Ҳамидулла Акбаров. Адиб тафаккури, актёр талқини (ёзувчи ва ижрочи ҳамкорлиги масалалари)

http://n.ziyouz.com/images/uzbekkino.jpg

Ижрочилик санъати ҳамда ёзувчи фаолияти бир-бирига ўхшаш кўринади. Актёр ҳам, адиб ҳам қаҳрамонини, у истиқомат қиладиган медиамуҳитни тасаввур этади, персонажнинг ҳар бир дақиқадаги ҳаётини ҳамда унга жўр бўладиган жисмоний ҳаракатини “кузатиб боради”, ўйлари ҳамда талаффуз этаётган сўзлари бири иккинчисини ифодалашини ёхуд улар бир-бирига зид бўлиши сабабларини ифода этади. Ифода воситалари фарқ қилади: бири, ёзилган сўз билан, иккинчиси, айтиладиган сўз, руҳий ҳолат тақозоси билан қўлланиладиган хатти-ҳаракат, имо-ишора, ички кечинмаларни таърифлашга ёрдам берадиган лирик-психологик портретлар кўмагида бадиий-эстетик вазифаларни бажаради. Ранг, мусиқа садоларини ифодалаш, мизансаҳнани қуриш, қаҳрамонни турли маконда ва замонда таърифлаш имкониятларидан фойдаланадиган, ҳатто қаҳрамоннинг ҳид сезиш қобилиятини ҳисобга оладиган адиб ягона қуроли – бадиий сўзни коммуникация ҳамда эстетик вазифаларни бажаришга қаратади. Бу қурол – қудратли. Таъсир кучи беқиёс. Ғоянинг вербал ифодасини таъминлашда тақрибийлик эмас, муайянлик талаблари устун туради. Шу боис бастакор ёзаётган мусиқалари бадиий сўз каби аниқ бўлишини, тарона муаллифининг фикри-зикри, ҳаяжони, эзгу ниятини аниқ ифодалайдиган ёзилган сўздек “нишонга тегишини” орзу қилади. Ёзувчи эса танлаган, оқ қоғозга нақл этган сўз, иборалар мусиқадек тингловчига бевосита таъсир этишини, юракка дарҳол озиқ беришини орзу қилади. Актёр ўз фаолиятида адиб тасаввуридаги тасвирдан келиб чиқади. Лекин пьеса ёки сценарийнинг ўзгариб борадиган кўринишларидан ёхуд машҳур китобдан илҳом оладиган актёр тасаввурида персонаж оригиналдан бирмунча фарқ қилиши мумкин. Бундай мулоҳазани китобхоннинг бадиий тасаввури ҳақида ҳам айтиши мумкин. Ҳар бир муштарийнинг ўз Кумуши, Отабеги, Анвар ва Раъноси бор. Улар туб моҳияти билан Қодирий яратган персонажларга яқин бўлса-да, китобдагидан бирмунча фарқ қилиши мутолаа қилаётганларнинг ёши, эстетик тайёргарлиги, “персонажларга бўлган муносабати”, адабиёт маҳсулотини қабул қилиш психологиясига боғлиқ.

Актёр – муаллиф – режиссёр мулоқотида драматик ҳолатлар рўй беришининг сабабларидан бири шундамикан? Ойдин Норбоева “Виждон амри билан” фильмида бош қаҳрамон – қишлоқда яшайдиган ўзбек аёли замонавий модага биноан тикилган оппоқ пальтода юриши кўркам кўринса-да, ўша давр қишлоқ ҳаётига зид, деб билган. Бундай тантанали, барчани диққатини тортадиган либос, адабий сценарийда, режиссёр экспликациясида қайд этилишига қарамай, актриса рози бўлмаган. Унинг тасаввуридаги ўзбек қизи архитектор бўлса-да, қишлоғида ўзгача кийимда юришини тасаввур этган.[1] Раҳим Пирмуҳамедов “Улуғбек юлдузи” фильмида ошпаз ролини ўйнаши дамларида сценарий матнига ўзгартириш киритишни таклиф этган. Режиссёр Латиф Файзиев: “Улуғбек ва Хўжа Аҳрор ўртасида баҳс кетаётган дамда сиз кадрга кириб келасиз-да, шоҳ ва олимга мурожаат этиб сўз айтасиз”, деб талаб этди. Мен эътироз билдирдим. Икки буюк алломани суҳбати, мунозарасига оддий ошпаз фавқулодда суқилиб киришини тасаввур этасизми, деб ҳайрон бўлдим. Билишимча, режиссёр шу йўл билан баҳсни бўлмоқчи, тугатмоқчи бўлган. Сценарийни ўқиганимда, бу вазиятни ўзгача тасаввур этган эдим. Режиссёрни кўндириш осон бўлмади.[2]

Кейинчалик ўзи ҳам сценарий ёзган ва уни режиссёр ҳамда бош роль ижрочиси сифатида экранга олиб чиқмоқчи бўлган[3] актёр кинода яратган деярли барча образларини адиб сифатида тўлдирган, сўнгра ижро этган. Зарур бўлганда сценарий муаллифлари эмас, кинематографик ижоддан йироқ бўлган ёзувчиларга мурожаат этиб матнни тўлдирган, талқин йўлларини бойитган. Актёр ўша дамларни эслаб айрим тафсилотларни айтган эди: “Абулхайр образи “Абу Али ибн Сино” фильмининг бош қаҳрамонига қарши қўйилган эди. Бу зўраки табиб зўраки “дуо” ўқиб беморни даволамоқчи бўлиши, дард оғирлашуви, фожиага сабаб бўлишини кўрсатиш С.Улуғзоданинг сценарийсида айтиб ўтилган эди. Кинода, биласиз, воқеа тафсилотлари ҳамда уларга бўлган муносабатлар кўрсатилиши, эшиттирилиши талаб этилади. Бу эпизодда дуо қандай ўқилиши, уни матни мазмуни, жумлалар тузилиши, қандай “сеҳрли” сўзларга урғу берилиши таърифланмаган. Табиб қандай либосда бўлиши, ҳаракатида маъно бўлмаслиги, портретда сунъийлик, шубҳа аломатлари кўзга ташланишини кўрсатишим лозимлигини англадим, шу йўлда изланиш давом этди. Лекин ҳаракатимни тўлдирадиган, талаффузда жаранглаб турадиган, аслида эса бирорта маънога эга бўлмаган, бири иккинчиси билан боғланмайдиган сўзларни кўп изладим. Бир-икки сўз (масалан, “зарбулбул…”) топдим, холос. Шунда Ғафур Ғуломнинг Арпапоядаги уйига бордим. Дардимни айтдим. Биргалашиб тушуниб бўлмайдиган, лекин жарангдор сўзлар йиғиндисини араб алифбосига биноан қоғозга туширдик. Миннатдорчилик билдириб, ўша адабиёт, тил қонуниятларига мутлақо жавоб бермайдиган, лекин зўраки табибга таъриф берадиган дабдабали сўзлар, жимжимали жумлаларни ёдлашга киришдим. Эртасига, суратга олиш майдончасида гримдан олдин режиссёр К.Ёрматовга ёдаки айтиб берган тутуриқсиз сўзлар маъқул бўлди. Айтиш оҳанги кулги уйғотди. Режиссёр тўла эркинлик берди. Тасмани аямади. Бемор атрофида айланган ҳолда уни даволагандек бўлдим-да, менга – зўраки табибга аталган қўзичоқни етаклаганча хонадонни тарк этдим… Воқеани кулгили давомини эшитинг. Шу – “Абу Али ибн Сино” фильмини Москвада рус тилига дубляж қилмоқчи бўлишганида, ҳалиги “матнни” ҳеч тушуна олмай, унинг маъносини англай олмай менга телеграмма беришди. Воқеадан воқиф бўлган ҳамкасбларим ўша эпизоддаги бирорта сўзни ўзгартирмасдан, аниқроғи, уни таржима қила олмасдан айнан қолдиришдан бошқа илож топа олмадилар. Энди асарнинг ўзбек тилидаги нусхасида ҳам, рус тилидаги нусхасида ҳам менинг овозим, Ғафур ака билан топган, “ихтиро” қилган сўзлар янграб туради”.[4]

Ижодини театрда, саҳна драматургиясини ўзлаштиришдан бошлаган бу актёр кинога келганида, аксарият ҳолда унинг ёнида катта адабиётда тажриба орттирган Собир Абдулла ва Уйғун, Иззат Султонов ва Виктор Шкловский, Мақсуд Шайхзода ва Лола Сайфулина бўлган. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини экранлаштириш даврида ёзувчидан психологик ҳолатларни ижро воситалари ила кўрсатишни ўрганган. “Насриддин саргузаштлари”, “Насриддин Бухорода” комедиялари сценарийлари ёзилиши, образлари устида ишлаши жараёнида фаол иштирок этган Р.Пирмуҳамедов бу фильмлардан кейин ёқимли юморга, ўткир сатираларга бой бўлган кино тасмаларида (“Фарғона қизи”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Икки дил достони”, “Улуғбек юлдузи” каби турли жанрларда яратилган асарларни эсланг) ҳажвий роллар устаси сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Ижро техникасини мутассил такомиллаштириб борган, роль танлашда ҳамиша талабчан бўлган бу актёр яратмоқчи бўлган образи, аввало, адабий жиҳатдан пухта ёзилишини талаб этган. Бу хусусиятни, бундай талаб қўйилишини бир қатор бошқа актёрлар фаолиятида ҳам кўрамиз. Раҳим аканинг улардан фарқи шундаки, у сценарий муаллифи билангина эмас, умуман, катта адабиётга, унинг йирик вакиллари ижодига ҳамиша меҳр қўйиб келган. Кузатиш, мутолаа қилиш билан чекланмаган. Катта кино хизматида бўлмаган, лекин назм ва наср сирларини ўзлаштирганлар билан узвий алоқада бўлишга интилган. Яна бир хусусият – роль устида актёр сифатидагина эмас, маълум жиҳатдан адиб, қалам тебратиш қобилиятига эга бўлган шахс сифатида ҳам қунт билан ишлаган. Сценарийда ёзилган матнни айнан ўзлаштирмаган. Кино техникаси, айниқса, йирик плани, қаҳрамоннинг замир фикрларини ҳам ифода эта олишини назарда тутиб ишлаган бу актёр талаффуз этиладиган сўз, ибора, жумлалар устида жиддий тер тўккан. У таҳрир қилган, ўзгартириш киритган роллар эпизодик кўринишга эга бўлганида ҳам томошабин ёдида қолганини “Алишер Навоий”даги ошпаз Абдулмалик, кинотеатрнинг порахўр назоратчиси (“Сен етим эмассан”) мисолида ҳам кўриш мумкин.[5]

Раҳим аканинг хонадонларида, томошабинлар ҳузурида, студияда бирга бўлиб, баъзан қизғин суҳбат қуриб, баъзан кундалик ташвишлари билан танишиб, айниқса, жўшқин фаолиятнинг янги қирраларини кашф қилиб бир фикрга келардим: у кишида кинодаги ижодни адабиёт билан боғлаган санъаткор эволюцияси кўзга ташланар экан.

Актёр Пирмуҳамедов ролларни адабий жиҳатдан қиёмига етказиш билан бирга, ўзи ҳам сценарий ёзди. Адиблар унинг доимий суҳбатдоши, ҳамроҳи, вақти келганида, устози ҳам бўлди. Бу жараён унинг бадиий бисоти бойишига, тасаввурига эрк бериб виртуал тарзда мизансаҳналар, мизанкадрлар тузишга, кадрларни ўзаро улашга, хаёлидаги партнёр (шерик актёр) билан мулоқотда бўлишида муҳим роль ўйнади. Раҳим ака билан сўнгги учрашувлардан бирида тўшакда ётган ҳолда қуриган лабларини зўр-базўр қимирлатиб айтган сўзлари ҳали ҳам қулоғимда жаранглаб тургандек. “Баҳорни орзиқиб кутяпман. Соғайиб кетсам, ётган жойимда тайёрлаб қўйган ролларимни ўйнармидим!? Қандай одим ташлайман, нигоҳимда қандай ҳолат акс этиши керак? Қаерда пауза бўлади-ю, унда қандай юк бўлади? Жумлада қайси сўзга урғу бераман? Сўзимни қандай ҳаракат билан тасдиқлаб тураман? Партнёрга қандай нигоҳ ташлайман? Мулоқот дамлари қандай ўтади? Шунчаки енгил гап биланми ёки кайфият ўзгариб, вазият кескинлашиб борадими – буларнинг барчасини кадрма-кадр ўйлаб қўйдим. Ўйлаган кадрларим суратга олинса, монтаж қилинса, қайта ёзилган сўз, атайлаб басталанган мусиқа билан бойитилса” – деб ширин ниятларини айтган эдилар.

Бу қайғули дамларни эслаганимда, кўзимда ёш айланади, уста санъаткорга меҳрим ортади. Айни ҳолда, ўша армонли кунларда ҳам актёр ҳаракат, кўз илғайдиган кўринишлар, қулоқ эшитадиган овоз воситалар билан эмас, адиб устахонасида ҳукм сурадиган илҳомбахш муҳитда мушоҳада қилганидан воқиф бўлганимдан мамнун бўламан. Актёр қайси ролларни назарда тутиб аста сўзлаганини, қайси актёрларни партнёр сифатида тасаввур этганини, хаёлидаги мизанкадрнинг мазмуни (эҳтимол, фалсафаси) нимада эканлигини айтмаган эдилар. Камина ҳам бетоб суҳбатдошини толиқтириб қўйишни истамай савол беришдан ўзини тийиб турган дамлар эди. Лекин камера олдида шиддатли дамларни бошидан кечирган актёр бу гал эҳтиросли сўз, кескин ҳаракат, ўткир нигоҳ билан эмас, майин оҳангда ижод қайнаган кунларни соғинганини, тўшакка ипсиз боғланиб қолганидан ҳам хаёлан ўз қаҳрамонларини – ҳали гавдалантирмаган қаҳрамонларини тасаввур этиб, ҳозирча кўз илғамас кадрларда тасвирлашга уринганини адиб ижоди, унинг устахонасида ҳукм сурадиган муҳит билан қиёс қилдим. Актёр ижод этган муҳит ёзувчи ижод этадиган муҳитни айнан эслатди. Тафовут шундаки, адиб тасаввуридаги тасвирни, овозни, ҳатто ҳидни ўз психологиясидан, персонажларга бўлган муносабатидан келиб чиқиб қоғозда ифодалайди. Уни ўқиган субъект ўз психологиясидан, эстетик тайёргарлигидан, сўз ила таърифланган қаҳрамоннинг ўйлари, ниятлари, ички дунёсига бўлган муносабатидан келиб чиқиб тасаввурида тасвир яратади. Таъкидлаш жоиз: бу икки жараён – ёзиш жараёни ва шу аснода пайдо бўлган маҳсулотни қабул қилиш жараёни бир-биридан фарқ қилганидек, икки тасвир – китобдаги ва китобхон тасаввуридаги тасвир ҳам бири иккинчисидан фарқ қилиши мумкин. Актёр ўз тасаввуридаги тасвирни – ҳолатни, қаҳрамон нигоҳи ила таърифланган манзарани, руҳий кечинмаларни айнан гавдалантиради, бинобарин, томошабин, тингловчи ҳам мазкур кўринишни шаклланиб бўлган ҳолда кўради, айнан шу ҳолда қабул қилади. Фақат қаҳрамон тасаввуридан ўтган ва экранда кўрсатилган мажозий ифодалар бундан истисно.

Бўлиб ўтган ва сабоқ олса арзийдиган бир воқеа тафсилотларини Раҳим Пирмуҳамедов ва наср устаси Мирзакалон Исмоилий таърифида тинглаганман. Мавзуга алоқадор бир воқеанинг тафсилотларини – актёр Раҳим Пирмуҳамедов ҳамда адиб Мирзакалон Исмоилийдан эшитганман. Ҳикоянависнинг бири, афсус-надомат билан, иккинчиси, завқ-шавқ билан мушоҳада қилган, гоҳ ҳайратомуз бир ҳолатда, гоҳ гўё орзу қанотида парвоз қилаётган, ижод нашидасига тўлиб-тошган дамлардан баҳраманд бўлаётган шахс сифатида мулоҳаза қилган эди.

Томошабинлар билан бўладиган учрашувларда Раҳим акага кўп ҳамроҳ бўлганман. Бир гал Тошкент вилоятидаги қишлоқнинг таклифи билан йўлга тушдик. Актёрлар, режиссёрлар йиғилгунга қадар анча вақт ўтган, бунинг устига, киностудиянинг бизга ажратилган автобуси кечикиб келгани боис жазирама иссиқда барча толиққан, тамадди қилишни истаб қолган вақт эди. Шунда олдинги ўриндиқдан жой олган Раҳим ака халтачаларидан олма, тухум, бутерброд чиқаздилар-да “олинглар, олинглар!” деб ўзларини меҳмон қила бошладилар. Атрофга сукут тушди. Вазиятни юмшатмоқчи бўлиб ҳазил тариқасида савол бердим: “Нонуштангизни олиб юрасизми? “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги қаҳрамонингиз Арслон мечкайни эсладим, Раҳим ака”. Суҳбатдошим саволимни кутиб тургандек дарҳол жавоб бердилар:

– Озгина сабр қилинг. Бизни меҳмон қилишади. Сизнинг олдингизга бир коса, мени олдимга қаторлаштириб уч-тўрт коса овқат қўйишади. Кетидан сизга бир сих, менга тўрт-беш қўшалоқ кабоб беришади. Аслида, мен парҳез таомдаман. Икки бурда нон, ёнғоқми, майизми, бир тишлам гўштми олиб учрашувларга кетаман, – деб Раҳим ака бутербродга ишора қилдилар. Термосдан чой қуйдилар. Мени ҳам сийладилар. Қуйиб берган чойлари жуда хушбўй, тиниқ кўк рангда эканлигини мақтаган эдим, мезбон Хитойнинг “95” рақами билан чиқадиган кўк чойини мақтовини келтирдилар. “Ўзи мазали. Қон босимини пасайтиради. Фақат шу чойни истайману, кўп излайман. Уйдагилар топиб беришади. Барака топишсин. Улардан рози, миннатдорман. “Фарғона тонг отгунча” романини ёзган зўр ёзувчи Мирзакалон Исмоилийнинг уйларига борганимда ҳам шу кўк чой ҳақида гап кетган эди. Дарвоқе, сиз кўрсатув олиб борасиз, китоб ёзасиз – бўлиб ўтган воқеани айтиб берай, мендан кейин айтиб юрасиз. Роль кутиб, сценарий излаб, режиссёрлар билан даҳанаки жанг қилиб юрганимни билиб қўйинг. Бошқаларга ҳам маълум этинг. Актёрнинг ҳаёти фақат байрамлардан, ижодий учрашувлардан, ўйин-кулгидан иборат эмас. Айниқса, ҳозирги режиссёрлардан ҳайронман. Актёр нималарга қодирлигини билмай “синаб кўришни” одат қилишган. Мени нега синашади?! Наби Ғаниев: “Мана бу роль сизники, тайёргарлигингизни кўраверинг”, дерди. Тамом. Комил ишонч билан ўзимни ҳам тайёрлардим, ролга ажратилган матнни ҳам. Хунобим чиқиб, ўзим сценарий ёзишга киришдим. Ўзим бош ролни ўйнаб, ўзим режиссёрлик қилмоқчи бўлдим. Уйимизга яна бир келганингизда ўша сценарийни кўрсатаман. Бир нусхасини сизга совға қиламан. Эвазига ёзилган рисолангизни тезроқ чоп этиб, ҳадя этарсиз (Ҳ.А.: шундай бўлди ҳам).

Сценарийни ҳали-ҳануз фильм қилолмайман: рухсат беришмайди. Биласиз, рухсатни Москва беради. Кўпроқ бермайди. Ўзларини доимий авторлари бор. Ўшалар кўрсатма олиб, юртимизга оз фурсатга келиб сценарий “ясаб”, катта пул олиб кетишади. Мен хуржун кўтариб Москвага бормайман, ижозат сўрамайман. Илтимос ҳам қилмайман”, – деб Раҳим ака бироз сукут сақладилар. Ғазабнок бир ҳолатни енгмоқ истаги бўлса керак, автобус ойнаси ортидан бирин-кетин ўтаётган манзарага қараб қолдилар. “Қаранг, мана бу боғу роғларни, ҳайқириб оқаётган зилол сув, сарвқомат теракларни. Биласизми, ҳамиша баландликка интиладиган бу дарахт баргларини жуда-жуда аяб, аста ерга тўкади. Заминга тўшак солинишини истайди. Баҳор келиб, авжига чиқиб, кунлар қизиш арафасида ҳам сарғая бошлаган баргларини тўкмай юксакликдаги шох-шаббаларида, пастроқдаги янги ниш урган навдаларида сақлаб туради. “Қор ёғса эди, заминни қопласа эди. Кўрпадек юмшоқ ерга баргларимни тўкар эдим”, деб кутиб туради. Деҳқонлар теракни ялтираб турадиган баргларига хавотирланиб назар ташлашларига сабаб шу. Эккан экинини совуқ уриб кетишидан хавфсирайдилар-да. Бундай ўлкани бир зум бўлса ҳам тарк этгим келмайди…”

Гапни Мирза акага (М.Исмоилийга яқинлари шундай мурожаат этишларини эшитган эдим) бурмоқчи бўлдим: Раҳим ака “Тоҳир ва Зуҳра” фильмига биринчи мақтов сўзларини Мирза ака айтганларини биласизми?

– Бу ёзувчини урушнинг дастлабки кунлари Шайхонтоҳурдаги студияда бир-икки кўрган эдим. У Н.Ғаниев режиссёрлик қилган “Биз енгамиз” фильми сценарийсини бир шерик автор билан бирга ёзганини биламан. Кейин кўринмай қолди. Фронтга жўнатилган, деб эшитдим. Жангу жадалдан омон қайтганидан хурсандман, – жавоб берди узоқ йўлда бироз толиққан ҳамроҳим. У бехабар қолган воқеани тафсилотларини келтирмай айтиб бердим.

– Сиз қатнашган “Тоҳир ва Зуҳра”ни Мирза ака Берлинда 1945 йилда кўрганлар. Вайрон бўлган шаҳардаги шикаст етмаган бир кинотеатр биносида фильмни кўриб, ҳайратга келиб, томошабинларга “Наби Ғанизода мени дўстим, Юлдузхонни ҳам биламан – Муҳиддин Қориёқубовнинг жияни, Собир Абдуллани ҳам – у менинг ҳамкасбим, юртимизни, унинг кўркам, қобилияти зўр кишиларини, билиб қўйинглар!” – деб хитоб қилган. Кўпчилик унинг юрти яратган асарни олқишлаган.

– Яхши айтдингиз. Эшитмаган эдим. Уч-тўрт йил бўлди уйларига борган эдим. Шунда ҳам айтмабдилар-да. Буни қаранг-а, ёзувчи шундай воқеани кўрган, ўзи иштирок этган бўлса-да, таассуротини ёзмаса…

– Ёзганлар.

– Қаерда? Нега билмайман!

– Шахсий мактубда.

– Маҳбубаларига йўллаганларми ишқ дафтари саҳифаларини?!

– Йўқ. Ҳамкасб дўстларига – Собир Абдуллага.

– Олмадингизми ўша хатни? Сиз китоб ёзасиз-ку, кино ҳақида.

– Хонадонларига бордим. “Қозоғистон” кинотеатрининг рўпарасида, катта кўчанинг нариги бетида экан уйлари. Мирза ака Берлиндан хат йўллагани, уни мазмуни ҳақида сўзлаб бердилар. Шахсий архивларидан бироз изладилар. Кейин топиб бераман, деб мен билан уйдан чиқдилар. Йўлда бироз гаплашдик. Шунда “Тоҳир ва Зуҳра” сценарийсини ёзилиши жараёнини ёзиб беринг, деб илтимос қилдим. Кўндилар. Ваъдаларини бажардилар ҳам. Хотира саҳифаларининг бир нусхаси менда сақланади.

Суҳбатимиз шу ерга етиб келганида, бир томонда қовун полиз, иккинчи томонда бир ариқ сув оқаётган файзли шийпон ёнида автобус тўхтади. Шийпонга қишлоқ аҳли йиғилган. Автобусни ўраб олишди. Бизни, айниқса, машҳур ва барчага манзур актёр Раҳим акани оломон ичидан авайлаб ичкарига олиб кирдилар. Кичкинагина, илиққина бир хона шинам ясатилган. Деворларга плакатлар, шиорлар ёпиштирилган. Мева, асал, жийда, туршак, ширмойи нонга тўла стол атрофида фотиҳа ўқилди. Раҳим ака менга мурожаат қилиб: чойни сиз қуйинг, гап бор, деб қўйдилар. Аччиққина дамланган чойни жажжигина пиёлани тагида қуйиб бердим.

– Қайтаринг, – норози бўлиб пиёлани қайтариб бердилар. Қайтардим-да, дарҳол чойни ҳалиги пиёлага қуйиб бердим. Олмадилар:

– Чойингиз лой бўлди. Яна қайтаринг. Бироз сабр қилинг. Тинсин. Кейин қуясиз.

Шундай қилдим. Қайтариб, бироз сабр қилиб қуйдим. Яна олмадилар.

– Энди чой бўлди. Май бўлиши учун яна бир карра қайтаринг. Пиёлани баланд кўтариб қайтаринг! Чой кўпиради. Сўнгра чойнакнинг қопқоғини ёпиб қирқ-қирқ бешгача сананг-да, аста энгаштириб пиёлаларга май қуйинг!

Шундай қилдим. Раҳим ака чойни хўплаб гапни қолган жойидан бошлаган эдилар хизматдаги дастёрлар шўрвага лиқ тўла тўрт косани Раҳим аканинг олдиларига қўйдилар. Кетма-кет чамаси ўн сих кабоб, тўртта иссиқ кулча, тўрт хурмачада қатиқ ола келдилар. Камина ҳам четда қолмади: “Маҳаллада дув-дув гап”дагидек ярим коса шўрва, битта кабоб, яримта кулча, лекин катта сопол чойнакда чой келтирдилар. Бундай манзарани Раҳим ака, чамаси, кўп кўрганлар. Эътироз ҳам билдирмадилар. Ҳайрон ҳам бўлмадилар. Қаҳқаҳа уриб кулдилар, ёнларидаги бутербродни ёғли шўрва хушбўй, иштаҳани очадиган ҳид таратиб турган кабоблар ёнига қўйдилар-да, менга қараб:

– Ҳали нима деган эдим, кўрдингизми? Мечкай эмасман. Камовқатман, парҳездаман десам, ҳеч ким ишонмайди. Аксинча, ҳазиллашиб “Овқатдан кейин бироз тин олишингизни биламиз. Жой тайёрлаб қўйганмиз”, деб ҳалиги “Маҳаллада дув-дув гап”да мени анҳор бўйида елпиниб ётишимни, хуррак отиб ухлашимни эслатишади.

Хуллас, чой ичилди. Қўша-қўша косалар тўлалигича қолди. Кабоблар совуди. Биз анҳор бўйидаги кўрпача солинган супачага чойнак, пиёлани кўтариб бордик. Оқар сув салқини, саф тортган бақа теракларнинг ялтироқ барглари бир маромда тебраниб шитирлаши лирик кайфият уйғотар, суҳбат мазмунини ҳам белгилагандек бўларди.

– Сизга маъқул бўлган ҳалиги кўк чойни Мирза акани уйларида ичиб ёқтириб қолганман. Ташрифимдан мақсад, мен қизиқиб ўқийдиган роман – “Фарғона тонг отгунча”ни ёзган ижодкорни кинога тортиш, сценарий ёздириб уни экранга олиб чиқиш эди. Аслида, режиссёрда ҳам, актёрда ҳам қалам тебратиш қобилияти бўлиши керак. Сиз биладиган Наби Ғанизода кинодан олдин адабиётга, рассомчиликка қизиққан. Ҳикоянавис, мусаввир бўлиб танилган ҳам. Пьесалар, ҳикоялар ёзган, расм чизган, ўша 20-йиллари модага кириб қолган ҳар хил йўналишларга қизиқиб уйини квадрат, куб, мураккаб чизиқлардан иборат расмлар, ҳатто полотнолар билан тўлдириб ташлаганида отаси Абдуғани отанинг ғазабига учраган, Масковга қочиб кетган. Ўша ёшлик чоғлари ҳам ёзишга, ҳам чизишга ўргангани кинодаги ижоди мазмунли, фойдали бўлишида омил бўлган, деб ўйлайман. Ўзи сценарий ёзган, ўзгаларнинг асарларини кинога мослаган. Сценарийларни ким ёзишидан қатъи назар, ҳамиша тўлдириб борган. Шу боис Набижон билан бир сценарий ва фильм устида ишлаган ва катта роман ёзиб забардаст адиб сифатида танилган Мирзакалон Исмоилийни кинога қайта тортиш истаги мени ўша мўътабар хонадонга бошлаган эди. Тўғрисини айтсам, ўзимни ҳам ниятим шундай адиб, яхши одам билан ишлаб дурустгина фильм қолдириш эди… Бажонидил қабул қилдилар. Эски қадрдонлардек кутиб олдилар. Кўришмаганимизга чорак аср бўлган эди.

Фотиҳа ўқилиб, бир пиёла чойдан кейин муддаони айтдим:

– Сценарий ёзиб беринг. Мавзу ўзингиздан. Мазмун, менга қолса, турли кўринишда, турли ёшда, ранг-баранг либосда пайдо бўладиган бир персонажнинг қилмишлари, саргузаштлари билан боғлиқ бўлса. Очиғини айтай: бу ролларни ўзим – бир ўзим ўйнайман. Фильмнинг режиссёри ҳам ўзим бўламан, – деб таклифимни айтдим. Мирза ака ўйланиб қолдилар. Гапимни бўлмадилар. Совиб қолган чойни хўплаб ишонч билдирганим учун ташаккур айтдилар. Сўнгра китоб жавонидан романни “Фарғона тонг отгунча” китобининг биринчи нашрини қўлга олиб, саҳифаларини варақлаб:

– Актёрлик истеъдодингизга қойил қолиб келаман. Ўйлашимча, сиз режиссёрлик ҳам қила оласиз. Муаллифлик ҳам. Айниқса, мендек кинони билмайдиганлар сиздан кўп фойдаланади. Сиз тилга олган “Биз енгамиз” сценарийсини ҳам кино вакили Смирнова билан бирга ёзганмиз. Асаримиз фильмга замин бўлгандир. Лекин Наби Ғаниевнинг режиссёрлиги, Лутфихоним Саримсоқова, Лутфулла Назруллаев, Нурхон Эшмуҳамедовнинг актёрлик маҳорати билан бирга уларнинг таклифлари, тузатишлари бизга қўл келганини ҳамиша миннатдорчилик билан тилга оламан. Шундай экан, адабий асарга кинони назарда тутиб ўзгартиш киритишга қодир экансиз, мана бу романни фильмингизга асос қилиб олсангиз бўлмайдими, – деб “Фарғона тонг отгунча”ни менга узатдилар. Икки қўллаб олдим.

– Романингиз – меҳримни қозонган. Унга қайта-қайта мурожаат этаман. Лекин уни ўқиш учун ёзгансиз. Кўрсатиш, экранда ифодалаш учун эмас. Вақти келиб у кўпсериялик фильмга айланар. Сценарийни, фильмни Масков қабул қилиши (ёки қабул қилмаслиги) муаммо бўлиб туриши, ҳатто актёрларни танлаш, тасдиқлаш масаласи ўша ерга боғлиқ бўлиб қолгани ғайритабиий эмасми?! – деб гапни очиғини айтдим-да, таклифимни яна бир бор такрорладим.

– Менга атаб, мени режиссёр ва бош роль ижрочиси деб билиб, киносценарий ёзинг. Мени иштироким зарур бўлса, айтинг. Шерик автор сифатида эмас, фильмнинг бўлажак режиссёри сифатида таклифларимни айтаман.

Икки чойнак чой ичилди. Йиғилган гаплар айтилди. Ташвиқотчилик фаолиятим бекор кетмади, шекилли, адибни рози қилдим. Сценарий ёзишга ундадим. Муддат аниқ белгиланмади. Иш жадал суратда олиб борилишига келишилди.

Адиб ваъдасининг устидан чиқди. “Девонаи ростгўй” деб аталган сценарийда бир актёр – Р.Пирмуҳамедов бир неча ролни ўйнаши назарда тутилди. Сценарийда хас­таликнинг енгил кўринишини сезган бир кимса табибга нажот излаб боради. Табиб гиёҳларини бериб бетоб бўла бошлаган шахсга яна бир табибга (гоҳ Чиғатойдаги, гоҳ Самарқанд дарвозадаги в.ҳ.) учрашишни маслаҳат беради. Бемор ҳар гал ўзини турлича тутиши, табибларнинг ролларини бир актёр (Р.Пирмуҳамедов) ўйнаши ҳисобга олиниб ёзилгани ўз-ўзидан маълум. Сценарий ўша давр эстетикаси, устун турган фикр­лар, тушунчалар ҳисобга олиниб ёзилди. Айниқса, сценарий қаҳқаҳа дарғаси режиссёр сифатида экранда ифода этилиши ва барча марказий ролларни шу санъаткор ижро этиши назарда тутилиб ёзилди. Лекин ҳаёт зиддиятларини қарангки, асар битилишига сабабчи бўлган, ташаббускор санъаткор оғир бетоб бўлиб қолган кунлар эди.

Актёр ва адиб ўртасида ўзаро муносабатларнинг дастлабки палласидан воқиф бўлган, Раҳим Пирмуҳамедовнинг армонларини билган ҳолда Мирзакалон Исмоилийнинг ҳузурларига отланганимда, кўпчилик қатори мен ҳам ардоқлаган, мароқли суҳбатларидан баҳраманд бўлган актёр ижодий режаларга тўлиб-тошган дамда бандаликни бажо келтирган эди.

Мирза аканинг уйи Консерваториянинг эски биноси қаршисидаги кўпқаватли бинода эди. Бир неча бор йўқлаганимда эшик очиқ, мезбон юзида табассум, меҳрли нигоҳни кўриб кўнглим кўтарилган эди. Руҳан тўлқинланиб, маънавий озиқ олиб қайтган чоғларим бўлган. Ҳар бир масалага кенг қарашлари, кўрган, билган воқеаларидан чуқур хулоса қилиб сўзлашлари, ҳар кимдан бирор фазилат излаб, топиб мушоҳада қилишлари ёдда қолган. Мирза ака маданият соҳасини камситмаган, инкор этмаган ҳолда, ҳозирги тил билан айтганда, коммуникатив ва эстетик хизматини асрлар давомида бажариб келаётган адабиётнинг имкониятларини қайд этган эдилар:

– Раҳим Пирмуҳамедовни киностудия ҳовлисида бир-икки кўрган, лекин “салом-аликдан” нарига ўтмаган, фильмларда актёрнинг ранг-баранг ролларидан завқланиб юрардим. Кунлардан бир куни уйимизга ташриф буюрганларида шошиб қолдим. Қаерга ўтказишни билмай, қайта-қайта кўришиб, ташрифдан бошим осмонга етганини айтиб оилам билан таништириб бўлишим билан жиддий гапга ўтдилар. Актёр-да, бир ҳолатдан иккинчисига дарҳол ўтди-қўйди. Мен эса ҳажв устаси кулбамизга фавқулодда келиб ижод ва у билан боғлиқ ташкилий, ҳатто молиявий масалаларни кўтарганидан дарҳол ўзимга келолмадим, – деб мароқли дамларни эсладилар Мирзакалон Исмоилий. Савол бердим:

– Сиз билан музокара олиб боришга киностудиядан ваколат олганмидилар?

– Бу ҳақда ўзлари лом-лим демадилар. Мен ҳам сўрамадим. Менга буни қизиғи йўқ эди. Муҳими, уйимга мен ҳурмат қиладиган санъаткор келиб, ишончини билдириб, мен ҳали ёзмаган сценарийни фильм қилмоқчи бўлгани.

– Демак, бир актёрни “буюртмаси”га биноан тўлиқ метражли фильмнинг адабий пойдеворини яратиб беришга рози бўлгансиз. Масалани молиявий томони ҳам анча мураккаб. Кўп “сценарийнавислар” студияга асар ёзиб беришни ваъда қилишади, “заявка” деган бир-икки варақдан иборат қоғозга асар мазмунини ёзиб беришади-да, катта пулни олиб кетишади. Кўпинча сценарий ҳам келмайди, пул ҳам қайтарилмайди. Сиз бўлса, ўзгача йўл тутибсиз. Ибратли иш қилибсиз-ку, студия буни қадрига етмапти. Сценарий ёзилган-у, фильм суратга олинмаётганидан хабардорман.

– Наби Ғаниев ижодини пухта ўрганибсиз. Ёзган асарингизни қўлёзма ҳолда ўқиб чиқдим. Набижон ҳам шундай қилган. Студия ҳатто мукофот берганида, “мен бунга муносиб иш қилмадим”, деганини биламан. Яна бир муҳим сабаб бор. Уйимизга келган меҳмон, актёр Р.Пирмуҳамедов талантли одам эди. У роль ижро этиб эмас, қаҳрамонлари ҳаёт тарзини қабул қилган киши сифатида намоён бўлган. Қаҳрамонлари каби қувонган, ташвишли кунларини бошидан кечирган, севган-севилган, ҳазил-мутойиба қилган. У, сиз айтгандек, буюртма бериб сўзлаётганидаёқ бўлажак сценарий қаҳрамонини кўраётгандек бўлдим. Ёзувчига шу керак-да. Қаҳрамонини кўриб турса, уни портретидан нусха олса, юриш-туришини кўриб, унинг ўйлари ҳақида фикрлаш имкони бўлса… Бу жараён ёзиш, сюжет ривожини таъминлаш, тасвир яратиш, диалог қуриш ёхуд муаллиф сўзига урғу беришга ёрдам беради. Айниқса, мен ишонган актёр “бир неча ролни ўзим ўйнайман, режиссёрлик қиламан”, деганида ёзиладиган образлар бир-биридан фарқ қилиши билан бирга, бири иккинчисига ўхшаб туришини ҳам таъкидлашни тақозо этди. Сценарийни ўқиб кўринг. Сезарсиз бу ўхшашликларни, тафовутларни, бу сўзлардан кейин ҳали ҳеч ким ўқимаган, Раҳим Пирмуҳамедовдек истеъдод соҳиби орзу қилган сценарийни Мирза ака менга бердилар. Ўрнимдан туриб икки қўлим билан қабул қилдим. Ўқиб чиқиб ўзбек ва рус матбуотида, телевидениенинг икки тилдаги кўрсатувларида ижобий фикримни айтдим. Мирза ака эса ўша куни ҳикоясини аввалгидек шижоат билан давом эттира олмади. Маъюс кайфиятни енголмади:

– Сценарий битганида унинг ташаббускори, уни орзиқиб кутган шахс ўқий олмади. Армонда кетди. Меҳнатим зое кетганига ачинмайман. Раҳимжоннинг орзуси ушалмаганидан фиғоним осмонга кўтарилади… Чамамда, актёр ролларини яйраб ўйнарди. Сценарий ёзишимда ундан ҳақиқатда нусха олгандим. Унинг ижросини кўриб тургандек, кулиб айтаётган, лекин чуқур маъноли сўзларини эшитгандек бўлган эдим.

– Бошқа бирор актёр бу ролларни ижро эта олармикин?! – сўрадим муаллифдан.

– Кўп ўйладим. Пирмуҳамедовни тенги йўқ эди. Наби Раҳим ўйнай олармикан, деб ўйлаб қоламан. Унга образлар талқини топширилса, сценарий ҳам ўзгариши, роллар таърифини ўзгача қилиш керакмикан…

Андишали адиб ва сермаҳсул, серташвиш актёр ҳамкорлиги биргина сценарий вужудга келиши билан якунланди десак, самимий, ижодий муносабатларнинг қадрига етмаган бўлармиз. Зеро, мулоқот дамлари санъатнинг икки тури ўртасида ришталар пайдо бўлиши ва тобора мукаммаллашиб бориб бадиий маҳсулот бериши кўп кузатилган. Муайян шахсларнинг ўзаро алоқалари, баҳслардан ҳоли бўлмаган мулоқот дамлари, бири иккинчисидан ўрганиши самара берган. Икки санъаткор ўз соҳасини мукаммал ўзлаштирган, бадиий тажриба орттирган ҳолда ўзаро мулоқотда бўлишга, ҳамкорликда ижод этишга эҳтиёж сезиши интеграцион жараённинг муайян кўринишларидан бири сифатида қабул қилиниши, илмий тадқиқотларда, очеркларда ёритилишини аудиовизуал маданият ривож топиши, биз қаламга олган синкретизмнинг янги – овозли тасвирга, мажозий ифодаларга, электрон монтаж кўмагида яратилаётган мураккаб композицияларга бой эстетик шакллари пайдо бўлаётган давр тақозо этмоқда. Бу каби талаблар даражасида ижод этиш фақат ижод жараёни билангина эмас, ташкилий, таълим, умумэстетик масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ эканлигини қалам соҳиблари биринчилар қатори сезиб бадиий, публицистик асарларида, портретлар яратишларида теран фикрларни билдирганлар.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 3-сон

—————————-

[1] Актриса Ойдин Норбоева билан 1972 йил 24 февралда бўлган суҳбатдан. Суҳбат матни муаллифда сақланади.

[2] Актёр Раҳим Пирмуҳамедов билан бўлган суҳбатдан. Мазкур эпизод Раҳим аканинг таклифи билан қуйидагича суратга олинган ва фильмга киритилган. Икки тарихий шахс мунозарасини ошпаз фавқулодда пайдо бўлиши, луқма ташлаши билан бузмайди. Фикрлар, ғазабнок чеҳралар тўқнашаётган дамларда пайдо бўлган кадр ортида ошпазнинг аксириши эшитилиб қолади, баҳслашаётган эмас, бир дам сукут сақлашни афзал кўрганлар ялт этиб шовқин келган томонга қарайдилар, шунда ошпаз узр сўрайди…

[3] Актёр Р.Пирмуҳамедов ёзган сценарий (“Кураш”) нинг бир нусхаси бизда сақланади.

[4] Раҳим Пирмуҳамедов билан бўлган суҳбатдан. Суҳбат матни муаллифда сақланади.

[5] Бир гал актёрдан “Сиз ҳам шаҳар кинотеатрига бориб фильмларни кўрасизми?” деб сўраганимда жавоб олган эдим: “Яқинда келинойингиз билан “Сен етим эмассан”ни кўришга борган эдик. Мени қаҳрамоним ёш боладан пора олиб томоша залига қўйиб юборганини кўрган бир томошабин шаънимга тегадиган гапларни айтди. Умр ҳамроҳим “Эртаю кеч студияда, шаҳар кезиб юрасиз. Оқибат шуми, шаънингизга айтилган гапни эшитингизми? – деб мени койигандек бўлди. Аслида, ўша аччиқ сўзлар мени шаънимга эмас, порахўрчи шаънига айтилган эди” деб жавоб берилган эди.