Франсуа Бернье. Бобурийлар салтанатининг сўнгги тарихи

Оламни кўриш иштиёқи мени Фаластин ва Мисрга равона бўлишимни тақозо этарди. Бироқ, мен бу билан кифояланиб қололмас эдим. Қизил денгизни у чеккасидан бу чеккасигача ўз кўзим билан кўриб, яқиндан танишиш дилимдаги эзгу ниятга айланганди. Мен бир йилча истиқомат қилганим шаҳри азим Қоҳирадан чиқдим-да, карвон йўли билан нақд 32 соат юриб, Сувайшгача етиб келдим, бу ерда кўп эшкакли кемага ўлтирдим, у мени 17 кун деганда Маккадан ярим кунлик масофада жойлашган Жидда бандаргоҳига элтиб қўйди. Бу ерда ўзим кутмаган ҳолда ҳамда Қизил денгиз дарғасининг ваъдасига зид ўлароқ, агар қул бўлмаса, насронийнинг оёғи тегиши мумкин бўлмаган ушбу муқаддас Муҳаммад сарзаминига қўнишимга тўғри келди. Жиддада мен 34 кун бўлдим, шундан сўнг чоққина кемага ўлтирдим, у мени Арабистон соҳиллари бўйлаб Боб-ал-Мандаб қўлтиғи яқинидаги Мокага элтиб қўйди. Сўнгра Гобеш мамлакати, ёш ҳабашлар салтанатининг пойтахти Гондерга етиб олишим учун у ердан Массова ороли ва Аркикога ўтиб кетмоқчи эдим. Бироқ она-малика иғвоси натижасида у ердаги барча португаллар улар Гоадан олиб келган иезуит-патриарх билан биргаликда қириб ташланганлиги ёки қувиб юборилганлиги боисидан у ер католиклар учун хатарли бўлиб қолганлигидан хабар топдим, ҳатто мамлакатга кириб олмоқчи бўлгани учунгина бир шўрлик капуцин Суакенда бошидан жудо қилинганди. Тўғри, ўзимни юнон ёки армани қиёфасига солиб, мен бундай хатардан сақланиб қолар эдим, борди-ю, шоҳ мени таниб қолгудек бўлса, мен унга бирон-бир нарсада асқотар, агар пулим бўлганида сотиб олган қулларимни ишлатиш учун менга ер ҳам берган бўларди. Бироқ, мени уйланишга мажбур қиларди, яқинда у ерга юнон табиби қиёфасида кириб олган бир руҳонийни худди шундай қилишга мажбур этишганди, кейин эса мен умрбод мамлакатдан чиқиб кетолмас эдим.

Бу ва бундан кейин ҳикоя қилиб беришим мумкин бўлган баъзи мулоҳазалар менга ўз режамни ўзгартиришимга туртки берди. Мен ҳинд кемасига ўтирдим, қўлтиқдан сузиб ўтдим ва йигирма кун деганда Буюк Бобурийлар салтанати — Ҳиндистоннинг Сурат бандаргоҳига етиб келдим. Бу пайтда у ерда Шоҳ Жаҳон ҳукмронлик қиларди. У Жаҳонгир Мирзонинг ўғли, шоҳ Акбарнинг невараси эди. Акбарнинг отаси Ҳумоюн ва ундан олдинги аждодлар шажараси бўйича Шоҳ Жаҳон Амир Темурнинг ўнинчи авлоди ҳисобланади. У фотиҳлик ғалабалари билан зўр шуҳрат қозонди ва ўзининг яқин қардошларидан, мўғуллар шоҳининг ёлғиз қизига уйланди. Ҳиндлар мамлакати Ҳиндистоннинг айни пайтдаги ўзга юртлик ҳукмдорларини шу ном билан аташарди; бироқ турли мансаблар, ҳатто қўшиндаги олий мансабларни ҳар доим ҳам мўғул ирқидаги шахслар эгаллайвермас эдилар, аксар ҳолларда турли мамлакатлардан келган, асосан форслар, гоҳо араблар ва турклар ҳамда бошқа элат вакиллари шу ном билан аталар эди. Айни вақтда эса мўғул бўлиш учун оқ юзли ажнабий ва мусулмон бўлиш кифоя қиларди, қора рангли ҳиндулар, мажусийлар ва Оврўподан келган “фаранги“ насронийларни уларга қўшмас эдилар.

Бу ерга келганимдан сўнг етмиш ёшни уриб қўйган Шоҳ Жаҳоннинг тўртта ўғли ва икки қизи борлигини билдим. Бир неча йил муқаддам у тўрттала ўғлини ҳам тўртта энг йирик вилоят, ёки қиролликка навобзода ( вице-қирол ёки губернатор) қилиб қўйганди. Менинг келишимдан бир йил аввал у қаттиқ бетоб бўлиб қолган, тузалишига умид қолмаган экан. Бу ҳол тахтга даъвогарлик қилувчи тўрттала ака-ука ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келди ва улар ўзаро жангга киришиб кетишди, уруш беш йилча чўзилди. Саккиз йил саройда бўлганим боисидан айрим муҳим воқеаларни ўз кўзим билан кўрдим ва уларни қандай содир бўлган бўлса, шундайлигича тасвирлашга аҳд қилдим. Аввал тақдир, қолаверса, қароқчилар билан тўқнашувлар оқибатида бисотимда арзимаган маблағ қолиши, Суратдан Агра ва Деҳлигача бўлган қирқ олти кунлик йўлдан узлуксиз давом этган саёҳатга кетган харажатлар табиб сифатида бобурийлар хизматига киришимга мажбур этди, бир оз ўтгач эса бошқа бир саргузашт мени Осиёнинг алломаси, “бахши“ ёки отлиқ сарбозлар саркардаси лавозимини эгаллаб турган, саройдаги энг қудратли ва нуфузли собиқ амирлардан бири Донишмандхон хизматига бошлаб келди.

Шоҳ Жаҳоннинг тўрттала ўғлидан тўнғичини Доро дер эдилар, иккинчи ўғлининг исми Султон Шужо бўлиб, “шижоатли султон“ маъносини англатарди, учинчисининг исми Аврангзеб, яъни “тахт безаги“, тўртинчи — кенжасининг исми Муродбахш, яъни “яхши ниятларга етиш“ эди. Икки нафар қизидан тўнғичини Бегим Соҳиб, яъни “бош малика“, кичигини Равшаноро Бегим — “юзидан нур ёғиб турадиган малика“ дер эдилар. Мамлакатда шаҳзода ва маликаларга ана шундай дабдабали исмлар қўйиш урф эди. Масалан, Шоҳ Жаҳоннинг гўзалликда мисли йўқ хотини Аржуманд Бегим Тож Маҳал, яъни “сарой тожи“ деб аталган ва унинг хотирасига тикланган, жаҳоннинг етти мўъжизасидан бири саналган, Мисрнинг тош уюмларидан иборат улкан ва бесўнақай эҳромларидан фарқли ўлароқ, ажойиб санъат намунаси бўлган қасрга ҳам айнан шу ном берилган. Узоқ вақт тахтда ҳукмронлик қилган, кайфу сафодан боши чиқмаган Жаҳонгир Мирзонинг хотини ҳам аввал Нур Маҳал, яъни “сарой нури“, сўнгроқ эса Нур Жаҳон Бегим — “жаҳон нури“ деб аталган. Оврўпода бўлганидек, шаҳзода ва маликаларни хонлик ё мулклар номи билан эмас, юқоридагидек сифатлар билан аталишининг сабаби шунда эдики, давлатнинг барча ери подшога қарар эди. Ҳиндистонда номи зодагонларга бериладиган хонлик ва мулклар бўлмаган. Барча зодагонлар маош билан таъминланганлар, бу маошни улар нақд пул сифатида ёки ерлардан келадиган даромад турида олганлар, подшоҳ эса ўз хоҳишига қараб бу маош ва даромадни белгилаган, оширган, қисқартирган ва зарур пайтларда бекор қилган. Шу боис амирлар ҳам қуйидагидек лақабларга эга бўлганлар: дейлик, бири Роз Андозхон бўлса, бошқаси Софе Чаканхон, яна бири Барқ Андозхон ёки Диёнатхон, Донишмандхон, Фозилхон ва ҳоказо (булар “чақмоқ чақувчи”, “душман сафларини ёрувчи” , “содиқ хон”, “олим хон”, “фазлу карамда тенгсиз” деган маъноларни англатган).

Доронинг яхши фазилатлари кўп эди: у хушмуомала, топқир, бағоят одобли ва ҳаддан ортиқ сахий эди, бироқ шу билан бирга ўзига ортиқ даражада бино қўйган бўлиб, ўзини ҳамма ишда устаси фаранг деб биларди, бирон-бир кишининг маслаҳатига муҳтож бўларман деган нарсани хаёлига келтирмасди. Унга маслаҳат бермоқчи бўлганларнинг ортидан роса мағзава ағдарарди, шунинг учун ҳам унга энг содиқ ҳисобланган кишилар ҳам унинг оғайнилари иғвоси ҳақида Доро ҳузурида оғиз очишга журъат эта олмасдилар . Бундан ташқари, у жудаям қизиққон эди, ҳаттоки энг юқори мартабали амирлар ёки хонларни ҳам аяб ўтирмасди — уларга дўқ урар, ҳақорат қилар ва қаттиқ хафа қилиб қўярди, бироқ қанчалик тез ғазабга минса, ёнган похолдек шунчалик тез шаштидан қайтар эди. Гарчанд у комил мусулмон бўлиб, диний расм-русмларни мукаммал адо этса-да, шунга қарамай шахсий ҳаётида мажусийлар билан мажусийдек, насронийлар билан насронийдек муомала қилар эди. Унинг ҳузурида мудом пандитлар, яъни ҳинд уламолари ёки мажусий олимларни кўриш мумкин эди; у уларга хийла катта миқдорда нафақа тўларди, улар эса, айтишларича, мамлакат динига зид келувчи ўз ғояларини унинг миясига сингдиришга ҳаракат қилар эдилар; бу ҳақда мен ҳиндлар ёки мажусийлар дини тўғрисида сўз кетганда гапириб ўтарман. Яқин вақтлардан буён у католик роҳиблар пешвоси бўлмиш ота Бюзенинг суҳбатларини мароқ билан тингламоқда экан, католик пешвонинг нутқи унга жуда ёқиб қолганмиш. Бироқ, айрим кишиларнинг гапига қараганда, у мутлақо динга ишонмас эмиш ва унинг бу борадаги барча хатти-ҳаракатлари шунчаки эрмак ва ўйиндан иборат эмиш, яна баъзиларнинг айтишича, унинг қўшинида кўпчиликни ташкил қилувчи насронийларни ўзи томон оғдириб олиш ва хусусан, салтанатга ўлпон тўловчи мажусий ҳукмдорлар, яъни рожаларнинг меҳрини қозониб, зарур ҳолларда уларни ўз тарафдори сифатида сақлаб қолиш учун атайлаб қилинган йўл, сиёсат эмиш. Нима бўлганда ҳам бу унинг ишида унчалик қўл келмади, аксинча, кейинчалик биз шу нарсанинг гувоҳи бўлдикки, Аврангзеб уни кофирликда айблаб, шўрлик шаҳзоданинг бошини танасидан жудо қилди.

Султон Шужо ҳам феъл-атворда деярли Дородан фарқ қилмасди, лекин у хийла пишиқ ва маҳкам эди, нозик дамларда ўзини яхши тутар, сир бой бермасди, фитна уюштирганда ишни хамирдан қил суғургандек бажарарди, совға-саломлар воситасида у дўстларни зимдан ўзи томон оғдириб олишга уста эди. Хусусан, Жессомсенг ва бошқа шу каби мартабали рожа ва амирларга нисбатан шундай йўл тутганди. Бироқ у айш-ишратга қаттиқ ружу қўйганди, унинг сон-саноқсиз хотинлари бор эди, уларнинг муҳитига тушиб олиб, тун ва кунларини ичкиликбозлик, қўшиқбозлик ва ўйинбозликда ўтказарди; у хотинларига қимматбаҳо кийим-кечаклар олиб берар, уларнинг нафақаларини ўз ихтиёри билан оширар ва қисқартирар эди. Уни бу муҳитдан ситиб олиб чиқишга уринганларга асло шафқат қилмасди. Бунинг оқибатида унинг кўплаб ишлари ҳал этилмай, узоқ вақтларгача галга солиниб келар, одамларнинг ундан кўнгли қолиб, юзкўрмас бўлиб кетар эдилар.

Гарчанд Шоҳ Жаҳон ва унинг барча оға-инилари турклар динига мансуб бўлсалар-да, Султон Шужо форслар динига ўтган эди. Ислом бир қанча мазҳабларга бўлинади; машҳур “Гулистон“нинг муаллифи Шайх Саъдий ҳам ўзининг бир қитъасида бу ҳақда эслатиб ўтган: “Мен — дарвишман ва майпарастман, менинг тайинли бир диним йўқ деса бўлади, мени барча етмиш икки мазҳаб билади.” Лекин булар ичида иккитаси асосийси ҳисобланарди; уларнинг тарафдорлари бир-бирига қон душман саналади. Биринчиси — турклар мазҳаби бўлиб, форслар уларни Усмонли деб аташади ва улар халифа Усмон тарафдорларидир, чунки турклар уни Муҳаммад (с. а. в.)нинг ҳақиқий ва қонуний вориси, буюк халифа ёки Қуръони Каримни тафсирлаш ҳамда фиқҳ илмида учрайдиган қийин масалаларни ҳал этиш ҳуқуқига эга бўлган ягона авлиё деб биладилар. Иккинчиси — форслар мазҳаби бўлиб, турклар уларни “шиалар”, “рофеийлар”, “алимардонийлар” (ихтилофчилар, бидъатчилар, Али маслакдошлари) деб атайдилар, зеро турклардан фарқли ўлароқ, улар мен ҳозиргина эслатиб ўтганим ушбу ворислик ва ягона авлиё ҳокимлигини бутунлай Муҳаммад (с. а. в.)нинг куёвлари Алига мансуб берадилар. Давлат манфаати нуқтаи назаридан Султон Шужо айнан шу мазҳабга ўтган эди, чунки барча форслар — шиалар пайт топилди дегунча, унинг тарафига ўтишига умид боғлаган эди, зеро шиа тарафдорларининг ўзлари ёки уларнинг фарзандлари Бобурийлар саройида энг қудратли кишилар ҳисобланар ва давлатдаги энг муҳим лавозимларни эгаллаб олган эдилар.

Аврангзеб Доро каби ўткир зеҳн эгаси, ажойиб сухандонлик қобилияти соҳиби сифатида ажралиб турмаса-да, ундан кўра мушоҳадалироқ эди, одамларни яхши биларди, кимдан қандай иш чиқишини тўғри баҳоларди, кимга ва қачон саховат кўрсатиш бобида синчков эди. У ўзига етганча қув, айёр ва шу қадар сурбет эдики, узоқ вақтгача ўзини таркидунё қилган дарвиш қиёфасига солиб юрди. У ўзини тахту тож билан сира иши йўқдай, бирдан-бир орзуси — тинч ҳаётдан, тоат-ибодатда бўлишдан ва савоб ишлар қилишдан иборатдай қилиб кўрсатарди. Айниқса, Дакан вилоятининг навоби этиб тайинлангандан кейин у саройда ўзгалар устидан фитналар уюштиришга енг шимариб киришиб кетди. Лекин у бу ишларни ғоят ҳушёрлик билан, деярли ҳеч кимга билдирмай бажарар эди. У отаси Шоҳ Жаҳон билан дўстона муносабат ўрнатишга муваффақ бўлганди. Тўғри, Шоҳ Жаҳон Дорони қаттиқ ҳурмат қилса-да, тахт бошқаришга қобилиятли деб ҳисоблаган ҳолда Аврангзебга нисбатан хайрхоҳлигини ҳам яширмасди. Отасининг Аврангзебга хайрхоҳлиги Доро қалбида кучли рашк оловини ёндирар ва у дўстлари ҳузурида ўқтин-ўқтин шундай сўзларни айтиб юборишдан ўзини тиёлмай қоларди: “Барча ака-укаларим ичида мен битта мана шу намозчидан қўрқаман“.

Ака-укаларнинг кенжаси бўлмиш Мурод Бахш у қадар эпчил ва у қадар мушоҳадакор эмас эди. Унинг ўйлагани нуқул кайф-сафо, майхўрлик, шикор ва камондозлик эди. Шундай бўлса-да, унинг ҳам ўзига яраша фазилатлари йўқ эмасди. У жудаям сипо ва қўли очиқ йигит эди. У сир яширишни гуноҳ деб билар, саройдаги фисқу фасодлардан нафрат қилар ва мен фақат билагим кучи ва шамширим тиғига ишонаман деб очиқ-ойдин мақтаниб гапирарди. Дарҳақиқат, у ғоят жасур эди, агар бу жасурлик кучли ирода билан омухта бўлиб кетганида эди, у барча акаларидан устун келиб, бутун Ҳиндистонга ҳукмдор бўлар эди.

Қизларига келсак, Бегим Соҳиб ғоят гўзал ва ақлли эди, отаси уни жонидан яхши кўрарди. Ҳатто шундай миш-мишлар юрардики, азбаройи қизини яхши кўрганидан ота телба бўлиш даражасига етганмиш. Ҳатто отанинг ўзи ҳам иқрор бўлиб, муллалар ҳукмига кўра, ўзи эккан дарахтнинг мевасини ейишга муяссар бўлган ягона падар мен бўламан, деркан. Қизига ишонгани шунчаликки, дастурхонга тортиладиган таомдан татиб, уни назорат қилишни унга топширганди. Қиз энг муҳим ишларда ҳам отасини ўзи учун манфаатли бўлган томонга оғдиришга муваффақ бўлар эди. Бегим Соҳиб ғоят бой эди, ишларни битиришдан ташвиш-тадориклар учун унга ҳар томондан совға-саломлар ёмғирдай ёғар эди, азбаройи қўли очиқлигидан қиз ҳам сахийлик билан бойликларини харажат қилар эди. У Дорога қаттиқ меҳр қўйган эди, доим унинг тарафини олар ва ҳар гапда уни ошкора қўллаб-қувватлар эди. Бу эса Доронинг муваффақият қозонишига ва унинг отаси билан дўстона муносабатини барқарор сақлашга имкон туғдирар эди, зеро зарур пайтларда Бегим Соҳиб шу акасини қўллаб-қувватлар ва ҳар бир нарсадан уни огоҳ этиб турарди. Лекин бунга сабаб улар иккаласининг оилада тўнғич фарзандлар бўлгани ҳам эмасди, бунга сабаб шу эдики, Доро синглисига, агар шоҳ бўлсам, сени ўзим бош бўлиб турмушга чиқараман, деб ваъда қиларди. Чунки Ҳиндистонда деярли ҳеч қачон бундай қилмайдилар, зеро маликанинг эри албатта муқаррар қудратга эга бўлади ва унинг ҳар бир ҳаракати тожни эгаллашга бўлган интилиш деб гумон қилинаверади. Бундан ташқари, шоҳлар ўз қонларини шунақа юқори қадрлайдиларки, қизларига муносиб жуфтни топишга ҳар доим ҳам муваффақ бўлавермайдилар.

Бегим Соҳибнинг ҳарамда сақланиши ва бошқалар билан теппа-тенг қўриқланишига қарамай, бу маликанинг ишқий найранглари ҳақида икки оғиз гапириб ўтишни ўзим учун жоиз деб ҳисоблайман. Роман ёзадиган биронта ёзувчи учун мавзу тайёрлаётибди деган таънадан асло чўчимайман. Бу бизлардаги олифтанамо ва кулгили саргузаштларга ўхшаш ишқий найрангларга асло ўхшамайди. Булар ортидан ҳар доим даҳшатли ва мудҳиш ҳодисотлар содир бўлади.

Айтишларича, малика мансаби юқори бўлмаган, аммо хушрўй ва хушқомат бир йигитни ҳарамга олиб киришга муваффақ бўлган. Бирталай ҳасадгўй ва рашкчи хотинлар орасида у бу ишни сир сақлай олмаган. Бу гап тезда Шоҳ Жаҳоннинг ҳам қулоғига бориб етган ва қизини кўргани келиш баҳонаси билан ошиқ-маъшуқларни тўсатдан тутиб олишга аҳд қилган. Шоҳ Жаҳоннинг қўққисдан пайдо бўлишини кутмаган малика шўрлик йигитни каттакон қозонга солиб яширишга улгурган, холос, бироқ бу ишни у отаси сезиб қолмайдиган даражада уддабуронлик билан бажаролмаган. Шоҳ Жаҳон шовқин солиб, дўқ-пўписа қилмаган, балки, одатдагидек узоқ гап сотиб ўтираверган, охирида эса қизига, жуда кирланиб кетибсан, яхшилаб чўмилиб олмасанг бўлмайди, деган. Тезда ўчоққа ўт ёқиб, сув иситишни амр қилган. Ҳарам оғаси шўрлик йигит тамом бўлгани ҳақида ишора қилгандан кейингина хонадан чиқиб кетган.

Бирмунча муддатдан сўнг қиз бошқа бир найранг кўрсатган. Назирхон исмли бир форс йигитни ўзига кори замон, яъни биздаги иш юритувчига ўхшаш мансабга тайинлаган. Бу ёшгина амир сарой аъёнлари ичида ҳам ўн гулидан бир гули очилмаган бағоят сипо ва хушрўй йигитлардан бўлган. Уни ҳамма бирдай яхши кўрар экан. Ҳатто Аврангзебнинг тоғаси Шоҳ Ҳаётхон уни маликага уйланишни таклиф ҳам қилган экан. Бироқ Шоҳ Жаҳон бу таклифга асло рўйхуш билдирмаган. Шу билан боғлиқ айрим сирли найранглардан воқиф бўлгач эса, у Назирхондан халос бўлишга қарор қилган ва буни зудлик билан ижро этишни буюрган. У, гўёки ҳурмат юзасидан йигитга пон манзират қилган, мамлакатдаги одатга кўра, пон тезда чайналиши лозим эди. Пон — бу орасига денгиз чиғаноғи кукунлари сепилган хушбўй япроқ бўлиб, чайнаганда оғизни қип-қизил қилиб ташлар ва ёқимли ҳид таратар эди. Ёш аъён поннинг заҳарлаб қўйилганини хаёлига ҳам келтирмаган; у маҳфилдан мамнун ва хуррам бир ҳолда чиққан ва ўз тахтиравонига ўлтирган, бироқ заҳар шунчалик кучли бўлганки, уйга унинг жонсиз жасадигина етиб келган1 .

Равшаноро Бегим Соҳибдан гўзал ҳам, ақлли ҳам ҳисобланмас эди, лекин у жудаям қувноқ ва дали-ғули эди, ишратга эса Бегим Соҳибдан кам кўнгил қўймаганди. У Аврангзебга ҳаддан ташқари содиқ бўлганидан Бегим Соҳиб ва Доронинг душманига айланганди. Шу сабабдан ҳам унинг маблағи унчалик кўп эмасди, ишларда у қадар кўп иштирок этмасди, бироқ ҳарамда истиқомат қилар экан, ўзига яраша фаҳму фаросатга эга бўлганидан айғоқчилари орқали кўплаб муҳим сирлардан воқиф бўлиб турар ва бу ҳақда Аврангзебга зимдан хабар етказар эди. Фитна-фасодлар бошланишидан бир неча йил муқаддам қаршимда балоғат ёшига етган, уйланган, тахтга даъвогарлик қилиб турган, бир-бирига қарши тиш қайраб, зимдан адоватда бўлган тўрт бирдай шаҳзодани кўриб, Шоҳ Жаҳон улар билан нима қилишини билмай қолди, охирида нима бўлишини олдиндан сезганди, ўз ҳаёти кўзига омонатдай кўриниб кетди. Уларни Гвалиорда ҳибсда сақлаш осон иш эмасди (бу ердаги қалъага кириб бориш ғоят қийин бўлиб, унга одатда шаҳзодаларни қамайдилар, сабаби, қалъа тик қояли тоғ устида жойлашган, горнизон сақлаш учун унда озиқ-овқат ва сув етарли эди). Шаҳзодалар анча қудратли бўлиб олишганди, ҳар бирининг ўз ҳовли-жойи бор эди, шунинг учун уларни ўзидан четлаштириш, ўзлари келиб чиққан бирон-бир вилоятни бошқаришга имкон бермаслик ҳам одоб юзасидан ҳисобланмасди. Шу билан бирга у шаҳзодаларнинг қалъа ичида мустаҳкам ўрнашиб олиб, мустақил подшочалар сифатида найранглар кўрсатишларидан ҳайиқар эди, аммо барибир охири шундай бўлди ҳам. Лекин саройда доимий қолиб кетишса, оталарининг кўз ўнгида бир-бирларини сўйиб ташлашдан ҳам тоймасликларини ўйлаб, уларни четлаштиришга аҳд қилди. Шоҳ Жаҳон Султон Шужони Бангол қироллигига, Аврангзебни Даканга, Мурод Бахшни Гужаротга жўнатди, Дорога эса Кобул билан Мўлтонни берди. Дастлабки учала шаҳзода ўз вилоятларига мамнун ҳолда жўнаб кетди, у ерда ўзларини чинакам шоҳлардай тута бошлашди, ўлканинг барча даромадларини ўз фойдаларига олиб қола бошлашди ҳамда фуқаро ва қўшинларни тутиб туриш баҳонаси билан кўплаб қўшинга эга бўлиб олишди. Дорога келсак, ўғиллар ичида тўнғичи бўлганлиги ва тахтга биринчи даъвогар ҳисобланганлиги учун у саройдан узоқлашмади ва афтидан, бу Шоҳ Жаҳоннинг ниятларига мос келар эди. Ўлганимдан кейин ворисим шу бўлади, деб у Дорога катта умид билан қарамоқда эди. Шоҳ Жаҳон ҳатто унинг номидан буйруқлар чиқаришига рухсат ҳам берганди ва ўзиникидан хийла қуйироқ турадиган бир тахтга эга ҳам қилиб қўйганди, шунинг учун саройда иккита подшоҳ ўтиргандек туюларди. Бироқ икки ҳукмдорнинг муроса билан яшаши ғоят мушкул эди, шу боис гарчи Доро унга ҳар доим чуқур иззат-икром кўрсатса-да, Шоҳ Жаҳон унга жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўларди. Хусусан, у заҳарлаб қўйишларидан қўрқарди, Аврангзебнинг феълини билганлиги ва унинг давлатни бошқаришда анча қобилиятлилигини ҳисобга олганлиги учун, у, айтишларича, Аврангзеб билан бевосита муносабатда бўлар экан. Тўрт шаҳзода ва уларнинг оталари Шоҳ Жаҳон ҳақида айтмоқчи бўлган гапларим мана шулар эди, бундан кейинги воқеалар моҳиятини англаш учун бу гапларни айтиб ўтишим зарур эди.

* * *

Иккала малика ҳақида гапирмасдан ўтиш имконини тополмадим, чунки улар фожиада иштирок этувчи энг муҳим шахслар сирасидан эди. Кустантания ва бошқа кўплаб жойларда бўлгани каби Ҳиндистонда хотин-қизлар йирик воқеа-ҳодисаларда аксар бош ролни ўйнайдилар, ҳолбуки, кўпинча бунга эътибор қилмайдилар ва мазкур воқеа-ҳодисалар сабабини бошқа жойлардан қидириш устида бош қотирадилар. Бу барча воқеаларга аниқлик киритиш учун гапни узоқдан бошлаш ва низоларгача Голконда ҳукмдори Аврангзеб билан вазири Амир Жумла ўртасида бирмунча муддат нималар бўлганини ҳикоя қилиш керак бўлади. Бутун ҳикоя қаҳрамони ва Ҳиндистон подшоҳи бўладиган Аврангзебнинг феъл-хўйи ва заковати мана шунданоқ яққол кўрингусидир. Аврангзебнинг шоҳ бўлиши учун Амир Жумла қандай асос яратганини кўриб чиқайлик.

