Камолиддин Беҳзод (1455-1535)

Мовароуннаҳр ва Хуросонда XV асрдаги Ренессанс (Уйғониш даври) вакилларидан бири, Навоийнинг шогирди, «Шарқ Рафаэли», улуғ мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзоддир.

Нафақат мусулмон Шарқи халқлари, балки бутун дунё халқлари санъати тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиётига ўзининг баракали ҳиссасини қўшган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод 1455 йилда Ҳиротда камбағал ҳунарманд оиласида дунёга келган. Беҳзод ота-онадан жуда эрта ажралди. Уни болалигидаёқ Ҳиротнинг машҳур мусаввири Амир Руҳилло (Мирак Наққош) ўз тарбиясига олиб, тутинган отаси бўлди ва Камолиддинга туз-нон бериб, кийим-бош билан таъминлаб, ҳар томонлама илмли қилиб вояга етказди. Ёш Камолиддин Мирак Наққош тарбиясида, унинг Ҳиротдаги Нигористонида (санъат академиясида) наққошлик ва миниатюрасозлик ҳунарининг сир-асрорларини ўрганади.

Беҳзоднинг буюк мусаввир, наққош ва миниатюрасоз бўлиб етишувининг муҳим омилларидан бири — бу унинг XV асрнинг иккинчи ярмида машҳур шоир Алишер Навоийнинг назарига тушиб, бадиий-ғоявий ва эстетик жиҳатдан улуғ мутафаккир ва ҳомий даҳосидан баҳраманд бўлганлигидадир.

Навоий ва Беҳзод. Т.Саъдуллаев портрети

Санъат ва нафосатга иштиёқи ниҳоятда кучли бўлган Беҳзод ғоятда меҳнатсеварлиги, заҳматкашлиги, ўткир ақлу заковати туфайли истеъдоди кундан-кунга ортиб боради ва тез орада Ҳиротда машҳур мусаввир бўлиб танилади. Алишер Навоийнинг мактабдоши ва дўсти, подшоҳ Султон Ҳусайн Бойқаро Беҳзодни ўз ҳузурига — саройига жалб қилади, унга саройдан махсус жой ажратиб, ижодий ишлар билан шуғулланиши учун барча шароитларни муҳайё қилиб беради. 1487 йилда эса Беҳзод Султон Ҳусайн Бойқаронинг шахсий фармони билан Ҳиротдаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинланади.

XV аср охирларига келиб Ҳиротдаги Темурийлар салтанати авж олиб бораётган тожу-тахт учун ўзаро жангу жадаллар туфайли аста-секин емирила бошлайди. Бу даврга келиб Беҳзоднинг Ҳиротдаги энг севимли ҳомийси — Мавлоно Абдураҳмон Жомий (1492 йилда), сўнг устози Алишер Навоий (1501 йилда) бирин-кетин оламдан ўтадилар. 1506 йилда Ҳиротдаги Темурийлар сулоласининг сўнгги қудратли вакили Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Шундан кейин шаҳзодалар Ҳирот салтанатини ҳалокат ёқасига олиб келадилар. 1507 йилда кўчманчи ўзбек қабилаларининг хони Шайбонийхон (Шойбекхон) Ҳирот тахтини осонлик ила ишғол этади. Бундай беаёв тўқнашувлар, тожу-тахт учун узлуксиз қонли ур-йиқитлар шароитида ҳам Камолиддин Беҳзод Ҳиротда қолиб, ўзининг ижодий фаолиятини давом эттиради. Беҳзод уч йилча Ҳиротда Шайбонийхон салтанатига қарашли саройда иш олиб бораркан, Беҳзод санъати олдида лол қолган Шайбонийхон унинг ижодий ишларига тўсқинлик қилмайди, аксинча, бу улуғ миниатюрасозга ишлаши учун қулай шароит яратиб беради. Беҳзод Шайбонийхоннинг тасвирини айни ўша йиллари чизган бўлиши керак.

1510 йилда Шайбонийлар лашкари билан Эрондаги кучайиб бораётган Сафавийлар салтанати лашкари ўртасида Марв ёнидаги Тоҳиробод деган жойда шиддатли жанг бўлади. Жанг майдонида Шайбонийхон қўшинлари тор-мор этилади. Шундай қилиб, 1510 йилда Ҳирот Сафавийлар қарамоғига ўтади.

Шоҳ Исмоил Сафавий 1512 йилда Ҳиротдаги бир неча истеъдодли санъаткорларни салтанат пойтахти Табризга олиб кетади. Ҳиротдан Табризга олиб кетилганлар орасида забардаст санъаткор Камолиддин Беҳзод ва унинг бир гуруҳ истеъдодли шогирдлари ҳам бор эди. Бу пайтга келиб Беҳзод ва унинг Ҳиротдаги мусаввирлик мактабининг довруғи бутун Шарққа тарқалган эди. Беҳзоднинг санъатини юксак қадрлаган Шоҳ Исмоил Сафавий ҳам нақкршга ижод қилмоқ учун Табризда барча зарур шароитларни яратиб беради.

Беҳзод ва унинг шогирдлари Табризда ўзларининг ижодий ишларини самарали равишда давом эттирадилар. Беҳзод Табризда Ҳиротдан кейинги нафис тасвирий санъат (миниатюрасозлик)нинг яна бир улкан мактабини яратади. Ўша пайтларда Табризда, умуман Эрон санъатида ҳам ички — сиёсий аҳвол яхши эмас эди. Усмонли турк султони Салим Пошша Эронга кетма-кет таҳдид солиб турарди. 1514 йилда Эрон ва Турк қўшинлари ўртасида Табриз яқинидаги Чолдорон деган кенг текислиқда қаттиқ ва даҳшатли жанг бўлиб, бу жангда Сафавийлар салтанати мағлубиятга учрайди. Шоҳ Исмоил Сафавий жанг майдонидан қочиб, зўрға қутулиб қолади. Бир йилча Табриз турклар қарамоғида бўлади.

Беҳзоднинг шўрлик бошига яна оғир мусибатлар тушади. Табриздаги энг эътиборли санъаткор бўлганлиги учун Беҳзодни, бошқа бир атоқли хаттот Шоҳ Маҳмуд Нишопурийни турклар ўз юртига ўлжа қилиб олиб кетмасликлари учун подшоҳ амрига биноан, Табриз атрофидаги бир ғорга мажбуран яшириб қўядилар. Эронда нашр этилган «Саромадани ҳунар» асарида ёзилганидек, ўз саройидаги хазиналар ичидаги энг нодир ва ноёб гавҳар (Беҳзод)нинг турклар қўлига тушиб қолмаслиги учун ишончли жой (бир улкан ғор)га яшириб кетган Шоҳ Исмоил Сафавий жангдан енгилиб чиққач, ўз мулозимларидан бирига берган илк саволлари қуйидагилардан иборат бўлган: «Беҳзод қалай? Унинг жони омонми? Уни, худой нахоста турклар олиб кетмадими?»

1512—1522 йиллар Беҳзод ҳаётида оғир ва мусибатли йиллар бўлди. Бу йиллар орасида у аҳён-аҳёнда она юрти Ҳиротга ҳам бориб-келиб турган. 1522 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий махсус фармон чиқариб, Беҳзодни Табриздаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинлайди. 1524 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий вафот этиб, унинг ўрнини ўғли — ёш шаҳзода Тахмасп эгаллайди.

1537 йилда (хижрий 942) кексайиб қолган Беҳзод Ҳиротда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганлигидан хабардор бўлиб, уни кўрмоқ учун она шаҳри Ҳиротга отланади. Лекин у Рустам Али дийдорига етиша олмайди. Беҳзод Ҳиротга етиб келгунча у оламдан ўтган бўлади. Бундай жудолиқдан қаттиқ қайғурган, кекса мўйсафид Беҳзоднинг ўзи ҳам оғир хасталаниб, 1537 йилда Ҳиротда оламдан ўтади. Уни ҳам Ҳирот аҳолиси чуқур изтироб ила, зўр мотам остида шаҳар ёнидаги Кўҳи Мухтор тоғи ёнбағрига, жияни ва шогирди Рустам Алининг қабри ёнига дафн қиладилар.

Амир Дўст Ҳошимий деган шоир Камолиддин Беҳзоднинг вафот этган йилини баён этиб, зўр қайғу ва ғам-ғусса ила шеърий тарих битиб, мана бундай қайд этган:

Ваҳид-ул-аср Беҳзод он ке чун у
Зи батни модари айём кам зод,
Қазо чун суврати умраш бипардоҳт
Ажал хоки вужудаш дод бар бод.
Зи ман сувратгаре тарих пурсид,
Баъд у гуфтам жавоб аз жони ношод:
«Агар хохе ке торихаш бидони,
Назар афкан ба «Хоки қабри Беҳзод».

(Мазмуни: Ўз асрининг ягонаси бўлган Беҳзод шундай буюк, беназир зотки, ундай кишилар онадан жуда кам туғилади. Қазо (ўлим) унинг умрига хотима ясади, ажал унинг табаррук тана тупроғини елга топширди. Бу сувратлар Беҳзод вафотининг тарихини (йилини) мендан сўради. Унга ғам-ғусса билан шундай жавоб бердим: «Беҳзоднинг вафот этган йилини билмоқчи бўлсанг, «Хоки қабри Беҳзод» жумласидан абжад ҳисоби ҳижрий 942-йил чиқади. Бу йил мелодий ҳисобда 1537 йилга тўғри келади).

Демак, Камолиддин Беҳзод узоқ ва сермаҳсул ҳаёт йўлини босиб ўтди. Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Шоҳ Исмоил Сафавий, Шоҳ Тахмасп Сафавийлар ҳукмронлик қилган турли-туман, бир-бирига бағоят зиддиятли тўрт салтанатни кўрди, Темурийлар сулоласи пойтахти Ҳиротда ва Сафавийлар пойтахти Табризда яшаб, ўз даврининг барча азоб-уқубатларини ўз кўзи билан кўриб мушоҳада қилди, ўз атрофини ўраб турган ижтимоий борлиқдан олган ўта бой ва ранг-баранг таассуротларини, ички кечинмаларини, латиф ва нозик кайфиятларини ўзининг сермаҳсул ва гўзал ижодида зўр маҳорат ҳамда кучли завқ ва иштиёқ билан тасвирлади.

Беҳзод миниатюра санъати тарихида махсус мактаб «Беҳзод мактабини» яратди. У реал ҳаёт ҳодисалари ва табиатни тасвирлаш услуби, бўёқлардан фойдаланиш воситалари, расмга олинаётган воқеаларни нозик чизиқларда ифодалаш йўллари, инсон кайфияти ва ҳаракатини акс эттира билишдаги усталиги, расм композициясининг кенглиги ва турли-туман ҳодисаларни қамраб олабилиши, ажойиб эстетик завқ уйғотиши билан миниатюра санъатини янги босқичга кўтарди, унинг тарихида янги давр яратди. Беҳзод миниатюралари унинг тириклигидаёқ ва айниқса, ундан сўнг мусулмон Шарқида ва Ғарбда ҳам бу санъатнинг энг олий ютуғи деб тан олинди ҳамда энг қимматли санъат асарлари сифатида машҳур бўлиб кетди.

Беҳзод ижоди ва меросини ўрганувчи мутахассислар фикрича, унинг ҳозиргача маълум бўлган асарлари тахминан ўттизта расм ва расмлар туркумидан иборат, улардан энг машҳурлари қуйидагилардир:

  1. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сига ишланган миниатюралар.
  2. Ҳусайн Бойқаронинг мажлислари тасвирланган мураққаъдаги 40 дан ортиқ гўзал миниатюралар.
  3. Абдураҳмон Жомийнинг «Соломон ва Ибсол» асарига ишланган расмлар.
  4. Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Хамса»сига ишланган 33 та ажойиб миниатюра.
  5. Саъдийнинг «Бўстон» асарига ишланган гўзал расмлар.
  6. Низомий Ганжавийнинг «Хамса» асарига чизилган ноёб ва беназир миниатюралар.
  7. Абдуллоҳ Хотифийнинг «Темурнома» асарига чизилган расмлар.
  8. Саъдийнинг «Гулистон» асарига ишланган нафис миниатюралар.
  9. Абдураҳмон Жомий тасвири.
  10. Ҳусайн Бойқаро тасвири.
  11. Шайбонийхон тасвири.
  12. Шоҳ Тахмасп тасвири.
  13. Шоир Абдуллоҳ Хотифий тасвири.
  14. Туялар жанги.
  15. Рақси дарвиш (дарвишлар рақси).
  16. Самарқандда мадраса қурилиши ва ҳоказолар.

Беҳзод ўта сахий ва меҳрибон устод сифатида жуда кўп атоқли миниатюрасоз, мусаввир ва наққошларни тарбиялаб вояга етказди.

XV—XVI ва ундан сўнгги асрларда Камолиддин Беҳзод шогирдларини Ҳиротда, Табризда, Бухорода, Самарқандда, Шерозда, Исфаҳонда, Истамбулда, Ҳиндистонда, шунингдек, улкан Шарқнинг бошқа жуда кўплаб шаҳарларида учратиш мумкин эди. Султон Муҳаммад Қосим Али Чеҳракушой, Дарвиш Муҳаммад, Устод Муҳаммадий, Музаффар Али, Юсуф Мулло, Рустам Али, Шайхзода Хуросоний, Шоҳ Музаффар, Мир Саид Али, Маҳмуд Музаҳхиб, Абдулло каби ўндан зиёд атоқли мусаввирлар Беҳзод мактабини, унинг услубини ўз замоналари тақозоларига биноан зўр муваффақият билан давом эттирганлар.

Беҳзод мактабининг ҳозирги замондаги давомчиларини Афғонистонда (Устод Муҳаммад Саид Машъал), Эронда (Карим Тоҳирзода Беҳзод), Ўзбекистонда (марҳум Устод Чингиз Аҳмаров) ва бошқа Шарқ ўлкаларида ҳам кўриш мумкин. Ҳозирда Шарқ ва Оврўпо мамлакатларида санъат, рассомчилик тарихини ўрганишда миниатюра чизиш тарихи, хусусан, Беҳзод миниатюра мактаби алоҳида ўрганилади ва тадқиқ этилади ҳамда махсус мактабларда ўқитилади.

Беҳзоднинг мусаввирлик маҳорати ва мактаби Темурийлар даври маданияти тарихига бағишланган барча тадқиқотларда ўз даври санъатининг ажойиб ютуғи сифатида алоҳида таъкидлаб ўтилади.

Беҳзод нафақат Шарқ халқлари мусаввирчилиги тарихида, балки жаҳон расм санъати тарихида ўчмас из қолдирган, ўзининг ажойиб ва қимматбаҳо миниатюра дурдоналари билан бутун дунё маданияти тарихида салмоқли ўрин олган буюк ва забардаст санъаткордир.

фил. ф.д. О. Усмонов