эъти­роф қилиш демакдир. Бинобарин, хоҳиш-истак сингари ақлли ин­теллект нафақат алоҳида субъект, балки ўзида умумийликни гавдалантирувчи якка субъектта ҳам хосдир. Инсоннинг умуммақсади табиатда ўзини гавдалантириш ва ҳиссий мавжудликни ташкил қилса ҳам, умумийликдан келиб чиқиб нарсаларга ёндашув бевосита уларда акс этмаган ички моҳиятни ифодалашга интилади.

Фаннинг вазифаси бу назарий эҳтиёжларни қондиришдан иборат экан, санъат уни илмий жиҳатдан тўла амалга оширолмайди, ҳолбуки, санъат билан амалий хоҳиш-истак манфаатлари ўртасидаги умумийлик йўқ даражададир. Негаки, фан ҳам конкрет ҳиссийликдан келиб чиқиши ва табиийлик тўғрисида конкрет ранг, шакл ва бошқалар орқали муайян тасаввурларга эга бўлиши мумкин, бироқ модомики, интеллект умумийлик, қонуният, тафаккур ва тушунчаларни кашф этиш экан, бу ҳиссий ҳодисаларнинг руҳ билан ҳеч бир алоқаси йўқдир. Интеллект предметнинг табиий алоҳидалигидан узоқлашиб, уни ботиний оламида қайта ишлайди, моҳиятан конкрет-ҳиссий объектдан бошқачароқ нарсага, абстрак­ция, фикрий эҳтимолликка айлантиради. Санъат фандан айни шу жиҳати билан фарқ қилади. Бадиий асар шакллар, ранглар, оҳанглар табиийлиги ва ҳиссий алоҳидалиги, бошқача айтганда, ташқи объектга уларнинг алоҳида мушоҳада тарзида айланишидир. Шунингдек, бадиий идрок ўзининг предметли табиий чегарасидан четга чиқа олмайди, объективликни фан сингари умумий тушунча тарзида англашга интилмайди.

Бадиий манфаат хоҳиш-истакнинг амалий мақсадларидан шу билан фарқланадики, у ўзи-учун-борлиқда предметни эркин намоён этади, аксинча, хоҳиш-истак, уни фойда кўриш мақсадида бузишга интилади. Бадиий билиш эса назарий, илмий тафаккурдан предметни умумий фикр ва тушунча эмас, алоҳида мавжудлик тариқасида ўрганиши билан ажралиб туради.

Бундан шундай мулоҳаза туғиладики, бадиий асар ҳиссий материални четлаб ўтолмаган тақдирда ҳам ўзини ҳиссийликнинг сиртқи қобиғи ва зоҳирий кўриниши орқали гавдалантириши керак. Негаки, руҳ бадиий асарнинг ҳиссий элементидан на хоҳиш-истакка оид конкрет моддий жисм, на фаол организмнинг ботиний жўшқинлиги ва туғёнлари, на ғоялар дунёсидаги умумий фикр, балки сон-саноқсиз ҳиссий борлиқни соф моддийликдан холи, зарурий кечинма тариқасида излаб топишга интилади.

Бадиий асардаги ҳиссийлик бевосита табиий предметлардан фарқ қилиб, мушоҳада йўли билан соф кўринишни ҳосил қилади, шунинг учун бадиий асар бевосита ҳиссийлик билан идеалликдан иборат бўлган фикрнинг оралиғида туради. У соф фикр бўлмаса-да, ўзининг ҳиссий ҳолатига зид ўлароқ энди қуруқ моддий борлиқ сифатида тош, ўсимлик ва жонли организмлар сингари кўзга ташланмайди. Бадиий асардаги ҳиссийлик моҳиятан идеалликка тааллуқли бўлса-да, бироқ бу идеаллик, айни пайтда, илмий фикрдан фарқ қилиб турувчи нарсалар шаклида ҳам гавдаланиши мумкин.

