– У шундай лутф қилган.
– Ким? Ким шундай лутф қилган?
– Қулоғингга яхшилаб қуйиб ол, ўшанда фаҳмлайсан…
У шундай лутф қиларкан, суҳбатдошининг диққатидан бўлса керак, йўлакай ўйга ботди ва шунда яна бир талай ҳодисалар қайтадан хотирида жонланди. Бунақа амри маъруф ҳамиша ҳам бўлавермайди.
Шундай қилиб, бу ҳақида нақл қилиши учун, у аввало арқонни узун ташлади, ота-боболаримизнинг ҳам бу ҳақида ривоятлари борлигини, эслаб юришларини қистириб ўтди: бунда бирваракайига хаёл отига сакраб миниб, тафаккур уюрларини юлдузлар қадар учириб кетганда ҳам, ҳақиқатни самовий кенгликда ҳеч жиловлаб бўлмас, унга етмоқ амри маҳол, бу пойгада қанчалик олдга ташланилмасин, барибир ҳақиқатнинг бўйнига ҳеч ҳам, ҳеч қачон уғруқ – каманд ташлаб бўлмайди. Худди нақ фалакда туриб ҳам осмонни ўлжа қилиб бўлмаганидек, бунинг ҳам ҳеч иложи йўқ.
Аслида заминда ҳам қадимдан аҳвол шу: ўтган замонларда умргузаронлик қилган одамзод наслининг не бир бобою бобокалон бузрукворлари ҳамма замонларда чек-чегара билмас тафаккур ва муҳокама сарҳадларида сарсон-саргардон кезиб, ўйлаб-ўйлаб шу қарорга, шу ноилож тўхтамга келаверганлар – дунё бебақо, ким бу заминга биринчи туширилиб, биринчи бўлиб унда ўрнашиб-ўрнашмасдан, дунёнинг фонийлиги ҳақидаги ўй унга ҳеч тинчлик бермаган ва тоғларга югуриб чиқиб, чўққида туриб қичқирган: “Ўлишни истамайман, менинг ҳеч ҳам ўлгум йўқ!” Дунёнинг бебақолиги ҳақида кимдир қачонлардир илк бор шуни ўйлаган, бу ҳақида беихтиёр оғзидан гуллаб қўйган бўлса, ва яна ким қиёмат яқинлашганда, ҳаётининг охирги дамларида ҳам шу фикр хаёлидан кечар – шу маъно тилидан учар – аммо шунда ҳам дунёнинг бундан кейин охир-оқибат нима бўлишини ҳеч ҳам, ҳеч ким каромат қила олмагай, чора эса ҳамиша бўлган, бор, доимо бўлади ҳам, унинг биргина, ягона йўли – тақдирга розилик! Биз бўлсак, ҳали ҳамон бунга бўйнимизни эггимиз келмайди. Фақат қазои қадарга иймон – тақдирга розиликкина еру кўкда уддалаб бўлмайдиганларни уддасидан чиқишга имкон беради. Шунинг учун бир нафас хаёл уюрларингга тин бер, қўябер само ўтлоқларида фикр тулпорлари бир яйраб-яйдоқлаганча ўтлаб олишсин ва ўзинг ҳам нафас ростла ва яна янгидан қазои қадарга розилик тотини сур – қанча орзу қилма, абадият шаробини тотмоқ маҳолдир. Шунинг учун ҳам омочингни тўхтат, умид ва интизорлик даласи қанчалик шудгорланганига бир яхшилаб қара, омоч тиши, фикр тиликларидан пора-пора далага, кесилиб-кесилиб шудгорланган тупроққа озгина ҳаловат бер, пойгада чопган фикр туёқлари остида эзилишдан, худди бутун олам жароҳатидай бўлиб ётган бағрида уруғ сепиладиган юпун-яланғоч, ҳимоясиз тупроқни асра ва яна ва яна тақдирингнинг эгаси бўл – абадият йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас… Қани, олға!
Ва сажда қил. Бошқасини хаёлингга ҳам келтирма. Қолган нимаки бўлса, баҳридан ўт – улоқтир. Бўлак йўл йўқ. Ҳеч қачон дунёнинг бебақолигини ўзгартириб бўлмайди.
Бироқ сен нима каромат кўрсатдинг? Тин олган бўлдингу, яна ўз билганингдан қолмадинг! Сен яна мунодийлик қилиб, ҳаммаёққа жар солиш учун тоққа югурганинг-югурган! Сен ўзи қанақа махлуқсан? Ҳеч ушлаганингни қўяй демайсан. Кечиру, кўз очганингдан буён, ҳамиша шу ота гўри қозихона, ҳа, минг карра узр, лекин бизга ҳеч тинчлик берай демайсан, ҳеч…
Албатта, сени тушунаман, қандай қилиб муросайи-мадорага келиш мумкин, бироқ, ўша итоатгўйлик йўқ экан, майли, унда ҳамма ўзиникидан қолмагани, билганини минг маъқуллагани билан, ўзингга жуда ҳам ишонма, ўша итоат-тақдирга розилик йўқ экан, биз гоҳ абадиятнинг маҳкумлари, гоҳ эса бизда қондириб бўлмайдиган абадият ташналиги ва адоқсиз узун орзу қилиш васвасаси ҳеч қачон босилмайди. Худди шундай она уруғдонида ҳомила пайдо бўлган палладан ва ўлим тўшагида кўзлардаги сўнгги нур сўнганича, гоҳ ўзида бизнинг энг юксакдаги ва энг тубандаги саодат ва фожиаларимиз, заминий аҳамиятига кўра, ҳар сафар, яна ва яна янгидан аччиқ бир англовга олиб келаверади, бу ёруғ оламга қанча киши келиб кетган ва Қиёматгача яна қанча яшаб ўтадиганлар, уларнинг кўрадиган кунларини ўлимнинг лаҳзадаги кунфаякуни мутлақ қарзга берилган ҳаётдан – ёруғ оламдан тамоман маҳрум-мосуво этади, ўтган ўзагингни-да қирқиб ташлайди ва буларнинг барини, ҳеч шубҳасиз, ҳақиқат ҳамма томондан ўраб олган бўлади. Худди шу ердан одам болалари тилидан тушмай, таралабедод қилиб юрадиган “бор экану, йўқ экан” чўпчак каломи аҳамият касб этади… Ҳа, бир бор экан – бир йўқ экан…
Бироқ, ҳатто нарса-ҳодисаларнинг шундай вазиятида ҳам, дейлик, асрлар силсиласида кунлар қатъий ўлчамда белгилаб қўйилган эса-да, азал яралишда биз учун абадиятдан бўнак борлигида ҳам, инсонга, бу манзил-маконлар унга вақтинчалик карвонсарой эканлигини эслатиб туради ва бу ҳам етмагандай, шунинг ўзи ҳам аксига қайта-қайта кетаётган оламга қайрилиб ҳам қарамаганини – булар тўпиғига-да чиқмаганини кўриш-кузатиш мумкинки, шу лаҳзада буюклиги кичиклигида қайталаган ва тикланганда ҳам, тоғдаги қум заррачаларидек бир кўрилиб изсиз йўқолиб кетади, у бўғизда вулқоннинг гумбурлаши каби садо берса-да, теварак бунга ҳар қачон гунг-гаранг, бетитроқ, эътиборсиз қолаверади. Бу ерда асос – сўз гўё абадиятнинг заррачалари кабидир.
Буларнинг бари жуда оддий, равшан ҳақиқат эканлигини, шу вақтларда кутилмаганда Қумбел темир йўл станциясига келган бир киши билан Абутолиб Қуттибоев дафъатан учрашиб қолиб, ўзи учун кашф этган эди. Очиғини айтганда, ўша урушдан кейинги, сарсон-саргардон бўлиб юрган оғир даврида сургундаги муаллим учун бу тақдирнинг хайрли фолидай кўринди. Яна дунёнинг қарғиш теккан бир чеккаси – Сариўзак чўлида, сургунда юрганида ўша йилларда жуда машҳур этнограф-шарқшунос олим, довруғи кетган Чадаев, кимсан Турғун оға, яъни Калонтоевич билан кўришиб, шакаргуфторлик қилиши унинг етти ухлаб тушига кирганмиди? Бунгача ҳам Абутолибнинг қулоғига у ҳақида у-бу шов-шувлар чалинган эди. Бу ўша юраги отнинг калласидек Турғун Калонтоевич Чадаев бўлиб, Сталиннинг “ўттиз еттинчи йиллари” аёвсиз ҳуштак чалиб турганида ҳам, ўзининг жонини хавфга қўяётганига парво қилмай, ўз умри учун ножўя ҳазил, тентакликдай кўринган ишларга таваккал қилаверар, ҳақиқатни тикка айтишдан қўрқмаган, ҳар нарсага ҳозиру нозир ҳушёр чекист-комиссарларни эса унга дахл қилишга оддий бир сабаб-андиша йўл қўймаган дея ривоят қилишар эди; зеро, унинг бир ўзи биратўла: бир эмас, икки эмас, рус халқининг нақ уч буюк кишиси номини кўтариб юрарди – Чадаев, Тургенев, яна денг Коллонтай! Очиғи, ўшанда ҳамма нарсага қодир НКВД ходимларига ҳам бир ўқ билан бирданига уч буюк номни ер тишлатиш, ҳаддан ортиқ қуюшқондан чиқиш бўлиб кўринган экан!
Бироқ Чадаевдай одам ҳам, ўз тақдири билан ўйнашганига ақл бовар қилмайди ва ўзи устидан ҳукм ўқиши – қора чизиқ тортгани ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди; ростдан ҳам у, фавқулодда бир сиймо бўлиб, Қозоғистону бутун Ўрта Осиёда отнинг қашқасидай маълуму машҳур, ҳамма бирдай ихлосу ҳурмат қиладиган бир зот эди, қарийб бутун умр жонини тиккан касб-кори орқасидан қолмаган, манба-маълумот излаб, ўлкашуносликка оид боши-кети йўқ экспедициялардан ёзу қиш бўшамас, бир нарсани аниқлаштирмоқ учун ўлканинг энг чекка – тулки тезак ташламас ерларигача боришдан қайтмас, бу фидойилиги ҳосиласи ўлароқ қатор-қатор, жилд-жилд илмий тадқиқотлари юзага келган эди. Балки айнан шунинг учун ҳам ўзининг туғди-битди антиқа хулқ-атвори, афандилигини эл ичра ёйган, юртнинг эркаси бўла олган эди. Шунинг учун ҳам у ўзини “Академиянинг ударниги” – “зарбдор” дея атаб, ҳазиллашишдан ҳам тоймасди. Бир замонлар республика Фанлар Академиясининг катта бир фирқа йиғилишида бирови минбардан туриб, таҳдид билан, академик Чадаевга диққатни қаратади ва дейдики, у қарийб фирқа йиғилишларига қатнашмайди, доимо дала-даштларда, аллақандай ўзининг экспедицияларида сандироқлаб юради, фирқа топшириқлари билан ҳеч бир ёниб-куймайди, фирқавий мулоқотларда ҳеч ҳам фаоллик кўрсатмайди, марксча-ленинча ғоялар, Сталин сабоқлари тарғиботларида иштирок этмайди, буларнинг бари бекорга бўлмаса керак, нега ҳеч ким унинг синфий ёт кимса эканини, феодал ўтмишини эсламайди, у ҳеч қанақа Ўрололди машҳур “Чадаевлар” аймоғидан бўлмасдан, бир келгинди, насл-насаби аллақандай тайинсиз шубҳали кимсаларга бориб тақалади деб қолади; буларнинг барига эса қатъий позицияда туриб, бирма-бир жавоб йўлланган Турғун Калонтоевич Чадаевнинг Туванинг аллақайси еридан етиб келган телеграммасида шундай жумлалар бор эди: “Азизим Имярек, сенинг хавотир-ҳовлиқишинг беҳуда, мен ўзи аллақачон бу жин топмас Сибирнинг бир чеккасидаги сен мени кўрмоқчи бўлган жойда кукулаб ётибман. Ўзингдан қолар гап йўқ, бутун умр – ўрнашмоқдир. Истамоқ – бу ҳамфикр бўлмоқдир! Азиз жўражон, сени кутаман. Орзиқиб кутаман. Оёғингни қўлингга олиб югур!”
Мана энди, қариган чоғида Чадаевнинг Сариўзак чўлида пайдо бўлганини кўрмайсизми. Унинг ташрифини шу ерлик алай-балай кишилар ҳамма учун хайрли янгилик деб қабул қилдилар. Турғун оға Чадаевнинг ўзи ҳам, қачонлардир буюк тарих дарёси гувуллаб оққан, карвонлар пайдар-пай қатнаган, улкан ёв лашкари оёқлари остида топталган саҳрои ўлкада талабалик йилларидаёқ бўлишни, чўлни у бошидан бу бошигача кезиб чиқишни орзу қилиб келганини мамнуният билан эътироф этди; қолаверса, ҳозирги сариўзакликларнинг ўзига-да, унинг илмий мақсадда қизиқиши кам эмас экан: маҳаллий расм-русумлар, қадимдан келар ва риоя қилинар одат ва таомилларни сув қилиб ичиб юборган халқнинг айтимлари унинг жону дили, атамашунослик, лаҳжаларнинг келиб чиқиши, эл-элатнинг пайдо бўлиб, шаклланиши ва халқ оғзаки ижодига оид яна бир талай омиллар унинг учун нақ хазинанинг ўзи эди…
Ана шундай, Абутолиб Қуттибоевнинг бутун ҳаётида унутилмас хотира бўлиб қолган учрашувни муҳтарам Чадаевнинг ўзи ташкиллаштирган – бу худди тақдири азалнинг битигидай, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас бир алфозда юз берган эди.
Бу унутилмас воқеанинг юз беришида қўли енгил Эдигей Бўроннинг ҳам хизмати бор. Аслида эса бунга Сариўзакда оғиздан оғизга кўчиб юрар бир ривоят сабабчи эди…
“Сариўзак қатли” ҳақидаги афсона қадим замонлардан халқ ичида ёйилган, гоҳ йўқликка сингиб кетган қатор асрлар силсиласида чалкаш-чулкаш бўлиб, ўша замонларда умргузаронлик қилганларнинг хотирасида ёниб битган гулханнинг сўнгги тутунлари каби йироқлашиб, тамоман эсдан чиқиб кетар ва гоҳ яна негадир янгидан туғилиб, оғиздан оғизга шойим бўлиб, ҳаётга ҳамиша ҳамроҳ нарсалар мисол жонланар, қўр тўкар ва янгидан-янги ўй-фикр, мушоҳада-муҳокама булоқлари кўзини очиб юборар эди. Нега бунақа тарздаги қисматга дучор бўлгани ҳақида эса тайинли бир жавоб бериш амримаҳол. Афтидан, унда ҳар бир авлод хотирасига тез юқиб тарқаладиган нимадир бор эди.
Мана шу қадим замонларга бориб тақалар “Сариўзак қатли” тарихи келиб-келиб, бирдан, ҳеч кутилмаганда Абутолиб Қуттибоевнинг тақдирига ҳам тасодифдай кириб келиб, ҳал қилувчи аҳамият касб этганини айтмайсизми? Нега унинг қисматида ривоят бунақа кўринишда намоён бўлди – бу ҳам бир жумбоқ. Жавоб бериш мушкул. Гапнинг пўсткалласини айтганда, бунга ўхшаш афсона сургунда юрган муаллимни қизиқтириб қолиб, қийматли нарсадай қанчалик эътиборини тортган бўлса, шундан кам бўлмаган даражада ўшанда Қизил Ўрда вилоят “Ягода-Ежов”чиси Тансиқбоевга ҳам терговга ишга солинмаган, сиёсий айб қўйишда далил сифатида жуда қўл келадигандай кўриниб, жуда ҳовлиқтирган эди. Бу афсона сабаб бўлиб, Абутолиб хазинадай бир бебаҳо киши билан учрашишга муваффақ бўлганининг ўзи аломат, бунинг ўзини ҳам ҳаётдаги бир афсона деса арзирди. Ҳолбуки, унинг бахти чопиб, бу воқеа ҳақиқатан ҳам рўй берган эди…
Бу воқеанинг рўй беришига эса чиндан ҳам қўли енгил Эдигей Бўрон сабабчи эди. Айни ўша кунлари Эдигей Қумбел станциясига бориб қолади. У Қумбелда бир танишиникига, шунчаки иш юзасидан кўриб кетмоқчи бўлиб кирса, кимсан, академик Чадаевнинг ўзи ўтиргани устидан чиқади; сафардан қайтиб келгач, олим билан кўришиб, дил яйратар суҳбат қуришганини мароқ ва мамнуният билан ҳикоя қилишга тушиб кетади. Турғун оға Чадаев ўзининг икки ёрдамчиси – навқирон ҳамкасблари билан бекат назоратчисининг данғиллама уйига тушишган, ёшлар гоҳ ёзишар, гоҳ чизишар, гоҳ фотосуратга олиб ётишар, булардай кўмакчиларсиз олис бир жойга сафар қилган оқсоқолга қийин бўлиши турган гап экан. Буни қаранг, бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтиришар эканлар, эл назаридаги оқсоқол Эдигейдан ҳар турфа, ўтган-кетганлар қаторида бу ердаги матал-масаллардан, қай бир қулоғига чалинганларини сўраб-суриштирибди.
Шунда Эдигей ўлканинг қадимий ривоятлари борасида, афсуски, ўзи тузук-қуруқ бирон нарса сўзлаб беролмаслигини айтибди. Аммо Эдигейнинг таъкидлашича, уларнинг бекати – Бўронлида шундай бир киши бор экан. “Абутолиб Қуттибоев деган бу кишининг ўзи собиқ муаллим, ҳозир сургунда; бу борада у кўп нарсани билади, ўзи хўб маданиятли одам, шу киши ҳар хил қадимги қўшиқ-лапарлар борми, эскилардан қолган масал-маталлар борми, ҳаммасини бирма-бир эринмай ёзиб олиб юради, бу ишда Зарифа деган рафиқаси, у ҳам муаллима, айтимларни қандай бўлса, шундай кўчириб бериб эрига кўмаклашади, булар бу ишларининг ҳаммасини кичкинтой ўғилчалари учун қилишади, улар иккита – ишқилиб, шу қоракўзлари бир куни улғайганда ўқишсин деб, ўзини ўтга-чўққа уриб, нима бўлса ҳам болалари учун қилиб юрган куюнчак бир одам”, дебди Эдигей.
