Сувон Мели. Кўкка учган дўст

Мурод ака хислатли одам эди, у кишининг бобоси Хизр кўрганлардан бўлиб, “Хидир” исми шарифи ушбу воқеа­дан туғилгандир. Мурод ака улуғ бир кунда, Рўзаи рамазон ойида, Лайлатул қадр кечасида оламдан ўтдики, бундай бахт ҳар кимга ҳам насиб этмаслиги аёндир. Бу ҳам ўша хислатнинг белгиси, ҳойнаҳой.

Мурод ака ўтган асрнинг 60 – 80-йилларида ғоят машҳур бўлган, дастлаб Иброҳим Раҳим, сўнг Асқад Мухтор бош муҳаррирлик қилган “Гулистон” журналининг энг таниқли ходимларидан бўлган. У киши ёзган мақолалар, тайёрлаган материаллар журналнинг шуҳратига шуҳрат қўшган эди.

Ўқувчилик йилларимда журналнинг барча сонларини муттасил ўқир, шулардан бири ҳамон эсимда. Мақола Қашқадарёнинг олис қишлоқларидан бирида сафарда бўлган машҳур навоийшунос Е.Э.Бертельс ҳақида эди. Унга эски бир қўлёзмани кўрсатишганда, таниша туриб ранг-рўйи ўзгаргани, тўсатдан тиз чўкиб, “Шу қўл­ёзмани менга беринг, илтимос!” дея ялингани, сўнг сал ўзига келгач, “Биласизми, бу ҳазрат Навоий тириклигида кўчирилган, ул зотнинг назари тушган қўлёзма”, дея изоҳ бергани ҳақида ёзилган эди. Мен кейинчалик, воқеани сўзлаб берган одам ҳақида сўраганимда, “сўнг бу чолни қайта кўрмадим”, деб айтган эди Мурод ака.

Мурод ака кейинчалик ўзининг ташаббуси билан дунёга келган “Сирли олам” журнали ва унга илова тариқасида нашр этилган “Қалб кўзи” газетасида фаолият олиб борди. Фаолият олиб борди эмас, ушбу нашрларнинг етакчиси, кашшофи, ҚАЛБИ бўлди. У киши табиатига кўра биринчиликка интилмас, шу боис бу нашрларга бошқа кишилар муҳаррирлик қиларди.

Кейинчалик Мурод ака ло­йи­ҳаси асосида “Сирли табобат” журнали чиқа бошлади. Унда аканинг содиқ шогирди, яхши-ёмон кунларида устоздан ҳамиша хабар олиб турувчи инсон Рустам Сафо бош муҳаррир, Мурод ака “лойиҳа муаллифи” сифатида қайд этиларди. Шу ерда бир гапни айтмоқ лозим. Бизда янги даврда ғайб олами, кўзга кўринмас сирли ҳодисалар ҳақидаги соҳа, эзотерикага асос солган одам, шубҳасиз, Мурод Хидирдир. Бу соҳани тилимизга “ғайбшунослик” ёки “ботиншунослик” деб ўгириш мумкин. Агар ушбу нашрларда чоп этилган мақолаларни тўплаб, бир ёки бир неча том китоб қилинса, Мурод Хидирнинг бу соҳадаги хизмати яққол қиёфага эга бўларди.

Мурод ака билан бир неча йил бирга ишлаган таниқли шоир ва фольклоршунос олим Муҳаммадали Қўшмоқов “Уч беҳбуд” номли шеър ёзиб Мурод Хидир, Маҳмуд Саъдий ва Маҳкам Маҳмуднинг ўзбек маънавий ҳаётидаги хос ўрнини гўзал ифодалаган эди. Уч беҳбуддан бири Маҳмуд Саъдий ўз дўсти фаолиятини ҳазил ва киноя аралаш “Муродхидиризм” деб атар эдики, бу Мурод аканинг эзотеризм соҳасидаги хизматига муносиб баҳодир.

Мурод Хидир таниқли болалар адиби эди. Унинг қатор ҳикоялари ва “Ҳарфлар ўйини” китоби машҳур. Бу асар она тилимизнинг луғат бойлигини кўз-кўз қилишда алоҳида аҳамиятга эга. Ҳикматнавислик Мурод ака ижодининг яна бир етакчи соҳасидир. Ҳозирча нашр этилган “Тафаккур туғёнлари” китоби адиб қанчалик теран фикрлаши ва санъат даражасига кўтарилган афоризмларнинг гўзал намунасидир. Ҳикмат санъати – Мурод Хидир афоризмлари учун хос ва мос иборадир.

Мурод ака сўнгги йилларда турли касалликлардан азоб чекди. Лекин ҳеч қачон фикрлашдан, ижод қилишдан тўхтамади. У кишидаги қомусий билим, чуқур тафаккур ва воқеликка, оламга ирфоний нигоҳ ҳар қандай суҳбатдошни ром қилар, бир суҳбатлашган одам яна бир суҳбатга орзуманд бўларди.

Мен сўзимни дастлаб Мурод акани дўсти ва ҳамюрти Абдулла Ориповнинг “Менинг ер устида танишларим кам, Менинг ер остида дўстларим кўпроқ” мисраларига мос “Ер остига кўчган дўст” деб номламоқчи эдим. Сўнг ўйлаб қарасам, бу ўлимнинг зоҳирий томони экан. Яссавий ҳазратлари “Аслинг билсанг оби гил” деганларидек, тана туп­роққа қоришганида, руҳ эса абадий бўлиб, асл Эгаси томон йўл олади. Руҳоният оламида Мурод Хидирнинг йўли порлоқ бўлади, иншаоллоҳ!

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 15-сон