Иброҳим Ғафуров. Айтматов фарёди

Иккинчи жаҳон уруши бошланган ва маҳалламиз клубидаги томга ўрнатилган қора лаппакка ўхшаган, доим — эрта-ю кеч ашулалар, концертлар бериб ётадиган радиокарнайдан Молотов, Сталинларнинг хирқироқ мурожаатлари юраклар ва қулоқларга урушнинг дағдағали ваҳималарини олиб киргандан сўнг бизнинг боғу боғчаларимизда, улкан дарахтлар шохидаги “уйча”ларда кечган болалик ҳаётимиз батамом ўзгариб кетди. Биз булбуллар, тўрғайлар, қумрилар, мусичалар, чумчуқлар, попушаклар, қизилиштонлар эдик: сайрамай қўйдик. Халқ сафарбарлиги бошланди: хотин-халаж борки, бари оёғи куйган товуқдек югуришарди. Ёшлар эрта-индин вагонларда Россияга жўнаймиз деб қора қавиқ тўнларига ўралиб, ёз бўлса ҳам, негадир тумоқлар (қирғизча, қозоқча, туркманча, ўзбекча) бостириб кийишиб, жангариликлари жўш уриб эртаю кеч гурунглар қилишар, “фашист”, “Гитлер” деганга ўхшаш сўзларни бир-бирларига тушунтиришар, ғазабланиб, тишлари орасидан чирт-чирт тупуриб қўйишарди. Биз учинчи синфларда — бошланғич мактабларга ўқишга қатнардик. Боғларнинг пастак пахса деворларидан ошиб, елкамизга онамиз тикиб берган бумазий халталарни осиб, йўлакка ўхшаган узун бурама боғ йўлларидан мактабга йўл олардик. Катта синфхоналарни тўлдириб ўтирар, муаллима опаларимизни суюб томоша қилар, шинам, ораста, оппоқ кутубхоналарга кириб, китоблар тўла токчалар атрофида айланиб юрар ва ўзимизни нимагадир жуда қимматли бир нарсага ошно бўлаётгандек сезар, ўзимизни шунга яраша тутардик. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, бу — китобга, кутубхонага дахлдорлик туйғуси экан.

Ўн икки — ўн тўрт ёшларимда кутубхонада “Чингизхон”, “Ботухон” (балки сарлавҳалари бошқача бўлгандир) деган русча китобларга дуч келиб, бу номлар мени оҳанрабодек ўзига тортиб (орамизда “Чингиз”, “Боту” деган болалар ҳам бор эди), улар ҳар қанча русча бўлмасин, қўлдан қўймай ўқиб чиққанман. Тўртинчи, бешинчи синфларда русчани ўрганиб олган, баъзан тушуниш қийин бўлса ҳам, муаллимамиз ўқийвер, тушуниб кетасан дегани учун ўқийверар, мислсиз шавқ-завқлар олардим. Чингизхон ва мўғул босқинларини жуда эрта билган бўлсам, дунёда қардош, қондош қирғиз халқи ичидан учар юлдуздай отилиб чиққан Чингиз Айтматов исмли адиб борлигини кейин, эллигинчи йилларнинг охирларида “Юзма-юз”(1957), “Жамила” (1958), “Тоғ ва даштлар қиссалари” (1963) чиқиб, дунёда булар ҳақида баҳс­лар бошланиб кетгандан кейин билганман. Ўттиз беш ёшида бу Худо ярлақаган адиб ва инсон дунёнинг энг юксак мукофотларидан бирига сазовор бўлганини эшитиб ҳангу манг бўлганмиз ва унинг асарларини қидириб қолганмиз, ташналик билан том маънода “шимириб”, бир зум улардан айрилолмай, бир зум уларсиз йигитлик умримизни тасаввур қилолмай ўқиганмиз. Мен ўша йиллари ўзбек адабиёти саҳнасида Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Мирмуҳсин, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов ва салгина кейинроқ Тоғай Муроднинг чиқишини, ажойиб-ғаройиб асарлари дунёга келишини Чингиз Айтматовнинг тўғридан-тўғри кучли таъсири билан изоҳлаб юраман. Бу “Тоғ ва даштлар қиссалари”нинг жуда қудратли таъсири эди, бу — туркий тилли адабиётлар Айтматов феномени баракотида дунёга — кенг дунёга чиқа бошлаши, дунёни, Шайхзода ибораси билан айтганда, “гўзаллик ходими” сифатида энди батамом эгаллай боришидан дарак берарди. Чингиз Айтматов асарлари ва ғоялари оламининг муҳаллиллари шу қадар кўп ва тариқдек сочилиб кетган. Бу муҳаллиллар, қайси миллий адабиётга мансуб бўлмасин, истисносиз ҳаммалари Чингиз Айтматов ва унинг ижодиёти, мислсиз ижтимоий, маданий, сиёсий фаолиятини фақат ва фақат муқоясада ўрганиб, таҳлил қиладилар, муқоясавий кенг ва ғоятда теран хулосалар чиқарадилар. Муқоясаларда улар Юнон, Рим, Европа ва христианлик маданий, диний, илмий, тарихий ҳодисаларига аксаран мурожаатлар қиладилар. Масалан, айтматовшуносликни жаҳонга ёйган олимлардан бири Г.Гачев адибни кентаврга қиёслайди. Кентавр қадим юнон асотирларида қудратли, енгилмас “От-одам”, қирғиз муаллифлари эса Айтматовни аксар Юнон-Рим, Европа олами қучоғида тасаввур қиладилар. Яна унинг феноменини “Манас”га менгзайдилар. “Манас” океан мисол маданий ҳодиса. Қирғиз халқи патриархал турмуш тарзини енгиб ўтиб, “Манас” тимсолида, сўнг Чингиз Айтматов ва унинг асарлари, ғоявий тафаккур оламлари мисолида кенг дунёга чиқди, танилди ва ўз тарихий ўрнини топди ва эгаллади дейдилар. Бу бениҳоя улуғ, ҳақиқий, тарихий ҳақиқат акс этган муқояса.