Буни қаранг, Турғун оға Чадаев унинг гапларини эътибор билан тингларкан: “Мен, ривоятгўй, анови муаллимнинг ўзи, Абутолиб Қуттибоев деганинг билан кўришсам бўларкан. Сен, барака топкур, унга шу гапларимни етказиб кўр-чи, агар иложи бўлса, шу Абутолиб муаллим менинг олдимга, бу ерга, қария билан учрашишга кела олармикин? Сариўзакда у йиғиб юрганлари ичида, жуда нодир қўшиқлар, нақллар эҳтимол бордир, уларни билган, таҳлил қила оладиган киши билан ҳангомалашиш мен учун жуда ажабтовур, қизиқарли иш бўларди”, дебди. Ана шунда Эдигейнинг қулфи дили очилиб, суҳбатнинг ўнғови келганидан гапни нишонга урибди: “Мен билган ривоятларнинг бари, биттаси ҳам қолмасдан, ҳаммаси унинг дафтарида бирма-бир ёзиб қўйилган, мисол учун, у яқинда “Сариўзак қатли” деган ажабтовур, қизиқ бир ривоятни топди, денг, шу пайтгача бу ерларда Чингизхоннинг бўлгани ҳақида бирон-бир илмий маълумотга ўхшаш ҳеч нарса йўқ эди, у бўлса, дарагини эшитиб, яна ёзиб ҳам олибди”. Академик Чадаевнинг ичини бу гаплар ҳазилакам қиздирмаган кўринади, ёшуллининг кўзлари чарақлаб, гапга-гап қўшибди: “Аллазамонлардан буён “Сариўзак қатли” ҳақида ҳар хил ривоятнамо миш-мишлар, афсоналар юради, ўша аллазамонларда кечган бу воқеа ҳақида ҳозирдаги ушбу ўлкаларда миш-мишу хабарлар менинг ҳам қулоғимга чалинган, ёзиб олинган матнларидан ҳам бор, Абутолибдан илтимос қил, иложи бўлса, ёзиб олганини ҳам ўзи билан бирга ола келсин, солиштириб талқин қилар эдик, ана гурунгу мана гурунг бўларди, бу борада қулинг ўргилсин суҳбатга нима етсин, агарки, келишининг ҳеч иложи бўлмаса, унда мен қария унинг олдига бораман”.
Иложи йўқ, дегани нима? Гап бўлиши мумкин эмас. Бу таклифни Абутолиб ҳатто тасаввурига ҳам сиғдира олмади, айниқса, эри учун Зарифа жуда севиниб деди: “Ахир, шундай бахтни қўлдан бой бериш мумкинми?! Турғун Чадаев ҳазратлари билан юзма-юз кўришиш саодат-ку!” Эрини юк поездида жўнатар экан, Зарифанинг кўнгли чароғон эди, унга бу воқеа маломатли сургун мусибатида эзилиб юрган оила учун жиндаккина бўлса-да, ёруғ муждадай туюлди.
Абутолиб эрталаб уйдан йўлакай юк поездига ўтириб, йўлга чиқар экан, ўзининг ҳисоб-китобига кўра, ишқилиб кечқурунгача уйига қайтиб келмоқчи эди, бироқ ярим кечагача қолиб кетди, қарийб тонгга яқин, яна тўғри келган поезга ўтириб базўр етиб келганида ҳам, шунчалик ушланиб қолганига қарамай, Турғун Чадаевнинг суҳбатига тўймаган, сўрайдиганининг қанча-қанчасига имкон бўлмаган эди. Яхшики, бунда поездлар у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан у ёққа, шарқдан ғарбга, ғарбдан шарққа пайдар-пай, зувиллаб қатнаб туради. Зарифа бўлса, унинг йўлига соатма соат, дам-бадам қараб, зориқиб кутиб ўтирар, болалари аллақачон донг қотиб ухлаб қолган эди. Эри қайтгач эса, эрталабгача гаплашиб чиқишди.
– Биласанми, Зарифа, – Абутолиб гапни нимадан бошлашни билмасдан деди, – бунақа суҳбат бутун ҳаётим давомида бунгача ҳеч қачон бўлмаган. Мен сенга ҳаммасини, оқизмай-томизмай, бир бошдан, муфассал сўзлаб берсам дейман, ўзинг тушуниб оларсан. Бироқ ҳаммасидан олдин кўнглимни лиммо-лим этганини сенга изҳор қилиб олишни истардим. Балки сен билан биздек бунақа жойда яшаётган киши учун ҳеч кутилмаган фикр-мулоҳазалардир булар. Ишонсанг, у бир тоғ, албатта, амалпараст тўралар уни аяб ўтиришмайди. Академияда ҳам шундай кишилар борки, уни отгани ўқи, кўргани кўзи йўқ, радди бадал қилишни жуда ҳам исташади. Афтидан, бу кўролмаслик-хусумат ҳамма замонларда ҳам шундай давом этиб келаверади. Шундай қилиб, мен у билан хайрлашганимдан кейин, Қумбелдан то шу ерга етгунча, бутун йўл бўйи Чадаев билан юрагимнинг черини олган суҳбатимизни ўйлаб келдим – бундай суҳбатдан кейин кишининг қандайдир хулосавий фикри қарор топар экан. Арқонни узун ташлаб, гапни олисдан бошлаганимдан сен ажабланма. Буларнинг бари у туфайли. Оқизмай-томизмай сўзлаб беришга уриниб кўраман. Мисол учун, қадим ибтидода дунё бир тартибсизликда пайдо бўлган, кўз очган дейишади, лекин худди ўшанда ҳам, афтидан, менимча, нимадир мавжуд бўлган, бунга ҳатто фан ҳам келиб-келиб иқрор бўлиб турибди, буни ўзинг ҳам биласан. Майда-чуйда шу тартибсиз зарралардан яралишда нимадир яхлит-бутун бўлган, бунда эса шубҳасиз, умумжаҳоний бир устувор қонуният бор. Ва инсоният ҳаёти ҳам худди шундай. Мен нега бундай деяпман – чамаси, ўша тартибсизликдан кўз очган воқеалар, бизга тарихдан етказишган, ҳаётнинг ҳар турли изоҳотлари – ҳаммасидан ҳам биз ҳар хил сабабиятлардан келиб чиқиб гапиришганларимиз, нима яхши, нима ёмон, ҳар хил сабаблар билан, сўзда, хотираларда, фикрларимизда, нимаики яшаётган бўлса, тушуняпсанми, буларнинг бари, теграмизда гувиллаб айланаётган бир шамол кабидир; унинг учун, Чадаев учун эса, мен тушуниб қолганимга кўра, буларнинг бари, муҳим бир маънони англатар фикрлар ўрмонидир, назаримда. Буларнинг ҳаммаси тажрибанинг мўллигидан ҳам. Мен шундай тасаввур қиламан: у илми урфон билан қувватлана-қувватлана, осмонга кўтарилиб боради, бунда миқти тафаккури, гуёки қанотлардай уни кўкка олиб учади ва Ер куррасига тепадан туриб боқади: Ерда ибтидоий алкаш-чалкашлик, беҳуда ғимир-ғимир, аралаш-қуралашлик, бироқ кўкдан эса ўша тартибсизлик мукаммал, яхлит экани аёнлашади. Тўғри, Турғун оға, албатта, катта олим, этнограф, академик ва ҳоказо, бироқ фақат шугина эмас, мен синчиклаб диққат қилдим, унда бундан-да кўра, қандайдир, алоҳида бир нима бор, унинг ана шу асов қудрати нима, шуни мен хаёл қармоғига илинтирмоққа уриндим. Унинг тафаккур юритиши нақ оҳанрабонинг ўзи, барчасини ўзига жамул-жам эта олган, тақдир борасида чуқур мулоҳаза юрита олади, тақдирга бошқаларнинг хаёлига келмаган томондан чуқур мушоҳада билан қарайди. Ўзинг ҳам бир мулоҳаза юритиб, ўйласанг-чи, ахир, ҳақиқатдан ҳам шундай-ку! Зарифа, биз фақат болалигимиздагина эмас, ҳаммамиз, ҳамма вақт севиб келадиган дардкаш-афанди, ёруғ оламдаги ҳамма нарса учун куйиб-ёнадиган Ҳасан Қайғуни бир эсла. Хулласи калом, ўзинг ҳам рад этмасанг керак, кўплар унинг устидан мазах ҳам қилиб, кулиб юради, шу маънода биров уни ҳақоратли бир лақаб билан ҳам атаган. Бу эмиш-эмишларни қара, бу Ҳасан Қайғу деган овсарни кўринг, мангу ҳаннос, ҳамма учун изтироб чекади, ҳамма-ҳамма жониворларлар учун, ҳаттоки у сичқон бўладими, чумоли бўладими, уларнинг озорланишини кўриб, дили оғригани-оғриган, ҳеч кимга ҳеч қачон, сираям азият етишини истамайди; шунинг учун унинг ўзи бир пулга қиммат, сарсон-саргардон. Мисол учун ўзингга ҳам ёд бўлиб кетган Ҳасан Қайғунинг ўта қайғучан термаларидан бирини Чадайга ҳам эслатдим:
Ўйлаш азоб, қалб қашлайди:
Бояқиш илон қўлсиз, оёқсиз,
Ким унга шафқат қилиб ачинар?
Туёқлар остида қолмасин-да янчилиб –
Шуни ўйлаб умуртқам зирқирайди!
Ўйлаш азоб, ёниб-куйгай бундан юрак:
Пастак инда омон қолгайми полапонлар,
Шамол учирар, ё ёмғир савалайди.
Ҳимоясиз жиш тўрғайни қандай асрасам экан –
Майли, селлар даштда менинг хокимни учира қолсин!
Ўйлаш азоб, доим бундан кўнгил ҳалак:
Булут тоғда мудраб ётар жазирамада –
Дарёлар қурир, ўт-ўлан сўлиб, бўлур жизғанак.
Қандай қилиб булутларни тутсам бўлади –
Буғланиб битмай оби-ҳаёт ютсам бўлади?
Ҳа, ўзинг мендан ҳам яхши биласан, Ҳасан Қайғумиз ана шунақа! Ердаги ҳар бир жонзот-жонивор, ўрмалаб юрганнинг бари учун, ҳаммаси учун у қон ютгани ютган…
Нима деб ўйлагандинг? Академигимиз Турғун оға эса, буларнинг барини жуда антиқа, ғаройиб бир тарзда тушунтириб берса бўладими. Афтидан, оқсоқолнинг шарҳида устувор бир ўзига хос фалсафа – донишмандлик бор. Мен нималарнидир ёзиб олдим. Мана, Зарифа, ёзиб олганларимдан баъзи жойларини ўқиб бермоқчиман. Буни қара, у буларни қандай тушунар экан? Жуда ҳам қизиқ. Мен бунақа тарзда тахмин ҳам қила олмасдим. Сен эшит, ҳозир ўқийман. У дедики, Ҳасан Қайғу, биласанми, нимани соғинган экан? Ибтидодаги чақириқни, даъватни. Тушунаяпсанми, Ердан тортиб, сувларгача, шулардан пайдо бўлган ҳамма тирик жонзотларнинг даъвати экан бу, гапнинг ўмрови қаёққа бораётганини биляпсанми, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, бор жонзотлар, гўё бутун борлиқ ўз-ўзини ҳимоя қилиш ғоясини ўзлигини англаган инсон сўзидан топар, инчунин, худди у таъкидлаганидек, одам тафаккур қилишидангина абадият ғояси кўз очар экан. Бироқ одамларнинг онгида яшаётган идрок эса нотугал, тарқоқ, чала-чулпа, шунинг учун ҳам поймол қилувчидир, ҳатто у айтганидек, зиддиятли. Ва мана шунда эврилишнинг юксак босқичи от қўяди, буни у изоҳлаб тушунтиришича, инсон Худога юзланиш, тавалло қилиш учун, Уни излашга тушар, Унга ҳаммасини ҳавола қилар, Худога солар экан; унинг ақли кашф қилган омил қаёққа ишора қилаяпти, тушунгандирсан – ақл, ҳис, умидлар, тавба-тазарру ва ҳаммасининг асоси тажриба, худди ҳаёт қонунияти каби мангулик Таълимотини, юз-минг карра ошириб-тошириб, Ундангина умид қилишга, кутишга, ижобат қилишини сўрашга юзланар экан; худди шу нуқтада ҳамма динларда Худо – Молик явмиддин ҳаммасининг асоси; Басир зоти билан Худо буларнинг барини кўради, буларнинг барига Сомеъ – эшитиб туради, олдиндан Угина қазои қадарнинг эгаси ва самовий ва оразий маконда ҳаммасидан хабардор Алим зотдир. Холиқу Хобир Ҳаким зот бўлгани учун ҳам ҳаёт ваколати Унинггина қўлида бўлади. Шунинг учун ҳаммасидан олдин ана шу ваколатни биздан, ақл-ҳушли кишилардан, ерликлардан талаб қилади.
– Нима, нима? Ҳаёт ваколатини?
– Ҳа, у айнан шундай деди. Мен ҳам айнан шундай деб ёзиб олдим. Хўш, биз шу руҳда давом этадиган бўлсак, унинг лутфи билан буни баҳоли қудрат таърифлайдиган бўлсак, Худонинг ноиби эканмиз ва биз Унданмиз ва Унгагина қайтмоқни хоҳлаймиз, ибодатдан мурод ҳам шу! Мен бир ҳисобда “ноиб” сўзидан гумонсираб турганимда, у ишончлироқ бўлиши учун аниқ-тиниқ қилиб, Тангрига тавалло – Қазои Қадарга иймон – умид ва ражо, ҳаммасини Унинг ўзигина бизга инъом қилувчи деб тушунтирди.
– Абу, буларнинг барини тушуниб етиш менга жуда қийин-эй. Лекин жуда аломат, қизиқ, ажабтовур экан. Давом этсанг-чи.
– Шунинг учун ҳам, биз неки бир иш қилмайлик, улкандан миттигача, нима ҳақида у-бу даражада ўйламайлик, ҳар бир амалимиз, ҳаммаси Аллоҳнинг нигоҳидан ташқарида бўлмас, ҳаммаси сўз ва фикр орқали бизга узатилади; буларнинг барига жавоб беришга бандаи ожиз бурчли эмас, бироқ уқиб олишга – қабул қилишга бурчдор, балки маҳкумдир, алал оқибатига қара, эшит, бутун борлиқ фақат инсон орқали Ўзи борасида азобланарли, қақшатадиган ўйларга ботар, ўз қисматини ҳал қилар, бир қарорга келар экан. Эҳтимол, худди шунинг учун ҳам инсон барча тирик жонзотлар ичида ягона фикрловчи махлуқдир. Ва шунақа қилиб давом этганича, Турғун оға, бутун бир маъруза ўқиди ўзиям. Борлиқ инсонга ақл-тафаккур инъом этди, бироқ инсон азоб чекиб, синовдан ўта оладими, Тангрининг ялавочи эканини била оладими ёки ўзининг довдир-совдир, фикри-ўйи йўқ бир ғофиллигига андармон бўлганича, содда муғомбирлигича қолаверадими? Жуда оғир савдо бу, у бу ёруғ оламда энг оғир, ҳаёт-мамот жангида ўзи билан ўзи ғазовот қилгани қилган. Худо бўлмоқ банданинг қўлидан келмас, махлуқлик – ожизлик. Ҳасан Қайғунинг аччиқ сўзи, адоқсиз изтироби шундан, ал Мусоқда зиммасига олган бурчининг ўтай олмаганидан куйиб-ёнишлар, ўртанишлар; у ўзини шунга сафарбар этган, у Ердаги ҳар бир нарсанинг жавобгари мен – бу менинг бурчим деб тушунади. Бундан эса Инсон борлиқнинг ақл-тафаккури деган хулоса чиқади. Мен шунда донишманд Чадайдан бир нарсани сўрадим: инсон пайдо бўлганигача-чи, ва умуман, одамзод бу оламга келтирилмаганида нима бўларди? Буни қандай тушунмоқ керак? У: “Ақл каби борлиқнинг ўзи ҳам бўлмаган бўлар, бу оламда Тангри деган тушунча ҳам бўлмас, бунақа саволнинг ўзи-да кўз очмас, бор-йўғи бўшлиққина бўлар, бу ҳақида ҳам, ҳеч ким, ҳеч қачон била олмас, бўшлиқ ўз оти билан бўшлиқ-да, бўшлиқ фикрлай билмайди, бўшлиқ ўз-ўзини англамайди”, деди…
Зарифа билан Абутолиб, Қумбел станциясида Чадаевдан чиққан бу фавқулодда кутилмаган фикр-мулоҳазаларни ўзаро анчагача муҳокама қилиб юришди, ҳолбуки, айниқса, бунақа эркин тарзда фалсафа сўқишга ўрганмаган Зарифа учун булар ҳазилакам гап эмас эди; шунинг учун ҳам уларнинг буларни тушуниб олиши қийин кечиб, эсанкиришар ва ҳамма вақт фикр-мулоҳаза, муҳокама сарҳадида нимадир ўзлари учун янги бўлиб чиқар, одатдан ташқари фикр онг қобиғини йиртиб ташлаганида овозлари ичига тушиб кетар, лол бўлганча қимирламай қолишарди; зеро, теварак-атроф ҳаёти бутунлай бошқача эди, ҳеч ҳам бунга ўхшамасди, ҳамма жойда, ҳамманинг қулоғига қуйиб қўйилган – худди Дамокл қиличидек – узлуксиз ҳужумкор, даҳшатвор, синфий мафкура ҳокиму мутлақ, ҳар қанақа воқеадан туғилган саволга ўзгача фикрлаб, жавоб беришга ҳеч ҳам рухсат бермас ва фақат ўзларининг ҳаммага ва ҳар жойга ёзиб қўйганларидан ташқари, ҳеч қанақа бошқача дунёқараш бўлиши мумкин эмас деб таъкидлаб турар эди. Сариўзак чўлининг жин топмас бир буржига бир киши ногоҳ келиб эса, ўзининг мутлақ мумкин бўлмаган, мустақил фикр-мулоҳазаларини тап тортмасдан айтиб қолса бўладими: бундай киши бўлиш учун ё ҳеч нарсани писандга олмаслик керак ёки бу шундайин мутлақ умидсизликлардан туғилганмикин? Шунинг учун ҳам Сариўзакка бадарға этилган Абутолиб ва Зарифанинг қалбини Чадаевга дахл қилувчи ғалати, ҳатто ваҳимали ўйлар беихтиёр қуршаб олар эди. Ва улар ич-ичдан Турғун оғанинг ҳаётидан хавотирга тушишар, қўрқишар, унга бирдан нимадир бўладигандек хавфда юришар эди. Ахир, у ҳеч нарсани яшириб ўтирмасдан, очиқдан-очиқ Худонинг борлиги, У ҳайул қаййум олий бир Зот эканлигини айтган, ҳолбуки, теваракда бунақа ўзгача фикрни аёвсиз маҳв қилувчи “жанговар” мафкура – дин мутлақ ҳукмрон; шунинг учун ҳам ушбу мафкура бундан бошқачасига тиш-тирноғи билан қарши, шафқат билмас нафрат-ғазабига омухта ўз қонун-қоидасини ишлаб чиққан тоталитар сезги, ўзининг ғоявий доҳий-худочалари таълимотига кўра, янги бир жиноий иш излаб ҳамма жойда ҳозиру нозир юрар ва минглаб кишилар шунинг учун уларга эргашиб, осмонларни титратиб, бутунлай жиддий ва дўстона равишда чинакамига ҳайқиришар, худди Мао Цзэдунга ўхшаб, кам эмас, кўп эмас бу ёруғ оламда ўн минг йил яшаб қўйгандай, ва бу сезги ўзига яраша аниқ-равшан, енгилмас эди. Зўравон сиёсат қатъият билан бутун жаҳоний миқёсда қарши туриб, айни Худонинг ўзи билан ёвлашиб, нишонни шунга олган, бошдан-оёқ мақола-сақолалаларида буни бутун жаҳон инқилобий таълимоти деб атаганча, инсон руҳи, иродаси, ўй-фикрини ўзига бўйсундиришни, бутун борлиқни забт этишни, қарам қилишни олдига “олий” мақсад қилиб қўйган ва у орқали қадамба-қадам Аллоҳ таолонинг Ўзини кишилар онг-шууридан қатағон қилишни, Уни бутунлай қулатиб, ҳаммага марҳаматли ва беминнат, чек-чегараси йўқ самовий, абадиян танҳо Илоҳ ўрнига ҳеч нарсага арзимас оммавий ақл сифатида сиқилиб киришни кўзлаган эди…
Мана шунақа ўз ғаразини яширмаган забт этиш ила ягона ҳукмронлик остида оммавий тарзда бутун дунёнинг қиёфасини ўзгартирмоқчи эди. Маҳв этувчи мафкуравий юришнинг асоси шу эди. Худо – бор-йўғи сўз, тушунча, бундан ортиқ ҳеч нима эмасга ўхшарди. Бироқ у ҳақиқатан ҳам шундай: Парвардигор Худо деб шунчаки аталган, бу миш-мишлар ўлароқ келган ёки бу ёруғ оламда умуман бўлмаган, тарихий ўзини англов шууригача У арзимас бир ширин хаёлдангина иборат бўлса, нима керак эди Ундан нафратланишнинг ва уни ур калтак-сур калтак қилиб, қатағон қилишнинг?!
Агарки, шу каби масала-гўсалалар устида аллақандай монологларда, ҳар қанақа умумий бир тарзда, фақат қалбда бўлса ҳам, муҳокама қилинган, ўйланган бўлса, ўз-ўзидан тушунарлики, ишқилиб, бу ҳақида ҳеч ким билмаслиги керак экан ва умуман, оқсоқол Чадайнинг ҳаёт, бугунги ва ўтмишдаги улуғ шахслар ва бошқалар ҳақида айтганларини дабдурустдан бир кўнгилга сингдирмоқ, кўз олдига келтирмоқ бутунлай хавфсиз эмас экан. Аммо у қандай қилиб буларни изҳор этишга ўзида журъат топа олди? Гўёки у ўз хулосаларини айтганида, жаҳолат авжида эмас, инсоният тарихида ҳеч ким қатл-қатағон қилинмаган, Сталин ҳам, келгусида унга ўхшаш мустабидлар ҳам бўлмайдигандек ва бу талотўпларнинг эса унга ҳеч қандай аҳамияти йўқ, асли ҳеч нима бўлмаганидек, у буларнинг баридан юксакда қўр тўккан эди. Бу Абутолибни хижолатга солган сари ҳушини бошидан учирар, у дағ-дағ титраганича, совуқ тер чиқариб, нимагадир ўранмоқчи бўларди… Бироқ охири у урушда бўлгани, асрга тушгани, Югославияда партизанлик ҳаракатларида қатнашгани учун ҳам айнан, яккама-якка суҳбатлашганларида Чадаев атайин кўнглидагини унга тўкиб солганини англади… Ва бу ишонч, завқ-шавққа ботирадиган яқин муносабат Абутолибнинг қалбида миннатдорчилик туйғуларини уйғотиб руҳлантирди, шу билан бирга ҳали-ҳамон охири номаълум даҳшатлари ила залвор ҳам бўлиб тушди. У ўзини ғалати бир тарзда ҳис қилди – агар унинг бу билганларини ўзи мантиқ тарозисига тортсами, келгуси кун қўққисдан зилзила содир бўлган бўлар, бироқ у буни бировга айтганида ҳам ҳеч ким унинг гапига ишонмас эди.
