Жек Ритчи. Ғаройиб вазият (ҳикоя)

— Айбдор эмас, — қатъий оҳангда деди Генри Уатсон.
Стэнли Вэттер сўрашда давом этди.
— Ротуэлл?
— Айбдор.
— Женкинс?
— Айбдор.
— Коулмен?
— Айбдор, — эълон қилдим мен.
Шундан сўнг ўн бир нафар ҳакамлар Уатсонга тикилиб қолишди.
— Демак, мен ҳукм чиқаришим керак, — деди Вэттер. — Йигирма олтинчи овоз беришда ҳам айбловчи ўн битта овоз ва оқловчи битта овоз берилди.
Мен чуқур хўрсиндим:
— Менимча, у тентак бўлса керак.
Уатсон ўрнидан сакраб турди:
— Менга қаранг, сиз…
— Тинчланинг Уатсон, ишончим комилки, Коулмен бундай демоқчи эмасди, — орага қўшилди Вэттер.
— Айнан шундай демоқчи эдим, — унинг гапини бўлдим мен. — Бунчалар эшакдек қайсар, тутган жойидан кесадиган одамни умримда кўрмаганман.
Вэттер мен томонга энгашди ва қулоғимга шивирлади:
— Уни ўзимизга қарши қайрасак, ҳеч нарсага эришолмаймиз.
— Уни яхшиликча кўндиришга ҳаракат қилганимиз иш бермади-ку! — эътироз билдирдим мен. — Уни ақлини йиғиб олишга ундадик, аммо бари бефойда.
Доим ишни тинчлик билан ҳал қилишга мойил бўлган Вэттер аста деди:
— Келинглар, ҳаяжонланиб, жаҳлга эрк бермайлик.
Мен жаҳл билан Уатсонга ўгирилдим:
— Нима, ҳақиқатан ҳам О’Брайенни айбсиз деб ҳисоблайсизми?
У хижолат тортиб, стулида бир қимирлаб қўйди:
— Йўқ, у албатта айбдор. Аммо сиз менинг фикримни тушунмаяпсиз. Менимча, суд у Мэтт Тайсонни ўлдирганлигини исботлаб беролмади.
— Балки шундайдир, ўғлим, — деди Вэттер. — Аммо бундай фикр фақат сизнинг каллангизга келган, холос.
Мен намойишкорона босиқлик билан гапга қўшилдим:
— Дьюк О’Брайен ва Тайсон тамаки дўкончасининг орқасидаги хонада ёлғиз бўлишган. Айни шу вақтда дўкончага харидор, яъни полициячи кирган. У ўқ овозини эшитиб, орқа хонага югуриб кирганида Мэтт Тайсон ерда жонсиз чўзилиб ётар, ҳавода порох ҳиди анқир, Дьюк О’Брайен эса деразадан қочиб чиқиб кетаётган эди. Полициячи унинг ортидан югурган, бир нечта мавзенинг жин кўчалари бўйлаб уни қувлаган, огоҳлантирувчи ўқлар узган. Шу туфайлими ёки чарчаганиданми, охири О’Брайен таслим бўлган…
— Аммо полиция қотиллик қуролини топмади-ку! — қайсарлик билан деди Уатсон.
Ранги заҳил, афтидан доим бош оғриғидан қийналиши кўриниб турадиган дорихоначи Ротуэлл хужумда давом этди:
— Таъқибдан қочаётиб, О’Брайен бир нечта мавзелар, ҳовлилар ва буталар орасидан югуриб ўтган. Оқшом пайти, қоронғи тушиб қолганди, у тўппончасини исталган жойга отиб юборган бўлиши мумкин. Полиция фақат эрталабгина излашга тушган, — башарасини бужмайтиришидан Ротуэлл полициячиларнинг ишидан қониқмаганлиги сезилди. — О’Брайенни полицияга олиб келишганида биринчи қилган иши нима бўлди? У ўз адвокатининг келишини талаб қилди. Полициячилар унинг талабини қондиришди. О’Брайен адвокати билан нималарни гаплашганини сизларга айтишим мумкин. У тўппончасини қаерга ташлаганини адвокатга айтган, у эса Дьюкнинг йигитларидан бирини чақириб, қуролни тунда топишни буюрган…
— Аммо Дьюк қуроли бўлмаганлигини таъкидлади-ку!
— Унда тўппонча қини бор эди. Елкадан ўтказиб тақиладиган бўш тўппонча қини. Тўппончаси бўлмаса, уни тақармиди?
— Аммо Дьюк одатда тўппонча олиб юришини, ўша оқшомда эса уни уйида унутиб қолдирганини тушунтирди.
Ротуэлл бир зум кўзларини юмди.
— Полиция О’Брайеннинг ўнг қўлидаги порох изини аниқлади.
— Биламан, — тасдиқлади Уатсон. — Аммо О’Брайеннинг айтишича, у шу воқеадан икки соатча аввал нишонга отиш билан шуғулланган. Унинг қўлидаги порох юқи шундан қолган.
Эшик тақиллади, суд котибининг боши ва елкаси кўринди.
— Судья ҳукм чиқардингизми ёки йўқлигини сўраяпти.
Мен жаҳл билан у томонга ўгирилдим:
— Ҳукм чиқарганимизда бу ерда гап сотиб ўтирармидик!
Котиб бир сапчиб тушди:
— Нега менга ўшқирасиз? Судья сўраб келишни буюрди-ку!
Жиддий муаллима Женкинс хоним худди учинчи синф ўқувчисига муомала қилаётгандек қиёфада Уатсонга мурожаат қилди:
— Дьюк О’Брайен ёмон одамлигини биласиз, тўғрими?
— Ҳа… албатта.
— У бировларнинг ҳақини тортиб олиб яшайдиганлар тоифасидан, шундайми?
— Ҳа, шундай.
— У шаҳардаги жиноятчилар тўдасини назорат қилади, шундайми? Гиёҳванд моддалар, қиморхоналар ва… — у салгина қизарди, — ва бошқа муассасаларнинг бари унинг назорати остида, тўғрими?
— Ҳа, — тушкун овозда тасдиқлади Уатсон. — Аммо уни бунинг учун эмас, балки қотиллик учун суд қиляпмиз.
— Жаноб Уатсон, — қатъий овозда деди Женкинс хоним. — Сиз жуда қайсар одамсиз.
Уатсон бизни ишонтиришга уринди:
— Агар Дьюк О’Брайен шунақанги йирик жиноятчи бўлса… профессионал қотиллари ва бошқалари бор ташкилоти бўлса… унда нега Тайсонни ўзи ўлдиради? У биронтасини ёллаши, ўзи бир чеккада ўтириши мумкин эди-ку?
— Бу кутилмаганда юз берган. Улар Тайсон билан ниманидир талашиб қолишган, О’Брайен ўзини тутолмай, шеригини отиб қўйган. Нима, сизга албатта гувоҳлар бўлиши шартми?
— Йўқ, аммо…
— Жаноб Уатсон, нисбий далиллар нималигини биласизми?
— Ҳа, аммо барибир суддаги далиллардан қониқмадим…
Мен яна аралашдим:
— Сиз аҳмоқ одам эмассиз. Айтинг-чи, О’Брайен айбдор бўлмаса, нега қочган?
— У қўрқиб кетган.
— Бўлмаса, у ўша воқеани қандай талқин қилади?
Уатсон бўйнини ишқалади.
— О’Брайеннинг айтишича, улар Тайсон билан гаплашаётганларида, кимдир очиқ ойнадан ўқ узган.
Мен ишончсизлик ила жилмайдим:
— Очиқ ойнадан? Кўчада 3 даража совуқ эди. Бундай ҳавода ким ойнани очиб қўяркан?
