Аветик Исаакян. Болакай ва офтоб (ҳикоя)

Озиб-тўзиган, жулдиргина кийинган сағир болакай муҳташам бир уйнинг деворига суяниб ўтирган кўйи ўтиб-қайтаётган йўловчиларга кир-чир қўлларини чўзиб, тиланаётганди. Бу митти бояқишгинанинг ёнидан ўтиб кетаётган одамларнинг бирортаси қиё боқмас, унинг зорланиб садақа сўраётганига ҳеч ким парво ҳам қилмасди.
Болакай уззукун лоқайд, кўнгли қаттиқ одамлардан тиланавериб, чарчади. Ниҳоят қош қорайди. Офтоб чўкиб, совуқ тушди. Болакай жон-жонидан ўтиб кетган совуққа чидаёлмай, осмонга тикилган кўйи лаблари қимирлади:
— О, офтобжон, куни билан нурингни сочиб, танимга иссиқлик бағишлардинг, энди қаерга ғойиб бўлдинг? Бу қоп-қоронғу ва совуқ тунда мени нега ёлғиз қолдириб кетяпсан? Мен ота-онаси йўқ бир етимча бўлсам, тунашга бошпанам ҳам бўлмаса? Шу тобда қаерга бораман? Кимдан мадад сўрайман? Қайта қол, мени ўз бағрингга ол, офтобжон…
У шу кўйи жунжикиб, ғужанак бўлиб ўтириб олди. Хўрлиги келиб, йиғлади. Кўзларидан сизилган ёш юзларига томди. Қаергадир шошиб кетаётган, ўтиб-қайтаётган одамлар эса ўз ташвишу қайғуларига банди бўлиб, лоақал бир бор ҳам бу болакайга қайрилиб боқишмас, унинг нолаю зорини эшитишмасди.
Қуёш батамом чўкиб, энг сўнгги зарраларини ҳам таратиб бўлди.
— Офтобжон, биламан, сен ҳам уйингга қайтдинг, ўз онанг бағрига. Сенинг уйингни мен биламан, ҳу анави тоғ ортида. Агар ўша ёққа борсам, мени уйингга киритасанми, қувиб солмайсанми?- Болакай шундай дея тиззаларига кафтларини қўйиб, қаддини ростлади, кийимини қоқиб, чанг-гарддан халос этди. У айни дам бир мақсадни кўзлаганди. Қуёш яширинган тоғ томон шайланиб, қадамларини босди. Совуқ унинг юз-кўзларига, баданига нинасини санчиб, дилдиратса ҳам, қоронғу тун юрагига ваҳм оловини қўзғатса ҳам юришдан тўхтамади. Юра-юра шаҳарни ортда қолдириб, тоқ этагига етиб келди. Энди бир йўл қолганди: амаллаб тоғнинг тепасига чиқиб олса, бас, марра уники. Унинг юрагида бўй чўзаётган умид сўнмаганди. Болакай баланд тоғнинг тошларига тирмашиб, гоҳ эмаклаб, гоҳ оёқлари, қўлларини қонатиб, баландликка чиқа бошлади. Тўхтамади.
Тун ўз қанотларини тоғ бағрига ёйиб олганди. Бир маҳал болакай чўққи устида юлдузлар милтиллаётганига, чўғлар сачралиб, осмон бағрини ёриб, нур сачратаётганига, бу жуда тез, кўз илғамас лаҳзада содир бўлаётганига ва такрорланаётганига гувоҳ бўлди. Шамол ҳам кучайиб бораётганди. Дарада худди биров ҳуштак чалаётганга ўхшаб туюларди. Кўршапалаклар эса қанотларини қоқиб, болакайнинг шундайгина кўзлари олдидан учиб ўтишар, бироқ буларнинг бари болакайнинг ўз мақсади сари дадил ҳаракатланишига тўсиқ бўла олмас эди. У тобора баландликка кўтарилаверди. Бир пайт эса кутилмаганда аллақандай ит вовуллаб, унинг юраги орқасига тортиб кетди. Шу асно овоз ҳам эшитилди:
— Кимсан, қаерга тирмашиб кетяпсан?
Болакай бу овоз шу яқин атрофда яшаётган бирор бир одамники эканлигини англади ва тезда жавоб берди.
— Мен офтоб олдига боряпман. Сиз унинг уйини билмайсизми?
Болакай олдига бир қўлида камон, бирида машъал ушлаган басавлат ўрта ёшлардаги эркак яқинлашди.
— Офтоб олдига шошяпман, дегин, -майингина товушда сўради эркак, -менга қара ўртоқ, бугунча етар, чарчаган кўринасан, қорнинг ҳам очгандир, юр меникига?! Нима ота-онангга айтмай ёлғиз ўзинг чиқдингми?
 — Менинг на отам, на онам бор. Уйим ҳам йўқ,-хўрсинди болакай.
— Қўй, хафа бўлма, юр меникига, -оқкўнгил эркак шундай дея болакайнинг қўлидан тутиб, қўналғаси томон бошлади. Бир оз юришиб кичкинагина кулбага етиб келишди ва ичкарига киришди. Бир аёл уч боласини ўйнатиб ўтирарди. Шу тоб ташқаридан қўйларнинг овози ҳам эшитилди. Болакай сезди. Тоғ бағрида кулба солган одам чўпон экан.
— Мана болаларим уч нафар эдингиз, энди бугундан бошлаб тўрттасиз. Бу болакай сизларга ака бўлади. У бизникида яшайди,-ногаҳонда қарорини айтди оқкўнгил чўпон ҳамон қалтираб-қақшанаётган бояқишни ўз болаларига таништираркан.
-Хуш келибсан, ўғлим,-чўпоннинг хотини ҳам болакайга бағрини очди, меҳри товланди. Болалар югуриб келиб, ўз «ака»ларини қучоқлаб олишди. Бечора ака суюнганидан кўзларидан ёш тирқираб чиқди. Меҳрибон аёл оила аъзолигига қўшилган болакайнинг чўмилиши учун иссиқ сув ҳозирлади, сўнг дастурхон тузаб, нон, сут, гўшт келтирди. Болакай ўзида йўқ хурсанд эди. Ахир у нафақат бошпана, ота-она, ҳаттоки, уч нафар укалик ҳам бўлган эди-да… Энди унинг уст-боши тоза ва иссиқ, қорни тўқ, юраги меҳр-муҳаббатга лиммо-лим оқкўнгил одамлар ёнида…
Болакай топ-тоза, юмшоқ, оҳорли тўшакка чўзилган он кўзлари юмилиб, уйқу комига тортди. Туш кўрди. Тушида табассум қилиб турган эмиш, ёнида офтоб ҳам бор эмиш. Унинг бир қўлини маҳкам қисиб турган эмиш.
Болакай уйғонган замон тушининг мағзини чақди ва ўз-ўзига деди:
— Мен офтобни топдим. Топдим.

Умид Али таржимаси