Эрнест Хемингуэй. Кўприк бўйидаги чол (ҳикоя)

Йўл четида ўтирган темир гардишли кўзойнак таққан чолнинг кийимларини қалин чанг босган эди. Юк ташувчи аравалар, автомобиллар, эркаклару аёллар, болалар дарёга ўрнатилган муваққат кўприк орқали нариги қирғоққа шошилинч ўтказилмоқда эди. Хачир қўшилган аравалар қия соҳилга етганда йўлидан оғиб кетар, аскарлар уларни ғилдираклари кегайидан итариб базўр тўғрилар эди. Юк машиналари тиқилинчдан отилиб чиқиб, тарақа туруқ қилганча тепаликка ўрмалар ва дарҳол кўздан ғойиб бўларди, тўпиғигача турпоққа ботган деҳқонлар эса зўрға судралиб борар, фақат чол қилт этмасди. Унинг қадам ташлашга мажоли қолмаган эди.
Мен кўприкдан ўтишим, нариги соҳилдаги истеҳкомни текшириб кўришим, душман қанчалик сурилганини аниқлашим керак эди. Топшириқни бажариб, яна кўприк оша ортга қайтдим. Энди аравалар ҳам, пиёдалар ҳам анча камайиб қолган, чолнинг ўтириши эса ўша-ўша эди.
— Қаердан келяпсиз, отахон?- деб сўрадим ундан.
— Сан-Карлосдан, — жавоб қилди чол ва жилмайди.
Сан-Карлос унинг она шаҳри экан. Она шаҳри ҳақида гапириш эса чолга ёқарди. Жилмайганининг боиси шунда.
— Мен жониворларга қарардим, — деб изоҳ берди у.
— Шунақа денг? — дедим мен гарчанд унинг жавобини тушунмаган бўлсам-да.
— Ҳа, — деди қария. – Шаҳарда якка-ёлғиз ўзим қолган эдим. Жониворларга қарашим керак эди. Сан-Карлосдан ҳаммадан кейин чиқиб кетдим.
У чўпонга ҳам, молбоқарга ҳам ўхшамасди. Мен унинг чангга ботган қорамтир кийимлари, ғубор босган кўкимтир юзи, темир гардишли кўзойнагига қарадим ва сўрадим:
— Қандай жониворларга қарардингиз?
— Ҳар хил, — деди чол ва ачиниш билан бошини чайқади. – Ҳаммасини ташлаб кетишимга тўғри келди.
Африкани ёдимга солган Эбро дарёси этакларига ва кўприкка дам-бадам кўз югиртириб, муҳораба деб аталмиш мангу синоатдан далолат берувчи илк шовқинлардан доғда қолмай деб атрофга сергак қулоқ солар эканман, душман нечоғли тез пайдо бўлишини таҳмин қилар эдим. Чол эса ҳамон ўша ерда ўтирарди.
— Қандай жониворларга қарардингиз? – деб такроран сўрадим.
— Уч хил, — деб жавоб берди у.- Икки эчки, бир мушук, яна тўрт жуфт каптарга.
— Уларни ташлаб кетишингизга тўғри келдими?
— Ҳа. Отишма бошланди. Отишма бошланганидан кейин капитан менга кетинг, деб буйруқ берди.
— Оилангиз борми? –сўрадим якка-ёлғиз аравалар қияликдан зинғиллаб пастга тушаётган кўприкнинг нариги томонидан нигоҳимни узмай.
— Йўқ, — деди у. – Шу жониворлардан бошқа яқинларим йўқ. Мушук-ку ўрганган. Албатта бир кунини кўриб кетади. Лекин қолганларининг ҳоли нима кечади – ақлим етмайди.
— Сиз кимлар томондасиз? – деб сўрадим.
— Ҳеч ким томонда эмасман, — деди у. – Етмиш олтидан ошдим. Ўн икки чақирим йўл юрдим. Бу ёғига энди қадам босишга ҳолим қолмади.
— Бу ер жуда хавфли, бехатарроқ жойга борганингиз маъқул, — дедим мен. — Тартосга борадиган йўлга етиб олсангиз, бас. У ердан юкмашиналари кўп ўтади.
— Яна бир пас ўтирай, — деди чол. – Кейин турарман. Ўша юкмашиналари қаёққа боради?
— Барселонага, — дедим мен.
— Барселонада ҳеч кимни танимайман, — деди у. – Лекин сиздан жуда миннатдорман. Жудаям миннатдорман.
У менга хорғин ва маъюс кўзларини тикди. Сўнг яна дардини ёргиси келди чамаси:
— Биламан, мушук бир кунини кўриб кетади, — деди. — Хавотир олмасам ҳам бўлади. Лекин қолган жониворларга ачинаман. Сизингча, уларнинг ҳоли нима кечаркин?
— Нима ҳам дердим. Улар ҳам омон қолса керак.
— Ростданми?
— Бўмасам-чи? – дедим аравалар кўринмай қолган нариги соҳилни синчков кузатар эканман.
— Отишма бошланиб қолса, жониворлар қаёққа қочади? Отишма бошланиши билан, ҳатто мени ҳам шаҳардан ҳайдаб чиқаришди-ку.
— Каптарларнинг қафасини очиб қўйганмидингиз ўзи? –деб сўрадим.
— Ҳа.
— Унда каптарлар учиб кетади.
— Тўғри айтасиз, учиб кетади, — деди қария. — Лекин қолганлари… Йўқ, яхшиси қолганларини ўйламаслигим керак.
— Сал ўзингизга келган бўлсангиз, энди туринг, — деб қистадим чолни. – Юришга ҳаракат қилиб кўринг.
— Сиздан миннатдорман. — Чол ўрнидан турди, бироқ гандираклаб кетди-ю, яна қалин чанг устига ўтириб қолди.
— Мен жониворларга қарардим, — деб ўзича ғудранди чол менга эътибор ҳам бермасдан. — Мен фақат жониворларга қарардим.
Унга ёрдам беришнинг ҳеч иложи йўқ эди. Пасха ҳайитининг биринчи куни, фашистлар Эброга бостириб келаётганди. Кун зах, рутубатли, осмон қоп-қора пастқам булутларга тўла бўлгани учун душман самолётлари уча олмаётган эди. Самолётларнинг учолмагани, яна мушук зотининг ўз кунини ўзи кўриб кета олиши – пировардида чолнинг кўнглини тинчитгани шулар бўлди.

1938 йил.

Русчадан Қулман Очилов таржимаси.