Хуршид Дўстмуҳаммад. Ҳаракатдан тўхтаган жараён қиссаси

Ёхуд қалб ва шуурнинг олис кенгликлари сафарига элтувчи асар

“Афтидан, кимдир Йозеф К.га туҳмат қилган чоғи, ахир у ҳеч кимга ёмонлик қилмаган, бирон-бир ножўя иш ҳам содир этмаганди, — шунга қарамай уни ҳибсга олишди”.
Кимдир ҳибсга олиндими, демак, ҳадемай суд жараёни бошланади. Суд жараёни асносида, одатда, қандайдир ҳақиқатларга ойдинлик киритилади. Асарнинг номланиши ўқувчини биринчи навбатда шундай хаёлга ундайди. У ўзини суд жараёни ҳақидаги тафсилотларни ўқишга чоғлайди. Бироқ…
Йозеф К.нинг ҳибсга олиниши ҳақидаги хабар билан бошланган “Жараён” биринчи марта 1925 йили нашр этилган бўлса-да, айрим маълумотларга кўра у 1914-1915 йилда, бошқа маълумотларга қараганда эса 1918-1919 йилда ёзилган. Ҳар қалай, Франц Кафка “Жараён”ни ёзганида 30-35 ёш орасида бўлган. Шу ёшдаги одам ҳаётнинг бу қадар мураккаб синоатларини қандай қилиб бу қадар чуқур идрок эта олди, қандай қилиб уни бир роман қаҳрамони тимсолида мужассам қила олди экан, деган савол ҳали-ҳануз дунёдаги кўплаб адибларни, мутахассисларни, адабиёт ихлосмандларини қизиқтириб келади, ўйга толдиради. Баҳсга чорлайди. Мунозараларга ундайди.
Тугал ечим, тугал хулоса эса топилмайди.
Бордию, топилганида, бордию, роман бир ўқишда кўнгилга, шуурга тўласича жо бўлиб қўя қолганида, уни иккинчи, бешинчи… еттинчи марта ўқиш ҳожати қолмаганида “Жараён” деган ном Ф.Кафка деган исмга қўшилиб аллақачон унутилиб кетган бўлур эди.
“Жараён” бир ўтиришда, бир кечада ўқиладиган роман эмас. Уни ўқиш хийла қийин. Бир боб ўқиб, орқага қайтишингиз, хаёл қочиб, ўқиётган тафсилотларингизни тушунмай қолишингиз, гап нима ҳақда бораётганини илғашга қийналиб, калаванинг учини йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Жумла тузилиши, гап қурилмаси, фикрни ифода этиш услуби эзмаликка, ҳатто мижғовроққа мойил. Бошқача, ўзгача, ғалати.
“Ўзгача”, “ғалати” сифатлари “Жараён”нинггина эмас, адибнинг бутун ижодига энг ихчам ва лўнда таъриф дейиш мумкин. (Адибнинг кундаликларида “Ёзганларим ҳам ғалати” деган жумла келади.) Ғайритабиий ҳолат, ғайритабиий тасвир, ғайритабиий одамлар образи. Чунки адибнинг, адиб шахсининг, Франц Кафка деган инсон зуваласининг ўзи ғайритабиий. Шуларнинг маҳсули ўлароқ, ёзувчининг бадиий тафаккури ғоятда ғайритабиий эканлигидан сира ажабланмаса ҳам бўлади.
Романнинг бошламасига эътибор бердингизми? Ҳеч бир кимсага ёмонлик қилмаган, ҳеч бир ножўя ишга қўл урмаган Йозеф К.ни нима сабабдан ҳибсга олишди? Шунинг ўзи ғалатиликнинг бошланиши эмасми?
Шу ғалатилик ўқувчини мафтун этади, у мазкур савол жавобини топаман деган хаёлда ўқийверади, ўқийверади. Жавобдан эса дарак йўқ. Устига-устак, саҳифа ошгани сайин саволларнинг сони ортаверади.
“Жараён” — савол, “Қалъа” — савол, “Америка” — савол, бири биридан ноёб новеллалар, Ф.Кафканинг ўзи, унинг ижоди яхлит бир савол. Ҳар бир давр, ҳар бир ижтимоий ҳолат, ҳар бир тафаккур тарбиясида тарбия топган авлод китобхонлар ўзича, ўзгача жавоб топадиган, лекин сира тугал тўхтамга кела олмайдиган саволлар уюри.
Бутун қир-адирни тўлдириб шитоб билан елдек бораётган уюрни кўз олдингизга келтиринг — Кафка асарларида қалашиб келадиган саволлар худди ўша уюр янглиғ сизни ўзи билан олиб қочади…
Роман мутолаасига киришган китобхон ҳадемай бошланажак жараёнга руҳан ҳозирлик кўради. Ҳозирча муқаддима. Қаҳрамон ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатида юрибди. Бу — табиий ҳол. Фақат… фақат Йозеф К.нинг дам меҳмонхона бекаси фрау Грубахга, дам фройляйн Бюстнерга, дам фройляйн Монтагга йўлиқиб ўзининг ҳибсга олинганлиги ҳақида гап қўзғашлари, нималарнидир сўраб-суриштиришлари, алланималарни уларга уқдиришга уринишлари ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлган одамнинг безовталикларига ўхшамайди.
Жараён бошланишидан эса ҳамон дарак йўқ. Сабаб?..
Кафканинг асарлари ҳужайра-ҳужайрасигача саволлардан тўқилган, дедик. Аввало, қалашиб келадиган катта-кичик саволларнинг ҳаммасини батафсил илғаш қийин, қолаверса, ўзингиз илғаган, тушуниб етган саволларга жавоб топиш, улар ҳақида мулоҳаза юритиш китобхондан етарли даражада билим, малака ва жасорат талаб қилади. Зеро, ҳаётда одам ўзи у ёки бу даражада билиб-англаб юрган ҳақиқатлари юзасидан ҳам очиқ-ойдин мушоҳада юритишдан, тайинли хулоса чиқаришдан ўзини тийиб юради, кўпинча. Бунга юраги бетламайди. Кафканинг қаҳрамонлари эса ўзини тиймайди, улар ҳар қандай аччиқ ҳақиқатлар ҳақида юрак ютиб мулоҳаза юритаверади. Энг изтиробли, энг қалтис ҳолатларга мардонавор кириб бораверади ва, муҳими, ҳеч бир жойда кўз ёши қилиб ўтирмайди. Дарвоқе, Кафканинг қаҳрамонлари ўта совуққон, улар ҳеч бир жойда йиғлоқилик қилмайди, улар китобхонни бўлар-бўлмас кўз ёш тўкишга “мажбурламайди”.

