Йўлдош Солижонов. Чўққининг салобати ва малоҳати

Мен Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом билан ўтган асрнинг 50-йилларида, 5-синфда ўқиётганимда машҳур “Сен етим эмассан” шеъри орқали танишганман. Мен етим эмасдим, бироқ атрофимда отаси Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган, онаси бошқа турмушга чиқиб кетганлиги сабабли кекса бобоси ёки бувиси қўлида қолганлар кўпчилик эди. Уларнинг баъзилари мендан ёши катта, айримлари кичик бўлса-да, дарду ғами бир хиллигидан кўзларида мунг яширинган, биз билан шўх-шодон ўйнай олишмасди. Мен уларга шоирнинг шеърини ёддан ўқиб, кўнглига таскин бермоқчи бўлардим. Бироқ шу ишим билан уларнинг етимлигини қайта эслатиб қўяётганимни, дилига жароҳат етказаётганимни билмасдим. Кейин Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си менга доимий ҳамроҳ бўлди. Унинг қилиқларини амалда кўрсатишдан, сўзларини такрорлашдан сира чарчамасдим. Юқори синфларга ўтганимда бу асарлари қаторига “Турксиб йўлларида”, “Яловбардорликка”, “Мен яҳудий” шеърлари, “Тирилган мурда” қиссаси қўшилди. Бу асарлар орқали ўқитувчиларимиз бизнинг онгимизга зўр бериб тарихимизнинг фақат қонли урушлар, очлик, харобаликдан иборат эканлигини, октябрь инқилоби туфайлигина яхши ҳаёт кечираётганимизни, интернационалист бўлишимизни, социалистик меҳнат ўлим тўшагида ётган одамни қайта тирилтириб, ғайрат ва фаровон ҳаёт ато этганлигини сингдиришга уринардилар.

Олий ўқув юртида адибнинг ўнлаб ҳикоялари, “Нетай”, “Ёдгор” қиссалари, достонлари, таржималари, илмий мақолалари билан танишдим. Бора-бора Ғафур Ғуломнинг ижод оламига чуқурроқ кириб боравердим. Айниқса, улуғ шоир 60 йиллик юбилейи муносабати билан Фарғонага келганида, унинг бир йўла иккита китобига дастхат ёздириб олганим, биз ёш ижодкорларни етаклаб турли тадбирларда бўйимизни кўрсатишга уринадиган устозимиз Йўлдош Сулаймон раҳбарлигида Ғафур Ғулом атрофига тўпланиб, чақчақлашиб турган ҳолда суратга тушишимиз менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди.

Мен бу пайтда Фарғона давлат педагогика институтида ўқиб, умримни адабиётга бағишлашга, шу фан бўйича етук мутахассис бўлиб етишишга аҳд қилгандим. Мана шу истак ўқиш жараёнида Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад кабиларнинг ҳаёти ва ижоди билан чуқурроқ танишишга ундади. Гарчи ўзбек мумтоз адабиёти фанидан дарс берадиган домламиз жуда билимдон бўлиб, ўша вақтда номини тилга олиш таъқиқланган, диний-мистик адабиёт вакиллари деб камситилган Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқўрғоний, Рабғўзий каби ижодкорлар мероси тўғрисида сўзлаб, туйғуларимизни янгилаган бўлса-да, замонавий ўзбек адабиётидан сабоқ берадиган муаллимимиз баландпарвоз гаплардан бўшамас, ёзувчилар ижодининг туб моҳиятини тушунтириб беролмасди. Бунинг устига 30-йиллардаги қатағон қурбонлари бўлган Фитрат, Қодирий, Чўлпон сингари миллатпарвар адибларнинг ижоди тўғрисида лом-мим дейилмасди. Мабодо, улар тўғрисида сўрайдиган бўлсак, ўқитувчимиз тўғри жавоб беришдан қочар, бизни бошқа мавзулар билан чалғитарди.

Институтни битиргач, шу ерда ишга қолишни таклиф қилганларида бошим осмонга етди. Омадимни қарангки, илмий иш қилиш ниятида Тошкентга бориб, танлаган илмий раҳбарим Салоҳиддин Мамажонов Ғафур Ғуломнинг шогирди бўлиб чиқди. У киши улуғ шоир ижоди бўйича аввал номзодлик, кейин докторлик диссертациясини ёқлаган. Бу тадқиқотлари асосида “Шоир ва замонавийлик”, “Ғафур Ғулом прозаси”, “Услуб жилолари” номли илмий трилогия яратган таниқли олим эди. Гарчи мен Ғафур Ғулом ижоди юзасидан илмий-тадқиқот иши олиб бормаган бўлсам-да, унинг меросидан ҳозирга қадар баҳраманд бўламан ва ҳар сафар мутолаа қилганимда янгидан-янги бадиий кашфиётларга дуч келаман. Масалан, шоирнинг 80 йиллигига бағишлаб, ҳамкасбим – филология фанлари номзоди, доцент Собиржон Тошканов билан биргаликда Ғафур Ғуломнинг тил устида ишлаш маҳорати, ўзбек адабий тили хазинасига қандай янги сўзларни олиб киргани, “Кўкан” достони қаҳрамонларининг руҳий ҳолатини тасвирлашдаги ўзига хос услубини, насрий асарларининг бадиий хусусиятларини тадқиқ этувчи “Улуғ санъаткор” деб аталган рисола нашр эттирдик.

Ғафур Ғулом таваллудининг 100 йиллиги эса бутун мамлакатимизда катта тантаналар билан нишонланди. Шу муносабат билан атоқли санъаткорнинг 12 жилдли “Мукаммал асарлар тўплами”ни яна синчиклаб ўрганиб чиқдим ва ҳақиқий ижодкор ўз даври учунгина эмас, келажак учун ҳам хизмат қилади деган ҳақиқатга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Мана, шундан буён яна 15 йил ўтди. Ҳар сафар устоз санъаткор Ғафур Ғулом асарларига мурожаат қилсам, албатта, янги сўз ва ибораларни, матн остига яширилган изтиробларни, халқ дардини учратаман, ўзбек халқининг қадим тарихи билан чексиз фахрланиш туйғусини ҳис қиламан. Ҳа, устоз адабиётшунос Озод Шарафиддинов айтганларидек, Ғафур Ғулом номли “Чўққига қанча олисдан қарасанг, унинг юксаклиги, улуғворлиги шунча аниқ кўринаверади”[1].

Академик Бахтиёр Назаров тўғри таъкидлаганидек, “Ғафур Ғулом ўзбек халқининг дарди, севинчи, орзуси ҳақида кўп ёзди. Лекин ўзбек шоири бўлгани билан ҳеч қачон фақат ўзбек халқининг орзуси, дарди, қалбини куйлаш билангина чеклангани йўқ. У дунё дарди билан, ХХ асрнинг жамики оғриқлари билан бирга яшади”[2]. Чиндан ҳам улуғ шоир гарчи, “Мен ўзбек шоириман, ўз халқимнинг тилиман, Қалбим буюрганин айтиб келдим ҳамиша”, деб ёзган бўлса-да, аслида қалби буюрганини тўла айтолмай кетганлигини ҳис қиламиз. Шунга қарамай, йўлини топиб ҳар бир асарида ўзбекона сўз ва ибораларни, урф-одатларни олиб киришга, “тенглар ичра тенг бўлган” халқининг дил изтиробларини гоҳ лирик қаҳрамон, гоҳ ифодаланаётган персонаж, гоҳ юртининг озодлиги учун курашаётган хориж фуқароси (“Она қизим Жамила”, “Поль Робсонга”, “Ливан омон бўлади”) тилидан изҳор этишга уринганини сезиш қийин эмас. Масалан, шўро ҳукумати айнан тарихимизни, миллий урф-одатларимизни, динимизни камситаётган ўша машъум йилларда ҳам Ғафур Ғулом, “Қадим ўзбек халқисан, Асл одам авлоди, Миср эҳромларидан Тарихинг қарироқдир”, дейишга журъат қила олди, “маҳшар, чин арафа, ҳайит, имон” каби ўнлаб динга оид, шунингдек, “иқим суйди, елвагай, куймалашмоқ, столпараст, учурум, саннағлаш, сўлти вақт” сингари неча ўнлаб халқ жонли сўзлашувига оид ибораларни адабий тилимиз хазинасига олиб кирди. Уларнинг кўпчилиги ҳозирги 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам учрамаслиги Ғафур Ғуломнинг чинакам халқпарвар шоир бўлганлигини исботлайди. Шу билан бирга, шўро ҳокимиятига хос қаттиққўллик, мустамлакачилик сиёсатининг туб моҳиятини тўлиқ акс эттирувчи, аммо ўз даврида дадил айтиш мумкин бўлмаган “диктатура”[3] сўзини ҳеч чўчимай нафақат сатрлар орасида, балки сарлавҳада ҳам дадил қўллагани шоирнинг буюк жасоратидан нишонадир (“Диктатура”, “Диктатурамиз солдатларига” шеърлари).

Ғафур Ғулом ота-онасидан эрта етим қолган, унинг болалик ва ўсмирлик йиллари рус чоризми зулми, Биринчи жаҳон уруши давридаги оғир иқтисодий қийинчиликлар, бирин-кетин юз берган инқилобий тўнтаришлар, ўзаро фуқаролар уруши, очлик, вайронагарчилик шароитида ўтди. Очиғини айтганда, у шўро тузумининг “марҳамат”идан баҳраманд бўлди. Эндигина вояга етаётган йигитни янги ҳукумат қўллаб-қувватлади, иш берди, етим укаларини ўқишга, болалар уйига жойлаштирди. Унинг онгига совет мафкураси “агар бизга астойдил хизмат қилсанг, айтганимизни бажарсанг, ҳаётинг бундан ҳам зўр бўлади” деган тушунчани сингдирди. Бунинг учун бўлажак шоир бу жамият олдида ўзини қарздордек ҳис қилди, унинг ҳар қандай топшириғини сўзсиз бажаришга шай турди. Шоир янги жамият вакили сифатида илғор ижодкор бўлишга интилди. “Ҳар доим олдинга қараб ҳаракат қилиш ҳаётимизнинг қонунидир. Шеъриятимиз бақувват бўлиши, образларимиз, мисраларимиз ҳам ҳаётимиз билан ҳамнафас бўлиши керак”[4], деб билди. У ўзбек шеъриятини “янги темалар, янги образлар, янги поэтик воситалар билан бойитиш”га киришар экан, шўро сиёсатини ниқоб қилиб олди. Бу ниқоб остида ўзбек халқи тарихи буюклигини, миллий урф-одатларини, эл дарду аламини айтиш йўлини излади.

Ахир у ижодининг илк давридаёқ миллатпарвар адиблар Фитрат, Ҳамза, Қодирий, Чўлпон сингари замондошлари бошига тушган кўргиликларга гувоҳ бўлди.  Устозларининг “айбини” исботлаш учун бир неча бор давлат хавфсизлик идорасига сўроққа чақирилиб, отиб ташлаш ёки қамоққа олиш билан қўрқитилди. Шунинг учун бошловчи ижодкор ўз ижодий йўлини, вазифасини “Биз, куйчилар, пролетар/ Мазолланган қўлларнинг/ Кўз нурлари./ Энди биз/ Ақлларни партия­нинг/ Бош йўлига соламиз. /Қаламларни кун довруғин/ Ёзмоқликка қистаймиз” (1, 94–95-бетлар) деб белгилашга мажбур бўлди. Мен “мажбур бўлди” иборасини бежиз ишлатмадим. Эътибор беринг: келтирилган мисолнинг охирги сатридаги “қистаймиз” сўзи ўрнига шоир “ундаймиз” ёки “истаймиз” деган сўзларни қўллаши мумкин эди-ку! Ҳар ҳолда шеърнинг қофияси ҳам, бўғини ҳам, ритми ҳам бузилмасди. Менинг назаримда, Ғафур Ғулом бу сўзни онгли равишда ишлатган ва у орқали шўро ҳукумати ўз машъум сиёсати билан қаламкашларни янги тузум ютуқларини куйлашга мажбур қилаётганлигини, “Мана шундай ёзасан! Агар бошқача ёзсанг халқ душманисан!” деб қисталанг қилаётганини айтмоқчи бўлган. Донишманд шоир келажакнинг ҳушёр ва билимдон ўқувчиси бу ниятини англаб етишига ишонган.

Ғафур Ғуломдек юксак билимли, ҳушёр, истеъдодли шоир ва инсон ўзи ҳамнафас юриши шарт бўлган реал ҳаёт билан бадиий ижод ўртасида узилиш, зиддият рўй бераётганини, янги тузумнинг сўзи бошқа, иши бошқа эканлигини, очлик, қашшоқлик, вайронагарчиликларни кўрмаслиги, бегуноҳ кишиларнинг қатл этилаётганлигини билмаслиги, бунинг туб сабабларини англаб етмаслиги мумкин эмасди. Булар Ғафур Ғулом тимсолида икки қиёфа – шўро тузумининг содиқ фуқароси билан халқпарвар, миллатпарвар ўзбек шоири – ички “мен” яшаганлигидан, улар бир-бири билан доимо баҳслашиб, курашиб кун кечирганидан далолат беради. Унинг асарларига синчиклаб разм солинса, ич-ичидан шоир “мен”ининг ўзи тушиб қолган муҳит тузоғи азобларидан қутула олмай изтироб чекаётганлигини, афсус-надоматларини, ёзаётганларидан қониқмаслик ҳиссини сезиш мумкин. Масалан, илк ижоди намуналаридан бирида “Энг яхши шеър учун кўп интизор эдим” деб ёзади ва ўзининг кўз ўнгида рўй бераётган реал воқеаларни рўй-рост тасвирлай олмай, андиша қилаётганини, йўл излаётганини (“Андешадан ақлга макон тузор эдим”) айтади (1, 129-бетлар).

Фикримизни янада тўлароқ исботлаш учун Ғафур Ғуломнинг бундан роппа-роса 85 йил муқаддам ёзилган “Етар май, рубоий ва анекдот” (1933 йил 7 февраль) сарлавҳали шеърини олиб кўрайлик (1, 118–119-бетлар). Юзаки қараганда, бу шеърда ижодкор гўё узлуксиз ичишга қарши исён кўтараётгандек, тинимсиз шаробхўрлик туфайли ўттиз ёшга етмай туриб сочлари оқаргани, бевақт қариганидан (“Кўрина бошлади бошимда оқ туклар, “Мўйсафид” исмини таший бошладим”) шикоят қилаётгандек ва умрнинг эгови бўлган бу ичкиликни бундан сўнг ичмасликка аҳд қилгандек таассурот туғилади. Аслида, унинг замирига халқимизнинг “мастлик-ростлик” деган ҳикматли иборасининг мазмуни сингдириб юборилганлигини англаш қийин эмас.

Шеър лирик қаҳрамоннинг ўз улфатларига мурожаати тарзида баён қилинади. Маълумки, улфатчиликда оз-моз ичишдан сўнг “Бир чимдим шўх суҳбат, эрмак”, ҳазил-мутойиба бўлиши табиий. Лекин ўша хатарли шароитда ҳар қандай даврада қатнашиш ҳам, ҳар хил сўзни оғизга олиш ҳам хавфли “ҳазилнинг таги зил” бўлиши ҳеч гап эмасди. Шунинг учун ҳам шоир “Реал фикр шиша оғзидай бўғиқ” бўлган бундай муҳитда ўзини ҳам, дўстларини ҳам эҳтиёт бўлишга чақиради. Чунки шўро ҳукумати ўз бошқарувининг илк босқичидан халқ фикрини ўзгартиришга қодир зиёлилар тоифасини қаттиқ назорат остига олиб, уларнинг ҳар бир қадамини, хатти-ҳаракатини кузатиб юрганлиги, зарур пайтда жазога тортганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай давраларда айтилган ҳар қандай гап-сўзлар кимлар томонидандир махсус идораларга етказилган. Аслида, ижодий муҳит вазифасини бажарган бу давра шўро ҳукумати учун ўзига қарши уюштирилган “ташкилот” бўлиб кўринган. Ана шу йўл билан ижод аҳли аста-секин йўқ қила борилган.

Ғафур Ғулом рост сўзни айтиш мумкин бўлмаган ва ҳақиқат “Шу маст ғарғарада чувала”шаётган бундай хатарли муҳитда рост сўзлар ўрнига, “Сўйлаб бера бошлайман ҳар хил анекдот, Ёлғонлар маржонин ипга тераман”, дейди. Аслида, ҳақиқий шеър ҳушёрлик меваси бўлиши шарт. Бироқ шоир яшаган муҳит одамларни шу қадар маст қилган эдики, ҳушёрликда бирор гал “Сўйлашмак ҳаттоки мумкин ҳам эмас” эди. Зеро, мамлакатда амалга оширилаётган ишлар ҳукумат томонидан “Оддий кўзга ялтироқ танга” қилиб кўрсатилар, “Ҳали биз билмаган талай юлдузлар” (тарихимиз, адабий-маданий меросимиз, аллома аждодларимиз) пролетар мафкурасининг қора булутлари орқасига яшириларди. “Зеҳн окуркадай оёқ остида” сат­ри орқали эса шоир маданиятимиз ва маънавиятимиз хор қилинаётганига, ўша даврнинг энг яхши зиёлилари қамоққа олиниб, отиб ташланаётганлигига, илм-маърифатимиз камситилаётганлигига, ёзувимиз ўзгартирилиб, тарихимиз оёқости бўлаётганлигига ишора қилади. Тилда эса “Янги турмуш-чун оҳ уриб” “алёр” айтиш русумга айланган, чин сўз “Маст, ирганч ҳаётнинг қора дастида” маҳв этилаётган эди. Бунда Ғафур Ғулом ўзини айбдордек ҳис этар ва бу “айби” учун бугунги ўқувчисидан узр сўраётгандек нола қилади:

Шеъримни ўқийсиз, куласиз, албат,
Таъна-ла қистайсиз, қиласиз синоқ (сўроқ).

Аммо, деб давом этади шоир, виждонимни қийнаётган бу саволларингизга ҳозир жавоб бера олмайман. Негаки, “Аъзоси бўлганим (шу) олий жамият (мени) Шишган талоқ каби қилсинми талоқ?” (мазмунни осонроқ тушуниш учун қавс ичидаги сўзларни ўзим қўшдим – Й. С.). Эътибор беринг, ичидан отилаётган фарё­ди ифодаланган бу мисраларда шўро фуқароси Ғафур Ғулом (ташқи) билан халқ фарзанди бўлган шоирнинг ички “мен”и нечоғлиқ зиддиятли ҳолатда эканлиги яққол кўриниб турибди. Бу зиддият шоирнинг “Юзида-ку сохта севинч, дилда оҳ, /Душман қармоғини қалбга солсинми?” деган сатрида янада очиқроқ аён бўлади. Шу билан бирга Ғафур Ғулом “Ёвнинг қалбига” чуқурроқ қараш учун “Кўзларида рентген нуридай кўриш” қобилиятини уйғотишга, “Зеҳни ҳар пайтда ҳушёрлик” қилишига, “Уй ҳавоси тоза ва бахтли” бўлиши учун “лаблар ҳушёр” бўлишига чақиради (1, 118-бетлар).

Бундай исёнкорлик ва тазарру руҳида ёзилган шеърлар Ғафур Ғулом меросида талайгина. Масалан, ўтган асрнинг 90-йилларида нозиктаъб зиёли Урфон Отажон шоирнинг “Сиз эй, озода дўстлар, бу кўнгилни эҳтиром айланг” мисраси билан бошланган 6 байтли ғазалини ғоят билимдонлик билан таҳлил этиб берди[5]. Мақолада Ғафур Ғулом дилида кечаётган андуҳ-армонлар, унинг ўз ўқувчисидан узр сўрашига асос бўлган сабаблар, яъни жамият зуғуми туфайли ўқувчиси кўзининг хуққасини сиёҳдон, қаламини найза қилиб санчишга мажбур бўлганлигини очиқ тан олгани ва бу айби учун энди истаганча “интиқом” олишингиз мумкин деб ўтингани яхши очиб берилган. Унга фақат ушбу “Ғазалнинг ёзилган вақти 60-йилларнинг бошлари деб тахмин қилинади. Қўлёзмаси ва машинка нусхалари сақланган. Илк маротаба “Шарқ юлдузи” журналида (1966 йил, № 12) чоп бўлган”лигини қўшимча қилишни истардим. Аён бўладики, шоир бетоблиги ва вафоти туфайли уни эълон қилишга улгурмаган. Шунинг учун ҳам ғазал “Мукаммал асарлар тўплами”нинг илова бўлимида берилган. Шу боисдан унга кўпчиликнинг назари тушмаслиги мумкин.

Шуни ҳисобга олиб, ушбу ғазални ҳушёр ўқувчи эътиборига ҳавола этиш билан чекланаман. Уни ўқиб, ўзингиз хулоса чиқарарсиз:

Сиз эй, озода дўстлар, бу кўнгилни эҳтиром айланг,
Мабодо ваҳшиликда шуҳрати, оҳиста ром айланг.

Ҳамиша масту бепарво лобар танти бошимдан
Риё базмида аммо бериё андуҳу жом айланг.

Кесиб томирларимни дилдаги зарбим билан пайваст,
Мақоми келди денгу базмингизда “Шашмақом” айланг.

Эсиз жонимга жонингиз сабабдан етгани озор,
Мудом айланг, мудом айланг, мудом айланг, мудом айланг.

Қаро дилларни равшан қилғали найзам қалам бўлди,
Кўзингиз хуққасиндадир сиёҳим, интиқом айланг.

Агар виждон аро бир партаве тушса бу сатримдин,
Бу эски қулни тутдик денг-у Ғафурни Ғулом айланг[6].

Демак, ўтган асрнинг 60-йилларида мамлакатда юз берган эрувгарчилик туфайли айрим замондошларидан фарқли ўлароқ, Ғафур Ғулом тафаккурида эркинлик эпкинлари эса бошлади, қалбида жамланиб ётган андуҳ-армонларини, ўша пайтда айтолмаган дил изҳорларини айтиш истаги туғилди. Шоир билиб-билмай қилган гуноҳлари, олдинги йилларда яратган мадҳиябозлик руҳидаги ижоди учун халқидан узр сўрашни фарзандлик бурчи деб билди. Улуғ шоирнинг бу узрхоҳлиги айниқса, ғазал мақтасида аниқ намоён бўлади:

Агар виждон аро бир партави тушса бу сатримдин,
Бу эски қулни тутдик денгу Ғафурни Ғулом айланг.

 Булар шубҳасиз, шўро даврида яшаган ижодкорлар ўзларини нечоғлиқ шоду хуррам, бекаму кўст, бахтли қилиб кўрсатишга уринмасинлар, аслида,  эркин шахс-ижодкор сифатида ҳис этмаганлиги, айтган гапини, берган топшириқларини сўзсиз бажаришга мажбур қилган жамиятнинг қули деб билганлигини кўрсатади.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 6-сон

_______________________

[1] О. Шарафиддинов. Истеъдод жилолари. Адабий портретлар. Т., Ғ. Ғулом номидаги АСН, 1976. 3-бет.

[2] Б. Назаров. ХХ аср ва Ғафур Ғулом. “Ўзбек тили ва адабиёти” №2, 2003. 4-бет.

[3] Диктатура (лот. Diktatura – диктатор унвони, чекланмаган ҳокимият). Давлат бошқарувининг нодемократик усуллар билан амалга оширилиши, зўравонликка таянувчи чекланмаган ҳокимият, тоталитар режим. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли, 1-ж., Т., “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2006. 612-бет.

[4]  Ғ.Ғулом. Мукаммал асарлар тўплами. Т., “Фан”. 12 жилдли. 11-ж., 118-бет. (бундан кейинги ҳаволалар ва шеърлар шу манбадан олинди ҳамда жилди билан саҳифаси қавс ичида кўрсатилди).

[5] У. Отажон. Ўкинч ва ўтинч. “Шарқ юлдузи”, 1993 йил 5–6-қўшма сони 147–150-бетлар.

[6] Ғ. Ғулом. Мукаммал асарлар тўплами. 12 жилдли. 3-жилди. 380–515-бетлар.

Ўхшаш мақолалар: