Абу Бакр ал-Хоразмий (935-993)

Абу Бакр ал-Хоразмий 323 ҳижрий (935 милодий) йили Хоразмда туғилиб, асосий маълумотини шу ерда олади. Умрининг гуллаган даврида (20—25 ёшларда) ватандан чиқиб Ироқ ва Шомга боради, етук олим ва шоирлар билан танишиб, улардан таълим олади. Кейин Ҳалабга бориб, машҳур ҳамдамийлар амири, шоир ва олимлар ҳомийси Абулҳасан Сайфуддавла (944—967) билан танишиб, унинг саройида хизмат қилади. Сўнг Бухорога келади, Сомонийлар саройида яшаб, вазир Абу Али ал-Бальамий (960—974 ва 992—996) билан дўстлашади, лекин у билан муносабати ёмонлашиб, Нишопурга йўл олади. Бу ердаги таниқли шоирлар Абулҳасан ал-Қазвиний, Абу Мансур ал-Бағавий ва Абулҳасан ал-Ҳакамийлар билан дўстлашиб, уларнинг шоирлик маҳоратидан баҳраманд бўлади.

Умуман Хоразмийнинг умри фожиалар ва роҳатбахш этувчи онларга тўла. У турли шаҳарларда бўлиб, қамоқда ҳам ётиб чиқади, амирларнинг эътиборига тушиб бойлик ҳам орттиради, амалдорларнинг ғазабига учрайди ва ҳ. к. Абу Бакр ал-Хоразмий Нишопурга келиб, бу ерда муқим яшай бошлайди. Талабаларга дарс беради, шеър ёзишни ўргатади, нишопурлик машҳур адиб, шоир ва олимлар, шулар қатори ас-Саолибий билан дўстлашиб, уларнинг мажлисларида иштирок этади. Яна Сомонийлар вазири ал-Утбий сиқувидан қутилиш учун қочишга мажбур бўлади. Шоир бир неча вақтдан сўнг яна Нишопурга қайтади, умрининг охирида яккаланиб қолади ва ҳаётининг кейинги даври оғир мусибатлар билан ўтади. У ҳижрий 383 (милодий 993) йили Нишопурда вафот этади.

Абу Бақр ал-Хоразмийнинг адабий меросидан араб тилидаги катта шеърий девони ва “Рисолалари” бизгача етиб келган. Абу Бакр ал-Хоразмий “Рисолалари” X аср насрий адабиётининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. Тил ва услуб жиҳатдан ниҳоятда пухта ишланган бу асар сажъ (қофияли наср) билан ёзилган бўлиб, шоир замонасидаги машҳур кишилар: амир, вазир, лашкарбоши, қози, амалдор, фақиҳларга, адиб ва тилшунос олимларга, яъни ал-Хоразмийнинг дўстлари ва ҳомийларига ёзилган хатлардир. Рисолалар мазмуни турли байрамлар, юқори мартабага кўтарилиш ва бирор муваффақиятни қўлга киритиш, ўлим, мансабдан четлатилиш, касаллик ёки уруш хавфи каби муносабатлар билан табрик ёки қайғу изҳор этиб, тасалли бериш, туҳфалар учун ташаккур айтиш кабилардир. Рисолалар орасида ал-Хоразмийнинг ўз шогирдларига ёзган мактублари ҳам кўплаб учрайди.

Ал-Хоразмий рисолаларининг аксарияти илм-фан, ақл-одоб, адолат, ҳиммат, дўстлик каби муҳим ижтимоий масалаларга бағишланган бўлиб, уларда қўлланган иборалар халқ ҳикматли сўзларига айланиб кетган.

Шоир рисолаларидан манбаларда келтирилган баъзи бир парчалар таржимасини берамиз: “Ҳурмат эҳсон билан баробардир… Дўстлашиш мурожаат эмас, хушмуомалаликлар, хушмуомалалик эса чуқур текшириш ва ўрганишни узоққа чўзмайди ҳам, ҳисоб ва сарфни кўтармайди ҳам. Карамли киши таҳқирланса ҳам азиздир… Сабабсиз узр гуноҳдир, ишонч йўқолиши билан қилинган такаллуф ҳақоратдир. Эҳтиётсиз (қилинган) дори-дармон касалликдир, унга ҳожат тушгандагина, у шифо бўлади… Олижаноб киши агар (биров) жароҳатланса, (уни) боғлаб қўяди, йиртса ямайди, агар бир томондан зарар келтирса, ҳар томондан фойда келтиради… Олий-ҳиммат зафарининг каромати (шундаки), агар қўлга киритса, (бошқаларга) беради, пасткаш зафарининг қабиҳлиги шундаки, агар қўлга киритса, кўпроқ қўлга киритишни истайди… Оталар икки хил: туғилиш отаси ва таълим бериш отаси, биринчиси жисмоний ҳаёт сабаби, иккинчиси руҳий ҳаёт сабабидир… Карамли киши гўзаллик билан савдо қилади, мол билан савдо қилмайди… Ғазаб ҳурматни унутади, яхшиликларни кўмиб юборади ва гуноҳсизлар учун жиноятлар вужудга келтиради. Калбаки мақташ ҳақоратлашдир. Пойдеворсиз қурилган бино қулайди… Муҳаббат ҳар қандай қиммат нарсанинг баҳосидир ва ҳар қандай юқори нарсанинг шотисидир… Агар ҳокимият атрофида адолат ҳукм сурмаса, у инқирозга юз тутади… Ростгўй тил ёлғон сўзласа, тутилиб қолади”.

Яна бир бошқа рисоласида шундай ёзади: “Одамлардан шундай (борки, ҳокимиятни) бошқарганда, нафси уни амалдан туширади, одамлардан шундайи борки, лавозимдан бўшаганда, фазилати уни яна ўрнига ўтказади”, “Кимки одамлар қалбларини овлайман деса, унга эҳсон ва мурувват донларини сепиши, фазл ва олийжаноблик тузоқларини қўйиши керак”.

Ал-Хоразмий шеърлари асосан қасида, ғазал, васф ва ҳажвиётдан иборат. Агар унинг қасидалари амир ва вазирларга бағишланган бўлса, ҳажвий шеърлари эса асосан амалдорларга ҳамда ўз рақиби шоир ва адиб, мақома жанрининг асосчиси Абулфазл ал-Ҳамадонийга (вафоти 1007 й.) қарши қаратилган. Ишқий мисралар, маҳбубни тараннум этиш ҳам ал-Хоразмий ижодида асосий ўринни эгаллайди.

Унинг шеърларига хос нарса шуки, шоир тазминни (ўз шеърига бошқа шеърни киритиб кетиш) жуда кўп қўлланган.

Ўша вақт шоирларида кексаликдан шикоят қилиш жуда кенг тарқалган эди. Ал-Хоразмийнинг ҳам қарилиқдан нолиб ёзган шеърлари анча учрайди. Масалан: “Соч оқидан шикоят қилиб, унга зулм қилаётганингни кўриб турибман, соч оқи бир экин (бўлса), унинг уруғи умрдир. У гўё шароб, хумор уни ўзига жалб қилади, ахир хумори ҳажв қилиниб, шароб мақталарди-ку”.

Ал-Хоразмий ижодида шаробни мақтаб ёзилган шеърлар ҳам учрайди, лекин шоир майнинг киши ҳаёти учун зарарли эканини ҳам унутмаган:

“Коса ва чўнтакнинг иккаласини (баробар) тўлдиришга ҳукм қилмаган, косани тўлдириш учун чўнтак бўшатиш керак”, дейди шоир.

Жамият учун иллат бўлган ишёқмас, дангаса кишилар ҳақида ёзар экан, улардан ҳазар қилишга даъват этади:

“Дангасанинг ҳожатида унга ҳамроҳ бўлма, қанча солиҳ кишилар бошқанинг фасоди билан бузилиб кетмадилар”. Бошқа бир шеърида ёзади:

“Улуғ одам кичик одамнинг суҳбати билан кичик бўлмайди, балки кичик одам улуғ одам хизматида улуғ бўлади”. Яна бир шеърида:

“Икки нарса кишида бирлаша олмади: динорларга муҳаббат ва дўстга муҳаббат”. Бошқасида:

“Қачон замонани койисанг, сабр килувчини койиган бўласан, сен йиғлайсан, койилаётган (замона) эса кулади” в. б.

Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмийнинг бой ижодий мероси барча шарқ ва ғарб олимлари томонидан қизғин ўрганилган ва ўрганилмоқда.

Ас-Саолибий “Йатимат ат-Даҳр” асарида ал-Хоразмий ҳақида махсус тўхтаб, уни “Замонасининг энг доноси, одоб денгизи, наср ва назмнинг туғи, фазл ва идрок оламидир. Ажойиб ва ибратли балоғатни (ўзида) мужассамлаштирганди”, деб таърифлайди.

Ас-Саолибий ал-Хоразмийнинг ўз мулоҳазасининг ўткир, гўзал ва ишонарли бўлиши билан ҳар қандай йиғилишда ғолиб чиқиши, унинг рисолалар девони жилдларга ажратилиб кенг тарқалган, шеърлар девони ҳам худди шундайлигини алоҳида таъкидлаб ўтади.

Ўрта аср муаллифлари Утбийнинг “Тарихи ал-Йамини”, ибн ал-Асирнинг “Комил фи-тарих”, ибн Халликоннинг “Вафайат ал-ъайн” ва Қаҳҳолнинг “Муъжам ал-муъаллифин” каби асарларида Абу Бакр ал-Хоразмий асарларига юқори баҳо берилиб, у ҳақида қимматли маълумотлар келтирилгандир. Шунингдек, ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида Оврўпо олимлари В. Альвардт, К. Брокельман, X. Гибб ва бошқалар ўз ишларида эслаб ўтишган.

Абу Райҳон Беруний ўз ижодида ал-Хоразмийнинг бой ижодий меросидан кенг фойдаланган.

Ал-Хоразмий Марказий Осиёда X аср адабий ҳаётидаги араб тилида ижод этган машҳур адиб ҳамда сўнгти бадиий жараёнга катта таьсир кўрсатган ижодкор сифатида тилга олинади.

илмий ходим И. Элмуродов