Руҳда ҳиссийликнинг бу кўриниши нарсалар образи, уларнинг кўриниши ёки акс-садоси тарзида гавдаланади. Бунинг боиси шу­ки, руҳ предметларга эркинлик беради, уларнинг ботиний моҳияти (улар руҳда бусиз алоҳида предметлар сифатида мутлақ мавжуд бўла олмас эди) қаърида бутунлай қолиб кетмайди. Санъатдаги ҳиссийлик эса мантиқан фақат ташқи туйғу, кўриш ва эшитиш сезгиларига йўналтирилади, шундай экан, бадиий завқда ҳид, таъм ва тери сезгиси кўринишида намоён бўлмайди. Ҳид, таъм ва тери сезгиси модда ва унинг бевосита ҳиссий фазилатлари, ҳид билиш ҳавода йўқолувчи заррачалар, таъм билиш-эрийдиган моддий предметлар, тери сезгиси иссиқлик, совуқлик, яссилик сингари бошқа хоссаларга асосланади. Шунинг учун улар ўз реал мустақилликларини сақлаб қолмоғи зарур, юзаки ҳиссий муносабатни ман этувчи бундай ташқи ҳиссиётлар санъат предметларини идрок эта олмайди, шун­дай экан, санъатдаги ёқимтойлик ташқи ҳиссиётлар учун гўзаллик саналмайди.

Санъат ҳиссий жиҳати билан бизга образ, оҳанг ва нозик мушоҳадалар оламини тақдим этади, лекин бу фикрдан инсон бадиий асар яратишда ожиз ва чекли бўлганлиги учун нарсаларнинг сиртқи, фақат андозаларини қайд этади, деган хулосага келмаслик лозим. Нега деганда, санъатда бу ҳиссий образ ва оҳанглар шунчаки оддийлиги ва табиийлиги эмас, балки олий маънавий эҳтиёжни қондириш, онгни чулғаб олиш, унинг теран қирралари қадар таъсир кўрсатиш, руҳни жунбишга келтириш қобилиятини кўрсатиш мақсадида юзага чиқади. Шундай қилиб, руҳ билан ҳиссийлик ўзаро таъсир кўрсатганидек, маънавийлик ҳам ҳиссий кўриниши билан санъатда намоён бўлади.

в. Бундай фазилатнинг замирида руҳда санъат асарининг шаклланиши ва унинг фаоллиги орқали гавдаланиши туради. Бу нарса энди бошқа бир масалага, хусусан, санъатдаги ҳиссийлик санъаткорда, яъни ижод субъектида қандай гавдаланади, деган саволга жавоб беришни тақозо қилади.

Биз кўриб ўтган объектив қонун-қоидалар санъаткорнинг ба­диий асарларида субъектив кўринишдаги фаолиятида ўз тавсифини топади. У моҳиятан ҳиссиёт ва самимиятни гавдалантирувчи маънавий фаолият бўлмоғи лозим. Бинобарин, бу фаолият оддий, механик, ҳиссий кўринишдаги онгсиз эпчиллик ёки қоидаларга кўр-кўрона амал қилувчи расмий фаолият, ҳиссиёт билан боғланмаган тасаввур ва тафаккурга суянувчи илмий ижод ёхуд тартибсиз соф фикрларнинг маҳсули эмас. Бадиий асарда маънавийлик билан ҳиссийлик уйғунлашмоғи керак.

Масалан, фикр поэтик асарлар яратишда олдин дабдабасиз, оддий, кейин образли, сўнг қофияли нутқ кўринишини олса, образли шакл абстракт мулоҳазаларнинг қуруқ безаги ва ташқи либосига айланиши мумкин. Бинобарин, ҳақиқатда бадиий ижодда зарурий бир бутун жиҳатлар алоҳида-алоҳида фаолият шаклларини юзага келтирса, табиийки, бу усул ҳам бўлмағур поэзия намуналари вужудга келишига сабаб бўлади.

Бундай бадиий ижод азбаройи фантазиянинг фаол хатти-ҳаракати таъсирида юзага келади. Бинобарин, фантазия онгни фаоллаштиради, авваламбор, ақл ва руҳнинг моҳиятини акс эттиради, ҳиссий шакллантиради. Бас, шундай экан, бундай фаолият ўзининг маънавий мазмунини фақат ҳиссий шаклда гавдалантирмоғи лозим.

