Элдор Мухторов. Шамолда ёнган олов

Баҳодир Йўлдошев ўзбек театр санъатининг атоқли сиймоларидан, Ўзбекистон замонавий маданиятининг баобрў кишиларидан биридир. Мамлакатимизнинг турли театрлари саҳналарида у саҳналаштирган спектакл­лар ўзбек театри тарихида чуқур ўрин эгаллади. 

Унинг спектакллари миллий маънавий мероснинг бутун ранг-баранглигини, анъанавий ўзбек театри тажрибасини ва жаҳон театр санъатидаги  янгиликларни ўзига сингдириб олди. Баҳодир Йўлдошев ижоди қарийб қирқ йил мобайнида ўзбек театр санъати тараққиётининг  асосий тенденцияларини ўзида намоён этиб келмоқда. Унинг ижоди эса театр арбоблари, ёш авлод учун режиссёрлик санъатининг чинакам мактабига айланди.

Баҳодир Йўлдошев ижоди замонавий ўзбек театри тараққиёти билан узвий чатишиб кетган. Моҳиятан ижодий янгилик ўлароқ, у миллий саҳнанинг жанр ва услубий табиатини жиддий бойитди, шунингдек, мустақиллик даври театрлаштирилган томошалар санъати тикланиши ва ривожланишининг асосий тенденцияларини ҳам ўзига сингдириб олди.

Баҳодир Йўлдошев ўзбек режиссурасининг эътирофли етакчиси ҳисобланади. Ўз ижодий фаолияти давомида у 70 дан ортиқ спектакль саҳналаштирди. Шунингдек, Мустақиллик, “Наврўз” байрамлари тантаналари, “Шарқ тароналари” доирасидаги барча театрлаштирилган томошалар ҳамда миллий тарихимиз ва  маданиятимизнинг йирик  арбоблари юбилейларига бағишланган тадбирлар режиссёри.

Миллий анъаналарнинг хилма-хил қадриятлар билан қоришиб кетиши, саҳнани Шарқ ва Ғарб маданиятлари муомаласи ҳудудига айлантириш хоҳиши – Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган жаҳон ва миллий мумтоз саҳна асарларида ўзининг ёрқин ифодасини топган  долзарб мавзу ҳисобланади.

Миллий-маданий анъаналарга нисбатан чуқур муҳаббат, замонавий спектаклнинг мазкур анъаналарига қизиқиш Баҳодир Йўлдошевнинг миллий тарихга бағишланган спектаклларида намоён бўлди. Ўзининг ҳар бир янги спектаклида маънавий маданиятнинг замонавий саҳна қиёфасида тобора олислаб кетаётган асрлар синтезини қидириб топишда давом этмоқда. Унинг ижоди миллий мусиқа, адабиёт, тасвирий санъат, меъморчиликнинг энг бой анъаналарига, анъанавий бадиий маданиятнинг бутун мажмуасига нисбатан алоҳида сезгирлиги ила ажралиб туради. Ниҳоят, у элшунослик, халқ оғзаки ижоди, миллий турмуш, ранг-баранг расму удумлар учун саҳнага йўл излайди.

Унинг изланишлари, албатта, бошқа режиссёрлар ижодида давом этади. Замонавий ўзбек саҳнаси тараққиётининг бутун-бутун йўналишларига эш бўлиб кетади.

Режиссёрлик касби нодир ва машаққатли. Ҳозирги вақтда санъатда йирик ижодий шахснинг роли ва аҳамияти жиддий ўсди. Баҳодир Йўлдошев ана шундай шахс ҳисобланади – Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби ва Давлат мукофоти совриндори, нуфузли театр анжуманларининг энг яхши режиссураси учун мукофотлар соҳиби.

 

* * *

Баҳодир Йўлдошев Каттақўрғонда туғилди ва ажойиб актёрлар оиласида, театр муҳитида ўсиб-улғайди. Унинг ота-оналари – ўзбек театрининг таниқли актёрларига бу касб отамерос бўлиб, улар Каттақўрғон театри ташкил этилган кундан буён шу масканда фаолият кўрсатиб келишган.

Отаси Турсун Йўлдошев шу театр ташкилотчиларидан бири эди. Онаси Ширин Мелиева 40 йилдан кўпроқ А.Мажидий номидаги Каттақўрғон драма театрида директорлик қилган. Баҳодир Йўлдошев болалигидаёқ театрда ўзининг илк ролини ўйнаган. Бу фикр онасидан чиққан эди ва ҳаммаси хамирдан қил суғургандай текис кетаётганди, бироқ у вояга етгач, отасига театр институтига кириш нияти борлигини айтганида, онаси ҳали суяги қотмаган муштдеккина боласини саҳнага олиб чиққанига қаттиқ афсусланади, аммо начора, ғишт қолипдан кўчганди…

Катта ижодий ҳаётни яшаб қўйган истеъдодли режиссёр, таъбир жоиз бўлса, жонажон шаҳрида кечган ўсмирлик ва балоғатлик йилларини бироз қўмсаб эслайди. Она шаҳри Каттақўрғонни дўстлари билан “Катта Париж” деб атаганлари, тарих, адабиёт ва бошқа фанлардан дарс берган меҳрибон муаллимлари беихтиёр кўз олдига келаверади… Катта синфларга ўтгач, у китоб мутолаасига ружу қўйди. Дюмадан тортиб Достоевскийгача, Хўжа Насриддин латифаларидан тортиб Толстой романларигача – қўлига тушган ҳар қандай китобни севиб ўқир эди. Бутун умри давомида канда қилмаган китоб мутолааси одатини у қадрдон театри спектакллари ҳақидаги хотиралари билан қўшиб бугунги авлод шуурига сингдиришга ҳаракат қилиш унинг касб сари қўйган илк одими бўлди.

Ўша йиллари кўплаб мактабларда бадиий ҳаваскорлик тўгараклари ишлар ва кенг оммалашиб кетганди. Саккизинчи синфда ўқиб юрган  кезлари Баҳодирнинг ўзи шу тўгаракларда спектакллар қўя бошлайди. Ушбу дастлабки саҳналаштиришлар фақат синфдошлари ва ўқитувчилар олдида муваффақият қозонмаганди – у бир неча марта ҳаваскор театрлар танловларида биринчи ўринни эгаллади. У қўйган “мактаб” спектакллари номлари рўйхати кишини ҳайратга солмай қолмайди: Лермонтовнинг “Мас­карад”, Шекспирнинг “Ҳамлет”, Войничнинг “Сўна”си. Ўтмишга айланган балоғатлик йилларини эслар экан, бу дастлабки ҳаваскор режиссёрлик изланишлари унга ҳозир ҳам ёқишини самимият ила эътироф этади. Улар оддий, тушунарли ва жуда самимий эди.

Таржимаи ҳолдан:

“Театр олийгоҳига киришга қарор қилганимдан ва айнан шу касбни танлаганимдан ойим нима учун ҳаяжондан “яшавор!” деб айтолмаганини, аксинча, “ҳмм,  дуруст” деб қўя қолганини кўп йиллар кейин, ҳаётий тажрибам анча-мунча ортганидан сўнг англаб етдим. Ойим театрни беш қўлдай биларди, фақат муваффақиятнинг  ажойиб лаҳзалари – қарсаклар, гуллар, эътирофлар, мукофотлар, унвонларнигина  эмас, балки унинг тескари томони – бошқалар учун машаққатни, масъулиятни, инжиқликларни,  ҳар куни юзма-юз келадиган “ичимдан топ” ва нафсониятларни, асаблар мудом таранг тортилган ҳаётни, узил-кесил тутган жойидан кесишни ва ҳоказоларни миридан-сиригача чуқур англар эди…

Ҳаётимнинг энг қийин кунларида ва театрдаги ўзаро низолар вақтида ҳам, мен бир театрдан бошқасига ўтиб юрганларимда ҳам шу аёл бирон марта менга ачинганини билдирмаганди. У фақат менга соғлик тиларди, холос. “Бу касбни ўзинг танлагансан. Бошингга тушган қийинчиликлар – ишингнинг бир қисми”. Театрни онамчалик яхши биладиган одам йўқ эди, 40 йиллик директорлик даврида уни миридан-сиригача ўрганган эди. Ахир мен билан гаплаша, оқилона, амалий маслаҳатлар бера олар эди-ку. Йўқ. Яккаш: “Ўйла, қидир, энг яхши йўлини ўзинг топ”, – дер эди.

Энди бўлса бирор куним йўқки, онамни эсламасам. Сўнгги кунларидаги сўзлари ҳам шундоқ қулоқларимда жаранглаб турибди: “Хавотир олма, мен доим ёнингдаман”.

Тошкент театр институти ўша вақтда Шелковичний кўчасидаги унча катта бўлмаган, аммо шинам бинода жойлашган эди. Муҳит эркин, ижодий олий ўқув юртига хос эди. Ўз касбининг пирлари бўлган ўқитувчилар талабаларга қаттиқ турар, айни пайтда уларга келажакдаги ҳамкасблари сирасида ҳурмат кўрсатилар эди.

Талабалик сафига қабул қилинган Баҳодир ўша кезларда Ўзбекистоннинг забардаст театр режиссёрларидан бири, ажойиб саҳна устаси Тошхўжа Хўжаевдан билим олиш бахтига муяссар бўлди. Т.Хўжаев ўз талабаларига театрга оид барча жиҳатлардан сабоқ берган. Ўқиш вақтида унинг шогирдлари чироқчилар ҳам, реквизиторлар ҳам, саҳна ишчилари ҳам ва, албатта, актёрлар ва режиссёрлар ҳам бўлишган. Баҳодир мутахассислик дарсларида тайёрланадиган этюдлар, асарлардан парчалар ҳамда диплом спектаклларида берилиб, жон-дили билан ўйнар эди. Шекспирнинг Ҳамлети, Навоийнинг Қайси унинг талабалик роллари эди… Баъзан саҳналаштириш жараёнида устозларига дастёрлик ҳам қиларди. Масалан, суюкли муаллим Лола Хўжаевага спектакль тайёрлашда берилиб ассистентлик қилади. Худо берган, хушқомат, овози ёқимли бу келишган йигитни ўшандаёқ рус академик театрида режиссёр Шаханова постановкаларидан бирида кичикроқ ролни ўйнашга таклиф қилади. Аммо Т.Хўжаев асосий мураббий бўлиб қолаверади, у олийгоҳнинг ёш битирувчисидан Э.Воҳидовнинг “Олтин девор” пьесаси асосидаги янги спектаклни саҳналаштиришда, айни вақтда А.Дюма асари асосида “Нель минораси” диплом спектаклини тайёрлашда қатнашишни сўрайди. Бу вақтда Т.Хўжаев академик театрнинг бош режиссёри эди, шу боис унинг бу ҳаракати замирида аслида шу театрга доимий ишга таклиф қилиш нияти ётарди. Бироқ кўп ўтмай унча мароқли бўлмаган, аммо жиддий таклиф – ҳарбий хизматга чақирув қоғози келади, у ҳатто ўзининг диплом спектаклини қўйишга ҳам улгурмайди.

Таржимаи ҳолдан:

“Армиядан қайтганимда устозим театрни ҳамишаликка тарк этиб бўлганди. Узоққа бормасам керак деб менга бир-икки марта айтганди ҳам. Турли сабаблар билан у ерда иши унчалик юришмаётганди. Театр театр экан-да. Бор кучимни тўплаб, Таганка театрида синовдан ўтиш учун “Қайдасан, Москва!” деб йўлга тушмоқчи бўлдим. Синовдан муваффақиятли ўтадиган бўлсам, Таганкадаги театрда актёр  бўлиб ишлашимга келишиб олгандик. Янги мавсум бошида менинг Юрий Любимов билан учрашувим мўлжалланганди. Бу вақтгача барча ҳужжатларни олиб келишим керак эди.

…Шундай қилиб, Ю.Любимов билан учрашгани Москвага отланадиган кун ҳам келди. Жўнаш олдидан ҳужжатларимни олгани Ҳамза театрига бордим. Маълум бўлишича, институтдошим, бу вақтда шу театрда ишлаб турган ажойиб театр рассоми Георгий Брим янги бош режиссёр Александр Гинзбургнинг қулоғига мен ҳақимда шипшиган экан. Мен ҳужжатларга қўл қўйдиргани бош режиссёр ҳузурига кирдим. У деди: “Мен сизни биламан, ўтиринг”. Москвага отланаётганимни, ҳарбий хизматда бўлганим боис диплом иши қилолмаганимни унга тушунтирдим. Гинзбург жавобан деди: “Биласизми, мен яқинда Москвадан келдим. Ишонасизми, йўқми, у ёқда сизга осон бўлмайди”. Мен дедим: “Қаерда осон экан? Ҳар ким бошига ёққан қорни ўзи курайди”. У сўради: “Сизни биров бу ердан ҳайдаяптими? Умуман, кетишингизга жўяли сабаб борми?”  Бу ерда энди устозим Тўла Хўжаев йўқ, усиз бу ерда бўлишимдан маъно йўқ, дедим. Шунда Гинзбург бир четига: “Азиз устозимга миннатдор шогирдидан. Тўла Хўжаев” деб ўйиб ёзилган  чиройли бир тамакидонни кўрсатди. Бироз жим туриб, сўнг деди: “Биласизми, сиз менга невара қаторисиз!” Ҳа, тушунаман, дедим. У деди: “Сиз бу ерда спектаклни  қўясиз, дипломни оласиз, кейин эса Москвага кетасиз. Дипломсиз у ерда сизга кимнинг кўзи учиб турибди? Хуллас, гап шу, – давом этди у, – кейин эса мен ўзим сизни Москвага жўнатаман, тураржойингиз бўлади, хоҳлаган жойингизда ишлайсиз. Керак бўлса, ўзим қўнғироқ қиламан Москвага. Ва, умуман, ёдингда бўлсин, –“сен”га ўтиб давом этди Гинзбург, – менга сенинг ёшлигинг, сенга эса менинг кексалигим керак”. Худди шундай деди. Мен Москвага сим қоқдим, ҳамма гапни  айтдим. У ёқдагилар эса, “Баҳодир, Гинзбург тўғри гапирган, кўринади, аввал дипломни олинг-да, сўнг бу ёққа келинг” деди.

Шу тариқа у қолди ва диплом спектаклини саҳналаштиришга киришди. Мана шу унутилмас суҳбатдан Баҳодир Йўлдошевнинг Ҳамза театридаги илк мустақил фаолияти бошланди.

 

* * *

Институтнинг режисёрлик бўлимини яқинда тугаллаган шогирдларнинг дастлабки спектаклларидаёқ саҳналаштирувчининг фавқулодда истеъдодли эканлигига бировлар шубҳа қилса, яна бировлар самимий қўллаб-қувватлар эди. Бирин-кетин саҳна юзини кўрган А.Дюманинг “Нель минораси” мелодрамаси, Уйғуннинг “Беруний” тарихий драмаси, М.Каримнинг “Ой тутилган тунда” ишқий драмаси, В.Розовнинг “Шомдан тушгача” психологик драмаси, кейинроқ эса Ф.Шиллернинг экспрессионистик услубдаги “Қароқчилар”и театрда янги истеъдоднинг дунёга келаётганидан дарак берарди. Ёш режиссёр бутунлай хилма-хил спектаклларда ўз кучини синаб, театрнинг анъаналари ва имкониятларини чамалаб кўрди. Фавқулоддаликларда, бир қарашда қарама-қарши кўринадиган мойилликларда, анъаналар қутбидан улардан қатъий воз кечиш қутбига томон оғишларда ғайриоддий режиссёр етилиб келаётгани кўриниб турарди.

Шунча тафовутларга қарамай, тилга олинган спектаклларда умумийликлар ҳам бор эди,  масалан, саҳна муҳити билан “киришиб кета олиш”, ҳаракат муҳитини барча енгил воситалар билан тўлдириш ёки тўйинтириш, бунда кейинчалик маишийликдан тортиб шартлиликкача бўлган турли услубий ечимларда тўлароқ эркинликка эга бўла бошлаган сифат муҳим ўрин эгаллайди. Масалан, “Нель минораси” спектаклида занжирлар шарақлаган, казематнинг шифтидан чак-чак чакка томаётган, нимқоронғиликда шамлар милтиллаган, балчиқда ташланган одимларнинг бўғиқ овози қулоққа чалинаётган зимзиё ертўла муҳити яратилган… Романтик мелодрамага хос баъзи унсурлар – ошириб-тоширилган ҳиссиёт, сезгирлик, яхшилик ва ёмонликнинг бир-бирига кескин қарши қўйилиши яққол кўзга ташланиб туради.

Кўп ўтмай Б.Йўлдошев “Ой тутилган тунда” спектаклини саҳналаштирди. Қисқа вақт ичида театр Мустай Каримнинг бу пьесасига иккинчи марта мурожаат қилди.

Бу сафар режиссёр таваккал қилади – биринчи спектаклни томошабинлар ҳам, танқидчилар ҳам илиқ кутиб олди. М.Карим пьесасининг қайта саҳналаштирилишига асосий сабаб, театр анъаналарига нисбатан баҳсталаб туйғуларнинг кўпчиликда қизиқиш уйғотганлиги эди. “Жаҳоншумул нигоҳ”га эга бўлиш театр учун хос бўлган 70-йиллар бошида бу ерда кўрсатилган мазмундорлик ва ифодавийликнинг янги воситаларини астойдил қидириб топиш асносида ўзбек театри жанр ва услуб хилма-хиллигига, янги шаклларга, янги режиссёрлик услубларига қаттиқ муҳтожлик ҳис қилаётган эди. “Ой тутилган тунда” спектаклида қўйилган кенглик ва эркинлик, саҳналаштирувчи шартлилик ечимида намоён этган жанр ва услуб – булар бариси режиссёрнинг спектаклни замонавий саҳнанинг маишийликдан ташқари ечимлар контекстига сингдириб юбориш хоҳишидан дарак берарди.

Баҳодир Йўлдошев пьесани инсоннинг озодликка эга бўлиш, дунёни ўзи хоҳлагандек ҳис этиш ҳуқуқи ҳақидаги шоирона ҳикмат тарзида талқин қилади. Ёш ошиқ-маъшуқлар Зубаржад ва Оқйигит олдинга олиб чиқилади, бу ролларни Д.Икромова ва М.Азимов ўйнаган. Бу актёрлар Девонани ўйнаган Т.Мўминов билан биргаликда яқиндагина театр институтини битириб келишган эди. Уларнинг ўйинларидаги “беғуборлик”, самимий ҳиссиёт кишини ўзига маҳлиё этарди. Фақат З.Садриевагина (Тангабека) ҳар иккала  саҳналаштиришда ўз ролини сақлаб қолганди.

Сал ўтиб режиссёр В.Розовнинг “Шомдан тушгача” пьесасини саҳналаштиради. Унда Б.Йўлдошевнинг томошабин билан замонанинг ўткир ахлоқий муаммолари тўғрисида суҳбатлашиш нияти яққол намоён бўлган. Ушбу спектаклда Б.Йўлдошев романтик анъана режиссёри сифатида пайдо бўлган ўзи ҳақидаги фикрни рад этгандек кўринади. Саҳнада турли характерлар ўртасида психологик баҳс борар, тақдирлари ўтда куйган одамлар истиқомат қилувчи бир оила ҳаётидан лавҳа ўйналмоқда эди. Бу ерда театр ва унинг томошабинларига одат бўлиб қолган қаҳрамонлар ўртасидаги қизғин тўқнашувлар йўқ, улардан биттасининг енгиб чиқиши ё енгилиши ҳам йўқ. Содир бўлган кундалик воқеалар ортида Жарковлар оиласининг барча аъзолари кечирган ботиний зўриқиш юзага келган. Хусусий суҳбатлар ва алоҳида вазиятлари ёрдамида театр драматург билан бақамти ҳолда ҳаётдаги омадсизлик сабабларини очиб берган.

60–70-йилларда театр санъатининг ижтимоий мақомида ўзгариш рўй берди. Театр ўзининг олдинги замонларда эга бўлган мавқеини бой бериб қўйди, кинематография, адабиёт, телевидение ҳар томондан сиқиб кела бошлади.

1970 йили Т.Хўжаев Э.Воҳидовнинг пьесаси асосида ўзининг охирги “Олтин девор” спектаклини саҳналаштирди. Театрга қайтгандан сўнг К.Яшиннинг “Менинг Бухором” ва  Калидасанинг “Шакунтала” спектакл­ларини қўйгач, 1973 йилда А.Гинзбург ҳаётдан кўз юмди. Йигирма йил мобайнида театрга раҳбарлик қилган, актёрларнинг ажойиб авлодини тарбиялаган, Академик театрнинг ижодий обрўйини эҳтиёткорлик ва бир мақсад ила йўналтирган йирик режиссёрнинг ҳаётдан кўз юмиши катта йўқотиш бўлди. Ўзбек режиссурасида ўша даврда актёрлар тажрибаси ва билимини билишда Гинзбург ва Хўжаевга тенглашадигани йўқ эди. Академик театр ҳаётида шундай алғов-далғовли кунлар кечиб турган бир пайтда Б.Йўлдошев ўз ижодий фаолиятини бошлади. Дастлаб, унинг постановкалари бундан кейинги тараққиётни, репертуар сиёсатини, театрнинг ижодий дастурини унинг номи билан боғлаш учун танқидга асослар берди. Аммо навбатдаги “Қароқчилар” (Шиллер) спектаклида режиссёрнинг қизиқишлари нақадар кенг ва хилма-хиллиги ҳаммани ҳангу манг қилиб қўйди. Кўпларга бу энг кекса театрнинг академик анъаналарига ёвузларча суиқасд бўлиб кўринди. Режиссёр бу ерда театрнинг зулм усуллари ҳамда авангард услубиёти унсурларидан фойдаланган. Томошабин талон-торож ва зўравонлик дунёсини кўрди, у ерда кўриш учун ўйилган тешиклари бор оқ ёпинчиқ устидан кўрпа-тўшак қилиб ётган отани ўғил аёвсиз тепкилаётган бўлади, “олийжаноб” қароқчилар маросим рақсига тушади, қичқириб ваҳимали қўшиқлар куйлашади, ғилдираклари ғийтиллаган арава устига ғуж бўлиб чиқиб олишади…

Шу тариқа “Қароқчилар”да Б.Йўлдошев ижодида биринчи марта театрга хос маънодорлик воситаларини узил-кесил янгилаш хоҳиши ёрқин намоён бўлган.

Таржимаи ҳолдан:

“Мен “Қароқчилар” спектаклига киришганимда Тошкентда Катта драматик театр гастроллари ўтаётганди. Театримизга шу театрнинг бадиий раҳбари, етук режиссёр Георгий Александрович Товстоногов қадам ранжида қилган эди. Айтиш мумкинки, айнан унга биз – Георгий Брим иккаламиз бўлажак саҳна асари андозасини топширган эдик. Кўп нарсалар ҳақида эринмай гаплашдик, қарийб бутун кун давомида бу спектакль қандай бўлиши кераклигини муҳокама қилдик. Фикрларимиз Товстоноговга ёқди. У ғоя жуда қизиқ эканини ва менинг Шиллерга кўплаб тадқиқотчилардан бошқача муносабатда эканимни таъкидлади, шу боис “Қароқчилар” борасидаги менинг талқиним дурустгина қаршиликларга дуч келишини башорат қилди. “Аммо шунга қарамай, – деди у суҳбатига якун ясаркан, – мен сенга оқ фотиҳа бераман”.

Шундай қилиб, бу спектаклга оқ йўлни Товстоноговнинг ўзидан олганман”.

Сирасини айтганда, ўша йиллардаги бирорта спектакль бу қадар зиддиятли муҳокама қилинмаганди. Мумтоз адабиётнинг машҳур, салмоқдор спектакллари билан танилган Академик театр саҳнасида бу қадар ўткир саҳна шаклини, бундай ғайрианъанавий ечимни кўришга томошабин одатланмаганди.

Дарҳақиқат, бу шундай бир спектакль сарҳади эдики, унинг устида ишлашда режиссёр Б.Йўлдошев ва рассом Г.Брим ижодий жуфтлигининг янги сифати етилиб келганди.

Шунингдек, спектаклда Франц ва Карл роллари ижрочилари Ҳ.Нурматов ва Ё.Саъдиевлар ҳам қаҳрамонларининг маънодор тавсифларини топганлар.

Аввалига журъат қилар-қилмас, кейин эса ғазабга минган Нурматовнинг Франци бу дунёда ёмонликнинг муқаррарлиги ҳақидаги сурбет фалсафасини тиклайди. Ўзининг нозик хатти-ҳаракатлари, қизиқарли ва ифодали равонлиги билан Нурматов ўзининг қаҳрамони зиммасида ётувчи ахлоқий жиноятнинг қарийб жисмоний ҳиссиётини ифода этишга муваффақ бўлган.

Нурматовнинг Франци спектаклнинг чинакам қаҳрамонига айланган. У руҳий жиҳатдан мураккаб шахс ва Шекспирни эслаб, Шиллерни ўйнаганларига зўр мисол бўла олади. Спектаклда Франц – туғма иғвогар, жисмонан кучли ва ақлан закий. Атрофдагилардан устун келиш унга лаззат бағишлайди. Ҳар бир ўй, ҳар бир хатти-ҳаракат – виждонда ниш уриб келаётган шубҳа-гумонларни янчиб ташлаш оқибати. Бошлашга бошлаб қўйиб, у энди ўзини тўхтата олмайди. Охир-пировардида, бу ички парокандалик унинг қалбини тилка-пора қилади. Жиноятлар оғирлигидан эзилиб, у ўлимини узоқ кутилган халоскорлик деб қабул қилади.

Саъдиев ижросидаги Карл қароқчилар тўдаси сардорининг аҳволидан дили хуфтон, шубҳалар гирдобига кўмилган. Акасининг ёвузларча жиноятларидан тутақиб, ўзининг заифлигини ҳис этади. Адолат учун курашдан илҳомланган Саъдиевнинг Карл образида мутафаккир юз кўрсатади. Актёр ижросида “ҳамлетчилик” хислатлари кўринади, деган танқидчилар мутлақо ҳақ эди. Унинг ижросидаги энг яхши ўринлар, ошкора кўтаринкилик, руҳий рефлекс (кўникма), оғир маънавий ҳаёт билан чатишиб кетади. Кекса отаси, Ёқуб Аҳмедовнинг Моори ва Г.Зокированинг Амалияси билан учрашувни актёр романтик усулда ўтказади.

Спектакль финали кўплаб баҳсларга сабаб бўлди. Карлнинг ўзини адолат қўлига топшириш ниятидан хабар топган қароқчилар аввал уни, кейин эса ўзларини ўлдиради. Шу ерда бу Шиллер матнига зид келмасмикан, деган савол пайдо бўлади. Ҳа, зид келиши мумкин. Ҳарҳолда спектаклнинг бу финалида концепциянинг тиниқлиги, зўравонликка қарши норозиликда ифода этилган асосий мавзунинг асосини ажратиб кўрсатиш бор гап эди. Спектаклнинг қаҳрамонлари сингари режиссёр ҳам охиригача мана шу норозилик билан бақамти боради.

“Қароқчилар”да Б.Йўлдошев ижодида фақат театрга хос маънодорлик воситаларини кескин янгилаш хоҳишигина эмас, балки туғма театр ислоҳотчисининг фазилати ҳам биринчи марта намоён бўлган. Спектаклнинг яратилиш санасини ёдга олиш кифоя – 1974 йил. Шунинг учун кифояки, роса ўн йилдан кейин у академик театрдан кетади. Ўн йил – театр учун тилсимли рақам. XX асрнинг эса йирик режиссёрлари К.Станиславский ва П.Брук бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳаётда айтган эдиларки, бу муддат ўтиши билан жамиятда ва санъатнинг эстетик тамойилларида жиддий ўзгаришлар содир бўлади ва санъаткор унга ўз жавобини айтиши керак ва зарур.

Санани яна шунинг учун ҳам эслаш кифояки, 1974 йилда Баҳодир Йўлдошевни Ҳамза номидаги академик театрнинг бош режиссёри этиб тайинлашди. У 28 ёшга кирган навқирон йигит эди. Уни собиқ Иттифоқнинг барча “академик”лари орасида энг ёш бош режиссёр деб айтар эдилар. У бу театрнинг ижодий “юзини” жиддий ўзгартириб юборган спектаклларни саҳналаштирди.

1975 йилда В.Чичковнинг пьесаси бўйича “Чилига ишонаман” спектакли саҳналаштирилган эди. Кескин ва жўшқин шаклда спектакль Чилидаги давлат тўнтарилишининг фожиали воқеаларини акс эттиради. Театр саҳнаси Альенденинг сафдошлари ва душманлари олиб борган кескин сиёсий баҳслар, кураш олиб бориш, миллий мустақиллик йўллари ҳақидаги мунозаралар масканига айланган. Театр томошабинларни шу баҳсларга тортади. Спектакль воқеаси актёрлар томошабинлар билан ёнма-ён ўтирган залга кўчади.

Чили президенти Альенде роли Олим Хўжаевнинг сўнгги ишларидан бири бўлиб қолди. Актёр саҳнада Альенденинг интиҳоси сезилиб турган сўнгги кунларини бошдан кечирган эди. Альенде – Хўжаев  ўз халқи билан қондош ва жондош зиёли, халқ қисмати, унинг эртаси Альендени ўз ҳаётидан кўра кўпроқ ташвишга солади.

Режиссёр кўпқиррали спектакль яратди, айни вақтда содир бўлган воқеаларнинг бир қанча сиймосини кенг тавсифлаб берди. Бу воқеалар жойидан олинган, тахминийликка асосланмаган йилнома-репортаж эди. Бу кураш йиллари ҳақидаги мубоҳаса ҳам эди. Бу тўнтариш раҳбарлари устидан иштирокчи шахсларнинг холисона ҳукми ҳам эди.

“Чилига ишонаман” спектаклида ижодий усул Баҳодир Йўлдошев изланишларида яна ҳам ривожлантирилди. Постановкаларда ошкора публицистик руҳда у замонавий театр эпкинлари, актёр борлиғининг замонавий усули асосида психологизм ва рамзийликнинг бирикувини қидиради. Яланғоч усулларга мойиллигини ўзгартирмаган, айни вақтда уни ҳаттоки томошабинлар билан бевосита алоқагача кучайтирган ҳолда у воқеанинг брехтча эпиклиги билан ва қаҳрамонларининг теран шахсий кечинмалари ўртасидаги ўтиб бўлмасдек кўринган чегарани ўчириб ташлайди. Спектакль шакли борасида режиссёр рассом Г.Брим билан яқин ҳамкорликда олиб борган изланишларини давом эттириш баробарида Б.Йўлдошевнинг актёр билан ишлаш уқуви тобора яққолроқ намоён бўлди. Томошабин билан янада қалинроқ муносабатни жонини бериб қидиришларида режиссёр актёрга суянади – унинг ҳар бир саҳнасида бу нарса намоён бўлиб туради. У актёрларни ўзбек театри учун ноанъанавий бўлган ўз жўшқинлиги ва экспрессиясига мос саҳна ҳаётининг маром ва усулини фош қилувчи сценография билан ўзаро фаол ҳамкорлик шароитига солиб қўяди.

Б.Васильевнинг “Рўйхатларда йўқ” пьесаси асосида қўйилган спектакль ана шундай қизиқарли изланишлардан бири бўлди, бунинг учун Б.Йўлдошев Попов номидаги мукофотга сазовор бўлган эди.

Қисса каби спектакль марказида ҳам олти ой мобайнида Брест қалъасини мудофаа қилган ёш лейтенант Плужниковнинг қисқа ҳаёти ва қаҳрамонларча ҳалок бўлиши тасвирланган. Б.Йўлдошев таклиф этган ечим она ерини ҳимоя қилган инсонлар жасоратининг улуғворлигини чуқурроқ ҳис этишга ундайди.

Режиссёр актёр ва томошабинни иложи борича кўпроқ яқинлаштирган. Актёр учун саҳна ўртасидан кафтдеккина жой ажратилган. Саҳнанинг худди шу ерига, воқеа ўрни атрофига режиссёр томошабинларни ўтқазиб чиқади.

Ижрочилар шу қадар драматизм, иш-ҳаракат ва феъл-атворларнинг куйдирувчи ҳақиқати томошабинларга яқинлиги билан жой-жойига териб чиқилганки, бунда зиғирча сохталикка чидаб бўлмайди.

Уруш ҳақидаги спектаклда душман билан жисмоний олишув режиссёр томонидан жўшқин, жасорат ила, гоҳо табиий тафсилотлар билан тизиб чиқилганки, у ўлимга маҳкум, аммо инсонийликни йўқотмаган одамлар қисматининг кечмиши кучлироқ фонга айланган. Бу одамларнинг қисматлари ўзининг шишадай тиниқлигида очилган, бунга кучли маънавий ва ҳиссий зўриқиш туфайли эришилган, унда бутун саҳна давомида актёрлар яшаган. Спектаклнинг “тинч” лавҳалари лирик манзаралари туйғуларнинг  чинакам самимияти билан ишончли ва таъсирчан чиққан.

З.Садриеванинг Христаси ва Я.Абдуллаеванинг Плужников онаси бўлган саҳналарда, С.Юнусованинг Мирраси ва Э.Носировнинг Плужникови бўлган лирик лавҳаларда, юксак маънавият ва пок ахлоқ намоён бўлган жойларда ўтиб кетган урушнинг разилона даҳшатларига чидай олган одамларнинг қиёфалари бўй чўзган.

Ёш актриса С.Юнусованинг Мирра ролидаги дастлабки иши спектаклнинг кутилмаган мўъжизаси бўлди. Тортинчоқ ва эҳтиросли қиз рамзида (унинг ҳаётида умумхалқ қайғуси ва биринчи муҳаббат бахти қўшилиб кетади) мутлақо ёш актрисанинг “урушни ҳис этиши”, чуқур ички ўзгариш неъмати томошабинни ҳайратга солади. Аммо бу унинг, режиссёрнинг “уруш сезгиси” эди, уни у ўзида синаган ва ундирган, Б.Васильевнинг қиссасини ўқиб ўзи “бошидан кечирган”, ўз ҳиссий хотираси қаърида яшаб ўтган ва буни актёрлар қалбига қурган эди. Аммо унинг туйғулари қаърида актёрликнинг асов табиати ҳақидаги хотира ҳам яшар эди, режиссурага кетиш муносабати билан рўй берган узилиш унда тузалмас яра бўлиб қолаверди. Бу хотира ва дард унинг учун саҳна ҳақиқати ва актёрлик сохталигининг бехато индикаторига айланди.

Спектаклнинг шаклига, манзарали томонига қанчалик эътибор қилинмасин, Б.Йўлдошев қайси театрда ишламасин, унинг энг яхши режиссёрлик ишларида ҳар доим актёрлик кашфиётлари бўлиши, улар ҳам ёш, ҳам кекса – кўплаб актёрлар ижодида босқичлар бўлиб қолгани бежиз эмасди. Кекса актёрларнинг унинг спектаклларидаги ишлари чуқур психологизм билан суғорилган. В.Дельмарнинг “Ғариблар” пьесаси асосида саҳналаштирилган спектаклдаги Н.Раҳимов ва С.Эшонтўраеванинг нозик ижросидаги Ота ва Она роллари, сал олдин тилга олганимиз О.Хўжаев ижросидаги Чили президенти Альенде роли, Ў.Умарбековнинг “Комиссия” ва Н.Раҳимов салоҳиятининг янги қирраларини очган А.Абдуллиннинг “Ўн учинчи раис” спектаклларидаги замондошларнинг драматик характерлари ва ҳ.к. Бунгача эса “Келинлар қўзғолони” (Саид Аҳмад) спектаклидаги Фармонбиби ролини З.Садриеванинг нечоғлик ширадор ва ёрқин ижро этганини эътироф этиш лозим.

Оддийгина “Келинлар қўзғолони” комедиясида Б.Йўлдошев биринчи марта ортида анъанавий миллий маданиятнинг театр ва нотеатр хазинаси яширинган эшикка яқинлашди. У ўзининг мана шу эшигига дангал кириб боришидан олдин ўн йил ўтади ва шундан кейингина шу эшикни бошқаларга ланг очиб беради. Ҳозирча бўсағада туриб, ичкарига жим қулоқ солади ва томошабинларни ҳайрат ва саросимага солганча мусиқий оҳанглар билан яна саҳналаштиришни бошлаб юборади. Киноявий чекиниш услубида у маиший комедияни ҳазилнамо миллий оҳанг билан уйғунлаштиради. Гоҳ босиқ, гоҳ шўх, гоҳ маъюс, гоҳ қувноқ доира садолари гўё воқеа моҳиятини таржима қилиб тургандек бўлади…

Кўпхонали оила ҳовлисида эскилик ва янгилик, ноанъанавий турмуш тарзи ва шаҳар ҳаёти ўртасидаги зиддият авж олган маиший комедияга режиссёр муросали бошланишни олиб киради. Фақат эскилик ва янгилик ўртасидаги эмас, балки ўйин, томоша (манзара) ва турмуш ўртасидаги муроса ҳам.

Бирмунча муддатдан кейин Б.Йўлдошев аввал Л.Толстойнинг “Тирик мурда”, сўнгра Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” асарини саҳналаштириб, мумтозлик ва замонавийликни ғоят таъсирчан тарзда муросага келтирди.

“Тирик мурда” спектаклини рус мумтоз асарлари бўйича ўзбек театрининг барча саҳна асарларидан энг “ўрисчаси” деб айтиш мумкин. Бундай аслиятга актёрнинг рус одамлари ролини ўйнашдаги саъй-ҳаракатлари билан эмас, турмуш, грим, либослар муфассаллиги билан ҳам эмас (ҳолбуки, улар аниқ ўз аксини топган), балки эскирмайдиган, яшовчан толстойча пьесаларни чуқур тушуниш билан эришилган.

Б.Йўлдошев ва рассом Г.Брим маиший ҳаққоният ва мазмундор теранликнинг яхши ўйлаб топилган нисбати билан ажойиб бадиий таъсирчанликка эришишган. Спектакль безаги режиссёр фикрининг ажралмас қисми, унинг фаол, таъсирчан унсури бўлиб қолган.

Режиссёр ва рассом  Федя Протасовнинг ўлдирилишида иштирок этувчи жамиятнинг қиёфасини яратишган. Саҳна тўрида, дарпарда ортида уни бутун бўйи билан тўлдириб, турли ҳолатларда қотиб қолган одам шакллари элас-элас кўзга ташланади. Улар кўпчилик – аёллар, эркаклар, чўқинаётган қариялар: улар биринчи қаторда саф тортган бой ва задагонлар ортидан зинапояни тўлдириб турибди. Чайқалиб турган парда нимадандир норози зодагонларнинг саробий характерларини гавдалантиради. Шунгача улар Фёдор Протасов можаросининг унсиз гувоҳларигина эди, холос. Унинг ҳаётига биз – залда ўтирган томошабинлар ва улар – саҳнанинг иккинчи томонида тик турганлар ҳар томондан қараймиз.

Фёдор Протасов қилмишларига биз ва улар берган баҳолар тафовутида нафақат макон ва замон, балки, энг асосийси, улар ва бизлар, тириклар ва ўликлар ўртасида ётувчи ахлоқий жарлик вужудга келади. Аммо Федя Протасов қарғаган сохталик, сурбетлик, иккиюзламачилик, боёнларча ўзбошимчалик – ўлик эканига режиссёр унча ишонмайди. У спектаклга тўсиқпардалар орасида липиллаб ўтиб турган, терговчи хонасидаги мовут қопламали столлар оралиғида ва спектаклнинг бошқа муҳим саҳналарида кўланкадай сузиб юрган қиёфани олиб киради.  Хўжайини товонини ялашга тайёр гунг малай, аёвсиз ижрочи – инсондаги аблаҳлик ва иллат яшовчанлигининг мутараққий тажассуми, Фёдор Протасов каби шахсларни аёвсиз янчиб ташловчи туссиз маъмурий тизим тимсоли. XIX аср охиридаги рус зодагонлари ҳаётини қунт билан қайта гавдалантирган спектаклнинг долзарблиги шу қадар аён эдики, уни ҳеч ким пайқамади – мумтоз таржима постановкаларида ижтимоий маънолар даркор эди, аммо уларни замонавий воқелик билан боғлашни мақбул деб билмас эдилар. Аксинча, тарихий-инқилобий воқеа акс эттирилган спектаклларда таъриф бўйича мумтозликка урғу бериш устунлик қилар эди. Ҳамза борасида-ку унга сайин – унинг номи ҳам чарақлаб турарди, унинг пьесаларини бир хилда идрок этиш одати ҳали кучли эди. Шу боис Б.Йўлдошевнинг “Бой ила хизматчи” спектаклидаги ижтимоий урғуларнинг очиқдан-очиқ юмшатилганини дарров пайқашди. Ўзбек театрида биринчи марта режиссёр Ҳамзанинг машҳур пьесаси ғояларини тарихий-инқилобий драма сифатида эмас, балки инсон драмаси сифатида ўқишга уриниб кўрди. Буни XX аср Туркистон ҳаётидан олинган маиший драма деб тушунилди, аслида дастлабки муаллифлик нусхасида ҳам шундай эди. Балки актёрлик ишларининг нотекислиги туфайли ҳаммаси бирдек муваффақиятли чиқмагандир, бироқ у Ҳамза драматургиясини янгича ўқишга киришишдаги биринчи уриниш, бугунги кун нуқтаи назаридан, айни вақтида қилинган иш эди. У режиссёр изланишлари мавзуига, унинг миллий тарихга, тарихий воқеа-ҳодисалар гирдобидаги башарият тақдирига тобора кучайиб бораётган қизиқишлари доираси билан ялакат мағиз бўлиб кетди.

Ўзбек халқининг тажрибасини ҳар тарафлама фикр элагидан ўтказар экан, Б.Йўлдошев ўтмиш ва ҳозирни улаб турувчи риштани қидиради, тарихнинг ахлоқий ва ижтимоий сабоқлари маъносини чақиб беради. Т.Тўланинг “Нодирабегим”, Уйғуннинг “Абу Али ибн Сино”, “Зебунисо”, П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” каби спектаклларида томошабинлар учун ватан тарихининг янги қатламлари очилдигина эмас, балки ҳозирги замон театр тилига мос келган тубдан янги саҳнавий ечимлар топиш истаги пайдо бўлди. Яна шу нарсани ҳам таъкидлаш керакки, бу постановкалар 80–90-йилларда ўзбек бадиий маданиятида тарихга бўлган қизиқишни тағин-да ошириб юборди.

Тарихий драма саҳналарида режиссёр фақат маърифий вазифанигина бажариб қолмади. Миллий ўтмишга мурожаат қилар экан, ўз спектаклларида у замон қаърига чуқурроқ разм солишга, тарихий қаҳрамонларда юксак ахлоқийлик ва маданият сарчашмаларини топишга уринди. Бу спектакллар ўзбек театрида юзага келган тарихий драма асарлари саҳна тажассумининг режиссёрлик тамойилларини бойитди.

70–80-йиллардаги тарихий мавзудаги янги спектаклларида манзара жиҳати кучаяди, метафорик рамзийлик тамойилларига асосланган саҳнавий шартлилик тобора кучлироқ аҳамият касб этади. Воқеанинг тарихий аниқлигини ўзгартирмай, режиссёр тарихий воқеаларнинг замон-макон ўлчамлари билан яна-да эркинроқ иш олиб боради. Ижро санъатида қаҳрамонлик – ишқий анъана маънолар хилма-хиллиги билан тўйинтирилади, аксар ҳолларда эса тўйинтирилган психологизмга бутунлай ўрнини бўшатиб беради. Энг яхши анъаналардан воз кечмаган ҳолда режиссёр тарихий воқеалар ва йирик тарихий шахсларнинг том маънодаги янги саҳнавий қарашларига жуда яқин келади.

Тарихий драма Б.Йўлдошев учун миллий анъаналар оролига олиб ўтадиган кўприк ва шу анъаналар билан ўзаро муносабатлар ва ҳамкорликларнинг янги тамойиллари пишиб етиладиган майдон ҳам бўлди.

Турли вақтларда, турли театрларда у тўрт марта Т.Тўланинг “Нодирабегим” шеърий драмасига мурожаат қилади – академик театрдан кейин, Муқимий театрида пьесани қўяди, бундан озгина муқаддам Сирдарё вилоят театрида ва ниҳоят, “Дийдор” театр-студиясида шу пьесага мурожаат қилди. Қарийб ўттиз йил мобайнида тўрт турли саҳна версияси жамият ҳаётидаги туб ўзгаришлар туфайли ҳам, режиссёрнинг ижодий тараққиёти омили туфайли ҳам ҳаётга қайтарилди.

80-йиллар бошида тарихий спектакллар Б.Йўлдошевнинг Ҳамза театридаги сўнгги муҳим постановкалари бўлди. 1983 йилда у театрдан кетиб, “Ёш гвардия” театри, (кейинчалик Ўзбек давлат драма театри) ижодий жамоасига бошчилик қилади. Йўлдошев билан бирга академик театрдан Г.Брим, қатор етук ва ёш актёрлар ҳам кетади.

Бу ўзгариш бутун мамлакат театр ҳаётига қаттиқ таъсир қилди. Авваллари театр жараёни йўналиши академик театр ижодиётига мўлжалланган бўлса, энди у ўзгариб кетади, бунга янгиланган драма театри, кўп ўтмай бошқа театрлар ва театр-студиялар бош қўшади. Ижодий рақобат муҳити пайдо бўлади. Шу тариқа Б.Йўлдошевнинг кетиши театр ишини қайта қуришдан дарак берувчи аломатли амал деса бўлади. Бу қайта қуришни бошлаган Б.Йўлдошев унда асосий шахс бўлиб қолади. Ижодининг янги босқичида драма театрида у қўйган спектакллар Ўзбекистон театр санъатининг муҳим тенденцияларини белгилаб берди, боз устига қўшни мамлакатлар театр санъатига ҳам жиддий таъсир ўтказди. Унинг саҳна кашфиётларини бошқа режиссёрлар қўллаб-қувватлади ва ривожлантирди, кўплари ўзида Б.Йўлдошев ижоди таъсирини ҳис этди. Унинг шахсий фазилатини нафақат театр ҳаммаслаклари, балки таниқли ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, олимлар ҳам ҳис этди, улар учун Б.Йўлдошев бошқарган театр мунтазам норасмий учрашувлар жойига айланади.

Ўзбек театр маданиятини янги жанрлар ва услубий бўёқлар, дадил саҳнавий шакллар билан бойитишда Б.Йўлдошевнинг хизматлари катта. Одатдаги жўн баёнчилик доирасидан чиқиш ниятида у саҳнага халқ оғзаки ижоди, элшунослик, халқ масҳарабозлиги унсурлари, анъанавий бадиий маданиятнинг бутун мажмуи билан “йўл” топди, Шарқ ва Ғарбнинг моддий ва маънавий меросини бир-бирига беҳадик йўғириб юборди. Гоҳо саҳоват ила, келажак учун “асраб” қўймасдан, у ўзининг янги саҳна асарларида энг кўп даражадаги ифода воситаларидан фойдаланади.

Янги ижодий босқич, дарвоқе, Ҳамза пьесаси асосида ишланган “Майсаранинг иши” спектаклидан бошланган. Режиссёр Б.Йўлдошев ва рассом Г.Брим эски пьесага янгича қарайди ва масхарабозлар халқ театри услубида ажойиб томоша асари яратади. Театр “оролига” ёриб кириш севинчининг шабадаси спектакль томонидан елиб келди. Режиссёр анъанавий халқ театрининг тамойил ва усулларини аниқ гавдалантиришга интилади. Униси жозибадор, ошкора услублаштириш бўлиб, унинг ичида актёрлар енгил ва эркин сўзлай олар эди. Бутунликни ҳис этиш бу ерда тафсилотларнинг тўғрилигидан муҳимроқ саналар эди. Режиссёр, рассом, ижрочилар – барчани ўйин қудрати бирлаштириб туради. Замонавий актёр ва актрисалар масхарабозлар театрига ўхшаб ўйнар эдилар. Янги таассурот, тажриба таваккали фақат эркак­лар ўйнайдиган халқ театри эстетикасининг яққол хатоларини хаспўшлаб турар эди. Асосий нарса – бу “Майсара” аҳамиятининг катталиги. Миллий ўйин театрининг табиатини замонавий воситалар билан фикр тарозисидан ўтказишга интилиш очиқ-ойдин кўриниб турарди. Театр нафақат саҳнада, балки кўча ва майдонларда бемалол қўйиб берилаверадиган ёрқин томошаларда Б.Йўлдошев замонавий ўзбек театрининг бутун бир йўналишига эшикни ланг очиб берадики, бу бугунги кунда ҳам сезилиб туради.

25 йилдан кейин у Ҳамзанинг бу пьесасини “Дийдор” студиясида яна саҳналаштиради. Биринчи постановкадан мутлақо фарқ қилувчи спектакль ҳам ўзбек халқининг кулгу маданиятидан бир қисмини, унинг, таъбир жоиз бўлса пештаҳам ҳазиллар, қўғирчоқ ўйинлари, шаҳвоний манзаралар мавжуд бўлган майдон табиатини ўзига сингдириб олган “Дийдор” студиясининг дастлабки битирувчиларининг диплом иши сифатида қўйилган бу ўқув спектакли шу қадар ёрқин ва кутилмаган таассурот қолдирдики, биринчи кўрикдан кейиноқ Франциядаги фестивалга таклиф этилди, томошабинлар уни зўр олқишлар билан қарши олди.

Адабий сўзни театр мазмундорлиги, классикани замонавийлик билан муросага келтириш, Шарқ ва Ғарбнинг, Шекспир ва Навоийнинг ақл бовар қилмас суҳбатларига диққат билан қулоқ солдириш, бадиий ўзбек маданияти ва янги саҳна технологиялари анъаналарининг, тарихнинг бугунги кундаги жилваларини кўриш… Театр муқобилини қидириб топишнинг том режиссёрлик вазифасидан адабий ашёга – “ўз” театрига…

Б.Йўлдошевнинг мана шу “ўз” театрида мусиқа, шеърият, тасвирий санъат, меъморчиликнинг бадиий анъаналари талайгина ўрин эгаллайди.

Алишер Навоий достони асосида саҳналаштирилган “Искандар” спектаклида Б.Йўлдошев маънавий маданиятни олислаб кетаётган асрларнинг замонавий саҳна рамзийлиги билан йўғрилишини қидиришда давом этди. Мана шу “саҳнадаги жўровозлик”да Европа симфонияси ва ўзбек мумтоз мақомлари, Ғарб ва Шарқ меъморчилиги бир-бири билан узвий бирикиб кетади, Навоий ва Искандар Мақдуний  ўртасида “асрлар оша суҳбат” кутилмаганда замонавий жаранг касб этади.

Таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев инсценировкаси, у билан изма-из спектакль шоир шуурида унинг бўлинмас “Садди Искандарий” достони рамз ва воқеаларининг пишиб етилиш жараёни сифатида тизиб чиқилади. Ҳокимият ва адолат ҳақида фикр юритар экан, Искандар спектаклда гўёки муқаддас учлик сиймоси сифатида гавдаланади – у ҳам ўз замонасидаги воқеалар иштирокчиси, ҳам Навоийнинг “ҳамсуҳбати” (шоир ҳам спектаклдаги иштирокчи шахс ҳисобланади), ҳам тарихий қаҳрамон, замонавий рассом нигоҳида у шунақа акс этади – бу нигоҳ “асрларда вужудга келган ёлғон”ни ёриб ўтади. Айни ҳолда “ёлғон” – бу Искандар Зулқарнайн сиймосини бузиб кўрсатувчи, уни ё илоҳий қаҳрамон, ёки шафқат нималигини билмайдиган босқинчи қилиб тасвирловчи қат-қат афсона, осори-атиқалардан иборат. Ҳатто Э.Носировнинг Искандари (сал семизроқ, бўйи баланд эмас) одатдаги афсонавий қаҳрамонга ташқи жиҳатдан унча ўхшамайди. Тарихий ҳужжатларга даъво қилмаган ҳолда режиссёр адабий негизга ёндашувдаги каби шахснинг бадиий талқинида ҳам ўзининг ноанъанавий версиясини яратди.

Ўз ижодий амалиётида у узоқ ва яқин тарихий сиймоларга бир неча бор мурожаат қилди, саҳнада халқ тарихий тақдирининг тугундор жойлари ҳақида спектаклларнинг бутун бир туркумини мужассам этди. Ҳар бир алоҳида ҳолда янги жанр бўёқлари, антиқа услубий ечимлар туғилди. Миллий маданий анъаналарга чуқур муҳаббат, замонавий спектаклнинг ҳар бир таркибидаги бу анъаналар имкониятларига чуқур қизиқиш билан қараш унинг сўнгги икки ўнйилликдаги постановкаларида намоён бўлади. Бу вақтда у ўзбек театри қандай бўлиши мумкин ва бўлиши керак деган анъанавий саволга жавоб топиш билан овора эди.

Замонавий саҳна ва турли-туман анъаналар ўртасидаги муносабатларни муттасил аниқлаш унинг ижодининг муҳим қирраларидан бири. Ҳамза театрида булар академизмнинг анъана ва андозалари эди. “Майсара”да – масхарабозларнинг соф театр анъаналари, “Садди Искандарий” спектаклида уни ўзбек халқи бадиий меросидаги энг бой анъаналарнинг бутун бир мажмуи қизиқтиради. Миллий маданий анъаналарнинг Ғарб универсал қадриятлари билан сингишиб кетиши, турли маданиятлар вакиллари ўртасидаги ҳиссий масофани бартараф этиш, саҳнани Шарқ ва Ғарб маданий синтези майдонига айлантириш истаги – бугунги Ўзбекистон маданиятининг долзарб муаммоси Б.Йўлдошев постановкаларида 80–90-йиллардаёқ ёрқин акс этган эди ва, эҳтимол, ўшанда бу тўла тарзда баҳоланмагандир.

Изланишни давом эттирар экан, у француз драматурги Ж.Сараннинг “Маъмура” пьесаси воқеа ва қаҳрамонларини (Театр версиясида “Маъмура кампир”) замонавий ўзбекона муҳитга кўчиради. Бу шундай усталик билан қилинган эдики, томошабин қаҳрамонларнинг француз эканлигини билолмаган.

“Буюк Ипак йўли”да ҳам анъанавий бадиий маданиятнинг бой меросларига нисбатан алоҳида зийраклик билан қараш бошланди. Режиссёр Б.Йўлдошев, рассом Г.Брим, бастакор М.Бафоев тасвирий санъат, мусиқа, пластика (равонлик), нур воситаси орқали ўрта аср мамлакатларининг тимсолларини бир-бирига сингдиради. Спектаклда битта ҳам сўз ифода этилмайди, фақат пианиночи Адиба Шарипова маҳорат ила чалган  фортепиано овозигина янграб туради. Туялар карвони билан биргаликда томошабин Ҳиндистон ва Хитой, Ўрта Осиё орқали Ғарбий Европагача бўлган катта масофадаги Буюк Ипак йўлини босиб ўтади. Бу мамлакатларнинг ҳар бири ўзининг бемисл бўйи, аломатлари, сир-асрорлари билан кишини мафтун этади.

Спектакль яратувчиларининг у ёки бу халқнинг ўзига хос ғаройиб хусусиятларини илғаб олувчи хаёлоти уларни башариятнинг кўпқиёфали, ёрқин ва рангоранг, айни вақтда ягона тимсолига пайванд этади. Жозибадор манзара анъанавий маданиятнинг бепоён дунёсидан фойдаланишда замонавий саҳна имкониятларини очиб беради.

Ниҳоят, С.Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” (Н.Каримов инсценировкаси) романи бўйича ишланган “Судхўр” спектаклида Б.Йўлдошев элшунослик, халқ оғзаки ижоди, миллий ҳаёт тарзи, турли-туман урф-одатларини саҳнага олиб чиқиш йўлини излайди. Ўтмиш қаърига ғарқ бўлган трагикомик воқеа-ҳодисалар фольклор театри услубида очиб берилган. Қадимги Бухоро мусиқий фольклорининг ўзига хос колорити ва хусусиятлари бўлган халқ қўшиқ ва рақслари саҳнадаги воқеалар билан узвий чатишиб кетади. Сал кейинроқ, ўзбек миллий анъаналари билан маданий-тарихий алоқаларни у бошлаган изланишлар замонавий ўзбек саҳнасининг кўзга кўринган йўналишларидан бирига келиб қўшилади.

Эҳтимол, унинг саҳнага оид маънавий мерос ва Ғарбу Шарқ тажрибалари ҳақидаги фикру услублари нимага келиб қўшилишини у ўйлаб кўрмаган ҳамдир. Улар ўзбек театрининг бундан кейинги ривожи учун ўзига яраша андоза, очиқ кодли дастур бўлиб қолишига шубҳа қилмасди. Режиссёр ўз ишини қилаверади – спектакллар қўяверади. Унинг спектаклларини нафақат театр артефактлари сифатида, балки замонавийликнинг маданий жараёнини ташкил этувчи муҳим омил сифатида баҳолаш зарурати эса Баҳодир Йўлдошев бадиий савқитабиатининг кучи ва илгарилаб кетувчи моҳиятидан дарак берарди. Унинг кўплаб спектакллари “илгарилаб” кетганди. Аммо замонавий театр эпкинлари билан, миллий тарих билан, маданият анъаналари билан у чиқишиб олганди ва бу ўзаро меҳр-оқибат йиллар ўтиши билан мустаҳкамланиб борарди.

Режиссёрнинг асари, ҳар бир янги иши саҳна тилининг янгиланишларини қидириб топишга йўналтирилган тажриба хоссасига эга. Бадиҳавий карнавал стихияси, трагикомик масхарабозлик, кулгили актёрлик ечимлари, режиссёрлик талқинларининг назокатли услублаштирилиши – яхши постановкаларнинг айрим аломатларигина, холос. Бунда янги ғоялар ва ифодали воситаларни қидириб топиш, режиссёрлик услубининг “постановка фаоллиги” деб аталувчи спектакль шакли билан тажрибалар ўтказиш Б.Йўлдошев режиссёрлик ишларида актёрнинг индивидуаллигини ҳеч қачон қисиб қўймаган. Актёрлар билан ишлашни у севади ва  уддасидан чиқади. Унинг спектаклларидаги энг яхши ролларни Н.Раҳимов, З.Садриева, А.Рафиқов, Э.Носиров, Ҳ.Нурматов, С.Юнусова сингари кўплаб актёрлар ўйнаган.

Шундайин, “Бухорои Шариф” спектаклидаги Э.Носиров ва Ҳ.Арслонов ажойиб актёрлик дуэти узоқ вақтгача ёдда сақланиб қолди. Малай ва хўжайин суҳбатларига нозик, салкам инглизларга хос ҳазил, одоб доирасидаги масхарабозлик аралашган. Саҳнага ярашган, аммо ўзбек аскиябозларининг оҳори кетмаган мусобақа анъанаси спектаклнинг ноёб жанр табиатини, унинг жозибадор муҳитини пайдо қилган.

Б.Йўлдошевнинг тарихга қизиқиши, миллий анъаналар томон олиб борувчи йўлларни қидиришлари замонавий мавзуни четлаб ўтиш дегани эмас. Замонавий спектаклларда ҳам нафақат унинг хилма-хил жанр ва услуб афзалликлари, балки ахлоқий орзулар ва саҳналаштирувчининг ўз мақсади яққол кўриниб туради. Ҳар ўн йил оралаб турли театрларда Б.Йўлдошев саҳналаштирган Машраб Бобоевнинг “Гурунг” ва Шукур Холмирзаевнинг “Зиёфат” каби ранг-баранг пьесалари ижрочилар томонидан бир-бирига яқинлаштирилган. Ажойиб актёр Ҳ.Нурматов ўзига хос артистизм ва жозибадорлик ила майда-чуйда воқеа-ҳодисалар орасидан томошабинларни ўз қаҳрамонларининг ахлоқий бузуқлашуви пиллапоясидан олиб ўтади. Бу спектаклларда режиссёр ҳар қандай саҳнавий таъсирчанликни рад этади, томошабинни кундалик ҳаёт, турмуш ташвишлари ҳақида ўйлашга ундайди. “Гурунг”даги Шоди “дала ҳовличи” мудом тараллабедод қилиб юради. Узоқ-узоқ қашиниб ва пишиллаб, “Зиёфат”даги ҳолдан тойган “милиция каттаси” Миршабнинг пайпоғини ечади. Одамлар ўтирадилар, гап сотишади, ичадилар, буларнинг охири эса “вой” бўлади. Худонинг бермиш кунидаги кўргиликлар жонга тегади, майда одамларнинг ошкора аблаҳликлари авж олади, беорлик ва сурбетлик олдидаги ожизлик уларни ҳаётдан бездириб юборади.

Томоша залида ўтирган одамни яхшироқ, инсофлироқ, виждонлироқ қила олишга режиссёрнинг кўзи етадими? Баҳодир Йўлдошев идеалист эмас, аммо, унинг ўзи айтишича, спектаклни битта одам учун ҳам қўйишга тайёр. Азбаройи таъсирланганидан кўз ёши тўкадиган, лекин ҳаммасини унутиб юборадиганлар учун эмас. Ким ўйланса, ким эсида сақлаб қолса ўшандайлар учун қўяди у. Томошабинлар қалбига ўрнашиб қолган “Дийдор” театр-студиясида шоира Зулфиянинг достони асосида “Хотирам синиқлари” спектакли каби. Режиссёр Б.Йўлдошев, рассом Седухин талқини ва Гулбаҳор Йўлдошеванинг самимий ижросидаги машҳур шоиранинг ўтмиш ҳақидаги ошкора таваллолари замонавий авлодлар учун ор-номус сабоғи бўлиб қолди.

Шунда ҳам қанчалик кўп ишлар қилганига қарамай, талай нарсалар орзулигича турибди. Талабалик пайтида Ҳамлетни ўйнаб, ўз фаолиятида Шекспирнинг “Ҳамлет”ини қўйишга уч марта жазм қилган эди, аммо биринчи репетициядаёқ ҳар гал бунга нимадир  тўғаноқ бўлаверганди. 70-йилларда спектаклни қўйишга муваффақ бўлмади, унда академик театрнинг дастлабки авлодлари фахрийларини тўпламоқчи бўлди. 80-йилларда университетда театр факультети очишнинг уддасидан чиқолмади, буни у ўзининг тажриба театри қилмоқчи эди.

Машҳур италиялик тенор Лючано Павороттини Мирзо Улуғбек юбилейига бағишланган томошада қўшиқ айтишга таклиф қилолмади. Баҳодир Йўлдошевнинг она шаҳри Каттақўрғоннинг (Самарқанд) йўлида антик намунада ўйланган очиқ осмон остидаги амфитеатрининг ноёб лойиҳаси чалалигича қолиб кетди…

Ҳозирги юксак технология шароитида “антик миқёслар”, миллий анъаналарни намоён этиш имкониятлари Мустақиллик куни ва “Наврўз” байрамларига бағишланган майдондаги театрлаштирилган томошаларда режиссёр томонидан синаб кўрилди. Мумтозликка айланган бу томошаларнинг намуналарини ҳам Б.Йўлдошев яратган. Унинг услуби, диди, замонавий театр­лаштирилган томошаларнинг энг мураккаб санъатини мукаммал жамлагани Мирзо Улуғбекка бағишланган тадбирда, Самарқанднинг қадимги майдонида ҳар икки йилда бир ўтадиган “Шарқ тароналари” анъанавий халқаро мусиқа фестивалида ёрқин намоён бўлди.

Қарийб ўн беш йилдан бери режиссёр Баҳодир Йўлдошев театр-мактаб студияси ташкил этиш ғояси билан яшамоқда. Бугунги кунда унинг раҳбарлиги остида вужудга келган “Дийдор” театр-студияси фақат Ўзбекистонда эмас, чет элларда ҳам томошалар намойиш этиб келмоқда. Унинг ўзи театр-студияни ёниб турган оловга ўхшатади: “Студия, бу – ҳар доим шамолда ёнган олов. Бу унинг қисмати. Шамол кучайса, олов ҳам кучаяди, шамол ўчса, олов ҳам ўчади”.

Шамолда ёнган олов – бу унинг ўзи ҳам. У шамолдан қўрқмайди, аксинча, шамолсиз яшолмайди, шамол қанча кучли бўлса, у шунча гуриллаб ёнади.

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 9-сон