Ҳозир беш-олти турк хонадонлари иборат қишлоғига йўл олсангиз ҳам камида бир ё икки инглизча биладиган одамларни топасиз. Аввалдан шундаймиди, йўқми билмайман тўғриси. Билганим шуки болалигимда Истанбул деган улкан шаҳардаям инглиз тилини билувчи одамлар бармоқ билан саналарди. Мактабларда хорижий тил сифатида инглиз тилини ўрганганлар биз эдик. Ўқувчиларни хорижий тил синфларига бўлишар экан, синфдошлардан ҳеч кимнинг инглиз тили синфига ўтишни хоҳламасди. Мактабларга инглиз тили дарсларини қўйишга қўйлидару мутахассис ўқитувчи топа олишмади. Ахтара-ахтара охири инглиз тили дарсини ўтишга бир имомни олиб келишди. Хуллас, бизнинг инглиз тили ўқитувчимиз Эдирқапидаги бир масжиднинг имоми эди. Биринчи жаҳон уруши даврида Фаластиндаги урушлардан бирида инглизларга асир тушган, инглизлар уни Ҳиндистонга сургун қилишган ва ўша ёқда инглизчани ўрганган. Орадан йиллар ўтиб мактабимизга инглиз тилини билувчи одамни излашаркан имом афандини тўғри олиб келиб бизнинг мактабга ўқитувчи қилишган.
Ўқитувчи келди, инглиз тили дарслар бошландию уйда инглизча ўрганяпман, мендан зўри йўқ, ҳатто устоз биланам инглизча гаплашяпман, дея узундан-узун мақтанишларимни ҳеч ким тўхтатолмади. Бу гапдан аввало отам севинди, шундан бери мени тинмай мақтагани мақтаган. Бир куни кечга яқин отам билан Кўпрудан кемага чиқдик, Ҳейбалиядаги уйимизга йўл олдик. Кема палубасида отамнинг танишлари ҳам бор экан. Қаршимизда ўтирган бит хорижлик биз тушунмайдиган тилда нималардир деди.
Отам:
– Миллатнинг нима дўстим? – деди.
Ҳалиги одамнинг нима деяётганини англаган каби ҳозиржавоблик билан:
– Бу одам инглиз, ота, – дедим.
Отам бирдан менга ишонувчан кўзларини тикиб:
– Ўзинг бир инглизча гаплаш болам, – деса бўладими, камига ёридаги дўстлари ҳам, – Қани, қани, гаплаш, – дея жўр бўлишди.
Имом инглиз тили ўқитувчимиздан ўрганганларимни хаёлимда бир жойга йиғиб, нима бўлса бўлар дея ҳалиги одамга:
– Ват из ёр нейм? – дедим.
Одам оғзини кўпиртириб бирнималар деди, бироқ ҳеч нарсани тушунмадим. Жим турсам шарманда бўламиз, гўё унинг саволига жавоб берган каби:
– Май нейм из Ҳашан, – дедим.
Шу маҳалда бу одамнинг жаҳли чиқаётганини сездим, тилини тушунмасанг, қаердан сездинг, дейсизми, унинг ранги, қулоғию бурни қизариб, баланд овозда бақира кетганидан албатта.
Ичимдан тезроқ Ҳейбалияга етиб олсак, бу маш-машалардан тезроқ қутулсайдим дея дуо қилардим. Холбуки кема эндигина Киналиядан қўзғолганди. Ҳалиги одамнинг оғзидан гапини олдим:
– Ҳав ор ю?
Олисроқдаги палуба ўриндиқларидан бирида ўтириб бизнинг суҳбатимизга қулоқ солаётгар киши аввалига ҳиққилдаб жилмайди, кейин бирдан “ҳо-ҳо”лаб кулиб юборди. Ёр ёрилмади ерга кирмадим, аҳволим оғирлашарди, бироқ ортга йўл йўқ эканини сезиб турардим. Имом ўқитувчимизнинг инглизча дарсларидан ўрганганларимизни яна эслай бошладим.
– Ват из диш? Ҳев ю пенсил? Тенк ю…
Хорижлик суҳбатдошим баттар жаҳл отига минди, сакраб турдию қўлларини ҳавода ўйнатиб, билмайман хуллас, яна нималардир деди.
Мен эса бамайлиҳотир давом этардим:
– Дет из май бук.