Ф.Кафканинг асарлари фақат саволлардан иборат десак янглишамиз. Саволлар адиб асарларининг алоҳида бир маъно қатламини ташкил этади, холос. Бу маъно қатламидан кейин жавоб ва ҳукм қатламлари ҳам келади. Савол-жавоб-ҳукм ва яна савол қоришиб кетади.
Романнинг биринчи гапини ўқидик. Ҳеч бир ножўя иш қилмаган одамнинг ҳибсга олиниши ғалати туюлди, шунақа ҳам бўлар эканми, деб кўнгилда савол туғилди ҳам. Саволнинг бир “чеккаси”дан “мўралаб” турган жавоб — ҳукм ҳам мавжуд. Яъни, ҳа, ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз, одам ҳеч нарсадан ҳеч нарса қамоққа олиниши ҳам мумкин!
Зиёли инсон борки, бирор янгиликдан хабар топса индамай қўя қолмайди. Нега, нима учун, нима сабабдан, деб суриштиришга киришади. Шу боис у Йозеф К.нинг ҳибсга олинишини тушунолмайди. “Ия, — дейди у ажабланганини яширмай, — бу юртда қонун-қоида, тартиб-интизом борми, ўзи?” деб баралла сўрайди. Шундай деб турганида биринчи бобнинг ўзидаёқ саволига аниқ-лўнда жавоб ҳам келади: “Ахир у (Йозеф К. — Х.Д.) ҳамманинг ҳуқуқлари кафолатланган, осойишталик ҳукмрон давлатда яшаяпти-ку, бунда қонунлар бузилмаслиги даркор эмасми?” Афсуски, воқеалар оқими хатарли тус олади. Мирғазаб назоратчилар ҳе йўқ-бе йўқ Йозефни беармон калтаклайдилар. Қаҳрамонимиз жиддийроқ ҳаракатга тушади. Анчадан буён кўришмай кетган амакиси унинг жонига ора киришга тутинади. Ахир у Йозефнинг устида ўлиб қолишга шай, бунинг устига у ўзини Йозефнинг валинеъмати деб билади. Пиравордида амаки жиянини мактабдош дўсти бўлмиш бообрў адвокат Гульднинг ҳузурига етаклаб боради.
Гульд кўпни кўрган, суд маҳкамасидаги казо-казолар орасида таниш-билишлари сероб. Шу ўринда ўзбек китобхонининг кўнгли бирдан хотиржам тортади, чунки шунча таниш-билиши бўлган адвокат ишни босди-босди қилиб юборишига дарҳол ишонади. Демак, жараён бошланмай тугайди, ношуд Йозеф К. бошига тушган кулфатдан халос бўлади-қўяди. Бироқ “Оқловчи.Фабрикачи. Рассом” деб номланган бобда адвокатга боғланган умидлар шу қадар рўёга айланадики, асти қўяверасиз. Ушбу бобдаги адвокатура хизмати, адвокатлар номаи-аъмоли ҳақидаги ҳикояни романнинг энг гўзал саҳифалари дейиш мумкин. Шу ўринда адибга хос аччиқ киноя, пичинг-писанда авж пардага кўтарилади.
Адвокатлар идораси (таржимон адвокатни “оқловчи” деб ўзбекчалаштирган, назаримда адвокат сўзини таржима қилишга ҳожат йўқ эди. Умуман, роман таржимаси махсус тадқиқ-таҳлил этишга арзийди. — Х.Д.) бир ҳолатда, бу идора соҳибларининг суд жараёнларида кўрсатадиган кароматлари ҳам шундан афзал эмас аслида, лекин улар ўзларини соҳибкаромат одамлар деб кўз-кўз қиладилар. Йозеф К. адвокатлар дунёси билан ичдан таниша боргани сайин бу тоифа кимсалардан у дунё-бу дунё ёруғлик чиқмаслигини ёрқинроқ англай боради, шу ерда дуч келган фабрикант, сўнг рассом йигит унинг кўзини мошдай очишади. “Қонунда… айбсиз киши оқланади, деб ёзиб қўйилгани билан, — дейди рассом. — Бироқ мен ўз тажрибамдан шуни яхши биламанки, ҳаммасининг тескарисини қилишади”.
Йозеф К. хаёлга берилиб, суд девонхонасининг бурнига келиб қолганидан хавфсирамайди, уни бошқа нарса — “суд ишларидаги жаҳолат — нодонлик даҳшатга солар эди”. Рассом йигитнинг, “Менимча, бу ёруғ оламда бирорта ҳам одам ўз таъсир кучи билан мутлақ оқланишга эриша олмаса керак” деган гапи Йозефни ўйлантириб қўяди. У кўп иккиланади, ҳардамхаёл бўлади. Ўзининг аҳволидан тегишли хулоса ясайди: “Иккиланиб турган одам ҳеч қачон адолатли ҳукм чиқариши мумкин эмас”.
Лекин у нима қилсин?
Қаҳрамонимиз шу саволга жавоб тополмайди. Дам “Гўё у бу ёруғ оламда ёлғиз ўзи қолгандай…” бўлса, дам “омон қолиш учун фақатгина курашиш керак” деган қарорга келади.
Курашиш учун эса… жараёндан дарак йўқ. Жараён бошланадими-йўқми, ўзи? (Ахир муаллиф романни “Жараён” деб атаган-ку, қани, ўша жараён?!)
Йозеф К. лоақал ўзининг вазиятини англаб етолмай хуноб: қаерда, қандай макон, қандай муҳитда, оёғини қаерга қўйиб турибди у? Шуларни билиш, ҳис этиб туриш ҳар бир инсон учун муҳим эмасми?!
У шулар хусусида бош қотираётиб бошқа жиддийроқ муаммога дуч келади: у-ку, битта одам, холос. Жамият-чи, жамиятнинг ўрни, қиёфаси, шакл-шамойили аниқми? Фуқаро вазиятининг аниқлиги жамият вазиятининг аниқлигидан бошланмайдими?..
Шу тариқа Йозеф К. саволлар, жумбоқлар гирдобига ғарқ бўла боради. Юзаки қараганда, у мужмал вазиятлардан қутулиб кетиш чорасини излаётгандек туюлади, аслида у жасоратли ғаввос янглиғ ҳеч қандай мушкулотдан тап тортмайди, балки жонини тикиб энг хатарли ҳолатларга тиккасига кириб боради.

Йозеф К. ҳаддан ташқари фикрчан одам. Мабодо у фикрга бу қадар ташна бўлмаганида, гўдакларча билиш мақсадида ҳар ерга тумшуғини суқавермаганида шунча балога гирифтор бўлмасди ҳам. Афсуски, у ақллилик балосига учраган. Ваҳоланки, воқеаларнинг бошланишидаёқ, яъни Йозефга қоровулликка қўйилган соқчилардан бири унга энг “доно” маслаҳатни беради. “Ҳа, бизнинг сизга берадиган маслаҳатимиз шу: кучингизни бемаъни мулоҳазалар юритишга сарфлаб ўтирманг, яхшиси, имкон қадар, бирон-бир фикр юритишдан тийилинг. Сиздан талаб қилинадиган энг катта вазифа шу”, дейди у. “Яна ўзингизнинг айбсизлигингизни пеш қилавериб, ҳуда-беҳудага қичқираверманг”, дейди бошқаси.
Кўряпсизми, соқчилар учун маҳбуснинг фикрламагани маъқул, улар учун мулоҳазакор одам хавфли.
Афсуски, худо ақл-идрокдан қисмаган бўлса, миядаги тафаккур чўғлари сўнмаган бўлса, қандоқ қилиб фикр юритишдан тийилади, одам? Қандай қилиб ва нима учун у айбсизлигини пеш қилмаслиги керак? Айбдор киши ўз кирдикорларини достон қилмайди, буни тушуниш мумкин, лекин ҳеч бир асоссиз ҳибсга олинган ҳақсиз одам ўзининг айбсизлигини пеш қилишдан ортиқ нимага ҳам ярайди? Яна қандай бошқа чора қолади, унда? Ёхуд айбсиз ўзининг айбсизлигини пеш қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрумми?!

Йозеф К. нажотни фикрлашда деб билади. Унинг фикрлаши ҳақсизликни маҳв этиш учун қилич яланғочлаб чиқмайди, у ҳеч кимсага, ҳеч бир калондимоғликка, ҳеч бир кибр-ҳавога, ҳеч бир ёлғонга очиқдан-очиқ зарба бермайди. У ана шундай разолат манзаралари мавжудлигидан одамларни огоҳ этади, уларни фош этади. Унинг фош этиши исёнга, чорага айланади.
Эҳтимол, ана шу фош этиш биз кутган жараёндир? Фош этиш жараёнидир?..

Устоз Озод Шарафиддинов кўплаб китобсеварларнинг онахони Баҳри Ғуломовани хотирлаб ёзган мақоласида 30-40 йил муқаддам дўконлардан керакли китобларни излаб суриштириб юриш одати бўлганини таъкидлабдилар. Уни ўқий туриб ўзим “Жараён”ни излаганларим ёдимга тушиб кетди.

Ўрта мактабни битираётган кезларим уч-тўрт кутубхонага аъзо эдим, кўзимга ёқимли кўринган китобни ўқийверганман. Эндиликда уларнинг жуда ози ёдда қолган. Мен учун китоб тўла жавондан гўзалроқ манзара йўқ эди. Кўчамизнинг юқорироғида, ҳар сафар йўлим тушганида, пастак деразадан бирига мўралаб ўтишни канда қилмасдим. Яқин-атрофда шу хонадон соҳибидан кўра бахтлироқ, бадавлатроқ инсон йўқ эди, назаримда…
Журналистика факультетида жаҳон адабиётини ўқиганмиз, лекин модернизм ва унинг атрофидаги хилма-хил оқимлар, уларга мансуб шоир ва адиблар, файласуфлару психологлар номи тилга олинганми-йўқми — зинҳор эсимда йўқ. Эҳтимол, домлаларимиз бир қур экскурс қилиб ўтса ўтгандир, лекин талабалик кезлари экзестенциализм, сюрреализм ва ҳоказо измларни тушунадиган аҳволда бўлмаганмиз. Кейинроқ сездимки, шу ва шу сингари оқимга мансуб санъат асарларидан таъсирланадиган хос бир кайфият туғилмагунича улар сизга ёт ва бегона бўлиб қолаверади.
Таъсирланмаган одам ҳазми оғир асарни илғашга уриниш у ёқда турсин, тушунишни ҳам истамайди. Вақт-соати келганда эса… бир хил хасталикка учраган беморларгина бир-бирини осон ва тўкис тушунадилар, деган гапни ўқигандим.
Ёдимда йўқ, дўстларимиздан бирининг қўлида “Превращение” деб номланган ҳикояни кўриб қолдим. Муаллифи Франц Кафка.
— “Превращение” нима дегани, ўзбекчада нима бўлади? — деб сўрадим, тушунмай.
— “Эврилиш”, — деди у.
Ҳикоя матни машинкада кўчирилган, биринчи жумласи сира ёдимдан чиқмайди: “Проснувшись однажды утром после беспокойного сна, Грегор Замза обнаружил, что он у себя в постели превратился в страшное насекомое”.
Эртакларимизни, афсонаю ривоятларимизни ўқиб улғайганлар учун бундай гапларнинг фавқулоддалик жойи йўқ. У ҳолда не боисдан “Эврилиш” дунё ҳикоячилиги тарихида фавқулодда воқеага айланди? Нимаси билан у ҳикоянавислик маҳоратини янги поғонага кўтара олди?
Энг муҳими — Ф.Кафка инсондан ҳашаротга айланиб қолиш ҳодисасига эртак, афсона, фантастика деб эмас, реал воқелик сифатида ёндошди. Бу ҳолатни сира иккиланмай том маънодаги ҳаётий воқеа сифатида реалистик ҳикоя тарзига олиб кирди.
Хуллас, машинкада терилган ҳикояни бир кунга, аниқроғи, эрталаб қайтариш шарти билан олиб кетдим.
— Ҳар кимга кўрсатаверманг, — деди дўстимиз.
Шу огоҳлантириш сабаб бўлдими, биринчи жумладан таъсирландимми, туни билан ҳижжалаб ўқиб чиқдим “Эврилиш”ни. Ҳозир ҳар қадам-ҳар идорада муҳайё нусха кўчириш ускунаси юртимизга энди-энди кириб келаётган пайтлар эди, эрталабдан шуларнинг бирига бориб, юз таваллою ёлбориш билан “Превращение”дан бир нусха кўчиртириб олдим.
— Ҳеч кимга кўрсатмадим, — деб ёлғон гапирдим, олган нусхани эгасига қайтараётиб.
Ф.Кафка билан биринчи танишув шу тариқа юз берган. Сўнг, бу адиб ижодига доир нимаики мақола бўлса, топиб ўқишга ҳаракат қилдим. “Жараён” романини ернинг тагидан бўлсаям топаман деб ўзимга аҳд қилдим. Бироқ у ман-ман деган китобйиғарлардан ҳам, ернинг тагидан ҳам топилмади. Ўзиям Ф.Кафканинг рус тилида бор-йўғи битта китоби нашр этилган экан, у ҳам кейин кўрсам, адади кўрсатилмаган. Чамаси, шўро ҳукумати мафкурасига зид деб ҳисобланган бу адибнинг китобини хорижликлар назари учунгина — номига чоп этилган. Лекин қани, ўша китоб?!
Кунларнинг бирида автобусдан тушиб кўчамизга бурилсам, икки қўлидаги оғир ип тўрвани инқиллаб кўтариб келаётган аёлга кўзим тушди. Юрагим “жиз” этиб кетди. Ўйламай-нетмай аёлга етиб олдим, бир қўлидаги тўрвани олдим. “Йўлимиз бир, мен ҳам шу ёққа боряпман” дедим. Аёл ҳайрон. Мен эса иккинчи тўрвани ҳам кўтаришга жон деб турибман. Аёлнинг ҳайронлиги баттар ошди.
— Сизни танийман, — дедим. — Қўшниман. Нарироқда яшаймиз. Сизнинг уйингизга деразадан кўп қарайман.
— Да-а… — деди опа ажабланиш-ажабланмаслигини билмай. Сўнг, сўради: — Нимасига қарайсиз, уйимни?
— Китобларга. Ҳавасим келади.
— Ҳавасингиз келса, марҳамат, уйга киринг. Китобларни кўринг.
Опа шу қадар самимий гапирдики, нақ бир йилчадан буён излаб юрган китобимни қўлга киритгандек қувониб кетдим. Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Франц Кафканинг қора жилдли, семизгина китоби қўлимда турарди! Янги танишган қўшни аёл — Тамара Сергеевна Никоноровани ўпиб олай дедим!..
— Бемалол ўқийверинг, кейин қайтарарсиз, — деди хонадон соҳибаси.
Ўша дамда мендан бахтли инсон йўқ эди, атрофимда!

