Андрей Ананов. Ошиғим олчи бўлди (қисса)

ТИНТУВ

Ҳаммаси олдиндан икир-чикиригача ҳисобга олиб қўйилган эди.
Ҳозир эшик тақиллайди. Тўғрироғи, аввал эшик қўнғироғи жиринглайди. Бироқ бу қўнғироқ умумий бўлиб, асосан бегоналарга мўлжалланган. Ўзимизникилар эса бошқа яширин қўнғироқ тугмачаси борлигини билишади. Сирасини айтганда, ўзимизникилар бармоқ билан санарли, улар кам келишади. Шунинг учун бегона қўнғироқ овози келди дегунча, юрагимиз така-пука бўлиб кетади.
Борди-ю, қўнғироқ (бегонаси) журъатсизгина, қисқа-қисқа жирингласа, бу, шубҳасиз, эшикни адаштиргани бўлади.. “Хит”лар босган қўнғироқ бутунлай бошқача — узун-узун, амрона, қаттиқ жиринглайди.
Ана шунда нафасингни ичга ютасан. Шовқин солиш йўқ, кундузи қуёш, кечаси кўчадаги чироқ нурини ичкарига киришдан сақловчи деразанинг духоба пардалари таранг тортиб қўйилганини текшириш керак. Бу ҳар икки томони бирдек ялтирайдиган духоба парданинг ноёб хили.
Ҳар эҳтимолга қарши чироқни ўчириб, пардалар орасидаги тирқишдан мўраласа ҳам бўлади. Подъездга очиқ-ошкора кириб келган кимса худди шундай чиқиб кетади. Шундан унинг кимлигини билса бўлади. Ёки эсда сақлаб қолиш, ёки деразадан чақириш мумкин.
Борди-ю, кимдир шунчаки эшикни адаштирган бўлса, бир-икки жиринглатади-да, кетади. Фақат “хит”лар, ўғрилар ёки қароқчилар, ЖЭК хизматчилари — қувурсозлар, электрсозларгина узоқ жиринглатишлари мумкин. Бироқ ЖЭК хизматчиларининг бу хонадонда қиладиган ишлари йўқ — хонадон соҳиби қўли гул, ҳаммасини ўзи тинчитади. Бир гал шундай бўлдики, биронта ҳам сантехник янги, замонавий швед “Компакт”ини ўрнатишга журъат қилолмади. Ҳаммалари бир овоздан ҳожатхонанинг ичи торлигини ва оқова қувурини бош қувурга улаш тизими мутлақо бошқачалигини рўкач қилишди. “Компакт” балконда бир йил ётди.
Бир куни, ЖЭК сантехниги, қўйиб бераман дегандан кейин, ичкарига киришга рухсат бердик. Кўз очиб-юмгунча у эски унитазни кўчириб олди, уни бамисоли чақалоқдай бағрига олиб қучоқлади-да, қандайдир зарур мурватчасини олиб қайтиб келаман деганича бадар кетди. Орадан икки кун ўтди, биринчи куни сабр қилиб чидаб турдик, иккинчи куни қўшниларникига чиқишга мажбур бўлдик. Учинчи куни ҳаммасига тупурдим-да, балкондан “Компакт”ни олиб келдим. Эски автомобил камерасидан бир қисмини кесиб олиб, ичидан пўлат пружинани шундоқ ўрнатиб, “Компакт”ни бош қувурга улаган эдим, оқова ҳеч бир тўхтовсиз оқиб кетаверди. Бу ишларнинг барчаси бор-йўғи бир соатгина вақтимни олди, холос. Шу “Компакт” ҳалиям жойида турибди, мана, ўн бир йилдирки, сувни бехато қуйиб бераяпти.
Демак, бизларга электрсозлар, сантехниклар ҳамда газчиларнинг кераги йўқ экан. Бизда газнинг ўзи йўқ. Бизда электрплита. Аммо бизда ўғрилар бор. Лекин улар билан муомала қилиш у қадар мураккаб иш эмас.
Ҳозирги пайтда ўғрилар қонуни бўйича яшайдиганлар бошқа ҳунарларга ўтиб кетишган, улар ҳар қандай қулфни хотин-қизларнинг тўғнағичи билан очадиган устаси фарангларга, энг мураккаб пўлат сандиқнинг аллақандай мослама ёрдамида кўз очиб-юмгунча авра-астарини ағдариб ташлайдиган “жарроҳ”ларга айланишган. Шунақалардан охиргиси қолган, фамилияси Дубовик деган — Давлат хавфсизлиги қўмитаси идораларининг кекса ходими. Тинтув пайтларида ичидаги нарсаларга заррача зиён-заҳмат етказмай қанчалаб пўлат сандиқларни очмаган. Лекин ўлгудай қайсар, кўп оғрийди, ўзиям кўп ичади. Акс ҳолда ундан зўр одам бўлмасди.
Шундай қилиб, эндиги ўғриларни у қадар устаси фаранг деб бўлмайди, уларнинг кушандаси “хит”лар ҳам мақташга арзимайди. Улари ҳам, булари ҳам қўпол, сурбетларча ҳаракат қилади, бирлари мисранг билан уриб эшикни синдирса, бошқалари тўқмоқ билан уриб, кўрсатма олади. Хуллас, униси ҳам, буниси ҳам бир-биридан қолишмайди.
Аммо менинг эшигимни мисранг билан синдириб бўлмайди. У — пўлатдан, пўлат қопламали. Уни бомба қўйиб портлатиш керак, холос. Қулфлари ҳам жуда ўйлаб қилинган. Ташқаридан оддийгина кўрингани билан унақа-мунақасининг тиши ўтмайди.
Хонадонимга кираверишда ичкарида газ тўппонча, яъни карахт қилувчи электр асбоби шай туради. Дейлик, сиз уйга келдингиз, эшикка яқинлашдингиз, орқадан эса кимдир елкангизга тўппонча тирайди: — “Жим, шовқин солма, эшикни оч!” Шунда биринчи эшикни калит билан очасиз-да, иккинчисини очатуриб эпчиллик қиласиз, шартта ўтириб оласиз-да, ҳалиги асбоб билан меҳмонни карахт қилиб қўясиз. У икки метр нарига учиб тушади. Бадтарроқ карахт қилиб қўйиш учун энди газ тўппончани қайта ишга солишингиз мумкин. Сўнг эшикни таққа ёпиб оласиз, вассалом.
Ўғрилар билан қароқчилар ўртасидаги фарқ қуйидагича: ўғрилар уй эгаси йўқ пайтида келишга ҳаракат қилишади, қароқчилар эса уй эгаси борида. Ўғрилар титкилашади, сиздаги қимматбаҳо нарсани қидиришади, қароқчилар эса қаҳва ичадилар ва ўзингиз бор бисотингизни мана деб унинг кафтига келтириб қўйишингизни пойлаб ўтиришади.
Қароқчилар почтальон қиёфасида куппа-кундузи киришга ҳаракат қилишади. Улар болани ўғирлашлари мумкин (агар бола ҳовлида қаровсиз ўйнаб юрган бўлса), сўнг сиздан эвазига пул талаб қилишади. Босқинчилар учун ҳар доим сақлаш рухсатномаси бўлган қўшоғиз милтиқ шай туради, ҳозирги вақтда эса ички ишлар вазирлигининг махсус розилиги билан берилган “ПМ” тўппончаси бўлади.
Бир гап бўлса, ҳамма нарса чаппасига айланиб кетиши ҳеч гап эмас, автоҳайдовчининг малакаси бир зумдаёқ мўлжални аниқ олиш имконини беради. Жонингиздан умидингиз бўлса, келманг, муҳтарам қароқчивойлар. Бу ерда жон таслим қилишингиз ҳам мумкин.
Хуфия заргарлик касби ўта саришталик бўлишни талаб этади. Ҳамма нарса ўз жойида — катта-кичик қутичаларда, хил-хили билан жойланган бўлиши керак, ҳаммаси кафтдагидек кўриниб турмоғи лозим. Шунда ишлашга ҳам, тинтув қилишга ҳам қулай бўлади. Чунки тинтув қилинганидан кейин тортиб олинади-да. Рўйхатга олиш осон бўлиши учун қутичалар рақамлаб қўйилган бўлиши керак. У ёқда, Қўмитада қайси қутида ётганини кейин аниқлашади ва ўша тартибда қайтариб беришлари ҳам мумкин.
Олтин ва кумуш кукунлари ўзларининг софлик даражасига қараб қатъий равишда алоҳида ётмоғи лозим. Албатта, магазинники бўлиши керак, заводдан ўғирлангани ва техник йўл билан эритиб олингани кетмайди. Бунинг жавобгарлиги ҳам катта — 88-модда бўйича олтидан ўн беш йилгача. Маъдан миқдори жуда катта бўлса — энг юқориги муддат берилади. Жуда катта миқдордагиси қанча бўлишини ҳеч ким билмайди… Баъзиларнинг айтишича, ўн мингдан юқори эмиш, бошқаларнинг гапича — юз мингдан юқори. Буни фақат прокурор билади — бу унинг кайфияти қанақа бўлишига боғлиқ.
Олмос — бу алоҳида масала. Агар тошлар “яланғоч”, гардишсиз бўлса, унда тағин ўша 88-га тортишлари мумкин: яланғоч тош — бу валюта дегани, гардишли тош — бу буюм дегани. Бунинг учун 88-иси тўғри келмайди.
Агар уйда ишласангиз, буюртмани мижозлардан, уларнинг хом ашёсидан қабул қилсангиз, — олтинми, қимматбаҳо тошми, бундан қатъи назар, бу энг енгил моддага киради. Бунинг учун кўп деганда уч йил беришади. Бунгача эса ҳайфсан, жарима, шартли қамоқ. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам албатта сизнинг маҳсулот тайёрлаш ускуналарингиз мусодара этилади. Шу боис асбоб-ускуналар ҳам, хом ашёлар ҳам жой-жойида мутлақо ботартиб турган бўлиши лозим. Сиз эса кундузими, кечасими ҳар соатда, ҳар сонияда энг мудҳиш нарсага тайёр бўлиб туришингиз шарт.

Отам ақлли ва ҳалол одам эди. Катта сержант унвони билан 1941-1945 йиллардаги фашизм билан бўлган урушнинг бошидан-охиригача иштирок этган. Урушдан кейин математика профессори бўлган. Умрида биронта одамни алдамаган. Ўзидаги теран илмий заковатни яхшилик билан йўғирган ҳолда фаолият кўрсатарди. Шулардан баъзилари қуйидагилар: “Ҳаётнинг маъноси кутмоқ ва умид қилмоқдан иборат.” Яна бири: “Ҳаёт бир эшикни ёпишдан аввал бошқасини очишни унутмайди”. Яна: “Тиз чўкиб яшагандан, тик туриб ўлган афзал”. У, дарвоқе, худди шундай ўлди. Тик туриб. Ўн бир қаватли уй томидан сакраб, кираверишдаги эшик соябонига тик тушган.
Мен, тик туриб ўлган афзал деган қарорга келдим. Тўғрироғи, ўтириб ўлган афзал. Заргарлик иш столида. Менинг виждоним ҳамиша пок бўлган. Умримда ҳеч қачон ўз мижозларимдан олган олтинлардан бир заррасини ҳам ўзлаштирмадим. Бутун дунёда заргарни иззату икром қилганлар, бизнинг тузумимизда эса — қамаганлар. Начора, дедим мен, замона доим зўрники бўлган. Бу — тузумнинг иллати. Сўнгра мен оддий йўл билан иш олиб боришга қарор қилдим. Ўша пайтда драматик театрда режиссёр бўлиб ишлардим. Маошим ойига бир юз эллик сўм эди, эзгу орзуим — автомобил учун ойига ўн-йигирма сўмдан тугиб қўйиб, қолганига тирикчилик қилса бўларди.
Машина ўшанда етти ярим минг сўм турарди. Агар боягидек оз-оздан тугиб борсам, машинани роса ўттиз йилдан кейин бемалол олар эканман.
Оқшомлари, тунлари ва дам олиш кунлари ишлаб мен беш минг сўмгача топар эдим. Йилига бу олтмиш минг сўм дегани. Уч йилда — бир юз саксон минг. Бинобарин, менинг бўлажак уч йиллик ўтириб ишлашим бемалол ўзини оқлар экан.

Биз уйдан чиқдик-да, автомобилга ўтирдик. Бироқ жўнашга улгурмадик. Автомобил қўзғалиши ҳамон хотиним: “Қара, хитлар кимнидир қўлга олгани келишди…” деди. Кўзим ҳовлимизга аста кириб келаётган қора “Волга”га тушди. Кўрдим-у, миямга қон қуйилди. Мен бу туйғуни яхши билардим. Курашни олдиндан ҳис этиш туйғуси. Вужуддаги барча кучларнинг юқори даражада жам бўлиши. Воқеалар гирдобида, музда, ёмғир остида қолганда шундай бўлади. Машина ҳар сонияда ихтиёрдан чиқиб кетиши мумкин, бунда ягона халоскорлик — ишқилиб двигател тўхтаб қолмасин-да.
Мен аста-секин узоқлашиб кетавердим. Шу топ “Волга”да ўтирган фуқаро кийимидаги уч киши мени кўриб қолди ва ҳовлимиздан чиқаверишда йўлимни тўсиб, тўхтади. Улардан бири эшикни очди-да, ўзини вазмин тутиб сўради:
— Андрей Георгиевичмисиз?
Ҳаммаси тугади. Манзилга етдик. Сезгир хотинимнинг тахмини тўғри чиқди. Магнитофон тасмасидан ҳам тезроқ чириллаб айланаётган фикрлар силсиласи шууримда аллақандай ғашлик уйғотганча беихтиёр кўнглимдан биргина ўй кечди: “Бу — Қўмита”. Хонадонимиз калити умумий боғичда бўлиб, ўт олдириш қулфчасида осилиб турарди. Унда жиноят белгилари — контрабанда сифатида Исроилдан келтирилган эллик каратлик1 майда олмос тошчалари. Бу — 88-модда. Илож йўқ… Илож йўқ… Илож йўқ… Курашмоқ керак… Ниманидир ўйлаб топиш керак… Таслим бўлиш қочмайди… Йўлини қилиш керак… Бироқ қандай қилиб…? Бошқа илож йўқ.
Мен машинамдан чиқдим. У ўз машинасидан чиқди.
Ўзимни таништирдим. Гувоҳномасини кўрсатди. Одесса вилояти бўйича ДХҚ (Давлат хавфсизлиги қўмитаси) майори. Нима учун Одесса вилояти бўйича? Нима учун ўз вилоятимиз бўйича эмас?
— Хонадонингизга борайлик, Андрей Георгиевич.
Мен, чўккан чўпга ёпишар, қабилида дедим:
— Кечирасиз, қандай ҳуқуқ бўйича бундай деяпсиз? Эшитишимча, бундай ҳолларда тинтув ўтказишга санкция кўрсатилар экан…
Майор бирданига тундлашди.
— Ўтир машинага!..
Мен машинага ўтирдим. Миямда ўйлар чарх урарди. Энди машинадан чиқмайман. Лекин улар хотинимни чақиришмаяпти. Унда ҳам хонадонимиз калитлари бор эди. У фаросатли аёл. Бирон нарса ўйлаб топади. Машина ичида майор портфелдан қоғоз олди. “Маҳсулотни тортиб олиш тўғрисида қабул қилинган қарор…”
— Кечирасиз, бу ерда прокурорнинг имзоси йўқ-ку. Фақат прокуратура терговчисининг имзоси бор, холос.
— Ҳозир сени туман милиция бўлимига олиб бораман. У ерда сени шахсий текширувдан ўтказишади, хонадонинг калитини олишади. Тамом. Сен менга бошқа керак бўлмайсан.
— Унда нега ҳамма жойда прокурор санкцияси ҳақида гапиришади?
— Бу милиция учун керак. Сени эса ДХҚга олиб бораяпмиз. Боз устига, бизда қалтис вазиятларда мустақил иш кўришимизга ҳуқуқ берилган. Эшикни бузиб кириш ва жиноятчига шикаст етказиш мақсадида ўқ узишгача ҳаққимиз бор. Англагандирсан?
Ҳа, англадим. Жуда тез англадим. Мен ўзи ҳар доим яхши англайман. Бироқ бундай ҳол биринчи марта содир бўлаяпти, истисно тарзида. Мен уларнинг жаҳлини қўзғатмаслик кераклигини тушундим. Яхши муомала қилиш керак. Ҳозир ўзим саҳнага қўйилмоқчи ва бош ролни ҳам ўзим ўйнамоқчи бўлган спектаклнинг биринчи қисми бошланади. Нима бўлганда ҳам мен мутахассисман. Актер ва режиссёрман. Ахир, падарига қусур, мени давлат пулларини исроф қилиб бекорга ўқитишганми.
— Кечирасиз, ўртоқ майор. Ўзингиз тушунасиз, нима бўлганда ҳам бундай вазиятга биринчи марта тушиб турибман. Келинг, уйга кирайлик.
— Мана бу бошқа гап! — Майор яна жилмайди. У пастак бўйли тўладан келган одам бўлиб, ёши мендан катта эмасди, балки ёшроқ бўлса ҳам эҳтимол. — Девор-дармиён қўшниларинг борми? Одамшавандароғидан уч-тўрттасини чақир.
— Илтимос, қўшниларни чақирманг. Уяламан. Ўткинчилардан олинг…
— Яхши, — мурувват кўрсатди майор. Кейин тасодифий йўловчилардан олиб келгани ёрдамчисини жўнатди. Кўп ўтмай икки одам пайдо бўлди.
— Қани, кетдик. Тўхта, дарвоқе, хотининг қаерда?
Мен машина томонга қарадим. Машинада ҳеч ким йўқ эди. Хотиним ҳув нарида аста яёв кетиб борарди. (Улар хотинимнинг иродалилигига тан беришади ҳали.)
Зумда хотинимнинг орқасидан қувиб етишди. Уни орқага қайтаришди. Ўшандай юриш билан хотиним буёққа яқинлашиб келарди. Гўё менга ўйлаб олишим учун атайлаб вақтни чўзаётгандай.
Бироқ ортиқча вақтнинг энди менга ҳожати қолмаганди. Мен: “Кечирасиз, ўртоқ майор” дея самимий (балки ўта самимий) равишда гапира бошлаганимдаёқ ҳаммасини миямда пишитиб олган эдим. Жудаям ҳаммасини эмас. Бироқ ўйиннинг биринчи кўринишини пишитиб олгандим.
Подъездга етти киши кириб келдик. Парда очилди.

Хонадонга биринчи бўлиб мен кирдим. Орқамдан майор кирди. Кейин хотиним. Сафнинг охирида иккала қўмитачию одамшаванда шахслар келарди. Камбаргина даҳлиздан ўтдик, у ерда менинг иш столим, тўғрироғи, стол ҳам эмас, осилиб турадиган қопқоғи менга стол вазифасини ўтовчи секретерим1 турарди. Секретердан бир метрча чапда ҳожатхона эшиги, ўнг томонда — ётоқхонага кирадиган, ўртада эса ишхонага кирадиган эшик.
Мана шу секретерда, унинг токчаларининг пастки бўлмасида ҳамма нарса, йиллар давомида йиққан-терганларим ётарди, — булар фақат соҳиби учунгина қимматли ва ёдгорлик ҳисобланувчи энг бебаҳо ашёлар: асбоб-ускуналарим, қутичаларим, ғилофчаларим, шиша идишчаларим ва яна кўплаб саноқсиз нарсаларим эди.
Асбоб-ускуналарим, бурагич ва қисқичларим билан ёнма-ён ўша лаънати банкача ҳам шу секретерда ётарди, банкача ичида айни пайтда худди кўзача ичига қамалган жин каби менинг 88-моддам ўтирибди. Бу эллик каратлик майда олмос парчалари, контрабанда бўлиб, у менга ё озодлик, ё қамоқ ҳадя қилиши керак эди!
Мен уни яқинда бир разилдан ясаб берган узугим эвазига ҳақ сифатида олган эдим, айнан ўша бориб мени сотган. Ҳа, сотган, чунки менинг қутулиб кетолмаслигимни, уйимда заргарлик асбоб-ускуналари, олмосларим борлигини, менинг анча-мунча номим чиққан заргар эканимни, ҳаммадан ҳам бу муртад мендан ўзининг барча ашқол-дашқолини олиб, мен билан ҳисоб-китоб тугаганини билар эди.
Анчадан бери мен унинг буюртмасини бажариб келар эдим, бироқ бу ишнинг охири вой бўлишини сезганимдан кейин бас қилиб қўя қолган эдим. Мўмай фойдадан воз кечиб қўя қолган эдим. Бироқ майда олмос тошчалардан воз кечмагандим, чунки баъзилар учун бу жиноятнинг ашёвий далили, контрабанда, валюта бўлса, мен учун — ҳунаримнинг дастмояси эди, бусиз мен нозик, нафис, ноёб буюмлар ярата олмас эдим. Мана, энди мана шу қутича бошимга битган бало бўлиб турибди.
— Сиз қидираётган нарса мана бу ерда, — дедим мен ва секретерга ишора қилдим. Қўмитачининг барибир гапимга юз фоиз ишонмаслигини билиб турсам-да, тўғрисини айтганга не етсин. Станиславский: “Ёмон нарсани ўйнаётганингда ундаги яхши жойни қидир”, деб бекорга айтмаган-ку.
Мен айнан шу нарсани ҳисобга олган эдим. Биринчи саҳнани бехато ўйнаб, бир оз вақтдан ютаман, вақт эса тўхтовсиз ўтиб турган бўлади. Бу орада мен навбатдаги саҳнани ўйнаб олишим керак бўлар эди.
— Бўпти, буни яхши ниятлар учун ўзингизга қолдирасиз. — Майор менга қадрдонларча кулиб қўйди. Ҳа, мен сиз муттаҳамларни яхши биламан дегандек. Сўнг секретердан узоқлашиб, ишхонага кириб кетди.
Иккинчи қўмитачи хонани обдон тинтув қилишга киришди. Учинчиси пальто осиғлиқ илгич ҳамда даҳлизни титкиларди.
Одамшаванда шахслар оёғи куйган товуқдек питирлашарди.
Хотиним ўриндиқда ўтирганча жимгина уларни кузатарди.
Мен ишхонада ўзимга қаҳва дамлардим. Майорга ҳам манзират қилдим. У ичмайман, деди. Қаҳва қайнатар эканман, фақат бир нарсани ўйлардим: “Ҳеч бўлмаса охирги марта қаҳва ичиб қолай”.
Зимдан (унинг ўзича) менга қандай таъсир кўрсатишини кузатиб бораркан, майор шошмайгина ошхонани тинтиди. Шакарни шопириб қаради, унни, қутичалардаги зираворларни титкилади.
Мен қаҳва ҳўплар ва режиссёрлик вазифамни — секретерни очиб берганимни — “оқлаш”ни ўйлардим.
Театрда бир тушунча бор — янги мизансаҳнага ўтишни “оқлаш” деган. Масалан, агар саҳнада сўзлашиб ўтирган актёр бирдан сапчиб туриб, бурчакка чопиб борса-да, ердан топиб олган тугмача билан қайтиб келса, ҳаммаси тушунарли бўлади — демак, у тугмасини йўқотиб қўйгану, бирдан кўзи тушиб, чопиб кетган ва ердан олган.
Худди шу нарса “ўтишни оқлаш” дейилади.
Мен ошхонада ўтирар ва зўр бериб секретерни очиш учун баҳона қидирар, шу ишимни оқлаш учун йўл излардим.
Вақт эса аёвсиз олға интиларди.
Майор ошхонани тинтиб бўлаётганди.
Бирдан мен ҳожатхонага киришга рухсат сўрадим. (Шуни айтиш керакки, тўсатдан миямга шу фикр келиб қолганди. Лекин уни амалга ошириш шу қадар қийин эдики, бунинг бирон-бир натижа беришига кўзим етмасди. Бироқ ортиқ пайсалга солиб бўлмасди).
Илтимосимни эшитиб, майор ҳушёр тортди. Исковуч итдай қулоқлари диккайди. У ўлжа ҳидини олаётганди.
Аввалига у мени обдон тинтув қилди. Кейин бирпас ўйланиб турди-да, уй кийимимни сўради. Менинг спорт либосимни ҳам тинтув қилди. Кийимимни алмаштиришимни буюрди. Ёнимдан чиққан буюмларни Қўмитачи диққат билан текшириб кўриш учун тугиб қўйди. Сўнгра биз биргаликда ҳожатхонага кетдик. У ерда ҳамма бурчакка кўз югуртирди, унитаз ортида ҳар эҳтимолга қарши, рўзғорда асқотишга асраб қўйилган тахтачаю фанерчаларни чиқариб ташлади, ҳожатхона чўткасини олиб, синчиклаб қараб чиқди.
Мен унинг орқасида турардим, вақт, назаримда, тўхтаб қолгандек эди. Спектаклимнинг кульминацион нуқтасига етиб келмоқда эдим. Энди саҳнани охиригача, асосий воқеагача олиб бориш лозим эди. Бу воқеа қаҳрамони тепага қараб кўтарилаётган оққуш нусха дастакли афсонавий швед “Компакт”и бўлиши керак эди. Бутун “Компакт” ҳам эмас, фақат унинг дастаги, дастаги ҳам эмас, балки дастакни ўққа маҳкамлаб турувчи мурват эди у. Чунки шу мурватни бурабгина “Компакт”ни очиш мумкин эди. Бунинг учун эса бурагич керак. Бурагич эса майорда йўқ. Тўппончаси бор, гувоҳномаси бор, аммо бурагичи йўқ. Тўғри ҳам. Чунки, агар ҳар бир майор бурагичи билан юрадиган бўлса, қанча бурагич керак бўлмасди! Майор оппоқ “Компакт”га ўйчан қараб қолди. У текшириб кўрмаган ягона нарса шу эди — бунга фаҳми етмагани кўриниб турарди, бироқ ё майор эринаётганди, ё қандай очишни билмаётганди.
Охири тоқатим тоқ бўлиб мен унга дўқ аралаш дедим:
— Хўш, энди кирсам бўлар?..
Майор бир фикрга келганди:
— Манови нарса қандай очилади?
Мен “билмасам” дедим жўрттага.
Майор айтасан деб туриб олди.
Мен “ёрилиб” кетдим:
— Дастагида кичкина мурвати бор. Шуни бураш керак. Кейин ҳаммаси тутдай тўкилади.
— Бура.
Раҳмат, Константин Сергеевич Станиславский. Раҳмат, Изакин Абрамович Гриншпун. Сизлар менга “ўтишларни оқлаш”ни ўргатдингиз. Майор билан сўзлашиб ва унинг кўзига тик қараб туриб, мен секретерни очдим ва кўр-кўрона, фақат хотира ва сезги билан мўъжазгина қутичани пайпаслаб топдим. Уни бармоқларим орасига қистириб олдим. Шу қўлим билан пайпаслаб бурагични олдим-да, мурватни бурадим.
Майор унитаз устига энгашди.
Мен қутичани тинтиб кўрилган спорт либосимнинг чўнтагига солдим.
Спектакл деярли ўйнаб бўлинганди. Ҳаял ўтмай таъзимга чиқишим мумкин бўлади. Кейин маълум бўлишича, таъзимгача ҳали анча бор экан.
Ниҳоят, яхши “ният”га навбат келди. Майор билан иккала ёрдамчиси секретерни титкилашга тушиб кетди.
Унинг ичидан қутичалар, тугунчалар, қоғоз халтачалар, банкачалар бирин-кетин саф тортиб чиқиб кела бошлади. Шу ерда мен гўё гид вазифасини ўтамоқда эдим — бу нарсаларнинг нималиги ва нимага кераклигини тушунтирар, асбоб-ускуналарни намойиш этар, Фаберже устахонасидан ундирганим росмана қадимги лобзик (олтин арралайдиган аррача) билан мақтанардим. Майор тезоблар (кислоталар) турган юқори токчага ўрлай бошлади.
— Кераги йўқ, — огоҳлантирдим уни, — шимингизнинг тешилгани қолади.
Майор кўнди.
Менинг ички ишончим (секретерда бошқа далиллар йўқлигига амин эдим) “меҳмон”ларга ўтгани шундоқ кўриниб турарди. Муваффақиятсиз чиққан тинтув билан тинчишиб, энди улар расмиятчиликни поёнига етказгандек бўлиб кўринаётганди.
Кўп ўтмай турли-туман нарсалар билан тўлиб-тошган секретер қопқоғининг устида тирноқча бўш жой қолмади. Шунда майор буларнинг барчасини хонадаги столга олиб ўтишга қарор қилди, у ерда мен кўздан кечириладиган ва мендан тортиб олинадиган нарсаларни айтиб туришим керак экан, у эса уларни тортиб олинган буюмлар рўйхатига ёзиб бораркан. Бизлар жимгина столга келиб ўтирдик ва мен бирин-кетин заргарлик буюмларини унга томон суриб қўйиб, уларнинг номларини айта бошладим. Майор ёзиб борди.
Бирдан кўзим қайта эритишга мўлжалланган турли олтин қийқимлари сақланувчи бир қутича ичида ялтираб турган иккита кичкина-кичкина қисмчага тушди. Бу қисмчаларни мен айнан ҳалиги муртад сотқинга ясаган эдим ва мана шу бир жуфт қисм кейинчалик менинг ўша муртад билан алоқамга далил бўлиши мумкин эди. Мен эса буни хоҳламасдим.
Қисмчалар ёнида қутичада йигирма беш грамм вазндаги олтин қуймаси ётарди. Мен шунга ачиндим.
Мен хотинимдан шўрва келтиришини сўрадим.
Хотиним ҳайрон бўлди ва “Сабр қил, кейин овқатланаверасан”, деди.
— Кейин кеч бўлади. Бугун у ерда бизга овқат беришмайди.
— Нима? — ҳайрон бўлди хотиним. — Бизни олиб кетишадими?
— Сен нима деб ўйловдинг?
— Ақлли одам билан ишлаш мазза-да, — таъкидлади майор.
Хотиним бир ликопчада карам шўрва билан бир бўлак нон келтирди. Мен нонни қисмчалар билан олтин қуймаси ётган қутича ёнига қўйдим.
Карам шўрва ичар эканман, рўйхатга олинаётган буюмларни бирма-бир айтиб борардим.
Нонни қўлга олардим-да, тишлардим, кейин қутича ёнига қўярдим.
Олардим, тишлардим, қўярдим.
Қўлим бир маромдаги ҳаракатга ўрганиб борарди. Қўлим тобора ишончлироқ ҳаракат қиларди. Бир гал нон ўрнига қутичадаги қисмчаларни олиб оғзимга солганимда ҳеч ким бунга эътибор қилмади.
Оғзимдан қисмчаларни қошиққа, қошиқдан ликопчага ўтказдим. Улар карам шўрва тагида кўринмай кетди. Шунда мен бутунлай нафсим ҳакалак отиб, олтин парчасини ҳам ямлаб юбордим. Кўп ўтмай у ҳам ликопчага келиб тушди.
Бобом дадамга овқатдан кейин ликопчани топ-тоза қилиб қўйишни ўргатган. Ундаги ҳамма нарса еб-ичилиши керак. Дадам мени ҳам шунга ўргатган. Хотиним бу одатимни билар эди. Қарайдики, умримда биринчи марта овқатни чала едим. “Олтин карам шўрвани” ўзимдан нари суриб қўйдим-да, “йиғиштир” дедим. Фаросатли хотиним шўрвани тўкиб ташламади. У ликопчани ошхонага олиб кетди ва устидан қопқоқ ёпиб қўйди.
Мен икки кундан кейин уйга қайтиб келдим, карам шўрва, табиийки, ачиб бўлганди.
Бироқ, маълумки, олтин шўрвада ҳам айнимайди.

МУТТАҲАМЛАР

Эллигинчи йиллар эди…
У вақтларда велосипед дегани камдан-кам болаларда (катталарда ҳам) бўларди. Кўпинча омадли одамларнинг икки ғилдиракли самокатлари бўларди, югуриб келиб ирғиб устига чиқиб олишарди-да, ора-сира бир оёғи билан ерни тепиб-тепиб катта тезликда ҳайдаб кетишарди, кейин иккала оёқни самокат устига қўйганча рулни тўғри қизалоқлар устига қараб буришар ва қизалоқлар қий-чув солиб, ҳар томонга қочиб қолишарди.
Биз қариндошларимизникига меҳмонга бордик. Нима бўлди-ю, амакимнинг ўғли Володя менга самокат совға қилди. Сабаби, ўзининг ёши самокат учишдан анча ўтиб қолганди. Володя мендан беш ёш катта эди.

Орадан кўп йиллар ўтиб, мен ўзимнинг биринчи “Москвич”имни олганимда ҳам бу қадар севинмагандим. Мен уни рулидан ушлаб, бутун Дзержинский тумани орқали ўзимизнинг Литейний туманига тантанавор олиб ўтгандим.
Хуллас, оқсочимиз Фаина билан Таврия боғига боришимизни бесабрлик билан кутиб, тун бўйи ухлолмадим.
Кираверишдан сал нарида бир тепалик бўлиб, устида доирасимон музқаймоқ дўкони жойлашганди. Омадли самокат эгалари учишни мана шу тепаликдан бошлашарди. Пастдаги кўлчани айланиб ўтган узун хиёбондан майда оқ гуллар билан қопланган қуюқ бутазор ортига ўтиб кетишарди.
Мана, мен самокат билан тепалик устида турибман. Ким билсин, биринчи марта учаётганим асар қилдими, сал каловланиб қолдим. Оқсоч қаёққадир ғойиб бўлганди. Афтидан, унинг ўша пайтда юрадиган солдат йигити бор эди.
— Ҳой бола, бир учиб келай, мен сенга машиначамни бераман…
Қаршимда ўзим тенги бир бола турарди, бошида ўша пайтда расм бўлган кепка-лондонкани тескари кийган, оёғида қора боғичли жигарранг ботинка.
Мен индамай машиначани олдим, бола чап оёғини самокатга қўйди-да, қора боғичли жигарранг ботинкаси билан ерни бир тепди ва тепаликдан ўқдай пастга шўнғидию ҳаял ўтмай хиёбоннинг нариги чеккасида кўздан ғойиб бўлди…
Мен ўша жойда кутиб туравердим.
Ниҳоят, ўзида йўқ шод Фаина пайдо бўлди ва дарров сўради:
— Самокат қани?
— Бир болага учишга бергандим…
— Самокатдан ажрабсан, у энди қайтмайди.
— Қайтади. Унинг машиначаси менда.
Фаина қўлимдан занглаган ўйинчоқни юлқиб олди-да, жаҳл билан буталар ичига улоқтирди.
Бола, эҳтимол, жуда олисга кетиб қолганди, елдай учиб кетар экан, у иккала оёғини самокат устига қўйиб олган, тумтарақай қочаётган қизалоқларга гердайиб қараётган бўлса керак, ҳойнаҳой.
Бу менинг муттаҳамга биринчи бор дуч келишим эди. Ҳозиргиларнинг тили билан айтганда, “лаққа балиқ” бўлиб қолавергандим.
Барибир одамларга ишониш керак. Соддаликка йўйишса йўйишар, аммо ишониш керак…
Мени аэропортга олиб келаётган қора “Мерседес” Омскни кўз очиб-юмгунча ортда қолдирди-да, дашт йўлига чиқиб олди. Тўсатдан катта тезликда бизни қувиб ўтаётган “БМВ” ичидан автомат тумшуғи кўринди…
Машинада ўтирганимизда ўқ овози деярли эшитилмас экан, ғилдирак ва мотор товушлари босиб кетаркан. Ўқ кузовни тешиб ўтганда шунақа бир овоз чиқар эканки, гўё консерва банкасини мих билан ўйгандай.
Хуллас, орқадаги чап қанотдан учта тешик очишди-да, қувиб ўтиб, дангал илгарилаб кетишди. Ё сибирлик шерикларини чўчитишди, ё бизни бошқа биров билан адаштиришди.
Мен Европанинг барча бозорларини ортда қолдириб кетувчи бир маҳаллий бозор очиш ниятида заргарлик буюмлари тўпламини Сибирга олиб кетаётган эдим, бироқ сибирлик дўстларим қайсидир ишни хом қилишганди. Муздек меҳмонхонада, маҳаллий “люкс”да икки кун ўтирдим, дейлик, “Отел де Пари”дагидек менга халат ва шиппак беришмади, “рум сервис”1 деганини эшитмаганман ҳам, қувурлардан иссиқ ўрнига муздек сув оқарди. Учинчи куни сибир миллионларидан қўлимни ювишга қарор қилдим, каравот тагидан қимматбаҳо тошлар солинган жомадонни суғуриб олдим-да, мени аэропортга элтиб қўйишларини сўрадим.
Бироқ кўрганим “йўл азоби, гўр азоби” охиргиси эмас экан. Охирида равшан бўлдики, менга ҳеч ким чипта буюриб қўймаган экан, Санкт-Петербургга тўғри учадиган рейс бугун йўқ экан. Москва орқали учишга, Домодедовода қўниб ўтишга ва ўша ердан Шереметьево аэропортига ўтишга тўғри келди.
Бундан ўттиз йил муқаддам охирги марта Ленинободга, Республика драма театрига ёш актёр сифатида учиб кетганимда худди шундай саргузаштни бошдан ўтказгандим.
Ниҳоят, самолёт қўна бошлади. Москва. Етиб келдим-а, деб енгил нафас олгандим, бироқ “чув” тушганимни билдим.
Ҳар доимгидек, Домодедовога учиб келган йўловчиларни чаққон ҳайдовчилар тўдаси қуршаб олади ва маъноли овозда такси хизмати кўрсатишга тайёр эканликларини айтишади.
— Жаноб, сизни обориб қўйсам бўладими?
Қаршимда одми кийинган ва табассумли чеҳраси билан шубҳага асло ўрин қолдирмайдиган ёш йигит турарди. Мен шу куни умримда биринчи марта хатога йўл қўйдим. Бу, албатта, бирданига содир бўлмади. Мен дарҳол инкор маъносида бош чайқадим, бу билан ҳамма ишим жойида демоқчи бўлдим, аҳволимдан ҳам унинг хизматига муҳтож эмаслигимни бемалол англаса бўларди, чунки ҳайдовчим фуражкасини тутамлаганча нарсаларимни олишга ва бажонидил эшикни очишга шай бўлиб, хизмат машинаси ёнида турарди.
Агар такси олиш зарурати туғилса, у сизни эмас, сиз уни олишингиз кераклигини билардим.
Ҳалиги йигит жудаям одобли, бироқ паришонхотир эди. Синиқ товушда деди:
— Эҳ, хотинимга совға олмоқчи эдим…
Бирдан меҳрим ийиб кетди-ку. Ҳатто, йўлкира ҳақини ҳам тўлайман, устига-устак, болакайга миттигина, шабададай шаффоф, эмалли пасха тухумчани ҳам совға қиламан, бунақасини умрида кўрмаган бўлади, деб ўйладим.
— Машинангиз қанақа?
— “Олтилик”.
— Ҳм… Бўпти, кетдик. Шереметьевога қанча оласиз?
— Эллик минг.
Ростини айтсам, мен рус нарх-наволари тартибини яхши билмасдим. Париждагини эса аниқ биламан: Шарль де Голль аэропортидан марказгача — икки юз эллик франк.
Мен рози бўлдим ва шу топ иккинчи хатога йўл қўйдим: машинада нечта йўловчи бўлишини сўрамабман. Балки йўловчилар бўлмаслигига одатланиб қолганимдир бу.
“Олтилик” олдида плаш кийган бир рангпар одам уёқдан-буёққа юриб турарди, у жомадонидан кильки ва қўлбола тухумли бутерброд олди-да, вақтини зое кетказмаслик учун тамадди қила бошлади. Мен бу яна бир йўловчи бўлса керак деб ўйладим, бироқ унинг қўлбола бутерброди, эгнидаги росмана сафар плаши ва парти кетиб шарти қолган жомадони мени қаттиқ таажжубга солди.
Ҳалиги киши жудаям хушмуомала экан, бирпасда ёқамдан кириб енгимдан чиқа қолди-ку. Ўзининг Сочиданлигини айтди, менинг у ерда бўлган-бўлмаганлигимни сўради.
Сочида бўлганманми? Ҳа, у ерда менинг энг яхши йилларим кечган, аввал “Жемчужина”да, сўнгра эса “Дагомис”да. Айни ёшлик пайтларимиз эди ўшанда…
Суҳбат қизигандан қизиб кетди. Сафимизга яна бир ҳамроҳ қўшилди, у ҳам Сибирдан келган ажабтовур мусофир экан. Ана буни росмана омад деса бўлади.
Шифтда ухлашнинг бир ноқулай томони шундаки, устингдаги кўрпа ерга тушиб кетади, деган матални бежиз айтишмаган-да.
Айнан мана шу ноўнғайликни деб мен бошимга бало ортдирдим.
Машинага ўтира бошладик. Янги йўловчи олд томондан жой олди, мен одатим бўйича орқа ўриндиқ томонга ўтдим ва аввал бутербродли мусофирни ўтқазишга қарор қилдим. Лекин у метрогача боришини баҳона қилиб, рад этди, шу тариқа мен орқа ўриндиққа биринчи бўлиб ўтирдим.
Ўнг томонимда дастаги синиқ эшик, чап томонимда йўловчи. Чекиниш йўллари мен учун кесиб қўйилганди.
Энди қўзғалган ҳам эдикки, бизнинг ёқимтой ҳайдовчимиз ёнига аллақандай бир исқирт югуриб келди:
— Серёга, анови ерда биттасини метрогача йигирмата “кўк”ига олиб кет!
Қизиқ, ҳайдовчи тасодифан Домодедовога боришим керак бўлиб қолди, деганди-ку…
Нимагадир Домодедово билан Шереметьево ўртасида метро йўқлиги ва бўлиши ҳам мумкин эмаслиги хаёлимга ҳам келмабди. Лекин мен кескин оҳангда дедим:
— Йигит, сал инсоф ҳам керак-да. Ё юр, ё мен тушиб қолай. Ўзи икки киши зўрға сиғдик-ку.
— Лекин йигирмата “кўк”и… йигитлар, — деди ҳайдовчи тиржайиб, — сал сурилинглар, а?
— Ё юр, ё мен тушиб қоламан, — такрорладим мен.
Машина юриб кетди.

Мен майин теридан тикилган ва қимматбаҳо тошларга тўла парижча ҳамёнимни тиззамга қўйиб ўтирардим. Чап қўл бармоғимда одатдагидек бобомнинг олмос кўзли узуги ялтирарди, оилавий ривоятга кўра у бобомнинг Монте-Карлодаги ўйинлар уйида уни тўла хонавайрон бўлишдан сақлаб қолган экан, гоҳо енги остидан “Ананов” ширкатининг олмосли соати кўриниб тураркан. Бу ўзига хос ажойиб реклама вазифасини ўтаркан.
Бири Сочидан, иккинчиси, маълум бўлишича, Челябинскдан келган иккала мусофир қизғин суҳбатлашарди.
Аниғини айтолмайман-у, аммо юрагимнинг тубида қандайдир ғашлик ҳис этмоқда эдим. Чор атроф зим-зиё қоронғуликдан иборат ва рутубатли эди, қандайдир қоп-қора ва лойли йўлдан кетиб борардик.
Бирдан суҳбат ўйиндаги бизнесга келиб тақалди. Сочилик мусофир “Жемчужина” меҳмонхонаси рўпарасида турган кемадаги янги қовоқхонани мақтарди.
“Нимада ўйнашаркин улар у ерда? Рулеткада бўлмаса керак? Ахир, у ер тинмай чайқалиб туради-ку?!” — ўйладим мен. Ўйладим-да, шуни сўрадим.
— Ҳе-йўқ, қартада.
— Блек-жекми?
— Йўқ, оддий бир ўйин, иккита қартада. Ўн етти одам бараварига ўйнаши мумкин.
Шунда иккита қарталик ўйин олдинда ўтирганни ҳам қизиқтириб қолди:
— Ўргатсанг-чи! Бизлар дала ҳовлида кўпинча қарта ўйнаймиз, одам роса кўп бўлади.
— Қартасиз ўргатиб бўларканми, иложи йўқ бунинг, — таранг қилди сочилик.
Қартадан гап очилиши билан мен ҳушёр тортдим. Лекин сир бой бермадим. Саёҳатларда ва кемаларда, парклар ёки Петропавловск яқинидаги пляжда ўйналган қарта ўйинлари нима билан тугашини мен ёшлигимдан билардим. Аввалига “бир-бир сўм”дан бошланади, сўнг кишибилмас қарта дастаси ўзгара бошлайди, “алмашади”, “лаққа” туширишади, ёнидаги бор буд-шудини ва қимматбаҳо буюмларини шилиб олишади. Лекин бу илгари бўлар эди, бу бизнинг ёшлигимиздаги гаплар… Ўша оддий ҳолат ҳозир, йигирманчи аср охирига келиб такрорланишига ишонгинг ҳам келмайди, бунинг устига бу ўйинда мендек номини ярим жаҳон биладиган заргар ҳам иштирок этса.
— Қартасиз мен ҳеч нима ўргатмайман, — деди сочилик бироз дили оғригандек.
— Бор-да, қарта бор! Бусиз менга ҳеч қанақа командировка татимайди! Қарталар, шашкалар…
“Ундан кўра ишни ўйласанг-чи, овсар”, — дилимдан ўтказдим мен.
Олдиндаги одам қарта дастасини узатди. Қўшним йўл-йўлакай қартадаги тузларни чиқариб санай бошлади.
— Ие! Иккита туз етишмаяпти-ку! — ғалати оҳангда деди у.
— Бўлиши мумкин эмас… Туф-е, тўғри… — шундай дея олдиндаги мусофир бошқа чўнтагидан иккита тузни чиқарди.
Юрагим бир тутам бўлди ва яна ёшлигимни эслаб кетдим. Ўшанда мен колхозда ишлаб топган пулимга сотиб олган, анодланган биринчи “Победа” соатини ютқазиб қўйган эдим.
Мен сочиликнинг гапларига қулоқ сола бошладим.
— Қўлларга иккитадан қарта сузилади. Туз — ўн бир очко, ўнлик — ўн очко, дама — уч очко, қолганлари қартада ёзилганидек. Иккита қарта қўшимча қарта олишга сузилади. Агар уларни олсангиз, икки баравар банка тикишингиз керак бўлади, лекин унда қўшимча олган қартангиздаги очколарга бир очко қўшилади…
Синовга сочилик қарталарни ҳамёним устига қўйиб қарта сузишга киришди. Сузиб бўлгач, ўзининг эски қарталарини ташлаб-ташлаб қандай савдолашиш ва қўшимча қартани қандай олиш кераклигини бирма-бир намойиш қила бошлади.
— Ана шунақа. Энди худди қовоқхонадагидек чинакамига сузаман, — тантанавор деди у. Нимагадир дастанинг фақат қуйи қисмини чийлаб ва “олишга” имкон бермай, у қарталарни сузиб чиқди:
— Банкада синов учун ўн минг, — шундай дея у ҳамёним устига қоғоз пулни қўйди.
Узоқ умрим давомида мен кўп нарсаларни кўрдим. Кўп нарсаларга ўргандим. Талабалик йилларимда автопойгачи бўлгандим, бильярдни қотириб қўярдим, таниқли олим — профессор Широхов ўқиган математика лекцияларида, Ленинград университети тарих факультетининг лекторияси — улкан аудиториянинг энг охирги қаторида преференсни шавқ билан ўйнардим. Мени маъзур тутинг, жаноб профессор.
Бир куни мен икки ғирром дўстга тўқнаш келиб қолдим. Жуда юқори техникада ўйнаб туриб мен уларга қарши ҳеч нарса қилолмай қолдим — улар деярли ҳар сузишда “тўққизлик” ва “митти”га ўйнар эди. Ақлдан жаҳолат устун келган эди.
Мендан ютиб олган пулга менинг ўзимни “меҳмон” қилишди. Бизлар дўстлашиб қолдик. Кейинчалик улардан бири — мутлақо одобли йигит Юра Рожковский менга қирриқлик маҳоратининг сирларини очиб берди. Мен қобил шогирд чиқиб қолдим. Мен буюк ғирромбоз бўлишга аҳд қилдим. Ҳар доим ҳалол шериклар билан ҳалол ўйнаб, мен беҳад завқланардим, “жуфтлик”ка ўйнаган бошловчи қирриқларни бир чўқишда қочирардим.
Шу даражада маҳоратга эришдимки, қирриқлар билан ўйнар эканман, ўзимга йирик қарталарни, уларга эса “ёмон тахланган” яхши қарталарни бийлатмасдим. Ренонсли зот “тўққизликни” ёки тутилган саккизликли “митти”ни “бланк” билан. Тўққиз секунд ичида қарталарга қарамасдан “мижоз” билан бемалол гаплашиб ўтириб мен ўттиз олти қарта ичидан йигирма иккитасини саралаб олардим, мижозга қартани олишга берар ва бир қўлим билан “вольт” қилар эдим.
(Кимки бу атамаларни тушунмаса, маълумотлар олгани Домодедовога мурожаат қилиши мумкин.)
— Банкада ўн минг сўм. Синов учун.
Мен машинадан чиқиб кетолмасдим. “Йўловчилар” икки нафар, улар, шубҳасиз, устаси фаранглар. Яна ҳайдовчи ҳам бор… Мен қора майин чарм ҳамёнимни қандай олсаму қандай жуфтакни ростлаб қолсам экан, деб роса бош қотирмоқда эдим. Сочилик эса, гўё туйқусдан бўлганидек, уни неча бор туртиб қўйди, афтидан ҳамён ичидаги нарсани билишга ундаётганди.
Ўйиндан бўйин товлаб бўлмасди. Бундай ҳолда шериклардан биттаси ишни “ҳурматсизлик” баҳонаси билан жанжалга олиб келиб тақаши ва жанжал муштлашуву пулни зўрлаб тортиб олиш билан ниҳоясига етиши мумкин.
Мен устаси фарангларни доғда қолдиришга қарор қилдим. Сўнг жуфтакни ростлаб қоламан. Ҳозирча булар бари ҳақиқий ўйин, алдам-қалдамлик йўқ, мен ҳам “мижоз” эмас, шунчаки йўловчиман, деган фикр ҳукмрон эди миямда.
Ҳар икки қартада энг юқори очколар миқдори — йигирма икки, ўн биттадан иккита туз. Агар қолган икки туз қўшимча қарта ичида турган бўлса, унда улар бир очко кўпроқ тош босади ва бу ушбу оддийгина ўйиндаги энг кучли комбинация ҳисобланади.
Шундай қилиб, тезда ичимда ҳисоб-китоб қилиб чиқдим, агар мен “йўловчи” бўлсам ва ўйин ҳақиқий бўлса, унда қўлимда ҳозир ҳар қандай икки ютуқ қартаси бўлади. Борди-ю, мен “мижоз” бўлсам, унда қарта сузилгандан кейин менда иккита туз бўлиши керак, қолган иккита туз ердаги қарталар ичида ётган бўлиши лозим. Ҳақиқий “лаққа”да бўлганидек, мен ердан қарта олмаслигим керак, чунки бусиз ҳам менинг қарталарим ўзи зўр. Ердан қарталарни йўловчилардан бири олади, шундай қилиб, унинг қўлида мағлубиятсиз комбинация бўлади, икки тузли мижоз эса зўр омад келди деб ўйлаб, ютишга ишонади-да, ўзидаги борини ўртага ташлайди. Натижада у ёлғиз пайпоқда қолади ва банкни тенглаштириш учун пули қолмайди, ёки шерик ердан қарта олади-да, ҳаяжон-ла қичқирганча тузларни ағдаради — ғишт қолипдан кўчади!
Инсоф қилишса, “лаққани” лойли ҳалқа йўлда машинадан туширишади ва метрогача бир амаллаб етиб олиши учун бир озгина пул беришади. Инсоф қилишмаса, айлантириб бошига солишади.
Бу иш ҳалол бўлган, муттаҳамлик қилишнинг деярли имкони йўқ, “лаққани” ҳеч ким мажбурлаб ўйнатмаган.
Мен ўз қарталаримни кўтардим. Қарасам, иккита туз.
Ҳаммаси равшан. Мен — “мижоз”ман.
Нима ҳам дердим, мусофир дўстлар, баракалла. Устаси фарангни доғда қолдирдингиз. Лекин жўжани кузда санаймиз.
Нақд пулим қанчалигини ўзимча чамалаб чиқдим. Портфелимда саккиз миллионча сўм ва яна озгина валютам бор эди.
Мен ўн мингни столга қўйдим. Ўйин бошланди.
Олдиндаги ўйинчи юзта тикди. Сочилик ярим миллион тикди. Мен олти юз тикдим ва яна қўшдим.
Икки даврадан сўнг банк саккиз миллионга етиб, навбат менга келган эди. Энди ердан қарта олиш ва қарталаримни очиш учун мен икки баравар банк қўйишим керак эди. Лекин менга ердан қарта бермасликлари мумкин.
Қўшним ўзини Станиславский тизимининг энг яхши анъаналарига мос равишда тутмоқда эди. Бироқ шу топ олдиндаги айтиб қолди:
— Борди-ю, пул тугаб қолса, юз граммга чегириб қолса бўладими?
Оббо шоввоз-ей! Сен нимангга чегириб қоласан, ахир, Ижевскдан командировкага келяпсан-ку! Кимга ҳам қолдирардинг? Ўрмон қоровулигами?
— Болалар, валюта ҳам олаверасизларми?
— Қайси нарх бўйича? МБми?1
— МБ. МБ.
Мен ўзимча икки баравар қийматни ҳисоблаб чиқдим, қарталаримни “стол”га қўйдим-да, ердаги қарталарни чангалладим. Бундан шерикларим бўкириб юборишди:
— Қаёққа!!!
— Мен икки баравар қилиб қўйдим, — хотиржам тусда дедим мен. — Гарчи… аҳмоқман-да, олмасам ҳам бўлаверарди… Шундоқ ҳам қарталарим яхши… — Мен ўзимни “чойнак” қилиб кўрсатишга тиришаётгандим. Хуллас, мен уларни чув туширдим. Менинг қўлимда мағлубиятсиз комбинация бор эди. Ердаги қарталар ичидан иккита туз.
“Шериклар” алам билан қарталарни ташлашди, мен пулларни шипириб олдим ва санаб ҳам ўтирмай чўнтакларимга тиқдим.
Энди жуфтакни ростлаш қолганди.
— Ҳа… — чўзиб деди олдиндаги, “лаққа”нинг улоқни олиб кетганига ҳамон ишонмай. — Хўп, майли, бўлар иш бўлди, суз яна, тағин бир қўл ўйнайлик. Суза қол, — шоширди у шеригини.
— Йўқ, болалар. Ҳозирча сузмай турамиз. Аввал сизларнинг хатоларингизни бир эслатиб қўймоқчиман.
— Қанақа хатоларни? — ажабланди олдиндаги.
— Сизларнинг биринчи хатонгиз шундаки, сизлар мени Сибирдан чиққан “лаққа” деб ўйладингиз, чунки Омск рейси билан учиб келгандим-да. Лекин мен Омскдан эмасман. Мен шимолий пойтахтданман, яъни Питердан. Санк-Петербургдан. Ҳали Омскда ўтмаган нарсамизни биз Питердаёқ унута бошлаймиз. Сизларнинг иккинчи хатонгиз, — таҳқирланган йигитларнинг ташланишга бўлган шахтларини кесдим мен, — бу сенинг юз граммга олиб қўйиш ҳақидаги гуллаганинг бўлди. Ҳой бола, ўйлаб кўрсанг-чи! Қанақасига олиб қўярдинг, сен ахир Ижевскданмиди ёки анови Челябинскданми, эсимда йўқ, командировкага келаётган одам бўлсанг. — (Бола карахт ҳолда сукут сақларди). — Сен эса, биродар, қойил, — мақтадим қўшнимни, — ҳалиги килькили бутербродинг қиммат туради. Буни сенга қаерда ўргатишди?
— Жойи кўп, — хушламайгина жавоб берди у. Умуман, у кўп сукут сақларди, афтидан, ҳозир ёки бирпасдан сўнг мени тузлашни ўйларди…
— Энди эса, болалар, асосий ишга ўтайлик. Сизларнинг қарта билан бундай муомала қилганингиз учун қўлларингизни синдирса ҳам оз!
— Нимага энди?
— Ҳозир айтаман. Масалан, сени олайлик. Дастадаги тузларни “мижоз”нинг юз-кўзича ўмариб оляпсан, кейин қарасаки улар ўзингнинг қўлингда, ушлаб кўришга ҳам қўймайсан… Ахир, шу инсофданми, йигитлар? Модомики сенга тузлар керак экан, понт учун пулсиз ўйнагин эди, билдирмай олгин эди, дастани шундай сузгинки, “мижоз” ажабланмасин, қайтанга миннатдор бўлсин, сенга ўхшаб қирриқлик қилмасин, — тепадагиларга тегмасдан пастки бештасини тупуклайсан, холос. Ундан кўра туртишга узатсанг-чи, шунда ҳам ўзингнинг “бузмакор”ингга эмас, “мижоз”га узат, токи у бундан кейин ҳеч нарсани тушунолмай қолсин. Тушундингми? Қани, чиқар.
Қўшним беихтиёр дастани “чиқарди”.
— Хўш, буёғи нима бўлади?
— Бу ёғига ўзим сузаман.
Мен қарталарни сузиб чиқдим.
“Болалар” қарталарга шундай тикилиб қарашардики, гўё биринчи марта кўраётгандек. Мен, афтидан, уларнинг устаси фаранг деган номларини бир пул қилган, ғурурларини синдирган эдим.
— Хўш, нега ўтирибсизлар? Қарталарни олинглар.
Улар қарталарни олишди ва уларга тикилиб қолишди.
— Хўш, нега кўзингни узмай қолдинг? Тузларни кўрмаганмидинг? Ҳали ердагининг ичида иккитаси ётибди, олиб қарашинг мумкин.
Қўшним ердаги қарталарни кўтарди. У ерда иккита туз бор эди.
— Вой жалл…, иккинчи қўл ҳам кетди… — босиқ овозда деди у шеригига. — Ўргатсанг-чи.
— Текинга ким ўргатибди.
— Қанча?
— Хў-ў-ўш, — ўйчан чўзиб дедим мен… — Шереметьевога боришга бўлиши қанча?
— Бир юз эллик “кўки”дан.
— Ҳа, майли. Қўймадинглар-да. Шереметьевога кетдик, йўл-йўлакай сизларга ўргатиб бораман. Дарвоқе, ҳозир қаердамиз?
— Окружнойдамиз, хўжайин, — овоз берди ҳайдовчи.
— Бир соатда улгурасанми?
— Ҳаракат қиламан.
“Овчилар саргузашти” қўшиғига монанд равишда ҳайдовчи чамбарни айлантирарди. Кўп ўтмай таниш жойлар кўрина бошлади, кейин Ленинград хиёбони келди. Мен сал енгил тортдим.
Мен янги дўстларимга бир нечта оддий-оддий ўйин усулларини ўргатдим. Улар нафасларини ютиб ўтиришарди. Ниҳоят, олдинда аэропорт кўринди.
— Депутатлар залига, — қисқагина амр қилдим мен.
“Командировкачилар” руҳсизгина жилмайиб қўйишди.
— Оббо, жалл… депутатлар қандай яшашимизни билишсайди…
Мен ҳайдовчига ютиб олган пуллардан биттасини суғуриб узатдим.
— Энди яхши яшайсизлар, — дедим-у, машинадан чиқдим.
— Ҳеч бўлмаса пивога жиндай қолдирсангиз бўларди, — ойна ичидан маҳзун жилмайиб деди қўшним.
— Сенга мумкин эмас. Сенинг уй вазифанг бор.
Шошмасликка ҳам, имилламасликка ҳам ҳаракат қилганча мен нажот зали томон жуфтакни ростлаб қолдим. Жуфтакни ҳам ростладим, қимматбаҳо тошлар тўла ҳамёнимни ҳам сақлаб қолдим. Эҳтимол, ҳаётимни ҳам.
Бир ҳафтадан сўнг Москвага учдим. Стюардесса такаллуф билан бериб кетган “Смена” газетасини очиб қарар эканман, кўзим тасодифлар рукни остидаги бир мақолага тушди:
“Ишбилармон Х. тасодифий йўловчиларга 130 миллион сўмни ютқазиб қўйганди, ютқазиб қўйилган пулларини қайтариб олишга уринганида эса унинг бошига тўппонча дастаси билан зарба беришган ва йўлга ташлаб кетишган”.
Ҳойнаҳой, бу ҳалиги “шогирд”ларим бўлса керак, шогирд устоздан ўтибди деганлари ростга ўхшайди.

ВАЛЯ ПАВЛОВА

Биз ёзда, “Ленфильм”да учрашиб қолдик. Мен Ленинград театр институти режиссёрлик факультетининг биринчи курсини эндигина тугатган паллаларим эди. Мен йигирма уч баҳорни кўрган ёш бола эдим.
У ҳам ўша институтни битирган эди, бироқ олти йил олдин, Россиянинг йирик театрларида ишлаган. У ўттизларга кирган аёл эди.
Ўша куни бир шиша араққа Валянинг соатини гаровга қўйдик-да, эрталаб актёр шеригимнинг ошхонасидаги йиғма каравотда уйғондик. Шундан сўнг биз роса беш йилгача бирга умргузаронлик қилдик.
Мен ўқишимни режиссёрлик факультетининг сиртқи бўлимига ўтқаздим ва иккаламиз қаерда имконимиз етса, ўша ерда — радиода, телевидениеда, кинода ишладик. Сўнг театрга бордик — аввал Қозонда, кейинчалик эса Петрозаводскда. Бирмунча вақт Валя Литейнийдаги Драма ва комедия театрида ишлади, бироқ кейин бош режиссёр билан чиқишолмай қолиб, кетишига тўғри келди.
Биз оғир, аммо гўзал ва қувноқ яшардик. Мен Қорбобо ва Валя Қорқизни ўйнаган “арча кампанияси” учун қалам ҳақи олиб, гоҳо “бойиган” пайтларимиз ҳам бўларди. Шунда ресторанга борардик, доим бир жойга — “Европа” меҳмонхонасининг иккинчи қаватига. Бироқ биз кўпинча харждан сиқилиб юрардик, бир сўм билан навбатдаги қалам ҳақигача амал-тақал қилиб етиб олардик, гоҳида эса умуман бир тийинсиз қолардик. Шунда бозорга борардик-да, мевалардан, қуритилган замбуруғдан ва гуллардан ўғирлардик. Бир-биримизнинг ҳаракатларимизни биримиз олиб-биримиз қўйиб шарҳ қилганча бозордаги ҳангомаларни эслаб, хохолашиб кулишар эдик: бу биз учун ўйин, спектакл ё лавҳалардай бўлиб, гўё Валя енгилтабиат, эркатой, пулни аямай совурувчи хотин ролини, мен эса қаттиққўл бой эр ролини ўйнаган бўлардик ва мен шундай дер эдим:
— Жойига қўй-чи. Бас. Бугун сен кундалик аҳмоқлигинг учун оладиган нақд минг сўмнинг тагига сув қуйдинг.
Шунда у “итоаткорлик” билан ўғирланган гулларни жойига қўярди, “минг” сўзидан ўзини йўқотиб қўйган сотувчи эса, — бўлмасам-чи, у пайтларда бу пулга минилмаган автомобиль берарди, — узоқлашиб кетаётган “миллионер”ларнинг ортидан ҳавас билан қараб қоларди.
Бироқ одатда гуллар Валяда қоларди ва шунда комедиянинг иккинчи кўриниши бошланарди. Биз мевалар сотиладиган растадаги хатти-ҳаракатларидан ўт чақнайдиган сухсурдай грузин йигитини танлардик ва ўйинни бошлардик. Йўл-йўлакай Валя сотувчи билан гап сотиб қоларди ва охирида грузин гуллар билан, Валя эса бир қопчиқ мева билан қоларди. Гоҳо қийин ҳолатда мен пайдо бўлардим ва шундай дердим:
— Ҳайрон бўлманг. “Ленфильм” киностудияси. Биз машҳур актриса Павлова ҳақидаги кинони суратга олаяпмиз. Бу эса репетиция.
Шу билан ҳаммаси жой-жойига тушарди-қўярди.
Афтидан, мен уни севардим. У худо берган истеъдод эгаси, ажойиб актриса эди, театрда ўзининг аёлга мос ва хос мавқеига эга эди. “Ҳаётбахш ўлим”даги Медея ва Мария Стюарт, Леди Макбет ва Комиссар унинг севган роллари эди. У доим жўшқин, ғайрату иштиёққа тўлиб-тошиб турарди. Ҳар қандай телбалик ва таваккалликдан қайтмайдиган ажойиб қобилият соҳибаси эди.
Мени ундаги нимадир, қандайдир жозиба ўзига тортгани-тортган эди. Эҳтимол, бу ундаги истеъдод ва ғайрат бўлса керак. Мен зимдан у билан курашар эдим, чунки эркак сифатида мен биринчи бўлишим керак эди-да. Бироқ кўп нарсада у биринчи бўларди ва мен олишганим-олишган эди. Мен Театр институтида ўқирдим, театрларда ишлардим, билим юртида дарс берардим, у билан бир ойга айру тушиб, йилида икки марта сессияга кетар эдим. У менга узун-узун чиройли хатлар ёзарди. Нимагадир мен асабийлашардим, рашкдан қийналардим, бир оз муддатга бўлса-да, ҳиссиётлардан қутулиш мақсадида унга хиёнат қилардим, унга томон интилардим, туйғулар жунбушига чидолмай, бўкиб ичардим, севардим ва нафрат қилардим.
Диплом спектакли қўйгани Саранскка кетганимда у мени ташлаб кетди. Уни кардобалетдан бир бола олиб кетганди, икки ҳафтадан кейин эса бола уни ташлаб кетди. У менга қайтиб келишга уриниб кўрди, бироқ мен унинг хиёнатини кечиролмас эдим, унинг бу иши ўшанда менга хиёнат бўлиб кўринган эди-да.
Кейин, анчадан сўнг мен уни тушундим ва кечирдим. Вақти-вақти билан унга бутун умрим давомида ёрдам бериб юрдим. Унинг оғир ва қисқа ҳаётида ёрдам кўрсатдим. Бироқ, эҳтимол, худо уни нимаси учундир жазолаган эди. Эҳтимол, мени ташлаб кетгани учундир.
Мени эса паноҳкор фариштам асраган эди. У мени ташлаб кетгани учун ҳам одам бўлган бўлсам, ажаб эмас.
Бироқ ўшанда мен буни тушунмагандим. Азобланган сайин ичкиликка ружу қилардим.
Ниҳоят, умримда биринчи марта ўз исмимни кўрдим — режиссёр “Андрей Ананов саҳнага қўйди” — бу театр афишасидаги ёзув эди. Умримда биринчи марта қалам ҳақини олдим — етти юз сўмдан кўпроқ. Ўша пайтларда бу катта пул эди. Валентина мени Ленинградда кутарди, янги 1972 йил яқинлашиб келарди. Биз келишиб қўйган эдик — мен диплом спектакли қўйган театрдан уйга, Питерга 31 декабрда учиб келишим керак эди. Биз янги йилни иккаламиз уйда танҳо байрам қилишимиз керак эди. Биз телефонда ҳар куни гаплашардик, мен унга томон интилардим ва юрагимда бошқа ҳеч қандай гап йўқ эди.
Мен Ленинградга бир кун аввал, 30 декабрда учиб келишга қарор қилдим. Ўшанда биз яшаб турган 7-Красноармейскдаги уйда уни топмадим. Қўшнилар, яқинда у Виборгдаги ота-онасиникига кетди, дейишди. Бу эса электричкада уч соатлик йўл эди.
Мен нарсаларни уйда қолдирдим, чўнтакларимни пул ва совғалар билан қаппайтирдим-да, кечки поезд билан Виборгга қараб парвона бўлдим. Бироқ уни у ерда ҳам топмадим. “Ленинградга кетди”, деди қайнонам, кўзларини олиб қочиб. Қандайдир нохушликни ҳис этдим ва тонгги биринчи поездда уйга қайтдим.
Ленинградда Финляндия вокзалида поезддан тушиб, нима учун мени Валя кутиб туриши лозим бўлган 7-Красноармейскдаги уйимга эмас, балки Литейний кўприги орқали ўзимнинг эски хонадонимга, ота-онам ҳузурига пиёда йўл олганимни тушунтира олмайман. Хонамга кирдиму, дарҳол кўзим стол устида ётган хатга тушди. Ўша заҳоти ҳаммасини англадим.
“Кечир мени, Андрюша. Мен нима қилишимни билолмайман.
Ҳеч нима чиқмаслигини олдиндан билган ҳолда мен бошқани севиб қолдим… Мени қидирма… Сен ҳеч нарсани ўзгартира олмайсан… қачон бўлмасин, бу ишимдан қаттиқ пушаймон қиламан… лекин ҳозир…”
Бу жуда қаттиқ зарба эди. Мен бирмунча муддат гаранг бўлиб қолдим. Нима бўлганини англашга уринган ҳолда хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошладим.
Эрталабки соат тўққиз эди. 1972 йил 31 декабрь.
Уйда ота-онам янги йилга деб олиб қўйган бир шиша коньякни кўриб қолдим ва олдинма-кейин икки чой стаканни тўлдириб сипқордим. Ойим уйғонди. У дарҳол ҳаммасини тушунди, бироқ менга бир оғиз бир нима демади.
Мен ҳамма пулни, ўзимнинг дастлабки қалам ҳақим етти юз сўмни олдим. Бу пул билан унга эркак киши бўлганимни, ёрдам беришга, рўзғор тутишга қодир эканимни, истеъдодли аёлга таянч бўла олишимни кўз-кўз қилмоқчи эдим, бу пул билан менинг уста режиссёр бўла олганимни ва энди мен кемамиз дарғаси бўлиб етишганимни, у эса мен билан бирга репетиция қила олиши мумкинлигини ва гапимга киришини кўрсатиб қўйишим керак эди, мен бу пулни чўнтагимга суқдим-да, ичгани кетдим.
Мен бутун мактаб таътилим давомида ичдим, қўлимдан келганча ичишга сарфладим, мен “Европа” меҳмонхонаси ресторанининг узоқ бурчагига қараб никоҳ узугимни итқитдим, узук майин жингирлаганча дуб паркетдан думалаб кетди.
Таажжубки, кўп йиллардан кейин мана шу узук ўзимга қайтди. Бу пайтга келиб мен заргар бўлган эдим, уйда ишлардим ва мижозлардан буюртмалар олардим. Кунлардан бирида буюртма бергани келган аёл буюм учун хом ашё сифатида менга бир никоҳ узугини тутди. Мен ҳали уни қўлимга олганимча, қараб кўрганимча, “Валя, 1968” деган ўймали ёзув акс этиб туриши лозим бўлган ички қисмига кўз солганимча йўқ эди, бироқ ташқаридан қараганда минглаб бошқа узуклардан ҳеч нимаси билан ажралиб турмаган бу узук меники эканини ҳис этдим.
Ўйма ёзувга кўз солдиму бунга ишончим комил бўлди. Мижоз аёл кетди, нима қилишим керак дея унга узоқ тикилиб қолдим. Албатта, ўрнига ўзимнинг олтинимдан қуйиб, узукни олиб қолишим мумкин эди.
Мен бизнинг ҳаётимизни, бизнинг ажрашувимизни, янги йил хатини, ичкиликка ружу қилганимни, азобларимни, рашким ва муҳаббатимни эслай кетдим.
Мен узукни эритиб юбордим. У кичик бир маъдан қатрасига айланди.

…Шундай қилиб, барча қалам ҳақимни ичиб тугатдим, уй аптечкасидаги календуланинг барча настойкасини ичиб тугатдим, иккита кичик арақни деб мен тўртинчи қаватнинг карнизидан ойимнинг қулфлоғ хонасига юриб ўтдим, арақларни ўша ерда сипқордим ва тағин ўша карниздан юриб орқага қайтдим. Лекин бу ичкилик ружуси мени қутқариб қолди. Акс ҳолда мен у турган жойга борар эдим-да, уни ўлдирган бўлар эдим. Мен унинг қаердалигини билардим.
Ўн кундан кейин вужудим таслим бўлди. Мен Литейнийда, диванда ўзимга келдим, мен аста-секинлик билан минг уқубатда ҳаётга қайтмоқда эдим. Бир неча кундан сўнг бир оз ўзимга келгач, қайта Саранскдаги театрга учиб кетдим — янги спектакл қўйишим керак эди.
Бир неча кундан кейин мен ҳушдан кетиб қолдим — тунда, меҳмонхона бўлмасида, — қорнимда чидаб бўлмас оғриқ турди-ю, ўзимни жарроҳлик столида кўрдим…
…Наркоз аста-секинлик билан ўтиб борарди. Мени операция қилишганини англадим, мен энди ҳаммасини эшитар, англай олардим. Жарроҳларнинг шундай дейишганини эшитиб ётардим: “Бўлди, тўрт соатлик жарроҳлик операциясидан кейин чекишимиз мумкин”, — шундай дея чеккани чиқиб кетишди. Жарроҳлик хонасида қолган икки ҳамшира ўзларининг қизларга хос гапларини шивирлашар эдилар.
Мен момиқ пахтадан яралгандай ҳилвираб ётар эдим. Бирдан карахтланган тилим ҳиқилдоғимга тортилиб бораётганини, унинг ваннанинг пробкасидай тўсиб қўйилганини ҳис этдим. Мен ётган жойимда бўғила бошладим. Қўлимдан ҳеч нарса келмаётганди. На гапира, на чақира, на қўлимни қимирлата олардим, ҳамширалар эса ҳамон шивирлашарди.
Шу топ бир латифа эсимга тушиб қолди. Ҳа, мен на яқинлар, на Валя, на олий ва абадий нарса ҳақида ўйлар эдим. Мен шу мавзудаги бир латифани эсладим.
…Чекка бир жойдаги касалхона. Туман миқёсидаги йирик партия ходимини операцияга тайёрлаяптилар. Операция хонаси жиҳозларга лиммо-лим — сунъий юрак дейсизми, сунъий буйрак дейсизми, ҳаммаси шу ерда, ҳар томонга резина ичаклар, найчалар тортиб ташланган, асбобларнинг миллари титрайди. Москвадан профессор, тиббиёт илмининг юлдузи чақирилган. Юлдуз операция хонасига кириб келади, беморга яқинлашади, бемор бўғилиб хириллай бошлайди.
Асбобларни қайта-қайта текширишади. Ҳаммаси бехато ишлаб турибди. Ҳаво, кислород, қон келиб турибди.
Бироқ ҳар гал профессор беморга яқинлашди демагунча у хириллай бошлайди. Шунда профессор буюради: “Унга қоғоз билан қалам беринг, балки нима гаплигини ёзар”.
Бемор қоғозга ниманидир ёзган бўлади, профессор яқин боради ва унинг қўлидан қоғозни олиб, ўқий бошлайди, бемор шу заҳоти ўлиб қолади.
— Жудаям ноаниқ қилиб ёзилган, — дебди чол-профессор. Ассистент қоғозни олади-да, баланд овозда ўқийди:
— “Резина ичакдан тушсанг-чи, қанжиқ!”
Худди шундайин, мен ҳам латифа билан ўлган эканман.
Айтишларича, чекиб бўлгач, врачлар операция хонасига қайтиб киришади. Бу ҳам бўлса менинг бахтим-да.
— Қаранглар, — дебди биттаси, — нимагадир беморимиз кўкариб кетибди!
Бўлмаса-чи, кўкармай қизарармидинг. Резина ичакдан тушсанг-чи, қанжиқ!
Бир неча кунгача бўм-бўш меҳмонхона бўлмамдаги телефон тўхтовсиз жиринглайди. Ниҳоят, дадам англаб етади-да, навбатчиларга қўнғироқ қилади.
— Анановми? Ўн тўртинчи хонадагими? Ахир у ўлган-ку! Сиз кими бўласиз?
Дадам уйда ҳеч нима демасдан ўша заҳоти Саранскка учиб кетган. У менга кейин ҳикоя қилиб берди, йўл бўйи қандайдир хатолик содир бўлганини сезибди. Бир вақтлар уруш вақтида ҳам ойимга худди шундай дейишган экан:
— Сержант Анановми? Ахир у ўлган-ку!
Ойим дадамни моргда, марҳумлар столида ҳали иссиқ ҳолатда топган экан. Ойим ҳам қандайдир хатолик содир бўлганлигига қаттиқ ишонган экан. Операциядан бир неча кун кейин мен чидаб туролмадим ва Валяга телеграмма жўнатдим. Менда клиник ўлим содир бўлганлигини, операция қилинганимни ёздим ва тезда учиб келишини илтимос қилдим. Бироқ у келмади. У телеграмма юборди: “Мени аҳмоқ қиламан деб ўйлама. Мен сенинг мелодрамангга ишонмайман”.
Шундан кейин мен унга ҳеч қачон ва ҳеч нима ёзмадим.
…Мен яна уйландим, жозибадор Стелла исмли ажойиб, гўзал, бокира ва мени жонидан севувчи қизга уйландим, бу пайтга келиб Валя яна ҳаётимда пайдо бўлди.
Валя менга қўнғироқ қилди.
Маълум бўлишича, у иккиқат бўлибди, Ригадан келибди, ўша вақтда у театрда ишлаётган экан, Ленинградда туғишга аҳд қилибди, ҳозир “Снегирёвка”да турганмиш, унга ёғ, чой, қанд ва пул керак экан, янги эри Ригада ичишга ружу қилганмищ ва келишга шошилмаётганмиш.
Мен ҳаётимизнинг бошланғич паллаларини эслаб кетдим. Ўшанда дастлабки учрашувимиздан уч ҳафта ўтгач, Валя боласини олдириб ташлашга кетган эди, мен унга беш сўм пул, қанд, чой ва ёғ олиб берган эдим.
Орадан кўп йиллар ўтди, мен тағин унга ёғ, қанд, чой ва пул олиб бораяпман.
Кейин эса мен уни ўғли Максим билан туғуруқхонадан чиқаётганида учратдим, таомилга кўра санитар қизнинг чўнтагига уч сўм солиб қўйдим.
— Бахтли отани ўғилча билан табриклайман, — деди санитар қиз.
…Йиллар ўтаверди. Вақти-вақти билан Валя менга қўнғироқ қилар ва пул сўрар эди. Мен унга пул жўнатар эдим. Кунларнинг бирида эса Валя яна қўнғироқ қилди ва етиб келишимни ўтинди. Унинг эри бахтсиз ҳодиса қурбони бўлибди. Ёш, бақувват йигит экан, бош мия шикастланишидан кейин у актёр учун бебаҳо ҳисобланган энг азиз нарсадан жудо бўлибди — у тилдан қолиб, биринчи гуруҳ ногирони бўлибди. Валя ғамининг чегараси йўқ эди. Мен машинада Ригага етиб келдим, Валянинг эрини ўзим билан олиб келдим-да, Ленинградга жойладим. Коммунал квартирамизнинг битта хонасида уч нафар одам — Стелла, мен ва Валянинг эри ўн кун турдик. Ўн кун мен йигитга заргарлик санъати сирларини ўргатдим, у ростданам қўли гул чиқиб қолди. Оддий жараёнларни у тез ўзлаштира бошлади.
Бирмунча муддатдан кейин мен Ригага бориб, Валяни кўндирдим. Шогирдимнинг қўли анча ҳунарга келиб қолган ва унча-мунча пул ҳам ишлаб топмоқда эди. Ўғли ҳам вояга етмоқда эди.
Сўнгги марта Валя Петербургга тўқсонинчи йилларнинг бошида келди. Ўлгани келди. Ташхиси — ўпка саратони. Икки ой касалхонада ётди ва мен унга яна қанд, чой, ёғ, дори-дармон ва пул элтар эдим.
— Андрюша, менга жавоб беришса, яна юртимга, Виборгга олиб бор. Мен ўша ерда ўлишни истайман, — деб илтимос қилганди у бир гал.
Кўп ўтмай унга жавоб беришди.
Мен уни Виборгга олиб кетдим.

ҚУЁНЧА

Ўн беш йил флотга тушиб, мен яна ичкиликка ружу қўйган эдим.
Ўша йиллари мактабларни хрушчёвчасига қайта ташкиллаштириш кетмоқда эди. Саккизинчи синфни битиргач, бизлар яна икки йил эмас, уч йил ўқишимиз кераклигини билдим. Кўплар ўшанда ўн йиллик таълимлар сақланиб қолган “ишчи ёшлар”нинг кечки мактабларига кетиб қолди. Кимлардир чинданам кундузи ишлар эди, кимлардир иш ҳақида сохта маълумотномалар олар эди.
Мен яна ўз йўлимдан кетишга қарор қилдим: отам, математика профессори ёрдамида мустақил равишда тайёрланиб, бир йилда бутун ўрта мактаб дастурини зудлик билан топшираман-да, университетга кираман деб ўйладим. Хонадонимиздаги анъана шуни талаб этарди. Бироқ отам касал бўлиб қолди, неврозлар клиникасида узоқ қолиб кетди, бу клиника Васильевский оролининг 5-йўлида жойлашганди. Мен қаровсиз ва раҳнамосиз қолдим. Ойим ишларди ва биз укам Никита икковимиз оқсоч Фаина билан узоқ вақт бирга қолишга мажбур эдик. Фаина содда ва очиқфеъл қишлоқ аёли бўлиб, оиламизда йигирма йилдан бери истиқомат қиларди.
Мен мустақил тайёрлана олмадим, охир-оқибатда, бир-икки ой беиш валақлаб юрдим-юрдим-да, дадамнинг ўша пайтларда урф бўлган ўткир учли ботинкасида бир чақасиз ва таниш-билишсиз Таллин кўчаларида пайдо бўлдим.
Ўша вақтларда биллиардга қаттиқ ҳавас қўйган кунларим эди. Аввалига Таврия боғидаги болалар майдончасида, темир соққали мўъжазгина столда ўйнай бошладим ва жуда тез ўрганиб олдим, кейин эса Ленинград зобитлар уйида буюк мутахассисга ўша йиллари маркер бўлиб ишлаган собиқ питер биллиард қироли Николай Павлович Чижга “шогирд” тушдим. Эрталаблари мактабни айланиб келгач, зобитлар уйига келардим, бахтимга у мен турган уйдан атиги икки уй нарида жойлашганди. Даҳлиздагилар мени бал рақслар тўгараги машғулотларига бораяпти деб ўйлашарди. Мен эса ички эшиклардан бирининг калитини олардим-да, бинонинг иккинчи қисмига ўтиб кетардим ва ҳеч кимга билдирмай биллиардхонасига кириб олардим. Николай Павлович нима учун мени шогирдликка олганини тушунмасдим, эҳтимол, ёлғиз бўлгани учундир, эҳтимол, ўзининг ноёб усуллари ва ўйин сирларини кимгадир қолдириш учундир. Мен ёшимни катта қилиб айтардим, институтда ўқийман, деб алдардим, мени биллиардхона “талабаси”, яна “Пионерлар уйининг чемпиони” деб аташарди. Мен ҳақиқатан ҳам ёмон ўйнамасдим. Николай Павлович менга йўлларини кўрсатиб борарди, гоҳо эрталаблари мен ўйинда бирон-бир пулдор зобитга шерик тушардим ва бир чеккадан юта бошлардим. Ютганларимни устозимга берардим, у эса охирида менга “чойчақа” берарди. Ютқазганим учун ҳам пулни у берарди.
Шундай қилиб, Таллиндаман. Бирмунча вақт маҳаллий зобитлар уйида “гастролларда” бўлардим, оз-оз ютиб олган пулларимга музқаймоқ олиб ердим, (бу хийла қувватбахш озуқа эди), сўнг саргузаштлар пайидан тушиб, теварак-атрофларни айланардим. Бир гал мен бир штурманни ютдим, унинг ёнида пул кам экан, у мени денгиз бандаргоҳига, “Вега” ўқув кемаси — уч мачтали бригантинага олиб кетди, ўша ерда “танишганлигимизни” нишонладик ва мен тунаб қолдим. Кейин бир йўла қолиб ҳам кетдим, палуба матроси шогирди бўлиб жойлашдим, бошқача айтганда Таллин денгиз ўқув юрти ўқувчилари икки ойлик палуба амалий машғулотлари ўтадиган ғаройиб яхтанинг юнгаси бўлдим.
Саргузаштларга ишқибозлик мени “катталар” ҳаётига тортар эди. Дастлабки қисқа муддатли таътилимда бировнинг “қисқичбақали” фуражкасини мағрурона кийиб ва кубрикда эстон матросининг насияга олган кумуш узугини бармоғимга тақиб, “Мери-клуб”даги рақсга йўл олдим. Қайтиб келиб, узук эгасидан роса калтак едим. Унга фуражканинг эгаси ёрдамлашиб турди, у ҳам эстон йигити эди. Мен ўз назаримда ноҳақ жазоланган бўлсам-да, бу сабоқ умр бўйи эсимдан чиқмайди. Шундан бери мен эстонларни ёмон кўрадиган бўлиб қолдим.
Болалигимда баландликдан ўлгудай қўрқардим. Кемага келгач, энг баланд рейлар, ёки бўлмаса юқориги марселларда матрослар ишлашини билдим. Шогирдларни фақат қуйи поғоналарга қўйилар экан. Мен тез орада ва кутилмаган фурсатда шарманда бўлишимни англадим. Кема радиосидан кема бўйича навбатдаги команда берилишини билдирувчи қарсиллаган ва шиқиллаган товушни эшитишим ҳамон ҳар гал ичимдан ичқиринди ўтар эди. Ҳар гал нафасимни ичимга ютиб, эълонни кутар эдим:
— Ўқув елкан тревогаси. Команда юқориги ва қуйи марселларда ўз жойини эгалласин…
Юқориги марселлар — бу мачталарнинг энг охиридаги палубадан йигирма метрларча баландликдаги елкан эди.
Бироқ ҳозирча Худо менга ёр эди. Радио чурқ этмаётганди.
Бир куни тунда мен ўзимни бардам ҳис қилмоқда эдим. Команда аъзолари ва шогирдлар ухлашарди, супачадаги штурвалда вахта матроси турарди. Тун зим-зиё, юлдузсиз эди, боз устига кучли ён шамол эсарди. Кема шитоб билан гувиллаб сузиб борарди.
Вахта матроси ён-берига қарамас, икки кўзи олдинда эди, аҳён-аҳёнда штурвални туртиб қўяр эди. Палубада ҳеч ким йўқ, фақат шамол тўрларга урилиб чийиллар ва олдиндаги қоп-қора бўшлиқ ичига кириб кетган бизань-мачта ғичирларди. Мен на тепага, на пастга, на ён-атрофга ҳам қарамай вантлар томон интилдим ва юқорига ўрладим.
Мен вантларнинг дастлабки марши охиригача кўз очиб-юмгунча етиб олдим. Энди мен мачта атрофини айланиб ўтувчи ўтиш супачасига келиб қолгандим. Вантлар ёғоч пиллапоячали арқон нарвончасининг навбатдаги вантлари ортида жойлашганди.
Қўлим билан супачага тирмашганча мен қарши томондаги қиррагача эгилиб етиб олдим ва жон-жаҳдим билан юқорига ўрладим. Юқориги марселгача қандай етиб борганимни айтиб ўтирмайман. Леерга маҳкам ёпишиб олганча, мачта билан баравар чайқалар эканман, ўзларини билағон кўрсатиб, мачтанинг ҳар бориб келиши олти метрдан ҳам ошиқроқ эканини айтишганда юз фоиз ҳақ эканликларини, афсуски, англаб турардим.
Қисқичлари ва думи билан чангаллаб олган қисқичбақа сингари мен ҳам дуч келган нарсага маҳкам ёпишганча қандай пастга тушиб келганимни не сўз билан айтай? Назаримда бир бўлтак илиқ ахлатга айланганману абадият сари сирғалиб кетяпман. Ниҳоят, совуқ ва даҳшатдан титраб-қақшаганча ўзимнинг қадрдон иссиққина кубригимда пайдо бўлдим, бошим билан тўшакка суқилдим ва ўликдай уйқуга кетдим. Эртаси куни тунда яна бизанга кўтарилдим — энди ҳар куни тунда машқ қила бошладим ва кундан-кунга дадиллашиб боравердим. Охири шу даражага етдимки, матросларда бўлгани каби ҳатто оёғимни леерга қўйиб чиқадиган, юқориги марсел бўйлаб унинг энг чеккасигача етиб борадиган бўлдим.
Мен “Вега”да ярим йил суздим, техминимумни топшириб, “ғўра”дан иккинчи класс матросига айландим, мен эшкакни ажойиб эшар, елкан тревогаси вақтида леерда икки оёқлаб туриб ва рейда қорним билан ётиб юқориги марсел елканини бемалол чайқатар эдим: ҳатто бир гал сув байрами вақтида фок-рей тумшуғидан анча оғир ва хийла хатарли бўлса-да, пастга шўнғидим ҳам, чунки сув ўрнига бош билан палубага шўнғиб тушиш ҳеч гап эмасди-да. Қисқаси, мен чинакам йигит бўлгандим.
Бироқ мен яна ичкиликка берилдим. Қандай тирик қолганимга, кўпларни домига ютган мана шу чуқурлик тубига тушиб кетмаганимга, ичкиликдан адойи тамом бўлмаганимга, мастларча муштлашувларда ўлиб кетмаганимга, Литейнийдаги шифти пастак квартирамнинг қандилидаги илмоққа осилиб қолмаганимга ҳали-ҳануз ишонгим келмайди. Бир карра кўз юмиб, қайта уйғонмасликни орзулаган пайтларимда ваҳшиёна ичкилик жазаваларидан мўъжизали тарзда омон қолганимни ўйлайман. Университетга қандай кирганимни, театр институтини қандай битирганимни, қирқ тўрт йил спектаклимни қандай қўйганимни, қандай қилиб машҳур спортсмен, киноартист бўлиб етишганимни ва, умуман, қандай яшаб қолганимни ҳозир ҳеч тушуна олмайман.
Ким мени қутқарар эди? Мусибат ва фожеаларни бошимдан ким аритар эди? Қайта оёққа туриб, ёруғ оламга мени ким етаклаб чиқарди? Тангрими? Ҳомий фариштами? Тақдирми? Мени яхши кўрувчи одамларми? Ёки вужудим қаърида яшовчи, мени таслим бўлишга, тақдирга тан беришимга, ўзимнинг ожизлигимни тан олишимга йўл қўймовчи тағин бирон-бир нарсами? “Бошқасини очмасдан олдин ҳеч қачон ҳаёт биринчи эшикни ёпмайди”, — дер эди менга отам. У ўз жонига қасд қилди ва мен учун бир эшик ёпилди. Мен уни дафн этдим ва унинг хотирасига ичишни ташладим. Мен учун иккинчи эшик очилди.
Мен беш йил ичмадим. Мен бой берганимни қайта тикладим, ўша пайтда ўзим учун энг муҳим бўлган ишни адо этдим — мен ҳаётда ўз ўрнимни эгалладим, асосий саволларга ўзим учун жавоблар топдим. Нима учун яшаётганимни, ким бўлмоқчи ва қандай қилиб бўлмоқчи эканимни тушуниб етдим, мен заргарлик касбига олиб келган бахтли тасодифдан фойдаланиб қолдим, онажонимга ўзимнинг биринчи олтин буюмимни — бир вақтлар сотиб ичиб юборганим ўрнига дур кўзли тўғнағич ясаб бердим. Ойижоним ўлиб кетди, тўғнағич эса ўшандан бери ҳамиша ўзим билан бирга, галстугимда юради. Унга қараб туриб менинг нималар ҳақида ўйлашимни ва нималарни эслашимни ҳеч ким билмайди. Аммо бу оғир достон ва буни ҳеч ким билиши ҳам керак эмас. Ичувчиларга камдан-кам ҳолларда ачинишади. Кўпроқ ёмон кўришади, улардан йирганадилар, ундан ҳам бадтарроғи — сотадилар ва ташлаб кетадилар. Қаттиқ мастлик ҳолатидан кейин ҳушига келган ичкиликбознинг нечоғли азобланишларини ичмайдиган яқинларидан биронтаси ҳеч қачон билмайди. Бу азоблар жисмоний азоблардан неча чандон азобли кечади. Мен умримда бундан ҳам кучли азобни фақат бир марта бошдан ўтказганман: Таллин касалхонасида пичоқ билан чавоқланган ва шамоллаган ичагимдаги даҳшатли оғриқдан иккинчи марта ўлганимда, перитонитнинг сўнгги босқичида шундай бўлганман. Бироқ ўшанда мени Худонинг ўзи сақлаган эди.
Кейин эса Худо менга ҳаёт фариштаси қизалоғим Анитани юборди, узил-кесил мени ўлимдан сақлаб қолди. Менимча, мени чин дилдан севувчи яккаю ягона зот ҳам шу кишим бўлса керак. Мен уни эркалаб, Қуёнча дейман, шу Қуёнчам мени мусибатдан нари қилди, ўзи билмаган ҳолда мени қутқариб қолди, ҳолбуки, бунинг учун у уриниб-чирангани ҳам йўқ, кўзёши тўкиб, йиғи-сиғи қилгани ҳам йўқ. Ваъз ўқиб, насиҳатлар бергани ҳам йўқ. Ҳали тили чиқмаган норасида гўдак қандай қилиб ҳам ваъз ўқиб, насиҳатлар бера олсин! Бироқ у менинг ҳаётимни сақлаб қолди ва мен бу ҳақда сўзлаб бераман.
Қуёнчам Шер бўлиб туғилиши керак эди, шунда оиламизда иккита Шер бўлар эди — дада-Шер ва Қуёнча-Шер. Бироқ Анита муддатидан уч ҳафта олдин дунёга келди ва Шер эмас, Саратонча бўлди. Шернинг фазилатларига эга бўлган шундоқ меҳрибон ва толели Саратонча.
…Ҳайдовчи мени бир қоп ундай дала ҳовлига келтириб ташлади. Хотиним ва қизимга кўзимни кўтариб ҳам қарамай, руҳий азоб ва уятдан ғужанак бўлганча хонамгача етиб бордим ва бошимни кўрпага буркаб ётиб олдим. Иссиқ ёз куни эди, мен эса худди қаҳратондагидек дағ-дағ қалтирардим. Бирдан кўрпа қимирлади. Бу жимгина олдимга келган Қуёнча эди ва индамай мен билан ёнма-ён ётиб олди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, унинг гўдакларча маъсум кўзларида катталарга хос дард ва мунгни кўриб, қўрқиб кетдим. Бирмунча вақт биз жимгина ётдик. Сўнг эса миттигина иссиқ қўлча мени унсиз ва эҳтиётлик билан силаётганини сездим.
Мен Анитани бағримга босдим-да, товуш чиқармай йиғлаб юбордим. Менга нима ёрдам бериши мумкинлигини ва бу бошқа бирон-бир одамнинг қўлидан келмаслигини тушунган мурғаккина жонзотга азбаройи миннатдорлигим туфайли йиғлаб юбордим. Гўдакка қапишибгина ётар эдим, қўними йўқлиги учун яна кетиб қолишидан қўрқаётгандим. Лекин у кетмади, кетмадигина эмас, мени оҳиста силар эди. Бу вақтда Анита ҳали бирга ҳам тўлмаган қип-қизил чақалоқ эди.
Бундан олдин ҳеч ким ва ҳеч қачон мени бу қадар ёввошлик, меҳрибонлик ва сабр-тоқат билан эркаламаганди. Эҳтимол, бу ўзгалар дардини ҳис этиш, ўзининг нозик ҳис-туйғулари билан ёрдам ҳақидаги ушбу кўзга кўринмас унсиз қичқириқларни идрок этиш, эвазига ўзининг қалб ҳарорати ва муҳаббатини садқа қилиш билан жавоб қайтариш барчага ҳам насиб этавермаслигидан бўлса керак. Қуёнча менинг дардимни ҳис этарди, Қуёнча мени севар ва менга ачинарди. Мен ҳам енгил нафас олиб тушундимки, мен ҳам ким учундир яшашим керак. Бошдан-оёқ совуққонликдан иборат ва ўзгалар дардини англашга ва ҳис этишга қодир севувчи ва бағрикенг яқинларинг йўқ бу фоний дунёда мен ёлғиз эмасман.
Узоқ вақтгача қачон стаканни кўрсам, қизимнинг кўзларидаги ўша катталарга хос мунги эсимга тушиб юрди. Шу нарса менга кўмак берди. Ўзимни ўнглашга, стаканни қўлимга олмасликка, навбатдаги ичкиликбозлик дардига гирифтор бўлмасликка ёрдам берди. Мен қарийб бир ярим йилгача ичмадим, бироқ мени дала ҳовлида силаган илиқ қўлчани аста-секин унута бошладим. Тағин ҳаммаси бошидан бошланиб кетди. Уч кун бўкиб ичаман, икки кун қалтираб ётаман, арқон ҳақидаги ўйларга кўмиламан, дивандан бағримни кўтаролмайман, учинчи куни шўрванинг сувини ичаман, икки кун давомида олдинги ҳаётга қайтаман ва бир неча ҳафта босим ишлайман. Сўнгра — яна бари бошидан бошланади.
Менинг ҳаётимда бир вақтдаги Висоцкийнинг ҳаётига зомин бўлган “эспераль” муолажаси бор эди, у ҳалок бўлган отам ҳақидаги хотирага чандиб қўйилганди, беш йил танаффус қилдим, яна бир муолажа ўтди, яна бир ярим-икки йил танаффус қилдим-да, яна ичкиликка ружу қилдим ва ниҳоят, Қуёнча йўлимни тўсди.
1989 йилнинг қишида Қуёнчанинг онаси бир неча кунга Смоленскда турадиган бувисиникига кетди. Биз қизим билан иккаламиз қолдик. Мен у билан мазза қилиб айланар, уни овқатлантирар, тагликларини алмаштирар, тўри баланд болалар каравотчасига ётқизар эдим.
Бир куни кечқурун ҳузуримга қўшни кирди. Чақалоқни ётқизиб қўйиб, биз дастурхонга ўтирдик. Аниқ нима бўлганини яхши эслаёлмайману, аммо охири шундай бўлдики, сўнгги шишани бир ўзим ича бошлаган эдим.
…Мен ярим тунда уйғондим. Пардаси тортиб қўйилган деразадан ой ярақларди, унинг совуқ нури ёритиб турган буюмларнинг сояси баҳайбат кўринарди. Мен кўрпа устида, ботинкамни ечмай ётардим, қуруқшаган томоғим ёпишиб, зўрға нафас олардим. Тўсатдан ёнгинамда кимнингдир иссиқ баданини ҳис этдим. Биқинимда, чўк тушиб эгилган кўйи бошини диванимга қўйганча жиққа ҳўл Қуёнча жимгина ухларди. Яланғоч оёқчалари қоп-қора полда оқариб кўринарди.
Гўдаккинамнинг ўрнида бир зум ўзимни тасаввур қилдиму даҳшатдан нафасим ичимга тушиб кетди. Қуёнча тунда уйғонди. У йиғлаб мени чақирарди. Мен эсам, ғирт маст бўлиб, қўшни хонада хурракни отардим. Қуёнча қандайдир мўъжиза билан баланд тўрдан ошиб ўтганда, йиқилиб тушиб, оёғини синдириб олмаганди, балки йиқилгандир, лат егандир ҳам, мени чақириб йиғлагандир ҳам, охири умидини узиб, жимжит кенг хонада мени қидириб, эмаклаб келгандир. Қуёнча мени топган, ҳомий фаришта сингари чўк тушганча тун бўйи ёнимда, ўлаётган отаси олдида қолган. Отаси эса бу вақтда ўзидаги бор сўнгги бисоти — бир ярим яшарлик гўдакни бой беришга тап-тайёр бўлиб ётарди. Ахир, бу отани ёруғ дунёда тутиб турган қилча жон мана шу мурғак гўдак эмасмиди? Мени бало-офатлардан ҳомий фариштадек омон сақлаб қолган мана шу сўз билан изҳор этиб бўлмас бокира муҳаббат эмасмиди? Яна куч билан ўрнимдан турдим, ухлаб ётган чақалоқнинг устини алмаштириб, ётқиздим, кўрпам билан ўрадим, қолган арақни унитазга тўкдим, ечиндим ва бошимни кўрпага буркаб, пешонамни гўдакнинг озғин елкасига тираганча, ёнма-ён ётдим. Шунда вужудимдаги барча оғриқлар бирдан ғойиб бўлди ва мен жим ва тинч уйқуга кетдим.
Шундан бери кўп йиллар ўтди. Мен спиртли ичимликни бошқа оғзимга олмадим. Умид қиламанки, мен бу балойи офатдан халос топдим.
Қуёнча Париждаги мактабда ўқияпти, ҳозирча французчада шариллатиб ўқийди ва ёзади. Тез-тез шамоллаб туради, асалли қайноқ сутга ҳушсизроқ. Қуёнчанинг Парижда ойиси ва синглиси Настёша ҳам бор.
Улар иноқ яшашади ва бирга ўйнашади. Қуёнча мени аввалгидек яхши кўради ва доим кўзи йўлимда тўрт. Қуёнча шундай дейди: “Мен дадамдай ақллиман ва ойимдай чиройлиман”. Қуёнча тез ўсаяпти.
Эй Худойим, ишқилиб, Қуёнчани ўз паноҳингда асрагин-да.

МОНТЕ КАРЛО

Шундай қилиб, шинам француз Монтелимеридаги байрам ниҳоясига етмоқда.
Сўнгги кунларда вақти-вақти билан ҳе йўқ-бе йўқ нимагадир ўзимдан-ўзим куладиган одат чиқарган эдим. Аслида эса болалик хотираларим ва бобом Монте-Карлода мулки ва от заводини ютқазиб қўйган ашаддий қиморбоз ҳақидаги оилавий ривоятларга қаттиқ берилиб кетиб, ажиб болалигим кечган мамлакат Монакога қилажак серзавқ сафаримни хаёлдан ўтказарканман, оғзимнинг таноби қочиб кетаверарди. Бироқ Монакода мени ҳаяжонга соладиган бир қиморхона эмасди. Монте-Карло марказида, барча қулайликлар ва ҳашамат билан қуршалган “Отель де Пари” олдидаги Казино майдонидаги кўпни кўрган, унча ҳашамдор бўлмаган “мерседес”да пайдо бўлдиму, бир оз ўзимни йўқотдим, шууримда қандайдир билинар-билинмас ғайритабиийлик ҳис этдим. Атрофимда махсус буюртма билан ясалган махсус автомобиллар зир қатнайди, ўзига тўқ, оғзида сигара, ферузаларга кўмилган бой одамлар ғала-ғовур қилади, оёқлари узун, пардай енгил голливуд қизлари у ёқдан-бу ёққа сузади, офтоб чарақлайди, денгиз томондан салқин шабада эсади, ҳар ёқдан ширин озодлик куйлари қулоққа чалинади. Мен ўзимни тасодифан зотдор хонаки итларнинг кўргазмасига тушиб қолган безот дайди кўппакдай ҳис этмоқда эдим.
Бирпас суст босиб турдим-да, мен ўзимни қўлга олдим. Эски лимузинимни худди миллиардерлардек эринибгина кезинаётган сатанг эшикбон кўзидан нари қилиш учун отель томон юрдим.
Мен “Отель де Пари”да қиммат хона олдим, ғарибгина егуликларимни ёйиб қўйдим ва меҳмонхона бўлмасига ўхшаш ваннага кирдим-да, дабдабали кўпикка шўнғиб, ўйга чўмдим. Мен бу ерда ҳеч кимни билмасдим. Мен фақат бир нарсани билардим — мен миллионер ва худбин доноларга тўлиб-тошган бу жаннатда шуҳрат чўққисини эгаллашим мумкин эди. Бу ҳам бўлса фақат ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан: заргарлик буюмлари йиғноғию соғлом рус авантюризми орқали. Аммо қайси томондан бошласам экан?.. Шу топ эшик тақиллади. Кирган официант столга шампан шишали челакни қўйди, челакка бир конвертни суяб қўйди-да, ваннанинг очиқ эшигига орқасини қилиб тавозе ила бурилганча, кўздан йўқолди.
Бу меҳмонхонанинг янги мижозини кутиб олишдаги расмий ҳаракатлар эди. Аслида шампан пули ё ҳисоб-китоб чоғида ҳисобга олинарди, ё азалдан бўлма қийматига киритилган бўларди. Конвертда, албатта, директорнинг ташрифномаси солинган, унга навбатчи менежер бир нечта такаллуф сўзлари битган бўларди.
Шунда миямга бир фикр келди.
Мен Собчак хоним Париждаги қабулда французларга кўрсатган тухумнинг ўзидек қилиб пасха тухуми тайёрладим, ўзимнинг ташрифномамга “Отель де Пари”да бўлганимдан ғоят бахтиёрман, деб ёздим. Сўнг курьердан директорга жўнатиб юбордим. Агар у жойида бўлса, албатта, қўнғироқ қилади. Чунки пошшолик шампанига жавоб тариқасида қимматбаҳо совға юборган биринчи аҳмоқ, ҳеч шубҳасиз, мен бўлиб чиқаман. Қўнғироқни кутар эканман, йиғноғимни очдим ва кўргазмага ўхшаш бир нарса ҳозирлай бошладим.
Худди тахмин қилганимдек, қўнғироқни узоқ кутишга тўғри келмади. Қолгани хамирдан қил суғургандек битди. Директор мени бир пиёла қаҳвага таклиф қилди, мен эса уни хонаки пештахтамга.
Отель директори ҳайратдан ёқа ушлади. У ошкора қизиқиш билан буюмларни кўздан кечирди ва охирида деди:
— Сизга ким кераклигини биламан. Сизга Андре Ролфо Фонтана керак. У шу соҳанинг одами. Сизни у билан таништириб қўяман.
Месьё Ролфо Фонтана князликдаги биринчи кўргазмаларнинг мудири, Князь Ренье III нинг яқин дўсти эди.
Кўп ўтмай у малласоч ёрдамчи қизи ҳамроҳлигида пайдо бўлди. Ролфо Фонтана ҳақиқатан ҳам ғоят бообрў жанобга ўхшаб кўринарди. Буюмларни виқор билан кўздан кечирди, виқор билан ўриндиққа ағдарилди, бу билан у бу ерда ўзи хон, кўланкаси майдон эканини билдириб қўймоқчи эди, Монако князидан кўра билимдон мутахассис оҳангида деди:
— Чакки эмас, сиз ажабтовур Фаберже йиғноғига эга экансиз, жаноб Ананов.
— Муаллифга бу қадар тез баҳо беришга қандай журъат этдингиз? — ажабланганнамо дедим мен.
— Ҳаётимда кўп нарсаларни кўрдим, — мамнун ва хайрхоҳлик билан жилмайди месьё.
— Мен берган баҳоингиздан лол қолдим, тўғриси, менга ноқулай: аммо тан олиш керакки, бу Фаберже эмас. Бу — Ананов. Буюмлар эса ҳозир Россияда ясалган.
Месьёнинг мамнун жилмайиши сўнди. У ҳатто бир оз қизарди ҳам. Бироқ ўзини жуда тез ўнглаб олди-да, тавозе билан таъзим қилди — “табрикларимизни қабул этинг”.
Ташриф сўнгида бутун совет ҳокимияти йилларида Монакода байрам қилинган рус рождествоси вақтида буюмлар йиғноғим билан Монте Карлога келишга таклифнома олдим. Бу ўн кунлик ташриф бўлиб, барча харажатлар ҳукумат томонидан тўланди, икки кундан кейин эса соҳилбўйи шаҳрининг марказий газетаси “Нис матэн”нинг энг аъло, сўнгги рангли саҳифасида “Мавсум юлдузлари” рукни остида менинг фотосувратим босилиб чиқди. Суврат ортида хазинам ва катта мақтов мақоласи чоп этилганди. Фотосувратда ўқувчиларга оқ костюмли, ўз қадрини биладиган ва газета рукни номига мутлақо жавоб бера оладиган салобатли жаноб қараб турарди.
Месьё Андрей Ролфо Фонтана чинакам мард инсон экан.
1991 йил декабри — 1992 йил январида Монте Карлодаги илк кўргазма муваффақиятли ўтди, мен келаси йил келиш учун яна таклифнома олдим. Бу ишим бир чети омманинг ҳаяжонли қўллаб-қувватлаши, бир чети Андрейнинг олийҳимматлилиги, бир чети янги дўстимиз, афсуски, марҳум шаҳзода Луи де Полиньяк ва яна бир чети Монако князи Ренье III учун олдиндан махсус тайёрланган ва ўша мафтункор Ролфо Фонтана томонидан менинг номимдан тақдим этилган совға шарофати билан бароридан келди. Хуллас, мен Монте Карлони забт этишда давом этмоқда эдим. Сўнгги истеҳком Қизил Хоч Бали эди.
1994 йил яқинлашиб келарди. Бу вақтга келиб мен Монте Карлога хийла мустаҳкам ўрнашиб олган эдим: мен Монте Карлонинг олий жамияти доирасига кириб бордим, бу ерда менинг уч турли кўргазмам бўлиб ўтди, баҳорда Балнинг биринчи мукофоти ва рамзини ясаб, шуҳрат чўққисига кўтарилдим. Бу — ўзи оқ кахоланг тошидан, барглари яшил нефритдан, тоғ биллуридан қилинган ва олмослар билан жилоланган гулдончага ўтқазилган атиргул эди.
Ниҳоят, бешинчи августда, туғилган кунимга уч кун қолганда Монте-Карло шуҳрат чўққисига кўтарилишимнинг сўнгги пиллапоясини босиб ўтишим керак. Бешинчи августда Қизил Хочнинг меҳр-мурувват балида мен тантанали сувратда саҳнага чиқишим ва Фаребже ва Анановнинг энг яхши анъаналарида тайёрланган меҳр-мурувват лотореяси вақтида ўйналадиган Балнинг бош мукофоти сифатида шаҳзода Альберт томонидан тасдиқланган махсус пасха тухумини бахтиёр инсонга топширишим керак. Бу фикр бошимда анча олдин, бултур балда меҳмон бўлиб қолганимдан бери айланиб юрарди. Гарчанд ўшанда мен бал бошланишидан олдин малика Каролинанинг шахсий коктейлига таклиф этилганимда бу алоҳида шараф ҳисобланарди — кечки овқат вақтида мени шаҳзода де Полиньяк қаршисига ўтқазишди, бу ҳам ғоят шарафли эди, ўшанда илк бора бу юртга қадам ранжида қилганимдаги бир туйғу вужудимни қамраб олганди. Уч минг бой бекорхўжалар ўтирган бу танобий уй менга қарамаётганди, менга қўл силтамаётганди ва умуман, менинг бу ердалигимни билмасди ҳам. Бу мен учун ҳақорат қилиш билан баравар эди. Халойиқ олмос кўзли ғаройиб узук совға қилган “Картье” ширкатига, бутунлай янги нусхадаги олтин билакузук инъом этган “Репосси” ширкатига столларни одатдаги атиргуллар билан тўлдириб ташлаган Карл Лагерфельдни олқишларди.
Мен стол оша шаҳзода де Полиньяк томон эгилдим, ҳозиргина меню орқасига чизган сувратни узатдим.
— Нима бу?
— Бу қизил ёқут хочли пасха тухуми, келгуси Балга менинг совғам.
— Ичида нима бор?
— Сюрприз.
— Қанақа?
— Бу сир.
Қаримсиқ шаҳзода лунжини шиширди. Шундан бошқа нарса миямга келмади. Бироқ дарҳол ўзимни қўлга олдим-да, калламни ишга солиб ноқулай вазиятдан осон қутулдим. Мен жилмайдим:
— Сир, аммо сиздан сир сақлай олмайман, шаҳзодам. Тухум ичида беш рамкача, акангиз, оила аъзоларингиз сувратлари солинган йиғма созлама бор. Лекин бу гап орамизда қолсин. Розимисиз?
— Оббо граф-ей! Қаёқдаги гапларни гапирасиз-а?.. Бу зўр ғоя. Мен ҳозироқ Альберт билан гаплашаман. Дарвоқе, тухумнинг баҳоси қанча?
— Бал учун — ҳеч қанча. Бу менинг совғам.
— Барибир унинг нархи қанча туриши мумкин? — тинчимади қаримсиқ.
— Камида ярим миллион франк.
— Жуда яхши, мен ҳозироқ гаплашиб кўраман.
Кечки овқат сўнгига бориб, ҳов анави жаноб, Россиядан келган гарф Ананов ҳозиргина княз Ренье III га ҳар бири ярим миллион турадиган беш олтин портретни совға қилгани аллақачон ярим залга маълум бўлганди. Бу афсона нархи неча марта кўтарилиб зал бўйлаб тарқалар экан, Альберт менинг барча таклифларимга розилик билдириб бўлган эди ва қораламаларни юборишни сўради. Мен ундан бўлажак митти суврат чизгилари учун расмини чизишимга вақт ажратишини ва оиланинг бошқа аъзолари билан учрашувни ташкил этишини ҳамда мени шаҳзода ва маликаларнинг турли фотосувратлари билан таъминлашини илтимос қилдим.
Уч кун ўтиб мен саройга келдим. Мен кейинчалик оиламиз ҳаётида ғоят муҳим рол ўйнаган доно ва меҳрибон княз Ренье билан мириқиб суҳбатлашиш, соҳибжамол малика Каролина билан танишиш, лойиҳа қисмларини шаҳзода Альберт билан муҳокама қилиш, митти сувратлар чизиш учун фотосувратлар олиш шарафига муяссар бўлдим. Саройга таклиф этилиш шарафига камдан-кам кишилар мушарраф бўлар эди.
Совға устидаги иш бутун қиш бўйи давом этди. Ажойиб митти сувратлар мусаввири Нина Клейн оила сувратларини юпқа мамонт суяги варақчасига ғоят маҳорат билан чекди. Тухум чизгиси Балга бағишланган китобча муқовасига чоп этилганди. Ниҳоят, май ойида мен княз Реньега тайёр митти сувратларни кўрсатишим ва буюмларни тугатишим керак эди.
Бироқ князникига олдиндан белгиланган ташрифимга икки ҳафта қолганда бахтсизлик рўй берди.
Одатдагидек устахонамдаги ишимдан кейин дўконимизга, “Европа” меҳмонхонасига кетдим. Дўконга жўнаш олдидан қаҳва ичгани уйимга кирдим. Хотиним қайтишимда йўлдаги дорихонадан кичкина қизимиз учун дори ола келишимни айтди. Бояқиш Настюша афтидан қаттиқ шамоллаб қолган эди. Дўконга кирар-кирмасимдан телефон жиринглади. Хотиним экан:
— Тез… Настя ўлаяпти… — Ва йиғи овози.
Беш минутда уйга етиб келдим. Аҳвол ғоятда даҳшатли эди. Қизалоқнинг кўзлари хонасидан чиқиб кетганди, аъзойи бадани дағ-дағ титрарди. Қизалоқ атрофида тезкор тиббиётдан келган врачлар гир айланарди.
Маълум бўлишича, болалар реанимация машинаси даркор экан. Бироқ қизалоқ унамай туриб олганди.
Мен реанимация рақамларини тердим. Ғамли товуш билан нозимхоначи шаҳарда фақат иккита реанимация машинаси борлигини, улардан бири бандлигини, иккинчиси эса узоқда, Купчинада эканлигини айтди.
— Машина етиб боргунча врачларнинг гапига қараганда, болангиз узилиб бўлади.
Мен бош врачни телефонга чақиришларини сўрадим ва дона-дона қилиб дедим:
— Агар машина етиб келгунча бола ўладиган бўлса, буни ўзимиз учун бир мусибат деб биламиз. Борди-ю, машина умуман келмаса ва бола ўлса, унда бу фақат менинг бошимни эмас, сенинг бошингни ҳам мусибатга қўяди. Ҳозироқ етиб бораман-да, сени бугуноқ бир ёқли қиламан. Уқдингми?
У уқди. Ўн беш минутдан кейин уй олдида машина турарди.
Қизалоқни “тезкор тиббиёт” врачи, ажойиб доктор Бондарь қутқариб қолди. У эндигина бир ёшга тўлган мурғаккина жонни “оғиздан оғиз”га усулида сунъий нафас олдирди, юрагини уқалади, уколлар қилди. Ниҳоят, кислород келтиришди. Настянинг яноқчаларига аста-секин ранг югура бошлади, у ўзига келмоқда эди. Уни касалхонага олиб бориш лозим эди. Мен Настюшамни касалхонага ўзим элтдим.
Болалар касалхонасида, Педиатрия институтида даставвал нима содир бўлгани ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Иккита барваста ҳамшира муштдеккина жисмни каравотга маҳкам босиб олган, учинчиси эса наркозсиз йўғон нина билан укол қиляпти. Бу уларда “орқа мияга укол уриш” деб аталади. Бу мудҳиш нина уришни ўйлаб чиқарган ўша золимни кўрсам эди! Гўдаккина ночор ва аянчли чинқирар эди, мен муштумимни тугаман, тишимни тишимга босаман, бироқ қани буни унутиб бўлса.
Хулласи калом бир дунё ташхис — энцефолит, менингит, истисқо — бола онаси билан касалхонада қолади. Ўн кунгача бечора қизимга азоб беришди, турли-туман тиббиёт жараёнларидан ўтказишди, бир дунё тез таъсир қилувчи дорилар билан баданини илма-тешик қилишди. Нозиккина чақалоқ қўлчалари ўтмас табибларнинг ўтмас ниналаридан ғалвир бўлиб кетганди.
Мен Монакога княз Ренье III билан олдиндан белгиланган учрашувга учиб кетишим керак эди. Узоқ иккиланишлардан кейин мен учиб кетдим.
Княз мени саройда, ўз хонасида қабул қилди. У мен олиб келган митти сувратларни синчиклаб кўздан кечирди ва жуда мамнун бўлди. Хуллас, у тухумнинг узил-кесил йиғилишига оқ йўл тилади-да, хайрлаша туриб, такаллуф билан деди:
— Менга бирон хизматингиз бўлса, бажонидил, хизматингизга тайёрман.
— Бор, монсиньор. Қизимнинг аҳволи оғир. Менга энг яхши болалар врачининг маслаҳати керак.
Ўн беш минутдан кейин князнинг шахсий врачи бўлмам эшиги олдида турарди, бундан барвақтроқ кела олмагани учун узр сўради. Эртаси куни Настянинг тиббиёт ҳужжатлари ва компьютер тадқиқотлари билан хотиним Ленинграддан учиб келди. Франциянинг энг яхши врачларидан иборат консилиум таҳлилларини тадқиқ қилиб бўлгач, ҳеч иккиланишсиз хулоса чиқаришди:
— Энцифолит йўқ.
— Менингит йўқ.
— Истисқо йўқ.
— Нима бор бўлмаса?
— Ёш боланинг юқори ҳароратга бебардошлиги ва қизгинага кераксиз ва зарарли дориларнинг катта миқдорини укол қилган врачларнинг жинояткорона хуружи бор. Беш минутдан кейин ҳаммасини ўз бўйнимга олган ҳолда телефон орқали барча дори ва уколларни бекор қилдим.
Яқинда Настенка олтига тўлди. Онаси ундан жонини аямайди. Настя чинданам ажойиб қиз бўлган, ювош, қувноқ, кўзлари кулрангга мойил кўм-кўк, сочлари тўлқин-тўлқин бўлиб эшилиб туради.
Катта қизим Анюта иккаламиз онасининг Настяга бўлган самимий муҳаббатига ҳавасимиз келади. Гоҳо, очиғи, жиндай ҳасад ҳам қиламиз.

ОТА

Эрталабки сукунатни бузиб телефон қулоқни тешгудек узун-узун жирингларди. Гўшакни хотиним кўтарди.
Нимага эканини балмадиму, аммо дарҳол англадим. Ойим қўнғироқ қиларди.
У пайтда машинамиз йўқ эди. Ҳарҳолда таксида етиб боргандик. Лекин эсимда йўқ. Эсимда бори шуки, машинада кетар эканман, Худога илтижо қилардим:
— Ишқилиб хато бўлсин-да, ишқилиб ўлмаган бўлсин-да, ишқилиб тирик бўлсин-да.
Бироқ бу қандай содир бўлганини аллақачон билардим.
Биз етиб борганимизда уйнинг ёнида, дераза томондан ҳеч нимани кўриб бўлмасди. Одам зоти ҳам кўринмасди. На одатда бундай пайтдаги “бекорхўжа”лар, на “тез ёрдам” — ҳеч ким йўқ. Шундан кейин сал жонландим. Хатолик ўтган, қандайдир хатолик ўтган.
Биз уйни айланиб ўтдик, подъезд олдида бир нечта одамни кўрдим. Улар тик турганча нимагадир қарамоқда эдилар.
Йўқ, хатолик ўтмаган экан.
Бироқ ерда ҳеч ким ётмаганди. Фақат кираверишдаги эшик олдида кичкинагина қон ҳалқобчаси бор эди. Биз подъездга ўтдик, тўртинчи қаватдаги хонадонимиз эшиги очиқ эди. Ошхонада нотаниш одамлар ивирсирди.
Қандайдир ёт, аммо босиқ овозда қани у деб сўрадим.
— Анови ерда, — кишилар зинапоя дарчаси томон имо қилишди. Мен дарчага яқинлашдим ва ташқарига қарадим.
Отам кираверишдаги бетон томча устида юзтубан ётарди. Ҳаммаси эсимда қолгани йўқ, бу бир жиҳатдан яхши бўлса керак.
Эсимда, мен бошқаришга тутиниб кетгандим, кимнидир қаёққадир юбордим, пул тўпладим, арқон қидирдим, арқон билан отамни кираверишдаги бетон томчадан ерга туширдик. Ошхонадаги икки киши терговчилар бўлиб, (улар ўз жонига қасд қилганини қайд этиб қўйишлари керак), музхона ёнида ўралашарди.
— Ҳой бола, билмайсанми, уларда арақ йўқмикан?
Мен арақни олиб бердим.
Отамни томча устидан туширишга менга қарашиб юборган одам ўт ўчирувчи экан. У ҳам ёнимда ўралашарди ва ўзича минғирларди: “Жонига қасд қилганларни олиш бизнинг ишимиз эмас… Бизнинг ишимиз — ўт ўчириш…”
Мен унга пул бердим.
Эсимда, кимдир ичкаридан, онани чиқариб юборманглар, деди.
Лекин онам чиқди, индамай отамнинг ёнида чўккалади. Шу тариқа биз отам ёнида чўккалаб турдик. Бутун оила. Ойим билан Никита унсиз йиғлашарди. Кимдир яқин келди. Қўшнилар. Мен ҳайдаб юбордим. Отамнинг ўнг қўли тирноғи кўкариб кетганди.
Бекорчихўжалар бир неча қадам нарида туришарди. Чурқ этишмасди. Сўнг мурда ташувчи машина келди. Мен ойимдан мени отам билан мурдахонагача олиб боришини сўрадим. Мурда ташувчилар саросималаниб қолишди. Мен пул бердим. Кетдик.
Иссиқ куз куни эди. Мурдахона олдида одам гавжум. Музхоналар тўлиб кетган. Мурдаларни қўйгани жой йўқ. Санитарларга ялиниб, аёллар йиғларди.
Мен катта санитарни қидириб топдим. Ўзимни таништирдим. У ўзининг исми шарифини айтди. Георгий Давидович. Тасодифий ўхшашликни кўринг.
— Қабул қилинг, адашингизни олиб келдим, — дедим мен ва пул бердим.
Отамни Георгий Давидович деб чақиришарди.
Мен усталик билан ора-чора пиджагимнинг ички чўнтагидаги фляжкадан ҳўплаб-ҳўплаб қўяр, одамларга уни қил, буни қил деб иш буюрар, расмиятчиликни адо этар эдим.
Уч кундан кейин қариндош-уруғлар ва хизматдошлар белгиланган вақтда мурдахона ёнида тўпландик. Мурдахонанинг видолашув зали ҳаммом кийимхонасига ўхшарди. Одамлар зир қатнарди, бир кичикроқ хонада бир вақтнинг ўзида марҳум билан ўн-ўн икки оила видолашарди.
Мен пул бердим. Георгий Давидович мурдахонани қирқ минутча тўсиб қўйди. Менинг буйруғим билан менинг бир ўзимни чақиришди, бу пайтда отамнинг жасади солинган тобутни мурдалар ювиладиган ва кийинтириладиган хонадан олиб чиқиб, супа устига қўйилганди.
Тобут олдида иккита санитар ивирсирди, бири чол, афтидан ичкилик қовжиратганди, иккинчиси ўсмир, янгилиги шундоқ кўриниб турарди. Отам кийинтирилган эди, тобут қопқоғи ёнида турарди. Юзи дағал, тупроқ рангида, пешонасида яхши пардозланмаган пачоқ жой кўринарди, қулоғидан оппоқ чойшабга қоп-қора қон сизиб тушмоқда эди. Бош чаноғи орқа томондан очилган бўлиб, йўғон қора ип билан айлантириб тикиб қўйилганди.
— Йигитлар, уни нима билан пардозлаган эдиларинг?
Менга театр пардозлик қутичасини кўрсатишди.
Мен қутичани олдим-да, ишга тушиб кетдим. Чол нимадир деб тўнғилларди.
— Тириклигимда ўрганиб қол, — дедим мен қисқа қилиб. У четга ўтди ва кузата бошлади, мудом қандайдир бекорчи нарсаларни вайсарди, латифами ё шунчаки гапми, билиб бўлмасди.
Худди бир вақтлар театр институтидаги пардоз дарсида бўлганидек, мен саришталик билан аввал юзига мой упа суртдим, сўнгра ранг бера бошладим.
— Ҳа, чаккимас… — чўзиб деди орқадан санитар. — Нима, бирга ишлармидинглар?
Мен индамай ранг беришни тугаллаётгандим.
— Ё танишингмиди?
Мен индамай терининг буришган жойини текисладим, қовоқларини тортдим, лабларини бўядим.
— Қариндошингмиди ё? — тинчимади бобо.
— Отам.
Мен бамайлихотир бўяшни тугалладим.
Санитар сукут сақларди ва шундан кейин то охиригача чурқ этмади. Эҳтимол, ташқаридан туриб қараганда бу даҳшатли кўринса керак.
Мен ишимни тугатдим, ойим билан Никитани олиб келдим. Ойим энди анча ўзини тутиб олганди ва ортиқ дийдиё қилмай, бемалол турарди.
Сўнг эшикларни очдик, бошқалар ичкарига кириб келди.
Ўша куни мен ичишни ташлагандим.