Бундай ҳолатни кишиларни нафақат ўзаро муомалага, фаолликка ундаш, балки бу фазилатларнинг тажассуми бўлмиш субс­танция, яъни ҳаёт талабини яхши билиш, бамаъни ва оқилона турмуш тажрибасига эга бўлиш билан бирга, бу умумий тамо­йилларни ўз фаолиятида гавдалантира олмаган, бошқаларга умумий мулоҳазалар кўринишида етказолмаган инсоннинг тасаввур ҳамда фикрлари билан қиёслаш мумкин. Табиийки, бундай одам айрим ҳодиса ёки атайин ўйлаб топилган мисоллар ҳақида ҳикоя қила билиш, бошқалар билан фикрлашиш қобилиятига эга бўлади. Унинг тасаввурида ташқи шарт-шароитнинг замон ва макон билан боғлиқ кўринишлари, номлари ва бошқа шу кабилар билан боғлиқ барча нарсалар конкрет ва аниқ кўриниш хосил қилади. Бироқ хаёлнинг бу хусусиятлари кўпроқ ҳаёт, ўтмиш тажрибаси ҳақидаги эсдаликларга боғланиб қолганлиги боис ўз-ўзича ижод саналмайди. Бундай ҳодисаларнинг барча хусусий икир-чикирлари ва ташқи белгиларигача ўзида сақлаши, тафсилотларини қайта яратиши боис хотира умумийликни гавдалантирмайди. Санъаткорнинг ижодий фантазияси эса кенг маънода айни буюк қалб ва ақл соҳиби бўлмиш инсоннинг фантазияси, мақсади, умумий манфаатларини фақат образли шаклда, фақат ҳиссий шаклда намоён этишдир.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ҳақиқатан ҳам фантазия табиий қобилият, истеъдодга асосланади, шундай экан, унинг ижоди ўз-ўзича ҳиссий жиҳатлардан қарор топади. Тўғри, илмий истеъдодлар тўғрисида кўп гапирадилар. Лекин фан фикрлаш соҳасида уму­мий қобилият бўлишини тақозо қилади. Фантазиядан фарқли ўлароқ, бу қобилият табиий юзага чиқмайди, аксинча, табиий фаолиятдаги ҳар қандай жузъийликни истисно қилади, уни мавҳумлаштиради, шундай экан, муайян табиий истеъдод маъносида ўзига хос илмий истеъдод бу ерда мавжуд эмас, деб айтиш бир қадар тўғрироқдир. Фантазиянинг ижодкорлиги интеллектуал фазилатлар билан бир қаторда инстинктив образли фаолиятни ҳам назарда тутади, шундай экан, бу образлилик ва ҳиссийлик санъаткорда туғма қобилият ва иштиёқ тариқасида субъектив кўриниш олиши бадиий асарнинг муҳим белгиси саналади. Улар моҳиятан онгсиз фаолият сифатида инсоннинг туғма табиатига хос хусусиятни англатади. Ўз-ўзини маънан англовчи бадиий фаолият эса табиий қобилият, истеъдод ва даҳонинг моҳиятини тўла қамраб ололмайди. Шундай бўлса-да, бундай маънавийлик образли тузилмаларга хос туғма қобилиятни ҳам ўзида мужассамлаштириши зарур. Уларнинг ҳар бири деярли санъатнинг барча турларида муайян самара бериши мумкин, бироқ бундай чегарадан чиқиш, аниқроғи, санъатда муваффақият қозониш учун чинакамига улкан туғма қобилият бўлиши зарур.

Табиий қобилият сифатидаги бундай истеъдод ёшликдан кўзга ташланади ва муайян ҳиссий материални образли шакллантиришдаги жонсаракликда намоён бўлади. Бунда фаолиятнинг ўзига мос муҳим жиҳатини ўзини ҳар томонлама ифодалаш, теран мулоҳазалар юритиш ташкил қилади. Шундай қилиб, бундай эпчиллик ўз соҳасида эришилган дастлабки муваффақият туғма истеъдоднинг фазилати саналмайди. Шу маънода, ҳайкалтарош кичикликдан бошлаб лойни қадди-қомат ва қиёфага шакл бериш мақсадида қўлга олади ва умуман қиёфа, сурат, оҳанг ёки шеърга айланган нарсалар ўзининг гавдаланишида истеъдодларни жунбишга келтириши мумкин.

Учинчидан, санъатнинг мазмуни маълум маънода ҳиссиёт оламидан, табиат оламидан ўзлаштириб олиниши, маънавий бўлишига қарамай, ташқи реаллик тусидаги инсоний муносабатларни ифодалашга хизмат қилиши лозим.

Рус тилидан Маҳмуд Абдуллаев таржимаси

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-2-сонлар

————————-

[1] Волъф Фридрих Август (1759-1828) – немис филологи, антик маданият тадқиқотчиси.

2 «Каллос» юнонча «гўзаллик» дегани.

[3] Шиллер Иоганн Фридрих (1759-1805) – немис ёзувчиси.

[4] Моисей Мендельсон (1729-1786) – немис файласуфи ва эстетиги.