Орадан чорак аср ўтди, мана, бугун “Процесс” ўзбекчага “Жараён” бўлиб ўгирилиб, “Жаҳон адабиёти”да чиқиб турибди! Марҳамат, уни ўзбек тилида ўқиш имкони туғилди. Бу — ўзбек адабиёти тарихида алоҳида воқеа! Ҳамонки, адабиёт инсоншунослик экан, “Жараён” ҳар қандай миллий адабиётнинг маънавий мулки ҳисобланади. Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён” ўша тилга ўгирилган-ўгирилмаганлиги билан ҳам белгиланади десам муболаға бўлмайди. Жаҳон адабиёти тарихи Ф.Кафкагача ва ундан кейинги даврга бўлинади дейишади. Миллий адабиётлар ҳам Кафканинг асарлари ўша тилга ўгирилгунига қадар ва ундан кейинги даврга ажралади.
Адабиётимиз “Жараён” миллий тилимизга таржима қилингандан кейинги ўзбек адабиёти деган шарафли номга сазовор бўлди! Йозеф К. ўзининг бутун мураккаб дунёси билан ўзбек адабиётига кириб келди! Ваҳоланки, қаҳрамонимизнинг бошига тушган ташвиш оламшумул муаммо ҳам эмас, кўрсатадиган қаҳрамонликлари муҳокама қилиб ўтиришга арзимайди ҳам. У бор-йўғи ҳибсга олинган, ўзи шуни тушуна олмай гарангсиб юрибди, холос. Фақат ғалати ва қизиқ жойи шундаки, Йозеф К. қамоққа олинган-у, хизмат вазифасини давом эттириши мумкин.

Буни қандоқ тушунамиз? Ижарахона бекаси фрау Грубахнинг таъбирига қаранг: “Сизнинг қамоққа олинишингиз эса… унда қандайдир ҳикмат бордай”, дейди у Йозефни юпатиб.
Гарчи Йозеф К. ўзининг ҳибсга олинишида ҳикмат тугул, оддий, тайинли мантиқнинг ўзи йўқ деб ҳисобласа-да, Грубахнинг фикрига қўшилмай иложи йўқ. Зеро, Йозеф К.нинг қисматини, мана, сал кам саксон йилдирки, китобни ўқиган киши турлича талқин этмоқда. Талқин эса тугайдиганга ўхшамайди. Шу эмасми, романдаги, аниқроғи, роман қаҳрамонининг ҳибсга олинишидаги ҳикмат?! ХХ асрнинг улкан файласуфларидан Эрих Фромм Йозеф К.нинг ҳибсга олинишини рамзий маънода “тўхтаб қолиш” деб талқин этади. Яъни, Йозеф К. жисман эмас, фикран тўхтатиб қолинди. У энди ҳаётий жараёндан мосуво. Аслида ҳам у ўтакетган диққинафас ҳаёт кечираётган эди — кунлари туссиз, бефайз — номигагина ётиб-туришлар, хўжакўрсинга хизматга бориб-қайтишлар, “йилт” этган равшанликдан дарак йўқ. Олдинда рўшнолик йўқ. Ҳамма нарса тўхтаб қолгандек эди, мана, Йозеф К. ҳам тўхтади, уни тўхтатиб қўйишди. Ф.Кафкага хос аччиқ ва тагдор киноя романнинг атамасида мужассам, яъни, гарчи асар “Жараён” деб аталса-да, ҳаётда ҳеч қандай жараён аломати сезилмайди. Жараён дегани ҳаракат дегани-ку, ахир, романда эса буткул ҳаракатсизлик, маҳдудлик. Фикр ўлган, мушоҳада чекланган тубан муҳитда жараён кечмоқда дейишнинг ўзи бориб турган сурбетлик. Романда ана шундай жараёнсизлик, яъни тўхтатиб қўйилган вақтнинг тўхтаб қолган воқеалари тасвирланган. (Адабиётшунос дўстларимиздан бири роман атамасининг энг аниқ мазмуни ўзбек тилида муаллиф ўйлаганидан ҳам мукаммалроқ жаранглайди, бунинг учун у “Жар аён” деб ўқилиши керак, деганида ҳам чуқур мазмун бор.) Кафканинг бетакрорлиги ҳам шунда!
Э. Фромм “Жараён”ни энг узун туш, деб таърифлаган. Бундай тўғри хулоса бежиз эмас эди. Зеро, Йозеф тўхтаб қолган вақтнинг ҳаракатланиши, яъни жонланиб, чинакам жараёнга айланишида нажотни тушдан излайди ва топади. Ф.Кафка ҳам, унинг қаҳрамонлари ҳам туш ва хуш оралиғидаги реалликда яшайдилар. Ўзининг ҳибсга олинганини “Бу қанақа маҳбуслик?” деб тўла тушуниб етмаган асар қаҳрамони ўзида туғилган бу саволга жавобни ҳаёт реаллигидан эмас, туш реаллигидан излайди. Ф.Кафка ана шу икки реалликдан-да боқий бир реаллик — ўзининг уч романи, ҳикоялари ва кундаликларида акс этган бадиий реаллигини яратади!

Ўн йил муқаддам Ёзувчилар уюшмасидаги йиғинлардан бирида дурустгина адибларимиздан бири “Ҳа, энди Кафка деганлари касал бир одам-да” деган эди бурнини жийириб, беписандлик билан. Аслида бу жуда топиб айтилган таъриф эди, ахир ижодга мубталоликнинг ўзи касаллик-ку, бинобарин, соғ одам ёзувчилик қиладими, қўлидан қаламни қўймай ҳеч кимникига ўхшамаган ўз бадиий дунёсини яратиш кўйида умр бўйи ҳаловатини йўқотадими?! Кафка сингари ижодкорларни жоҳилларча пессимистликда, хасталикда, бемаъниликда айблашлар шўро даврида оддий ҳол эди. Афсуски, тафаккуримиздаги бундай чекланиш “Жараён”дек роман ўзбек тилида эълон қилинган бугунги дориломон кунларга келиб ҳам буткул унутилганича йўқ. “Декаденс, модернизм фарёд санъати, — деб ёзади ажойиб адабиётшунослардан бири Игор Гарин мана шундай қарашларга жавобан. — Чорасизлик ва фарёднинг қалбни ўртовчи ҳайқириғи. Буни санъат танглиги деб талқин этмаслик керак, зеро бу, танглик санъатидир. Декаденс, модернизм — шу”.
Шу маънода Ф.Кафка дунё адабиётида энг оғир “беморлардан” саналади, таассуфки, замонавий насримизда шу “хасталик” мақомига чиқа олаётган адибларимиз кўринадиганга ўхшамаяпти…

Кўплаб адабиётшунослар, психологлар унинг ва унга ўхшаш адибларнинг асарларини абсурд адабиёт сифатида тадқиқ этганлар. Бундай мунозарага ўзбек мутахассислари ҳам бош қўшишга уриниб кўришди. Ваҳоланки, Ф.Кафка абсурд адабиёт яратиш хаёлида роман ёзмаган, у —ҳаётнинг ўзини, инсон умрининг ўзини абсурд деб тушунган. Адиб ва шу тоифа адабиётшуносларимиз орасидаги энг катта ва энг жиддий фарқ шунда!
Йозеф К.нинг бесабабдан-бесабаб ҳибсга олиниши ҳам абсурд. Унинг назарида, ҳар банданинг ҳибсга тушиш эҳтимоли бор, ўша шўрлик банда шунга лойиқ гуноҳга йўл қўйганми-йўқми, бу, бошқа масала. Ҳар неки бандани ҳибсга олувчи қаттол куч ҳам бор, ўша куч бундай қабиҳликка нечоғли маънавий ҳақ-ҳуқуқи бор — бу ҳам бўлак муаммо.
Йозефнинг ҳолати, иш фаолияти, ётиш-туриши, атрофидагилари — ҳаммасининг турган-битгани мужмал, дардисар. Китобхон “Йозеф К.ни нима учун ҳибсга олишди?” деган саволига романни ўқиб тугатгунига қадар жавоб излайди, лекин жавоб… Жавоб излашга уриниш жараёни китобхоннинг қалб ва шуурига кўчади! Роман номининг моҳияти, фалсафаси, унинг таг-заминига яширилган қуввати мана шу!
Йозеф К. бошини не-не эшикларга урмади, кимлардан нажот кутмади! Жуда кўпчилик унинг мушкулини осон қилмоққа чоғланди, ёрдам қўлини чўзгандек бўлди, илло, бирор кимса амалда унинг жонига ора кирмади, киролмади. Инсон — ўз тақдири, қисмати олдида танҳо!
Давоқе, Кафканинг китоби биринчи марта қўлимга тушиб, романни икки ҳафталар ўқидим. Ўқияпман-у, нимадандир кўнглим тўлмайди, ниманидир кутяпман-у, ўшандан дарак йўқ. Назаримда, романда ҳеч қандай ҳайратланарли, фавқулодда янгилик йўқдай. Бунинг нимаси шунча шов-шув бўлган, деб ўзимни бот-бот саволга тутаман, жавобини тополмайман. Ниҳоят, роман мутолааси ниҳоясига етди ҳам, шунда кўнглим шу қадар ҳувиллаб қолдики, гўё дунёда ўзимдан бўлак ҳеч бир зоғ йўқдай, бу ёруғ олам биру, мен — бир.
Бу қандай синоат? Қаердан пайдо бўлди у, менинг руҳимда? Бу кайфият Йозеф К.дан юқдими, ўзим шундай кайфиятда эдимми ёхуд инсон умри-ҳаётининг мазмун-моҳияти шундайми?..
Ф.Кафканинг асарлари тагзаминида донишмандона башорат яширин эканини ихтиро қилгандай бўласиз. “Жараён”ни ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган жараён фожиаси эканини илғаб олсак, адибнинг “Эврилиш”, “Ҳукм” сингари энг сара ҳикояларида таҳлил этилган психологик ҳолатлар ёдга тушади. “Эврилиш”да муттасил беҳаловатликлар, инсон ўзлигига, инсоний қадр-қимматига вақти-вақти билан имон келтириб турмаслиги, шукр қилмаслиги одамни инсонийлик қиёфасидан маҳрум этиши, шундай ҳолатга тушган одамга ҳеч бир яқин-йироғи амалий ёрдам кўрсата олмаслиги жараённинг тўхташи (инсоний турмуш жараёни бузилиб, яъни тўхтаб, қаҳрамон даҳшатли ҳашоратга айланиб қолади) сифатида тасвирланган бўлса, “Ҳукм”да ҳар банданинг ўзига яраша сир-асрори мавжудлиги, ўша сир-асрор бошқаларга ошкор бўлса, кўнгил тубида яширган сири қолмаса ҳаётнинг мазмуни йўқолиши, бу, ўз устидан олий жазо ҳукмини чиқаришга асос бўлиши шафқатсизларча кўрсатиб берилади. Ф. Кафка шундай мазмундаги асарларни атайин ёзмайди, унинг дунёқараши, бадиий тафаккури, адабий концепциясининг ўзи шундай.

Мана шундай хулосаларга олиб келадиган ҳикоя ё романни ўқиш, ундан бохабар бўлиш, унча-бунча одам чуқур ўйлаб кўрган тақдирда ҳам мушкулни осонлаштирадиган жавоблар топиши маҳол бўлган асарларнинг яратилгани яхшими ёхуд яратилмагани?.. Бу мавзудаги баҳс тугамайди, чунки бундай саволларга ҳар бир онгли инсон ўзича жавоб беради, ўзича хулоса чиқаради, чиқарган хулосасини ҳатто дўстига ҳам ошкор этолмайди, аммо-лекин, назаримда, айни шундай мулоҳазалар хаёлида, яъни оддий кишиларга бу қадар аччиқ ҳақиқатларни англатиб қўймаслик ниятида Ф.Кафка ўзининг вафотидан сўнг ижодий меросини ёқиб ташлашини сўраб, яқин дўстига васият қолдирган. Дўсти Макс Брод эса васиятга хилоф равишда Кафка ижоди намуналарини нашр эттирган. Бу, тўғри иш бўлганми ёки нотўғрими?
Чамаси, бу саволнинг мураккаблиги ҳам адиб асарларидан туғиладиган адоқсиз саволлардан жўн эмас…

Мавзуга қайтсак, Йозеф К. образи, умуман Кафка яратган кўпгина қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли, ҳаёт йўлида кашф этган фалсафаси, ҳаётий ақидаси мана шундай ғоятда аччиқ, лекин ўта ҳаққоний хулосага келтиради кишини!

Ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, инсон ўзи дуч келган муаммоларнинг асл сабабларини ташқаридан ёки ўзгалардан эмас, ўзидан, ўз қалби ва онгининг шу вақтга қадар назар ташлаб кўрмаган, назар ташлашга юраги бетламаган туб қатламларидан излаб топгиси келади. Лекин уммон қаърига шўнғийдиган ғаввосликнинг ўзига яраша асбоб-анжоми, маҳорат сирлари бўлгани каби, ўз қалбининг нигоҳ илғамас пучмоқларига сафар қилиш учун ҳам махсус анжомлар, услублар, воситалар даркор.
“Жараён” сингари романлар, Франц Кафка тоифасидаги адиблар яратган боқий асарлар эса худди шундай маънавий сафар анжоми, воситаси вазифасини ўтайди.
Қадимги итальян мутафаккирларидан бири худо инсонни яратгани билан, киши ҳақиқий инсон мақомига етишмоғи учун унинг ўзи ўзини қайта кашф этмоғи, қайта яратмоғи керак деган. Ф.Кафка қаҳрамонлари ўзини қайта яратишга мубтало инсонлар образи. Унинг қаҳрамонлари учун ўз “мен”идан ўзга дунё йўқ, улар дунёни фақат ўз “мен”лари орқали кўрадилар, дунё савдоларини ўз “мен”лари манфаатига бўйсундирадилар ва шу йўл билан дунёни, инсон ҳақидаги шу вақтгача бўлган тушунча ва билимларни ўз “мен”лари ҳисобига бойитадилар. “Мен — уйғониш даври яратган янги миф” деган эди А.Лосев. Ф.Кафка қаҳрамонларининг ҳар бири ўзича мифга айланган. Дарвоқе, рус файласуфи готика санъати фалсафаси ҳақида сўз юрита туриб айтган қуйидаги таърифи “Жараён” қаҳрамонини тушунишга бир қадар ёрдам беради. “Воқеликдан изтироб чекиб, табиий ечимлар топа олмагач, у янада олийроқ воқеликка, ўта таъсирчан дунёга интилади”. Ва шу тариқа қандай бўлмасин ўз шахсияти, нафсонияти поймол этилишга маҳкум эмаслигини, ўткинчи мустабид тузум иморати қурилишида ишлатилаётган бир ғиштчадан кўра қадрлироқ бўлишга ҳақли эканини кўрсатади. Яна бир хулоса шуки, Йозеф К. ҳукм сураётган жараёнсизлик учун айбни муҳитга ағдармайди, балки ўша муҳитга қаршилик кўрсата олмаган ўзидаги заифликка тавқи-лаънат ўқийди. Жирканч ва тубан муҳитда ўзининг инсон сифатида мавжудлиги учун ўзини айбдор, гуноҳкор ҳисоблайди. “Жараён”нинг бош маъноси шу”. (А.Гарин.)

1991 йил “Ёш куч” журналининг 6-сонида эълон қилинган “Инсон изтиробларига таъзим” мақоласи Ф.Кафка шахси ва ижодига бағишланган ўзбек тилидаги биринчи (эҳтимол, ҳозиргача ягона) чиқиш эди. “Жараён”га қисқача таъриф талаб қилинса, мен уни совуқ ҳокимиятга нафис қалбнинг оташин лаънатномаси деб атаган бўлар эдим” деб ёзган эди мақола муаллифи Мирзакалон Жўраев. Бу ҳам фикр, мулоҳаза.
Роман ва унинг қаҳрамони ҳақида яна кўп-кўп мулоҳазалар туғилаверади, мунозаралар давом этаверади.
…Жаҳон адабиётининг энг мунозарали, энг баҳслар қўзғовчи, вақт синовларига энг бардошли “Жараён” романи ниҳоят ўзбек тилига таржима қилинди! Бу ВОҚЕА муносабати билан ғоятда мураккаб вазифани зиммасига олган таржимон Вафо Файзуллони, унга бош-қош бўлган “Жаҳон адабиёти” журналини, янада муҳими, “Жараён”даги ҳаракатдан тўхтаган жараён тафсилотини ўқиш ва уқишга чоғланаётган ўзбек китобхонларини самимий қутлаймиз!

“Ҳуррият” газетасининг 2004 йил 11 феврал сонидан олинди.