Бу сафар суҳбатдошим соатини кўрсатиб ўзича нималардир деди. Ўзимни тушунган кўрсатиб қўлидаги соатига қарадим, сўнгра жуда ҳайрон қолган одамдек тилимни танглайимга уриб чиқ-чиқ-чиқ дея овоз чиқариб бошимни икки ёнга қимирлатдим:
– Ноо, нооо, но..
Ҳалиги кулаётган одам яна баттар кучайди, кулаверганидан ҳатто кўзларидан шарилдаб сув оқа бошлади. Мени уялмасин дея бошимни бошқа тарафга қараб кулишга уринар, бироқ ҳиқиллаган овози ҳаммасини ошко қилиб турарди.
Хорижлик эса қўлсаотини бурнимгача олиб келиб яна нималардир деб бақирди. Бу сафар мен ҳам унга бақириб:
– Май намбир ис форти вон, – дедим.
У яна бақирди. Мен ҳам унга яна:
– Ду ю дриник вотер? – бақирдим.
Айни шу вақтда отамнинг дўстларидан бири мендан нима деяпти деб сўраса бўладими.
Нима дейишни билмай қолдим… Жим турсам шунча гап, аниқ ёлғончи чиқаман, миямга биринчи келган сўзларни айтавердим:
– Бу қанақа кема ўзи, жуда имиллаяпти, мана, неча соатдирки йўлдамиз, соатга қара қанча ўтди, ҳали етиб еелганимиз йўқ, деяпти…
– Хўш, сен нима деб жавоб қайтардинг?
– Мен унга, сиқилманг, дедим, балки сизнинг соатингиз ишдан чиққандир, дедим.
Ҳалиги кулаётган одам охири чидолмади, ўрнидан қорнини ушлаб турдию пастга тушиб кетди.
Хорижлик билан эса ҳамон суҳбатимиз давом этар, бироқ на мен уни, на у мени тушунардик… Бир тарафдан эса отам ва унинг дўстларига суҳбатни таржима қилардим. Шу ғала-ғовур ичида қандай қилиб Ҳейбалияга етиб келганимизни ҳам билмай қолибман. Кемадан тушар эканмиз палубада суҳбатимизни эшитиб тинимсиз кулаётган одам ёнимга суқилди, ёнимдагилар эшитмасин дея қулоғимга сееингина шивирлаб:
– У одам инглиз эмасди, – деди. Сал қолди, биламан, америкалик эди, демоқчийдим, у нусҳа Олмон эди. Лекин росаа-а додини тавбасига таянтирдиргдаа-а… – деди.
Мана, тамом, хуллас менинг биринчи таржимонлигим шундай омадсизлик билан якунланган. Тўғрисини айтадиган бўлсам, иккинчиси ҳам ундан қолишмади расволикда. Иккинчи синфга ўтгандим, аниқроқ қилиб айтсам инглизчамам анча яхшиланиб қолганди. Отам доимгидек кемадаги бор одамга менинг инглизча билишимни айтиб, мақтаниб келди. Оролдаги уйимизнинг қаршисига ўтган ёз бир инглиз оиласи кўчиб келганди. Отам “Қани бўл, инглизларникига меҳмонга борамиз, кайфи-тароватини биламиз, баҳонада сен ҳам улар билан инглизча гаплашасан” дея қистовга солди. Бироз аввал отамга мақтанган эмасманми, энди йўқ, бормайман, гаплашмайман, дейиш ноқулай, ёлғончига чиқаман. Қанча бормасликка ҳаракат қилсам-да отам фикридан қайтмади, қўлимдан етаклаб инглизларни уйига судраб кетди. Катта ва чиройли боғдан ўтиб мезбонлар эшигини жиринглатдик. Бир ёшгина қиз эшикни очди, юзимизга термулди. Нима дейман энди бунга, деб бошим қотди.
Отам:
– Қани гаплаш, – деди.
Ўзимча жаҳли чиққан одамга ўхшаб қош чимирдим:
– Ота, бир қаранг шу қиз инглизчани биладими? Ҳамма биланам инглизча гаплашавермайдида…
Шу маҳал қиз инглизчалаб “Марҳамат, нима истайсизлар?” дея сўради.
