Сартрнинг ижодида адабий ижод ва санъатга катта ўрин ажратилган. У ўзининг «Адабиёт нима?» рисоласида замонавий жамиятдаги санъаткор мавқеи ҳақида фикр юритиб, «Нимани ёзиш керак?» деган саволни ўртага ташлайди. «Носир ёзади – бу аниқ, шоир ҳам ёзади, – дейди Сартр. – Бироқ бу икки хил ёзиш жараёнида умумий нарса-фақат ҳарф суратини чизаётган қўллар ҳаракати.
Бошқа жиҳатдан улар олами бир-бирига алоқасиз, бирига ярайдиган нарса иккинчисига ярамайди. Ўз табиатига кўра наср ўта амалий; мен носирни сўзлардан фойдаланадиган одам деб аташни жон деб истардим. Ёзувчи, бу — гапдон; у англатади, исботлайди, ишонтиради, ишора қилади… носир айнан ҳеч нарса гапирмаслик учун гапиради. Наср санъати нутқда намоён бўлади, унинг предмети, табиийки, маънолилик, яъни, сўз ибтидодаги объект эмас, балки объектнинг белгилари ҳисобланади». Шеърият эса бошқа гап. Сартр шоирларнинг сўз қўллаши ҳақида бундай дейди: «Шоирлар — сўздан фойдаланишни инкор этувчи одамлар… Шоирлар учун сўзлар — ерда ўт-ўлан ва дарахт сингари ўсадиган табиий нарсалар». Наср реаллик билан, шеърият — тасаввур билан боғлиқ.
Насрда ижод онгли ихтиёр, масъулият ва муаллифнинг ахлоқи билан шартланади, шеъриятда эса ижод — муаллифнинг англаб етмаган дунёси, англаб етмаган тажрибаси маҳсули: «Носир ўз суратини чизган бир пайтда, — дейди Сартр, — шеърият инсон ҳақида афсона яратади».Бадиий асарни ўқиш, тинглаш, кўриш, идрок этиш ва ижоднинг омухталиги(синтез)дан иборат. Бу омухталик субъект ва объект маъносини белгилаб, айни пайтда уларнинг олам билан муносабатини бойитади. Идрок этиш ва ижоднинг омухталигини Сартр қуйидагича муайянлаштиради: «Ҳар бир адабий асар — даъват. Ёзиш ўқувчини чорлаш… Ёзувчи шу тарзда ўқувчини эркинликка чақиради, чунки бу эркинлик ёзувчи асарининг яратилишида иштирок этади». Ижод жараёни асарнинг нотугал ва мавҳум тарзда яратилишидир. Шу боис, санъатни идрок этувчи томонидан ҳам ижодкорлик талаб этилади.Ёзувчи, ижодкор каби, умуман, ҳамма нарса ҳақида сўзлаши керак, шунингдек, субъектив ва объектив дунё ҳақида ҳам. Инсон ҳаётидаги ҳеч қандай муаммолар унинг учун қоронғу ёки бегона бўлиши мумкин эмас. Инсоният ҳамда инсон дунёсига тегишли ҳамма нарса ёзувчи ва ижодкорнинг ижодий қарашлари соҳасига тегишлидир.
Сартр сўзнинг куч-қудратини таъкидлар экан, сўз — фаолият билан тенг кучга эга деб ҳисоблайди. «Сўзламоқ — бу ҳаракат қилмоқликдир», — дейди адиб.
Бунда ёзувчи шуни айтмоқчики, адабий иш жуда муҳим ва ўта масъулиятлидир. Энг аввало у ёзувчининг масъулиятини назарда тутмоқда.
Ёзувчининг қалами — бу кучли қурол, унинг ёрдамида кўп нарсани ўзгартириш мумкин. Қўлига қалам олган ёзувчи ўзининг ёзган барча асарлари учун шахсий масъулиятни ҳис қилиши лозим, чунки унинг фаолияти одамларнинг ҳаёти, муаммолари, ҳаракатлари ҳамда қизиқишлари билан боғлиқ. Бироқ Сартрнинг айтишича, адабиёт ёзувчи каби китобхонга ҳам масъулият юклайди: ахир инсоннинг ҳаракати «бир пайтнинг ўзида ҳам омад, ҳам омадсизликдан иборат», яъни кўп ҳолларда асосан бир одам бошқа бир одамнинг ҳаракатига тобе бўлади; шу тарзда ёзувчининг асари китобхонга қарата ёзилади, ёзувчининг фаолияти китобхонга боғлиқ…
Бошқача қилиб айтганда, адабиёт — бу фаолият, у вазиятни кейинчалик уни ўзгартириш учун очади. Адабиёт ва санъат — мураккаб ҳодиса: «Бири учун қочоқлик, бошқа бириси учун эса — забт этиш воситаси». Адабиёт ва санъатнинг моҳиятини тушунмоқ учун ёзувчи ва санъаткорни ҳаракатга келтирувчи сабабларни юзага чиқармоқ лозим.
Асл санъат асари Сартрнинг фикрига кўра, ижодкор ва санъатни идрок этувчи кишининг ҳаракати билан юзага келади; ўзга одамлар учун яратилади, ўзга одамлар учун мавжуд бўлиш имконига эга. Ҳаракатга келтирувчи сабабларни юзага чиқармоқ лозим. «Бадиий санъатнинг асосий сабабларидан бири бу дунёга нисбатан ўзининг кераклигини ҳис қилиш талаби ҳисобланади». Бу ҳис инсонда тасодифан ҳамда сиртқи таъсир натижасида эмас, балки ички эҳтиёж натижасида вужудга келган. Аслида эса бу ерда жамиятнинг ўзи ҳамда унинг қизиқишларининг яширин кучлари ҳаракат қилади. Ёзувчи ва санъаткор эса ҳар доим ҳам уларнинг қизиқишлари ва генезисини тан олмайдилар. Кўпгина ҳолларда уларга туюлишича, бутун ижоди ўз ҳохиш-иродаси, субъективлиги, илҳомланиши, кайфияти ҳамда уларнинг ўз табиатининг ичидан келади. Сартр ижод учун ижтимоийлик муҳим аҳамиятга эга эканини тан олади.
Сартр санъат бошқа инсонлар учун мавжуд деб таъкидлайди. «Ижод, бор-йўғи асарнинг яратилиш жараёнидаги чала ва абстракт ҳолат; агарда муаллифнинг якка ўзи мавжуд бўлганида эди, у ўзи хоҳлаганича ёзган бўлар эди… Санъат фақатгина ўзгалар учун ҳамда ўзгалар шарофати билан мавжуддир». Санъат асари ўз асл тушунчасида, санъатни идрок қилувчи (китобхон, томошабин, тингловчи), ижодкор ҳамда инсоннинг ҳаракати туфайли яратилади. Мутолаа, тингламоқлик, бадиий асарларни кўздан кечириш идрок ва ижоднинг таҳлилидир. Ушбу таҳлил нафақат субъект ва объектнинг аҳамиятини белгилайди, балки бир вақтнинг ўзида уларнинг дунёга бўлган муносабатларини бойитади.
Мазкур таҳлил мақсад сари интилиш ва фаоллик характерига эга: у эркинликни яратувчи, шунингдек, санъатни идрок этувчи одамлар каби аниқ мақсадни кўзлайди. Шу сабабли Сартр, гўё объект эркин тасаввур ўйини ва кўринишдан иборат эканлигини таъкидловчи «сўнгги мақсад мақсадсиздир» деган кантча иборани танқид остига олади. Сартр идрок ва ижод борасидаги таҳлилини конкретлаштирар экан, шундай дейди, «ҳар қандай бадиий асар чақириқдир. Ёзмоқлик — бу китобхонни нимагадир даъват этмоқ… Шу тарзда ёзувчи китобхонни эркинликка даъват этади, чунки у (эркин) асарни яратишда қатнашади».
Аслини олганда, ижод ва идрок таҳлили чуқур диалектик характерга эга — санъатни идрок этувчи инсон ва ижодкор орасида мураккаб, чуқур ва ўта нозик ўзаро муносабатлар мавжуд. Ана шу мураккаб ва чуқур диалектикани Кант ҳисобга олмаган, деб таъкидлайди Сартр. «Кант формуласи ҳар бир сурат, ҳар бир ҳайкал, ҳар бир китобда янграйдиган чақириқни ҳисобга олмаган… Санъат асари бебаҳо деб ҳисобланади, чунки унинг ўзи чақириқдир».
Ижод санъатни идрок этадиган инсон томонидан ижодий ҳамкорлик талаб қилади. «Ўқимоқлик бу индуктсия, интерполятсия ва экстраполятсиядир, айнан шулар муаллифнинг ихтиёр эркинлигида жамланган… Лаззатли куч бизни биринчи саҳифадан, то охирги саҳифагача ушлаб туриб, бизга ҳамроҳ бўлади». Сартр ўқимоқликни ҳам ўзига хос китобхоннинг ижодий ҳамкорлик акти деб билади, у унга ўзининг эҳтирослари, ҳислари, хавотирларини, қисқаси ўз ижодий қобилиятларини беради.
Охир-оқибат ўқимоқлик, Сартрга кўра, ёзувчи ва китобхон ўртасидаги ўзига хос биринчи ўринда бажариладиган шартномадир.
Адабиёт ёзувчи билан китобхоннинг эркин ҳамкорлигисиз мавжуд эмас; табиийки, адабиётнинг функтсияси ушбу эркинликни ҳимоя қилиш ва тараққий эттиришдан иборатдир. Шундай экан, адабиётнинг тараққий этиш шарти эркинликнинг мақсади бўлиб қолади, яъни: «Инсон эркинлигини мақсад қилиб қўювчи — эркинлик».
Шуни таъкидлаш жоизки, Сартнинг эркинлик ҳақидаги қонуни аввало бошқа одамларнинг эркинлигига қаратилган. Зеро, «Ёзмоқлик — бу ёзиш билан бир вақтнинг ўзида дунёни очмоқ ҳамда уни китобхоннинг ҳимматига ҳавола этмоқдир…»
Сартр тушунчасидаги адабиёт ахлоқий ҳамда маънавий тамойилларга таянган ҳолда, бутун жамиятнинг маънавий ҳаётини ўзида мужассам этади.
Насиҳатлар гирдобида қотиб қолган расмий ахлоқдан фарқли ўлароқ, адабиёт ва санъат индивид ва жамият онгида доимо янгиланиб турадиган ахлоқни намоён қилади. Бундай адабиёт жамиятнинг олийҳимматлиги ёки олийжаноб ахлоқига шунингдек, субъектнинг эркинлигини ўзгалар эркинлигига айлантиришга хизмат қилади.
Албатта, сартрчилик тушунчасидаги наср билан шеърият орасидаги фарқни англай билиш керак. Агарда унинг тушунчасидаги наср эркинлик, даъват, масъулиятлилик сингари категориялар билан боғлиқ бўлса, унда шеъриятнинг онгланмаганлик, миф дунёси, афсонавий ва ҳақиқатдан йироқ, сирли метафизикага мойиллиги бор.
Агарда наср ҳақиқатга аралашишга ва унга таъсир ўтказишга интилса, шеърият ҳақиқатдан нари юради, бироқ унинг қизиқмаслиги охир-оқибатда қандайдир қизиқишни ва қадриятни келтириб чиқаради. Қадрият агар бевосита ҳақиқат ва гўзаллик билан боғлиқ бўлса ёки ўз-ўзига хуш келса, у ҳолда у эзгулик деб ҳисобланиши мумкин.
Шуни айтиш лозимки, ёзувчи ва шоир ўртсада фарқ бор: агар ёзувчи реал ва конкрет дунёда, эркинлик дунёсида яшаса, шоир аксинча, жамият ва реалликдан воз кечиб, нореалликдан келиб чиққан ҳолда, ўзининг индивидуал хаёлий дунёсини бутунлигича қоплаб олади. Ана шунда биз, наср ижтимоий ахлоқни, шеърият эса индивидуал ахлоқни ташкил этади, дея айтишимиз мумкин.
Сартрнинг фикрига кўра, ҳар қандай ёзувчи ёки ижодкор шу даражада «универсал»ки, у ўз асарларида нафақат ўзининг индивидуаллигини, балки энг аввало ўз шахсини, ўзи яшаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган жамиятни ифодалайди. Худди шу тарзда адабиёт ва санъат асарлари ҳам «универсал»дир — улар ўзининг туб моҳиятигача универсал бўлишга интилади. «Эркинлик» мезоний тушунчасига келсак, бунда санъат асари китобхон, мухлис ва тингловчининг эркинлигига «мурожаатнома» (чақириқ) бўлиб, ўзининг бош мақсади ва бош сюжетини олдиндан аниқлайди: бу — эркинликдир, ташаббускор эркинлик, мустақил ва ўзича шаклланган эркинлик.
Сартр ижодининг илк даврларидаёқ адабиёт муаммоларини бутун жамият ижтимоий муаммолари деб тушунган, зеро унинг учун санъат, тарих инсондан ажралмасдир. Бинобарин, адабиёт ва санъатни саволга тутиш — бу инсоннинг ўзини саволга тутиш демакдир. Ана шунинг учун ҳам адабиёт ва санъат Сартр учун алоқа йўлининг энг универсал шакли бўлиб қолди; адабиёт ва санъат асарлари эса нафақат ёзувчи ёки ижодкор томонидан яратилади, балки озми-кўпми ушбу асарларни идрок қилувчилар учун яратилади. Сартр сўз ёрдамида ўзи яшаётган жамиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди, шу билан бирга ўзини ва ўзгаларни қутқармоқчи бўлди. У хиралашган назарни ҳамда ўзиб кетишни эркинлик деб тушунди. Бироқ бир муддат вақт ўтгандан сўнг узоқ йиллар давомида у барпо этаётган бино худди қумдан ясалган уй каби сочилиб кетди, саробга айланди ва у ўз-ўзини алдаш билан шуғулланиб келганлигини англаб етди. Истеъдод ва тақдирни ўзгартириб бўлмас эди, фақат биргина йўл ҳаммасини яна қайтадан, бошқатдан бошламоқ керак: ёзиш, ёзиш ва яна ёзиш, ёзганда ҳам саробни реаллик, реалликни эса сароб деб қабул қилмаслик, инсоннинг ризқи насибаси ва тақдири на Илоҳга, на шайтонга боғлиқ эмаслиги, балки инсонга боғлиқ эканлиги ҳақида ўз-ўзига доимо ҳисобот бериб туриши — ёзишнинг асл мақсадидир. Инсон эса доимо инсонийлигича қолиши лозим.
Анвар Шеров,
“Маърифат” газетасидан олинди.
Сартр Жан Пол (1905-1980) франсуз адиби, файласуф, ёзувчи, танқидчи, драматург ва эссечи. Париждаги Олий мактабни битиргач, Гаврдаги литсейлардан бирида фалсафа фани ўқитувчиси сифатида ўз фаолиятини бошлайди. 1933-34 йилларда Берлинда яшаб, олмон фалсафаси билан яқиндан танишади. Унинг илк фалсафий асарлари «Тасаввур» (1936), «Ҳаяжонлар назариясига чизгилар» (1936) дир. Кейинчалик Сартр ўзининг фундаментал асари бўлмиш «Борлиқ ва йўқлик»ни ёзди. «Феноменологик онтология очерки»да (1943) экзистентсиячилик (лотинча эхсистентиа «мавжудлик» сўзидан олинган) ғояларини илгари сурди. Сартр «даҳрий экзистентсиячилик» ҳақида ўзининг машҳур «Экзистентсиячилик – инсонпарварлик дегани» асарини ёзади. Асарга файласуфнинг «Борлиқ ва йўқлик» рисоласида илгари сурилган фикрлар асос қилиб олинган эди. Ва ниҳоят Сартр ўзининг фундаментал асари ҳисобланмиш «Диалектик ақлнинг танқиди»ни (1960) ёзди.