Хулио Кортасар. Ўйиннинг тугаши (ҳикоя)

Қуёш тандирдек қиздираётган паллада, жазирамага ҳам қарамай, мен, Летисия, Оланда учовимиз темирйўл ёқасига ўйнагани борардик. Ойим билан Руфь холам тушликдан сўнг дам олгани хона-хоналарига кириб кетишлари биланоқ, ҳайҳотдек ҳовлимиз этагида кесакисиз, тўғридан-тўғри деворга ўрнатилган оқ эшикчадан лип этиб чиқардигу, қанот боғлаб учардик. Икковлари ҳар куни идиш-товоқ ювавериб безиб кетишган, бирпасда чарчаб ҳам қолишарди, шу сабабли Оландо иккимиз уларга жонимиз ачир, идиш-товоқларни ювиб-артишга қарашиб юборардик. Аммо минг афсус, доим аксига олар, ёрдам берамиз деб, уларга иш орттирар, бу ҳам етмагандек, асабларини бузар эдик. Негаки қиздирилган ёғ ҳиди билан Хосе деган мушугимизнинг баг-буғи, Оланда икковимизнинг кўнгилга урадиган бақир-чақиримиз, талашиб тортишишларимиз ҳамда қошиқ-санчқиларнинг шарақа-шуруқлари тутиб кетган нимқоронғи ошхона чидаб бўлмас бир аҳволга келар, пировардида, бизнинг дастёрчилигимиз жанжал-тўполон, гина-араз билан тугар эди.
Ҳаммасини Оланда бошларди. Очиғини айтганда, у жанжал чиқаришга жуда уста эди, хоҳласа ҳаммани уруштириб кўя оларди. Гоҳ ҳозиргина ювиб-тозаланган стаканни ювинди тўла челакка билмагандек тушириб юборар ёки кутилмаганда: “қўшнимиз Лосалар бунақа қора ишлар учун уйларига иккита хизматкор аёл олишибдими?” — дея сўраб қоларди. Мен эса бошқача йўл тутардим: Руфь холамга: “ойим агар ювишни хуш кўрадиган рюмкалар билан ликопчалар қолиб, қорайиб кетган тунука кастрюлкаларни қириб қиртишларидан нарига ўтмас экансиз, қўлларингизнинг оташкуракдан фарқи қолмайди” — дея шама қилар ва шу тариқа икковларини осонгина бир-бирларига қайраб қўярдим. Мабодо таъна-дашном, безорижон панд-насиҳат, ота-боболаримизнинг ибратомуз ҳаёти, одоб-ахлоқи ҳақидаги “маърузалар” бошланиб қолса, сўнгги чорани ишга солардик — мушугимиз Хосега қайнаб турган сувдан бир чўмич сепиб юборардик. “Қайноқ сувда куйган мушук совуқ сувдан қочади”, дейишади. Бекор гап! Бизнинг Хосе худди “қани, юз даража қайноғидан бўлсин, илиқроқ бўлса ҳам зарари йўқ, яна бир сепинглар-чи” — дегандек атай ўчоқ ёнидан кетмай, ўша орада айланишиб юрарди. Бунақа ҳодиса тез-тез такрорланиб турганига қарамай, мушукка ҳали ҳануз зиён-заҳмат етмаган, соппа-соғ юрибди, аммо ўша дамларда уйимиз ғалванинг инига айланарди, бу қий-чув, жанжал, одатда, Руфь холамнинг авж пардаларда бақириши билан ниҳоясига етарди. Алоҳа, ойим то бизга қадрдон бўлиб қолган таёқни излаб топгунларича Оланда иккимиз жуфтакни ростлаб қолардик, узун йўлакдан ўтиб, ҳовлининг нариги бошида Летисия бизни кутиб ўтирган хонага кириб яширинардик; ўша кезлар Летисия Понгсонг дю Террайлнинг Рокамбола ҳақидаги китобини қўймай ўқиб ўтирган бўларди. Нимаси ёқиб қолган унга бу китобнинг — сира ақлимиз етмасди. Шундан шунга келган ойим Летисиянинг хонасига етиб келган ҳамон бирдан бошимизда ёнғоқ чақиш ниятидан қайтиб қоларди. Ичкаридан эшикни тамбалаб олиб, ялиниб-ёлборишга тушар, дийдиёмиз бирпасда ойимнинг жонига тегар, Оланда иккимиз пушаймонлигимизни йиғламсираб, саҳна актёрларидек таъсирли тарзда ижро этардикки, ҳам кўнгли юмшаб, ҳам тоқати битган ойим барчасига қўл силтаб изига қайтарди. Кетаётганида: “Ҳаҳ расво қизлар-а, бир куни кўчага ҳайдаб юбораман, ана ўшанда таъзирингизни ейсиз!” — дея пўписа қилиб қўйишни канда қилмасди.
Ҳайронман, бизга ёпишган кўнгилсизликларнинг бари ойим жазо тариқасида айтаётган ана ўша кўчада, аниқроғи, биз вужуд-вужудимиз билан ошиқаётган темир йўл ёқасида барҳам топарди. Уйда жанжал-тўполон тинчиб, ҳатто Хосе ҳам хушбўй ис таратаётган лимон бутасининг соясида асалариларнинг виз-виз “куйидан” завқланиб ётганида биз секингина оқ эшикдан чиқиб, уни яна худди шундай — ғижирлатмай ёпган заҳотимиз дилимиз озодликнинг ғайрат, завқ-шавқига тўлиб, учовимиз ҳам севимли масканимиз сари елдек учардик. Темир йўл ёқасидаги тепаликка етиб келгач, ўша ердан туриб ястаниб ётган салтанатимизни ички бир ифтихор ва меҳр билан томоша қилардик.
Бу ер, чинданам, биз учун бир салтанат эди. У темир йўл кескин бурилган нуқтадан бошланиб ҳовлимизнинг орқа тарафидаги деворларга довур тақалиб ўтган ерларни ўз ичига оларди. Бу замин шағал, темир излар, майда тошлар орасидан ниш уриб чиққан номсиз гиёҳлар ҳамда тоғ жинсларидан иборат эди, холос. Мана шу тоғ жинсларининг таркибидаги кварц, дала шпати ва шаффоф зарралар офтоб нурида хақиқий гавҳар каби жилоланарди.
Биз ҳадик, хавотир ичида (поезд келиб қолишидан эмас, балки уйдагилардан: улар бизни ҳар дақиқада кўриб қолишлари мумкин эди-да) чўк тушиб темир изларни ушлаб кўрардик, чўғдек қизиган тошлардан таралаётган қайноқ ҳовур юз-кўзимизга урилар; сўнг қаддимизни ростлаб дарё томон юзланардик, дарёдан эсаётган намхуш, лекин ўта иссиқ ҳовур юз-кўзларимизу, қулоқларимизга урилиб куйдиргудек бўларди, оқибат терлаб кетар ва пастга югуриб тушардик, зум ўтмай яна тепаликка кўтарилардик; шу тариқа бир неча марта чиқиб-тушар ва ҳар сафар дам қуруқ жазирадан сернам оташкадага, дам сернам оташкададан қуруқ жазирага тушиб-чиққандек бўлардик. Лов-лов ёнаётган кафтларимизни аъзойи-баданимизга босиб, тер қуйилишини ҳис қилишдан ҳузурланар эдик. Кўз ўнгимизда қизғиш тусда товланаётган темир йўл шпаллари, кумушдек товланиб оқаётган дарё манзараси завқимизга завқ қўшарди.
Алоха, тепаликдан тушиб, ўша қайроқи тошлардан териб кўтарилган оқ эшикли девор ёқасидаги мажнунтолларнинг салқин соясига бориб ўтирардик. Салтанатимизнинг маркази, биз учун афсонавий маскан — табаррук ўйингоҳ шу мажнунтоллар остида эди. Биз севган ўйинларнинг ҳаммасини зукко ва эркатой Летисия ўйлаб топганди. Бундай дейишимнинг сабаби, унинг ҳаёти ҳавас қиларли даражада маъмур — ҳамма унинг кўнглига қарар эди. Бизга ўхшаб идиш-товоқ ювмас, ўрин-кўрпа солмас, супур-сидирдан дархон эди, кўнгли нимани тусаса, ўшани муҳайё қилишарди, хоҳласа уззукун расм чизиб, ҳайкалчалар ясаб ўтирар ёки китоб ўқир ва ҳатто, хохдаса катталар билан алламаҳалгача бемалол гаплашиб ўтирарди. Бу ҳали ҳолва экан! Алоҳида хона ажратиб беришгани-чи?! Хонтахтасидан аримайдиган ширинликлар-чи?! Иззат-икром, аяб эркалашларни айтинг! Бундай марҳамат ва мавқедан Летисия қолиб, мен фойдаланайми? У нафақат ўйинларимизга бош бўлар, балки бутун салтанатимизга ҳоким эди. Унинг чизган чизиғидан чиқишни хаёлимизга ҳам келтирмасдик, аксинча, жон-жон деб итоат этардик. Эҳтимол, ҳаммасига ойимнинг панд-насиҳатлари сабаб бўлгандир: у Летисияга қандай муомала қилиш, қандай муомала қилмаслик ҳақида эртаю кеч эслатиб турарди. Балки синглимизни астойдил яхши кўрганимиз учун барча эркалик ва инжиқликларини кўтарар ва буйруқбозлик қилишига аҳамият бермасмидик?! Аммо эсизгина, Летисиянинг турқи-таровати раҳбар бўлишга пором келмасди. Бўйи паст, бунинг устига ўта озғин. Оландо ҳам нозиккина, бундай қаралса, менинг ҳам вазним эллик килога етмас — қўрқмасдан айтишим мумкин — ориққина эдим. Бироқ Летисияга ўхшаган қизларни учратиш амри-маҳол; эти суягига ёпишган, бўйни, қулоқлари ҳам этсиз, рангпар эди. Эҳтимол, хасталик уни шу кўйга солгандир?! Унинг умуртқаси лат еган, шу сабабдан бошини тутолмас, қўшнимизнинг ошхонасида деворга суяб қўйилган дазмол тахтасини эслатарди. Тавба қилдим, чинданам дазмол таҳтасининг ўзгинаси-я! Шунга қарамай, бизни истаган кўйга солишини айтинг!
Бир кунмас бир кун ойим билан Руфь холам бизнинг ўйинларимиз ҳақида билиб қолишганда уйда нималар бўлишини тасаввур қилсам юрагим орқага тортиб кетади. Аниқ, кимдир ҳушидан кетган, кимдир сув келтириб сепган, Руфь холамнинг “си-бемоль” пардасига чиқиб чинқириши… кетидан дод-вой бошланиши; елга совурилган умр, бекордан-бекор йўқотилган саломатлик, “кўрган куним қурсин, шуларни деб яшасаму, эвазига шуми раҳмат?!”, пировардида, биз “осий бандалар” — қулоқсиз болаларга кўриладиган жазо рўйхати овоза қилинади. Энг охирида эса эшитавериб кўникиб кетганимиз ўша иддао: “Ярамас касофатлар, бир куни кўчага …” Нега кўча бунчалик ёмон, нимаси қўрқинчли — тушунолмайман.
Ўйин бошланишидан олдин Летисия қуръа ташларди. Баъзан эса майда тошчани олиб кафтига беркитар, тошча қайси қўлида эканини топиш керак бўларди, баъзан эса йигирма биргача санаш орқали аниқланарди, гоҳида бошқа бир нима ўйлаб топарди… Йигирма биргача санаш чоғида азбаройи қулайлик учун бундай қилардик: гўё бизлар уч киши эмас — бешта ёки олтитамиз, башарти хаёлимиздаги қизлардан биронтасининг чекига йигирма биринчи бўлиш тушиб қолса, яна бошидан санашга тушардик, то мен, Летисия ва Оландодан биттамиз йигирма биринчи бўлиб чиқиб кетмагунча саноқ давом этаверарди. Шу ҳал бўлгач, Оландо иккимиз катта харсанг тошни суриб, унинг остидаги махсус қазилган ўрадан тақинчоқлар тўла қутини олардик. Чек ташлаганда Оландо ютиб чиқди дейлик, Летисия билан мен ўзимизга манзур тақинчоқларни танлаб берардик. Уйинимиз асосан икки хил эди, биттаси “ҳайкал”, иккинчиси эса “ҳолат” деган ўйин. Иккинчи ўйин учун либос ёки тақинчоқлар шарт эмасди, асосийси, юз-кўз орқали ҳолатни ифодалаш, содда, тушунарли ишоралар билан акс эттиришдан иборат эди. Мана масалан, ҳасадни олинг, бу ҳолатда муштлар тугилади, азбаройи қаттиқ сиқилгани учун бармоқлар оқариб кетади, кўзлар чақнайди. Шафқатми? Марҳамат — илтижо билан осмонга термулган кўзлар, фариштадек маъсум чеҳра, узатилган кўлларда бир парча матоми, тол новдасими, коптокчами, қисқаси, тасаввурдаги биронта етимчага ният қилинган хайр-эҳсон… Ҳаммасидан ҳам номус ёки кўрқувни акс эттириш осон эди. Лекин ғазаб ёки рашкни ифодалашда қийналардик. Либослар билан безаклар “ҳайкал” ўйинида аскотарди. Хоҳлаган нарсангни, хаёлингга келганини акс эттириш чексиз имконият. Биз қойилмаком ифода яратиш учун узоқ тортишардик. Қоида бўйича ҳайкал бўлувчининг ўзи учун бир тутам тасма ёки тугмачадек нарса танлашга ҳам ҳаққи йўқ. Унга нима раво кўрилади — шерикларига боғлик эди, шериклари нимани танлаб беришса, ўшанга қараб тўн бичарди, яъни қандай ҳайкал бўлиб туришни ўзи учун ҳал қиларди. Ушбу ўйиннинг ўзига яраша кийинчилиги бор эди, чунки баъзан безакларни танлаб бераётган икки киши қасддан, атайин “ҳайкал”ни қийнаш учун, энг кўримсиз ва кераксиз нарсаларни танлаб берарди. Аксар ҳолларда эса ҳайкал расвойи жаҳон бўларди. “Ҳолат” ўйини чоғида бўлса ҳаммаси тинчгина, бежанжал ва гина-кудуратсиз ўтарди.
Мен айтиб бераётган бу воқеалар Худо билади, қачон бошланган, бироқ, аниқ эсимда — вагон ойнасидан биринчи мактуб учиб тушган кундан эътиборан ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди. Ростини айтсам, агар ўйинимизни томоша қилувчи бўлмаса, ҳайкалга ўхшаб қотиб туришлару ҳар турли ҳолатларни ифодалаб беришлар жуда тез жонимизга тегарди. Ўйинимизнинг бутун моҳияти шундан иборат эдики, чекига тушган қиз соат роппа-роса иккию саккизда Тигре шаҳарчасидан чиқувчи поездни темир йўл ёқасидаги тепаликка чиқиб кутиб олиши ва йўловчиларга ўзини кўз-кўз қилиб туриши лозим эди. Одатда поездлар бу ердан катта тезликда ўтар, шу боис биз ўз санъатимизни вагон деразалари орқали кўришга улгурувчи йўловчиларга намойиш этишдан уялиб ўтирмасдик. Бошида ола-чалпоқ қилиб ҳеч нарсани кўролмасдик, лекин секин-аста поезднинг кўз очиб юмгунча лип этиб ўтиб кетишига кўзимиз ўрганди ва ҳатто айрим йўловчиларнинг биз билан саломлашиш истагида қўл силкишлари, жилмайиб қарашларини аниқ-таниқ кўрадиган бўлиб қолдик. Мугуздан ишланган кўзойнакли мўйсафид, сочлари қордек оппоқ жаноб ҳар сафар ойнадан бошини чиқариб, рўмолчасини силкитганча тепаликда қотиб турган “ҳайкал”ни олқишлар эдилар. Вагон зинапоясида ўтириб олганча мактабдан қайтаётган ўқувчи болаларни айтмайсизми! Баъзилар бир нималар деб қийқирган, бошқалари бизлардан жиддий нигоҳини узмаган. Афсуски, ҳайкал бўлиб турган ёки ҳолат ифодалаётган қиз буни кўрмасди. Бунинг иложи ҳам йўқ эди. Чунки унинг бутун диққат-эътибори поезд ўтиб кетгунча қилт этмай туриш ва чайқалиб кетмасликка қаратиларди, бир сўз билан айтганда ўзидан ортмасди. Биз эса, ўйинимизнинг асосий иштирокчиси йўловчиларга қандай таъсир қилганини мажнунтол соясидан кузатиб турардик. Март ойининг бошларида, янглишмасам, сешанба куни иккинчи вагон ойнасидан ўша машъум мактубча учиб тушди. Мактуб “ғийбатчи” ҳолатини ифода этаётган Оландонинг олдидаги тошга урилиб коптокдек сапчиб тўппа-тўғри менинг оёқларим остига келиб тушди.
Тўрт букланган нома темир гайкага боғланган эди. Уни эркак киши ёзганлиги сезилиб турарди — қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан қуйидагилар ёзилганди: “Мен иккинчи вагоннинг учинчи ойнаси олдида ўтирибман. Ариэль Б.” Шундан-шунга залворли гайкага боғлаб улоқтирилганидан номанинг қўлимизга тегишини жуда-жуда истаган одам ёзгани аниқ. Бироқ, ажабо, у шунча ташвиш чекишга арзимайдиган даражада қисқа ва ҳиссиз ёзилган эди. Лекин минг қилганда ҳам бошимиз осмонга етди ва ўша заҳоти қуръа ташладик. Қуръа менга чиқци. Эртасига биронтамизнинг тепаликка чиқиб санъатимизни намойиш этгимиз келмасди, тавба. Ҳамманинг фикру хаёли — Ариэль Б. ни яхшилаб кўриб қолиш. Кейин мулоҳаза қилиб, ўйинни бир марта ҳам тўхтатмаслик керак, (Ариэль буни нотўғри тушуниши мумкин) деган қарорга келдик-да, ким топса ўша ютади, дея Летисия майда тошчани кафтлари орасига яширди. Летисиянинг ўзи ютиб чиқувди, Оландо икковимиз қувонганимиздан бир-биримизни қучоклаб олдик. Сабаби, бояқиш синглимиз ҳайкал бўлишни жуда боплар эди. Қимир этмай қотиб турганида унинг ногирон эканини ҳеч ким пайқамасди. Гап бунда ҳам эмас, энг муҳими — унинг бутун қиёфасидан, ҳар битта ҳаракатидан алоҳида поклик ва масъумлик ёғилиб турарди. Агар “ҳолат” ўйини бўлса, у одатда Шафқат, Итоат, Фидойи, Ҳимматни ифодалашга уринарди. Бордию ҳайкал бўлишга тўғри келса, қай жиҳати биландир катта уйимиз деворига осилган, Руфь холам қачон қараманг “Милослик Венера” — деб тилга оладиган сувратдаги соҳибжамолга ўхшашга ҳаракат қиларди. Нимасини айтасиз… ўша куни Летисия нима кийгани маъқул, қайси тақинчоқлар унга кўпроқ ярашиши борасида узоқ ўйладик. Ўзи ниятимиз битта — Ариэлни лолу ҳайрон қолдириш. Летисия енгсиз калта кўйлакда эди, биз яшил бахмалдан тунукасифат ёпинчиқ бичдик, бошига эса мажнунтол новдаларидан ясалган чамбарак кийдирдик, Летисия ҳайрон қоларли даражада қадим-юнон маъбудасига ўхшаб қолди. У қандай ҳолатда турмоқчи эканини тушунтирганда ҳаяжонланиб кетганимиздан Ариэлни муносиб кутиб олиш учун тепаликка учовимиз ҳам чиқиб турмоқчи бўлдик.
Летисия ҳаддан зиёд очилиб кетганди, унга қараган одам кўзини узолмасди, у то поезд ўтиб кетгунича қилт этмади. Ёнга бурилолмагани учун бошини орқага ташлади ва иккала қўлини тушуриб қотиб қолди, — яшил ёпинчиғини қўяверинг, — қойил! Милослик Венеранинг худди ўзи!
Иккинчи вагоннинг учинчи ойнаси олдида ўтирган малласоч ўспиринни бир қарашда танидик — саломлашиб қўл силкиганимизда қувончдан оғзи қулоғига етди Уни атиги бир сония кўришга кўрдик, лекин уч соатдан кейин ҳам у ҳақдаги баҳс-мунозарамиз тўхтай демасди: костюмининг ранги қанақа — кулранг эдими, кўкиш эдими, қизил галстуги қанақа тусда товланарди, умуман, Ариэлнинг ўзи-чи — хушрўйми, сўхтаси совуқми ва ҳоказо мавзуларда баҳсимиз давом этаверди. Пайшанба куни мен изтироб ҳолатини акс эттираётганимда, “Учовингиз ҳам бир-бирингиздан ажойиб экансиз. Ариэль Б.” деган мазмунда яна бир нома олдик. Шундан сўнг ҳар сафар поезд ўтганида Ариэль вагон ойнасидан бошини чиқариб, бизга қўл силкитадиган бўлди. Биз уни ўн саккиз ёшда (ҳолбуки, унинг ўн олтига ҳам кирмаганига учовимизнинг ишончимиз комил эди), ҳар куни ўқишдан инглиз коллежидан қайтаётган бўлса керак, дея тахмин қилардик. Коллежда ўқишига шак-шубҳа йўқ, чунки бизнинг Ариэль оддий билим юртида ўқиши мумкин эмас эди, назаримизда! Қанақа хонадоннинг фарзанди экани шундай кўриниб турибди-ю!
Оланданинг омади келиб, қаторасига уч кун қуръа ташланганда ютиб чиқди. Биринчи кун Умидсизлик ҳолатини боплади, эртасига Ғаразни бетакрор бир қиёфада ўринлатиб қўйди; учинчи кун акс эттирган Раққосаси ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Шунақа ҳам қойиллатдики, асти қўяверинг, кўрган одам тасаннолар айтмасдан иложи йўқ. Поезд муюлишда кўринганидан то салтанатимиз ёнидан ўтиб кетгунича, яна тағин оёқ учида қилт этмай туришнинг ўзи бўладими?
Нихоят, менга ҳам навбат келди, ўша куни мен ваҳимага тушган одам ҳолатини ифода этиб турганимда биров улоқтирган гугурт қутисидек гайкага боғланган нома вагон ойнасидан учиб тушди. Уни ўқиб, дабдурустдан тушунолмадик: “Орангиздаги… энг ёкимтойрокдир”. Летисия Ариэль кимни назарда тутаётганини сал кечикиброқ фаҳмлади, фаҳмлагач — қизариб кетди ва бир чеккага ўтиб олди. Тўғрисини айтганда, Оланда иккимизнинг ҳазилакам аччиғимиз чикмади. Бу Ариэль деганлари қип- қизил аҳмоқ экан-у! Летисияга айтиб бўлмайди-да бу гапни, ҳам нозик, ҳам кўнгли яримта. Лекин, ҳар қалай, номани олиб киссасига солиб қўйгани нимаси, кимга аталганини сезган-да! Уйга қайтаётганимизда йўлда учовимиз чурқ этмай кетдик, кечқурун эса ҳар ким ўзидан ортмай, бир-биримизни деярли кўрмадик ҳам. Кечки овқат пайтида Летисияни кўрсангиз эди, у бир гапириб ўн кулар, кўзлари пор-пор ёнарди. Ойим Руфь холамга бир-икки марта маъноли караб қўйдики, бунинг тагида ана кўрдингми, бошланиши чакки эмас, ўзгариб қолганини қара, икки кунда-я, — деган маъно англашиларди. Гап шундаки, ўша кунлари Летисияга янги дори-дармон бера бошлашган эди.
Кечаси Оланда иккимиз бу ёғига нима қилиш кераклиги ҳақида алламаҳалгача гаплашиб ётдик. Минг қилганда ҳам Ариэлдан хафа бўлишнинг кераги йўқ эди. Нима қипти, вагон ойнасидан қараса қарабди, нимадир, кимдир унга кўпроқ ёқибти, шунгаям ота гўри қозихонами?! Лекин Летисия-чи, уни нима жин урди, нега бунақа қиляпти, уйда ҳеч ким мушугини пишт демаслигини, қаттиқ-қурум гапириб дилини оғритмаслигию, айбини кўриб кўрмасликка олишларига ишончи комил бўлгани учун шундай киляптими? Ёки ҳаммасини билишса ҳам, билмагандек чурқ этишмайди, дея ўйлаяптими?! Одамзод ҳаддидан ошмасин экан.
Летисиянинг дастурхон тепасидаги қилиқлари, ўша зорманда номани фақатгина ўзига тегишлидек киссасига солиб қўйишлари шундан далолат бермайдими?! Буниси энди ортиқча! Ўша куни мен яна алаг-чалағ туш кўриб чикдим. Тушимда саҳар пайти эмишу, мен сон-саноқсиз темир излар кесишган ҳайҳотдек майдонда турган эмишман. Ҳали чап томонимдан, ҳали ўнг томонимдан поездлар шитоб билан ўтиб қолармиш, мана ҳозир орқамдан келаётган поезд мени янчиб босиб кетади, дея қўрқармишман…
Эрталаб уйқудан турганимда кечаси кўрган тушимни эслаб ўтиришга имкон ҳам бўлмади, ҳожати ҳам қолмади, чунки Летисиянинг аҳволи чатоқ эди, у ҳатто бировнинг кўмагисиз кийинолмасди ҳам. Уйқудан турганда шу аҳволда экан… Афтидан кечаги қилмишидан қаттиқ пушаймон еб, ўз ёғига ўзи қоврилиб ухлолмай чиққан бўлса керак-да. Бизлар биримиз олиб, биримиз қўйиб унинг кўнглини олишга тушиб кетдик: ўзингни ҳадеб уринтираверма, толиққансан, ҳеч қаерга чиқмай бир-икки кун дам ол, китобингни ўқиб ёт, дея маслаҳатлар бердик. У эътироз билдирмади-ю, лекин биз билан нонушта қилгани чиқди ва ҳатто ойим билан Руфь холам хол-аҳвол сўрашганда, “анча яхшиман, ўтиб кетди”, — деди. Шу алфозда ҳам Летисия дам Оландога, дам менга тикилиб қарар эди.
Ўша куни чек ташлаганимизда мен ютиб чиқдим, лекин нима учундир — негалигини ўзим ҳам тушунолмайман — навбатимни Летисияга бағишладим. Нега, нима сабабдан, фарқи нима — бағишладимми бағишладим, гапни айлантиришнинг ҳожати йўқ. Модомики, Ариэль уни ёқтирар экан, ҳусни жамолига тўйсин… Летисия, асосан, “ҳайкал” ўйинини яхши кўрарди, бошқасига унча қизиқмас эди, шу сабабли унга осонроқ деб бирон-бир одмироқ нарса танладик, бечорани қийнаб нима ҳам қилардик? У хитой маликасига ўхшаб туришни лозим топди. Бу жудаям осон эди: хитой маликаларига монанд кафтларини кўксида қовуштириб, бир ибо билан ерга боқиб турса бас — худди ўзи-да! Узоқдан биз кутаётган поезднинг қораси кўринган заҳоти Оландо атай ўгирилиб олди, мен эса Ариэлнинг фақат Летисияга термулиб қараганларини, поезд ўтиб кетгунча ва муюлишга бориб кўздан ғойиб бўлгунича ундан кўз узмаганини кўриб турдим! Аниқки, хитой маликаси тимсолига айланган Летисия Ариэлнинг интизор термулганларини кўролмади. Аммо қайтиб мажнунтол остига келганимизда унинг авзойидан шу нарсани фаҳмладимки, Летисия ҳамма гапдан бохабар ва у либосларини эрталабгача ечмай хитой маликасининг қиёфасида юришга тайёр эди!
Чоршанба куни Летисиянинг талабига биноан фақат Оланда иккимизнинг ўртамизда қуръа ташланди (инсоф юзасидан олганда бу одилона талаб эди!). Яна Оланда ютди — жуда омадли қиз-да! Аммо-лекин Ариэль улоқтирган нома менинг оёқларим тагига келиб тушди. Аввалига уни Летисияга бермоқчи бўлдим, кейин фикримдан қайтдим, нега ҳадеб унинг кўнглига қарайверишимиз керак!! Нега? Тўрт букланган қоғозни очдим, унда Ариэль бизлар билан учрашиш ниятида экани, шунинг учун эртага нариги станцияда тушиб қолиб бизнинг олдимизга келмоқчилигини маълум қилган эди. Унинг дастхати ўта хунук эди, шунга қарамай охирги жумласи бизга мойдек ёқиб тушди: “Учала ҳайкалга алангали саломлар. Ариэль Б.” Имзосини кўрсангиз — ажи-бужи, лекин шу билан бирга қандайдир ўзига хос ғайриоддий эди.
Мен ушбу номани баланд овозда ўқиб бердим, тавба, сингилларим талмовсираб оғиз очишмади! Уларнинг бу туришларидан аччиғим чиқди, Ариэль “Эртага сизларни кўргани келаман, — деб турсаю, оғзингизга талқон солиб олганингизни-чи”, — дея жеркиб бердим ўзимча. Нима қиламиз, нима деймиз, гаплашиб олиш лозим. Агар Ариэлнинг келиши ҳақида уйдагилар билиб қолишса ёки Лосалардан биттаси кўриб, айтиб беришса борми, ана унда кўринг! Улардан эҳтиёт бўлиш керак, бу қўқилчалар жудаям расво, ғаразгўй, ғайирликларини айтмайсизми — вой-вой! Летисиянинг тақинчоқларини жимгина ечиб олдик, индамай саватга солдик ва худди бир-биримиздан аразлагандек, чурқ этмай, оқ эшик ёнигача бордик.
Руфь холам Оланда икковимизга “Хосени чўмилтиринглар” — деб топшириқ берди-да, Летисияни ичкарига олиб кириб кетди, Летисиянинг дори-дармон ичадиган вақти бўлган эди. Оланда билан ёлғиз қолгач, ниҳоят гаплашиб олишимиз учун имкон туғилди. Одамнинг ишонгиси келмайди — Ариэль бизни кўргани келаркан! Ниҳоят биринчи марта ўғил боладан дўст орттиряпмиз-а, холаваччамиз Тито ўғил бола бўлгани билан бир латта, овсаргина эди, ҳалигача бурни оқиб юради. Эртанги учрашув ҳақида ўйлаб шунақаям тўлқинланиб кетдикки, азбаройи Хосе бунинг жатига қолди. Бошлаб Летисия хақида Оланда (менга йўл бўлсин) гап очди. Менинг бошим қотарди: Ариэлга бор гапни айтсак, ҳаммаси тамом — бу бир, иккинчи томондан яширишдан нима фойда, барибир бир кунмас бир кун ҳаммаси ошкор бўлади, ўз бахти учун бировнинг бахтини барбод қилмаслик керак, ахир. Лекин қандоқ қилсак, Летисиянинг дили оғримайди — мана асосий масала! Бечора, шундоқ ҳам унга оғир, боз устига янги муолажа бошлашган, буни эшитса борми…
Кечкурун бизнинг деярли сўзлашмаётганимизни кўрган ойим ҳайратдан ёқасини ушлади: “Нима бало, тилингиз танглайингизга ёпишиб қолдими ҳаммангизнинг?! У Руфь холамга маъноли қараб қўйди, икковлари ҳам қизлар бир ишкал қилиб қўйишгану, шу боис ораларига совуқчилик тушган, юзлари чидамаяпти, деб ўйлашди, шекилли. Летисия эса овқат сузишганда қўл ҳам урмай, “тобим бўлмаяпти, хонамга бориб ёта қолай”, деганча чиқиб кетди. Оланда кузатиб қўйиш учун ўрнидан дик этиб турувди, зўрға розилик билдирди, мен ўша заҳоти тўқишга тутиндим — жудаям ҳаяжонлансам шунақа, чалғиш учун шу машғулотга тутинаман. Оланда негадир узоқ қолиб кетди — сабрим чидамай қараб келмоқчи бўлдим лекин андиша қилиб бормадим. Ниҳоят Оланда қайтиб чиқди, келиб ёнимга ўтирди, маънодор қилиб томоғини қириб қўйди, лекин индамади. Ойим билан Руфь холам идишларни йиғиб-териб чиқиб кетишларини очикдан- очиқ кутиб ўтиравердик. “Эртага Летисия ҳеч қаёққа чиқмас экан, — деди Оланда ниҳоят ёлғиз қолганимизда, — мени сўраса, манови хатни бериб қўйинглар, дея илтимос қилди”. У гапининг исботи учун блузкасининг чўнтагини кенгроқ очиб бинафша ранг конвертни кўрсатди. Кўп ўтмай тақсимча ювиш учун чақириб қолишди-ю, гапимиз чала қолди. Сўнгра хонамизга кириб бир оғиз ҳам гаплаша олмадик, чунки Оландаям, мен ҳам кун бўйи асабийлашиб, жудаям толиққан эканмиз, ўринга кирган заҳоти донг қотиб ухлаб қолибмиз.
Эртасига эрталаб мени бозорга юборишди-ю, Летисияни кўролмадим. Тушликка яқин ҳол-аҳвол сўраб қўяй, деган ниятда бирровгина олдига киргандим, у дераза ёнидаги кроватда беҳолгина ёстиққа ястаниб ўтирар — тиззасида севимли китоби “Рокамбала”нинг тўққизинчи жилди ётарди. Унинг ранг-рўйи бир ҳол эди, шунга қарамай мени хушхандон қарши олди ва ойнага тинимсиз келиб урилаётган бетайин ари тушига кирганини кула- кула айтиб берди. Мен, “Мажнунтоллар остига сенсиз боргимиз келмаяпти”, — дедим. Тўғриси, шу гапни айтишга айтдиму лекин овозим зўрға чиқди… “Агар хўп десанг, Ариэлга “Тоби қочиб қолди”, деймиз…” Бироқ Летисия бунга кўнмади. Шунда мен сал ўзимни босиб, уни кўндиришга ҳаракат қилиб кўрдим; икки оёгимни бир этикка тиқиб олганим йўғу, лекин, ҳарқалай, кўнгил учун “биз билан боргин”, дея илтимос қилдим. Сўнг “ҳеч нарсадан чўчима, ҳақиқий туйғу одамнинг юрагида, кўнглида бўлиши керак”, дейишга ҳам ботиндим. Ҳатто “Ҳикматлар хазинаси” деган китобда ўқиган гўзал ва пурмаъно ўгитлардан бир-иккитасини эслатиб ҳам ўтдим. Бироқ Летисия чурқ этмади. Мен, очиғи, ўкиндим, у деразадан кўз узмас, ҳозир йиғлаб юборадигандек ўпкаси тўлиб ўтирарди. Охири “ойимнинг ишлари бор эди”, деган баҳонада югура чиқиб кетдим.
Тушлик қандоқ ўтди, билмайман, Оланда дастурхонга теккан доғ учун Руфь холамдан эшитадиганини эшитди. Тақсимчаларни ювганимизни ҳам, оқ эшикча ёнига қанақа қилиб борганимизни ҳам яхши эслолмайман. Қадрдон мажнунтол остига боргач, бошимиз кўкка етиб қувонганимиздан бир-биримизни қучоқлаб, йиғлаб юборишимизга оз қолгани аниқ эсимда. Оланда башарти сўраб қолса, ўзимиз ҳақимизда нима деймиз, Ариэлнинг ҳафсаласини пир қилиб қўймасмикинмиз, дея ташвишланарди. Юқори синфда ўқийдиган болаларни биласизу, эндигина бошланғич синфни тугатган, кўйлак бичиш билан сутни кувлаб мойини олишдан бошқасини билмайдиган қизчаларни мазах қилишдан нарига ўтмайдилар. Роппа-роса иккидан саккиз минут ўтганда аввал поезднинг, кейин ҳадеб қўл силтаётган Ариэлнинг қораси кўринди, бунга жавобан биз “Хуш келибсиз!” деб ёзилган рўмолчалардан тикилган шиоримизни баланд кўтардик. Ярим соатлардан сўнг, Ариэль тепаликдан тушиб келди, — эгнида кўкиш костюм, у биз ўйлагандан кўра тикроқ эди. Танишув маросими қандай бошланди, ким аввал гапирди — яхши эслолмайман. Ариэль жудаям тортинчоқ экан, оғзидан гапи тушиб кетарди, шундай ажойиб номалар ёзиб, кўргани келган одам шунақа бўладими?! У даставвал бизнинг ҳайкал ва сурат бўлиб туришларимизни кўриб қойил қолгани ҳақида тўлқинланиб гапирди, сўнг исмимизни, нега уч эмас икки киши эканимизни сўради, Оланда “Летисия келолмади”, деганди, у “Афсус, минг афсус”, деди ва ортидан “Летисия… жудаям чиройли экан исми!”, дея қўшиб қўйди.
Алоҳа, саноат билим юрти, у ердаги машғулотлар, ўртоқлари ҳақида қизиқ-қизиқ нарсаларни гапириб берди (ана сизга инглиз коллежи!). Охири тақинчоқларимизни кўрсатишни илтимос қилди. Оланда харсангтошни суриб, бор бисотимизни олди-да, унинг олдига ёйиб қўйди. Ариэль катта бир қизиқиш билан тақинчоқ ва безакларни томоша қила бошлади, ора-чора бирон бир буюмни синчиклаб кўздан кечираркан, ўзига-ўзи гапиргандек: “Бир сафар Летисия мана шунга ўраниб олганди”, ёки “Буни Шарқ маликаси бўлганда кийганди”, деб қўярди.
Бизлар мажнунтол остида ўтирардик, Ариэлнинг афти-ангорида мамнуният ифодалари зуҳур этиб турган бўлса ҳам, гапларимизни фаромушхотирлик билан тинглар, одоб юзасидангина шартта туриб кетвормаётгани сезиларди. Суҳбатимиз ҳозир тугаб қоладигандек туюлган лаҳзаларда Оланда менга ўғринча қараб қўяр эди. Икковимиз ҳам бир хилда қийналардик, тезроқ шу савил қолгур учрашув тугаса-ю, тезроқ уйимизга кетсак, қаердан ҳам танишгиси келибди-я биз билан! Ариэль яна Летисиянинг саломатлиги ҳақида сўраган эди, Оланда мендан кўз узмай туриб: “У келолмади тамом вассалом” деди. Мен эса ҳозир ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб беради, деб кутардим… Ариэль чўп билан ерга ҳар хил шаклларни чизар, дамбадам оқ эшик тарафга қараб қўярди. Ҳаммаси сўзсиз тушунарли эди, шу сабабданми Оланда бинафшаранг конвертни чиқариб Ариэлга узатганда қувониб кетдим. Ариэль эса аввалига ҳайрон бўлиб турди, буни Летисия бериб юборганини тушунгандан сўнг, қип-қизариб кетди ва бизнинг олдимизда очиб ўқишни истамадими, конвертни чўнтагига солди. Шундан кейин ўрнидан турди ва: “Сизлар билан танишганимдан бағоят хурсандман” деди-ю, хайрлашгани қўлини узатди — унинг кафти ўта юмшоқ, ҳатто бир қадар ирғамчиқ эди. Биз танишув маросимининг бунчалик тез тугаб қолганига заррача ачинмадик, лекин Ариэлнинг кўкиш кўзлари билан ғайриоддий туюлган табассумини анчагача эслаб юрдик. Хайрлашаётган чоғидаги “Узр ва алвидо” деган каломи ҳам бизни хайратга солди. Чунки биз бунақа сўзларни умримизда эшитмагандик. Унинг бу сўзлари бамисли шеърий мисралар каби бетакрор ва таъсирли эди. Летисия бизни боғимиздаги лимон бутаси остида кутиб олган чоғда оқизмай-томизмай ҳаммасини айтиб бердик, мен тўлқинланиб кетганимдан биздан бериб юборган хатингда нималарни ёзгандинг деб сўрашимга оз қолди, бироқ атай конвертга солиб, азза-базза елимлаб сўнгра Оландага топширган бўлса қанақасига сўрайман — қисқаси ботинолмадим, икки опа-сингил биримиз олиб, биримиз қўйиб Ариэлни таърифлашга ўтдик, “Сени сўрайвериб эси кетди-да ўзиям” — деб роса гелладик. Тўғрисини айтсам, шундай қилмасак ҳам бўлмасди — фаросати бор одам косанинг остида нимкоса борлигини фаҳмлайди, — бошқа иложимиз ҳам йўқ. Лекин бир томондан яхши — Летисия ўзини бахтиёр ҳис қилади, иккинчи томондан ёмон — шу сабаб Летисия йиғлаб юборишдан ўзини зўрға-зўрға тийиб турарди. Оқибат доимгидек: “Руфь холамнинг ишлари бор эди” дея баҳона қилиб аста қочишдан ўзга йўл тополмадик, Летисия эса лимон бутасининг ям-яшил, топ-тоза япроқчалари остида асалариларнинг тинимсиз ғўнғиллаши ичра бир ўзи қолди.
Кечкурун, ётар олдидан Оланда: “Мени айтди дерсан, эртага ўйинимиз тамом!” — дея шипшиди. Уни янглишди ҳам деёлмайман, тўғри айтди, деб ҳам бўлмасди. Эртасига тушлик чоғида энди ширинлик келтиришганди, Летисия бизга имо-ишора қилиб қолса-чи?! Очиғи довдираб қолдик. Зум ўтмай аччиғимиз чиқди, яхшимас, шуям инсофданми! Нима бўлган тақдирда ҳам, идиш-товоқни йиғиштириб, ювиб-тозалагач, оқ эшик ёнида кўришдик-да, учовимиз темир йўл томонга қанот боғлаб учдик. Мажнунтол остига етиб боргач, Летисия бепарвогина, индамай — ҳолбуки биз кўриб саросимага тушдик — чўнтагидан ойимнинг бир шода марвариди билан тилла билагузуги ҳамда Руфь холам кўзларига суриб тақадиган ёқут кўзли узукни олди. Юрагингга балли! Худо кўрсатмасин, чақмачақар Лосалар сезиб қолса борми, ўша заҳоти ойимга оқизмай-томизмай етказишади — улардан кутса бўлади! Ана унда кўринг томошани! Ойим билан Руфь холам битта қўймай юлади-я сочимизни! Аммо Летисия пинагини бузмасди, “қўрқманглар, ҳаммага ўзим жавоб бераман”, — деди-да, ердан кўзини узмай туриб хаста бир овозда илтимос қилди: “Бугун мен ҳайкал бўлиб турсам майлими?”. Биз жон-жон деб рози бўлдик, ҳатто ҳали кўксимиздаги гина-кудурат кўтарилиб улгурмаганлигига қарамай, Летисияга меҳримиз товланиб кетди, шу дақиқаларда унинг ҳар қандай талаб- истагини бажо келтириш, кўнглига қараш истаги жўш урарди юрагимизда. Унга энг сара зеб-зийнатлар — товус патларидан тортиб узоқдан қараганда кумуш тусда товлангувчи тулки мўйнаси, саллага ўхшатиб ўрасин учун пушти ранг шарфни олиб бердик. Буларнинг бари уйдан келтирилган қимматбаҳо тилла тақинчоқлар билан “йиғлаб^ кўришарди. Летисия хаёл сурганча жим турар, афтидан мўлжаллаган ҳайкалини қандай акс эттириш ҳақида ўй сурарди. Поезднинг қораси кўринганда у тепаликка чиқиб олди, шунда дафъатан бутун зеб-зийнат, тилла тақинчоқлари қуёш нурида кўзларимизни қамаштириб юборгудек ярақ-ярақ товланиб кетди. Илкис у шахд билан иккала қўлини азот кўтарди-да, бошини бир силтаб орқага ташлади (бечора ён тарафга қимирлатолмасди, қисқаси, ўзга иложи ҳам йўқ эди!) ва новдадек чунонам эгилдики, азбаройи худо, кўриб, чин сўзим, юрагим орқамга тортиб кетди. У ижод қилган ҳайкал гўзал, беқиёс эди. Бу бамисли бир мўъжиза эдики, одамнинг ишонгиси келмасди. Бизлар ҳатто вагон деразасидан бошини чиқариб кўзига ҳайкалдан бошқа ҳеч нарса кўринмай, тикилиб қараётган ва то поезд муюлишга сингиб кетмагунча Летисиядан кўз узмаётган Ариэлни ҳам унутиб юборганимизни сезмай қолибмиз. Сабабини айтиб беролмайману, бироқ поезд ғойиб бўлган ҳамоно Оланда иккимиз Летисиянинг ёнига югурдик. У ҳам кўзларини чирт юмганча қотиб турар, кўз ёшлари ёмғир томчилари каби ёноқларини ювиб оқарди. У кўмаклашиш ниятида узатган қўлларимизни оҳиста, беозоргина қайтариб, тепаликдан ўзи тушди. Кимматбаҳо тақинчоқларни ечиб чўнтагига солди-да, чурқ этмай, шалвираганча уйимиз тарафга кета бошлади. Бизлар унинг ортидан лолу ҳайрон қараб қолдик. Сўнг охирги марта Летисия яхши кўрган зеб-зийнатларни қутига солиб жойладик. Энди бу ёғига нима бўлишини кўнглимиз сезарди, шунга қарамай эртасига биз Руфь холамнинг “Шовқин солманглар, Летисиянинг тинчи бузилади”, деганларига ортиқча аҳамият бермай, мажнунтоллар ўсган салтанатимиз сари югурдик. Бечора Летисия тоби қочиб ёстиқцан бош кўтаролмай ётарди. Қизиғи, поезд ёнимиздан ўтаётган маҳал иккинчи вагоннинг деразаси ёнида ҳеч зоғ кўринмаганига қилча ҳам ажабланмадик. Бир-биримизга маънодор қараб кулимсираб қўйдик. Лекин яширишдан нима фойда бир жиҳатдан.

Олим Отахон таржимаси