Билимдон қирғиз олимларидан бири Осмонакун Ибраимов ўзининг Айтматовга бағишланган қизиқарли ва мазмундор китобида Жамила ва унинг муҳаббатини Леанардо да Винчининг машҳур “Мона Лиза”сига қиёслайди. Жамила Мона Лизадай сирли ва бу сирни ҳали инсоният кашф қилмаган, дейди. Менга қолса, Жамила Мона Лизадан жонлироқ ва туганмас инсоний эҳтирос тимсолидир. Бу каби бениҳоя ранг-баранг руҳониятга чексиз озиқ берадиган улуғвор, ўз ўрнига эга бадиий муқоясалар, назаримда, Айтматовнинг илк буюк устозлари Мухтор Авезов, Луи Арагон ва Александр Твардовскийдан бошланди ва жаҳон айтматовшунослиги таҳлилларига кенг илмий-бадиий исбот усули каби кириб борди. Бир талантли тадқиқотчи Айтматовга бағишланган эътиборли китобининг охирги бобини “Ўйга ботган Сфинкс” деб қўйди ва шунга қараб бутун китобининг хулосасини чиқарди, яна шундан келиб чиқиб, Чингиз ­Айтматовни ажойиб бир тарзда Сфинксга қиёслади.

Айтматов ижод қилган замонда инсон даҳшатли талофатлар, кулфатлар гирдобига улоқтирилди. Шунинг учун Айтматов асарларидан таниқли олим Николай Анастасьев айтганидай, тинимсиз фарёд овози эшитилади. Шунинг учун буни нозик илғаган адиб “Кунда”ни “Қиёмат” деб аташга қарор қилди.

Эшитсангиз-чи, айниқса, “Сомон йўли”, “Қиёмат”, “Оқ кема”, “Асрни қаритган кун”, “Алвидо, Гулсари!”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” ва, ниҳоят, сўнгги васият романи “Қулаётган тоғлар”(“Мангу қайлиқ”)дан қиёмат азобларининг фарёди тинмай янграб туради. Адиб инсониятни яқинлашаётган қиёмат хавфидан тирикликни сақлашга чақиради. Апокалипсис, эсхатология, сакрология, миф-поэтика ҳақида тўхтовсиз жар солаётганлар, негадир, Айтматовни Европа-Евроосиё маданий-тарихий ҳодисалари билан жуда чамбарчас боғлайдилар-у, аммо инсон маданияти, тафаккурига боғланиш навбати келганда, бу ҳақда лом-мим демай ўтиб кетадилар. Ҳолбуки, ислом фикри, Қуръон мўъжизалари қиёматдан инсониятни огоҳ қилмайдими? “Қиёмат”, “Оқ кема”, “Алвидо, Гулсари”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Қулаётган тоғлар”(“Мангу қайлиқ”) Қуръон сураларида келтирилган хаёлот тасвирларининг тўғридан-тўғри давоми ва фалсафий манзаралари эмасми? Шу маънода, айтматовшуносликдаги бирёқламаликни дунё тадқиқотчилари енгиб ўтишлари керак. Шунда ­Айтматов дунё диний маданиятлари ва уларнинг келажаги ҳақида теран фикрлагани ва буни инсоният келажаги билан боғлагани равшан бўлади. Шунда Тўлғоной Майсалбекнинг фидойиларча ўлими тўғрисидаги хатини ўқигандаги:

— Мен сени нимага туғиб, нимага ўстирдим? — деган ғоя бутун инсониятга қиёмат хабари келганда берилган даҳшатли фарёдга ўхшайди. Умуман, дунё адабиётида ҳеч ким қиёмат даҳшатларини “Сомон йўли”дагичалик гавдалантиролган эмас. Бу асар ишончлар якуни, шунчалар рамзий қудратга эгаки, мен бунчалар зўр ибрат билан ёзилган бошқа асарни билмайман. Ёшларимиз тинмай ва доим шу “Сомон йўли”ни ўқишсин. Улар шу асар билан ҳозирги ва келажак замондаги барча юракларга жойлашиб бўлган қиёматни енгиб ўтар. Қуръони каримда “Раъд” сурасида мўъжизавий бир оят ўтади: Худо: “Ли кулли ажалин китоб”, дейди. Яъни ҳар бир вақт учун китоб бор. Чингиз Айтматов “Сомон йўли”ни бизнинг ва келажак даврларнинг китоби қилиб яратган. У инсоният тушунса, унинг учун чин халоскор мақомидадир. Мен ушбу сўзларимни Виталий Яндан ўрнак олиб, “Салом, китобхон!”, деб якунламоқчиман.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 47-сон