Антон Чехов. Қишлоқ луқмонлари (ҳикоя)

Қишлоқ касалхонаси. Эрталаб.
Доктор становой билан овга кетгани учун касалларни Кузьма Егоров ва Глеб Глебич деган фельдшерлар қабул қилмоқда эди. Касаллар ўттизтача бор. Кузьма Егоров уларнинг рўйхатдан ўтишини кутиб кабинетда кофе ичиб ўтирипти. Туғилгандан буён юз-қўлига сув, сочига тароқ тегмаган Глеб Глебич бўлса катта столга кўкрагини бериб, куйиб-пишиб касалларни ёзмоқда. Рўйхат статистика учунгина олинади. Унда касалларнинг оти, отасининг оти, фамилияси, қаерлик, қайси табақадан, ёши, саводи борми-йўқлиги ҳақида ёзилиб, қабул тамом бўлганидан кейин касалнинг нима эканлиги ва берилган дорииинг номи ёзиб қўйилади.
— Шунақа ҳам расво перо бўладими! — деб аччиғланди Глеб Глебич катта китобга ўхшаган дафтарнинг майда варақаларига аломат ҳарфларни ёзатуриб. — Шу ҳам сиёҳми? Худди қора мой-а! Бу земствога ҳайронман, касаллар рўйхати олинсин деб буйруқ берадию, сиёҳ олиш учуи йилига атиги эллик тийин пул чиқаради. — Берироқ кел! — деб бақиради у.
Юз-кўзини ўраган бир мужик билан «ҳофиз» Михайло унга яқинроқ келади.
— Отинг нима?
— Иван Микулов.
— А, нима дединг? Русча гапир!
— Иван Микулов!
— Иван Микулов! Сендан сўраётганим йўқ. Нарироқ тур! Сен! Отинг нима?
Михайлов кулимсираб:
— Нима, ўзинг билмайсанми? — дейди.
— Нега куласан? Жин урганми буни! Вақт танг, ўзим шошиб турибман-ку, бу ҳазил қилади! Отинг нима?
— Ўзинг билмайсанми? Лақиллаб қолдингми, нима бало!
— Биламан, лекин сўрашим керак, чунки анкетада шу савол бор… Биз унақа бўлмаймиз… Сизга ўхшаган ётиб ичадиган одатимиз йўқ… Отинг нима? Отангнинг оти-чи?.. — Ўзинг билгандан кейин айтишимнинг нима ҳожати бор? Беш йилдан бери билган одам, олтинчи йилга келиб эсингдан чиқариб қўйдингми?
— Эсимдан чиқарганим йўқ, лекин анкетада шунақа! Тушуняпсанми? Ё рус тилини билмайсанми? Анкета шунақа деяпман-ку.
— Анкетанг шунақа бўлса қуриб кетсин! Ёз! Михайло Федотич Измученко…
— Измученко эмас, Измученков.
— Ҳа майли Измученков бўлақолсин… Билганингни ёз… Ишқилиб тузатсанг бас… Бир бало Иванович десанг ҳам бўлаверади… Менга барибир.
— Қайси табақадан?
— Ҳофиз.
— Ёшинг нечада?
— Ким билади дейсан, бешик тўйимга борган эмасман, билмайман.
— Қирққа боргандирсан?
— Балки боргандирман, балки бормагандирман… Билганингча ёзавер.
Глеб Глебич бироз Михайлога қараб тургандан кейин 37 деб ёзиб қўйди. Сўнг бироз ўйланиб турди-да, уни ўчириб 41 деб тузатиб қўйди.
— Саводинг борми?
— Ийе, бутхонада ҳофизлик қилувчининг ҳам саводи бўлмайдими? Миянг жойидами ўзи!
— Одамларнинг олдида менга бақирмасдан, сизлаб гапирмоғинг лозим, яна ким бор? Кимсан? Отинг нима?
— Микифор Пугалов, хапловоликман.
— Хапловоликларни қарамаймиз! Яна ким бор?
— Худо хайрингизни берсин… Жаноби олийлари, йигирма чақиримдан пиёда келдим.
— Хапловоликларни қарамаймиз! Нарироқ тур! Яна ким бор? Тамаки чекма!
— Мен чекаётганим йўқ, Глеб Глебич!
— Қўлингдаги нима?
— Буми, бармоғимни боғлаб қўйибман Глеб Глебич..
— Папирос эмасми? Хапловоликларни қарамаймиз. Яна ким!..
Глеб Глебич касалларни ёзишни тамомлади. Кузьма Егоров кофени ичиб бўлгач, қабул бошланди. Глеб Глебич дори-дармон тайёрлаш учун аптекага кетди. Иккинчиси эса касал кўриш учун клеёнкадан қилинган фартукни тутиб олди ва:
— Марья Заплаксина, — деб чақирди ҳалиги катта китобга қараб.
— Шу ердаман, тақсир!
Кабинетга тақдирнинг раҳмсиз зарбаларидан қадди букилган ва бужмайиб қолган кичкинагина кампир кириб, чўқинди ва луқмонга ҳурмат сақлаб салом берди.
— Хим… Эшикни ёп!.. Қаеринг оғрийди?
— Бошим, тақсир.
— Хўш… Ҳаммасими ё бир ёғими?
— Ҳаммаси, тақсир… Ҳаммаси!
— Бошингни бунча ўрама… Бу латтангни еч. Бош деганни салқин тутиш керак, оёқни иссиқ, гавда ўртача бўлсин… Қорнинг ҳам оғрийдими?
— Оғрийди, тақсир…
— Қани, бармоғинг билан пастки қовоғингни оч-чи! Яхши, бос. Қонинг камайиб кетипти… Томизиб ичадиган дори бераман… Ўн томчидан уч маҳал — эрталаб, тўпда ҳам кечқурун ичасан.
Кузьма Егоров ўтириб рецепт ёза бошлади.
«Rp. Liquor ferri 3 гр. деразада турганидан, токчадагисини Иван Яковлевич мен йўғимда очманглар деб кетган. Ўн томчидан кунда уч маҳал. Марья Заплаксинага берилсин».
Кампир томчини нимага томизиб ичишни сўради-да, таъзим қилиб чиқиб кетди. Кузьма Егоров рецептни деворни тешиб қилинган туйнукчадан аптекага ташлади ва навбат кутиб ўтирган касаллардан бирини чақирди:
— Тимофей Стукотей!
— Лаббай!
Кабинетга новча ва ориқ, боши катта, узоқдан қараганда худди боши болдоқли ҳассага ўхшаб кўринадиган Стукотей кирди.
— Қаеринг оғрийди?
— Юрак касалим бор, Кузьма Егорич.
— Қайси ерингда?
Стукотей кўкрагининг тагини кўрсатади.
— Хўш… Қачондан бери?
— Ҳайитдан буён… Ҳали буёққа пиёда келатуриб худди ўн марта дам олдим… Дам этим увишади, Кузьма Егорич… дам алангаю оташ бўлиб ёнаман, Кузьма Егорич.
— Ҳим… Яна қаеринг оғрийди?
— Тўғрисини айтсам, Кузьма Егорич, оғримаган жойим йўқ. Сиз фақат юрагимгагина дори берсангиз бўлди, бошқасини қўяберинг… Қолганини хотинлар даволашар… Сиз менга спиртга ўхшаш бирон нарса берсангизу, юрагимни чангаллашини қолдирса. Шу бир нарса думалаб-думалаб тиқилиб келаберади, кейин шундай чангаллайди, асти қўйинг. Худди мана шу жойга, шундай тутганда орқам, белларим қақшаб кетади… Бошимни кўтараолмайман, худди тош осиб қўйгандай… Унинг устига йўтал.
— Иштаҳанг борми?
— Ҳеч, худо сақласин…
Кузьма Егоров Стукотейнинг қорнини очиб, муштуми билан ошқозонини босиб кўради.
— Шундоқ қилса оғрийдими?
— Вой.., вой… оғрийди!
— Бундоқ қилсамчи?
— Вой… ўламан!!
Кузьма Егоров унга бирнеча савол беради ва бироз ўйлаб, сўнг Глеб Глебични ёрдамга чақиради. Маслаҳат бошланади.
— Тилингни чиқар! — дейди касалга Глеб Глебич. Касал оғзини катта очиб тилини чиқаради.
— Яна кўпроқ чиқар.
— Бундан ортиқ чиқариб бўлмайди, Глеб Глебич.
— Бу дунёда қилиб бўлмайдиган иш йўқ.
Глеб Глебич бирқанча вақт касалга қараб, ниманидир қаттиқ ўйлаб тургандан кейин, елкаларини қисиб қўяди-да, чурқ этмай чиқиб кетади ва аптекадан туриб:
— Ошқозон касали бўлса керак! — деб қичқиради.
— Бўлмаса унга olei ricini ammonii edustici бериб юборинг, — деди Кузьма Егоров, — эрталаб ва кечқурун қорнига сурсин!.. Қани, кимнинг навбати!
Касал қабулхонадан чиқиб коридор бўйлаб аптеканинг деразасига боради. Глеб Глебич чоракам бир стакан сургини Стукотейга узатди, Стукотей зўрға ичиб лабларини ялади ва кўзини чирт юмиб бармоқларини бир-бирига ишқаб қўл чўзди; устидан еб юборишга бирор нарса сўрайди.
— Бу спирт, — деб ўшқирди Глеб Глебич, шишада нашатирний спирт узатар экан, — эрталаб ва кечқурун мовут латта билан қорнингга сурасан… Идишни қайтариб юбор! Буерга суялманглар! Нарироқ тур!
Григорий ҳазратларининг оқсочи Пелагея, рўмолининг учи билан оғзини бекитиб, дарча ёнига иржайиб келган эди, Глеб Глебич унга:
— Хўш, хизмат? — деди.
— Лизавета Григорьевна сизга салом айтдилар. Глеб Глебич, озроқ нордон дорингиздан бериб юборишингизни сўрадилар.
— Жоним билан… Ундай нозанинлардан нимани аярдим.
Глеб Глебич токчадаги банкада турган нордон дорини олиб, ярмини Пелагеянинг рўмолига солиб берди.
— Борганингизда у кишига айтинг: Глеб Глебичнинг ниҳоятда вақтлари чоғ бўлди, жуда хурсанд бўлдилар, денг. Мактубимни олдиларми?,
— Олдилар-ку, йиртиб ташладилар. Лизавета Григорьевна унақанги муҳаббат ишларига аралашмайдилар.
— Хўп сатанг хотин-да! Бориб шунақа денг.
— Михайло Измученков, —деб чақирди Кузьма Егоров. Қабулхонага «ҳофиз» Михайло кириб келди.
— Михайло Федотич, эшитайлик, қаерингиз оғрийди, қадрдоним!
— Томоғим, Кузьма Егорич! Ҳузурларига келганманки, рухсатингиз билан айтсам, менинг бу томоқ оғриғим жон койитишдан ҳам кўра ҳамёнга зиён бўлаётипти. Касаллик орқасида ҳофизлик қилолмаяпман, бошлиғимиз пешин намозига тушган пулдан қирқ тийин ушлаб қолаётир, кеча намозгарга тушган пулдан ярим сўм олиб қолди. Жанобнинг уйида бўлган жанозада саловат айтучиларга уч сўм берилган эди, касаллигим туфайли менга бир тийин ҳам тегмади. Рухсатингиз билан айтсам, томоғим хусусида арз қилсам шуки, томоғим қирилиб, хириллаб қолаяпман, худди ҳалқумимда бир мушук ўтириб тирнаётгандай бўлаётипти.
— Ичкиликдандир-да?
— Билмадим, нимадан бўлганини айтаолмайман. Рухсатингиз билан айтсам, ичкилик биздақа овози йўғон ҳофизларга зиён қилмайди, қайтага фойда қилади, Кузьма Егорич, йўғон товушни кўпроқ шамоллаш бузади.
— Кампирга нима берай? — деб сўради Глеб Глебич тешикдан бошини чиқариб, — деразада турган дори тамом бўлган, токчадагисини очақоламан-да.
— Йўқ, йўқ! Иван Яковлевич тегманглар деб кетган! Хафа бўлади.
— Нима бераман бўлмаса?
— Бирон нарса бериб юбор!
Глеб Глебичнинг тилида «бирон нарса» «сода» эди.
— Ичкилик ичиш ярамайди.
— Ҳали ҳам уч кундан буён ичганим йўқ… Бу шамоллашдан бўлса керак… Ҳақиқатан ҳам арақ товушни бўғади-ку, Кузьма Егорич, лекин йўғон товушнинг бироз бўғиқ бўлиши ўзингизга ҳам маълум, овозни қуюқлаштиради… Менга ўхшаганларнинг куни арақсиз ўтмайди… Арақ ичмаган ҳофиз ҳофизми! Рухсатингиз билан айтсам, ҳофиз эмас, ҳаммага кулги бўлади, холос… Касбим ҳофизлик бўлмаганда бу лаънати арақни оғзимга ҳам олмасдим. Арақ ҳаром…
— Менга қаранг… Сизга дори бераман… Шу билан эрталабу, кечқурун томоғингизни чайқайсиз.
— Ютсам майлими?
— Майли.
— Жуда соз… Оғзингни чайқайсану, ютмасанг алам қилади кишига. Туфлаб ташлаш увол! Яна сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим… Тез-тез ичим бузилиб туради, ана шу сабабдан, рухсатингиз билан айтсам, ҳар ойда қон олдириб, дори ичиб тураман. Шундай бўлгандан кейин хотин олсам мумкинми, йўқми?
Кузьма Егоров бироз ўйлагандан кейин:
— Йўқ, маслаҳат бермайман, — деди.
— Кўп миннатдорман… Баҳоси йўқ ҳакимсиз-да, Кузьма Егорич. Ҳар қандай доктордан яхшисиз, худо ҳақи! Қанча-қанча одамлар ҳақингизга дуо қилади! Ҳай-ҳай!
Кузьма Егоров уятчанглик билан ерга боқди. У тетик руҳ билан Natri bicarbonici, яъни сода ёзиб берди…

Зумрад таржимаси