ЎЗИНГ ҚЎЛЛА МЕНИ, ТАНГРИМ…

Булар барчаси бизга юқоридан ато этилганди. Тақдир бизларни тасодифларга тўла ҳаёт дарёсига улоқтирганди, биз эса чўп ё қовжироқ япроқдами, гугурт қути ё харидами, қайиқ ё кемадами омонат ўтирганча унинг илонизи оқими бўйлаб сузиб келмоқдамиз.
На дарёнинг жозибадор қайрилишлари, на соҳиллардаги набототни ўзгартириш, на сувни тескари томонга оқизиш ва на шамол ва тўлқинлар йўлини тўсиш қўлимиздан келарди.
Бироқ дарёмиздаги бизнинг сузишимизда биз таъсир этишга қодир нимадир бор эди. Ҳа, дарё минг қилса ҳам дарё-да, бизни кенг ўзанида Баҳри Муҳитга бориб қуйиладиган жой томон олиб кетади, унинг ҳар бир муюлишида, ҳар бир бўғинида икки қирғоқ оралиғидаги кенглик, бўшлиқ ётади, қаердадир қирғоқлар бир-бирига жуда яқин келади, оқим кучаяди, тўлқинлар остона ва шоввалар оша сапчийди, қаердадир эса сув бепоён кенглик ҳосил қилиб ёйилиб оқади, унинг оқими маромлашиб, бизнинг гоҳ у, гоҳ бу қирғоққа боришимизга имкон туғдиради, йўл-йўлакай эса гоҳ уюрмага дуч келамиз, гоҳ камарда тутилиб қоламиз, шунда катта оқим сари жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиламиз, айнан мана шу ҳаракат бизнинг табиий кучлар билан, ҳаёт билан олишувларимизнинг асил маъносини ўзида намоён этади. Биз ўз қурб-қудратимизни, истеъдоду қобилиятимизни кўрсата олишга юқоридан ато этилган бир улуш имконият ҳам аслида биз учун тағин шу Она Табиат кўрсатган эҳсондан бошқа нарса эмас.
Эсимда: эллигинчи йилларда эркаклар ва аёллар мактаблари қўшилиб кетди: биз учинчи синфдаги қизлар билан бирга ўқий бошладик, ўн бир ёшимда трамвай тагида қолдим, икки дераза ўртасида ойимнинг карам тузламаси турган шиша бочкаси кираверишдаги эшиклар оралиғида кошиндор полга ағдарилиб тушиб, чил-чил бўлганди, Лугая яқинидаги дала ҳовлига ёзги балиқ овига боргандик, тузумсиз ва тақиқларсиз муқаддас оятлардан қироат қилгандик, олтмишинчи йилларда ўн йиллик мактаблар ўн бир йилликка айлантирилди (бунинг учун Хрушчёвга раҳмат дейиш керак), еттинчи синфни тугатгач, колхоздаги ёзги қишлоқ хўжалиги амалий машғулотлар вақтида ишлаб топган пулимга ялтироқ “Победа” қўл соати сотиб олгандим.
Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ эди, мени ҳеч ким тарбия қилмаётганди. Отам билан ойим тинимсиз ишлашарди, илмий мақолалар ёзишарди, гоҳ-гоҳ меҳмон кутишарди, узоқ йиллар, тахминан ўн беш йилча дала ҳовли қуришди.
Менинг ўқишим енгил ва муваффақиятли кетмоқдайди, фақат “хулқ” деган жойда оқсардим. Гарчи бу безорилик эмас, болаларча шўхлик бўлса-да, табелнинг ўша қаторида “уч” баҳо пайдо бўлганида уйда кўрадиганимни кўрдим. Бир вақт тўртинчи синфдалигимдами, математика дарси кетаётувди. Семиз ва дўмбоққина муаллимамиз Нина Петровна доскада масала шартини ёзаётганди: “Заводдаги ишчи бир соатда 5 та болға чиқаради”. У қисқартириб “бол.” деб ёзиб қўйди. Орқадан туриб мен луқма ташладим:
— 5 та бола чиқаради.
Нина Петровна мени ота-онамни чақиришга юборди. Эсимда, ойим камар билан роса саваласа керак деб шунақанги қўрққандимки, қўяверасиз. Бироқ негадир ҳаммаси тинч ўтди.
Яна бир гал, бешинчи синфдалигимда, мен ғирт жинояткорона, ҳеч тушуниб бўлмайдиган иш қилиб қўйдим.
Танаффус пайтида ҳамманинг кўз ўнгида мен оёқлари узун Алла деган бир қизнинг олдига бордим, шундоқ этагидан ушлабман-да, этагини бошигача кўтарибман. Юбка остидан қип-қизил ичкўйлак ярақлаб кўринди.
Яна мактабга ота-онамни чақиришди. Яна оқ калтак-қора калтакни кута бошладим. Бироқ нима сабаблар биландир бу можаро ҳам тиниб кетди.
Лекин мактаб деворига русчадаги уч уятли сўзни ёзганимда мени ўша заҳоти мактабдан ҳайдаб юборишганди. Бунақани ўша пайтларда “бўри паттаси бор” деб аташарди. Эҳтимол, бу менинг уят сўзни Ленин бобонинг Горькидаги суврати тагидан ёзганим учун бўлса керак. Лекин отам директор билан узоқ гаплашди ва мен қайта мактабга қабул қилиндим. Фақат бошқа синфга ўтказишди.
Мен доим яхши ўқирдим, математикани севардим, иншони осон ёзардим, доим эркин мавзуни танлардим, иншо матни олдидан эпиграф қўярдим. Қисқа-қисқа жумлаларда. Тагидан изоҳ ҳам берардим: “В.Ленин, фалон жилд, фалон бет”. Бу “ленинча сўзлар”га ҳеч ким ва ҳеч қачон чурқ этиб оғиз очолмасди.
1963 йили ўшанда Жданов номидаги Ленинград университетининг физфагига ўқишга кираётиб, “Нима учун физик бўлмоқчиман” деган мавзуда иншо ёздим. Уни қуйидаги сўзлар билан бошладим: “Физик — бу келажакнинг самовий меъмори” (ёки шунга ўхшаш бир нима эди) ва тагидан изоҳ бердим: “Хрушчёв, МҚ XIII Пленумида сўзланган нутқидан”. Қарабсизки, физфакка ўқишга кириб кетдим. 1967 йили Ленинград театр, мусиқа ва кинематография институтининг режиссёрлик факультетига, Изакин Абрамович Гриншпун курсига ўқишга кираётиб “Нима учун режиссёр бўлмоқчиман” мавзуида ёзган иншомда шундай дегандим: “Режиссёр — бу инсон туйғулари меъморидир”. Ва изоҳ: “К.Станиславский. Менинг санъатдаги ҳаётим. I-қисм”.
Болалигимда ёлғонни кўп гапирардим. Айниқса, бу ёшимга қўшиб айтганимда, қилмаган ишларни қилдим деганимда, табел билан кундалик дафтардаги қалбакиликларда кўпроқ акс этарди. Мен ота-онамнинг, ҳаммасидан ҳам отамнинг имзосини хўп ўзлаштириб олгандим, отам учун кундаликка қўл қўйиб юбораверардим, гоҳо ўғлим кундаликдаги огоҳлантиришларга яраша мендан боплаб таъзирини еди деган гапларни ёзишдан ҳам тоймасдим. Кейинчалик эса бутунлай талтайиб кетдим — энди сиёҳни ўчириш йўлини ҳам қойиллатардим. Буни мен мактабдаги кимё дарсидан билиб олгандим. Бироқ бу ҳунарни ўзлаштириб олганимдан бери ойим мени на фақат кузатадиган бўлиб қолганди, балки табел ва кундаликларимни ҳидлаб ҳам кўрарди — тағин ундан сирка ҳиди келмаяптимикан. Сирка мўъжизавий кимё таркибининг ажралмас қисми эди.
Алдоқ учун ойим жазонинг зўрини топиб қўйганди. Камар менга керагича таъсир ўтказмаётганини кўриб (мен қорним билан ётиб олардим-да, тишимни-тишимга босиб ўйлардим: шошмай тур, сенинг жосуслигинг маълум бўлади-ку, ўшанда сен билан боплаб ҳисоб-китоб қилиб қўйишади), ойим нима кўпроқ менинг эсимни жойига келтириб қўйишини англаб етди.
Алдаганим учун ойим мени сартарошхонага олиб борди-да, сочимни таг-туги билан қирдириб ташлади. Бу, албатта, бориб турган шафқатсизлик эди. Аммо бу ҳам таъсир қилмасди. Бир гал эса мен шаталоқ отиб қочиб қолдим, тўғри кўчага, сартарошхона йўлидан қочдим, кейин куни билан отам дарс берадиган ЛИТМО ётоқхонасидаги талаба ошналарим олдида ивирсиб юрдим.
Эсимда, бу 1960 йилда бўлганди. Яъни мен ўн беш ёшда эдим. “Юмалоқ-ясси” қилиб, иккинчи семестрдан кечки мактабга кириб олгандим. Гарчи мактабга мунтазам қатнамасам-да, бизнинг синф раҳбаримиз, математика ўқитувчимиз аксар шундай дерди: “Ананов дарсларга қатнашмаса ҳам контрол ишларни бешга ёзади”. Умуман, катта ёшдаги болаларнинг мактабга қатнаши ҳаминқадар эди.
Бироқ тарих ўқитувчимиз мени ёқтирмасди, у мактаб директори ҳам бўлиб, фамилияси ўзига яраша — Ежов эди. Бир куни у шундай деб қолди:
— Ҳали битирув имтиҳонларида кўзингга кўрсатаман.
Битирув имтиҳонлари келди. Барча фанлардан маваффақиятли топширдим ва тарихдан яхшилаб тайёрландим, яъни қўйнимни шпаргалка ва ўқув қўлланмаси билан тўлдириб, билетдаги саволларга “зўр” жавоб бердим ва тарихдан “икки” олдим.
Барча режаларим остин-устун бўлди. Физфакка киришим бир йилга сурилиб кетди. Битирув кечаси бўлди, бир қути арақ, бутербродлар ва ўйин-кулгилар билан нишонланган шундай ажойиб кечада бирдан йўлакдаги чироқ ўчиб қолди-ю, (мен пробкани бураб қўйгандим) кимдир Ежовнинг башарасини қора қонга белабди.
Ўшанда автобусда уйга қайтиб келсам, оёғимдаги ботинкаю қўлимдаги соат йўқ эди. Эртасига кечқурун дадам мени огоҳлантирди:
— Эртага тарихдан бошқатдан имтиҳон топширасан.
— Қанақасига?!
— Мен туман маориф бўлимида бўлдим.
Охири бахайр бўлишига кўзим етмаганидан истар-истамас мактабга кетдим, бу гал на шпаргалка, на ўқув қўлланмаси бор эди ёнимда. Кабинетда жилмайиб мени Ежов қарши олди, мўлтайган кўзи остида “кўк қашқа” кўриниб турар, ўзининг ҳам роса попуги пасайган эди.
— Билет ол.
— Нега?
— Балки у-бу нарса айтарсан.
— Айтмасам-чи?
— Унда фақат уч бўлади.
— Келишдик.
Кўзларимга ишонмасдан “тасалли балл” — эзгу учни олганча кабинетдан чиқдим. Ўзимни тутиб туролмай, остонада қайрилиб қарадим-да:
— Сизни ким бу аҳволга солди? — деб сўрадим.
Директор менга ғамгин қараб қўйди-да, бирпас сукут сақлаб, сўнг файласуфларча деди:
— Синфий душман.
Бир ойдан кейин имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, университетга кирдим. Физфакка танлов катта эди — бир ўринга қирқ одам.
Агар университетни тугатганимда, мендан яхшигина физик чиқарди. Лабораторияда ишлардим, қаттиқ жисмлар физикаси билан шуғулланардим. Бироқ қаттиқ жисмлар мени унчалик қизиқтирмасди. Ундан кўра сарвқомат ва барно қизларнинг жисми, спорт, биллиард, преферанс ва спиртли ичимликлар тўкин-сочин бўлган шовқинли улфатчиликлар кўпроқ маҳлиё этарди.
Бир амаллаб биринчи курсни тугатдим. Ўша ерда ёши мендан анча катта артистлар билан танишиб қолдим, улар ёрдамида “Ленфильм”га кириб олдим, бу ердаги муҳитни сўз билан ифода қилиш қийин эди — сувратга олишлар, ижодий улфатчиликлар, либосларни ўлчаш, узлуксиз қаҳвахўрлик, “киноартистлар” гирдоби, ўн учинчи рақамли портвейн, оммавий саҳна қизалоқлари атрофида парвона бўлишлар…
Қовун қовунни кўриб ранг олади деганларидек, моҳир артистларга ёндошавериб, мен ҳам ўзимни улардек тута бошлагандим, улфатчиликларда, ичкиликбозликларда улардан қолишмасликка тиришардим. Москвадаги Бауман боғида бўладиган ҳар йилги актёрлар “бозори”да иштирок этардим.
Мана шу рангин манзара тўғрисида батафсил гапирмасам бўлмайди. Ҳар йилги август ойида Бауман боғига чекка вилоят театрларининг артистлари ёпирилиб келарди, режиссёрлар ҳам ўша ерга ташриф буюрарди. Театрга хос ясама ҳаракатлар, имо-ишоралар қилган, “сохта овоз”ли, чўнтаклари қуп-қуруқ ва бир қултумнинг гадойи бўлган айрим “актёр ва актрисалар”ни кузатиш менга бир дунё завқ бағишларди.
Биз бозорга тўрт киши бўлиб келдик. Учала шеригим вилоят театрлари гуруҳига киришга обдон ҳаракат қилмоқда эди. У пайтда Иттифоқда бунақа театрлардан беш юзтаси бор эди, мен ҳам шерикларим билан саланглаб юрар, ва табиийки, ҳеч қандай ижодий режага эга эмасдим.
Бироқ кутилмаган ҳол рўй берди. Дўстларимдан биронтасини режиссёрлар таклиф қилмаётганди, лекин кўплари менга ишқибоз бўлар эди. Аввалига шартта йўқ деб юрдим, аллақачон тақдирим ҳал бўлганини, Горький номидаги катта драма театридаги Георгий Александрович (яъни Товстоногов!)даги бош ролларни вилоят ёш томошабинлар театридаги аллақандай майда ролларга ҳаргиз алмаштиришга рози бўлмаслигимни важ қилиб кўрсатардим. Бироқ аста-секин кўнглим ийиб бораверди-да, уларнинг таклифига рози бўла бошладим, лекин шу шарт биланки, дўстларимни ишга олишса. Хуллас, учала дўстимни бир кунда ишга жойладим. Бирини Уральск, бирини Чита ва бирини Минусинск театрига. Ўзим эса “яхшилаб ўйлаб” кўришга ваъда бердим.
Лекин дўстларим “бозор”да олган пулини ҳаш-паш дегунча ичиб тугатдик. Иштаҳа эса баланд. Ҳеч бир кутилмаганда Ленинобод шаҳри, аниқроғи, Тожикистондаги Ленинобод-30 ёпиқ турдаги шаҳарнинг драма театри бош режиссёри билан шартнома туздим.
Сирасини айтганда, ойимнинг йўқлиги тақдиримни ҳал қилганди. Ойим ўша йили сентябрда ўзининг ягона хорижий иш сафарига — Голландияга геологлар конгрессига кетганди. Шуниси қизиқки, дадамга менинг бу аҳмоқона ишим ёқиб тушди, мени яхшилаб шайлади, Литейнийдаги квартирамизга кўчириб қўйди, мен ҳам янги пальто, тўқима бўйинбоғ ва шляпада, қўлимда сариқ рангли икки чемоданни тутган, “ленинградлик киноартист” деган дабдабали лақаб билан, аммо ҳеч қанақанги театр билими ё тажрибаси бўлмаган бир ҳолда тантанавор жўнаб кетардим.
Бир йилда учта театр алмашиб, биринчисидан шармандаларча ҳайдалиб (на шляпа, на сариқ жомадон иш берди), охир-оқибатда, театр ўйинлари ва усуллари ҳақида юзакигина билимга эга бўлдим ва Новгородда амал-тақал қилиб ишлаб юрдим. Моховога, Ленинград театр институтига келдим ва шу ерда ишга қабул қилиндим. Шу тариқа университет, аниқ фанлар ва тарих факультети лекторийсидаги гардкамчилик даври ниҳоясига етди.
Ҳаёт менга воқеалар, қарсаклар, ҳаяжонли тақризлар, театр тақдимотлари ва фахрий унвонларнинг сеҳрли олами эшигини очди. Мен бу оламни севиб қолдим, қобилиятли режиссёрлигим маълум бўлди, қийин ва шўртанг театр нонини севиб қолдим. Тўғрисини айтсам, касб машаққатини англаб етдим, муваффақиятлардан суюндим. Бу йўлни роса ўн тўрт йил босиб ўтдим, бир қанча бинойидек ролларни ўйнадим, қирқдан ортиқ спектакл қўйдим. Саҳнада қилаётган ишларим кимгадир кераклигига ишонардим, артистлар билан ҳалол муомалада бўлишга ҳаракат қилардим. Мен театр режиссёрлигини ҳаётимнинг бош мавзуи деб билардим. Бу инқилобий большевикча террорнинг даҳшатли тўлқини ҳаёт денгизидан соҳилга итқитиб ташлаган бадбахт рус зиёлиси фожеаси мавзуси эди. Мен Михаил Бульгаковнинг “Қочиш” ва “Турбинларнинг кунлари”, Алексей Толстойнинг “Муҳожирлар” романи бўйича ўзимнинг инсценировкамни саҳналаштирдим. Булар рус руҳининг нечоғли улуғворлигини ва рус кишисининг нақадар бағрикенглигини, Франция қовоқхонасида фаррош бўлишни истамаган поручик Налимов ўз жонига қандай қасд қилганини ошкора намоён этган спектакллар эди.
Бу спектакллар орасида “чўнтакбоп” тез ва енгил қўйилган, театр репертуар режаси манфаати учун, “тирикчиликка”, яъни йиллик меъёрдан ортиқ қўйилган спектакл учун режиссёрларга тўланадиган қалам ҳақи ишлаш ниятида мендан кетгунча қабилидаги томошалар ҳам йўқ эмас эди. Меъёр ҳам чакки эмасди — бир мавсумда уч спектакль. Мен В.Ф.Комиссаржевский номидаги театрда режиссёрлик тайёргарлигидан ўтиш, ажойиб артистлар билан машқлар қилиш, ҳаётдан эрта кетган Валдис Ленцевичус, Сергей Александрович Боярскийлар билан дўстлашиш бахтига муяссар бўлдим. Бу театр ва унинг гуруҳига нисбатан алоҳида илиқ ва ёрқин муносабат ҳамон юрагимда сақланиб қолган.
Мен елканли кемада юнга бўлиб, “Шпонька” — денгизлар мактабини битириб, ва дўстларим маслаҳатига кириб, моҳир денгизчи бўлишим мумкин эди.
Мен университетни тугатиб, ўз табиий истеъдодимни ишга солиб, ажабтовур физик бўлишим мумкин эди. Мен ҳамон театрда ишлаб, спектакллар қўйиб, Театр институтида талабаларга дарс бериб юришим мумкин эди.
Мен ўша йилларда кўплаб ҳамшишаларим каби мастликда муштлашиб, бировлар қўлидан ўз жонимга қасд қилиб, ҳаётдан аллақачон кўз юмиб кетган бўлишим мумкин эди.
Лекин ҳаёт менга бир эшикни очди.
Бу эшик Владимир хиёбони ва Стремянная кўчалари муюлишидаги большевиклар социалистик турар-жойга айлантирган бир вақтлардаги гўзал эски уйнинг учинчи қаватида жойлашганди. Мен қўлтиғимга бир шиша арақни қистирганча бу йўл мени қаёққа олиб боришини хаёлимга ҳам келтирмаган ҳолда ўша эшикдан кириб бордим.
Бир лаҳзагина ёнган лампочканинг хира ёғдусида сон-саноқсиз телефон рақамлари, бир-биридан ғалати фамилиялар, телевизион кабеллар тасқарасини чиқариб ташлаган бир вақтлардаги маҳобатли ўймакори эшик жилва қилди. Ўтмишдаги аччиқ киноядек, эшикда “Профессор Шустер, Сўзак касалликлари” деб кўринарли қилиб ёзилган мис лавҳача сақланиб қолганди. Ўзини “Императорлар театри артисти” деб аташни яхши кўрадиган ошнам Юра кираверишдан чап томондаги илгари ё одамлар турган, ё ўликлар ёриладиган жой бўлган кўричакдек қоп-қоронғи ва узун хонада яшарди.
Биз у билан бир неча йил олдин “Ленфильм”да танишиб қолгандик. У қобилиятли ва “харидоргир” артист бўлиб, кўпинча “икки оғиз сўзли” ва кичик ролларни ижро этарди, мен эса театр институти талабаси бўлиб, оммавий саҳналарда ва сўзсиз саҳналарда қатнашардим.
Гарчи ичиш деганда ўзини томдан ташлайдиганлардан бўлса-да, бошқа ленфильмчи оғаларидан у жиддий фарқ қиларди. Бироқ у бошқалардан кўра вазминроқ, салобатлироқ ва каттароқ кўринарди, бунинг устига драма театрларидан бирида актёр бўлиб ҳам ишларди, шу тариқа у ичкиликбозлик киночилар “олий табақаси” вакили сифатида ҳам танилганди.
Юра ўз “кўричаги”да Лена деган ювош, дилкаш ва очиқ кўнгил ёш бир хотин билан турарди. Лена дастурхонни қўлидан келганча тўкис қилиб безарди-да, кейин ўзи ҳам кўпинча эрининг узун ва жонсуғурар ичкиликларига шерик бўлар эди.
Ҳаммаёғи тупуриб ташланган зинапоядан Тангри мени қаватли уйга бошлаб кирди ва тахминан иккинчи стакандан кейин Юранинг узун ошиёни жойлашган бурчакка ишора қилди. У ерда қопқоғига эгасининг суврати туширилган қўлбола китоб жавони билан ўлик тилла балиқчали аквариум ўртасида унча катта бўлмаган, устида асбоб-ускуналар қалашиб ётган махсус ва ғаройиб кўринишдаги иш столи бор эди.
— Юра, бу нима?
Юра хижолат тортиб, жунжикди. Афтидан асбоб-ускуналарни йиғишга ва столни беркитишга улгурмаганди, мана, сири фош бўлиб, ўз айбини ўзи очиб ўтирибди.
— Отам заргар эди. Менга ёшлигимда ўргатганди. Ўймакор бўлиб ишлаганман ҳам. Ҳозир эрмак қиламан, театрдагилардан битта-яримтасининг узук-пузугини ё сирғасини тузатиб бераман… лекин сен гуллаб юрма тағин… ўзинг биласан, бунақа ҳунар тақиқланган…
Биринчидан, табиийки, мен буни билмасдим. Иккинчидан, арақ тугаганди. Бўлмаса бизлар озмунча ичмасдик. Қарз оладиган ҳеч ким йўқ, ҳаммадан олиб бўлганмиз.
— Юра, шу ҳам гап эканми? Ахир заргар бўлсанг! Қани, дарров бир нарса ясаб ташла, узукми, мен ёрдам бераман, айлантириб турарман ё ишқалаб ялтиратарман, қани, олға!
— Ҳафсалам йўқ ҳозир… кейин, қаерда ҳам сотардинг буни… кўзим етмайди…
— Ке қўйсанг-чи! Ётиб қолгунча отиб қол, ўртоқ Берия шундоқ деган.
Биз ёнма-ён ўтириб олдик. Биринчи марта қўлимга сеҳрли заргарлик асбобини тутдим, ҳақиқий кумуш симдан бир парча арралаб олдим, жун ғилдиракчада ялтиратиб ишқаладим, бурчакка, “Москва” ресторанига чопдим ва кўп ўтмай икки шиша арақ ва бир тизим сосиска билан қайтиб келдим.
Шундан бери йигирма беш йил ўтибди…

Амир Файзулла таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 10-сон