Биринчи зарба

Аврангзеб Даканда бўлган вақтида Гўлкўнда ҳукмдорининг вазири ва унинг қўшини қўмондони, ҳозиргина айтганимдек, бутун Ҳиндистонда машҳур форс Амир Жумла эди. У олий насабли бўлмаса-да, катта иш тажрибасига, ажойиб заковатга ва қобилиятга эга буюк саркарда эди, у на фақат ушбу бой ҳокимликдан улкан бойлик тўплаганди, балки кемалардаги савдо-сотиқлардан келувчи даромадлардан ҳам хазинасини тўлдириб юборганди. Кемаларни ҳар томонга тижорат учун тарқатиб юборарди, унинг ижарага қўйган одамлари жонини жабборга бериб ишларди ва шунинг натижаси ўлароқ, беҳисоб олмос хазинаси жамғарганди, унинг олмослари қоп-қоп бўлиб, ҳамманинг оғзига тушганди. Унинг ғоят қудратли ва бообрў бўлиб кетишига яна бир сабаб: лашкардан ташқари, у ажойиб шахсий қўшинга ҳам эга эди, кўп сонли “фарангийлар”, яъни қўмондонлари насроний бўлган замбаракли бўлуклари бор эди.

Хуллас, айниқса Карнатак салтанатига бостириб киргандан ва у ердан қадимги мажусийлик эҳромларини талагандан кейин у бирданига бойиб, кучайиб кетди. Бу Гўлкўнда султонининг юрагида ҳасад ўтини гуриллатиб юборди ва зимдан унга қарши тиш қайрай бошлади. Хусусан, Амир Жумланинг ҳали ҳам кўҳлилигини йўқотмаган маҳди улё — бош малика билан дон олишиб юриши ҳақидаги миш-мишлар султоннинг қаттиқ ғазабини келтирмоқда эди. Бироқ султон дилидаги ниятини ҳеч кимга билдирмади, қўшини билан Карнатакда турган амирнинг қайтишини сабр билан кута бошлади.

Бироқ малика ва амир ўртасида бўлиб ўтган алоҳида ҳангомалар тафсилотини сўзлаб беришганида у ўзини тутиб туролмади, очиқчасига сўкишга, дўқ уришга ва ғазабини сочишга киришди. Бундан тезда амирни огоҳ этишди, чунки саройда унинг хотинининг кўплаб қариндош-уруғлари бор эди ва бу қариндош-уруғларию дўстлари юқори мансабларни эгаллаб олган эдилар; султоннинг онаси ҳам кўп ўтмай бундан воқиф бўлди. Шу боис амир ўша вақтда султон ҳузурида бўлган ёлғиз ўғли Маҳамат Аширхонга мактуб йўллади ва шикорми ё бошқа биронта баҳона биланми — қандай қилиб бўлмасин саройни тарк этишни ва ҳузурига келишни буюрди. Маҳамат Амирхон буйруқни бажаришга бир неча бор уриниб кўрди, бироқ, султон унинг устидан шундай назорат ўрнатган эдики, биронта ҳам уриниши наф бермади. Бу амирни қийин аҳволга солиб қўйди ва ўта қатъий чора қўллашга ундади. Бунинг оқибатида султон тожи билан бирга ҳаётидан ҳам маҳрум бўлиш хавфи остида қолганди. Дарҳақиқат, ўзини тута билмаган шоҳ ҳукмдорлик ҳам қила олмайди.

Амир Жумла ўша вақтда Гўлкўндадан ўн беш-ўн олти кунлик масофадаги Давлатободда турган Аврангзебга мактуб йўллади ва “менинг эл юз-кўзида кўрсатган улкан хизматларимга қарамай, Гўлкўнда султони мен ва менинг хонадонимни йўқ қилишга бел боғлади”, дея огоҳ этди. “Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай адолатсизлик мени қанотингиз остига олишингизни илтимос қилиб мурожаат этишга мажбур этаётир. Агар маслаҳатларимга қулоқ солишни истасангиз ва менга ишонсангиз, султонни ҳам, салтанатни ҳам оёғингиз тагига келтириб ташлайман”. “Бунинг учун Сиз, — деб ёзган эди у мактубда, — ўзингиз билан сара қўшинларингиз ичидан тўрт-беш минг суворийни олишингиз ва катта довонлар оша Гўлкўнда томон ҳаракат қилишингиз тақозо этилади. Йўл бўйи муҳим иш юзасидан султонни Боғнагарда тутишга шошилаётган Шоҳ Жаҳоннинг элчиси келаяпти, деган овозани тарқатасиз. Султонни огоҳ этиш учун Сиз мурожаат қиладиган дастлабки дабир (сарой аъёни) менинг иттифоқдошим, гумаштам, менга жонини фидо қилган содиқ одам; фақат тезроқ ҳаракат қилиш чорасини кўринг, мен ишни шундай ташкил этаманки, Боғнагар дарвозасига етиб келганингизда Сизни ҳеч ким танимайди. Одатга кўра султон мактубни олиш учун чиқиб келганда Сиз уни, сўнгра бутун хонадонини ҳам осонлик ила қўлга олишингиз ва улар билан ўзингиз хоҳлагандек муомала қилишингиз мумкин; бунинг осон томони шундаки, у одатда истиқомат қиладиган Боғнагардаги уй на қалъа девори, на ҳандақлар, на истеҳкомлар билан муҳофаза қилинган”. Яна шуни қўшимча қилдики, бу тадбирни у ўз ҳисобидан амалга оширади ва юриш чоғида шаҳзодага кунига эллик минг рупия таклиф этади.

Бундай қулай фурсатни пойлаб ўтирган Аврангзеб темирни қизиғида босишга қарор қилади. У дарҳол йўлга отланади ва тадбирни шу қадар муваффақият билан амалга оширадики, Боғнагарга Шоҳ Жаҳоннинг элчиси сифатида ҳеч кимга билдирмай етиб келади. Бу сохта элчининг етиб келганлиги ҳақида огоҳ этилган Гўлкўнда султони меҳмонни одатга кўра, иззат-икром ила қарши олгани боққа чиқади ва бахтга қарши ғанимининг қўлига тушади-қўяди. Олдиндан кўзда тутилганидек, ўн-ўн икки ғулом гуржи уни ҳибсга олишга тутинганида унинг аҳволига ачинган бир амир чидаб туролмайди ва Жумланинг тарафдори ва арзандаси бўлишига қарамай, хитоб қилади: “Аъло ҳазрат, кўрмаяпсизми, ахир бу Аврангзеб-ку! Кетинг бу ердан, сизни қўлга олишади!” Қаттиқ қўрқиб кетган султон шартта изига қайтади-да, тўғри келган бир отга ирғиб минади ва бу ердан икки чақиримча нарида жойлашган Гўлкўнда қалъаси томон елдай учиб кетади. Режаси барбод бўлганини кўрган Аврангзеб амирнинг ўз қўшини билан унга ҳамла қилмаслигини билиб, саросимага тушмади, у зудлик билан султон уйини эгаллаб олди, у ердаги барча қимматбаҳо ва чиройли нарсаларни ўмарди, бироқ султоннинг барча хотинларини эгасига қайтариб юборди (бунга бутун Ҳиндистонда қатъий риоя қилинади), кейин эса қалъани қамал қилишга киришди. Аммо зарур қурол-аслаҳалар олиб келинмаганлиги боисидан қамал икки ойдан кўпроқ вақтга чўзилиб кетди, охирида Аврангзеб Шоҳ Жаҳондан қамални тўхтатиш ва Даканга қайтиши ҳақида буйруқ олди. Шундай қилиб, гарчи озиқ-овқат ва қурол-яроғлар йўқлигидан қалъа аянчли аҳволда қолган бўлса-да, у ўз тадбиридан воз кечишга мажбур бўлди. Аврангзебнинг ҳаддан ташқари қудратли бўлиб кетишидан хавотирланиб, Доро ва Бегим Соҳиб Шоҳ Жаҳон унга шундай буйруқ беришга ундашини шаҳзода яхши билар эди. Бироқ у заррача афсусланмади ва Шоҳ Жаҳоннинг буйруқларини бажариш вожиб, деди холос.

Дарвоқе, ўз йўл харажатлари эвазига мўмайгина маблағни ими-жимида қўлга киритганча у кетди; у ҳатто ўғли Султон Маҳмудни султоннинг катта қизига уйлантириб ҳам қўйди, султон эса уни ўзига валиаҳд қилишга ваъда берди, хамир учидан патир сифатида Ромгир қалъаси ва теварак-атрофидаги ерларни инъом қилди. Бундан ташқари у бундан кейин салтанатда зарб қилинадиган барча кумуш тангаларнинг бир томонида Шоҳ Жаҳон муҳри туширилиши учун султоннинг розилигини олишга ва Амир Жумланинг ўз хонадони ва мол-мулки, қўшини ва замбараклари билан кетиши учун рухсатни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Бу икки буюк инсон қисқа вақт ичида биргаликда катта ишларни амалга оширишди: йўл-йўлакай улар Бижапурнинг энг кучли ва муҳим қалъаларидан бири Бидарни қамал қилдилар ва қўлга киритдилар. У ердан улар Давлатободга йўл олишди. Давлатободда улар шу қадар қил ўтмас дўстга айланишдики, Аврангзеб ҳам, амир ҳам бир кунда икки бор кўришмаса туролмайдиган бўлиб қолишди. Уларнинг иттифоқи ишни олға силжитиб юборди ва Аврангзеб ҳукмронлиги учун пойдевор яратди.

Бу аъён шундай устамонлик билан иш тутдики, уни Шоҳ Жаҳон ҳузурига бир неча бор чақиришди, ниҳоят у ғоят қимматбаҳо ва улуғ совғалар билан Аграга йўл олди ва унга ўз хизматларини таклиф этди, шоҳни Гўлкўнда султони, Бижапур султони ва португаллар билан жанг бошлашга ундади. Бошламаси учун дунёда тенги йўқ катта олмос — Кўҳи Нурни инъом этди. Бу билан у Гўлкўнда тошлари Қандаҳор қояларидан кўра қимматлироқ эканига шама қилди (ўша вақтларда Шоҳ Жаҳон бу шаҳарга қарши юриш қилишни дилига тугиб қўйганди) Ҳиндистонни Коморин бурнигача забт этиш учун айнан Гўлкўнда томонга қараб ҳарбий ҳаракатлар бошлаш лозим эди.

Амирнинг олмоси Шоҳ Жаҳоннинг кўзини қамаштирдими, йўқми, ёки баъзиларнинг ҳақиқатга яқин эътироф этишларича, Дорони жиловлаб туриш учун қўшинини ҳарбий юриш ҳолатига ўтказишни маъқул топдими, буни айтиш қийин: Доро ҳақиқатан ҳам ҳокимиятни кўпроқ қўлга олган эди, у ҳатто Шоҳ Жаҳон қаттиқ севадиган, Ҳиндистон тарихидаги энг буюк давлат одами деб атайдиган вазир Саъдуллахонни ҳеч бир ҳадик-падиксиз ҳақорат қилишга ҳам журъат этганди. Сўнгги вақтларда Доро ҳатто уни заҳарлашга ҳам фармон берганди, бунга сабаб, вазир унинг тарафини олмаганди, балки Султон Шужо томонга оғиб кетганди. Ёки яна шунинг учун бўлса керакки, Саъдуллахон унга ҳаддан ташқари қудратли ва Шоҳ Жаҳон ўлимидан кейин тож тақдирини ҳал этиш қобилиятига эгадек кўриниб кетганди. Яна бир — сўнгги сабаб шу бўлиши мумкин эдики, на ўзи форс, на форс фуқароси, балки таги-зоти ҳинд бўлган Саъдуллахон тўғрисида ҳасадгўйлар турли-туман миш-мишлар тарқатган эдилар, эмишки, унинг турли жойларда кўплаб патҳан ҳарбий дасталари бормиш, уларга яхши маош тўланармиш, жангга ҳар лаҳзада тайёр турармиш, чунки унинг ўзи подшоҳ бўлмоқчи ёки тахтга ўз ўғлини ўтқазмоқчи эмиш, хуллас, охир-оқибатда мўғулларни қувиб юбориб, хотинининг аждоди бўлган патҳан халқига тахтни қайтариб олиб бермоқчи эмиш. Шундайми, йўқми, ҳарҳолда Шоҳ Жаҳон Амир Жумла бошчилигида қўшинини Даканга юборишга қарор қилди.

Кўрилаётган тадбирнинг муҳимлигини ҳисобга олган ва бу мамлакатга қўшин юбориш Аврангзебнинг мавқеини мустаҳкамлашни англатишини тушунган Доро бу қарорга қаттиқ қаршилик кўрсатди ва юришнинг бошланишига халақит бериш учун бор кучини сарфлади. Бироқ Шоҳ Жаҳоннинг қарорида маҳкамлигини кўргач, истаса-истамаса рози бўлишдан ўзга чора тополмади. Фақат бир шарт билангина шундай қилинди, яъни Аврангзеб Давлатободда фақат мамлакат ҳукмдори сифатида қолади ва ҳарбий ишлар ва қўмондонлик қилиш билан шуғулланмайди, амир бош қўмондон сифатида мутлақо мустақил иш тутади ва содиқликка гаров сифатида бутун оила аҳлини саройда қолдиради. Амир бу сўнгги шартга зўрға рози бўлди, бироқ Шоҳ Жаҳон ундан Доронинг гапига кўнишни сўрагани ва кўп ўтмай унга хотини ва бола-чақаларини орқасидан жўнатиб юборишга ваъда бергани учун у, ниҳоят, хўп деди ва ажойиб қўшин билан бетўхтов қайдасан Деҳли дея Аврангзеб сари йўл олди, Бижапур сарзаминига кириб борди ва кучли Камиани қалъасини қамал қилди.

Шоҳ Жаҳон қаттиқ бетоб бўлиб қолганида Ҳиндистондаги вазият тахминан ана шундай эди. Бу ўринда унинг бетоблиги ҳақида гапириб ўтирмайман, касаллик хусусиятига ҳам дахл қилмайман, фақат шуни айтмоқчиманки, бу касаллик етмишдан ошган чол учун у қадар муносиб эмасди, чунки бу ёшдаги одам кучини сарфлаш эмас, балки кўпроқ уни сақлаб қолиш ҳақида ўйлаши керак.

Бу касаллик бутун Ҳиндистонда ташвиш ва ҳаяжонга сабаб бўлди. Доро давлатининг ҳар иккала пойтахти — Деҳли ва Аграда қудратли қўшин тўплади, Банголда Султон Шужо, Даканда Аврангзеб ва Гужаратда Мурод Бахш ҳам шундай қилдилар. Барча тўрт ака-ука атрофларига ўз иттифоқдошларини тўплади, тўртталови тўрт томондан туриб мактублар ёзар, ваъдалар қилар ва иғволар тарқатар эдилар. Бундай мактублардан талайини қўлга туширган Доро хатларни Шоҳ Жаҳонга кўрсатди ва теварагида катта тўполон кўтарди; ҳукмдорни қолган ака-укаларига қарши гижгижлатиш учун синглиси Бегим Соҳиб фурсатдан фойдаланиб қолди, бироқ Шоҳ Жаҳон Дорога ишонмади, уни заҳарлаб қўйишидан қўрқиб, дастурхонга тортиладиган таомларни ўта диққат билан кузатиб боришни буюрди. Ҳатто, айтишларича, бу ҳақда Аврангзебга мактуб ҳам йўллаган эмиш. Бундан хабар топган Доронинг фиғони фалакка чиқиб, ғазабидан ўт бўлиб ёнди. Бу орада Шоҳ Жаҳоннинг бетоблиги чўзилиб кетмоқда эди ва унинг ўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Саройда бирдан тартибсизлик бошланиб кетди, дўконлар бир неча кунгача ёпиб қўйилди ва тўрттала шаҳзода ҳар бири ўз томонидан очиқ-ошкора тайёргарлик кўра бошлади. Нафсиламрини айтганда, уларнинг урушга тайёргарлик кўриши бежиз эмасди: уларнинг барчаси раҳм-шафқат кутиб ўтирадиган палла эмаслигини, ё ҳаёт, ё мамот учун шай бўлиш кераклигини, ё шоҳ бўлиш ёки ўлиб кетиш лозимлигини жуда яхши биларди; улар шу нарсани ҳам билар эдики, енгиб чиққан бошқа барча ака-укаларидан воз кечади, ўз вақтида уларнинг оталари Шоҳ Жаҳон ҳам ўз ака-укаларига нисбатан шундай қилганди.

Султон Шужо бадавлат Банголда кўплаб рожалар, ёки ҳокимларни хонавайрон қилиб, катта хазина тўплади ва бошқа вилоятлардан беҳисоб миқдордаги маблағни сўриб олди, катта қўшини билан ҳарбий юришга биринчи бўлиб одим ташлади. Барча форс амирлар ёрдамига умид боғлаган ҳолда (чунки у уларнинг мазҳабига ўтган эди) ҳаммага Шоҳ Жаҳон ўлди, уни Доро заҳарлаб қўйди, энди мен отам ўлими учун интиқом олгани кетмоқдаман, хуллас, Доро тахтини эгалламоқчиман, дея овоза қилганча шиддат билан Агра томонга қараб юрди. Бу билан у Шоҳ Жаҳонни мактуб битишга, мактубда унинг олға қараб юришини тақиқлашини, касаллиги жиддий эмаслиги, у аллақачон тузала бошлаганини айтишга мажбур қилди. Бироқ, Султон Шужонинг саройда дўстлари бор эди, улар Шоҳ Жаҳоннинг касали хатарли эканини айтишгани учун унинг ўлганига амин бўлишгани, борди-ю, агар ҳукмдор тирик бўлса, у унинг оёғини ўпишга ва фармонларига қулоқ солишга тайёр эканини баҳона қилиб, олға қараб юришда давом этди.

У билан кетма-кет ва қарийб бир вақтда катта шовқин кўтарган ва Аграга боришга тайёр бўлган ҳолда Дакан томондан Аврангзеб ҳам қўшин тортиб йўлга тушди.

Шоҳ Жаҳон томонидан ҳам, Доро томонидан ҳам унга ўшандай тақиқловчи мактубни етказишади, Доронинг мактубида қўшимча тарзда дўқ-пўписалар ҳам бор эди. Бироқ у ҳам Султон Шужо қандай йўл тутган бўлса, шундай йўл тутади ва ўшандай жавоб қайтаради. Лекин молия томондан сиқилиб қолганини ва шахсий тасарруфидаги аскарларнинг ночорлигини кўриб, у иккита ҳийла ўйлаб топади ва уларни усталик билан амалга оширади — бири Мурод Бахшга, иккинчиси Амир Жумлага нисбатан қўлланганди.

Мурод Бахшга у чиройли қилиб шошилинч мактуб йўллайди, мактубда унинг самимий ва қиёматлик дўсти эканини, тахтга асло даъво қилмаслигини, умр бўйи дарвешона ҳаёт кечириб келаётганини айтади. Лекин Доро давлатни бошқаришга ноқобил одам, кофир-мажусий, барча бош амирлар жинидан ёмон кўрадиган нусха, Султон Шужо эса форсий, тақводор, бинобарин, Ҳиндистоннинг душмани ва гулчамбар тожига номуносиб, демак, қисқа қилиб айтганда, фақат у, яъни Мурод Бахш тожга даъвогарлик қилиш учун чинакам асосларга эга, уни саройда кутиб туришибди, унинг шон-шавкатини яхши билган сарой аҳли унинг тарафида бўлади. Шахсан Аврангзебнинг ўзига келганда эса, борди-ю, тахтга чиққудек бўлса, Мурод Бахш унга салтанатнинг бир бурчагида тинчгина яшаши, қолган умрини тоат-ибодатда ўтказишига имкон бераман деб ваъда қилади, Аврангзеб унга бориб қўшилишга, маслаҳатлари, дўстлари билан унга ёрдам беришга, Доро ва Султон Шужо билан олишув учун бутун қўшинини унинг ихтиёрига топширишга тайёр эканини билдиради. Ҳозирча унга юз минг рупия жўнатади (бизнинг пулда тахминан эллик минг экюга тўғри келади) ва уни дўстлиги гарови сифатида қабул қилишини сўрайди. Унга яна Сурат қалъасини қандай қилиб тезда эгаллашни маслаҳат беради, унга маълум бўлган давлат хазинаси қаерда жойлашганини айтади.

Унчалик бадавлат ва қудратли бўлмаган Мурод Бахш Аврангзебнинг таклифларини ва унга юборилган юз минг рупияни зўр севинч билан қабул қилди. У Аврангзебнинг мактубини барчага кўрсатди, ёшларни қўлга қурол олишга ва унинг тарафига ўтишга даъват этди, йирик савдогарлардан эса уни пул билан тезроқ таъминлашни қаттиқ туриб талаб қилди. У жиддий равишда ўзини ҳукмдор деб ҳисоблай бошлаганди, ҳаммага тоғ-тоғ ваъдалар берарди ва пировардида ажабтовур қўшинини жангга шай қилишга муваффақ бўлди, ундан Сурат қалъасини қамал қилиш учун, гарчи ахта бўлса-да, жасоратли жангчи Шоҳ Аббос бошчилигида уч минг одамни ажратиб олди.

Аврангзеб Гўлкўнда султонининг қизини олиб берган тўнғич ўғли Султон Маҳмудни ҳамон Калиани қалъасини қамал қилиб турган Амир Жумла ҳузурига юборди ва унинг олдига, Давлатободга етиб келишини астойдил илтимос қилди, унга айтадиган ҳаддан ташқари муҳим гапи борлигини айтди. Нима гаплигидан шубҳаланган Амир Давлатободга боришдан бош тортди, Шоҳ Жаҳон ўлмаганини, бу борада ишончли далиллари борлигини очиқ-ошкора маълум қилди. Бундан ташқари унинг бутун оила аҳли Аграда, Доронинг қўлида турибди, шу боисдан ҳам у Аврангзебга ёрдам ҳам беролмайди, ўзини унинг тарафдори деб эълон ҳам қилолмайди. Ҳеч нарсага эришолмай ва амирдан қаттиқ хафа бўлиб, Султон Маҳмуд Давлатободга қайтиб кетди.

Бироқ Аврангзеб эсанкираб қолмади ва амир ҳузурига яна одам юборди, лекин Султон Маҳмудни эмас, иккинчи ўғли Султон Аъзамни юборди, у отасининг мактубини элтиб берди ва ўзининг ҳалимлиги ва дўстлик борасидаги ишончли сўзлари билан амирни шундай авраб ташладики, амир тан беришга мажбур бўлди. Калиани қамалини тезлаштириб, у имтиёзли шартлар билан қамалдагиларни таслим бўлишга ундади, қўшинининг сара аскарларини олди-да, жадал суръатлар ила Султон Аъзам билан бирга кетди.

У етиб келгач, Аврангзеб уни “бобо”, “бобожон” деб суйиб-эркалаб қарши олди, юз бора бағрига босиб, қучоқлади, сўнг бир четга олиб борди-да, “Ишончли одамларим келтирган гапларга қараганда, модомики амирнинг оила аҳли саройда, Доро ёнида экан, таваккал қилиши ва унинг (Аврангзебнинг) фойдасига ошкора бирон тадбир қўллаши тўғри келмайди, аммо бир оз ҳийла ёрдамида бартараф этиб бўлмайдиган у қадар катта қийинчиликлар йўқ”, — деди у. “Сизга, — деб сўзида давом этди у, — бир қарашда ғалати туюладиган бир режани таклиф этсам, бироқ, гаровда турган хотин ва бола-чақаларингиздан хавотир олганингиз учун мен уларнинг хавфсизлигини таъминлаш воситаси сифатида сизни хўжакўрсинга ҳибсга олишимга ва зиндонга солишимга изн беришингизни таклиф этаман. Шубҳа йўқки, ҳамма буни жиддий деб ўйлайди, тўғри-да, сиздек одамни шунчаки ҳавас учун зиндонда ўтиради, деб кимнинг ҳам хаёлига келарди. Шу билан бирга сизнинг қўшин ва замбаракларингиздан ҳам фойдаланиб қоламан, чунки сиз буни қулай деб топгайсиз. Ўзингиз илгари кўп мароталаб таклиф қилганингиздек, сиз менга бирмунча пулни қарзга бериб туришингиз мумкин, шуларнинг барчасига эга бўлгач, назаримда, мен бахтимни синаб кўра олар эдим ва биз биргаликда чоралар кўра олар ва менинг нима қилишим кераклигини атрофлича фикрлаб олар эдик. Агар сиз ундан ташқари ўзингиз тўла хўжайини бўладиган ва сизни менинг ўз ўғлим Султон Маҳмуд ёки Султон Аъзам қўриқлайдиган Давлатобод қалъасига олиб боришим учун изн берсангиз, олам гулистон бўлар эди. Бунга Доро нима дейиши, хотинингиз ва бола-чақаларингизни таҳқирлаш учун унда қандай асослар бўлиши мумкинлигини тасаввур этолмайсиз”.

У Аврангзебга қилган дўстона саждасиданми, ёки олган буюк ваъдалариданми, ёхуд ёнгинасида тиш-тирноғи билан қуролланиб олган Султон Аъзам ва укасининг гапига киргани учун унга хўмрайиб қараб турган Султон Маҳмуддан қўрққаниданми (унинг таклифини рад этгани учун бўлса керак, у кириб келганида гўё урмоқчи бўлгандек Султон Маҳмуд ҳатто бир оёғини кўтариб қўйган эди) — ҳар қалай, амир Аврангзебнинг барча истакларини бажаришга рози бўлди ва зиндонга тушиш борасидаги режани маъқуллади. Шунда Аврангзеб узоқлашиши ҳамон унинг тўпчибошиси виқор билан амирга яқинлашди-да, Аврангзеб номидан орқасидан юришга амр этди ва хона эшигини қулфлаб, ишончли посбон қўйиб қўйди; ўша вақтда Аврангзеб қўл остида бўлган барча аскарлар уй атрофида саф тортган эди.

Амир Жумланинг ҳибсга олингани ҳақидаги овозалар тарқалар-тарқалмас дарҳол катта ғалаён бошланди. Гарчи содир бўлган воқеадан ҳайратга тушган бўлишса-да, у ўзи билан олиб келган барча одамлар уни озод этишга қарор қилишди ва посбонни ўлдириб, зиндонни бузиб ташлаш учун қўлларида қурол билан югуриб келишди; бундай қилиш уларга чўт эмас эди, чунки бундай кескин тадбир учун Аврангзеб етарлича қўшин тўпламаганди ва Амир Жумла исмининг ўзиёқ барчани зир титратиб юборарди. Бироқ бу ердаги барча ишлар хўжакўрсинга бўлаётганидан ғалаёнлар тезда тинчлантирилди, бунда амирнинг қўшин бошлиқларига усталик билан тушунтиришлари ва Аврангзебнинг ҳозир бўлиши кифоя қилди. Аврангзеб иккала фарзанди билан ўша ерда турган бўлиб, гоҳ униси, гоҳ буниси билан гаплашар ва ўзини ўта жиддий тутмоқда эди. Ниҳоят, уларга инъом этилган совға-саломлар ва ваъдалар ҳам ўз ишини қилганди; натижада амирнинг барча қўшини ва ҳатто Шоҳ Жаҳон қўшинининг катта қисми бу ерда зўр англашилмовчилик бўлганини ва йўлбошчиларидан маҳрум бўлишганини кўриб, Аврангзеб томонга ўтишди; Шоҳ Жаҳон ўлганлиги ёки ўлим тўшагида ётганлиги, улар маошининг ошганлиги ва ҳозироқ уч ой олдин тўланиши ҳақидаги ваъда хабари ҳам таъсир кўрсатди.

Амирнинг барча от-аравалари, ҳатто туялари ва чодиригача қўлга олган Аврангзеб Суратни қамал қилиш ва уни забт этишни жадаллаштириш мақсадида ҳарбий юришни бошлаб юборди, чунки Мурод Бахш жуда қийин аҳволга тушиб қолганди: унинг энг сара қўшини мана шу қамал билан банд эди, аммо улар шунақанги қаршиликка дуч келишдики, бунақасини у кутмаганди. Бироқ бир неча кунлик юришдан кейин Аврангзеб навоб қалъани топширганидан хабар топди; у Мурод Бахшга табрикнома йўллади ва шу билан бирга унга Амир Жумла воқеасини баён этди, саройда унинг етарлича миқдорда кучи, маблағи ва алоқалари борлигини, ҳеч нимадан камчилиги йўқлигини, тўғри Брампур ва Аграга боражагини ва уни йўлда кутиб туражагини айтди ва тезроқ бўлишини илтимос қилди.

Тўғри, Мурод Бахш Сурат қалъасида ўзи мўлжаллаганчалик маблағни топмади: бунга сабаб ё у ростданам шу миқдордаги маблағ бўлмаган (унга шундай дейишган) ёки, баъзилар айтганидек, навоб уларнинг бир қисмини ўзлаштириб юборган. Бироқ у ерда топган ўша озгина бисот унга Суратнинг буюк хазинасидан бойиб олиш пайида хизматга кирган аскарларга ҳақ тўлашда ёрдам берди. Тўғрисини айтиш керак, бу қалъани олиш билан жудаям мақтанишга унда асос йўқ эди, чунки унинг мустаҳкам истеҳкомлари йўқ эди; шундай бўлса-да, қамал бир ойдан зиёдроқ вақтга чўзилди; агар мина қўйиб портлатишни ўйлаб чиқарган голландлар бўлмаганида, қалъа ҳеч қачон қўлга кирмасди ҳам. Мина портлаб, деворнинг катта бўлаги ўпирилиб тушди, бу қамалдагиларни ҳанг-манг қилиб қўйди ва таслим бўлишга мажбур этди. Бу шаҳарнинг олиниши Мурод Бахш режасига ёрдам берди; Мурод Бахш Суратни олибди, у деворни кавлаб, мина қўйибди (бу ишни яхши билмаган ҳиндлар озмунча ҳайратга тушмадилар) ва у ердан катта хазина топиб олибди, деган овоза ҳар томонга ёйилди. Бу барча шов-шувлар ва дастлабки ютуқларга қадимий (Аврангзебнинг қатор мактублари ва йирик ваъдалари ҳам шуни тасдиқлайди), ўткир зеҳнли, ўта жасоратли ва ўз хўжаси манфаатларига ғоят содиқ ахта Шоҳ Аббос Мурод Бахш Аврангзеб билан ҳаддан ташқари апоқ-чапоқ бўлмаслиги ва у билан қўшилиб кетишга у қадар шошмаслиги керак, деган фикрда эди. Бунинг ўрнига, у билан музокаралар олиб бориши, Аграга унинг бир ўзи кириб бориши учун имкон туғдириши лозим. Боз устига Шоҳ Жаҳоннинг бетоблиги ҳақида ишончли хабарлар келиб турарди ва иш қандай тус олишини олдиндан кўриш мумкин эди. Даромадлари дурустгина бўлган катта ҳудудда ҳукмронликни таъминловчи ажойиб маскан бўлмиш Суратни мустаҳкамлаш мумкин бўларди. Эҳтимол, вақти келиб ҳатто Брампурни ҳам эгаллашга муваффақ бўлишармиди. Брампур ғоят муҳим йўл бўлиб, Даканга кириш дарвозаси вазифасини ўтарди.

Бироқ қўшин, аслаҳалар ва пулнинг етарли миқдорда эмаслиги муносабати билан Аврангзебнинг қатор мактублари ва тўхтовсиз ундовлари, шунингдек, кўр-кўрона такаббурлик ва ортиқ даражада ҳукмрон бўлиш истаги Мурод Бахшнинг бу барча мулоҳазаларни бир чақага олмасликка, Аҳмадобод шаҳридан чиқиб кетишга, Гужаратни тарк этиб, Аврангзеб икки-уч кундан бери уни кутиб турган учрашув жойига шошилинч етиб келиши учун тоғ ва ўрмонлар оша олға силжишга ундади.

Иккала қўшиннинг бирлашиши шарафига катта тантана ва ўйин-кулгилар ташкил этилганди, шаҳзодалар бир-бирлариникига ташриф буюришди. Аврангзеб Мурод Бахшга ваъдаларни қалаштириб ташлади, ўзининг дўстлигига мингинчи марта ишонтириб, тағин тантанали равишда онт ичиб айтдики, у зинҳор салтанатга даъвогарлик қилмайди, унинг умумий душмани бўлмиш Дорога қарши курашда унга ёрдам кўрсатиш, мунтазир турган тахтга уни миндириш, вассалом. Шу кўришув ва дўстлик исботидан кейин ҳар иккала қўшин олға силжиди, бунинг устига Аврангзеб бутун юриш давомида Мурод Бахшга ўзининг дўстлиги ва садоқатини ифодалашда давом этди, кўпчилик орасида ҳам, ўзаро суҳбатларда ҳам унга “ҳазрат” деб мурожаат қилди. Натижада Мурод Бахш шу нарсага узил-кесил амин бўлдики, Аврангзебнинг унга нисбатан дўстона туйғуси беҳад ва самимий. Гўлкўндадаги бир оз олдинги воқеаларни эслаш ва салтанатни эгаллаш учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр одамнинг дарвешона яшаш ва ўлишга қодирлигини тушуниш ўрнига, унинг оғзидан итоаткорлик ва эҳтиром туйғуларининг тумтароқли изҳори тушмаётганди.

Бирлашган иккала қўшин анча катта дастани ташкил этди, бу саройда зўр шовқин-сурон кўтарилишига сабаб бўлди, нафақат Дорони, балки Аврангзебнинг зеҳн кучи ва қатъиятини ва Мурод Бахшнинг жасоратини ўчириш ғоят қийин бўладиган ёнғиннинг аланга олишини олдиндан кўра билган Шоҳ Жаҳонни ҳам ўйлатиб қўйди. Соғлиғим яхшиланаяпти, ҳар бирингиз ўз вилоятингизга қайтиб кетинг, ўтган ишга салавот, ҳаммасини эсимдан чиқардим, деб у беҳуда мактуб устига мактуб ёзарди. Бу мактублар уларнинг олға томон силжиб боришларига асло халақит бермасди; Шоҳ Жаҳоннинг бетоблиги ҳамон хатарли бўлган ва буни тасдиқлайдиган одамлар, етарли миқдорда мавжудлиги учун улар ҳамон ўжарлик қилишдан тийилишмаётганди, бу хабарларни Доро атайлаб ёзаётибди деб ўйлашаётганди.

Фармонларини назар-писанд қилмаётган ўғилларини кўриб турган, ҳар бири ўз қўшинига бош бўлиб, Агра томон шитоб ила ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарлардан соат сайин воқиф бўлиб турган шўрлик шаҳаншоҳ Шоҳ Жаҳон нима қилсин?

Боз устига, бемор бу одам олган ҳар бир нафасидан уруш ҳиди анқиб турувчи, ака-укаларини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ Дородек одамнинг қўлида бўлса. Бундай аҳволда у нима ҳам қила оларди? Хазинани Дорога топширишдан, ундан Доронинг бемалол тасарруф этишига имкон беришдан, Шоҳ Жаҳоннинг билишича, Дорони ёқтирмайдиган ўзининг энг ишончли ва кекса лашкарбошиларини чақириб олишдан, уларни Доро учун ўзининг пуштикамаридан бўлган, Дородан минг карра ортиқ яхши кўрадиган фарзандларига қарши жангга отланишга даъват этишдан ўзга иложи қолмайди. У зудлик билан Султон Шужога қарши лашкар юбориши лозим, чунки у бошқалардан кўра кўпроқ илгарилаб кетганди, тобора яқинлашиб келаётган Аврангзеб ва Мурод Бахшга қарши бошқа қўшинни юбориш чорасини кўрмоғи зарур.

Султон Шужога қарши юборилган қўшинга Доронинг тўнғич ўғли Сулаймон Шайх қўмондон қилиб тайинланганди. У йигирма беш ёшлардаги хушбичим, ақлли ва яхши хулқ-атворли шаҳзода бўлиб, очиқкўнгиллиги ва саховатлилиги учун уни ҳамма, айниқса, Шоҳ Жаҳон жуда яхши кўрарди. Дородан кўра ўшани валиаҳдликка кўпроқ муносиб билиб, кўплаб бойликлар билан сарафроз этганди. Шу билан бирга Султон Шужонинг Бангалияга қайтиб кетишини Шоҳ Жаҳон афзал деб биларди. Қонли жанг бошлаш Шоҳ Жаҳоннинг ўзи учун ҳам яхши оқибатларга олиб келмасди, чунки бундай таваккалли иш туфайли фарзандларидан бири билан видолашиши турган гап эди, шунинг учун шаҳзодага ҳамроҳ қилиб бутун Ҳиндистоннинг энг бой ва қудратли рожаларидан бири Жессинг исмли кекса рожани юборади. У ўзининг эпчиллиги билан бутун салтанатда ном қозонганди. Фақат сира иложи қолмагандагина жангга киришиш ва Султон Шужони нима қилиб бўлмасин, чекинишга ундаш, Шоҳ Жаҳоннинг касали тузалиб, Аврангзеб ва Мурод Бахш устидан ғалаба қозонилгунча ўз кучларини сақлаш ҳақида яширинча фармон берилганди.

Бироқ, айни куч-қувватга тўлган, қандайдир йирик жасорат билан ўзини кўрсатиш иштиёқида ёнган Сулаймон Шайх жанг қилишни хоҳларди. Султон Шужо эса Аврангзеб жангда ғалаба қозониб, давлат пойтахтлари Агра ва Деҳлини эгаллаб олишидан қўрқарди. Шу боис Жессинг жанг олдини олишга ночор қолади. Қўшинларнинг бир-бирига кўзи тушиши ҳамоноқ улар жангга шай бўлдилар ва бирмунча муддат ўтар-ўтмас салом-алик маъносида бир-бирига қараб замбараклардан ўт очишди. Мен бу жанг тафсилотларини баён қилиб ўтирмайман: тафсилот у қадар узун бўлмай, мароқли ҳам эмасди; бундан кейин каттароқ жанглар ҳақида тўхталишимизга тўғри келади ва ўшалардан майда жанглар тафсилотини билиб олиш мумкин бўлади. Биринчи тўқнашув ҳар иккала томон учун ҳам ғоят шафқатсизларча ва қаттиқ кечганини айтиб ўтиш кифоя қилар деб ўйлайман. Бироқ, охирида Сулаймон Шайх Шужо устига шунақанги қатъият ва шиддат ила ҳамла қилдики, унинг қўшинларини тумтарақай қилиб юборди, аскарлар чекинишга мажбур бўлишди ва сўнгра қоча бошлашди. Агар Жессинг ва дастлабки саркардалардан бири, ғоят жасоратли киши, аммо рожанинг энг қилўтмас дўсти, унинг чизган чизиғидан бир энлик ҳам чиқмайдиган патҳан Далилхон Сулаймон Шайхни астойдил қўллаб-қувватлашни истаганларида эди, тахмин қилишларича, Шужонинг қўшини ер билан яксон қилинган ва унинг ўзи асир тушган бўлар эди. Бироқ, рожанинг режасида уни ўлдириш тўғрисида гап йўқ эди, айнан тескари фармойиш берган Шоҳ Жаҳон ҳам буни режасига киритмаганди. Боз устига, Жессинг ўта нозик сиёсатдон бўлиб, ўз ҳукмдорининг пуштикамаридан бўлган фарзанд қонига қўлини бўяшни зинҳор истамасди.

Шужонинг чекинишга имкони етарли эди ва ҳатто кўп одам йўқотмаганди ҳам. Шундай бўлса-да, жанг майдони ҳамда бир қанча замбарак Сулаймон Шайхнинг қўлида қолганидан саройда Султон Шужо тор-мор этилибди, деган миш-миш яшин тезлигида тарқалди. Бу Сулаймон Шайхнинг нуфузини жуда кўтариб юборди ва Султон Шужо бирданига ҳамманинг назаридан тушиб кетди, илгари унга хайрхоҳ бўлган форслар ундан қаттиқ совиди.

Шужо ортидан бир неча кун таъқиб қилганидан кейин саройдан ҳар куни хабар олиб турган, Аврангзеб ва Мурод Бахшнинг шиддат билан яқинлашиб келаётганидан хабар топган Сулаймон Шайх Шужони таъқиб қилишни тўхтатди. Унинг отаси Доро дангалчи одам эканини ва кўплаб махфий душманлари борлигини у яхши биларди, чунончи зудлик билан Аграга қайтишни лозим топти, бу ерда афтидан Доро Аврангзеб ва Мурод Бахш билан жангга киришиши керак эди. Бунда яхши қарорга келиш ҳам амримаҳол эди, зеро, у ўз вақтида етиб келгудай бўлса, Аврангзебнинг ғалаба қозонолмаслигига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Унинг ҳеч қачон жанг қилишга юраги бетламасди дейишдан ҳам тойишмасди, чунки кучлар ўртасидаги тафовут ҳаддан ташқари катта эди. Бироқ Доронинг мудҳиш тақдири бундай бўлишига йўл қўймади.

Жамна дарёси Ганга дарёси билан туташган жой — Оллоҳобод яқинида шу воқеалар содир бўлиб турганида Аградаги вазият мутлақо ўзгача тус олганди. Аврангзебнинг Брампур яқинида дарёдан кечиб ва тоғлардаги ғоят оғир йўллардан юриб ўтгани ҳақидаги хабар саройни ҳанг-манг қилиб қўйди. Унинг Биас дарёсидан кечиб ўтишига халақит бериш учун шошилинч равишда бир қанча дасталар юборилди, бу орада эса бутун қўшин жангга шай турарди.

Шу мақсадда қўмондон сифатида икки энг нуфузли ва қудратли аъён танланди. Шулардан бири Козимхон эди, у машҳур саркарда бўлиб, Шоҳ Жаҳонга ғоят содиқ эди, бироқ, Дорони унчалик хуш кўрмасди. Нима қилиб бўлса ҳам Шоҳ Жаҳонга ёқиш учун у ўз ихтиёрига қарши иш тутди, Шоҳ Жаҳон Доронинг қўл остида эканини у кўриб турарди. Иккинчи аъён Жессомсенг бўлиб, қудрат борасида Жессингдан асло қолишмасди. У Акбар замонида яшаган Рожа Ранага куёв бўлар эди ва шу қадар қудратли эдики, сал бўлмаса рожаларнинг султони деб ҳисобланарди.

Уларнинг йўлга тушиши олдидан Доро уларга катта дўстона илтифот кўрсатди ва ажойиб совғалар инъом этди. Бироқ уларнинг жўнаб кетишидан илгари Шоҳ Жаҳон рожа Жессинг Сулаймон Шайх билан биргаликда Султон Шужога қарши йўлга тушганида нималар деганини уларга сирли равишда шипшиб қўйишга улгурди. Шу боис улар юриш давомида фурсатни қўлдан бермай бир неча марта Аврангзеб ва Мурод Бахшга чопарлар юборди ва орқага қайтиб кетишни маслаҳат беришди; бироқ, барча уринишлар беҳуда кетди: улар юборган чопарлар қайтиб келмадилар, қўшин эса шу қадар шиддат билан олға интилар эдики, уни дарёдан унча узоқ бўлмаган тепаликлар устида кутилмаганидан анча илгарироқ кўришди.

Бу воқеалар ёзнинг айни жазирама иссиқ кунларида бўлиб, дарёни саёз жойларидан кечиб ўтиш мумкин эди, шу боис Козимхон ва рожа зудлик билан жангга шайлана бошлашди; бундан ташқари Аврангзебнинг бу шахтидан шу нарсани англашдики, у буларнинг устига ҳамла қилмоқчи; бироқ ҳали унинг барча қўшини етиб келмаган эди, шунинг учун у уларни бир неча замбарак ўқи билан қарши олди, бундан мақсад: уларнинг ўзи дарёдан кечиб ўтиб, на фақат Козимхон қўшинининг сувга бориш йўлини кесиб қўйишлари мумкин эди, балки, унинг қўшини дам олиб, қулай жойни эгаллаб олиши ҳеч гап эмасди, шунга халақит бериш учун бирмунча муддат уларнинг диққатини чалғитиб туриш лозим эди. Дарҳақиқат, унинг қўшини мутлақо бетартиб ҳолда етиб келди, йўл уларни шунақанги қоқиб ташлаган, иссиқдан шунақанги силлалари қуриган эдики, агар уларга дафъатан ҳамла қилишганда ва сувдан четлатилганда борми, у албатта ортиқча қаршиликсиз янчиб ташланган бўлар эди. Бу биринчи тўқнашувда мен йўқ эдим, бироқ, ҳамма шу гапни айтарди, кейинчалик Аврангзеб қўшинида тўпларда хизмат қилувчи французлар ҳам менга шуларни ҳикоя қилиб беришган эди. Бироқ, Доро қўшини олган буйруққа биноан Аврангзебнинг дарёдан кечиб ўтишига халақит бериш мақсадида қирғоқда қолиш билан чекланиб қўя қолди.

Аврангзеб қўшинига атиги икки-уч кунгина дам олишга имкон берди ва мудом ғанимининг диққатини чалғитишга ҳаракат қилиб, уни дарёни кечиб ўтишга тайёрлаб борди. Кейин у жуда қулай жойда ўрнашиб олган тўпларини ишга солди ва отишма панасидан сувга тушишга буйруқ берди. Козимхон ва рожа ҳам ғанимни ҳайдаб юбориш ва дарёдан кечиб ўтишга халақит беришга ҳаракат қилиб, ўз томонларидан тўпларни ишга солишди. Аввалига жанг ғоят қизғин ва шиддатли кечди, чунки, Жессомсенг ҳаддан ташқари жасорат кўрсатмоқда эди. Козимхонга келсак, у яхши саркарда ва ботир киши бўлса-да, бироқ, ушбу ҳолатда ўз шавкатини тўла намойиш эта олмади; айримлар ҳатто уни сотқинликда айблашди, ўқ-дори ва замбарак ўқларини тунда қум остига беркитиб қўйди, деб гап тарқатишди, чунки, тўплар икки-уч бор гумбурлагандан кейин жимиб қолган эди. Нима бўлганда ҳам, ҳали айтганимдай, жанг шиддатли кечди ва ғанимнинг дарёни кечиб ўтишига йўл қўйишмади. Дарё ўзанидаги харсангтошлар кечувни қийинлаштирарди ва қирғоқ ҳам айрим жойларда ғоят тик ва баланд эди. Бироқ, Мурод Бахш сувга шу қадар шиддат билан отилди ва шунақанги жасорат кўрсатдики, унга қаршилик кўрсатишнинг иложи қолмаганди. У дарёни кечиб ўтди ва унинг орқасидан қўшиннинг талай қисми ҳам иккинчи қирғоқда пайдо бўлди. Шунда Козимхон чекинишга мажбур бўлди, Жессомсенг эса шахсан катта хавф остида қолганди, чунки у барча душманларга қарши бир ўзи жанг қилиши лозим эди. Агар унинг ражпут аскарлари фавқулодда қатъият кўрсатишмаганда, у жойидан бир қадам ҳам жилолмаган бўларди — ражпут аскарлари деярли битта қолмай унинг теварагида жон берганди. Бу жангда унинг хатар остида қолганини шу билан изоҳлаш мумкинки, у бир амаллаб душманлардан халос бўлгач, катта талафот кўрганидан Аграга боришдан воз кечиб, ўз мулкларига қайтиб кетди. У ўзи билан жангга олиб кетган етти-саккиз минг ражпут аскарларидан жуда нари борса беш ё олти юз қолган эди, холос.

Ўзларини ражпут, яъни рожанинг зурёдлари деб атовчи бу қавм авлоддан-авлодга фақат ҳарбий иш билан шуғулланиб келади. Улар бўйсунувчи рожалар ражпутларга ер беришади, шу шарт биланки, фармон берилган вақтда улар ҳар доим жангга киришишга тайёр бўлмоқлари лозим. Модомики, рожалар уларга мерос бўлиб қолувчи ер берар экан, уларни мажусий зодагонлар деб аташ мумкин. Улар катта афъюнхўрлардир, улар ютган афъюн миқдорини кўриб, ўзим неча бор ҳайратга тушганман, тўғри, улар бунга болаликдан ўрганадилар. Жанг кунларида улар икки баравар кўп афъюн ютишади: бу гиёҳвандлик моддаси уларни руҳлантирса керак ёки, аниқроғи, маст қилса, хавфни сезмайдиган, карахт қилиб қўйса керак, чунки улар жангга қочиш нималигини билмай, шердай ташланадилар ва сабот билан жанг қилаётган рожалари оёғи остида жон берадилар. Уларга фақат тартиб-интизом етишмасди, жасорат деганлари ошиб-тошиб ётарди; афъюндан бошлари хумдай шишганча ўлишга қасд қилган одамлардай жанг олдидан бир-бирлари билан қучоқлашишларини кўриш кишига зўр лаззат бағишлайди.

Буюк Бобуршоҳ, ўзи мажусийлар душмани бўлган ҳолда, хизматида кўплаб рожаларни сақлагани сабаби ҳам шунда эди; борди-ю, улар мусулмон қавмидан бўлганда ҳам қўшинда улар хизматидан фойдаланар экан, уларни бошқа амирлар билан бир сафга қўярди. Жессомсенг енгилиб қочгандан кейин унинг хотини, Рананинг қизи ўз эрини қанчалик совуқ қарши олганини тасвирламасдан ўтолмайман. Эрининг яқинлашиб келаётганини, жанг майдонида унинг нечоғли матонат билан жанг қилганини, бисотида бор-йўғи тўрт-беш юз одам қолган ва ортиқ туришга бардоши етмай чекинишга мажбур бўлганини сўзлаб беришганида, хотини уни қарши олиш ва кўнглини кўтариш учун бировни юбориш ўрнига қуруққина қилиб қалъа дарвозасини ёпиб қўйишни ва бу аблаҳ одамни ичкарига қўймасликни буюрди. У менинг эрим эмас, мен уни кўришни истамайман, буюк Рананинг куёви бу қадар тубан бўлиши мумкин эмас, дебди. Бундай аслзодалар хонадонига кириб келгач, у бу хонадон шавкатидан ибрат олмоғи лозим эди, хуллас, у ё енгиши, ё ўлиши керак эди. Зум ўтмай унинг миясида бошқа ўйлар чарх уради: у гулхан ёқишга амр этади, мени алдашаяпти, менинг эрим жангда ҳалок бўлган, бундан бошқача бўлиши мумкин эмас, мен ўзимни тириклай ўтда куйдирмоқчиман, дейди. Бир оз ўтгач, у қарорини тағин ўзгартиради, ғазабга минади, эрини қарғишларга кўмиб юборади. Хуллас, саккиз ё тўққиз кунни у ана шундай тутақиб ўтказади, то онаси келмагунча эрини қалъа ичкарисига киритмайди. Онаси келиб, уни бир оз тинчлантиради ва юпантиради, рожа бирпас дам олиб олсин, янгитдан қўшин тўплаб, Аврангзебга қарши жанг қилади ва қандай қилиб бўлмасин, ўз шаънини тиклайди, деб ваъда беради. Шу муносабат билан бу мамлакат хотин-қизларининг жасорати ҳақида фикр юритиш мумкин; бунга мен шуни қўшимча қилмоқчиманки, эри ўлгандан кейин хотинларнинг ўзини тириклай оловда ёққанини бир неча бор ўз кўзим билан кўрганман. Бироқ, яна шу нарсани таъкидлайманки, номус ҳақида жамоатчилик фикри, инон-эътиқоди, удуми, умиди ва тушунчасидан кўра кучлироқ ҳеч нарса йўқ.

Дарё бўйида содир бўлган воқеалардан хабар топгач, Доронинг Козимхондан шунақанги ғазаби келдики, агар у қўли остида бўлганида, ҳеч шубҳасиз, шартта калласини олган бўларди. Биринчи ва асосий айбдор сифатида Амир Жумладан ҳам қаттиқ ғазабланди, чунки Аврангзебга одамларни, пулларни ва тўпларни у берган эди-да, Доро унинг ўғли Муҳаммад Амирхонни ўлдиришга, унинг хотини ва қизини бозорга, яъни фоҳиша хотинлар сотиладиган бозорга юборишга аҳд қилди. Агар Шоҳ Жаҳон жуда уддабуронлик ва юмшоқлик билан уни ғазабдан туширмаганида у бундан бешбаттарини ҳам қилишдан тоймасди. Шоҳ Жаҳон айтдики, Амир Жумланинг қўлидан бундай аҳмоқлик келиши ва оиласи манфаати деб Аврангзеб билан дўст бўлиши мумкин эмас. Шубҳасиз, Аврангзеб ўзининг аблаҳона айёрликлари билан уни алдаган ва у тузоққа тушган.

Аврангзеб ва Мурод Бахшга келсак, биринчи тўқнашувнинг яхши якунланиши уларнинг кайфиятини шу қадар кўтариб ва улар қўшинини шу қадар руҳлантириб юбордики, улар ўзларини шу дамдан ҳеч қачон енгилмас ва ҳар қандай тўсиқни бемалол бартараф этишга қодир деб биладилар. Ўз аскарларини янада руҳлантириш учун Аврангзеб Доро қўшини ичида унга содиқ сарбозлардан ўттиз минг нафари бор деб баралла мақтана бошлади; кейинчалик маълум бўлдики, бу қуруқ гап эмас, бориб турган ҳақиқат экан.

Мурод Бахши, айниқса, жанг деса ўзини томдан ташларди, иложи борича тезроқ олға юришни истарди, бироқ уни шахтидан қайтариш учун Аврангзеб бу ажойиб дарё қирғоғида қўшин бирмунча муддат дам олиши зарур дерди, бу орада ўзининг барча дўстларига хат ёзади-да, саройдаги аҳвол ва ишнинг қандайлигини яхшилаб билиб олади. Шу боис у бир неча кун дам олгандан кейингина Агра томонга йўл олди, иложи борича қунт билан ва ўз вақтида чоралар кўришни яхшилаб дилида пишитиб олиш учун у ғоят секин ҳаракат қилмоқда эди.

Аврангзеб ва Мурод Бахшнинг ниятларини яққол кўриб турган ва уларни орқага қайтаришга умид йўқлигини тушунган Шоҳ Жаҳон ҳаддан ташқари қийин аҳволга тушиб қолди ва нима қилишини билмай боши қотди. Катта мусибатни олдиндан кўрган ҳолда у Доро қизғин тайёрланаётган бу ҳал қилувчи жангга халақит бермоқчи бўлди. Хўш, халақит бериш учун у нима ҳам қила оларди? Касалликдан кейин у ғоят заифлашиб қолганди ва мен илгари ҳам айтганимдек, ўзи унчалик ишонмайдиган Доронинг бутунлай қўл остида эканини тушунарди. У Доро нимани истаса, ҳаммасига “хўп” деб туришга, ундан бор кучини ва давлат маблағларини аямасликка ва барча лашкарбошилар унга бўйсунинглар деб фармон беришга мажбур эди. Ҳамма тезлик билан қуролланди. Билмадим, Ҳиндистон ҳеч қачон бундай ажойиб қўшинни кўрганмикан. Чамамда, унда камида юз минг суворий ва саксонта тўп билан йигирма мингдан ортиқ пиёда аскар бор эди, тинч вақтда бўлганидек, уруш вақтида ҳам қўшинни таъминлаш учун зарур бўлган беҳисоб хизматкорлару савдогарлар бу ҳисобдан ташқари. Менимча, кўп ҳолларда уларни ҳам жангчилар қаторига қўшар эдилар. Уч юз ёки тўрт юз минг нафар одами бўлган бундай улкан қўшин ҳақида кўп китобларда айтилган. Гарчи бу қўшин ғоят мукаммал ва ҳаракатчан, Аврангзебникидақа қўшиндан икки ёки уч бараварини ҳам тариқдай тирқиратиб юбориш даражасида кучли бўлса-да (ҳолбуки Аврангзеб қўшинида бор-йўғи ўттиз беш-қирқ минг нафар одам бор эди, улар ҳам энг жазирама иссиқ вақтдаги ҳарбий юришлардан сўнг қаттиқ силласи қуриганди, тўплари ҳам Доро тўпларига қараганда хийла кам эди), шунга қарамасдан (ажабланарли жойи ҳам шунда эди) Доронинг ғалаба қозонишига деярли ҳеч ким ишонмасди. Гап шундаки, нуфузли амирларнинг кўпчилиги унга нисбатан адоватда эди ва у ишонадиган энг яхши аскарлар Сулаймон Шайх қўшинида эди. Унинг дўстлари ичидан энг содиқлари ва ҳушёрлари ва Шоҳ Жаҳоннинг ўзи ҳам унинг жангга киришидан хавотирланишлари боиси ҳам шунда эди. Шоҳ Жаҳон касаллигига қарамасдан Аврангзебга қарши жангга ўзи боришини таклиф қилди, бу сулҳ ишига ва Шоҳ Жаҳон манфаатларига яхши ёрдам бериши тайин эди, чунки Аврангзеб ва Мурод Бахш ҳеч қачон ўз оталарига қарши жанг қилишга журъат этишолмасди, борди-ю, бунга журъат қилганларида ҳам охири бахайр бўлмасди: имкониятлар ҳаддан ташқари номутаносиб эди ва барча асосий амирлар Шоҳ Жаҳонга шу қадар содиқ эдиларки, агар қўшин тепасида унинг ўзи турганини кўришгудек бўлса, жон олиб-жон бериб жанг қилишларига заррача шубҳа йўқ эди. Ҳатто Аврангзеб ва Мурод Бахш лашкарбошилари ҳам бу ҳукмдорни севар ва ҳурмат қилар эдилар, чунки улардан кўпчилигини Шоҳ Жаҳоннинг ўзи тарбиялаб ўстирган бўлиб, айтиш мумкинки, бутун қўшин унинг шогирдлари ҳисобланарди. Улар ичидан биронтасининг ҳам унга қарши қилич яланғочлаб чиқишига ҳеч кимнинг кўзи етмасди.

Бундан ташқари Дорога шундай маслаҳат беришганди: борди-ю, уларнинг кўрсатмаларига риоя қилишни истамайдиган бўлса, у, жилла қурмаганда, шошилмасин, ҳарбий ҳаракатларни пайсалга солиб турсин ва уларга келиб қўшилиш учун келаётган Сулаймон Шайхга фурсат берсин. Бу ҳам ёмон маслаҳат эмасди, чунки шаҳзодани ҳамма севарди, у доим ғалаба билан қайтарди ва илгари айтганимдек, Доро ихтиёрида нечтаки содиқ хизматкор ва жасур жангчилар бўлса, барчалари унинг қўшинида эди. Бироқ, Доро ҳеч кимнинг таклифини эшитишни истамади, у тезроқ жанг бошлана қолсаю, Аврангзебга қарши бир ўзи жанг қилса — фақат шуни ўйларди, холос. Балки, агар у ўз тақдирини ўзи ҳал қилишга қодир ва ўз режаларини муваффақиятли адо этишга кўзи етгудек бўлса, бу унинг шаъни ва шахсий манфаати учун ёмон бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Унинг миясида тахминан шундай фикрлар чарх урар ва улардан баъзиларини ҳатто очиқ-ошкор айтарди ҳам. У Шоҳ Жаҳонни ўз қўлида тутиб турган ва уни истаган кўйига сола оладиган ҳукмдор қиёфасида кўриб турарди. Шу билан бирга Шоҳ Жаҳоннинг бутун хазинаси ва давлат қўшини унинг ҳукми остида эди. Султон Шужони энди чалажон ҳукмдор деб ҳисобласа бўлаверарди, қолган иккала укаси ўзларининг заиф ва ҳолдан тойган қўшини билан ўзларини унинг қўлига топшириб қўйишганди. Борди-ю, Доро жангда ютиб чиққудек бўлса, улар ундан қутулиб чиқа олишмасди ва Доро ўша заҳоти барча давлат ишларини бутунлай қўлга оларди. Доро айнан шу нарсага жон-жаҳди билан интилмоқда ва ҳеч ким унга қаршилик кўрсатиш ва ёки ундан салтанатни тортиб олишга журъат қилолмасди. Борди-ю, Шоҳ Жаҳон жангга киргудек бўлса, барча ишлар жой-жойига тушади-қолади, ака-укалар ўз вилоятларига қайтишади, бутунлай соғайиб кетган Шоҳ Жаҳон яна давлат тизгинини қўлга олади — хуллас, ҳамма нарса яна ўзининг олдинги ҳолатига қайтади. Борди-ю, у Сулаймон Шайхни кутиб турадиган бўлса, Шоҳ Жаҳон унинг учун номақбул бўлган қандайдир режалар тузиши ёки Аврангзеб билан биргаликда нимадир қилиши мумкин. Агар бу ҳолда жангда ютиб чиққудек бўлишса, унинг хизмати ҳар қанча улуғ бўлмасин, барибир, Сулаймон Шайхнинг шунчалик баланд обрў-эътиборига қарамай, ғалабадан келган барча шон-шуҳрат тағин шу Сулаймон Шайх номига ёзилган бўлур эди. Шунча шон-шуҳрат ва муваффақиятдан ғурурланиб кетган, айниқса, Шоҳ Жаҳон ва амирларнинг кўпчилиги ўртасидаги дўстлиги ва уларнинг марҳаматига суянган Сулаймон Шайхга қарши бирон-бир чора кўришга уларнинг қандай ҳадди сиғарди? Унинг оз бўлса-да, ўзини қўлга ола билишига, отасини ҳурмат қилишига ким кафолат бера олади? Унинг бу манманлиги охир-оқибатда нималарга олиб келмайди?

Мана шу мулоҳазалар Дорони атрофдагиларнинг маслаҳатига қулоқ солмасликка ва ўз йўлидан қайтмасликка ундарди. Бинобарин, у зудлик билан юришни бошлаш ҳақида қўшинга фармон берди. Хайрлашгани бу пайтда Агра қалъасида турган Шоҳ Жаҳон ҳузурига келди. Бечора қария ўғлини қучиб, йиғлаб юборди, бироқ ўзини қўлга олиб, барибир қатъий оҳангда шундай деди: “Хўп, Доро, модомики ўз билганингча иш тутмоқчи экансан, бора қол, худо ўзи сенга ёр бўлсин. Бироқ, гапларим эсингда бўлсин: борди-ю, жангни бой берсанг, ҳузуримга оёқ босма”. Бу гап ўғлига заррача таъсир қилмади, у тез чиқиб кетди, отга ўтирди. Аградан йигирма чақиримча наридан Чамбил дарёси кечувини эгаллаш учун йўлга тушди. Бироқ, у ўзига етганча айёр ва ақлли эди. Ҳамма нарсани миридан-сиригача етказиб турадиган айғоқчи ва хос одамлари беҳисоб эди. Бу кечув ғоят оғирлигини унинг ўзи ҳам билар эди, чунончи, ундан кечиб ўтишга уринмай, эҳтиёткорлик юзасидан бу фикридан қайтди. У кечув яқинига бориб жойлашди, чунки Доронинг ўрдасидан унинг чодирлари кафтдагидек кўриниб турарди. Ие, у нималар қиляпти, ўзи? У Шемпет исмли қўзғолон кўтарган рожалардан бири билан музокара олиб борарди, унга совға-саломлар инъом қилар ва агар у унинг ерларидан ўтишга имкон берса, янада кўпроқ берар эди. Бу ерларга етиб олса, дарёни бемалол кечиб ўтса бўладиган жой борлигини у биларди-да, Шемпет рози бўлди ва ўз мамлакатининг тоғ ва ўрмонлари оша ўтадиган йўлни кўрсатишини айтди. Аврангзеб ўша куни тундаёқ шовқин-суронсиз ўрдасини олди, Доронинг кўзини шамғалат қилиш учун бир нечта чодирни қолдирди. Кечасию кундузи шошилинч йўл босиб, то Доро бундан хабар топгунга қадар дарёнинг нариги тарафига ўтиб олди. Шундай қилиб, Доро ўзининг дарёдаги жойини тарк этишга, истеҳкомини ташлаб кетишга ва душманини таъқиб қилиш учун олға ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Унга хабар қилишларича, Жамна дарёсигача етиб олиш ва у ерда ҳеч бир қийинчиликсиз қулай жойлашиб олиш, сувдан фойдаланиш, кучларини яхшилаб жойлаштириб олиш ва Дорони кутиб туриш учун Аврангзеб шиддат билан Агра томон кетиб борарди. У Аградан беш чақиримча нарида ўрда қуриб олди, бир вақтлар у Самонгир деб аталарди, ҳозир эса Фотиҳобод, яъни ғалаба жойи номи билан машҳур эди. Бирмунча муддатдан сўнг Доро ҳам ўша дарёнинг соҳилидан унча узоқ бўлмаган жойда, Агра билан Аврангзеб қўшини ўртасида ўрда қурди.

Уч-тўрт кунгача ҳар иккала қўшин жангга киришмай, бир-бирига юзма-юз турди. Бу орада Шоҳ Жаҳон Дорога бир неча мактуб йўллади, Сулаймон Шайх яқиндалигини, шошмасликни, Аграга яқинроқ келишни, қулай жойни эгаллашни ва маҳкам ўрнашиб олишни, Сулаймонни кутишни айтди. Бироқ, Доро унга, уч кун ичидаёқ Аврангзеб ва Мурод Бахшнинг қўл-оёғидан боғлаб оёғингиз тагига келтириб ташлайман, ундан кейин уларни нима қилсангиз ўзингиз биласиз, деб жавоб қайтарди. Узоқ кутиб ўтирмасдан у қўшинларини жой-жойига қўйди-да, жангга ҳозирлик кўра бошлади.

Суворийлар йўлини тўсиш учун у биринчи қаторга бир-бирини занжир билан боғлаб, тўпларни териб қўйишни буюрди. Замбаракларнинг ортидан кўплаб салт туяларни сафлади, уларнинг олд томонидан катталиги икки пилта милтиқча келадиган майда тўпларни боғлаттирди (бу бизнинг соллар четига палахмонларни ўрнатиб қўйишимизга ўхшаб кетарди), туяда ўтирган одамлар тушмасдан бу тўпларни ўқлай ва ўқдан бўшата оларди. Бу туялар ортидан катта миқдордаги пилта милтиқчилар саф тортганди. Қолган қўшин асосан қилич, ўқ-ёй билан қуролланган сарбозлардан иборат эди, улар, одатда, мўғуллар каби қуролланган эди (яъни шу маънодаки, ҳозирги тушунчамизда — мусулмон динига кирган оқ танли одамлар: форслар, турклар, араблар ва ўзбеклар эди) ёки одатда қилич ва найза билан қуролланган оддий ражпутлар эди. Мана шу жангчилардан ташқари яна, менинг наздимда, уч турлик даста тузилганди. Ўнг қанот ўттиз минг мўғулга қўмондонлик қиладиган Халилуллохонга топширилди. У бу пайтда менинг оғам бўлган Донишмандхон ўрнига буюк бахши, яъни барча суворийларнинг бош лашкарбошиси бўлди. Донишмандхон бу мансабни ўз ихтиёри билан рад этди, у Шоҳ Жаҳоннинг Дорога қарши туришларини ҳар доим очиқ-ойдин қўллаб-қувватлагани ва Шоҳ Жаҳон бундан мамнун бўлгани учун Доро уни ёқтирмаганидан шундай қилганди. Агар ўз ихтиёри билан кетмаса, Доро уни зўрлаб ҳайдаб юборишидан хавфсирарди. Чап қанот рожа Чатресал ва рожа Ромсинҳ Рутле билан биргаликда жуда таниқли ва жасур саркарда Рустамхон Даҳнийга топширилди.

Аврангзеб билан Мурод Бахш ҳам ўз навбатида қўшинларини деярли мана шу тартибда жойлаштиришганди, бироқ, ўнг ва сўл қанотларда турган айрим амирларнинг қўшинлари орасига улар бир қанча кичик дала тўпларини яширган эдилар. Айтишларича, бу Амир Жумла ўйлаб топган ҳийла бўлиб, мақтовга сазовор деса бўларди. Бошқа ҳарбий ҳийлалар ўйлаб топилмаганди, фақат онда-сонда таёқ учига боғлаб қўйилган гранатага ўхшаш “банн” улоқтирувчилар қўйиб чиқилганди. “Банн”ларни узоқдан суворийларга қараб улоқтирилар, отларни қаттиқ чўчитиб юборилар, гоҳо ярадор қилиб, ўлдирар ҳам эди. Тўғрисини айтганда, бу суворийлар жуда тез ҳаракат қилар ва ёйдан шиддат билан ўқ ёғдирар эди. Пилта милтиқдан икки марта ўқ узилгунга қадар суворий камондан олти мартагача пайкон йўллашга улгурарди. Суворийлар саф-саф, тўда-тўда бўлиб, алоҳида қўмондон раҳбарлиги остида зич ҳолда турарди. Айниқса, шамширга навбат келганида яна ҳам жипслашиб кетар эди. Бироқ, умуман олганда, бизнинг яхши қуролланган қўшинларимизга нисбатан бу қўшинни у қадар мақтагулик деб бўлмасди. Бу ҳақда мен кейинроқ яна сўз юритаман.

Барча қўшинлар жой-жойига қўйиб бўлингач, ҳар икки томондан тўплар отишмаси бошланди. Уларда жангни, одатда, тўплар бошлаб беради. Кейин пайконлар уча кетди, бироқ тўсатдан шунақанги шаррос ёмғир ёға бошладики, жанг тўхтаб қолди. Ёмғир тингач, яна тўплар гумбурлай кетди ва шу аснода улкан цейлон филида Доро пайдо бўлди. У бутун қўшин бўйлаб ҳамлага ўтишга буйруқ берди. Ўзи эса каттакон суворийлар тўдаси ўртасида тўғри душман тўпчилари устига қараб ҳаракат қила бошлади. Тўплар уни шиддат ила қарши олар, унинг атрофидагиларни тутдай тўкар эди, бундан нафақат у қўмондонлик қилаётган тўдадаги суворийлар, ҳатто орқадан келаётган суворийлар ҳам саросимага тушиб қолди. Бироқ, Доронинг ҳамон филда ўтирганини, чекинишни хаёлига ҳам келтирмаётганини, қўли билан имлаб ҳаммани унинг ортидан олға қараб ҳаракат қилишни кўрсатаётганини кўриб, суворийлар ўзларини ўнглаб олишди. Ҳар ким сафда ўз ўрнини эгаллади ва Доро ортидан олға силжий бошлади. Бироқ, у душман тўпчиларига янада яқинроқ борганида тўплардан иккинчи марта ўқлар узилди ва яна суворийларни тўзғитиб юборди, кўплар орқага чекинишга мажбур бўлди. Лекин Доро саросимага тушмади, маҳкам турганча одамларини олға ундаб, вақтни бой бермасдан қўли билан олға қараб тезроқ ҳаракат қилиш лозимлигини кўрсата бошлади. Шиддат билан ҳаракат қилганча у тўплар сафини ёриб ўтди, занжирларни узиб, тўпларни ажратиб ташлади, ўртага кириб борди ва туялар, пиёдалар, йўлда ким тўғри келса барчасини қочишга мажбур қилди, бу билан ортидан келаётган суворийларга ажабтовур йўл очиб берди. Шунда душман суворийлари билан шиддатли жанг бошланиб кетди. Аввалига у томондан ҳам, бу томондан ҳам ўқлар ёмғирдай ёғди, Доронинг ўзи ҳам пайконлар отар эди. Бироқ, нафсиламрини айтганда, пайконлар айтарли иш бермаётганди, деярли ўндан тўққиз қисми ҳавода кўздан йўқолар, нишонга бориб тегиш ўрнига ерга санчилиб, синар эди. Дастлабки тўп гумбуридан кейин душманлар бир-бирига яқинлашадилар ва ниҳоят навбат қиличбозликка етади, сафлар аралаш-қуралаш бўлиб кетади, қўл жанги бошланиб, ҳар икки томон жон олиб-жон бериб олишади. Доро ҳамон фил устида маҳкам ўтирганча далда берар, қичқирар ва ҳар томонга қараб ишоралар қилар эди. Ниҳоят у шиддат билан шунақанги олға интиладики, душман суворийларини тумтарақай қилиб чекинишга ва орқага қочишга мажбур этди.

Ўша ердан сал нарида фил устида бўлган Аврангзеб ҳам бу тартибсизликни кўриб, бор кучи билан аҳволни яхшилашга уринди, бироқ, бефойда. Доронинг тазйиқини тўхтатишга ҳаракат қилганча у ўзининг энг яхши суворийлар дастасини олдинга сурди, бироқ бир неча муддатдан сўнг бу даста ҳам тирқираб кетиб, чекинишга мажбур бўлди. Аврангзебнинг бунга халақит бериш учун қилган барча уринишлари зое кетди. Бироқ унинг жасорати ва қатъиятига эътибор қилмай иложимиз йўқ: у бутун қўшиннинг пароканда бўлганини ва қоча бошлаганини кўриб турарди, қаттиқ туриб жанг қилаётган аскарларининг сони мингтадан кўп эмасди (баъзиларнинг менга айтишича, улар беш юзтача эди, холос), йўлнинг нобоплиги, айрим жойларда жарликлар ва ўнқир-чўнқирликлар бўлишига қарамай, Доронинг устига бостириб келмоқчи бўлаётганини ҳам кўриб турарди, — шундай бўлишига қарамай, у матонатини йўқотмади, чекиниш ҳақидаги фикрни хаёлига ҳам келтирмай, маҳкам турарди. Атрофида жипслашган ўзининг энг яхши саркардаларини исми билан чақириб, уларга “Далерона!” деб қичқирарди. Бу — “Бардам бўлинглар, дўстларим!” деган маънони берарди. “Худа ҳе!” (“Худо бор!”) қўшимча қиларди яна, — қочишингиздан умидингиз нима? Дакан вилоятимиз қаердалигини билмайсизми ё? Худа ҳе! Худа ҳе!” Ҳеч қанақанги баҳона билан унинг қочишга аҳд қилмаётганига ишончлари комил бўлган саркардаю аскарларига у, агар ўз жасорату қатъият кўрсатишга юрагингиз бўлмаса, филимнинг оёғини занжирбанд этиб, тушовлаб қўйинглар, дея буйруқ берди (шунақаси ҳам бўлар экан-да!).

Бу орада Доро ҳақиқатан ҳам узоқда бўлишига ва ўнқир-чўнқир йўллар юришга халақит бераётганига ҳам қарамай, Аврангзеб устига бостириб келишга ҳаракат қиларди. Тепаликлар ва водийлар суворийларга тўлиб кетганди, гарчи улар тартибсиз ҳолда бўлса-да, қаршилик кўрсатишга муваффақ бўлаётганди. Шу билан бирга шу тариқа ҳаракат қилганча у ғалаба қозониши ва жангни ўз фойдасига ҳал этиши ҳеч гап эмасди. Аврангзеб эса ўзининг камсонли аскарлари билан бу тазйиққа бардош беролмаслиги тобора кўпроқ аён бўлмоқда эди. Бироқ Доро ўз афзалликларидан фойдалана олмади. Аврангзебнинг қийин вазиятдан қутулиб чиқишига ва Доронинг вақтинча ғалаба қозонишига, мана, нималар сабаб бўлганди:

Доро чап қанот қаттиқ тартибсизликка гирифтор бўлганини кўрди, унга Рустамхон ва Чатресал ўлди, Рамсинҳ Рутле эса жуда олдинга кетиб қолди, душман сафларини ёриб ўтди ва ўзига йўл очиб олди, бироқ чор атрофдан қуршовга тушиб, катта хавф остида қолди, деб хабар қилишди. Шу нарса Доронинг Аврангзеб устига тўғри бостириб бориши ва чап қанотга ёрдам бериш учун ҳаракат қилиш ниятидан қайтарди. Жуда шиддатли жанг бошланди, бироқ охир-оқибатда қаршисидан учраганларни ағдар-тўнтар қилганча ва душманни қаттиқ саросимага солганча ғалаба ҳам қилди; шундай бўлса-да, у мудом қаршиликка дуч келмоқда ва у ушланиб қолмоқда эди. Рамсинҳ Рутле эса ҳайратомуз даражада матонат ва мардлик билан жанг қиларди, у Мурод Бахшни ярадор қилди ва унга шу қадар яқин бордики, унинг фили айилларини кесиб ташлаб, ўзини ерга улоқтиришга ҳозирлик кўра бошлади. Бироқ Мурод Бахшнинг шавкати ва толеи унинг нияти амалга ошишига йўл қўймади. Шу куни ҳеч ким Мурод Бахшдек шу қадар жасорат билан жанг қилмади. Рамсинҳ Рутленинг ражпутлари ярадор қилган ва исканжага олган Мурод Бахш устига ваҳшийларча бостириб борганларида ҳам у асло чўчимади, бир қадам ҳам ортга чекинмади ва қулай фурсатлардан шунақанги усталик билан фойдаландики, гарчи эгарига ёнма-ён ўтқазиб олган етти ёки саккиз яшар ўғлини қалқон билан ҳимоя қилишга мажбур бўлаётганига ҳам қарамай, у Рамсинҳ Рутлени камонидан нишонга ола билди ва у жон бериб, ерга қулади.

Доро бу мудҳиш хабардан жуда тез воқиф бўлди, бироқ шу билан бирга унга шундай хабарни ҳам етказишдики, Мурод Бахш катта хавф остида қолган, ражпутлар ўз соҳибларининг ўлими учун қасос олиш ниятида шердек олишмоқдалар. Гарчи бу томондан йўлнинг ғоят оғирлигини, йўлда эса унга қаршилик кўрсатаётган ва кечиктириб қўяётган кичик-кичик тўдалар мудом учраб турганини билса-да, у Мурод Бахш томон ҳаракат қилиш аҳдидан қайтмади. У илгарироқ Аврангзеб устига бостириб бормай, хатосини тўғрилаш мумкин бўлган бу энг яхши режа эди; бироқ унинг бахтиқаролиги деймизми ёки энг мудҳиш сотқинлик деймизми, ё бўлмаса илгари ҳеч мисли кўрилмаган энг катта хатоликми, нима бўлганда ҳам айнан шу нарса Доронинг тўла тор-мор этилиши ва ўлимига сабаб бўлди.

Доро ва қўшиннинг чап қаноти жон-жаҳди билан ва ҳатто муваффақиятли олишиб турган бир вақтда ўнг қанотда ўттиз минг мўғул лашкарига қўмондонлик қилаётган Халилуллохон, гўё жангда иштирок этмаётгандек, бир четда қўл қовуштириб турарди. Ҳолбуки ташқи ёрдамсиз улар Аврангзебнинг бутун қўшинини тор-мор этишга қодир эди. У захирага қўйилгани ва қўлида фавқулодда ҳолатдагина жангга киришиши ҳақида буйруқ борлиги баҳонаси остида ўз сарбозларидан биронтасига ҳам камондан ўқ узишга имкон бермаётганди. Бироқ юрагининг тубида сақлаб келаётган ҳақиқий сабаб эса Доронинг уни ботуш (мўғулларнинг оёқ кийими) билан бир неча бор уришга буйруқ бериб, ҳақоратлангани эди. Агар ўша ярамас шу қўл қовуштириб туриши билан чекланиб қўя қолганида ҳам бир нав эди: шу билан Доро жангда ютиб чиқиши ҳам мумкин эди. Бироқ унинг ғазаби ва ўч олишга ташналиги жуда даҳшатли тус олди: Халилуллоҳ ўзининг асосий дастасидан ажралиб чиқди-да, озсонли аъёнлари ҳамроҳлигида шиддат билан Доро устига қараб от солди. Доро Мурод Бахш устига бостириб боришга ҳозирлик кўриб турган бир вақтда у киши овози етгулик масофа қолганда овозининг борича ҳайқира бошлади: “Муборакбод, Ҳазрат! Алҳамдулиллоҳ, Сиз ғалаба қозондингиз! Ҳазратим, энди фил устида ўтирганингиз нимаси? Шунча вақт ҳаётингизни хавф остига қўйганингиз етмайдими?! Муборак чакмонингизни тилка-пора қилган пайконлардан биронтаси баданингизга текканда биз нима қила олар эдик? Бу қўшинда сотқинлар озмунчами? Худо ҳақи, пастга тушинг-да, тезроқ отга мининг. Энди бу қочоқларни таъқиб қилиш қолган, холос. Уларнинг қўлдан чиқиб кетишларига йўл қўймайлик!”

Ёлғонни фош этишга ва филдан тушиб, ундан кўз узмай турган қўшин нигоҳидан бир лаҳза пана бўлгудек бўлса нималар бўлишига озгина фаросати етганда эди, у ғаддор сотқиннинг ўша заҳоти бошини олишга буйруқ берган бўлар эди. Бироқ оқкўнгил шаҳзода бир маккорнинг гапига кириб, ширин сўзлардан эриб кетди. Жуда самимий ва тўғридек бўлиб кўринган маслаҳатга қулоқ солганча у филдан тушди ва отга минди. Бироқ орадан чорак соатча вақт ўтдими-йўқми, у Халилуллоҳнинг макрини англаб қолди ва йўл қўйган хатосидан пушаймон бўла бошлади. У, қани ўша сотқин, ўлдираман уни, дея кўзи билан ён-атрофни қидира кетди, бироқ сотқин аллақачон жуфтакни ростлаб қолган бўлиб, фурсат бой берилган эди. Ишонасизми, қўшин Доронинг фил устида йўқлигини кўриб, уни ўлдига чиқарди ва бутун қўшинни даҳшат чулғади. Ҳар ким энди қандай қилиб Аврангзеб қўлидан қутулиб чиқишу жон сақлашни ўйлар эди. Нимасини ҳам айтай? Ҳаммаси бирваракай оёғи осмондан бўлганди, ҳамма ҳар томонга тумтарақай қочар эди. Ҳозиргина ғолиб бўлганлар тўсатдан мағлубга, ташландиққа айланиб, жонини сақлашга мажбур бўлаяпти! Хуллас, фил устида чорак соатгина чидаб ўтирган Аврангзеб Ҳиндистон тахтини эгаллаган, фил устидан бир озгина олдин ерга тушган Доро эса тахтдан ағдарилган ва дунёдаги энг бахтиқаро шаҳзодага айланган эди. Арзимаган бир ҳаракат туфайли жанг натижаси ва буюк салтанатнинг келажаги ҳал бўлган-қўйган эди.

Бу ҳайратомуз икки улкан қўшин гоҳо одамни тонг қолдирар эди, аммо қўрқув ва саросималик дегани шундай бир балои азим бўлар эканки, бир хуружга солса уни ҳеч нарса билан тўхтатишнинг иложи бўлмай қоларкан. У бамисоли тўғонни бузиб юборган тошқин дарёга ўхшаркан. Йўлида учраган ҳамма нарсани ювиб, ўпириб, бузиб, оқизиб кетаркан…

…Бундай кутилмаган муваффақиятдан руҳланган Аврангзеб ўзидаги бор жасоратни, эпчилликни, айёрликни ишга сола кетди — темирни қизиғида босиш учун жонини жабборга бера бошлади. Халилуллоҳ зумда унинг қошига етиб келди ва унинг хизматига тайёрлигини билдирди. Аврангзеб унга зўр илтифотлар кўрсатди ва кўп ваъдалар берди, бироқ Халилуллоҳнинг таклифига дарров хўп дейишдан олдин уни дарҳол Мурод Бахш ҳузурига олиб борди. Албатта, Мурод Бахш уни қучоғини кенг очиб қарши олди. Аврангзеб эса жанг чоғида кўрсатган шавкати ва матонати учун Мурод Бахшни кўкларга кўтариб мақтади, Халилуллоҳ олдида уни давлатпаноҳ деб атаб, ғалабанинг бош сабабчиси сифатида алқади. Халилуллоҳнинг ўзини эса чинакам фуқаро ва салтанат мулозими деб шарафлаган бўлди. Шундан сўнг у кечасию кундузи тер тўкиб меҳнат қила бошлади, барча амирларга мактублар ёзиб, бугун бирига, эртага бошқасига ёрдам қўлини чўзиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлар эди. Унинг амакиси, Доронинг эски ва кучли душмани Шоҳ Жастхон ҳам бир вақтлари ҳақоратлангани учун боплаб ўчини олди — у ҳам Дорони хумордан чиққунча ҳақорат қилди. Ҳолбуки, бутун Ҳиндистонда ўзининг хушнавислиги ва гапга чечанлиги билан машҳур бўлгани боисидан, ҳамма жойда Дорога қарши ҳаракат қилишга уринган ҳолда, кўплаб фитналарни уюштириб берди ва Аврангзебнинг муваффақиятларини таъминлаб турди. Бироқ Аврангзебнинг айёрлиги ва риёкорлигини айтиб ўтиш керак: у ниманики қилса, нимаики битим тузса, нимаики ваъда берса — гўё бу нарсалар Аврангзеб учун эмас ва унинг номидан ҳам эмас, унинг бирдан-бир нияти — дарвешона яшаш, бу ҳам бўлса фақатгина Мурод Бахш учун. Мурод Бахшнинг айтгани айтган, дегани деган, Аврангзеб унинг олдида ҳеч ким эмас, ҳаммасини Мурод Бахш қилаяпти, у давлатпаноҳ бўлиши керак, вассалом.

Шўрлик Дорога келсак, у ўзини йўқотган кўйи Аграга шошилади, аммо Шоҳ Жаҳон ҳузурига боришга журъат қилолмайди. Жанг олдидан хайрлаша туриб унга шафқатсизларча айтган сўзларини эслайди: “Билиб қўй, Доро, борди-ю, енгилгудек бўлсанг, олдимга қайтиб келма!” Шундай бўлса-да, кекса Шоҳ Жаҳон маҳрамларидан бирини унинг ҳузурига йўллаб, Дорони юпатишни, уни жонидан яхши кўришини айтишни буюради. Унинг енгилганидан афсус қилаётганини, бироқ руҳи чўкмаслигини, ҳали ҳаммаси қўлдан кетмаганлигини, унда Сулаймон Шайх бошлиқ яхши қўшини борлигини эслатади. У тўғри Деҳлига бориши кераклигини, у ерда давлат отхонасидан мингта от олишини, қалъа доруғаси эса пул ва филлар беришини тайинлайди. Хуллас, иложи борича узоққа кетмасин, Шоҳ Жаҳон унга мактублар ёзиб туради ва Аврангзебнинг боплаб таъзирини бериб қўяди ва ҳоказо, ва ҳоказо. Менга айтишларича, Доро бу пайтда ўзини шунақанги эзилган ва йўқотиб қўйган эдики, маҳрамга бир оғиз бир нима деб жавоб қайтаришга ҳам, биронта одамни Шоҳ Жаҳон ҳузурига йўллашга ҳам мажоли етмайди. Бир неча чопарини Бегим Соҳибга юборади-да, хотини, қизи ва набираси Сафо Шайхни олиб ярим тунда жўнаб кетади. Баъзи гапларга қараганда, унга кўпи билан уч юз ё тўрт юз одам ҳамроҳ бўлиб кетган. Доро Деҳли томонга кетаверсин, биз Аврангзебнинг қандай эпчиллик билан ўз ишларини тўғрилаганини кўриш учун Аграда тура турамиз.

Доро ва унинг тарафдорлари Сулаймон Шайхнинг ғолиб қўшинига умид боғлаши мумкинлигини Аврангзеб яхши биларди. Шунинг учун бу қўшинни ундан тортиб олишга ёки жуда бўлмаганда уни сафдан чиқаришга аҳд қилди. Шу мақсадда у рожа Жессинга ва Сулаймон Шайх қўшинининг бош саркардаси Далилхонга кетма-кет мактублар йўллайди. Мактубларда энди Доронинг аскарларига ишонч қолмаганини, жангни бой бергач, Доро қўшинсиз бир ўзи Деҳлига қочиб кетганини, у қўлдан чиқиб кетиши мумкинлигини ва уни тутиш учун ҳамма жойга буйруқлар тарқатилганини айтади. Шоҳ Жаҳонга келсак, у шундай ҳолатдаки, унинг соғайиб кетишига ҳеч қандай умид қолмаган. Бундан кейин қандай иш тутиш лозимлиги устида яхшилаб ўйлаб кўришни таклиф этади: борди-ю улар ақлли одамлардек, унинг омадидан ибрат олиб, у билан дўст тутинишса, Сулаймон Шайхни қўлга олишсин-да, унинг ҳузурига олиб келишсин.

Жессинг нима қилишини билмай икки ўт орасида қолди. У ҳамон Шоҳ Жаҳон ва Дородан қўрқар, ундан ҳам кўпроқ қўли шаҳзода қони билан бўялишидан чўчирди. Эртами-кечми, гарчи Аврангзебнинг ўз қўли билан бўлса ҳам, шундай бахтиқаролик албатта юз бериши мумкинлигини биларди. Бундан ташқари, у Сулаймон Шайхнинг қўлга тушишдан кўра ўлимни афзал кўрадиган даражада ботирлигини ҳам биларди. Пировардида қалин дўсти бўлмиш Далилхон билан маслаҳатлашиб, у шундай тўхтамга келади: бир-бирларига садоқатда бўлишга яна бир онт ичишиб, у уни сабрсизлик билан кутаётган Сулаймон Шайх чодирига йўл олади. Доронинг тор-мор этилганидан у ҳам воқиф бўлиб, Жессингга бир нечта одам юборган эди. Жессинг унга ҳамма гапни очиқ-ойдин сўзлаб берди, Аврангзебнинг мактубини, уни тутиш ҳақидаги фармонни кўрсатди ва уни хатардан огоҳ этди, Далилхонга ёки Довудхонга ёки қўшин ичидан бошқа биронтасига ишониш учун ҳеч қандай асос йўқлигига эътибор қаратди. Дўст сифатида унга иложи борича тезроқ Сринагарга етиб олишга ҳаракат қилишини маслаҳат берди, чунки қийин аҳволдан чиқиб кетиш учун бундан яхшироқ чора йўқ. Одам оёғи етиши қийин бўлган ерда жойлашган бу юрт рожаси Аврангзебдан хавотир олмайди ва уни қучоғини кенг очиб кутиб олади. У ерда бундан кейин иш қандай тус олишини кўради ва зарур бўлганда тоғдан бемалол тушиб келаверади. Бу гаплардан ёш шаҳзода рожага энди суяниб бўлмаслигини ва ҳаёти хавф остида қолганини англайди, боз устига Далилхон бутунлай рожага содиқ эди, чунончи бу маслаҳатни қабул қилишдан ўзга чораси қолмагани унга кундай равшан бўлади. У зудлик билан юкларни уловларга ортишга ва тоққа қараб равона бўлишга фармон беради. Мансабдорлар, саидлар каби унга кўпроқ содиқ бўлган айрим одамлар унинг ортидан боришни ўзлари учун вожиб деб биладилар, бундай қарордан қаттиқ таажжубга тушган бошқалар эса рожа билан қолишади. Бироқ рожа ва Далилхон унинг карвонига ҳужум қилиш учун одамларини юбориши ажабтовур рожа томонидан содир этилган ўта аблаҳлик ва беқиёс шафқатсизлик эди. Бошқа буюмлар билан бир қаторда олтин рупиялар ортилган филни ҳам тортиб олишади. Бу ҳужум шаҳзодага ҳамроҳлик қилган камсонли тўдани бутунлай эсанкиратиб қўяди. Кўплар карвонни ташлаб, изларига қайтиб кетадилар. Буни кўриб, деҳқонлар ҳам унинг одамларига ҳужум қиладилар, бор буд-шудларини талаб, айримларини ҳатто ўлдирадилар. Шунга қарамай, шаҳзода хотини ва болалари билан бир амаллаб тоққача етиб келади. Сринагар рожаси уни ғоят иззат-икром ила кутиб олади, бу ерда унга ҳеч нарса хавф сола олмаслигига ишонтиради, ҳатто бу юртга ўзингиз ҳукмдор бўлиб қўя қолинг, мен ўзим сизни ҳимоя қиламан ва қўлимдан келганча корингизга ярайман, дейди. Бу орада Аграда шундай воқеа юз беради.

Самонгир жангидан уч ё тўрт кун ўтгач, Аврангзеб Мурод Бахш билан бирга тўғри қалъадан бир милча наридаги боғ дарвозаси томон йўл олди. Ўша ердан Аврангзеб ўзи қаттиқ ишонган чаққон маҳрамларидан бирини Шоҳ Жаҳон ҳузурига юборади. Отам билан салом-аликдан кейин унга содиқлигимни ва мутелигимни яхшилаб англат, бўлиб ўтган ишлардан қаттиқ афсусдалигимни билдир, деб тайинлади. Яна, Доронинг манманлиги ва макри туфайли шундай кескин чоралар кўришга мажбур бўлганимни ва ҳукмдорнинг соғлиғи ҳақидаги хушхабардан севинчдан теримга сиғмай кетганимни, бу ерга эса Шоҳ Жаҳондан амру фармонлар олгани келганимни айт, деди. У маҳрамнинг барча гапларини диққат билан тинглади, гарчи иш ҳаддан ташқари чигаллашиб кетганини кўриб турса-да, ўғлининг ошкора севинч билан ифода этган итоаткорлигини қабул қилди. Аврангзебнинг ичимдагини топлиги ва қувлигини ва ҳукмдор бўлишдан пинҳоний иштиёқини яхши билган ҳолда у унинг ўзигаю мулойим сўзига асло ишонмаслик кераклигини тушунарди. Шу билан бирга ён беришни маъқул топди. Энг ишончли усул билан ҳаракат қилиш, тадбиркорликни намоён этиш, ўзини шаҳар бўйлаб тахтиравонда олиб юриш, мажбурлаб эл кўзига кўриниб туриш, ўзининг барча амирларини тўплаш ўрнига (ҳали ҳам вақт кеч эмасди), у айёрликда устаси фаранг Аврангзебни қўлга туширишга ҳаракат қиларди. Ўғлини туширмоқчи бўлган тузоққа охирида Шоҳ Жаҳоннинг ўзи илиниб қолди. У Аврангзебга маҳрамини юборди. Бу билан у Доронинг аҳмоқона қилиқларини ва ҳатто ноқобиллигини яхши билишини англатмоқчи эди. Маҳрамидан Аврангзебни аввалгидай яхши кўришини, бунга заррача шубҳа бўлиши мумкин эмаслигини айтди. Шунинг учун иложи борича тезроқ ҳузурига етиб келишини, чигалликларни бирга ҳал қилишини сўради, ҳаммадан ҳам суюкли ўғлини бир карра бағрига босиб, қучишга интиқ эканлигини алоҳида таъкидлади. Ўз томонидан Аврангзеб Шоҳ Жаҳоннинг сўзларига жуда ҳам ишонмасликни, боз устига, ўзига душман деб билгани Бегим Соҳиб туну кун отасининг қошидан жилмай, унинг қулоғини пишитиб туришини фаҳмларди. Қалъага киргудек бўлса, уни тутиб олишларидан ва шу билан ҳамма иш унинг зарарига ҳал бўлишидан қўрқарди. Дарҳақиқат, айтишларича, айнан шу қарорга келишиб олишганди ҳам, шу мақсадда ҳарамдаги семиз-семиз оқсоч хотинларни тиш-тирноғигача қуроллантириб қўйилганди, Аврангзеб ичкарига қадам қўйиши билан ҳаммалари унга ташланиши керак эди. Нима бўлганда ҳам Аврангзеб таваккал қилишни истамади, лекин ҳар эҳтимолга қарши эрта-индин отамнинг ҳузурига йўл оламан, деб гап тарқатди. Бироқ тайинланган кун келиши билан учрашувни эртага қолдириб, вақтни чўзгани-чўзган эди, бу кун энди қачон келишини ҳеч ким аниқ айта олмасди. У зимдан фитна уюштиришда давом этмоқда ва барча бош амирларни ўз режасини амалга оширишга руҳлантирмоқда эди. Ниҳоят, унинг режаларини амалга ошириш учун ҳамма нарса зимдан шай этиб қўйилди деганда, бирданига ҳамманинг оғзи ланг очилиб қолди: Шоҳ Жаҳон билан музокаралар олиб бориш баҳонасида Аврангзебнинг қалъага юборилган жасур ва уддабурон катта ўғли Султон Маҳмуд ҳаммани суриб, эшик тагида қўриқчиликда турган посбонга ташланди, олдиндан қўйиб қўйилган талай одамлар фурсатни бой бермай ичкарига отилиб кирдилар-да, қалъа деворларини эгаллаб олдилар.

Ўзининг тузоққа илинганини кўриб Шоҳ Жаҳон донг қотиб қолди, бировга қазиган чоҳга ўзи қулаганди, Аврангзеб эса қалъани эгаллаганди. Айтишларича, Султон Маҳмуднинг руҳини кўтариш учун зудлик билан унга одам юборган, унга тахтни ваъда қилган ва агар менга содиқ қолса ёрдам бераман, уни ҳукмдор қиламан деб Қуръон номи билан қасам ичган. Фурсатни бой бермай тезда хосхонамга етиб келсин деб амр қилган. Бу иши билан у худонинг марҳаматига ва абадий шон-шуҳратга сазовор бўлишини айтган: Султон Маҳмуд бобом Шоҳ Жаҳонни зиндондан озод қилган деб умримнинг охиригача айтиб юраман деган. Ҳақиқатан ҳам, борди-ю, шундай иш қилишга Султон Маҳмуднинг журъати етгудек ва Шоҳ Жаҳон очиқ шаҳарга чиқиб жангга отлангудек бўлганида, ҳеч шубҳасиз, барча нуфузли амирлар унинг ортидан борган бўларди. Шунда Аврангзебнинг бевосита ўз отасига қарши курашиши учун журъати ҳам, шахти ҳам етмаган бўларди, боз устига ундан ҳамма, эҳтимолки, Мурод Бахш ҳам юз ўгирарди.

Шоҳ Жаҳоннинг хатоси шундан иборат эдики, жангдан ва Доронинг қочиб кетганидан кейин у қалъадан чиқмади. Бироқ Шоҳ Жаҳон гўё жуда оқилона иш тутди дегувчи одамларни учратдим. Бу масала сиёсатчилар орасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди ва шу фикрларни қўллаб-қувватловчи хулосалар баён этилди. Масалан, шундай дер эдилар: қизиқ, воқеалар ҳақида ҳеч қачон унинг қандай анжом топганига қараб ҳукм чиқармайдилар; кўп ҳолларда аҳмоқона тадбирлар муваффақиятли тугалланади, шунинг учун ҳам ҳамма уни маъқуллайди; борди-ю, Шоҳ Жаҳоннинг режаси амалга ошганида эди, у ёруғ оламдаги энг ақлли ва уддабурон одам саналган бўларди; бироқ у тузоққа тушиб, Бегим Соҳибдай бир аёлнинг гапига кирган соддадил, ишонувчан чолга айланиб қолди. Бу аёл эса ўзига жуда ҳам бино қўйиб юборган, ҳаммани оёқ учида кўрсатарди. Чунончи, у билан кўришгани Аврангзеб ўз оёғи билан келади, қарабсизки, қуш ўзи қафасга келиб қўнади, деб ишонганди. Жуда бўлмаганида Аврангзеб ҳеч қачон қалъани олишга журъат қилолмайди ва бу унинг қўлидан келмайди ҳам дерди. Худди шу одамлар астойдил таъкидлар эдиларки, Султон Маҳмуд йўл қўйиши мумкин бўлган бирдан-бир хато энг савобли ва ноёб бир иш ёрдамида тожни эгаллаб олишдек имкониятдан фойдалана олмаганидир: бунинг учун бобоси Шоҳ Жаҳонни озод қилиши, бу билан олий ҳакамлик ҳуқуқини адолатли равишда қўлга киритиши керак эди. Бунинг ўрнига у кейинчалик ёруғ олам билан видолашгани Гвалиорга бош олиб кетди. Нима бўлганда ҳам Султон Маҳмуд (Шоҳ Жаҳон уни алдашидан ва қалъа ичида ҳибсга олишидан қўрқдими ёки ўз отаси Аврангзеб ишончини оқламасликка журъат этмадими) бу ҳақда эшитишни ҳам, бундай йўл тутишни ҳам истамади. У ҳукмдорнинг хосхонасига киришдан бош тортди, Шоҳ Жаҳон устига бостириб боришга отамдан буйруқ олганим йўқ деб совуққина жавоб берди, холос. Фақат отам бемалол қайтиб келиши ва мен қиблагоҳимнинг оёғини пойбўс қилишим учун барча қалъа дарвозаларининг калитлари билан қайтиб келишдан ўзга чорам йўқ деб иқрор бўлди. Икки кунча вақт ўтди, Шоҳ Жаҳон ҳамон калитларни беришга қарор қилмаётганди. Бу вақт ичида Султон Маҳмуд ўз одамлари билан кечасию кундузи қалъа ичида ҳеч қаёққа жилмай тураверди. Кичик эшик тагига қўйган одамларининг аста-секин қочиб кетаётганини кўргач, ниҳоят, Шоҳ Жаҳон кимга суянишини билмай, калитларни топширди. Агар чиндан ҳам ақлли бўлса, Аврангзеб ҳузуримга келсин, мен унга ғоят муҳим гапларни айтмоқчиман, деб фармон берди. Бироқ унинг ўзи тушуниб турардики, Аврангзеб бундай қўпол хатога йўл қўядиган анойилардан эмас. Аксинча, бунинг ўрнига у ўша заҳоти маҳрами Эътиборхонни қалъа доруғаси этиб тайинлади; у эса тезлик билан Шоҳ Жаҳонни Бегим Соҳиб ва бошқа барча хотинлари билан биргаликда энг тўрдаги хоналарга қамаб қўйди. Биров билан гаплашмаслиги, хат олиб-хат бермаслиги ва ҳаттоки рухсатсиз хонасидан чиқмаслиги учун бир қанча эшиклар қурдирди.

Бу орада Аврангзеб Шоҳ Жаҳонга мактуб битди, уни муҳрлашидан олдин ҳаммага кўрсатиб чиқди. Мактубда у ҳарҳолда анчайин совуққонлик билан хабар қилар эдики, гўёки унга ишончли манбалардан қуйидагилар маълум: Шоҳ Жаҳоннинг Аврангзебга азбаройи ҳурмати баландлиги ва Дорога нисбатан нафрати зўрлигига қарамай, барибир у Дорога олтин рупиялар ортилган икки филни юборган, бу билан унинг соғайиб кетиши ва урушни қайтадан бошлаши учун ёрдам бермоқчи бўлган. Шундай қилиб, Аврангзеб эмас, балки Доро уни озод бўлиш имкониятидан маҳрум этди дейиш тўғрироқ бўлади. Шоҳ Жаҳон ўз бошига тушган барча мусибатлар учун гуноҳкор ҳисобланган Дородан хафа бўлиши керак. Агар Доро бўлмаганида, у, яъни Аврангзеб, биринчи куниёқ унинг ҳузурига келган ва ота ўз фарзандидан кутиши мумкин бўлган барча фарзларни адо этган бўлар эди. Бинобарин, унинг афвларини инобатга олади ва барчасига чидашни илтимос қилади. Доронинг риёкорона режаларини амалга ошириш имкониятларидан маҳрум этган заҳоти унинг ўзи зудлик билан ҳарам эшикларини очиш учун етиб келади. Бу ёзишма муносабати билан шу гапларни эшитишимга тўғри келадики, Шоҳ Жаҳон ҳақиқатан ҳам Доро жўнаб кетган тундаёқ олтин рупиялар ортилган икки филни жўнатган ва Равшаноро Бегим бу ҳақда Аврангзебни воқиф этишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари унга қуролли аёллар ҳужум қилажагидан огоҳлантирган. Аврангзеб ҳатто Шоҳ Жаҳоннинг Дорога йўллаган бир қанча мактубини қўлга киритган.

Баъзилар эса менга булар бари уйдирма эканини айтишди. Аврангзеб барчага намойиш қилган мактуб эса халқнинг кўзига чўп суқишдан, барча айбни Шоҳ Жаҳон ва Дорога тўнкаб, сувдан қуруқ чиқишга уринишдан бошқа нарса эмас. Чунки уни бундай йўл тутишга улар мажбур қилганлар. Хуллас, бу ишларни охиригача тўкис аниқлашнинг сира иложи йўқ. Нима бўлганда ҳам Шоҳ Жаҳоннинг ҳибсга олинганини кўргач, деярли барча амирлар Аврангзеб ва Мурод Бахш ҳузурига бош эгиб боришдан ўзга чора топмаганлар. Бундан ўзини тийишга ёки ўз давлатпаноҳи манфаатига бирон-бир тадбир кўришга журъат қиладиган битта ҳам мард топилмагани кишини таажжубга солади. Ҳолбуки, Шоҳ Жаҳон туфайли улар шундай даражаларга етишишганди, Шоҳ Жаҳон уларни ботқоққа ботиб кетишдан сақлаб қолганди, бўйинларини қуллик занжиридан соқит этганди. Султон суягини хорламас деганларидай, сарой шароитида юксак шараф ва беқиёс сарват соҳиби этиб қўйиш тез-тез учраб турадиган ҳолдир. Тўғри, Донишмандхон ва шунга ўхшаш айрим зотлар бирон-бир тарафга ўтмай, холислигича қолган эди, аммо улардан бошқа барча акобирлар Аврангзеб томонига ўтиб кетгандилар.

Бироқ шу нарсани ҳам ёддан чиқармаслик керакки, аввал айтиб ўтганимдек, улар шундай йўл тутишга мажбур бўлишганди. Ҳиндистондаги ҳолат Франция ва бошқа насроний давлатлардан фарқ қилар эди. Бизларда сарой аъёнларининг катта-катта хусусий мулклари бўлади, булар талай даромад келтириб, маълум вақтгача ўз маблағларига тирикчилик қилиш имкониятини таъминлайди. Ҳиндистонда эса аъёнларга фақат нафақа тўланади, аввал таъкидлаганимдек, ҳукмдор уни исталган вақтда бекор қилиши ҳам мумкин, шунда улар бирданига гадога айланиб қолар, гўё улар ҳеч қачон бўлмагандек, бир чақага олишмас ва улар бир чақа қарз ҳам ола олмас эдилар.

Шу тариқа Шоҳ Жаҳон ва барча амирлар хавфидан эмин бўлиб олгач, Аврангзеб хазинасидаги пуллардан керагича олди ва сўнгра амакиси Шоҳ Жастхонни шаҳар доруғаси қилиб қолдириб, Мурод Бахш билан биргаликда Доро ортидан қувиб кетди.

Қўшин Аградан чиқиши керак бўлган кунда Мурод Бахшнинг ўз дўстлари, айниқса, унинг маҳрами Шоҳ Аббос ортиқча мулозимат ва эҳтиёткорлик риёкорликнинг одатдаги белгиси эканлигини яхши билар эдилар. Улар Мурод Бахшга, модомики, у давлатпаноҳ экан ва Аврангзебнинг ўзи шундай деб турган экан, Аврангзеб Доро ортидан бир ўзи таъқиб қилаверсин, Мурод Бахш эса ўз қўшини билан Агра ва Деҳли яқинида қолаверсин, деб маслаҳат беришди. Борди-ю, у шу маслаҳатга кирса, у Аврангзебни анча қийинчиликка дучор қилиб қўйган бўлур эди; бироқ кошкийди Мурод Бахш Аврангзебни ёмон кўрса. Аврангзебнинг бу борада ҳам омади чопган эди: Мурод Бахш унинг Қуръонни ўртага қўйиб ичган онтларига чиппа-чин ишонган эди ва улар биргаликда Деҳли устига юришни давом эттирдилар.

Улар Аградан 3-4 кунлик йўл наридаги Матҳура шаҳрига етиб келганларида бир нарсанинг ҳидини олган Мурод Бахшнинг дўстлари тағин унга тазйиқ ўтказишга ҳаракат қила бошладилар, Аврангзебнинг нияти бузуқлигини ва шубҳали хатти-ҳаракатлар қилаётганини уқдира бошладилар. Улар айтишдики, ҳар томондан шу ҳақдаги хабарлар келиб турибди ва шу куни Мурод Бахш ҳеч бир иш билан Аврангзебнинг чодирига бормасин. Ундан кўра, зарбанинг тезроқ келиб тушишидан огоҳ бўлмоқ керак: шу куни соғлиғи ёмонлашиб қолганини баҳона қилиб, чодирга боришдан ўзини тийгани маъқул. Шунда Аврангзеб ўзи уни кўргани келади ва ёнида одамлари камроқ бўлади. Бироқ ҳар қанча уқдирганларига қарамай, Мурод Бахш биронтасининг гапига ишонмайди, унга берилган яхши маслаҳатларнинг биронтаси ҳам қулоғига кирмайди. Қайтанга Аврангзеб билан дўстлигидан хурсандлигининг намойиши сифатида ўша куни шомдаёқ уникига равона бўлди ва у билан овқатлангани ўша ерда қолди. У келиши билан унинг йўлига кўзини тўрт қилиб ўтирган Аврангзеб уни қучоқлаб қарши олди. У билан бирга олдиндан тайёр қилиб қўйилган Минка ва Аврангзебга содиқ уч-тўрт саркарда ҳам бор эди. Азбаройи унга меҳри ошганини билдириш ниятида эркалабгина рўмолча билан унинг юзини силаб қўйди, тер ва чангини артган бўлди, оғзидан эса “олампаноҳ, онҳазрат” каби сўзлар бир нафас тушмасди. Кўп ўтмай кечки овқат тортилади, улар еб-ичадилар, суҳбат қизигандан-қизиб кетади, гапирилмаган гаплар қолмайди. Ниҳоят, ажойиб шероз шароби келтирадилар, ёнида бошқа кобулий мусалласлар ҳам бор эди, хуллас, шаробхўрлик бошланиб кетади. Шунда ўзини ашаддий мусулмон деб билган ва шаробга қўлини ҳам урмаган Аврангзеб дастурхондан туриб кетади, Мурод Бахшга Минка ва бошқа саркардалар билан бемалол кўнгилхушлик қилишда давом этишини айтади, ётмоқчи бўлгандек, аста у ерни тарк этади. Ичкиликни жонидан яхши кўрган Мурод Бахшга май жуда ёқиб қолади ва бўкиб ичади. Ичиб-ичиб, ухлаб қолади. Айни шу нарса керак эди. Унинг мириқиб ухлаб олишига имкон бермоқчидай, хизматдаги барча мулозимларни тезда четлатадилар, Мурод Бахшнинг шамшири ва ханжарини олиб қўядилар. Кўп ўтмай уни уйғотгани Аврангзебнинг ўзи келади. У хонага киради-да, оёғи билан бир тепади. Мурод Бахш кўзини очиб қарайди, Аврангзеб кутилмаганда дўқ ура бошлайди: “Бу қанақаси?! Бу қандай шармандалик! Ҳукмдор дегани ҳам шунақа беғам бўладими? Шунақа ҳам ичадими? Мен тўғримда, сен тўғрингда нима деб ўйлашмайди одамлар? Йўқотинг бу ердан бу ярамас ичкиликбозни! Оёқ-қўлини боғлаб қўйинглар-да, то ўзига келмагунча эшикдан чиқарманглар!” Айтилган сўз — отилган ўқ; Мурод Бахш минг қичқирмасин, ўзини урмасин, бефойда; беш-олти одам унга ташланади-да, оёқ ва қўлларига кишан солади. Яқин-атрофда турган унинг акобирларидан айримлари бундан хабар топадилар ва шовқин кўтариб, куч билан ичкарига киришга ҳаракат қиладилар, бироқ Мурод Бахшнинг бош саркардаларидан бири ва тўпчибоши, аллақачон сотилиб кетган Оллоқули дўқ уриб, уларни тўхтатиб қолади ва тезда даф бўлишни айтади. Катта хавф туғдириши мумкин бўлган дастлабки ғалаённи тинчитиш учун бутун қўшин бўйлаб зудлик билан одамлар тарқатилади. Улар, биз ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўриб турдик, ҳеч гап бўлгани йўқ, фақат Мурод Бахш кўпроқ ичиб қўйди-да, тўполон кўтарди, ҳатто Аврангзебнинг ўзини ҳам сўка бошлади, маст ва қутурган Мурод Бахшни уйга қамаб қўйишга тўғри келди, эртага эрталаб мастлиги тарқагач, у ташқарига чиқади, дея халойиқни ишонтиришга уринар эдилар. Шу билан бирга тун бўйи бош саркардалар ва қўшиндаги бошқа зобитларга совғалар улашиб чиқилди, уларнинг маошлари оширилди, уларга кўпдан-кўп ваъдалар берилди, чунки шунга ўхшаш гаплар бўлишини анчадан бери кутишарди. Эртасигаёқ ҳамма деярли тинчиб қолди, кейинги тунда эса шўрлик шаҳзодани фил устига ўрнатилган усти ёпиқ кажава — “амборий”га қамашди-да, тўғри Деҳлига дарё ўртасида жойлашган мўъжазгина эски қалъага олиб кетишди.

Шу тариқа қаттиқ ташвишга тушган маҳрам Шоҳ Аббосдан бошқа барча одамлар тинчлангач, Аврангзеб Мурод Бахшнинг бутун қўшинини қабул қилиб олди ва катта-катта довонлар оша Лоҳур томон кетиб бораётган ва ўша ерда маҳкам ўрнашиб, ўзига тарафдорлар тўплашни мақсад қилган Дорони таъқиб қила бошлади. Бироқ Аврангзеб шу қадар шитоб билан таъқиб қилмоқда эдики, Доро бирон-бир чора кўришга улгурмади ва ундан нари Мўлтон томон ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Бироқ бу ерда ҳам тузукроқ ҳеч нарса қилолмади, қаттиқ жазирамага қарамай, у туну кун йўл юрарди. Унинг шошгани шунчаликки, гоҳо қўшинга далда бериш учун икки-уч чақирим олдинда борарди. Кўпинча бошқалар қатори бемаза сувдан ичишга, бир бурда қотган нон билан қаноат қилишга, йўл ўртасида қўшинини кутганча ва оддий аскардек қалқонини бошига қўйиб, дарахт тагида ётганча кутиб туришга мажбур бўларди. Бундай тезкор таъқиб оқибатида Доро Аврангзебга дуч келмаслик учун Мўлтонни ҳам тарк этишга мажбур бўлди — у рақибига қаршилик кўрсатишдан мутлақо ожиз эди. Маҳаллий сиёсатдонлар турли фикрларни баён этар эдилар, масалан, айтишардики, Лоҳурдан кетар чоғида агар Доро маслаҳатга кириб, Кобул хонлигида яширинганда эди, у ерда афғонлар, форслар ва ўзбекларга қарши мўлжалланган ўн минг жангчига эга бўлар эди. Аврангзебни жинидан ёмон кўрадиган, Ҳиндистондаги энг кекса ва қудратли амирлардан бири Маҳобатхон айнан шу қўшинга бошчилик қиларди. Бундан ташқари, Доро Форс ва Мовароуннаҳр дарвозалари тагига бориб олган бўларди. Бутун қўшин ва пули тошиб ётган Маҳобатхоннинг ўзи ҳам Доро томонга ўтар эди, шу тариқа у ҳам Мовароуннаҳрдан, ҳам Форсдан ёрдам олиш мумкин эди. Бир вақтлар форслар Ҳумоюнни ундан патҳанлар шоҳи Зоҳирхон тортиб олган тахтга ўтқазганда шундай бўлган эди. Бироқ ҳамма бало шунда эдики, Доро яхши маслаҳатга кирадиган одамлар сирасидан эмасди. Бунинг ўрнига у Синд томонга йўл олди ва Ҳинд дарёсининг ўрта қисмида жойлашган кучли ва машҳур Татабақар қалъасига ташланди.

Унинг шу йўлдан равона бўлганини, Кобул томон юрмаганини кўриб севинган Аврангзеб ортиқ таъқиб қилишни зарур деб топмади. У ўзининг кўкалдош укаси Мирбобо бошчилигидаги етти ёки саккиз минг одамни унинг изидан юбориш билан қаноатланиб қўя қолди. Аврангзеб Аградаги воқеа такрорланиб қолишидан чўчиб, шартта бурилди-да, ўшандай шитоб билан орқага йўл олди. Жессинг ёки Жессомсенг каби рожалардан бир қанчаси Шоҳ Жаҳонни қалъадан озод этишга ёки Сринагар рожалари билан бирга Сулаймон Шайхнинг тоғдан тушиб келишга, ва ниҳоят, Султон Шужонинг Аграга жуда яқин келишга ҳаракат қилишидан хавотирда эди. Унинг ҳаддан ташқари шошқалоқлик қилгани оқибатида мана бундай воқеа содир бўлганди.

Мўлтондан Лоҳурга қайтаётганида ва одатдаги шитоб ила ҳаракат қилиб бораётганида у унга қарама-қарши томондан яхши қуролланган тўрт ё беш минг рожпут ҳамроҳлигида келаётган рожа Жессингни кўриб қолди; қўшинни ўзидан ортда қолдириб келаётган Аврангзеб бу рожанинг Шоҳ Жаҳонга ғоят содиқлигини биларди. Бу имкониятдан фойдаланиб, рожанинг уни қўлга олиши, Шоҳ Жаҳонни қалъадан озод қилиши ва давлат тўнтариши қилишидан нақ юраги ёрилаёзди; айни дамда бундай қилиш ҳаддан ташқари осон эди. Аслида эса рожанинг бундай нияти бор-йўқлиги номаълум эди, чунки у шунчалик шитоб билан келаётган эдики, Аврангзеб ундан мутлақо бехабар эди ва уни ҳали Деҳлида турибди деб тахмин қилаётган эди. Бироқ қатъият ва ўзини йўқотмасликда гап кўп экан! Аврангзеб ҳаяжонга тушмай ва ҳеч бир ҳадик-падиксиз тўғри рожа томон йўналди ва уни узоқдан кўрибоқ қўли билан имлаб чақираркан, шундай деб қичқирди: “Саломат бўлинг, рожа жий! Саломат бўлинг, бобо жий!” Рожа яқин келгач, у деди: “Мен сени сабрсизлик билан кутаётгандим. Ҳаммаси тамом бўлди, Доро ўлди, у бир ўзи қолди, мен унинг орқасидан Мирбобони жўнатдим, у қочиб кетолмайди”. Сўнг азбаройи илтифот юзасидан бўйнидаги дур маржонни олди-да, уни рожанинг бўйнига тақиб қўйди. Ундан тезроқ ажралиш ниятида ва иложи борича мулойим бўлишга ҳаракат қилиб (Аврангзеб унинг тезроқ кўзидан нари бўлишни хоҳлаётганди), у рожага деди: “Рожа, тезроқ Лоҳурга бор, менинг қўшиним чарчаган. Тезроқ боргин-да, ўша ерда мени кутиб тур: у ерда бирон кориҳол бўлишидан қўрқаман, сени шаҳарга ҳоким қилиб тайинлайман, ҳаммасини сенинг қўлингга топшираман. Сенинг мен учун, Сулаймон Шайхга қилган ишларинг учун сендан миннатдорман. Далилхонни қаерда қолдирдинг? Мен ундан ўч оламан. Қани, тезроқ бўл! Худо сени ўз паноҳида асрагай. Хайр”.

Татабақарга етиб келгач, Доро ақлли, жасур ва шавкатли маҳрамини қалъа доруғаси қилиб тайинлади, патҳан ва саййидлардан иборат ажойиб ўрдусини ва португаллар, инглизлар, французлар ва олмонлардан иборат катта миқдордаги тўпчи “фарангий”ларни қолдирди. Улар Доронинг катта ваъдаларига учиб, унга келиб қўшилган эдилар, улар агар иш бароридан келса ва Доро ҳукмдор бўлса, биз, “фарангий”лар, битта қолмай амирларга айланамиз, деб умид қилган эдилар. Доро у ерда хазинасининг катта қисмини ҳам қолдирганди: унинг хазинасида олтин ҳам, кумуш ҳам тўлиб-тошиб ётарди. Унинг ўзи эса у ерда бир неча кун тургач, икки ёки уч минг одам билан Ҳинд дарёсининг қуйи оқими бўйлаб Синдга етиб келди ва Кач рожасининг мулкларини шиддат билан кесиб ўтиб, Гужаратдаги Аҳмадобод дарвозасига яқинлашди. У ерда доруға Аврангзебнинг қайнотаси Шоҳ Навозхон эди. Унинг қаршилик кўрсатишига қодир ажойиб ҳарбий ўрдаси бор эди. Бироқ, у тўсатдан қўлга тушиб қолганиданми, ёки жасорати етмадими (зеро, уни ҳақиқий жангчи деб аташ қийин эди: у кўпроқ маишатни севувчи, ғоят сертакаллуф ва сипо одам эди), ҳарҳолда қаршилик кўрсатиб ўтирмади, аксинча, у Дорони жуда иззат-икром билан қарши олди ва шундан кейин у билан шунақанги чиқишиб олдики, Доро оқкўнгиллигига бориб унга ишониб қўя қолди, унга ўз режаларини баён қилди ва ҳаттоки унга келиб қўшилиш учун тўпланган дўстлари ва рожа Жессомсенгдан олган мактубларни кўрсатди. Шундан сўнг кўплар нима деган бўлса, ўша бўлди, дўстлари эса Шоҳ Навозхон, албатта, сизни сотиб қўяди, деб ёзган эдилар.

Доронинг Аҳмадободда эканидан хабар топгач, ҳеч ким Аврангзебчалик таажжубга тушмаган бўлса керак, чунки у Доронинг пули кўплигини ва ўзидан норозиларнинг кўплари унга албатта бориб қўшилишларини билар эди. Агра ва Шоҳ Жаҳондан жудаям йироқлаб кетиб, Дорога қарши Аҳмадободга бориш хатардан холи эмас, бу вилоятларда истиқомат қилувчи аллақандай Жессомсенг, Жессингга ўхшаш рожалар ерида тузоққа тушиб қолишим мумкин деб ҳисобларди. Бундан ташқари у Султон Шужо катта қўшин билан келаётганини, ҳозир у Оллоҳободда эканлигини, Сринагар рожаси эса Сулаймон Шайх билан биргаликда тоғдан тушиш тараддудида эканини билиб қолди. Шундай қилиб, у яна калавасини йўқотиб қўйди ва қаёққа қараб йўл олишини билмасди. Охирида у яхшиси Дорони Шоҳ Навозхон билан тинч қолдиришга ва Гангани кечиб ўтиб, Оллоҳободга келиб қолган Султон Шужога мурожаат қилишга қарор этди.

Султон Шужо Качҳул деб аталган кичик бир қишлоққа келиб қўнди ва йўл устида жойлашган катта кўлни банд қилиб олди. Аврангзеб ундан бир ярим чақиримча нарида, Агра томондан оқиб келувчи унча катта бўлмаган ирмоқ бўйида жойлашганди. Аврангзеб етиб келгани ҳамон эртаси куниёқ бу урушга хотима беришга шошилиб, карвонини ирмоқнинг нариги соҳилида қолдирганча Шужонинг ҳузурига йўл олди. Шужони қўлга олиш учун қилган саъй-ҳаракатларини таърифлашга сўз етишмайди. Оиласи бехавотир жойда бўлган, Дородан энди заррача ҳадик олмай қўйган Дакан асири Амир Жумла жанг кунининг ўзида етиб келди ва ўзининг барча ҳарбий маҳоратини намойиш этди. Бироқ Султон Шужо маҳкам ўрнашиб олгани ва яхши тўпларга эга бўлгани боисидан Аврангзеб қўшинни ёриб ўтиш ёки уни сувдан чекинишга мажбур этишга қодир эмас эди, аксинча зарбанинг зўридан унинг ўзи бир неча бор чекинишга мажбур бўлди. У қийин аҳволга тушиб қолганди. Султон Шужо на водий ичкарисига чуқур кириб боришни, на эгаллаб турган қулай жойидан жилишни истарди. У фақат ҳимояга ўтишни афзал билди ва бу оқилона тадбир эди. Аврангзебнинг у ерда узоқ қола олмаслигини, жазирама иссиқ туфайли албатта дарё томон қайтиб боришга мажбур бўлишини олдиндан биларди, шунда унга орқадан келиб зарба бериш осонроқ бўлар эди. Аврангзеб ҳам буни яхши тушунарди ва шу боис жуда шошмоқда эди, бироқ шу ерда яна бир қийинчилик пайдо бўлди.

Шу аснода унга хабар келтиришдики, у билан юзаки келишувчиликка борган рожа Жессомсенг унинг карвони ва хазинасини талон-торож этиб, тўсатдан ҳужумга ўтган. Бу хабар уни ҳанг-манг қилиб қўйди, бунинг устига шу пайтгача миш-миш бўлиб келаётган ғалаён унинг қўшинини қамраб олган эди, кўплар тўғри келган томонга қоча бошлаган эди.

Бироқ у ўзини йўқотмади, агар изига қайтса, худди Доро билан бўлган жангдагидек, ҳамма нарсадан маҳрум бўлишини англади, нима қилиб бўлса-да, энди бардош беришга ва иложи борича узоқроқ жилмай туришга қарор қилди. Бу орада унинг қўшини қаттиқ хавотирга тушиб қолганди. Пайтдан фойдаланган Шужо шиддат билан ҳужум қиларди. Аврангзеб филининг филбони камон ўқидан ҳалок бўлади, унинг ўзи устига эса камонлардан пайконлар ёмғирдай ёғарди. Аврангзеб ҳам бўш келмаётганди, бироқ фил ваҳимага тушиб чекина бошлайди. У шунақанги ночор аҳволга тушиб қолган эдики, ана-мана ерга чўк тушиб, ётиб оладигандек. Агар шу яқин орада жон олиб-жон бериб жанг қилаётган Амир Жумла қўлларини баланд кўтарганча: “Дакан, Дакан, қани Дакан?!” деб қичқирмаганда, унинг ҳоли нима кечишини ёлғиз худо биларди. Аврангзебнинг тақдири қил устида турарди. Унинг омон қолишига ҳеч бир умид йўқ эди. Бироқ омад деган нарса ҳамма нарсадан устун бўларкан. Султон Шужонинг пешонасига эса Доро каби мажақлаб ташланиш ва базўр жон сақлаб қолиш ёзилганди. Худди шу куни Аврангзебнинг ғолиб чиқиши ва Ҳиндистон ҳукмдори бўлиш тақдири азал томонидан белгилаб қўйилганди.

Самонгир жангини ва Доронинг тор-мор этилишига сабабчи бўлган арзимаган воқеани эслайлик-а. Султон Шужо ҳам худди ўшандай хатолик, тўғрироғи, худди ўшандай хоинлик қурбони бўлди. Айримларнинг айтишича, душман томонга сотилган унинг бош саркардаларидан Оллобердихон худди Халилуллохон йўлини тутиб, ўшандай найранг ишлатди. Баъзилар, буни у атайлаб қилгани йўқ, дейишди, балки Аврангзеб қўшинининг саросимага тушганини кўриб, бу билан Султон Шужони табриклаш учун саркарда унга яқин келиб тилёғламалик қила бошлаган ва: “Муборак бўлсин, Зафар муборак бўлсин!” деб қичқира бошлаган. Бироқ Аврангзебнинг асли толеи баландлиги ва Султон Шужонинг омади қайтганлигини тан олган ҳолда воқеа ривожини кузатайлик. Дородан кўра фаросатлироқ бўлган Султон Шужо ҳам ўшандай хатоликка йўл қўйди: у ҳали фил устидан тушар-тушмас унинг кўздан йўқолганини кўриб, бутун қўшин саросимада қолди, ё хоинлик содир этилди, ёки Султон Шужо асир тушиб, ўлдирилди, деган хаёлда ҳар томонга сочилиб кета бошлади. Аврангзеб қўшини шу қадар зўр ғалабага эришдики, Султон Шужо учун ёлғиз жонини асраб қолиш ҳам чинакам бахтга айланди.

Бу хабарни эшитиб, Жессонсенг борига барака, деганча ўз мулкларига етиб олиш учун Агра томон йўл олди. Аграда эса Аврангзеб жангни бой берди, Амир Жумла билан биргаликда асирга олинди ва Султон Шужо уларни асир қилиб олиб юрибди, деган миш-мишлар тарқалганди. Иш шу даражага бориб етгандики, шаҳар доруғаси ва Аврангзебнинг амакиси Шоҳ Жастхон Жессомсенгни шаҳар дарвозаси олдида кўриб, ўзининг ҳам куни битганига ишонч ҳосил қилганидан заҳар тўла пиёлани оғзига олиб борган. Агар хотинлари унга ташланиб, пиёлани тортиб олишмаганида, унинг заҳарланиб ўлиши тайин эди. Айтишларича, агар Жессомсенг бир оз топқирлик кўрсатиб, Аграда бирмунча вақт турганида, оз-моз дўқ-пўписалар ва ваъдалар қилиб, Шоҳ Жаҳонни қалъадан олиб чиқа олганида, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлар эди, бунинг устига бутун Агра Аврангзебнинг енгилганига ишонч ҳосил қилган эди. Бироқ аслида нима гаплигини яхши билган Жессомсенг узоқ қолишга ва бирон-бир чора кўришга ботина олмади. У шаҳарни кесиб ўтди-да, шоша-пиша мулклари томон от солиб кетди.

Аградаги вазиятдан ва Жессомсенгнинг Шоҳ Жаҳонни озод этиши мумкинлигидан хавотир олган Аврангзеб бутун қўшини билан тезда Аграга қайтиб келди, Султон Шужони таъқиб этиб, вақтни бой беришни ҳам истамади. Бунинг устига Султон Шужо қочиш чоғида кўплаб одамлардан маҳрум бўлганини эшитди. У энди кўпроқ ўз мавқеини тиклашга зўр берди ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Чунки Султон Шужонинг ҳамон кучли душман эканини, қўли ниҳоятда очиқлигини, Ганганинг ҳар иккала томонидаги рожалар уни қўллаб-қувватлашларини, ўзи эса Оллоҳободда маҳкам ўрнашиб олганини биларди. Ганга кечуви эса Бангалияга олиб кирадиган ўзига хос дарвоза бўлиб, қудратли истеҳкомига ҳам эга эди.

Шунда Аврангзеб ўзига яқин масофада жойлашган икки шахсга кўпроқ эътибор қила бошлади, булар тўнғич ўғли Султон Маҳмуд ва Амир Жумла эди. Бироқ у кимки ўз ҳукмдорига катта хизматлар кўрсатса, кўпинча сурбет бўлиб кетишини, ҳукмдор ундайлардан қарздор бўлиб қолишини, уларнинг хизматини ҳеч бир мукофот билан тўлдириб бўлмаслигини яхши биларди. Ўғлининг ўзини бемалол тутаётганини ва кундан-кунга димоғдор бўлиб кетаётганини ҳам кўриб турарди. Айниқса, Агра қалъасини эгаллагандан кейин Шоҳ Жаҳон миясига келиши мумкин бўлган барча режаларнинг оёғини осмондан келтирганди. Амир Жумлага келсак, Аврангзеб унинг фаросати, сабр-бардоши ва шавкати, кучини жуда яхши биларди. Аммо у айнан шу нарсадан хавотир қиларди. Амирнинг ғоятда бадавлатлигини, шон-шуҳрати зўрлигини, барча ишларда асосий дастак эканини ва Ҳиндистондаги энг абжир одам эканини билган ҳолда Аврангзеб ўғли Султон Маҳмуд каби амирнинг ҳам зўр режалари борлигига шубҳа қилмасди. Бу ҳар қандай одамни шошириб қўйиши мумкин эди, бироқ Аврангзеб унақа анойилардан эмасди, у бу иккала уддабуронни шу қадар одоб, шу қадар мулойимлик билан ковушини тўғрилаб қўйдики, униси ҳам, буниси ҳам шикоят қилишга бирон-бир баҳона тополмай қолди. У иккаласини ҳам кучли қўшин билан Султон Шужога қарши жўнатиб юборди. Амир Жумланинг қулоғига: “Ҳиндистондаги энг яхши Бангалия давлати абадий сеники бўлади, сен ўлганингдан кейин у ўғлингга қолади, бу менга қилган хизматларинг учун менинг сенга мукофотим бўлсин, Султон Шужога фақат сен бас кела оласан, уни гумдон қилишинг билан сени амирулумаро қилиб кўтараман”, деб шипшиб қўйди. Султон Маҳмудга эса бундай деди: “Билиб қўй, сен фарзандларим ичида тўнғичисан, сен ўзинг учун ўзинг жанг қилишинг керак. Сен кўп ишлар қилдинг, бироқ энг катта ва энг кучли душманимиз Султон Шужони қўлга олмасанг, бу ишларинг бир пул”. Шундай сўзлар билан у ҳар иккаласига одатдаги инъомлар, яъни қимматбаҳо сарполар, отлар ва яхши жиҳозланган филлар бериб, оқ йўл тилаб қолди. Шу билан бирга ғоят меҳрибонлик ила Амир Жумлани яккаю ягона ўғли Маҳамат Амирхонни қолдириб кетишга кўндирди. Гарчи кўнгил тинчлиги ва тарбия учун деб айтилган бўлса-да, аслида унинг садоқатига гаров қаторида эди. Султон Маҳмудни Аграда хотини — Гўлкўнда шоҳининг қизини қолдириб кетишга кўндирди. Бундай катта юришда уни олиб кетиш ортиқча юк бўлиши уқдирилди.

Султон Шужо Қуйи Банголия рожаларининг унга қарши бош кўтаришидан доим хавотирланиб юрарди, у уларни жудаям сиқиб қўйганди. Ҳаммадан ҳам Амир Жумлага рўбарў бўлишдан юраги безилларди. Бу хабарни эшитиши биланоқ у Банголия йўлини боғлаб қўйишларидан ва амирнинг Гангани Оллоҳободдан қуйида ёки юқорида кечиб ўтишидан хавотир олиб, даст ўрнидан турди. У Банорас ва Патнага иниб келди, у ердан одатда Банголия хонлигининг эшиги деб аталувчи кичиккина Мунгер шаҳрига йўл олди. Мунгер шаҳри тоғ ва ўрмонлар оралиғида жойлашган дара ҳисобланади. У шу ерда қўниб, яхшилаб жойлашиб олишни маъқул топди, хавфсизликни таъминлаш учун шаҳар ва дарёдан тоққа қадар катта ҳандақ қазишни буюрди (мен бу ҳандақни бир неча йил кейин шу ёқларга йўлим тушганда кўрдим). Шу ерда Амир Жумлани кутиб туришга ва у билан кечувда жанг қилишни кўнглига тугиб қўйди. Бироқ Амир Жумланинг Ганга бўйлаб оҳиста тушиб келаётган қўшини душманни чалғитиш мақсадида шундай қилганини, ўзи қўшин ичида йўқлигини, дарёнинг ўнг соҳилида жойлашган тоғлардаги рожаларни ўзи томонга оғдириб олганини, у ва Султон Маҳмуд иккаласи унинг йўлини тўсиш учун тўғри Ражмаҳал томон йўл олаётиб, сара қўшини билан довонлар оша уларнинг мулкларидан ўтиб бораётганини эшитиб, ҳайратдан донг қотиб қолди. Шу тариқа у ўз истеҳкомидан тезроқ жўнаб кетишга мажбур бўлди. Лекин у шу қадар тез ҳаракат қилдики, Ганганинг чап томони кескин бурилган жойида оқим бўйлаб катта илмоқ ҳосил қилишга муваффақ бўлди, нима бўлганда ҳам у Амир Жумладан бир неча кунга илгарилаб олди ва Ражмаҳалга биринчи бўлиб келди. У ерда ўрнашиб олишга улгурди, чунки унинг Мунгердан кетганини билган амир чап томонга қайрилди ва Гангага олиб борувчи жуда ёмон йўллардан юриб кетди. Оғир тўплар ва карвони бўлган қўшиннинг дарё ёқалаб етиб келишини шу ерда кутишга қарор қилди. Қўшин етиб келиши биланоқ у Султон Шужо устига ҳамла қилди, Султон Шужо беш-олти кунгача яхшигина ҳимояланиб турди. Бироқ тўхтовсиз ўт очиб турган амир тўплари унинг ғовак тупроқ, қум ва шох-шаббадан ясалган истеҳкомини дабдала қилиб ташлаётганини кўриб ва эндигина бошланган ёмғиргарчилик фаслида бу истеҳкомда узоқ туриб бўлмаслигини тушуниб, у икки катта замбаракни ташлаганча тун қоронғилигида чекинишга мажбур бўлди. Биронта пистирмага дуч келиб қолишдан қўрқиб, амир уни таъқиб қилишга киришмади ва тонг отишини пойлай бошлади, бироқ Шужонинг бахтига тонг чоғи ёмғир ёғиб қолди ва уч кунгача бир дам тинмади, шу боис амир нафақат Ражмаҳалдан чиқа олмади, балки у ерда қишлаб ҳам қолишга мажбур бўлди. Июл, август, сентябр ва октябр — мана шу тўрт ой давомида бу ерларда ёмғир шунақанги қаттиқ ёғадики, бу пайтда қўшин ҳеч қаёққа жилолмайди.

Шундай қилиб, Султон Шужо қочиб қолиш ва ўзи хоҳлаган жойни танлаш имконига эга бўлди. Қўшинини мустаҳкамлаш. Қуйи Банголиядан бир қанча тўп ва тупроғининг серҳосиллиги учун бу ерга кўчиб келган португаллардан бир қанчасини олиб келиши учун вақти бемалол эди. Шуни айтиш керакки, у шу вилоятда истиқомат қилувчи португал роҳибларига ҳаддан ортиқ даражада ғамхўрлик кўрсатар, ҳаммаларингизни бойитиб юбораман ва истаган жойингизда черков қуришингизга рухсат бераман деб ваъдалар қиларди. Улар шубҳасиз сидқидилдан хизмат қилишга тайёр эдилар: ишонч билан айтиш мумкинки, Бангол хонлигида асли Португалиядан келиб чиққан ёки дурагай бўлган саккиз ёки тўққиз минг фарангий оиласи истиқомат қиларди.

Мен кўрсатиб ўтган сабаблар билан гердайиб кетган Султон Маҳмуд ўз ҳаддидан ошиб, қўшинга қўмондонлик қилишни талаб этар ва Амир Жумла менинг буйруқларимга бўйсунсин деб талаб қиларди. Ўқтин-ўқтин отаси Аврангзебга нисбатан ҳам ғурурга тўла сўзлар оғзидан чиқиб кетар, у менга тожни бериши керак дер, Амир Жумлани эса кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Бунинг натижаси ўлароқ ота ва бола ўртасида узоқ вақтгача совуқлик ҳукм сурди. Охирида унинг хулқидан отаси норози бўлаётганини билгач, амирнинг уни ҳибс этишидан қўрқиб, бир нечта аъёни билан Султон Шужонинг олдига кетди. У Шужога зўр ваъдалар берди ва содиқлигига онт ичди. Бироқ Шужо бу Аврангзеб ва Амир Жўмланинг найрангларидан бири эканлигидан қўрқиб, унга ишонишга журъат этмади ва муҳим қўмондонлик лавозими бермади. Бундан Султон Маҳмуднинг Шужодан шунақанги ҳафсаласи пир бўлдики, бир неча ойдан кейин қаёққа боришини билмай, ундан кетишга қарор қилди ва Амир Жумла ҳузурига қайтди. Амир уни илиқ қарши олди, сен ҳақингда Аврангзебга яхши гаплар ёзаман ва бу гапларни эсидан чиқариб юбориши учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан, деди.

Кези келганда шу нарсани таъкидлашни истар эдимки, Султон Маҳмуднинг бу барча кирдикорлари керак бўлса ўғлининг жонини ҳам қурбон беришга тайёр Аврангзебнинг саъй-ҳаракатлари ва қилмишлари туфайли содир бўлганди. Аврангзебга Султон Шужо йўқ бўлса-ю, ўғлини хавфсиз жойга жўнатиб юборса — фақат шу керак эди. Нима бўлганда ҳам унинг хатти-ҳаракатларидан қаттиқ ғазабда эканини айтди ва “тезда Деҳлига қайт” деб унга жуда кескин маънода хат ёзди. Шу билан бирга унинг Деҳлигача етиб келолмаслиги учун олдиндан тараддуд ҳам кўриб қўйди. Шу тариқа Султон Маҳмуд Гангадан ўтар-ўтмас, пойлаб турган кишилар уни қўлга олиб қамаб қўйдилар. Сўнг, одамларнинг фикрича, ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган Гвалиор зиндонига олиб кетишди. Бу билан Аврангзеб катта қийинчиликдан фориғ бўлди ва иккинчи ўғли Султон Аъзамга: давлатни бошқариш шунчалик нозик ишки, давлат бошлиғи ҳатто ўз соясига ҳам ишонмаслиги керак, ақл-фаросат билан иш тутмасанг, акангнинг ҳолига тушишинг ҳеч гап эмас, деб тушунтирди. Мен отаси Жаҳонгирга қарши иш тутган Шоҳ Жаҳон; ёки яқингинада Шоҳ Жаҳонга қарши иш тутган одамлардан эмасман, деди. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз жоизки, агар ўғли бундан кейин ўзини яна қадимгидай тутадиган бўлса, Аврангзебнинг ундан гумон қилишига ва хафа бўлишига ўрин қолмайди. Содиқлик борасида қул ҳам унинг олдида ип эшолмаса керак. Ҳатто Аврангзебнинг ўзи ҳам камтарлик ва хоксорликда ўғли Аъзамга етолмасди. Шу билан бирга мен шундай ақлли одамларни кўрдимки, улар бу ишлар бежиз эмас, балки бунинг замирида, унинг отаси мисолида кўрганимиздек, ғоят нозик ва пинҳоний сиёсат ётибди деб таъкидлар эдилар. Буни келажак кўрсатади, ҳозир эса ҳикоямизни давом эттирамиз.

Бангалияда шу воқеалар содир бўлиб турар, Амир Жумлага қарши курашаман деб Султон Шужо нуқул Ганга, бирон анҳор ёки дарёнинг у соҳилидан бу соҳилига кечиб ўтиш билан овора экан (мамлакатда бундай оқар сувлар тўлиб-тошиб ётибди), Аврангзеб Агра остонасидан ҳеч қаёққа жилмади.

Ниҳоят, Мурод Бахшни кўргани Гвалиорга йўл олгандан кейин у Деҳлига етиб келди ва чинакамига ва ошкора тарзда ҳукмдорлик вазифасини адо этишга киришиб кетди. У салтанатнинг барча ишларини қўлга олди ва ҳаммадан ҳам Дорони тутиш борасида кўпроқ бош қотира бошлади. Илгари айтиб ўтганимдек, Доро унинг учун кўплаб қийинчиликлар туғдираётганди. Бироқ катта толе ва Аврангзебга хос эпчиллик кўп ўтмай унинг жонига ора кирди. Бу мана бундай бўлганди.

Борига барака деб ўз мулкларига равона бўлган Жессомсенг кучли қўшин тўплади ва Дорога: “Тезроқ Аграга етиб кел, йўлда мен сенга келиб қўшиламан” деб мактуб ёзди. Кўп миқдорда қўшин тўплаган (тўғрисини айтганда, бу кўпроқ қаланғи-қасанғилар оломони эди) ва агар у Аграга яқинлашса, уни Жессомсенг билан бирга кўрган эски дўстлари албатта унга келиб қўшилишига умид боғлаган Доро зудлик билан Аҳмадободни тарк этади ва тезда Аградан етти-саккиз кунлик масофада жойлашган Ажмерга келади. Бироқ Жессомсенг ўз ваъдасида турмади. Ишга рожа Жессинг аралашди. У ўзи билан Аврангзеб ўртасидаги муносабатни яхшилашни, Жессомсенгни бутунлай Аврангзеб гуруҳига жалб қилишни ёки жуда бўлмаганда унинг ўзини йўқ қилиш ва бошқа рожалар ўртасида ғалаён чиқаришга қодир бўлган унинг режаларига халақит беришни истар эди. У катта хавфга ишора қилиб ва Доро ишидек манфур ишни қўллаб-қувватлаб, бир неча марта мактуб ёзди. Мактубда аввал яхшилаб ўйлаб кўриш лозимлигини, зеро у ўзи ва оиласини ҳалок этишга таваккал қилаётганини англатди, чунки Аврангзеб ҳаргиз уни кечирмайди, Жессинг ҳам Жессомсенг каби оддий бир рожа, шу боис рожпутлар қонини асраб қолиш ҳақида ўйлаб кўриши керак. Борди-ю, у рожаларни ўз томонига оғдиришни ўйлаётган бўлса, у бунга халақит берадиган одамларга дуч келади. Хуллас, бу барча ҳиндулар, яъни барча мажусийларга дахлдордир, уларни катта хатар кутиб турибди, агар бу хатар олов олгудек бўлса, уни ҳеч қачон ўчириш имкони бўлмайди. Борди-ю, Дорога ўз ишини ўзи ҳал қилишига имкон бергудек бўлса, Аврангзеб бутун ўтмишни эсдан чиқаради, унга қўлга киритган ҳамма бисотини инъом қилади ва зудлик билан унга Гужарат ҳокимлигини топширади, бу эса вилоятнинг унинг мулкларига яқинлиги туфайли унга ҳаддан ташқари кўп қулайликлар юзага келтиради: у бу ерда мутлақо осойишта ва ўзи хоҳлаган муддатга хавфсиз яшай оладиган бўлади. Жессинг ҳамма жиҳатдан уни қўллаб-қувватлашга тайёр. Хуллас, рожа Жессинг Жессомсенгни ўз мулкларига қайтиб келишга кўндирди, бу орада Аврангзеб ўз қўшини билан Ажмерга яқинлашиб келди ва Доро ўрдаси қаршисида жойлашиб олди.

Барча умидлари чилпарчин бўлган бечора шаҳзода Доро нима ҳам қила оларди? У, бутун қўшиним билан Аҳмадободга эсон-омон қайтиб келишим амримаҳол, деб ўйлайди. Бунинг учун айни жазирама ёзда ўттиз беш кун йўл босиши талаб этиларди, у сув тақчиллигидан қийналган бўларди, мудом рожалар дўстлари ёки Жессомсенг иттифоқдошлари мулкларидан ўтишига тўғри келарди; ундан кўра камроқ азият чеккан Аврангзеб қўшини уни таъқиб этиши турган гап эди.

Ундан кўра шу ерда ўлганим афзал, деди у ўзига-ўзи. Гарчи кучлар мутлақо нотенг бўлса-да, таваккал қиламиз ва яна бир карра жанг қиламиз. Бироқ қандай қилиб? Ундан нафақат ҳамма юз ўгирганди, ҳатто ишонган одами шоҳ Навозхон ҳам уни албатта сотади ва унинг ҳарбий режаларини Аврангзебга етказади. Тўғри, жанг чоғида Шоҳ Навозхон ўлиб кетганди. Менга кўпчилик одамлар айтганидек, у Доро қўлидан ўлган ёки (кўпроқ эҳтимол тутилгани) Аврангзеб қўшин ичидаги Доронинг хуфия тарафдорлари томонидан ўлдирилган эди. Бироқ Шоҳ Навозхоннинг ўлимидан Дорога қанчалик фойда бор? Ундан кўра аввалроқ дўстлар маслаҳатига қулоқ солгани ва Шоҳ Навозхонга ишонмагани маъқул эди.

Жанг соат тўққиз-ўнларда бошланди; Доронинг тепалик устида қулай жойлашган тўплари узлуксиз ўт очар эди, бироқ айтишларича, унга хоинлик қилишлари шу даражага етган эдики, отилган ҳар бир ўқ пахтаванд экан. Бу жангнинг бошқа тафсилотларини айтиб ўтиришга ҳожат йўқ, бу аслида жанг бўлмай, турган-битгани ер билан яксон қилиш эди. Фақат шуни айтайки, жанг бошланиши ҳамон Жессинг Дорога жуда яқин жойда пайдо бўлган ва унга: “Тезроқ қочиб қол, бўлмаса асир тушасан”, деган гапларни айтган. Бутунлай ўзини йўқотган шаҳзода қочишга мажбур бўлган, шошгани ва саросимага тушгани шунчаликки, ҳатто юкларини ортишга ҳам улгуролмаган. У ердан хотини ва бошқа оила аъзоларини олиб чиқиш амримаҳол бўлиб қолган.

Шу нарса шубҳасиз эдики, агар рожа Жессинг бир озгина шошганида ҳам Доронинг қутулиб қолишига имкон бўлмасди. Бироқ Жессинг ҳар доим шоҳ хонадонига ҳурмат кўзи билан қарар эди ёки ўта дидли сиёсатдон бўлиши ўлароқ, келажак ҳақида ўйлар, шаҳзода қонига қўлини бўяшни истамасди.

Шўрлик шаҳзода икки мингдан сал кўпроқ одами билан айни ёз жазирамасида чодирсиз ва юкларсиз Ажмердан қарийб Аҳмадободгача чўзилган барча рожалар мулкларидан ўтишга мажбур бўлди. Боз устига, бу жойлардан “кулийлар, яъни Ҳиндистон аҳолиси ичида энг ёвуз деҳқонлар ва энг катта қароқчилар туну кун унинг ортидан таъқиб қилар, аскарларни шунақанги шафқатсизларча ўлдирар эдиларки, асосий тўдадан икки юз қадамча ортда қолган одам зумда қип-яланғоч ҳолатга тушиши ёки озгина қаршилик кўрсатиб ўлиб кетиши” муқаррар эди. Шунга қарамай, Доро бир-икки кун ичида шаҳарга кириб бориш, ҳордиқ чиқариш ва яна бир карра унча-мунча қўшин тўплаш ниятида Аҳмадободдан бир кунлик масофадаги жойгача етиб олди. Бироқ мағлублар ва бахтсизларни омадсизлик таъқиб қилгани-қилган экан.

Аҳмадобод қалъасида у қолдирган доруға Аврангзебдан дўқ-пўписалар ва шу билан бирга ваъдалар тўла мактуб олди: у бутунлай мардлигини йўқотиб, сотқинлик йўлини ихтиёр этди. У Дорога, яқинлашма, дарвозалар ёпиқ бўлади ва ҳаммамиз тиш-тирноғимизгача қуролланганмиз, деб мактуб ёзди. Мен мутлақо тасодиф билан шаҳзодага дуч келиб қолишимдан уч кун бурун у менга “орқамдан юринг” деди, чунки унинг табиби йўқ эди. Ўша кундан бир кун аввал кечқурун унга бу хабарни келтиришганида у шу қадар хушҳол эдики, тунда кулийлар мени ўлдириб кетишларидан хавотир олиб ўз карвонсаройига киришимга рухсат берди. Зодагон одамлар ўз хотинларидан рашк қиладиган Ҳиндистондек жойда бундай бўлишига ишониш қийин эди. Мен шаҳзоданинг хотинларига шу қадар яқин жойда турардимки, номаҳрамлар нигоҳидан тўсиб турувчи арқонлар (ҳатто ўзининг эски-туски чодири ҳам йўқ эди-да) менинг аравам чархларига боғлаб қўйилганди. Йўл-йўлакай бу тафсилотларни баён этишим сабаби шу эдики, унинг нечоғли ночор аҳволга тушиб қолганига эътиборингизни жалб этмоқчиман, холос. Хотинлар бу нохуш хабарни эшитишлари билан (эслатиб ўтмоқчиманки, бу тонг чоғида бўлганди) улар бирданига, уввос солиб юбордилар ва шу қадар ачинарли ва мунгли йиғлай бошлашдики, беихтиёр менинг кўзларимга ҳам ёш тўлди. Ҳаммамиз саросимага тушиб қолдик, ҳамма бир-бирига қарарди, ҳеч ким нима қилишини, қаёққа бош уришини билмасди. Шундан кейин тезгина тирик мурдадай Доро кириб келди ва ҳали у, ҳали бу одамга, ҳатто оддий аскарга қараб мурожаат қила бошлади. Қарасаки, ҳамма тушкунликка тушган, уни ташлаб кетмоқчи бўлиб турибди. Хўш, у нима бўлади? Қаёққа боради? Ҳаялламасдан йўлга тушмоқ керак, вассалом. Шу воқеадан ҳам аҳволнинг нечоғли ночорлигини ўзингиз фаҳм қилаверинг. Менинг аравамни тортиб бораётган уч йирик гужарат ҳўкизимдан биттаси кеча ўлиб қолганди, иккинчиси сўнгги нафасини олаяпти, учинчисининг эса қимирлашга ҳам мажоли қолмаган (чунки мен Доро билан бўлган мана шу уч кун мобайнида чидаб бўлмас иссиқ ва чангда туну кун йўл босмоқда эдим). Шундай бўлса-да, у ҳар қанча айтмасин ва фармон бермасин, ўзи учун, бир оёғидан яраланган хотинларидан бири учун ва мен учун на от, на ҳўкиз, на туя топа олганди. Хуллас, менинг бахтимга, у мени шу ерда қолдиришга мажбур бўлди. Тўғрисини айтсам, икки фил ва тўрт ёки беш суворий ҳамроҳлигида унинг кетишини кўриб, кўзларим ёшланди. Айтишларича, филларга олтин ва кумуш ортилган экан. Эшитишимча, Доро ҳеч иложини тополмай Татабақарга йўл олибди, ҳолбуки бисотидаги одамлар билан ёз жазирамасидан бир қултум ичимлик сувсиз бепоён саҳрони кесиб ўтиши амримаҳол экан. Дарҳақиқат, у билан бирга кетганларнинг кўпчилиги ва хотинларидан бир нечтаси ташналикдан, ёмон сувдан, чарчоқдан ва очликдан ўлиб кетибди ёки бўлмаса кулийларга таланибди. Шуларга қарамай, у жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб, Кач рожаси ерларига етиб борибди. Шўрлик, бундан кўра унинг ўзи ҳам ўлиб кета қолгани дуруст эди.

Кач рожаси аввалига уни яхши қарши олибди, кучи борича ёрдам беришга ваъда қилибди, бунинг эвазига Доро қизини рожанинг ўғлига эрга бериши лозим бўлибди. Бироқ кўп ўтмай Жессинг бу рожага ҳам таъсирини ўтказибди ва Доро бир қулай кунда, бу ваҳший рожа билан ораларига совуқчилик тушганини ва бу ерда қолиш хатарли эканини ҳис қилгач, тезгина қайдасан Татабақар деб йўлга отланибди.

Менинг жаноби кулийдан ёки қароқчилардан қандай ажралиб қолганимни, қандай қилиб уларда ҳамдардлик уйғотганимни, унча кўп бўлмаган бисотимнинг катта қисмини қандай сақлаб қолганимни, ўзи зўр бериб мақтаниб юрганим тиббиёт билимим туфайли улар билан дўстлашганимни, мендан кўпроқ қўрқиб кетган ва ўзларини йўқотиб қўйган аравакашим ва хизматкорим мени дунёдаги энг зўр табиб дея мақташганини, Доронинг одамлари кетиш олдидан бисотимдаги энг яхши нарсаларимни қандай тортиб олганларини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Мени етти-саккиз кун тутиб туришди-да, бирдан инсофга келиб қолган кулийлар менга битта ҳўкиз бердилар-да, Аҳмадобод миноралари кўриниб турадиган жойгача элтиб қўйдилар. Бир неча кун ўтгач, ниҳоят, мен тасодифан Деҳлига бораётган бир амирни учратиб қолдим ва бир амаллаб Деҳлигача етиб олдим. Йўлда ўқтин-ўқтин Доронинг шўрлик қўшинлари қолдиқлари бўлмиш одамлар, филлар, ҳўкизлар, туялар ва отларнинг жасадлари учрар эди. Бироқ уларни батафсил ҳикоя қилишни маъқул топмадим.

Бу ерда Доро Татабақар томон силжиб борар экан, Бангалиядаги уруш ҳамон давом этар ва кутилмаганидан кўпроқ муддатга чўзилмоқда эди. Султон Шужо жон-жаҳди билан ҳаракат қилар ва Амир Жумлага қарши бор воситаларни ишга солар эди. Бангалиядан Аграгача узоқлигини билиб, Аврангзеб бундан ортиқ ташвиш қилмаётганди, у Амир Жумланинг заковати ва шавкатига ишонарди. У кўпроқ деярли Агра дарвозаларига яқинроқ жойлашган Сулаймон Шайхдан хавотир оларди (Аградан тоғларгача кўпи билан саккиз кунлик йўл эди), Аврангзеб уни бир ёқлик қилишнинг уддасидан чиқолмаётганди. Сулаймон Шайхнинг рожалар билан тоғдан тушиб келаётгани ҳақидаги миш-мишлар унга тинчлик бермаётганди. Уни у ёқдан алдаб олиб келиш ғоят қийин эди. Энди Аврангзеб уни қандай қўлга олганини бир кўрайлик-чи.

У рожа Жессомсенгни Сринагар рожасига мактуб йўллашга ва агар у Сулаймон Шайхни тутиб берса, кўпдан-кўп ваъдалар билан қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришга ундади. Бир вақтнинг ўзида у гапга киргиси келмаса, уруш билан қўрқитишини талаб этди. Сринагар рожаси, бундай аблаҳлик қилганидан кўра тахтимдан воз кечиб қўя қоламан, деб жавоб қайтарди. Унинг бу қатъиятини кўриб, Аврангзеб юришга отланади, тўғри тоғ этагига яқинлашади, харсангларни олиб ташлаб, йўлни кенгайтириш учун талай тошйўнарларни ишга солади. Бироқ бу рожа учун мутлақо қўрқинчли эмасди. Бу томондан хавф қилмаса ҳам бўларди: Аврангзеб ҳар қанча тошни қўпормасин, барибир, олдин айтганимдек, тоғлардан қўшин юриб ўтолмасди, тошларнинг ўзи бир йўла тўртта Ҳиндистонни офатлардан сақлаб қола оларди. Охири Аврангзеб ҳеч бир натижасиз қайтиб кетишга мажбур бўлди.

Бу вақтда Доро ўзининг Татабақар қалъасига яқинлашиб келади. Икки ёки уч кунлик йўл қолди деганда қалъани анчадан бери қамал қилиб турган Мирбобо уни дабдала қилиб ташлагани ҳақидаги хабарни эшитади. Мен буни кейинчалик ўша ерда бўлган бизнинг французлардан ва бошқа фарангийлардан билдим. Бир парча эт ёки гуручнинг қиймати осмон баравар бўлиб кетган, бошқа захиралар қиймати ҳам шунга қараб баҳоланар эди. Шунга қарамай, доруға ҳамон бўш келмас, Мирбобо саъй-ҳаракатларию Аврангзебнинг дўқ-пўписалари устидан кулганча мисли кўрилмаган эҳтиёткорлик, жасорат ва содиқликни намоён этмоқда эди, бу эса душманни таҳликага солмай қўймасди, албатта.

Французлар ва у ерда бўлган бошқа фарангийлардан мен мана шу гапларни ҳам эшитдим. Бунга қўшимча қилиб айтишдики, Мирбобо Доронинг яқинлашиб келаётганини билгач, икки баравар сахийлик кўрсата бошлаган ва шу тариқа аскарлар руҳини кўтарган. Аскарлар ҳам қандай қилиб бўлмасин, душман сафини бузиб, қамални олиб ташлаш ва Дорони ичкарига киритиш учун олдингидан ҳам кўра кўпроқ жасорат кўрсатишган. Жосуслар ёрдамида душман қўшини ичида Доронинг катта қўшин билан яқинлашиб келаётгани ҳақидаги миш-мишни тарқатади, натижада бундан ваҳимага тушиб қолган душман аскарлари агар Доро чиндан етиб келгудек бўлса, дарҳол унинг сафига қўшилишга тайёр бўлади. Бироқ Доронинг жуда омади қайтган эди, у қўллаган бирон-бир тадбир сира кўнгилдагидек чиқмаётганди. Камсонли аскарлар тўдаси ёрдамида қамални олиб ташлашнинг иложи йўқлигини кўргач, у Ҳинд дарёсидан кечиб ўтиб, Форс мамлакатига етиб олишга қарор қилди. Ҳолбуки, ичимлик суви бўлмаган ва саҳро йўлидан иборат бу масофани босиб ўтишнинг ўзи бўлмасди. Бундан ташқари бутун йўл бўйлаб на форсларни, на бобурийларни тан оладиган майда рожалар ва патҳанлар яшар эдилар. Бироқ хотини уни бу ниятидан қайтарди: унинг сўзларига кўра, бундай қилиш улар наслининг улуғлигига путур етказади — наҳотки, у хотини ва қизининг форс шоҳи чўриларига айланишини истаса? Бундай шармандагарчиликдан кўра ўлиб кетган минг марта афзал. Нақл қилишларича, бир вақтлар Ҳумоюннинг хотини шоҳ чўриси бўлган экан.

Шундай қийин аҳволга тушиб қолган Доро шу орада Жионхон деган қудратли патҳан яшашини эслаб қолди. Шоҳ Жаҳон уни бир неча марта фил оёғи тагига ташлашни буюрганида, Доро уни икки марта ўлимдан сақлаб қолганди. У Татабақар қалъаси қамалини олиб ташлашга қодир ёрдам олиш умидида унинг олдига боришга аҳд қилди. Бунда у Татабақар хазинасидаги пулларини олишни, сўнгра эса Қандаҳор орқали ўтиб, Кобул хонлигигача етиб боришни кўзда тутганди. Бу ерда у қудратли ва жасур доруға, маҳаллий халқ жуда яхши кўрадиган, Доро ёрдамида мансабга ўтирган Маҳобатхонга катта умидлар боғлаётганди.

Унинг набираси Сафо Шайх, гарчи ҳали жуда ёш бўлса-да, унинг ниятини тушунди-ю, бу патҳаннинг ерига қадамингизни босманг, дея худони ўртага қўйиб ёлбора бошлади. Хотини ва қизи ҳам шундай қилишди, у бир қароқчи ва исёнкор бўлса, уни албатта сотиб қўйишини айтишди. Қамални олиб ташлашга интилиш бефойдалигини, ундан кўра тезроқ Кобулга етиб олиш зарурлигини уқдиришди. Бу — бўладиган иш, бунинг устига Мирбобо уни таъқиб қилиш ва Кобулга етиб олишига халақит бериш учун қамални ташлаб кетмайди.

Асли бахтиқароликка туғилган Доро бу маслаҳатларни рад этди, у ҳеч кимнинг гапини эшитишни истамади. Унинг айтишича, довон оғир ва хатарлидир (ҳақиқатан ҳам шундай эди) ва барча одамлар шунча яхшиликлардан кейин Жионхон қанақасига сотқинлик қилиши мумкин деб уқдирмоқда. Йўқ-йўқ дейишларига ҳам қарамай, у Жионхон сари равона бўлди. Аҳмоқ одамга ишонмаслик кераклигини Доро жони қил устида қолгандагина англаб етди.

Доронинг ортидан кўплаб одамлар келаётган бўлса керак деб ўйлаган бу муттаҳам аввалига уни тантанали қабул қилди, сиртдан зўр ҳурмат кўрсатиб, ғоятда дўстона тарзда кутиб олди, аскарларини фуқаролари орасида жойлади ва иложи борича иззат-икром билан яхшилаб меҳмон қилишни буюрди. Бироқ унинг бисотида атиги икки-уч юз одам борлигини билгач, ўзининг асил ҳолатига қайтди. У Аврангзебдан бирон мактуб-пактуб олгани ёки қароқчи ва талончилардан асраб-авайлаб олиб келгани олтин-кумуш ортилган бир қанча ҳўкизларни кўриб, нафси ҳакалак отиб кетдими, нима бўлганда ҳам бир куни эрталаб ҳамма ўзини бехавотир ҳис қилганча дам олиб турганда бу хиёнаткор тун бўйи ҳар томондан қуролли одамларни тўплаб Доро ва Сафо Шайхга ташланиб қолди. Ҳимоя қилмоқчи бўлган бир қанча одамларни ўлдирди, юкларни ва хотинларнинг қимматбаҳо тақинчоқларини тортиб олди; кейин Доронинг қўл-оёқларини боғлади-да, филнинг устига боғлаб қўйди, орқасидан жаллодни мингаштириб, агар озод қилишларини сўраб, қаршилик кўрсатгудек бўлса, бошини олишни буюрди. Мана шундай мудҳиш бир ҳолатда уни Татабақарни қамал қилиб турган қўшинга олиб борди ва Мирбобо қўлига топширди. Мирбобо эса айнан шу сотқин ҳамроҳлигида уни Лоҳурга, у ердан Деҳлига жўнатди.

Улар Деҳли дарвозасига етиб келганларида Аврангзеб уни Гвалиорга жўнатишдан олдин шаҳар ичидан сазойи қилиб олиб ўтиш керакми ёки йўқми деган масала устида ўйлай бошлади. Баъзилар бундай қилишдан эҳтиёт бўлиш керак, тўполон келиб чиқиши, уни қутқариб қолишлари мумкин дейишди, қолаверса бу шоҳ хонадони учун зўр ҳақорат ҳисобланади. Яна баъзилар бунинг тескарисини айтишди, уни шаҳар ичидан сазойи қилиб олиб ўтиш керак, Аврангзебнинг қудрати чексизлигини одамлар кўриб қўйсин, бунинг чиндан ҳам Доро эканига ҳамма ишонч ҳосил қилсин, дейишди. Чунки айрим амирлар бунга ишонмаётганди. Қолаверса, унга нисбатан дўстона муносабатда бўлганларнинг сўнгги умидларини ҳам пучга чиқариш кўзда тутилганди. Кейинги гапни айтганларнинг маслаҳати жоиз деб топилди. Дорони филга ўтқазишди, унинг ёнидан набираси Сафо Шайхни боғлашди, орқа томондан жаллод ўрнига Баҳодурхон ўлтирди. Бу илгаригидек кажаваси зардўзи мато билан қопланган, ўриндиқлари маҳобатли Цейлон ёки Пегу филларидан эмасди. Бу кекса, шарти кетиб, парти қолган, қирчанғи, ифлос, кажаваси очиқ, ёпқиси титилиб кетган фил эди. Доронинг бўйнида одатда шаҳзодалар тақадиган на йирик дур маржони, на жимжимадор, салласи ва чопони бор эди, бирдан-бир кийими оқ бўздан тикилган яктагу оддий хизматкорлар ўрайдиган исқирт шолдан иборат эди. Набираси Сафо Шайх ҳам худди шундай либосда эди. Мана шундай таҳқирли бир ҳолатда халқ унинг Доро эканига тўла амин бўлиши учун шаҳар бўйлаб катта бозорлар, савдо қизиб турган кўчалардан олиб ўтишди.

Мен бўлсам, аввалига биз қандайдир хунрезлик гувоҳи бўламиз деб ўйлагандим ва уларни шу алфозда шаҳардан олиб ўтишга кимнинг юраги дов берди экан деб ҳайратга тушгандим, чунки бу ишни бажараётган одам жуда ёмон қўриқланаётганди-да. Дорони оддий халқ яхши кўрарди, айни пайтда ўз отаси Шоҳ Жаҳонни, ўғли Султон Маҳмудни ва укаси Мурод Бахшни зиндонда сақлаётган Аврангзебнинг шафқатсизлиги ва бедодлигидан ғазабланиб, овозининг борича қичқирмоқда эди. Мен ҳамма нарсага тайёр турардим ва икки бақувват мулозим билан яхши бир отда икки дўстимни ёнимга олиб, Доро ўтиши керак бўлган катта бозорга йўл олдим. Бироқ қўлига қилич олишга журъат этадиган биронта ҳам одам бўлмади. Фақат бир неча дарвеш ва бозордаги гадоларгина отда ҳамроҳлик қилиб бораётган ифлос патҳанни кўриб, уни бўралаб сўка кетдилар, сотқин дея унга тошлар отдилар. Дарҳақиқат, барча айвону дўконлар аччиқ кўзёши тўкаётган одамларга лиммо-лим эди, Жионхон шаънига айтилган сўкиш ва ҳақоратлар, фарёдлар, шикоятлар ҳавони тўлдирганди; хуллас, ҳамма — эркагу аёллар, ўсмиру болалар (ҳиндлар жудаям кўнгилчан бўладилар) кўзёши тўкар ва чуқур ҳамдардлик билдирар эдилар. Бироқ ҳеч ким қилич яланғочлаб чиқмади. Шу тариқа шаҳардан олиб ўтишгандан кейин Дорони Ҳайдаробод деб аталувчи унинг боғига жойлаштиришди.

Энг аввало Дорони олиб ўтаётганларида бутун халқ кўзёши тўкканини, уни ҳибсга олган патҳанга лаънатлар айтганини, тошлар отиб уни сал бўлмаса ўлдириб қўяёзганини Аврангзебга оқизмай-томизмай етказишди. Исён кўтарилиб, катта хатар юзага келиши аниқ эди. Шуни назарда тутиб, Доронинг тақдирини ҳал этиш учун янги машварат чақирилди: илгари қарор қилинганидек, уни Гвалиорга жўнатилсинми ёки ҳеч қаёққа юбормай шу ернинг ўзида тинчитиб қўя қолишсинми. Айримлар кучли қўриқчилар билан уни Гвалиорга жўнатиб юборилгани маъқул деган фикрда тўхталдилар; Гарчи Доронинг азалий душмани бўлса-да, Донишмандхон шундай қилиш тарафида эди, бироқ Равшаноро Бегим азбаройи акасига нафрати зўрлигидан Аврангзебни Дорони шу ерда ўлдириб қўя қолишга астойдил ундарди, чунки Дорони Гвалиорга олиб бориш хатарли эди. Доронинг эски душманлари Халилуллохон ва Шоҳ Жастхон ҳам шу фикрни қўллаб чиқдилар; Форсдан қочиб келган, илгари Ҳаким Довуд деб аталган, кейин катта амир Тақарубхон бўлиб олган тилёғлама табиб айниқса шунга жони койирди. Бу заҳартабиат одам давлат манфаати учун уни дарҳол ўлдириш керак, бунинг устига Доро мусулмон эмас, кофир, бутпараст, даҳрий, мен унинг гуноҳини бўйнимга олганим бўлсин, деб томоқ йиртиб қичқирарди. Дарҳақиқат, у гуноҳ ва қарғишларни бўйнига олди, чунки кўп ўтмай унинг устидан ўлим ҳукми чиқарилди: ҳукм шундай ижро этилдики, ярамас итдай ўлиб кетди. Охирида Аврангзеб мана шу маслаҳатларга кирди-да, Дорони ўлимга ҳукм қилди. Сафо Шайхни эса Гвалиорга олиб кетишди.

Бу мудҳиш қатл ижросини Шоҳ Жаҳон тарбиялаган ва, айтишларича, қачонлардир Доро калтаклаган Назар исмли қулга юклашди.

Бу жаллод ўзига ўхшаш уч-тўрт қотил ҳамроҳлигида Дорони заҳарлаб қўйишларидан хавотир олиб, унинг қаршисида пайдо бўлади, бу пайтда у Сафо Шайхга шўрва қайнатиш билан овора эди. Узоқдан Назарга кўзи тушиши билан у ўғлига қараб: “Ўғлим, ана, бизни ўлдиргани келишаяпти!” деб қичқирди ва унга қолдиришган ягона қурол — жажжигина ошхона пичоғини қўлига олди . Жаллодлардан бири ўша заҳоти Сафо Шайхнинг қўл ва оёқларига ёпишди; кейин биргалашиб Дорони ерга ағдаришди ва Назар уни сўйиб бўлгунча тагларига босиб туришди. Танадан ажратилган бошни бетўхтов қалъага, Аврангзебга олиб кетишди, у бошни баркашга қўйишни ва сув олиб келишни буюрди. Сўнг рўмолча сўради ва бош обдон ювилиб, қонлари артилгач, Аврангзеб унинг ҳақиқатан ҳам Доронинг боши эканига ишонч ҳосил қилди-да; “Оҳ бадбахт, оҳ бадбахт, буни олдимдан тезроқ йўқотинг, уни Ҳумоюн даҳмасига дафн этсинлар”, — деб йиғлай бошлади.

Кечқурун ҳарамга Доронинг қизини келтирдилар, уни Аврангзебдан талаб қилиб олган Шоҳ Жаҳон ва Бегим Соҳиб ҳузурига элтдилар. Доронинг хотинига келсак, у Лоҳурдаёқ ўз жонига қасд қилиб бўлган эди, эри билан иккаласининг мусибатини олдиндан кўрган ҳолда заҳар ичиб қўйганди. Сафо Шайх Гвалиорга олиб кетилганди. Ниҳоят, бир неча кундан кейин Аврангзеб ҳузурига машваратга Жионхонни чақиришди, унга турли-туман совғалар инъом этишди ва жўнатиб юборишди; бироқ у ўз мулкларидан узоқлашмай турибоқ ундан ҳақли равишда ўч олинди: уни ўрмонда ўлдириб кетишди. Бу ёвуз инсон агар шоҳлар шундай илтифот кўрсатгудек бўлсалар, агар улар бундайларнинг фойдасига ён босгудек бўлсалар, барибир улар сотқинлардан доим қаттиқ нафрат қилишларини ва эртами, кечми, бунинг учун албатта жазолашларини билмас эди.

Татабақар доруғаси чорасиз қолган Доронинг буйруғига кўра қалъани топшириши керак эди, бироқ у ўзи қўйган шартлар асосида, албатта. Лекин бунинг тагида яна бир шарт ётарди, яъни унга берилган ваъда ҳаққоний деб топилади. Лоҳурга етиб келиши билан шўрлик маҳрам ва унинг бир қанча одамлари Лоҳур доруғаси Халилуллохон томонидан ўлдирилган эди. Бунга таслим бўлиш шартларига риоя қилинмагани сабаб бўлганди, бундан ташқари шундай хабарлар келгандики, гўё у олтин тангаларни зимдан бизнинг фарангийларимизга аямай улашиб, тўғри Сулаймон Шайх ҳузурига жўнашга тайёргарлик кўрган эмиш.

Доронинг бутун хонадонидан фақат Сулаймон Шайх қолганди. Агар дастлабки пайтдагидек рожа маҳкам туриб берса, уни Сринагардан алдаб олиб чиқиш осон бўлмасди. Бироқ рожа Жессин билан олиб борилган хуфия музокаралар, Аврангзебнинг ваъда ва дўқлари, Доронинг ўлими, шунингдек тоғдаги рожаларнинг ва қўшинларининг сотиб олиниши ва Аврангзеб буйруғи ва унинг ҳисобига у билан урушишга тайёрланишлари — буларнинг барчаси ниҳоят қўрқоқ ҳукмдорнинг садоқатини дарз кетказди ва ундан нима талаб қилинса, шунга рози бўлишга мажбур этди. Бундан олдиндан огоҳлантирилган Сулаймон Шайх овлоқ жойлар ва кимсасиз тоғлар орқали катта Тибетга қочди, бироқ тезда унинг изидан тушган рожанинг ўғли уни тошбўрон қилишга буйруқ берди, шўрлик шаҳзода яраланди, қўлга олинди ва Деҳлига келтирилди, бир вақтлар Мурод Бахш ётиб чиққан мўъжазгина Салимгир қалъасида зиндонбанд этилди.

Фурсатни ўтқазмай, Аврангзеб Дорога нисбатан қўлланган тартибга риоя қилган ҳолда ҳамма унинг ҳақиқатан ҳам Сулаймон Шайх эканига ишонч ҳосил қилиши учун уни аъёнлар ҳозирлигида саройга келтиришга амр қилинди. Тан олишим керакки, айни ҳолдаги манзаралар мени ҳаддан ташқари ўзига ром қилиб қўйганди. Эшикдан кираверишда унинг оёқларидаги кишанларни ечишди, афтидан олтин суви югуртирилган қўл кишанларига тегишмади. Бу барваста қоматли, хушбичим ва келишган йигит кириб келганда кўпгина амирлар кўзёши тўкишдан ўзларини тийиб туролмадилар. Шунингдек, парда ортидан беркиниб томоша қилишга рухсат олган сарой хонимлари ҳам йиғлаб юбордилар. Афтидан Аврангзебнинг ўзи ҳам Сулаймон Шайхнинг аҳволига қаттиқ ачинмоқда эди, у унга мулойим сўзлар билан мурожаат қилиб, юпата бошлади, қўрқма, биз сенга ҳеч нима қилмаймиз, аксинча, сен билан яхши муомала қилишади, худонинг марҳамати кенг, ҳаргиз умидсизликка тушма, гарчанд мен отангни ўлдиришга буйруқ берган бўлсам, бунга унинг ўзи сабабчи бўлди, диндан чиқиб, кофирга айланди, деди. Шундан сўнг шаҳзода мамлакат одатига кўра унга таъзим қилди, қўлларини ергача туширди ва кейин бошидан иложи борича тепароққа кўтарди, унга қараб ғоят қатъий оҳангда, агар менга оғу бериш буюрилган бўлса, подшоҳим ҳозироқ жонимни олиб қўя қолсинлар, мен бундан ғоят миннатдор бўлурмен, деди. Бироқ Аврангзеб барча аъёнлар олдида ваъда бердики, уни оғу ичишга мажбур қилмайди, бу томондан хотиржам бўлаверсин ва қайғуга тушмасин.

Шундай қилиб, йигит яна бир карра унга таъзим қилди ва шундан сўнг Аврангзеб томонидан олтин рупиялар ортилган филга тааллуқли бир қанча саволлар берди.

Оғу деганлари Гвалиордаги боши олдирилишини истамаган шаҳзода маҳбуслар учун ичимлик бўлиб, бир кеча сувда сақланган кўкнорни қириб тайёрланади. Буни эрталаблари беришади, то катта бир косани симирмагунча маҳбусга овқат ейиш ман этилади. Тўғрироғи, очдан ўлиб кетишга мажбур қилишади. Маҳбус қоқ суяк бўлиб озиб кетади, аста-секин қувватидан ҳам, ақлидан ҳам жудо бўлиб боради. Оғу уни уйқучи ва гаранг қилиб қўяди. Айтишларича, худди шу йўл билан Сафо Шайхни, Мурод Бахшнинг ўғлини ва Сулаймон Шайхнинг ўзини нариги дунёга жўнатганлар.

Мурод Бахшнинг ўзига келсак, уни бошқачароқ, ундан кўра азоблироқ усул билан ўлдиришган: Аврангзеб қарайдики, зиндонда ётгани билан ҳамма уни жуда яхши кўраяпти, унинг шавкатию, жасоратини тараннум этиб шоирлар шеърлар ёзаяпти. У оғу ёрдамида уни нариги дунёга жўнатишни муносиб топмади. Унинг ўлимига шубҳа билан қараш қачонлардир ғалаён чиқишига сабаб бўлишидан қўрқди. Айтишларича, унга қуйидагича айб қўйилган.

Мурод Бахш Аҳмадободдалик пайтида урушга тайёрланар экан, бир бой саййидни ўлдирган, барча бой савдогарлардан қарзга ва зўрлаб пул олган эди. Ўша саййиднинг болалари ҳақиқат қилишларини ва оталарининг хунига Мурод Бахшнинг бошини тўлашларини талаб қилиб, сарой машваратига шикоят билан келган эдилар. Амирлардан биронтаси ҳам буни инкор этишга журъат қилолмаганди, чунки саййидлар, яъни Муҳаммад пайғамбарнинг авлодлари эди, уларни ҳамма ҳурмат қилар эди; бундан ташқари улар Аврангзебнинг ниятини жуда яхши билар эдилар. Аврангзеб учун ҳам бир қадар ҳақиқат юзасидан бу бир яхши баҳона бўлди. Шундай қилиб, уларнинг оталарини ўлдирган одамнинг боши узоқ пайсалга солиб ўтирилмай, уларга топшириб юборилди ва марҳум саййиднинг фарзандлари зарурий фармойишлар билан тезда Гвалиорга жўнаб кетишди.

Энди Аврангзебнинг оёғида Султон Шужодан бошқа зирапча қолмаганди, у ҳамон Бангалияда турарди. Бироқ унинг ҳам Аврангзебнинг кучи ва омадига тан беришдан ўзга чораси йўқ эди. Унга қарши Амир Жумла тасарруфига шу қадар турли-туман қўшин турлари берилдики, улар охири Султон Шужони ҳаммаёқдан, Ганга дарёсининг ҳар иккала соҳили томонидан ва дарёнинг денгизга қуйилиш жойидан барча оролчалардан қуршаб олдилар. Султон Шужо Даккага қочишга мажбур бўлди. Фожиа денгиз бўйидаги Банголиянинг бу сўнгги шаҳрида поёнига етди.

Денгизга тушиш учун кемаси бўлмаган ва энди қаёққа қочишини билмаган бу шаҳзода тўнғич ўғли Султон Банкни мажусий ва бутпараст Аракон ёки Муғ шоҳи ҳузурига юборади. Ундан бирмунча муддат унинг мамлакатида яшириниб туришга рухсат беришини, шамоллар фасли бошланганда эса Муғга ўтиб олиши учун кема бериб туришини сўрашни тайинлайди. У Маккага жўнамоқчи, у ердан Туркиягами ёки Эронгами ўтиб кетмоқчи эканини айтади. Шоҳ жавобан унинг азиз меҳмон бўлишини ва қўлидан келганча унга ёрдам беражагини айтади. Султон Банк Даккага фарангийлар бошқарадиган кўплаб замбараклар билан қайтиб келади ва (мен айтаётган одамлар қочоқ португаллар ва қаланғи-қасанғи насронийлар эди, улар бутун Қуйи Бангалия бўйлаб талон-торож ва босқинчиликдан бошқа ишга ярамай, ана шу шоҳ хизматига кирган эдилар). Султон Шужо бутун оила аъзолари — хотини, учала ўғли ва қизлари билан ана шу кемага ўтиради. Уларни жуда яхши кутиб олишади, уларга бу мамлакатда яшаш учун керак бўладиган барча нарсалар шоҳнинг ўзи томонидан муҳайё этилади. Бир неча ой ўтади, шамоллар фасли бошланади, гарчи султон текинга эмас, пулга сўраган бўлса-да, кема ҳақида гап-сўз бўлмайди. Султон Шужонинг бисотида ҳали олтин рупиялар, кумушлар ва қимматбаҳо жавоҳирлар талайгина эди. Бойликлари шу қадар кўп эдики, баъзи тахминларга кўра унинг ўлимига бевосита ёки билвосита айнан шу бойлик сабабчи бўлган эди. Бу каби талончи шоҳлар инсоф деган нарсани билмайдилар, улар сўзларининг устидан чиқмайдилар. Улар айни дамда фақат ўз нафсларини ўйлайдилар, қўполликлари ва қайсарликлари ўзларининг бошига бало бўлиб қайтишини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Уларнинг қўлидан омон чиқиш учун ё жуда ҳам кучли, ёки уларнинг балойи нафсини қўзғотиб юбормаслик учун ҳеч вақосиз бўлиш керак. Султон Шужонинг тезроқ кема беришларини сўраб қилган ҳаракатлари зое кетмоқда эди — иш олдинга силжимаётганди, аксинча, шоҳ унга совуққонлик билан муносабатда бўлаётганди, нега мени кўргани келмаяпти, деб тирноқ остидан кир қидирмоқда эди.

Билмадим, балки Султон Шужо шоҳни бориб кўришни ўзи учун раво кўрмагандир, ёки уйига қамаб, мени тутиб олади, бойлигимни талайди, ўзимни Амир Жумлага топширади деб қўрққандир. Чунки Амир Жумла Аврангзеб номидан уни тутиб берган одамга катта миқдордаги пул ва бошқа турли имтиёзлар ваъда қилганди. Нима бўлганда ҳам у шоҳни зиёрат қилгани бормади. Бунинг ўрнига ўғли Султон Банкни юбориб қўя қолганди. Султон Банк шоҳ саройига яқинлашар экан, сахийлигини намойиш қилмоқчи бўлиб, йўл-йўлакай ярим рупиялик, ҳатто бир рупиялик олтин, кумуш пулларни сочқи қилиб боради. У шоҳга кўплаб парча ва ноёб заргарлик буюмларини олиб келади. Отаси Султон Шужо номидан кечирим сўрайди, унинг бетоблигини сабаб қилиб кўрсатади ва шоҳга кема ва берган ваъдасини эслатади. Бироқ бундан ҳеч нарса чиқмайди, аксинча, беш ё олти кундан кейин шоҳ унинг қизларидан бирини хотинликка сўраб, одам юборади. Султон Шужо бунга зинҳор рози бўлмас эди ва бу билан ваҳший шоҳнинг қаттиқ ғазабини қўзғайди. Нима қилмоқ керак? Йилнинг қулай фасли охирлаб бормоқда. Уларнинг ҳоли нима кечади энди? Қандай тадбир кўрмоқ керак? Таваккал қилсинми ё? Ниҳоят, миясига шундай бир фикр келадики, бунинг охири пушаймонликдан бошқа нарса келтирмайди.

Гарчи Аракан шоҳи мажусий бўлса-да, унинг давлатида кўплаб мусулмонлар яшарди. Айримлари унинг қаноти остидан паноҳ топган эди, лекин уларнинг катта қисми мен илгари айтиб ўтганим фарангийлар томонидан асир олинган қуллар эди. Султон Шужо ими-жимида мана шу мусулмонларни ўзига оғдириб олади ва унга эргашиб Банголиядан келган икки-уч юз нафар жон билан ваҳший шоҳ устига бостириб киришга, қуролларни ишга солишга, ҳаммани қириб ташлаб, ўзини Аракан шоҳи деб эълон қилишга азму қарор этади. Бу оқил одамнинг эмас, балки жоҳил одамнинг миясига келган ғоят таваккалли тадбир эди. Менинг кўплаб ўша ерда бўлган мусулмонлар, португаллар ва голландлардан эшитганим ва сўраб билганларимга кўра, тадбир муваффақиятли якун топиши мумкин эди. Бироқ ҳужум уюштириш кўзда тутилганидан бир кун олдин сир фош бўлади. Бу Султон Шужо ишини узил-кесил йўққа чиқаради ва унинг ўлимига сабаб бўлади, зеро, у ҳеч бир иложини тополмагач, Пегу орқали қочиб жон сақлашга уринади. Бироқ йўлдаги ўрмонлару тоғликлар, нарироққа бориб йўлнинг умуман йўқлиги туфайли бундай қилишга имкон бўлмайди. Бунинг устига унинг ортидан шунчалик зудлик билан таъқиб этишадики, уни ўша куннинг ўзидаёқ қўлга олишади. У мардонаворларча ҳимояга ўтганини, киши ақли бовар қилмас даражада кўп ваҳшийларни қириб ташлаганини ҳар ким ҳам яхши тушунади. Бироқ шу қадар кўп одамлар ёпирилиб келадики, у бунга бардош беролмай, жанг майдонини ташлаб қочишга мажбур бўлади.

Унчалик олдинга кетиб қолмаган Султон Банк ҳам отаси каби шердай олишади, бироқ охири унга отилаётган тошлардан бири тегиб, яраланади, дарҳол унга ташланиб, асир оладилар ва иккала укаси, сингиллари ва онаси билан бирга олиб кетадилар. Султон Шужога келсак, у ҳақда қуйидагиларни билишга муваффақ бўлдик: хотинларидан бири, маҳрами ва яна икки одами билан у тоғ чўққисигача етиб келган, ўша ерда бошига яна бир тош келиб теккан ва ерга қулаган, бироқ уни дарҳол ердан кўтаришган, маҳрами унинг бошини салла билан боғлаган ва ҳаммалари ўрмонга яширинишган.

Мен бу ҳақда ўша ерда бўлган кишилардан уч ё тўрт хилдаги тафсилотни эшитдим, айримлар уни жасадлар орасидан топиб олишди, дер эдилар, бироқ уни юзидан яхши таниёлмаганлар. Мен голланд савдо бошқармаси бошлиғининг бу гапларни тасдиқлайдиган хатини кўрдим. Бироқ унга нима бўлганини тўла аниқлаш қийин эди, мана шу номаълумлик Деҳлида бизни тез-тез ташвишга тушишимизга сабаб бўлди: гоҳ у Гўлкўнда ва Бижапур шоҳлари қўшилмасига Маслипатамга етиб келган деб хабар беришар, шоҳ Пегу ёки Сиам шоҳидан олган қизил яловли икки кема билан Сурат яқинидан ўтиб кетди, деб уқдирар эдилар. Яна бировлар эса у Форсда ёки Шерозда, ундан кейин эса ҳатто Кобул хонлигига қарши ҳозирлик кўриб Қандаҳорда юрибди, деган гапларни айтар эдилар. Аврангзебнинг ўзи эса бир куни ҳазил қилибми ё бошқача ўйдами, ниҳоят Султон Шужо ҳожи бўлмоқ ниятида Маккага кетган, деб айтган. Ҳозир ҳам унинг Қустантаниядан кўп пул билан Форсга қайтиб келган деган гапга ишонадиганлар талайгина топилади. Бироқ бу барча миш-мишларнинг асоссизлиги голландларнинг хатларидан яққол аён бўлади. Бундан ташқари мен билан бирга Банголиядан Маслипатамга ўтган унинг маҳрамларидан бири, ҳамда Гўлкўнда шоҳи хизматидаги мен кўрган унинг тўпчибошчиси мени ишонтириб айтишдики, Султон Шужо аллақачон ўлиб кетган. Лекин улар менга шундан ортиқ бир нарса дейишни исташмади. Ниҳоят яқинда, мен ҳали Деҳлидалик вақтимда Эрон ва Испаниядан келган бизнинг француз савдогарларимиз бу жойларда Султон Шужо ҳақида ҳеч нарса эшитишмабди. Бундан ташқари менга айтишдики, у енгилганидан бирмунча вақт кейин унинг ханжари, қиличи топилган. Шундай қилиб, хулоса чиқариш мумкинки, борди-ю, у жангда ўлдирилмаган бўлганда ҳам кейинчалик ё қароқчилар, ё бу мамлакат ўрмонларида тўлиб-тошиб ётган йўлбарсларми, филларми, шу каби йиртқич ҳайвонлар ҳамласидан ўлиб кетган. Нима бўлганда ҳам, мана шу ишдан кейин унинг бутун оиласини, хотинлари ва фарзандларини зиндонга ташлаганлар, уларга жуда қўпол муомалада бўлганлар. Дарвоқе бирмунча муддатдан кейин уларни озод қилишган ва юмшоқроқ муомала қила бошлашган. Шоҳ унинг тўнғич қизини олиб келишни амр этган ва уни хотинликка олган. Бу вақтда Султон Банкнинг бир қанча мулозимлари мен айтиб ўтганим мусулмонлар билан биргаликда аввалгисига ўхшаш бир фитна уюштириш дардига тушиб қолишган, бироқ уни амалга ошириш куни етиб келганида фитначилардан бири ширакайф ҳолда ҳаммадан олдин ҳаракатга тушиб, ишнинг пачавасини чиқарган. Бу воқеа бўйича менга минглаб латифаомуз ҳикояларни айтишдики, қайси бирига ишонишни билмасдим. Шулар барчаси ичидан энг ишонарлиси шуки, азбаройи Шужонинг бу бадбахт оиласидан дарғазаб бўлган шоҳ ундаги ҳамма жонни қиличдан ўтказишга амр этган, ҳеч ким тирик қолмаган, ҳатто у уйланган тўнғич қиз ҳам, айтишларича, иккиқат бўлишига қарамай, шафқатсизларча ҳалок этилган. Султон Банк ва укаларининг бошини ўтмас болта билан чопиб узганлар, аёлларни уйга қамаб қўйишган ва улар очликдан ўша ерда ўлиб кетишган.

Тахту тожни эгаллаш мақсадида тўрт ака-ука ўртасида бошланган уруш ана шу тариқа барҳам топган. У беш ё олти йил, яъни тахминан 1655 йилдан 1660 ёки 1661 йилгача давом этган. Аврангзеб қудратли салтанат эгасига айланиб, тинчгина ҳукмронлик қила бошлаган.

Амир Файзулла ва Файзи Шоҳисмоил таржимаси.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 8-сон