Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши, тилимиз ушбу мақомни олмасидан бурунги ва олганидан кейинги ҳолати ҳақларида гапиришдан олдин ўша даврдаги ўзим учун шарафли бўлган айрим воқеаларни бир эсламоқчиман.
Советнинг охирги паллаларида, ошкоралик йилларида юртимизда бир неча яхши қонунлар қабул қилинган. Давлат билан халқ бир-бирига яқинлашиб, бирининг овозига иккинчиси қулоқ солиб, халқ ўртага қўйган масалаларни давлат ҳал қила бошлаган эди. Масалан, Орол денгизини сақлаб қолиш, табиатни асраш, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш… каби масалаларни халқ ўртага қўйган эди. Ҳали совет даврида, мустамлака таъсиридан чиқиб кетмаган бир пайтимизда. Тўғри, бунақа ҳаракатлар битта бизнинг мамлакатимизда юз бермаган, совет қўл остида ўн бешта республика бўлса, шулар ичида биздан эртароқ ва кучлироқ уйғонган Болтиқбўйи давлатлари бошлаб берган эди. Жумладан, “улуғ оға” тили зуғуми остида яшаган миллий тилларининг қаддини тиклаш ва қадрини юксалтириш бўйича Болтиқбўйи, Қофқоз ва ниҳоят Ўрта Осиё халқларида ҳам катта миллий уйғониш юз берди. Тил борасида ҳар бир халқ ўрис-совет камситишларидан безиб, узоқ йиллар давом этган хўрликлардан руҳан чўкиб юрганининг аламларини шу қисқа қайта қуриш замонида кўчага тўкиб солди… ва бирин-кетин республикаларда тил қонунлари қабул қилина бошлади. Мақтанишга ўхшаб кетса ҳам, тарих учун айтай: Тил қонунининг муқобил нусхасини яратиш бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан тузилган беш кишилик кичкинагина ишчи гуруҳга камина ҳам аъзо эдим. Унгача бир неча давлатнинг тил ҳақидаги қонунини ўрганиб чиққаним бу ишимда жуда асқотди. Бир улуғ инсон чой-пой қилиб бериб турди, иккинчи улуғ инсондан онда-сонда маслаҳатлар олиб турдик, матнни асосан уч киши ишладик. Шу учтадан биттаси мен бўлганимдан ва тилимизнинг қайғусига озми-кўпми ҳиссам қўшилганидан ҳалигача шараф туяман.
Яъни, ҳукумат ўз йўли билан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз йўли билан шу қонунни ишлашни бошлади. Кейин мана шу иккала нусха асосида ягона бир нусха қабул қилиниши мўлжалланган эди. Охирги ҳолатни яратишда биз тайёрлаган нусхадан нечоғли фойдаланилгани ҳозир аниқ эсимда йўғ-у, лекин қабул қилингани ҳам ўшанда анча демократик руҳдаги қонунлардан биттаси эди. Яъни, биз орзу қилган жуда кўп моддалар кирмай қолган бўлса ҳам, бундай олганда, айниқса, бугунги газ билан ўлчаганда, у қонун ёмон эмас эди, демоқчиман. Энг муҳими – совет даврида сиқув остида бўлган тилимизга эрк берилди, ҳуқуқ берилди, ҳурриятга чиқди ва… қонун қабул қилинган кун “Тил байрами” деб байрам қилинадиган даражага етдик. Ахир, ўзбек тили ҳам бир мустақил тил сифатида яшашга ҳақли дейишнинг ўзи илгари ўта миллатчилик деб баҳоланарди. Шу боис тилимиз ҳақида хос қонуннинг вужудга келиши жуда улкан ижобий ҳодиса бўлган.
Булар ҳаммаси ширин хотиралардир.
Сўнгра қаршимизда асосий масала – қонунни амалга киритиш, қўллаш, ҳаётга татбиқ қилиш масаласи турди ва ҳамон турибди. Бу борада ҳали кўп камчиликларимиз борлиги аён бўлиб қолди. Қонун қабул қилинган илк йиллари ўзбек тили ҳаётнинг ҳамма соҳаларига фаол кира бошлади. Атамашунослик қўмитаси ташкил бўлди, Ёзувчилар уюшмасида ҳар куни қизғин муҳокамалар кечарди, Фанлар Академиясида катта ишлар қилинди. Ёзувчи-шоирлар шахсий ташаббус билан асарларида, унутилган ва унуттирилган сўзларни ишлатиб, янги-янги ифодалар билан чиқа бошлашди. Хуллас, тилнинг қаддини тиклаш бўйича оммавий бир ҳаракат юзага келди. Юзага келди-ю… афсус, бу ташаббус, бу ғайрат менинг назаримда йил ўтган сайин сўниб, тил уйғониши тўлқини секин-аста орқага қайта бошлади. Мана, ҳозир ўша илк қонуннинг қабул қилинганига 22 йил бўлган бўлса, кундалик ҳаётда бу қонунга риоя тобора орқага кетяпти деб ўйлайман. Бу ҳол нималарда кўринади?
Тил мавҳум бир нарса эмас. Ўз ҳолича бор бўлмайди. Тил асосан одамларнинг оғзида ва сўнгра ёзувларда яшайди, оғиз ва ёзувларда ҳаётини давом эттиради. Агар миллат турли сабаблар билан айрим сўзларини унутаётган бўлса, аста-секин тилидан тушиб қолаверса, ўрнини “замонавий”ми, “маданий”ми ниқоблари остида бегона сўзлар эгаллайверса, бу тил олдинига қашшоқлашишга юз тутади, кейин, тарихда кузатилганидек, ўлишга қараб кетади. Тилларнинг ўлиш ҳодисаси бор нарса. Айрим тилларнинг номи бор, айрим сўзлари атама ўлароқ ё бошқа бирон кўринишда ўзга миллатлар тилида сақланиб қолган, лекин ҳозир у тилда гапирувчилар йўқ. Бир пайтлар у тилда гапирган халқ (мас., лотин) йўқолиб, бошқа миллатларга сингиб-едирилиб кетган. Бунақанги натижадан Оллоҳ қўрисин. Бошқа тиллар зуғуми остидаги кучсиз, кичик тилларнинг тақдирида ана шундай хавф доим туради. Шу боис бундай хавф остидаги тилнинг яшаб қолиш учун ҳаракати айниқса кучлироқ бўлиши керак. Озгина парвосиз бўлинса, тил ўз ҳолига ташлаб қўйилса, натижа аянчли бўлиш эҳтимоли бор.
Оллоҳга шукр, ўттиз милёнли катта миллатмиз. Катта мамлакатмиз. Бу тилда ёзилиб, ўтмишдан қолган ва ҳамон севиб ўқилаётган жуда улкан маданий-тарихий-адабий мерос эгаларимиз биз. Пойдеворимиз ҳам жуда чуқур ва кучли. Тилимиз йўқолиб кетмайди, иншааллоҳ, аммо бузилиб кетаётгани кўнгилларда хавотир уйғотади.
Танқид маъносида эмас, жонкуярлик маъносида айтадиган гапларим бор.
Биз ўзбекистонликмиз, мамлакатимизнинг оти “Ўзбекистон”, миллатимизнинг оти “ўзбек”, тилимизнинг оти “ўзбек тили”. Биз энди бирон-бир давлатга, мамлакатга қарам эмасмиз. Ҳуқуқи ўзида бўлган, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо ўлароқ қўшилган давлатмиз. Ҳар қандай мамлакатни бошқаларидан ажратиб турадиган унсурлардан биттаси – тил. Бизнинг ҳам шу тилимиз бор экан, ўзбек халқи, ўзбек адабиёти, ўзбек маданияти, ўзбек урф-одатлари ҳақида гап бўлиши мумкин. Демак, тил масаласи шунчаки гап орасида айтиб кетилаверадиган жўн, кичик, майда масала эмас, балки давлат аҳамиятига эга, улкан масаладир. Агар бу тил пала-партиш ва сурбетларча бостириб кириб келаётган ёт сўзлар ҳисобига айниб ё қашшоқлашиб кетаверса, Оллоҳ кўрсатмасин, болаларимизга нима қолдирамиз ва улар ўзларини қайси тил эгаси деб айтишади? Ҳолатга боқсангиз, кейинги пайтларда шу салбий ҳодиса кузатиляпти, одамларда тилимизга эътибор тобора пасайиб кетяпти.
Кундалик турмушимиздан оддий бир мисол: ҳаммамиз йўлда юрамиз, кўчанинг икки чеккасидаги шиорлар, ишхоналарнинг, дўконларнинг, ҳар хил фирмаларнинг номлари диққатимизни тортади. Тилни яхши кўрган, дунё тиллари оиласида ўзбек тилининг ҳам обрўйи баланд бўлишини хоҳлаган бир киши сифатида тилимизнинг кундалик муомаладаги ва кўчадаги ҳолатидан жуда қийналаман. Нега, дейман, тилимиз шу қадар қашшоқми ёки ўзимиз уни ерга уряпмизми, дейман. Ҳаммаси ажнабий сўзлар! Ажаб…
Нашриёт соҳасида ишлаганим учун мисолни шундан бошлай қолай. Битта хусусий босмахона очилса, қаранг, нима деб аталяпти: “Полиграф принт”, “Офсет принт”, “Юрида принт” ва ҳоказо… Нега энди “принт” бўлиши керак? “Принт” бор-йўғи босма дегани. Нега ўзимизнинг тилда, масалан, “Тошбосма” ёки “Нилуфар босмахонаси” деёлмаймиз? Шу даражада ёмон кўрамизми тилимизни?!
Дўконлар номи бирданига “маркет”, “супер маркет” бўлиб кетди. Нега энди “маркет”? Нимага “супер маркет”? “Супер” дегани қайсидир бир тилда “катта” дегани, менинг шўрлик тилимда нима айб бор, нега мен “катта дўкон” деёлмайман?! Таржима қилгандай “катта дўкон” дейишим ҳам шарт эмас, биронта ўзбекона от қўя олмайманми?!
Ақлим олмайди, ичим ачийди.
Бир хил сувни “Гидролайф”, бошқасини “Бонақва” деб аташди. “Гидро” сув бўлса, “лайф” ҳаёт деганидир, мундоқ айтганда, “Ҳаёт суви” демак. Бунинг нимаси ёмон? “Бонақва” нима дегани? Таржимаси – булоқ суви. Ишлаб чиқарувчилар маҳсулотига “Булоқ суви” ё “Ҳаёт суви” деб от қўймайдиган, шундай от қўйган тақдирда эса, сувсаганлар уни сотиб олмайдиган ҳолга келди миллат.
Катталарга қулоқ солинг: бугун боласига, шапкангни ол, деяпти, телпагингни ёки қалпоғингни ол, демаяпти. Бола бошидаги нарса дўппими, тумоқми, қалпоқми ё телпакми эканини билмай ўсяпти…
Яна менинг энг ғашим келадиган ҳодисалардан биттаси – “секурити”, “модератор” деган олифта сўзлар чиқди. Беш-олти йиллардан бери илм ўчоқларидами, ишхоналардами, шифохоналарда ё бозорлардами эшик ёнида турадиган одамларнинг махсус кийими орқасига чет тилида “секурити” деб ёзиб қўйиладиган бўлди. “Қоровул” сўзининг нима гуноҳи бор, дейман. Нимаси хунук? Ҳеч ҳам хунук эмас. “Қоровул” ниҳоятда ўзбекона-турконалиги билан жуда чиройли сўз. Шундай чиройли сўз турганида нега мен “секурити” дейишим керак? Бизнинг шу маънони берадиган ўз сўзимиз йўқ бўлсайкан, тилимизга кирса. Сўзимиз бор ва биз бу касбни ўрни билан “қоровул”, ўрни билан “қўриқчи” деймиз. Шу пайтларгача тилимизда “мажлисни олиб борувчи” ёки “мажлисга раислик қилувчи” бўларди, энди бирданига улар “модератор”га айланди! Мажлис танаффусларида мезбон ўзбекона “бир пиёла чой” ташкил этарди, энди чой қолоқлик белгиси бўлиб кўриндими, у “кофе брейк” бўлиб қолди!
Энг афсусланарлиси – тоза ўзбекча сўзларимизни бугун тилимиздан биронта бегона миллат мажбуран сиқиб чиқармаяпти, ўзимизнинг ихтиёримиз билан ўзимиз қиляпмиз бу ишни. Мисоллар ҳаётда тиқилиб ётибди, бу ерда ҳаммасини келтиришимга ҳожат бўлмаса керак. Ҳар ким бир кунини шу ишга ажратиб кўчага чиқсин, икки тараф турли-туман ёзувларга тўлиб кетган, шуларнинг ичида ўзбекчаси қанча учрайди – бир санаб кўрсин…
Яна битта босқинчи сўз “эвакуация”дир. Илгарилари у ер-бу ерда қулоққа чалиниб турарди, яқинлардан бери тилимизга муқим ўрнашиб ҳам олди шекилли: телевизор, радиолар тинимсиз айта, матбуот ҳеч иккиланмай ёза бошлади. Бу сўз кўчиш ё кўчириш ҳодисасининг ажнабийча отидир. Уруш, табиий офатлар чоғи кўчирилган аҳоли ҳақида хабар бераркан, радио-телевидение Худонинг берган куни “эвакуация қилинди” деб гапиравериб, халқнинг онгига сингдиряпти бу ёт сўзни. Мен ҳатто телевиденияда нуфузли лавозимда ишлайдиган зиёли, адабиётчи одамга: бу қанақанги гап, тилнинг дарвозаси қолмади-ку, шунинг ўрнига “аҳоли тинч жойларга кўчирилди” дейилса, халқимиз тушунмай қоладими, десам, ўйлаб ҳам ўтирмай: «Биласизми, “эвакуация” сўзида уюшқоқлик, ташкиллаштириш маънолари бор, “кўчирилди” сўзида бу нарса йўқ», деди. Бегона сўзларга ўзимиз юклаб қўйган йўқ “маънолар”нинг қули бўлиб ўтирибмиз… Бугун Алишер Навоий туйқус тирилиб келсалар, нима бўларди! Тилимизда нарса ва ҳодисаларнинг нозик-нозик бошқачаликларигача ҳам ифодалай оладиган куч ва имконият борлигини исботлаб берган Навоий бобомиз бизнинг бу тушкун тушунтиришларимизни эшитиб туриб, неваралари тилининг ҳолига фарёд чекиб юбормасми эдилар?! Ахир, “кўчмоқ” феълидан ясалган “кўчирилди” шаклининг ўзида уюшқоқлик, уюшиб қилинган ҳаракат маъноси бор. Ҳамма тирақайлаб қочиб кетди, дейилмаяпти, кўчирилди, дейиляпти. Бу сўзда кўчишни кимлардир ташкиллаштираётгани ҳам сезилиб турибди. Тилимизга эътиборсизмиз, десам, жуда юмшоқ айтган бўламан, бизда тилимизга очиқдан-очиқ ишончсизлик, тушкунлик кайфияти бор. Жудаям хавфли ва ёмон ҳол бу. Юртнинг ишонган бир зиёлиси шундай деб турса, кўчадаги қурувчидан ё бозорчидан хафа бўлмаса ҳам бўлади. Ахир, ҳеч бўлмаганда миллатнинг ойдин кишилари, айниқса ёзувчи-шоирлар тилнинг қоровуллари бўлиши лозим эмасми?!
Ҳатто тилларни ўрислаштириш сиёсати юритилган совет даврида тилимиз ўзига хослигини ва бойлигини сақлаб қолишга тиш-тирноғи билан тиришган эди. Бунинг сабабларидан биттаси – миллат тақдирига куюнчак адибларимиз, шоиру ёзувчиларимиз ижобий маънодаги қайсарлик билан тилимизнинг ранго-рангликларини, бойликларини кўрсатиб ёзаверишди. Мафкураси қандай бўлишидан қатъи назар, тилни асраб қолиш ҳаракатида адабиётчилар орасида қандайдир бир фикрдошлик, уюшқоқлик бор эди. Асарларида хилма-хил сўз ва ибораларни қўллаб, иложи борича чеккадан сўз киритмай, кирганини ҳам жуда кам ишлатиб, тилимизнинг тозалигини асраб қолишга хизмат қилишди. Бугун мустақилликка эришдик, дунё билан тўғридан-тўғри алоқаларга киришдик, мамлакат дарвозалари дунёга кенг очилди – булар бари яхши, аммо тилимизнинг дарвозаси бу қадар очилиб кетиши яхшиликка олиб бормайди.
Кишида бирор касалликка чидам қобилияти камайса ё йўқолса, танаси ўша касалликка чалинувчан бўлиб, унга қарши курашолмай қолади. Тил ҳам худди шундай: ўзини сақлаш қобилиятини йўқотса, чеккадан бостириб кирган ҳар қандай ахлатни қабул қилиб олаверади. Тилга муносабатда тушкун кайфият шунинг учун ҳам хавфлидир, бундай ҳолатдан қанча тез қутулсак, шунча яхши. Оллоҳга шукр, тилимизда ўзини сақлаш қобилияти йўқ бўлиб кетмаган, фақат бир оз унутилган, ишга солинмаяпти, лекин бор. Тилимиз нарса ва ҳодисаларга қийналмай от қўя олади, ҳар қандай фикрни, туйғуни ифодалашга ҳам қурби етади. Гап ўзимизда қолган. Бу қобилиятни ишга солиб, тил сандиқларимизни титкилашга ва ота-боболаримиздан қолган туркона сўзларимизни излаб топишга озгина ҳафсала керак, холос. Ўзимиз ялқовмиз. Сўзлаётганимизда ё ёзаётганимизда, айтмоқчи бўлган фикрларимизни ўзимизнинг тилимизда ҳам жаранглатиб ифодаласа бўладими-йўқми деб ўйлаб кўришга-да эринамиз ва тилимизнинг маҳрам ҳовлисига суриштирмай-нетмай четдан номаҳрам ажнабийча сўзларни осонгина киритиб юбораверамиз. Натижа нима бўлди: бугун бир қурувчи уста сувоқни “штукатурка”, шайинни “уровень”, часпакни “плинтус”, шипни “потолок” в.ҳ. дейдиган даражага етди; спорт шарҳловчиси ҳакамни “рефери”, биринчилик учун ўйинларни “чемпионат” (анчадан бери қўлланаверганига “чемпионат” сўзи ҳам ўзбекчалашиб кетган туюлди шекилди, уни ташлаб, яқинлардан бери “мундиял”, “плей-офф”га ўтиб олишди), ўнбирметрлик жаримани “пенальти”, ўйиндан ташқари ҳолатни “оффсайт”, қолоқни “аутсайдер” в.ҳ. демоқда; қассоб сон гўштини “ляшка”, данданани “пирзола” в.ҳ. дея бошлади; косиб терини “кожа” деса, сотувчи иштонни “шортик” деяпти; кечагача йиғилиш бошқарувчиси (раиси) бўлган одамлар бугун бир юмалаб “спикер”, боғлар “парк”, шиппаклар “тапочка” бўлиб қолди; адабиётшунос олим “илми”ни рангли кўрсатиш учунми, икки гапнинг бирида “эстетик-эмоционал пафос” деб ёзиб, тилшунос эса, тилини қуруқ бўлиб қолмасин деган қайғуда “лингвистик анализ” деб ёзиб энсаларни қотиради… Бунақа мисоллардан минглабини келтирса бўлади.
Ихтиёрсиз, қўлингиз ёқангизга боради. Ё тавба, худди бу бегона сўзларда қанақадир бошқача маъно, бошқача гўзаллик бордай ёпишамиз уларга! Ҳеч қанақа қўшимча маъно ё сир ё чирой йўқ бу сўзларда, одамларимиз у сўзлар қаршисида жодуланиб қолганга ўхшайди. Ўзимизнинг тилга ишончсизлик туғилгани шундан. Демак, умумий аҳволимиз яхши эмас. Кўчада, хонадонларда, бозорларда, синфларда миллат тилга қайғурмай, сақланиш қобилиятини ишлатмай қўйди ҳисоб. Агар оммада бу қайғу бўлганида, тилини қизғанарди, четдан кирадиган сўзларга энг биринчи галда ўзи тўсиқ қўярди, тилининг тақдирини асло ўз ҳолига ташлаб қўймасди. Ахир биз унча-мунча эмас, нуфуси ўттиз миллионга етиб қолган катта халқмиз ва ўзбек тили шу катта халқнинг тили. Тилимизга қайғурсак, тозалигини, қадрини ва юксалишини ўйласак, миллий шаънимизни, ғуруримизни ўйлаган бўламиз. Агар тилнинг, адабиётнинг қоровули ё эгаси қолмаса, маънавиятимиз ўзагидан ажраб қолиши ҳеч гап эмас, Оллоҳ асрасин.
Хўш, тилни тоза сақлаб, обрўйини кўтариш учун нима ёки нималар қилиш керак?
Бу масалада “биринчидан”, “иккинчидан”, “учинчидан”, “тўртинчидан”… деб анча чора-тадбирни айтса бўлади. Лекин энг муҳими – тил давлатчилик асосларидан бири эканини ҳисобга олиб, тилимизнинг бугунги аҳволида, ҳозирги шароитда энг биринчи галда давлат бу соҳада ўз сўзини айтиши, ўз ҳимоясига олиши керак, деб ўйлайман. Зотан, махсус қонун билан тилимиз бундай ҳимояга олинган ҳам. Энди унинг тозалигини сақлаш борасида-да ташаббусни давлат қўлга олиши, таъсирчан чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Масалан, четдан товарларни юртимизга роса текшириб киритамиз, тўғрими? Бунинг учун махсус божхоналаримиз бор. Қонунимизга қараймиз, шу товар мамлакатимизга кирса бўладими ёки тақиқланганми? Тақиқланган бўлса, чегаранинг ўзидаёқ ушлаб қолиб, киритмаймиз. Устига устак, қонунда тақиқланган товарни киритмоқчи бўлганларга қарши жазо чораларини қўллаймиз: молини мусодара қиламиз, эгасига жарима соламиз ва ҳоказо. Нега тилимизнинг божхонаси бўлмаслиги керак? Тил қонунимизга тегишли моддаларни битайлик-да, чеккадан киришга уринаётган ҳар бир сўзни тил божхонасидан ўтказдирайлик. Буни фақат давлат қила олади. Кираётгани ҳам марҳамат қилиб божини тўлаб қўйсин, ўзининг мақомини билсин, мезбон тилни ҳурмат қилсин, ана ундан кейин кирсин. Қолганлари чегараданоқ ватанига қайтиб кетаверсин.
Бу тажриба бошқа давлатларда бор. Бир пайтлар ўқиган эдим: масалан, Франсанинг тил қонунида оммавий ахборот воситаларида бўладими, илмий, бадиий асарларда ёки атамаларда бўладими, четдан кирадиган сўзларга беш фоиз (5%)лик чегара қатъий қилиб қўйилган. Шундан ортиб кетса, айбли киши жарима тўлайди. Муҳими – ҳар бир фаранг энг олдин жаримагача бормасликка, ўз тилини асрашга ҳаракат қилади, ҳурмат қилишга ўрганади.
Янги замон, янгича шароитлар тил соҳасида ҳам деярли ҳар куни янги-янги масалаларни ўртага қўйяпти. Мана, куни кечагина жой номларини тартибга солишга қаратилган махсус қонун қабул қилинди. Жуда керакли ва вақтида чиқарилган қонун. Менга ёқди. Бунинг ижроси эса албатта ва бевосита тил билан бўлади. Демак, янгича вазиятлардан ҳамда йигирма йиллик тажрибалардан чиқиб келиб, бугун балки тил ҳақидаги қонунни тубдан янгилашимиз, янада такомиллаштиришимиз лозимдир. Бу қонунда жой номларини, атамаларни, четдан кираётган сўзларни ёзувда қандай ифодалаш йўл-йўриқлари, умуман, чеккадан сўз қабул қилиш тартиблари майда-чуйда нуқталаригача ҳисобга олиниши, мустаҳкам чегаралар қўйилиши керак. Бунинг устига, кейинги йилларда ҳаёт имло қоидаларига ҳам жиддий ўзгартишлар киритишни тақозо этяпти. Тил борасидаги ҳар бир ишимизни мана шу қонун ва қоидаларга таянган ҳолда олиб борсак, натижа ҳам шунга яраша унумли бўларди.
Айрим олимларимизда, четдан сўз қўшилса тилимиз бойийди-ку, кирса нима қипти, деган хато тушунча бор. Бир тилда бор сўз устига кираётган ёт сўз ҳеч қачон тилни бойитмайди, аксинча, суриб чиқариши билан босқинчилик қилган бўлади ва мезбон тилни қашшоқлаштиради. Мустамлака шароитида тилга тегишли қонун-қоидаларнинг моҳиятида қарам тилларни иложи борича ўрислаштириш сиёсати ётарди. Унга кўра, масалан, ўрис тилидан ва ўрис тили орқали оврупа тилларидан кирган сўзлар тилни бойитади деб ўқитишарди ва, бошқа бир қоидага кўра, четдан кирган сўзлар ўзининг халқида қандай талаффуз этилса, ўзбек тилида ҳам айнан ўшандай айтилиши талаб қилинарди. Ҳалигача шу ёлғон ва хавфли “илм” таъсиридан қутулиб кетолганимиз йўқ. Аслида эса, биринчидан, тиллар ички имкониятлар ҳисобига бойийди, чеккадан сўзлар чорасизликдан киради ва кирганлари ҳаммасиям тилни бойитавермайди. Иккинчидан, агар четдан бирон-бир сўзни киритишга мажбур бўлиб қолинса, мезбон тил у сўзни ўзининг талаффуз қоидасига мослаб, яъни, ўзлаштириб, “ўзбекчалаштириб” қабул қилади. Масалан, бир пайтлар кирган “подряд” сўзи “пудрат” деб қабул қилинганидек.
Давлат худди мана шу жараённи назоратига олиб, бошқариб туриши керак. Бу иш ниҳоятда долзарблигидан ҳозирги паллада тил билан шуғулланадиган махсус вазирлик ташкил қилса ҳам арзийди ҳатто. Майли, бу вазирлик доимий ишламасин, тошган сувга ўзан очиб берсангиз кейин ўзи малолсиз оқиб кетаверганидек, тилимиз ҳам бир миқдор тартибга солиб олингунича ишласин. Бир авлоднинг суягини қотириб олайлик, ундан кейин балки тил вазирлигига эҳтиёж қолмас. Оммавий ахборот воситаларида тилни асраш, ҳолатини яхшилаш бўйича тинимсиз тарғибот-ташвиқот ишлари юритилиб, ҳар хил тил ўйинлари ташкил этиб, тил қайғусини халқ ҳаракатига айлантириб юборса бўлади. Шунда, Оллоҳ хоҳласа, беш-олти йил ичида тилимиз анча-мунча тозаланиб оларди.
Ўтган аср саксонинчи йилларида “Ёшлик” журнали таҳририятида ишлаб юрган кезларим махсус “Тил сандиғи” деган рукн очиб, оғизларимизда ва ёзувларимизда тобора кам ишлатилаётган, кундалик муомаладан аста-секин чиқиб кетаётган (совет даврида “архаик” – “эскирган” деган тамға билан атай сиқиб чиқарилаётган), лекин халқ тилида шевалар кўринишида яшаб турган нодир сўзларни тўплашни орзу қилган эдим. Халқ қўллади, хатлар ёғилиб кетди, тил ҳаракати юзага келди гўё, натижада теша тегмаган юзлаб сўзларни топдик. Афсус, ниятимни охиригача амалга ошира олмасдан мен у ердан ишдан кетиб қолдим, лекин тилимизнинг бойлиги ва бойиш манбаларини кўрсатиб қўйганимиз у даврлар учун катта ижобий ҳодиса бўлди. Ҳарҳолда халқимиз тилида ҳамма нарсага мустақил от қўя билиш, ҳамма ҳодисани ўзбекона ифодалай олиш қобилияти борлиги очиқ билинди ва билдирилди.
Тил халқнинг оғзида яшашини, одамлар бир сўзни айтмай қўйса, у тил олдинига камбағаллашишини, бора-бора ўлишини суҳбатимизнинг бошида айтдик. Чиндан ҳам, бирор нарса ё ҳодисага мустақил от қўя олмаган тил ожиз ва нотавондир. Оллоҳга шукр, ўзбек тилимиз ҳозир ҳам жуда унақа ожиз, нотавон бўлиб қолгани йўқ. Унга илгариги қудрати, қобилияти эслатилса, бир силкиниб, тезда ўзини ўнглаб олишига ишончим комил. Мана, бир мисол: беш-олти йил бурун бир жияним жуда майда, оқиш бир хашоратни “кепакчивин” деб атади. Олдин кепакчивин ҳақида эшитмаган эдим. Айтишича, бу хашорат ғўзаларга боғлиқ бир сабаб билан қишлоқларимизда кейинги замонларда пайдо бўлибди. Ўзи кепак заррасидай кичкина, кўзга элас-элас кўринади, товуши ҳам йўқ, лекин чақиши чивинникидан баттар. Шу нарсага ҳамқишлоқларим “кепакчивин” деб от қўйишибди. Қойил! Ҳали тилимизда от қўйиш қобилияти сўнмабди, демак, тилимиз ўлмайди. Кўнгилларимизни яйратиб, ақлларимизни шошириб то қиёматгача яшайди.