Акутагава Рюноске. Ду Цзичун (ҳикоя)

1

Бу воқеа баҳор оқшомларининг бирида юз берганди.
Тан давлати пойтахти Лоян шаҳрининг Ғарбий дарвозасида бир йигит осмонга хомуш тикилганча турарди. Унинг исми Ду Цзичун бўлиб, бир бадавлат кишининг ўғли эди. Аммо отасининг бор бойлигини ҳавога совурган йигитча, шу даражада қашшоқлашиб қолгандики, ҳатто ейишга бир тишлам нони қолмаганди.
У пайтларда Лоян айни гуллаган шаҳар бўлиб, осмон остида у билан тенглашадиган гўша топилмасди. Унинг кўчаларида одамлару аравалар дарёмисол оқиб борарди. Ботаётган қуёш шаҳар дарвозаларини тилла ранг ёғдуга чулғаган, ён-атрофдан бошига ипак матодан дўппи кийган кексалар, қулоғига туркча олтин сирға таққан аёллар, хил-хил жиловли оқ дулдуллар бетиним у ёқдан бу ёққа ўтиб турарди… Бу ажиб манзара моҳирлик билан чизилган суратни эслатарди.
Ду Цзичун бўлса, дарвозага орқаси билан суянганча ҳамон осмонга лоқайд тикиларди.
Баҳор ифори бир текисда шаҳарни қамради-ю, осмонда йиртқич тирноғидан қолган тиртиқдай ой ҳам кўриниб қолди.
“Қоронғи тушяпти, менинг эса қорним оч, бош қўярга жойим йўқ… Минг лаънат бунақанги ҳаётга! Бундан кўра, ўзимни дарёга ташлаб, ўлганим яхши”, — Ду Цзичуннинг миясида ана шундай ёмон ўйлар ғувилларди.
Шу пайт кутилмаганда унинг олдида гўё осмондан тушгандай бир кўзи шилпиқ, бир кўзи ғилай қария пайдо бўлди! Ботаётган қуёш нурларига йўғрилгани туфайли, дарвозада унинг каттагина сояси кўринди. Қария Ду Цзичуннинг юзларига узоқ тикилиб турди-да, амирона деди:
— Нима ҳақда ўйлаяпсан?
— Менми? Нима қилсам экан, деб ўйлаб тургандим. Тунагани икки газли жойим ҳам йўқ.
Қария уни туйқус саволга тутгани учун Ду Цзичун ҳам ер чизганча тўғрисини айтиб юборди.
— Шунақа дегин! Сенга раҳмим келиб кетди.
Чол бир оз ўйланиб турди-да, қўли билан кўчани чароғон этиб ботиб бораётган қуёшга ишора қилди.
— Сенга бир маслаҳат бермоқчиман, қулоқ сол. Шундай тургинки, қуёш орқангда қолсин-у, соянг олд томонга тушсин. Кейин бошинг сояси тушаётган жойни белгилаб қўй. Тунда келиб ўша ерни кавласанг, бир арава тоза олтин қазиб оласан.
— Ростдан-а?
Ду Цзичун ҳайрат билан бошини кўтарди. Бу не синоат бўлди? Чол гўё ер ютгандай, изсиз ғойиб бўлганди.
Бу пайтга келиб осмондаги ой янада тиниқлашган, ҳад-ҳудудсиз одамлар оқими узра икки-учта бесабр кўршапалаклар ғувиллаб уча бошлаганди.

2

Ду Цзичун бир кечада шу қадар бойиб кетдики, Лояндек шаҳри азимда унга тенг келадиган бой топилмасди.
У чолнинг айтганларини қилиб, бош сояси тушган жойни кавлади. Қарангки, у ердан бир аравага сиғмайдиган олтин қазиб олди.
Шу тахлит Ду Цзичун энг бадавлат кишига айланди. У шундайин қаср сотиб олдики, ҳашамдорлик бобида ҳатто император Сюань-цзун билан беллаша оларди. У фақат ланлин шаробини ичар, дастурхонига Гуйчжоудан “аждарҳо кўзи” аталмиш жаннатий мевани махсус келтиришларини буюрар, боғига эса йилда тўрт марта рангини ўзгартирувчи гуллар эккан, зийнат бўлади деб, аллақаёқдан оппоқ тустовуқлар келтирганди.Шунингдек, у қимматбаҳо тошлар йиғар, ўзи кимхобу парчаларга ўралиб ўтирарди. Кўча-кўйда муаттар ҳидли аравада сайр қиларди. Энг моҳир усталар унга атаб фил суягидан оромкурси ясашга киришгандилар. Хуллас, унинг ўткинчи ҳою-ҳавасларини санаб адоғига етиб бўлмасди.
Илгарилари Ду Цзичуннинг баъзи ўртоқлари кўчада кўрсалар, у билан аранг сўрашишарди. Аммо унинг бойиб кетгани ҳақидаги миш-миш бутун шаҳарга ёйилгач, дўстлари бирин-сирин уни кўргани кела бошлашди. Бу ҳам майлига, энди улар эрталабдан-кечгача Ду Цзичуннинг уйида маишат қилишарди. Буни истовчилар сони эса кун сайин ортиб борарди. Орадан ярим йил ўтиб, Лоян шаҳрида унинг уйига келмаган биронта ҳам санъаткор, гўзал жонон қолмади.
Йигитча кунда, кунора дабдабали зиёфат уюштирарди. Бу байрамларнинг қанчалар ҳашамат билан ўтишини тасвирлашга тил ожиз. Бу ерда фақат Оврўпадан келтирилган шароб ичиларди, ҳинд йоглари ханжар ютиб, меҳмонлар кўнглини овлар, уй соҳиби эса йигирмата гўзал малак қуршовида ўтирарди. Бир ёнидаги ўн соҳибжамолнинг сочи қимматбаҳо яшм тошидан ясалган нилуфаргуллар билан безалган, иккинчи ёнидаги ўн нозанин эса бошига лаъл- ёқутдан ишланган атиргулларни танғиб олганди. Бу гўзаллар найни шундай чалишардики, юракларни эритиб юборарди оҳанги!
Ётиб еганга, тоғ чидамас дейдилар. Шу боис дабдабани хуш кўрадиган Ду Цзичун ҳам орадан бир-икки йил ўтиб, камбағаллашиб қолганига ҳайрон бўлмаслик керак. Чинданам одамлар тошюрак! Дўстлашаман, деганлар сон минг эди. Энди эса ўзини энг қалин дўстдай тутганлар унинг дарвозаси олдидан етти ёт бегонадай ўтиб кетишарди. Ҳатто кўнгил учун ҳам бундоқ мўралашмасди!
Учинчи баҳор келган дам — Ду Цзичун яна бир тийинсиз қолди. Лояндек шаҳри азимда биронта одам уйидан бошпана бермади. Бошпана у ёқда турсин, бир пиёла сувни арзанда қилишди-я!
Шундай қилиб, бир куни шом пайтида Ду Цзичун яна Лояннинг Ғарбий дарвозасига жўнади. У йўл бўйида осмонга лоқайд тикилганча ғамгин ўйларга ботиб ўтирарди.
Кутилмаганда, баногоҳ теварагида яна ўша чол пайдо бўлди. Бир кўзи шилпиқ, бир кўзи ғилай! Чол унга ўша саволини берди:
— Нима ҳақда ўйлаяпсан?
Чолни кўриб, Ду Цзичун уялганидан бошини эгди-ю, дарров жавоб бера олмади. Бироқ қария у билан аввалгидай мулойим гаплашди, шу боис йигит ҳам мўминлик билан деди:
— Бугун яна бошпанасиз қолдим. Нима қилсам экан, деб ўйлаб турувдим.
— Шунақами? Раҳмим келяпти сенга. Болам, бир маслаҳат бермоқчиман. Шундай тургинки, шом қуёшидан соянг олди томонга тушсин. Бу сафар кўкрак соянг акс этган жойни кавлагин — бир арава тоза олтин қазиб оласан.
Чол шундай деди-да, зум ўтмай одамлар тўдасига қўшилиб, изсиз ғойиб бўлди.
Шу куннинг эртасига Ду Цзичун яна осмон остидаги энг бадавлат кишига айланди. Ва яна ҳою ҳавасга берилди. Боғида тусини ўзгартирувчи гуллар қийғос очилиб ётар, гулзор атрофида оппоқ тустовуқлар гулдор патини ёйиб, ҳовли кўркига кўрк қўшарди. Яна ўша ҳинд жўгилари пичоқ ютар — хуллас, ҳаммаси қайтадан такрорланди!
Табиийки, уч йилга қолмай тоғдай олтин хазондай совурилиб кетди.

3

— Нима ҳақда ўйлаяпсан?
Ду Цзичун қаршисида учинчи марта пайдо бўлган, бир кўзи ғилай, бир кўзи шилпиқ чол унга яна таниш саволни берди. Билганингиздай йигит бу пайтда Лояннинг Ғарбий дарвозаси олдида, баҳорнинг илиқ кунларида янги чиққан ойга хомуш тикилганча турарди.
— Менми? Бугун бош қўярга жойим йўқ. Нима қилсамикин, деб ўйлаб тургандим.
— Шунақа дегин? Сенга раҳмим келяпти. Яхши, бир маслаҳат берсам, ўғлим. Қуёшга ортингни ўгиргин-да, белингнинг сояси тушган жойни кавла, шунда бир арава…
Қария фикрини айтиб улгурмай Ду Цзичун қўлини кўтариб, унинг сўзини бўлди:
— Йўқ, менга олтин керакмас.
— Олтин керакмас дейсанми? Хах-хах-ха! Дабдабали ҳаёт жонингга теккан шекилли!
Қария Ду Цзичуннинг сўзларига ишонмай, унга қаттиқ тикилди.
— Йўқ, ҳашамат жонимга теккани йўқ. Ундан ҳам баттарроғи бўлди — одамлардан кўнглим совуди, — кескин жавоб берди Ду Цзичун маъюс.
— Буниси қизиқ бўлди-ю? Нега одамлардан кўнглинг қолади?
— Дунёда қанча одам бўлса, биронтасида ҳам раҳмдиллик йўқ. Бадавлат бўлган пайтимда ҳаммаси олдимда жилпангларди, хушомад қиларди. Қашшоқ бўлиб қолганимда-чи, қаранг, қиё ҳам боқишмайди мен томонга! Шуларни ўйласам, сира бадавлат бўлишни истамайман.
Ду Цзичуннинг сўзларини тингларкан, қария айёрона жилмайди.
— Шунақа дегин! Сен бошқа ёшларга ўхшамас экансан-да, ҳаммасини жуда яхши тушуниб олибсан. Демак, энди оч қорним, тинч қулоғим, деб ночор, аммо хотиржам яшамоқчимисан, шундайми?
Ду Цзичун бироз иккиланиб қолди. Аммо кейин бир қарорга келиб, чолга илтижоли боқди:
— Йўқ, ундай қисмат мени қониқтирмайди! Сизга шогирд тушиб, умрибоқийлик сирини билсам, дегандим. Мендан яширманг, Ахир сиз олий мақоматга етган, зоҳид сеҳргарсиз-ку! Акс ҳолда бир кечада мени осмон остидаги энг бадавлат кишига айлантира олармидингиз? Илтимос, мени шогирдликка олинг, сеҳргарлик сирини ўргатинг.
Қария бир муддат ўйланиб қолди, қошларини кериб, фикр қилди-да, жилмайганча розилик берди.
— Ҳа, чиндан ҳам мен Те Гуанцзи исмли даос-зоҳидман, Эмэй-шан тоғларида яшайман. Сени биринчи бор кўрганимда ҳаётнинг асл моҳиятини тушунишга қодир бу йигит, деб ўйлагандим. Шу боис икки бора сени бадавлат кишига айлантирдим. Агар сеҳргар-зоҳид бўлишни жуда истаётган бўлсанг, сени шогирд қилиб оламан.
Ду Цзичун беҳад хурсанд бўлиб кетди. Қария Те Гуанцзи сўзларини тугатмай туриб, йигит унга таъзим қила кетди.
— Бу қадар тиришиб, менга таъзим келтирма. Сеҳргар-зоҳид бўла оласанми-йўқми, бу фақат ўзингга боғлиқ. Агар сен бунинг учун туғилмаган бўлсанг, менинг бор илмим бесамар кетади. Майли, нима бўлса бўлар. Ҳозир биз сен билан Эмэй-шан тоғининг энг ичкарисига йўл оламиз. Осмон орқали у ерга бир сонияда етиб оламиз.
Те Гуанцзи яқинда ўрилган бамбук таёқчасини олди-да, шивирлаб дуо ўқиди. Кейин Ду Цзичун иккови унга отга мингандай мингашишди. Шу пайт кутилмаганда — ахир бу мўъжиза эмасми?! — бамбук таёқчаси, аждаҳодай ваҳшат билан осмону фалакка кўтарилди.
Ду Цзичун қўрқувдан тош қотганча, юрак ютиб пастга қаради. Пастда кун ботаётганди. Шу боис у шафақ тусига чўмган ям-яшил тоғлардан бўлак ҳеч нимани кўра олмади.
Нигоҳи ила у Ғарбий дарвозани бекор излади. Чунки у аллақачон ортда қолиб кетганди. Те Гуанцзининг оппоқ сочлари шамолда ёйилиб учар, ўзи эса аста қўшиқ хиргойи қиларди.

4

Бамбук таёқчаси унинг устида ўтирган икки киши билан бирга Эмэй-шан тоғига оҳиста қўнди. Бу ерда каттагина қоятош чуқур ёриқ ичра қисилиб қолганди. Улар жуда баландда экани аниқ, чунки тун қаросида ёрқин нур сочиб турган Етти оғайни юлдузи нақ пиёладай кўринарди. Табиийки, бу ерларга асрлар мобайнида одам оёғи етмаганди. Шу боис бир сониягагина бузилган сукунат яна ўз ҳукмига кирди.
Фақат, қаердадир тоғ чўққисида, нақ унинг боши узра ёғингарчиликлар қаддини долдай буккан ёлғиз қарағай шамолда оҳиста шовулларди.
Улар қояга келиб тушишгач, қария йигитни тик қояга орқа ўгириб қўйди.
— Ҳозир самога кўтарилиб, Сиванмуни кўргани бораман, — деди Те Гуанцзи, — унгача шу ерда ўтириб, мени кут. Йўғимда ёвуз руҳлар келиб, сенга тажовуз қилишлари мумкин, аммо сен овоз чиқарма. Ҳар қандай ҳолатда ҳам овоз чиқарма. Мабодо бир оғиз сўз айтсанг, сеҳргар-зоҳид бўлолмайсан, билиб қўй. Ҳамма нарсага тайёр тур! Эшитдингми? Ҳатто еру кўк иккига бўлиниб, парча-парча бўлиб кетган тақдирда ҳам сукут сақла!
— Ишончингиз комил бўлсин, умуман товуш чиқармайман. Ҳатто ҳаётим қил устида бўлса ҳам, бир сўз демасликка сўз бераман.
— Чинданми? Унда сендан кўнглим тўқ бўлади. Мен тезда бориб келаман!
Қария Ду Цзичун билан хайрлашиб, таёқчага қайта минди-да, тоғ қоялари узра осмонга парвоз қилди. Тун қўйнига сингиб, йўқ бўлиб кетди.
Ду Цзичун қоя тоғда бир ўзи қолиб, завқ билан юлдузларни томоша қила бошлади. Бир соатча вақт шу тахлит ўтди. Тоғлар ортидан эсаётган изғирин шамол унинг юпқа кийимидан ўтиб, баданини жунжиктирарди.
Тўсатдан само узра даҳшатли овоз эшитилди.
— Ҳой, бу ерда ким бор, жавоб бер!
Аммо қариянинг сўзига амал қилган Ду Цзичун миқ этмай ўтираверди.
Орадан бир оз вақт ўтгач, яна ўша ваҳимали овоз унга дўқ урди:
— Агар ҳозироқ жавоб бермасанг, ўлдим деявер!
Ду Цзичун сабот билан сукут сақлайверди.
Шу пайт осмондан тушдими, ердан чиқдими, қоятошда баҳайбат йўлбарс пайдо бўлди. У даҳшатли ёвуз кўзларини Ду Цзичунга қадаганча ўкирди. Бу ҳам етмагандай, худди шу вақтда йигитнинг боши узра қарағайнинг шохлари қаттиқ силкинди. Тик қоядан йўғонлиги нақ бузоқдай келадиган оқ илон олов тилларини чиқариб, йигит томон ўрмалаб кела бошлади. Масофа эса қисқараверди…
Бироқ Ду Цзичун киприк ҳам қоққани йўқ. У аввалгидай хотиржам ўтирарди.
Йўлбарс билан илон ўлжа қай биримизга насиб қиларкин, дегандай бир-бирларига қаттиқ тикилиб туришди-да, Ду Цзичунга бараварига ташланишди. Мана ҳозир йўлбарс ханжар тишларини унга ботиради, илон заҳри танасига беаёв синггади. Ду Цзичун куним битган бўлса керак, деб турганида йўлбарс ҳам, илон ҳам буғ сингари ҳавога сингиб кетди. Фақат тепадаги қарағайгина ҳамон шамолда шовулларди. Ду Цзичун енгил тин олди ва нима бўлишини кута бошлади.
Ана, кўнгли сезгандай қаттиқ шамол туриб, атрофни зимистон қоплади. Оч бинафшаранг чақмоқ зулмат қаърини тилди-да, момақалдироқ гумбурлади. Ўша заҳотиёқ жала шаршарадан оқиб тушгандай телбавор ёға кетди. Ду Цзичун эса даҳшатли бўрон тазйиқида қимир этмай, хотиржам ўтирарди. Бўроннинг увиллаши, аёвсиз, гўё атрофни боплаб савалаётгандай жаланинг қуйишию бетиним чақмоқ чақишидан Эмэй-шан ҳам қулаши тайин эди. Момақалдироқ шундайин гулдирадики, бундан қулоқлар том битди. Осмонда, қуюқ булут қаъридан алвон тусли устун чиқиб келди-да, Ду Цзичуннинг бошига тушди.
Ду Цзичун қулоқларини қўли билан беркитиб, қояга юзтубан йиқилди. Бироқ кўзини очиб, атрофга назар ташлаганида ҳеч нима ўзгармаганди. Осмон боягидай чароғон. Тоғлар узра катталиги пиёладай келадиган Етти оғайни юлдузи аввалгидай ёрқин нур сочиб турарди.
Демак, даҳшатли довул ҳам, йўлбарсу илон ҳам иблисларнинг найранги экан-да! Улар Те Гуанцзининг йўқлигидан фойдаланишган. Ду Цзичун анча ўзига келиб қолди, пешонасидаги реза-реза терни артиб, қоятошда хотиржам чордана қуриб ўтирди.
Аммо Ду Цзичун нафас олиб улгурмай, унинг теграсида олтин яроғ таққан, бўйи нақ уч метр келадиган ҳайбатли самовий саркарда пайдо бўлди. У қўлига сешоха тутган, кўзлари ёвуз чақнарди. Саркарда уч тишли айрини йигитнинг кўкрагига тираб дўқ урди:
— Ҳой йигит, кимлигингни айт! Эмэй-шан тоғи еру осмон бунёд бўлгандан буён менинг маконим ҳисобланади. Бетакаллуфлик билан бу ерга бостириб киргани қандай ҳаддинг сиғди! Демак, сен оддий одам бўлмасанг керак! Жонингдан умидинг бўлса, жавоб бер!
Бироқ Ду Цзичун, қария айтгандай, лом-мим демай ўтираверди.
— Жавоб бермайсанми? Сукут сақламоқчимисан? Соз-да! Истаганингча оғзингга сўк солиб ўтиравер. Бунинг учун қариндошларим сени бурда-бурда қилиб ташлайди…
Самовий саркарда сешохани азот кўтарди-ю, қўли билан тоғ этагидан кимларнидир имлаб чақирди. Ниҳоят, зулмат чекиниб, осмону фалакдан беҳисоб аскарлар булутдай ёпирилишди. Қиличу найзалар билан қуролланган, ҳайбатли лашкар ёппасига бостириб кела бошлади.
Бундайин томошани кўриб, Ду Цзичун бақириб юбораёзди; аммо қария Те Гуанцзининг сўзларини эслаб, аранг оғзини юмди. Самовий саркарда йигитни қўрқитолмаганини кўриб, яна ҳам ғазабга минди.
— Шунчалар қайсармисан? Жавоб беришни истамас экансан, ҳаёт билан видолашавер! — Самовий саркарда шундай деб бўкирди-ю, ярқираб турган сешохани Ду Цзичуннинг кўкрагига санчди. Кейин эса бутун Эмэй-шанни ларзага солиб, қаҳ-қаҳ отиб кулганча зулмат ичра ғойиб бўлди.
Аммо бу воқеа юз беришидан аввал беҳисоб аскарлар ҳам тунги шамол билан бирга гўё тушдаги каби ғойиб бўлишди.
Етти оғайни юлдузи боягидай чароғон, атрофга совуқ нур таратар, қоядаги ёлғиз қарағай шамолда шовулларди. Бироқ Ду Цзичун вафот этган, кўкка қараганча қимир этмай ётарди.

5

Ду Цзичуннинг жасади қоя тошда қолаверди. Руҳи эса жонсиз танани тарк этиб, жаҳаннамга йўл олди.
Бизнинг дунёмизда “Зулмат йўли” аталмиш йўл борки, у жаҳаннамга олиб боради. У ерда бутун йил мобайнида қоп-қора само узра совуқ шамол ғувиллайди. Уюрмага тушиб қолган Ду Цзичун кузги япроқдай чирпирак бўлиб кетди. Кутилмаганда у ҳашаматли сарой қаршисида пайдо бўлди. Сарой пештоқига: “Беҳисоб руҳлар саройи” деб ёзиб қўйилганди.
Сарой олдида турган бир тўда шайтонваччалар йигитни кўришлари ҳамона уни ҳар томондан ўраб олишди ва зинапоя томон судраб кетишди. Пиллапоя чўққисида эгнига қаро либос кийган, бошига олтинтож қўндирган ҳукмдор ўтирар, атрофга қаҳрли нигоҳ ташларди. У жаҳаннам султони, подшоҳ Янло бўлса керак. Ду Цзичун у ҳақда кўп эшитган, шу боис, чўкка тушиб ўтирганча, сукутда тақдири азалини кутарди.
— Ҳой, сен, нега Эмэй-шан чўққисида ўтиргандинг? — Шоҳ Янлонинг гулдирак овози атрофни тутди. Ду Цзичун унга жавоб қилиш учун оғзини жуфтлаганди ҳамки, туйқус қариянинг таъкидлари ёдига тушди: “Оғзингни оча кўрма!” Шу боис у бошини қуйи эгганча, жим ўтираверди. Шунда подшоҳ Янло қўлида тутган темир тўғноғичини бир силкитди-ю, шундай ўкирдики, ғазабдан сочу соқоллари тикка бўлиб кетди.
— Ҳей, осий, қаердалигингни билмаяпсанми, ўзи? Ҳозироқ жавоб бер, акс ҳолда ўйлаб ҳам ўтирмай сени жаҳаннамнинг бор азобларига дучор этаман.
Бироқ Ду Цзичун лоақал лабини ҳам қимирлатмади. Шунда шоҳ Янло шайтонларга қаради-да, қаҳр билан азмойиш берди. Шайтонлар ўша заҳотиёқ унга қуллуқ қилиб, ишга киришдилар. Ду Цзичунни зулмат осмони узра баланд кўтаришди.
Дўзахда ҳаммага маълумки, Игнатоғ билан Хун дарёсидан ташқари, зулмат қаърида жаҳаннам аталмиш Олов водий, ундан сал нарида эса Аёзли дўзах номи ила машҳур музлар денгизи бор. Шайтонлар йигитни навбатма-навбат гоҳ у дўзахга, гоҳ бунисига тушириб азоблай бошлашди. Ду Цзичуннинг кўкрагига беҳисоб ханжарлар санчилар, олов ёлқини юзларини куйдирарди. Унинг тилларини суғуришар, терисини шилиб, оёғини темир қисқичга солардилар. Қиздирилган ёғга ташлаб қовуришар, бургут унинг кўзларини чўқир, заҳарли илонлар мия қатиғини сўришарди. Хуллас, уни дўзахнинг барча азобларига дучор этишди. Бироқ Ду Цзичун уларнинг ҳаммасига чидади, келишилганидай бир оғиз сўз айтмади.
Ниҳоят, уни қийнайвериш шайтонларнинг ҳам жонига тегди. Улар Ду Цзичунни ортига — “Беҳисоб руҳлар саройи”га қайтаришди. Уни пиллапоя тагига келтириб ташладилару, жўр овозда шоҳ Янлога дедилар:
— Бу осийдан ҳеч қанақа йўл билан гап суғуриб ололмадик.
Шоҳ Янло қовоқларини уйиб, ўйга толди ва шайтонваччаларнинг бирига буюрди:
— Бу одамнинг ота-онаси ҳайвонларнинг дўзахига тушганми? Уларни оёғини ерга теккизмай бу ёққа келтир!
Шайтон шамолга минди-ю, бир сонияда дўзахий самовотда ғойиб бўлди. Аммо кўз очиб юмгунча у икки жониворни олдига солиб ҳайдаганча учар юлдуздай “Беҳисоб руҳлар саройи”га келиб тушди. Ду Цзичун уларга нигоҳ ташлаб, қай аҳволга тушганини билсангиз эди.
Бу аянчли, ҳолдан тойган қирчанғилар қиёфасида, унинг учун азиз бўлган ота-онаси чеҳрасини кўриб, Ду Цзичун ҳайрат ва қўрқувдан ўзини йўқотаёзди.
— Хўш, Эмэй-шан тоғида нима қилиб ўтиргандинг?! Айт, тезроқ! Акс ҳолда ота-онангнинг ҳолига вой бўлади!
Бундайин даҳшатли дағдағани эшитиб ҳам Ду Цзичун жавоб қилмади.
— Ҳой, нобакор ўғил! Сенингча, ота-онангни қийнайверишсин экан-да! Фақат ўзингга яхши бўлса бўлди экан-да!
Шоҳ Янло шундай ўкирдики, гулдурак овоздан саройнинг пойдеворигача зириллаб кетди.
— Ҳой, шайтонваччалар, урларинг уларни! Гўштларигача тилишланг, суякларини синдириб, майда-майда қилиб ташланглар!
Шайтонваччалар жўр овозда “Бош устига!” дея жавоб қилишди-да, темир дарраларни олиб, икки қирчанғи отни шундай шафқатсизлик билан савалашдики, ҳар дарра келиб урилганида, унинг забтидан шамол ҳуштак чалиб юборар, тери шилиниб, суяклар майда-майда бўлиб кетарди. Улар эса, ҳайвонга айлантирилган, қирчанғи қиёфасидаги ота-онаси, оғриқ азобидан қалтирар, кўзларидан ёш эмас, қонлар оқар, кишнаб, инграшга ўхшаш товуш чиқарардилар.
Ду Цзичун бу манзарага қарагани ўзида куч топа олмади.
— Хўш, ҳали ҳам оғиз очмайсанми?!
Шоҳ Янло шайтонларга бир сония темир дарраларни қўйишни буюрди ва Ду Цзичундан яна жавоб кута бошлади. Бу пайтда эти шилиниб, абгор бўлган қирчанғи отлар зинапоя олдида ўлим талвасасида ётарди.
Ду Цзичун беадад ғамга ботган, аммо қариянинг сўзларини эслаб, кўзларини чирт юмиб олди. Шунда баногоҳ онасининг унсиз овозини эшитди.
— Болагинам, бизни қўявер, бошимизга нимаики тушмасин, сен бахтли бўлсанг бўлгани. Ота-она учун бундан ортиқ қувонч йўқ. Жаҳаннам ҳукмдори дағдаға қилса қилаверсин. Агар индамаслик керак бўлса, гапирмай қўяқол, ўғлим…
Оҳ, бу унга қадрдон бўлиб қолган онаизорининг мулойим овози эди! Ду Цзичун ногаҳон кўзини очиб юборди. Ерпарчин бўлиб ётган отлардан бири унга хомуш тикилиб турганини кўрди. Унинг онаси оғриғу азоблар исканжасида ётган бўлса-да, ўғлига ҳамдард эди ва фарзанди аржумандини деб, шайтонваччалар уни темир дарра билан калтакласалар ҳам ўғлидан хафа эмасди. Ҳа, пасткаш кишилар, бой бўлганида унга лаганбардорлик қилишди, қашшоқлашиб қолганида безбетларча юз ўгирдилар ундан. Энди ота-онасининг меҳри дарёлигини қаранг! Онаизорнинг матонатини кўринг! Ду Цзичун қариянинг ҳамма ўгитларини унутди. У йиқилгундай чопганча ўлар ҳолатдаги отнинг бўйнидан қучди-ю, кўзларидан шашқатор ёш оқизиб: “Онажоним!” деб юборди.
Ду Цзичун ўз овозидан ўзи чўчиб уйғониб кетди. У аввалги сафаргидай шом қуёшининг заррин нурларига чулғанган Лояннинг Ғарбий дарвозаси олдида турарди. Ғира-шира туман қоплаган осмонда балқиган уч кунлик ҳилол ҳам, бетўхтов у ёқдан-бу ёққа ўтиб турган одамлару аравалар оқими ҳам у ҳали Эмэй-шан тоғига учмасидан илгари қандай бўлса, ўшандай холатда эди.
— Хўш, қалай? Шогирд тушишга ярар экансанми, сендан даос-зоҳид чиқарканми? — деди киноя билан бир кўзи шилпиқ, бир кўзи ғилай қария.
— Қўлимдан келмас экан. Эплолмас эканман. Бундан жуда хурсандман.
Ду Цзичуннинг кўз ёшлари қуриб улгурмаганди ҳали. Шу кўйи у қариянинг қўлларини сиқди.
— Ҳай, майли, зоҳид сеҳргар бўлдим ҳам дейлик. Аммо “Беҳисоб руҳлар саройи”да ота-онангни темир дарра билан урсалар, бунга қандоқ чидаб бўлади?
— Билиб қўй, агар жим турганингда, сени ўша ердаёқ ўзим ўлдириб қўя қолардим. Сендан зоҳид чиқмайди, буни тушундинг. Бой бўлиш жонингга теккан. Энди ким бўлмоқчисан?
— Ким бўлишимдан қатъи назар, одамлардай ҳалол яшасам дейман.
Ду Цзичуннинг овози ҳеч қачон бундайин қувончли жарангламаганди.
— Шу сўзларингни сира унутма. Алвидо, сен билан бошқа учрашмаймиз.
Те Гуанцзи шундай дея ўз йўлига кетганди ҳам, аммо кутилмаганда тўхтади-да, Ду Цзичун томон ўгирилди.
— Э! Яхшиямки ёдимга тушди. Тайшан тоғи ёнбағрида кичкинагина уйим бор. Ўша уйни ери билан бирга сенга ҳадя қиламан. Ўша ерга бориб, жойлаш. Ҳозир шафтолилар қийғос гуллаган пайт, — жилмайганча қўшиб қўйди у.

Мавлуда Иброҳимова таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 12-сон