Бувим дадамни омадсиз, иши юришмаган одам деб ҳисобларди. Буни очиқ айтмаса ҳам, вақти-вақти билан дадамнинг ҳамма курсдошлари аллақачон бош врач, профессор ёки камида тиббиёт фанлари номзоди бўлиб кетганини эслаб турар эди. Бувим ҳар сафар дадамнинг дўстларининг ютуқларидан шу қадар баралла қувонардики, ундан кейин уйда ноқулай жимлик чўкарди. Биз дадам “қолиб кетаётганини” тушуниб турардик…
– Бир пайтлар шулар сенинг маслаҳатларингни олишга келарди. Сен уларга имтиҳонлардан ўтишда ёрдамлашар эдинг! – дейди бувим.
– Ҳозир ҳам диссертацияларини олиб келиб туришади, – дейди ойим оҳиста, дадам билан фахрлангандек. – Илмий мақола ёзиш учун улар ижодий таътилга чиқишади! Бу киши бўлса уч йилдан бери оддий меҳнат таътилига ҳам чиқмайди. Ҳар куни шу касалхона! Операция, операция…бошқа гап йўқ. Бир ҳафта бўлса ҳам руҳсат олса бўларди: бундоқ, касал бўлиб, тузалиб дегандай…
Тез орада ойимнинг тилаги ижобат бўлиб, дадам грипп бўлиб қолди. Унга дори-дармон ёзиб беришди.
– Яна, – деди доктор, – тинчлик керак, сокинлик…
Телефонимиз ҳар икки дақиқада жиринглар эди.
– Соғлиги яхшими? Ўзи тузукми? – деб сўрарди нотаниш овозлар.
Бошида бу менинг жаҳлимни чиқарди: дадамга ухлашга беришмасди. Кечқурун ойим ишдан қайтганда шундай дедим:
– Йигирма марталаб қўнғироқ бўлдиёв!
– Қанча? – қайта сўради ойим.
– Ўттиз мартача, – дедим ойим қандайдир ёқимли ҳайрон бўлганини кўриб. – Дадам ухлашигаям халақит қилишяпти.
– Тушунаман. Демак, Хавотир олишибдида!
– Олганда қандоқ! Баъзилари йиғлаб ҳам берарди сал қолса. Зўрға юпатиб ўзларига келтирдим!
– Қачон бўлди бу? – сўради бувим.
– Дорига чиқиб кетганингизда. Ё ошхонадамидингиз, аниқ эсимда йўқ…
– Бўлиши мумкин…Қўнғироқлар ростдан ҳам кўп бўляпти. – деди бувим дадам ётган тарафга ҳайрат билан тикилиб.
Икковлари ҳам бунча кўп қўнғироқ бўлади деб ўйлашмаган эди.
“Дадамнинг касал бўлгани қандай яхши бўлди-я! – деб ўйлардим мен. – Билиб қўйишсин. Айниқса ойим!” Ҳа, ҳаммасидан ҳам ойим дадамдан мутлақо бегона инсонлар хабар олаётганини кўриб қўйишини истардим.
– Талаба Юранинг соғлиги ёмонлашганда қараб тургандим, эсинглардами? Қўшни подъезддаги бор-ку, эсинглардами? (Ойим билан бувим бош силкишди). У ҳам грипп бўлувди. Унгаям қўнғироқ қилишарди. Кунига икки ёки уч одам. Кўп эмас. Буёқда эса тўхтай демайди-я!
Шу пайт яна қўнғироқ бўлди.
– Кечирасиз, – деди гўшакдан сокин, қандайдир маъюс овозда бир аёл. – Ким билан гаплашяпман?
– УНИНГ ўғли билан!
– Хурсандман… Унда мени тушунсангиз керак. Менинг ҳам ўғлим бор. Уни эртага операция қилишлари керак. Лекин мен дадангизнинг тузалишини кутмоқчи эдим. Агар иложи бўлса… Ундан сўраб кўрсангиз. Биргина ўғлим бор. Жудаям ҳаяжондаман. Дадангиз, шахсан ўзи операция қилсин, дегандим…Иложи бўлса. Кўнглим хотиржам бўларди!
– Шуни у кишининг аёлларига ҳам қайтариб юбороласизми, – дедим мен – Яъни ойимга…Ҳозир чақирвораман.
Чақирдим.
Яна бир соат-қирқ дақиқалардан кейин гўшакдан бир эркак киши сўради:
– Ким билан суҳбатлашяпман?
– Ўғли билан!
– Жуда яхши! Унда мени тушунсангиз керак. Аёлимнинг ўт пуфагини олиб ташлаш керак. Операцияни дадангиз ўтказади, деб ваъда қилишганди. Айнан шунинг учун шу касалхонага жойлаштирувдим. Бошқа йўлларим ҳам бор эди! Бирданига бунақа хабар! Қанақасига бундай бўлди? Оёққа турғизиш керак! Қанақадир бошқача дорилар керакмикан? Ноёброқ? Қўлимдан келарди… Қисқаси, мен уни кутмоқчиман. Бу театр эмас, дублёрлар мени қониқтирмайди!
– Бу гапларни ўша кишининг аёлига айтсангиз. Худди шундай, менга гапирганингиздек…Сўзма-сўз! Балки ёрдам қилар.
Мен яна ойимни чақирдим.
Қолган кунлари ҳам дадамнинг соғлиги билан қизиққан ҳаммага бир хил жавоб бердим:
– Ҳозир аниқ бир гап айтолмайман. Кечки пайт қўнғироқ қилинг. Аёллари уйда бўлади. Ҳаммасини шу кишидан билиб оласиз…
Ишдан қайтиб, ойим йўлакдаги телефон олдида ўтириб оларди ва тинмай кундузи мен қўнғироқ қилишини сўраган кишилар билан суҳбатлашар эди.
Баъзида бувимга:
– Балки ойимга ёрдам берарсиз? – дердим.
Бувим ойим билан “ўрин алмашарди”. Дадамга қўнғироқ қилган касаллар, докторлар, ҳамширалар ҳар сафар:
– Ҳарорати қандай? – деб сўрашарди.
Афсуски, дадамнинг ҳарорати баланд эмасди. Мен эса ҳамма унинг соғлиги учун кўпроқ қайғуришини истардим!
Бир куни:
– Ҳарорати? Билмадим. Термометр синиб кетди. Лекин пешонаси қайноқ! – дедим.
Ўша куни ҳаммага шундай жавоб бердим. Дадам эшитмаслиги учун шивирлаб гапирардим.
Шивирлашим уларга қаттиқ таъсир қиларди. Улар ҳам шивирлаб жавоб беришарди:
– Аҳволи яхшиланмаяптими?
– Ҳа…Кечроқ қўнғироқ қилинг. Ойим уйда бўлганда!
Кечқурун бирйўла учта термометр келтириб беришди.
– Ҳарорати яхшилансинда, – деди дадам ўғлининг нимасинидир кесиши керак бўлган аёл. Менга термометр узатди. – Ҳалиям баландми?
– Йўқ, ҳозир яхши, – дедим мен. – Анча яхши. Хавотир олманг…
– Мана шу термометрни қўйинглар, – деди у. Гўё ҳаммаси термометрга боғлиқдек!
– Менимча, анча яхшиланди ҳолати, – деб яна тинчлантирдим уни.
У ёнидан рўмолча чиқариб, бошини эгиб, кетди…
– Наҳотки сизлар, – дедим онам билан бувимга, – анави виоленчелчиларинг касал бўлиб қолса, унга шунча қўнғироқ бўларди, деб ўйласангизлар? Шунча термометр сотиб олишармиди?
– Нималар деяпсан! Таққослаб бўлармиди? – деди бувим. – Буёқда инсон ҳаёти ҳақида гап кетяпти!
– Ҳа, у одамларга керак! – дедим мен.
– Шубҳасиз! – деди ойим.
Дадам касал бўлмаганда ҳеч қачон бундай демаган бўларди. Айтгандаям бунчалик аниқ, аминлик билан, ишонч билан айтмас эди.
Ҳамма газеталарда ёзилишича, вирусли грипп билан аёвсиз курашиш керак экан. Мен эса бу вирусларга ижобий, ва ҳатто меҳр билан қарардим… Нима ҳам қилардик? Менга шундай ёрдам беришган бўлса?!
Ўша куни мен, агар уйда мени қадрламай қўйишса, оғир касал бўлиб олишга қарор қилдим. Ўлиб қолсамам зўр бўларди…вақтинча! Ҳамма қандай инсонни йўқотганини билиб оларди. Афсуски, бунинг иложи йўқ, демак, албатта, касал бўлиб қоламан! Бутун синф (нақ 43 киши!) қўнғироқ қилади. Шунда ҳамма мени тушунади…
Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси