Онадан туғилгандаги исми Хуррам бўлган бобурий шаҳзода нафақат Ҳиндистон, балки бутун дунё тарихида чуқур из қолдирган ҳукмронлардан бири саналади. У бобурийлар сулоласидаги ўн учинчи подшоҳ бўлиб, ўз фаолияти давомида Ҳиндистоннинг давлат сифатида мустаҳкам қарор топишида беқиёс хизмат қилган. Айни унинг султонлик даврида бутун ҳинд сарзамини бўйлаб турли маданий ва тарихий иншоотлар барпо этилди, хусусан, муҳташам қасру қалъалар, кўшку саройлар, боғ-роғлару истеҳкомлар то бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмай келяпти. Дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида тан олинган Тож Маҳал қасри эндиликда ҳинд халқининг миллий ғурурига айланган.
Хуррам (Шоҳ Жаҳон) 1592 йил 5 январда ҳозирги Покистоннинг Лоҳур шаҳрида дунёга келди. У 1612 йилда бобурийлар авлодининг ёрқин вакиласи Нуржаҳоннинг жияни Аржуманд Бонуга уйланди. Нуржаҳон яхшигина шоира бўлиб, саройда ўз нуфузи ва обрўсига эга эди. Яқин қариндошига куёв бўлиш Хуррам учун бу салтанат уфқида қуёшдек порлаб чиқишига катта имкон туғдирган эди. Албатта, нисбатан тинч замонда, мамлакат ўзининг тараққиёт чўққисига чиқиб, шоҳ ва фуқаро ўртасида барқарор ҳамжиҳатлик қарор топган бир пайтда Хуррам учун ана шундай омад кулиб турганди. Сулола вакиллари ўзаро ҳеч қандай низо-адоватга бормай, ёш шаҳзода 1628 йилнинг сентябрида бобомерос тахтга ўтириб, соҳибқирон Амир Темур васият қилган адолат ила давлатни идора қила бошлади. Одатда ёш шаҳзода тахтга ўтирганда унга янги ном, куня бериш кўпгина Шарқ мамлакатларида урф бўлган. Бу гал ҳам шундай бўлди – Хуррам Шоҳ Жаҳон деган дилбар исм билан атала бошлади. Ўз навбатида унинг суюкли рафиқаси Аржуманд Бону янгича – Мумтоз Маҳал исмига сазовор бўлди. Маликанинг бундай ном билан алқанишига яна бир сабаб унинг ҳусну жамолда тенгсизлиги эди. Хуллас, ҳам ҳусн таважжуҳда, ҳам ақлу фаросатда беназир Аржуманд Бонуни Хуррам чин дилдан севади. Ўртада ўн тўрт фарзанд дунёга келади. Охирги фарзанд туғилиши хосиятли келмайди, тўлғоқ азоби оғир келиб, соҳибжамол маликанинг дунёдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлади. Аржуманд Бону бу пайтда айни очилиб-кулган, ҳар жиҳатдан етилган жувон эди – у эндигина ўттиз уч баҳорни қаршилаб турганди. Кейинчалик ўн тўрт фарзанддан ярми – тўрт ўғил ва уч қиз вояга етиб, ёруғ дунё ва тож-тахт лаззатларидан баҳраманд бўлдилар. Шоҳ Жаҳон маликаи олия Аржуманд Бонуга бўлган самимий муҳаббати ҳурмати, у жон бераётганда, нима тилагинг бор, деб сўрайди. Маликаи олия икки тилакни айтади, бири ундан кейин бошқага уйланмаслик, иккинчиси малика хотираси учун дунёда тенги йўқ қаср барпо этиш. Шоҳ Жаҳон ҳар икки васиятни мардоналарча адо этади – бошқа уйланмайди ва Тож Маҳал қасрини тиклайди. Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин. Нима учун қаср айнан “Тож Маҳал” деб аталган? Жавоб шуки, бу ерда “тож” сўзининг сулолага тегишли тож-тахтга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Юқорида Аржуманд Бонуни саройда “Мумтоз Маҳал” дейишларини айтиб ўтгандик. Луғавий маънода бу “саройнинг мумтоз вакили”ни англатади. Гарчи тож-тахт бобурийлар тасарруфида бўлса ҳам, мамлакатнинг тўқсон тўққиз фоизини маҳаллий ҳинд эли ташкил этарди. Ҳиндий тилида ф, х, з, қ ва ғ товушлари йўқ. Бинобарин, “мумтоз” сўзини улар “мумтаж” деб талаффуз қиладилар. Қабрда ётган малика Мумтоз Маҳални ҳам ҳиндлар “мумтаж маҳал” дейишган. Кейинроқ айтишга осон бўлсин деб ва гўзал маликани янада ардоқлаб “таж маҳал” деб қисқартирганлар. Шу тариқа Аржуманд Бонунинг куняси энди унга атаб қурилган муҳташам қасрнинг ҳам номига айланиб қолган. Тож Маҳал деганда аввало ёдгорлик кўз олдимизга келса, кетидан беихтиёр у ерда мангу уйқуда ётган 33 яшарлик ёш малика сиймоси гавдаланади.
