Ихтилоф даври ўтди. Энди мулоқотга!

Бу ҳодиса кўпдан бери кутилаётганди ва у яқин муддат ичида рўй бериши шарт эди. Негаки, бир ярим миллиардлик Ислом дунёси ўз саволларига жавоб истаётганди. Акс ҳолда, Ғарб ва Ислом дунёси ўртасидаги юзага келган жарлик чуқурлашишда давом этиши аниқ эди. Тарихий вазифани амалга ошириш эса Американинг биринчи қора танли президети Барак Обама зиммасига тушди ва у, кузатувчиларга таъбирига кўра, миссияни муваффақиятли уддалади.

Ироқ, Афғонистон ва Фаластин жумбоғи

Президент Барак Обама Яқин Шарққа сафари чоғида – 4 июнь куни Миср пойтахти Қоҳирада нутқ ирод қилди. Оқ уй соҳиби аксарият сиёсатдонлар томонидан «ҳалол ва ошкора чиқиш» дея баҳоланаётган маърузасида сўнгги йилларда Америка ва ислом дунёси ўртасида юзага келган зиддиятларни очиқ тан олган ҳолда, ихтилофларни бартараф этиш ва якдил бўлиб ҳамкорлик қилишга чақирди.

Обама 2008 йилги сайлов кампанияси давридаёқ ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизликка чек қўйиш учун мусулмон давлатлардан бирида Ислом оламига мурожаат қилиш ва Америкадан қўрқиш эмас, уни яхши кўриш кераклигини тушунтиришга ваъда берганди. Бир ярим миллиардлик мусулмон дунёсига мурожаат қайси давлатда янграйди? Бу масалада турли тахминлар айтилгани рост. Кимдир Барак Обаманинг тарихий маърузаси янграйдиган давлат сифатида Туркияни, кимдир Индонезияни, яна кимдир Саудия Арабистонини тилга олди. Бироқ пировардида Барак Обама Мисрни – мусулмон оламининг қадимий ва шавкатли маркази бўлган гўшани танлади.

Оқ уй раҳбари Қоҳиранинг номдор Ал-Азҳар дорилфунунидаги чиқиши чоғида Ироқ масаласига тўхталаркан, «Бизнинг олдимизда икки вазифа турибди: Ироқнинг ёрқин келажаги учун кўмак бериш ва мамлакатни ўз эгаларига топшириш», дея вазиятга ойдинлик киритди. Шунингдек, Обама Америка Ироқда ҳам, Афғонистонда ҳам доимий ҳарбий база қурмоқчи эмаслигини таъкидлади.

Президент томонидан Фаластин-Исроил ихтилофи масаласида айтилган мулоҳазалар Ислом дунёсида, хусусан, чорак аср давомида таҳлика ичида ҳаёт кечираётган фаластинликлар қалбидаги сўнаётган умид учқунларини оловлантирди. Обама миллионлаб яҳудий Иккинчи жаҳон уруши даврида қирғинга учраганини инкор этиб бўлмаслиги, аммо 60 йил давомида қочоқлар лагерьида ҳаёт кечираётган ватангадо фаластинликлар дардини ҳам тушуниш кераклигини урғулади. Ушбу даъват билан Америка раҳбари ўзаро қирғинбаротга киришиб кетган Фаластин миллий мухториятини якдил бўлиш ва ўз давлатига асос солиш учун дадил ҳаракатга ундагандек бўлди.

Оқ уй етакчиси Исроилнинг Фаластин ерларида манзилгоҳлар қуриш ҳаракатини танқид қилиб ўтди ва бу Вашингтон томонидан ортиқ дастакланмаслигини тушунтирди. Ўз навбатида, у АҚШ ва Исроил муносабатлари аввалгидек қолиши, Фаластин томони зўровонлик йўлидан воз кечиши зарурлигини ҳам эслатиб ўтди.

«Инсоният Ислом тамаддуни олдида қарздор»

Президент Америка ва Ислом муносабатларига алоҳида эътибор қаратди. Обама жорий йилнинг апрелида Туркияга қилган сафари чоғида ҳам Қўшма Штатларни христиан сивилизацияси деб аташ тўғри эмаслигини айтганди. Оқ уй раҳбари Қоҳирада мазкур фикрнинг мантиқий давоми сифатида Ислом аллақачон Американинг ажралмас таркибий қисмига айлангани, ушбу улкан мамлакатда мусулмонлар аллақачон ўз ўринларини топганларини таъкидлади. Америка етакчиси бутун инсоният Ислом тамаддуни олдида қарздор эканини, Европани ҳалокатдан олиб чиққан Уйғониш ва Маърифатпарварлик ҳаракати мусулмон маданиятидан озуқланганини ёдга солди.

«Мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи туфайли алгебра тартиб-қоидалари, магнитли компасс ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўлдик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақида тушунча ҳосил қилдик. Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни ҳаттотлик ва ҳузур-ҳаловат ила таффакур қилиш имконларини берди. Тарих давомида ислом сўз ва амал билан диний бағрикенглик ва ирқий тенглик имкониятларини намойиш этди» деди Оқ уй етакчиси.

Айни пайтда Эрон атом дастури халқаро сиёсатнинг энг нозик масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада ўз муносабатини очиқлаган Америка етакчиси Эрон тинч атом дастурини бемалол амалга ошириши мумкинлиги, аммо бунинг учун расмий Теҳрон ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга қатъий риоя этиши шартлигини баён қилди.

Эрон кўп йиллар давомида Американинг рақиби бўлганини эътироф этган Обама ўтмишга эмас, келажакка қараб иш тутиш зарурлиги, Вашингтон ўзаро ҳурмат асосида муносабатларни қайта кўриб чиқишга тайёрлигини изҳор қилди. Албатта, таҳлилчилар таъкидлаганидек, Вашингтон-Теҳрон муносабатларидаги тугунларнинг бирданига ечилиши – амри маҳол. Аммо Америка раҳбарининг биринчи бўлиб дўстлик қўлини чўзгани ва муносабатларни ўзаро ҳурмат асосида қайта кўриб чиқишга чақиргани – муҳим ўзгариш.

«Салб юриши»дан – очиқ мулоқотга!

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин Ғарб дунёсида Исломга нисбатан нотўғри қарашлар илдиз отди. Қўшма Штатларнинг олдинги маъмурияти томонидан эълон қилинган террорга қарши уруш тактикаси мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига соя солгани, Ироқ ва Афғонистондаги операциялар «янги салб юриши» дея изоҳлангани ҳам бор гап. Ушбу қарашлар охир-оқибат бир-бирига қулоқ осмаслик ва ўзаро нафратга айланиб кетаёзди. Барак Обама ҳам Ғарб ва Ислом дунёси охирги йилларда бир-бирига ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлганини тан олди. Аммо бу фақатгина ғаразли мақсадларни кўзлаган экстремистларга қўл келиши, улар мусулмонларнинг Ғарбга нисбатан салбий кайфиятидан фойдаланиб қолишга уринаётганларидан огоҳлантирди.

«Ишончсизлик ва ихтилофлар даври якунланиши керак, америкаликлар ва мусулмонлар экстремизмнинг барча шаклларига қарши биргаликда курашиши лозим», – деди демократлар вакили.

Мусулмон дунёси вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилаётганидек, Барак Обама маъмурияти дастлабки даврданоқ Ислом динига нисбатан шаклланган нотўғри стереотипларни ўзгартиришга уриняпти. Масалан, жорий йилнинг февральида Американинг бош дипломати Ҳиллари Клинтон Ислом динини терроризм билан ёнма-ён қўйиш буткул қабул қилиб бўлмас ҳолатлигини таъкидлади, Қўшма Штатлар билан Ислом дунё бирлашуви заруратига урғу берди.

Барак Обама Ал-Азҳардаги чиқишида демократия масаласига ҳам эътибор қаратди. Америка буюк давлатчилик даъвосида эмаслигини таъкидлаган президент «Ҳеч қандай ҳукумат тизими бир давлат томонидан бошқа бир давлат учун белгилаб берилмайди ва бундай бўлмаслиги ҳам лозим», дея суверенитет ғоясини ёқлади. У шу билан бирга дунёнинг ҳар бир миллати сўз ва фикр эркинлиги, қонун устуворлиги, амаллари шаффоф бўлган ва халқ бойлигини ўғирламайдиган ҳукуматни орзу қилишини баён қиларкан, ана шу орзулар рўёби йўлида Америка кўмагига ваъда қилди.

Аммо вазиятга реал баҳо бериб йиллар давомида илдиз отган мураккаблик бир кечада, биргина нутқ билан ҳал бўлиб қолмаслигини, бунинг учун мулоқотни давом эттириш, фақатгина рост ва очиқчасига сўзлашиш зарурлигини эътироф этди.

Америка раҳбари эҳромлар юртидаги чиқишида кўпчиликни ўйлантириб келган долзарб саволларга жавоб беришга уринди. Энг муҳими, Вашингтон биринчи бўлиб дўстлик қўлини чўзган ҳолда Ислом оламига юз бурди. Бу эса Ғарб ва Ислом дунёси муносабатларида янги даврга қадам қўйилаётгани муждасини бермоқда.

Барак Обама… Ўзбекистонни ҳам эслаган!

Барак Обаманинг маърузасига изоҳ бериб ўтган Американинг Тошкентдаги элчиси Ричард Норланд: «Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистондаги кўплаб одамлар мазкур нутқда айтиб ўтилган мавзуларга қизиқиш билдиришади» деб айтган.

Юқорида зикр этганимиздек, Оқ раҳбари Обама инсоният тарихида мусулмонларнинг илм-фан, тиббиёт, санъат, риёзиёт ва адабиёт соҳаларидаги улкан рольи ҳақида гапириб ўтди. Америка элчисининг айтишича, ушбу соҳаларнинг энг ёрқин намояндалари Ўзбекистон ва Марказий Осиёдан етишиб чиққанлар: ИХ аср риёзиёт олими Муҳаммад ал-Хоразмий, унинг исмидан «алгебра» ва «алгоритм» истилоҳлари пайдо бўлган; Бухоро яқинида таваллуд топган ва Ғарбда Авиценна номи билан танилган ХИ аср табиби ва файласуфи Абу Али ибн Сино; ХВ асрда Самарқандда яшаган ҳукмдор ва замонавий астрономия ҳамда риёзиёт отаси деб ҳисобланадиган Мирзо Улуғбек; туркий тиллар, жумладан ўзбек тилини мўътабар адабиёт тиллари даражасига кўтарган ХВ аср шоири Алишер Навоий.

АҚШ элчиси Ричард Норланд Ислом дунёсига қарата қилинган мурожаатни тарихий ҳодиса дер экан, Ўзбекистондаги дўстлари ва ҳамкасбларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ва муносабатларини интиқлик билан кутишини айтган.

Америка элчиси эътироф қилганидек, Барак Обаманинг мазкур чиқишига дунё сиёсатдонлари ва дипломатлар аллақачон ўз муносабатларини изҳор этмоқдалар. Хусусан, Америка раҳбари нутқига муносабат билдирган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг янги маъмурияти ташқи сиёсий ёндашувда реализм ва прагматизмга устувор аҳамият қаратаётганини ижобий баҳолаган. Расмий Тошкент Оқ уй раҳбари чиқишини «тинчлик, адолатпарварлик ва тараққиёт йўлида АҚШ билан дунё мусулмонлари ўртасида ҳамкорликнинг янги йўлларини излаш борасидаги интилиш» деб атаган.

Собиржон Ёқубов