— О’Брайен хона тамаки ҳидига тўлиб кетганини айтди.
— Тергов эса О’Брайен ҳам, Тайсон ҳам чекмаслигини исботлади.
— О’Брайен уни айтди, О’Брайен буни айтди, — жаҳл билан унинг гапини бўлди Ротуэлл. — Сиз унинг айтганларига ишонасиз. Нима учун? —
У стулда ўтирганча олдинга энгашди. — Маслаҳатчилар тарқатиб юборилганидан сўнг сиз ҳам машина сотиб оларсиз?
Уатсоннинг ранги оқариб кетди.
— Менга бундай муомала қилишларига чидаб ўтирмайман. Кечирим сўрашингизни талаб қиламан!
Тинчлик тарафдори бўлган Вэттер қўлини кўтарди.
— Менимча, ҳаммамиз чарчадик, қорин ҳам очди. Танаффус қилиб олсакмикан?
Биз қаҳва ва бутербродлар олиб келгани одам юбордик. Вэттер, Ротуэлл ва мен қаҳваларимизни олганча, узун столнинг нариги тарафига ўтирдик. Ротуэлл ҳафсаласизгина овқатланарди.
— Бу иш биринчи жараёндагидек тугаса, нима қиламиз?
— Бундай бўлмайди, деб умид қиламиз, — хўрсинди Вэттер.
Ротуэлл бир чеккада ёлғитз ўзи овқатланаётган Уатсонга ғазаб тўла нигоҳ ташлади.
— У дарҳол машина сотиб олишдек тентакликка қўл урмайди. У то бу иш тинчигунига қадар пулларни яшириб қўяди.
— Келинглар, шошилинч қарор чиқармайлик, — уни тўхтатди Вэттер. — Балки у О’Брайеннинг айбсизлигига ростдан ҳам ишонар?
Бу Мэтт Тайсонни ўлдирган О’Брайен устидан иккинчи марта суд иши кўрилиши эди. Биринчи жараёнда ўн битта айбловчи, битта оқловчи овоз берилганлиги туфайли маслаҳатчилар тарқатиб юборилганди. Ҳакамлар таркиби тарқатиб юборилганидан сўнг уч кун ўтиб, оқловчи овоз берган суд маслаҳатчиси янги автомобил сотиб олди. Буни нафақат қўшнилари, ҳатто ҳукуматнинг ҳам нигоҳидан яширолмади. Бундан бир кун аввал унинг ҳисоб рақамига беш минг доллар келиб тушганлиги ҳам аниқланди. Ҳозир унга нисбатан жиноят иши очилган. Гарчи бўйнига олмаётган эса-да, О’Брайен уни сотиб олганлиги аниқ.
Суд котиби идишларни йиғиштириб олгунича кутиб турдик-да, яна стол ёнидаги жойимизни эгалладик.
— Жаноб Уатсон, ҳаққоният барибир қарор топади, — гап бошлади Вэттер.
— Ростдан-а?
Вэттер бош ирғади.
— Сиз бировларнинг даромадини тортиб олувчи рэкетчиларнинг қамоққа олиниши ҳақида ўқийсизми?
— Албатта.
— Агар эътибор берсангиз, улар камдан-кам ҳоллардагина «рэкет” моддаси бўйича қамалишади. Одатда улар бошқа нарса учун, айтайлик, солиқлардан бош тортганликда айбланади.
— Тўғри.
— Уларга ўн йил, ўн беш йил қамоқ жазоси берилиши ҳаддан ташқари шафқатсиз ҳукм эмасми?…
Уатсон гапнинг давомини кутганча миқ этмай турарди. Вэттер жилмайди.
— Одатда, оддий солиқ тўлаш тартибини бузувчиларга кўнгилчанлик билан қарашади. Жарима ёки шартли жазо, баъзангина қисқа муддатли қамоқ жазоси тайинланади. Аммо рэкетчиларга энг юқори муддат ва энг катта жарима тайинланади.
Уатсон бош ирғади.
— Бу ерда гап нимадалигини тушундингизми? Албатта, судья унга солиқлардан бош тортгани учун эмас, балки содир этган, аммо исботлашнинг иложи бўлмаган барча жиноятлари учун жазо тайинлайди.
Уатсон хўрсинди:
— Нима демоқчи эканлигингиз тушундим, аммо…
— Гарчи унинг битта жинояти исботланмаган деб ҳисобласангиз-да, унинг бошқа кўплаб жиноятлари борлигини билишингиз керак. Уни жиноятчиларга хос ҳаёт тарзини кечираётгани учун айбдор деб топишингиз лозим.
— Тўғри, — истар-истамас рози бўлди Уатсон. — Аммо қамоқ жазоси бошқа… айтмоқчиманки, бу штатда бундай жиноят учун ўлим жазоси тайинланади.
Ротуэлл қаддини ростлаб ўтирди.
— Шунинг учун ҳам О’Брайенни айбдор деб ҳисобламаяпсизми? У электр стулига ўтириши кераклиги учунми?
Уатсон ундан нигоҳини олиб қочди. Ротуэлл овозини баландлатди:
— Сизни ҳакамлар таркибига сайлашдан олдин, ўлим жазосига қарши эмаслигингизни сўрашган. Сиз саволга ижобий жавоб бергансиз, акс ҳолда бу хонада бўлмасдингиз.
Уатсон қизариб кетди.
— Ҳа, мен қарши эмасдим… ҳозир ҳам қарши эмасман. Аммо… ўша Тайсон энг яхши фуқароларимиздан эмас ва уни йўқотиб, О’Брайен яхши иш қилган дейиш мумкин, — у ютиниб қўйди. — Бундай ҳолат учун ўлим жазоси ўта шафқатсизлик эмасми?
Хонага бир зум сукунат чўкди, кейин Вэттер сўради:
— Ўғлим, наҳотки сен қотил кўчада сайр қилиб юришини истасанг?
— Албатта, йўқ! — Уатсон чуқур хўрсинди. — Айтайлик, бизнинг ҳакамлар ҳукм чиқаролмаса, шу билан О’Брайенни озодликка чиқаришмайди-ку! Яна битта жараён бўлади, кейинги сафар уни айбдор деб тан олишади.
Бундай хулосадан Женкинс хоним хушини йўқотаёзди.
— Жаноб Уатсон, нималар деяётганингизни ўйлаяпсизми? Сиз ҳақиқатан ҳам О’Брайенни айбдор деб биласиз, аммо бу… ифлос ишни ўрнингизга бошқа одам қилишини хоҳлайсизми?
Вэттер ғамгин бош чайқади.
— Демак, О’Брайеннинг устидан яна бир марта иш кўрилади деб ҳисобларкансиз-да?
Уатсон бармоғини кўйлагининг ёқаси остига тиқди.
— Албатта.
— Нимаям дердим, бўлиши мумкин, — ғамгин илжайди Вэттер. — Аммо менинг бунга ишончим комил эмас. Назарий жиҳатдан, олганда, биронта ҳукм чиқарилмагунича О’Брайеннинг ишини чексиз даражагача олиб бориш мумкин. Аммо иккита ҳакамлар таркиби тарқатиб юборилгач, айбловчи томон шубҳаланиб қолади. Суд маслаҳатчиларини ишонтириш учун далиллар етарлими? Яна суд қилиш учун вақт ва маблағ сарфлаш шартми, балки яна бир ҳукмга келинмас? Ёки ҳатто оқловчи қарор қабул қилинар? Буларнинг бари айбловчининг жонига тегиб, «О’Брайенни ўтириши керак бўлган жойга жўнатиш учун ҳалоллиги ва қатъияти етадиган ўн иккита маслаҳатчиларни топишга қодир эмасман. Жин ургурни қўйиб юбориш керак. Шаҳарча аҳолиси шунга муносиб бўлганидан кейин ўзидан кўрсин” деб қолиши ҳам мумкин.
Уатсон ўзини ноқулай ҳис этаётгани аниқ сезиларди.
— Балки бошқача бўлиши ҳам мумкин, — давом этди Вэттер. — Тўсатдан О’Брайенни тутган полициячи нималарни кўрганини «унутиб” қўйиши мумкин. Унинг ҳам бошқалар сингари нафси бор, у ҳам О’Брайен электр стулига ўтирмаслигидан манфаатдор…
— Менга қаранг, Уатсон, — луқма ташлади Ротуэлл. — Сиз ахир О’Брайенни нафақат қотиллик учун электр стулига ўтказмаяпсиз-ку! Балки у Тайсонни ўлдиргани учун ўлим жазосига муносибдир, аммо шу уни озод қилиш учун етарлими?
— Ўғлим, — яна гапга тушди Вэттер, — буни О’Брайен айбдор бўлган биринчи ўлим деб ҳисоблайсанми? Ҳар сафар кимдир ўз машинасининг юкхонасидан жонсиз ҳолда топилганини ўқиганингда, бунинг ортида ким турганини биласан!
— Қайси томондан олсанг ҳам, — шаҳд билан гапга аралашдим мен, — О’Брайен электр стулида қоврилишга муносиб.
Уатсон фақат кўзларини пириллатди, холос.
— Жаноб Уатсон, — хотиржамгина деди Женкинс хоним, — фарзандларингиз борми?
Уатсон бош ирғади:
— Иккита. Ўғлим ўн тўртда, қизим ўн еттида.
— О’Брайенни озодликка чиқариб юборсангиз, улар сиздан фахрланармикин?
Уатсон индамасди.
— Шаҳримизда гиёҳванд моддалар савдоси қай даражадалигини биласиз, — давом этди Женкинс хоним. — Юқори синфдагиларнинг қанчаси О’Брайен ва унга ўхшаганларнинг тузоғига илиниб, игнада ўтирганини-чи?
Хонага узоқ жимлик чўмди, ниҳоят Уотсон бошини кўтарди. Кейин хўрсинди:
— Сизлар ҳақсиз. Ҳаммангиз. Мен… қўрққандим!
Вэттернинг юзига табассум ёйилди.
— Келинглар, бунга расмий тус берамиз. Мен қайта қайд этиб чиқаман.
Уатсоннинг исми айтилганда, у ўрнидан турди ва қатъий оҳангда деди:
— Айбдор!
Вэттер маъқуллаб бош ирғади ва давом этди:
— Женкинс?
— Айбдор.
— Коулмен?
— Айбдор эмас, — дедим мен.
Ўтирганларнинг бари менга ўгирилишди. Мен ўрнимдан турдим.
— Адлиянинг асосий қоидаларидан бирини бузаётганимиз хаёлимга келиб қолди. Биз О’Брайенни судга олиб келган қилмиши учун эмас, уни қандай деб ҳисоблаганимиз учун айбламоқдамиз.
Тўғри, бу қарорим ўзгаришининг асосий сабаби эмасди. Уатсон қайсарлик қилиб турганида ҳамма ишлар жойида эди. Маслаҳатчиларнинг бир қарорга келмаслигига у сабабчи бўлишини истаганим учун ҳам тинмай унинг жиғига тегиб, мазахлаб, қайсарлигини ошириб тургандим. Аммо энди Уатсон фикридан қайтди.
Мен ҳайратда қолган ўн бир нафар маслаҳатчиларга қараб, олган пулларимни оқлашим кераклигини тушундим. Шундай қилишим керакки, ҳаммаси ишончли чиқсин. Ахир Дьюк О’Брайен бу сафар ҳам ҳукм чиқарилмаслигига амин бўлиш учунгина менга ўн минг доллар берган-да…

Муҳаббат Йўлдошева таржимаси