Тож Маҳални 22 минг уста 20 йил давомида бунёд этгани тарихий ҳужжатлардан маълум. Шоҳ Жаҳоннинг обрўйи шу қадар баланд бўлганки, олис-олис мамлакатларнинг шоҳлари ҳам бу иншоот қурилишига ўз ҳиссаларини қўшиш истагини билдирганлар. Айтишларича, Тож Маҳал қасри учун Ҳиндистоннинг ўзидан жуда кам нарса ишлатилган экан. Хўш, бу иншоотнинг бош меъмори ким бўлган? Бу борада тарихчи олимлар ҳамон бир тўхтамга келганлари йўқ. Бир маълумотда айтилишича, асли Самарқандда дунёга келган, кейинчалик Туркияга бориб қолган уста меъмор Иброҳим Исҳоқ ушбу қаср муаллифи дейилади. Иншоотнинг Самарқанддаги мадрасаю мақбараларга ўхшатиб барпо этилиши сабаби ҳам шунда бўлса, не ажаб! Ахир шаҳаншоҳ Бобур Мирзо ўз бобоси тахтини қайта тиклаш учун жонини фидо қилди-ку. Бобоси қарор топтириб кетган адолат ҳукмини Бобур Мирзо ҳам ўзидан кейинги авлодларига васият қилиб қолдирган эди-ку.
Шоҳ Жаҳон ўз ҳукмронлиги давомида Ҳиндистоннинг яхлитлигини мустаҳкамлаш учун кўп ҳаракатлар қилди, жанубий музофотларни ўз салтанатига қўшиб, мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий қудратини оширди. 1648 йилда пойтахтни Аградан Деҳлига кўчириб, Шоҳжаҳонобод деган янги шаҳар барпо этди.
Шоҳ Жаҳон 1666 йил 22 сентябрда Агра шаҳрида вафот этади. Унинг ўлими сирли бўлмаса-да, бу борада озмунча миш-мишлар тарқалмаган. Эмишки, шаҳаншоҳнинг ҳукмронлик даври ҳаддан ташқари чўзилиб кетиб, валиаҳдларнинг тахтга ўчлик ҳиссини жўштириб юборган. Айниқса, давлат бошқаруви сиёсатида “суяги йўқ” Аврангзеб сабри чидамай, отасини тахтдан ағдарган ва Қизил Қалъага қамаб қўйган эмиш. Шоҳ Жаҳоннинг Қизил Қалъада севикли ёри ҳажрида куя-куя оламдан ўтгани рост, аммо Аврангзеб отасидан тахтни қизғангани учун эмас, балки ички ва ташқи душманларнинг ногаҳоний қасд олишларидан сақлаб қолиш учун шу йўлни тутгани ҳақиқатга яқинроқдир.
Шоҳ Жаҳон ҳақида тарихда икки муаллиф ёзиб қолдирган ёдгорлик энг ишонарли маълумотлар тақдим этиши мумкин. Бири Иноятулло Канбунинг “Тарихи дилкушо” асари бўлса, иккинчиси Шоҳ Жаҳоннинг Франциядан так-лиф этилган шахсий табиби Франсуа Берньенинг “Бобурийларнинг сўнгги авлодлари тарихи” эсдалик китобидир. Француз муаллифининг мазкур асари айнан журналимизнинг ўтган йиллар сонида камина таржимасида эълон қилинган.
Буюк Рабиндранат Тагор ҳар йили маълум бир вақтда Аграга келар экан-да, тун бўйи Катта дарвозада ўтириб, Тож Маҳални томоша қилар экан. Чунки ўша тунда қаср сиртига қопланган барча оқ мармар тахталарига келиб тушган ой нури Катта дарвозада бир нуқтага жамланиб, қаср осмонда сузиб кетаётган тўлин ойдек намоён бўлар экан. Бу атиги бир-бир ярим соатгина давом этиб, сўнг яна ўз ҳолига қайтар экан. Икки қалбнинг муҳаббатига атаб Тагор каттагина достон ҳам битган дейилади. Тож Маҳал ҳақида эса у: “Муҳаббат кўзларидан томган бир қатра ёш бўлиб, тушган ерида қотиб қолган”, – дея баҳо беради. Доҳиёна кошонага доҳиёна таъриф!
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон