Қадимги юнонларнинг худоси нeчта эди?

Бу саволга жавоб бериш жуда ҳам ўнғай: Зевс бошчилигидаги Олимп худолари ўн иккита бўлиб, улар қуйидагича жуфт-жуфт эди: Зевс — Гера, Посейдон — Деметра, Аполлон — Артемида, Арес — Афродита, Гермес — Афина, Гефест — Гестия. Бу худоларнинг бари кўплаб маросимлар воситасида йўқланар, энг асосий маросим — лектистерний — худоларни меҳмон қилишдан иборат эди.

Ўн икки худодан иборат давранинг юзага келиши қадимги одамларнинг юлдузлар ва ёритгичларни кўп йиллик кузатувларига асосланган бўлиб, йилнинг ўн икки ойга бўлинишида ўз аксини топди.

Асосий худолар йиғини Фидий (эрамиздан аввалги 438 йил) томонидан Парфеноннинг шарқий фризида акс эттирилган. Унда худолар Панафинея юришини ўтирган ҳолда томоша қилаётганлари тасвирланган.

Бироқ юнонлар, бу худолардан ташқари, кўплаб бошқа маъбудларга ҳам топинишган. Бу худолар масалан, Геката (сеҳр-жоду маъбудаси) култи жуда қадимдан етиб келган. Айрим худолар (Дионис, Вакх ва Пан) Юнонистоннинг муайян вилоятлари ҳомийси бўлган.

Юнонлар худолардан ташқари кўплаб шаҳарлар (нимфалар) ҳамда маҳаллий маъбудларга ҳам топинишган. Улар дарёлар, шаршаралар, алоҳида маконларнинг ҳомийлари ҳисобланган. Улар шарафига кўплаб маъбадлар барпо этилган ва қурбонликлар қилинган.

Эрамиздан аввалги 217 йилга келиб римликлар юнонлардан ўн икки худолар даврасини ўзлаштириб олишган, бу эса, хусусан, римликлар ҳамда юнонлар худолари ўртасида тўла мувофиқлик ўрнатилишига олиб келган. Зотан, римликлар худолари ҳам жуфтларга бўлинган. Булар: Юпитер — Юнона, Нептун — Амфитрита, Марс — Венера, Апполон — Диана, Вулкан — Веста, Меркурий — Минерва.

Айни чоғда римликлар бошқа айрим маъбудларни ҳам ўзлаштириб, уларга ўзларича ном бердилар. Масалан, Дионисга улар Бахус деб ном бердилар.

Ранг тасвирда ўн икки худо мавзуси Беллини, Рубенс, катта Брейгел, Тепололар томонидан ишланган. Уларнинг сиймоларидан Шиллер энг яхши шеърларидан бири — «Юнонистон худолари»ни ёзишда илҳом олган.