Қизнинг нима деганини англашга англадим, бироқ жавоб қайтаролмадим. Менинг индамаганимни кўрган отам ўз тилимизда:
– Уйда катта одам йўқми қизим, у билан кўришмоқчийдик, – деди.
Мен ҳам ўзимни қўлга олиб, ярим инглиз, ярим туркчалаб “Мистер қаерда, вер ис сор…” дея бир нималар дедим. Қиз гапимни тушунди шекилли, бизни ичкарига таклиф қилди, кираверишимизда хонадон соҳиби бизни кутиб қолди. Дароз бўйли, катта кўзли, афти-ангори бироз совуқ, нима десам экан, хуллас тангалари артилган чироз балиғи каби бир одам… Ҳаммамиз тик оёқда, бир-биримизга жимгина боққанча бир фурсат туриб қолдик. Инглиз бизларга ҳайрон термуларди. Отам:
– Қани гапирақолсангчи, гапир ўғлим, – деди.
– Нима дей ота?
– Қўшни эканимизни, хабар олгани, танишгани келганимизни айт…
Нима дейишни билмай, уялганимдан қизара бошладим. Ўзим яхши биладиган бир-икки инглизча сўзлар ҳам лип этиб ақлимдан ўчди. Ҳатто отамдан ҳам бўйи узун бўлган бу одам, чўзиб-чўзиб нималардир деди.
Илгари имом бўлган инглиз тили ўқитувчимиз бизга ўқитган “Метод Алге” китобидан инглизча бир боланинг ҳикоясини ёдлатганди. Бу ҳикоя бир қишлоқдан қочиб кетган митти сичқонча ҳақида бўлиб, жуда содда, қисқа жумлалар билан ёзилган эди. Ҳаммамиз ёд олгандик. Ўша ҳикояни ёддан ўқий бошладим.
– Бир замонлар бир митти сиқонча бўлган экан…
Мезбоннинг кўзлари катталашди.
Мен эса давом этдим:
– Кунлардан бир кун бечора сичқончанинг қорни очқаб қолади.
Инглиз бир менга, бир отамга ҳайрон тикилди.
– Митти сичқонча яшириниш илинжида омборга кириб кетади. Фақат у ерда хонадон мушуги бор эди.
Ҳатто биттагина сўзни ҳам англамайдиган тилда гапираётган ўғлининг шавқини кўриб отамнинн юзи ёришди.
– Мушук митти сиқончани кўриши билан ўрнидан сакраб туради. Сичқонни қуваётган мушук бир мураббо банкасига туртилиб, уни синдириб қўяди. Сиқонча эса яна қочишга улгуради. Бу сафар мушук ёғ шишасини синдириб қўяди.
Ниҳоят гапларимни катта қизиқиш билан эшитаётган инглизнинг ҳам юз мушаклари юмшади, у энди мийиғида кулиб қўяр, кўзлари ўйнарди. Унинг бу ҳаракатларни илғаб менга баттар жон кирди.
– Мушук бир сакраб сичқонни панжалари орасига олмоқчи бўлганди, митти сичқонча эпчиллик қилиб яна қочиб қолди.
Инглизнинг оғзидан илк сўз чиқди:
– Ес!
– Мушук ун тўла қопга тушиб кетди…
– Ес, есс!
Мезбон қаҳқаҳа отиб кула бошлади. Қўлларини кўксигв қўйиб, биз ҳурмат бажо айлади ва креслога ўтказди.
– Сичқон яна қочди…
– Ес…
У ўзини кулгудан тўхтатолмасди.
– Мушук яна қувалади…
– Ессс…
Хуллас, ҳикоя шундай давом этар, сичқончани қўлга тушуриш умидидаги мушук омборда нимаики бўлса барини ағдар-тўнтар қилади. Бироқ сичқон бир тешикдан қочишга муваффақ бўлади. Бу ҳолни кўрган буви эса мушукнинг ҳамма жойларига тепиб, уриб ташлайди.
Ҳалиги инглиз менинг чала-чулпа инглизчамдан шу қадар хурсанд бўлдики, асти қўяверасиз, бизни бисквик ва ширин чой билан меҳмон қилди. Бу сафар у инглизча гапирар, мен эса кулганимча:
– Ес, ес… – дея гапини маъқуллаб турдим.
“Гудбай” деб эшикдан чиқишимиз билан отам:
– Нималар дединг ҳай бола, бунча кулдирдинг бу инглизни? – деди.
– Қарасам юзини очмаяпти, бироз ҳазил-ҳузул қилдим ота, – дедим.
Энди руҳсат қилсангиз, учинчи таржимонлигим ҳикоясини ҳам сўзлаб берсам. Бу воқеа мактабни битказиш арафасида рўй берганди. Тўғриси ҳатто тилим ҳам келишиб кетганди инглизча гапиришга. Кунлардан бир кун Кўприкдан ўтаётганимда икки инглизнинг маҳаллий йўловчилардан нималарнидир сўраётганини кўрдим. Ораларига суқилдим. Бўғозичига кетишни сўрашаётган экан. Уларга аниқ йўл кўрсата олишимга ишончим комил.
– Мен ҳам ўша ёққа кетяпман, истасангиз бирга кетамиз, – дедим.
Асл мақсадим эса улар билан суҳбатлашиб амалиёт ўташ. Чунки пансионер денгиз офитсери бўлган ингли тили фани ўқитувчимиз ҳар дарсида “Praktik meyks perfekt”, дерди. Бу икки инглиз билан бемалол гаплашиб борардик.
Булардан бирининг мовийранг спорт кийимига “Р. А. Ф.” ҳарфлари катта-катта қилиб ёзилганди. Ундан қизиқиб:
– Бу ҳарфлар нимани англатади, – дея сўрадим.
У жавобан:
– “Қироллик Ҳаво Кучлари – Royal Air Force” дегани, – деди.
Бу одам захирадаги зобит, ҳаво кучлари қўмондони, камига тажрибали муҳандис ҳам экан. Ўша замонларда тилларда достон Қарабук темир-пўлат фабриеаси қурилаётган эди. Бу киши ўша ерни ишга тушураётган муҳандислардан бири эмиш. Шу ергача ҳаммаси яхши эди, фақатгина билет оладиган пайтимиз келганида вазият бошқача тус олди. У ўшанда менга қараб:
– Кевиклееер, – деди.
Минг уринмай бу сўзнинг маъносини англолмасдим. Устига устак инглиз тинмасдан “Кевиклар” дея бақириб ётарди. Ҳамиша ҳамроҳим бўладиган инглизча сўзлашгич бор эди. Уни титмаган ерим қолмади, бундай сўзни тополмадим.
– Нима у Кевиклар, – дея сўрадим бир қадар ҳижолат тортиб.
У эса баттар:
– Кевиклар, Кевиклар, дея бақирарди.
Зум ўтмай атрофимизни одамлар тўдаси ўраб олди. Оломон ичидан, таржимон шекилли, бир одам:
– Ё товба, шуниям тушунмайсанми, бу нусҳалар икки соатдан бери “Каваклар, Каваклар” дея бақир-чақир қилишяпти, – деди.
Ё Худойим… Холбуки улар Инглизчалаб Кевиклар дея, Кавакларни назарда тутишаётган экан, Кавакларга кетмоқчи эмишлар. Ваниҳоят Кавакка билет олдик ва кемага чиқдик. Инглизларнинг бўйинларида дурбинлари, фотоапаратлари осиғлиқ турар, аҳён аҳёнда ён-атрофни суратга олишар, бу ишдан завқланишарди. Қайтиша кемамиз Бейкозга тўхтаганида икки милиция ходимлари инглизларни тутиб кетишди. У маҳаллар бу ерлардан кўплам олмонлар кемалари ўтар, бизлар учун инглиз ва америкаликлар бегона саналарди. Инглизлар нимага бу ерда юришгани милицияга тушунтира олишмади. Фақатгина, ўз тилида “Бизнинг қўйиб юборинг, бизни қўйиб юборинг”, дея дағдаға қилишди. Ҳаммамиз бирга маҳкамага йўл олдик. Иш ойдинлашди. Инглизлар кемада кетишаётганида дурбиндан боқишган, Бўғознинг расмларини олишган, торфел юртдошларимиздан бири илк пристанда тушиб соҳил маҳкамага “Шу кемадаги хорижликлар муборак Бўғозимизнинг суратини олишди” дея хабар берган.
Соҳил маҳкамаси ходими ҳам зудлик билан Бейкоз маҳкамасига телефон қилиб, инглизларни тутиш кераклигини уқтирган. Маҳкамада менинг таржимонлигим орқали тушунтириш хатлари олинди, кейин икки милиция ходими уларни Хафвсизлик маъмуриятига юборишди. У ерда ҳам тушунтириш хатлари олинди, олган суратлари фотоапаратларидан ўчиртирилди ҳамда инглизларни қўйиб юборишди.
Бир икки кундан сўнг икки инглиз дўстим таржимонлигим учун миннатдорчилик билдириш илинжида мени ўзлари қўним топган меҳмонхонага чақиришди. Мен ҳам дарҳол бордим, овқатдан аввал олдимга бир шиша тоза виски қўйишди… У замонларда Истанбулда вискининг ҳатто номини эшитганлар ҳам оз топиларди. Бу ҳаётимдаги биринчи марта виски ичишим эди. Шиша қадаҳим бўшаши билан иккиси ҳам тенг виски қуйишарди. Бири бошлаб берса, биттаси “ҳокимят чизиғи”дан ўтказиб қўярди вискини.
Яхшигина маст бўла бошлагандим. Уларга “Бирин-кетин қуйинглар шу қурмағурни”, демоқчийдим, бироқ нимагадир “бирин-кетин”нинг инглизчасини эслолмадим. Биламан, ҳа-ҳа, аниқ биламан, фақат мастлигим учун эсимга келмаяпти. Шу ҳолимда уларга “бирин-кетин” дейиш ўрнига “ванар ванар, ўҳ-ўҳ, ванар ванар, деб юборибман.
Хуллас, учинчи таржимонлигим ҳам муваффақиятсизликда олдингилардан қолишмайди.
Бироқ тўртинчи таржимонлигим ҳикояси сизларга ёқишига шубҳа йўқ. Ўшанда Туркияга Американинг кўмаги бошланган ва илк Америка кўмак жамоаси биз тарафга йўл олганди. Бизнинг идорамизда (идорамиз номи айтилиши мумкинмас, таъқиқланган) илк Америка кўмаги жамоаси раҳбарига таржимон излашарди бетиним… Излай-излай охир мени танлашибди. Ишхонамиз раҳбари мени хонасига чақирди. Хонасида ундан ташқари учта одам мени кутаётган экан. Улардан бири:
– Таржимон сифатида сени танладик. Жамоа раҳбарига сен таржимонлик қиласан, – деди.
Талмовсираб:
– Маъзур тутинг, афандим, – дедим, – каминайи қулингиз инглизча билмайди…
Хонадагилардан бир жуда қаттиқ оҳангда:
– Қанақасига билмайсан, – деди, – жуда яхши биласанда, эшитганмиз… Билмасмиш бу кишим, ўргилдим…
– Афандим, билсам нега қилмай ахир, бу вазифа мен учун жуда шарафли иш ахир. Аммо камина ҳақиқатдан инглизчани билмайди… Йўқ, Америка кўмаги жамоаси раҳбари Туркча билса бош устига…
– Аҳмоқмисан, америкалик одам туркчани қаердан билади?
– Юртимизда кўпроқ қолса, албатта ўзим ўргатаман туркчани, Истанбулни ҳам кўрсатаман…
Хонадагилардан бирови:
– Биласан, биласан, – деди.
– Инглиз тилини билишимни ўзим билмас эканман, сиз билар экансиз, демак биламан афандим.
– Албатта биласанда, бу гапни сенинг маълумотномангни кўздан кечиргач ўртага ташладик, ёзишингча мактабда инглизча ўрганган эмишсан…
Ё Худойим, шундай катта ишхонада инглизча биладиган битта менми деган ўй кечди ичимдан.
– Афандим, инглизчани яхши биладиган бошқалар борку, мен билмайман ахир…
– Тўғри, инглизча биладиганлар бор, аммо уларга ишонч йўқ. Бу учрашувлар хуфиёна, яширинча бўлади. Ахир маълумотномангизда “Инглизсани мукаммал билади, сўзлашиш ва ёзишни ҳам қотиради, шунингдек, бу борада практикаси бор…”, дея ёзилган. Камтарлик қилма. Сендан яхши инглизча биладиган, қолаверса биз ишона оладиган одамни қаердан топайлик?! Хуллас, тўртинчи таржимонлигим воқеаси шундай бошланган.
Хорижлик раҳбар келишига уч кун қолганди. Уч кеча-кундуз тинмай инглиз тили луғатимни бойитишга ҳаракат қилдим. Орадан кўп йиллар ўтгани учун аввал билганларим ҳам ёдимдан кўтарилганди. Ўзим ўзимга савол бердим: бу одам мен билан нималарни гаплашиши мумкин? Таҳминан, сўралиши мумкин бўлган нарсаларни дафтаримга ёздим. Тўғрисини жавобларини ҳам киритдим. Кейин ҳаммасини ёдлай бошладим бир бошдан, агар шуларни сўраса, худо хоҳласа шарта-шарта жавоб бериб, барчани ҳангу манг қиламан. Шунингдек, бу одамга Истанбулнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатишни ҳам режамга киртиб қўйдим. Буларни ҳам батафсил инглизчалаб дафтарга туширдим. Денгиз билан боғлиқ тафсилотлар ёзишни ҳам унутмадим.
Барбарос ва Тургут Раиснинг ҳаёти ҳақида ҳам алоҳида маълумотлар ёздим инглизчалаб.
Ўлкамизга гуруҳ етиб келди. Эртаси кун тонгда улар қўним топган меҳмонхонага бордим, раҳбар билан учрашдим. Бу жуда масъулиятли вазифа эди. Аввалига соф инглиз тилида ўзимни таништирдим ва уларга таржимонлик қилишимни айтдим. Раҳбар мени ингличани яхши билади деб ўйлади шекилли, жуда тез ва ғўнғиллаган овозда нималарнидир сўзлади. Тўғрисини айтсам бирорта сўзини ҳам тушунмадим. Унинг нима деяётганига қарамай, ўзим яхши биладиган ва ёдлаган маълумотларимни сўзларимни такрорлайвердим. Бироздан у билан ташқарига чиқдик. Юриб кетаётган чоғимизда у менга нималарнидир тўлиб-тошиб сўзлар, мен ҳам ундан қолишмасдим. Бироқ на гапимиз қовушарди, на бир-биримизни эшитардик. Шундай сиқилиб кетдимки… Қарасам оғзи тинмайдиганга ўхшади, мен ҳам бўш келмай, оғзидан сўзини олдим:
– Саёҳатимиз яхши ўтяптими афандим?
Нималардир деди, демоқчи бўлди тўғрироғи… Яна гапимда давом этдим:
– Бу ердан кейинги манзилингиз қаер?
У яна нималардир деди. Изма-из саволларни қалаштирдим. Бу орқали мен сиқилишдан қутулдим, бироқ энди у сиқилшга тушди, бу унинг юз-кўзидан шундай кўриниб турарди.
Ахир нима қилай, шуларни сўрайди дея тайёрлаган нарсаларимдан бирортасини сўрамади. Энг аввало раҳбарга Истанбулнинг қандай фатҳ этилгани ҳақида сўз очдим…
Барбарос ҳақида ҳам батафсил гапирдим. Раҳбар бирдан жимиб қолди, бирорта сўз ҳам айтмади. Тушлик қилиш учун меҳмонхонага қайтдик. Меҳмонхона залида уни кутдим, аммо келмади… Меҳмонхона хизматчиларидан бири ёнимга келиб:
– Раҳбар Анқара йўл олди бейим, чамаси 10 дақиқа бўлди чиқиб кетганига, деди.
Эшитишимча менинг таржимонлигим туфайли режалар ўзгарибди. Бу воқеага 1 ой тўлганида америка муҳри бор мактуб келди уйимга:
“Истанбулдаги ёрдамингиз, кўрсатган ҳурмат ва хизматларингиз учун миннатдорлик билдираман”. Хат остига ўша раҳбарнинг имзоси ҳам чекилган. Ўша кундан бери мана қанча сувлар оқди, йиллар кечди, бу йиллар давомида мен инглиз тилини мукаммал ўргандим. Энди бундан кейин қаршимдаги инглизми, амрерикаликми нима истаса, барини англата оламан. Бироқ ҳалигача қаршимдан чиққан хорижликлар инглиз тилида менга ҳеч нарса тушунтиролмайди. Тушунтиролмайди ҳам. Ахир фақатгина мен урунганим билан иш ҳал бўлмайди, албатта улар ҳам инглиз тилини ўрганишлари лозим.
Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси