Онгсизликнинг зулматли тунидан уйғониб, ҳаётга қадам қўйган ирода ўзини шахс, индивидиум сифатида аллақандай чексиз ва чегарасиз оламда, қаерларгадир интилаётган, изтироб чекаётган, адашиб юрган сон-саноқсиз индивидиумлар орасида кўриб, худди оғир уйқудан уйғонгандек қўрқиб, саросимага тушади ва тезроқ орқага – онгсизликка қайтгиси келади. Токи у қайтмас экан, уни чексиз, битмас-туганмас истаклар кутади, ҳар бир истакни қониқтириш эса яна бошқа истакларни туғдиради. Нафснинг тубсиз қаъридан отилиб чиқиб келаётган истак ва интилишларни тўла қондирадиган, уларга чек қўядиган бирорта ҳам қониқтирувчи нарсанинг ўзи йўқ. Яна шунга ҳам эътибор берингки, ҳар қандай қониқиш ўзи нимадан иборат: аксарият, бу ўз ҳаётини ночор аҳволда давом эттиришдан иборат, бу эса узлуксиз меҳнат, муҳтожликдан қутулиш учун тинимсиз кураш дегани, келажак эса – ўлим. Инсон бахт деб аталмиш ёлғондан иборат оддий иллюзияга интилиб яшашга маҳкум қилинган. Ҳар бир нарсанинг туб моҳиятида шу куртак ётади. Шу сабабли кўпчилик одамларнинг ҳаёти ғамгин ва қисқа. Нисбатан бахтли одамларда кўриниш бахтли, холос.
Ҳаётда биз умид қилиб юрган нарсалар, каттами, кичикми, ҳаммаси алдов. Ҳаёт бизни бирор нарсадан умидвор қилар экан, у амалга ошмайди, ошган тақдирда ҳам, умид қилишга арзимас эканлигини кўрсатади. Шундай қилиб, бизни гоҳ умидимиз ўзи, гоҳ амалга ошгани алдайди. Ҳаёт бизга бирор нарсани фақат қайтариб олиш учунгина туҳфа қилади. Узоқнинг жаннатсифат мафтункор гўзаллиги эса, биз унинг макрига илинишимиз заҳоти, саробдек ғойиб бўлади. Шундай қилиб, бахт доимо келажакда ёки ўтмишда бўлади, ҳозиргисини эса қуёш нур сочиб турган текисликда шамол ҳайдаб юрган бир парча қора булутга қиёслаш мумкин: орқаси ва олд томони доимо ёруғ, ўзи эса тинмасдан соя ташлаб туради.
Илдизи индивидиумда, шахсда жо бўлган ақл-заковат олдида истакларимизнинг барча объектлари арзимаслиги яққол намоён бўлади: даставвал – замонда. Нарсалар арзимаслиги, ўткинчи эканлигида кўринади. Вақт ўтиши билан роҳат-фароғат ва қувончларимиздан ҳеч нарса қолмайди, кейин биз ҳайрон бўлиб, улар қаёққа йўқолди, деб ўз-ўзимиздан сўраймиз. Бинобарин, арзимаслик ўзи вақтнинг ягона холис зуҳуридир. Бошқача айтганда, фақат ана шу арзимасгина вақт, яъни нарсаларнинг ички моҳиятига тегишли вақт эса унинг кўринишидир. Мана шу сабабли вақт биз идрок этаётган ҳодисаларнинг асоси, пойдевори сифатида хизмат қилади: унда ҳамма нарса ўз ифодасини топади, ҳатто ўзимиз ҳам, шу сабабли ҳаётимизни тийин-тийинигача ҳисоблаб чиқилган тўловга ўхшатиш мумкин: бир кун келиб биз ўша қарзларимизни узишимиз керак; кунлар – сариқ чақалар, қарз узиш – ўлим. Зеро, вақт табиат барча мавжудотларига берган сўнгги баҳо: у берганини йўқликка айлантиради.
Ер юзида қудратлиман деган махлуқлар
Яшин урган каби қулар ажал домига,
Яхши эди бундан кўра туғилмасалар… 1
(Гёте, “Фауст” поэмасидан).
Ҳар бир мавжудот тинимсиз ва шошиб бораётган қарилик ва ўлим – ҳаётга бўлган истак-иродага чиқарилган айблов ҳукмидир: бу ҳукм табиат, иродасидир, истак ва – интилиш ҳеч қачон мақсадга етиб бора олмайди, деб уқтиради у. “Нимани хоҳласанг,– дейди у – якуни шу: арзийдиган бошқа бирор нарсани танла!” Шундай қилиб, ҳар ким ўз ҳаётидан ўзи чиқариб олган хулоса шундаки, биз нимани хоҳласак, у алдамчидир, улар беқарор ва ўткинчи, қувончдан кўра кўпроқ ғам-алам келтиради, унинг мавжудлиги асоси қуламагунча шундай бўлаверади. Ҳаётнинг ўзи охирги интилишларимиз ва истак-хоҳишларимизга қадар алдов ва хато эканлигини тасдиқлайди:
Қарилик ҳам, тажриба ҳам бизни судрайди,
Сўнгги нафас томонига юр деб бўзлайди,
Сўнгсиз ташвиш ва азоблар чекиб елибмиз,
Топганимиз шуки, бизлар янглиш келибмиз.
Биз бу масалани муфассал тарзда кўриб чиқмоқчиман, чунки айнан шу қарашларим кўпроқ қаршиликка учраган. Даставвал мен, ҳар қандай қониқиш, яъни ҳар қандай роҳат ва ҳар қандай бахт инсон учун фалокатли, изтироб эса ўз табиатига кўра ижобийдир, деган маънода кўрсатган исботимни тасдиқлаш учун қуйидагиларни келтираман.
Биз оғриқни ҳис қиламиз, аммо оғриқсизликни сезмаймиз, ташвишни сезамиз, ташвишсизликни эмас, хавфни сезамиз, хавфсизликни эмас. Худди шунингдек, истакни очлик ва ташналикни сезгандек сезамиз; аммо бу истак қониқтирилиши биланоқ эсдан чиқади, гўё луқма ютилган заҳоти ҳиссиётларимизга бошқа таъсир қилмагандек. Роҳат ва қувонч йўқ пайтида биз уларни жудаям истаймиз. Изтироблар йўқлигини, гарчи улар олдинроқ бизни узоқ муддат қийноққа солиб келган бўлсалар-да, бевосита ҳис қилмаймиз, мустасно тариқасида, агар атайлаб мажбур қилинса, улар йўқлигини ўйлаш мумкин. Булар барчаси фақат изтироб ва маҳрум бўлишни ҳиссиётимиз ижобий қабул қилишидадир ва шу туфайли улар ўзлари ҳақида бизга хабар берадилар; фаровонлик эса, аксинча, салбий табиатлидир. Мана шу сабабли ҳаётнинг уч олий неъмати – соғлик, ёшлик ва эркинлик бор экан, биз уларни ҳис этмаймиз, биз уларни йўқотгандагина ҳис этамиз: ахир бу ҳам инкор этиш-ку. Ҳаётимиздаги бахтли кунларни биз уларни йўқотганда, улар ўрнига бахтсиз кунлар келгандагина ҳис қиламиз. Роҳатимиз юксалиб борган сари, уларни қабул қилиш ҳисси шунчалик даражада пасаяди: одатга айланган ҳиссиёт бизга энди роҳат бағишламайди. Ва аксинча, изтироб биздаги қабул қилиш ҳиссини кучайтиради, чунки одат бўлиб қолган нарсани йўқотиш бизни қаттиқ изтироб чекишга мажбур қилади. Шундай қилиб, ҳаётда кўп нарсаларни эгаллаш истаги эҳтиёжларимиз доирасини кенгайтиради, шу билан бирга изтиробни ҳис этиш қобилиятини ҳам.
1Шеърларни Маҳкам Маҳмуд таржима қилган.
Вақтимиз қанчалик чоғ бўлса, у шунчалик тез ўтади, аксинча, у бизни қанчалик қийноққа солса, шунчалик секинлик билан ўтади, чунки биз ҳис этаётган нарса изтироб – ижобийдир, унинг борлигини ҳис қиламиз, роҳатни эмас. Худди шунга ўхшаш – зерикканимизда вақтни сезамиз, кўнгил очарда сезмаймиз. Демак, яшаётганимизни сезганимиздан кўра, уни сезмаётганимизда бахтлироқмиз: бинобарин, умуман яшамасак яхшироқ бўларди.
Буюк қувонч ўтмишда кечган буюк мусибатлар натижаси, деб тасаввур қилишимиз мумкин, чунки узоқ давом этаётган мамнунлик ҳолати фақат айрим пайтлардагина иштиёқмандлик ёки беҳаловатлик билангина кечиши мумкин. Шу боис барча шоирлар ўз қаҳрамонларини оғир ва қийноқли аҳволга тушириб қўйишга мажбурдирлар, кейин эса уларни бу аҳволдан қутқарадилар; драма ва эпосда доимо курашаётган, мусибат чекаётган ва эзилган одамлар тасвирланади, ҳар қандай роман – азоб чекаётган инсон қалбининг титроғи ва талвасасини кўрсатувчи панорама. Бу эстетик заруриятни Вальтер Скотт (Шотт) “Қадимий ахлоқ” новелласига ёзган “Хулоса”сида соддадиллик билан баён қилган. Табиат инъом этган истеъдод ва бахтга эришган Вольтер ҳам мен айтган ҳақиқатга ҳамоҳанг тарзда: “бахт – орзу холос, қайғу эса бор нарса”, дейди ва бунга яна қўшимча қилади: “Мана, саксон йилдирки, мен буни ўзимда синаб кўраяпман. Бундан мен итоатгўй бўлиш керак, деб хулоса чиқариб олдим ва ўзимга-ўзим айтдим – пашшалар фақат ўргимчакларга ем бўлиш учунгина туғилади, инсон эса қайғу ич-ичидан кемириши учун”.
Ҳаёт истакларимизга муносиб тарзда берилган ва ардоқланадиган неъмат, деган гапни ишонч билан айтишдан олдин, ҳаётимизда ақлимизга сиғадиган даражада рўй бериши мумкин бўлган барча қувончларимизни, шу ҳаётимизда ақлимизга сиғадиган даражада учратиш мумкин бўлган барча қайғуларимизга солиштириб кўринг – таққослаб, нуқта қўйишимиз унчалик қийин бўлмаса керак. Дунёда эзгулик кўпми ёки ёвузлик деган мавзуда баҳслашиш моҳиятан ортиқча, чунки ёвузлик мавжудлигининг ўзигина масалани ҳал қилиб қўяди.
Эзгуликнинг ёвузлик билан ёнма-ён мавжудиги ёки ундан кейин пайдо бўлиши ёвузликни ўзи билан тенглаштира олмайди ёки йўққа чиқара олмайди. “Мингларча роҳат-фароғат биргина азобчалик эмас” (Петрарка). Минглаб одамларнинг бахт-сурури биргина одамнинг изтироб ва азобларига малҳам бўла олмайди: худди шунга ўхшаш менинг ҳозирги роҳат-фароғатим олдинги чеккан азоб-уқубатларимни йўқ қила олмайди. Дунёдаги барча ёвузликлар ҳозиргига қараганда юз баравар оз бўлганда ҳам оламдаги борлик бизни қувонтириши эмас, балки қайғуга солиши керак, чунки ёвузлик борлигининг ўзи юқоридаги ҳақиқатни асослантириб турипти, буни эса турли оҳанг ва йўллар билан ифодалаш мумкин, бинобарин, моҳиятан олганда мавжуд бўлгандан кўра йўқлик сари юз тутган маъқулроқ. Бу фикрни Байрон маҳорат билан ифодалайди:
“Ҳаётимизда ғайри-табиий хулқ-атворга эга бўлган аллақандай нарса бор: нарсалар оҳангдошлигида бу бўлиши мумкин эмас – бу аччиқ тақдир, тугатиб бўлмас юқумли гуноҳ, бу чексиз чегара, илдизи заминимизда бўлган, барчани заҳарловчи дарахт, унинг шох ва барглари одамзод бошига кулфат ёғдирувчи булут: касаллик, ўлим, қуллик – булар ҳаммаси биз кўриб турган кулфат томчилари, энг ёмони – тузалмас бемор қалбимизни бизга кўринмасдан, бетўхтов янгидан-янги аламга тўлдираётгани”.
Агар олам ва ундаги ҳаёт ўз ҳолича, ўз мақсади учун яралганда эди, назарий жиҳатдан буни оқлашга муҳтожлик бўлмасди, амалда эса мукофотга ёки тузатишга лойиқ бўларди. Спиноза ва унинг издошлари ўйлаганларидек, улар илоҳ томонидан ўзлигини намойиш этиш учунгина яратилганда эди, у ҳолда яратиш сабабини оқлашга, оқибатини эса тушунтиришга зарурият сезмасди, азоб-уқубатлар эса роҳат-фароғат билан тенглаша оларди (лекин бунинг иложи йўқ, чунки менинг чекаётган азоб-уқубатларимни келажакдаги қувончлар ҳеч қачон ювиб кета олмайди – бу изтироблар ўз замонасини тўлдириб тураверади. Чинакам бахтли ҳаётда ҳеч қандай изтироб бўлмаслиги лозим бўларди, ўлим эса умуман бўлмаган ёки мавжудлиги бизга бунчалик қўрқинч келтирмаган бўларди. Фақат ана шундагина ҳаёт ўзини-ўзи қоплаган бўлар эди.
Атрофимиздаги нарсаларга нохушлик нуқси ингандек, худди дўзах қаъридан тутаётган олтингугурт исидек, кўнгилсизликни эслатиб турувчи дунёдаги бу ҳолатимиз ҳаёт кечиришдан кўра дунёга келмаганимиз маъқулроқ эканлигини англатиб туради; бу дунёдаги барча нарсалар номукаммал ва алдоқчи – ёқимли нарса ёқимсиз билан аралаш; ҳузур-ҳаловат доимо чала, роҳат-фароғат ўз-ўзини емиради; енгиллик ҳар доим ўз кетидан оғирликни бошлаб келади; ҳар куни, ҳар соатда турмушимизда бўладиган муҳтожликлардан чиқишга ёрдам берувчи имкониятларимиз ҳар дақиқада бизни тарк этишга тайёр; биз кўтарилаётган нарвон поғоналари тез-тез синиб тушади, турмушдаги катта ва кичик ташвишлар ҳаётимиз табиатини ташкил қилади, бир сўз билан айтганда, дастурхонимиздаги барча ноз-неъматларни булғаб кетадиган сабаблар кўп.
Бунга қарши боришнинг икки йўли бор: биринчиси – эҳтиёткорлик, яъни ақл, олдиндан сезиб, назарда тутмоқ, айёрлик – лекин булар ҳеч нарсани ўргатмайди, ҳеч нарсага эриштира олмайди, улар омадсизликка маҳкум; иккинчиси – тоқатли бўлиш, ҳар қандай ташвишни сабр-бардош билан енгиш, амалда бу – доимо қулайликка, яхши ҳаётга интилмасдан, ҳаётни, жирканч бўлса-да, борича қабул қилиш – бу эса бора-бора бизни хумдаги Диогенга ўхшаш “итфеъл” кимсага айлантиради. Ҳақиқат эса шундаки, биз бахтга интилмаслигимиз керак ва биз бахтсизмиз ҳам. Одамзод бошига ёғилувчи энг жиддий кулфатларнинг бош манбаи инсоннинг ўзидир: одамнинг одамга бўлган ваҳшийлигидир. Ким шуни эсида қатьий сақласа, дунё унга дўзах бўлиб кўринади; Данте тасвирлаган дўзах бунинг олдида ҳолва – бу ерда бир одам бошқаси учун иблис бўлиши керак, бунга эса, маълумки, ҳар ким ҳам қодир эмас, қобилиятлироғи эса қандайдир босқинчи қиёфасидаги иблисбоши бўлиб, юз минглаб одамларни бир-бирига қайраб: “Сизларнинг пешонангизга ёзилгани шу – қайғу ва ўлим – бир-бирингизга қарши милтиқ ва замбараклардан отинглар”, дея буйруқ беради, улар эса бунга бўйсуниб, айтилганини бажарадилар.
Одамларнинг бир-бирларига бўлган муносабатларида ёлғон кўп, адолатсизлик авжида, зулмга зулм билан жавоб берилади; фақат истисно ҳоллардагина бунинг акси бўлиши мумкин; худди мана шунинг учун ҳам жамиятда давлатчилик ва қонунчилик бўлиши зарур. Бу фақат муҳокама учун эмас. Давлатчилик таъсиридан ташқаридаги ҳолатларда одамлар аёвсиз равишда ўз яқинларига зулм ўтказа бошлайдилар, бунинг асосида эса инсонга хос бўлган чексиз эгоизм – худбинлик, айрим ҳолларда эса, қаҳру ғазаб ётади. Шакарқамиш ва қаҳва етиштирилаётган ерларда негрларни қул қилиб ишлатишда уларга бўлган муносабат буни яққол кўрсатади. Беш ёшида турли фабрикаларга ёлланиб ҳар куни ўн-ўн икки, ҳатто ўн тўрт соатлаб ишлаётганларни кўриш учун Европадан унча узоқлашиш шарт эмас, бу тирикчилик учун жуда қимматли тўлов. Миллионлар тақдири мана шундай, бошқа миллионлар тақдири ҳам шундан қолишмайди.
Жамиятда ўз мавқеига эга бўлганларнинг бошига озгина ташвиш тушди дегунча, ўзларини ўта бахтсиз ҳисоблайдилар; бизни бахтли қиладиган нарсанинг ўзи дунёда йўқ. Ким нима деса десин-у, энг бахтиёр одамнинг бахтли онлари у ухлаган пайтдагина кечади, уйғониши билан эса бахтсиз онлари яна пайдо бўлади. Инсон ўзини бахтсиз деб ҳис қилишининг билвосита далили яна шундаки, кимнидир омади юришиб кетганини билгач, қалбини ҳасад олови қамрайди, бу заҳар уни ич-ичидан емириб, тинчлик бермайди. Одамлар ўзларини бахтсиз деб ҳисоблаганлари сабабли, бошқа бир одамнинг бахтли эканлигини осойишталик билан кузатишлари гумондир: тасодифий бахт нашидасини сурган одам атрофидагиларни ҳам бахтли қилишни истаб ҳайқиради:
– Менинг қувончимдан атрофимдаги барча бахтли бўлсин!
Агар борлиқдаги ҳаёт ўз ҳолича фаровонликдан иборат бўлиб, уни йўқликка алмаштириш ҳожати бўлмаганда эди, бу дунёдан чиқиш эшигига ўлим ва унинг даҳшатидек қўрқинчли посбон қўйиш зарурати бормиди? Агар ўлим даҳшати бўлмаганда, ким ҳам бу дунёда қолиб яшашни истарди? Агар ҳаёт қувончдан иборат бўлганида, ўлим ҳақида ким ҳам ўйлаб ўтирарди?
Ўлимнинг яхши томони ҳам бор, у (мусибатли) ҳаётимизга чек қўяди; турмушдаги қайғуларимизга биз ўлимдан юпанч топмоқчи бўламиз ва бунга эришамиз. Ҳақиқат эса шундаки, ўлим ҳам, изтироблардан иборат бўлган ҳаёт ҳам – бу бир нарса, яъни адашувлардан иборат бўлган лабиринтдир – ундан чиқиш қанчалик қийин бўлса, истак ҳам шу даражададир.
Амалий жиҳатдан олганда, бу дунёнинг борлигидан кўра йўқлиги маъқулроқ бўларди, назарий жиҳатдан олганда эса унда муаммолар учрамаслиги лозим эди; бу олам мавжудлиги ҳеч қандай тушунтиришга муҳтожлик сезмаслиги, ҳамма нарса ўз-ўзидан тушунарли бўлиши лозим эди, унда рўй бераётган ҳодисалар (оқилона бўлса) ҳеч ким ажабланмасди, уларни суриштириш хаёлига ҳам келмасди ёки мавжудлик мақсади ҳамма учун очиқ-ойдин кўриниб турарди.
Амалда эса дунё ҳаёти ҳал қилиб бўлмас даражадаги муаммолардан иборат, ҳар қандай фалсафа ҳам барчасига жавоб топа олмайди, ҳамиша қандайдир парчаланмас кимёвий чўкмаларга ўхшаш, тушунтириш маҳол унсурлар ёки иррационал ифодаларга ўхшаш мужмал нарсалар қолади. Шу сабабли, кимдир, нима учун олам борлигидан кўра йўқлиги маъқулроқ эканлиги ҳақида сўрашга журъат этса, бу саволга оламда жавоб йўқ. Дунё нима мақсадда, қандай фойда учун яратилгани ҳақида жавоб учрамайди.
Менинг назариямга кўра, оламдаги борлик тамойили ҳеч қандай нарсага асосланган эмас, яъни у ҳаётга бўлган кўр-кўрона истак-ирода туфайли туғилган ва бу ирода яратилиш қонунига бўйсунмаган, у ўз ҳолича ичиндаги ичиндадир. Шу сабабли ҳар қандай “нимага?” деган саволга жавоб йўқ. Бу эса олам табиатининг хусусиятига тўла жавоб беради, чунки кўр-кўрона иродагина, худди бизга ўхшаб, ўзини шу аҳволга солади. Истак-иродамиз кўр бўлмаганда эди, жиловлаш қийин интилиш ва курашлардан иборат бўлган, барча куч-қудратларни узлуксиз сарфлаб туришга мажбур қилган, оғир меҳнат эвазига ўз қўлимиз билан эришганларимизни йўққа чиқариб, доимий безовталик, қўрқув ва муҳтожлик билан, индивидуал борлиғимизни барбод қилишга олиб борувчи тирикчиликка бунчалик интилиш ўзини-ўзи оқламаслигини биларди. Бутун олам изтироблардан иборат эканлигини тасдиқловчи барча омиллар шунга гувоҳлик берсалар-да, онгимиз билан бошқарилувчи иродамизнинг айрим кўринишларини оптимизм билан бўяб кўрсатиш зарурияти керак бўлиб қолди ва у ўзига ҳимоячилар ва жарчилар ҳам топиб олди. Оптимизм ҳаётни бизга гўё туҳфа этилгандек қилиб кўрсатади, лекин бизга шу нарса аёнки, агар у бизга олдиндан кўрсатилган ё синаб кўриш учун берилганда эди, ҳар қандай одам ҳам жон-дилдан уни рад қилган бўларди: бекорга Лессинг ҳали дунёга келмаган, яъни доялар қисқичлари билан мажбуран суғуриб олганда ҳам яшашни истамасдан у дунёга қайтиб кетган боласининг ақлига бунчалик лол қолмасди. Тўғри, ҳаёт бу синов эканлигини ҳар ким билади, лекин кимдандир сўралса: “Худди мана шунинг учун ҳам хоҳламайман, ҳеч қандай синовга муҳтож эмасман, ҳеч кимлигимча ўз ҳолимга қўйинг”, – деб жавоб берган бўларди. Яна бунга ҳар қандай одам ҳаётининг ҳар бир соати учун ҳисобот бериши зарурлигини ҳам қўшадиган бўлсак, у ҳолда, аксинча, дастлаб бизга ҳисобот беришлари зарур эканлигини, нима сабабдан ҳаловатимиздан жудо қилиб бизни шунчалик даражада бахтсизликка дучор қилиб, қийин ва мушкул аҳволга тушириб қўйганлигини билишга ҳаққимиз борлигини тушунамиз (Оламлар эгаси, Яратган одамлар бахтсиз бўлсин демаган, одамлар бир-бирини бахтсиз қиладилар – тарж). Демак, нотўғри тамойиллар шуларга олиб келади. Инсон борлиғи унинг ҳаёти инъом этилмаганидан нишона: аксинча, у бизга берилган қарз, уни узиш эса шарт бўйича мажбурийдир. Бу мажбурият бўйича тўлов биздан кечиктириб бўлмас эҳтиёжлар, қийноқли истаклар, чексиз ғам-аламлар орқали ҳаётимиз давомида олинади. Бу қарзни тўлаш учун биз бутун ҳаётимизни сарфлаймиз, лекин шунда ҳам маълум фойизини тўлаймиз, холос, асосий қарзимизни эса ўлим пайтида тўлаймиз. Бу шартнома мажбуриятини қачон биз ўз бўйнимизга олганмиз? Туғилган пайтимизда…
Бир мавжудот сифатида инсон ҳаёти унга берилган жазо ва гуноҳини ювиш учун имконият, деб қаралса тўғрироқ бўларди. Яҳудийлар китобини муросасозлик билан қабул қилишимга сабаб “Занд – Авесто”дан олинган (Бун-Дахишн, 15) – балки бутун иудаизм ҳам шу китобдандир – азалий (дастлабки) гуноҳга ботиш ҳақидаги ривоят бўлиб, гарчи у мажозий маънода метафизик кўринишда бўлса ҳам, ҳақиқатга яқинроқдир. Шаҳватпараст гумроҳлик меваси саналмиш ҳаётимизга ўхшайдиган бошқа бирор нарса оламда йўқ. Насронийликнинг “Янги аҳд” китоби гарчи ахлоқий жиҳатдан брахманлик ва буддавийликка яқинроқ бўлса-да, яҳудийларнинг оптимистик руҳига ётдир, лекин олий даражадаги доноликдир, шу ривоят уларни бир нуқтада туташтиради.
Мабодо ҳаётимизга сингиб кетган гуноҳларимиз даражасини ўлчамоқчи бўлсак, у билан боғлиқ бўлган изтиробларимизга боқинг. Ҳар қандай кучли азоб, у жисмонийми ёки руҳийми, шунга муносиб эканлигимиздан далолатдир, агар муносиб бўлмаганимизда бошимизга тушмас эди. Насронийлик ҳаётимизни худди шу нуқтаи назардан талқин қилади: “Галатларга мурожаат”нинг учинчи бобига Лютер ёзган шарҳларнинг бир жойида шунга далил бор (менда унинг лотинча матндаги бир нусхаси бор): “Бизнинг бутун жисмоний борлиғимиз ўзига тегишли нарсалар билан бирга иблисга тобедир, биз эса у эгалик қилаётган дунёда меҳмонмиз, холос. Еб турган нонимиз, ичиб турган сувимиз, кийган кийимимиз, биз нафас олиб турган ҳаво – барчаси унинг қарамоғида”. Менинг фалсафамни тушкунлик кайфияти йўғрилган, деб баҳоловчи ҳовлиқмаларга соддагина жавобим шу: келажакда ҳар кимни гуноҳига яраша дўзах азоби кутиб турганлигини тасвирлаш ўрнига, бу дунёда қаердаки гуноҳ бўлса, ўша ерда дўзахга ўхшаш нарса борлигини кўрсатдим: кимдир буни инкор этмоқчи бўлса, вақти келиб буни осонликча ўзида синаб кўриши мумкин.
Бир-бирини ғажиб, еб-йўқотиш билан шуғулланаётган, ур-йиқитлар гирдобида дабдала бўлган, изтироб чекаётган мавжудодлар дунёси бу; тирикчилик эвазига ўзига ўхшаш минглаб йиртқич ҳайвонларни азоб-уқубатга солиб ўлдирган ва уларнинг тирик мозорига айланган йиртқичлар дунёси бу; билимдонлик билан бирга мусибат дардини тортиш қобилияти ҳам юксалиб бораётган, зиёлилик даражаси ошган сайин шунга мослашиб бораётганлар дунёси бу. Мана шу дунёни Лейбниц тизимга солган оптимизмга мослаштириб, энг яхши мукаммал дунё сифатида намойиш этмоқчи бўладилар. Ўтакетган бемаънилик!..
Оптимист дунёга очиқ кўз билан қарашимни, унинг қанчалик гўзал эканлиги, қуёшнинг заррин нурлари билан ёритилган тоғлар, водийлар, дарёлар, ўсимликлар ва ҳайвонот олами билан дунё мунавварлигини таъкидламоқчи ва ҳ.к. Лекин бу дунё томошагоҳ эмас-ку? Бу нарсалар, албатта, томоша қилишга арзийди: лекин томошанинг ўзигина бўлиши – бу бошқа нарса. Кейин теолог (илоҳиётчи олим) келади-да, оламнинг яратилиши доноликка асосланганлигини; сайёралар тўқнаш келмаслиги, денгизлар қуруқлик билан аралашиб бўтқага айланмаслиги, коинот узлуксиз совуқдан қотиб қолмаслиги, иссиқдан куйиб кетмаслиги, эклиптиканинг доимо бир томонга оғиб туриши натижасида абадий баҳор ҳукмрон бўлиб, бирор нарса етиштириб бўлмаслиги ва шунга ўхшаш ҳодисалар олди олинганлиги ҳақида мақтовлар, ҳамду санолар ўқийди. Лекин булар ва шунга ўхшаш нарсаларнинг барчаси зарур бўлган шарт-шароитлар, холос. Агар қандайдир бир олам мавжуд бўлар экан, ундаги сайёралар, худди Лессинг ўғли каби, туғилиши биланоқ ўлимга юз тутмасдан, ҳеч бўлмаганда узоқ бир қўзғалмас юлдуз нури унга етиб келгунга қадар туриши лозим бўлса, у ҳолда пойдевори осонгина қулайдиган бундай оламни нўноқлик билан яратишга ҳожат йўқ эди1. Ўша мақталган оптимизм эришган натижаларини кўриб чиқадиган бўлсак, шу даражадаги мустаҳкам саҳнада ўйнаётган актёрларга тикилиброқ қарасак, таъсирчанлик билан бирга изтироблар ҳам пайдо бўлаётганини, зиёлилик даражасигача ривожланиб, у билан қўл ушлашиб кучайиб бораётганини, қудрати ўсган сайин очкўзлик ва мусибат ҳам шу даражада ўсаётганини ва ниҳоят, инсон ҳаёти фақат комедия ва трагедия учунгина хом ашёга айланиб қолганлигини кўрамиз, ана ўшанда бирорта инсонда, агар у иккиюзламачи бўлмаса, ҳаётни мақтаб мадҳия ўқишга мойиллик қолмаса керак. Бу дардли дунёга оптимизмнинг ёлғон мақтовлари тўғри келмаслигини, унинг келиб чиқиш манбаларини Давид Юм “Диннинг табиий тарихи” асаридаги 6, 7, 8 ва 13 бобларида, гарчи яширин тарзда бўлса-да, аёвсиз чилпарчин қилади. Худди шу муаллиф “Табиий дин ҳақида диалог” асарининг 10, 11-китобларида мен келтирган далилларга уйғун тарзда, жуда аниқ усуллар билан бу дунёнинг ишлари азоб-уқубатдан иборат эканлигини очиқ-ойдин тасвирлаган, ҳар қандай оптимизмнинг фойдасиз эканлигини кўрсатган ва таг-томири билан яксон қилган. Юмнинг юқоридаги ҳар иккала асари эътиборга сазовор, ҳозирги Германияда уларнинг яхши билмайдилар. Бу ерда эса маҳаллий сўзамолларнинг зерикарли вайсақилигини, ватанпарварлик ҳиссидан келиб чиққан ҳолда, бўрттириб кўрсатиш, ўртачаларини кўкларга кўтариб улуғлаш билан оворадирлар. Ваҳоланки, бу “Диалог”ларни Гаман таржима қилган. Кант уларни
1. Артур Шопенгауэр бошқа асрларида бу фикрга зид фикрлар айтган (тарж).
кўриб чиққан ва қариган чоғида уларни қайта нашр қилишга ўғлини кўндирмоқчи бўлган, чунки Платнернинг таржимаси уни қониқтирмаган (Ф.В.Шуберт томонидан тузилган Кант таржимаи ҳолининг 81 ва 165-бетларига қаранг). Давид Юмнинг ҳар бир саҳифасидан, Гегель, Герберт ва Шлейермахерларнинг барча фалсафий асарларини жамлаганда ҳам олиб бўлмайдиган нарсаларни олиш мумкин.
Изчил оптимизм асосчиси Лейбниц ҳисобланади. Гарчи бирор марта ҳам унинг уйғунлик ва фарқланмас (нарсалар) ўхшашлик ҳақидаги қарашларини чуқурроқ ўрганмаган бўлсам-да, мен унинг фалсафадаги хизматларини рад этмоқчи эмасман. Унинг “Англаш ҳақида янги тажрибалар”ига келсак, бу – Локкнинг машҳур асарини гўё тузатгандек бўлиб, енгилгина танқид билан суғорилган қисқача баённома, худди Ньютоннинг тортишув тизимига қарши қаратилганга ўхшайди. “Осмон жисмлари ҳаракатлари сабаби ҳақидаги тажриба”га билдирилган омадсиз уринишдек. “Соф ақл танқиди” айнан мана шу Лейбниц-Вольф фалсафасини рад этади: унга нисбатан душманларча муносабатда, ҳатто уни йўққа чиқаради, ҳолбуки у Локк ва Юм фалсафасига нисбатан унинг давомчиси ва ривожлантирувчиси ҳамдир.
Агар ҳозирги фалсафа профессорлари турли йўллар билан Лейбницни, унинг авра-астарини ағдариб қарамасдан, яна оёққа турғазмоқчи, ҳатто кўкларга кўтармоқчи бўлсалар, бошқа томондан эса улар Кантни имкон борича камситиб, ўз йўлларидан четлатмоқчи бўлсалар, бу – “дастлаб яшамоқ” учун тўла асос яратади: ахир “Соф ақл танқиди” яҳудий мифологиясини фалсафа сифатида кўрсатишга, “руҳ ҳақида” айрим воқеликка ўхшатиб ёки у ҳақда барчага маълум ва тайин шахс сифатида гапиришга йўл қўймайди, балки қандай қилиб файласуфлар шундай тушунчага эга бўлишди ва ундан илмий мақсадларида фойдаланишга ким ҳуқуқ берди, деб ҳисобот талаб қилади. Аммо, дастлаб яшамоқ, кейин эса фалсафа суқмоқ! Йўқолсин Кант! Яшасин бизнинг Лейбниц! – дейдилар.
Лейбницга қайтар эканман, шуни айтишим зарурки, оптимизмни мунтазам тарзда, кенг миқёсда ривожлантирган “Теодицея”си буюк Вольтернинг ўлмас “Кандид”ини яратишга сабабчи бўлганлигидан бошқа бирор хизматини эътироф эта олмайман. Тўғри, Лейбниц ўзи ҳам кутмаган ҳолда, тез-тез тилга олиб турадиган дунёдаги мавжуд ёвузлик учун юзаки кечирим сўрашга асосли баҳона топган: шуни айтадилар-да – айрим пайтда ёмонлик ҳам кетидан яхшиликни эргаштириб келади деб. Оптимизмга қарама-қарши бўлган бирор нарсага сиғиниш учун фақат ростгўй бўлиш кераклиги ҳақида Вольтер қаҳрамонининг номи шунга ишора қилиб турипти. Ҳақиқатан ҳам, гуноҳ, изтироб ва ўлим бир-бирига навбат бермай ўйнашаётган бу саҳнада оптимизм қизиқ бир шаклдаги кўринишда намоёнки, уни ҳазиломуз қабул қилиш мумкин. Гарчи биз унинг келиб чиқишини етарли даражада аниқ билмасак-да, Юм ўша сирли манбани қизиқарли тарзда очиб берди (бу – иккиюзламачилик мақтови билан ифодаланган оптимизм омадининг ҳақоратомуз тарздаги кўриниши).
Лейбницнинг, бу дунё яратилиши мумкин бўлган барча дунёлар ичида энг яхшиси, деган софистик далилига қарши жиддий ва виждонан – бу дунё яратилиши мумкин бўлган барча дунёлар ичида энг ёмони деган далилни келтириш мумкин. Зеро, “мумкин” дегани бу ким нимани хоҳласа ўз фантазиясини ишга солиб, шуни чизиб бериш дегани эмас, балки мавжуд бўлиши ва сақланиши мумкин бўлган дунё ҳақида бу фикр. Дунёмиз зўрға сақланиб туриш даражасида омонат қилиб яратилган, агар бундан ҳам ёмон қилиб яратилганда эди, аллақачон у қулаб тугар эди. Бинобарин, дунёни бундан ҳам ёмон қилиб яратиш умуман мумкин эмас, чунки у ҳолда мавжуд бўла олмас эди, демак, бизнинг дунё яратилиши мумкин бўлган дунёлар ичида энг ёмони. Амалда, нафақат сайёралар тўқнаш келиб қолганда, ҳатто улардан бирининг ҳаракати давомида бошқалари билан номутаносиблик ортиб борган тақдирда ҳам бу дунё тез орада барбод бўларди: фалакиётшуносларга маълумки, сайёраларнинг ўзаро айланма ҳаракатлари даври бир-бирига иррационал боғлиқ бўлиб, тасодифий тўқнашувлар юз бермаслигини ҳисоблаб чиқишган, бунда, ҳар ҳолда табиий ҳалокатлар юз бермай, сайёралар мувозанати сақланиб туриши мумкин. Улар ўз ҳисобларида янглишмаганликларига (гарчи Ньютон бу фикрга қарши бўлса ҳам) ва сайёралар тизимининг бу абадий механик ҳаракати, бошқа нарсалар тўхтаб қолганда ҳам, тўхтаб қолмаслигига умидвормиз. Сайёранинг қаттиқ қобиғи остида улкан куч-қувват мавжуд ва қандайдир тасодифий ҳодиса уни ташқарига чиқариб юборса, қобиқ устидаги барча жонзод ҳалок бўлиши муқаррар: сайёрамизда бундай ҳодиса кам деганда уч марта рўй берган. Лиссабонда ва Гаитидаги зилзила, Помпей шаҳрининг вайронагарчилиги – булар бўлиши мумкин бўлган табиий офатлар олдида ҳолва. Ҳатто химия фани ҳам аниқлашга ожизлик қиладиган атмосферадаги сезилмас ўзгаришлар натижасида тарқалган вабо, сариқ безгак ва шунга ўхшаш қора ўлатлар миллионлаб одамлар ёстиғини қуритади. Агар бу ўзгаришлар бир неча баробар кўпроқ бўлганида Ер юзида ҳаёт сўнар эди. Атмосфера ҳароратининг кўтарилиши эса барча дарё ва сув манбаларини қуритиб юборарди.
Жониворлар аъзоларидаги куч-қувват улар ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган миқдорни ташкил этади, улар буни сақлаб туриш ва авлодларини давом эттириш эвазига тинмасдан ўрнини тўлдириб туришлари керак. Шу сабабли жониворлар бирор аъзосини йўқотса ёки фаолияти чекланса, аксарият ҳолларда ўлимга маҳкум. Ҳатто одамлардан улар ақлли ва онгли бўлишларига қарамай, ўндан тўққизтаси муҳтожликдан қутулиш учун доимо кураш олиб боради, чоҳ ёқасида, ўлим хавфи остида яшайди, оғир ва машаққатли меҳнат эвазига турмуш посангисини базўр сақлаб туради.
Шундай қилиб, барча жонзот ва ҳар бир жониворга ҳаёт кечириши учун, фақат жонини сақлаб туриш учунгина асқотадиган имконият берилган: шу сабабли уларнинг ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат, ҳар қадамида уларни ўлим хавфи кутади. Кўпинча бу хавф-хатардан қутулиш имкони йўқлиги учун табиат наслнинг қирилиб кетмаслигини таъминлайди, шу сабабли жонзотлар керагидан ортиқча даражада зурриёт қолдиради. Сайёрамизда бир вақтлар яшаган, кейинчалик йўқолиб кетиб тошга айланган жонзотларнинг қолдиқлари бунга ҳужжатли далил ва гувоҳ бўла олади; кейинчалик улар мавжуд бўлишига имконият бутунлай қолмаган, бинобарин, улар яшаган олам мавжуд бўлиши мумкин бўлган энг ёмон оламларнинг ҳам ёмони ҳисобланган.
Моҳиятан олганда, оптимизм – ҳақиқий асл-наслимизнинг ноўрин мақтаниши, яъни ҳаётга айланган ироданинг ўз бунёдкорлигидан мағрурланишидир. Шу сабабли оптимизм нафақат сохта, ҳатто зарарли таълимотдир. Амалда у ҳаётни, гўё биз истаган ҳолат сифатида, биз кўзлаган бахт сифатида тасвирлаб беради. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир одам ўзини бахт ва роҳат-фароғатга сазовор, деб ўйлайди, лекин, аксарият, у насиб этмаса, ўзини адолатсиз тарзда камситилган, ҳаётда мақсадга эриша олмаган омадсиз одам сифатида ҳис қилади: ваҳоланки, ҳаётимиз мақсадини охири ўлим билан тугайдиган меҳнатда, йўқчиликда, қашшоқликда, ғам-андуҳда кўриш тўғрироқ бўларди (браҳманлик, ҳиндувийлик ва ҳақиқий насронийлик шунда кўради), чунки айнан мана шу қийинчиликлар биздаги ироданинг ҳаётга бўлган интилишини инкор этади.
“Янги Аҳд”да қийноқлардан иборат ҳаёт покланиш жараёнига қиёсланади, мусибат – насронийлик рамзи ҳисобланади. Шу сабабли Лейбниц, Шефтсбери, Боллингброк ва А. Поплар ўз оптимизмини байроқ қилиб чиққанларида кўпчилик ер чизиб қолди, чунки насронийлик оптимизмни чиқиштира олмайди. Вольтер ҳам “Лиссабон ҳалокати” номли шеърида оптимизмга қарши бўлиб, унга ёзган сўзбошисида буни тубдан аниқлаб берди. Бу буюк инсонни айрим сотқин олмон қоғозбозлари ерга урмоқчи бўлсалар-да, мен уни меҳр билан кўкларга кўтараман, у Руссодан анча юқори туради. Вольтернинг фикрлари ғоятда чуқур, бу қуйидаги қарашларида намоён бўлади: 1) инсон ҳаётида ёвузлик ва мусибатнинг нисбатан кўплигини англаши; 2) ирода кучи мустаҳкам бўлиши зарурлигига қатъий ишонч; 3) коинотнинг фикрловчи аввали моддийлигининг эҳтимоллиги ҳақидаги Локкнинг ғояларини ҳақиқий деб ҳисоблаши. Руссо бўлса, ўз декламацияларида бунга қарши чиқади, масалан, “Савоя викарийсининг диний эътиқоди” номли протестант руҳоний- пасторларининг саёз фалсафасини тасвирловчи асарида. Худди шу руҳда Руссо оптимизмни кўкларга кўтариб, 1756 йил 18 августида Вольтерга ёзган узундан-узоқ махсус хатида унинг юқорида эслатилган шеърига қарши чиқиб, маъносиз, юзаки, нотўғри мантиққа суяниб хулоса қилади. Руссо фалсафасининг ўқ чизиғи ва асосий пойдевори – насронийлик таълимотидаги инсон зотининг бошланиши, азалий гуноҳи ва бузуқлиги эмас, балки у азалдан эзгуликка мойиллиги ва камолотга етишиш учун чексиз қобилиятга эга эканлиги, фақат цивилизация ва унинг мевалари уни йўлдан оздирганлиги, деб ўз оптимизми ва гуманизмини шу асосга қурганлигидир.
“Кандид” асарида оптимизмга қарши ҳазил-мутойиба услубида курашган Вольтер ҳам, ўлмас буюк асари “Каин” (Қобил ва Ҳобил)да бу дунёқарашга фожиа услубида жиддий қарши чиққан Байрон ҳам обскурант (расмиятчи) Фридрих Шлегел томонидан сўкиш эшитган. Қолаверса, агар мен ўз қарашларимни тасдиқлаш мақсадида барча замонлардаги донишмандларнинг оптимизмга қарши руҳда айтилган мулоҳазаларини келтирадиган бўлсам, уларнинг кети узилмасди, чунки уларнинг деярли ҳар бири бу дунё беҳаловат ва сурурсиз эканлиги ҳақида зўр гапларни айтганлар. Шу сабабли, мен ўз қарашларимни тасдиқлаш учун эмас, балки шу бобни безатиш учун шунга ўхшаш кўчирмалардан бир нечтасини келтириш билан якунламоқчиман. Даставвал шуни эслатмоқчиманки, греклар, насронийликдан ва юқориосиёликларнинг дунёқарашидан қанчалик узоқ бўлмасин, ирода ўрнининг қанчалик даражада кучли эканлигини қатъийлик билан тасдиқламасинлар, ҳар ҳолда улар мусибат борлиқнинг ич-ичига сингиб кетганлигини англаганлар. Трагедияни айнан шулар яратганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Дастлаб Ҳеродот томонидан, кейинчалик бошқа ёзувчилар томонидан қолдирилган маълумотларга кўра, фракияликлар одати бўйича янги туғилган чақалоқларнинг дунёга келишини йиғи-сиғи, дод-фарёд билан нишонлашган, бу дунёда ҳар қадамда ёвузликлар хавф солишини унга айтиб йиғлашган, марҳумни эса, аксинча, бу дунё мусибатларидан қутулганлигини айтиб, хурсандчилик ва ҳазил-мутойиба билан дафн этганлар. Бу ҳақда Плутарх (“Шеърият эркинликлари ҳақида”) бизгача сақланган ажойиб шеърида шундай дейди:
“Улар туғилганларни қайғу-алам кутаётганлиги учун йиғлаб кутиб олишган; ўлганни эса мусибатлардан қутулгани учун дўстлари олқишлаб, хурсандчилик билан кузатишган”.
Халқларнинг қон-қардошлигини кўрсатиш учун эмас, балки ушбу ҳолатни ахлоқан тасдиқлаш учун шуни қўшимча қилиш керакки, мексикаликлар чақалоқни: “Болагинам, сен сабр-тоқат учун туғилгансан; сабр қил, изтироб чек, сукут сақла”, деган сўзлар билан кутиб олганлар. Шу ҳиссиётга бўйсуниб, Свифт (Вальтер Скотт унинг таржимаи ҳолида келтирганидек) болалигидан бошлабоқ туғилган кунини хурсандчилик билан эмас, хафагарчилик билан кутиб олишни одат қилган. Ўша куни у уйида ўғил туғилганлиги ҳақида хабарни эшитгач, отасининг уйида Инжилдан Иов кўз ёши тўкаётганлиги ҳақидаги бўлимни ўқиб ўтирган.
Афлотун “Суқрот апологияси”да бу донишманд тилидан, ўлим бизни онгимиздан абадиян жудо қилганда биз учун эзгу туҳфа бўлур эди, чунки бир кунлик уйқу ороми, ҳаётимиздаги энг бахтли кундан кўра яхшироқдир, деган жойларини батафсил келтириш жуда узоқ вақтимизни олган бўларди.
Гераклитнинг: “Ҳаёт – номигагина ҳаёт, амалда эса бу – ўлим”, деб ёзади “Ҳаёт” сўзининг катта этимологияси” китобида. Эвстет “Илиада” ҳақида” асарида ҳам шундай деган.
Феогнитнинг машҳур гўзал шеърларидан:
Туғилмаслик – инсон учун энг катта бахтдир,
Кўрмасидан қуёш нурин, ёруғ дунёни.
Ё туғилиб, шу заҳоти ерга кирсайди,
Кўрмас эди бу ғам-алам, аччиқ рўёни…
Софокль “Эдип Колонда” драмасида бу фикрни лўндароқ қилиб айтган:
Туғилмаслик – улуғ неъмат экан бизларга,
Модомики туғилдикми, тез кетган яхши.
Эврипид айтади:
О, инсон азоблари, тузалмас дардлар…
Гомер аввалроқ айтган:
“Ер юзида нафас олиб, яшаб турганлар
Орасида энг бахтсизи инсонлар экан”.
Ҳатто Плиний ҳам: “Табиат томонидан инсонга туҳфа қилинган неъматлар ичида ўз вақтида келган ўлимдан бошқа яхшироқ нарса йўқ – бу ҳар бир инсонга берилган қалб давосидир”, деган.
В. Шекспир драмасида қирол Генрих IV тили билан айтади:
Келажакни биз аввалроқ билганда, эвоҳ,
Тушунардик, ҳаётимиз қадаҳи гоҳо
Шодлик билан тўлар, гоҳо ғам-андуҳ билан.
Қайси бири насиб этар – тасодиф иши,
Орзу қилар энг бахтиёр, муҳтарам зотлар
Ўлганимиз яхши эди бундай хорликдан…
Ниҳоят Байрон шундай деган:
“Ҳаётингда энг қувончли бўлган дамларингни ҳисобла; бесаранжомликдан ҳоли бўлган кунларингни ҳисобла, ҳаётинг қандай ўтган бўлмасин, шуни англагилки, умуман ҳаёт кечирмаганинг яхшироқ бўларди”.
Ва Бальтазар Грациан “Критикон” асарида (1 қисм, 5 фикрлар бошл. ва 7 фикрл. охирида) ҳаёт мусибатларини қора бўёқларда тасвирлайди ва унинг фожиа эканлигини муфассал кўрсатиб беради.
Лекин, ҳозирги кунларда ҳеч ким Леонарди (1798–1837 йй. – итальян шоири) каби бу масалага чуқур ва ҳар томонлама ёндошмаган. Бу муаммони ечишга у бутун борлиғи билан киришган; доимий мавзуси – ҳаётимизнинг масхарали ва мусибатли ҳолатларини асарларининг ҳар бир саҳифасида жуда кўп шакл ва кўринишларда, турли-туман образлар орқали ёритиб берганки, бу нарса ҳеч қачон кўнглимизга тегмайди, аксинча, таъсирчан ва жуда қизиқарлидир.
Абдунаби Абдулқодир таржимаси