У поездга тушиб, тун ярмидан ошганда, қадрдон станцияси Бўронлига – уйига етиб келганида, буларнинг барини хаёлидан ўтказар экан, бари ҳақиқатан бўлиб ўтганига ҳеч ишонгиси келмасди. Йўл бўйи у Қумбелдаги учрашув таъсирида ўйларга ботиб келди, бу борада шунча нарсаларни билмасдан яшаган экан, ҳолбуки буларнинг ҳаммаси шахсан унинг кунлари тарихи эканлиги боис булардан хабардор бўлиши ҳам қарз, ҳам фарз эмасмиди?! Маҳбусликда яшаётган кишиларга, дунё шу қадар тушуниб бўлмайдиган бир алфозда кўринади. Тарих ахир – кишилар, уларнинг фаолияти, бундан бошқа ҳеч нарса эмас-ку. Тарих дегани шу инсонларга боғлиқ экан, қандай қилиб, ҳеч нарсани чамаламасдан, ҳеч нарсадан хабарсиз яшаб ўтиш мумкин? Худди моҳир харитабозлар каби миллионлаб кишиларни ўзаро қиронга солувчи жанггоҳларга итқитиб юборган, тақдирларида ўнгланмас қақшатқич зарба бўлган ва уларнинг бола-бақралари ҳеч бир нажоти йўқ оқибатдан бошқани кутмайдиган, тинимсиз олчоқлик қиладиган Ҳитлер ва Сталин ҳақида қулоққа чалинганлари кишини даҳшатга солади; ўзида васваса оқибатида юзага келган ҳукмронлик қилиш каби қабиҳ ниятни яшириб, инсониятнинг хотирида бир нарса қолмаган даврлардан тинимсиз таъқиб қилиб ва бутун дунёда лаънати вабо каби юқумли инқилобий назарияни жар солиб, “бутун Ер шари” советлар республикаси ташкил қилишдек пуч ғоялар билан авраб ташлаш, буларнинг бир чимдимидангина хабардор бўлган Абутолибнинг қалбини жизғанак этар, қани энди буларни эшитмаган, кўрмаган бўлсам, дерди. Бу бедодликларнинг баридан энди қаерга бош олиб кетиш мумкин?
Поезд эса йўлида шитоб билан давом этар, тобора тунги дашт ичкарисига ёриб кириб борар эди. Унинг думида – сўнгги вагоннинг орқа майдончасида ўша томонга қараб ўтирган Абутолибдан станция чироқлари тез орада узоқлашиб, шуъласи ўчди. У Бўронлигича етказиб қўйиш учун чиқариб олган назоратчининг ёнидан жой олган эди. Вагоннинг шундай йўлагида, ичкарига шамол кучли урар жойидалигига қарамай, Абутолиб ҳали ҳам худди ёз давом этаётганидек буни сезмасди, ҳолбуки, эрта куз кунлари бошланиб келарди. Поезд ғилдиракларининг тарақа-туруғи, гумбур-гумбур қилиб қолишида назоратчи билан гурунглашиб кетишнинг ҳам ҳеч иложи йўқ, айни ҳолатда эса бу унга жуда қўл келарди ҳам. Йўлда у ҳаммасини ўйлаб олиш учун ўзи билан ўзи ёлғиз қолишни истарди.
Тун адоғи йўқдай кўринар, кўз илғамас юлдузларгача чўзилган эди. Абутолибга, у ҳаракатланиб бораётган тик жарликнинг энг чеккасида тургандек туюлди – замин ғилдираклар остидан жон-жаҳди билан ўтиб бораяпти, юлдузларнинг бош-адоғи йўқдай милт-милт қилади; гўё унинг фикрлари марҳамат қилинган инсонга бу заминий ялангликлар оламнинг сарҳад билмас эканлигини англаб етиши учун имдод қилаётгандай. Абутолиб бирдан тушундики, яшаш саодатини пайқайдиган бундай онлар камдан-кам учрайди – шундай дамларда руҳият, ҳаракат, бутун коинот бир уйғунликда бўлади, шунинг учун ҳам ҳар кунги тирикчилик ғимир-ғимирларида чопқиллаб ўтгувчи кунларда бунақа ҳолат жуда кам таважжуҳ кўрсатади.
У Турғун оға Чадаев билан бир ғаройиб тарзда учрашгани-ю, ораларидаги гурунг қанчалар қойилмақом йўсинда, ажойиб кечганини Зарифага қай тарзда ҳикоя қилиб бериш ҳақида такрор-такрор ўйлагани ўйлаган эди. У шундай бир тарзда кечдики…
Мана энди, яна шундай бир тунда, қамоқхона ҳужрасига ўхшаган бўлмада, яна йўлда экан, бирдан сесканиб кетди, яна ўша тарақа-туруқ қилиб юк поезди бепоён кенгликларда ҳаракатланиб борар, вақт ғилдираклар чопқинини тўхтатиб бўлмайдиган даражада шиддатли ва бунинг охири йўқдай эди. Нимадир уни айни шу ерда аччиқ хаёллар сари бурди, бу жойларда қачонлардир содир бўлган тарих, асрлар оша садоси ҳали ҳам ўчмаган ва кишилар қалбида ҳамон яшаётган тарих “Сариўзак қатли”ни эсига туширди.
У энди яна англадики, худди мана шу Сариўзак тарихи уларнинг асрида, айни шу ХХ асрда, урушдан кейинги даврда қазои қадарга кўра яна кечган, яна юз бериб турар эди.
У бир аёлни биларди, аёл ўз эри (империалистларнинг агенти)дан воз кечмаган, ҳатто ГУЛАГда ундан қиз кўрган эди…
…У увадаси чиққан кирза этикда қамоқхоналар ҳудудидаги қор уюмларини бир-бир босиб, қўлида чақалоғини кўтариб олганча, унга қуёш шуълаларини кўрсатиб, осмонга ишора қилиб пичирларди: “Ҳар нега қарамай омон қолгаймиз ва Худо насиб қилган бир куни отангнинг сенга кўзи тушади. Ахир, сен отангнинг худди ўзисан-да… Қарасанг-чи, мана офтобжон… У сенгина учун нурларини сочяпти, қизалоғим. Ҳей, қизалоғим, кўзингни қисмасанг-чи, қизалоғим, бу қорлар бирдан эриб йўқолади, булар бор-йўғи қор парчалари – билишинг керак, билишинг… Энди қорлар қўнжимдан ҳам ошиб кетди. Ётоққача эса жуда оз қолди, жуда оз, кўзларингни юмиб-жимирлатиб олмасанг-чи…”
Узоқ, мусибатли қамоқхона тунларидан бирида Абутолиб Қуттибоевнинг хаёлига шундай ўй келди: қачонлардир Чингизхонни оқ булут тарк қилганидек, эртами-кечми Сталинни ҳам тарк этади… Ёвузлик Ҳақиқати фош бўлади ва ҳамма кўриб шунга амин бўладики, Ерда ҳақиқатга имкон бермаслик учун не бир жазо турлари ўйлаб топилмасин, Ёвузлик Ҳақиқатининг ниқоби барибир йиртилади ва асл башараси муқаррар кўринади, бутун кирдикорлари фош этилади…
У охири шундай тўхтамга келди…
Поездлар эса машриқдан мағрибга, мағрибдан машриққа пайдар-пай елар эди…
2002
Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 8-сон