Герман Власов (1966)

Герман Евгеньевич Власов 1966 йили Москвада туғилган. Москва давлат университети филология факультетини тамомлаган. Инглиз, белорус, грузин, украин, ўзбек адабиётидан таржималар қилган.

ЛАЙЛАК

Мен кўза эмасман
тиқмоқчи бўлган
жигари тумшуғингни
ушлайману қирқаман
оппоқ қанотларингни
шунда ёстиқ жилдида
доғи қолган қайноқ қонларинг ила
ким бўлиб уйғонарсан

* * *

Ортга қайтмас бир тонготарда
ифодада сўзлар беҳуда,
водариғки худди стол устида
оқ сичқонлардек бўлганмиз жуда.

Бироқ кўзни қамаштирадиган
кескир шуъла таралса шу зум.
Нима қилдик бўғиб ўлдирадиган
ўлим йўқ бўлса-чи, ўлим?

Фақат тажриба – қиёс ўғли,
ва тахмин қилмоқлик охири:
ҳайратсиз кечмагай умр йўли,
болакай, тушунасанми буни?

Нима гапинг бор қўриқчига
икки енгли махлуқ беозор,
қўрққанингда даминг ичингга
руҳга тилмоч бўлолмас изҳор.

* * *

Ясная*дан кетмоқ муқаррар ёзиғ
абадга хайрлашинг тириклар сўнгбор
олқиш сенга музлаб ётсанг-да озиқ
ғилдираклар йўлни ўлчайди қаҳҳор

ой йўлларни ҳали кумушлантирар
аёз кокилларни бўяйди оққа
темир йўл оҳанрабо олдга интилар
қайчи ҳам йўқ бу йўлларни кесмоққа

чечан бичиқчининг моҳирлиги сир
қор кўйлагин қанақасин танлайсан
яшаш ари инин сийракламоқ кабидир
қиш роҳати абаслигин англайсан

эвоҳ фурсат ўтди из қолди фақат
ойналарда паравоз тутуни кезар
остига олганча елар темир мусибат
наркоз бермасдан кесар

индамай кетолмади кетаётган зот
сутранг қор Астапово*ни ташлаган кўмиб
хоҳламас кетаётган бермоққа жавоб
донишманд ҳақиқатдан кўз юмиб

____________
*Ясная – Ясная Поляна Л.Толстой туғилган ва яшаган, умрининг охирида ташлаб кетган қишлоқнинг номи. Шоир сўзнинг луғавий маъносига ҳам эътиборни қаратади.
*Астапово – темир йўл бекати, Лев Николаевич йўлда, поездда шамоллаб қолиб, шу жойга тушишга мажбур бўлади ва тузалмасдан вафот этади.

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси